Nodar Dumbadze. Qon & Kukaracha. Nodar Dumbadze qissasi asosida radiospektakl

19    Мазкур олди-берди можароси 1938 йил август кунларининг бирида қоқ пешин чоғи Хони қишлоғида, Нодар Ломжариянинг имеретиялик бувиси, аниқроғи — онасининг онаси муҳтарама Юлия Микеладзе ва боланинг гуриялик бобоси, аниқроғи — отасининг отаси муҳтарам Кишварди Ломжария ўртасида бўлиб ўтди.

НОДАР ДУМБАДЗЕ
ҚОН
0012

nodar-dumbadze.jpgНодар Владимирович Думбадзе (1928.14.7 — Тбилиси — 1984.5.3) — атоқли грузин ёзувчиси. Илк ҳикоялар тўплами — «Қишлоқ болалари» (1958). Дастлабки йирик асарлари — «Мен, бувим, Илико ва Илларион» (1960) қиссаси ва «Қуёшни кўряпман» (1962) романида 2-жаҳон уруши йилларидаги грузин қишлоқларининг оғир ҳаёти акс этган. «Қуёш кечаси» (1967), «Оқ байроқлар» (1972) романларида замонавий муҳим ижтимоий- ахлоқий масалалар кўтарилган. «Абадият қонуни» (1978)да инсоннинг жамиятдаги ўрни, яшашнинг маъноси мавжуд ҳаётий лавҳалар, шахслар орқали акс эттирилган. Нодар Думбадзе асарлари чуқур лиризм б-н суғорилган, уларда драматизм юмор б-н уйғунлашиб кетган. Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган («Қуёшни кўряпман», 1969; «Қўрқманг онагинам», 1982; «Абадият қонуни», 1983 ва б.). «Абадият қонуни» асари асосида ўзбек тилида телеспектакль яратилган (1985). Бир неча ҳикоялари таниқли таржимон Низом Комил томонидан моҳирона ўзбекчалаштирилган.

0012

013Қўлидаги новдага балиқларни тизиб олган тақирбош болакай арғувон дарахти тагида бошини қуйи эгганича балчиққа беланган оёқларига ғамгин тикилиб ўйларди: «Бу чол менинг отамга шунақаям ўхшайдики!.. Оппоқ сочлари… Қоп-қора қошлар… Энли бурун… Чиройли кўзлар… Овози ҳам майин ва ёқимли экан. Агар кўзимни юмсам, уни отам деб ўйлашим мумкин».

Болакай шу заҳоти кўзларини юмиб олди.

— Сизни шунинг учун чорладим-да, муҳтарам Кишварди!.. Ортиқ тоқатим қолмади! Сира эплаёлмаяпман бу шумтакани!.. Ҳамма болалар ҳам бола — қўлларидан китоб тушмайди, бу бўлса туну кун балиқ тутиш билан овора! Келганига уч кун бўлмай нима қилди денг? Қудуғимизга каттакон тарвузни ташлаб юборса бўладими! Тарвуз ёрилиб, мана бир ҳафтадан бери икки хонадон сув ўрнига компот ичамиз!..

— Роса худо урибди-ку! Ҳов бола, шу гаплар тўғрими? Майли, энди, ташвиш чекаверманг, Юлия хоним. Уни Гурияга олиб борган заҳотим нақ оёғидан чинорга осиб қўяй, ана ўшанда типирчилашини кўрамиз!
— Уни қаеридан осиш кераклигини билмадим-у, очиғини айтганда, онаси бечора тағин ҳам бахтли экан, унинг бу кўргиликларини кўрмай кетди. Дарвоқе, отаси шўрлик ҳам шу азоблардан қутилди.

— Шундай деб ўйлайсизми? Уни эпга келтириш қийиндир-ов?
— Билмадим, ҳеч нарсани билмайман. Ўзингиз ўйлаб кўринг: яқинда мен уни тегирмонга жўнатдим. Бир пуд сара жўхори олиб кетган зумраша бор-йўғи беш қадоқ ун кўтариб келса-я! Қолганини Валико Кухалашвилининг саёқларига ташлаб келибди. «Улар кўпчилик, очин- тўқин яшайди», эмиш! Бу нимаси, а?!
— Роса худо урибди-ку! Ҳов бола, шу тўғрими?

— Буям ҳолва! Ўтган куни Кукури Угулава деган ялангоёқ ўртоғи иккаласи, буни қаранг-а, ўзининг география ўқитувчиси Датико Цвераванинг боғидан шафтоли ўғирлаб тамакига алмаштиришибди! Бу қанақаси?!
— Вой ярамас-ей, ҳов бола! Шу тўғрими?

— Э, намунча бир гапни такрорлайсиз — «тўғрими?» «тўғрими?» Нима, сизнингча, мен ёлғон гапиряпманми?
— Йўғ-э, муҳтарама Юлия! Уни наҳотки қайтариб бўлмаса, наҳотки бутунлай сондан чиқди экан, деб айтаяпман буни.

— Нега энди. Уни қутқариш мумкин, албатта. Лекин менинг кучим етмайди-да. Бунинг учун бақувват эркак қўли керак. Устига-устак менда бунақалардан яна иккитаси бор — ўзимнинг Коламдан туғилган болалар. Яйловдан келсин, ўзингиз кўрасиз: улар бундан ҳам баттар.

— Хў-ў-ш-ш… Сизга нима десамикин, муҳтарама Юлия… Ота-онаси тирик пайтларида-ку, мени боланинг яқинигаям йўлатмасди. Энди нима қилсам экан-а?.. Унинг кўнглини қандай овлашниям билмайман. Мен унга бегоналашиб қолганман, тушуняпсизми? Бегона!
— Ундай деманг, муҳтарам Кишварди! Нима бўлганда ҳам у ўғил бола. Сизлар тез тил топишиб кетасизлар. Устига-устак, у авлодингиз давомчиси…

— Тўғри-ку, ўқишга кўнгли қалай, муҳтарама Юлия?
— Ҳим-м… Ўз ўқитувчисининг шафтолисини ўғирласа… Қандайдир бир «Декамерон» деган китоб учун ўз бувисининг кумуш қошиқларини олиб сотса… Ўзингиз айтинг, муҳтарам Кишварди, шунақа бола дарс ҳақида бош қотирармиди?!

