O. Henri. Uch hikoya

08  Ҳар куни айни шом бошланиши арафасида ўша сокин ва кичкинагина хиёбоннинг ўша жимжит муюлишига кулранг либосдаги бир қиз ҳар доимгидай яна кириб келади. У таниш ўриндиғига яхшилаб жойлашиб олади-да, бошқа ҳеч қандай иши йўқдай берилиб китоб ўқий бошлайди.

О.ҲЕНРИ
УЧ ҲИКОЯ
Аслиятдан Қандилат Юсупова таржималари
03

08 Таниқли америкалик адиб О. Ҳенри (O. Henry; 1862-1910)нинг асл номи Уилям Сидни Портер бўлиб, ижод йўлига киришдан аввал дорихонада, дўконда сотувчи, китоб безакчиси, ношир ва бошқа касбларда ишлаган; 1896 йилдан кичик ҳикоялар, фелъетонлар ёзишни машқ қилган. Банкда ишлаганида ортиқча харажат қилганликда айбланиб, қамоққа тушгач (1897—1901) ёзган ҳикояларини О. Ҳенри тахаллуси билан яширин чоп эттира бошлаган. 1904—10 йилларда бир неча ҳикоялар тўпламлари («Ёнаётган шам», «Ғарб қалби», «Ёқимтой ўғри» ва б.), вафотидан кейин ҳам бир неча китоби босилиб чиққан. «Қироллар ва карам» (1904) романи саргиз қолдирди. Кучли юмор, киноя, қиёс, масхара каби усуллар ёрқин намоён бўлган ва энг муҳими, муаллифнинг оддий меҳнаткаш — «кичик инсон»га самимий муҳаббати, олижаноблик ва софдилликни мадҳ этиш хусусияти О. Ҳенри ҳикояларига оламшумул шуҳрат келтирди.

03

БЕКАТДА

Ҳар куни айни шом бошланиши арафасида ўша сокин ва кичкинагина хиёбоннинг ўша жимжит муюлишига кулранг либосдаги бир қиз ҳар доимгидай яна кириб келади. У таниш ўриндиғига яхшилаб жойлашиб олади-да, бошқа ҳеч қандай иши йўқдай берилиб китоб ўқий бошлайди.

Яна такроран айтаман: қизнинг либоси кул рангда бўлиб, унинг қомати ва кийиниш услубидаги ҳар қандай нуқсонни яшира олиш даражада бежирим қилиб тикилганди. Катта тўрли рўмоли қизнинг дум-думалоқ шляпаси устидан эпчиллик билан танғиб олинган, шляпаси остидан эса қизнинг чиройли юзи беназир ҳусн ва латофат тафтидан ял-ял ёниб турарди. У бу ерга ўтган куни ҳам худди шу соатда келган, ундан олдинги куни ҳам ушбу ҳолат такрорланган ва қизнинг мазкур одатини шу ердаги сирли бир одам ҳар кеч кузатиб юрарди.
Ўша сирли одам келишган, ёшгина йигит бўлиб, неча кундан бери ўз омадини кутиб доим сал нарида қизни пойлаб турарди. Шу кун йигитчага тақдир кулиб боққандек бўлди, қиз ўқиб ўтирган китоб тўсатдан қўлидан тушиб кетди-да, бир-икки қадам нарига учиб тушди. Ўша заҳоти уддабуррон йигит китобга чанг солди-да, уни соҳибжамол қизга чексиз умид ва олижаноблик ҳамда ҳурмат ила тутқазди. Китобни қизнинг қўлига бераётган дамда фурсатдан фойдаланиб, кечки ҳаво ҳақида мулойим овозда бир-икки оғиз гап қистириб қўйди. Одатда, об-ҳаво мавзуси қисматлар йўлини туташтирувчи, ёки бахтсизлик ва ё бир дунё толеъ тақдим этгувчи илк танишув дебочаси ҳисобланади.

Шу пайтда қиз ҳам унга зийраклик билан зеҳн солиб чиқди, йигитнинг одмигина, лекин топ-тоза ғубори йўқ кўйлагидан унинг софдил йигит бўлса керак, деб хаёл қилди.
“Агар истасангиз, ўтиришингиз мумкин”, — деди қиз бағрикенглик қилиб, “бемалол тортинмай ўтираверинг. Бу ер китоб ўқиш учун анча қоронғулик қиляпти. Яхшиси, суҳбатлашганим маъқулроқ чамаси”.
Бирдан келиб қолган омадни бой беришни истамаган бахт изловчиси қизнинг ёнига мамнуният билан ўтирди.
“Ишонасизми”, — дея гап бошлади йигит бироз расмий оҳангда, “сиз мен дунёда учратган энг-энг жозибали қиз бўласиз! Мана бу чиройли, пориллаб турган кўзларингиз билан бир одамни анчадан бери хаёлини олиб қўйганингизни ўзингиз ҳам биласизми, асалим?”

“Нималар деяпсиз сиз? Кимсиз ўзи?”- бирдан қизнинг жаҳли чиқиб кетди. “Эсингизда турсин: Мен олийнасаб ёш хоним бўламан. Оғзингизга келган гапни айтаверасизми? Майли, ҳозиргина қилган илтифотли ишингиз учун бу гапингизни кечирдим ҳам дейлик, аммо фақат китобни олиб берганингиз учунгина кечираман, билиб қўйинг. Сизга ўтира қолинг, деганим бу сизга мени “асалим, шакарим” деб кетаверишингизга ижозат берганим эмас. Гарчи сиз шундай деб қабул қилган бўлсангиз, у ҳолда айтган сўзимни қайтиб олдим”.

“Минг бор узр, жуда ҳижолатдаман, кечиринг мени”, — деди йигит астойдил ялиниб. Унинг мамнуният тўла кўзлари пушаймонлик ва камтарлик ифодаси билан алмашди. “Олдингизда катта гуноҳ қилдим, маъзур тутинг. Мен ўйлабманки, хиёбонга келиб турадиган қизлар, албатта, сиз биласизми, билмайсизми, эҳтимол…”
“Мавзуни ўзгартирсак, илтимос сиздан”, — деди қиз гапни чўрт кесиб. “Албатта мен биламан. Аммо мен тўғримда бўлмағур ўйларга асло бора кўрманг. Яхшиси, сиз менга ҳамма ёқда ғуж бўлиб, йўлакчаларда у ёқдан-бу ёққа шошилиб ўтиб турган одамлар ҳақида гапириб беринг. Бу одамлар ўзи қаерга кетишяпти? Нега бунчалик шошилиб юришади? Улар бахтли одамларми ўзи?”

Сал олдин мулзам бўлиб қолган йигит энди таннозлик қиёфасини ташлаб, бироз мулоҳазакор одамга айланиб қолганди. У ҳадеб бўлса-бўлмаса гап суқавермасдан, фақат гапириш навбати етиб келгунича миқ этмай, кутиб ўтирганди.
“Уларни томоша қилиш мароқли ҳол”, — деб жавоб берди у, қизнинг кайфиятини ўзича баҳолаб. “Ҳаётнинг ғаройиб томошаси бу. Бу одамларнинг баъзилари кечки овқатга, баъзилари бўлса…яна бошқа-бошқа жойларга кетяпти. Ким билсин, уларнинг ҳар биттасининг тақдири қандай экан?”

“Тўғри айтасиз, буни ҳеч ким билмайди”, — деди қиз, “мен терговчи эмасман, бемаъни саволлар берган бўлсам, тўғри тушунинг. Мен бу ерга шунчаки тоза ҳавода ўтириб, енгил нафас олиб кетиш учунгина келаман, зотан фақат шу сокин хиёбондагина инсоннинг юрак зарбларини хотиржам ва теран ҳис қила олиш мумкин. Бироқ бахтга қарши менинг жамиятда тутган ўрнимда ана шу ҳиссиётни, қалб оламини ҳеч қачон тинглай олмайсиз. Сиз менинг нима деяётганимни тушуняпсизми, жаноб…?”

“Жаноб Паркенстепер”, — дея қизнинг гапини тўлдирди ёш йигит. Шундай деб у яна умид ва чанқоқлик тўла кўзларини қизга тикди.
“Йўқ”, — деди қиз ингичка бармоғини ўйнаганча, бироз кулимсираб, “сиз мендаги ҳолатни дарров тушуна олмайсиз. Ахир кимнидир кўнглини англай қолиш бу лаҳзалик иш эмас-ку. Ҳатто одамнинг кўринишидан ҳам унинг ички дунёсини белгилаб олиш мушкул иш. Оқсочим танғиб қўйган мана бу рўмол билан шляпа гўё бошимдаги бутун ўй-хаёлларимни-да беркитиб қўйгандай. Ҳатто ҳар доим сизни машинада олиб юрадиган ҳайдовчингиз ҳам ҳар куни кўзларингизда милтираб турган мунгни пайқай олмайди. Очиғини айтганда, кимларгадир юқори табақага мансуб кишилар тоифасидан бўлиш улкан бахтдай бўлиб туюлади. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам бахтли эмас…Мен сизга гапиряпман, жаноб Стекенпот?”

“Паркенстекер”, — деб қизнинг хатосини тўғрилаб қўйди йигит камтарлик билан.
“Кечирасиз, жаноб Паркенстекер”, — қиз узр сўраб, яна гапида давом этди. “Биласизми, мен ҳар доим чинакам инсон – омонат мол-дунё жимжимасига учиб, ўзлигини бузмаган, ҳақиқий одамийлик қиёфасини унутиб, манфур ва юлғич кимсага айланиб қолмаган, қайсидир маънода ҳаётдаги энг улуғ тоифага муносиб асл инсон билан дардлашиб ўтиргим келади. Оҳ! Сиз менинг бу яроғсиз бойлик оҳанжамасидан қанчалар чарчаганимни билмайсиз! Ўзингиз ҳам кўринг, бу ҳаётда ҳамма нарса пул, пул, фақат пул! Ҳатто оқшомги базмларда ҳам бир-биридан қолишмаслик учун атайлаб ҳар-хил соч турмаги билан келишади. Бу ҳам жонимга тегади! Ўша зебу зийнат, ўша сайру саёҳат, ўша тиллоларга чулғанган жамиятнинг кибор тоифаси – ҳамма-ҳаммаси бўғзимга келди! Мен ниҳоятда безиб кетдим!”

“Менда эса аксинча”, — йигит анча иккиланиб ўзича таваккал қилди, “яъни, менда ҳамиша шундай фикр бўлган: Пул бу жуда яхши, ниҳоятда ажойиб нарса бўлиши керак”.
“Ҳақиқий яхши ва ажойиб, чин юракдан орзу қилинадиган нарса бу – истеъдод! Миллион-миллион пулингиз бўлса-ю, озгинагина иқтидорингиз бўлмаса, бойлигингизнинг ҳеч қанча аҳамияти бўлмайди!” Қиз умидсиз ва тушкун оҳангда гапларига хулоса ясади. Орадаги бироз жимликдан кейин, тағин сўзлай бошлади: “Ҳамма нарсада бир хиллик, зиғирча ўзгариш йўқ. Машиналар, кечки зиёфатлар, театр, томоша ва ўтиришлар. Ҳаммаси керагидан ортиқ, бизнинг эҳтиёжимиздан кўра ортиқча даражада мўл-кўл. Баъзида ҳаттоки, шампан қуйилган стаканимдаги музнинг тиринглаши ҳам асабимга тегиб, жинни қилиб қўяй дейди мени…”

Жаноб Паркенстекер қизнинг барча гапларини катта қизиқиш ва закийлик билан тинглаб ўтирарди.
“Барибир менга бадавлат одамлар ва уларнинг мол-дунё орттириш йўллари тўғрисида эшитишни жон-дилимдан яхши кўраман. Менимча, озгина худбинроқ бўлсам керак. Лекин сиз билан суҳбатлашиб ўтириб, фикрларимга ойдинлик киритб оляпман. Назаримда, менга қуйилган шампан виноси аллақачон совиб қолган ва менинг қадаҳимда ҳеч қандай муз қолмаган ҳам”.

Шу вақт қиз чин дилдан, хушчақчақлик билан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
“Биласизми”, — деди у кўнгилчанлик билан, “бизлар ҳеч кимга кераги бўлмаган, ўзимиз истагандек роҳат-фароғатни тополмайдиган тоифаларданмиз. Ўша шампан қуйилган қадаҳ ва муз солиш шунчаки бемаъни бир ҳою ҳавас, шунчаки олифтагарчилик, холос. Сизга битта воқеани айтиб бераман ҳозир. Бир куни Уолдерф деган жойда ўтказилаётган базмга Тортари шаҳзодаси қадам ранжида қилибди. Базмдагилар дарров расмиятчиликни, дабдагарчиликни жойига қўйишибди. Ҳаттоки улар кечки таом дастурхонида ҳар битта кибор меҳмоннинг ликопчаси ёнига бир донадан ёш болаларнинг қўлқопини қўйиб чиқишибди. Қўлқоп нима учунлигини фаҳмлаяпсизми? У меҳмонлар зайтун еяётган пайтларида оғизни артиш учун қўйилган эди”.

