Eshqobil Shukur. Assalom, nomus! & O’zligim — o’zbekligim

004     “Номус ҳамиша ғамгиндир”. Улуғ Гётенинг шу гапини эслаганимда кўнглим зирқирайди. Номус деганда, аввало одамнинг кўз ўнгига онаси, қизи, синглиси, ёри келади. Шу тасаввурнинг ўзиёқ бу туйғуга илк ички шарҳни беради…

Эшқобил Шукур
АССАЛОМ, НОМУС!
“Мен” ва “Биз” оралиғидаги мулоҳазалар
011

077   Эшқобил Шукур 1962 йил Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини битирган (1984). Узоқ йиллар Ўзбекистон телевидениеси каналларида ишлаган. Бугунги кунда “Маънавий ҳаёт” журнали бош муҳарриридир.

Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор.

“Номус ҳамиша ғамгиндир”. Улуғ Гётенинг шу гапини эслаганимда кўнглим зирқирайди. Номус деганда, аввало одамнинг кўз ўнгига онаси, қизи, синглиси, ёри келади. Шу тасаввурнинг ўзиёқ бу туйғуга илк ички шарҳни беради. Демак, ҳаётдан ҳам қимматли, жондан ҳам азизроқ туйғу бу! Номус билан очликни ҳам, энг оғир машаққатларни ҳам, ҳатто ўлимни ҳам енгиш мумкин. Лекин номуссизлик билан одам ҳеч нарсага чидамайди, ҳатто тўқликка ҳам.

Биз XXI асрнинг энг шиддатли даврида яшаяпмиз. Фаровонлик, тўкин-сочинлик, ободликни кўриб шукр қиламиз. Инсон ақли ҳар соатда бир янги ихтирони майдонга чиқараяпти, салоҳияти бир кунда бир оламшумул кашфиётни ҳадя этаяпти. Уйда ўтириб бутун дунёни кўраяпмиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқларимиз ҳимояси ҳам имкон қадар йўлга қўйилган. Лекин шунча имкониятлар ва шароитларга эга бўла туриб, нимагадир энг азиз туйғу – Номусдан дарз кетиб бораяпти. Инсоннинг маънавий бошпаналаридан бири бўлган бу қўрғон емирилаяпти. Номуснинг емирилишига нималар сабаб бўлаяпти? Нима учун номуссизлик оддий бир ҳолатга, чидаса бўладиган, кўникса бўладиган ҳолатга айланяпти? Тарих шуни далиллайдики, ёмон амаллар ҳам кўникиш натижасида аста-секин қабул қилинган ва ҳаётга сингишиб кетган ҳатто урфга айланган.

Болалик йилларимизда кимдир уят иш қилиб қўйган бўлса, катталар бу ҳақда шивирлаб гапиришар эди. Бировнинг эшитиб қолишидан андиша қилишарди. Бугун эса, шундай ҳолга дуч келсак, оғиз йиртиб, чор-тарафга жар солишни яхши кўрамиз. Воқеа тафсилотини билиб-билмай, интернетда бақир-чақирни бошлаймиз. “Одамлар, ҳо одамлар, боғда битган бодомлар, эшитмадим деманглар, фалончининг хотини…” деб уятсизларча уятсизлик билан тил бириктириб фитнага бош қўшамиз.

Баъзан интернетда, турли хил ижтимоий тармоқларда бировнинг фожиасидан карьера қилишни истаётганлар қанча. Бу ўлаксахўрликдай бир гап! Қандай қилиб, бировнинг фожиасидан завқланиш мумкин. Бундай ҳолатда оғиз йиртиб, иштонини бошига салла қилиб, жар солаётганларни кўрсам, ғазабни тийиш иймондан эканини билиб турсам-да, ғазабим келади. Бу худди фожиа устида стриптиз тушишга ўхшайди. Демократия ва ошкоралик дегани зинҳор ба зинҳор уятсизлик дегани эмас! Бировнинг уятсиз ҳолга тушганини тезроқ кўрсатишга шошиладиган ва бундан мароқланадиган одамнинг ўзи энг уятсиздир. Бировнинг фожиасини оғиз кўпиртириб ҳикоя қилишга мойиллиги бор одам аблаҳдир.

“Кино бизни кўришга ўргатди, лекин қарашдан жудо қилди” деган эди Ғарб файласуфларидан бири. Кино бизни кўникиш мумкин бўлмаган нарсаларга кўникишга ҳам ўргатди. Худо ва Инсон ўртасида тузилган азалий битимларга амал қилмаса ҳам бўлаверади деган фитнага ҳам ўргатди. Чунки, яхши кинолар жуда кам, ёмон кинолар эса бемаза қовуннинг уруғидай кўп. Биз ёмон кинога ҳам бош ирғаб қўя қолган эдик, бирдан беҳаё шаҳвоний фильмлар заҳарли замбуруғлардай урчиб кетди. Алишер Навоий “Ҳайрат ул аброр” достонининг XXIII бобида Анушервони Одил ҳақида бир ҳикоятни келтиради. Анушервон шоҳ бўлмасдан бурун бир гўзал қизга ошиқ бўлади. Унинг васли умидида кўп машаққатлар ва озорлар чекади. Охир висол насиб этади. Йигит билан қиз боғда эдилар. Анушервон суюкли ёрини бағрига тортиб, бўса олмоқчи бўлади ва.. шу лаҳзада боғдаги бир туп наргис гулига кўзи тушиб, бирдан ортига тисланади. Қиз шаштидан қайтган йигит олдида ҳижолат тортади. Шунда Анушервон уларга қараб турган бир туп наргис гулининг кўзларидан уялганини, шу гул бўса олишига монеълик қилганини қизга айтиб беради. Навоий бу ҳолни шундай изоҳлайди:

Айш, Навоий, неча дилкаш дурур,
Лек адаб бирла ҳаё хуш дурур.