— Ҳов бола, шу тўғрими? Масала ҳал! Уни Гурияга олиб бораману оёғидан чинорга осаман-қўяман!
— Ана унга бир қаранг, биз ўлиб-тириляпмиз-ку, бу кишининг парвойи фалак. Бир туки қимир этмайди-я…

Бола эса арғувон дарахти тагида кўзларини юмганча хаёл сурарди:
«Юлия бувим бечора обдан чарчабди. Илгарилари овози нақадар ёқимли эди, энди бўлса одамни нақ чақиб олай деяпти. Балки, менга шундай туюлаётгандир. Анови одам чиндан ҳам буваммикин-а? Шунчалик осойишта ва ёқимли гапирар эканки!.. Ҳа, бувим чарчаганга ўхшайди. Ишқилиб, манави чолга қўшиб жўнатиб юбормаса гўргайди. Бундан кейин сираям уни хафа қилмасдим! Жўнатмаса, жўнатиб юбормаса майлийди…»

— Етим-ку, муҳтарама Юлия, ғазабдан ташқари унга меҳр ҳам керак, ахир!
— Етим кўнглини етим билади! Меҳр нималигини биладими у? Меҳр эмиш…

— Ҳов бола, шу тўғрими? Уни Гурияга олиб бораману оёғидан чинорга осиб қўяман! Қачон олиб кетай, муҳтарама Юлия?
— Менга деса, ҳозирнинг ўзидаёқ! У йўлга шай бўлиб турибди.

— Қандай қилиб ахир? Болакайнинг уст-боши юпун-ку…
— Ўтган йили уни Авчалдан мен ҳам шу аҳволда олиб келганман, муҳтарам Кишварди. Ёки заржиякли иштон-кўйлак тиктириб беришим керакми?

— Бечора болагинам!
— Йўл олдидан овқатланиб олсангиз бўларди, муҳтарам Кишварди.
— Э, йўқ, ташвишланманг муҳтарама Юлия, Самтредиада тамадди қилиб оламиз. У ердан уйимизгача бир қадам йўл.
— Ихтиёрингиз… Эсон-омон етиб олинг. Авлиё Георгий сизни ўз паноҳида асрасин!..

— Омон бўлинг, муҳтарама Юлия!..
— Мана буларни олиб кетинг, муҳтарам Кишварди!
— Нима бу?
— Унинг турли ҳужжатлари-да… Сентябрда мактабга юборишингизга тўғри келади. Ўшанда асқотади. Тўртинчи синфга кўчган. Тўғри, справкада бир чатоқ жойи бор: Ломжария Нодари ўрнига Ломжария Надири* деб ёзилган… Лекин, менимча, унчалик хато эмас, унинг ўзи асли шунақароқ шекилли.

— Ҳов бола, шу тўғрими? Нима ҳам дердим, уни Гурияга олиб бораману оёғидан чинорга осиб қўяман.
— Хоҳлаган жойингизга осинг, фақат энди уни бу ерда кўрмасам бас.
— Оёғидан, оёғидан осаман!
— Омад ёр бўлсин.
— Агар у ҳам ёрдам бермаса, бошқача йўл билан шундай таъзирини бераманки, ҳатто тошлар ҳам йиғлайди.
— Хўп бўлмаса, кўришгунча муҳтарам Кишварди.
— Яхши қолинг, муҳтарама Юлия!

Мазкур олди-берди можароси 1938 йил август кунларининг бирида қоқ пешин чоғи Хони қишлоғида, Нодар Ломжариянинг имеретиялик бувиси, аниқроғи — онасининг онаси муҳтарама Юлия Микеладзе ва боланинг гуриялик бобоси, аниқроғи — отасининг отаси муҳтарам Кишварди Ломжария ўртасида бўлиб ўтди.

Орадан бир соатча ўтиб, болакай — 1928 йилнинг 14 июлида Тбилиси шаҳрида хизматчи оиласида туғилган Нодар Ломжария бувасининг ортидан бўйнига арқон солинган бузоқдек бошини эгиб, қизиган тупроқ йўлдан юриб борар эди…

Хонидан Кулешигача бобо билан набира тўрт ғилдиракли енгил аравада, Кулешидан Самтредиагача катта аравада боришди. Бу ердан бирон нарса тамадди қилмай, чой фабрикасининг Чохатаурига кетаётган оғир юк машинасига ўтиришди. Сўнг Интабуети қишлоғига йўл олишди.

Бобо олдинда, набира унинг ортида борар эдилар. Кексалик қийнаб қўйган бобо оғир нафас олар, инқилларди. Қаршидан келаётган йўловчига кўзи тушса, у жим эгилиб таъзим қилган кўйи саломлашар, сўнг бир оз жим туриб, яна инқиллаганча йўлга тушарди. Гоҳо болага унсиз кўз ташлаб қўярди. Қари от ортда қолаётган тойчоғи — супрақоқдисига шундай қарайди.

Бола эса ўй ўйлаб борарди:
«Мана, олдимда кекса, касалманд, инқиллаб-синқиллаган, бошида ранги униқиб кетган шляпали чол боряпти… У мени дарахтга оёғимдан осиб қўймоқчи… Чол менинг бобом… Отамнинг отаси… Бобо! Унинг кетидан эргашишга мени нима мажбур қиляпти? Нима учун худди қулдек итоат билан шу чанг йўлдан судралиб кетяпман: икки қадам четга чиқсам бас, тўрт томоним қибла, кетавераман!.. Лекин ундай қилолмайман! Қила олмайман! Мени қандайдир бир куч мажбур қилиб олиб кетяпти, чолнинг кетидан борасан-вассалом, деяпти! Бу қандай куч ўзи? Нима учун мен — чарчаб ҳолдан тойган, оч, иссиқ ва ташналикдан беҳол бўлган бола шартта ортимга қайтиб кета олмаяпман? Нега? Бу қандай куч ўзи?»

— Нималарни ўйлаяпсан, болагинам? — бирдан ўгирилди чол.
— Ҳеч нимани, — ўйлаб ўтирмай жавоб берди шошиб қолган бола. У ҳамма нарсани кутса-да, бундай савол тушиши хаёлига келмаган эди.
Чол йўл четига чиқиб ўтирди. Оҳ-уҳ қилиб нафасини ростлаб, болага қаради-да, бармоқларини букиб санай бошлади: «28, 29, 30, 31… 38».

— Сен болам 28-йилда туғилгансан, ҳозир 38-йил, демак 11 га кетяпсан. Катта йигит бўлиб қолибсан. Ҳеч нарса ҳақида ўйламасликка қандай ҳаққинг бор, а? Ёки бобонгдан яширяпсанми?
— Йўқ, бобо, ҳеч нарсани ўйлаганим йўқ! — алдади бола.
— Лекин, энди ўйлашга ўрганадиган пайтинг келди, аллақачон келган.

Мўйсафид яна «оҳ-уҳ»лаб ўрнидан турди-да, йўлида давом этди. Болакай, гўё арқонланган бузоқдек итоат билан унга эргашди…

* * *

Офтобда қорайган, сочлари пахмоқ бола энди чинор тагида белкуракка таяниб, лой бўлиб кетган ялангоёқларига ғамгин қараб турар ва ўйларди: «Бир йилда у шунчалар қариб, бучайиб қолибди. Юзи тўла ажин… Овози қандайдир бўғиқ… Лекин, барибир, у менинг онамга — ёш, чиройли, ёқимтой, қуралайкўз, меҳрибон онамга ўхшайди. Сочлари ҳам, юриши ҳам ўхшайди. Агар кўзимни юмиб турсам уни ўз онам деб ўйлашим мумкин.»

Лекин бола кўзларини юммади, қўрқди.

— Тинчимни йўқотдим, муҳтарам Кишварди! Онасининг арвоҳи мени тушимда ҳам, ўнгимда ҳам қўймаяпти… Ўз виждоним ҳам қийнаяпти мени… Уни олиб кетганингиздан бери, кўкрагимдан юрагим суғурилиб кетгандек, қаддимни кўтаролмаяпман… Болани менга қайтариб беринг, муҳтарам Кишварди.

— Шунақа денг, уни сизникидан олиб кетаётганимда бола эди. Энди катта йигит бўлиб қолди, мен қаршилик қилмайман.
— У мендан хафа бўлган. Яраштириш фақат сизнинг қўлингиздан келади, муҳтарам Кишварди. Сиз доно одамсиз.

— Ахир сизда бунақадан яна иккитаси бор-ку, муҳтарама Юлия. Менга жуда бўлмаса биттасини қолдиринг!
— Гап сонда эканми! Иккитами, ўнтами, юзтами — ҳаммаси бир. Ҳамма набира ҳам буви учун баб-баравар, муҳтарам Кишварди.

— Шундайликка шундайку-я, лекин мен нима қилай? Мендан кейин Ломжария авлодини давом эттирадиган шу бола-ку!
— Мен фамилиясини ўзгартирмайман. Хоҳласангиз, анови икковиниям фамилиянгизга ўтказдириб бераман, бир тилагим — болани менга беринг.

— Демак, болани мендан тортиб олгани келибсиз-да, муҳтарама Юлия?
— Мени нариги дунёга армон билан жўнатманг! Ахир у дунёда онасининг кўзига қандай қарайман?!
— Эй, муҳтарама Юлия, у дунёга ким олдинроқ бориши маълум эмас-ку. Агар сиздан олдин мен кетсам, унинг отаси билан онасининг юзига қандоқ қарайман?!

— Сиз юратуринг, муҳтарам Кишварди.
— Бу бола — менинг далам, узумзорим, тегирмоним, қабрим, қабр тошим ҳам. Йўқ, ўлдирсангиз ҳам уни бермайман!
— Ундай бўлса, мен худди шу ерда ўзимни ўзим ўлдираман! Нақ кўз олдингизда…

— Худо хайрингизни берсин, муҳтарама Юлия, нималар деяпсиз?.. Бувинг билан кетасанми, болагинам?
— У айтармиди? Сиздан уялади-ку!
— Шундайми, болам?
— Унга она меҳри керак, муҳтарам Кишварди! Ювиб-тараш, чўмилтириш… Ахир сиз она ўрнини боса олмайсиз-ку!

— Энди бундай деб ҳам бўлмайди. Шу маҳалгача ёмон қарамадим. Ҳар ҳолда сиздан ёрдам сўраганим йўқ…
— Тўғри, тўғри, муҳтарам Кишварди, лекин барибир… Ётишдан олдин боланинг оёғини ювиш, мактабидан хабар олиб туриш керак. Бу эркак кишининг иши эмас!
— У бизнинг мактабдан хафа эмас. Сизнинг мактабингизда уни ҳайвон дейишди, ёдингизда бўлса. Сиз ҳам… У эса бинойидек одам. Ўқитувчисининг шафтолисини ҳам ўғирлагани йўқ.

— Нега ўшанда тилим танглайимда қотмади-я!..
— Лекин у энди мўмин-қобил бўлиб қолган-у, шафтоли ўғирламайди десангиз янглишасиз.
— Нима қилсаям майли.
— Унни бошқаларга инъом этмайди, деб ким кафолат бера олади?

— Инъом этса этар. Топганим шуники. Истаса — ёқиб юборсин, сира қаршилигим йўқ.
— Чекадиган қилиқ ҳам чиқарди…
— Шу тўғрими, болам?
— Сиз мендан сўранг, чўнтагимни қоқиштириб оляпти…

— Чекса чекар, ўзингиз айтдингиз-ку, эркак киши деб!
— Яна бир ой сабр қилинг. Қурт тутганимга мукофот чиқади, бошдан-оёқ кийинтираман, шу ҳолда чувринди бўлиб кетмайди-ку.

— Фақат жавоб берсангиз бўлди, уни кийинтириш — менинг ишим. Ўз кўйлагимдан бўлса ҳам кийим-бош тикиб бераман.
— Лекин унга жудаям ярашиб тушса керак-да!
— Сизга ҳазил бўлса, менинг эса юрагим лахта қон…

— Айтдим-ку, муҳтарама Юлия, у катта йигит, бу масалани ўзи ҳал қилсин.
— Унга сиз диндор учун хочдек бир гапсиз. Ҳар бир сўзингиз гўё яратганнинг ҳукмидек. Айта қолинг, муҳтарам Кишварди!

— Худодан қўрқсангиз-чи, муҳтарама Юлия! Ким ўз жону жаҳонини уйимдан кет, дейди.
— Нима, мен бегонаманми унга? Менинг жону жаҳоним эмасми? Бор-йўғи бир йиллик умрим қолди. Ўтиниб сўрайман сиздан, ажалимдан беш кун бурун ўлдирманг, шу болани бечора кампирга совға қила қолинг.

— Муҳтарама Юлия!
— Истасангиз қаршингизда тиз чўкаман, мана, тиз чўкаман!
— Э, қўйсангиз-чи? Ўрнингиздан туринг, тавба! Майли, сиз истаганча бўлақолсин.

— Э, яратган эгам, шу болага бахт ва шодлик ато қил!
— Энди менга бу дунёда ортиқ қувонч йўқ! Бувинг билан борақол, болагинам…

Бундай айтишув юқорида тасвирланган воқеалардан нақ бир йил кейин, яна боланинг гуриялик бобоси ва имеретиялик бувиси ўртасида бўлиб ўтди. Лекин энди бу олди-берди можароси эмас, қайнаб турган икки қоннинг тортишуви, талпинаётган икки юракнинг фарёди эди. Меҳр-эҳтиросларнинг бунчалик тортишувидан болада юрак уриши кучайди, томоғига шўр бир нарса тиқилди, муздек тер, қаттиқ иситма, титроқ ва кўкрагида оғриқ пайдо бўлди. Нотаниш зўр бир куч уни гоҳ бувисига тортар, гоҳ қаттиқ зарб билан бувасига итқитар эди. Бола гўё баданига бир неча марта қизиган темир санчилгандек аччиқ оғриқ ҳис этди. Чол билан кампир ўртасида бу ғалати, аламли айтишув давом этар экан, боладан англаб бўлмас бир қўрқув, таҳлика ва ниманидир кутиш туйғуси аримасди.

Бувиси ўрнидан турди, боланинг ёнига келди, уни қучоқлади.

— Сен менинг севинчимсан, кўзимнинг нури, юр, мен билан. Менга икки кун бўлсаям умр ҳадя эт!

Бувиси йиғлар, боланинг бошига қайноқ томчилар томарди. Йиғлаб бўлиб, у болани аста бағрига олди. Лекин бола қимир этмай темир таёқдек, ерга чуқур илдиз отган дарахтдек тураверди.

— У билан борақол, болам! Бувинг бечора билан борақол… У сенга тўйиб олсин, кейин менга қайтариб беради. Унгача сени мен соғиниб қоламан. Сен нима деб ўйловдинг? Набира бўлиш осон иш эмас. Қийин, жуда қийин. Айниқса, мен ва сенинг бувингга ўхшаш, шарти кетиб парти қолган чол-кампирларнинг набираси бўлиш осонмас… Борақол, жон болам… Болтанг, омочинг, белкурагинг, саватинг, сигир билан бузоғинг, эчки билан чўчқанг ҳеч қаёққа кетмайди, улар сени кутиб туришади.

Бобо яна давом этди:
— Мана, папканг, китобларинг, грузин тили, тарих… Яна ниманг бор эди? Ҳаммаси шу шекилли. Шиминг, кўйлагинг, шиппагингни кийиб олгансан. Қишлоққа етгунингча оёқяланг кетавер. Бўлмаса шиппагинг дош беролмайди. Ана бўлди… Қани бор!

Кишварди Ломжария ҳозир набираси сеҳр оғушида эканини, икки қоннинг тортиш кучи уни зўр бериб икки томонга тортаётганини тушунди. Унинг қай бири ғолиб чиқар экан? Қайси қон енгади? Бу курашнинг ниҳоясини кутиш мумкин эмас.

Шунда Кишварди Ломжария кампирдан олдин гап бошлади:
— Хўш, нимани кутиб турибсан? Сен билан пачакилашиб чарчадим.

Бола чўчиб бобосига қаради.
— Бор, қайтишни хаёлингга ҳам келтирма! Тушундингми?

Бир пайтнинг ўзида боланинг юрагида бобосига нисбатан аччиқ алам, бувисига нисбатан илиқ меҳр уйғонди. Оқиб чиққан кўзёшидан нигоҳлари хиралашди. Боши ўз-ўзидан кўксига эгилиб тушди. Сўнг у бир оғиз ҳам сўз қотмай, арқонланган бузоқдек, Чохатаурининг чанг йўлларида ўзининг қари, букчайган, бошдан-оёқ қора кийинган бувисига эргашиб кета бошлади.

Кишварди Ломжария камин олдида ўтирар ва мис қозондаги сув қайнашини кутарди. Кишварди Ломжария оловга тикилар ва ўйлар эди. Ўйлар ва, шу билан бир пайтда, ўзининг эзгин хаёлларидан қочишга уринар эди. Аммо одам боласи ўзидан ўзи қаёққа ҳам қочиб қутуларди. «Болани юбормаслигим керак эди. Лекин кампирнинг нолаларига чидай олмадим-да. Энди ўзим унинг аҳволига тушиб ўтирибман. Янаги ҳафта бораман-да, болани қайтиб беришни илтимос қиламан. Бермаса тортиб оламан. «Ўз қонимни, ўз жонимни мендан тортиб олишга нима ҳаққинг бор, ахир сен худо эмассан-ку», дейман. Лекин у ҳам менга худди шундай жавоб қилиши мумкин-да. Ахир мен ҳам бор-йўғи бир бандаман. Бола менга қандай бўлса, унга ҳам шундай-да. Шундай экан-да, одамзод нақадар ожиз! Кейинги ҳафта бораман-да, кампирнинг оёғига йиқиламан. Йўқ, бир ҳафта чидай олмайман, индингаёқ бораман… Йўқ, эртага! Эрта саҳарлаб, тонг отиши билан йўлга чиқаман. Тезроқ тонг отақолсайди…»

Кишварди Ломжария камин олдида, мис қозондаги сув қайнашини пойлаб ўтириб шуларни ўйлар экан, бирдан эшик очилиб, остонада боши эгик, шиппакларини боғлаб елкасига ташлаб олган бола кўринди.
— Ўзинга шукр! — деб юборди бобо.
— Қайтиб келдим, — шивирлади набира.
— Қайтиб келишингни билардим, — деди бобо.

Кейин Кишварди Ломжария мис тоғорага мис қозондан иссиқ сув қуйиб, набирасининг толиққан оёқларини узоқ ювди. Унинг учун ёғоч каравотга ўрин солди-да, ўзи ташқарида, ҳужрада ётиш учун чиқиб кетди.
Ярим кечада мўйсафидни боланинг овози уйғотди:
— Бобо, иккимиз бирга ётсак бўлмайдими?
— Келақол, болагинам, — чол шундай деб девор томонга сурилди.
Бола бобосининг бағрига кирди.

«Бувам бечора обдан совқотибди-я», — ўйлади бола.
«Қандай қайноққина!» — ўйлади бобо.

Орадан бироз дақиқа ўтгач, бобо сўради:
— Менинг олдимга нега қайтиб келганингни биласанми?
— Йўқ!
— Ундай бўлса билиб қўй, сени қон суриб келди. Ана кўрдингми, қон — буюк куч, болагинам!
Бу тун улар ортиқ сўзлашмадилар. Ҳеч нарса ҳақида ўйламадилар.гаплашмадилар ҳам. Бобо ҳам, набира ҳам ширин туш оғушида уйқуга кетдилар.

Ш. Юсупова таржимаси

Nodar Dumbadze. Kukaracha. Sh. Yusupov o’zbekchalashtirgan. 1987 yilda O’zbekiston radiosida tayyorlangan radiopastonovka. Rejisyor: Gulchehra G’iyosova. Rollarni Toshkent teatrlari aktyorlari ijro etishgan.

NODAR DUMBADZE
QON
SH. Yusupova tarjimasi
001

x_d03ed517.jpgNodar Vladimirovich Dumbadze (1928.14.7 — Tbilisi — 1984.5.3) — atoqli gruzin yozuvchisi. Ilk hikoyalar to’plami — «Qishloq bolalari» (1958). Dastlabki yirik asarlari — «Men, buvim, Iliko va Illarion» (1960) qissasi va «Quyoshni ko’ryapman» (1962) romanida 2-jahon urushi yillaridagi gruzin qishloqlarining og’ir hayoti aks etgan. «Quyosh kechasi» (1967), «Oq bayroqlar» (1972) romanlarida zamonaviy muhim ijtimoiy- axloqiy masalalar ko’tarilgan. «Abadiyat qonuni» (1978)da insonning jamiyatdagi o’rni, yashashning ma’nosi mavjud hayotiy lavhalar, shaxslar orqali aks ettirilgan. Nodar Dumbadze asarlari chuqur lirizm b-n sug’orilgan, ularda dramatizm yumor b-n uyg’unlashib ketgan. Asarlari o’zbek tiliga tarjima qilingan («Quyoshni ko’ryapman», 1969; «Qo’rqmang onaginam», 1982; «Abadiyat qonuni», 1983 va b.). «Abadiyat qonuni» asari asosida o’zbek tilida telespektakl` yaratilgan (1985). Bir necha hikoyalari taniqli tarjimon Nizom Komil tomonidan mohirona o’zbekchalashtirilgan.

0012

01-1538.jpgQo’lidagi novdaga baliqlarni tizib olgan taqirbosh bolakay arg’uvon daraxti tagida boshini quyi egganicha balchiqqa belangan oyoqlariga g’amgin tikilib o’ylardi: «Bu chol mening otamga shunaqayam o’xshaydiki!.. Oppoq sochlari… Qop-qora qoshlar… Enli burun… Chiroyli ko’zlar… Ovozi ham mayin va yoqimli ekan. Agar ko’zimni yumsam, uni otam deb o’ylashim mumkin».

Bolakay shu zahoti ko’zlarini yumib oldi.

— Sizni shuning uchun chorladim-da, muhtaram Kishvardi!.. Ortiq toqatim qolmadi! Sira eplayolmayapman bu shumtakani!.. Hamma bolalar ham bola — qo’llaridan kitob tushmaydi, bu bo’lsa tunu kun baliq tutish bilan ovora! Kelganiga uch kun bo’lmay nima qildi deng? Qudug’imizga kattakon tarvuzni tashlab yuborsa bo’ladimi! Tarvuz yorilib, mana bir haftadan beri ikki xonadon suv o’rniga kompot ichamiz!..

— Rosa xudo uribdi-ku! Hov bola, shu gaplar to’g’rimi? Mayli, endi, tashvish chekavermang, Yuliya xonim. Uni Guriyaga olib borgan zahotim naq oyog’idan chinorga osib qo’yay, ana o’shanda tipirchilashini ko’ramiz!
— Uni qaeridan osish kerakligini bilmadim-u, ochig’ini aytganda, onasi bechora tag’in ham baxtli ekan, uning bu ko’rgiliklarini ko’rmay ketdi. Darvoqe, otasi sho’rlik ham shu azoblardan qutildi.

— Shunday deb o’ylaysizmi? Uni epga keltirish qiyindir-ov?
— Bilmadim, hech narsani bilmayman. O’zingiz o’ylab ko’ring: yaqinda men uni tegirmonga jo’natdim. Bir pud sara jo’xori olib ketgan zumrasha bor-yo’g’i besh qadoq un ko’tarib kelsa-ya! Qolganini Valiko Kuxalashvilining sayoqlariga tashlab kelibdi. «Ular ko’pchilik, ochin- to’qin yashaydi», emish! Bu nimasi, a?!
— Rosa xudo uribdi-ku! Hov bola, shu to’g’rimi?

— Buyam holva! O’tgan kuni Kukuri Ugulava degan yalangoyoq o’rtog’i ikkalasi, buni qarang-a, o’zining geografiya o’qituvchisi Datiko Sveravaning bog’idan shaftoli o’g’irlab tamakiga almashtirishibdi! Bu qanaqasi?!
— Voy yaramas-yey, hov bola! Shu to’g’rimi?

— E, namuncha bir gapni takrorlaysiz — «to’g’rimi?» «to’g’rimi?» Nima, sizningcha, men yolg’on gapiryapmanmi?
— Yo’g’-e, muhtarama Yuliya! Uni nahotki qaytarib bo’lmasa, nahotki butunlay sondan chiqdi ekan, deb aytayapman buni.

— Nega endi. Uni qutqarish mumkin, albatta. Lekin mening kuchim yetmaydi-da. Buning uchun baquvvat erkak qo’li kerak. Ustiga-ustak menda bunaqalardan yana ikkitasi bor — o’zimning Kolamdan tug’ilgan bolalar. Yaylovdan kelsin, o’zingiz ko’rasiz: ular bundan ham battar.

— Xo’-o’-sh-sh… Sizga nima desamikin, muhtarama Yuliya… Ota-onasi tirik paytlarida-ku, meni bolaning yaqinigayam yo’latmasdi. Endi nima qilsam ekan-a?.. Uning ko’nglini qanday ovlashniyam bilmayman. Men unga begonalashib qolganman, tushunyapsizmi? Begona!
— Unday demang, muhtaram Kishvardi! Nima bo’lganda ham u o’g’il bola. Sizlar tez til topishib ketasizlar. Ustiga-ustak, u avlodingiz davomchisi…

— To’g’ri-ku, o’qishga ko’ngli qalay, muhtarama Yuliya?
— Him-m… O’z o’qituvchisining shaftolisini o’g’irlasa… Qandaydir bir «Dekameron» degan kitob uchun o’z buvisining kumush qoshiqlarini olib sotsa… O’zingiz ayting, muhtaram Kishvardi, shunaqa bola dars haqida bosh qotirarmidi?!