“Сизни тушуняпман”, — деб ён босди йигит камтарлик билан. “Ундай олиймақом давраларнинг ўшандай овунчоқлари оддий халқ учун ғайриоддий ҳолат бўлиб келган доим”.
“Гоҳида”, — дея гапини давом эттирди қиз, айни чоғда у йигитнинг эътирофига миннатдорчилик билан бошини эгиб қўйди, “шундай ўйлайманки, башарти қисмат менга ҳам муҳаббат бахтини инъом этиб, кимнидир севиб қолгудек бўлсам, менинг кўнгил мулкимга қуйи табақадаги оддий одам подшоҳ бўлиб сайланишини тилаган бўлардим. У оддийгина ишчи бўлса ҳам майли, лекин текинтовоқ бўлмасин. Аммо тан олиш керакки, кўнгил истагидан кўра бойлик қутқуси кучлироқ ҳаракат қиларкан. Мен ҳам икки нафар бадавлат кишилар томонидан банд этилганман. Улардан бири немис миллатига мансуб, қаердадир директор бўлиб ишловчи Грэнд Дюк исмли зодагон одам. Мен уни қайдадир аллақачон хотини бор, ё бўлмасам қачонлардир бўлган, деб ўйлайман. Унинг жоҳиллиги ва енгилтаклиги учун ўлдириб қўяй дейман. Иккинчи киши миллати инглиз бўлган бир маркиз, ниҳоятда пулга ўч ва совуққонки, мен ҳатто ундан кўра баъзан бериги немисни ҳам афзалроқ кўриб кетаман. Эҳ, шунақа савдолар бор менинг бошимда! Қизиқ, буларни сизга сўзлаб беришга мени нима мажбур қилаяпти экан, ҳайронман, жаноб Паркенстекер?”

“Паркенстекер”, — деб тўғрилаб қўйди йигит яна мулойимлик билан. “Биласизми, сиз айни дамда сиздаги ишонч ва жасурликни мен нечоғлик қадрлаб ўтирганимни ҳатто ўзингиз ҳам ҳис қилолмасангиз керак”.
Қиз йигитга жавобан унга самимий, меҳрибон нигоҳини қадади.
“Ўзингиз нима иш қиласиз, жаноб Паркентекер?”- деб сўради у йигитдан.
“Бизники ўта оддий, камтарона бир иш, хоним”, — деди йигит. “Бироқ мен ҳам бу оламда юқорига кўтарилиб яшашга умид қиламан. Сиз боя қуйи табақадаги инсонни севиб қолиш хусусидаги орзуйингизни жиддий айтдингизми?”
“Албатта, жиддий айтдим”, — деб жавоб берди қиз. “Бироқ мен “эҳтимол”деб айтдим. Ахир пешонамда номзод бўлиб турган Дюк билан маркиз борлигидан хабарингиз бор-ку. Ҳа, аммо кўнглимдаги орзуйим ҳамон ўша-ўша, у даражада қуйи бўлмаган, оддийроқ бир инсонни орзу қилиб яшаяпман”.
“Мен”, — дея хитоб қилди шу вақт жаноб Паркентсекер қизнинг гапини бўлиб, “оддийгина ресторанда худди сиз орзу қилгандек оддийгина бир ишчи бўлиб ишлайман”.

Шунда қиз йигитдан бироз ўзини олиб қочди.
“Ишқилиб официант бўлиб эмасми?”
“Мен ҳисобчиман”, — деди йигит. “Шу хиёбоннинг рўпарасида электр чироғи ялтираб турган “РЕСТОРАН” деган ёзувни кўряпсизми? Мен худди ўша ресторанда ҳисобчи бўлиб ишлайман”.
Қиз йигитнинг гапларини эшитиш асносида чап билагидаги шоҳона билагузук ўртасига ўрнатилган қўл соатига тез қараб олди-да, шошиб ўрнидан турди. Тиззасидаги китобини бели тор қилиб тикилган кўйлагининг ён чўнтагига солиб қўйди. Лекин китоб чўнтакка аранг сиғиб, кўйлакнинг ёнбоши анча дўппайиб қолди.
“У ҳолда нега ишда эмассиз, жаноб Паркенстекер?”- деб сўради қиз.
“Менинг навбатим тунда, хоним”, — деди йигит. “Иш соатим бошланишига ҳали анча вақт бор. Дарвоқе, сизни яна кўришимга умид қилиб қолсам бўладими?”

“Билмадим”, — деб жавоб берди қиз ўйчан. “Эҳтимол яна кўришиб қолармиз. Менинг инжиқлигим тутиб қолмаса, албатта. Энди эса зудлик билан кетишим лозим. Бугун яна базм ва ўтиришимиз бор. Эҳ, яна ўша эски ҳаммом, эски тос! Сиз балки, бу ёққа келаётганингизда хиёбон муюлишида турган автомобилга кўзингиз тушгандир? Оқ рангдаги?”
“Қизил ғилдираклимиди?”- деди йигит пешонасини тириштирганча мулоҳазасини билдираркан.
“Ҳа, ўша. Мен ҳар гал ўша машинада келаман. Ҳайдовчим мени муюлишда кутиб туради. У мени дўкондан у-бу харид қилиб юргандир, деб ўйлайди. У юрагимда юз бераётган ҳолатни асло тушунмайди. Қаерда бўлмайлик, ҳаётнинг чинакам лаззати устун чиқаркан бор ўйларингиздан. Шунинг учун ҳатто ҳайдовчиларимизни ҳам алдашга мажбур бўламиз. Гапларим чўзилиб кетди, тезроқ кета қолай энди, жаноб Паркенстекер. Хайрли тун сизга”.

“Лекин шошманг”, — деди йигит қизни тўхтатиб. “Ҳозир жудаям қоронғу бўлиб қолди, бунинг устига хиёбон ҳам безорилар билан тўла бўлса. Мен сизни — ”

“Агарда менинг орзу-умидларимга нисбатан заррача ҳурматингиз бўлса”, — деди у шунда қатъий туриб, “мен кетганимдан кейин мана шу ўриндиқда ўн дақиқа тек ўтириб турасиз. Таклифингизга эътирозим йўқ-ку, аммо ҳайдовчим ўз соҳибасини бир ўзинимас, ёнида қандайдир бегона эркак билан кўриб қолса, бунинг оқибати яхши бўлмаслиги мумкин…Яхши қолинг, жаноб Паркенстекер!”

Қиз илдамлик билан тез-тез юриб кетди, унинг улуғвор қиёфаси бир зумда қоронғулик қаърига сингиди. Йигит эса турган жойида қизнинг хиёбон четидаги йўлак бўйлаб шошиб кетаётганини зимдан кузатиб тураркан, муюлишдаги машина ёнига етганида бирдан қизнинг шартта тўхтаганини пайқади. Шунда йигит қизнинг илтимосини бузиб, ҳеч нарсани ўйламай, унинг ортидан чаққон юриб кета бошлади. Жаноб Паркенстекер қизни кўздан қочирмаслик ва унга сездириб қўймаслик учун атайлаб бутазор ва йўғон дарахтларни пана қилиб олдинга юраверди.

Шунда йигит қизни муюлишдаги машинага чиқмасдан, унга чап бериб, кўчани қоқ ўртасидан кесиб ўтганини кўриб қолди. Ўзига қулайроқ ерга туриб олди-да, йигит яна унинг кейинги ҳатти-ҳаракатларини синчиклаб кузатаверди. Асосий йўлакни босиб ўтаркан, қиз тепасида ялтироқ белги нур сочиб турган ресторанга кириб кетди. Бу ресторан боя йигит айтиб ўтган жой бўлиб, бу ерда энг арзон ва оддий таомлар тайёрланар эди. Хонимлардек виқор билан кийиниб олган қиз эса ресторанга кирган заҳоти унинг орқа хонасига ўтди-да, бир зумда бошидаги шляпаси билан тўр рўмолини ечиб, қайтиб чиқди.

Ресторандаги ҳисобчилик жойи қониқарли ҳолатда эди. Унда ўтирган бир малласоч қиз ҳар доимгидай девордаги катта соатга тез назар ташлади-да, аста ўрнидан турди. Унинг жойини кулранг либосдаги бизнинг “хоним”имиз эгаллади.

Бу пайтда жаноб Паркенстекер кўчада иккала қўлини чўнтакларига солиб олганча йўлак бўйлаб секин босиб келарди. Муюлишга етиб келганида, унинг оёқларига йўл четидаги чимзор устида ётган кичкинагина, қоғозга ўралган нимадир урилиб кетди. Унинг ялтироқ ва безакли муқовасидан йигит бу боя қиз ўқиб ўтирган китоб эканлигини таниди. Уни лоқайдлик билан қўлига оларкан, жаноб Паркенстекер китобнинг сарлавҳасига аста кўз ташлади. Бу Стивенсон исмли муаллиф томонидан ёзилган “Янги минг бир кеча”номли китоб эди. Йигит ҳафсаласи пир бўлгандек уни яна ўт устига ташлади-да, ўзи ҳам бир-икки дақиқа чимзор устида чўзилиб ётди. Бироздан кейин жаноб Паркенстекер ўрнидан туриб, муюлишдаги оппоқ, ғилдираклари қизил машина ёнига келиб тўхтади. У машинанинг орқа ўриндиғига ўзини ташлади-да, момиқ, пар ёстиқчалар устига ястаниб олганча, ҳайдовчисига икки оғизгина сўз айтди:
“Уйга, Генри”.

КАКТУС

Вақт шундай шафқатсиз ҳакамки, у ўтган ҳар бир дақиқани ўтмишга ва хотирага айлантириб кетаверади. Ҳаёт ўзанида мисоли чўкаётган одам эса ҳар бир қилган хатосини ноилож тан олмасдан боқа чораси ҳам йўқ. Афсуски, ўтиб кетган хатоликларни қўлқопни алмаштирган каби тағин қайтадан ўзгартириб бўлмайди.
Бўйдоқлик уйидаги стол ёнида ўйчан турган Трисдалнинг бошидан айни чоғда ана шундай хаёллар кечарди. Унинг олдидаги стол устида эса барглари осмонга дадил бўй чўзиб ўсаётган бир тувак ям-яшил ўсимлик турарди. Бу ўсимлик кактус гулининг турларидан бири бўлиб, нозик япроқлари енгил эсаётган шаббодада нафис тебранар, чайқалаётган барглари билан гўё кишини ўзи томонга чорлаб, ишора бераётгандек бўларди.
Трисдалнинг дўсти, яъни ўша куни тўйи бўлаётган келиннинг акаси, хонадаги жавон ёнида бир ўзи ёлғиз ичаётганидан норози бўлиб, зорланганча гапираётганди. Аммо Трисдалнинг қулоғига унинг гаплари кирмас эди. Ҳар иккала эркак ҳам кечки базм учун яхшилаб ясаниб олишганди. Қимматбаҳо костюмларининг ялтироқ тугмаларидан чақнаётган нур нимқоронғу хона бўйлаб ажиб шуълалар таратарди.

Трисдал аста қўлқопининг тугмаларини ечаркан, айни дамда кўз олдидан ўтган охирги кунлар лавҳалари бирма-бир, жуда тез тарзда ўта бошлади. Гўё ҳозир ҳам димоғига ибодатхона ичига безак сифатида илинган турли хил гулларнинг муаттар бўйи урилиб турар, қулоқлари остида тўйга йиғилган минглаб меҳмонларнинг шодон қичқириқлари жаранглар, пўрим либосларнинг енгил шитирлаши ва ниҳоят руҳонийнинг унинг севган маҳбубасини ўзга йигит билан никоҳлаган дуоси тинмай садо бериб турарди.

Бир дунё адоғсиз ҳасратга ботганча ўй сураркан, Трисдал севган қизини қандай қилиб қўлдан бой бергани сабабини ҳеч тополмасди. Муросасиз бир асосни қўполлик билан тан оларкан, у ўзининг сирли ва мағрур, анчагина димоғдор ва олифта бўлганига чин дилдан ўкиниб кетди. Мана энди ўша худбинлиги ва такаббурлиги ортидан келган бахтсизликни кўриб турибди. Аммо ҳозир барча пушмонлик ва надомат туйғуларининг бари бекор, устидаги ялтироқ кийимлар каби кўксида уриб турган юраги шодликдан порламас эди. Манманлик ва кибру ҳаво! Мана шу бетамиз хулқлар Трисдалнинг энг муҳим ва ярамас қилиқлари эди. Эҳ, наҳотки энди Трисдалнинг кўнгил қўйгани бошқаники бўлиб кетаверса? Ахир у доим ғолиб бўлган эди-ку? Нега…

Келинчак ибодатхонанинг безатилган йўлакчасидан шоҳона меҳроб томонга пурвиқор юриб бораркан, Трисдалнинг юрак-бағри куйиб, бениҳоя эзилиб кетди, у ўзига ўзи далда берадиган биронта куч топа олмади. Унга аввалига қизнинг чеҳраси бироз сўлғиндай, жиндек маъюсдай бўлиб кўринди, у қайлиғига негадир совуқ қараётгандай бўлиб туюлди. Лекин Трисдалнинг кўзлари алдаётган эди. У келинчакнинг бўлажак эрига меҳр билан, самимият билан жилмайиб боқаётганига кўзи тушди-ю, ўзини тамомила унутилганини тушуниб етди. Бир пайт қизнинг Трисдалга тушиб қолган нигоҳи ҳам бу фикрни тасдиқлаб қўйди. Чинданам, Трисдалнинг ўзига бино қўйиши орзуларини барбод этди, унинг сўнгги тиргаги – ардоқли муҳаббати барҳам топди энди. Лекин Трисдал муносабатларининг нега ана шундай якун топганига ҳануз бир ечим тополмасди. Нега бундай бўлди ахир? На бир жанжал ва на бир тортишув, ғалвасиз ҳаммаси тугади-қўйди. Қалби вайрон бўлган йигит ўз ёғига қоврилганча охирги кунлар воқеаларини кўз олдида гавдалантирар ва сира уларга тайинли жавобни топа олмасди.

