Жинлар уч хил бўлади. Бири – қулоқлари диккайган, эчкитуёқ ва эчки¬соқол, жимжилоқдек мугузчали ва ўйноқи ғилай кўзли бўлади. Эчкига жуда ўхшайди. Аммо у жин. Дунёда бор ҳамма жонзот товушида гапира олади: хоҳласа – аёл, хоҳласа эркак ёки бола овозида сўзлайди, турли ҳайвонлар товушини ўхшатади, ҳамма қушларга қойиллатиб тақлид қилади.
Нодар Думбадзе
ЖИНЛАР ВА МАНАВЕЛА БОБОМ
Рус тилидан Ойбек Мўминов таржимаси
Нодар Думбадзе (1928-1984) — таниқли грузин ёзувчиси. Илк ҳикоялар тўплами — «Қишлоқ болалари» (1958). Дастлабки йирик асарлари — «Мен, бувим, Илико ва Илларион» (1960) қиссаси ва «Қуёшни кўряпман» (1962) романида 2-жаҳон уруши йилларидаги грузин қишлоқларининг оғир ҳаёти акс этган.
«Қуёш кечаси» (1967), «Оқ байроқлар» (1972) романларида замонавий муҳим ижтимоий-ахлоқий масалалар кўтарилган.«Абадият қонуни» (1978)да инсоннинг жамиятдаги ўрни, яшашнинг маъноси мавжуд ҳаётий лавҳалар, шахслар орқали акс эттирилган. Думбадзе асарлари чуқур лиризм билан суғорилган, уларда драматизм юмор билан уйғунлашиб кетган.
Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган («Қуёшни кўряпман», 1969; «Қўрқманг онагинам», 1982; «Абадият қонуни», 1983 ва б.). «Абадият қонуни» асари асосида ўзбек тилида телеспектакл яратилган (1985).
Жинлар уч хил бўлади.
Бири – қулоқлари диккайган, эчкитуёқ ва эчкисоқол, жимжилоқдек мугузчали ва ўйноқи ғилай кўзли бўлади. Эчкига жуда ўхшайди. Аммо у жин. Дунёда бор ҳамма жонзот товушида гапира олади: хоҳласа – аёл, хоҳласа эркак ёки бола овозида сўзлайди, турли ҳайвонлар товушини ўхшатади, ҳамма қушларга қойиллатиб тақлид қилади.
Иккинчи хил жин думли, бадбуруш, бесўнақай ва хунук. Оёқ кафтлари тепага қайрилиб кетган, қирғийбурун бўлади, оғзида битта сўйлоқ тиши кў¬риниб туради, манглайидаги якка-ягона кўзи яшил рангда ёнади, бадани – бароқ, жундор.
Учинчи жиннинг тўртта қўли ва тўрт оёғи бўлади. Ҳар бирида – олтитадан панжа. Унинг юзи иккита, ҳар бирида бир жуфтдан кўзи бор. Яғрини умуман йўқ. Гавдасининг ҳар икки тарафи – қорин. Яъни, икки қоринли ва икки киндикли. Икки томонидан ҳам бир хил кўринади. Қисқаси, у иккита бир хил жинни тутиб, кетини кетига ёпиштириб қўйгандек бир махлуқ.
Рост, яна бир жин бор, лекин… у ҳақда кейинроқ сўзлаб бераман, энг охирида.
Анов уч жинни мен кўрмаганман, аммо бобом Манавела Синтсадзе ўз кўзи билан кўрган.
Эчкига ўхшаган жинни – Айиқ дарасида.
Думли-юнгдор жинни – Лашис-геледа.
Орқа-олдидан бир хил кўринадиганини – Сатаплиа тоғида.
Бу уч жин билан тўқнашувдан Манавела бобомда даҳшатли излар сақланиб қолган.
* * *
…Ҳайтовур, сават тўқишга пўстлоқ ғамлаб келиш учун Айиқ дарасига боргандим. Кун адоғига етаёзган, қош қораяр маҳал эди.
Хўш, мен ишни тугатдим, талай пўстлоқ арчдим, ювиндим, тош устига ўтирдим, чубуғимни чиқазиб, тамаки солдим – кел, бир-икки тортай, сўнг уйга жўнайман, деб ўйладим.
Чақмоқтошни ишқалаб турувдим, қарасам, у ҳароми ҳў наридаги тош устида ўтирибди, менга қинғайиб қарайди, де. Белимни пайпасладим. Худога шукур, болта жойида экан.
– Туф-эй, шайтон! – деб юбордим. Ҳушим бошимдан учиб ирғиб турдим, уч марта чўқиндим ва болтага ёпишдим.
– Ўзинг шайтонсан, агар бу кам бўлса, итваччасан! – деди у менга.
– Сен ўзинг кимсан бўлмаса? – кекирдагимни чўздим мен ва тағин чўқинмоқчи бўлдим, лекин эплай олсам қани! Алмойи-алжойи ҳаракат қиламан, қўлимни пешонамга обориш ўрнига киндигимга узаламанми-эй. Анов алвасти эса менга қараб турибди, ҳиринглаб қўяди тағин.
– Ҳоп! – қичқирдим мен. Лекин бу фақат менга қичқириқдек туюлди, аслида эса шунчаки оғзимни очгандим холос.
– Манавела, роса меровсан-да, ташла болтангни, кел, ёнимга ўтир, сўзлашамиз.
– Сен билан нимани сўзлашаман, иблисдан туққан, – жеркидим мен, аммо ичимда чўчиб “ҳайтовур, хафа бўлмасин-да” деб қўйдим. Ранжиш қаёқда! Бу унинг учун, масалан, биров-ярим менга “сен, Манавела, Афанасий ўғлисан” дегандай гап-да. Хуллас, нимаям қилардим, бориб ёнига ўтирдим, у мени шундоқ авради, шундоқ аврадики!
– Манавела Синтсадзе, дейди, сен басавлат, кўркам, ўктам ва учтаси фаранг йигитсан… Нимага куласан, итвачча, ўша пайтлар мен ҳозиргидақа эмасдим, чиндан ҳам кўрган одамнинг суқи киргудай йигит эдим! Тағин, айтадики, ҳайтовур, сени куёв қилмоқчиман, дейди. Қизимга уйлан, Манавела, дейди, зоту насабимизга шерик бўласан. Зарга кўмаман, оёғингни узатиб ётасан, истасанг, етти қават кўрпача устида маза қилиб ётиб, “Хасанбегуру” ва “Криманчули”ни* хиргойи қиласан.
– Аввал айт: инсмисан, жинсмисан? Қолганини ўйлаб кўрамиз.
– Одамман, Манавела, одам, сен билан одам каби гаплашиб турганимни кўряпсан-ку.
– Агар одам бўлсанг, нега эчкига ўхшайсан? – сўрадим мен, ўзим қўрққанимдан совуқ терга ботганман.
– Нима қипти, тўнғиз ёки эшакка ўхшаган одамлар озми дунёда, ҳеч ким уларни кўксидан итармайди-ку? – жавоб беради у газанда. Мен нима дердим, миқ этолмадим, чунки гапи рост эди, айни ҳақиқат.
– Менга қизингни кўрсат-чи, – дедим унга илтифоту назокат билан.
Шундай дейишимни биламан, чунон маърадики! Эчки бўлиб маъради! Маъраган эди, орқасидаги қоя қоқ иккига бўлиниб, орасидан бир қиз чиқиб келди, шунақа гўзал! Бахмаро чўққисидан қуёш чиқишини томоша қилганмисан? Қилмагансан! Зим-зиё тунда қора булутлар орасидан тўлин ой чиққанини кўрган жойинг борми? Йўқ! Ёйинки, боғда ҳамма атиргул буталари бирваракайига очилганини кўрганмисан? Айт, кўрганмисан? Йўқ, кўрмагансан!
У мен билан сўзлаша бошлади, овози бирам ёқимли эдики! Минглаб кўзачалардан тўқ қизил “Изабелла” виноси шилдираб қуйилганини эшитганмисан? Йўқ, эшитмагансан! Кўклам чоғи ой балқиб турган тунда Гуриядаги** бари булбуллар, қораялоқлар, майналар хониш қилади, эшитганмисан? Йўқ, эшитмагансан…
Шундай қилиб десанг, таърифга сиғмас нозанин, ҳуснига кўз тўймас соҳибжамол анави бадбашара, таъвия отасининг ёнида мўъжиза мисол турибди, менга кўз ташлаб қўяди ҳар замонда…
– Хўш, энди нима дейсан, Манавела Синтсадзе, кўзинг қамашиб кетдими? – дейди менга у баттол.
Мен-чи – мен нимаям дердим! Очиғи, бир нималар деб минғирламоқчи бўлардиму? лекин тилим қурғур танглайимга чиппа ёпишиб қолганди.
– Сен уни бекордан-бекорга бермасанг керак менга, эвазига бир нима сўрайсан, албатта, – дедим базўр, анчадан кейин тилга кириб.
– Сендан нима унарди, бир жулдурвоқи бўлсанг! Колхозда меҳнат кунингга бир пайса жўхори оласан, бор будинг шу! Қурбинг етмагани учун менга иймонингни сотасан, хўпми?
Бу гапдан кейин ўпкам оғзимга тиқилиб қолгандек бўлди.
– Менга бундай дейишга қандай ҳаддинг сиғди! – ҳайқирдим мен ва болтани олдиму ифлос калласини мўлжаллаб, улоқтирдим… Ҳай аттанг!..
Бобом иштонини ҳимариб, оёғидаги чуқурлиги икки бармоқ қалинлигича келадиган, болдиригача чўзилган чандиқни кўрсатади.
– Ғойиб бўлди, дардисар малъун, бир зумда йўқ бўлди-қўйди! Болта боягина у ўтирган тошга тегиб сапчидию шу еримга, чандиқни кўрдинг-ку, тегди. Қон фаввора бўлиб отиляпти, мен, сенинг бобонг Манавела Синтсадзе, ҳушдан кетиб ерга қуладим… Ўшандан бери мараз жиннинг чинқироқ кулгисию “Иймонингга ҳазир бўл, Манавела! Қочиб кетмасин тағин! Ҳа-ҳа-ҳа”, деб қичқиргани қулоғимда шанғиллаб туради.
Бошқа ҳеч нимани эслай олмайман.
* * *
Нариги жини Лашис-геледа даф қилган. Сазанбалиқ овлаш мавсуми эди, мен тунги овга чиққандим – пойлашга, улар уруғ ташлаш учун Губазоулидан Ла¬шага сузадиган пайт эди-да. Сувни бўғиб, балиқ ўтиши учун кичкина туйнукча қолдирдим ва эндигина чубуғимга тамаки солган эдимки, сув шалоплади. Ана, дедим, балиқ ўта бошлаяпти. Тўр ташлашга шайланиб турдим ва негадир ёнбошимга ўгирилдим. Нимани кўрдим де? Ўтирибди у, ғаддор! Ўтирган кўйи якка яшил кўзини менга тиккан, худди тешиб юборгудай!
Разм солиб қарасам, Айиқ дарасида оёғимни пўла қилган жинга сира ўхшамайди.
…Айиқ дарасидаги жин каби, бир кўзли жин ҳам бобомга ўз қизини хотинликка олишни таклиф қилибди ва эвазига иймонини сўрабди. Қизининг сепи тариқасида бобомга колхоз раислигини ва яна тағин бир ботмон олтин ҳам ваъда қилганмиш…
– Бунисини соғ қўйиб бўпман! – дедим.
Қулочкашлаб у иблисга тўр ташладим. Тўрни мен ўзим томонга, у ўзига тортди. Яна тортдим, у тағин тихирлик қилди. Қочиб қутула олмасди барибир: тўр худди тишига илиниб қолганди, тиши оғзидан баайни илгакдай чиқиб турарди-да, ўзиям. Мен тўрни бўшатиш учун унинг жағига қўл чўздим, шу пайт… – Манавела бобом секингина ўнг қўлини узатиб, менга жимжилоғи ва сўфи бармоғини кўрсатди. Ўша қўлида бошқа бармоқлари йўқ унинг. – Малъуннинг жағидан шу иккита бармоғимни суғуриб олдим холос. Мени ғафлатда қолдирди, лаънати, бахтимга, қўлимни буткул узиб олмади! Шунисигаям раҳмат…
* * *
Учинчи жин, ёки, анави, орқа-олди бир хили, Манавела бобомга Сатаплиа тоғида, у асалариларидан хабар олиш учун борганида йўлиққан.
У жин ҳам бобомга қизини олиб бермоқчи бўлибди, агар иймонини сотса, Чохатаур раёни секретари лавозимига миндиришни ҳам ваъда қилибди. Бобом эса уни хўп мазах қилибди.
– Кўзларинг оқиб тушсин, Манавела, ношукур банда, қизимнинг ҳусни жамоли қадрига етмадинг, – увиллади жин бир маҳал ва бармоғини кўзимга суқмоқчи бўлди.
Қўлим билан кўзимни тўсмоқчи бўлгандим, қўлимда иккита бармоқ қолгани ёдимга тушди. Хуллас, у лаънати ахийри ўнг кўзимни ўйиб олди…
– Нимага куласан, кампир, очиб қўйиптими, бола “Манавела бобом алжираб қопти” деб ўйламасин тағин! – бобом шу маҳал хонага кириб келган бувимга ўдағайлади.
– Ишонма унга, тойлоғим, ишонма! Алдаяпти. Эрга текканимда ҳам шунақа эди. Ўзи шайтон-ку, жин бас келармиди бунга, – пинагини бузмайди бувим ва стол устидаги бўш кўзачаларни олиб, чиқиб кетади.
– Жинлар билан жиққа-мушт бўлиб нима қилардингиз, бирининг қизига уйлансангиз эди, ҳозир қишлоқнинг олди одами бўлардингиз, – дейман мен, “Изабелла”дан ҳўплаб.
– Иймон-чи, итвачча, иймон нима бўлади? – ач¬чиқланди бобом ва икки бармоғида бошимга чертди.
– Иймонингиз шунчалар қадрлими, бунча авайлайсиз! – дедим мен ва ножўя гап қилганимни пайқаб тилимни тишладим.
– Ажинанинг невараси бўлсанг, нима, хурсанд бўлармидинг? – сўради бобом, ягона кўзи билан менга еб қўйгудек ўқрайиб.
– Ҳа, тўғри айтасиз, бу томонини ўйламабман, – айбдор одам товушида дедим мен.
– Ўйламаганмиш! Бўйдан Худо берган сенга, ўйлаб гапиришни ҳам ўрганиш керак энди, – таъна қилди бобом, винодан оғирлашган бошини чайқаб ва каминдаги серкўз ғўлани тўнкариб қўйди.
Бувим кириб, қора “Изабелла”га лиммо-лим тўлатилган кўзачани стол устига қўйди.
Бирдан худди шу кўзача ичидан кичкина, жудаям митти жинча чиқиб келди. Шу қадар жажжики, кафтингга бемалол сиғади. Лекин бурни каттагина экан, йирик картошка мисоли унинг ғарқ пишган помидордек қип-қизил юзида дўппайиб турарди. Бадани тап-тақир, битта ҳам тук йўқ, бунинг устига шаффоф эди. Унга разм солиб, эркак жинсиданми ёки аёлми, фарқлай олмадим. Қисқаси, на униси, на буниси. Қўлларида – олтитадан панжа, оёқларидагини санай олмадим, чунки чипта ковуш кийиб олганди. Бу жинни Манавела бобом кўрмайди, чунки у менинг жиним, ўзимники. Ана, у кўзачанинг оғзидан сакраб тушиб, стаканим қиррасига жойлашиб ўтириб олди.
– Хоҳласанг, Манавеланинг невараси, менга иймонингни сот – эвазига асл ҳақиқатни сенга сўзлаб бераман, – деди у, кулиб.
Кулгиси шу қадар содда эдики, иймон тугул жисму жонимни ҳам қўшқўллаб тутқазардим унга. Май элитган юзи майин жилмайиб турарди.
– Олақол, менга унинг нима кераги бор! – жавоб бердим эшилиб.
Менинг жиним ҳикоясини бошлади.
* * *
Манавела Синтсадзени оға-ини Шаликашвилилар ўрмонга судраб кириб, баҳайбат қайин дарахтига боғ¬лашди. Уч ака-ука эди улар: Фридон, Мамиа ва Катсиа. Манавела Синтсадзе уларнинг кенжаси Катсианинг қайлиғи, бешикданоқ унга унаштирилган қизни олиб қочганди – Тинатин Накашидзени.
Олиб қочди деганимни қандоқ тушунтирсам экан: Тинатин Накашидзе уни Бахмародаги байрамда кўрган эди. Йигит қора чоха*** кийиб, гижинглаган оқ оти Шамилни миниб келганди. Даставвал у беш чақиримга пойгада ҳаммадан ўзиб, биринчи бўлди. Тулпори абжир чавандоз тагида кўпикка ботганча турарди. Шундан сўнг тўрт саржинлик хода устига ўрнатилган биллур кубокни бир ўқ билан чил-чил қилди. Ва ниҳоят, белигача яланғоч бўлиб, сиртига мой сурилган, баландлиги уч саржин арча устунига бир уринишда тирмашиб чиқди. Устуннинг тепасига маҳкамланган кумуш кубокни олиб тушиб, халойиқнинг таҳсину олқишлари остида, офтобдек балқиб турган соҳибжамол Тинатин Накашидзенинг ёнига келди, бир тиззасида чўк тушиб, унинг кўйлаги барини ўпди ва хижолатдан қизариб кетган қизга кубокни тортиқ этди.
Ўша дамлар Тинатин Накашидзе ўн бешга ҳам тўлмаганди ҳали, Манавела Синтсадзе эса эндигина ўн тўққизни қоралаган бўлиб, диловарликда унга кимса бас келолмасди.
Бир ҳафта ўтгач Манавела Синтсадзе Накашидзенинг қизи Тинатиндан мактуб олди.
«Абад ойинг бўлгум, қуёш, сен-ла ичгайман қасам
Таслим бўлмам, гар ортимдан учта қуёш келса ҳам,
Қоя узра кўз ташлагум, зулмат ҳаддан ошгандан,
Қанотли бир тилак айт, ёр, нажот энди самодан!»
Бошида мактуб Манавела Синтсадзени гангитиб қўйди. Сўнг шодлигидан эси оғиб, ҳовучлаб тупроқ ошади ва – нима бўлса бўлар! – ўтириб, жавоб хатини ёзди.
«Жондан азиз мактубингга кўзларимни қададим,
Ва дедимки: “Қуёш сендан кечолгайми, қамарим?
Худо шоҳид, ранжитмасман, сен – кечам, сен – саҳарим,»
Ҳаётманми, жон бердимми, ё тушми бу, билмагум.”
Ўн тўртинчи октябрга ўтар кечаси, тўлин ой тиккага келган маҳал Накашидзенинг қизи Тинатин Чормих қишлоғига элтувчи йўлнинг муюлишига, улкан эман дарахти ёнига келди. Куч билан эмас, ўз ихтиёри билан, севгисини деб келди. Оёғи яланг, битта кўйлакда эди қиз.
Манавела Синтсадзе қувончини даст кўтариб ердан узди, чакмонига ўради ва эгарланмаган отининг олдига ўтқаздию қамчи босди.
Уч ака-ука Шаликашвилилар изидан қувишди.
Манавела уларга ўқ узди.
Шаликашвилилар ўқидан яраланган оти йиқилди. Манавела то ўрнидан тургунича ўраб олишди уни.
Оға-ини Шаликашвилилар Манавела Синтсадзени қалин ўрмон ичкарисига олиб кириб, эман оғочига боғладилар.
– Қани, Манавела Синтсадзе, келинимга мактуб ёзган қўлларингни кўрсат-чи! – деди уларнинг тўнғичи, Фридон Шаликашвили.
Орқасига чандиб боғланган қўллари увишиб, шишиб кетган, Манавела уларни сезмасди ҳатто.
Шунда Фридон Шаликашвили дарахт ортига ўтиб, совуққонлик билан Манавела Синтсадзенинг аввал ўнг қўли бошмалдоғини, сўнг кўрсаткич бармоқни ва ниҳоят, ўрта бармоғини кесиб ташлади. Қон шариллаб отилди. Манавела оғриқ ўрнига енгил тортганини ҳис қилди, унинг кўксидан шодон ҳайқириқ отилиб чиқди.
– Ана қаҳрамону мана қаҳрамон! – заҳарханда қилди Фридон Шаликашвили.
– Накашидзелар уйи остонасини ҳатлаб ўтмоқчи бўлган оёқларингни кўрсат-чи! – деди ўртанча Шаликашвили, Мамиа, қиличини яланғочлаб.
Манавеланинг кўзи олди хиралашди.
– Мени майиб қилма, княз, – дўрилдоқ овози титради унинг.
– Бахмарода от гижинглатиб олифталик қилган чоғларингда майиб бўлсанг соз бўлмасмиди? – аччиқ кулди Мамиа Шаликашвили ва Манавела Синтсадзенинг ўнг болдирига қилич солди. Манавела қилич суякни қирққанини сезди ва ҳушидан кетди.
– Ўзига келдими? – сўради бу гал кенжа Шаликашвили, Катсиа, Манавела кўзини очганини кўриб. – Қани, қайлиғим Тинатинга олайтирган кўзларингни кўрсат-чи менга…
Манавеланинг тепа сочи тикка бўлди, тили калимага келмай қолди.
Катсиа Манавела пича ўзини ўнглаб олишини кутди.
– Нима қиляпсизлар, ваҳшийлар! Исони ҳам бунчалик азоблашмаган, гуноҳим нима ахир…
– Кўзларингни кўрсат, Манавела, кўзларингни!
– Ниятингдан қайт, Катсиа, ёруғ оламни кўришдан маҳрум этма мени! – Манавела йиғламоқчи эмасди, бироқ кўз ёшлари ўз-ўзидан қуйилди.
Иш жуда пухта бажарилди: Катсиа Шаликашвили ўткир қиличини Манавеланинг қовоғига олиб борди ва суқди… Чалажон гавдани Чормих қишлоғи одамлари эртасига ўрмондан топишди.
Ярим йил тўшакка михланиб ётди Манавела Синтсадзе. Олти ой давомида на бир сўз деди, на оҳ-воҳ қилди. Олти ойдан сўнг қўшнилар торкўчада абгору оқсоқ Манавела Синтсадзени кўрдилар. Ўшандан бери уни “Ўлмас Манавела” деб аташади. Бу унинг лақаби бўлиб қолган.
Орадан бир йил ўтгач, Айиқ дарасининг нариги ёғидаги қишлоқда яшовчи Леварсий Тавберидзе дарадан Фридон Шаликашвилининг жасадини топди. Унинг очиқ кўзлари ҳайрат ва даҳшатдан қотиб қолганди. Фридоннинг баданида на бир ўқ изи бор эди, на тиғ изи ва на ўзга жароҳат. У қўрқувдан юраги ёрилиб ўлганди.
– Тун яримдан оғганда Айиқ дарасидан аллақандай ўкирик эшитилувди, айиқ бўлса керак деб ўйловдим… – дерди Леварсий Тавберидзе.
Яна бир йил ўтди, ва Лашис-геледа Мамиа Шаликашвилини топишди. Қиличда бир зарб билан елкасидан киндигигача чопилганди унинг. Шак-шубҳа қолмади: Ўлмас Манавела Шаликашвилиларнинг қонини ичмоқда эди.
Ўлмас Манавела ўрмонга яширинди.
Оғаларининг кушандасидан интиқом олиш қасдида юрган Катсиа Шаликашвилининг ўлигига қоровуллар Сатаплиа тоғида дуч келишди. Пилтамилтиқдан мерганона узилган ўқ миясининг қатиғини чиқазиб юборганди. У орқа-олди бир хил жин Манавела бобомнинг кўзини ўйиб олган жойда – жўка дарахти тагида ётган экан.
1918 йилнинг баҳорида Манавела ўрмондан чиқди.
– Инқилоб ҳамманинг ҳамма айбини кечирган, бобонгни бошқалардан кам жойи борми? – дейди менинг жинчам, қиқир-қиқир кулиб.
– Тинатин, қимирла, бизга яна бир кўза “Изабелла” келтир, томоқларимиз қуриб қолмасин, – кампирини чақиради бобом. Тинатин бувим тағин бир кўза вино келтиради ва чолига эркалагансимон жилмайиб, унинг ёнига ўтиради.
Бобом жинлар ҳақидаги чўпчакларини давом эттиради бироқ у менинг ўз жажжи жинчам борлигидан бехабар. Ана, у оёқчаларини осилтирган кўйи стаканим қиррасида ўтирибди. Бобомнинг пойма-пой гаплари унинг димоғини чоғ қилиб юборади, у маза қилиб кулади ва аслида қандай бўлганини сўзлаб беради менга.
Тун яримлашар маҳалда жинчам кўзачага тушиб олади, ва биз – жинлар, ҳақиқату ривоятлар, бобом ва бувим – ҳаммамиз чирсиллаб турган камин атрофида уйқуга кетамиз.
* Изоҳлар:
*. “Хасанбегуру” ва “Криманчули” – грузин халқ қўшиқлари.
**. Гурия – Грузиядаги вилоят.
***. Чоха – Кафказ халқларида эркакларнинг миллий кийими, лекин у ҳар бир халқда бошқа-бошқа номлар билан аталади.
Манба: “Ёшлик” журнали, 2014 йил, 4-сон
Nodar Dumbadze
JINLAR VA MANAVELA BOBOM
Rus tilidan Oybek Mo‘minov tarjimasi.
Nodar Dumbadze (1928-1984) — taniqli gruzin yozuvchisi. Ilk hikoyalar to’plami — «Qishloq bolalari» (1958). Dastlabki yirik asarlari — «Men, buvim, Iliko va Illarion» (1960) qissasi va «Quyoshni ko’ryapman» (1962) romanida 2-jahon urushi yillaridagi gruzin qishloqlarining og’ir hayoti aks etgan.«Quyosh kechasi» (1967), «Oq bayroqlar» (1972) romanlarida zamonaviy muhim ijtimoiy-axloqiy masalalar ko’tarilgan.«Abadiyat qonuni» (1978)da insonning jamiyatdagi o’rni, yashashning ma’nosi mavjud hayotiy lavhalar, shaxslar orqali aks ettirilgan. Dumbadze asarlari chuqur lirizm bilan sug’orilgan, ularda dramatizm yumor bilan uyg’unlashib ketgan.
Asarlari o’zbek tiliga tarjima qilingan («Quyoshni ko’ryapman», 1969; «Qo’rqmang onaginam», 1982; «Abadiyat qonuni», 1983 va b.). «Abadiyat qonuni» asari asosida o’zbek tilida telespektakl yaratilgan (1985).
Jinlar uch xil bo‘ladi.
Biri – quloqlari dikkaygan, echkituyoq va echki¬soqol, jimjiloqdek muguzchali va o‘ynoqi g‘ilay ko‘zli bo‘ladi. Echkiga juda o‘xshaydi. Ammo u jin. Dunyoda bor hamma jonzot tovushida gapira oladi: xohlasa – ayol, xohlasa erkak yoki bola ovozida so‘zlaydi, turli hayvonlar tovushini o‘xshatadi, hamma qushlarga qoyillatib taqlid qiladi.
Ikkinchi xil jin dumli, badburush, beso‘naqay va xunuk. Oyoq kaftlari tepaga qayrilib ketgan, qirg‘iyburun bo‘ladi, og‘zida bitta so‘yloq tishi ko‘¬rinib turadi, manglayidagi yakka-yagona ko‘zi yashil rangda yonadi, badani – baroq, jundor.
Uchinchi jinning to‘rtta qo‘li va to‘rt oyog‘i bo‘ladi. Har birida – oltitadan panja. Uning yuzi ikkita, har birida bir juftdan ko‘zi bor. Yag‘rini umuman yo‘q. Gavdasining har ikki tarafi – qorin. Ya’ni, ikki qorinli va ikki kindikli. Ikki tomonidan ham bir xil ko‘rinadi. Qisqasi, u ikkita bir xil jinni tutib, ketini ketiga yopishtirib qo‘ygandek bir maxluq.
Rost, yana bir jin bor, lekin… u haqda keyinroq so‘zlab beraman, eng oxirida.
Anov uch jinni men ko‘rmaganman, ammo bobom Manavela Sintsadze o‘z ko‘zi bilan ko‘rgan.
Echkiga o‘xshagan jinni – Ayiq darasida.
Dumli-yungdor jinni – Lashis-geleda.
Orqa-oldidan bir xil ko‘rinadiganini – Satap¬lia tog‘ida.
Bu uch jin bilan to‘qnashuvdan Manavela bobomda dahshatli izlar saqlanib qolgan.
* * *
…Haytovur, savat to‘qishga po‘stloq g‘amlab kelish uchun Ayiq darasiga borgandim. Kun adog‘iga yetayozgan, qosh qorayar mahal edi.
Xo‘sh, men ishni tugatdim, talay po‘stloq archdim, yuvindim, tosh ustiga o‘tirdim, chubug‘imni chiqazib, tamaki soldim – kel, bir-ikki tortay, so‘ng uyga jo‘¬nayman, deb o‘yladim.
Chaqmoqtoshni ishqalab turuvdim, qarasam, u ha¬romi ho‘ naridagi tosh ustida o‘tiribdi, menga qing‘ayib qaraydi, de. Belimni paypasladim. Xudoga shukur, bolta joyida ekan.
– Tuf-ey, shayton! – deb yubordim. Hushim boshimdan uchib irg‘ib turdim, uch marta cho‘qindim va boltaga yopishdim.
– O‘zing shaytonsan, agar bu kam bo‘lsa, itvachchasan! – dedi u menga.
– Sen o‘zing kimsan bo‘lmasa? – kekirdagimni cho‘zdim men va tag‘in cho‘qinmoqchi bo‘ldim, lekin eplay olsam qani! Almoyi-aljoyi harakat qilaman, qo‘limni peshonamga oborish o‘rniga kindigimga uzalamanmi-ey. Anov alvasti esa menga qarab turibdi, hiringlab qo‘yadi tag‘in.
– Hop! – qichqirdim men. Lekin bu faqat menga qichqiriqdek tuyuldi, aslida esa shunchaki og‘zimni ochgandim xolos.
– Manavela, rosa merovsan-da, tashla boltangni, kel, yonimga o‘tir, so‘zlashamiz.
– Sen bilan nimani so‘zlashaman, iblisdan tuqqan, – jerkidim men, ammo ichimda cho‘chib “haytovur, xafa bo‘lmasin-da” deb qo‘ydim. Ranjish qayoqda! Bu uning uchun, masalan, birov-yarim menga “sen, Manavela, Afanasiy o‘g‘lisan” deganday gap-da. Xullas, nimayam qilardim, borib yoniga o‘tirdim, u meni shundoq avradi, shundoq avradiki!
– Manavela Sintsadze, deydi, sen basavlat, ko‘r¬kam, o‘ktam va uchtasi farang yigitsan… Nimaga kulasan, itvachcha, o‘sha paytlar men hozirgidaqa emasdim, chindan ham ko‘rgan odamning suqi kirguday yigit edim! Tag‘in, aytadiki, haytovur, seni kuyov qilmoqchiman, deydi. Qizimga uylan, Manavela, deydi, zotu nasabimizga sherik bo‘lasan. Zarga ko‘maman, oyog‘ingni uzatib yotasan, istasang, yetti qavat ko‘rpacha ustida maza qilib yotib, “Xasanbeguru” va “Krimanchuli”ni1 xirgoyi qilasan.
– Avval ayt: insmisan, jinsmisan? Qolganini o‘ylab ko‘ramiz.
– Odamman, Manavela, odam, sen bilan odam kabi gaplashib turganimni ko‘ryapsan-ku.
– Agar odam bo‘lsang, nega echkiga o‘xshaysan? – so‘radim men, o‘zim qo‘rqqanimdan sovuq terga botganman.
– Nima qipti, to‘ng‘iz yoki eshakka o‘xshagan odamlar ozmi dunyoda, hech kim ularni ko‘ksidan itarmaydi-ku? – javob beradi u gazanda. Men nima derdim, miq etolmadim, chunki gapi rost edi, ayni haqiqat.
– Menga qizingni ko‘rsat-chi, – dedim unga iltifotu nazokat bilan.
Shunday deyishimni bilaman, chunon ma’radiki! Echki bo‘lib ma’radi! Ma’ragan edi, orqasidagi qoya qoq ikkiga bo‘linib, orasidan bir qiz chiqib keldi, shunaqa go‘zal! Baxmaro cho‘qqisidan quyosh chiqishini tomosha qilganmisan? Qilmagansan! Zim-ziyo tunda qora bulutlar orasidan to‘lin oy chiqqanini ko‘rgan joying bormi? Yo‘q! Yoyinki, bog‘da hamma atirgul butalari birvarakayiga ochilganini ko‘rganmisan? Ayt, ko‘rganmisan? Yo‘q, ko‘rmagansan!
U men bilan so‘zlasha boshladi, ovozi biram yoqimli ediki! Minglab ko‘zachalardan to‘q qizil “Iza¬bella” vinosi shildirab quyilganini eshitganmisan? Yo‘q, eshitmagansan! Ko‘klam chog‘i oy balqib turgan tunda Guriyadagi2 bari bulbullar, qorayaloqlar, maynalar xonish qiladi, eshitganmisan? Yo‘q, eshitmagansan…
Shunday qilib desang, ta’rifga sig‘mas nozanin, husniga ko‘z to‘ymas sohibjamol anavi badbashara, ta’viya otasining yonida mo‘‘jiza misol turibdi, menga ko‘z tashlab qo‘yadi har zamonda…
– Xo‘sh, endi nima deysan, Manavela Sintsadze, ko‘zing qamashib ketdimi? – deydi menga u battol.
Men-chi – men nimayam derdim! Ochig‘i, bir nima¬lar deb ming‘irlamoqchi bo‘lardimu? lekin tilim qurg‘ur tanglayimga chippa yopishib qolgandi.
– Sen uni bekordan-bekorga bermasang kerak menga, evaziga bir nima so‘raysan, albatta, – dedim ba¬zo‘r, anchadan keyin tilga kirib.
– Sendan nima unardi, bir juldurvoqi bo‘lsang! Kolxozda mehnat kuningga bir paysa jo‘xori olasan, bor buding shu! Qurbing yetmagani uchun menga iymoningni sotasan, xo‘pmi?
Bu gapdan keyin o‘pkam og‘zimga tiqilib qolgandek bo‘ldi.
– Menga bunday deyishga qanday hadding sig‘di! – hayqirdim men va boltani oldimu iflos kallasini mo‘ljallab, uloqtirdim… Hay attang!..
Bobom ishtonini himarib, oyog‘idagi chuqurligi ikki barmoq qalinligicha keladigan, boldirigacha cho‘zilgan chandiqni ko‘rsatadi.
– G‘oyib bo‘ldi, dardisar mal’un, bir zumda yo‘q bo‘ldi-qo‘ydi! Bolta boyagina u o‘tirgan toshga tegib sapchidiyu shu yerimga, chandiqni ko‘rding-ku, tegdi. Qon favvora bo‘lib otilyapti, men, sening bobong Manavela Sintsadze, hushdan ketib yerga quladim… O‘shandan beri maraz jinning chinqiroq kulgisiyu “Iymoningga hazir bo‘l, Manavela! Qochib ketmasin tag‘in! Ha-ha-ha”, deb qichqirgani qulog‘imda shang‘illab turadi.
Boshqa hech nimani eslay olmayman.
* * *
Narigi jini Lashis-geleda daf qilgan. So‘zan¬baliq ovlash mavsumi edi, men tungi ovga chiqqandim – poylashga, ular urug‘ tashlash uchun Gubazoulidan La¬shaga suzadigan payt edi-da. Suvni bo‘g‘ib, baliq o‘tishi uchun kichkina tuynukcha qoldirdim va endigina chubug‘imga tamaki solgan edimki, suv shalopladi. Ana, dedim, baliq o‘ta boshlayapti. To‘r tashlashga shaylanib turdim va negadir yonboshimga o‘girildim. Nimani ko‘rdim de? O‘tiribdi u, g‘addor! O‘tirgan ko‘yi yakka yashil ko‘zini menga tikkan, xuddi teshib yuborguday!
Razm solib qarasam, Ayiq darasida oyog‘imni po‘la qilgan jinga sira o‘xshamaydi.
…Ayiq darasidagi jin kabi, bir ko‘zli jin ham bobomga o‘z qizini xotinlikka olishni taklif qilibdi va evaziga iymonini so‘rabdi. Qizining sepi tariqasida bobomga kolxoz raisligini va yana tag‘in bir botmon oltin ham va’da qilganmish…
– Bunisini sog‘ qo‘yib bo‘pman! – dedim.
Qulochkashlab u iblisga to‘r tashladim. To‘rni men o‘zim tomonga, u o‘ziga tortdi. Yana tortdim, u tag‘in tixirlik qildi. Qochib qutula olmasdi baribir: to‘r xuddi tishiga ilinib qolgandi, tishi og‘zidan baayni ilgakday chiqib turardi-da, o‘ziyam. Men to‘rni bo‘shatish uchun uning jag‘iga qo‘l cho‘zdim, shu payt… – Manavela bobom sekingina o‘ng qo‘lini uzatib, menga jimjilog‘i va so‘fi barmog‘ini ko‘rsatdi. O‘sha qo‘lida boshqa barmoqlari yo‘q uning. – Mal’unning jag‘idan shu ikkita barmog‘imni sug‘urib oldim xolos. Meni g‘aflatda qoldirdi, la’nati, baxtimga, qo‘limni butkul uzib olmadi! Shunisigayam rahmat…
* * *
Uchinchi jin, yoki, anavi, orqa-oldi bir xili, Manavela bobomga Sataplia tog‘ida, u asalarilaridan xabar olish uchun borganida yo‘liqqan.
U jin ham bobomga qizini olib bermoqchi bo‘libdi, agar iymonini sotsa, Choxataur rayoni sekretari lavozimiga mindirishni ham va’da qilibdi. Bobom esa uni xo‘p mazax qilibdi.
– Ko‘zlaring oqib tushsin, Manavela, noshukur banda, qizimning husni jamoli qadriga yetmading, – uvilladi jin bir mahal va barmog‘ini ko‘zimga suqmoqchi bo‘ldi.
Qo‘lim bilan ko‘zimni to‘smoqchi bo‘lgandim, qo‘limda ikkita barmoq qolgani yodimga tushdi. Xullas, u la’nati axiyri o‘ng ko‘zimni o‘yib oldi…
– Nimaga kulasan, kampir, ochib qo‘yiptimi, bola “Manavela bobom aljirab qopti” deb o‘ylamasin tag‘in! – bobom shu mahal xonaga kirib kelgan buvimga o‘dag‘ayladi.
– Ishonma unga, toylog‘im, ishonma! Aldayapti. Erga tekkanimda ham shunaqa edi. O‘zi shayton-ku, jin bas kelarmidi bunga, – pinagini buzmaydi buvim va stol ustidagi bo‘sh ko‘zachalarni olib, chiqib ketadi.
– Jinlar bilan jiqqa-musht bo‘lib nima qi¬lardingiz, birining qiziga uylansangiz edi, hozir qishloqning oldi odami bo‘lardingiz, – deyman men, “Izabella”dan ho‘plab.
– Iymon-chi, itvachcha, iymon nima bo‘ladi? – ach¬chiqlandi bobom va ikki barmog‘ida boshimga chertdi.
– Iymoningiz shunchalar qadrlimi, buncha avaylaysiz! – dedim men va nojo‘ya gap qilganimni payqab tilimni tishladim.
– Ajinaning nevarasi bo‘lsang, nima, xursand bo‘larmiding? – so‘radi bobom, yagona ko‘zi bilan menga yeb qo‘ygudek o‘qrayib.
– Ha, to‘g‘ri aytasiz, bu tomonini o‘ylamabman, – aybdor odam tovushida dedim men.
– O‘ylamaganmish! Bo‘ydan Xudo bergan senga, o‘ylab gapirishni ham o‘rganish kerak endi, – ta’na qildi bobom, vinodan og‘irlashgan boshini chayqab va kamindagi serko‘z g‘o‘lani to‘nkarib qo‘ydi.
Buvim kirib, qora “Izabella”ga limmo-lim to‘latilgan ko‘zachani stol ustiga qo‘ydi.
Birdan xuddi shu ko‘zacha ichidan kichkina, judayam mitti jincha chiqib keldi. Shu qadar jajjiki, kaftingga bemalol sig‘adi. Lekin burni kattagina ekan, yirik kartoshka misoli uning g‘arq pishgan pomidordek qip-qizil yuzida do‘ppayib turardi. Badani tap-taqir, bitta ham tuk yo‘q, buning ustiga shaffof edi. Unga razm solib, erkak jinsidanmi yoki ayolmi, farqlay olmadim. Qisqasi, na unisi, na bunisi. Qo‘llarida – oltitadan panja, oyoqlaridagini sanay olmadim, chunki chipta kovush kiyib olgandi. Bu jinni Manavela bobom ko‘rmaydi, chunki u mening jinim, o‘zimniki. Ana, u ko‘zachaning og‘zidan sakrab tushib, stakanim qirrasiga joylashib o‘tirib oldi.
– Xohlasang, Manavelaning nevarasi, menga iymoningni sot – evaziga asl haqiqatni senga so‘zlab beraman, – dedi u, kulib.
Kulgisi shu qadar sodda ediki, iymon tugul jismu jonimni ham qo‘shqo‘llab tutqazardim unga. May elitgan yuzi mayin jilmayib turardi.
– Olaqol, menga uning nima keragi bor! – javob berdim eshilib.
Mening jinim hikoyasini boshladi.
* * *
Manavela Sintsadzeni og‘a-ini Shalikashvililar o‘rmonga sudrab kirib, bahaybat qayin daraxtiga bog‘¬lashdi. Uch aka-uka edi ular: Fridon, Mamia va Katsia. Manavela Sintsadze ularning kenjasi Katsianing qaylig‘i, beshikdanoq unga unashtirilgan qizni olib qochgandi – Tinatin Nakashidzeni.
Olib qochdi deganimni qandoq tushuntirsam ekan: Tinatin Nakashidze uni Baxmarodagi bayramda ko‘rgan edi. Yigit qora choxa3 kiyib, gijinglagan oq oti Shamilni minib kelgandi. Dastavval u besh chaqirimga poygada hammadan o‘zib, birinchi bo‘ldi. Tulpori abjir chavandoz tagida ko‘pikka botgancha turardi. Shundan so‘ng to‘rt sarjinlik xoda ustiga o‘rnatilgan billur kubokni bir o‘q bilan chil-chil qildi. Va nihoyat, beligacha yalang‘och bo‘lib, sirtiga moy surilgan, balandligi uch sarjin archa ustuniga bir urinishda tirmashib chiqdi. Ustunning tepasiga mahkamlangan kumush kubokni olib tushib, xaloyiqning tahsinu olqishlari ostida, oftobdek balqib turgan sohibjamol Tinatin Nakashidzening yoniga keldi, bir tizzasida cho‘k tushib, uning ko‘ylagi barini o‘pdi va xijolatdan qizarib ketgan qizga kubokni tortiq etdi.
O‘sha damlar Tinatin Nakashidze o‘n beshga ham to‘lmagandi hali, Manavela Sintsadze esa endigina o‘n to‘qqizni qoralagan bo‘lib, dilovarlikda unga kimsa bas kelolmasdi.
Bir hafta o‘tgach Manavela Sintsadze Nakashidzening qizi Tinatindan maktub oldi.
«Abad oying bo‘lgum, quyosh, sen-la ichgayman qasam
Taslim bo‘lmam, gar ortimdan uchta quyosh kelsa ham,
Qoya uzra ko‘z tashlagum, zulmat haddan oshgandan,
Qanotli bir tilak ayt, yor, najot endi samodan!»
Boshida maktub Manavela Sintsadzeni gangitib qo‘ydi. So‘ng shodligidan esi og‘ib, hovuchlab tuproq oshadi va – nima bo‘lsa bo‘lar! – o‘tirib, javob xatini yozdi.
«Jondan aziz maktubingga ko‘zlarimni qadadim,
Va dedimki: “Quyosh sendan kecholgaymi, qamarim?
Xudo shohid, ranjitmasman, sen – kecham, sen – saharim,»
Hayotmanmi, jon berdimmi, yo tushmi bu, bilmagum.”
O‘n to‘rtinchi oktyabrga o‘tar kechasi, to‘lin oy tikkaga kelgan mahal Nakashidzening qizi Tinatin Chormix qishlog‘iga eltuvchi yo‘lning muyulishiga, ulkan eman daraxti yoniga keldi. Kuch bilan emas, o‘z ixtiyori bilan, sevgisini deb keldi. Oyog‘i yalang, bitta ko‘ylakda edi qiz.
Manavela Sintsadze quvonchini dast ko‘tarib yerdan uzdi, chakmoniga o‘radi va egarlanmagan otining oldiga o‘tqazdiyu qamchi bosdi.
Uch aka-uka Shalikashvililar izidan quvishdi.
Manavela ularga o‘q uzdi.
Shalikashvililar o‘qidan yaralangan oti yiqildi. Manavela to o‘rnidan turgunicha o‘rab olishdi uni.
Og‘a-ini Shalikashvililar Manavela Sintsadzeni qalin o‘rmon ichkarisiga olib kirib, eman og‘ochiga bog‘ladilar.
– Qani, Manavela Sintsadze, kelinimga maktub yozgan qo‘llaringni ko‘rsat-chi! – dedi ularning to‘ng‘ichi, Fridon Shalikashvili.
Orqasiga chandib bog‘langan qo‘llari uvishib, shishib ketgan, Manavela ularni sezmasdi hatto.
Shunda Fridon Shalikashvili daraxt ortiga o‘tib, sovuqqonlik bilan Manavela Sintsadzening avval o‘ng qo‘li boshmaldog‘ini, so‘ng ko‘rsatkich barmoqni va nihoyat, o‘rta barmog‘ini kesib tashladi. Qon sharillab otildi. Manavela og‘riq o‘rniga yengil tortganini his qildi, uning ko‘ksidan shodon hayqiriq otilib chiqdi.
– Ana qahramonu mana qahramon! – zaharxanda qildi Fridon Shalikashvili.
– Nakashidzelar uyi ostonasini hatlab o‘tmoqchi bo‘lgan oyoqlaringni ko‘rsat-chi! – dedi o‘rtancha Shalikashvili, Mamia, qilichini yalang‘ochlab.
Manavelaning ko‘zi oldi xiralashdi.
– Meni mayib qilma, knyaz, – do‘rildoq ovozi tit¬radi uning.
– Baxmaroda ot gijinglatib oliftalik qilgan chog‘laringda mayib bo‘lsang soz bo‘lmasmidi? – achchiq kuldi Mamia Shalikashvili va Manavela Sintsadzening o‘ng boldiriga qilich soldi. Manavela qilich suyakni qirqqanini sezdi va hushidan ketdi.
– O‘ziga keldimi? – so‘radi bu gal kenja Shalikashvili, Katsia, Manavela ko‘zini ochganini ko‘rib. – Qani, qaylig‘im Tinatinga olaytirgan ko‘zlaringni ko‘rsat-chi menga…
Manavelaning tepa sochi tikka bo‘ldi, tili kalimaga kelmay qoldi.
Katsia Manavela picha o‘zini o‘nglab olishini kutdi.
– Nima qilyapsizlar, vahshiylar! Isoni ham bunchalik azoblashmagan, gunohim nima axir…
– Ko‘zlaringni ko‘rsat, Manavela, ko‘zlaringni!
– Niyatingdan qayt, Katsia, yorug‘ olamni ko‘rishdan mahrum etma meni! – Manavela yig‘lamoqchi emasdi, biroq ko‘z yoshlari o‘z-o‘zidan quyildi.
Ish juda puxta bajarildi: Katsia Shalikashvili o‘tkir qilichini Manavelaning qovog‘iga olib bordi va suqdi… Chalajon gavdani Chormix qishlog‘i odamlari ertasiga o‘rmondan topishdi.
Yarim yil to‘shakka mixlanib yotdi Manavela Sintsadze. Olti oy davomida na bir so‘z dedi, na oh-voh qildi. Olti oydan so‘ng qo‘shnilar torko‘chada abgoru oqsoq Manavela Sintsadzeni ko‘rdilar. O‘shandan beri uni “O‘lmas Manavela” deb atashadi. Bu uning laqabi bo‘lib qolgan.
Oradan bir yil o‘tgach, Ayiq darasining narigi yog‘idagi qishloqda yashovchi Levarsiy Tavberidze daradan Fridon Shalikashvilining jasadini topdi. Uning ochiq ko‘zlari hayrat va dahshatdan qotib qolgandi.
Fridonning badanida na bir o‘q izi bor edi, na tig‘ izi va na o‘zga jarohat. U qo‘rquvdan yuragi yorilib o‘lgandi.
– Tun yarimdan og‘ganda Ayiq darasidan allaqanday o‘kirik eshitiluvdi, ayiq bo‘lsa kerak deb o‘ylovdim… – derdi Levarsiy Tavberidze.
Yana bir yil o‘tdi, va Lashis-geleda Mamia Shalikashvilini topishdi. Qilichda bir zarb bilan yelkasidan kindigigacha chopilgandi uning. Shak-shubha qolmadi: O‘lmas Manavela Shalikashvililarning qonini ichmoqda edi.
O‘lmas Manavela o‘rmonga yashirindi.
Og‘alarining kushandasidan intiqom olish qasdida yurgan Katsia Shalikashvilining o‘ligiga qorovullar Sataplia tog‘ida duch kelishdi. Piltamiltiqdan merganona uzilgan o‘q miyasining qatig‘ini chiqazib yuborgandi. U orqa-oldi bir xil jin Manavela bobomning ko‘zini o‘yib olgan joyda – jo‘ka daraxti tagida yotgan ekan.
1918 yilning bahorida Manavela o‘rmondan chiqdi.
– Inqilob hammaning hamma aybini kechirgan, bobongni boshqalardan kam joyi bormi? – deydi mening jincham, qiqir-qiqir kulib.
– Tinatin, qimirla, bizga yana bir ko‘za “Izabella” keltir, tomoqlarimiz qurib qolmasin, – kampirini chaqiradi bobom. Tinatin buvim tag‘in bir ko‘za vino keltiradi va choliga erkalagansimon jilmayib, uning yoniga o‘tiradi.
Bobom jinlar haqidagi cho‘pchaklarini davom ettiradi biroq u mening o‘z jajji jincham borligidan bexabar. Ana, u oyoqchalarini osiltirgan ko‘yi stakanim qirrasida o‘tiribdi. Bobomning poyma-poy gaplari uning dimog‘ini chog‘ qilib yuboradi, u maza qilib kuladi va aslida qanday bo‘lganini so‘zlab beradi menga.
Tun yarimlashar mahalda jincham ko‘zachaga tushib oladi, va biz – jinlar, haqiqatu rivoyatlar, bobom va buvim – hammamiz chirsillab turgan kamin atrofida uyquga ketamiz.
Izohlar:
1. “Xasanbeguru” va “Krimanchuli” – gruzin xalq qo‘shiqlari.
2. Guriya – Gruziyadagi viloyat.
3. Choxa – Kafkaz xalqlarida erkaklarning milliy kiyimi, lekin u har bir xalqda boshqa-boshqa nomlar bilan ataladi.
Manba: “Yoshlik” jurnali, 2014 yil, 4-son