— Hov bola, shu to’g’rimi? Masala hal! Uni Guriyaga olib boramanu oyog’idan chinorga osaman-qo’yaman!
— Ana unga bir qarang, biz o’lib-tirilyapmiz-ku, bu kishining parvoyi falak. Bir tuki qimir etmaydi-ya…

Bola esa arg’uvon daraxti tagida ko’zlarini yumgancha xayol surardi:«Yuliya buvim bechora obdan charchabdi. Ilgarilari ovozi naqadar yoqimli edi, endi bo’lsa odamni naq chaqib olay deyapti. Balki, menga shunday tuyulayotgandir. Anovi odam chindan ham buvammikin-a? Shunchalik osoyishta va yoqimli gapirar ekanki!.. Ha, buvim charchaganga o’xshaydi. Ishqilib, manavi cholga qo’shib jo’natib yubormasa go’rgaydi. Bundan keyin sirayam uni xafa qilmasdim! Jo’natmasa, jo’natib yubormasa mayliydi…»

— Yetim-ku, muhtarama Yuliya, g’azabdan tashqari unga mehr ham kerak, axir!
— Yetim ko’nglini yetim biladi! Mehr nimaligini biladimi u? Mehr emish…

— Hov bola, shu to’g’rimi? Uni Guriyaga olib boramanu oyog’idan chinorga osib qo’yaman! Qachon olib ketay, muhtarama Yuliya?
— Menga desa, hozirning o’zidayoq! U yo’lga shay bo’lib turibdi.

— Qanday qilib axir? Bolakayning ust-boshi yupun-ku…
— O’tgan yili uni Avchaldan men ham shu ahvolda olib kelganman, muhtaram Kishvardi. Yoki zarjiyakli ishton-ko’ylak tiktirib berishim kerakmi?

— Bechora bolaginam!
— Yo’l oldidan ovqatlanib olsangiz bo’lardi, muhtaram Kishvardi.
— E, yo’q, tashvishlanmang muhtarama Yuliya, Samtrediada tamaddi qilib olamiz. U yerdan uyimizgacha bir qadam yo’l.
— Ixtiyoringiz… Eson-omon yetib oling. Avliyo Georgiy sizni o’z panohida asrasin!..

— Omon bo’ling, muhtarama Yuliya!..
— Mana bularni olib keting, muhtaram Kishvardi!
— Nima bu?
— Uning turli hujjatlari-da… Sentyabrda maktabga yuborishingizga to’g’ri keladi. O’shanda asqotadi. To’rtinchi sinfga ko’chgan. To’g’ri, spravkada bir chatoq joyi bor: Lomjariya Nodari o’rniga Lomjariya Nadiri* deb yozilgan… Lekin, menimcha, unchalik xato emas, uning o’zi asli shunaqaroq shekilli.

— Hov bola, shu to’g’rimi? Nima ham derdim, uni Guriyaga olib boramanu oyog’idan chinorga osib qo’yaman.
— Xohlagan joyingizga osing, faqat endi uni bu yerda ko’rmasam bas.
— Oyog’idan, oyog’idan osaman!
— Omad yor bo’lsin.
— Agar u ham yordam bermasa, boshqacha yo’l bilan shunday ta’zirini beramanki, hatto toshlar ham yig’laydi.
— Xo’p bo’lmasa, ko’rishguncha muhtaram Kishvardi.
— Yaxshi qoling, muhtarama Yuliya!

Mazkur oldi-berdi mojarosi 1938 yil avgust kunlarining birida qoq peshin chog’i Xoni qishlog’ida, Nodar Lomjariyaning imeretiyalik buvisi, aniqrog’i — onasining onasi muhtarama Yuliya Mikeladze va bolaning guriyalik bobosi, aniqrog’i — otasining otasi muhtaram Kishvardi Lomjariya o’rtasida bo’lib o’tdi.

Oradan bir soatcha o’tib, bolakay — 1928 yilning 14 iyulida Tbilisi shahrida xizmatchi oilasida tug’ilgan Nodar Lomjariya buvasining ortidan bo’yniga arqon solingan buzoqdek boshini egib, qizigan tuproq yo’ldan yurib borar edi…

Xonidan Kuleshigacha bobo bilan nabira to’rt g’ildirakli yengil aravada, Kuleshidan Samtrediagacha katta aravada borishdi. Bu yerdan biron narsa tamaddi qilmay, choy fabrikasining Choxatauriga ketayotgan og’ir yuk mashinasiga o’tirishdi. So’ng Intabueti qishlog’iga yo’l olishdi.

Bobo oldinda, nabira uning ortida borar edilar. Keksalik qiynab qo’ygan bobo og’ir nafas olar, inqillardi. Qarshidan kelayotgan yo’lovchiga ko’zi tushsa, u jim egilib ta’zim qilgan ko’yi salomlashar, so’ng bir oz jim turib, yana inqillagancha yo’lga tushardi. Goho bolaga unsiz ko’z tashlab qo’yardi. Qari ot ortda qolayotgan toychog’i — supraqoqdisiga shunday qaraydi.

Bola esa o’y o’ylab borardi:«Mana, oldimda keksa, kasalmand, inqillab-sinqillagan, boshida rangi uniqib ketgan shlyapali chol boryapti… U meni daraxtga oyog’imdan osib qo’ymoqchi… Chol mening bobom… Otamning otasi… Bobo! Uning ketidan ergashishga meni nima majbur qilyapti? Nima uchun xuddi quldek itoat bilan shu chang yo’ldan sudralib ketyapman: ikki qadam chetga chiqsam bas, to’rt tomonim qibla, ketaveraman!.. Lekin unday qilolmayman! Qila olmayman! Meni qandaydir bir kuch majbur qilib olib
ketyapti, cholning ketidan borasan-vassalom, deyapti! Bu qanday kuch o’zi? Nima uchun men — charchab holdan toygan, och, issiq va tashnalikdan behol bo’lgan bola shartta ortimga qaytib keta olmayapman? Nega? Bu qanday kuch o’zi?»

— Nimalarni o’ylayapsan, bolaginam? — birdan o’girildi chol.
— Hech nimani, — o’ylab o’tirmay javob berdi shoshib qolgan bola. U hamma narsani kutsa-da, bunday savol tushishi xayoliga kelmagan edi.Chol yo’l chetiga chiqib o’tirdi. Oh-uh qilib nafasini rostlab, bolaga qaradi-da, barmoqlarini bukib sanay boshladi: «28, 29, 30, 31… 38».

— Sen bolam 28-yilda tug’ilgansan, hozir 38-yil, demak 11 ga ketyapsan. Katta yigit bo’lib qolibsan. Hech narsa haqida o’ylamaslikka qanday haqqing bor, a? Yoki bobongdan yashiryapsanmi?
— Yo’q, bobo, hech narsani o’ylaganim yo’q! — aldadi bola.
— Lekin, endi o’ylashga o’rganadigan payting keldi, allaqachon kelgan.

Mo’ysafid yana «oh-uh»lab o’rnidan turdi-da, yo’lida davom etdi. Bolakay, go’yo arqonlangan buzoqdek itoat bilan unga ergashdi…

* * *

Oftobda qoraygan, sochlari paxmoq bola endi chinor tagida belkurakka tayanib, loy bo’lib ketgan yalangoyoqlariga g’amgin qarab turar va o’ylardi: «Bir yilda u shunchalar qarib, buchayib qolibdi. Yuzi to’la ajin… Ovozi qandaydir bo’g’iq… Lekin, baribir, u mening onamga — yosh, chiroyli, yoqimtoy, quralayko’z, mehribon onamga o’xshaydi. Sochlari ham, yurishi ham o’xshaydi. Agar ko’zimni yumib tursam uni o’z onam deb o’ylashim mumkin.»

Lekin bola ko’zlarini yummadi, qo’rqdi.

— Tinchimni yo’qotdim, muhtaram Kishvardi! Onasining arvohi meni tushimda ham, o’ngimda ham qo’ymayapti… O’z vijdonim ham qiynayapti meni… Uni olib
ketganingizdan beri, ko’kragimdan yuragim sug’urilib ketgandek, qaddimni ko’tarolmayapman… Bolani menga qaytarib bering, muhtaram Kishvardi.

— Shunaqa deng, uni siznikidan olib ketayotganimda bola edi. Endi katta yigit bo’lib qoldi, men qarshilik qilmayman.
— U mendan xafa bo’lgan. Yarashtirish faqat sizning qo’lingizdan keladi, muhtaram Kishvardi. Siz dono odamsiz.

— Axir sizda bunaqadan yana ikkitasi bor-ku, muhtarama Yuliya. Menga juda bo’lmasa bittasini qoldiring!
— Gap sonda ekanmi! Ikkitami, o’ntami, yuztami — hammasi bir. Hamma nabira ham buvi uchun bab-baravar, muhtaram Kishvardi.

— Shundaylikka shundayku-ya, lekin men nima qilay? Mendan keyin Lomjariya avlodini davom ettiradigan shu bola-ku!
— Men familiyasini o’zgartirmayman. Xohlasangiz, anovi ikkoviniyam familiyangizga o’tkazdirib beraman, bir tilagim — bolani menga bering.

— Demak, bolani mendan tortib olgani kelibsiz-da, muhtarama Yuliya?
— Meni narigi dunyoga armon bilan jo’natmang! Axir u dunyoda onasining ko’ziga qanday qarayman?!
— Ey, muhtarama Yuliya, u dunyoga kim oldinroq borishi ma’lum emas-ku. Agar sizdan oldin men ketsam, uning otasi bilan onasining yuziga qandoq qarayman?!

— Siz yuraturing, muhtaram Kishvardi.
— Bu bola — mening dalam, uzumzorim, tegirmonim, qabrim, qabr toshim ham. Yo’q, o’ldirsangiz ham uni bermayman!
— Unday bo’lsa, men xuddi shu yerda o’zimni o’zim o’ldiraman! Naq ko’z oldingizda…

— Xudo xayringizni bersin, muhtarama Yuliya, nimalar deyapsiz?.. Buving bilan ketasanmi, bolaginam?
— U aytarmidi? Sizdan uyaladi-ku!
— Shundaymi, bolam?
— Unga ona mehri kerak, muhtaram Kishvardi! Yuvib-tarash, cho’miltirish… Axir siz ona o’rnini bosa olmaysiz-ku!

— Endi bunday deb ham bo’lmaydi. Shu mahalgacha yomon qaramadim. Har holda sizdan yordam so’raganim yo’q…
— To’g’ri, to’g’ri, muhtaram Kishvardi, lekin baribir… Yotishdan oldin bolaning oyog’ini yuvish, maktabidan xabar olib turish kerak. Bu erkak kishining ishi emas!
— U bizning maktabdan xafa emas. Sizning maktabingizda uni hayvon deyishdi, yodingizda bo’lsa. Siz ham… U esa binoyidek odam. O’qituvchisining shaftolisini ham o’g’irlagani yo’q.

— Nega o’shanda tilim tanglayimda qotmadi-ya!..
— Lekin u endi mo’min-qobil bo’lib qolgan-u, shaftoli o’g’irlamaydi desangiz yanglishasiz.
— Nima qilsayam mayli.
— Unni boshqalarga in’om etmaydi, deb kim kafolat bera oladi?

— In’om etsa etar. Topganim shuniki. Istasa — yoqib yuborsin, sira qarshiligim yo’q.
— Chekadigan qiliq ham chiqardi…
— Shu to’g’rimi, bolam?
— Siz mendan so’rang, cho’ntagimni qoqishtirib olyapti…

— Cheksa chekar, o’zingiz aytdingiz-ku, erkak kishi deb!
— Yana bir oy sabr qiling. Qurt tutganimga mukofot chiqadi, boshdan-oyoq kiyintiraman, shu holda chuvrindi bo’lib ketmaydi-ku.

— Faqat javob bersangiz bo’ldi, uni kiyintirish — mening ishim. O’z ko’ylagimdan bo’lsa ham kiyim-bosh tikib beraman.
— Lekin unga judayam yarashib tushsa kerak-da!
— Sizga hazil bo’lsa, mening esa yuragim laxta qon…

— Aytdim-ku, muhtarama Yuliya, u katta yigit, bu masalani o’zi hal qilsin.
— Unga siz dindor uchun xochdek bir gapsiz. Har bir so’zingiz go’yo yaratganning hukmidek. Ayta qoling, muhtaram Kishvardi!

— Xudodan qo’rqsangiz-chi, muhtarama Yuliya! Kim o’z jonu jahonini uyimdan ket, deydi.
— Nima, men begonamanmi unga? Mening jonu jahonim emasmi? Bor-yo’g’i bir yillik umrim qoldi. O’tinib so’rayman sizdan, ajalimdan besh kun burun o’ldirmang, shu bolani bechora kampirga sovg’a qila qoling.

— Muhtarama Yuliya!
— Istasangiz qarshingizda tiz cho’kaman, mana, tiz cho’kaman!
— E, qo’ysangiz-chi? O’rningizdan turing, tavba! Mayli, siz istagancha bo’laqolsin.

— E, yaratgan egam, shu bolaga baxt va shodlik ato qil!
— Endi menga bu dunyoda ortiq quvonch yo’q! Buving bilan boraqol, bolaginam…

Bunday aytishuv yuqorida tasvirlangan voqealardan naq bir yil keyin, yana bolaning guriyalik bobosi va imeretiyalik buvisi o’rtasida bo’lib o’tdi. Lekin endi bu oldi-berdi mojarosi emas, qaynab turgan ikki qonning tortishuvi, talpinayotgan ikki yurakning faryodi edi. Mehr-ehtiroslarning bunchalik tortishuvidan bolada yurak urishi kuchaydi, tomog’iga sho’r bir narsa tiqildi, muzdek ter, qattiq isitma, titroq va ko’kragida og’riq paydo bo’ldi. Notanish zo’r bir kuch uni goh buvisiga tortar, goh qattiq zarb bilan buvasiga itqitar edi. Bola go’yo badaniga bir necha marta qizigan temir sanchilgandek achchiq og’riq his etdi. Chol bilan kampir o’rtasida bu g’alati, alamli aytishuv davom etar ekan, boladan anglab bo’lmas bir qo’rquv, tahlika va nimanidir kutish tuyg’usi arimasdi.

Buvisi o’rnidan turdi, bolaning yoniga keldi, uni quchoqladi.

— Sen mening sevinchimsan, ko’zimning nuri, yur, men bilan. Menga ikki kun bo’lsayam umr hadya et!

Buvisi yig’lar, bolaning boshiga qaynoq tomchilar tomardi. Yig’lab bo’lib, u bolani asta bag’riga oldi. Lekin bola qimir etmay temir tayoqdek, yerga chuqur ildiz otgan daraxtdek turaverdi.

— U bilan boraqol, bolam! Buving bechora bilan boraqol… U senga to’yib olsin, keyin menga qaytarib beradi. Ungacha seni men sog’inib qolaman. Sen nima deb o’ylovding? Nabira bo’lish oson ish emas. Qiyin, juda qiyin. Ayniqsa, men va sening buvingga o’xshash, sharti ketib parti qolgan chol-kampirlarning nabirasi bo’lish osonmas… Boraqol, jon bolam… Boltang, omoching, belkuraging, savating, sigir bilan buzog’ing, echki bilan cho’chqang hech qayoqqa ketmaydi, ular seni kutib turishadi.

Bobo yana davom etdi:
— Mana, papkang, kitoblaring, gruzin tili, tarix… Yana nimang bor edi? Hammasi shu shekilli. Shiming, ko’ylaging, shippagingni kiyib olgansan. Qishloqqa yetguningcha oyoqyalang ketaver. Bo’lmasa shippaging dosh berolmaydi. Ana bo’ldi… Qani bor!

Kishvardi Lomjariya hozir nabirasi sehr og’ushida ekanini, ikki qonning tortish kuchi uni zo’r berib ikki tomonga tortayotganini tushundi. Uning qay biri g’olib chiqar ekan? Qaysi qon yengadi? Bu kurashning nihoyasini kutish mumkin emas.

Shunda Kishvardi Lomjariya kampirdan oldin gap boshladi:
— Xo’sh, nimani kutib turibsan? Sen bilan pachakilashib charchadim.

Bola cho’chib bobosiga qaradi.
— Bor, qaytishni xayolingga ham keltirma! Tushundingmi?

Bir paytning o’zida bolaning yuragida bobosiga nisbatan achchiq alam, buvisiga nisbatan iliq mehr uyg’ondi. Oqib chiqqan ko’zyoshidan nigohlari xiralashdi. Boshi o’z-o’zidan ko’ksiga egilib tushdi. So’ng u bir og’iz ham so’z qotmay, arqonlangan buzoqdek, Choxataurining chang yo’llarida o’zining qari, bukchaygan, boshdan-oyoq qora kiyingan buvisiga ergashib keta boshladi.

Kishvardi Lomjariya kamin oldida o’tirar va mis qozondagi suv qaynashini kutardi. Kishvardi Lomjariya olovga tikilar va o’ylar edi. O’ylar va, shu bilan bir paytda, o’zining ezgin xayollaridan qochishga urinar edi. Ammo odam bolasi o’zidan o’zi qayoqqa ham qochib qutulardi. «Bolani yubormasligim kerak edi. Lekin kampirning nolalariga chiday olmadim-da. Endi o’zim uning ahvoliga tushib o’tiribman. Yanagi hafta boraman-da, bolani qaytib berishni iltimos qilaman. Bermasa tortib olaman. «O’z qonimni, o’z jonimni mendan tortib olishga nima haqqing bor, axir sen xudo emassan-ku», deyman. Lekin u ham menga xuddi shunday javob qilishi mumkin-da. Axir men ham bor-yo’g’i bir bandaman. Bola menga qanday bo’lsa, unga ham shunday-da. Shunday ekan-da, odamzod naqadar ojiz! Keyingi hafta boraman-da, kampirning oyog’iga yiqilaman. Yo’q, bir hafta chiday olmayman, indingayoq boraman… Yo’q, ertaga! Erta saharlab, tong otishi bilan yo’lga chiqaman. Tezroq tong otaqolsaydi…»

Kishvardi Lomjariya kamin oldida, mis qozondagi suv qaynashini poylab o’tirib shularni o’ylar ekan, birdan eshik ochilib, ostonada boshi egik, shippaklarini bog’lab yelkasiga tashlab olgan bola ko’rindi.
— O’zinga shukr! — deb yubordi bobo.
— Qaytib keldim, — shivirladi nabira.
— Qaytib kelishingni bilardim, — dedi bobo.

Keyin Kishvardi Lomjariya mis tog’oraga mis qozondan issiq suv quyib, nabirasining toliqqan oyoqlarini uzoq yuvdi. Uning uchun yog’och karavotga o’rin soldi-da, o’zi tashqarida, hujrada yotish uchun chiqib ketdi.
Yarim kechada mo’ysafidni bolaning ovozi uyg’otdi:
— Bobo, ikkimiz birga yotsak bo’lmaydimi?
— Kelaqol, bolaginam, — chol shunday deb devor tomonga surildi.
Bola bobosining bag’riga kirdi.

«Buvam bechora obdan sovqotibdi-ya», — o’yladi bola.
«Qanday qaynoqqina!» — o’yladi bobo.

Oradan biroz daqiqa o’tgach, bobo so’radi:
— Mening oldimga nega qaytib kelganingni bilasanmi?
— Yo’q!
— Unday bo’lsa bilib qo’y, seni qon surib keldi. Ana ko’rdingmi, qon — buyuk kuch, bolaginam!

Bu tun ular ortiq so’zlashmadilar. Hech narsa haqida o’ylamadilar.gaplashmadilar ham. Bobo ham, nabira ham shirin tush og’ushida uyquga ketdilar.

099

(Tashriflar: umumiy 3 341, bugungi 1)

Izoh qoldiring