Қиз ҳамиша Трисдалга ниҳоятда илтифотли эди, унга шоҳона мулозамат кўрсатар, ҳурматини доимо жойига қўярди. Йигитнинг қошида шунақанги латиф қилиқлар қилар эдики, Трисдалнинг мағрурона қарашлари қизнинг болаларча содда, итоатгўй чеҳрасидан зумда эриб кетарди. Трисдал ҳаммавақт энг юқори сифатлар ҳамда афзалликлар билан тилга олинар, юқори баҳоланар, худди сувсаган қақроқ чўлга ёққан ёмғирдан сўнг туйқус очилган бир дона гулдай тенгсиз қадрланарди.

Қўлқопининг охирги тугмаларини бўшатаётган пайтда Трисдалнинг аввалги худбинлик хислати билан кечиккан мотамсаро кибру ҳавоси шу чоғда яна унга қайтиб келди. Сўнгги тундаги учрашув йигитнинг хаёлида жонланаркан, унинг ҳақиқатданам жуда боши қотиб қолди. Шу билан бирга ўша оқшомги қизнинг майин нигоҳлари, сочларининг енгил мавж уриши, кўзларидаги юмшоқ ва бокира бир жозиба Трисдалнинг кўнглини яна-да жўшдириб юборди. Унинг сўзлари йигитнинг қулоқлари остида ҳамон жаранглаб турарди. Қиз унга шундай гапларни айтганди ўшанда:
“Дарвоқе, мен битта гап эшитиб эдим. Капитан Карузерснинг айтишича, сиз испан тилида худди испанлардек сўзлай олармишсиз. Нега шундай ноёб истеъдодингизни мендан яширдингиз? Хўа, мендан беркитган яна қандай қирраларингиз бор?”

Ё тавба, бу Карузерс жинни-пинни бўлиб қолмаганми мабодо? Шубҳасиз, у Трисдални ғирт айбдор қилиб қўйганди, ахир Трисдалнинг чет тилларини у қадар яхши билмаслиги, ҳар доим луғатдан фойдаланишини у бинойидек биларди шекилли. Ўша Карузерс Трисдалнинг озгина қобилияти ва билимини ўта ошириб юборгани аниқ.

Аммо, о, Худойим-ей, қаришисида гул-гул бўлиб очилганча ҳаяжондан енгил титраб сўзлаётган қизнинг ҳайрати ва тасанноси шу қадар кучли эдики, Трисдал Карузерснинг ёлғон таърифини ҳеч бир раддиясиз қандай қилиб қабул қилиб қўйганини ўзи ҳам билмай қолди. Эътироз билдириш ўрнига у испанчадан бўлган сохта билимини яна-да бўрттириб кўрсатишга уринди. Ўзича қизни бешбаттар қойил қиламан, деб ноўрин ишлатган бу ёлғон тасдиғи кейинчалик Трисдалнинг ўзига аччиқ тикон каби келиб санчилди.

Ўша тун маҳбубаси қанчалар сулув ва шаффоф эди-я! Ўшанда у мисоли тузоққа тушиб қолган қушчадай потирлар, ҳаяжонланар, бирдан жим қотиб тинглар ҳам эди. Трисдал ўша оқшом бор мағрурлигини тарк этиб, қизга дил изҳори қилганди. У севганининг уялган, қизаринган чеҳрасига боқиб туриб, қизнинг ҳеч бир инкорсиз унинг севгисини қабул қилишига буткул ишонган эди ҳам. “Жавобимни эртага айтаман”, — деб кетганди қиз ҳаё билан жилмайганча. Унинг табассуми Трисдалга чексиз умид пайғомларини тақдим этганди ўшанда.

Шу тарзда у эртаси кун сабрсизланиб маҳбубасининг жавобини интиқлик билан зор кутди. Пешин пайти бўлганда, қизнинг уйида отбоқар бўлиб ишлайдиган киши қип-қизил тувакда ғалати бир кактус гулини ташлаб кетди. Устига қандайдир тилда ёзилган ёрлиқдан ташқари, гултувак ичида на бир сўз ва на бир хат бор эди. Йигит ҳайрон қолиб, ярим тунгача яна кутди, лекин қизнинг жавоби етиб келмади. Ўша дамда Трисдалнинг баланд ғурури ва топталган манманлиги уни қизни қидиришдан тийди. Орадан икки кун ўтгач, улар иттифоқо бир кечки базмда учрашиб қолишди. Кўришувлари ҳар доимгидай оддий, ортиқча гап-сўзсиз кечди аммо қизнинг кўзлари нимагадир муштоқ, бетоқат ва ажабланиб боқарди. Трисдал бўлса унинг кечиккан жавоби учун изоҳ беришини кутиб турарди. Бироқ қиз унга тушунча бериш ўрнига юзини терс ўгирганча кетиб қолди. Шу тахлит улар ҳеч бир сабабсиз, ҳеч бир изоҳсиз индамай ажралишди. Лекин барибир Трисдал сира-сира тушунолмасди: унинг гуноҳи нима эди? Бу ерда ким айбдор ўзи? Ана энди чексиз қайғуга ботганча, ўзининг нокерак бўлган мағрурлиги орасидан жавоб ахтараркан, Трисдал мушкул аҳволда қаттиқ азоб тортмоқда эди. Агарда…

Бирдан жавон олдида турган иккинчи эркак, келиннинг акасининг овози Трисдалнинг хаёлларини пардай тўзғитиб юборди.
“Менга қаранг, Трисдал, намунча ўйга чўмиб қолдингиз? Худди бўйнига ола хуржун илинаётган куёвтўрадай қовоқ-тумшуқ қилиб олибсиз. Сиз бор-йўғи бир иштирокчисиз-ку бу тўйда, дўстим. Биласизми, мен бугун ғоятда суйган, ардоқлаган жону жигаримни узатяпман. Ўзи биттагина синглим бор эди, энди мана, уям кетяпти. Ҳа, майли, бахтли бўлсин! Қани, келинг, бунақа хомуш ўтирманг, кўнглингизни чоғ қилинг. Мана, буни олинг, бирга-бирга ичайлик бугун!”
“Ҳозир ҳеч нарса ичгим йўқ, раҳмат”, — деди Трисдал боягидай кайфиятда.

“Сизларнинг брендийингиз”, — дея гапини давом эттирди Трисдалнинг дўсти, “жудаям ёқимсиз экан. Бирор кун бизнинг тарафларга бориб, уйимиздаги ичимликлардан бир тотиб кўрсангиз бўларкан. Ана ўшалар ичишга минг карра арзийди”.
Бир маҳал келиннинг акаси Трисдалга ҳайротомуз кулганча бошқа гап қотди:
“Эҳ-ҳе! Мана буни қаранглар! Бу гул биз томонлардан-ку! Мана бу кактусни айтаяпман, Трисдал! У сизга қаердан келиб қолди?”
“Бу совға”, — деб жавоб берди Трисдал, “битта дўстимдан. Сиз бунинг турини биласизми?”

“Билганда қандоқ”, — деди дўсти фахрланиб, “бу кактус гулининг тропик иқлимга мослашган турларидан бўлади. Сиз биз тарафларда бунақасидан юзлабини учратишингиз мумкин. Мана бу ерга гулнинг номи ҳам ёпиштириб қўйилибди-ку! Сиз испанчани билмайсизми, Трисдал?”
“Йўқ”, — деди Трисдал аччиқ кулимсираганча, “бу испанчамиди ҳали?”

“Ҳа-да. Испанлар кактуснинг мазкур турининг япроқларини гўёки сиз томон қўлларини чўзиб, нимагадир ишора бераётгандай, деб фараз қилишади. Улар бу кактусни “Вентомерме”деб аташади. Инглизчада қандай маъно англатишини биласизми сиз? “Вентомерме” – инглизчада “Келиб, мени олиб кет”, дегани бўлади”.

ЙЎЛ АЙЛАНИБ

“Кўйлагинг ўзингга лойиқ келдими, Сэм?”- деб сўради Уэббер хоним эман дарахти остидаги ўзининг жонажон тебратма креслосида китоб ўқиб ўтираркан.
“Ҳа, энди соз бўлибди, Марти”, — деб жавоб берди Сэм бироз ўзидан кетиб. “Аввалига мен ўзим тугмаларни жой-жойига қўйиб, қадай олмаётгандирман, деб ўйлаган эканман, кейин билсам, тешикларининг ўзи тугмалар учун хиёл катталик қиларкан”.
“Ҳа, бўпти-да. Энди кўнглинг тўлган бўлса бўпти”, — деб қўйди хотини унга бепарво кўз ташлаб. “Бўйинбоғингни ҳам танғиб ол. У кўйлагингни янаям очади”.

Сэм Уэббернинг қўй ранчоси Нуесес билан Фрио ўртасидаги энг хилват ерга жойлашган эди. Икки қаватли бу бино кимсасиз чакалакзор ўртасида дўппайиб турган яйдоқ тепалик ўртасига жойлашганди. Ранчонинг олдида чоғроққина майдон бўлиб, у жойда отар ўтлаб юрар, яна шу ён-атрофда қўйларнинг юнгини оладиган юнгхона ҳам бор эди. Ранчонинг шундоққина орқасидан эса тиканли чакалакзор бошланиб кетарди.

Сэм арзанда қўйлари учун тузукроқ майин юнг сотиб олиш учун қўшни Чепмен ранчосига бориб келмоқчи бўлиб юрганди. Бироқ бу сафар учун алоҳида эътибор қаратмаса бўлмасди, негаки Чепмен ранчоси ўзининг аҳолиси ҳамда ҳажми жиҳатидан деярли шаҳарчадай бўлиб қолган бинойидек жой эди. Шунинг учун ҳам Сэм бу сафарига мувофиқ равишда “ясан-тусан”қилиб олишга қарор қилганди. У ўзидан мутлақо янги, ўзгача қиёфа яратишни хаёл қилиб, ўнгу тусини чиройлироқ қилиш ҳаракатида эди. Зарбдор мускуллари билан офтоб олган бўйнини қўполлик билан қисган оппоқ бўйинбоғ унинг афтига ноодатий ифодани бағишлаб турарди. Яхшилаб ўнгланмаган майкаси устидан тугмалари чала ярим солинган кўйлаги нотекис ҳилвирар эди. Сэмнинг бақувват адл қоматини тузуккина яшириб турган “тайёр қўлдан олинган” кулранг костюм бу қўйсевар чўпоннинг ҳар доимгидай алпон-талпон қилиб юришига анча монелик қиларди. Балки энгил-бошидаги шунча ноқулайликни дебми, Сэмнинг қорайган юзларида худди қамоқда бегуноҳ жабр тортиб ётган маҳбусникидай қайғули манзара қотиб қолганди. Уйдан чиқар экан, Сэм ҳовлида ўйнаб юрган уч ёшли ўғли Рендининг бошидан силаб ўтди-да, дарвоза олдида унинг чиқишини кутиб турган оти – Мехико томон шошилди.

Тебранма креслосида бамайлихотир ўтирган Марта қўлидаги китобининг ўқиётган саҳифасига бармоғини белги қилиб қўйди-да, эрининг “пардоз-андози”дан кейин ортида қолган ивир-сивирларга мулойим жилмайиб қаради:
“Бу тароватингда, Сэм”, — деди угап оҳангини атайлаб чўзиб, “Техаснинг манаман деган чўпонидан кўра кўпроқ ўша ранчойингда ўсиб ётган ўт-алафга ўхшаб кўриняпсан”.

Сэм бесўнақайлик билан эгар устига жойлашиб олди.
“Шу гапни ҳамма гапирса ҳам, сен айтмасанг яхши бўларди. Хотиним эмиш яна”, — деди у кесатиб. “Эрингнинг кийим-кечагига қараб қўйиш ўрнига қачон қараса, ялпайиб ўтирволиб, қаёқдаги бўлмағур китобларни варақлаганинг-варақлаган!”
“Яхши бўпти! Кетақол энди, йўлингдан қолма”, — деди хотини унга жавобан. Миссис Уэббер креслосининг тутқичларига енгилгина уриб қўйди. “Ҳар доим мутолаамнинг белига тепасан. Ўқийдиган бир дунё китобларим бор. Бунинг устига мен истаган пайтимда хоҳлаганимча мутолаа қила оламан. Бу ҳавойи ва ташландиқ қишлоғингда на гаплашгулик ва на эшитгулик бир қизиқ одаминг бўлмаса, бошқа яна қандай вақтичоғлик бўлсин? Ҳатто сен билан ҳам беғалва гаплашиб бўлмаса, қачон қараса, нолиганинг-нолиган, нолиганинг-нолиган-а! Вой, тезроқ кета қолгин, Сэм, бор, мени ўз ҳолимга қўй!”