Бугунги кунда дунё миқёсида ҳар 29 минутда битта беҳаё фильм ишлаб чиқарилиб, жаҳонга тарақатилаётган пайтда ўз ёридан бўса олмоқчи бўлган Анушервон боғдаги бир туп гулдан уялиб, шаштидан қайтганини ва бу ҳаё уни “Жумлаи олам аро шоҳ айлаганини” эслаб қўйсак яхши бўларди.

Ўзаро муносабатларимизда, жамоавий муносабатларимизда бизга ор ва номус раҳбарлик қилган. Бу туйғу қон-қонимизга синггиб кетган. Ёши олтмишни қоралаган бир аёлнинг укасини қандай сизлагани ҳақида айтиб берган гаплари эсимдан чиқмайди:

“Укам мендан уч ёш кичик. Болалигимиздан талашиб-тортишиб, бирга ўйнаб катта бўлганмиз. Вояга етдик. Сўнг мен турмуш қуриб кетдим. Укам уйланди. Иккимиз ҳам бола-чақали бўлдик. Укам қирққа кирганида онам менга “Энди укангни сенламайсан. Сизлашинг керак. Болалари катта бўлиб қоляпти”, деб қолди. Мен укамни қандай сизлашимни ўйимга сиғдиролмас эдим. Бирга ўйнаб-ўсган бўлсак, бунинг устига қирқ йил сенлаб келган бўлсам… Шунинг учун онамга болаларча ўжарлик қилдим: “Нима учун сизлашим керак экан. У мендан уч ёш кичик бўлса, бунинг устига кичик бўлишига қарамай, мени сенласа, йўқ, ҳеч қачон сизламайман” десам, онам: ”Уканг эркак киши. Сизлашинг керак!” деб мени койиди. Мен кўнмадим. Бу менга ноқулай эди, ўрганаолмасдим, қолаверса, умр бўйи сенлаб келган укамни сизлаш менга сохта мулозамат бўлиб туюлар эди. Лекин… Шу гаплардан бир йил ўтиб.. тўсатдан отам вафот этди. Мен отам вафот этган кундан укамни беихтиёр сизлай бошладим. Ишонасизми, ўз-ўзидан мен уни сенлай олмай қолдим. Шундан кейин укамга бирор марта сен деб гапиролмаганман”.

“Мен” билан “Биз”нинг орасида яхшигина масофа бор, ҳатто тавофут ҳам бор. Лекин “Биз” йўқ жойда “Мен” ҳимоясиз қолади. Миллий туйғулар шу икки қутбни бирлаштиради ва яхлит иқлимни ҳосил қилади. Шунинг учун катта мавзуларда гап кетганда “Бизда шундай”, “Бизнинг одатимизга кўра”, деб гап бошлаймиз.

Танишлармизнинг бирининг уйида жаноза бўлди. 40 ёшлардаги қизи вафот этибди. Пешинга чиқаришди. Тобутни уйдан қабристонгача катта йўлдан олиб боришга тўғри келди. Шаҳарнинг гавжум кўчаси бўлгани учун машина кўп эди. Йўлнинг бир четида одамлар елкасидаги тобут лопиллаб борарди. Кўчанинг очиқ қисмидан эса машиналар тинимсиз ўтиб турарди. Шунда мен бир ҳолдан ҳайратландим. Издиҳом ёнидан ўтаётган машиналар бироз олдинга ўтиб чеккалаб тўхташар ва улардан тушган одамлар издиҳомни кутиб туришар, сўнг қаторга қўшилиб тобутни елкасида тутиб, бироз юришар, кейин секин-секин орқада қолишиб, яна машиналарига ўтиришиб жўнаб кетишарди. Бу йўловчилар қайси уйда кимнинг вафот этганиниям, нима бўлганиниям билишмайди, лекин марҳуманинг ҳурматини, инсоннинг ҳурматини қилишади.

Бир ёзда Жиззахнинг Баландчақир деган қишлоғида бўлдим. Сойликлар орасида ястаниб ётган жуда катта қишлоқ. Қишлоқда биров вафот этибди. Қарангки, марҳумга қариндош бўлган, бўлмаган одамлар, ҳатто етти ёт бегоналар ҳам ҳаммаси эгнига тўн олиб, дўппи кийиб, белини маҳкам боғлаб хизматга шай туришибди. Одатда, бундай пайтда марҳумнинг энг яқин қариндошлари шундай кийинадилар. Баландчақирда эса, жанозага борган ҳамма шундай кийинади ва дунёдан кетаётган қишлоқдошига сидқидилдан ҳурмат кўрсатади. Уни қариндошидай, жигаридай, оғасидай сўнгги йўлга кузатишади. Ҳолбуки, дунёнинг мегаполис шаҳарларида қўшнисининг жанозасига чиқмайдиганлар ҳам бор. “Европа виждони” деб тан олинган Альбер Камю онасининг вафотига ҳам бефарқ қараган одам ҳақида бекорга ёзмаган.

Бизда “эл” деган тушунча азалдан бор ва у кўп нарсалардан бизни ҳимоя қилиб келган. Ҳозирги пайтда дунёга таҳдид солиб турган ёлғизлик деб аталмиш иллат ҳам айни шу тушунча ҳаракатда бўлмаган жойларда тез урчиб кетди. Бир сўз билан айтганда, элсизлик бу йўлсизликдир, ёлғизликдир. Эл бор жойда ор ва номус бор, андиша ва уят бор. Ор-номус йўқ жойда ҳамма нарса мумкин. Ҳатто қотилликни жасорат деб кўрсатиш, ахлоқсизликни эркинлик деб кўрсатиш мумкин. Шу ўринда яна бир мулоҳазани қистириб ўтсам. Номуснинг муҳим таянчларидан бири – андишанинг оти бугун жуда кўпайиб кетди. Дуч келган ноқис унга ўзича ном қўйиб олади. Қўрқоқ, кўнгилчан, содда, бўшанг, юмшоқ, тортинчоқ, авайчи каби отларни сурбетлар андишанинг нақ манглайига ёпиштириб қўйишяпти. Энг ачинарлиси, камтарликни ҳам нуқсон деб қаровчилар тўдаси пайдо бўлаяпти. Неча давраларда эшитдим, кимдир орияти устун келиб, бирор фойдадан қолган бўлса, “Камтар-да, камтар, шунга панд еб юради” деган гапларни. Ё тавба, бетгачопарлик фазилат бўлиб, камтарлик иллат бўлиб қолдимикан, деб ўйлаб қоламан. Бор овозинг билан бақир, чақир, тўполон қил, бировнинг ёқасини йирт, керак бўлса юзини тирнаб ташла, ишинг битса бўлди, уёғини ўйлаб ўтирма. Хўш, бу билан қандай иш битади ўзи? Арзийдиган ишми? Майли, нари борса, бир коса шавлалик иш битар, лекин уят кетиб қолади-ку. Уятнинг нархи шунча арзон бўлиб қолдими? Кўчама-кўча лаққиллаб юрадиган безбетлик тўрга ўтиб, андиша четга сурилиб қоладими? Бу борада Абдулла Орипов бизни огоҳлантирган-ку:

Кулма, кулма, нега куласан,
Хижолат чекканнинг ҳолига.
Нега қўл текиздинг камбағалнинг
Ўғрилардан қолган молига.

Самарқандда Имом Бухорий зиёратгоҳи атрофидаги қишлоқлардан бирида кечаси мачитдан қайтаётган 75 ёшдаги бир чолни шу маҳаллалик бир ўсмир билмасдан велосипедда уриб кетади. Велосипед шунча тез келган эканки, чолнинг ошқозони ёрилиб кетибди. Қишлоқдаги дўхтирлар ҳеч нарса қилишолмайди. Қариндошлар бобони Самарқанд шаҳрида операция қилдирашади. Яна бир-икки соат кечикишса, ўлим муқаррар экан, хайрият улгуришади. Қанчадан-қанча оворагарчилиг-у, қанчадан-қанча сарсонгарчилик, бунинг устига каттагина ҳаражат. Икки кундан сўнг бўлиб ўтган воқеани одамлар орасидаги гап-сўзлардан билиб олган ички ишлар ходими чолнинг уйига келади. Ўғилларидан нима бўлганини қайта-қайта сўрайди. Чолнинг катта ўғли “Отамизни ҳўкиз шохлади” деб жавоб беради. Лекин синчковгина милиционер бу гапга ишонмай, яна суриштирув қилишини айтиб чиқиб кетади. Катта ўғил “отамизни ҳўкиз шохлади” дейишга дейди-ю, лекин ҳовлида шохлайдиган ҳўкизнинг ўзи йўқлигини ўйлаб, ёлғони фош бўлишидан ташвишга тушади. Қарангки, у милиционер қайта келгунча танишларидан бирининг катта ҳўкизини сўраб олиб, ўз молидай ҳовлисига боғлаб қўяди ва милицонерга шу ҳўкизимиз шохлаган эди деб кўрсатади. Бундай бағрикенглик ва мардликни яна қаердан топасиз? Ё бу ишни ҳам кўнгилчанглик ё қўрқоқлик деб атайсизми? Дунёда худбинлик ўпқонига тушиб қолганлар бу ҳимматнинг сири ва ҳикматини қаердан билсинлар?

Беш яшар вақтимдаги бир хотира кўнглимга муҳрланиб қолган. Ўшанда Улдон момом билан қишлоғимиздаги қабристон ёнидан ўтаётган эдик. Уч яшар синглимни елкасида кўтариб, мени эргаштириб бораётган момом бир жойда тўхтаб, синглимни ерга туширди-да, қўлимиздан ушлаб қабристон томонга қараб қичқирди: “Ойсут опа! Ойсут опа! Мана, набираларингиз Эшқобил, Хосият. Набираларингиз катта бўлаяпти. Ойсут опа, қўллаб-қўрингизлар, дуо қилингизлар!”

Бу манзарани эсласам, кўзим ёшга тўлади. Дунёнинг қайсидир манзилида 100 қаватли бинонинг тўқсонинчи қаватида компьютер тўппончасини ўйнаб, инсоннинг беғубор туйғулари ва самимий ҳаяжонлари устидан мийиғида кулиб ўтирган одамга бу ҳолат ниҳоятда соддалик, ҳатто гўллик бўлиб туюлар… Лекин мен бу ҳолатда инсон қалби моҳиятини, инсон хотирасининг ёруғ изтиробларини кўраман. Бунда руҳий мароқ бор эканлигини биламан.

Мен кичиклигимдан боболарим ва момоларимга эргашиб юрганман, мана ёшим олтмишни қоралаб бораяптики, ҳамон уларга эргашиб юраман. Менимча, уларга Худо жуда тушунарли эди. Улар ҳам Худога тушунарли эди. Ҳамма нарсада биз каби мураккаб эмас эдилар, демоқчиман. Уларда биздаги каби иддаолар ҳам йўқ эди. Момоларимнинг қишлоғимиздаги қари тут ёнидан ўтаётганларида “Ассаломалайкум, Боботут” дейишлари, дарёга, қуёшга, янги чиққан ойга, баҳорда келган қалдирғочларга салом беришлари, боболаримнинг қадимий зиёратгоҳлар ёнидан гўё пир ёнидан ўтаётгандай эҳтиром билан ўтишлари, Ор-номусни ҳаётнинг устуни деб билишлари… буларнинг ҳамма-ҳаммаси менимча улуғ адабиёт эди. Одамлар руҳида яшаётган адабиёт… Ўтган йили оқшом чоғи оилам билан Бўстонлиқдан қайтаётиб, Чирчиқ дарёси бўйида тўхтадик. Оқшомдаги дарёни томоша қилгимиз келди. Шом пайти дарё жуда гўзал бўлади. Ботаётган қуёш нурларида катта сув ўзгача ярқирайди. Афсуски, қирғоқдаги қумлоқларда улкан буталар остида айтишга тил бормайдиган уятсизлик қолдиқлари сочилиб ётарди. Бу жойлардан илиққан итлар ўтдимикин, деб ўйлайсиз. Номуссизлик дарёни булғагани аниқ кўриниб турарди. Ит теккан билан дарё ҳаром бўлмайди деган гап бор-ку, лекин оқар сувга ҳаром айлангани барибир ёмон. Шундай пайтларда дарёга салом бериб ўтган момоларим, сувни муқаддас тутган боболарим ёдимга тушади.

Элда азалдан бир гап бор: “Отанинг жони қизининг ичида бўлади!” Нега шундай? Чунки, қиз отанинг номусидир. Қизлар ўз ҳаё ва ибоси билан оталарининг жонини, шаънини, икки дунёсини асраб юрадилар. Битта ёмон ҳаракат бу нарсаларни вайрон қилиб юборади. Бизда азалдан қизнинг энг катта бойлиги унинг ҳаёси саналган. Менинг иккита аммам бўлган. Бирининг оти – Оқила, бирининг оти – Насиба эди. Иккисининг ҳам эри урушда ҳалок бўлган. Иккиси ҳам гулдай ёшида бева қолган. Улар болаларини оқ ювиб, оқ тараб катта қилдилар. Лекин бошқа эр қилишмади. Ҳалок бўлган жуфти ҳаллолларининг хотираси ва ҳурмати билан яшадилар. Бир гал Қумқўрғонга борганимда ёши тўқсонни қоралаган бир кампирни кўрсатишди. Буғдойранг чеҳрани бутунлай қоплаб олган қалин ажинлар орасидан боқиб турган қора кўзларнинг ўзи тирик китоб эди. Бу кўзлар ҳаётга ҳам, ўлимга ҳам тик қарай оларди. Балки ўлим бу кўзлардан уялар, балки ҳаёт бу кўзлардан ўзини қарздор санар… Тўқсонга бораётган бу кампирга 32 ёшида эридан қорахат келади. Шунда у “Сен ер остида чирисанг, мен ер устида чирийман” деб қасам кўтаради. Оддийгина аёл айтган бу сатрни манаман деган шоир ҳам айтолмайди. Бу муҳаббат ва азоб овози.

Менинг бу гапларимни эри ўлган аёллар эр қилмаслиги керак деган маънода жўн тушунмасинлар, ундай демоқчи эмасман. Бу ерда гап вафо ва садоқат, ҳаё ва номус ҳақида бораяпти. Уруш ва урушдан кейинги йилларда бир парча нон жондан қиммат бўлиб кетган пайтларда ҳам ҳаё ва номусни ҳаётининг таянчига айлантирган аёллар қанча! Улар ҳамма азобларга, машаққатларга чидаган эдилар. Уларга ҳаё ҳаёт берди, уларга номус нон ва яхши ном берди! Бир танишининг тўйига янги кўйлак кийиб чиқмагани учун эрининг бошида тегирмон тошини айлантираётган, битта тақинчоқ учун уйини бузаётган, ҳалолми, ҳаромми пул бўлса бўлди деб оиласини, болаларини ташлаб ўзга юртларда булғанч кимсаларга эргашиб дунёнинг қайсидир кавакларида ўзини овора қилиб юрган аёллар-чи? Уларга енгилтаклик, чидамсизлик, ибосизлик нима беради?

Алпомиш етти йил қалмоққа кетганида, Ойбарчинга тўранг энди қайтмайди, Ултонтозга тегасан дейишганида Ойбарчин айтган экан:

Адиримда тулпор бор, эшакни келтирмайман,
Қарчиғай қўнган тўшима қарғани қўндирмайман,
Бургут учган даштима қузғунни дўндирмайман,
Юракдаги сиримни нокасга билдирмайман,
Сассиқ кўлдан сув қуйиб гулимни сўлдирмайман.

Ана шу беш сатрда ўзбек аёлининг номусга мардона муносабатини илғаса бўлади.

Аслида номус-ор масаласида инсонни эркак ва аёлга ажратиб ўтириш нотўғри. Номуснинг олдида ҳамма бир, ҳамманинг олдида номус бир. Бу дунёда арава-арава тилла билан ҳам тиклаб бўлмайдиган нарса ҳам номусдир. Одам нима учун бойлик тўплайди, нега обрў эътибор қозонишга ҳаракат қилади? Нега тинмай елади, югуради? Фақат бир нарса учун – хотиржамликка эришиш учун. Пулим жуда кўп бўлса, ҳамма нарсам етарли бўлиб хотиржам бўламан, мансабим юқори бўлса, ҳурматим катта бўлиб хотиржамликка эришаман деб ўйлайди. Лекин бундай елиб-югуришлар чоғида ҳаросотга тушиб қолса, бор хотиржамлигидан ҳам айрилади. Ишонинг, бир нарса аниқ ва муқаррар: Номус йўқ жойда ҳеч қачон хотиржамлик бўлмайди!

Кимлардир айтиши мумкин, “Дунё ўзгарди, ҳаёт ўзгарди. Демак, тушунчалар ва уларга муносабатлар ҳам ўзгаради-ку”, деб. Ҳа, бу дунёда ҳамма нарса ўзгаради. Лекин, инсон қонининг ранги ва таркиби ўзгармагани каби Номус туйғусининг табиати ва моҳияти ҳеч қачон ўзгармайди. У ҳамма замонлар учун бир хил.

Манба: “Маънавий ҳаёт” журнали 2018 йил, 3-сон

“Nomus hamisha gʻamgindir”. Ulugʻ Gyotening shu gapini eslaganimda koʻnglim zirqiraydi. Nomus deganda, avvalo odamning koʻz oʻngiga onasi, qizi, singlisi, yori keladi. Shu tasavvurning oʻziyoq bu tuygʻuga ilk ichki sharhni beradi…

Eshqobil Shukur
ASSALOM, NOMUS!
“Men” va “Biz” oraligʻidagi mulohazalar
011

088  Eshqobil Shukur 1962 yil Surxondaryo viloyatining Qumqoʻrgʻon tumanidagi Boymoqli qishlogʻida tugʻilgan. ToshDUning filologiya fakultetini bitirgan (1984). Uzoq yillar Oʻzbekiston televideniyesi kanallarida ishlagan. Bugungi kunda “Maʼnaviy hayot” jurnali bosh muharriridir.

Ilk sheʼrlar toʻplami — “Yurakni oʻrganish” (1984). Shundan soʻng uning “Sochlari sumbul-sumbul” (1988), “Tungi gullar” (1989), “Yashil qushlar” (1995), “Hamal ayvoni” (2003) sheʼriy kitoblari va 2005 yilda “Koʻhna bogʻ rivoyatlari” nasriy kitobi nashr etilgan. “Naqshband”, “Ibtido xatosi” kabi dostonlari, “Nasoyim ul-muhabbatga sayr” turkumi, shuningdek, “Oqibat oqshomi”, “Dunyoning koʻchishi” kabi qissalari ham bor.  

“Nomus hamisha gʻamgindir”. Ulugʻ Gyotening shu gapini eslaganimda koʻnglim zirqiraydi. Nomus deganda, avvalo odamning koʻz oʻngiga onasi, qizi, singlisi, yori keladi. Shu tasavvurning oʻziyoq bu tuygʻuga ilk ichki sharhni beradi. Demak, hayotdan ham qimmatli, jondan ham azizroq tuygʻu bu! Nomus bilan ochlikni ham, eng ogʻir mashaqqatlarni ham, hatto oʻlimni ham yengish mumkin. Lekin nomussizlik bilan odam hech narsaga chidamaydi, hatto toʻqlikka ham.

Biz XXI asrning eng shiddatli davrida yashayapmiz. Farovonlik, toʻkin-sochinlik, obodlikni koʻrib shukr qilamiz. Inson aqli har soatda bir yangi ixtironi maydonga chiqarayapti, salohiyati bir kunda bir olamshumul kashfiyotni hadya etayapti. Uyda oʻtirib butun dunyoni koʻrayapmiz, insoniy haq-huquqlarimiz himoyasi ham imkon qadar yoʻlga qoʻyilgan. Lekin shuncha imkoniyatlar va sharoitlarga ega boʻla turib, nimagadir eng aziz tuygʻu – Nomusdan darz ketib borayapti. Insonning maʼnaviy boshpanalaridan biri boʻlgan bu qoʻrgʻon yemirilayapti. Nomusning yemirilishiga nimalar sabab boʻlayapti? Nima uchun nomussizlik oddiy bir holatga, chidasa boʻladigan, koʻniksa boʻladigan holatga aylanyapti? Tarix shuni dalillaydiki, yomon amallar ham koʻnikish natijasida asta-sekin qabul qilingan va hayotga singishib ketgan hatto urfga aylangan.

Bolalik yillarimizda kimdir uyat ish qilib qoʻygan boʻlsa, kattalar bu haqda shivirlab gapirishar edi. Birovning eshitib qolishidan andisha qilishardi. Bugun esa, shunday holga duch kelsak, ogʻiz yirtib, chor-tarafga jar solishni yaxshi koʻramiz. Voqea tafsilotini bilib-bilmay, internetda baqir-chaqirni boshlaymiz. “Odamlar, ho odamlar, bogʻda bitgan bodomlar, eshitmadim demanglar, falonchining xotini…” deb uyatsizlarcha uyatsizlik bilan til biriktirib fitnaga bosh qoʻshamiz.

Baʼzan internetda, turli xil ijtimoiy tarmoqlarda birovning fojiasidan karyera qilishni istayotganlar qancha. Bu oʻlaksaxoʻrlikday bir gap! Qanday qilib, birovning fojiasidan zavqlanish mumkin. Bunday holatda ogʻiz yirtib, ishtonini boshiga salla qilib, jar solayotganlarni koʻrsam, gʻazabni tiyish iymondan ekanini bilib tursam-da, gʻazabim keladi. Bu xuddi fojia ustida striptiz tushishga oʻxshaydi. Demokratiya va oshkoralik degani zinhor ba zinhor uyatsizlik degani emas! Birovning uyatsiz holga tushganini tezroq koʻrsatishga shoshiladigan va bundan maroqlanadigan odamning oʻzi eng uyatsizdir. Birovning fojiasini ogʻiz koʻpirtirib hikoya qilishga moyilligi bor odam ablahdir.

“Kino bizni koʻrishga oʻrgatdi, lekin qarashdan judo qildi” degan edi Gʻarb faylasuflaridan biri. Kino bizni koʻnikish mumkin boʻlmagan narsalarga koʻnikishga ham oʻrgatdi. Xudo va Inson oʻrtasida tuzilgan azaliy bitimlarga amal qilmasa ham boʻlaveradi degan fitnaga ham oʻrgatdi. Chunki, yaxshi kinolar juda kam, yomon kinolar esa bemaza qovunning urugʻiday koʻp. Biz yomon kinoga ham bosh irgʻab qoʻya qolgan edik, birdan behayo shahvoniy filmlar zaharli zamburugʻlarday urchib ketdi. Alisher Navoiy “Hayrat ul abror” dostonining XXIII bobida Anushervoni Odil haqida bir hikoyatni keltiradi. Anushervon shoh boʻlmasdan burun bir goʻzal qizga oshiq boʻladi. Uning vasli umidida koʻp mashaqqatlar va ozorlar chekadi. Oxir visol nasib etadi. Yigit bilan qiz bogʻda edilar. Anushervon suyukli yorini bagʻriga tortib, boʻsa olmoqchi boʻladi va.. shu lahzada bogʻdagi bir tup nargis guliga koʻzi tushib, birdan ortiga tislanadi. Qiz shashtidan qaytgan yigit oldida hijolat tortadi. Shunda Anushervon ularga qarab turgan bir tup nargis gulining koʻzlaridan uyalganini, shu gul boʻsa olishiga moneʼlik qilganini qizga aytib beradi. Navoiy bu holni shunday izohlaydi:

Aysh, Navoiy, necha dilkash durur,
Lek adab birla hayo xush durur.

Bugungi kunda dunyo miqyosida har 29 minutda bitta behayo film ishlab chiqarilib, jahonga taraqatilayotgan paytda oʻz yoridan boʻsa olmoqchi boʻlgan Anushervon bogʻdagi bir tup guldan uyalib, shashtidan qaytganini va bu hayo uni “Jumlai olam aro shoh aylaganini” eslab qoʻysak yaxshi boʻlardi.

Oʻzaro munosabatlarimizda, jamoaviy munosabatlarimizda bizga or va nomus rahbarlik qilgan. Bu tuygʻu qon-qonimizga singgib ketgan. Yoshi oltmishni qoralagan bir ayolning ukasini qanday sizlagani haqida aytib bergan gaplari esimdan chiqmaydi:

“Ukam mendan uch yosh kichik. Bolaligimizdan talashib-tortishib, birga oʻynab katta boʻlganmiz. Voyaga yetdik. Soʻng men turmush qurib ketdim. Ukam uylandi. Ikkimiz ham bola-chaqali boʻldik. Ukam qirqqa kirganida onam menga “Endi ukangni senlamaysan. Sizlashing kerak. Bolalari katta boʻlib qolyapti”, deb qoldi. Men ukamni qanday sizlashimni oʻyimga sigʻdirolmas edim. Birga oʻynab-oʻsgan boʻlsak, buning ustiga qirq yil senlab kelgan boʻlsam… Shuning uchun onamga bolalarcha oʻjarlik qildim: “Nima uchun sizlashim kerak ekan. U mendan uch yosh kichik boʻlsa, buning ustiga kichik boʻlishiga qaramay, meni senlasa, yoʻq, hech qachon sizlamayman” desam, onam: ”Ukang erkak kishi. Sizlashing kerak!” deb meni koyidi. Men koʻnmadim. Bu menga noqulay edi, oʻrganaolmasdim, qolaversa, umr boʻyi senlab kelgan ukamni sizlash menga soxta mulozamat boʻlib tuyular edi. Lekin… Shu gaplardan bir yil oʻtib.. toʻsatdan otam vafot etdi. Men otam vafot etgan kundan ukamni beixtiyor sizlay boshladim. Ishonasizmi, oʻz-oʻzidan men uni senlay olmay qoldim. Shundan keyin ukamga biror marta sen deb gapirolmaganman”.

“Men” bilan “Biz”ning orasida yaxshigina masofa bor, hatto tavofut ham bor. Lekin “Biz” yoʻq joyda “Men” himoyasiz qoladi. Milliy tuygʻular shu ikki qutbni birlashtiradi va yaxlit iqlimni hosil qiladi. Shuning uchun katta mavzularda gap ketganda “Bizda shunday”, “Bizning odatimizga koʻra”, deb gap boshlaymiz.

Tanishlarmizning birining uyida janoza boʻldi. 40 yoshlardagi qizi vafot etibdi. Peshinga chiqarishdi. Tobutni uydan qabristongacha katta yoʻldan olib borishga toʻgʻri keldi. Shaharning gavjum koʻchasi boʻlgani uchun mashina koʻp edi. Yoʻlning bir chetida odamlar yelkasidagi tobut lopillab borardi. Koʻchaning ochiq qismidan esa mashinalar tinimsiz oʻtib turardi. Shunda men bir holdan hayratlandim. Izdihom yonidan oʻtayotgan mashinalar biroz oldinga oʻtib chekkalab toʻxtashar va ulardan tushgan odamlar izdihomni kutib turishar, soʻng qatorga qoʻshilib tobutni yelkasida tutib, biroz yurishar, keyin sekin-sekin orqada qolishib, yana mashinalariga oʻtirishib joʻnab ketishardi. Bu yoʻlovchilar qaysi uyda kimning vafot etganiniyam, nima boʻlganiniyam bilishmaydi, lekin marhumaning hurmatini, insonning hurmatini qilishadi.

Bir yozda Jizzaxning Balandchaqir degan qishlogʻida boʻldim. Soyliklar orasida yastanib yotgan juda katta qishloq. Qishloqda birov vafot etibdi. Qarangki, marhumga qarindosh boʻlgan, boʻlmagan odamlar, hatto yetti yot begonalar ham hammasi egniga toʻn olib, doʻppi kiyib, belini mahkam bogʻlab xizmatga shay turishibdi. Odatda, bunday paytda marhumning eng yaqin qarindoshlari shunday kiyinadilar. Balandchaqirda esa, janozaga borgan hamma shunday kiyinadi va dunyodan ketayotgan qishloqdoshiga sidqidildan hurmat koʻrsatadi. Uni qarindoshiday, jigariday, ogʻasiday soʻnggi yoʻlga kuzatishadi. Holbuki, dunyoning megapolis shaharlarida qoʻshnisining janozasiga chiqmaydiganlar ham bor. “Yevropa vijdoni” deb tan olingan Alber Kamyu onasining vafotiga ham befarq qaragan odam haqida bekorga yozmagan.

Bizda “el” degan tushuncha azaldan bor va u koʻp narsalardan bizni himoya qilib kelgan. Hozirgi paytda dunyoga tahdid solib turgan yolgʻizlik deb atalmish illat ham ayni shu tushuncha harakatda boʻlmagan joylarda tez urchib ketdi. Bir soʻz bilan aytganda, elsizlik bu yoʻlsizlikdir, yolgʻizlikdir. El bor joyda or va nomus bor, andisha va uyat bor. Or-nomus yoʻq joyda hamma narsa mumkin. Hatto qotillikni jasorat deb koʻrsatish, axloqsizlikni erkinlik deb koʻrsatish mumkin. Shu oʻrinda yana bir mulohazani qistirib oʻtsam. Nomusning muhim tayanchlaridan biri – andishaning oti bugun juda koʻpayib ketdi. Duch kelgan noqis unga oʻzicha nom qoʻyib oladi. Qoʻrqoq, koʻngilchan, sodda, boʻshang, yumshoq, tortinchoq, avaychi kabi otlarni surbetlar andishaning naq manglayiga yopishtirib qoʻyishyapti. Eng achinarlisi, kamtarlikni ham nuqson deb qarovchilar toʻdasi paydo boʻlayapti. Necha davralarda eshitdim, kimdir oriyati ustun kelib, biror foydadan qolgan boʻlsa, “Kamtar-da, kamtar, shunga pand yeb yuradi” degan gaplarni. Yo tavba, betgachoparlik fazilat boʻlib, kamtarlik illat boʻlib qoldimikan, deb oʻylab qolaman. Bor ovozing bilan baqir, chaqir, toʻpolon qil, birovning yoqasini yirt, kerak boʻlsa yuzini tirnab tashla, ishing bitsa boʻldi, uyogʻini oʻylab oʻtirma. Xoʻsh, bu bilan qanday ish bitadi oʻzi? Arziydigan ishmi? Mayli, nari borsa, bir kosa shavlalik ish bitar, lekin uyat ketib qoladi-ku. Uyatning narxi shuncha arzon boʻlib qoldimi? Koʻchama-koʻcha laqqillab yuradigan bezbetlik toʻrga oʻtib, andisha chetga surilib qoladimi? Bu borada Abdulla Oripov bizni ogohlantirgan-ku:

Kulma, kulma, nega kulasan,
Xijolat chekkanning holiga.
Nega qoʻl tekizding kambagʻalning
Oʻgʻrilardan qolgan moliga.

Samarqandda Imom Buxoriy ziyoratgohi atrofidagi qishloqlardan birida kechasi machitdan qaytayotgan 75 yoshdagi bir cholni shu mahallalik bir oʻsmir bilmasdan velosipedda urib ketadi. Velosiped shuncha tez kelgan ekanki, cholning oshqozoni yorilib ketibdi. Qishloqdagi doʻxtirlar hech narsa qilisholmaydi. Qarindoshlar boboni Samarqand shahrida operatsiya qildirashadi. Yana bir-ikki soat kechikishsa, oʻlim muqarrar ekan, xayriyat ulgurishadi. Qanchadan-qancha ovoragarchilig-u, qanchadan-qancha sarsongarchilik, buning ustiga kattagina harajat. Ikki kundan soʻng boʻlib oʻtgan voqeani odamlar orasidagi gap-soʻzlardan bilib olgan ichki ishlar xodimi cholning uyiga keladi. Oʻgʻillaridan nima boʻlganini qayta-qayta soʻraydi. Cholning katta oʻgʻli “Otamizni hoʻkiz shoxladi” deb javob beradi. Lekin sinchkovgina militsioner bu gapga ishonmay, yana surishtiruv qilishini aytib chiqib ketadi. Katta oʻgʻil “otamizni hoʻkiz shoxladi” deyishga deydi-yu, lekin hovlida shoxlaydigan hoʻkizning oʻzi yoʻqligini oʻylab, yolgʻoni fosh boʻlishidan tashvishga tushadi. Qarangki, u militsioner qayta kelguncha tanishlaridan birining katta hoʻkizini soʻrab olib, oʻz moliday hovlisiga bogʻlab qoʻyadi va militsonerga shu hoʻkizimiz shoxlagan edi deb koʻrsatadi. Bunday bagʻrikenglik va mardlikni yana qayerdan topasiz? Yo bu ishni ham koʻngilchanglik yo qoʻrqoqlik deb ataysizmi? Dunyoda xudbinlik oʻpqoniga tushib qolganlar bu himmatning siri va hikmatini qayerdan bilsinlar?

Besh yashar vaqtimdagi bir xotira koʻnglimga muhrlanib qolgan. Oʻshanda Uldon momom bilan qishlogʻimizdagi qabriston yonidan oʻtayotgan edik. Uch yashar singlimni yelkasida koʻtarib, meni ergashtirib borayotgan momom bir joyda toʻxtab, singlimni yerga tushirdi-da, qoʻlimizdan ushlab qabriston tomonga qarab qichqirdi: “Oysut opa! Oysut opa! Mana, nabiralaringiz Eshqobil, Xosiyat. Nabiralaringiz katta boʻlayapti. Oysut opa, qoʻllab-qoʻringizlar, duo qilingizlar!”

Bu manzarani eslasam, koʻzim yoshga toʻladi. Dunyoning qaysidir manzilida 100 qavatli binoning toʻqsoninchi qavatida kompyuter toʻpponchasini oʻynab, insonning begʻubor tuygʻulari va samimiy hayajonlari ustidan miyigʻida kulib oʻtirgan odamga bu holat nihoyatda soddalik, hatto goʻllik boʻlib tuyular… Lekin men bu holatda inson qalbi mohiyatini, inson xotirasining yorugʻ iztiroblarini koʻraman. Bunda ruhiy maroq bor ekanligini bilaman.

Men kichikligimdan bobolarim va momolarimga ergashib yurganman, mana yoshim oltmishni qoralab borayaptiki, hamon ularga ergashib yuraman. Menimcha, ularga Xudo juda tushunarli edi. Ular ham Xudoga tushunarli edi. Hamma narsada biz kabi murakkab emas edilar, demoqchiman. Ularda bizdagi kabi iddaolar ham yoʻq edi. Momolarimning qishlogʻimizdagi qari tut yonidan oʻtayotganlarida “Assalomalaykum, Bobotut” deyishlari, daryoga, quyoshga, yangi chiqqan oyga, bahorda kelgan qaldirgʻochlarga salom berishlari, bobolarimning qadimiy ziyoratgohlar yonidan goʻyo pir yonidan oʻtayotganday ehtirom bilan oʻtishlari, Or-nomusni hayotning ustuni deb bilishlari… bularning hamma-hammasi menimcha ulugʻ adabiyot edi. Odamlar ruhida yashayotgan adabiyot… Oʻtgan yili oqshom chogʻi oilam bilan Boʻstonliqdan qaytayotib, Chirchiq daryosi boʻyida toʻxtadik. Oqshomdagi daryoni tomosha qilgimiz keldi. Shom payti daryo juda goʻzal boʻladi. Botayotgan quyosh nurlarida katta suv oʻzgacha yarqiraydi. Afsuski, qirgʻoqdagi qumloqlarda ulkan butalar ostida aytishga til bormaydigan uyatsizlik qoldiqlari sochilib yotardi. Bu joylardan iliqqan itlar oʻtdimikin, deb oʻylaysiz. Nomussizlik daryoni bulgʻagani aniq koʻrinib turardi. It tekkan bilan daryo harom boʻlmaydi degan gap bor-ku, lekin oqar suvga harom aylangani baribir yomon. Shunday paytlarda daryoga salom berib oʻtgan momolarim, suvni muqaddas tutgan bobolarim yodimga tushadi.

Elda azaldan bir gap bor: “Otaning joni qizining ichida boʻladi!” Nega shunday? Chunki, qiz otaning nomusidir. Qizlar oʻz hayo va ibosi bilan otalarining jonini, shaʼnini, ikki dunyosini asrab yuradilar. Bitta yomon harakat bu narsalarni vayron qilib yuboradi. Bizda azaldan qizning eng katta boyligi uning hayosi sanalgan. Mening ikkita ammam boʻlgan. Birining oti – Oqila, birining oti – Nasiba edi. Ikkisining ham eri urushda halok boʻlgan. Ikkisi ham gulday yoshida beva qolgan. Ular bolalarini oq yuvib, oq tarab katta qildilar. Lekin boshqa er qilishmadi. Halok boʻlgan jufti hallollarining xotirasi va hurmati bilan yashadilar. Bir gal Qumqoʻrgʻonga borganimda yoshi toʻqsonni qoralagan bir kampirni koʻrsatishdi. Bugʻdoyrang chehrani butunlay qoplab olgan qalin ajinlar orasidan boqib turgan qora koʻzlarning oʻzi tirik kitob edi. Bu koʻzlar hayotga ham, oʻlimga ham tik qaray olardi. Balki oʻlim bu koʻzlardan uyalar, balki hayot bu koʻzlardan oʻzini qarzdor sanar… Toʻqsonga borayotgan bu kampirga 32 yoshida eridan qoraxat keladi. Shunda u “Sen yer ostida chirisang, men yer ustida chiriyman” deb qasam koʻtaradi. Oddiygina ayol aytgan bu satrni manaman degan shoir ham aytolmaydi. Bu muhabbat va azob ovozi.

Mening bu gaplarimni eri oʻlgan ayollar er qilmasligi kerak degan maʼnoda joʻn tushunmasinlar, unday demoqchi emasman. Bu yerda gap vafo va sadoqat, hayo va nomus haqida borayapti. Urush va urushdan keyingi yillarda bir parcha non jondan qimmat boʻlib ketgan paytlarda ham hayo va nomusni hayotining tayanchiga aylantirgan ayollar qancha! Ular hamma azoblarga, mashaqqatlarga chidagan edilar. Ularga hayo hayot berdi, ularga nomus non va yaxshi nom berdi! Bir tanishining toʻyiga yangi koʻylak kiyib chiqmagani uchun erining boshida tegirmon toshini aylantirayotgan, bitta taqinchoq uchun uyini buzayotgan, halolmi, harommi pul boʻlsa boʻldi deb oilasini, bolalarini tashlab oʻzga yurtlarda bulgʻanch kimsalarga ergashib dunyoning qaysidir kavaklarida oʻzini ovora qilib yurgan ayollar-chi? Ularga yengiltaklik, chidamsizlik, ibosizlik nima beradi?

Alpomish yetti yil qalmoqqa ketganida, Oybarchinga toʻrang endi qaytmaydi, Ultontozga tegasan deyishganida Oybarchin aytgan ekan:

Adirimda tulpor bor, eshakni keltirmayman,
Qarchigʻay qoʻngan toʻshima qargʻani qoʻndirmayman,
Burgut uchgan dashtima quzgʻunni doʻndirmayman,
Yurakdagi sirimni nokasga bildirmayman,
Sassiq koʻldan suv quyib gulimni soʻldirmayman.

Ana shu besh satrda oʻzbek ayolining nomusga mardona munosabatini ilgʻasa boʻladi.

Aslida nomus-or masalasida insonni erkak va ayolga ajratib oʻtirish notoʻgʻri. Nomusning oldida hamma bir, hammaning oldida nomus bir. Bu dunyoda arava-arava tilla bilan ham tiklab boʻlmaydigan narsa ham nomusdir. Odam nima uchun boylik toʻplaydi, nega obroʻ eʼtibor qozonishga harakat qiladi? Nega tinmay yeladi, yuguradi? Faqat bir narsa uchun – xotirjamlikka erishish uchun. Pulim juda koʻp boʻlsa, hamma narsam yetarli boʻlib xotirjam boʻlaman, mansabim yuqori boʻlsa, hurmatim katta boʻlib xotirjamlikka erishaman deb oʻylaydi. Lekin bunday yelib-yugurishlar chogʻida harosotga tushib qolsa, bor xotirjamligidan ham ayriladi. Ishoning, bir narsa aniq va muqarrar: Nomus yoʻq joyda hech qachon xotirjamlik boʻlmaydi!

Kimlardir aytishi mumkin, “Dunyo oʻzgardi, hayot oʻzgardi. Demak, tushunchalar va ularga munosabatlar ham oʻzgaradi-ku”, deb. Ha, bu dunyoda hamma narsa oʻzgaradi. Lekin, inson qonining rangi va tarkibi oʻzgarmagani kabi Nomus tuygʻusining tabiati va mohiyati hech qachon oʻzgarmaydi. U hamma zamonlar uchun bir xil.

Manba: “Maʼnaviy hayot” jurnali 2018 yil, 3-son

03

(Tashriflar: umumiy 654, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring