Yusuf Xos Hojib. Qutadg’u bilik. 31-38 boblar. Emin Usmon tarjimasi

kitob    Асли исми Юсуф бўлган илк турк достоннависи Болосоғунда туғилган. Хос Ҳожиб (айрим манбаларда Юсуф Болосоғуний) шоирнинг унвони бўлиб, унинг асари ҳукмдорга тортиқ қилингандан сўнг шундай номга сазовор бўлган. Муаллифнинг бизгача етиб келган ягона асари хижрий 462 (1069-70)да ёзиб тугалланган «Қутадғу билиг» («Бахтлиланиш билими») бўлиб, муаллиф ўз асарини 18 ойда ёзиб тугатган. Асардаги тўрт рамзий қаҳрамон Кунтуғди (адолат), Ойтўлди (давлат), Ўгдулмиш (ақл) ва Ўзғурмиш (қаноат) тимсоллари орқали Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг ижтимоий-сиёсий, адабий-фалсафий қарашларини ифода қилган.
Асар бизгача уч нусхада етиб келган бўлиб, биринчиси сақланиш ўрнига кўра «Вена нусхаси» деган ном билан юритилса ҳам, аслида Ҳиротда 1439 йилнинг 17 июнида котиб Ҳасан Қора Сойил Шамс томонидан уйғур ёзувида кўчирилиб тугатилган. Иккинчи нусха кўчирилиш ўрни, топилиши ва сақланишига кўра «Қоҳира нусхаси» (Қоҳирадаги Ҳидув кутубхонасида сақланаётгани 1896 йилда маълум бўлган) деб номланади. Учинчи нусха «Наманган нусхаси» номи билан илмга кирган бўлиб, 1923 йили Фитрат томонидан қўлга киритилиб, Тошкентга келтирилган. А.Кононовнинг аниқлашича, ушбу қўлёзма мавжуд нусхалар ичида энг мукаммалидир. У 6329 байтдан иборат, маснавий (арузнинг «мутақориби мусаммани маҳзуф») вазнида ёзилган.

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ
ҚУТАДҒУ БИЛИГ
Қадим туркчадан Эмин УСМОН таржимаси
09

ЎТТИЗ БИРИНЧИ БОБ
ЭЛЧИ (ЯЛАВОЧ) ҚАНДАЙ БЎЛИШИ
КЕРАҚЛИГИ БАЁНИ
045
2599. Жавоб бериб айтди Ўгдулмиш: Элиг,
Бунинг учун албат зарурдир билиг.
2600. Ялавоч бўлишга сара эр керак,
Билимли, ақлли, ботир шер керак.
2601. Ҳақ қуллари аро сара, хиллари,
Инсон яхшисидир хон элчилари.
2602. Элчи билан битар ҳар турли юмуш,
Элчи-ла содир бўлар кўп хайрли иш.
2603. Элчи ақл-ҳушли ҳам босиқ бўлсин,
Илмли, сўзга чечан, тадбирли бўлсин.
2604. У пухта билса сўзнинг ичу тошин,
Тузатар давлатиинг бузилган ишин.
2605. Эшитгин, жаҳонгир бег нималар дер,
Элу юртга бош бўлган билимдон эр:
2606. Эл доно зот, билимлини тани, бил,
Билимдон кншини элга бошчи қил.
2607. Қайси ишда Ақл-заковат эш эрур,
Ўша иш албатта ўнгидан келур.
2608. Қай бир ишга ишин ишлатса олим,
Қўл ургач, мақсадга етади доим.
2609. Илм, ақл-заковатни ишлатса киши,
Ўнгидан келади бошлаган иши.
2610. Элчи содиқ, кўзи, кўнгли тўқ бўлсин,
Ва ишончли, феъл-атвори ўқ бўлсин.
2611. Содиқ киши бегнинг фойдасин тилар,
Фойдасин кўзлаган бегини севар.
2612. Ишончлини бегга манфаатли бил,
Уни топсанг дилга яқин тут, дўст қил.

2613. Содиқ ходим — жигар, юрак қонидир,
Жигардан ҳам яқин, инсон жонидир.
2614. Суқ кишининг иродаси бўш бўлар,
Улар элчиликка нолойиқ бўлар.
2615. Кўзи тўқ гар фақирдир бой саналар,
Сабр этган ҳар ишда зафар қозонар.
2616. Суқ таъмагирдир, таъма этгай адо,
Бундайлар доимо аталар гадо.
2617. Нима дер эшитгин кўзи тўқ киши,
Кўзи тўқ киши бўлди бойлар боши.
2618. Гадо қилса кимни бу кўз суқлиги,
Бой қилолмас уни дунё тўқлиги.
2619. Ким агар таъмага бўлса асир, қул,
Бу дарддан қутилгай ўлим бирла ул.
2620. Яна яхши айтмиш билим бергувчи,
Кўзи очга панд-насиҳат қилгувчи:
2621. Бой бўлишни истасанг, эй мард ўғлон,
Кўнгил бойлигини истагин ҳар он.
2622. Буткул қул бўлса ҳамки кўзи тўқ хон,
Суқ бегликдан тўқ қуллик афзал, инон.
2623. Гар хон очкўз бўлса гадойдир, гадой,
Қайси қул кўзи тўқ — у хон, кўнгли бой.
2624. Андишали, босиқ, хушфеъл бўлсин у,
Хушфеъллик-ла турли билим билсин у.
2625. Андишасиз киши тубан, паст бўлар,
Андишали киши одил, ҳақ бўлар.
2626. Оғир-босиқ бўлса, ҳалиму маъқул,
Феъли яхши бўлса, барчага мақбул.
2627. Абжир ва билимли бўлса гар одам,
Бор ишда ютуққа эришгай ҳар дам.

2628. Бу байтни ўқигин, не дебди эшит,
Илм-ла иш бошла, ўзингга эш эт.
2629. Ақл-идроқ бирла уқ, билим бирла бил,
Кунинг қутли бўлсин, саодатли йил.
2630. Ғайрат билан инсон тилакка етар,
Илм, ақл топса, сўнг ишларин ҳал этар.
2631. Ғайрат қилиб ўрганса турли битик,
Битик билган киши бўлар кўп тетик.
2632. Ўқиш, ёзиш билса, тушунса сўзин,
Шу зайил олим қилар киши ўзин.
2633. У билсин хилма-хил касб-ҳунар тўлуғ,
Инсон юзин меҳнати қилар ёруғ.
2634. Кўп китоб ўқисин, билсин ҳар сўзни,
Шеърларни тушунсин ҳам ёзсин ўзи.
2635. Илми нужум, табобатни билсин у,
Ҳам тушларни тўғри таъбир қилсин у.
2636. У билсин ҳисобу ҳандаса илмин,
Илдиз чиқариш ва ер ўлчаш илмин.
2637. Нард ва сатранж ўйанин пухта билса,
Мағлуб рақибларин қадди букилса.
2638. Чавгон билсин, мерган – отар, бўлсин ўқ,
Лочиндор ва овчи бўлсин тенгги йўқ.
2639. Ҳамма тилда сўзлашни билсин тили,
Барча хатни ўқисин, битсин қўли.
2640. Элчи учун шундай фазилат керак,
Шунда иш юришиб, ушалар тилак.
2641. Гар элчи зеҳнли, доно, зийрак эрур,
Наф кўрар бег, бало олди олинур.
2642. Элчи бўлса бўшанг, бетайин, ёмон,
Тўқар бегнинг обрўсини бегумон.

2643. Элчи шаксиз яхши бўлмоғи керак,
Журъат-ла ҳар ишни ечмоғи керак.
2644. Қай касб-ҳунар кўрсатса, билса қадрин,
Санъат ва илмни уқса ошар қадри.
2645. Қай бир киши айтса унга ўз сирин,
Дардин уқса, сирин тутса яширин.
2646. Элчи санъат сирларин билса тўлуғ,
Бегининг номини айлагай улуғ.
2647. Нима дер, эшит, иш билар Кўк Айуқ*,
Бу сўзни уқмаган киши эси йўқ.

* Кўк Айуқ — Туркман оқсоқолларига бериладиган унвон

2648. Кимнинг касб-кори бўлса, номи чиқар,
Ҳунарсиз унутилар, номсиз йитар,
2649. Инсон фазли бирла инсондан ўзар,
Кимда ақл, фазилат бор ўрлаб учар.
2650. Илму ҳунар бирла қўл сунса агар,
Юксак тоғлар ҳатто ерга эгилар.
2651. Сўз уқар бўлсин у ҳам ҳозиржавоб,
Саволингга берсин маъноли жавоб.
2652. Ичкилик ичишдан ўзин тутгувчи,
Ўзин тийган бўлар бахт юшрувчи.
2653. Олим ичимлик ичса илмсиз бўлар,
Билимсиз маст бўлгач, нималар қилар.
2654. Ичкилик билиму ақлга душман,
Номи уриш-жанжал — бир умр пушмон.
2655. Нақадар билимли ақлли киши,
Бошин майга тиқса, бузар ўз ишин.
2656. Қанчалик шарм-ҳаёли хушхулқ эрур,
Май ичса ҳамма ҳам тубанлик қилур.
2657. Афсуски, ақлу ҳуш, билим, ҳаёни,
Нопок майга алмашар — нест ҳаёти.

2658. Май ичма, май ичса йўқолар қути,
Май ичса бўлар телба, аҳмоқ оти.
2659. Ичингга кирса май чиқарар сўзинг,
Бу чиққан сўзингдан куярсан ўзинг.
2660. Нима дейди бу байт айтгувчи, тингла,
Очилгай ичу тош сирлари англа:
2661. Ичарсан агар маст қилгувчи шароб,
Очилгай кўнгил сиринг — бўлдинг хароб.
2662. Билимли май ичса бир шикаст бўлар,
Билимсиз май ичса тубан, паст бўлар.
2663. Элчи ширин сўз, кўнгли очиқ бўлсин,
Сўзлари жон озиғи, ақлли бўлсин.
2664. Ёқимли бўлажак ширин сўз киши,
Ширин сўз кишининг манзурдир иши.
2665. Зеҳни ўткир бўлсин, унутмасин сўз,
Ёдда тутсин эшитганда муҳим сўз.
2666. Юз-кўзи чиройли ва қадди расо,
Соч-соқол ярашган, келишган роса.
2667. Ўзи марду майдон, буюк ҳиммати,
Шу икки хислат-ла инсон қиммати.
2668. Сўзи бўлса юмшоқ, шакардек чучуқ,
Ширин сўзга юмшар каттаю — кичик.
2669. Элчининг юмуши асли сўз бўлар,
Сўзи яхши бўлса, иши ўнг булар.
2670. Шундайин кишини агар топса хон,
Унга берсин элчи номин шу замон.
2671. Юборса бўлар элчиликка уни,
Ётни йироқ, яқинга уруғини.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

2672. Элиг айтди: Эшитдим, билдим буни,
Яна бир гапим бор, англатгин уни,

2673. Сен менга яна сўз бурчин ўтагин,
Мен эса сенга сўз ҳақин ўтайин.
2674. Котиб қандай бўлмоғи керак, доно,
Бег ишониб ёздирса бўларми нома?

ЎТТИЗ ИККИНЧИ БОБ
КОТИБ ҚАНДАЙ БУЛИШИ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

2675. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Элиг,
Бу ишга муносиб зот урсин илик.
2676. Ўтинч бирла деди Ўгдулмиш: Эй бег,
Баён этай уни кўнгилдагидек.
2677. Бўлмасин нечоғли олим бег ўзи,
Битикчи керакдир ёзишга сўзин.
2678. Унга айтмоқ керак ички сирни ҳам,
Сир сақлашни билсин албат котиб ҳам.
2679. Махфий ишлар учун чин инсон керак,
Ишончли бўлиш-чун чин иймон керак.
2680. Яшира билмаса котиб бег сўзин,
Бег сири очилар, куйдирар ўзин.
2681. Тутсалар-да беглар сўзин яширин,
Икки кишига шарт айтмоғи сирин.
2682. Уларнинг бири котиб, бири вазир,
Бу икки кишига очилади сир.
2683. Бу икки кишига ишонмоқ керак,
Айтгач, инжиқлигин кўтармоқ керак.
2684. Барча сир бу икки кишида бўлар,
Сир сақлай олмаса ўз ишин бузар.
2685. Бу ҳақда Ўтуган беги хўп айтмиш,
Сир айтувчи тилини тийсин демиш.
2686. Бегнинг ишонгани сўзни пинҳон тут,
Гар пинҳон тутмасанг бош бўлар нобуд.
2687. Оғзинг бамисоли бир унгур эрур,
Ундан сўз чиқса, бас, дондек сочилур.
2688. Дунёга тарқалса териб бўлмагай,
Эшитар бутун халқ ёпиб бўлмагай.

2689. Оғиздан гоҳо ўт, гоҳо сув чиқар,
Бири тузатади ва бири бузар.
2690. Ёнар ўтга ўхшар ноўрин сўзинг,
Хеч сўйлай кўрмагин, куярсан ўзинг,
2691. Оқар сувдек тилдан чиққан яхши сўз,
Қаёққа оқса у бўстон бўлар бўз.
2692. Эй мард деб аталган билимли ҳоким,
Сиринг қаттиқ яшир, билмасин ҳеч ким.
2693. Нима дер эшитгин, бу байтни ўқи,
Пинҳон тут сирингни, эй кўнглим тўқи.
2694. Сирингни яширгин, айтма ҳеч қачон,
Фош этсанг чекарсан йиллаб оҳ-фиғон.
2695. Қизил тил қора бошга душман ёмон,
Бу ёвни маҳкам тут, бўларсан омон.
2696. Котиб ақлли-ҳушли, билимли бўлсин,
Хуснихат, ширин сўз, эзгу феъл бўлсин.
2697. Хуснихатни кўрса, очилади дил,
Ўқигиси келар, яйрайди кўнгил.
2698. Гар хуснихат балоғатга тенг эрур,
Битик сўзи ғоят гўзал тил эрур.
2699. Эшитгин нима дер Или котиби,
Ғоят гўзал эрур ҳаттот услуби.
2700. Барча яхши сўзлар битикда бўлар,
Битилгани-чун сўз абадий қолар.
2701. Ёзувчилар агар битмаса битик,
Нечук билгай эрдинг бу ҳикмат, билиг.
2702. Битиб қолдирмаса олиму ҳоким,
Бизларга ўтмишни айтар эди ким.
2703. Гар ёзув бўлмаса кишилар аро,
Ишонарди қуруқ сўзга ким, қара.

2704. Одам элдан элга хабар йўллагай,
Ёзув бўлмаса сўз нечук сўзлангай.
2705. Ёзув кўп керакли зарурат эрур,
Ёзув-ла бег элин идора қилур.
2706. Бегларнинг ишига яроқли киши,
Уч турли бўлажак, эй элчи боши.
2707. Билимдон, ақлли, донодир бири,
Бег сўзин айтувчи котибдир бири.
2708. Учинчиси, жасур, қўрқмас шер юрак,
Бўри, ёвга қарши шу ботир керак.
2709. Ким закий, билимдон ва доно эрур,
Кенгашиб сўз айтмоққа беҳад зарур.
2710. Элнинг барча ишин хат изга солар,
Даромадни бег хат-ла қўлга олар.
2711. Мард, баҳодир гар қўлга қилич олар,
Ёғини қийратиб, бўйнини олар.
2712. Бу сифат уч инсон қайда бўлса жам,
Инсоннинг орзуси ушалар шу дам.
2713. Бундан бошқа тоифалар кўп, бироқ,
Учига эргашар мисли бўталоқ.
2714. Давлатни тутмоқлик қилич-ла бўлар,
Элни бошқармоқлик қалам-ла бўлар.
2715. Илм, ақл-заковат бирла эл тузалар,
Шу билан инсон дунёни тузатар.
2716. Билим бирла бег юритади низом,
Ишини ақл бирла қилади инсон.
2717. Қилич юрт қозониб, элни жамлайди,
Қалам эл тузатиб, давлат ғамлайди.
2718. Қиличдан қон томса, беглар юрт олар,
Қаламдан сиёҳ томса, олтин ғамлар.

2719. Шу икки нарсадир дунё устуни,
Ўтмиш ё келажакда — яхши бил буни.
2720. Аё бег, бу нарса улуғ фазилдир,
Доно беглар амал қилмоғи фарздир.
2721. Ушбу сўз бўлди бунга айнан мисол,
Яхиш киши, сен астойдил қулоқ сол:
2722. Билимдон бўлса киши фазилатдир,
Қилич тута билса, яна санъатдир.
2723. Қилич элларни албат яхши тутар,
Қалам бирла яшнаб, орзуга етар.
2724. Котиб бўлсин бетаъма ҳам кўзи тўқ,
Садоқатли, самимий ва нафси йўқ.
2725. Кўзи тўқ киши асло суқлик қилмас,
Бир нарсаси бўлса, хасислик қилмас.
2726. Таъмагир киши мол-дунёга асир,
Тўлин ой юзлигим, сен уни кечир.
2727. Таъмагир қул эрур бўлса ҳамки хон,
Одамлар тубани эрур ҳар қачон.
2728. Котиб очкўз бўлса, тилни бузади,
Таъма бирла ёзса, хатни бузадми.
2729. Олтин, кумуш кўрса маҳлиё бўлар,
Бег бошини ер ё егудай бўлар.
2730. Содиқ ходим ўзини ишга урар,
Қачон лозим бўлса, доим шай турар.
2731. Содиқ ходим бегнинг нафини тилар,
Моли, тану жонин унга бағишлар.
2732. Битикчи пок бўлсин, ичмасин ароқ,
Ёмон хулқни қилсин ўзидан йироқ.
2733. Битикчи май ичса билими тўзар,
Билимин йўқотса, ёзувда озар.
2734. Котиб кеча-қундуз эл ичра бўлсин,
Зарур пайтда ҳозиру нозир турсин.
2735. Эл ичра икки кишини танлаб ол,
Сўнг уларни икки хил ишингга сол.
2736. Биридир ёзишни билар битикчи,
Бири тили бурро, сухондон элчи.
2737. Яқин-ёвуқ ёт элда чиқса ғавғо,
Шу иккови сабаб бўлар бу савдо.
2738. Иш орқага кетса, икковидан кўр,
Иш ривожини ҳам икковидан сўр.
2739. Бири янглишганда ёзувда сўздан,
Бири шу хатони тузатсин сўз-ла.
2740. Котиб шундай бўлмоғи керак, элиг,
Унга ишониб берса бўлар илик.
2741. Бу янглиғ кишига инонса бўлар,
Одамийлик кутилса, ундан келар.
2742. Шу эрур, эй ҳоқон, менинг билмишим,
Буни баён этдим, тугади ишим.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

2743. Элиг айтди: Яхши тушундим буни,
Яна бир гапим бор, баён эт уни.
2744. Хазиначи қандай бўлар, айт менга,
Ишониб топшарай мол-мулким унга.
2745. Ўз қўлига олса олтин, кумушни,
Пухта адо этса ушбу юмушни.

ЎТТИЗ УЧИНЧИ БОБ
ХАЗИНАЧИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ
КЕРАКЛИ БАЁНИ

2746. Ўгдулмиш айтди: Эй олий фармонли,
Зар, кумуш севимли, жонннинг дармони.
2747. Софдил ва ишончли, тўғри бўлсин у,
Кўнгилни ғаш этмай ишни қилсин у.
2748. Нима дер эшитгин савдогар боши,
Олам кезиб мол-дунё топган киши:
2749. Бу жон ширин, лекин жондан-да ширин,
Олтин, кумуш гўё жонда яширин.
2750. Эримас кўнгилни эритар кумуш,
Эгилмас кишини эгади кумуш.
2751. Киши кумуш кўриб кўнгил бермаса,
Бўлар уни чиндан фаришта деса.
2752. Олтин кўргач, киши мулойимлашар,
Кўполнинг ҳам сўзи мулойимлашар.
2753. Топиб бахт, кўпайсин деса мол-товар,
Кўзи тўқ, софдил бўлсин хазинадор.
2754. Кўп дунё кўриб, тўйган бўлса кўзи,
Ҳам Худодан қўрқувчи бўлса ўзи.
2755. Ҳалолу ҳаромни фарқ эта олса,
Яхши-ю, ёмонни ажрата олса.
2756. Кўзи тўқ бировнинг молин кўзламас,
Ишончли, соф киши ўзин булғамас.
2757. Олтин, кумуш кўрган бўлса ёш чоғи,
Унда бўлмас очкўзликнинг урвоғи.
2758. Ўзи софдил бўлса Худодан қўрқар,
Бундай киши инсоф йўлини тутар.
2759. Тўғрилик покликдир, нафи яхшилик,
Бу наф ҳаловати эрур мангулик.

2760. Инсон тўғри бўлса, ҳаловатдадир,
Ҳаловатли бўлса, саодатдадир.
2761. Ғамхўр киши не дер маъносин уқкил,
Одамлар яхшиси унга амал қил:
2762. Кўнгил, тилни, феълингни кенг тут,
Ўзи оқиб келар мол—дунёю қут.
2763. Тўғри бўлсанг агар қутлидир кунинг,
Саодатда шод-хуррам ўтгай умринг.
2764. Ҳимматли, хушёр, тетик бўлиш керак,
Ғайрат-ла минглаб тадбир қилиш керак.
2765. Оқил, заковатли бўлсин, кўнгли оқ,
Ҳаёсиздан юз ўгир, қочгин йироқ.
2766. Ёмон ишдан қайтаргувчи ҳаёдир,
Ёмонни ҳам тузутгувчи ҳаёдир.
2767. Май ичмас бўлсин у, ўзин тутгувчи,
Ўзин тутгувчи эр бахтин топгувчи.
2768. Майпараст мастликда сахийлик қилар,
Совуриб молин ўзи қуруқ қолар.
2769. Хазина ишига бахил яхшироқ,
Бахиллик-ла керак молни сақламоқ.
2770. Садоқатли ходим жонсарак бўлар,
Жонсарак хизматкор бегин бой қилар.
2771. Одамлар сараси меҳрибон киши,
Сен уни маҳкам тут, эй яхши киши.
2772. Хушёр ғазначи ишни пухта қилар,
Ўзин уринтирмас, ҳисобин билар.
2773. Фаросатли киши унутмас бўлар,
Режали иш қилар, янглишмас бўлар.
2774. Унутгувчи бўлади нодон киши,
Фаросатсиз киши бузар ўз ишин.
2775. Закийлик керакдир юритмоқка иш,
Хушёр бўлмаса гар бузилар кўп иш.
2776. Хат билар бўлсин у, битикчи моҳир,
Ҳисобот бобида бетимсол, соҳир.
2777. Кирим-чиқим ҳисобин билсин котиб,
Ва бошқа ишларни қайд этсин котиб.
2778. Йил, ой, кун битилса, вақти белгили,
Ҳисоб фарқи аниқ, сони белгили.
2779. Ҳисоб тўғрилиги ёзув бирла, ул —
Ҳисобот ёзилса, очилгай бор йўл.
2780. Нима дейди тингла меҳрибон киши,
Қаттик тутиб ходим юритсин ишин.
2781. Ёзилмаган ишни сақламас кўнгил,
Кўнгилга ишонма, ёзиб кўй, ўғил.
2782. Битик сўз қолар, йўқса унутилар,
Нодон ходим ҳисобот чоғи ўлар.
2783. Хазиначи турли битиклар билсин,
Уларни сир тутиб, тадбирлар кўрсин.
2784. Гар ҳисобда ходим иши хатодир,
Ҳисобот вақтида бошлиқ адодир,
2785. Элиг ҳисобин билса хазинадор,
Ҳисобда кўнгилни тутсин барқарор.
2786. Хисоб-китобни сен ўтагач алҳол,
Ҳандаса илмига киришгин дарҳол.
2787. Кўп нозик илмдир билсанг ҳандаса,
Мумкин бўлар ер-кўкни ҳисобласа.

2788. Нима дер эшитгин билимдон доно,
Доно сўзи ошдек ширин, пурмаъно:
2789. Бу илми ҳандаса жуда ҳам теран,
Доноларнинг боши у билан гирён.
2790. Етти қават кўкни бир-бир ажратар,
Ҳар амали зарра каби ажралар.
2791. Оқил, заковатли бўлсин, кўнгли оқ,
Билимдонлар иши манзурдир ҳар чоқ.
2792. Билимли кишилар чин, тўғри бўлар,
Недур тўғри, кунлари ёруғ бўлар.
2793. Ўзин бошқаролмас эр ақл бўлмаса,
Ишин юритолмас билим бўлмаса.
2794. Саройда бўлажак ғазначи иши,
Ўзин асраши шарт бу янглиғ киши.
2795. Тўғри бўлсин кўнгил, тил, феъли бутун,
Тоқи тегмасин унга ёлқин, тутун.
2796. Тилин тийиб, кўзларини боғласин,
Ақл бирла ҳавасни у жиловласин.
2797. Кўзинг кўрган нарсани кўнгил тусар,
Гар кўнгил тусаса, ким уни тўсар.
2798. Кўнгил етти аъзо узра ҳукмрон,
Югурар барча эл йўлбошласа хон.
2799. Беҳад яхши айтмиш билимдон сўзин,
Эй ботир, тий доим кўнгил-ла кўзинг.
2800. Тан-жон, етти аъзо кўнгилга ройиш,
Кўнгил бирла инсон оғир юк олмиш.
2801. Чала бир суратдир кўнгилсиз киши,
Доно номин булғар бундайин киши.
2802. Тежамкор, тўғри бўлсин, сахий эмас,
Шунда ғазна моли сочилиб кетмас.
2803. Сахийлик кўп яхши, ташлама асло,
Киши моли-ла ҳиммат қилма асло.
2804. Тижорат йўлларин пухта билсин у,
Савдони балмаса, фойда топмас у.

2805. Турли мол-товарни фарж эта билсин,
Арзон қймматни билиб, шарҳ эта билсин.
2806. Нарх-навони билсин у, ошиқмасин,
Олди-сотди ишида озиқмасин.
2807. Олди-бердида у вафоли бўлсин,
Каттаю-кичикка ширин сўз бўлсин.
2808. Нимани қарз олса ва кайтарса тез,
Не сўрса бировлар берар шубҳасиз.
2809. Феъли тўғри, тижоратда рост бўлса,
Топилади доим не керак бўлса.
2810. Бег қўшинга берса инъомлар ҳар гал,
Хиёнат аралашмай етсин тугал.
2811. Ҳадя кечикса лашкар кўнгли синар,
Ва бегга кўнгилда адоват инар.
2812. Сахийлар бошчиси нелар дер эшит,
Эй ғариб, сен уни кўнгилга жо эт:
2813. Севгучин севиксиз қилайин десанг,
Айтилган нарсани басдир бермасанг.
2814. Берилмас нарсани ҳеч айтмагулик,
Айтилдими уни албат бергулик.
2815. Бег ваъдасин бузса, ишонч йўқолар,
Ишонч бўлмаса, мол-дунё йўқолар.
2816. Бўшанглик керакмас, соқ — хушёр керак,
Ишчи бўшанг бўлса, иш оқсар демак.
2817. Беглар хизматида юрган хизматкор,
Ҳожатдан эшигин очади ночор.
2818. Ходим қўли қисқа, ҳожатманд бўлса,
Бег инъом ёрлиғив унга йўлласа.
2819. Хазиначи пайсалга солса бекор,
Инъомдан умидин узар хизматкор.
2820. Топилса кашига керакли нарса,
Филга тенг бўлади бу хасдек нарса.
2821. Мўйсафид нима дер, қулоқ тут, қара,
Эй ботир, ҳожатманд кунига яра.
2822. Топилса тилаган тилаги агар,
Жавобан жонини у фидо айлар.
2823. Керак пайтда филга тенг бўлар бир хас,
Шунга монанд ҳамма нарса келар мос.
2824. Ҳаёли, мулойим, билгувчи билиг –
Кишини агарда тополса элиг,
2825. Унга берса бўлар хазина — молин,
Ҳақин адо этса ва билса ҳолин.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

2826. Элиг айтди: Уқдим, билдирдинг буни,
Яна бир сўзим бор, таъриф эт уни.
2827. Дастурхону ноз-неъматлар бошчиси,
Қандай бўлар ошхона хизматчиси?
2828. Тоқи овқат еса, шубҳаланмаса,
Бег унга ишонса, бошин сақласа.
2829. Ишончсиз қўлидан ейиш ва ичиш,
Эй доно, кўп мушкул ва хатарли иш.
2830. Сен менга айтиб бер буни бирма-бир,
Тушуниб англайин, эй мард баҳодир.

ЎТТИЗ ТЎРТИНЧИ БОБ
БОШ ОШПАЗ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ
КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

2831. Ўгдулмиш жавобан айтдики: Эй хон,
Бу ишга керакдир комил, пок инсон.
2832. Элу юрт аро ҳалол, тўғри киши,
Топилса гар шу қилсин ош-сув ишин.
2833. Бу ишга чин, ишончли одам тила,
Меҳрибон ва содик, ҳаёси била.
2834. Меҳрибон, ишончли ва ҳалол киши,
Бегига- бахш этар тану жон, бошин.
2835. Томоқдан бўлар бегга барча хатар,
Ишни қилса ошпаз ким кузатар.
2836. Ҳамма жойда беглар асрасин ўзин,
Еб-ичишда очсин хушёрлик кўзин.
2837. Юрт боши инсонга бўлар минг ёғи,
Унга доим тайёр ёғи тузоғи.
2838. Пухта, ишончли бўлмаса бу киши,
Овқатда хатарли бўлар бег иши.
2839. Бунга эски, синалган уста лозим,
Лаззатли таомни тутсин у доим.
2840. Кўп бўлса кўрсатган хизмат — эмгаги,
Уни қадрлагай ишониб беги.
2841. Нима дер эшитгин киши эзгуси,
Танг қоларли ақл-заковат белгиси:
2842. Нимага қўшилса агар кўп меҳнат,
Шу нарса севимли бўлғуси албат.
2843. Гар инсон нимага сарф этса умр,
Шу нарса жон каби суюкли бўлур.
2844. Тириклик эсиз кетмас, меҳнат эсиз,
Меҳнатга лойиқ умр берилмас, эсиз.

2845. Умр ўтади, инсон ачинмас бироқ,
Меҳнат зое кетса ачингай узоқ.
2846. Бош ошпаз кўзи тўқ, бўлсин кўнгли бой,
Ўзи покиза-ю, юзи кўрки ой.
2847. У бўлсин тақводор, шариат билар,
Бу янглиғ кишидан яхшилик келар.
2848. Беглар табиати нозик, пок эрур,
Пок бўлмаса таом нечук ейилур.
2849. Пок бўлса ошпаз покиза ош берар,
Тоза бўлса ош-еув севиб ейилар,
2850. Кўзи оч киши ошга суқлик қилар,
Овқатга қўлин тиқиб нопок қилар.
2851. Кўзи оч кишининг қилиғи баддир,
Бу қилмиши унга ҳеч битмас дарддир.
2852. Қанчалик бўлмасин киши ишончли,
Билиб қўй, баридан ўзинг ишончли.
2853. Барчага ишонгин, лекин пишиқ бўл,
Ўзинг асра, бошингга эҳтиёт бўл.
2854. Бунга монанд келса ушбу сўз бу дам,
Унутма бу сўзни, эй эзгу одам:
2855. Ҳаммага ишону авайла ўзинг,
Сенга меҳрибондир фақат ўз кўзинг.
2856. Ҳаммадан азиздир бу жон яхши бил,
Жонингни авайла, гапни калта қил.
2857. У кўркам, хушчирой, хушхулқ бўлсин,
Феъл-атвор, тили, дили тўғри бўлсин.
2858. Кўркам киши кўзга кўринади пок,
Емоққа нораво ош бўлса нопок.
2859. Ҳалолни севади у танҳо Баёт,
Поклик бирла эр қозонар яхши от.

2860. Барча инсон похизаликни тилар,
Ош-сув пок бўлишин ҳамма орзулар.
2861. Йироқ тутгулик ошдан нопок кишин,
Ундайларншг тоза эмасдир оши.
2862. Ишончли, феъл-атворда лозим тўғрилик,
Тўғри бўлмаса тузалмас йўл-йўриқ.
2863. Гар қўли эгри бўлса ош бошчиси,
Буткул эгри бўлгай унинг ишчиси.
2864. Йиғилса агар бир тўп ош ўғриси,
Бег дастурхони қачон тўкин бўлғуси.
2865. Кишига тўғрилик, хуснихулқ керак,
Шу туфайли келгай севинчу тилак.
2866. Нима дер эшитгин гўзал хулқли эр,
Феъли яхши бўлса, бор неъматни ер,
2867. Тўғрининг бахтиёр кечади куни,
Тўғрининг ҳеч зулмат бўлмайди туни.
2868. Хиёнат қаерга босаркан оёқ,
Фойдали иш бари қочади йироқ.
2869. Хиёнатчи каерга кўлини урар,
Денгиз тортилади, ерни қуритар.
2870. Ошпаз бўлсин меҳрибон, бегини севар,
Уят-андишали ва нафсин тияр.
2871. Меҳрибон зот бегга жонкуяр бўлар,
Унинг хизматлари фойдали бўлар.
2872. Фаросатли ҳамда билимли бўлсин,
Вақтида таомни ҳозирлаб турсин.
2873. Қоидали юриб ишласин ўзи,
Кириб чиққанида туз тутсин кўзин.
2874. Ақл-идроқ-ла ишлаб, кузатсин ўзин,
Билим бирла ишлаб тийсин у кўзин.
2875. Вафо қилса бегга истаб яхши ном,
Эзгулик-ла топар мангу эҳтиром.
2876. Заковатли киши яхши ном тилар,
Билимли кишилар ишончли бўлар.
2877. Ақлли кишидан одамийлик келар,
Билимли кишилар яхшиси бўлар.
2878. Нима дер эшитгин ақл-ҳушли киши,
Заковатли киши кўпларнинг боши.
2879. Киши яхшисидир оқил, вафодор,
Инсонга жонини беришга тайёр.
2880. Нопок бадхулк бўлар ҳамда жафокор.
Ваъдасига вафо йўқ, на бир лабз бор.
2881. Борин айтдим энди, эй доно киши,
Шу янглиғ бўлмоғи керак ош боши.
2882. Бош бўлса ош-сувга солиб дастурхон,
Бег еса таомни қилмасдан гумон.
2883. Билганим, эй элиг, баён айладим,
Кўнгилда борини изҳор айладим.

ЭЛИГНИНГ УГДУЛМШГА САВОЛИ

2884. Элиг айтди: Уқдим, англадим буни,
Яна бир гапим бор, шарҳ айла уни.
2885. Менга айтгин энди ичимлик боши,
Қандай бўлмоғи керак соқий иши?
2886. Бег унга ишонса кўнгли инониб,
Шарбат олиб ичса, қўлидан олиб.

ЎТТИЗ БЕШИНЧИ БОБ
БОШ СОҚИЙ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ
КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

2887. Жавобан Ўгдулмиш деди: Эй элиг,
Бунга ҳам лозимдир жуда кўп билиг.
2888. Моҳир эгдиш* даркор синалган кўп йил,
Ўзин босиб, топиб олган тўғри йўл,
2889. Ишончли, жонкуяр, кўзи, кўнгла тўқ,
Феъл-атвори тўғри бамисоли ўқ.

* Эгдиш — ўзганддаги туркий қабиланинг номи. Бу ерда бош соқий шу қабиладан бўлгани
афзаллигига ишора қилинмоқда.

2890. Шу сифатли бўлсин қадаҳ тутгувчи,
Ярагай бу ишга, сарф этгай кучин.
2891. Бош соқийда турли дори гиёҳлар,
У маъжун*, гувориш**, сургини сақлар.

* Маъжун — афъюн
** Гувориш — овқат ҳазм қилдирадиган дори

2892. Унда бўлсин доим дорию марҳам,
Ейишга, ичишга ва ялашга ҳам.
2893. Ҳўл, қуруқ емишу ичимлик, шароб,
Топилар бари эҳтиёжга қараб.
2894. Бегларга барча хавф томоқдан бўлар,
Томоқ тотини ошпаз, соқий билар.
2895. Гар опшазу соқий ишончсиз эрур,
Еб-ичишда бегга кўп мушкул бўлур.
2896. Нима дер билимли, доно билгулик,
Нафсни тийиб, ошни секин егулик.
2897. Томоқ асралса, бошга фойда берар,
Оз ейилса, оғизга- лаззат берар.
2898. Кўп кўрдим кишиким, зое қилди бош,
Нафсини тиёлмай увол бўлди ёш.

2899. Одамга барча дард томоқдан келар,
Унинг давоси ҳам оғиздан кирар.
2900. У бўлсин ақлли, билимли киши,
Одамийликдир ақллининг қилмиши.
2901. Ёмонга қўшилмас эс-ҳушли киши,
Ишончли, чин бўлар билимли иши.
2902. Туз бўлмаса ёғоч ўтда куяди,
Тўғри бўлмаса эр тутқун бўлади.
2903. Эй ботир бег, тўғри бўл, шунга тириш,
Тўғриликдан бўлак йўқдир яхши иш.
2904. Бош соқий бамаъни бўлмоғи керак,
Соф бўлсин ундаги нияту юрак.
2905. Бор ишни тўғрилик билан қилсин у,
Яроқсиз, пасткашни йўлатмасин у.
2906. Ўзи тайёрласин шаробни кўриб,
Асрасин уни ўз тамғасин уриб.
2907. Еб-ичишга зарур неки зиравор,
Ўзи тайёрлаб, пок тутмоғи даркор.
2908. Қуруқ, ҳўл мева, шарбату шароб,
Ўзи тайёрласин, сақласин шароб.
2909. Жон койитиб, суюб, бўлиб меҳрибон,
Идишларга кўз-қулоқ бўлсин ҳар он.
2910. Шу билан бегига сингар меҳнати,
Бу меҳнат қулнинг айни манфаати.
2911. Киши меҳнати сингса қай нарсага,
Жон риштаси пайванддир шу нарсага.
2912. Бунга мослаб айтди сўзини доно,
Билсанг оқил сўзи ҳикмат пурмаъно:
2913. Меҳнат сингса қай бир нарсага агар,
У жон риштасидек севимли бўлар.

2914. Заҳмат чекса киши умрин сарф этиб,
Рози бўлсин ғамни ҳам қисмат билиб.
2915. Топилса бу янғлиғ соқийлар боши,
Унга берса бўлгай соқийлик ишин.
2916. Бу ишга шундайин яхши эр керак,
Одоб, кўркин кўриб қувонсин юрак.
2917. Барча шогирдлари навниҳол ва ёш,
Кўркли бўлсин улар бамисли қуёш.
2918. Ёш бўлсин, кулиб турсин ойдек юзи,
Самбитдек хипча бел, суратдек ўзи.
2919. Қора соч, яғрини эса кенг бўлсин,
Оқ бадан, юзлари мағиздек бўлсин.
2920. Яшил, кўк, сарик, арғувон тўн кийиб,
Таом кўтариб юрса ярашар ажиб.
2921. Соқий соқолсиз ҳамда пок бўлсин,
Майга қил туширмай эҳтиёт қилсин.
2922. Идишга қил тушса яроқсиз бўлар,
Ош-сувга қил тушса, татимсиз бўлар.
2923. Шу боис айтгандир таълим баргувчи,
Соқолсиз бўлсин деб идиш тутгувчи.
2924. Соқий покиза бўлса, кўркли юзи,
Қўлидан май ичсанг сингар, эй қўзи.
2925. Неки тутса юзи кўркам, хуш хулқли,
Жону дил олар ундан ибрат — улги.
2926. Тингла не дер бу байтларни айтувчи,
Қулоғингга қуйиб ол, эй билгувчи:
2927. Ўзи хушрўй, хуснихулқ бўлса агар,
Не тутса томар ундан қанту шакар.
2928. Ой юзига боқса тўяр оч киши,
Чанқовини қондирар ташна киши.

2929. Бош соқий шундайин бўлмоғи керак,
Соқийлар унга мос бўлмоғи керак.
2930. Кўнгли тўлиб, беглар унга ишонса,
Чинлигидан яқин тутиб инонса.
2931. Бу ишларга танла асл кишини,
Кўзи тўқ, содиқ ҳам андшалини.
2932. Бири саркотибдир ва бири элчи,
Бири ошпаз, бири содий — идишчи.
2933. Буларнинг барини яхши танлагин,
Нобоп чиқса, кейин куйиб ёнмагин.
2934. Элчи-ю, саркотиб бўлса ярамас,
Элдан улар касофати аримас.
2935. Соқий билан ошпаз нобоп бўлса гар,
Уларнинг зарари нақ жонга тегар.
2936. Қаттиқ тутгин сен бир қанча кишини,
Яхши танлаб сўнг топширгин ишингни.
2937. Яна айтди Ўгдулмиш: Элиг қути,
Ишидек буюкдир бегларнинг оти.
2938. Улуғ ишда кўплаб бош оғрик, бўлар,
Унга чидамаса, беглик йўқолар.
2939. Нима дер эшитгин кенгашчи доно,
Унинг айтганлари инжу пурмаъно:
2940. Эй бег, машаққат чек, истама роҳат,
Заҳмат билан эшдир доим фароғат.
2941. Бегнинг заҳматидан бой бўлар будун,
Шунда бег орзуси ушалар бутун.
2942. Фароғат топган зот қувонмасин кўп,
Роҳатга баробар машаққат ҳам кўп.
2943. Ошпазу соқийлар сенга қанчалик,
Эй мард ботир, бўлса ҳамки ишончли.

2944. Улардан меҳрибон ўзингга ўзинг,
Ўзга топилмагай кўпайтма сўзнг.
2945. Не деб ўгит берар доно, англагин,
Уқиб ол, унутма, ёзиб сақлагин:
2946. Ширин жоним учун вафодор, амин,
Ўзимдан ўзгани тан олмадим мен.
2947. Авайла, маҳкам тут, жонни асра сен,
Айрилгач бефойда, даво иста сен.

2948. Фикрим баён этдим, эй элиг қути,
Не қилмоқ керагин — давою отин.
2949. Бундай кишилар-ла бег улуғ бўлар,
Узиб ёв бўйнини, шуҳратвор бўлар.
2950. Аниқ фикрларим арз этдим, мана,
Ундан-да ибратли гапим бор яна.
2951. Элиг тинглар бўлса, айтайин уни,
Йўқ эрса, сир тутай, чиқармай унин.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

2952. Элиг айтди: Қани сўзла,эй оқил,
У ибратли гапинг недир, баён қил.
2953. Сендан тинглаш керак ҳер қандайин сўз,
Билимда денгизсан, ақлда ўгуз*.

* Ўгиз (Ўкуз) — дарё

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

2954. Жавобан Ўгдулмиш айтди: Эй элиг,
Элигдан тегар элга турли билиг.
2955. Элигга кўрсатдим хизматчи йўлин,
Нечуқ хизмат қилгай бегига қули.
2956. Беглар хизматчисин яхши билсинлар,
Узоқ хизматини тақдир қилсинлар.
2957. Нечуқ ҳақи бўлса бегнинг қулида,
Бегда қул ҳақи йўқми ўз йўлида?
2958. Бег ҳақин ўтаркан қул ишда туриб,
Қул ҳақин ўташ керак ишин кўриб.
2959. Хизматчи дунё учун хизмат этар,
Мол-дунё топмаса, изтироб чекар.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

2960. Элиг айтди: Буни менга айт очиб,
Хизматчи хақи не, маъносин ечиб.

ЎТТИЗ ОЛТИНЧИ БОБ
ХИЗМАТЧИЛАРНИНГ БЕГЛАР УСТИДА
ҚАНДАЙ ҲАҚЛАРИ БОРЛИГИ БАЁНИ

2961. Ўгдулмиш айтди: Бўйнида бегларнинг,
Ишга лойиқ ҳақи бор ходимларнинг.
2962. Аввал еб-ичар овқат бермоқ керак,
Сўнг хизмат қуролин тахт қилмоқ керак.
2963. Меҳнат қилмоқ ғоят мушқул иш эрур,
Буни билиб беглар қадрлаши зарур.
2964. Жону танин фидо айлайди ходим,
Бегнинг шодлигини тилайди ходим.
2965. Иссиқ-совуқ, оч-тўқ, ялонғоч, яёв,
Қилич, ўққа кўксин тутар келса ёв.
2966. Гоҳ олд-орқага, гоҳ ўнгу сўлга,
Юриб бегин етказади ҳузурга.
2967. Ёвга қарши мустаҳкам қалқон бўлар,
Бегга ҳаёт, ўзига ўлим тилар.
2968. Шу янглиғ бегининг севинчин тилаб,
Ўзини қийнар кунни тунга улаб.
2969. Бу хизмат-чун ҳақини бермоқ керак,
Меҳр кўрсатиб, кўп яқин тутмоқ керак.
2970. Нима дер эшитгин Уч ўрда хони,
Халқнинг сараси у, кишилар чини:
2971. Аё бег, унутма, эй элга улуғ,
Қадрла қулинг, хизматини бил улуғ.
2972. Хизматчи-ла беглар илки узаяр,
Хизматчи-ла бег эл-юртин тузатар.
2973. Бег қанчалик шавкатли ва улуғ эрур,
Ходим туфайли эзгу хулқли бўлур.
2974. Элиг, одамийлик мурувват эрур,
Мурувваат кишига тариқат бўлур.

2975. Мурувват тариқат эрур шубҳасиз,
Киши меҳнатин билиб, қилса азиз.
2976. Хизматчи эшикда ҳожат-чун турар,
Ҳожати чиқмаса, мурувват йитар.
2977. Кузатиб турсин бег хизматчи канча,
Яроқл кайси, яроқсизи неча.
2978. Фойда келтирганга иноят керак,
Хизматига лойиқ ҳақ бермоқ керак.
2979. Инсоннинг ҳайвондан фарқи йўқ, эй бег,
Қиёсланса ишлари бўлар бирдек.
2980. Йилқини тўйдирар аввало инсон,
Сўнг фойда кутар ундан ботмон-ботмон.
2981. Бег эҳсон берса, айтса ширин сўзин,
Фидо айлар унга хизматчи ўзин.
2982. Бунга монанд бир сўз айтмишдир олим,
Инсон қўлин узайтиради билим.
2983. Киши яхшиликка жонини берар,
Бир яхшиликка ўн бор жавоб берар.
2984. Фойда кўрса одам ўзин қул этар,
Яхшилик шукрига кўп заҳмат чекар.
2985. Хизматга лойиқ инъом бериш керак,
Юпунга либос, очларга ош керак.
2986. Нечук бег бўлгай у, эй элиг қути,
Элдан йўқотмаса кашшоқлик отин.
2987. Нима дер эшитгин мўйсафид сўзин,
Кекса сўзи йигитларга ақл кўзи:
2988. Бировга яхшилик қилса гар киши,
Жавобан эзгулик қилмоқдир иши.

2989. Бировнинг хизматин билмаса ҳар он,
Ҳайвон мисол, аталмайди у инсон.
2990. Хизмат қилгувчи ҳам икки турлидир,
Бири озод, бири ҳожат қулидир.
2991. Бу қул асли эрксиз хизматкор эрур,
Хизмат қилмаса бегдан калтак еюр.
2992. Ҳур ходим ишлагай ўзин қул қилиб,
Қадрлаш керак уни хизматин билиб.
2993. Ҳур, озод кишилар яхшилик қули,
Буларга очиб бер эзгулик йўлин.
2994. Эркин, ҳур қул билан асло тенг эмас,
Қулни қулдайин тут, озод қул эмас.
2995. Бегларнинг даргоҳи роҳат қопқаси,
Уни топсанг бу ўзингнинг фойдаси.
2996. Хизматкор бойиса, бег машҳур булар,
Дуо бирла номи абадий қолар.
2997. Эй элиг, ходим билан бег бамисли,
Иши юрган сотувчи каби асли.
2998. Сотувчи мол берар дастмоя килиб,
Юртда айлантирар харидор олиб.
2999. Йил, ой, кун ўтганда фойда жам бўлар
Кўришиб иккавлон фойда бўлинар.
3000. Бас, шунга ўхшайди хизматчи киши,
Беги бирла ҳисоб-китобли иши.
3001. Беги мол беради яхши сўз билан,
Ходим хизмат қилар жону дил билан.
3002. Жон фидо қилиб ходим қилич урар,
Унинг фоидаси албат эл-юрт бўлар.
3003. Ёв бўйнини узиб, хазина йиғар,
Барча тилак, орзу рўёбга чиқар.

3004. Элиг, бунинг бари фоқда-ю, кирим,
Фойда келтирганни сен қадрла, бегим.
3005. Нима дер эшитгин савдогар боши,
Фойда кўзлаб дунёни кезган киши:
3006. Ўғилдан ортиқдир наф берувчи қул,
Бенаф ўғил ёвдир, ундан нари бўл.
3007. Қимирлаган ҳамма фойда деб юрар,
Наф бўлмаса овчи уйда ўлтирар,
3008. Қўшин беглар қаноти эрур ҳар кез,
Эй бег, қуш канотсиз учмагай ҳаргиз.
3009. Қўшин бирла бег қудрати билинар,
Кўшин бирла кўп тугунлар ечилар.
3010. Қай бег атрофида жамдир қаҳрамон,
Жаҳонга бўлгувчи у соҳибқирон.
3011. Қай бегда жам бўлса фазилат тугал,
Истаган орзуси ушалар тугал.
3012. Жаҳонгирга фазил керак минг туман,
Фазли бирла жаҳон олар бегумон.
3013. Фазилатни, ўғлон, кам куўрма, ўрган,
Феъли оққуш каби фазилат деган.
3014. Оқкуш бахти каби фазилат қути,
Қуш деб ата сен албат унинг отин.
3015. Оқ сочли мўйсафид эшит нима дер,
Дунёни қаритган узун ёшли эр:
3016. Билим, касб-ҳунар ўрган, қадрла уни,
Касб-ҳунар қадрли қилгай охир сени.
3017. Илм ол, ҳунар ўрган, беҳуда юрма,
Яхшилик келтирар бир кун унутма.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛИШГА ЖАВОБИ

3018. Бу сўзларни тинглаб кўп севинди хон,
Деди: Эй ақл-ҳушли, насаби пок жон.
3019. Инсонлик асосин яхши васф этдинг,
Вафодорлар чин йўлини кашф этдинг.
3020. Халқ устидан ҳоким бўлдим мен ўзим,
Қўлим узун, ҳукм бўлди айтган сўзим.
3021. Қувонмасмаи тахтга эришганимдан,
Тилаб тинч ҳаётга етишганимдан.
3022. Орзуйим шу, ҳузуримга келгувчи,
Мен туфайли бойиса, ортса кучи.
3023. Эртанинг фойдаси-беглик қувончи,
Яхши ном-ла ўтсам, дуо – илинжим.
3024. Хазинада жамланган олтин, кумуш,
Мақсад — бутунлай қўшивга улашиш.
3025. Элга улашарман истаб яхши ном,
Дуо олсам, ёрлақаса Ҳақ мудом.
3026. Тилагим шу, менга хизмат қилгувчи,
Мен сабаб бойиса, ортда қолгувчи.
3027. Мен ўтарман, дунёда қолар будун,
Дуо бирла ёд этишса туну кун.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

3028. Жавобан Ўгдулмиш деди: Эй элиг,
Бермиш бу ишга етарли ақл, билиг.
3029. Ўлувчи кишига ахир не керак,
Номи ўчмай ёд этилишдан бўлак.
3030. Бу дунё тиласа, улашсин кумуш,
Охират нажоти эрур бу юмуш.
3031. Тарқат олтин, кумушингни, эй элиг,
Қай бир элни истасанг етар илик.

3032. Эшнтгин доно бег нималар демиш,
У бирла беглик асоси қурилмиш.
3033. Бег мол-дунё ва қўшин тутмоғи лозим,
Ёв элин олар қачон топса лозим.
3034. Хазина бой бўлсин ҳамда кўп қўшин,
Ўзи йўқсил, элни тўқ қилиб қўйсин.
3035. Қўшин бўлса, бегнинг эли камаймас,
Қўшинсиз бег узоқ ҳоким булолмас.
3036. Ўз бегидан хуш бўлса қўшин агар,
Бег истаган юртни қўлга киритар.
3037. Дунё беглари кўп саҳоватли эрур,
Икки жахон тўри уларнинг эрур.
3038. Нима дер эшитгин билимдон сўзин,
Бахиллик бирла бег сўролмас элин.
3039. Икки нарса акс, бир-биридан қочар,
Бахилга йўламас, сахийни қучар.
3040. Хасисдан қочади фозил кишилар,
Сахий билан тилакка эришилар.
3041. Бахиллигу беглик бир-бирига ёв,
Бахилга адоват ҳамма ерда ғов.
3042. Эл тутмоққа икки нарса бор эрур,
Бири қилич, иккинчиси зар эрур.
3043. Беглик саҳоват-ла сақланар, элиг,
Саҳоват улуғлар барчани, элиг.
3044. Ботир эр кўтарса чақмоқдек темир,
Ғаним лашкарида узилар томир.
3045. Олтин-ла узайитса элиг қўлини,
Қиличсиз тил билан сўрар элини.
3046. Шу икки нарса-ла тузалади эл,
Шу икки нарса-ла буюк бўлар эр.

3047. Уюлган ковоқни очар соф олтин,
Бузилган ишларни тузар соф олтин.
3048. Қайга қилич тушса, кумуш шундадир,
Кумуш қайда бўлса, қилич йўлдадир.
3049. Аё бег, кумуш соч, йиғилгай эрлар,
Ўзинг йиғсанг тўзиб кетади улар.
3050. Қиличли ботирлар кумушга тутқин,
Қиличга фидо қил йиғилса олтин.
3051. Бахил бег мол йиғиб, тўплар хазина,
Сахий бег қилич-ла олар нақдина.
3052. Бу дунё низоми шу янглиғ эрур,
Бахиллар сўкилиб, сахий мақталур.
3053. Ер ўпиб Ўгдулмиш сўзин тугатди,
Хонни дуо қилиб, Ҳаққа ҳамд айтди.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

3054. Бу сўзларни тинглаб қувонди элиг,
Ҳаққа дуо қилиб, кўтарди илик.
3055. Деди: Эй меҳрибон, ишонгам Эгам,
Мушкул оним сиғинадиган Эгам.
3056. Сендан ўзга суянчиғим йўқ менинг,
Қувончим ўзингсан, умидим менинг.
3057. Кўрсатмаган эзгулигинг қолдими,
Ушалмаган орзуларим қолдими.
3058. Қандай сиғингайман, дуойим — сўзим,
Эй ғамдан фориғ, мунглиман ўзим.
3059. Ўзингдан мадад, қувват тилагайман,
Ҳақ йўлга бошлаб мени қўллагайсан.
3060. Барча эзгуликдан яна ортиғи,
Ўгдулмиш бўлди энди кўнглим тўқи.
3061. Уни ато қилиб бердинг сен менга,
Бунга минг бора шукр қиламан сенга.

3062. Фидо айлар жонин менинг ишим-чун,
Дуо олиб берар кечмиш ёшим-чун.
3063. Менга куч бер энди ўтайин ҳақин,
Қувонсин, бўлсин менга кўнгли яқин.
х х х
3064. Аё Ўгдулмиш, деди яна элиг,
Мақташар деб сени ақлли, билимлик.
3065. Ақл-заковат исталса, сен тугалсан,
Илм исталса, билимда баркамолсан.
3066. Сен содиқсан, хушфеъл, ростгўй, ишончли,
Ҳам баркамол одамийлик нишони,
3067. Эҳсонимдан хизматинг кўп, толмадинг,
Сен қилмаган бирон юмуш қолмади.
3068. Истайман қилмоқни сенга оқибат,
Ҳақинг адо этай, шод яша албат.
3069. Сенингдан нечоғли шод бўлди кўнгил,
Худо сени шундай шод этсин, ўғил.
х х х
3070. Сўздан тўхтаб элиг кўп хаёл сурди,
Ер ўпиб хизматчи ўрнидан турди.
3071. Саройдан чиқди у кувончға тўлиб,
Миниб отин йўлга тушди у кулиб.
3072. Оғишмай кеча-кундуз қилди хизмат,
Бахт-иқбол эшик очди қилиб ҳиммат.
3073. Ақл пешланиб, ортди ундаги билиг,
Толеъ кулиб боқди, узайди илик.
3074. Нима дер эшит, бахти кулган киши,
Саодат-ла шараф-шон қучган киши:
3075. Ким билан дўст-иноқ бўлса гар давлат,
Бошини кўкларга етказар албат.

3076. Давлат келиб, дунё йиғилса ҳадсиз,
Кўнгил кўтарилиб, юз бўлар мағиз.
3077. Бунга монанд бир сўз айтди оқсоқол,
Эй баҳодир, маъносини англаб ол:
3078. Кимда давлат бор, қўли узун бўлар,
Тескариси ўнг, сўз, билим, ақл тўлар.
3079. Дунё файласуфида бўлмаса мол,
Тилин тияр бўлса ҳамки сўзамол.
3080. Ҳаётнинг конуни шундайин эрур,
Дунё бевафо, давлатдан шон келур.
3081. У ёвузга юзланса, обрў топади,
Кичикка сўз солса, бахти чопади.
3082. Давлат келиб қўнса кимнинг башига,
Борин тузаб, ривож бергай ишига.
3083. Давлат келса, ушалади орзулар,
Донг таратиб номи элга ёйилар.
3084. Гар кетса, берганларин олар бир-бир,
Бошни қора ерга тенг қилар охир.
3085. Эй оқил, кўнгли очиқ, закий, хушёр,
Севма, дунё балога қилар дучор.
3086. На керак бу зулмат, қўналға ўрин,
Пок ва боқий юртга ҳозирлан бурун.
3087. Қўналға дунёга кўнгил бермагин,
Юксак Аршни кўзла, ғофил бўлмагин.
3088. Нима дер эшитгин, эй қалби тоза,
Барча ишларида кўнгли покиза.
3089. Эй ҳиммат соҳиби, чин дунё иста,
Бахти тугалдир ким чин дунё истар.
3090. Тила охиратни, қўй бу фонийни,
Агар сен қўймасанг, у қўйгай сени.

3091. Бу дунё жафокор, жафо қил унга,
Қанча жафо қилсанг, у боқар сенга.
3092. Эй йўлдан адашган, боши оққан, боқ,
Дунёни севма ҳеч, туби чуқур чоҳ.
3093. Чоҳга тушган буткул чўкиб кетади,
Қайтиб чиқмас, ундан шодлик кетади.
3094. Юксакка интилгин, балодан қутул,
Ибодат-ла сен қуллуқ қилгувчи бўл.
3095. Ҳаққа қайтсанг орзуларинг очгай юз,
Мойил қил тавбага тил тугамай сўз.
3096. Ниятин эзгу қилди шундан кейин,
Одил низом юритди хон кун сайин.
3097. Роҳат топди эл-юрт, семирди ориқ,
Дўст бойиб, қирқилди ёв кучи ортиқ.
3098. Шод-хуррамлик билан кечди ҳар куни,
Жаҳонга ёйилди номи-ю, уни.
3099. Шу тарз умр сурди, кўнгли шод бўлиб,
Бўри тўқли бирла дўст, ўртоқ бўлиб.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

3100. Чорлаб Ўгдулмишни элиг бир куни,
Таърифин сўради ҳар иш, кунининг.
3101. Нечук кечаётир Ўгдулмиш кун, ой,
Қашшоқ кўпми бу юртда ва ёки бой.
3102. Эл ичра не ёмонлик, ёвузлик бор?
Халқ ҳолин баён эт, яширма зинҳор.
3103. Айтгин, халқ тилида қандай гап-сўв бор,
Сўкиш кўпми ёки мақтовлар бисёр.
3104. Қусурларим кўпми ё фазлим менинг,
Очиқ айт, чорасин излайин унинг.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

3105. Жавоб бериб деди Ўгдулмиш: Эй хон,
Тилагига етди эл-юрт бу замон.
3106. Элиг давлатида гуллади очун,
Аламлар қисқарди, севинчлар узун.
3107. Бойиб эл-юрт, ҳаловат топиб ётар,
Шаҳар, кент ободдир, кўзни қувнатар.
3108. Фароғатда ўтар халқнинг кунлари,
Кўр, севинчда кечар мудом тунлари.
3109. Тили бор тирик жон ўқир ҳамд-сано,
Тин олувчи сени қилади дуо.
3110. Адолат оби-раҳмат, зумл-чи ўтдир,
Зилол сув оқизиб, бу ўтни ўчир.
3111. Ҳақ қонун юргиздинг, яшнади жаҳон,
Бу юртда зулм кўрмас ҳеч ким бу замон.
3112. Эй элиг, уч иш сабаб зулм туғилар,
Бири, бег ғофил бўлса, офат ёғилар.
3113. Иккинчи, заиф бўлса халққа бош эр,
Учинчиси, очкўзлик эл бағрин ер.
3114. Булардан бири ҳам бўлмагач, элиг,
Қаердан келар элга зўравонлик.
3115. Эй адолатли, софдил, хушфеъл бегим,
Ҳақ берди сенга ақл, фазилат, билим.
3116. Тавфиқ топиб барча яхшилик учун,
Эл қорни тўйиб, эгни бўлди бутун.
3117. Шукр қил Оллоҳга, топингин, суюн,

Ҳузур қил сен доим, роҳатда овун.
3118. Четда бўлса неки ёзуқ, хатолик,
Содиқ қулингман, қилгувчи бир ёқли.
х х х
3119. Шукр қилди баҳад, севинди элиг,
Сано айтиб Хаққа кўтарди илик.
3120. Деди: Эй меҳрибон ва улуғ Эгам,
Бу ожиз қулингни қилдинг муҳтарам.
3121. Насиб этдинг менга барча эзгулик,
Унинг шукри гарданимда бўлди юк.
3122. Қачон, қандай ўтарман шукринг сенинг,
Менинг шукримни ҳам ўтай қол ўзинг.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

3123. Яна айтди элиг: Эй Ўгдулмишим,
Худонинг фазлидир сени топмишим.
3124. Сен сабаб яхшилик бўлди устивор,
Зулм тийилиб, адолат бўлди ҳукмдор.
3125. Худо берди ҳадсиз эзгулик мана,
Ўн бор ошириб сени берди яна.
3126. Қанча тиришмасин бег ўзи узоқ,
Қул кўмак бермаса, иш юрмас бироқ.
3127. Бег ичдан кузатар, сиртдаги кўзи,
Меҳрибон қулидир кўзи ҳам сўзи.
3128. Кўзимсан, тилимсан, қўлимсан менинг,
Номим яхши бўлди шу боис менинг.
3129. Нима дер эшит энди ҳоқон тили,
Олиб қўлга сўраган жаҳон элин:
3130. Беглар садоқатли қул топса тилаб,
Уни тутсин олтин, кумушга ўраб.
3131. Ишончли, тўғри киши топса гар хон,
Фароғатли бахтли яшайди ҳар он.
3132. Хизматчмиинг асили содиқ бўлар,
Садоқатли хазматчи қайда бўлар.
3133. Дунёда бўлмаса бу хил куюмчан,
Камолга эришмас инсон ҳеч қачон.
3134. Эй Ўгдулмиш, надомат чекаман мен,
Отангдан ёдгор қолдинг фақат бир сен.
3135. Бўлганида сендек яна бир оқил,
Ҳамдам бўлиб юргани эди маъқул.
3136. Эй хуснихулқ, ягонадирсан менга,
Бошқа қайдан топгум айрилсам сендан.
3137. Ёлғизлигинг менга катта ташвиш, ғам
Кошки ёнингда бўлса бирон хамдам.
3138. Меҳнатга кўмилиб қолмас эдинг сен,
Дуодан бенасиб бўлмас эдим мен.
3139. Суриштириб кўр қариндошлар аро,
Топилгайми сенга бирон бир ҳамроҳ.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

3140. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Элиг,
Омон бўлса, бу ишга етгай илик.
3141. Ҳамиша ёр бўлсин роҳат элигга,
Фароғат ичида етгай тилакка.
3142. Менинг хизматимдан хон олийлари,
Ташвиш чекмасин, тинч бўлсин диллари.
3143. Машаққат чексам мен роҳат ҳам келар,
Роҳат билан машаққат ёндашиб юрар.
3144. Элиг истаса бор мукаммал киши,
Ҳар жиҳат беқусур ва кўпнинг боши.
3145. Не дер тингла ҳикмат бирла яшовчи,
Элни тинмай одилликка бошловчи:
3146. Ёрдамчи кўп бўлса, ўнгланса иши,
Юртни обод қилиб, еб ётса ошин.
3147. Ҳар ишда омилкор кўп бўлса агар,
Бегни албат фароғатга етказар.

3148. Йўқ эмас бундайи қариндош аро,
Билими зиёда мендан кўп бора.
3149. Кўп фазилат эгаси, ақлли хушёр,
Қай ишга қўл урса, омад бўлар ёр.
3150. Феъл-атвори тўғри, оти Ўдғурмиш,
Барча эзгу ишларга қўлин урмиш.
3151. Ва лекин бу дунёдан юз ўгирди,
Тоққа чиқиб, тақво йўлига кирди.
3152. Ибодат-ла ўзин Ҳаққа чоғлайди,
Тоат бирла гуноҳлардан поклайди.
3153. Унинг фазли мендан юз ҳисса ортиқ
Одамлар асили, қиёс, тенгги йўқ.
3154. Бирга бўлса агар мен-ла қариндош,
Илми бирла ҳамма ишга бўлгай бош.
3155. Элиг яшар кўнгли хотиржам бўлиб,
Қўлга олиб оламни, қувончга тўлиб.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

3156. Элиг айтди: Орзу-тилак эди шул,
Топсам уни хотиржам бўлгай кўнгил.
3157. Не чора қиларсан бу ишга, дегил,
Уни келтиришга киришгин дадил.
3158. Уни бу даргоҳга қандай чорлаймиз,
Унинг даъватига кимни йўллаймиз?
3159. Нома юборайми ё йўллай сўзим?
Қай бири маъқулдир танлагин ўзинг.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

3160. Жавобан Ўгдулмиш арз этди сўзин,
Элиг жавоб берди саволга ўзи.
3161. Қариндош борлигин баён айладим,
Келиш, келмаслигин лекин билмадим.

3162. Агар келса яхши, бериб эътибор,
Келмаса-чи, хон ёрлиғи булгай хор.
3163. Элиг азият чекиб қолармикин?
Бу ишим бир кун айбга қотармикин?

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

3164. Элиг айтди: Мен фикрим айтдим сенга,
Сен билганларингни баён эт менга.
3165. Чақир, келса келди, агар келмаса,
Сени нега айблай, писанд этмаса.
3166. Унинг турли фазлини таъриф этдинг,
Фазли учун бу ерга таклиф этдим.
3167. Билимдон, ақлли дея мадҳ этдинг,
Уни бир кўрмоққа мен ҳам қасд этдим.
3168. Билимли, ақлли зот одам тимсоли,
Ундан бошқалари ҳайвон мисоли.
3169. Иш билса, ақл-ҳушли, билимли билар,
Иш қилса, ақл-ҳушли, билимли қилар.
3170. Бунга монанд келар бу сўз шубҳасиз,
Бу сўзларга қулоқ сол, эй мард, азиз:
3171. Илм бирла ечилгай ҳар қандай тугун,
Илм ол, ақл ўрган, оқил яша тун-кун.
3172. Билимни ишга сол, ўрган эрта-кеч,
Тағин ўрганавер, ғофил бўлма ҳеч.
3173. Ёлғиз менга эмас манфаат, фойда,
Қариндошдан сенга ҳам тегар фойда.
3174. Жигар бўлса яхши, қариндош керак,
Қариндош бўлмаса, дўст топиш керак.
3175. Хўп яхши айтибди эл-юртнинг боши,
Ҳаммадан зўр бўлар жигарли киши.
3176. Қариндошли кишининг шон-шавкати чўнг,
Дўст-ёрли кишининг ном- таърифи чўнг.
3177. Жигаринг йўқ бўлса, топгин қариндош,
Яхши дўст-ёр топсанг бўлгай қариндош.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

3178. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Эй хон,
Истасанг чорасин топарман шу он.
3179. Амр айласанг элиг борарман ўзим,
Даъват қилиб уни англатай сўзим.
3180. Тилим билан алвон-алвон сўз қилай,
Билим билан ақлни мен ишга солай.
3181. Элиг ўз қўли билан нома ёзсин,
У элиг фармонин ўқиб, эшитсин.
3182. Ишонсин, бу ишни мендан билмасин,
Эшитиб фармонни кетиб қолмасин.
3183. Мен фикр айтмайин унга ҳар қанча,
Ёрлиқнинг таъсири бўлар ўзгача.
3184. Не дер тингла зоти пок, марду майдон,
Бег ёрлиғи овлар халқ кўнглин ҳар он.
3185. Жуда яхши айтмиш билимдон ўзи,
Тугулган кўнгилни ёзар бег сўзи.
3186. Ширин сўз сўзласа қулга бег ҳар вақт,
Йиллар ўтса ҳам қул унутмас ҳеч вақт.
3187. Бегнинг тили гар бўлоа юмшоқ, чучуқ,
Уни бирдек севар улуғу кичик,

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

3188. Элиг айтди: Гар тадбир бўлса шундоқ,
Мактуб ёзай, бу бўлсин унга тузоқ.
3189. Борар бўлсанг тез бўл, ҳаяллаб юрма,
Ўзим битиб берай мен унга нома.

ЎТТИЗ ЕТТИНЧИ БОБ
ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА МАКТУБ ЁЗИБ
БЕРГАНИ БАЁНИ
3190. Довот қоғоз олиб, мактуб битди у,
Мактубни бу ишга асос этди у.
3191. Худо номи бирла бошлади сўзин,
Яратган, улғайтган, кечирган ўзи.
3192. Зикр этилмиш унда Оллоҳнинг номи,
Бу ном барча дарднинг дори-дармони.
3193. Айтаман тинмай ҳамд ва минглаб сано,
Лойиқ У зикрга Ҳаққа йўқ фано.
3194. У истаб яратди бор тирик жонни,
Барига ризқ бериб, асрагай жонни.
3195. У қодир, чин Ҳолиқ, ризқ бергувчи,
Яралган тирик жонга етар кучи.
3196. Яшил кўк яратди, ёритди кун, ой,
Қора тун, ёруғ кун, ҳисобли йил, ой.
3197. Яратди мудом айланувчи фалак,
Ҳак ҳукми — тақдир-ла гирди-капалак.
3198. Яратмасдан аввал юргизди қазо,
Қазога бўйин эг, унга бўл ризо.
3199. Не истаса бўлди, истаса қилар,
Айтганлари бўлди, айтгани бўлар.
3200. Салом айтиб, ҳол сўраб ёздим нома,
Эсонлик тилайман, сенга эй доно.
3201. Тану жонинг соғ, маконинг тинчмикин?
Нечук олиб юрибсан замона юкин?
3202. Эшитдим ҳаёт тарзинг, эзгу феълинг,
Йўқ эмиш оламда ўхшашу тенгинг.
3203. Ато этмиш сенга Худо эзгулик,
Ақл-ҳуш, заковат, фазилат, билик.

3204. Эшитдим фазилат, таърифи сўзинг,
Кўрмоқни истадим нуроний юзинг.
3205. Юбордим қариндошинг Ўгдулмишни,
Етказсин сўзимни, ўз билмишини.
3206. Қавму қариндошдан кечиб сен ўзинг,
Юрибсан эл-юртдан ўгириб юзинг.
3207. Тоат учун ғорга кириб бир ўзинг,
Ибодат қилибсан узундан-узун.
3208. Не айб қилган эди қариндош сенга,
Нега юз ўгирдинг, очиқ айт менга.
3209. Азоб кўрган бўлсанг гар зулм етиб,
Дарду ҳасратингни менга айт келиб.
3210. Мен адолат билан берайин мадад,
Шоду хуррам яша бунда беадад.
3211. Жигардан жигарга тегар манфаат,
Манфаатдан инсон топар ҳаловат.
3212. Борди-келди керак қавм-қариндош билан,
Аралашмоқ керак дўст — одош билан.
3213. Қайдаки яқинлик, иноқлик бўлар,
Кўргин, бу ишдан кўп мавфаат келар.
3214. Не дер эшит, бу шеърни айтган киши,
То абад фойда ярашса икки киши.
3215. Бўз тупроқ, яшил сув ярашмоқ била,
Ўртада минг чечак очилди кула.
3216. Уруғ-аймоқ, дўстлар бўлишса иноқ,
Меҳр-оқибат боқий бўлади ҳар чоқ.
3217. Борган бўлсанг агар тоат қилгани,
Шаҳарда тоат қил — шу дин айтгани.
3218. Муқаддас ибодат шаҳар, кентда кўп,
Ўйлаб кўр, тоғ-тошда бўлмас унча хўп.

3219. Ибодат-чун аввал лозим кўп ўқиш,
Илмсиз ибодатдан бўлмайди улуш.
3220. Икки турли киши инсон аталар,
Бири — ўргатувчи, бири — ўрганар,
3221. Икковидан бошқани ҳайвон сана,
Униси бўл ё бу, танлаб ол ана,
3222. Бунинг қай бирисан, менга кўнглинг оч,
Икковин бири бўл, учинсидан қоч.
3223. Билим олган бўлсанг теран ва тугал,
Энди ишлат уни, бўлмасин увол.
3224. Билмаган бўлсанг гар ўргангин билиг,
Ундан сўнг ибодатга ургин илик.
3225. Нима дер эшитгин билим бергувчи,
Илм бирла тоату хизмат қилгувчи.
3226. Ибодатга илм бирла боргин яқин,
Билим тамбалаган дўзохнинг қопин*.
3227. Билиб қилса тоат савоби туман,
Савоб кутма билимсиз ибодат билан.
3228. Билимсиз қилинган тоатдан кўра,
Билимли уйқусин савоби ўра**.

* Қопин — қопқасин, эшигин
* Ўра (ўр) — юқори, ортиқ, зиёда

3229. Шаҳар, кент ичинда ибодат кўпдир,
Унда ярмин адо этолсанг хўпдир.
3230. Ғорда машғулотинг беш вақт ибодат,
Бири — рўза тутмоқ, доимий одат.
3231. Бундан ўзга яна не тоатинг бор?
Кўрсат уни менга ҳам айла изҳор.
3232. Энди сен барчага зоҳид аталдинг,
Жонинг ҳадсиз азобларга атадинг.

3233. Бунга мағрур бўлиб қолсанг сен агар,
Тоат бекор кетар, бу жуда хатар.
3234. Ибодат қилу халқдан сир тут лекин,
У қанча кўп бўлса, шунча оз дегин.
3235. Ибодат қилса гар киши эзгуси,
Элдан яшириб, эшигин ёпгувси.
3236. Бу сўз маъносини уққин нима дер,
Ва унга амал қил, аё яхши эр:
3237. Мардлар юрт олдида ўзин яширар,
Килиб юз йил ибодат, уни оз билар.
3238. Тоат қил, бировдан махфий тут уни,
Бу қатъий сир эди, мен очдим уни.
3239. Шаҳар, кентда ибодат қил, кел тезроқ,
Эзгулик эшиги очилсин тезроқ.
3240. Элга нафинг тегсин, дардига марҳам,
Жигарларга кўнгил бер ва бўл ҳамдам.
3241. Етимлар, эзилган беваларни кўр,
Чорасиз шол, мажруҳ, аҳволини сўр,
3242. Жамоат-ла ўқи доим фарз номоз,
Мискинлар ҳажидир бил жумъа номоз.
3243. Ҳалол топиб, фақирларга бер бўлиб,
Одамлар қўлин тут ҳамдами бўлиб.
3244. Бу ишлар ҳам тоат-ибодат эрур,
Бу ибодатнинг ажри роҳат эрур.
3245. Буларни тарк этиб, сен эй хулқи соз,
Тутиб рўза, танҳо ўқирсан номоз.
3246. Бу рўза, номозлар ўз фойданг эрур,
Ўз нафин кўзлаган кўп худбин бўлур.
3247. Кўп яхши айтибди одам асили,
Бировга меҳрибон инсон афзали.
3248. Яхши одам шуки, нафидан кечар,
Бировлар нафи-чун машаққат чекар.
3249. Меҳрибон ва гўзал бўлсин эр дили,
Ёмонга ҳам очсин эзгулик йўлин.
3250. Инсон бировга наф бергани яхши,
Наф бермаса тезроқ ўлгани яхши.
3251. Киши яхшиси элга фойда берур,
Бундайин кишилар эл-юртга зарур.
3252. Тоатга ишониб юраверса қул,
Оллоҳ, ризосини топиши мушкул.
3253. Ҳақ ризосин истасанг гар мукаммал,
Мусулмон ризосин топгин сен аввал.
3254. Сенинг тоатингга зор эмас Худо,
Яхши ном тилаб, айла қуллик адо,
3255. Номи инсон бўлса, ибодат қилур,
Тоат қилмаган ғайри инсон эрур.
3256. Тоат қил, тоат, тинма, қуллигинг шул,
Ибодатни кўзла, маҳкам тут бу йўл.
3257. Хўп айтмиш бу ҳақда доно, олим эр,
Унга амал қилгин саҳоватли эр:
3258. Ибодат қилдим деб мағрурланма кўп,
Хаққа топин, ибодатли бўлар хўп.
3259. Ибодат қил, Яратганни этиб хуш,
Тоат қилдим дебон унутма ақл-ҳуш.
3260. Ўдғурмиш ҳузуримга чорладим сени,
Ўз нафин кўзлар деб ўйлама мени.
3261. Агар келсанг фойдаси кўпдир сенга,
Гар келмасанг зарари йўқдир менга.
3262. Чақирдим эл-юртнинг фойдасин кўзлаб,
Эл нафига зарар келтирма зўрлаб.

3263. Айтган сўзларимни пухта ўйлаб кўр,
Маъқул кўрсанг дарҳрл бу томонга юр.
3264. Ёнимда бўл доим, кўмаклаш ҳар дам,
Мол-мулк бирла фақирларга бўл ҳамдам.
3265. Бу сенга савобдир, менга яхши от,
Эгам икки дунёмиз қилар обод.
3266. Яхшиликка бошла мени, яхши бўл,
Яхшидан ўрганар киши яхши йўл.
3267. Яхшилик қилмоққа сабаб бўл менга,
Оллоҳ бунинг ажрин беради сенга.
3268. Нима дер эшитгин тожик олими,
Жаҳонга машҳурдир уларнинг номи:
3269. Беги бўлса халққа одилу ғамхўр,
Бундан саодатга эришар эл, кўр.
3270. Ўзингмас бег яхши бўлишин тила,
Бег яхши бўлса, элга фойда келар.
3271. Ўзи учун ҳар кимнинг яхшилиги,
Халқ учун ҳузурдир бег яхшилиги.
3272. Чин инсон атарлар шундайин кишин,
Бировга наф берса, бажарса ишин.
3273. Бани одам суяр асли яхшини,
Яхшилик не асли, мен мақтай уни.
3274. Халққа наф етказмоқ яхшилик зрур,
Бу нафдан элу юрт гар топса ҳузур.
3275. Меҳрибон бўлар халққа яхши киши,
Ғамхўр бўл, бўларсан яхшилар боши.
3276. Сўз маржонин тизиб, хат битдим ўзим,
Қуритдим сиёҳни, тугатдим сўзим.
3277. Қолган бўлса яна қандайин сўзим,
Жигаринг етказгай, нурли юзлигам,

3278. Хатни ўраб ўз муҳрини босди хон,
Таъзим бирла Ўгдулмиш олди шу он.
3279. Элиг айтди: Қани, йўлга туш дарҳол,
Зарур гапинг, оқил, айтарсан алҳол,
3280. Ғайрат кил, ҳузуримга келтир уни,
Усиз безовта қилма, ботир мени.
3281. Донишманд нима дер, эшитгин сўзин,
Моҳир элчи юбор, чўзмагин сўзинг.
3282. Қандай сўз уқтирай сенга мен бу чоғ,
Гап ўзингда қолган, эй нияти пок.
3283. Не айтмод лозимдир, сен шуни сўзла,
Не қилмоқ лозимдир, сен шуни кўзла.

3284. Гўзал хулқли, хуш одобли Ўгдулмиш,
«Бош устига» дея саройдан чиқмиш.
3285. Йўл олди уйига у миниб отин,
Келиб ечди тўнин, ёқа, белбоғин.
3286. Қуёш ботди, қўйди уфққа бошини,
Тун чулғади ернинг тоғу тошини.
3287. Зулфин ёйиб, осмон ёпди нур юзин,
Қора зулфи чулғади олам юзин.
3288. Ният қилиб ўқиди хуфтон номоз,
Тўшак солиб ётди, ухлади бир оз.
3289. Чўчиб уйғонди-ю, кўтарди бошин,
Тун йиға бошлабди қора чодрасин.
3290. Таҳорат олиб у қилди ибодат,
Дуо бирла Ҳақдан сўрди иноят.
3291. Заррин гардиш бошин кўтарган ҳамон,
Кулувчи юз каби ёришди жаҳон.

ЎТТИЗ САККИЗИНЧИ БОБ
ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШ ЁНИГА
БОРГАНИ БАЁНИ

3292. Эгарлади дарров отини тутиб,
Қариндоши томон кетди у учиб.
3293. Қариндош жойига боргач яқинлаб,
Отдан тушиб юрди аста одимлаб.
3294. Яқин бориб аста эшикни чекди,
Ўдғурмиш тоатин тугатиб чиқди.
3295. Эшигин очди-ю, жигарин кўриб,
Қучоқлаб сўрашди, юз-кўзин суюб.
3296. Шод бўлиб ичкари бошлади шу он,
Жой кўрсатди тўрдан қўлин тутибон.
3297. Учрашувдан севинчга тўлиб тошди,
Оллоҳга ҳамд-сано айтмоққа шошди.
3298. Нечоғли қувонч бу, киши айрилиб,
Саломат кўришса ахтариб келиб.
3299. Яқинлик риштасин боғлаш эзгу иш,
Айрилган жигарлар қайта топишиш.
3300. Меҳр-оқибат нишонаси бу тағин,
Қариндошлар кўнгли бўлса гар яқин.
3301. Не дер эшит ул меҳрибон бағирдош,
Яқинлик риштасин улаган қардош:
3302. Айрилиқ сўнггида кўришса одам,
Қувончи кўп бўлар, камаяди ғам.
3303. Тақдир ҳукми бирла айрилган инсон,
Не бахт, қайта топишиб бўлса шодон.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

3304. Ўдғурмиш сўрди жигар, ёр-дўстларин,
Ўгдулмиш етказди соғлиқ хабарин.
3305. Сўради Ўдғурмиш: Не бўлди сенга?
Нечук келдинг, ростини айтгин менга
3306. Эшитдим мен сени элиг бирла деб,
Халққа наф етказар билим бирла деб.
3307. Нечук келдинг бугун ташлаб юмушинг
Унутиб зиммангдаги юрт ташвишин,

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

3308. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Ўзим,
Сени излаб келдим, ойдин юзлигим.
3309. Атай келдим сени кўрайин дебон,
Ғам-алам тугунин ечайин дебон.
3310. Кўпдан сени бир кўрмоқ истар эдим,
Кўриб тўймоқ учун вақт топиб келдим.
3311. Кўпдан буён сени бир кўрганим йўқ,
Отланиб келмоққа вақт топганим йўқ.
3312. Бугун вақт-саоти, етди фурсати,
Шукр, таскин топдим, битди ҳасратим.
3313. Имкон бўлди, келдим қошингга ўзим,
Бунинг шукрин айта оларми сўзим.
3314. Инсоннинг тан-жони соғ бўлса агар,
Эй меҳрибон, бир кун тилакка етар.
3315. Орзуси ушалган эшит нима дер,
Ўткинчи дунёни синаб кўрган эр:
3316. Тирик бўлса инсон тилакка етур,
Тириклик орзуга сармоя эрур.
3317. Тирик бўлса инсон топишар яна,
Соғ бўлса айрилган қовушар яна.
3318. Тириклик тила сен, тилама тилак,
Тириклик тилакка етишга тиргак.
3319. Тилагимни берди Ҳақ охир менга,
Эсонлик билан мен етишдим сенга.
3320. Яна бир гапим бор, бу гапдан кейин,
Яхшилаб қулоқ сол, баён айлайин.

05

YUSUF XOS HOJIB
QUTADG’U BILIG
Qadim turkchadan Emin USMON tarjimasi
09

Asli ismi Yusuf bo’lgan ilk turk dostonnavisi Bolosog’unda tug’ilgan. Xos Hojib (ayrim manbalarda Yusuf Bolosog’uniy) shoirning unvoni bo’lib, uning asari hukmdorga tortiq qilingandan so’ng shunday nomga sazovor bo’lgan. Muallifning bizgacha yetib kelgan yagona asari xijriy 462 (1069-70)da yozib tugallangan «Qutadg’u bilig» («Baxtlilanish bilimi») bo’lib, muallif o’z asarini 18 oyda yozib tugatgan. Asardagi to’rt ramziy qahramon Kuntug’di (adolat), Oyto’ldi (davlat), O’gdulmish (aql) va O’zg’urmish (qanoat) timsollari orqali Yusuf Xos Hojib o’zining ijtimoiy-siyosiy, adabiy-falsafiy qarashlarini ifoda qilgan.
Asar bizgacha uch nusxada yetib kelgan bo’lib, birinchisi saqlanish o’rniga ko’ra «Vena nusxasi» degan nom bilan yuritilsa ham, aslida Hirotda 1439 yilning 17 iyunida kotib Hasan Qora Soyil Shams tomonidan uyg’ur yozuvida ko’chirilib tugatilgan. Ikkinchi nusxa ko’chirilish o’rni, topilishi va saqlanishiga ko’ra «Qohira nusxasi» (Qohiradagi Hiduv kutubxonasida saqlanayotgani 1896 yilda ma’lum bo’lgan) deb nomlanadi. Uchinchi nusxa «Namangan nusxasi» nomi bilan ilmga kirgan bo’lib, 1923 yili Fitrat tomonidan qo’lga kiritilib, Toshkentga keltirilgan. A.Kononovning aniqlashicha, ushbu qo’lyozma mavjud nusxalar ichida eng mukammalidir. U 6329 baytdan iborat, masnaviy (aruzning «mutaqoribi musammani mahzuf») vaznida yozilgan.

09

O’TTIZ BIRINCHI BOB
ELCHI (YALAVOCH) QANDAY BO’LISHI
KERAQLIGI BAYONI
045
2599. Javob berib aytdi O’gdulmish: Elig,
Buning uchun albat zarurdir bilig.
2600. Yalavoch bo’lishga sara er kerak,
Bilimli, aqlli, botir sher kerak.
2601. Haq qullari aro sara, xillari,
Inson yaxshisidir xon elchilari.
2602. Elchi bilan bitar har turli yumush,
Elchi-la sodir bo’lar ko’p xayrli ish.
2603. Elchi aql-hushli ham bosiq bo’lsin,
Ilmli, so’zga chechan, tadbirli bo’lsin.
2604. U puxta bilsa so’zning ichu toshin,
Tuzatar davlatiing buzilgan ishin.
2605. Eshitgin, jahongir beg nimalar der,
Elu yurtga bosh bo’lgan bilimdon er:
2606. El dono zot, bilimlini tani, bil,
Bilimdon knshini elga boshchi qil.
2607. Qaysi ishda Aql-zakovat esh erur,
O’sha ish albatta o’ngidan kelur.
2608. Qay bir ishga ishin ishlatsa olim,
Qo’l urgach, maqsadga yetadi doim.
2609. Ilm, aql-zakovatni ishlatsa kishi,
O’ngidan keladi boshlagan ishi.
2610. Elchi sodiq, ko’zi, ko’ngli to’q bo’lsin,
Va ishonchli, fe’l-atvori o’q bo’lsin.
2611. Sodiq kishi begning foydasin tilar,
Foydasin ko’zlagan begini sevar.
2612. Ishonchlini begga manfaatli bil,
Uni topsang dilga yaqin tut, dust qil.

2613. Sodiq xodim — jigar, yurak qonidir,
Jigardan ham yaqin, inson jonidir.
2614. Suq kishining irodasi bo’sh bo’lar,
Ular elchilikka noloyiq bo’lar.
2615. Ko’zi to’q gar faqirdir boy sanalar,
Sabr etgan har ishda zafar qozonar.
2616. Suq ta’magirdir, ta’ma etgay ado,
Bundaylar doimo atalar gado.
2617. Nima der eshitgin ko’zi to’q kishi,
Ko’zi to’q kishi bo’ldi boylar boshi.
2618. Gado qilsa kimni bu ko’z suqligi,
Boy qilolmas uni dunyo to’qligi.
2619. Kim agar ta’maga bo’lsa asir, qul,
Bu darddan qutilgay o’lim birla ul.
2620. Yana yaxshi aytmish bilim berguvchi,
Ko’zi ochga pand-nasihat qilguvchi:
2621. Boy bo’lishni istasang, ey mard o’g’lon,
Ko’ngil boyligini istagin har on.
2622. Butkul qul bo’lsa hamki ko’zi to’q xon,
Suq beglikdan to’q qullik afzal, inon.
2623. Gar xon ochko’z bo’lsa gadoydir, gadoy,
Qaysi qul ko’zi to’q — u xon, ko’ngli boy.
2624. Andishali, bosiq, xushfe’l bo’lsin u,
Xushfe’llik-la turli bilim bilsin u.
2625. Andishasiz kishi tuban, past bo’lar,
Andishali kishi odil, haq bo’lar.
2626. Og’ir-bosiq bo’lsa, halimu ma’qul,
Fe’li yaxshi bo’lsa, barchaga maqbul.
2627. Abjir va bilimli bo’lsa gar odam,
Bor ishda yutuqqa erishgay har dam.

2628. Bu baitni o’qigin, ne debdi eshit,
Ilm-la ish boshla, o’zingga esh et.
2629. Aql-idroq birla uq, bilim birla bil,
Kuning qutli bo’lsin, saodatli yil.
2630. G’ayrat bilan inson tilakka yetar,
Ilm, aql topsa, so’ng ishlarin hal etar.
2631. G’ayrat qilib o’rgansa turli bitik,
Bitik bilgan kishi bo’lar ko’p tetik.
2632. O’qish, yozish bilsa, tushunsa so’zin,
Shu zayil olim qilar kishi o’zin.
2633. U bilsin xilma-xil kasb-hunar to’lug’,
Inson yuzin mehnati qilar yorug’.
2634. Ko’p kitob o’qisin, bilsin har so’zni,
She’rlarni tushunsin ham yozsin o’zi.
2635. Ilmi nujum, tabobatni bilsin u,
Ham tushlarni to’g’ri ta’bir qilsin u.
2636. U bilsin hisobu handasa ilmin,
Ildiz chiqarish va yer o’lchash ilmin.
2637. Nard va satranj o’yanin puxta bilsa,
Mag’lub raqiblarin qaddi bukilsa.
2638. Chavgon bilsin, mergan – otar, bo’lsin o’q,
Lochindor va ovchi bo’lsin tenggi yo’q.
2639. Hamma tilda so’zlashni bilsin tili,
Barcha xatni o’qisin, bitsin qo’li.
2640. Elchi uchun shunday fazilat kerak,
Shunda ish yurishib, ushalar tilak.
2641. Gar elchi zehnli, dono, ziyrak erur,
Naf ko’rar beg, balo oldi olinur.
2642. Elchi bo’lsa bo’shang, betayin, yomon,
To’qar begning obro’sini begumon.

2643. Elchi shaksiz yaxshi bo’lmog’i kerak,
Jur’at-la har ishni yechmog’i kerak.
2644. Qay kasb-hunar ko’rsatsa, bilsa qadrin,
San’at va ilmni uqsa oshar qadri.
2645. Qay bir kishi aytsa unga o’z sirin,
Dardin uqsa, sirin tutsa yashirin.
2646. Elchi san’at sirlarin bilsa to’lug’,
Begining nomini aylagay ulug’.
2647. Nima der, eshit, ish bilar Ko’k Ayuq*,
Bu so’zni uqmagan kishi esi yo’q.

* Ko’k Ayuq — Turkman oqsoqollariga beriladigan unvon

2648. Kimning kasb-kori bo’lsa, nomi chiqar,
Hunarsiz unutilar, nomsiz yitar,
2649. Inson fazli birla insondan o’zar,
Kimda aql, fazilat bor o’rlab uchar.
2650. Ilmu hunar birla qo’l sunsa agar,
Yuksak tog’lar hatto yerga egilar.
2651. So’z uqar bo’lsin u ham hozirjavob,
Savolingga bersin ma’noli javob.
2652. Ichkilik ichishdan o’zin tutguvchi,
O’zin tiygan bo’lar baxt yushruvchi.
2653. Olim ichimlik ichsa ilmsiz bo’lar,
Bilimsiz mast bo’lgach, nimalar qilar.
2654. Ichkilik bilimu aqlga dushman,
Nomi urish-janjal — bir umr pushmon.
2655. Naqadar bilimli aqlli kishi,
Boshin mayga tiqsa, buzar o’z ishin.
2656. Qanchalik sharm-hayoli xushxulq erur,
May ichsa hamma ham tubanlik qilur.
2657. Afsuski, aqlu hush, bilim, hayoni,
Nopok mayga almashar — nest hayoti.

2658. May ichma, may ichsa yo’qolar quti,
May ichsa bo’lar telba, ahmoq oti.
2659. Ichingga kirsa may chiqarar so’zing,
Bu chiqqan so’zingdan kuyarsan o’zing.
2660. Nima deydi bu bayt aytguvchi, tingla,
Ochilgay ichu tosh sirlari angla:
2661. Icharsan agar mast qilguvchi sharob,
Ochilgay ko’ngil siring — bo’lding xarob.
2662. Bilimli may ichsa bir shikast bo’lar,
Bilimsiz may ichsa tuban, past bo’lar.
2663. Elchi shirin so’z, ko’ngli ochiq bo’lsin,
So’zlari jon ozig’i, aqlli bo’lsin.
2664. Yoqimli bo’lajak shirin so’z kishi,
Shirin so’z kishining manzurdir ishi.
2665. Zehni o’tkir bo’lsin, unutmasin so’z,
Yodda tutsin eshitganda muhim so’z.
2666. Yuz-ko’zi chiroyli va qaddi raso,
Soch-soqol yarashgan, kelishgan rosa.
2667. O’zi mardu maydon, buyuk himmati,
Shu ikki xislat-la inson qimmati.
2668. So’zi bo’lsa yumshoq, shakardek chuchuq,
Shirin so’zga yumshar kattayu — kichik.
2669. Elchining yumushi asli so’z bo’lar,
So’zi yaxshi bo’lsa, ishi o’ng bular.
2670. Shundayin kishini agar topsa xon,
Unga bersin elchi nomin shu zamon.
2671. Yuborsa bo’lar elchilikka uni,
Yotni yiroq, yaqinga urug’ini.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

2672. Elig aytdi: Eshitdim, bildim buni,
Yana bir gapim bor, anglatgin uni,

2673. Sen menga yana so’z burchin o’tagin,
Men esa senga so’z haqin o’tayin.
2674. Kotib qanday bo’lmog’i kerak, dono,
Beg ishonib yozdirsa bo’larmi noma?

O’TTIZ IKKINCHI BOB
KOTIB QANDAY BULISHI KERAKLIGI BAYONI

2675. Javob berib O’gdulmish aytdi: Elig,
Bu ishga munosib zot ursin ilik.
2676. O’tinch birla dedi O’gdulmish: Ey beg,
Bayon etay uni ko’ngildagidek.
2677. Bo’lmasin nechog’li olim beg o’zi,
Bitikchi kerakdir yozishga so’zin.
2678. Unga aytmoq kerak ichki sirni ham,
Sir saqlashni bilsin albat kotib ham.
2679. Maxfiy ishlar uchun chin inson kerak,
Ishonchli bo’lish-chun chin iymon kerak.
2680. Yashira bilmasa kotib beg so’zin,
Beg siri ochilar, kuydirar o’zin.
2681. Tutsalar-da beglar so’zin yashirin,
Ikki kishiga shart aytmog’i sirin.
2682. Ularning biri kotib, biri vazir,
Bu ikki kishiga ochiladi sir.
2683. Bu ikki kishiga ishonmoq kerak,
Aytgach, injiqligin ko’tarmoq kerak.
2684. Barcha sir bu ikki kishida bo’lar,
Sir saqlay olmasa o’z ishin buzar.
2685. Bu haqda O’tugan begi xo’p aytmish,
Sir aytuvchi tilini tiysin demish.
2686. Begning ishongani so’zni pinhon tut,
Gar pinhon tutmasang bosh bo’lar nobud.
2687. Og’zing bamisoli bir ungur erur,
Undan so’z chiqsa, bas, dondek sochilur.
2688. Dunyoga tarqalsa terib bo’lmagay,
Eshitar butun xalq yopib bo’lmagay.

2689. Og’izdan goho o’t, goho suv chiqar,
Biri tuzatadi va biri buzar.
2690. Yonar o’tga o’xshar noo’rin so’zing,
Xech so’ylay ko’rmagin, kuyarsan o’zing,
2691. Oqar suvdek tildan chiqqan yaxshi so’z,
Qayoqqa oqsa u bo’ston bo’lar bo’z.
2692. Ey mard deb atalgan bilimli hokim,
Siring qattiq yashir, bilmasin hech kim.
2693. Nima der eshitgin, bu baytni o’qi,
Pinhon tut siringni, ey ko’nglim to’qi.
2694. Siringni yashirgin, aytma hech qachon,
Fosh etsang chekarsan yillab oh-fig’on.
2695. Qizil til qora boshga dushman yomon,
Bu yovni mahkam tut, bo’larsan omon.
2696. Kotib aqlli-hushli, bilimli bo’lsin,
Xusnixat, shirin so’z, ezgu fe’l bo’lsin.
2697. Xusnixatni ko’rsa, ochiladi dil,
O’qigisi kelar, yayraydi ko’ngil.
2698. Gar xusnixat balog’atga teng erur,
Bitik so’zi g’oyat go’zal til erur.
2699. Eshitgin nima der Ili kotibi,
G’oyat go’zal erur hattot uslubi.
2700. Barcha yaxshi so’zlar bitikda bo’lar,
Bitilgani-chun so’z abadiy qolar.
2701. Yozuvchilar agar bitmasa bitik,
Nechuk bilgay erding bu hikmat, bilig.
2702. Bitib qoldirmasa olimu hokim,
Bizlarga o’tmishni aytar edi kim.
2703. Gar yozuv bo’lmasa kishilar aro,
Ishonardi quruq so’zga kim, qara.

2704. Odam eldan elga xabar yo’llagay,
Yozuv bo’lmasa so’z nechuk so’zlangay.
2705. Yozuv ko’p kerakli zarurat erur,
Yozuv-la beg elin idora qilur.
2706. Beglarning ishiga yaroqli kishi,
Uch turli bo’lajak, ey elchi boshi.
2707. Bilimdon, aqlli, donodir biri,
Beg so’zin aytuvchi kotibdir biri.
2708. Uchinchisi, jasur, qo’rqmas sher yurak,
Bo’ri, yovga qarshi shu botir kerak.
2709. Kim zakiy, bilimdon va dono erur,
Kengashib so’z aytmoqqa behad zarur.
2710. Elning barcha ishin xat izga solar,
Daromadni beg xat-la qo’lga olar.
2711. Mard, bahodir gar qo’lga qilich olar,
Yog’ini qiyratib, bo’ynini olar.
2712. Bu sifat uch inson qayda bo’lsa jam,
Insonning orzusi ushalar shu dam.
2713. Bundan boshqa toifalar ko’p, biroq,
Uchiga ergashar misli bo’taloq.
2714. Davlatni tutmoqlik qilich-la bo’lar,
Elni boshqarmoqlik qalam-la bo’lar.
2715. Ilm, aql-zakovat birla el tuzalar,
Shu bilan inson dunyoni tuzatar.
2716. Bilim birla beg yuritadi nizom,
Ishini aql birla qiladi inson.
2717. Qilich yurt qozonib, elni jamlaydi,
Qalam el tuzatib, davlat g’amlaydi.
2718. Qilichdan qon tomsa, beglar yurt olar,
Qalamdan siyoh tomsa, oltin g’amlar.

2719. Shu ikki narsadir dunyo ustuni,
O’tmish yo kelajakda — yaxshi bil buni.
2720. Ayo beg, bu narsa ulug’ fazildir,
Dono beglar amal qilmog’i farzdir.
2721. Ushbu so’z bo’ldi bunga aynan misol,
Yaxish kishi, sen astoydil quloq sol:
2722. Bilimdon bo’lsa kishi fazilatdir,
Qilich tuta bilsa, yana san’atdir.
2723. Qilich ellarni albat yaxshi tutar,
Qalam birla yashnab, orzuga yetar.
2724. Kotib bo’lsin beta’ma ham ko’zi to’q,
Sadoqatli, samimiy va nafsi yo’q.
2725. Ko’zi to’q kishi aslo suqlik qilmas,
Bir narsasi bo’lsa, xasislik qilmas.
2726. Ta’magir kishi mol-dunyoga asir,
To’lin oy yuzligim, sen uni kechir.
2727. Ta’magir qul erur bo’lsa hamki xon,
Odamlar tubani erur har qachon.
2728. Kotib ochko’z bo’lsa, tilni buzadi,
Ta’ma birla yozsa, xatni buzadmi.
2729. Oltin, kumush ko’rsa mahliyo bo’lar,
Beg boshini yer yo yeguday bo’lar.
2730. Sodiq xodim o’zini ishga urar,
Qachon lozim bo’lsa, doim shay turar.
2731. Sodiq xodim begning nafini tilar,
Moli, tanu jonin unga bag’ishlar.
2732. Bitikchi pok bo’lsin, ichmasin aroq,
Yomon xulqni qilsin o’zidan yiroq.
2733. Bitikchi may ichsa bilimi to’zar,
Bilimin yo’qotsa, yozuvda ozar.
2734. Kotib kecha-qunduz el ichra bo’lsin,
Zarur paytda hoziru nozir tursin.
2735. El ichra ikki kishini tanlab ol,
So’ng ularni ikki xil ishingga sol.
2736. Biridir yozishni bilar bitikchi,
Biri tili burro, suxondon elchi.
2737. Yaqin-yovuq yot elda chiqsa g’avg’o,
Shu ikkovi sabab bo’lar bu savdo.
2738. Ish orqaga ketsa, ikkovidan ko’r,
Ish rivojini ham ikkovidan so’r.
2739. Biri yanglishganda yozuvda so’zdan,
Biri shu xatoni tuzatsin so’z-la.
2740. Kotib shunday bo’lmog’i kerak, elig,
Unga ishonib bersa bo’lar ilik.
2741. Bu yanglig’ kishiga inonsa bo’lar,
Odamiylik kutilsa, undan kelar.
2742. Shu erur, ey hoqon, mening bilmishim,
Buni bayon etdim, tugadi ishim.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

2743. Elig aytdi: Yaxshi tushundim buni,
Yana bir gapim bor, bayon et uni.
2744. Xazinachi qanday bo’lar, ayt menga,
Ishonib topsharay mol-mulkim unga.
2745. O’z qo’liga olsa oltin, kumushni,
Puxta ado etsa ushbu yumushni.

O’TTIZ UCHINCHI BOB
XAZINACHI QANDAY BO’LISHI
KERAKLI BAYONI

2746. O’gdulmish aytdi: Ey oliy farmonli,
Zar, kumush sevimli, jonnning darmoni.
2747. Sofdil va ishonchli, to’g’ri bo’lsin u,
Ko’ngilni g’ash etmay ishni qilsin u.
2748. Nima der eshitgin savdogar boshi,
Olam kezib mol-dunyo topgan kishi:
2749. Bu jon shirin, lekin jondan-da shirin,
Oltin, kumush go’yo jonda yashirin.
2750. Erimas ko’ngilni eritar kumush,
Egilmas kishini egadi kumush.
2751. Kishi kumush ko’rib ko’ngil bermasa,
Bo’lar uni chindan farishta desa.
2752. Oltin ko’rgach, kishi muloyimlashar,
Ko’polning ham so’zi muloyimlashar.
2753. Topib baxt, ko’paysin desa mol-tovar,
Ko’zi to’q, sofdil bo’lsin xazinador.
2754. Ko’p dunyo ko’rib, to’ygan bo’lsa ko’zi,
Ham Xudodan qo’rquvchi bo’lsa o’zi.
2755. Halolu haromni farq eta olsa,
Yaxshi-yu, yomonni ajrata olsa.
2756. Ko’zi to’q birovning molin ko’zlamas,
Ishonchli, sof kishi o’zin bulg’amas.
2757. Oltin, kumush ko’rgan bo’lsa yosh chog’i,
Unda bo’lmas ochko’zlikning urvog’i.
2758. O’zi sofdil bo’lsa Xudodan qo’rqar,
Bunday kishi insof yo’lini tutar.
2759. To’g’rilik poklikdir, nafi yaxshilik,
Bu naf halovati erur mangulik.

2760. Inson to’g’ri bo’lsa, halovatdadir,
Halovatli bo’lsa, saodatdadir.
2761. G’amxo’r kishi ne der ma’nosin uqkil,
Odamlar yaxshisi unga amal qil:
2762. Ko’ngil, tilni, fe’lingni keng tut,
O’zi oqib kelar mol—dunyoyu qut.
2763. To’g’ri bo’lsang agar qutlidir kuning,
Saodatda shod-xurram o’tgay umring.
2764. Himmatli, xushyor, tetik bo’lish kerak,
G’ayrat-la minglab tadbir qilish kerak.
2765. Oqil, zakovatli bo’lsin, ko’ngli oq,
Hayosizdan yuz o’gir, qochgin yiroq.
2766. Yomon ishdan qaytarguvchi hayodir,
Yomonni ham tuzutguvchi hayodir.
2767. May ichmas bo’lsin u, o’zin tutguvchi,
O’zin tutguvchi er baxtin topguvchi.
2768. Mayparast mastlikda saxiylik qilar,
Sovurib molin o’zi quruq qolar.
2769. Xazina ishiga baxil yaxshiroq,
Baxillik-la kerak molni saqlamoq.
2770. Sadoqatli xodim jonsarak bo’lar,
Jonsarak xizmatkor begin boy qilar.
2771. Odamlar sarasi mehribon kishi,
Sen uni mahkam tut, ey yaxshi kishi.
2772. Xushyor g’aznachi ishni puxta qilar,
O’zin urintirmas, hisobin bilar.
2773. Farosatli kishi unutmas bo’lar,
Rejali ish qilar, yanglishmas bo’lar.
2774. Unutguvchi bo’ladi nodon kishi,
Farosatsiz kishi buzar o’z ishin.
2775. Zakiylik kerakdir yuritmoqka ish,
Xushyor bo’lmasa gar buzilar ko’p ish.
2776. Xat bilar bo’lsin u, bitikchi mohir,
Hisobot bobida betimsol, sohir.
2777. Kirim-chiqim hisobin bilsin kotib,
Va boshqa ishlarni qayd etsin kotib.
2778. Yil, oy, kun bitilsa, vaqti belgili,
Hisob farqi aniq, soni belgili.
2779. Hisob to’g’riligi yozuv birla, ul —
Hisobot yozilsa, ochilgay bor yo’l.
2780. Nima deydi tingla mehribon kishi,
Qattik tutib xodim yuritsin ishin.
2781. Yozilmagan ishni saqlamas ko’ngil,
Ko’ngilga ishonma, yozib ko’y, o’g’il.
2782. Bitik so’z qolar, yo’qsa unutilar,
Nodon xodim hisobot chog’i o’lar.
2783. Xazinachi turli bitiklar bilsin,
Ularni sir tutib, tadbirlar ko’rsin.
2784. Gar hisobda xodim ishi xatodir,
Hisobot vaqtida boshliq adodir,
2785. Elig hisobin bilsa xazinador,
Hisobda ko’ngilni tutsin barqaror.
2786. Xisob-kitobni sen o’tagach alhol,
Handasa ilmiga kirishgin darhol.
2787. Ko’p nozik ilmdir bilsang handasa,
Mumkin bo’lar yer-ko’kni hisoblasa.

2788. Nima der eshitgin bilimdon dono,
Dono so’zi oshdek shirin, purma’no:
2789. Bu ilmi handasa juda ham teran,
Donolarning boshi u bilan giryon.
2790. Yetti qavat ko’kni bir-bir ajratar,
Har amali zarra kabi ajralar.
2791. Oqil, zakovatli bo’lsin, ko’ngli oq,
Bilimdonlar ishi manzurdir har choq.
2792. Bilimli kishilar chin, to’g’ri bo’lar,
Nedur to’g’ri, kunlari yorug’ bo’lar.
2793. O’zin boshqarolmas er aql bo’lmasa,
Ishin yuritolmas bilim bo’lmasa.
2794. Saroyda bo’lajak g’aznachi ishi,
O’zin asrashi shart bu yanglig’ kishi.
2795. To’g’ri bo’lsin ko’ngil, til, fe’li butun,
Toqi tegmasin unga yolqin, tutun.
2796. Tilin tiyib, ko’zlarini bog’lasin,
Aql birla havasni u jilovlasin.
2797. Ko’zing ko’rgan narsani ko’ngil tusar,
Gar ko’ngil tusasa, kim uni to’sar.
2798. Ko’ngil yetti a’zo uzra hukmron,
Yugurar barcha el yo’lboshlasa xon.
2799. Behad yaxshi aytmish bilimdon so’zin,
Ey botir, tiy doim ko’ngil-la ko’zing.
2800. Tan-jon, yetti a’zo ko’ngilga royish,
Ko’ngil birla inson og’ir yuk olmish.
2801. Chala bir suratdir ko’ngilsiz kishi,
Dono nomin bulg’ar bundayin kishi.
2802. Tejamkor, to’g’ri bo’lsin, saxiy emas,
Shunda g’azna moli sochilib ketmas.
2803. Saxiylik ko’p yaxshi, tashlama aslo,
Kishi moli-la himmat qilma aslo.
2804. Tijorat yo’llarin puxta bilsin u,
Savdoni balmasa, foyda topmas u.

2805. Turli mol-tovarni farj eta bilsin,
Arzon qymmatni bilib, sharh eta bilsin.
2806. Narx-navoni bilsin u, oshiqmasin,
Oldi-sotdi ishida oziqmasin.
2807. Oldi-berdida u vafoli bo’lsin,
Kattayu-kichikka shirin so’z bo’lsin.
2808. Nimani qarz olsa va kaytarsa tez,
Ne so’rsa birovlar berar shubhasiz.
2809. Fe’li to’g’ri, tijoratda rost bo’lsa,
Topiladi doim ne kerak bo’lsa.
2810. Beg qo’shinga bersa in’omlar har gal,
Xiyonat aralashmay yetsin tugal.
2811. Hadya kechiksa lashkar ko’ngli sinar,
Va begga ko’ngilda adovat inar.
2812. Saxiylar boshchisi nelar der eshit,
Ey g’arib, sen uni ko’ngilga jo et:
2813. Sevguchin seviksiz qilayin desang,
Aytilgan narsani basdir bermasang.
2814. Berilmas narsani hech aytmagulik,
Aytildimi uni albat bergulik.
2815. Beg va’dasin buzsa, ishonch yo’qolar,
Ishonch bo’lmasa, mol-dunyo yo’qolar.
2816. Bo’shanglik kerakmas, soq — xushyor kerak,
Ishchi bo’shang bo’lsa, ish oqsar demak.
2817. Beglar xizmatida yurgan xizmatkor,
Hojatdan eshigin ochadi nochor.
2818. Xodim qo’li qisqa, hojatmand bo’lsa,
Beg in’om yorlig’iv unga yo’llasa.
2819. Xazinachi paysalga solsa bekor,
In’omdan umidin uzar xizmatkor.
2820. Topilsa kashiga kerakli narsa,
Filga teng bo’ladi bu xasdek narsa.
2821. Mo’ysafid nima der, quloq tut, qara,
Ey botir, hojatmand kuniga yara.
2822. Topilsa tilagan tilagi agar,
Javoban jonini u fido aylar.
2823. Kerak paytda filga teng bo’lar bir xas,
Shunga monand hamma narsa kelar mos.
2824. Hayoli, muloyim, bilguvchi bilig –
Kishini agarda topolsa elig,
2825. Unga bersa bo’lar xazina — molin,
Haqin ado etsa va bilsa holin.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

2826. Elig aytdi: Uqdim, bildirding buni,
Yana bir so’zim bor, ta’rif et uni.
2827. Dasturxonu noz-ne’matlar boshchisi,
Qanday bo’lar oshxona xizmatchisi?
2828. Toqi ovqat yesa, shubhalanmasa,
Beg unga ishonsa, boshin saqlasa.
2829. Ishonchsiz qo’lidan yeyish va ichish,
Ey dono, ko’p mushkul va xatarli ish.
2830. Sen menga aytib ber buni birma-bir,
Tushunib anglayin, ey mard bahodir.

O’TTIZ TO’RTINCHI BOB
BOSH OSHPAZ QANDAY BO’LISHI
KERAKLIGI BAYONI

2831. O’gdulmish javoban aytdiki: Ey xon,
Bu ishga kerakdir komil, pok inson.
2832. Elu yurt aro halol, to’g’ri kishi,
Topilsa gar shu qilsin osh-suv ishin.
2833. Bu ishga chin, ishonchli odam tila,
Mehribon va sodik, hayosi bila.
2834. Mehribon, ishonchli va halol kishi,
Begiga- baxsh etar tanu jon, boshin.
2835. Tomoqdan bo’lar begga barcha xatar,
Ishni qilsa oshpaz kim kuzatar.
2836. Hamma joyda beglar asrasin o’zin,
Yeb-ichishda ochsin xushyorlik ko’zin.
2837. Yurt boshi insonga bo’lar ming yog’i,
Unga doim tayyor yog’i tuzog’i.
2838. Puxta, ishonchli bo’lmasa bu kishi,
Ovqatda xatarli bo’lar beg ishi.
2839. Bunga eski, sinalgan usta lozim,
Lazzatli taomni tutsin u doim.
2840. Ko’p bo’lsa ko’rsatgan xizmat — emgagi,
Uni qadrlagay ishonib begi.
2841. Nima der eshitgin kishi ezgusi,
Tang qolarli aql-zakovat belgisi:
2842. Nimaga qo’shilsa agar ko’p mehnat,
Shu narsa sevimli bo’lg’usi albat.
2843. Gar inson nimaga sarf etsa umr,
Shu narsa jon kabi suyukli bo’lur.
2844. Tiriklik esiz ketmas, mehnat esiz,
Mehnatga loyiq umr berilmas, esiz.

2845. Umr o’tadi, inson achinmas biroq,
Mehnat zoe ketsa achingay uzoq.
2846. Bosh oshpaz ko’zi to’q, bo’lsin ko’ngli boy,
O’zi pokiza-yu, yuzi ko’rki oy.
2847. U bo’lsin taqvodor, shariat bilar,
Bu yanglig’ kishidan yaxshilik kelar.
2848. Beglar tabiati nozik, pok erur,
Pok bo’lmasa taom nechuk yeyilur.
2849. Pok bo’lsa oshpaz pokiza osh berar,
Toza bo’lsa osh-yeuv sevib yeyilar,
2850. Ko’zi och kishi oshga suqlik qilar,
Ovqatga qo’lin tiqib nopok qilar.
2851. Ko’zi och kishining qilig’i baddir,
Bu qilmishi unga hech bitmas darddir.
2852. Qanchalik bo’lmasin kishi ishonchli,
Bilib qo’y, baridan o’zing ishonchli.
2853. Barchaga ishongin, lekin pishiq bo’l,
O’zing asra, boshingga ehtiyot bo’l.
2854. Bunga monand kelsa ushbu so’z bu dam,
Unutma bu so’zni, ey ezgu odam:
2855. Hammaga ishonu avayla o’zing,
Senga mehribondir faqat o’z ko’zing.
2856. Hammadan azizdir bu jon yaxshi bil,
Joningni avayla, gapni kalta qil.
2857. U ko’rkam, xushchiroy, xushxulq bo’lsin,
Fe’l-atvor, tili, dili to’g’ri bo’lsin.
2858. Ko’rkam kishi ko’zga ko’rinadi pok,
Yemoqqa noravo osh bo’lsa nopok.
2859. Halolni sevadi u tanho Bayot,
Poklik birla er qozonar yaxshi ot.

2860. Barcha inson poxizalikni tilar,
Osh-suv pok bo’lishin hamma orzular.
2861. Yiroq tutgulik oshdan nopok kishin,
Undaylarnshg toza emasdir oshi.
2862. Ishonchli, fe’l-atvorda lozim to’g’rilik,
To’g’ri bo’lmasa tuzalmas yo’l-yo’riq.
2863. Gar qo’li egri bo’lsa osh boshchisi,
Butkul egri bo’lgay uning ishchisi.
2864. Yig’ilsa agar bir to’p osh o’g’risi,
Beg dasturxoni qachon to’kin bo’lg’usi.
2865. Kishiga to’g’rilik, xusnixulq kerak,
Shu tufayli kelgay sevinchu tilak.
2866. Nima der eshitgin go’zal xulqli er,
Fe’li yaxshi bo’lsa, bor ne’matni yer,
2867. To’g’rining baxtiyor kechadi kuni,
To’g’rining hech zulmat bo’lmaydi tuni.
2868. Xiyonat qaerga bosarkan oyoq,
Foydali ish bari qochadi yiroq.
2869. Xiyonatchi kaerga ko’lini urar,
Dengiz tortiladi, yerni quritar.
2870. Oshpaz bo’lsin mehribon, begini sevar,
Uyat-andishali va nafsin tiyar.
2871. Mehribon zot begga jonkuyar bo’lar,
Uning xizmatlari foydali bo’lar.
2872. Farosatli hamda bilimli bo’lsin,
Vaqtida taomni hozirlab tursin.
2873. Qoidali yurib ishlasin o’zi,
Kirib chiqqanida tuz tutsin ko’zin.
2874. Aql-idroq-la ishlab, kuzatsin o’zin,
Bilim birla ishlab tiysin u ko’zin.
2875. Vafo qilsa begga istab yaxshi nom,
Ezgulik-la topar mangu ehtirom.
2876. Zakovatli kishi yaxshi nom tilar,
Bilimli kishilar ishonchli bo’lar.
2877. Aqlli kishidan odamiylik kelar,
Bilimli kishilar yaxshisi bo’lar.
2878. Nima der eshitgin aql-hushli kishi,
Zakovatli kishi ko’plarning boshi.
2879. Kishi yaxshisidir oqil, vafodor,
Insonga jonini berishga tayyor.
2880. Nopok badxulk bo’lar hamda jafokor.
Va’dasiga vafo yo’q, na bir labz bor.
2881. Borin aytdim endi, ey dono kishi,
Shu yanglig’ bo’lmog’i kerak osh boshi.
2882. Bosh bo’lsa osh-suvga solib dasturxon,
Beg yesa taomni qilmasdan gumon.
2883. Bilganim, ey elig, bayon ayladim,
Ko’ngilda borini izhor ayladim.

ELIGNING UGDULMSHGA SAVOLI

2884. Elig aytdi: Uqdim, angladim buni,
Yana bir gapim bor, sharh ayla uni.
2885. Menga aytgin endi ichimlik boshi,
Qanday bo’lmog’i kerak soqiy ishi?
2886. Beg unga ishonsa ko’ngli inonib,
Sharbat olib ichsa, qo’lidan olib.

O’TTIZ BESHINCHI BOB
BOSH SOQIY QANDAY BO’LISHI
KERAKLIGI BAYONI

2887. Javoban O’gdulmish dedi: Ey elig,
Bunga ham lozimdir juda ko’p bilig.
2888. Mohir egdish* darkor sinalgan ko’p yil,
O’zin bosib, topib olgan to’g’ri yo’l,
2889. Ishonchli, jonkuyar, ko’zi, ko’ngla to’q,
Fe’l-atvori to’g’ri bamisoli o’q.

* Egdish — o’zganddagi turkiy qabilaning nomi. Bu yerda bosh soqiy shu qabiladan bo’lgani
afzalligiga ishora qilinmoqda.

2890. Shu sifatli bo’lsin qadah tutguvchi,
Yaragay bu ishga, sarf etgay kuchin.
2891. Bosh soqiyda turli dori giyohlar,
U ma’jun*, guvorish**, surgini saqlar.

* Ma’jun — af’yun
** Guvorish — ovqat hazm qildiradigan dori

2892. Unda bo’lsin doim doriyu marham,
Yeyishga, ichishga va yalashga ham.
2893. Ho’l, quruq yemishu ichimlik, sharob,
Topilar bari ehtiyojga qarab.
2894. Beglarga barcha xavf tomoqdan bo’lar,
Tomoq totini oshpaz, soqiy bilar.
2895. Gar opshazu soqiy ishonchsiz erur,
Yeb-ichishda begga ko’p mushkul bo’lur.
2896. Nima der bilimli, dono bilgulik,
Nafsni tiyib, oshni sekin yegulik.
2897. Tomoq asralsa, boshga foyda berar,
Oz yeyilsa, og’izga- lazzat berar.
2898. Ko’p ko’rdim kishikim, zoe qildi bosh,
Nafsini tiyolmay uvol bo’ldi yosh.

2899. Odamga barcha dard tomoqdan kelar,
Uning davosi ham og’izdan kirar.
2900. U bo’lsin aqlli, bilimli kishi,
Odamiylikdir aqllining qilmishi.
2901. Yomonga qo’shilmas es-hushli kishi,
Ishonchli, chin bo’lar bilimli ishi.
2902. Tuz bo’lmasa yog’och o’tda kuyadi,
To’g’ri bo’lmasa er tutqun bo’ladi.
2903. Ey botir beg, to’g’ri bo’l, shunga tirish,
To’g’rilikdan bo’lak yo’qdir yaxshi ish.
2904. Bosh soqiy bama’ni bo’lmog’i kerak,
Sof bo’lsin undagi niyatu yurak.
2905. Bor ishni to’g’rilik bilan qilsin u,
Yaroqsiz, pastkashni yo’latmasin u.
2906. O’zi tayyorlasin sharobni ko’rib,
Asrasin uni o’z tamg’asin urib.
2907. Yeb-ichishga zarur neki ziravor,
O’zi tayyorlab, pok tutmog’i darkor.
2908. Quruq, ho’l meva, sharbatu sharob,
O’zi tayyorlasin, saqlasin sharob.
2909. Jon koyitib, suyub, bo’lib mehribon,
Idishlarga ko’z-quloq bo’lsin har on.
2910. Shu bilan begiga singar mehnati,
Bu mehnat qulning ayni manfaati.
2911. Kishi mehnati singsa qay narsaga,
Jon rishtasi payvanddir shu narsaga.
2912. Bunga moslab aytdi so’zini dono,
Bilsang oqil so’zi hikmat purma’no:
2913. Mehnat singsa qay bir narsaga agar,
U jon rishtasidek sevimli bo’lar.

2914. Zahmat cheksa kishi umrin sarf etib,
Rozi bo’lsin g’amni ham qismat bilib.
2915. Topilsa bu yang’lig’ soqiylar boshi,
Unga bersa bo’lgay soqiylik ishin.
2916. Bu ishga shundayin yaxshi er kerak,
Odob, ko’rkin ko’rib quvonsin yurak.
2917. Barcha shogirdlari navnihol va yosh,
Ko’rkli bo’lsin ular bamisli quyosh.
2918. Yosh bo’lsin, kulib tursin oydek yuzi,
Sambitdek xipcha bel, suratdek o’zi.
2919. Qora soch, yag’rini esa keng bo’lsin,
Oq badan, yuzlari mag’izdek bo’lsin.
2920. Yashil, ko’k, sarik, arg’uvon to’n kiyib,
Taom ko’tarib yursa yarashar ajib.
2921. Soqiy soqolsiz hamda pok bo’lsin,
Mayga qil tushirmay ehtiyot qilsin.
2922. Idishga qil tushsa yaroqsiz bo’lar,
Osh-suvga qil tushsa, tatimsiz bo’lar.
2923. Shu bois aytgandir ta’lim barguvchi,
Soqolsiz bo’lsin deb idish tutguvchi.
2924. Soqiy pokiza bo’lsa, ko’rkli yuzi,
Qo’lidan may ichsang singar, ey qo’zi.
2925. Neki tutsa yuzi ko’rkam, xush xulqli,
Jonu dil olar undan ibrat — ulgi.
2926. Tingla ne der bu baytlarni aytuvchi,
Qulog’ingga quyib ol, ey bilguvchi:
2927. O’zi xushro’y, xusnixulq bo’lsa agar,
Ne tutsa tomar undan qantu shakar.
2928. Oy yuziga boqsa to’yar och kishi,
Chanqovini qondirar tashna kishi.

2929. Bosh soqiy shundayin bo’lmog’i kerak,
Soqiylar unga mos bo’lmog’i kerak.
2930. Ko’ngli to’lib, beglar unga ishonsa,
Chinligidan yaqin tutib inonsa.
2931. Bu ishlarga tanla asl kishini,
Ko’zi to’q, sodiq ham andshalini.
2932. Biri sarkotibdir va biri elchi,
Biri oshpaz, biri sodiy — idishchi.
2933. Bularning barini yaxshi tanlagin,
Nobop chiqsa, keyin kuyib yonmagin.
2934. Elchi-yu, sarkotib bo’lsa yaramas,
Eldan ular kasofati arimas.
2935. Soqiy bilan oshpaz nobop bo’lsa gar,
Ularning zarari naq jonga tegar.
2936. Qattiq tutgin sen bir qancha kishini,
Yaxshi tanlab so’ng topshirgin ishingni.
2937. Yana aytdi O’gdulmish: Elig quti,
Ishidek buyukdir beglarning oti.
2938. Ulug’ ishda ko’plab bosh og’rik, bo’lar,
Unga chidamasa, beglik yo’qolar.
2939. Nima der eshitgin kengashchi dono,
Uning aytganlari inju purma’no:
2940. Ey beg, mashaqqat chek, istama rohat,
Zahmat bilan eshdir doim farog’at.
2941. Begning zahmatidan boy bo’lar budun,
Shunda beg orzusi ushalar butun.
2942. Farog’at topgan zot quvonmasin ko’p,
Rohatga barobar mashaqqat ham ko’p.
2943. Oshpazu soqiylar senga qanchalik,
Ey mard botir, bo’lsa hamki ishonchli.

2944. Ulardan mehribon o’zingga o’zing,
O’zga topilmagay ko’paytma so’zng.
2945. Ne deb o’git berar dono, anglagin,
Uqib ol, unutma, yozib saqlagin:
2946. Shirin jonim uchun vafodor, amin,
O’zimdan o’zgani tan olmadim men.
2947. Avayla, mahkam tut, jonni asra sen,
Ayrilgach befoyda, davo ista sen.

2948. Fikrim bayon etdim, ey elig quti,
Ne qilmoq keragin — davoyu otin.
2949. Bunday kishilar-la beg ulug’ bo’lar,
Uzib yov bo’ynini, shuhratvor bo’lar.
2950. Aniq fikrlarim arz etdim, mana,
Undan-da ibratli gapim bor yana.
2951. Elig tinglar bo’lsa, aytayin uni,
Yo’q ersa, sir tutay, chiqarmay unin.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

2952. Elig aytdi: Qani so’zla,ey oqil,
U ibratli gaping nedir, bayon qil.
2953. Sendan tinglash kerak her qandayin so’z,
Bilimda dengizsan, aqlda o’guz*.

* O’giz (O’kuz) — daryo

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

2954. Javoban O’gdulmish aytdi: Ey elig,
Eligdan tegar elga turli bilig.
2955. Eligga ko’rsatdim xizmatchi yo’lin,
Nechuq xizmat qilgay begiga quli.
2956. Beglar xizmatchisin yaxshi bilsinlar,
Uzoq xizmatini taqdir qilsinlar.
2957. Nechuq haqi bo’lsa begning qulida,
Begda qul haqi yo’qmi o’z yo’lida?
2958. Beg haqin o’tarkan qul ishda turib,
Qul haqin o’tash kerak ishin ko’rib.
2959. Xizmatchi dunyo uchun xizmat etar,
Mol-dunyo topmasa, iztirob chekar.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

2960. Elig aytdi: Buni menga ayt ochib,
Xizmatchi xaqi ne, ma’nosin yechib.

O’TTIZ OLTINCHI BOB
XIZMАTCHILARNING BEGLAR USTIDA
QANDAY HAQLARI BORLIGI BAYONI

2961. O’gdulmish aytdi: Bo’ynida beglarning,
Ishga loyiq haqi bor xodimlarning.
2962. Avval yeb-ichar ovqat bermoq kerak,
So’ng xizmat qurolin taxt qilmoq kerak.
2963. Mehnat qilmoq g’oyat mushqul ish erur,
Buni bilib beglar qadrlashi zarur.
2964. Jonu tanin fido aylaydi xodim,
Begning shodligini tilaydi xodim.
2965. Issiq-sovuq, och-to’q, yalong’och, yayov,
Qilich, o’qqa ko’ksin tutar kelsa yov.
2966. Goh old-orqaga, goh o’ngu so’lga,
Yurib begin yetkazadi huzurga.
2967. Yovga qarshi mustahkam qalqon bo’lar,
Begga hayot, o’ziga o’lim tilar.
2968. Shu yanglig’ begining sevinchin tilab,
O’zini qiynar kunni tunga ulab.
2969. Bu xizmat-chun haqini bermoq kerak,
Mehr ko’rsatib, ko’p yaqin tutmoq kerak.
2970. Nima der eshitgin Uch o’rda xoni,
Xalqning sarasi u, kishilar chini:
2971. Ayo beg, unutma, ey elga ulug’,
Qadrla quling, xizmatini bil ulug’.
2972. Xizmatchi-la beglar ilki uzayar,
Xizmatchi-la beg el-yurtin tuzatar.
2973. Beg qanchalik shavkatli va ulug’ erur,
Xodim tufayli ezgu xulqli bo’lur.
2974. Elig, odamiylik muruvvat erur,
Muruvvaat kishiga tariqat bo’lur.

2975. Muruvvat tariqat erur shubhasiz,
Kishi mehnatin bilib, qilsa aziz.
2976. Xizmatchi eshikda hojat-chun turar,
Hojati chiqmasa, muruvvat yitar.
2977. Kuzatib tursin beg xizmatchi kancha,
Yaroql kaysi, yaroqsizi necha.
2978. Foyda keltirganga inoyat kerak,
Xizmatiga loyiq haq bermoq kerak.
2979. Insonning hayvondan farqi yo’q, ey beg,
Qiyoslansa ishlari bo’lar birdek.
2980. Yilqini to’ydirar avvalo inson,
So’ng foyda kutar undan botmon-botmon.
2981. Beg ehson bersa, aytsa shirin so’zin,
Fido aylar unga xizmatchi o’zin.
2982. Bunga monand bir so’z aytmishdir olim,
Inson qo’lin uzaytiradi bilim.
2983. Kishi yaxshilikka jonini berar,
Bir yaxshilikka o’n bor javob berar.
2984. Foyda ko’rsa odam o’zin qul etar,
Yaxshilik shukriga ko’p zahmat chekar.
2985. Xizmatga loyiq in’om berish kerak,
Yupunga libos, ochlarga osh kerak.
2986. Nechuk beg bo’lgay u, ey elig quti,
Eldan yo’qotmasa kashshoqlik otin.
2987. Nima der eshitgin mo’ysafid so’zin,
Keksa so’zi yigitlarga aql ko’zi:
2988. Birovga yaxshilik qilsa gar kishi,
Javoban ezgulik qilmoqdir ishi.

2989. Birovning xizmatin bilmasa har on,
Hayvon misol, atalmaydi u inson.
2990. Xizmat qilguvchi ham ikki turlidir,
Biri ozod, biri hojat qulidir.
2991. Bu qul asli erksiz xizmatkor erur,
Xizmat qilmasa begdan kaltak yeyur.
2992. Hur xodim ishlagay o’zin qul qilib,
Qadrlash kerak uni xizmatin bilib.
2993. Hur, ozod kishilar yaxshilik quli,
Bularga ochib ber ezgulik yo’lin.
2994. Erkin, hur qul bilan aslo teng emas,
Qulni quldayin tut, ozod qul emas.
2995. Beglarning dargohi rohat qopqasi,
Uni topsang bu o’zingning foydasi.
2996. Xizmatkor boyisa, beg mashhur bular,
Duo birla nomi abadiy qolar.
2997. Ey elig, xodim bilan beg bamisli,
Ishi yurgan sotuvchi kabi asli.
2998. Sotuvchi mol berar dastmoya kilib,
Yurtda aylantirar xaridor olib.
2999. Yil, oy, kun o’tganda foyda jam bo’lar
Ko’rishib ikkavlon foyda bo’linar.
3000. Bas, shunga o’xshaydi xizmatchi kishi,
Begi birla hisob-kitobli ishi.
3001. Begi mol beradi yaxshi so’z bilan,
Xodim xizmat qilar jonu dil bilan.
3002. Jon fido qilib xodim qilich urar,
Uning foidasi albat el-yurt bo’lar.
3003. Yov bo’ynini uzib, xazina yig’ar,
Barcha tilak, orzu ro’yobga chiqar.

3004. Elig, buning bari foqda-yu, kirim,
Foyda keltirganni sen qadrla, begim.
3005. Nima der eshitgin savdogar boshi,
Foyda ko’zlab dunyoni kezgan kishi:
3006. O’g’ildan ortiqdir naf beruvchi qul,
Benaf o’g’il yovdir, undan nari bo’l.
3007. Qimirlagan hamma foyda deb yurar,
Naf bo’lmasa ovchi uyda o’ltirar,
3008. Qo’shin beglar qanoti erur har kez,
Ey beg, qush kanotsiz uchmagay hargiz.
3009. Qo’shin birla beg qudrati bilinar,
Ko’shin birla ko’p tugunlar yechilar.
3010. Qay beg atrofida jamdir qahramon,
Jahonga bo’lguvchi u sohibqiron.
3011. Qay begda jam bo’lsa fazilat tugal,
Istagan orzusi ushalar tugal.
3012. Jahongirga fazil kerak ming tuman,
Fazli birla jahon olar begumon.
3013. Fazilatni, o’g’lon, kam kuo’rma, o’rgan,
Fe’li oqqush kabi fazilat degan.
3014. Oqkush baxti kabi fazilat quti,
Qush deb ata sen albat uning otin.
3015. Oq sochli mo’ysafid eshit nima der,
Dunyoni qaritgan uzun yoshli er:
3016. Bilim, kasb-hunar o’rgan, qadrla uni,
Kasb-hunar qadrli qilgay oxir seni.
3017. Ilm ol, hunar o’rgan, behuda yurma,
Yaxshilik keltirar bir kun unutma.

ELIGNING O’GDULISHGA JAVOBI

3018. Bu so’zlarni tinglab ko’p sevindi xon,
Dedi: Ey aql-hushli, nasabi pok jon.
3019. Insonlik asosin yaxshi vasf etding,
Vafodorlar chin yo’lini kashf etding.
3020. Xalq ustidan hokim bo’ldim men o’zim,
Qo’lim uzun, hukm bo’ldi aytgan so’zim.
3021. Quvonmasmai taxtga erishganimdan,
Tilab tinch hayotga yetishganimdan.
3022. Orzuyim shu, huzurimga kelguvchi,
Men tufayli boyisa, ortsa kuchi.
3023. Ertaning foydasi-beglik quvonchi,
Yaxshi nom-la o’tsam, duo – ilinjim.
3024. Xazinada jamlangan oltin, kumush,
Maqsad — butunlay qo’shivga ulashish.
3025. Elga ulasharman istab yaxshi nom,
Duo olsam, yorlaqasa Haq mudom.
3026. Tilagim shu, menga xizmat qilguvchi,
Men sabab boyisa, ortda qolguvchi.
3027. Men o’tarman, dunyoda qolar budun,
Duo birla yod etishsa tunu kun.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

3028. Javoban O’gdulmish dedi: Ey elig,
Bermish bu ishga yetarli aql, bilig.
3029. O’luvchi kishiga axir ne kerak,
Nomi o’chmay yod etilishdan bo’lak.
3030. Bu dunyo tilasa, ulashsin kumush,
Oxirat najoti erur bu yumush.
3031. Tarqat oltin, kumushingni, ey elig,
Qay bir elni istasang yetar ilik.

3032. Eshntgin dono beg nimalar demish,
U birla beglik asosi qurilmish.
3033. Beg mol-dunyo va qo’shin tutmog’i lozim,
Yov elin olar qachon topsa lozim.
3034. Xazina boy bo’lsin hamda ko’p qo’shin,
O’zi yo’qsil, elni to’q qilib qo’ysin.
3035. Qo’shin bo’lsa, begning eli kamaymas,
Qo’shinsiz beg uzoq hokim bulolmas.
3036. O’z begidan xush bo’lsa qo’shin agar,
Beg istagan yurtni qo’lga kiritar.
3037. Dunyo beglari ko’p sahovatli erur,
Ikki jaxon to’ri ularning erur.
3038. Nima der eshitgin bilimdon so’zin,
Baxillik birla beg so’rolmas elin.
3039. Ikki narsa aks, bir-biridan qochar,
Baxilga yo’lamas, saxiyni quchar.
3040. Xasisdan qochadi fozil kishilar,
Saxiy bilan tilakka erishilar.
3041. Baxilligu beglik bir-biriga yov,
Baxilga adovat hamma yerda g’ov.
3042. El tutmoqqa ikki narsa bor erur,
Biri qilich, ikkinchisi zar erur.
3043. Beglik sahovat-la saqlanar, elig,
Sahovat ulug’lar barchani, elig.
3044. Botir er ko’tarsa chaqmoqdek temir,
G’anim lashkarida uzilar tomir.
3045. Oltin-la uzayitsa elig qo’lini,
Qilichsiz til bilan so’rar elini.
3046. Shu ikki narsa-la tuzaladi el,
Shu ikki narsa-la buyuk bo’lar er.

3047. Uyulgan kovoqni ochar sof oltin,
Buzilgan ishlarni tuzar sof oltin.
3048. Qayga qilich tushsa, kumush shundadir,
Kumush qayda bo’lsa, qilich yo’ldadir.
3049. Ayo beg, kumush soch, yig’ilgay erlar,
O’zing yig’sang to’zib ketadi ular.
3050. Qilichli botirlar kumushga tutqin,
Qilichga fido qil yig’ilsa oltin.
3051. Baxil beg mol yig’ib, to’plar xazina,
Saxiy beg qilich-la olar naqdina.
3052. Bu dunyo nizomi shu yanglig’ erur,
Baxillar so’kilib, saxiy maqtalur.
3053. Yer o’pib O’gdulmish so’zin tugatdi,
Xonni duo qilib, Haqqa hamd aytdi.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

3054. Bu so’zlarni tinglab quvondi elig,
Haqqa duo qilib, ko’tardi ilik.
3055. Dedi: Ey mehribon, ishongam Egam,
Mushkul onim sig’inadigan Egam.
3056. Sendan o’zga suyanchig’im yo’q mening,
Quvonchim o’zingsan, umidim mening.
3057. Ko’rsatmagan ezguliging qoldimi,
Ushalmagan orzularim qoldimi.
3058. Qanday sig’ingayman, duoyim — so’zim,
Ey g’amdan forig’, mungliman o’zim.
3059. O’zingdan madad, quvvat tilagayman,
Haq yo’lga boshlab meni qo’llagaysan.
3060. Barcha ezgulikdan yana ortig’i,
O’gdulmish bo’ldi endi ko’nglim to’qi.
3061. Uni ato qilib berding sen menga,
Bunga ming bora shukr qilaman senga.

3062. Fido aylar jonin mening ishim-chun,
Duo olib berar kechmish yoshim-chun.
3063. Menga kuch ber endi o’tayin haqin,
Quvonsin, bo’lsin menga ko’ngli yaqin.
x x x
3064. Ayo O’gdulmish, dedi yana elig,
Maqtashar deb seni aqlli, bilimlik.
3065. Aql-zakovat istalsa, sen tugalsan,
Ilm istalsa, bilimda barkamolsan.
3066. Sen sodiqsan, xushfe’l, rostgo’y, ishonchli,
Ham barkamol odamiylik nishoni,
3067. Ehsonimdan xizmating ko’p, tolmading,
Sen qilmagan biron yumush qolmadi.
3068. Istayman qilmoqni senga oqibat,
Haqing ado etay, shod yasha albat.
3069. Seningdan nechog’li shod bo’ldi ko’ngil,
Xudo seni shunday shod etsin, o’g’il.
x x x
3070. So’zdan to’xtab elig ko’p xayol surdi,
Yer o’pib xizmatchi o’rnidan turdi.
3071. Saroydan chiqdi u kuvonchg’a to’lib,
Minib otin yo’lga tushdi u kulib.
3072. Og’ishmay kecha-kunduz qildi xizmat,
Baxt-iqbol eshik ochdi qilib himmat.
3073. Aql peshlanib, ortdi undagi bilig,
Tole’ kulib boqdi, uzaydi ilik.
3074. Nima der eshit, baxti kulgan kishi,
Saodat-la sharaf-shon quchgan kishi:
3075. Kim bilan do’st-inoq bo’lsa gar davlat,
Boshini ko’klarga yetkazar albat.

3076. Davlat kelib, dunyo yig’ilsa hadsiz,
Ko’ngil ko’tarilib, yuz bo’lar mag’iz.
3077. Bunga monand bir so’z aytdi oqsoqol,
Ey bahodir, ma’nosini anglab ol:
3078. Kimda davlat bor, qo’li uzun bo’lar,
Teskarisi o’ng, so’z, bilim, aql to’lar.
3079. Dunyo faylasufida bo’lmasa mol,
Tilin tiyar bo’lsa hamki so’zamol.
3080. Hayotning konuni shundayin erur,
Dunyo bevafo, davlatdan shon kelur.
3081. U yovuzga yuzlansa, obro’ topadi,
Kichikka so’z solsa, baxti chopadi.
3082. Davlat kelib qo’nsa kimning bashiga,
Borin tuzab, rivoj bergay ishiga.
3083. Davlat kelsa, ushaladi orzular,
Dong taratib nomi elga yoyilar.
3084. Gar ketsa, berganlarin olar bir-bir,
Boshni qora yerga teng qilar oxir.
3085. Ey oqil, ko’ngli ochiq, zakiy, xushyor,
Sevma, dunyo baloga qilar duchor.
3086. Na kerak bu zulmat, qo’nalg’a o’rin,
Pok va boqiy yurtga hozirlan burun.
3087. Qo’nalg’a dunyoga ko’ngil bermagin,
Yuksak Arshni ko’zla, g’ofil bo’lmagin.
3088. Nima der eshitgin, ey qalbi toza,
Barcha ishlarida ko’ngli pokiza.
3089. Ey himmat sohibi, chin dunyo ista,
Baxti tugaldir kim chin dunyo istar.
3090. Tila oxiratni, qo’y bu foniyni,
Agar sen qo’ymasang, u qo’ygay seni.

3091. Bu dunyo jafokor, jafo qil unga,
Qancha jafo qilsang, u boqar senga.
3092. Ey yo’ldan adashgan, boshi oqqan, boq,
Dunyoni sevma hech, tubi chuqur choh.
3093. Chohga tushgan butkul cho’kib ketadi,
Qaytib chiqmas, undan shodlik ketadi.
3094. Yuksakka intilgin, balodan qutul,
Ibodat-la sen qulluq qilguvchi bo’l.
3095. Haqqa qaytsang orzularing ochgay yuz,
Moyil qil tavbaga til tugamay so’z.
3096. Niyatin ezgu qildi shundan keyin,
Odil nizom yuritdi xon kun sayin.
3097. Rohat topdi el-yurt, semirdi oriq,
Do’st boyib, qirqildi yov kuchi ortiq.
3098. Shod-xurramlik bilan kechdi har kuni,
Jahonga yoyildi nomi-yu, uni.
3099. Shu tarz umr surdi, ko’ngli shod bo’lib,
Bo’ri to’qli birla do’st, o’rtoq bo’lib.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

3100. Chorlab O’gdulmishni elig bir kuni,
Ta’rifin so’radi har ish, kunining.
3101. Nechuk kechayotir O’gdulmish kun, oy,
Qashshoq ko’pmi bu yurtda va yoki boy.
3102. El ichra ne yomonlik, yovuzlik bor?
Xalq holin bayon et, yashirma zinhor.
3103. Aytgin, xalq tilida qanday gap-so’v bor,
So’kish ko’pmi yoki maqtovlar bisyor.
3104. Qusurlarim ko’pmi yo fazlim mening,
Ochiq ayt, chorasin izlayin uning.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

3105. Javob berib dedi O’gdulmish: Ey xon,
Tilagiga yetdi el-yurt bu zamon.
3106. Elig davlatida gulladi ochun,
Alamlar qisqardi, sevinchlar uzun.
3107. Boyib el-yurt, halovat topib yotar,
Shahar, kent oboddir, ko’zni quvnatar.
3108. Farog’atda o’tar xalqning kunlari,
Ko’r, sevinchda kechar mudom tunlari.
3109. Tili bor tirik jon o’qir hamd-sano,
Tin oluvchi seni qiladi duo.
3110. Adolat obi-rahmat, zuml-chi o’tdir,
Zilol suv oqizib, bu o’tni o’chir.
3111. Haq qonun yurgizding, yashnadi jahon,
Bu yurtda zulm ko’rmas hech kim bu zamon.
3112. Ey elig, uch ish sabab zulm tug’ilar,
Biri, beg g’ofil bo’lsa, ofat yog’ilar.
3113. Ikkinchi, zaif bo’lsa xalqqa bosh er,
Uchinchisi, ochko’zlik el bag’rin yer.
3114. Bulardan biri ham bo’lmagach, elig,
Qaerdan kelar elga zo’ravonlik.
3115. Ey adolatli, sofdil, xushfe’l begim,
Haq berdi senga aql, fazilat, bilim.
3116. Tavfiq topib barcha yaxshilik uchun,
El qorni to’yib, egni bo’ldi butun.
3117. Shukr qil Ollohga, topingin, suyun,

Huzur qil sen doim, rohatda ovun.
3118. Chetda bo’lsa neki yozuq, xatolik,
Sodiq qulingman, qilguvchi bir yoqli.
x x x
3119. Shukr qildi bahad, sevindi elig,
Sano aytib Xaqqa ko’tardi ilik.
3120. Dedi: Ey mehribon va ulug’ Egam,
Bu ojiz qulingni qilding muhtaram.
3121. Nasib etding menga barcha ezgulik,
Uning shukri gardanimda bo’ldi yuk.
3122. Qachon, qanday o’tarman shukring sening,
Mening shukrimni ham o’tay qol o’zing.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

3123. Yana aytdi elig: Ey O’gdulmishim,
Xudoning fazlidir seni topmishim.
3124. Sen sabab yaxshilik bo’ldi ustivor,
Zulm tiyilib, adolat bo’ldi hukmdor.
3125. Xudo berdi hadsiz ezgulik mana,
O’n bor oshirib seni berdi yana.
3126. Qancha tirishmasin beg o’zi uzoq,
Qul ko’mak bermasa, ish yurmas biroq.
3127. Beg ichdan kuzatar, sirtdagi ko’zi,
Mehribon qulidir ko’zi ham so’zi.
3128. Ko’zimsan, tilimsan, qo’limsan mening,
Nomim yaxshi bo’ldi shu bois mening.
3129. Nima der eshit endi hoqon tili,
Olib qo’lga so’ragan jahon elin:
3130. Beglar sadoqatli qul topsa tilab,
Uni tutsin oltin, kumushga o’rab.
3131. Ishonchli, to’g’ri kishi topsa gar xon,
Farog’atli baxtli yashaydi har on.
3132. Xizmatchmiing asili sodiq bo’lar,
Sadoqatli xazmatchi qayda bo’lar.
3133. Dunyoda bo’lmasa bu xil kuyumchan,
Kamolga erishmas inson hech qachon.
3134. Ey O’gdulmish, nadomat chekaman men,
Otangdan yodgor qolding faqat bir sen.
3135. Bo’lganida sendek yana bir oqil,
Hamdam bo’lib yurgani edi ma’qul.
3136. Ey xusnixulq, yagonadirsan menga,
Boshqa qaydan topgum ayrilsam sendan.
3137. Yolg’izliging menga katta tashvish, g’am
Koshki yoningda bo’lsa biron xamdam.
3138. Mehnatga ko’milib qolmas eding sen,
Duodan benasib bo’lmas edim men.
3139. Surishtirib ko’r qarindoshlar aro,
Topilgaymi senga biron bir hamroh.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

3140. Javob berib O’gdulmish aytdi: Elig,
Omon bo’lsa, bu ishga yetgay ilik.
3141. Hamisha yor bo’lsin rohat eligga,
Farog’at ichida yetgay tilakka.
3142. Mening xizmatimdan xon oliylari,
Tashvish chekmasin, tinch bo’lsin dillari.
3143. Mashaqqat cheksam men rohat ham kelar,
Rohat bilan mashaqqat yondashib yurar.
3144. Elig istasa bor mukammal kishi,
Har jihat bequsur va ko’pning boshi.
3145. Ne der tingla hikmat birla yashovchi,
Elni tinmay odillikka boshlovchi:
3146. Yordamchi ko’p bo’lsa, o’nglansa ishi,
Yurtni obod qilib, yeb yotsa oshin.
3147. Har ishda omilkor ko’p bo’lsa agar,
Begni albat farog’atga yetkazar.

3148. Yo’q emas bundayi qarindosh aro,
Bilimi ziyoda mendan ko’p bora.
3149. Ko’p fazilat egasi, aqlli xushyor,
Qay ishga qo’l ursa, omad bo’lar yor.
3150. Fe’l-atvori to’g’ri, oti O’dg’urmish,
Barcha ezgu ishlarga qo’lin urmish.
3151. Va lekin bu dunyodan yuz o’girdi,
Toqqa chiqib, taqvo yo’liga kirdi.
3152. Ibodat-la o’zin Haqqa chog’laydi,
Toat birla gunohlardan poklaydi.
3153. Uning fazli mendan yuz hissa ortiq
Odamlar asili, qiyos, tenggi yo’q.
3154. Birga bo’lsa agar men-la qarindosh,
Ilmi birla hamma ishga bo’lgay bosh.
3155. Elig yashar ko’ngli xotirjam bo’lib,
Qo’lga olib olamni, quvonchga to’lib.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

3156. Elig aytdi: Orzu-tilak edi shul,
Topsam uni xotirjam bo’lgay ko’ngil.
3157. Ne chora qilarsan bu ishga, degil,
Uni keltirishga kirishgin dadil.
3158. Uni bu dargohga qanday chorlaymiz,
Uning da’vatiga kimni yo’llaymiz?
3159. Noma yuboraymi yo yo’llay so’zim?
Qay biri ma’quldir tanlagin o’zing.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

3160. Javoban O’gdulmish arz etdi so’zin,
Elig javob berdi savolga o’zi.
3161. Qarindosh borligin bayon ayladim,
Kelish, kelmasligin lekin bilmadim.

3162. Agar kelsa yaxshi, berib e’tibor,
Kelmasa-chi, xon yorlig’i bulgay xor.
3163. Elig aziyat chekib qolarmikin?
Bu ishim bir kun aybga qotarmikin?

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

3164. Elig aytdi: Men fikrim aytdim senga,
Sen bilganlaringni bayon et menga.
3165. Chaqir, kelsa keldi, agar kelmasa,
Seni nega ayblay, pisand etmasa.
3166. Uning turli fazlini ta’rif etding,
Fazli uchun bu yerga taklif etdim.
3167. Bilimdon, aqlli deya madh etding,
Uni bir ko’rmoqqa men ham qasd etdim.
3168. Bilimli, aqlli zot odam timsoli,
Undan boshqalari hayvon misoli.
3169. Ish bilsa, aql-hushli, bilimli bilar,
Ish qilsa, aql-hushli, bilimli qilar.
3170. Bunga monand kelar bu so’z shubhasiz,
Bu so’zlarga quloq sol, ey mard, aziz:
3171. Ilm birla yechilgay har qanday tugun,
Ilm ol, aql o’rgan, oqil yasha tun-kun.
3172. Bilimni ishga sol, o’rgan erta-kech,
Tag’in o’rganaver, g’ofil bo’lma hech.
3173. Yolg’iz menga emas manfaat, foyda,
Qarindoshdan senga ham tegar foyda.
3174. Jigar bo’lsa yaxshi, qarindosh kerak,
Qarindosh bo’lmasa, do’st topish kerak.
3175. Xo’p yaxshi aytibdi el-yurtning boshi,
Hammadan zo’r bo’lar jigarli kishi.
3176. Qarindoshli kishining shon-shavkati cho’ng,
Do’st-yorli kishining nom- ta’rifi cho’ng.
3177. Jigaring yo’q bo’lsa, topgin qarindosh,
Yaxshi do’st-yor topsang bo’lgay qarindosh.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

3178. Javob berib O’gdulmish aytdi: Ey xon,
Istasang chorasin toparman shu on.
3179. Amr aylasang elig borarman o’zim,
Da’vat qilib uni anglatay so’zim.
3180. Tilim bilan alvon-alvon so’z qilay,
Bilim bilan aqlni men ishga solay.
3181. Elig o’z qo’li bilan noma yozsin,
U elig farmonin o’qib, eshitsin.
3182. Ishonsin, bu ishni mendan bilmasin,
Eshitib farmonni ketib qolmasin.
3183. Men fikr aytmayin unga har qancha,
Yorliqning ta’siri bo’lar o’zgacha.
3184. Ne der tingla zoti pok, mardu maydon,
Beg yorlig’i ovlar xalq ko’nglin har on.
3185. Juda yaxshi aytmish bilimdon o’zi,
Tugulgan ko’ngilni yozar beg so’zi.
3186. Shirin so’z so’zlasa qulga beg har vaqt,
Yillar o’tsa ham qul unutmas hech vaqt.
3187. Begning tili gar bo’loa yumshoq, chuchuq,
Uni birdek sevar ulug’u kichik,

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

3188. Elig aytdi: Gar tadbir bo’lsa shundoq,
Maktub yozay, bu bo’lsin unga tuzoq.
3189. Borar bo’lsang tez bo’l, hayallab yurma,
O’zim bitib beray men unga noma.

O’TTIZ YETTINCHI BOB
ELIGNING O’GDULMISHGA MAKTUB YOZIB
BERGANI BAYONI
3190. Dovot qog’oz olib, maktub bitdi u,
Maktubni bu ishga asos etdi u.
3191. Xudo nomi birla boshladi so’zin,
Yaratgan, ulg’aytgan, kechirgan o’zi.
3192. Zikr etilmish unda Ollohning nomi,
Bu nom barcha dardning dori-darmoni.
3193. Aytaman tinmay hamd va minglab sano,
Loyiq U zikrga Haqqa yo’q fano.
3194. U istab yaratdi bor tirik jonni,
Bariga rizq berib, asragay jonni.
3195. U qodir, chin Holiq, rizq berguvchi,
Yaralgan tirik jonga yetar kuchi.
3196. Yashil ko’k yaratdi, yoritdi kun, oy,
Qora tun, yorug’ kun, hisobli yil, oy.
3197. Yaratdi mudom aylanuvchi falak,
Hak hukmi — taqdir-la girdi-kapalak.
3198. Yaratmasdan avval yurgizdi qazo,
Qazoga bo’yin eg, unga bo’l rizo.
3199. Ne istasa bo’ldi, istasa qilar,
Aytganlari bo’ldi, aytgani bo’lar.
3200. Salom aytib, hol so’rab yozdim noma,
Esonlik tilayman, senga ey dono.
3201. Tanu joning sog’, makoning tinchmikin?
Nechuk olib yuribsan zamona yukin?
3202. Eshitdim hayot tarzing, ezgu fe’ling,
Yo’q emish olamda o’xshashu tenging.
3203. Ato etmish senga Xudo ezgulik,
Aql-hush, zakovat, fazilat, bilik.

3204. Eshitdim fazilat, ta’rifi so’zing,
Ko’rmoqni istadim nuroniy yuzing.
3205. Yubordim qarindoshing O’gdulmishni,
Yetkazsin so’zimni, o’z bilmishini.
3206. Qavmu qarindoshdan kechib sen o’zing,
Yuribsan el-yurtdan o’girib yuzing.
3207. Toat uchun g’orga kirib bir o’zing,
Ibodat qilibsan uzundan-uzun.
3208. Ne ayb qilgan edi qarindosh senga,
Nega yuz o’girding, ochiq ayt menga.
3209. Azob ko’rgan bo’lsang gar zulm yetib,
Dardu hasratingni menga ayt kelib.
3210. Men adolat bilan berayin madad,
Shodu xurram yasha bunda beadad.
3211. Jigardan jigarga tegar manfaat,
Manfaatdan inson topar halovat.
3212. Bordi-keldi kerak qavm-qarindosh bilan,
Aralashmoq kerak do’st — odosh bilan.
3213. Qaydaki yaqinlik, inoqlik bo’lar,
Ko’rgin, bu ishdan ko’p mavfaat kelar.
3214. Ne der eshit, bu she’rni aytgan kishi,
To abad foyda yarashsa ikki kishi.
3215. Bo’z tuproq, yashil suv yarashmoq bila,
O’rtada ming chechak ochildi kula.
3216. Urug’-aymoq, do’stlar bo’lishsa inoq,
Mehr-oqibat boqiy bo’ladi har choq.
3217. Borgan bo’lsang agar toat qilgani,
Shaharda toat qil — shu din aytgani.
3218. Muqaddas ibodat shahar, kentda ko’p,
O’ylab ko’r, tog’-toshda bo’lmas uncha xo’p.

3219. Ibodat-chun avval lozim ko’p o’qish,
Ilmsiz ibodatdan bo’lmaydi ulush.
3220. Ikki turli kishi inson atalar,
Biri — o’rgatuvchi, biri — o’rganar,
3221. Ikkovidan boshqani hayvon sana,
Unisi bo’l yo bu, tanlab ol ana,
3222. Buning qay birisan, menga ko’ngling och,
Ikkovin biri bo’l, uchinsidan qoch.
3223. Bilim olgan bo’lsang teran va tugal,
Endi ishlat uni, bo’lmasin uvol.
3224. Bilmagan bo’lsang gar o’rgangin bilig,
Undan so’ng ibodatga urgin ilik.
3225. Nima der eshitgin bilim berguvchi,
Ilm birla toatu xizmat qilguvchi.
3226. Ibodatga ilm birla borgin yaqin,
Bilim tambalagan do’zoxning qopin*.
3227. Bilib qilsa toat savobi tuman,
Savob kutma bilimsiz ibodat bilan.
3228. Bilimsiz qilingan toatdan ko’ra,
Bilimli uyqusin savobi o’ra**.

* Qopin — qopqasin, eshigin
* O’ra (o’r) — yuqori, ortiq, ziyoda

3229. Shahar, kent ichinda ibodat ko’pdir,
Unda yarmin ado etolsang xo’pdir.
3230. G’orda mashg’uloting besh vaqt ibodat,
Biri — ro’za tutmoq, doimiy odat.
3231. Bundan o’zga yana ne toating bor?
Ko’rsat uni menga ham ayla izhor.
3232. Endi sen barchaga zohid atalding,
Joning hadsiz azoblarga atading.

3233. Bunga mag’rur bo’lib qolsang sen agar,
Toat bekor ketar, bu juda xatar.
3234. Ibodat qilu xalqdan sir tut lekin,
U qancha ko’p bo’lsa, shuncha oz degin.
3235. Ibodat qilsa gar kishi ezgusi,
Eldan yashirib, eshigin yopguvsi.
3236. Bu so’z ma’nosini uqqin nima der,
Va unga amal qil, ayo yaxshi er:
3237. Mardlar yurt oldida o’zin yashirar,
Kilib yuz yil ibodat, uni oz bilar.
3238. Toat qil, birovdan maxfiy tut uni,
Bu qat’iy sir edi, men ochdim uni.
3239. Shahar, kentda ibodat qil, kel tezroq,
Ezgulik eshigi ochilsin tezroq.
3240. Elga nafing tegsin, dardiga marham,
Jigarlarga ko’ngil ber va bo’l hamdam.
3241. Yetimlar, ezilgan bevalarni ko’r,
Chorasiz shol, majruh, ahvolini so’r,
3242. Jamoat-la o’qi doim farz nomoz,
Miskinlar hajidir bil jum’a nomoz.
3243. Halol topib, faqirlarga ber bo’lib,
Odamlar qo’lin tut hamdami bo’lib.
3244. Bu ishlar ham toat-ibodat erur,
Bu ibodatning ajri rohat erur.
3245. Bularni tark etib, sen ey xulqi soz,
Tutib ro’za, tanho o’qirsan nomoz.
3246. Bu ro’za, nomozlar o’z foydang erur,
O’z nafin ko’zlagan ko’p xudbin bo’lur.
3247. Ko’p yaxshi aytibdi odam asili,
Birovga mehribon inson afzali.
3248. Yaxshi odam shuki, nafidan kechar,
Birovlar nafi-chun mashaqqat chekar.
3249. Mehribon va go’zal bo’lsin er dili,
Yomonga ham ochsin ezgulik yo’lin.
3250. Inson birovga naf bergani yaxshi,
Naf bermasa tezroq o’lgani yaxshi.
3251. Kishi yaxshisi elga foyda berur,
Bundayin kishilar el-yurtga zarur.
3252. Toatga ishonib yuraversa qul,
Olloh, rizosini topishi mushkul.
3253. Haq rizosin istasang gar mukammal,
Musulmon rizosin topgin sen avval.
3254. Sening toatingga zor emas Xudo,
Yaxshi nom tilab, ayla qullik ado,
3255. Nomi inson bo’lsa, ibodat qilur,
Toat qilmagan g’ayri inson erur.
3256. Toat qil, toat, tinma, qulliging shul,
Ibodatni ko’zla, mahkam tut bu yo’l.
3257. Xo’p aytmish bu haqda dono, olim er,
Unga amal qilgin sahovatli er:
3258. Ibodat qildim deb mag’rurlanma ko’p,
Xaqqa topin, ibodatli bo’lar xo’p.
3259. Ibodat qil, Yaratganni etib xush,
Toat qildim debon unutma aql-hush.
3260. O’dg’urmish huzurimga chorladim seni,
O’z nafin ko’zlar deb o’ylama meni.
3261. Agar kelsang foydasi ko’pdir senga,
Gar kelmasang zarari yo’qdir menga.
3262. Chaqirdim el-yurtning foydasin ko’zlab,
El nafiga zarar keltirma zo’rlab.

3263. Aytgan so’zlarimni puxta o’ylab ko’r,
Ma’qul ko’rsang darhrl bu tomonga yur.
3264. Yonimda bo’l doim, ko’maklash har dam,
Mol-mulk birla faqirlarga bo’l hamdam.
3265. Bu senga savobdir, menga yaxshi ot,
Egam ikki dunyomiz qilar obod.
3266. Yaxshilikka boshla meni, yaxshi bo’l,
Yaxshidan o’rganar kishi yaxshi yo’l.
3267. Yaxshilik qilmoqqa sabab bo’l menga,
Olloh buning ajrin beradi senga.
3268. Nima der eshitgin tojik olimi,
Jahonga mashhurdir ularning nomi:
3269. Begi bo’lsa xalqqa odilu g’amxo’r,
Bundan saodatga erishar el, ko’r.
3270. O’zingmas beg yaxshi bo’lishin tila,
Beg yaxshi bo’lsa, elga foyda kelar.
3271. O’zi uchun har kimning yaxshiligi,
Xalq uchun huzurdir beg yaxshiligi.
3272. Chin inson atarlar shundayin kishin,
Birovga naf bersa, bajarsa ishin.
3273. Bani odam suyar asli yaxshini,
Yaxshilik ne asli, men maqtay uni.
3274. Xalqqa naf yetkazmoq yaxshilik zrur,
Bu nafdan elu yurt gar topsa huzur.
3275. Mehribon bo’lar xalqqa yaxshi kishi,
G’amxo’r bo’l, bo’larsan yaxshilar boshi.
3276. So’z marjonin tizib, xat bitdim o’zim,
Quritdim siyohni, tugatdim so’zim.
3277. Qolgan bo’lsa yana qandayin so’zim,
Jigaring yetkazgay, nurli yuzligam,

3278. Xatni o’rab o’z muhrini bosdi xon,
Ta’zim birla O’gdulmish oldi shu on.
3279. Elig aytdi: Qani, yo’lga tush darhol,
Zarur gaping, oqil, aytarsan alhol,
3280. G’ayrat kil, huzurimga keltir uni,
Usiz bezovta qilma, botir meni.
3281. Donishmand nima der, eshitgin so’zin,
Mohir elchi yubor, cho’zmagin so’zing.
3282. Qanday so’z uqtiray senga men bu chog’,
Gap o’zingda qolgan, ey niyati pok.
3283. Ne aytmod lozimdir, sen shuni so’zla,
Ne qilmoq lozimdir, sen shuni ko’zla.

3284. Go’zal xulqli, xush odobli O’gdulmish,
«Bosh ustiga» deya saroydan chiqmish.
3285. Yo’l oldi uyiga u minib otin,
Kelib yechdi to’nin, yoqa, belbog’in.
3286. Quyosh botdi, qo’ydi ufqqa boshini,
Tun chulg’adi yerning tog’u toshini.
3287. Zulfin yoyib, osmon yopdi nur yuzin,
Qora zulfi chulg’adi olam yuzin.
3288. Niyat qilib o’qidi xufton nomoz,
To’shak solib yotdi, uxladi bir oz.
3289. Cho’chib uyg’ondi-yu, ko’tardi boshin,
Tun yig’a boshlabdi qora chodrasin.
3290. Tahorat olib u qildi ibodat,
Duo birla Haqdan so’rdi inoyat.
3291. Zarrin gardish boshin ko’targan hamon,
Kuluvchi yuz kabi yorishdi jahon.

O’TTIZ SAKKIZINCHI BOB
O’GDULMISHNING O’DG’URMISH YONIGA
BORGANI BAYONI

3292. Egarladi darrov otini tutib,
Qarindoshi tomon ketdi u uchib.
3293. Qarindosh joyiga borgach yaqinlab,
Otdan tushib yurdi asta odimlab.
3294. Yaqin borib asta eshikni chekdi,
O’dg’urmish toatin tugatib chiqdi.
3295. Eshigin ochdi-yu, jigarin ko’rib,
Quchoqlab so’rashdi, yuz-ko’zin suyub.
3296. Shod bo’lib ichkari boshladi shu on,
Joy ko’rsatdi to’rdan qo’lin tutibon.
3297. Uchrashuvdan sevinchga to’lib toshdi,
Ollohga hamd-sano aytmoqqa shoshdi.
3298. Nechog’li quvonch bu, kishi ayrilib,
Salomat ko’rishsa axtarib kelib.
3299. Yaqinlik rishtasin bog’lash ezgu ish,
Ayrilgan jigarlar qayta topishish.
3300. Mehr-oqibat nishonasi bu tag’in,
Qarindoshlar ko’ngli bo’lsa gar yaqin.
3301. Ne der eshit ul mehribon bag’irdosh,
Yaqinlik rishtasin ulagan qardosh:
3302. Ayriliq so’nggida ko’rishsa odam,
Quvonchi ko’p bo’lar, kamayadi g’am.
3303. Taqdir hukmi birla ayrilgan inson,
Ne baxt, qayta topishib bo’lsa shodon.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA SAVOLI

3304. O’dg’urmish so’rdi jigar, yor-do’stlarin,
O’gdulmish yetkazdi sog’liq xabarin.
3305. So’radi O’dg’urmish: Ne bo’ldi senga?
Nechuk kelding, rostini aytgin menga
3306. Eshitdim men seni elig birla deb,
Xalqqa naf yetkazar bilim birla deb.
3307. Nechuk kelding bugun tashlab yumushing
Unutib zimmangdagi yurt tashvishin,

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

3308. Javob berib O’gdulmish aytdi: O’zim,
Seni izlab keldim, oydin yuzligim.
3309. Atay keldim seni ko’rayin debon,
G’am-alam tugunin yechayin debon.
3310. Ko’pdan seni bir ko’rmoq istar edim,
Ko’rib to’ymoq uchun vaqt topib keldim.
3311. Ko’pdan buyon seni bir ko’rganim yo’q,
Otlanib kelmoqqa vaqt topganim yo’q.
3312. Bugun vaqt-saoti, yetdi fursati,
Shukr, taskin topdim, bitdi hasratim.
3313. Imkon bo’ldi, keldim qoshingga o’zim,
Buning shukrin ayta olarmi so’zim.
3314. Insonning tan-joni sog’ bo’lsa agar,
Ey mehribon, bir kun tilakka yetar.
3315. Orzusi ushalgan eshit nima der,
O’tkinchi dunyoni sinab ko’rgan er:
3316. Tirik bo’lsa inson tilakka yetur,
Tiriklik orzuga sarmoya erur.
3317. Tirik bo’lsa inson topishar yana,
Sog’ bo’lsa ayrilgan qovushar yana.
3318. Tiriklik tila sen, tilama tilak,
Tiriklik tilakka yetishga tirgak.
3319. Tilagimni berdi Haq oxir menga,
Esonlik bilan men yetishdim senga.
3320. Yana bir gapim bor, bu gapdan keyin,
Yaxshilab quloq sol, bayon aylayin.

05

(Tashriflar: umumiy 3 936, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ассалому алайкум,Юсуф Хос Ҳожиб ўз асари ҳақида шундай дейди:
    Китаб ати урдум «Қутадғу билиг»,
    Қутадсу ўқуғлиқа тутсу элиг.
    (Китоб отини «Қутадғу билиг» қўйдим,
    Ўқувчига бахт келтирсин,қўлидан тутсин).
    Менда устоз Қаюм Каримов нашрга тайёрлаган, яъни катта машаққат ва юксак маҳорат билан транскрипция ва ҳозирги ўзбек тилига тавсиф қилган 1971 йилги ҳамда устоз Маҳмуд Саъдий совға қилган уйғур нашри бор.1971 йилги нашрни йилда бир марта ўқийман.Сайтда берилган китоб бобларини ўқиб ҳам дам олдим.РАҲМАТ! Ва асарнинг 73 боби тўғрисида телевиденияда»Навоий олами» каби маърифий кўрсатув қилиниб, ҳар бир боб алоҳида (йил давомида) шарҳланса, дегим келди.Узр,таржимада «ароқ» сўзи ғализ чиқибди,сайтда «хизматчи» сўзи хато ёзилибди.

  2. Ассалому алайкум,қадрли сайт!Юсуф Хос Ҳожибнинг»Қутадғу билиг»асарининг 73 бобидан баъзи бобларни берибсиз,ўқидим,китобни яна бир бор эслатдингиз.Раҳмат!Адиб ўз китобининг ҳикматга йўғрилган номи ҳақидаги қуйидаги байтлари ёдимга келди:
    Китаб ати урдум «Қутадғу билиг»,
    Қутадсу ўқуғлиқа тутсу элиг.
    Яъни:
    (Китоб отини «Қутадғу билиг» қўйдим,
    Ўқувчига бахт келтирсин, қўлидан тутсин).
    Менда устоз Қаюм Каримов катта машаққат ва юксак маҳорат билан китобни транскрипция ва ҳозирги ўзбек тилига тавсиф қилган 1971 йилги ҳамда устоз Маҳмуд Саъдий берган уйғур нашри бор.Бир йилда бир марта мутолаа қиламан, бугуним ва келажагим учун анча гўзал оқибатлар топгандек бўламан.Азизлар,янги нашри чиқди,»Китоб олами»да бор, сотиб олинг,ўқинг,бору барака топасиз.

Izoh qoldiring