Сэм тиззаларини отининг биқинларига маҳкам тираб олди-да, қадрдон ҳамроҳини аста туртди. Улар бироздан сўнг эски, асосий қишлоқ йўли устига чиқиб олишди. Вақт ҳали эрта, соат эндигина саккиз бўлган, бироқ кун ҳалитдан қиздиришни бошлаганди. Бундан уч соат олдинроқ йўлга чиқсам бўларди экан, деб ичида жиндек афсусланиб қўйди Сэм. Аслида Чэпмен ранчоси атига ўн саккиз миль нарида жойлашган эди, лекин йўл жуда нотекис, айниқса мана шу асосий йўлнинг ўзи уч миль масофа узунликда эди. У худди бу йўллардан аввал ҳам бир марта юрган, шунинг учун кетаётган йўли аниқ эсида қолганди.

Сэм қишлоқнинг асосий йўлидан бурилиб, Квинтенилладаги кичикроқ сой ёқалаб йўлида давом этди.
Айни шу ерда йўл торгина сўқмоқчага айланиб кетар, сўқмоқча ям-яшил, барра майсалар билан қопланиб ётар, Мехико эса бу йўлдан сатанг юриш қилиб, нозандай йўрғалаб борарди. Яна қаршисидан Ёввойи Дик сув дамбаси чиқиб қолганида Сэм ортига ўгирилиб, тиканак қоплаб ётган кичкина тепалик тарафга кўз ташлади. Шу ердан бошлаб у ортида қолдириб кетаётган йўлларининг яхлит қиёфасини ёдда тутиб тағин олдинлади. Сэм тиканли йирик бутазор олдидан ўтаётиб ниҳоятда қийналиб кетди, бу чакалакзор қурғур ҳам ўзи нақ йигирма ярддан кам бўлмаган ҳудуд экан, Сэм то дарахтлар шарпаси соя солиб турган кенгроқ жойга чиқиб олгунча юраги ҳалак бўлиб кетди. У Квинтенилла билан Педра ўртасида қад ростлаган қия тепаликнинг нишаблигидан аста одимлаб ўта бошлади.

Орадан икки соатча вақт ўтгандан кейин Сэм бирдан йўлдан адашганини сезиб қолди. Сэм алғов-далғов йўллар устидан босиб ўтиб, ўзининг аниқ йўналишини йўқотиб қўйганди. Садоқатли чўпон ўша заҳоти қаттиқ саросимага тушиб қолди, у нима қилишини билмай, атрофга олазарак қарайверди. Мехико бўлса эгасининг нотинчлигидан ҳаловати бузилиб, бошини у ёқдан-бу ёққа буриб, ҳар ёққа аланглай бошлади. Сэмда кечаётган чигал ўйлар айни дамда Мехиконинг ҳам хаёлини пармалар эди.

У ҳам олдиндан манзилни башорат қилувчи бирон-бир белги тополмас, бутун теварак-атрофда Чэпмен ранчосидан дарак бергувчи қилдек нишона юз кўрсатмасди. Улар аланглай-аланглай, ниҳоят қисқагина, аммо ҳатто қуён ҳам ёриб киролмайдиган даражада зич бўлган бутазор рўпарасидан чиқдилар. Чинданам, одам боласи қадам қўйгудек ер эмас экан.

Кўпни кўрган чорвадор ёки чўпон учун-ку бир кечалик ёки бир кунлик адашиб қолиш ҳеч гап эмасди. Уларда бундай ҳолатлар тез-тез бўлиб туради. Бир кечалик овқатдан қолиб, шундоққина эгарининг устидаги юмшоқ адёлни майин майсазорлар устига тўшаб мароқ билан ухлаб ётиш – тажрибали қўйчивонлар учун арзимас ҳодиса. Лекин Сэмнинг вазияти мутлақо бўлакча эди. У умрида ҳеч қачон қоқ ярим тунда ўз ранчосидан бир мил ҳам узоққа кетиб қолмаган эди. Мартанинг чакалакзордаги илонларга, заҳарли ҳашаротларга, ҳатто селкиллама қора қўйларга ҳам юраги йўқ эди. Шунинг учун ҳам Сэмбир ўзини ҳеч қачон ташлаб кетмасди.
Адашиб қолганидан кейин тахминан тўрт соатча изиллаб, тентираб қолган Сэм бирдан ҳушёр тортди. Унинг виждони қийналаётган эди. Ўзи бир аҳволда, шалвираган, бутун ясан-тусан қилган кийимлари кир, шалаббо бўлган, буларнинг бари ҳоригандан кўра Сэмдаги адоғсиз безовталик нишоналари эди. Бу пайтга келиб у аллақачон Фриодаги поезд йўлини шартта кесиб ўтиб, тўппа-тўғри Чепмен ранчосига кириб бораман, деб умид қилаётганди. Агарда у йўлдан чалкашиб кетмаганда эди, аллақачон ўз манзилига етиб, баҳузур кўзлаган ишини ҳам тамомлаб олган бўларди. Сэм ҳозир ўз уйидан эллик мил нарига кетиб қолгандай, ўзини ниҳоятда ёлғиз ҳис этди. Башарти у янги от билан йўлни сўроқлаб-сўроқлаб ортга қайтган тақдирдаям севикли Марта билан ширинтой ўғлининг ёнига қайтиш учун бутун тун йўл босишига тўғри келарди.

“Мана, ўзимдан кетганимнинг жазоси!” Сэмни чексиз пушаймонлик туйғуси қуршаб олди. Унинг томоғига ёнғоқдек нарса тиқилиб қолганди. Китобсевар аёлига айтажак сўзлари хаёлидан ўтаркан, содиқ чўпоннинг кўзларида ёш ҳалқаланди. Тўғрисиям, Сэмнинг тутуриқсиз ҳақоратларига дош бериб, гадойтопмас, ваҳимали ўша ранчода яшаш хотинига ҳам осон эмасди. Сэм шунча вақтдан бери мутолаага майли бор хотинининг устидан кулиб, у ўқиётган семиз-семиз романларни менсимасдан, қилган қилиқларини эслаб, жуда уялиб кетди, ўзини-ўзи аёвсиз лаънатлади.

“Унинг бор овунчоғи ана ўша романлари бўлса, бечора нима қилсин чинданам”, деб хўрсинди Сэм. Мехиконинг қулоқларига бўлса унинг бу оҳанги негадир ғайритабиий, ўта бошқача бўлиб эшитилиб кетди. “Менга ўхшаган каллаварам скунс* билан яшаш унгаям оғир бўлса керак. Фақат пишир-куйдир, кир юв, овқат қил, қўйларнинг калла-почасини тозала, яна устига-устак эрининг маънисиз хўрлашларига чидаб яшаш! Ростданам, ундан кўра бир бет китоб ўқиш завқлироқ-да!”

У хаёлида Мартани илк дафъа учратгандаги қиёфасида жонлантириб кўрди: дуркун, дилдор ва ғурурли гўзал! Қора меҳнат ва йиллар тим жигар тусга бўяшидан аввал Мартанинг ёноқлари ним пушти рангда жилоланиб турарди. Доимий сукунат чўмган қуюқ чакалакзорлар орасида осмонўпар орзу-хаёлларга бурканиб яшаган хаёлпараст ва соддадил қиз!

“Агар мен шунақа дағал муомалам ва қўрс гапларим билан ичимдаги севги изҳоримни тилимга кўчирганимда бормиди, мени ҳатто ёввойи мушук ҳам тилка-пора қилиб юборган бўларди”.
Сэм ўзидан-ўзи норози бўлиб, ана шундай ғурбатли ўйлари билан қайси йўлдан бораётганини ҳам аниқ идрок қилолмасдан қаергадир кетиб борарди. У фақат ўзининг нечоғлик инсофсизлигини, Мартага қилган қилгуликлари тўғрисидагина ўйлар ва эзилар эди. У энди нима қилишини билди. Сэм нима қилиб бўлса ҳам Мартани хурсанд қилгиси келарди. У юнг олиб-сотадиган оғайнилари Гарция билан Жонс ва Сан Антониога ҳам бирваракайига хат ёзади. Сэмнинг калласида бундан бошқа яна янги-янги режалар туғила бошлади. У ўзининг бир хонасида ялтираб турган кичкинагина қоп-қора пианинони кўз олдига келтирди. Бутун оила кечки овқатдан сўнг пианино атрофига жам бўлиб олганча ўғилчаси Риндо чалаётган ажойиб куйни тинглаб ўтирганлари Сэмнинг кўз олдида яққол намоён бўлди.

Аммо шунча тузган ғаройиб режалари ҳамда уларни амалга ошириш истаги Сэмнинг Марта билан ўғли Ренди ўтказадиган ваҳимали тун қайғуси юкини енгиллатиб қўёлмасди. Уззукун нуқул ади-бади айтишиб, ғалва-ғишава қўзғаганлари билан Марта барибир ҳар тун Сэмнинг кучли қўллари устига аста бошини қўяр, бор қўрқувини яширганча, Сэмнинг юрак уришини тинглаб ётар, бутун вужудини мамнунлик ва шукроналик ҳисси қамраб оларди. Аслида-чи, Мартанинг қўрқувлари чинданам асоссизмиди? Сэм элма-эл кезиб, босқинчилик қилиб юрган безори мексикаликларни хаёлига келтирди. Ранчоларга пусиб борадиган тунги ёввойи мушуклар, тили узун силлиқ илонлар, мингоёқлар ва яна бир олам хавф-хатарлар чўпоннинг юрагини ғаш қилди. Эҳтимол Марта ҳозир қўрққанидан , жазавага тушиб ўтиргандир. Ўғли Ренди бўлса йиғлаб, дадасининг тезроқ келишини ялиниб сўраётгандир балки.

Кетма-кет чўзилиб, бир-бирига уланиб кетган бутазорлару ўсимликларнинг ҳеч адоғи кўринай демасди. Ўйдим-чуқур ерлар, нишаблик кетидан тағин бошланиб кетадиган нишабликлар, жарликларнинг ҳаммаси бир-бирига фарқланмас даражада ўхшаб кетарди, боз устига улар фақат такрорланиб бораверарди, сира-сира ўзгармас ва ё тугамас эди. Худойим-ей, қанийди, тезроқ бирор таниш ердан чиқа қолсайди!
Ҳаёт жуда қизиқ-да ёки табиатнинг ўзи ўйин қилишни хуш кўради. Оддий одамнинг ҳаёти ақлли дипломатникидан кўра қизиқарлироқ кечиши ҳам мумкин ҳатто. Қорларда йўқолиб қолган кишилар то ҳушдан адашганича баъзан битта доира ичида айланиб юрганларини англай олмайдилар. Ёхуд фалсафалари бой саёҳатчилар ёки бўлмаса турли ақлий жараёнларда айланиб-айланиб кейин яна энг бошланғич нуқтасига қайтиб келишларини тушунмайдилар.

Ўзига ишонч билан ҳамон жадал йўртиб бораётган Мехиконинг қулоқлари остига ҳорғин, афсусланган Сэмнинг чуқур-чуқур хўрсиниши кириб борарди. Улар яна тик қоя нишаблигидан ёнбағирлаб кетган ўн ёки йигирма фут баландликдаги қалин бутазор оралаб кетмоқда эдилар.

“Энди чидай олмайман, Мех”, — деб юборди Сэм отига илтижо билан қараб, “мана шу ерга келганда тамомила ҳолдан тойдим. Ахир сен ўзинг ҳам ўлгудек чарчаб кетдингку, оғайни. О, Художоним-ей, нима бало, бу ёруғ дунёйингда биронтаям кулба-капанг ҳам қолмаганми!” Сэм фарёд қилиб, товони билан барибир Мехиконинг биқинларига туртди.

От бунга жавобан норози оҳангда пишқириб қўяркан: “Яқин-атрофда ўша кулбанг бўлганда ҳам бизга нима фойдаси бор бўларди? Ахир уйга тезроқ етиб олишимиз керак-ку”, деб қўйгандек бўларди.
Лекин шунга қарамай Мехико юришини баттар тезлатди, ҳатто йўртиганча чопиб ҳам кетди. Улкан, қоп-қора чакалакзорни айланиб ўтаркан, Сэм бир нафасга тўхтади. У қўлидаги отининг тизгинларини ерга ташлади-да, кўзларига ишонмасдан ўтирган жойида ўтириб қолди. Сэм ўз уйидан жуда борса ўн ярд нарида турар эди.
Садоқатли Марти ювош ва беозоргина бўлиб, эшик олдида ўзининг қадрдон тебратма курсисида ҳамон китоб ўқиб ўтирар, болажон Ренди эса ерга ўтириб олганча кичкинагина ўйинчоқ машинасини ғизиллатиб юргизиш билан банд эди. У бир зум ўйинидан бошини кўтариб, сал нарида турган дадасига кўзи тушди-ю, лекин уни таний олмасдан яна ўйинига берилди. Марти эса бу пайт қандайдир шарпани сезгандек бўлиб орқасига эринчоқлик билан ўгирилиб қаради. У одатдагидек тиззасига қўйиб олган китобининг келган ерига бармоғини белги қилиб қўйиб турарди.

Ана шу вақтда Сэм бир сесканиб олди. Худди ёмон туш кўриб, бирдан уйғониб кетган одамдай ўзини ғалати сезди-ю секин эгардан тушди. Қаттиқ ҳаяжонланиб кетганидан Сэм нуқул лабларини яларди. Аммо у ўзидаги ноқулай ҳолатни билдирмаслик учун дарров хотинига ўшқира кетди:
“Буни қара, ҳалиям шу бўлмағур романларингни титкилаб ўтирибсанми?! Сендан бошқа ким ҳам ўқирди бу семиз китобларингни?! Қани, йиғиштир ҳаммасини тез! Сенга айтяпман!”
Мана, яна ўша Сэм. Техаснинг манаман деган бу чўпони сафари давомида адашиб қолиб, бир йўл айланиб келган, лекин қайтган заҳоти тағин ўша-ўша бақироқ Сэмга айланиб олганди

09

O.HENRI
UCH HIKOYA
Asliyatdan Qandilat Yusupova tarjimalari
03

09 Taniqli amerikalik adib O. Henri (O. Henry; 1862-1910)ning asl nomi Uilyam Sidni Porter bo’lib, ijod yo’liga kirishdan avval dorixonada, do’konda sotuvchi, kitob bezakchisi, noshir va boshqa kasblarda ishlagan; 1896 yildan kichik hikoyalar, fel’etonlar yozishni mashq qilgan. Bankda ishlaganida ortiqcha xarajat qilganlikda ayblanib, qamoqqa tushgach (1897—1901) yozgan hikoyalarini O. Henri taxallusi bilan yashirin chop ettira boshlagan. 1904—10 yillarda bir necha hikoyalar to’plamlari («Yonayotgan sham», «G’arb qalbi», «Yoqimtoy o’g’ri» va b.), vafotidan keyin ham bir necha kitobi bosilib chiqqan. «Qirollar va karam» (1904) romani sargiz qoldirdi. Kuchli yumor, kinoya, qiyos, masxara kabi usullar yorqin namoyon bo’lgan va eng muhimi, muallifning oddiy mehnatkash — «kichik inson»ga samimiy muhabbati, olijanoblik va sofdillikni madh etish xususiyati O. Henri hikoyalariga olamshumul shuhrat keltirdi.

03

BEKATDA

Har kuni ayni shom boshlanishi arafasida o’sha sokin va kichkinagina xiyobonning o’sha jimjit muyulishiga kulrang libosdagi bir qiz har doimgiday yana kirib keladi. U tanish o’rindig’iga yaxshilab joylashib oladi-da, boshqa hech qanday ishi yo’qday berilib kitob o’qiy boshlaydi.

Yana takroran aytaman: qizning libosi kul rangda bo’lib, uning qomati va kiyinish uslubidagi har qanday nuqsonni yashira olish darajada bejirim qilib tikilgandi. Katta to’rli ro’moli qizning dum-dumaloq shlyapasi ustidan epchillik bilan tang’ib olingan, shlyapasi ostidan esa qizning chiroyli yuzi benazir husn va latofat taftidan yal-yal yonib turardi. U bu yerga o’tgan kuni ham xuddi shu soatda kelgan, undan oldingi kuni ham ushbu holat takrorlangan va qizning mazkur odatini shu yerdagi sirli bir odam har kech kuzatib yurardi.
O’sha sirli odam kelishgan, yoshgina yigit bo’lib, necha kundan beri o’z omadini kutib doim sal narida qizni poylab turardi. Shu kun yigitchaga taqdir kulib boqqandek bo’ldi, qiz o’qib o’tirgan kitob to’satdan qo’lidan tushib ketdi-da, bir-ikki qadam nariga uchib tushdi. O’sha zahoti uddaburron yigit kitobga chang soldi-da, uni sohibjamol qizga cheksiz umid va olijanoblik hamda hurmat ila tutqazdi. Kitobni qizning qo’liga berayotgan damda fursatdan foydalanib, kechki havo haqida muloyim ovozda bir-ikki og’iz gap qistirib qo’ydi. Odatda, ob-havo mavzusi qismatlar yo’lini tutashtiruvchi, yoki baxtsizlik va yo bir dunyo tole’ taqdim etguvchi ilk tanishuv debochasi hisoblanadi.

Shu paytda qiz ham unga ziyraklik bilan zehn solib chiqdi, yigitning odmigina, lekin top-toza g’ubori yo’q ko’ylagidan uning sofdil yigit bo’lsa kerak, deb xayol qildi.
“Agar istasangiz, o’tirishingiz mumkin”, — dedi qiz bag’rikenglik qilib, “bemalol tortinmay o’tiravering. Bu yer kitob o’qish uchun ancha qorong’ulik qilyapti. Yaxshisi, suhbatlashganim ma’qulroq chamasi”.
Birdan kelib qolgan omadni boy berishni istamagan baxt izlovchisi qizning yoniga mamnuniyat bilan o’tirdi.
“Ishonasizmi”, — deya gap boshladi yigit biroz rasmiy ohangda, “siz men dunyoda uchratgan eng-eng jozibali qiz bo’lasiz! Mana bu chiroyli, porillab turgan ko’zlaringiz bilan bir odamni anchadan beri xayolini olib qo’yganingizni o’zingiz ham bilasizmi, asalim?”

“Nimalar deyapsiz siz? Kimsiz o’zi?”- birdan qizning jahli chiqib ketdi. “Esingizda tursin: Men oliynasab yosh xonim bo’laman. Og’zingizga kelgan gapni aytaverasizmi? Mayli, hozirgina qilgan iltifotli ishingiz uchun bu gapingizni kechirdim ham deylik, ammo faqat kitobni olib berganingiz uchungina kechiraman, bilib qo’ying. Sizga o’tira qoling, deganim bu sizga meni “asalim, shakarim” deb ketaverishingizga ijozat berganim emas. Garchi siz shunday deb qabul qilgan bo’lsangiz, u holda aytgan so’zimni qaytib oldim”.

“Ming bor uzr, juda hijolatdaman, kechiring meni”, — dedi yigit astoydil yalinib. Uning mamnuniyat to’la ko’zlari pushaymonlik va kamtarlik ifodasi bilan almashdi. “Oldingizda katta gunoh qildim, ma’zur tuting. Men o’ylabmanki, xiyobonga kelib turadigan qizlar, albatta, siz bilasizmi, bilmaysizmi, ehtimol…”
“Mavzuni o’zgartirsak, iltimos sizdan”, — dedi qiz gapni cho’rt kesib. “Albatta men bilaman. Ammo men to’g’rimda bo’lmag’ur o’ylarga aslo bora ko’rmang. Yaxshisi, siz menga hamma yoqda g’uj bo’lib, yo’lakchalarda u yoqdan-bu yoqqa shoshilib o’tib turgan odamlar haqida gapirib bering. Bu odamlar o’zi qaerga ketishyapti? Nega bunchalik shoshilib yurishadi? Ular baxtli odamlarmi o’zi?”

Sal oldin mulzam bo’lib qolgan yigit endi tannozlik qiyofasini tashlab, biroz mulohazakor odamga aylanib qolgandi. U hadeb bo’lsa-bo’lmasa gap suqavermasdan, faqat gapirish navbati yetib kelgunicha miq etmay, kutib o’tirgandi.
“Ularni tomosha qilish maroqli hol”, — deb javob berdi u, qizning kayfiyatini o’zicha baholab. “Hayotning g’aroyib tomoshasi bu. Bu odamlarning ba’zilari kechki ovqatga, ba’zilari bo’lsa…yana boshqa-boshqa joylarga ketyapti. Kim bilsin, ularning har bittasining taqdiri qanday ekan?”

“To’g’ri aytasiz, buni hech kim bilmaydi”, — dedi qiz, “men tergovchi emasman, bema’ni savollar bergan bo’lsam, to’g’ri tushuning. Men bu yerga shunchaki toza havoda o’tirib, yengil nafas olib ketish uchungina kelaman, zotan faqat shu sokin xiyobondagina insonning yurak zarblarini xotirjam va teran his qila olish mumkin. Biroq baxtga qarshi mening jamiyatda tutgan o’rnimda ana shu hissiyotni, qalb olamini hech qachon tinglay olmaysiz. Siz mening nima deyayotganimni tushunyapsizmi, janob…?”

“Janob Parkensteper”, — deya qizning gapini to’ldirdi yosh yigit. Shunday deb u yana umid va chanqoqlik to’la ko’zlarini qizga tikdi.
“Yo’q”, — dedi qiz ingichka barmog’ini o’ynagancha, biroz kulimsirab, “siz mendagi holatni darrov tushuna olmaysiz. Axir kimnidir ko’nglini anglay qolish bu lahzalik ish emas-ku. Hatto odamning ko’rinishidan ham uning ichki dunyosini belgilab olish mushkul ish. Oqsochim tang’ib qo’ygan mana bu ro’mol bilan shlyapa go’yo boshimdagi butun o’y-xayollarimni-da berkitib qo’yganday. Hatto har doim sizni mashinada olib yuradigan haydovchingiz ham har kuni ko’zlaringizda miltirab turgan mungni payqay olmaydi. Ochig’ini aytganda, kimlargadir yuqori tabaqaga mansub kishilar toifasidan bo’lish ulkan baxtday bo’lib tuyuladi. Ammo ularning hammasi ham baxtli emas…Men sizga gapiryapman, janob Stekenpot?”

“Parkensteker”, — deb qizning xatosini to’g’rilab qo’ydi yigit kamtarlik bilan.
“Kechirasiz, janob Parkensteker”, — qiz uzr so’rab, yana gapida davom etdi. “Bilasizmi, men har doim chinakam inson – omonat mol-dunyo jimjimasiga uchib, o’zligini buzmagan, haqiqiy odamiylik qiyofasini unutib, manfur va yulg’ich kimsaga aylanib qolmagan, qaysidir ma’noda hayotdagi eng ulug’ toifaga munosib asl inson bilan dardlashib o’tirgim keladi. Oh! Siz mening bu yarog’siz boylik ohanjamasidan qanchalar charchaganimni bilmaysiz! O’zingiz ham ko’ring, bu hayotda hamma narsa pul, pul, faqat pul! Hatto oqshomgi bazmlarda ham bir-biridan qolishmaslik uchun ataylab har-xil soch turmagi bilan kelishadi. Bu ham jonimga tegadi! O’sha zebu ziynat, o’sha sayru sayohat, o’sha tillolarga chulg’angan jamiyatning kibor toifasi – hamma-hammasi bo’g’zimga keldi! Men nihoyatda bezib ketdim!”

“Menda esa aksincha”, — yigit ancha ikkilanib o’zicha tavakkal qildi, “ya’ni, menda hamisha shunday fikr bo’lgan: Pul bu juda yaxshi, nihoyatda ajoyib narsa bo’lishi kerak”.
“Haqiqiy yaxshi va ajoyib, chin yurakdan orzu qilinadigan narsa bu – iste’dod! Million-million pulingiz bo’lsa-yu, ozginagina iqtidoringiz bo’lmasa, boyligingizning hech qancha ahamiyati bo’lmaydi!” Qiz umidsiz va tushkun ohangda gaplariga xulosa yasadi. Oradagi biroz jimlikdan keyin, tag’in so’zlay boshladi: “Hamma narsada bir xillik, zig’ircha o’zgarish yo’q. Mashinalar, kechki ziyofatlar, teatr, tomosha va o’tirishlar. Hammasi keragidan ortiq, bizning ehtiyojimizdan ko’ra ortiqcha darajada mo’l-ko’l. Ba’zida hattoki, shampan quyilgan stakanimdagi muzning tiringlashi ham asabimga tegib, jinni qilib qo’yay deydi meni…”

Janob Parkensteker qizning barcha gaplarini katta qiziqish va zakiylik bilan tinglab o’tirardi.
“Baribir menga badavlat odamlar va ularning mol-dunyo orttirish yo’llari to’g’risida eshitishni jon-dilimdan yaxshi ko’raman. Menimcha, ozgina xudbinroq bo’lsam kerak. Lekin siz bilan suhbatlashib o’tirib, fikrlarimga oydinlik kiritb olyapman. Nazarimda, menga quyilgan shampan vinosi allaqachon sovib qolgan va mening qadahimda hech qanday muz qolmagan ham”.

Shu vaqt qiz chin dildan, xushchaqchaqlik bilan qah-qah otib kulib yubordi.
“Bilasizmi”, — dedi u ko’ngilchanlik bilan, “bizlar hech kimga keragi bo’lmagan, o’zimiz istagandek rohat-farog’atni topolmaydigan toifalardanmiz. O’sha shampan quyilgan qadah va muz solish shunchaki bema’ni bir hoyu havas, shunchaki oliftagarchilik, xolos. Sizga bitta voqeani aytib beraman hozir. Bir kuni Uolderf degan joyda o’tkazilayotgan bazmga Tortari shahzodasi qadam ranjida qilibdi. Bazmdagilar darrov rasmiyatchilikni, dabdagarchilikni joyiga qo’yishibdi. Hattoki ular kechki taom dasturxonida har bitta kibor mehmonning likopchasi yoniga bir donadan yosh bolalarning qo’lqopini qo’yib chiqishibdi.
Qo’lqop nima uchunligini fahmlayapsizmi? U mehmonlar zaytun yeyayotgan paytlarida og’izni artish uchun qo’yilgan edi”.

“Sizni tushunyapman”, — deb yon bosdi yigit kamtarlik bilan. “Unday oliymaqom davralarning o’shanday
ovunchoqlari oddiy xalq uchun g’ayrioddiy holat bo’lib kelgan doim”.

“Gohida”, — deya gapini davom ettirdi qiz, ayni chog’da u yigitning e’tirofiga minnatdorchilik bilan boshini egib qo’ydi, “shunday o’ylaymanki, basharti qismat menga ham muhabbat baxtini in’om etib, kimnidir sevib qolgudek bo’lsam, mening ko’ngil mulkimga quyi tabaqadagi oddiy odam podshoh bo’lib saylanishini tilagan bo’lardim. U oddiygina ishchi bo’lsa ham mayli, lekin tekintovoq bo’lmasin. Ammo tan olish kerakki, ko’ngil istagidan ko’ra boylik qutqusi kuchliroq harakat qilarkan. Men ham ikki nafar badavlat kishilar tomonidan band etilganman. Ulardan biri nemis millatiga mansub, qaerdadir direktor bo’lib ishlovchi Grend Dyuk ismli zodagon odam. Men uni qaydadir allaqachon xotini bor, yo bo’lmasam qachonlardir bo’lgan, deb o’ylayman. Uning johilligi va yengiltakligi uchun o’ldirib qo’yay deyman. Ikkinchi kishi millati ingliz bo’lgan bir markiz, nihoyatda pulga o’ch va sovuqqonki, men hatto undan ko’ra ba’zan berigi nemisni ham afzalroq ko’rib ketaman. Eh, shunaqa savdolar bor mening boshimda! Qiziq, bularni sizga so’zlab berishga meni nima majbur qilayapti ekan, hayronman, janob Parkensteker?”

“Parkensteker”, — deb to’g’rilab qo’ydi yigit yana muloyimlik bilan. “Bilasizmi, siz ayni damda sizdagi ishonch va jasurlikni men nechog’lik qadrlab o’tirganimni hatto o’zingiz ham his qilolmasangiz kerak”.
Qiz yigitga javoban unga samimiy, mehribon nigohini qadadi.
“O’zingiz nima ish qilasiz, janob Parkenteker?”- deb so’radi u yigitdan.
“Bizniki o’ta oddiy, kamtarona bir ish, xonim”, — dedi yigit. “Biroq men ham bu olamda yuqoriga ko’tarilib yashashga umid qilaman. Siz boya quyi tabaqadagi insonni sevib qolish xususidagi orzuyingizni jiddiy aytdingizmi?”
“Albatta, jiddiy aytdim”, — deb javob berdi qiz. “Biroq men “ehtimol”deb aytdim. Axir peshonamda nomzod bo’lib turgan Dyuk bilan markiz borligidan xabaringiz bor-ku. Ha, ammo ko’nglimdagi orzuyim hamon o’sha-o’sha, u darajada quyi bo’lmagan, oddiyroq bir insonni orzu qilib yashayapman”.
“Men”, — deya xitob qildi shu vaqt janob Parkentseker qizning gapini bo’lib, “oddiygina restoranda xuddi siz orzu qilgandek oddiygina bir ishchi bo’lib ishlayman”.

Shunda qiz yigitdan biroz o’zini olib qochdi.
“Ishqilib ofitsiant bo’lib emasmi?”
“Men hisobchiman”, — dedi yigit. “Shu xiyobonning ro’parasida elektr chirog’i yaltirab turgan “RESTORAN” degan yozuvni ko’ryapsizmi? Men xuddi o’sha restoranda hisobchi bo’lib ishlayman”.
Qiz yigitning gaplarini eshitish asnosida chap bilagidagi shohona bilaguzuk o’rtasiga o’rnatilgan qo’l soatiga tez qarab oldi-da, shoshib o’rnidan turdi. Tizzasidagi kitobini beli tor qilib tikilgan ko’ylagining yon cho’ntagiga solib qo’ydi. Lekin kitob cho’ntakka arang sig’ib, ko’ylakning yonboshi ancha do’ppayib qoldi.
“U holda nega ishda emassiz, janob Parkensteker?”- deb so’radi qiz.
“Mening navbatim tunda, xonim”, — dedi yigit. “Ish soatim boshlanishiga hali ancha vaqt bor. Darvoqe, sizni yana ko’rishimga umid qilib qolsam bo’ladimi?”

“Bilmadim”, — deb javob berdi qiz o’ychan. “Ehtimol yana ko’rishib qolarmiz. Mening injiqligim tutib qolmasa, albatta. Endi esa zudlik bilan ketishim lozim. Bugun yana bazm va o’tirishimiz bor. Eh, yana o’sha eski hammom, eski tos! Siz balki, bu yoqqa kelayotganingizda xiyobon muyulishida turgan avtomobilga ko’zingiz tushgandir? Oq rangdagi?”
“Qizil g’ildiraklimidi?”- dedi yigit peshonasini tirishtirgancha mulohazasini bildirarkan.
“Ha, o’sha. Men har gal o’sha mashinada kelaman. Haydovchim meni muyulishda kutib turadi. U meni do’kondan u-bu xarid qilib yurgandir, deb o’ylaydi. U yuragimda yuz berayotgan holatni aslo tushunmaydi. Qaerda bo’lmaylik, hayotning chinakam lazzati ustun chiqarkan bor o’ylaringizdan. Shuning uchun hatto haydovchilarimizni ham aldashga majbur bo’lamiz. Gaplarim cho’zilib ketdi, tezroq keta qolay endi, janob Parkensteker. Xayrli tun sizga”.

“Lekin shoshmang”, — dedi yigit qizni to’xtatib. “Hozir judayam qorong’u bo’lib qoldi, buning ustiga xiyobon ham bezorilar bilan to’la bo’lsa. Men sizni — ”

“Agarda mening orzu-umidlarimga nisbatan zarracha hurmatingiz bo’lsa”, — dedi u shunda qat’iy turib, “men ketganimdan keyin mana shu o’rindiqda o’n daqiqa tek o’tirib turasiz. Taklifingizga e’tirozim yo’q-ku, ammo haydovchim o’z sohibasini bir o’zinimas, yonida qandaydir begona erkak bilan ko’rib qolsa, buning oqibati yaxshi bo’lmasligi mumkin…Yaxshi qoling, janob Parkensteker!”

Qiz ildamlik bilan tez-tez yurib ketdi, uning ulug’vor qiyofasi bir zumda qorong’ulik qa’riga singidi. Yigit esa turgan joyida qizning xiyobon chetidagi yo’lak bo’ylab shoshib ketayotganini zimdan kuzatib turarkan, muyulishdagi mashina yoniga yetganida birdan qizning shartta to’xtaganini payqadi. Shunda yigit qizning iltimosini buzib, hech narsani o’ylamay, uning ortidan chaqqon yurib keta boshladi. Janob Parkensteker qizni ko’zdan qochirmaslik va unga sezdirib qo’ymaslik uchun ataylab butazor va yo’g’on daraxtlarni pana qilib oldinga yuraverdi.

Shunda yigit qizni muyulishdagi mashinaga chiqmasdan, unga chap berib, ko’chani qoq o’rtasidan kesib o’tganini ko’rib qoldi. O’ziga qulayroq yerga turib oldi-da, yigit yana uning keyingi hatti-harakatlarini sinchiklab kuzataverdi. Asosiy yo’lakni bosib o’tarkan, qiz tepasida yaltiroq belgi nur sochib turgan restoranga kirib ketdi. Bu restoran boya yigit aytib o’tgan joy bo’lib, bu yerda eng arzon va oddiy taomlar tayyorlanar edi. Xonimlardek viqor bilan kiyinib olgan qiz esa restoranga kirgan zahoti uning orqa xonasiga o’tdi-da, bir zumda boshidagi shlyapasi bilan to’r ro’molini yechib, qaytib chiqdi.

Restorandagi hisobchilik joyi qoniqarli holatda edi. Unda o’tirgan bir mallasoch qiz har doimgiday devordagi katta soatga tez nazar tashladi-da, asta o’rnidan turdi. Uning joyini kulrang libosdagi bizning “xonim”imiz egalladi.

Bu paytda janob Parkensteker ko’chada ikkala qo’lini cho’ntaklariga solib olgancha yo’lak bo’ylab sekin bosib kelardi. Muyulishga yetib kelganida, uning oyoqlariga yo’l chetidagi chimzor ustida yotgan kichkinagina, qog’ozga o’ralgan nimadir urilib ketdi. Uning yaltiroq va bezakli muqovasidan yigit bu boya qiz o’qib o’tirgan kitob ekanligini tanidi. Uni loqaydlik bilan qo’liga olarkan, janob Parkensteker kitobning sarlavhasiga asta ko’z tashladi. Bu Stivenson ismli muallif tomonidan yozilgan “Yangi ming bir kecha”nomli kitob edi. Yigit hafsalasi pir bo’lgandek uni yana o’t ustiga tashladi-da, o’zi ham bir-ikki daqiqa chimzor ustida cho’zilib yotdi. Birozdan keyin janob Parkensteker o’rnidan turib, muyulishdagi oppoq, g’ildiraklari qizil mashina yoniga kelib to’xtadi. U mashinaning orqa o’rindig’iga o’zini tashladi-da, momiq, par yostiqchalar ustiga yastanib olgancha, haydovchisiga ikki og’izgina so’z aytdi:
“Uyga, Genri”.

KAKTUS

Vaqt shunday shafqatsiz hakamki, u o’tgan har bir daqiqani o’tmishga va xotiraga aylantirib ketaveradi. Hayot o’zanida misoli cho’kayotgan odam esa har bir qilgan xatosini noiloj tan olmasdan boqa chorasi ham yo’q. Afsuski, o’tib ketgan xatoliklarni qo’lqopni almashtirgan kabi tag’in qaytadan o’zgartirib bo’lmaydi.
Bo’ydoqlik uyidagi stol yonida o’ychan turgan Trisdalning boshidan ayni chog’da ana shunday xayollar kechardi. Uning oldidagi stol ustida esa barglari osmonga dadil bo’y cho’zib o’sayotgan bir tuvak yam-yashil o’simlik turardi. Bu o’simlik kaktus gulining turlaridan biri bo’lib, nozik yaproqlari yengil esayotgan shabbodada nafis tebranar, chayqalayotgan barglari bilan go’yo kishini o’zi tomonga chorlab, ishora berayotgandek bo’lardi.

Trisdalning do’sti, ya’ni o’sha kuni to’yi bo’layotgan kelinning akasi, xonadagi javon yonida bir o’zi yolg’iz ichayotganidan norozi bo’lib, zorlangancha gapirayotgandi. Ammo Trisdalning qulog’iga uning gaplari kirmas edi. Har ikkala erkak ham kechki bazm uchun yaxshilab yasanib olishgandi. Qimmatbaho kostyumlarining yaltiroq tugmalaridan chaqnayotgan nur nimqorong’u xona bo’ylab ajib shu’lalar taratardi.

Trisdal asta qo’lqopining tugmalarini yecharkan, ayni damda ko’z oldidan o’tgan oxirgi kunlar lavhalari birma-bir, juda tez tarzda o’ta boshladi. Go’yo hozir ham dimog’iga ibodatxona ichiga bezak sifatida ilingan turli xil gullarning muattar bo’yi urilib turar, quloqlari ostida to’yga yig’ilgan minglab mehmonlarning shodon qichqiriqlari jaranglar, po’rim liboslarning yengil shitirlashi va nihoyat ruhoniyning uning sevgan mahbubasini o’zga yigit bilan nikohlagan duosi tinmay sado berib turardi.

Bir dunyo adog’siz hasratga botgancha o’y surarkan, Trisdal sevgan qizini qanday qilib qo’ldan boy bergani sababini hech topolmasdi. Murosasiz bir asosni qo’pollik bilan tan olarkan, u o’zining sirli va mag’rur, anchagina dimog’dor va olifta bo’lganiga chin dildan o’kinib ketdi. Mana endi o’sha xudbinligi va takabburligi ortidan kelgan baxtsizlikni ko’rib turibdi. Ammo hozir barcha pushmonlik va nadomat tuyg’ularining bari bekor, ustidagi yaltiroq kiyimlar kabi ko’ksida urib turgan yuragi shodlikdan porlamas edi. Manmanlik va kibru havo! Mana shu betamiz xulqlar Trisdalning eng muhim va yaramas qiliqlari edi. Eh, nahotki endi Trisdalning ko’ngil qo’ygani boshqaniki bo’lib ketaversa? Axir u doim g’olib bo’lgan edi-ku? Nega…

Kelinchak ibodatxonaning bezatilgan yo’lakchasidan shohona mehrob tomonga purviqor yurib borarkan, Trisdalning yurak-bag’ri kuyib, benihoya ezilib ketdi, u o’ziga o’zi dalda beradigan bironta kuch topa olmadi. Unga avvaliga qizning chehrasi biroz so’lg’inday, jindek ma’yusday bo’lib ko’rindi, u qaylig’iga negadir sovuq qarayotganday bo’lib tuyuldi. Lekin Trisdalning ko’zlari aldayotgan edi. U kelinchakning bo’lajak eriga mehr bilan, samimiyat bilan jilmayib boqayotganiga ko’zi tushdi-yu, o’zini tamomila unutilganini tushunib yetdi. Bir payt qizning Trisdalga tushib qolgan nigohi ham bu fikrni tasdiqlab qo’ydi. Chindanam, Trisdalning o’ziga bino qo’yishi orzularini barbod etdi, uning so’nggi tirgagi – ardoqli muhabbati barham topdi endi. Lekin Trisdal munosabatlarining nega ana shunday yakun topganiga hanuz bir yechim topolmasdi. Nega bunday bo’ldi axir? Na bir janjal va na bir tortishuv, g’alvasiz hammasi tugadi-qo’ydi. Qalbi vayron bo’lgan yigit o’z yog’iga qovrilgancha oxirgi kunlar voqealarini ko’z oldida gavdalantirar va sira ularga tayinli javobni topa olmasdi.

Qiz hamisha Trisdalga nihoyatda iltifotli edi, unga shohona mulozamat ko’rsatar, hurmatini doimo joyiga qo’yardi. Yigitning qoshida shunaqangi latif qiliqlar qilar ediki, Trisdalning mag’rurona qarashlari qizning bolalarcha sodda, itoatgo’y chehrasidan zumda erib ketardi. Trisdal hammavaqt eng yuqori sifatlar hamda afzalliklar bilan tilga olinar, yuqori baholanar, xuddi suvsagan qaqroq cho’lga yoqqan yomg’irdan so’ng tuyqus ochilgan bir dona gulday tengsiz qadrlanardi.

Qo’lqopining oxirgi tugmalarini bo’shatayotgan paytda Trisdalning avvalgi xudbinlik xislati bilan kechikkan motamsaro kibru havosi shu chog’da yana unga qaytib keldi. So’nggi tundagi uchrashuv yigitning xayolida jonlanarkan, uning haqiqatdanam juda boshi qotib qoldi. Shu bilan birga o’sha oqshomgi qizning mayin nigohlari, sochlarining yengil mavj urishi, ko’zlaridagi yumshoq va bokira bir joziba Trisdalning ko’nglini yana-da jo’shdirib yubordi. Uning so’zlari yigitning quloqlari ostida hamon jaranglab turardi. Qiz unga shunday gaplarni aytgandi o’shanda:
“Darvoqe, men bitta gap eshitib edim. Kapitan Karuzersning aytishicha, siz ispan tilida xuddi ispanlardek so’zlay olarmishsiz. Nega shunday noyob iste’dodingizni mendan yashirdingiz? Xo’a, mendan berkitgan yana qanday qirralaringiz bor?”

YO tavba, bu Karuzers jinni-pinni bo’lib qolmaganmi mabodo? Shubhasiz, u Trisdalni g’irt aybdor qilib qo’ygandi, axir Trisdalning chet tillarini u qadar yaxshi bilmasligi, har doim lug’atdan foydalanishini u binoyidek bilardi shekilli. O’sha Karuzers Trisdalning ozgina qobiliyati va bilimini o’ta oshirib yuborgani aniq.

Ammo, o, Xudoyim-yey, qarishisida gul-gul bo’lib ochilgancha hayajondan yengil titrab so’zlayotgan qizning hayrati va tasannosi shu qadar kuchli ediki, Trisdal Karuzersning yolg’on ta’rifini hech bir raddiyasiz qanday qilib qabul qilib qo’yganini o’zi ham bilmay qoldi. E’tiroz bildirish o’rniga u ispanchadan bo’lgan soxta bilimini yana-da bo’rttirib ko’rsatishga urindi. O’zicha qizni beshbattar qoyil qilaman, deb noo’rin ishlatgan bu yolg’on tasdig’i keyinchalik Trisdalning o’ziga achchiq tikon kabi kelib sanchildi.

O’sha tun mahbubasi qanchalar suluv va shaffof edi-ya! O’shanda u misoli tuzoqqa tushib qolgan qushchaday potirlar, hayajonlanar, birdan jim qotib tinglar ham edi. Trisdal o’sha oqshom bor mag’rurligini tark etib, qizga dil izhori qilgandi. U sevganining uyalgan, qizaringan chehrasiga boqib turib, qizning hech bir inkorsiz uning sevgisini qabul qilishiga butkul ishongan edi ham. “Javobimni ertaga aytaman”, — deb ketgandi qiz hayo bilan jilmaygancha. Uning tabassumi Trisdalga cheksiz umid payg’omlarini taqdim etgandi o’shanda.

Shu tarzda u ertasi kun sabrsizlanib mahbubasining javobini intiqlik bilan zor kutdi. Peshin payti bo’lganda, qizning uyida otboqar bo’lib ishlaydigan kishi qip-qizil tuvakda g’alati bir kaktus gulini tashlab ketdi. Ustiga qandaydir tilda yozilgan yorliqdan tashqari, gultuvak ichida na bir so’z va na bir xat bor edi. Yigit hayron qolib, yarim tungacha yana kutdi, lekin qizning javobi yetib kelmadi. O’sha damda Trisdalning baland g’ururi va toptalgan manmanligi uni qizni qidirishdan tiydi. Oradan ikki kun o’tgach, ular ittifoqo bir kechki bazmda uchrashib qolishdi. Ko’rishuvlari har doimgiday oddiy, ortiqcha gap-so’zsiz kechdi ammo qizning ko’zlari nimagadir mushtoq, betoqat va ajablanib boqardi. Trisdal bo’lsa uning kechikkan javobi uchun izoh berishini kutib turardi. Biroq qiz unga tushuncha berish o’rniga yuzini ters o’girgancha ketib qoldi. Shu taxlit ular hech bir sababsiz, hech bir izohsiz indamay ajralishdi. Lekin baribir Trisdal sira-sira tushunolmasdi: uning gunohi nima edi? Bu yerda kim aybdor o’zi? Ana endi cheksiz qayg’uga botgancha, o’zining nokerak bo’lgan mag’rurligi orasidan javob axtararkan, Trisdal mushkul ahvolda qattiq azob tortmoqda edi. Agarda…

Birdan javon oldida turgan ikkinchi erkak, kelinning akasining ovozi Trisdalning xayollarini parday to’zg’itib yubordi.
“Menga qarang, Trisdal, namuncha o’yga cho’mib qoldingiz? Xuddi bo’yniga ola xurjun ilinayotgan kuyovto’raday qovoq-tumshuq qilib olibsiz. Siz bor-yo’g’i bir ishtirokchisiz-ku bu to’yda, do’stim. Bilasizmi, men bugun g’oyatda suygan, ardoqlagan jonu jigarimni uzatyapman. O’zi bittagina singlim bor edi, endi mana, uyam ketyapti. Ha, mayli, baxtli bo’lsin! Qani, keling, bunaqa xomush o’tirmang, ko’nglingizni chog’ qiling. Mana, buni oling, birga-birga ichaylik bugun!”
“Hozir hech narsa ichgim yo’q, rahmat”, — dedi Trisdal boyagiday kayfiyatda.

“Sizlarning brendiyingiz”, — deya gapini davom ettirdi Trisdalning do’sti, “judayam yoqimsiz ekan. Biror kun bizning taraflarga borib, uyimizdagi ichimliklardan bir totib ko’rsangiz bo’larkan. Ana o’shalar ichishga ming karra arziydi”.
Bir mahal kelinning akasi Trisdalga hayrotomuz kulgancha boshqa gap qotdi:
“Eh-he! Mana buni qaranglar! Bu gul biz tomonlardan-ku! Mana bu kaktusni aytayapman, Trisdal! U sizga qaerdan kelib qoldi?”
“Bu sovg’a”, — deb javob berdi Trisdal, “bitta do’stimdan. Siz buning turini bilasizmi?”

“Bilganda qandoq”, — dedi do’sti faxrlanib, “bu kaktus gulining tropik iqlimga moslashgan turlaridan bo’ladi. Siz biz taraflarda bunaqasidan yuzlabini uchratishingiz mumkin. Mana bu yerga gulning nomi ham yopishtirib qo’yilibdi-ku! Siz ispanchani bilmaysizmi, Trisdal?”
“Yo’q”, — dedi Trisdal achchiq kulimsiragancha, “bu ispanchamidi hali?”

“Ha-da. Ispanlar kaktusning mazkur turining yaproqlarini go’yoki siz tomon qo’llarini cho’zib, nimagadir ishora berayotganday, deb faraz qilishadi. Ular bu kaktusni “Ventomerme”deb atashadi. Inglizchada qanday ma’no anglatishini bilasizmi siz? “Ventomerme” – inglizchada “Kelib, meni olib ket”, degani bo’ladi”.

YO’L AYLANIB

“Ko’ylaging o’zingga loyiq keldimi, Sem?”- deb so’radi Uebber xonim eman daraxti ostidagi o’zining jonajon tebratma kreslosida kitob o’qib o’tirarkan.
“Ha, endi soz bo’libdi, Marti”, — deb javob berdi Sem biroz o’zidan ketib. “Avvaliga men o’zim tugmalarni joy-joyiga qo’yib, qaday olmayotgandirman, deb o’ylagan ekanman, keyin bilsam, teshiklarining o’zi tugmalar uchun xiyol kattalik qilarkan”.
“Ha, bo’pti-da. Endi ko’ngling to’lgan bo’lsa bo’pti”, — deb qo’ydi xotini unga beparvo ko’z tashlab. “Bo’yinbog’ingni ham tang’ib ol. U ko’ylagingni yanayam ochadi”.

Sem Uebberning qo’y ranchosi Nueses bilan Frio o’rtasidagi eng xilvat yerga joylashgan edi. Ikki qavatli bu bino kimsasiz chakalakzor o’rtasida do’ppayib turgan yaydoq tepalik o’rtasiga joylashgandi. Ranchoning oldida chog’roqqina maydon bo’lib, u joyda otar o’tlab yurar, yana shu yon-atrofda qo’ylarning yungini oladigan yungxona ham bor edi. Ranchoning shundoqqina orqasidan esa tikanli chakalakzor boshlanib ketardi.

Sem arzanda qo’ylari uchun tuzukroq mayin yung sotib olish uchun qo’shni Chepmen ranchosiga borib kelmoqchi bo’lib yurgandi. Biroq bu safar uchun alohida e’tibor qaratmasa bo’lmasdi, negaki Chepmen ranchosi o’zining aholisi hamda hajmi jihatidan deyarli shaharchaday bo’lib qolgan binoyidek joy edi. Shuning uchun ham Sem bu safariga muvofiq ravishda “yasan-tusan”qilib olishga qaror qilgandi. U o’zidan mutlaqo yangi, o’zgacha qiyofa yaratishni xayol qilib, o’ngu tusini chiroyliroq qilish harakatida edi. Zarbdor muskullari bilan oftob olgan bo’ynini qo’pollik bilan qisgan oppoq bo’yinbog’ uning aftiga noodatiy ifodani bag’ishlab turardi. Yaxshilab o’nglanmagan maykasi ustidan tugmalari chala yarim solingan ko’ylagi notekis hilvirar edi. Semning baquvvat adl qomatini tuzukkina yashirib turgan “tayyor qo’ldan olingan” kulrang kostyum bu qo’ysevar cho’ponning har doimgiday alpon-talpon qilib yurishiga ancha monelik qilardi. Balki engil-boshidagi shuncha noqulaylikni debmi, Semning qoraygan yuzlarida xuddi qamoqda begunoh jabr tortib yotgan mahbusnikiday qayg’uli manzara qotib qolgandi. Uydan chiqar ekan, Sem hovlida o’ynab yurgan uch yoshli o’g’li Rendining boshidan silab o’tdi-da, darvoza oldida uning chiqishini kutib turgan oti – Mexiko tomon shoshildi.

Tebranma kreslosida bamaylixotir o’tirgan Marta qo’lidagi kitobining o’qiyotgan sahifasiga barmog’ini belgi qilib qo’ydi-da, erining “pardoz-andozi”dan keyin ortida qolgan ivir-sivirlarga muloyim jilmayib qaradi:
“Bu tarovatingda, Sem”, — dedi ugap ohangini ataylab cho’zib, “Texasning manaman degan cho’ponidan ko’ra ko’proq o’sha ranchoyingda o’sib yotgan o’t-alafga o’xshab ko’rinyapsan”.

Sem beso’naqaylik bilan egar ustiga joylashib oldi.
“Shu gapni hamma gapirsa ham, sen aytmasang yaxshi bo’lardi. Xotinim emish yana”, — dedi u kesatib. “Eringning kiyim-kechagiga qarab qo’yish o’rniga qachon qarasa, yalpayib o’tirvolib, qayoqdagi bo’lmag’ur kitoblarni varaqlaganing-varaqlagan!”
“Yaxshi bo’pti! Ketaqol endi, yo’lingdan qolma”, — dedi xotini unga javoban. Missis Uebber kreslosining tutqichlariga yengilgina urib qo’ydi. “Har doim mutolaamning beliga tepasan. O’qiydigan bir dunyo kitoblarim bor. Buning ustiga men istagan paytimda xohlaganimcha mutolaa qila olaman. Bu havoyi va tashlandiq qishlog’ingda na gaplashgulik va na eshitgulik bir qiziq odaming bo’lmasa, boshqa yana qanday vaqtichog’lik bo’lsin? Hatto sen bilan ham beg’alva gaplashib bo’lmasa, qachon qarasa, noliganing-noligan, noliganing-noligan-a! Voy, tezroq keta qolgin, Sem, bor, meni o’z holimga qo’y!”

Sem tizzalarini otining biqinlariga mahkam tirab oldi-da, qadrdon hamrohini asta turtdi. Ular birozdan so’ng eski, asosiy qishloq yo’li ustiga chiqib olishdi. Vaqt hali erta, soat endigina sakkiz bo’lgan, biroq kun halitdan qizdirishni boshlagandi. Bundan uch soat oldinroq yo’lga chiqsam bo’lardi ekan, deb ichida jindek afsuslanib qo’ydi Sem. Aslida Chepmen ranchosi atiga o’n sakkiz mil` narida joylashgan edi, lekin yo’l juda notekis, ayniqsa mana shu asosiy yo’lning o’zi uch mil` masofa uzunlikda edi. U xuddi bu yo’llardan avval ham bir marta yurgan, shuning uchun ketayotgan yo’li aniq esida qolgandi.

