Gabriyel Garsia Markesning hayoti va muhabbati tarixi

045

      6 март куни колумбиялик буюк ёзувчи, Нобель мукофоти лауреати, «Ёлғизликнинг юз йили» романи муаллифи Габриэль Гарсиа Маркеснинг таваллуд топганига бир кам 90 йил тўлади. Биз бугун адибнинг ҳаёт йўли ва муҳаббати ҳақида ҳикоя қилишни лозим топдик.

ГАБРИЭЛ ГАРСИА МАРКЕС ҲАЁТИ
ВА МУҲАББАТИ ТАРИХИ
Анвар Намозов
09


Рақс майдончасида

045Ёзувчи Габриэл Мар­­­кес бўлажак рафиқасини болалигида яхши кўриб қолганди. Шу боис, биринчи учрашувдаёқ шу қизга уйланишга қарор қилди. Маркес ва Мерседес биргаликда 55 йилдан кўпроқ ҳаёт кечиришди.

«Мен ўзим ёзган шеърлар сизга бағишланганини фақат ҳозир англаб етдим. Менинг рафиқам бўлинг», — деганди ёш Габриэл Гарсиа Маркес Мерседес Барча Пардога. «Розиман. Фақат аввал мактабни тугатиб олишимга рухсат беринг», — дея жавоб берди қиз мутлақо жиддий оҳангда.

Бу воқеа 1945 йили ёки сал аввалроқ Колумбиянинг Сукра шаҳарчасидаги рақс майдончасида бўлиб ўтганди.

«Биз унаштирилмаган эдик, шунчаки тақдиримизга нима ёзилганини сабр ила ҳеч бир малолсиз кутдик, — деб хотирлади йиллар ўтиб Маркес. — Эртами, кечми бирга бўлишимизни билардик».

Севги учун… ҳуқуқшунослик!

Габриэл Гарсиа Маркес дунёга ўз тасаввур оламидан келиб чиқиб қаради. Асарларининг ярми хаёлий тасаввури маҳсули. Аммо шундай далиллар борки, уларни ҳақиқатга яқин деб ҳисоблаш мумкин. Масалан, Габриэл 1927 йилнинг 6 мартида Колумбиянинг Магдалена дарёси бў­йидаги кичкина, жазирама, эски Аракатака шаҳрида туғилган. Унинг отаси телеграфчи бўлиб, оиласини боқиш учун икки сменада ишлар, уйда кам бўларди.

Габриэл онасини яхши кўрар, бироқ волиданинг ўғлига етарлича эътибор қаратиши учун вақти етмасди. Сабаби, Габриэлдан таш­қари унинг яна ўн нафар фарзанди бор эди. Габони бобоси ва бувиси тарбиялашди. Транкилина момо — XIX асрнинг мағрур, донишманд аёли бўлиб, Маркес романларида ўзига хос тарзда акс этди. Бува эса — полковник, 1899-1903 йиллардаги фуқаролик уруши иштирокчиси бўлган. У ҳам набирасининг деярли ҳар бир асарида жонланган.

Габриэл Сапакира шаҳарчасидаги интернатда таҳсил олди. У гарчанд ижод уммонига шўнғиб, ёза бошлаган бўлса-да, ҳуқуқшунослик касбини эгаллашга қарор қилди. Шу мақсадда 1946 йилда Боготадаги университетга ўқишга кирди. Адабиётдан узоқлашмади. Унинг романтик шеърлари эътирофларга сазовор бўларди. 1947 йилда биринчи ҳикоя­си эълон қилинди. Маркес барибир ҳуқуқшунослик йўлидан кетди. Мерседесга уйланиши учун унга пул керак эди.

Оилага яқин бўлган айрим кишиларнинг айтишича, танишганларида қизнинг ёши ўн учда эмас, тўқ­қизда бўлган. Худди «Танҳоликда юз йил» асаридаги жажжи Рамедиосни Аурелиано Буэндиа севиб қолгани каби! Шу боис, Маркес романларида балоғат ёшига етмаган қизларга нисбатан муҳаббат мавзуси пайдо бўла бошлади. Бу эса куракда турмайдиган тасодиф: қиз шунчаки кечикиб туғилган ва шунга кўра, куёвдан чандон кичик.

Қиз эмас, капалак!

Маркес Мерседесни мактаб йилларидаёқ тушида кўрганини вақти-вақти билан таъкидларди. У бу тушидан руҳланиб, саёҳатни ниҳоятда орзу қилган ва капалакка айланиб, уйидан кетиб қолган қиз ҳақида ҳикоя ёзди. Мерседеснинг дугонаси Маргарита Чека эса жажжи Барча деворга тирмашиб чиққани ва чанг-тўзонли кўчага қараб, ғамгин тарзда шундай деганини айтади: «О, мен дунё бўйлаб саёҳат қилишни, улкан шаҳарларда яшаш, меҳмонхонадан-меҳмонхонага ўтишни нақадар хоҳлайман!»

Мерседес умри мобайнида берган бор-йўғи икки интервьюсида Маркес унинг болаликдаги орзусини рўёбга чиқаргани, яъни кўплаб маротаба саёҳатларга олиб борганини таъкидлаб ўтган.

Мерседес Ракел Барча Пардо 1932 йил 6 ноябрда Магдалена дарёси бўйидаги Маганга қишлоғида дунёга келган. Унинг онаси колумбиялик фермерлар оиласидан эди. Қизалоқ биолог бўлмоқчи эди. Кутилмаганда Габриэл Гарсиа Маркесга турмушга чиқишга қарор қилганини ота-онаси Шекспирни ҳаддан зиёд кўп ўқигани ва ўсмирлик ёшидаги тентакликка менгзашди. Қиз ўзини Жульетта деб тасаввур қилмаслиги учун унга ҳеч нимани тақиқламадилар. Бироқ йиллар ўтиб, Мерседес улғайгач, совчилар кела бошлади ва у барчани рад қила бошлади. Қиз Габриэль совчи юборишини кутар, қари қиз бўлиб қолиши мумкинлигидан сира қўрқмасди.

Мерседесга севгилисининг саргузаштлари ҳақида мунтазам етказиб туришарди. Қиз эса буни ўзига тааллуқли эмас, деб ҳисобларди. Уни Габриэлнинг маърузаларга бормаётгани, ҳуқуқшунослик факультетини ташлагани ва журналист бўл­гани ҳам ташвишга солмади. Ҳатто, севгилисининг Парижда испан актрисаси Мария Консепсьон билан боғлиқ ишқий муносабатлари Мерседес учун аҳамият касб этмади. Габриэл унинг хатларига жавоб беришни канда қилмаётгани, қалбида нималар кечаётгани ҳақида ёзаётгани муҳим эди.

Мерседеснинг тўла-тўкис ўн бир йил кутишига тўғри келди. Ўшанда Маркес ўттиз уч ёшга кирганди.

Уларнинг никоҳи 1958 йилнинг март ойида бўлиб ўтди.

Мусофирлик, қашшоқлик ва муваффақиятлар

045«Биргаликдаги ҳаётимиз даврида бирор марта ҳам жиддий тортишувлар бўлмаган, — деган эди Габриэл Гарсиа Маркес орадан бир неча ўн йиллар ўтгач. — Бу, эҳтимол, никоҳгача қандай бўлсак, шундайлигимизча қолганимиздандир. Оилавий ҳаёт — ҳар куни қайтадан бошланадиган ҳаддан зиёд қийин жабҳа. Бутун умр шундай кечади. Доимий кескинликда яшайсан, гоҳида зерикарли. Бироқ бу шунга арзийди».

Улар Маркес ишлаётган El Espectador таҳририяти томонидан берилган икки хонали уйда яшай бошлашди. Мерседес рўзғор юритишни билмасди. Габриэль бунга кўнгилчанлик билан ён­дашди, уйни ўзи йиғиштирарди. Таом тайёрлашни рафиқасига сабр-тоқат билан ўргатди. Мерседес, айниқса тежамкорликни тез ўзлаштирди. Ночорликда яшаш, пештахталардаги арзон маҳсулотларни харид қилиш ва иштаҳаочар таомлар тайёрлашни билиб олди. Эри учун энг муҳими, ижодига хотинининг ҳаяжонли муносабати эди. Мерседес Габриэл Маркеснинг қоғозларига эҳтиёткорона қўл теккизар, улар гўё кўҳна муқаддас зарварақлардек, худдики қўлда уваланиб кетадигандек эди. Плинио Мендос шундай хотирлайди: «Мерседес билан танишганимнинг учинчи куни мен сингилларимга шундай дедим: «Габо соқовга уйланибди». Ҳа, у шу қадар одамови ва индамас эди.

1959 йил 24 августда уларнинг тўнғич ўғли Родриго Гарсиа дунёга келди. Айни шу пайтда таҳририят Габриэлни махсус мухбир сифатида Европага юборди. Мерседес одатдагидек яна итоаткорона тарзда кутди. Кейинроқ Габриэл хотини ва ўғлини ўзи билан бирга Америкага олиб кетди. Мусофирликнинг оғир синовларини бошдан кечирдилар. Муҳтожлик, таҳдид-пўписаларга дуч келишди. Қочишга мажбур бўлишди. Мерседес ошқозон шиллиқ пардаларининг яллиғланишини орттириб олди. Бироқ у бирор марта ҳам эрига таъна қилмади.

1962 йили Мексикада иккинчи ўғил — Гонсало Гарсия туғилди. Маркес рафиқасига ўхшаган қиз дунёга келишини хоҳлаганди, аммо уларнинг бошқа фарзандлари бўлмади.

Бир ярим йил…

Габриэл машинасини сотди ва хонага қулфланиб олиб, ўн саккиз ой мобайнида «Ёлғизликнинг юз йили» романини ёза бошлади. У, ҳатто оиласини ҳам унутган эди. Бу вақт мобайнида рўзғор юритиш ишлари Мерседесга қолиб кетди. Еб-ичиш, яшаш, турар жой учун ижара ҳақи… аҳвол оғир эди. Мерседес уй эгасини кутиб туришга зўрға кўндирди.

Ниҳоят, китоб ёзиб бўлинди. Ам­мо уни ноширга юбориш учун 160 песо етмасди. Уйда 80 песо қолганди, холос. Мерседес қориштиргич ва фенни сотувга қўйди. «Роман яхши ёзилган бўлсин ишқилиб», — дерди у.

1967 йилда «адабий зилзила»га сабаб бўлган мазкур асар Габриэл Гарсиа Маркесни тирик афсонага айлантирди. У барчаси учун хотинининг олдида қарздор эканлигини англар эди. «Вабо давридаги муҳаббат» романини Мерседесга бағишлади.

1982 йилда ёзувчи Нобель мукофоти билан тақдирланди. Бу бутун Лотин Америкаси учун муҳим воқеа эди. Журналистлар уйни ўраб олишди. Эр-хотин яширинча қочиб чиқиб, «Чапультепек-Президент» меҳмонхонасидан қўним топдилар. Кўп ўтмай, бу ерда дўстлар йиғилишди. Барча-барча Маркесга мақтовлар ёғдирарди.

Мерседес унинг ижод қилиши учун барча шарт-шароитларни муҳайё қиларди: сифатли қоғоз, егулик ва қаҳванинг ўз вақтида берилиши, стол устида сигаретанинг туриши ҳамиша назоратда эди. У эри ҳақидаги мақолалар билан танишар, уларни саралаб чиқарди. Баъзида эса ўғилларини меҳмон сифатида қабул қилар, уларнинг отаси билан баҳслашуви ва ҳазиллашишларини жимгина кузатиб ўтирарди.

«Энди мен фақат Мерседеснинг эриман»

1999 йилда Маркесга «лимфатик тизим саратони» ташхиси қўйилди. Бунгача, 1989 йилда унда енгил саратон кечган ва касаллик бартараф этилганди. Соғайганидан сўнг биринчи матбуот анжуманида Габриэл Гарсиа Маркес бошқа ёзмаслигини маълум қилди: «Энди мен фақат Мерседеснинг эриман, тўласинча унга тегишлиман».

Ёзувчи ёши улғайган сари севги ҳақида, бу туйғунинг ҳаётдаги улкан аҳамияти хусусида дадил ва очиқ эътироф эта бошлади: «Мен учун шубҳасиз: ҳаётнинг мазмуни, бу — муҳаббатдир. Ёзганда фақат муҳаббат мавзу бўл­моғи керак. Қолган ҳаммаси алдамчи! Менинг кейинги романим ишқ ҳа­қида, эркак ва аёлнинг ҳиссиётли, телбавор, умидсиз, абадий севгиси ҳақида бўлади…»

«ХХI асрда мени тўхтовсиз дафн эта бошлашди, — дея зорланиб кулганди Маркес. — Телевизор ёки радиони қўйиб, ўзимнинг таъзиямга гувоҳ бўлардим. Газеталарда ўқирдим: «Бугун сурункали оғир касалликдан сўнг ёзувчи… совриндори…» Мен ниҳоятда ғазабланардим. Бора-бора ойда икки марта бўладиган ўзимнинг ўлимимга кўникдим. Нимаям қила олардим!»

Габриэл Гарсиа Маркес кейинги йилларда Альцгеймер хасталиги билан оғриганди. Унинг укаси Хаим журналистларга Габриэлнинг ўғиллари ва укасини танимаган кунлари бўлганини қайғу ила айтиб берди. Маркес фақат рафиқасини танир эди. Баъзи-баъзида Мерседес у қачондир, албатта, уйланадиган қизга ўхшаб кетарди…

Манба: Бекажон» газетаси

045

6 mart kuni kolumbiyalik buyuk yozuvchi, Nobel mukofoti laureati, «Yolg’izlikning yuz yili» romani muallifi Gabriel Garsia Markesning tavallud topganiga bir kam 90 yil to’ladi. Biz bugun adibning hayot yo’li va muhabbati haqida hikoya qilishni lozim topdik.

GABRIEL GARSIA MARKES HAYOTI
VA MUHABBATI TARIXI
Anvar Namozov
09


Raqs maydonchasida

011Yozuvchi Gabriel Mar­­­kes bo’lajak rafiqasini bolaligida yaxshi ko’rib qolgandi. Shu bois, birinchi uchrashuvdayoq shu qizga uylanishga qaror qildi. Markes va Mersedes birgalikda 55 yildan ko’proq hayot kechirishdi.

«Men o’zim yozgan she’rlar sizga bag’ishlanganini faqat hozir anglab yetdim. Mening rafiqam bo’ling», — degandi yosh Gabriel Garsia Markes Mersedes Barcha Pardoga. «Roziman. Faqat avval maktabni tugatib olishimga ruxsat bering», — deya javob berdi qiz mutlaqo jiddiy ohangda.

Bu voqea 1945 yili yoki sal avvalroq Kolumbiyaning Sukra shaharchasidagi raqs maydonchasida bo’lib o’tgandi.

«Biz unashtirilmagan edik, shunchaki taqdirimizga nima yozilganini sabr ila hech bir malolsiz kutdik, — deb xotirladi yillar o’tib Markes. — Ertami, kechmi birga bo’lishimizni bilardik».

Sevgi uchun… huquqshunoslik!

Gabriel Garsia Markes dunyoga o’z tasavvur olamidan kelib chiqib qaradi. Asarlarining yarmi xayoliy tasavvuri mahsuli. Ammo shunday dalillar borki, ularni haqiqatga yaqin deb hisoblash mumkin. Masalan, Gabriel 1927 yilning 6 martida Kolumbiyaning Magdalena daryosi bo’­yidagi kichkina, jazirama, eski Arakataka shahrida tug’ilgan. Uning otasi telegrafchi bo’lib, oilasini boqish uchun ikki smenada ishlar, uyda kam bo’lardi.

Gabriel onasini yaxshi ko’rar, biroq volidaning o’g’liga yetarlicha e’tibor qaratishi uchun vaqti yetmasdi. Sababi, Gabrieldan tash­qari uning yana o’n nafar farzandi bor edi. Gaboni bobosi va buvisi tarbiyalashdi. Trankilina momo — XIX asrning mag’rur, donishmand ayoli bo’lib, Markes romanlarida o’ziga xos tarzda aks etdi. Buva esa — polkovnik, 1899-1903 yillardagi fuqarolik urushi ishtirokchisi bo’lgan. U ham nabirasining deyarli har bir asarida jonlangan.

Gabriel Sapakira shaharchasidagi internatda tahsil oldi. U garchand ijod ummoniga sho’ng’ib, yoza boshlagan bo’lsa-da, huquqshunoslik kasbini egallashga qaror qildi. Shu maqsadda 1946 yilda Bogotadagi universitetga o’qishga kirdi. Adabiyotdan uzoqlashmadi. Uning romantik she’rlari e’tiroflarga sazovor bo’lardi. 1947 yilda birinchi hikoya­si e’lon qilindi. Markes baribir huquqshunoslik yo’lidan ketdi. Mersedesga uylanishi uchun unga pul kerak edi.

Oilaga yaqin bo’lgan ayrim kishilarning aytishicha, tanishganlarida qizning yoshi o’n uchda emas, to’q­qizda bo’lgan. Xuddi «Tanholikda yuz yil» asaridagi jajji Ramediosni Aureliano Buendia sevib qolgani kabi! Shu bois, Markes romanlarida balog’at yoshiga yetmagan qizlarga nisbatan muhabbat mavzusi paydo bo’la boshladi. Bu esa kurakda turmaydigan tasodif: qiz shunchaki kechikib tug’ilgan va shunga ko’ra, kuyovdan chandon kichik.

Qiz emas, kapalak!

Markes Mersedesni maktab yillaridayoq tushida ko’rganini vaqti-vaqti bilan ta’kidlardi. U bu tushidan ruhlanib, sayohatni nihoyatda orzu qilgan va kapalakka aylanib, uyidan ketib qolgan qiz haqida hikoya yozdi. Mersedesning dugonasi Margarita Cheka esa jajji Barcha devorga tirmashib chiqqani va chang-to’zonli ko’chaga qarab, g’amgin tarzda shunday deganini aytadi: «O, men dunyo bo’ylab sayohat qilishni, ulkan shaharlarda yashash, mehmonxonadan-mehmonxonaga o’tishni naqadar xohlayman!»

Mersedes umri mobaynida bergan bor-yo’g’i ikki interv`yusida Markes uning bolalikdagi orzusini ro’yobga chiqargani, ya’ni ko’plab marotaba sayohatlarga olib borganini ta’kidlab o’tgan.

Mersedes Rakel Barcha Pardo 1932 yil 6 noyabrda Magdalena daryosi bo’yidagi Maganga qishlog’ida dunyoga kelgan. Uning onasi kolumbiyalik fermerlar oilasidan edi. Qizaloq biolog bo’lmoqchi edi. Kutilmaganda Gabriel Garsia Markesga turmushga chiqishga qaror qilganini ota-onasi Shekspirni haddan ziyod ko’p o’qigani va o’smirlik yoshidagi tentaklikka mengzashdi. Qiz o’zini Jul`etta deb tasavvur qilmasligi uchun unga hech nimani taqiqlamadilar. Biroq yillar o’tib, Mersedes ulg’aygach, sovchilar kela boshladi va u barchani rad qila boshladi. Qiz Gabriel` sovchi yuborishini kutar, qari qiz bo’lib qolishi mumkinligidan sira qo’rqmasdi.

Mersedesga sevgilisining sarguzashtlari haqida muntazam yetkazib turishardi. Qiz esa buni o’ziga taalluqli emas, deb hisoblardi. Uni Gabrielning ma’ruzalarga bormayotgani, huquqshunoslik fakul`tetini tashlagani va jurnalist bo’l­gani ham tashvishga solmadi. Hatto, sevgilisining Parijda ispan aktrisasi Mariya Konseps`on bilan bog’liq ishqiy munosabatlari Mersedes uchun ahamiyat kasb etmadi. Gabriel uning xatlariga javob berishni kanda qilmayotgani, qalbida nimalar kechayotgani haqida yozayotgani muhim edi.

Mersedesning to’la-to’kis o’n bir yil kutishiga to’g’ri keldi. O’shanda Markes o’ttiz uch yoshga kirgandi.

Ularning nikohi 1958 yilning mart oyida bo’lib o’tdi.

Musofirlik, qashshoqlik va muvaffaqiyatlar

07«Birgalikdagi hayotimiz davrida biror marta ham jiddiy tortishuvlar bo’lmagan, — degan edi Gabriel Garsia Markes oradan bir necha o’n yillar o’tgach. — Bu, ehtimol, nikohgacha qanday bo’lsak, shundayligimizcha qolganimizdandir. Oilaviy hayot — har kuni qaytadan boshlanadigan haddan ziyod qiyin jabha. Butun umr shunday kechadi. Doimiy keskinlikda yashaysan, gohida zerikarli. Biroq bu shunga arziydi».

Ular Markes ishlayotgan El Espectador tahririyati tomonidan berilgan ikki xonali uyda yashay boshlashdi. Mersedes ro’zg’or yuritishni bilmasdi. Gabriel` bunga ko’ngilchanlik bilan yon­dashdi, uyni o’zi yig’ishtirardi. Taom tayyorlashni rafiqasiga sabr-toqat bilan o’rgatdi. Mersedes, ayniqsa tejamkorlikni tez o’zlashtirdi. Nochorlikda yashash, peshtaxtalardagi arzon mahsulotlarni xarid qilish va ishtahaochar taomlar tayyorlashni bilib oldi. Eri uchun eng muhimi, ijodiga xotinining hayajonli munosabati edi. Mersedes Gabriel Markesning qog’ozlariga ehtiyotkorona qo’l tekkizar, ular go’yo ko’hna muqaddas zarvaraqlardek, xuddiki qo’lda uvalanib ketadigandek edi. Plinio Mendos shunday xotirlaydi: «Mersedes bilan tanishganimning uchinchi kuni men singillarimga shunday dedim: «Gabo soqovga uylanibdi». Ha, u shu qadar odamovi va indamas edi.

1959 yil 24 avgustda ularning to’ng’ich o’g’li Rodrigo Garsia dunyoga keldi. Ayni shu paytda tahririyat Gabrielni maxsus muxbir sifatida Yevropaga yubordi. Mersedes odatdagidek yana itoatkorona tarzda kutdi. Keyinroq Gabriel xotini va o’g’lini o’zi bilan birga Amerikaga olib ketdi. Musofirlikning og’ir sinovlarini boshdan kechirdilar. Muhtojlik, tahdid-po’pisalarga duch kelishdi. Qochishga majbur bo’lishdi. Mersedes oshqozon shilliq pardalarining yallig’lanishini orttirib oldi. Biroq u biror marta ham eriga ta’na qilmadi.

1962 yili Meksikada ikkinchi o’g’il — Gonsalo Garsiya tug’ildi. Markes rafiqasiga o’xshagan qiz dunyoga kelishini xohlagandi, ammo ularning boshqa farzandlari bo’lmadi.

Bir yarim yil…

Gabriel mashinasini sotdi va xonaga qulflanib olib, o’n sakkiz oy mobaynida «Yolg’izlikning yuz yili» romanini yoza boshladi. U, hatto oilasini ham unutgan edi. Bu vaqt mobaynida ro’zg’or yuritish ishlari Mersedesga qolib ketdi. Yeb-ichish, yashash, turar joy uchun ijara haqi… ahvol og’ir edi. Mersedes uy egasini kutib turishga zo’rg’a ko’ndirdi.

Nihoyat, kitob yozib bo’lindi. Am­mo uni noshirga yuborish uchun 160 peso yetmasdi. Uyda 80 peso qolgandi, xolos. Mersedes qorishtirgich va fenni sotuvga qo’ydi. «Roman yaxshi yozilgan bo’lsin ishqilib», — derdi u.

1967 yilda «adabiy zilzila»ga sabab bo’lgan mazkur asar Gabriel Garsia Markesni tirik afsonaga aylantirdi. U barchasi uchun xotinining oldida qarzdor ekanligini anglar edi. «Vabo davridagi muhabbat» romanini Mersedesga bag’ishladi.

1982 yilda yozuvchi Nobel` mukofoti bilan taqdirlandi. Bu butun Lotin Amerikasi uchun muhim voqea edi. Jurnalistlar uyni o’rab olishdi. Er-xotin yashirincha qochib chiqib, «Chapultepek-Prezident» mehmonxonasidan qo’nim topdilar. Ko’p o’tmay, bu yerda do’stlar yig’ilishdi. Barcha-barcha Markesga maqtovlar yog’dirardi.

Mersedes uning ijod qilishi uchun barcha shart-sharoitlarni muhayyo qilardi: sifatli qog’oz, yegulik va qahvaning o’z vaqtida berilishi, stol ustida sigaretaning turishi hamisha nazoratda
edi. U eri haqidagi maqolalar bilan tanishar, ularni saralab chiqardi. Ba’zida esa o’g’illarini mehmon sifatida qabul qilar, ularning otasi bilan bahslashuvi va hazillashishlarini jimgina kuzatib o’tirardi.

«Endi men faqat Mersedesning eriman»

061999 yilda Markesga «limfatik tizim saratoni» tashxisi qo’yildi. Bungacha, 1989 yilda unda yengil saraton kechgan va kasallik bartaraf etilgandi. Sog’ayganidan so’ng birinchi matbuot anjumanida Gabriel Garsia Markes boshqa yozmasligini ma’lum qildi: «Endi men faqat Mersedesning eriman, to’lasincha unga tegishliman».

Yozuvchi yoshi ulg’aygan sari sevgi haqida, bu tuyg’uning hayotdagi ulkan ahamiyati xususida dadil va ochiq e’tirof eta boshladi: «Men uchun shubhasiz: hayotning mazmuni, bu — muhabbatdir. Yozganda faqat muhabbat mavzu bo’l­mog’i kerak. Qolgan hammasi aldamchi! Mening keyingi romanim ishq ha­qida, erkak va ayolning hissiyotli, telbavor, umidsiz, abadiy sevgisi haqida bo’ladi…»

«XXI asrda meni to’xtovsiz dafn eta boshlashdi, — deya zorlanib kulgandi Markes. — Televizor yoki radioni qo’yib, o’zimning ta’ziyamga guvoh bo’lardim. Gazetalarda o’qirdim: «Bugun surunkali og’ir kasallikdan so’ng yozuvchi… sovrindori…» Men nihoyatda g’azablanardim. Bora-bora oyda ikki marta bo’ladigan o’zimning o’limimga ko’nikdim. Nimayam qila olardim!»

Gabriel Garsia Markes keyingi yillarda Al`tsgeymer xastaligi bilan og’rigandi. Uning ukasi Xaim jurnalistlarga Gabrielning o’g’illari va ukasini tanimagan kunlari bo’lganini qayg’u ila aytib berdi. Markes faqat rafiqasini tanir edi. Ba’zi-ba’zida Mersedes u qachondir, albatta, uylanadigan qizga o’xshab ketardi…

Manba: Bekajon» gazetasi

077

(Tashriflar: umumiy 3 299, bugungi 1)

9 izoh

  1. Маркесни мен хеч качон етук езувчи деб хисобламаганман. Нобель билан мукофотланишини хам бошка номуносиб мукофот сохиблари каторида шошилинч карор натижасида руй берган деб биламан.

  2. Ҳурматли Элмира! Бундай узил-кесил фикр айтиш учун сиз бу фикрни асосласангиз тўғри бўларди. Асоссиз айтилган раддия эса бу гапни айтган одамнинг ожизлигини кўрсатади халос. Агар сиз мана шу фикрингизни, яъни Гарсиа Маркес етук ёзувчи эмас, деган фикрингизни исботини ёзиб юборсангиз биз уни сайтда эълон қилишгаям тайёрмиз. Ўша жавобингиздан сиз ёзувчини қанчалик яхши билишингизни, қайси асарларини ўқиганингизниям билиб олардик. Сиздан жавоб кутиб қоламиз.

  3. Менимча Элмирахон хато килдилар. Мен дунёда уч оргинал деб билан носирларимдан бири Маркесдир. Унинг асари дархакикат, «Зилзила» булди. Услуби бетакрор. Хуллас, Унинг асарлари шунчаки маза килиб укийдиган нарса эмас.

  4. Dunyoda MARKESchalik hayotiy va his hayojonli asar muallifini bilmeyman. Yolg’izlikni yuz yili asari dunyodagi eng orginal asar deb bilaman.

  5. Markesni bilish uchun va uni his qilish uchun uni asarlarini mutolaa qilish lozim. Bu kabi ijodkorlar adabiyotda kamdan-kam uchraydi. Uning asarlarida badiy bo’yoqdorlikdan ko’ra hayotiy reallik ko’proq. Uning asarlaring qiymati shaxsan men uchun juda yuqori.

  6. Men buyuk va sadoqatli muxabatning yuz yiliga guvox boldim Anvarakaning ajoyib moqolalaridan iloxim biz yosh yozuvchilarga ham mersadesaga oxshagan ayollar. Sababi ijod mashaqat demakdir.

  7. Gabriel Garsiya Markes ajoyib yozuvchi uning asarlari mukammal darajada yozilgan deb hatto eng kuchli tanqidchilar ham ayta oladi

  8. Men bu buyuk insoni hayot haqida 12 hikmatni oqgandim xolos bitta osha maqolasidayoq u insoni ajoyib tengi yoq donishmand ekanini bilganman hozr esa hayotini o’qirkanman u insonga yanada hurmatim oshdi va buntun dunyodagi barcha insonlarga o’rnakchi va yetakchi inson bola olgan deb bilaman.

  9. Man Gabriel Markes asarlarini oʻqishni endi boshladim, terisi manga jahon adabiyoti unchalik yoqmasdi,uning birgina hikoyasini oʻqib qanchalik haqiqatga yaqinligini koʻrdim.Manimcha ham jahon adabiyoti buyuk namoyandasi hisoblanadi.

Izoh qoldiring