Azim Suyun. Ey do’st yoxud Azimnoma & Azim Suyun «Uyga qaytib» teleloyihasida

07Азим Суюн. Эй дўст ёхуд Азимнома. Шеърий ва насрий қайирмалар. Тўлдирилган ва қайта ишланган тўртинчи нашри – Тошкент: Akademnashr, 2018.448 б. / Azim Suyun. Ey doʻst yoxud Azimnoma. Sheʼriy va nasriy qayirmalar. Toʻldirilgan va qayta ishlangan toʻrtinchi nashri – Toshkent: Akademnashr, 2018.448 b.

Ижод учун бирхиллик, такрор таназзулга элтувчи йўлдир. Нафақат бошқанинг, балки ўзининг кашфиётларини такрорлаган ижодкор ҳам ютқазишга маҳкум. Бундан етти-саккиз йил олдин шеърий қайирмалардан иборат бутун бошли китоб чиқарган Азим Суюннинг айнан шу шаклда айтадиган гаплари кўп экани маълум бўлди. Унинг қайирмалари сони минглардан ошиб кетди. Муаллиф ўқирманни зериктириб қўймаслик ҳамда ўз кашфиётига ҳам таҳрир киритиш мақсадида насрий қайирмалар ёза бошлади. Қўлингиздаги китоб насрий ва шеърий қайирмалар уйғунлашувидан иборат асар сифатида дунёга келди. Азиз ўқирманларга қайирма қутлуғ бўлсин дегимиз келади.

ҚАЙИРМА – МУСТАҚИЛ ЖАНР
Абдулла ОРИПОВ
08

Кейинги йилларда адабиётда, хусусан, шеъриятда янгилик яратишга, яъни ҳар хил услуб ва шаклларни янгилашга бўлган интилиш кучайди. Бундай қизиқиш нафақат ёш қаламкашлар, балки бир қадар суяги қотган ижодкорлар орасида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Мен, айниқса, атоқли шоиримиз Азим Суюннинг бу борадаги изланишларини алоҳида таъкидлашни истардим.

11Азим Суюннинг қайирмаларини кўпдан буён кузатиб келаман. Бу қайирмалар Шарқ мумтоз шеърияти уммонидан «сув ичаётгани», яъни Умар Хайём, Саъдий Шерозий, Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Бобур каби улуғ донишмандларимиз асарларидаги донолик, теранлик, ихчамлик, лўндалик каби фазилатларга эшлиги, айни пайтда, энг қадимий даврларда тоғ-тошларга ўйиб ёзилган битиклардек аниқлиги билангина эмас, балки шаклдаги янгилиги билан ҳам эътиборга лойиқдир.

Биз рубоий, туюқ, фард деган жанрларни билар эдик. Менимча, буларнинг қаторига «қайирма» ҳам алоҳида жанр бўлиб қўшилади. Чунки Азим Суюннинг ғайрати ва меҳнати билан «қайирма» ҳам мустақил жанр хусусиятларига эга бўлди. «Эй дўст» деган сатр мурожаатдангина иборат эмас. У турли ўринларда турлича оҳанг ва маъно касб этмоқда. Тўртликни маъно ва шакл жиҳатидан янгиламоқда. Шу билан Шарқда минг йиллардан бери ўзгартириб бўлмайдигандай туюлган тўртлик, энг муҳими, янгича руҳда кўринмоқда.

Шоиримизнинг бу янгилиги адабиётда албатта эътироф этилади. Азим Суюнга эргашиб бу йўлни давом эттиришга бел боғлайдиганлар ҳам чиқишига шубҳа қилмайман.

2003 йил «Тафаккур» журнали

Азим СУЮН
ЭЙ ДЎСТ ЁХУД АЗИМНОМА
08

ШЕЪРИЙ ҚАЙИРМАЛАР

1.
Эй дўст!
Тангрим Одам Атони одам яратди,
Момо Ҳавони унга ҳамдам яратди.
О, аслида, ақлу куч эгасини
Ишқу илҳом билан кўркам яратди.

2.
Эй дўст!
Табиатда ўлим – энг қудратли Куч,
Ундан ҳам қудратли, шаксиз, бу Аёл.
Ўлим – тирикликка урилган Қилич,
Аёл – шу Қиличга Қалқон бетимсол!

3.
Эй дўст!
Табиблар кўп эрур, дорилар бисёр,
Мен ишқдан беморман, малҳам на даркор?
Ёлғон кулиб, ёлғон йиғлаб нетаман?
Кифоя ёнимга кириб келса ёр.

4.
Эй дўст!
Тунда чорлагандик биз ёримизни,
Зулматга яшириб хуморимизни.
Ёр чиққач, о, зулмат кетди ёришиб,
Ошкор қилиб қўйди асроримизни.

5.
Эй дўст!
Дунё норасо жанг-жадаллар билан,
Ғаму андуҳлару ажаллар билан.
Дам ғанимат, жонон билан суҳбат қур,
У расо бўлгайдир гўзаллар билан!

6.
Эй дўст!
Юрса, йўли ёруғ, турса, дил-кўнгли,
Умри дарёларда оқмагай бекор.
Уйғоқ туриб тушлар кўрмас, кимгаки
Севиш ва севилиш саодати ёр.

7.
Эй дўст!
Оламда бормикин сиздан гўзалроқ,
Оламда бормикин биздан гўзалроқ?
Кўзимиз кўзгудир, бас, кўрмадик биз
Ҳеч кимсани гўзал қиздан гўзалроқ.

8.
Эй дўст!
Коинот комида эрур жамулжам
Бу Замин, бу Осмон, илоҳий Олам.
Кўнглимга на хушдур, ёнимда агар
Бўлмаса кўнглимни олғувчи санам!

9.
Эй дўст!
Ишқ жодуси қилган мени мубтало,
Қурбон қилгай, шаксиз, бало, бу бало.
Уни кўриб келдим, кўргумдир, илло,
Кўз очган кунимдан қабримгача то!

10.
Эй дўст!
Бир боқмас бу гулрў, ҳар кун шу сазо,
Қайси бир гуноҳим учун бу жазо?
Тўярми ошиқлар хилхонаси, айт,
Тағин бир ошиққа етса гар қазо?

11.
Эй дўст!
Гўзаллик беқадр бўлмаган асло,
Уни билмас киши ўлгани авло.
Қарокўз жононим бўлса гар ҳамроҳ,
Бу Шошдан кетардим маҳшаргача то!

12.
Эй дўст!
8 Қарагил, биз томон жонон келмоқда,
Хушхандон чечаклар ним эгилмоқда.
Унинг ташрифини қутлаб пойига
Олчанинг гуллари шўх тўкилмоқда.

13.
Эй дўст!
Мана қомат, ана қомат, бу на қомат,
Тик қўйилган найми ё шам – тана-қомат.
Кўр эмасман, на қилайин, кўзим кетар,
Ранж чекмасин ва қилмасин таъна қомат.

14.
Эй дўст!
Ишқ – вафо, ишқ – жафо, жондан кечасиз,
Ҳилол у – Ой бўлиб тўла-тўлгунча.
Ишқ – чашма, ишқ – шароб, ҳар кун ичасиз
Ва лекин тўймайсиз ўла-ўлгунча.

15.
Эй дўст!
Ўн тўрт кунлик Ойни осмонда учратдим,
Унга етмоқ – орзу, уммонда учратдим.
Висол дебон ўзни отдим қучоғига,
Ҳар ён сочилди у, ҳар ёнда учратдим.

16.
Эй дўст!
Саҳар чоғи барча кўздан гўё ниҳон
Сой бўйида чўмиларди битта жонон.
Билгайдир у: жонли кўрса жон бергайдир,
Билгайдир у: жонсиз кўрса киргайдир жон.

17.
Эй дўст!
Бир қошиқ туздирман, таом бўлмасман,
Бир жонга арзирли инъом бўлмасман.
Лекин ёр таоми менсиз бўлмагай,
Пок дастурхонида тамом бўлмасман.

18.
Эй дўст!
Қайдандир жононлар кулгиси келар,
Киши бундан кетмай тургиси келар.
Уларнинг ичида бизнинг ёр борми,
Оҳ-оҳ, саболардан гул иси келар.

19.
Эй дўст!
Кўнгил бир мусофир, сийлагил уни,
Мен сийладим жонон билан бир куни.
Во ажаб! Ўшандан буён тинчим йўқ,
Гоҳ уни истайди, гоҳ истар буни.

20.
Эй дўст!
10 Кўрдимки, бул кеча тонгда уйғониб,
Ёр юзи оташдай турарди ёниб.
Дедим: «Атиргулдай чўғланмоқ нечун?»
Деди: «Атиргулим сув ичган қониб».

21.
Эй дўст!
Маъшуқа бағрида ошиқи хушман,
На хуш бу дамлардан сархуш, беҳушман.
Ҳузуримга келган, ёрим, бу оқшом,
Кет! Кет! Гулзор аро бир пошшо қушман.

22.
Эй дўст!
Қўл силтадим бу дунё ғурбатига,
Қалби кесак рақиблар ғийбатига.
Кетдим-кетдим бир қадаҳ май симириб
Парипайкар, жононлар суҳбатига.

23.
Эй дўст!
Бу Заминга сиғмай қолдик, кетамиз,
Ўзга бир оламни макон этамиз.
Унда биз орзулар қилган жаннат бор,
Лекин ёр бўлмаса, айтгил, нетамиз?

24.
Эй дўст!
Бу Азим дўст, ёр кўйида мисли хасдир,
Ўчоқдаги ёнаётган чўғ – бесасдир.
Бас, бас, етар! Фақат ёрнинг қўлидаги
Шарбат тўла бир пиёла бўлса басдир.

25.
Эй дўст!
Бу на гулюз, Тангрим озод яратибди,
Ҳусни латофатда обод яратибди.
Бизни бир ошуфта нигоҳ этди қурбон,
Қурбон этмоққа У жаллод яратибди.

26.
Эй дўст!
Ул санам қошида ҳушдан айрилдик,
Жодуландик, тилло қушдан айрилдик.
Бир жилва қилибон уялди-кетди,
Рўёдан айрилдик, тушдан айрилдик.

27.
Эй дўст!
Муҳаббатнинг жодулари доғулидир,
Лутфу карам, макрлари оғулидир.
Лекин мени ўлдирса ҳам ўлдирсин ул,
Гарчи ўлим йўли доим қайғулидир.

28.
Эй дўст!
12 Ошиқлик дегани кўп қизиқ бозор,
Унда ҳамма бир-бирига интизор.
Ўртада сувлар оқар айланч-айланч,
Сотгувчи, олгувчи бирдек харидор.

29.
Эй дўст!
Овчига сўзлайди жонзотлар изи,
Мунажжимга сўзлар тунлар юлдузи.
Не сўзлар экан деб оғзин пойлама,
Бу жононнинг менга сўзлайди кўзи.

30.
Эй дўст!
Боғсупада ухлаб қолибди бир қиз,
Ёйилиб оқибди – сочлар жамалак.
Ҳайратдан тек қотдим: ғунча лабига
Қўниб бўса олар битта капалак.

31.
Эй дўст!
Дўст, аёлда гуллар бисёр, қўша-қўша,
Ҳеч кимга қилмас ихтиёр қўша-қўша.
Қўша-қўша ихтиёр қилса у, баским,
Ошиғининг толеи ёр қўша-қўша.

32.
Эй дўст!
Олма шохида бир қуш таранади,
У ён-бу ёнга ҳуркиб қаранади.
Биз севган ёрнинг, о, худди ўзи,
Тароқшойи кўйлакда-я ёнади.

33.
Эй дўст!
Тақдир бизни қўшарми севган ёрга,
Васли насибми бу бемор, бедорга?
Ишқимизни изҳор этдик тиз чўкиб,
Иқрори тик – бўйимиз етмас дорга.

34.
Эй дўст!
Гулгашт этгали гар чиқса бизнинг ёр,
Пойида таъзимдадир гул-гул гулзор.
Биз-ку кўникканмиз чиқмаса ҳам, лек
Гулларнинг кўкси чок, бағри қон, абгор.

35.
Эй дўст!
Бошингда синиқ – хаёлинг аёл боис,
Тақдиринг тиниқ – зилолинг аёл боис.
Сен яримсан, ул ярим – бутун бўлмоқ бахт,
Ҳам камолинг, ҳам заволинг аёл боис.

36.
Эй дўст!
14 Гарчи либослари оддий ва одми,
Ораста аёллар суюмли, дилбар.
Нилуфар қавмидан уларнинг қавми –
Кўлмакда ҳам гул уфурар нилуфар.

37.
Эй дўст!
Муҳаббат ақл ила эшдирким доим,
Эр-аёл бахтини сийлар Худойим.
Қиёмат бўлса ҳам, аммо уларнинг
Ўртасида бўлмас қиёмат-қойим.

38.
Эй дўст!
Ариқча шилдирар, гуллар ҳар ёнда,
Кўкда Ой, Ерда Ой – икков шийпонда.
Бўсалар қурбонлик ихтиёр этар,
Бундай кеча қайда, қайси жаҳонда?

39.
Эй дўст!
Дарё кечдим, тоғ ошдим, юртларни кездим доим,
Гуллар билан безадим умр деган йўлимни.
Битта чечен қизига, қолмагач ҳеч вақоим,
Ҳадя қилиб юбордим мунглиғ шоир кўнглимни.

40.
Эй дўст!
Сакура гуллари – оппоқ аланга,
Ундан ҳадя этди япон қиз менга.
Мен дедим: «Албатта, кутгил, юборгум
Ўзбекюрт даштидан лолалар сенга».

41.
Эй дўст!
Бир гулга ари ҳам, чибин ҳам қўнар,
Капалак, болари бол эмиб жўнар.
Кўча санамлари ўхшар шу гулга,
Қисматин ўйласам, юрагим тўнар.

42.
Эй дўст!
Бардавомлик учун ҳар жон курашар-
Ки, тош илдиз отай дебон курашар.
Лекин, боқ, бу жонон чопар илдизин,
Илдизин умрига қачон курашар?

43.
Эй дўст!
Аёл қалби чексиз сирлар уммони,
Тугал билмоқ насиб бўлмагай они.
Гоҳо дур ахтарсанг, тош бўлиб чиқар,
Гоҳо тош изласанг, чиқар дур кони.

44.
Эй дўст!
16 Бас, айтмасам бўлмагай кўнглимдаги борини,
Ҳузурингга чорладинг қайси юрт дилдорини?
Бир жуфт сурхон хурмосин кўксига яширибдир,
Ё Бахмал олмасини, ё Қува анорини.

45.
Эй дўст!
От кимники? минганники,
Тўн кимники? Кийганники.
Олган олганники эмас,
Қиз кимники? Суйганники.

НАСРИЙ ҚАЙИРМАЛАР

Биринчи дераза

* * *04
Олам – ҳикмат китоби. Ўқиб ва уқиб яша.

* * *
Олам тақдири – одам тақдири.

* * *
Дунёда доною донишмандлар айтмаган, битмаган ҳикмат қолмаган. Фақат мағзи чақилмагани кўп.

* * *
Ватаним тоғида ётган тошнинг ҳам тарихи бор. Фақат унинг тилини уқмоқ лозим.

* * *
Ватан камолоти учун амалий фаолият ватанпарварликдир.

* * *
Давлатнинг асоси на ер, на кўк, на сув… балки халқдир.

* * *
Ўз миллий ғоясига, мафкурасига, ўз тараққиёт йўли мезонларига эга бўлмаган давлат бўрон измида қолган қайиқдир.

* * *
Маҳаллийчилик миллатпарварлик ва ватанпарварликнинг асосий душманидир.

* * *
Ватаннинг бўй-басти ботирларию шоирлари билан ўлчанур.

* * *
Эртакларда девлар жони ўзида эмас, аллақаерларда: ғорларда, тоғлар ичида, сандиқлардами сақланар экан. Чин инсон жони эса ҳамиша Ватанда сақланади!

* * *
Энг буюк жасорат Ватан тақдири йўлида қилинган жасоратдир.

* * *
Ватан тандир. Нон-тузин унутганлар кўр бўлади!

* * *
Иглу – эскимосларнинг қордан ясалган уйи. Қиш тугаб, кунлар илигач, у эриб кетади. Шимолдаги бу элат тақдири ҳам иглусига ўхшаб боряпти. Ватанинг иморатини мустаҳкам қур!

* * *
Замин абадий эмас, заминмонанд маконлар абадий. Инсон абадий эмас, инсоният абадий.

* * *
Табиатда ҳеч бир нарса тенг бўлмаганидек, давлат, ҳокимият, халқлар ўртасида ҳам тенглик бўлмайди. Фақат улар биродарлик, дўстлик асосларида тенг ҳаёт кечиришлари мумкин.

* * *
Халқнинг фақат бугунини ўйлаган ҳукмдор – Етакчи. Унинг келажаги ва камолоти асосларини қурган ҳукмдор – Донишманд. Полиз бошига қурилган хашаки чайла билан пойдевори дарё тошларидан қурилган иморатнинг фарқини унутманг!

* * *
Ҳукмдор мақтов-олқишларнинг тагида нима борлигини ҳеч қачон назардан қочирмаслиги керак. Ҳамду санолар йўли ҳақорат, масхара ва фалокатли бўлиши мумкин.

* * *
Кемалар учун кўринмас сувости қоялари ғоят хавфли, ҳалокатли бўлгани каби сарой ва салтанат сийратидаги эътиқод ва ахлоқ тубанлашувлари мамлакат инқирозига ибтидо бўлиши мумкин.

* * *
Ижтимоий тенгсизлик табиий тенгсизликдан келиб чиқади.

* * *
Тоштарош қўлида тош, кулол қўлида лой истаган шаклга киради. Ҳукмдор ўз ақли, заковати билан тош ҳам, лой ҳам эмас. Собитлик, қатъиятлилик мамлакатни таназзуллардан асрагувчи кучдир!

* * *
Бир тоифа: қонунни билади ва унга амал қилади. Бир тоифа: қонунни билади, лекин унга амал қилмайди. Бир тоифа: қонунни билади, аммо иблисона йўлларда фойдаланади. Бир тоифа: қонунни билишни ҳам, унга амал қилишни ҳам истамайди.

* * *
Ҳокимиятни қатъият билан бошқариш инсон эркига дахл қилмаслиги керак. Дахл қилинса, бу дарёга тўғон қуриб, сувни тўплаб, боғларга сув бермай, дарахтларни қуритиш билан баробар.

* * *
Ҳукмдорлар учун халқнинг оми-муте бўлгани яхши. Қашқир учун ҳам осонгина тутқич берадиган қўйлар керак.

* * *
Олтин қадаҳда май симириб узоқ умр кечирган ҳукмдорни эшитмадим.

* * *
Даҳолар ҳар бир замоннинг, халқнинг валинеъмат зотлари, аммо улар ўша давр ҳокимияти учун ёқимсиз, ҳатто ортиқча кишилари бўлиши мумкин.

* * *
Озоду эркин қушга ҳукмдор фармонининг аҳамияти йўқ.

* * *
Ҳукмдорлик гулзорининг тикони кўп.

* * *
Салтанат ишларида ҳукмдордан кўра шубҳакорроқ кимса йўқлиги ҳаққаст рост. Шубҳа эса иймондан ажратади деган гаплар ҳам борлиги ҳақиқат.

* * *
Ҳукмдорнинг оти кўндаланг ҳам чопади.

* * *
Камбағал давлат хазинасини ўйлашга қодир эмас.

* * *
Халқ бахти, тинчлиги, давлат фаровонлиги учун сарфланмай йиғилиб ётган хазинанинг уммон қаъридаги хазинадан фарқи йўқ.

* * *
Заминмонанд сайёра топилибди, кўча-кўч бошланибди. У ёқда ҳамма нарса бор эмиш, мўл-кўлчилик эмиш. Ўзи билан ҳеч ким ҳеч нарса олмабди. Ўшандаям ўзбек  кетмонини елкасига ташлаб олишни унутмабди.

* * *
Ер шари – она Сайёрамиз қисмати фақат самовий кучларгагина эмас, инсоният фаолиятига ҳам боғлиқлиги бугун кундек аён. Шундай экан, ҳар бир инсон заминга ўз она уйи каби муносабатда бўлмоқлиги ва ушбу хулосага келиши учун, аввало, ўз шахсини камол топтирмоғи лозим.

* * *
Инсон худосифат бўлмоқликни, Унингдек фаолият кўрсатмоқликни истайди. Ва барча фожиаси шундан эканлигини ўзи кўп ҳам англайвермайди.

* * *
Қатъиятлилик билан қайсарликни қориштириб юборманг. Айниқса, буни юрт сарварлари унутмаслиги керак.

* * *
Дунёни ўзгартираман деди Қилич. Дунёни ўзгартириш учун мен ўзгаришим керак деди Қалқон.

* * *
Янги-янги давр қитъаларини ШАХСлар, ДАҲОлар очади. Қолганлар уларга эргашади.

* * *
Қонун буқаламунга ўхшамаслиги керак.

* * *
Ҳукмдорнинг қаҳри бурнининг учида.

* * *
Ҳукмдорларга оқилу доно маслаҳатчилару садоқатли ўктам вазирларгина эмас, сўзни тик айтгувчи шиддатмонанд яқинлар ҳам керак.

* * *
Ёлғоннинг куч-қудрати ҳокимият миқёсида  томир отганда азот бўй кўрсатади.

* * *
Сиёсатда зўравонлик – адолат ниқобини кийган ҳукмдор.

* * *
Бир шахс бутун бир халқни ўз алдов мақомига юргазиши мумкинми? Йўқ! Аммо У ўша халқнинг виждонсиз, иймонсиз, даюс, порахўр, лаганбардор ҳукуматини ўз йўриғида қирчанғи отдай йўрғалатиши мумкин.

* * *
Қуёш кексайиб бормоқда. Ватанпарварлик туйғулари Заминпарварлик туйғуларидан айро тушмаслиги керак. Она сайёрамиз ўз қобиқлари ичида маҳдуд яшаётган қуртлар ўйлаганичалик улкан эмас.

* * *
Сўздан… ҳаракатга ўт. Умр мазмунини, инсоннинг жамиятдаги ўрнини унинг фаол ҳаракати белгилайди.

* * *
Жамият камолоти унда Инсон ҳаётига бўлган муносабат билан ўлчаниши зарур.

* * *
Ҳуқуқ – маънавий, маърифий тараққиётни  камол топтиргувчи куч. Аммо у ахлоқий мезонларга зарба бермаслиги керак.

* * *
Оний чақмоқдай ялт этиб келган фикр дунёни алғов-далғов қилишга қодир.

* * *
Инсоният тақдири гугурт чўпларидек бир қути ичига жойланиб бўлди. У чақмоғини кутмоқда… Ҳар бир кўринган юлдуз ё сайёрада ҳаёт йўқлиги аниқ, демак, шунга қараб чақмоқ чақилмоғи лозим…

* * *
Кўп жойда кишилар ҳар хил нарсага сиғинадилар. Масалан, тошга, дарахтга, булоққа, ғорга… Бу табиат кучини муқаддас билишдир, уни шарафлашдир.

* * *
Инсон «оби гил»дан пайдо бўлган дейдилар. Бу гап рост. Ундан ҳамма шаклдаги ҳамма нарсани ясаса бўлади.

* * *
Ҳақиқатни фақат қалб кўзи билан кўриш мумкин.

* * *
Қалб шоҳкўчасининг охири йўқ, тор кўчалари кўп.

* * *
Аҳмоқона ғоялар шунчалик кўпки… уларнинг устида тузуккина олимлар турганига ҳайронман.

* * *
Ҳар қандай жамиятда ҳукумат халқнинг меҳнатига яраша ҳақ тўламаса, ўша халқ меҳнатга нисбатан паришон ҳолати ила муносабатда бўлади. Халқ адолатсизликка норозилигини шу тариқа намоён қилади.

* * *
Одамият ва Жамият камолоти фақат тарбия ва унинг изчил ибрати билан амалга оширилади. Шахслар уларнинг етакчиларидир. Инсон қўли билан яратилган боғ қайда-ю, ёввойи чангалзор қайда?!

* * *
Қавмлар, элатлар, эллар, халқлар, миллатлар бирлиги – Инсоният. Замин эса бутун Инсониятга дахлдор. Шундай экан, одамзод бир эртакдаги тор кўприкда ўзаро дуч келиб қолган икки серкадек бири-бирига йўл бермай шохлашиб, оқибатда, иккаласи ҳам дарёга қулаб ҳалок бўлганлар… қисматига тушмасликлари учун тоза РУҲ, ойдин ТАФАККУР, донишманд АҚЛ билан иш тутиши ҳам фарз, ҳам қарз!

* * *
Озодлик, Эркинлик инсоннинг ўз қалбини, ўзлигини ўзига қайтарувчи мўъжизавий кучдир!

* * *
Эркинлик, бу – фақат кўнгил истагини қондириш деган гап эмас. Қушларнинг яшаш тарзи – эркинлик, аммо улар ҳаётида ҳам изчил табиий тутқунлик қаноати – қонунияти бор.

* * *
Балки, ёлғон, балки, чиндир, бир қуш бор эмиш. У ер куррасининг қайси бурчагида кўклам бошланиб, дарахтлар куртакласа, ўша ерда ҳозиру нозир экан. Озиғи фақат куртак. Шу боис номи ҳам куртакхўр. Менга у Ёвузликнинг тимсоли бўлиб туюлади.

* * *
Тараққиёт инсониятнинг маънавий камолоти билан тарозиланмоғи керак.

* * *
Салтанат манбаи – куч-қудрати халқнинг маърифати билан белгиланмоғи лозим.

* * *
Ҳақиқат!.. Ҳақиқат!.. Ҳақиқат!.. Қайси ҳақиқатни айтяпсиз?
Адолат!.. Адолат!.. Адолат!.. Қайси адолатни айтяпсиз?

* * *
Бир римлик адиб-файласуф ёзган: «Ҳокимият – фахрли қуллик!» Кошки, мақолга айланган бу айтим бутун жаҳон ҳукмдорлари саройлари- нинг пештоқини безаб турса!

* * *
Эрк тақчил жойда ҳамма нарса тақчил. Ҳамма нарса давлатники дейилган ерда халқ юпун, қашшоқ, гадо. Шахсий манфаат бўлмаган жойда юксалиш, тараққиёт йўқ.

* * *
Қонунлари пала-партиш ишлайдиган мамлакатнинг келажаги шубҳали.

* * *
Миллий маданиятни майдалаштирманг.

* * *
Тенглик – бирранглилик. Бирранглилик эса кишини зериктиради.

* * *
Сунъий тараққиёт тезлигида табиий фалокат йўқмикан?

* * *
Одамзод яратган қонун ҳамиша чала. Зилзила қўпганда кошона ҳам вайрон.

* * *
Ўзинг кўзини очган булоқнинг суви ширин.

Ijod uchun birxillik, takror tanazzulga eltuvchi yoʻldir. Nafaqat boshqaning, balki oʻzining kashfiyotlarini takrorlagan ijodkor ham yutqazishga mahkum. Bundan yetti-sakkiz yil oldin sheʼriy qayirmalardan iborat butun boshli kitob chiqargan Azim Suyunning aynan shu shaklda aytadigan gaplari koʻp ekani maʼlum boʻldi. Uning qayirmalari soni minglardan oshib ketdi. Muallif oʻqirmanni zeriktirib qoʻymaslik hamda oʻz kashfiyotiga ham tahrir kiritish maqsadida nasriy qayirmalar yoza boshladi. Qoʻlingizdagi kitob nasriy va sheʼriy qayirmalar uygʻunlashuvidan iborat asar sifatida dunyoga keldi. Aziz oʻqirmanlarga qayirma qutlugʻ boʻlsin degimiz keladi.

QAYIRMA – MUSTAQIL JANR
Abdulla ORIPOV
08

Keyingi yillarda adabiyotda, xususan, sheʼriyatda yangilik yaratishga, yaʼni har xil uslub va shakllarni yangilashga boʻlgan intilish kuchaydi. Bunday qiziqish nafaqat yosh qalamkashlar, bal- ki bir qadar suyagi qotgan ijodkorlar orasida ham yaqqol koʻzga tashlanmoqda. Men, ayniqsa, atoqli shoirimiz Azim Suyunning bu boradagi izlanishlarini alohida taʼkidlashni istardim.

Azim Suyunning qayirmalarini koʻpdan buyon kuzatib kelaman. Bu qayirmalar Sharq mumtoz sheʼriyati ummonidan “suv ichayotgani”, yaʼni Umar Xayyom, Saʼdiy Sheroziy, Ahmad Yassaviy, Alisher Navoiy, Bobur kabi ulugʻ donishmandlarimiz asarlaridagi donolik, teranlik, ixchamlik, loʻndalik kabi fazilatlarga eshligi, ayni paytda, eng qadimiy davrlarda togʻ-toshlarga oʻyib yozilgan bitiklardek aniqligi bilangina emas, balki shakldagi yangiligi bilan ham eʼtiborga loyiqdir.

Biz ruboiy, tuyuq, fard degan janrlarni bilar edik. Menimcha, bularning qatoriga “qayirma” ham alohida janr boʻlib qoʻshiladi. Chunki Azim Suyunning gʻayrati va mehnati bilan “qayirma” ham mustaqil janr xususiyatlariga ega boʻldi. “Ey doʻst” degan satr murojaatdangina iborat emas. U turli oʻrinlarda turlicha ohang va maʼno kasb etmoqda. Toʻrtlikni maʼno va shakl jihatidan yangilamoqda. Shu bilan Sharqda ming yillardan beri oʻzgartirib boʻlmaydiganday tuyulgan toʻrtlik, eng muhimi, yangicha ruhda koʻrinmoqda.

Shoirimizning bu yangiligi adabiyotda albatta eʼtirof etiladi. Azim Suyunga ergashib bu yoʻlni davom ettirishga bel bogʻlaydiganlar ham chiqishiga shubha qilmayman.

2003 yil “Tafakkur” jurnali

Azim SUYUN
EY DOʻST YOXUD AZIMNOMA
08

SHEʼRIY QAYIRMALAR

1.04
Ey doʻst!
Tangrim Odam Atoni odam yaratdi,
Momo Havoni unga hamdam yaratdi.
O, aslida, aqlu kuch egasini
Ishqu ilhom bilan koʻrkam yaratdi.

2.
Ey doʻst!
Tabiatda oʻlim – eng qudratli Kuch,
Undan ham qudratli, shaksiz, bu Ayol.
Oʻlim – tiriklikka urilgan Qilich,
Ayol – shu Qilichga Qalqon betimsol!

3.
Ey doʻst!
Tabiblar koʻp erur, dorilar bisyor,
Men ishqdan bemorman, malham na darkor?
Yolgʻon kulib, yolgʻon yigʻlab netaman?
Kifoya yonimga kirib kelsa yor.

4.
Ey doʻst!
Tunda chorlagandik biz yorimizni,
Zulmatga yashirib xumorimizni.
Yor chiqqach, o, zulmat ketdi yorishib,
Oshkor qilib qoʻydi asrorimizni.

5.
Ey doʻst!
Dunyo noraso jang-jadallar bilan,
Gʻamu anduhlaru ajallar bilan.
Dam gʻanimat, jonon bilan suhbat qur,
U raso boʻlgaydir goʻzallar bilan!

6.
Ey doʻst!
Yursa, yoʻli yorugʻ, tursa, dil-koʻngli,
Umri daryolarda oqmagay bekor.
Uygʻoq turib tushlar koʻrmas, kimgaki
Sevish va sevilish saodati yor.

7.
Ey doʻst!
Olamda bormikin sizdan goʻzalroq,
Olamda bormikin bizdan goʻzalroq?
Koʻzimiz koʻzgudir, bas, koʻrmadik biz
Hech kimsani goʻzal qizdan goʻzalroq.

8.
Ey doʻst!
Koinot komida erur jamuljam
Bu Zamin, bu Osmon, ilohiy Olam.
Koʻnglimga na xushdur, yonimda agar
Boʻlmasa koʻnglimni olgʻuvchi sanam!

9.
Ey doʻst!
Ishq jodusi qilgan meni mubtalo,
Qurbon qilgay, shaksiz, balo, bu balo.
Uni koʻrib keldim, koʻrgumdir, illo,
Koʻz ochgan kunimdan qabrimgacha to!

10.
Ey doʻst!
Bir boqmas bu gulroʻ, har kun shu sazo,
Qaysi bir gunohim uchun bu jazo?
Toʻyarmi oshiqlar xilxonasi, ayt,
Tagʻin bir oshiqqa yetsa gar qazo?

11.
Ey doʻst!
Goʻzallik beqadr boʻlmagan aslo,
Uni bilmas kishi oʻlgani avlo.
Qarokoʻz jononim boʻlsa gar hamroh,
Bu Shoshdan ketardim mahshargacha to!

12.
Ey doʻst!
8 Qaragil, biz tomon jonon kelmoqda,
Xushxandon chechaklar nim egilmoqda.
Uning tashrifini qutlab poyiga
Olchaning gullari shoʻx toʻkilmoqda.

13.
Ey doʻst!
Mana qomat, ana qomat, bu na qomat,
Tik qoʻyilgan naymi yo sham – tana-qomat.
Koʻr emasman, na qilayin, koʻzim ketar,
Ranj chekmasin va qilmasin taʼna qomat.

14.
Ey doʻst!
Ishq – vafo, ishq – jafo, jondan kechasiz,
Hilol u – Oy boʻlib toʻla-toʻlguncha.
Ishq – chashma, ishq – sharob, har kun ichasiz
Va lekin toʻymaysiz oʻla-oʻlguncha.

15.
Ey doʻst!
Oʻn toʻrt kunlik Oyni osmonda uchratdim,
Unga yetmoq – orzu, ummonda uchratdim.
Visol debon oʻzni otdim quchogʻiga,
Har yon sochildi u, har yonda uchratdim.

16.
Ey doʻst!
Sahar chogʻi barcha koʻzdan goʻyo nihon
Soy boʻyida choʻmilardi bitta jonon.
Bilgaydir u: jonli koʻrsa jon bergaydir,
Bilgaydir u: jonsiz koʻrsa kirgaydir jon.

17.
Ey doʻst!
Bir qoshiq tuzdirman, taom boʻlmasman,
Bir jonga arzirli inʼom boʻlmasman.
Lekin yor taomi mensiz boʻlmagay,
Pok dasturxonida tamom boʻlmasman.

18.
Ey doʻst!
Qaydandir jononlar kulgisi kelar,
Kishi bundan ketmay turgisi kelar.
Ularning ichida bizning yor bormi,
Oh-oh, sabolardan gul isi kelar.

19.
Ey doʻst!
Koʻngil bir musofir, siylagil uni,
Men siyladim jonon bilan bir kuni.
Vo ajab! Oʻshandan buyon tinchim yoʻq,
Goh uni istaydi, goh istar buni.

20.
Ey doʻst!
10 Koʻrdimki, bul kecha tongda uygʻonib,
Yor yuzi otashday turardi yonib.
Dedim: “Atirgulday choʻgʻlanmoq nechun?”
Dedi: “Atirgulim suv ichgan qonib”.

21.
Ey doʻst!
Maʼshuqa bagʻrida oshiqi xushman,
Na xush bu damlardan sarxush, behushman.
Huzurimga kelgan, yorim, bu oqshom,
Ket! Ket! Gulzor aro bir poshsho qushman.

22.
Ey doʻst!
Qoʻl siltadim bu dunyo gʻurbatiga,
Qalbi kesak raqiblar gʻiybatiga.
Ketdim-ketdim bir qadah may simirib
Paripaykar, jononlar suhbatiga.

23.
Ey doʻst!
Bu Zaminga sigʻmay qoldik, ketamiz,
Oʻzga bir olamni makon etamiz.
Unda biz orzular qilgan jannat bor,
Lekin yor boʻlmasa, aytgil, netamiz?

24.
Ey doʻst!
Bu Azim doʻst, yor koʻyida misli xasdir,
Oʻchoqdagi yonayotgan choʻgʻ – besasdir.
Bas, bas, yetar! Faqat yorning qoʻlidagi
Sharbat toʻla bir piyola boʻlsa basdir.

25.
Ey doʻst!
Bu na gulyuz, Tangrim ozod yaratibdi,
Husni latofatda obod yaratibdi.
Bizni bir oshufta nigoh etdi qurbon,
Qurbon etmoqqa U jallod yaratibdi.

26.
Ey doʻst!
Ul sanam qoshida hushdan ayrildik,
Jodulandik, tillo qushdan ayrildik.
Bir jilva qilibon uyaldi-ketdi,
Roʻyodan ayrildik, tushdan ayrildik.

27.
Ey doʻst!
Muhabbatning jodulari dogʻulidir,
Lutfu karam, makrlari ogʻulidir.
Lekin meni oʻldirsa ham oʻldirsin ul,
Garchi oʻlim yoʻli doim qaygʻulidir.

28.
Ey doʻst!
12 Oshiqlik degani koʻp qiziq bozor,
Unda hamma bir-biriga intizor.
Oʻrtada suvlar oqar aylanch-aylanch,
Sotguvchi, olguvchi birdek xaridor.

29.
Ey doʻst!
Ovchiga soʻzlaydi jonzotlar izi,
Munajjimga soʻzlar tunlar yulduzi.
Ne soʻzlar ekan deb ogʻzin poylama,
Bu jononning menga soʻzlaydi koʻzi.

30.
Ey doʻst!
Bogʻsupada uxlab qolibdi bir qiz,
Yoyilib oqibdi – sochlar jamalak.
Hayratdan tek qotdim: gʻuncha labiga
Qoʻnib boʻsa olar bitta kapalak.

31.
Ey doʻst!
Doʻst, ayolda gullar bisyor, qoʻsha-qoʻsha,
Hech kimga qilmas ixtiyor qoʻsha-qoʻsha.
Qoʻsha-qoʻsha ixtiyor qilsa u, baskim,
Oshigʻining tolei yor qoʻsha-qoʻsha.

32.
Ey doʻst!
Olma shoxida bir qush taranadi,
U yon-bu yonga hurkib qaranadi.
Biz sevgan yorning, o, xuddi oʻzi,
Taroqshoyi koʻylakda-ya yonadi.

33.
Ey doʻst!
Taqdir bizni qoʻsharmi sevgan yorga,
Vasli nasibmi bu bemor, bedorga?
Ishqimizni izhor etdik tiz choʻkib,
Iqrori tik – boʻyimiz yetmas dorga.

34.
Ey doʻst!
Gulgasht etgali gar chiqsa bizning yor,
Poyida taʼzimdadir gul-gul gulzor.
Biz-ku koʻnikkanmiz chiqmasa ham, lek
Gullarning koʻksi chok, bagʻri qon, abgor.

35.
Ey doʻst!
Boshingda siniq – xayoling ayol bois,
Taqdiring tiniq – ziloling ayol bois.
Sen yarimsan, ul yarim – butun boʻlmoq baxt,
Ham kamoling, ham zavoling ayol bois.

36.
Ey doʻst!
14 Garchi liboslari oddiy va odmi,
Orasta ayollar suyumli, dilbar.
Nilufar qavmidan ularning qavmi –
Koʻlmakda ham gul ufurar nilufar.

37.
Ey doʻst!
Muhabbat aql ila eshdirkim doim,
Er-ayol baxtini siylar Xudoyim.
Qiyomat boʻlsa ham, ammo ularning
Oʻrtasida boʻlmas qiyomat-qoyim.

38.
Ey doʻst!
Ariqcha shildirar, gullar har yonda,
Koʻkda Oy, Yerda Oy – ikkov shiyponda.
Boʻsalar qurbonlik ixtiyor etar,
Bunday kecha qayda, qaysi jahonda?

39.
Ey doʻst!
Daryo kechdim, togʻ oshdim, yurtlarni kezdim doim,
Gullar bilan bezadim umr degan yoʻlimni.
Bitta chechen qiziga, qolmagach hech vaqoim,
Hadya qilib yubordim mungligʻ shoir koʻnglimni.

40.
Ey doʻst!
Sakura gullari – oppoq alanga,
Undan hadya etdi yapon qiz menga.
Men dedim: «Albatta, kutgil, yuborgum
Oʻzbekyurt dashtidan lolalar senga».

41.
Ey doʻst!
Bir gulga ari ham, chibin ham qoʻnar,
Kapalak, bolari bol emib joʻnar.
Koʻcha sanamlari oʻxshar shu gulga,
Qismatin oʻylasam, yuragim toʻnar.

42.
Ey doʻst!
Bardavomlik uchun har jon kurashar-
Ki, tosh ildiz otay debon kurashar.
Lekin, boq, bu jonon chopar ildizin,
Ildizin umriga qachon kurashar?

43.
Ey doʻst!
Ayol qalbi cheksiz sirlar ummoni,
Tugal bilmoq nasib boʻlmagay oni.
Goho dur axtarsang, tosh boʻlib chiqar,
Goho tosh izlasang, chiqar dur koni.

44.
Ey doʻst!
16 Bas, aytmasam boʻlmagay koʻnglimdagi borini,
Huzuringga chorlading qaysi yurt dildorini?
Bir juft surxon xurmosin koʻksiga yashiribdir,
Yo Baxmal olmasini, yo Quva anorini.

45.
Ey doʻst!
Ot kimniki? minganniki,
Toʻn kimniki? Kiyganniki.
Olgan olganniki emas,
Qiz kimniki? Suyganniki.

NASRIY QAYIRMALAR

Birinchi deraza

* * *03
Olam – hikmat kitobi. Oʻqib va uqib yasha.

* * *
Olam taqdiri – odam taqdiri.

* * *
Dunyoda donoyu donishmandlar aytmagan, bitmagan hikmat qolmagan. Faqat magʻzi chaqilmagani koʻp.

* * *
Vatanim togʻida yotgan toshning ham tarixi bor. Faqat uning tilini uqmoq lozim.

* * *
Vatan kamoloti uchun amaliy faoliyat vatanparvarlikdir.

* * *
Davlatning asosi na yer, na koʻk, na suv… balki xalqdir.

* * *
Oʻz milliy gʻoyasiga, mafkurasiga, oʻz taraqqiyot yoʻli mezonlariga ega boʻlmagan davlat boʻron izmida qolgan qayiqdir.

* * *
Mahalliychilik millatparvarlik va vatanparvarlikning asosiy dushmanidir.

* * *
Vatanning boʻy-basti botirlariyu shoirlari bilan oʻlchanur.

* * *
Ertaklarda devlar joni oʻzida emas, allaqayerlarda: gʻorlarda, togʻlar ichida, sandiqlardami saqlanar ekan. Chin inson joni esa hamisha Vatanda saqlanadi!

* * *
Eng buyuk jasorat Vatan taqdiri yoʻlida qilingan jasoratdir.

* * *
Vatan tandir. Non-tuzin unutganlar koʻr boʻladi!

* * *
Iglu – eskimoslarning qordan yasalgan uyi. Qish tugab, kunlar iligach, u erib ketadi. Shimoldagi bu elat taqdiri ham iglusiga oʻxshab boryapti. Vataning imoratini mustahkam qur!

* * *
Zamin abadiy emas, zaminmonand makonlar abadiy. Inson abadiy emas, insoniyat abadiy.

* * *
Tabiatda hech bir narsa teng boʻlmaganidek, davlat, hokimiyat, xalqlar oʻrtasida ham tenglik boʻlmaydi. Faqat ular birodarlik, doʻstlik asoslarida teng hayot kechirishlari mumkin.

* * *
Xalqning faqat bugunini oʻylagan hukmdor – Yetakchi. Uning kelajagi va kamoloti asoslarini qurgan hukmdor – Donishmand. Poliz boshiga qurilgan xashaki chayla bilan poydevori daryo toshlaridan qurilgan imoratning farqini unutmang!

* * *
Hukmdor maqtov-olqishlarning tagida nima borligini hech qachon nazardan qochirmasligi kerak. Hamdu sanolar yoʻli haqorat, masxara va falokatli boʻlishi mumkin.

* * *
Kemalar uchun koʻrinmas suvosti qoyalari gʻoyat xavfli, halokatli boʻlgani kabi saroy va saltanat siyratidagi eʼtiqod va axloq tubanlashuvlari mamlakat inqiroziga ibtido boʻlishi mumkin.

* * *
Ijtimoiy tengsizlik tabiiy tengsizlikdan kelib chiqadi.

* * *
Toshtarosh qoʻlida tosh, kulol qoʻlida loy istagan shaklga kiradi. Hukmdor oʻz aqli, zakovati bilan tosh ham, loy ham emas. Sobitlik, qatʼiyatlilik mamlakatni tanazzullardan asraguvchi kuchdir!

* * *
Bir toifa: qonunni biladi va unga amal qiladi. Bir toifa: qonunni biladi, lekin unga amal qilmaydi. Bir toifa: qonunni biladi, ammo iblisona yoʻllarda foydalanadi. Bir toifa: qonunni bilishni ham, unga amal qilishni ham istamaydi.

* * *
Hokimiyatni qatʼiyat bilan boshqarish inson erkiga daxl qilmasligi kerak. Daxl qilinsa, bu daryoga toʻgʻon qurib, suvni toʻplab, bogʻlarga suv bermay, daraxtlarni quritish bilan barobar.

* * *
Hukmdorlar uchun xalqning omi-mute boʻlgani yaxshi. Qashqir uchun ham osongina tutqich beradigan qoʻylar kerak.

* * *
Oltin qadahda may simirib uzoq umr kechirgan hukmdorni eshitmadim.

* * *
Daholar har bir zamonning, xalqning valineʼmat zotlari, ammo ular oʻsha davr hokimiyati uchun yoqimsiz, hatto ortiqcha kishilari boʻlishi mumkin.

* * *
Ozodu erkin qushga hukmdor farmonining ahamiyati yoʻq.

* * *
Hukmdorlik gulzorining tikoni koʻp.

* * *
Saltanat ishlarida hukmdordan koʻra shubhakorroq kimsa yoʻqligi haqqast rost. Shubha esa iymondan ajratadi degan gaplar ham borligi haqiqat.

* * *
Hukmdorning oti koʻndalang ham chopadi.

* * *
Kambagʻal davlat xazinasini oʻylashga qodir emas.

* * *
Xalq baxti, tinchligi, davlat farovonligi uchun sarflanmay yigʻilib yotgan xazinaning ummon qaʼridagi xazinadan farqi yoʻq.

* * *
Zaminmonand sayyora topilibdi, koʻcha-koʻch boshlanibdi. U yoqda hamma narsa bor emish, moʻl-koʻlchilik emish. Oʻzi bilan hech kim hech narsa olmabdi. O’shandayam o’zbek  ketmonini yelkasiga tashlab olishni unutmabdi.

* * *
Yer shari – ona Sayyoramiz qismati faqat samoviy kuchlargagina emas, insoniyat faoliyatiga ham bogʻliqligi bugun kundek ayon. Shunday ekan, har bir inson zaminga oʻz ona uyi kabi munosabatda boʻlmoqligi va ushbu xulosaga kelishi uchun, avvalo, oʻz shaxsini kamol toptirmogʻi lozim.

* * *
Inson xudosifat boʻlmoqlikni, Uningdek faoliyat koʻrsatmoqlikni istaydi. Va barcha fojiasi shundan ekanligini oʻzi koʻp ham anglayvermaydi.

* * *
Qatʼiyatlilik bilan qaysarlikni qorishtirib yubormang. Ayniqsa, buni yurt sarvarlari unutmasligi kerak.

* * *
Dunyoni oʻzgartiraman dedi Qilich. Dunyoni oʻzgartirish uchun men oʻzgarishim kerak dedi Qalqon.

* * *
Yangi-yangi davr qitʼalarini SHAXSlar, DAHOlar ochadi. Qolganlar ularga ergashadi.

* * *
Qonun buqalamunga oʻxshamasligi kerak.

* * *
Hukmdorning qahri burnining uchida.

* * *
Hukmdorlarga oqilu dono maslahatchilaru sadoqatli oʻktam vazirlargina emas, soʻzni tik aytguvchi shiddatmonand yaqinlar ham kerak.

* * *
Yolgʻonning kuch-qudrati hokimiyat miqyosida tomir otganda azot boʻy koʻrsatadi.

* * *
Siyosatda zoʻravonlik – adolat niqobini kiygan hukmdor.

* * *
Bir shaxs butun bir xalqni oʻz aldov maqomiga yurgazishi mumkinmi? Yoʻq! Ammo U oʻsha xalqning vijdonsiz, iymonsiz, dayus, poraxoʻr, laganbardor hukumatini oʻz yoʻrigʻida qirchangʻi otday yoʻrgʻalatishi mumkin.

* * *
Quyosh keksayib bormoqda. Vatanparvarlik tuygʻulari Zaminparvarlik tuygʻularidan ayro tushmasligi kerak. Ona sayyoramiz oʻz qobiqlari ichida mahdud yashayotgan qurtlar oʻylaganichalik ulkan emas.

* * *
Soʻzdan… harakatga oʻt. Umr mazmunini, insonning jamiyatdagi oʻrnini uning faol harakati belgilaydi.

* * *
Jamiyat kamoloti unda Inson hayotiga boʻlgan munosabat bilan oʻlchanishi zarur.

* * *
Huquq – maʼnaviy, maʼrifiy taraqqiyotni kamol toptirguvchi kuch. Ammo u axloqiy mezonlarga zarba bermasligi kerak.

* * *
Oniy chaqmoqday yalt etib kelgan fikr dunyoni algʻov-dalgʻov qilishga qodir.

* * *
Insoniyat taqdiri gugurt choʻplaridek bir quti ichiga joylanib boʻldi. U chaqmogʻini kutmoqda… Har bir koʻringan yulduz yo sayyorada hayot yoʻqligi aniq, demak, shunga qarab chaqmoq chaqilmogʻi lozim…

* * *
Koʻp joyda kishilar har xil narsaga sigʻinadilar. Masalan, toshga, daraxtga, buloqqa, gʻorga… Bu tabiat kuchini muqaddas bilishdir, uni sharaflashdir.

* * *
Inson “obi gil”dan paydo boʻlgan deydilar. Bu gap rost. Undan hamma shakldagi hamma narsani yasasa boʻladi.

* * *
Haqiqatni faqat qalb koʻzi bilan koʻrish mumkin.

* * *
Qalb shohkoʻchasining oxiri yoʻq, tor koʻchalari koʻp.

* * *
Ahmoqona gʻoyalar shunchalik koʻpki… ularning ustida tuzukkina olimlar turganiga hayronman.

* * *
Har qanday jamiyatda hukumat xalqning mehnatiga yarasha haq toʻlamasa, oʻsha xalq mehnatga nisbatan parishon holati ila munosabatda boʻladi. Xalq adolatsizlikka noroziligini shu tariqa namoyon qiladi.

* * *
Odamiyat va Jamiyat kamoloti faqat tarbiya va uning izchil ibrati bilan amalga oshiriladi. Shaxslar ularning yetakchilaridir. Inson qoʻli bilan yaratilgan bogʻ qayda-yu, yovvoyi changalzor qayda?!

* * *
Qavmlar, elatlar, ellar, xalqlar, millatlar birligi – Insoniyat. Zamin esa butun Insoniyatga daxldor. Shunday ekan, odamzod bir ertakdagi tor koʻprikda oʻzaro duch kelib qolgan ikki serkadek biri-biriga yoʻl bermay shoxlashib, oqibatda, ikkalasi ham daryoga qulab halok boʻlganlar… qismatiga tushmasliklari uchun toza RUH, oydin TAFAKKUR, donishmand AQL bilan ish tutishi ham farz, ham qarz!

* * *
Ozodlik, Erkinlik insonning oʻz qalbini, oʻzligini oʻziga qaytaruvchi moʻjizaviy kuchdir! 

* * *
Erkinlik, bu – faqat koʻngil istagini qondirish degan gap emas. Qushlarning yashash tarzi – erkinlik, ammo ular hayotida ham izchil tabiiy tutqunlik qanoati – qonuniyati bor.

* * *
Balki, yolgʻon, balki, chindir, bir qush bor emish. U yer kurrasining qaysi burchagida koʻklam boshlanib, daraxtlar kurtaklasa, oʻsha yerda hoziru nozir ekan. Ozigʻi faqat kurtak. Shu bois nomi ham kurtakxoʻr. Menga u Yovuzlikning timsoli boʻlib tuyuladi.

* * *
Taraqqiyot insoniyatning maʼnaviy kamoloti bilan tarozilanmogʻi kerak.

* * *
Saltanat manbai – kuch-qudrati xalqning maʼrifati bilan belgilanmogʻi lozim.

* * *
Haqiqat!.. Haqiqat!.. Haqiqat!.. Qaysi haqiqatni aytyapsiz?
Adolat!.. Adolat!.. Adolat!.. Qaysi adolatni aytyapsiz?

* * *
Bir rimlik adib-faylasuf yozgan: “Hokimiyat – faxrli qullik!” Koshki, maqolga aylangan bu aytim butun jahon hukmdorlari saroylari- ning peshtoqini bezab tursa!

* * *
Erk taqchil joyda hamma narsa taqchil. Hamma narsa davlatniki deyilgan yerda xalq yupun, qashshoq, gado. Shaxsiy manfaat boʻlmagan joyda yuksalish, taraqqiyot yoʻq.

* * *
Qonunlari pala-partish ishlaydigan mamlakatning kelajagi shubhali.

* * *
Milliy madaniyatni maydalashtirmang.

* * *
Tenglik – birranglilik. Birranglilik esa kishini zeriktiradi.

* * *
Sunʼiy taraqqiyot tezligida tabiiy falokat yoʻqmikan?

* * *
Odamzod yaratgan qonun hamisha chala. Zilzila qoʻpganda koshona ham vayron.

* * *

Oʻzing koʻzini ochgan buloqning suvi shirin.

07

(Tashriflar: umumiy 1 058, bugungi 1)

Izoh qoldiring