Sem qishloqning asosiy yo’lidan burilib, Kvintenilladagi kichikroq soy yoqalab yo’lida davom etdi. Ayni shu yerda yo’l torgina so’qmoqchaga aylanib ketar, so’qmoqcha yam-yashil, barra maysalar bilan qoplanib yotar, Mexiko esa bu
yo’ldan satang yurish qilib, nozanday yo’rg’alab borardi. Yana qarshisidan Yovvoyi Dik suv dambasi chiqib qolganida Sem ortiga o’girilib, tikanak qoplab yotgan kichkina tepalik tarafga ko’z tashladi. Shu yerdan boshlab u ortida qoldirib ketayotgan yo’llarining yaxlit qiyofasini yodda tutib tag’in oldinladi. Sem tikanli yirik butazor oldidan o’tayotib nihoyatda qiynalib ketdi, bu chakalakzor qurg’ur ham o’zi naq yigirma yarddan kam bo’lmagan hudud ekan, Sem to daraxtlar sharpasi soya solib turgan kengroq joyga chiqib olguncha yuragi halak bo’lib ketdi. U Kvintenilla bilan Pedra o’rtasida qad rostlagan qiya tepalikning nishabligidan asta odimlab o’ta boshladi.

Oradan ikki soatcha vaqt o’tgandan keyin Sem birdan yo’ldan adashganini sezib qoldi. Sem alg’ov-dalg’ov yo’llar ustidan bosib o’tib, o’zining aniq yo’nalishini yo’qotib qo’ygandi. Sadoqatli cho’pon o’sha zahoti qattiq sarosimaga tushib qoldi, u nima qilishini bilmay, atrofga olazarak qarayverdi. Mexiko bo’lsa egasining notinchligidan halovati buzilib, boshini u yoqdan-bu yoqqa burib, har yoqqa alanglay boshladi. Semda kechayotgan chigal o’ylar ayni damda Mexikoning ham xayolini parmalar edi.

U ham oldindan manzilni bashorat qiluvchi biron-bir belgi topolmas, butun tevarak-atrofda Chepmen ranchosidan darak berguvchi qildek nishona yuz ko’rsatmasdi. Ular alanglay-alanglay, nihoyat qisqagina, ammo hatto quyon ham yorib kirolmaydigan darajada zich bo’lgan butazor ro’parasidan chiqdilar. Chindanam, odam bolasi qadam qo’ygudek yer emas ekan.

Ko’pni ko’rgan chorvador yoki cho’pon uchun-ku bir kechalik yoki bir kunlik adashib qolish hech gap emasdi. Ularda bunday holatlar tez-tez bo’lib turadi. Bir kechalik ovqatdan qolib, shundoqqina egarining ustidagi yumshoq adyolni mayin maysazorlar ustiga to’shab maroq bilan uxlab yotish – tajribali qo’ychivonlar uchun arzimas hodisa. Lekin Semning vaziyati mutlaqo bo’lakcha edi. U umrida hech qachon qoq yarim tunda o’z ranchosidan bir mil ham uzoqqa ketib qolmagan edi. Martaning chakalakzordagi ilonlarga, zaharli hasharotlarga, hatto selkillama qora qo’ylarga ham yuragi yo’q edi. Shuning uchun ham Sembir o’zini hech qachon tashlab ketmasdi.

Adashib qolganidan keyin taxminan to’rt soatcha izillab, tentirab qolgan Sem birdan hushyor tortdi. Uning vijdoni qiynalayotgan edi. O’zi bir ahvolda, shalviragan, butun yasan-tusan qilgan kiyimlari kir, shalabbo bo’lgan, bularning bari horigandan ko’ra Semdagi adog’siz bezovtalik nishonalari edi. Bu paytga kelib u allaqachon Friodagi poezd yo’lini shartta kesib o’tib, to’ppa-to’g’ri Chepmen ranchosiga kirib boraman, deb umid qilayotgandi. Agarda u yo’ldan chalkashib ketmaganda edi, allaqachon o’z manziliga yetib, bahuzur ko’zlagan ishini ham tamomlab olgan bo’lardi. Sem hozir o’z uyidan ellik mil nariga ketib qolganday, o’zini nihoyatda yolg’iz his etdi. Basharti u yangi ot bilan yo’lni so’roqlab-so’roqlab ortga qaytgan taqdirdayam sevikli Marta bilan shirintoy o’g’lining yoniga qaytish uchun butun tun yo’l bosishiga to’g’ri kelardi.

“Mana, o’zimdan ketganimning jazosi!” Semni cheksiz pushaymonlik tuyg’usi qurshab oldi. Uning tomog’iga yong’oqdek narsa tiqilib qolgandi. Kitobsevar ayoliga aytajak so’zlari xayolidan o’tarkan, sodiq cho’ponning ko’zlarida yosh halqalandi. To’g’risiyam, Semning tuturiqsiz haqoratlariga dosh berib, gadoytopmas, vahimali o’sha ranchoda yashash xotiniga ham oson emasdi. Sem shuncha vaqtdan beri mutolaaga mayli bor xotinining ustidan kulib, u o’qiyotgan semiz-semiz romanlarni mensimasdan, qilgan qiliqlarini eslab, juda uyalib ketdi, o’zini-o’zi ayovsiz la’natladi.

“Uning bor ovunchog’i ana o’sha romanlari bo’lsa, bechora nima qilsin chindanam”, deb xo’rsindi Sem. Mexikoning quloqlariga bo’lsa uning bu ohangi negadir g’ayritabiiy, o’ta boshqacha bo’lib eshitilib ketdi. “Menga o’xshagan kallavaram skuns* bilan yashash ungayam og’ir bo’lsa kerak. Faqat pishir-kuydir, kir yuv, ovqat qil, qo’ylarning kalla-pochasini tozala, yana ustiga-ustak erining ma’nisiz xo’rlashlariga chidab yashash! Rostdanam, undan ko’ra bir bet kitob o’qish zavqliroq-da!”

U xayolida Martani ilk daf’a uchratgandagi qiyofasida jonlantirib ko’rdi: durkun, dildor va g’ururli go’zal! Qora mehnat va yillar tim jigar tusga bo’yashidan avval Martaning yonoqlari nim pushti rangda jilolanib turardi. Doimiy sukunat cho’mgan quyuq chakalakzorlar orasida osmono’par orzu-xayollarga burkanib yashagan xayolparast va soddadil qiz!

“Agar men shunaqa dag’al muomalam va qo’rs gaplarim bilan ichimdagi sevgi izhorimni tilimga ko’chirganimda bormidi, meni hatto yovvoyi mushuk ham tilka-pora qilib yuborgan bo’lardi”.
Sem o’zidan-o’zi norozi bo’lib, ana shunday g’urbatli o’ylari bilan qaysi yo’ldan borayotganini ham aniq idrok qilolmasdan  qaergadir ketib borardi. U faqat o’zining nechog’lik insofsizligini, Martaga qilgan qilguliklari to’g’risidagina o’ylar va ezilar edi. U endi nima qilishini bildi. Sem nima qilib bo’lsa ham Martani xursand qilgisi kelardi. U yung olib-sotadigan og’aynilari Gartsiya bilan Jons va San Antonioga ham birvarakayiga xat yozadi. Semning kallasida bundan boshqa yana yangi-yangi rejalar tug’ila boshladi. U o’zining bir xonasida yaltirab turgan kichkinagina qop-qora pianinoni ko’z oldiga keltirdi. Butun oila kechki ovqatdan so’ng pianino atrofiga jam bo’lib olgancha o’g’ilchasi Rindo chalayotgan ajoyib kuyni tinglab o’tirganlari Semning ko’z oldida yaqqol namoyon bo’ldi.

Ammo shuncha tuzgan g’aroyib rejalari hamda ularni amalga oshirish istagi Semning Marta bilan o’g’li Rendi o’tkazadigan vahimali tun qayg’usi yukini yengillatib qo’yolmasdi. Uzzukun nuqul adi-badi aytishib, g’alva-g’ishava qo’zg’aganlari bilan Marta baribir har tun Semning kuchli qo’llari ustiga asta boshini qo’yar, bor qo’rquvini yashirgancha, Semning yurak urishini tinglab yotar, butun vujudini mamnunlik va shukronalik hissi qamrab olardi. Aslida-chi, Martaning qo’rquvlari chindanam asossizmidi? Sem elma-el kezib, bosqinchilik qilib yurgan bezori meksikaliklarni xayoliga keltirdi. Rancholarga pusib boradigan tungi yovvoyi mushuklar, tili uzun silliq ilonlar, mingoyoqlar va yana bir olam xavf-xatarlar cho’ponning yuragini g’ash qildi. Ehtimol Marta hozir qo’rqqanidan , jazavaga tushib o’tirgandir. O’g’li Rendi bo’lsa yig’lab, dadasining tezroq kelishini yalinib so’rayotgandir balki.

Ketma-ket cho’zilib, bir-biriga ulanib ketgan butazorlaru o’simliklarning hech adog’i ko’rinay demasdi. O’ydim-chuqur yerlar, nishablik ketidan tag’in boshlanib ketadigan nishabliklar, jarliklarning hammasi bir-biriga farqlanmas darajada o’xshab ketardi, boz ustiga ular faqat takrorlanib boraverardi, sira-sira o’zgarmas va yo tugamas edi. Xudoyim-yey, qaniydi, tezroq biror tanish yerdan chiqa qolsaydi!

Hayot juda qiziq-da yoki tabiatning o’zi o’yin qilishni xush ko’radi. Oddiy odamning hayoti aqlli diplomatnikidan ko’ra qiziqarliroq kechishi ham mumkin hatto. Qorlarda yo’qolib qolgan kishilar to hushdan adashganicha ba’zan bitta doira ichida aylanib yurganlarini anglay olmaydilar. Yoxud falsafalari boy sayohatchilar yoki bo’lmasa turli aqliy jarayonlarda aylanib-aylanib keyin yana eng boshlang’ich nuqtasiga qaytib kelishlarini tushunmaydilar.

O’ziga ishonch bilan hamon jadal yo’rtib borayotgan Mexikoning quloqlari ostiga horg’in, afsuslangan Semning chuqur-chuqur xo’rsinishi kirib borardi. Ular yana tik qoya nishabligidan yonbag’irlab ketgan o’n yoki yigirma fut balandlikdagi qalin butazor oralab ketmoqda edilar.

“Endi chiday olmayman, Mex”, — deb yubordi Sem otiga iltijo bilan qarab, “mana shu yerga kelganda tamomila holdan toydim. Axir sen o’zing ham o’lgudek charchab ketdingku, og’ayni. O, Xudojonim-yey, nima balo, bu yorug’ dunyoyingda birontayam kulba-kapang ham qolmaganmi!” Sem faryod qilib, tovoni bilan baribir Mexikoning biqinlariga turtdi.

Ot bunga javoban norozi ohangda pishqirib qo’yarkan: “Yaqin-atrofda o’sha kulbang bo’lganda ham bizga nima foydasi bor bo’lardi? Axir uyga tezroq yetib olishimiz kerak-ku”, deb qo’ygandek bo’lardi.
Lekin shunga qaramay Mexiko yurishini battar tezlatdi, hatto yo’rtigancha chopib ham ketdi. Ulkan, qop-qora chakalakzorni aylanib o’tarkan, Sem bir nafasga to’xtadi. U qo’lidagi otining tizginlarini yerga tashladi-da, ko’zlariga ishonmasdan o’tirgan joyida o’tirib qoldi. Sem o’z uyidan juda borsa o’n yard narida turar edi.

Sadoqatli Marti yuvosh va beozorgina bo’lib, eshik oldida o’zining qadrdon tebratma kursisida hamon kitob o’qib o’tirar, bolajon Rendi esa yerga o’tirib olgancha kichkinagina o’yinchoq mashinasini g’izillatib yurgizish bilan band edi. U bir zum o’yinidan boshini ko’tarib, sal narida turgan dadasiga ko’zi tushdi-yu, lekin uni taniy olmasdan yana o’yiniga berildi. Marti esa bu payt qandaydir sharpani sezgandek bo’lib orqasiga erinchoqlik bilan o’girilib qaradi. U odatdagidek tizzasiga qo’yib olgan kitobining kelgan yeriga barmog’ini belgi qilib qo’yib turardi.

Ana shu vaqtda Sem bir seskanib oldi. Xuddi yomon tush ko’rib, birdan uyg’onib ketgan odamday o’zini g’alati sezdi-yu sekin egardan tushdi. Qattiq hayajonlanib ketganidan Sem nuqul lablarini yalardi. Ammo u o’zidagi noqulay holatni bildirmaslik uchun darrov xotiniga o’shqira ketdi:
“Buni qara, haliyam shu bo’lmag’ur romanlaringni titkilab o’tiribsanmi?! Sendan boshqa kim ham o’qirdi bu semiz kitoblaringni?! Qani, yig’ishtir hammasini tez! Senga aytyapman!”
Mana, yana o’sha Sem. Texasning manaman degan bu cho’poni safari davomida adashib qolib, bir yo’l aylanib kelgan, lekin qaytgan zahoti tag’in o’sha-o’sha baqiroq Semga aylanib olgandi

09

(Tashriflar: umumiy 1 471, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring