Hojiakbar Nurmatov: «Ulg’ayish iztiroblari vaqtning hukmida»

04 25 ноябр — Атоқли актёр Ҳожиакбар Нурматов таваллуд топган кун

   Ўзбекистон халқ  артисти Ҳожиакбар Нурматов бетакрор санъаткор эди, десак янглишмаймиз. Атоқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев актёрга бағишланган хотирасида: «Ишонч билан шуни айтаманки, Ҳожиакбар Нурматов ўзбек театри тарихида, Ўзбек Миллий академик театри тарихида ўз муҳрини қолдира олди. Санъаткорнинг бундай улуғ қисмати ҳатто элнинг эътирофига сазовор бўлган кўплаб таниқли актёрларга ҳали ҳам насиб этган эмас!» деб ёзганида минг карра ҳақ эди.

УЛҒАЙИШ ИЗТИРОБЛАРИ ВАҚТНИНГ ҲУКМИДА
Ҳожиакбар Нурматов билан сўнгги суҳбат
Суҳбатдош —  Иқбол Қўшшаева

08

017Ҳожиакбар Нурматов (1944.25.11 — 2007.26.02) — Ўзбекистон халқ артисти (1989). Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган (1968). 1966 й.дан Ҳамза театри (ҳоз. Ўзбек миллий академик драма театри)да актёр. «Алишер Навоий» (Уйғун, И. Султон) спектаклидаги Мўмин Мирзо унинг саҳнадаги илк образидир. Подколёсин (Н. Гогол, «Уйланиш»), Франс Моор (Шиллер, «Қароқчилар»), Ибн Сино (Уйғун, «Абу Райҳон Беруний»), Протасов (Л. Толстой, «Тирик мурда»), Нодир (Э. Воҳидов, «Олтин девор»), Оқ йигит (М. Карим, «Ой тутилган тунда»), Глостер (Шекспир, «Қирол Лир»), Куёв (У. Назаров, «Ойна»), Содиқ (Ў. Умарбеков, «Қиёмат қарз»), эркак (Ш. Бошбеков, «Такдир эшиги»), Искандарнинг отаси (А. Навоий, «Искандар») ва б. театрдаги энг яхши ролларидан. Видеофилмлар: домла («Домла»), маёр Солиев («Шайтанат» ва б.) ва кинода ҳам бир қанча роллар ўйнаган: Равшан («Йигит ва қиз»), Дони Исломович («Бир муддатли даҳо»), Маҳмуд («Фаришта олов ичра»), Каримов («Абдуллажон»), Ука («Кичкина табиб»), Алишер («Осмондаги болалар»), Мурод ака («Калиш»), Ака («Нотаниш полвон»), Терговчи («Туҳмат») ва б. 2000 га яқин филм («Ишдаги ишқ», «Оловни бўйсундириш», «Бобби», «Подшоҳ», «Қирол Лир», «Иван Василевич ўз касбини ўзгартиради», «Даллас», «Маҳабҳарата» ва б.) дубляжида қатнашган

02

Чексиз осмон остида ҳеч бир нарса абадий эмас. Демакки, ижодкор учун саҳна ҳаёти ҳам бетакрор оний лаҳза, холос. Ҳар бир авлод ўз издошларига ўрнини бўшатади. Бу — вақтнинг ҳукми. Шунинг учун ҳам саҳна ҳамиша навқирон. Шоир:

Юзни кўрмоқ қийин боқиб яқиндан
Ҳар нарса йироқдан кўринар аён,

деганидек, биз ҳам ҳақиқий актёрнинг саҳна ҳаётидан кейинги ўйлари, иқрорларини англаш мақсадида, биргина овозию нигоҳи орқали ботинидаги қудратнинг кучини кўрсатолган санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Ҳожиакбар НУРМАТОВ дунёсига назар ташлаймиз.

— Актёр тақдирини ўзидан кучли режиссёрнинг қўлига топширишни хоҳлайди. Агар режиссёр кучли бўлмаса, актёр уни менсимай қўяди. Мен билан бирга ишлаган режиссёрлар саҳна илмини мендан нозик тушунганлари учун бутун ихтиёримни ҳеч иккиланмасдан уларга ишониб топширардим. Чунки улар мен ҳали кўра олмаган нарсани аллақачон англаб етгандилар. Ўйлайманки, бугун бизнинг энг заиф, кемтик томонимиз яхши режиссуранинг йўқлигида. Тан олиш керакки, бизнинг авлод учун энг кучли режиссёр — Баҳодир бўлиб қолди. Тажрибамдан келиб чиқиб айтаман — режиссёр талантдан бошқа ҳеч нарсани тан олмайдиган диктатор бўлиши шарт. У наинки актёрларга, керак бўлса муаллифларга ва ўзига ҳам “шафқатсиз” бўлиши лозим. Уни на оғайнилари, на пул, на актрисанинг қадди-қоматию қош-кўзи чалғита олмасин. Ўшандагина у нималаргадир қодир бўлади.

Ўз режиссёрини топган актёр омадли актёр. Агар мен Баҳодирни топдим десам, унга ишонч билдирган бўламан, у менга ишонади. Мен унинг гапларини ярим соат тинглаб ўтиришим шарт эмас. Кўзиданоқ нима демоқчилигини, уришса нимага эътироз билдираётганини, мақтаса нима учун ва қай даражада мақтаётганини биламан. Режиссёр ва актёрнинг бир-бирини тушуниши ниҳоятда кам бўлади. Вақт ўтган сари мослашиб ҳам кетасан. Лекин сен унда ижод қилмайсан. “Робот”га айланасан. Унда образнинг жони бўлмайди. Ҳарқанча уринма, юрак сезилмайди.

Бир қути сигаретни столга қўйиб, гапни футболдан бошлардик-да суҳбатимиз мавзуси ўз-ўзидан театрга кўчарди. Баҳодир кўзимга тикилиб туриб “Ҳожи, Протасов — бу, сенсан!”— дерди.

— Қанақасига, ахир бошқа актёр ўйнаяпти-ку?

— Йўқ, гапни эшитгин, тасаввур қил, эски плашчингга ўраниб келяпсан, бечораҳол. Илгари Россияда Толстойнинг “Тирик мурда” асари қўйилганда, театрга фақат эркаклар киритилган. Аёлларни киритиш қатъиян ман этилган. Чунки эркаклар йиғлаб-йиғлаб чиқиб кетишган. Уларнинг кўзёшини аёллар кўрмаслиги керак эди. Ҳамма эркакнинг ўзига яраша сири, бахтсиз муҳаббати бор. Тушунгин, бу поймол бўлаётган аянчли муҳаббат тарихи.

Шу гапнинг ўзидаёқ менга жон кирарди. Режиссёр юрагимга Протасовнинг ўтини ёқди. Унинг маҳорати шундаки, актёрини ўз ролига ишонтира бошлади. Афсус, актёр юрагининг қаловини топадиган бундай режиссёрлар жудаям кам. Бу биз актёрларнинг бахтсизлигимиз.

Сценарий устида ишланяптими, эртанги кунни ҳам ўйлаш керак. У эрта учун ҳам яраши зарур. Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирган “Ғариблар”да Европа ҳаёти орқали ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муаммо акс этган. Асар саҳна юзини кўрганида, бу мавзу ўзбек оилалари учун деярли ёт эди. Афсуски, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги зиддият бугун бизнинг ҳам ҳаётимизга кириб келяпти. Шунинг учун ҳам “Ғариблар” ҳар бир авлод эҳтиёж сезадиган классик спектакл ҳисобланади.

— Театрнинг оқсашида драматургияни айблашларига қандай қарайсиз?

— Ҳеч қайси даврда тайёр драматург бўлмаган. Театрда бир қоида бор: драматург йўқми, классикага мурожаат қилинг. Классикага ҳам ўйлаб, ундан бугунни излаб, актёрларнинг кучини ҳисобга олиб мурожаат қилиш шарт. Нима учун бу спектакл шу бугун саҳна юзини кўряпти? Сиртдан қарасанг, театр репертуари ранг-баранг, турли тоифадаги томошабинлар учун мўлжаллангандек.

Комедия деб қўйилаётган бачкана томошалар кескин танқидга учраётган бир паллада, “Фалончини қўйяпмиз” деб репертуарни зўрма-зўраки бойитиш илинжида жаҳон классикасига қўл урилишини ҳазм қилолмайман. Негаки, классиканинг ўз ўлчови, мезони, меъёрлари бор. Театрнинг нуфузини сақлайман деб Шекспир ёки Шиллерни қурбон қилиш, уни томошабин кўз ўнгида майдалаштириб юбориш керак эмас. Қадди-қомати келишган, ташқи қиёфаси Гамлетга ўхшаб кетадиган актёр, унинг сўзларини равон ёдлаб олса-да, саҳнада 15 дақиқа юргандан кейин унинг Гамлет эмаслиги аниқ бўлади. Чунки актёрнинг ўзи қаҳрамонининг ҳақиқатларига ишонмайди. Унда Гамлетникидек исёнкор юрак, уйғоқ руҳдан асар ҳам йўқ. Актёрдан талаб қилинаётган нарса юрак, ўйнаётган ролига ҳалол муносабатда бўлиш, мунофиқлик қилмаслик, партнёрини тинглай билиш, ўйлаб-фикрлаб бажариш…

—————————
Комедия деб қўйилаётган бачкана томошалар кескин танқидга учраётган бир паллада, “Фалончини қўйяпмиз” деб репертуарни зўрма-зўраки бойитиш илинжида жаҳон классикасига қўл урилишини ҳазм қилолмайман. Негаки, классиканинг ўз ўлчови, мезони, меъёрлари бор. Театрнинг нуфузини сақлайман деб Шекспир ёки Шиллерни қурбон қилиш, уни томошабин кўз ўнгида майдалаштириб юбориш керак эмас. Қадди-қомати келишган, ташқи қиёфаси Гамлетга ўхшаб кетадиган актёр, унинг сўзларини равон ёдлаб олса-да, саҳнада 15 дақиқа юргандан кейин унинг Гамлет эмаслиги аниқ бўлади.
—————————-

Гап классик асарларни қандай ва қай вақтда қўя билишда. Мисол учун, “Отелло”ни уруш йилларида қўйишнинг нима кераги бор эди? Шунинг учунки, бу асарда хиёнат ҳақида гап кетади. Ҳар қандай кучли, жасур эркакни жанглар эмас, аёлнинг хиёнати қулатади. Фронт ортида қолган ёлғиз аёллар, урушга кетган эркакларнинг шаъни. Пиесани ўқиб, тушуниш, сўнгра уни ўзингники қилиб олгандан кейингина талқин қилиш керак. Нима учун “Гамлет”ни драматургиянинг тожи деймиз. Бадиияти, фалсафаси жиҳатидан у билан беллаша оладиган асарлар ўзимизнинг Шарқда йўқми? Бунинг ягона сабаби шуки, Шекспир спектаклнинг қанақа қўйилиши ва қандай ижро этилиши ҳақида асари орқали ёзиб қўйган.
Гамлетнинг биринчи саҳнада айтадиган шундай гаплари бор:

Эй юрак, сен тинч тур,
ақлга эътибор бермоқ керак,
Ақл, сен тезроқ ишла,
Ва нима бўлаётганини ҳал қил.

Демак, “воҳ-воҳ” қилиб бўм-бўш ҳавони ларзага келтириб, оғзидан кўпик чиққунча бақириш, йўқ жойдан сохта ҳаяжон ясаш шарт эмас. У актёрни ўйлашга, фикр юритишга ундаяпти.
Саҳна ва экранларни синчиклаб кузатсангиз қизиқ ҳолатга гувоҳ бўласиз. Оллоҳ томонидан берилган нуқсонларимизни сотамиз, хомсемиз бўлсак қорнимизни атайин қимирлатамиз. Чунки томошабин қийқириб чапак чаляпти.

Бир нарсага ҳайронман, ўртамиёна спектаклларга содда томошабинларнинг тушишини, уларнинг олқишларини қай бир маънода тушуниш мумкиндир. Лекин кўра-била туриб ёмон спектаклни зўр деб мақтаётган, санъатнинг орқасидан нон ейдиганларни умуман кечиролмайман. Хўп, агар тўғрисини айтишдан андиша қилса, ҳеч бўлмаса сукут сақлаб, ёлғон гапиришдан ўзини тийсин.

Санъатни чучмаллик ўлдиради. На аччиқ, на ширин. “Кўрса бўлади, ёмонмас” дегани, спектаклнинг ўлганидан дарак беради. Бунақа спектаклларга умуман тушмаслик керак. Томошабинни ҳайратлантиролмаган, унинг еттинчи туйғусини уйғатолмаган спектаклнинг яшашга ҳаққи йўқ!
Бугунги кун актёрининг мақсади қандай қилиб бўлмасин, тўйлар орқали бўлса-да, тез танилиш, пул топиш. Афсуски, ўша базмларда ҳам Миллий театрнинг номи рол ўйнайди.

Ҳозир ижоддан ҳам кўра “эл хизматида юриш” биринчи ўринга чиққан. Агар тўй билан спектакл бир вақтга тўғри келса, ролнинг оёғини осмондан қилиб тезроқ ўйнашга ҳаракат қилишади. Энг ёмони шуки, тўйлар актёрнинг сирини ўғирлайди. Санъаткор сифатида унда одамлар кашф этиши мумкин бўлган ҳеч қанақа сир қолмайди. Негаки, ширакайф одамлар билан юзма-юз туриб гапирасиз. Улардан пул чиқиши учун бетингизни сидириб бор маҳоратингизни ишга соласиз. Имкониятларингизни яланғочлашга тўғри келади. Агар актёрнинг табиати заифроқ бўлса, кийиниши, диди, умуман фаросатига шикаст етади. Бу санъаткор учун кичкина йўқотиш эмас. Артистни оддий халқдан ажратиб турадиган ўз ҳаёси, оҳанрабоси бўлиши керак. Яллачиларнинг нуқси уриб кетган қиёфа билан тарихий шахсларни, уларнинг оналари ёки ёрини саҳна ва экранда гавдалантириш гуноҳ.

Актёрнинг қай даражада маданиятли эканлиги кўзга ялт этиб ташланадиган ҳашамат ва башангликдан узоқ бўлгандагина кўринади. Мен шу маънода ўзим билан замондош актрисаларни ҳурмат қиламан. Улардаги савия, дид кийимларидаёқ билинарди. Уларни “ана, артист келяпти” деб қўлингни бигиз қилиб кўрсатолмасдинг. Кўчада улар шу қадар сипо кийинардики, кейин уларни саҳнада малика ёки қиролича қиёфасида кўрсанг… Энди бундаги виқорни, гўзалликни кўринг. Актёр ўз қиёфаси ҳақида ўйлаши, китоб мутолаа қилиб туриши шарт. Эртага Навоий ёки Бобур, Нодира қиёфасини яратаётганингда, ҳар қанча уринма савиянг пастлиги, фикрларингнинг саёзлиги барибир кўзларингдан кўриниб туради. Кўзлар томошабинни алдолмайди.

— Баъзи бир театрларга тушганимизда, ҳатто тез-тез чет эл сафарларига чиқиб турадиган “Илҳом” театрида ҳам актёрлар асарнинг юкини кўтара олмаётгандек, айтаётган сўзларининг маъносини ҳис қилмаётгандек туюлади. Натижада асарнинг ғояси, қаҳрамоннинг дардлари, кайфияти томошабинники бўлиб қололмайди. Бу ҳолат ўзимизнинг саҳна ва экранларда қайта яратилган Навоий, Бобур, Чўлпон, Амир Темур, Улуғбек… сиймоларида ҳам сезилади.

————————————
Ҳозир ижоддан ҳам кўра “эл хизматида юриш” биринчи ўринга чиққан. Агар тўй билан спектакл бир вақтга тўғри келса, ролнинг оёғини осмондан қилиб тезроқ ўйнашга ҳаракат қилишади. Энг ёмони шуки, тўйлар актёрнинг сирини ўғирлайди. Санъаткор сифатида унда одамлар кашф этиши мумкин бўлган ҳеч қанақа сир қолмайди. Негаки, ширакайф одамлар билан юзма-юз туриб гапирасиз. Улардан пул чиқиши учун бетингизни сидириб бор маҳоратингизни ишга соласиз. Имкониятларингизни яланғочлашга тўғри келади. Агар актёрнинг табиати заифроқ бўлса, кийиниши, диди, умуман фаросатига шикаст етади. Бу санъаткор учун кичкина йўқотиш эмас. Артистни оддий халқдан ажратиб турадиган ўз ҳаёси, оҳанрабоси бўлиши керак. Яллачиларнинг нуқси уриб кетган қиёфа билан тарихий шахсларни, уларнинг оналари ёки ёрини саҳна ва экранда гавдалантириш гуноҳ.
——————————

— Актёрки ўз қаҳрамонининг фикрларини ҳазм қилолмаганидан кейин қандай қилиб томошабин уни ҳазм қилиши мумкин? Театр ташкил бўлганидан бери баҳс кетади. Актёр ўқимишли, юқори даражада фикрлайдиган бўлиши шартми ё йўқми? Шахсан мен бу саволга жавоб тополганим йўқ. Улкан санъаткор Шукур Бурҳонов ҳеч қаерда ўқимаган, ўз ихтиёри билан Шекспир, Софоклларнинг асарларини варақламаган. Лекин у киши Эдипни ўйнаганда зал ларзага келарди.

— Шукур Бурҳоновнинг санъатига эътироз билдиришга ожизмиз. Кўпгина тарихий шахсларни ижро этган. Лекин халқ у кишини Улуғбекдан кўра Юсуф ялангтўш, Сулаймон ота, Эдип қиёфасида кўпроқ эслайди. Эдип тақдирга исён қилаётган, ўзининг фожеасига тик қарай оладиган жўмард шахс! Қанчалик аччиқ бўлмасин, ҳақиқатнинг кўзига тик қарашга чоғланган инсон. Тушунишимча, бунда актёр табиатидаги чапанилик, бағри кенглик ва унинг зилдай оғир юраги ёрдам берган. Улуғбекдаям олим Улуғбекнинг фожиасидан кўра, тождор отанинг фожиаси устунлик қилади…

— Ҳақиқатан ҳам фожиавий саҳналарда Шукур аканинг Худо берган юраги ёрдам берар эди. У киши кўнглига нима келса ўшандай ўйнар эди. Нима бўлган тақдирдаям, кино ва театр санъатида фақат Шукур ака ижросидаги Улуғбекнинггина ўз ўрни бор.
Актёрнинг савияси асосан олиму шоирларнинг образини яратаётганда сезилади. Масалан, ҳазрат Навоийни ўйнаш учун мумтоз шеъриятимизни нозик ҳис қилиш, юқори даражадаги дидга, умуман Ижодкор деган сўзга лойиқ бўлиш шарт. Тарихий шахсларга, айниқса миллат тимсолларига эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур.

— Аксарият санъаткорлар “Ҳаётим ҳам, мамотим ҳам шу ерда” дея сўнгги нафасигача саҳнада хизмат қилишни қисмат деб билишади. Ёшлиги, оловли йиллари, бахтли лаҳзалари ўтган, уни санъаткор сифатида элга танитган даргоҳни ўз ихтиёри билан эрта тарк этиш бу Санъаткорнинг журъатими ё ожизлиги?

— Нимани назарда тутганингизни тушундим… Бир вақтлар МХАТнинг бош режиссёри бўлиб ишлаган Ефремов бир асар устида ишлаётганида, бош ролга кекса актриса Соколовани уйидан чақиради. Актриса ўзининг ҳалиям театрга керак бўлганлигидан, суюнганидан йиғлаб юборади. Пиесани театрнинг ўзидаёқ ўқиб икки соатча бинони айланиб чиқади-да, бош режиссёрнинг кабинетига киради.
— Мени чақирганингиз учун раҳмат. Асар ниҳоятда зўр. Бу спектаклнинг муваффақиятли чиқишига ишонаман. Сизнинг талантингизга шубҳа йўқ. Лекин мен ўйнай олмайман.
— Нега? Мен бу асарни сиз учун олдим-ку! Шуми менга бўлган ишончингиз. Ахир ўзингизнинг театрингиз…
— … Афсус, бу театр энди менинг театрим эмас! — деб жавоб беради актриса.

Соколова пиесанинг таассуроти остида театр залларини, пардозхоналарни айланиб юрганида, гўзаллигини, соғлигини сарфлаган, юрагини бағишлаган театр учун бегона инсонга айланиб бўлганлигини, бу ерда энди унинг ҳеч қандай ўрни йўқлигини тушуниб етади. Кимдир уни танийди, яна кимдир йўқ. Янги авлод келган. Муҳит тамомила бошқача. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Инсоннинг инсонга муносабати ўзгариб кетган.

Шу маънода мен учун ҳам актрисанинг дарди бегона эмас. Айниқса, энди уни кўпроқ тушунгандекман. Негаки, бугунги саҳна мен табаррук деб билган саҳна эмас. Бу бошқаларнинг саҳнаси. Бир вақтлар саҳнадан тўппа тўғри томошабинлар залига сакраб тушганим учун Тошхўжа Хўжаев “Бу ер илоҳий жой, сен бу шоҳсупада қанчадан-қанча улуғ зотларнинг қиёфасини яратасан, томоша залида эса турфа одамлар ўтиради. Саҳна билан томошабинларни бир-бирига қориштириб ташлама”, деб дакки бергандилар.

Саҳна муқаддаслилигича қолиши учун ҳар бир санъаткор ўз шаънини ҳурмат қилиши, томошабинлар билан қоришиб кетмаслиги, саҳна ва саҳна ортининг ўзига яраша одоб қоидаларига амал қилиб, сирларини асраб қолиши керак.

Ўзим севган театрни ўз ихтиёрим билан тарк этишим, яъни юрагимни ўз қўлларим билан суғуриб олишим — бу менинг кучлилигимдан далолат бермайди. Ва ўзимга бегона бўлган муҳитга сингиб кетолмаганим ожизлигим ҳам эмас. Шунчаки ишхонага айланиб қолмаслиги учун у ердан кетишим кераклигини ақлан тушуниб етдим.

Нимаси биландир санъаткорнинг бу иқрори “Ўзимга хат ёзаманми?”— дея Лайлига ёзган мактубларига ўт қўйган ошиқ Мажнуннинг ҳолатини эслатади. Менимча, “театрни тарк этдим” деб айтиш, “Мен Ватандан кетдим” дегандек оғриқли… Мен шу биргина “кетиш…” сўзида ҳам ўз жавобини тополмаган оташин муҳаббатнинг жароҳатини кўраман. Балки театр йиллар давомида унинг юрагига, ўзлигига айланиб бўлганлиги учун ҳамдир, бора-бора унинг биноси фақат суратга айланиб қолгандир. Табиийки, ҳақиқий санъаткор ижод завқини ҳеч нарса билан баҳоламайди.

— Ўйлашимча, сизнинг ҳаётингиз ва ижодингиздаги зиддиятлар кескин қатъиятингизда бўлса керак. Лекин гоҳида ҳар қанча оғир, катта йўқотиш бўлмасин инсоннинг ўз принципларидан ҳам чекинишига тўғри келади, дейишади.

— Шахсан ўзимнинг манфаатим учун принципимдан чекинмаганман. Лекин менинг ҳаётимдан ва мен қадрият деб билган нарсалардан-да қадрли, азиз инсонлар онам ва боламнинг азият чекмаслиги учун қайсидир маънода чекинганман. Менинг тушунчаларим шу одамлардан азизми? Менимча, инсон ўзи учун номаъқул бўлган, ўзининг табиатидан йироқ нарсани принцип қилиб олмайди. Сиз бирор бир ҳақиқатни ўзингизга қонун қилиб олишингиз учун ҳамма жараёнларни ўзингиздан, шуурингиздан ўтказиб, ақлан мукаммал даражага етказасиз. Қани қанча вақт шу ҳақиқат билан яшай оласиз? Ўлгунингга қадар шу юкни кўтара оласанми? Шундагина сенинг кимлигинг, асл қиёфанг кўринади. Биламан, принципларим билан кўп нарсани ютқазишим мумкин. Ютқазганларим шу принципимни ушлаб туришимга арзийдими? Арзисаям мен ҳақиқатимни, агар жигарларим озор чекмаса ушлаб тураман. Иродамни шу орқали тоблайман, қачонгача дош беришини синайман. Бунинг ёмон жойи йўқ. Кўп йиллар давомида сенга ҳамроҳ бўлган принципдан юз ўгириш, бу ўзингдан воз кечиш.

——————————
Менимча, инсон ўзи учун номаъқул бўлган, ўзининг табиатидан йироқ нарсани принцип қилиб олмайди. Сиз бирор бир ҳақиқатни ўзингизга қонун қилиб олишингиз учун ҳамма жараёнларни ўзингиздан, шуурингиздан ўтказиб, ақлан мукаммал даражага етказасиз. Қани қанча вақт шу ҳақиқат билан яшай оласиз? Ўлгунингга қадар шу юкни кўтара оласанми? Шундагина сенинг кимлигинг, асл қиёфанг кўринади. Биламан, принципларим билан кўп нарсани ютқазишим мумкин. Ютқазганларим шу принципимни ушлаб туришимга арзийдими? Арзисаям мен ҳақиқатимни, агар жигарларим озор чекмаса ушлаб тураман. Иродамни шу орқали тоблайман, қачонгача дош беришини синайман.
———————————

— Танлаган йўлингиздан афсус чеккан вақтларингиз бўлгандир…

— Агар бирор бир актёр мен мана шу касбни танлаганимга ҳеч қачон афсус чекмаганман деса, у ёлғон гапирган бўлади. Демак, у ижод қилмаган, касбнинг оғриқларини юрагидан ўтказмаган, ҳеч қанақа тўсиқларга дуч келмаган. Ҳар қандай актёрнинг ҳам йиллар ўтган сари имкониятлари тораяди. Айтайлик, менинг ақлим, имкониятларим чархланган, вужудим ёняпти. Менинг ўз қаҳрамоним, талқин этишим керак бўлган шоҳ ролим бор. Ҳамиша унинг хаёли билан юраман. Лекин энди бу ёшимга, тўғри келмайди. Хўп, майли Лирни ўйнарман, ўйнай оламан деб ўзимни овутиб юрган вақтим менга “Сизга раҳмат, шунча йил фидойилик билан ишладингиз. Театримизнинг ифтихорисиз. Энди дам олсангиз ҳам бўлади” деб тантанали равишда кузатиб қўйишади. Мана сизга актёрнинг саҳнадаги оддий қисмати.

— Шундай бўлса-да, саҳнани соғинсангиз керак…

— Эҳ-ҳе… секин айтасизми! Биласизми, туш кўрсам ҳам фақат театрни туш кўраман, ўтган кунларни қўмсайман, ўша пайтдаги ижодий жараёнларни соғинаман… Тушларимда либосларни киймоқчи бўламан, лекин улар менга тўғри келмайди. Ёки рол оламан, аммо сўзларини билмайман. Ҳатто, тушларимда ҳам хўрсиниб қўяман. Негадир кейинги вақтлар кўпроқ тушкун хаёлларга бериляпман. …Эй воҳ, ҳаммаси тушдагидек кўз очиб юмгунча ўтди-кетди-я! Бу шамолли йиллар, жазирама йўллар ўзининг оташи билан бизни тез қаритди, кучимизни жуда эрта тортиб олди.

Армон… изҳор қилинмаган муҳаббат… етолмаган манзиллар, ўйналмай қолган роллар… Унинг иккинчи номи Вақт… Мен умр бўйи вақтнинг орқасидан қувдим, уни ўзимга бўйсундирмоқчи бўлдим… Лекин у мени ютиб юборди, мағлуб этди, оқибатда янчди… Умримнинг ўлчови менинг измимда бўлганида эди… баъзи бир лаҳзаларни қанчалик кўп чўзсам, бошқа дамларни кўзимни чирт юмиб, қулоқларимни беркитганча ўшанчалик тез яшаб ўтардим.

————————————-
Унинг одамларга зиёни тегишини тасаввур қилолмайман, у бу ҳаётда фақатгина ўзига азоб берди. Қайсидир маънода ўз умрини идора қилолмади. Дарвоқе, Ҳожиакбарнинг ўзи иштирок этган «Оқшомдан тушгача» спектаклининг қаҳрамонларидан бири эрига «Биласанми, сен нега чемпион бўлолмагансан, чунки орқангдан югуриб келаётган одамга раҳминг келганидан уни ўзингдан олдинга ўтказиб юборасан», деганидек, у ҳеч қачон рол учун талашмас, спектакл премерасида саҳнага қараб талпинмас эди. Муҳими, у учун ролни чиқариб бериш эди.
Баҳодир Йўлдошев. Ҳожиакбар Нурматов орзуларини ўзида сақлаган денгиз эди (Мақоланинг давомини ўқинг).
———————————

Онам армон бўлиб қолмаслиги учун, у кишининг олдида кўпроқ бўлишим керак эди. Аёлимга кўнглимни ёриб, менинг ҳаётимга у қанчалик керак эканлигини айтолмаганим армон… Раънонинг сўнгги кунлари эди. Кўчага чиқолмасди. Ишга кетаётганимда у музқаймоқ егиси келаётганини айтди. Қайтаётганда албатта олиб келаман, деб ваъда бердим. Куним дубляж ва суратга тушиш майдончасида ўтди. Қоронғу тушганда толиқиб уйга қайтдим. Эшикдан кириб келганимда у менинг қўлларимда ҳеч нарса йўқлигини кўрди… Вақт ўтган сари бу яра юрагимни кемириб ташлаяпти. Сизга бу оддий ҳолдек туюлар, лекин ҳаёт ўзининг шафқатсиз қиёфасини мана шу изтиробларда ҳам кўрсатаркан…

Одамзот ўзининг ҳаётий дастурига амал қилиб келаётгани учун ҳам башариятнинг бу кўҳна араваси ўз йўлида давом этяпти. Зеро, ҳар бир инсон ўзича бир олам. Ҳар бир давлатнинг ўз дастуриламаллари бўлганидек, ҳар бир инсоннинг ҳам бир-бирини такрорламаган ўз ички қонунлари бор. Улғайганинг сари сенинг ҳақиқатларинг ҳаётнинг темир қонунларига тўқнаш келади, ёлғонлари билан кесишади. Менимча, шахсни Шахс қиладиган изтироб мана шу тўқнашувнинг меваси бўлса керак. Шу изтироб сизни улғайтиради, ҳаммалашиб кетишингизга йўл қўймайди.

Ҳамма гап мана шунда!

M: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 31-сони

O‘zbekiston xalq artisti Hojiakbar Nurmatov betakror san’atkor edi, desak yanglishmaymiz. Atoqli rejissyor Bahodir Yo‘ldoshev aktyorga bag‘ishlangan xotirasida: “Ishonch bilan shuni aytamanki, Hojiakbar Nurmatov o‘zbek teatri tarixida, O‘zbek Milliy akademik teatri tarixida o‘z muhrini qoldira oldi. San’atkorning bunday ulug‘ qismati hatto elning e’tirofiga sazovor bo‘lgan ko‘plab taniqli aktyorlarga hali ham nasib etgan emas!” deb yozganida ming karra haq edi.

ULG‘AYISH IZTIROBLARI VAQTNING HUKMIDA
Hojiakbar Nurmatov bilan so‘nggi suhbat
Suhbatdosh — Iqbol Qo‘shshayeva

08

Hojiakbar Nurmatov (1944.25.11 — 2007.26.02) — O‘zbekiston xalq artisti (1989). Toshkent teatr va rassomlik san’ati institutini tugatgan (1968). 1966 y.dan Hamza teatri (hoz. O‘zbek milliy akademik drama teatri)da aktyor. “Alisher Navoiy” (Uyg‘un, I. Sulton) spektaklidagi Mo‘min Mirzo uning sahnadagi ilk obrazidir. Podkolyosin (N. Gogol, “Uylanish”), Frans Moor (Shiller, “Qaroqchilar”), Ibn Sino (Uyg‘un, “Abu Rayhon Beruniy”), Protasov (L. Tolstoy, “Tirik murda”), Nodir (E. Vohidov, “Oltin devor”), Oq yigit (M. Karim, “Oy tutilgan tunda”), Gloster (Shekspir, “Qirol Lir”), Kuyov (U. Nazarov, “Oyna”), Sodiq (O‘. Umarbekov, “Qiyomat qarz”), erkak (Sh. Boshbekov, “Takdir eshigi”), Iskandarning otasi (A. Navoiy, “Iskandar”) va b. teatrdagi eng yaxshi rollaridan. Videofilmlar: domla (“Domla”), mayor Soliyev (“Shaytanat” va b.) va kinoda ham bir qancha rollar o‘ynagan: Ravshan (“Yigit va qiz”), Doni Islomovich (“Bir muddatli daho”), Mahmud (“Farishta olov ichra”), Karimov (“Abdullajon”), Uka (“Kichkina tabib”), Alisher (“Osmondagi bolalar”), Murod aka (“Kalish”), Aka (“Notanish polvon”), Tergovchi (“Tuhmat”) va b. 2000 ga yaqin film (“Ishdagi ishq”, “Olovni bo‘ysundirish”, “Bobbi”, “Podshoh”, “Qirol Lir”, “Ivan Vasilevich o‘z kasbini o‘zgartiradi”, “Dallas”, “Mahabharata” va b.) dublyajida qatnashgan

02

Cheksiz osmon ostida hech bir narsa abadiy emas. Demakki, ijodkor uchun sahna hayoti ham betakror oniy lahza, xolos. Har bir avlod o‘z izdoshlariga o‘rnini bo‘shatadi. Bu — vaqtning hukmi. Shuning uchun ham sahna hamisha navqiron. Shoir:

Yuzni ko‘rmoq qiyin boqib yaqindan
Har narsa yiroqdan ko‘rinar ayon,

deganidek, biz ham haqiqiy aktyorning sahna hayotidan keyingi o‘ylari, iqrorlarini anglash maqsadida, birgina ovoziyu nigohi orqali botinidagi qudratning kuchini ko‘rsatolgan san’atkor, O‘zbekiston xalq artisti Hojiakbar NURMATOV dunyosiga nazar tashlaymiz.

— Aktyor taqdirini o‘zidan kuchli rejissyorning qo‘liga topshirishni xohlaydi. Agar rejissyor kuchli bo‘lmasa, aktyor uni mensimay qo‘yadi. Men bilan birga ishlagan rejissyorlar sahna ilmini mendan nozik tushunganlari uchun butun ixtiyorimni hech ikkilanmasdan ularga ishonib topshirardim. Chunki ular men hali ko‘ra olmagan narsani allaqachon anglab yetgandilar. O‘ylaymanki, bugun bizning eng zaif, kemtik tomonimiz yaxshi rejissuraning yo‘qligida. Tan olish kerakki, bizning avlod uchun eng kuchli rejissyor — Bahodir bo‘lib qoldi. Tajribamdan kelib chiqib aytaman — rejissyor talantdan boshqa hech narsani tan olmaydigan diktator bo‘lishi shart. U nainki aktyorlarga, kerak bo‘lsa mualliflarga va o‘ziga ham “shafqatsiz” bo‘lishi lozim. Uni na og‘aynilari, na pul, na aktrisaning qaddi-qomatiyu qosh-ko‘zi chalg‘ita olmasin. O‘shandagina u nimalargadir qodir bo‘ladi.

O‘z rejissyorini topgan aktyor omadli aktyor. Agar men Bahodirni topdim desam, unga ishonch bildirgan bo‘laman, u menga ishonadi. Men uning gaplarini yarim soat tinglab o‘tirishim shart emas. Ko‘zidanoq nima demoqchiligini, urishsa nimaga e’tiroz bildirayotganini, maqtasa nima uchun va qay darajada maqtayotganini bilaman. Rejissyor va aktyorning bir-birini tushunishi nihoyatda kam bo‘ladi. Vaqt o‘tgan sari moslashib ham ketasan. Lekin sen unda ijod qilmaysan. “Robot”ga aylanasan. Unda obrazning joni bo‘lmaydi. Harqancha urinma, yurak sezilmaydi.

Bir quti sigaretni stolga qo‘yib, gapni futboldan boshlardik-da suhbatimiz mavzusi o‘z-o‘zidan teatrga ko‘chardi. Bahodir ko‘zimga tikilib turib “Hoji, Protasov — bu, sensan!”— derdi.

— Qanaqasiga, axir boshqa aktyor o‘ynayapti-ku?

— Yo‘q, gapni eshitgin, tasavvur qil, eski plashchingga o‘ranib kelyapsan, bechorahol. Ilgari Rossiyada Tolstoyning “Tirik murda” asari qo‘yilganda, teatrga faqat erkaklar kiritilgan. Ayollarni kiritish qat’iyan man etilgan. Chunki erkaklar yig‘lab-yig‘lab chiqib ketishgan. Ularning ko‘zyoshini ayollar ko‘rmasligi kerak edi. Hamma erkakning o‘ziga yarasha siri, baxtsiz muhabbati bor. Tushungin, bu poymol bo‘layotgan ayanchli muhabbat tarixi.

Shu gapning o‘zidayoq menga jon kirardi. Rejissyor yuragimga Protasovning o‘tini yoqdi. Uning mahorati shundaki, aktyorini o‘z roliga ishontira boshladi. Afsus, aktyor yuragining qalovini topadigan bunday rejissyorlar judayam kam. Bu biz aktyorlarning baxtsizligimiz.

Ssenariy ustida ishlanyaptimi, ertangi kunni ham o‘ylash kerak. U erta uchun ham yarashi zarur. Bahodir Yo‘ldoshev sahnalashtirgan “G‘ariblar”da Yevropa hayoti orqali ota-ona va farzandlar o‘rtasidagi muammo aks etgan. Asar sahna yuzini ko‘rganida, bu mavzu o‘zbek oilalari uchun deyarli yot edi. Afsuski, ota-ona va farzandlar o‘rtasidagi ziddiyat bugun bizning ham hayotimizga kirib kelyapti. Shuning uchun ham “G‘ariblar” har bir avlod ehtiyoj sezadigan klassik spektakl hisoblanadi.

— Teatrning oqsashida dramaturgiyani ayblashlariga qanday qaraysiz?

— Hech qaysi davrda tayyor dramaturg bo‘lmagan. Teatrda bir qoida bor: dramaturg yo‘qmi, klassikaga murojaat qiling. Klassikaga ham o‘ylab, undan bugunni izlab, aktyorlarning kuchini hisobga olib murojaat qilish shart. Nima uchun bu spektakl shu bugun sahna yuzini ko‘ryapti? Sirtdan qarasang, teatr repertuari rang-barang, turli toifadagi tomoshabinlar uchun mo‘ljallangandek.

Komediya deb qo‘yilayotgan bachkana tomoshalar keskin tanqidga uchrayotgan bir pallada, “Falonchini qo‘yyapmiz” deb repertuarni zo‘rma-zo‘raki boyitish ilinjida jahon klassikasiga qo‘l urilishini hazm qilolmayman. Negaki, klassikaning o‘z o‘lchovi, mezoni, me’yorlari bor. Teatrning nufuzini saqlayman deb Shekspir yoki Shillerni qurbon qilish, uni tomoshabin ko‘z o‘ngida maydalashtirib yuborish kerak emas. Qaddi-qomati kelishgan, tashqi qiyofasi Gamletga o‘xshab ketadigan aktyor, uning so‘zlarini ravon yodlab olsa-da, sahnada 15 daqiqa yurgandan keyin uning Gamlet emasligi aniq bo‘ladi. Chunki aktyorning o‘zi qahramonining haqiqatlariga ishonmaydi. Unda Gamletnikidek isyonkor yurak, uyg‘oq ruhdan asar ham yo‘q. Aktyordan talab qilinayotgan narsa yurak, o‘ynayotgan roliga halol munosabatda bo‘lish, munofiqlik qilmaslik, partnyorini tinglay bilish, o‘ylab-fikrlab bajarish…

—————————
Komediya deb qo‘yilayotgan bachkana tomoshalar keskin tanqidga uchrayotgan bir pallada, “Falonchini qo‘yyapmiz” deb repertuarni zo‘rma-zo‘raki boyitish ilinjida jahon klassikasiga qo‘l urilishini hazm qilolmayman. Negaki, klassikaning o‘z o‘lchovi, mezoni, me’yorlari bor. Teatrning nufuzini saqlayman deb Shekspir yoki Shillerni qurbon qilish, uni tomoshabin ko‘z o‘ngida maydalashtirib yuborish kerak emas. Qaddi-qomati kelishgan, tashqi qiyofasi Gamletga o‘xshab ketadigan aktyor, uning so‘zlarini ravon yodlab olsa-da, sahnada 15 daqiqa yurgandan keyin uning Gamlet emasligi aniq bo‘ladi.
—————————-

Gap klassik asarlarni qanday va qay vaqtda qo‘ya bilishda. Misol uchun, “Otello”ni urush yillarida qo‘yishning nima keragi bor edi? Shuning uchunki, bu asarda xiyonat haqida gap ketadi. Har qanday kuchli, jasur erkakni janglar emas, ayolning xiyonati qulatadi. Front ortida qolgan yolg‘iz ayollar, urushga ketgan erkaklarning sha’ni. Piyesani o‘qib, tushunish, so‘ngra uni o‘zingniki qilib olgandan keyingina talqin qilish kerak. Nima uchun “Gamlet”ni dramaturgiyaning toji deymiz. Badiiyati, falsafasi jihatidan u bilan bellasha oladigan asarlar o‘zimizning Sharqda yo‘qmi? Buning yagona sababi shuki, Shekspir spektaklning qanaqa qo‘yilishi va qanday ijro etilishi haqida asari orqali yozib qo‘ygan.
Gamletning birinchi sahnada aytadigan shunday gaplari bor:

Ey yurak, sen tinch tur,
aqlga e’tibor bermoq kerak,
Aql, sen tezroq ishla,
Va nima bo‘layotganini hal qil.

Demak, “voh-voh” qilib bo‘m-bo‘sh havoni larzaga keltirib, og‘zidan ko‘pik chiqquncha baqirish, yo‘q joydan soxta hayajon yasash shart emas. U aktyorni o‘ylashga, fikr yuritishga undayapti.
Sahna va ekranlarni sinchiklab kuzatsangiz qiziq holatga guvoh bo‘lasiz. Olloh tomonidan berilgan nuqsonlarimizni sotamiz, xomsemiz bo‘lsak qornimizni atayin qimirlatamiz. Chunki tomoshabin qiyqirib chapak chalyapti.

Bir narsaga hayronman, o‘rtamiyona spektakllarga sodda tomoshabinlarning tushishini, ularning olqishlarini qay bir ma’noda tushunish mumkindir. Lekin ko‘ra-bila turib yomon spektaklni zo‘r deb maqtayotgan, san’atning orqasidan non yeydiganlarni umuman kechirolmayman. Xo‘p, agar to‘g‘risini aytishdan andisha qilsa, hech bo‘lmasa sukut saqlab, yolg‘on gapirishdan o‘zini tiysin.

San’atni chuchmallik o‘ldiradi. Na achchiq, na shirin. “Ko‘rsa bo‘ladi, yomonmas” degani, spektaklning o‘lganidan darak beradi. Bunaqa spektakllarga umuman tushmaslik kerak. Tomoshabinni hayratlantirolmagan, uning yettinchi tuyg‘usini uyg‘atolmagan spektaklning yashashga haqqi yo‘q!
Bugungi kun aktyorining maqsadi qanday qilib bo‘lmasin, to‘ylar orqali bo‘lsa-da, tez tanilish, pul topish. Afsuski, o‘sha bazmlarda ham Milliy teatrning nomi rol o‘ynaydi.

Hozir ijoddan ham ko‘ra “el xizmatida yurish” birinchi o‘ringa chiqqan. Agar to‘y bilan spektakl bir vaqtga to‘g‘ri kelsa, rolning oyog‘ini osmondan qilib tezroq o‘ynashga harakat qilishadi. Eng yomoni shuki, to‘ylar aktyorning sirini o‘g‘irlaydi. San’atkor sifatida unda odamlar kashf etishi mumkin bo‘lgan hech qanaqa sir qolmaydi. Negaki, shirakayf odamlar bilan yuzma-yuz turib gapirasiz. Ulardan pul chiqishi uchun betingizni sidirib bor mahoratingizni ishga solasiz. Imkoniyatlaringizni yalang‘ochlashga to‘g‘ri keladi. Agar aktyorning tabiati zaifroq bo‘lsa, kiyinishi, didi, umuman farosatiga shikast yetadi. Bu san’atkor uchun kichkina yo‘qotish emas. Artistni oddiy xalqdan ajratib turadigan o‘z hayosi, ohanrabosi bo‘lishi kerak. Yallachilarning nuqsi urib ketgan qiyofa bilan tarixiy shaxslarni, ularning onalari yoki yorini sahna va ekranda gavdalantirish gunoh.

Aktyorning qay darajada madaniyatli ekanligi ko‘zga yalt etib tashlanadigan hashamat va bashanglikdan uzoq bo‘lgandagina ko‘rinadi. Men shu ma’noda o‘zim bilan zamondosh aktrisalarni hurmat qilaman. Ulardagi saviya, did kiyimlaridayoq bilinardi. Ularni “ana, artist kelyapti” deb qo‘lingni bigiz qilib ko‘rsatolmasding. Ko‘chada ular shu qadar sipo kiyinardiki, keyin ularni sahnada malika yoki qirolicha qiyofasida ko‘rsang… Endi bundagi viqorni, go‘zallikni ko‘ring. Aktyor o‘z qiyofasi haqida o‘ylashi, kitob mutolaa qilib turishi shart. Ertaga Navoiy yoki Bobur, Nodira qiyofasini yaratayotganingda, har qancha urinma saviyang pastligi, fikrlaringning sayozligi baribir ko‘zlaringdan ko‘rinib turadi. Ko‘zlar tomoshabinni aldolmaydi.

— Ba’zi bir teatrlarga tushganimizda, hatto tez-tez chet el safarlariga chiqib turadigan “Ilhom” teatrida ham aktyorlar asarning yukini ko‘tara olmayotgandek, aytayotgan so‘zlarining ma’nosini his qilmayotgandek tuyuladi. Natijada asarning g‘oyasi, qahramonning dardlari, kayfiyati tomoshabinniki bo‘lib qololmaydi. Bu holat o‘zimizning sahna va ekranlarda qayta yaratilgan Navoiy, Bobur, Cho‘lpon, Amir Temur, Ulug‘bek… siymolarida ham seziladi.

————————————
Hozir ijoddan ham ko‘ra “el xizmatida yurish” birinchi o‘ringa chiqqan. Agar to‘y bilan spektakl bir vaqtga to‘g‘ri kelsa, rolning oyog‘ini osmondan qilib tezroq o‘ynashga harakat qilishadi. Eng yomoni shuki, to‘ylar aktyorning sirini o‘g‘irlaydi. San’atkor sifatida unda odamlar kashf etishi mumkin bo‘lgan hech qanaqa sir qolmaydi. Negaki, shirakayf odamlar bilan yuzma-yuz turib gapirasiz. Ulardan pul chiqishi uchun betingizni sidirib bor mahoratingizni ishga solasiz. Imkoniyatlaringizni yalang‘ochlashga to‘g‘ri keladi. Agar aktyorning tabiati zaifroq bo‘lsa, kiyinishi, didi, umuman farosatiga shikast yetadi. Bu san’atkor uchun kichkina yo‘qotish emas. Artistni oddiy xalqdan ajratib turadigan o‘z hayosi, ohanrabosi bo‘lishi kerak. Yallachilarning nuqsi urib ketgan qiyofa bilan tarixiy shaxslarni, ularning onalari yoki yorini sahna va ekranda gavdalantirish gunoh.
——————————

— Aktyorki o‘z qahramonining fikrlarini hazm qilolmaganidan keyin qanday qilib tomoshabin uni hazm qilishi mumkin? Teatr tashkil bo‘lganidan beri bahs ketadi. Aktyor o‘qimishli, yuqori darajada fikrlaydigan bo‘lishi shartmi yo yo‘qmi? Shaxsan men bu savolga javob topolganim yo‘q. Ulkan san’atkor Shukur Burhonov hech qayerda o‘qimagan, o‘z ixtiyori bilan Shekspir, Sofokllarning asarlarini varaqlamagan. Lekin u kishi Edipni o‘ynaganda zal larzaga kelardi.

— Shukur Burhonovning san’atiga e’tiroz bildirishga ojizmiz. Ko‘pgina tarixiy shaxslarni ijro etgan. Lekin xalq u kishini Ulug‘bekdan ko‘ra Yusuf yalangto‘sh, Sulaymon ota, Edip qiyofasida ko‘proq eslaydi. Edip taqdirga isyon qilayotgan, o‘zining fojeasiga tik qaray oladigan jo‘mard shaxs! Qanchalik achchiq bo‘lmasin, haqiqatning ko‘ziga tik qarashga chog‘langan inson. Tushunishimcha, bunda aktyor tabiatidagi chapanilik, bag‘ri kenglik va uning zilday og‘ir yuragi yordam bergan. Ulug‘bekdayam olim Ulug‘bekning fojiasidan ko‘ra, tojdor otaning fojiasi ustunlik qiladi…

— Haqiqatan ham fojiaviy sahnalarda Shukur akaning Xudo bergan yuragi yordam berar edi. U kishi ko‘ngliga nima kelsa o‘shanday o‘ynar edi. Nima bo‘lgan taqdirdayam, kino va teatr san’atida faqat Shukur aka ijrosidagi Ulug‘bekninggina o‘z o‘rni bor.
Aktyorning saviyasi asosan olimu shoirlarning obrazini yaratayotganda seziladi. Masalan, hazrat Navoiyni o‘ynash uchun mumtoz she’riyatimizni nozik his qilish, yuqori darajadagi didga, umuman Ijodkor degan so‘zga loyiq bo‘lish shart. Tarixiy shaxslarga, ayniqsa millat timsollariga ehtiyotkorlik bilan yondashish zarur.

— Aksariyat san’atkorlar “Hayotim ham, mamotim ham shu yerda” deya so‘nggi nafasigacha sahnada xizmat qilishni qismat deb bilishadi. Yoshligi, olovli yillari, baxtli lahzalari o‘tgan, uni san’atkor sifatida elga tanitgan dargohni o‘z ixtiyori bilan erta tark etish bu San’atkorning jur’atimi yo ojizligi?

— Nimani nazarda tutganingizni tushundim… Bir vaqtlar MXATning bosh rejissyori bo‘lib ishlagan Yefremov bir asar ustida ishlayotganida, bosh rolga keksa aktrisa Sokolovani uyidan chaqiradi. Aktrisa o‘zining haliyam teatrga kerak bo‘lganligidan, suyunganidan yig‘lab yuboradi. Piyesani teatrning o‘zidayoq o‘qib ikki soatcha binoni aylanib chiqadi-da, bosh rejissyorning kabinetiga kiradi.
— Meni chaqirganingiz uchun rahmat. Asar nihoyatda zo‘r. Bu spektaklning muvaffaqiyatli chiqishiga ishonaman. Sizning talantingizga shubha yo‘q. Lekin men o‘ynay olmayman.
— Nega? Men bu asarni siz uchun oldim-ku! Shumi menga bo‘lgan ishonchingiz. Axir o‘zingizning teatringiz…
— … Afsus, bu teatr endi mening teatrim emas! — deb javob beradi aktrisa.

Sokolova piyesaning taassuroti ostida teatr zallarini, pardozxonalarni aylanib yurganida, go‘zalligini, sog‘ligini sarflagan, yuragini bag‘ishlagan teatr uchun begona insonga aylanib bo‘lganligini, bu yerda endi uning hech qanday o‘rni yo‘qligini tushunib yetadi. Kimdir uni taniydi, yana kimdir yo‘q. Yangi avlod kelgan. Muhit tamomila boshqacha. Hamma o‘zi bilan o‘zi ovora. Insonning insonga munosabati o‘zgarib ketgan.

Shu ma’noda men uchun ham aktrisaning dardi begona emas. Ayniqsa, endi uni ko‘proq tushungandekman. Negaki, bugungi sahna men tabarruk deb bilgan sahna emas. Bu boshqalarning sahnasi. Bir vaqtlar sahnadan to‘ppa to‘g‘ri tomoshabinlar zaliga sakrab tushganim uchun Toshxo‘ja Xo‘jayev “Bu yer ilohiy joy, sen bu shohsupada qanchadan-qancha ulug‘ zotlarning qiyofasini yaratasan, tomosha zalida esa turfa odamlar o‘tiradi. Sahna bilan tomoshabinlarni bir-biriga qorishtirib tashlama”, deb dakki bergandilar.

Sahna muqaddasliligicha qolishi uchun har bir san’atkor o‘z sha’nini hurmat qilishi, tomoshabinlar bilan qorishib ketmasligi, sahna va sahna ortining o‘ziga yarasha odob qoidalariga amal qilib, sirlarini asrab qolishi kerak.

O‘zim sevgan teatrni o‘z ixtiyorim bilan tark etishim, ya’ni yuragimni o‘z qo‘llarim bilan sug‘urib olishim — bu mening kuchliligimdan dalolat bermaydi. Va o‘zimga begona bo‘lgan muhitga singib ketolmaganim ojizligim ham emas. Shunchaki ishxonaga aylanib qolmasligi uchun u yerdan ketishim kerakligini aqlan tushunib yetdim.

Nimasi bilandir san’atkorning bu iqrori “O‘zimga xat yozamanmi?”— deya Layliga yozgan maktublariga o‘t qo‘ygan oshiq Majnunning holatini eslatadi. Menimcha, “teatrni tark etdim” deb aytish, “Men Vatandan ketdim” degandek og‘riqli… Men shu birgina “ketish…” so‘zida ham o‘z javobini topolmagan otashin muhabbatning jarohatini ko‘raman. Balki teatr yillar davomida uning yuragiga, o‘zligiga aylanib bo‘lganligi uchun hamdir, bora-bora uning binosi faqat suratga aylanib qolgandir. Tabiiyki, haqiqiy san’atkor ijod zavqini hech narsa bilan baholamaydi.

— O‘ylashimcha, sizning hayotingiz va ijodingizdagi ziddiyatlar keskin qat’iyatingizda bo‘lsa kerak. Lekin gohida har qancha og‘ir, katta yo‘qotish bo‘lmasin insonning o‘z prinsiplaridan ham chekinishiga to‘g‘ri keladi, deyishadi.

— Shaxsan o‘zimning manfaatim uchun prinsipimdan chekinmaganman. Lekin mening hayotimdan va men qadriyat deb bilgan narsalardan-da qadrli, aziz insonlar onam va bolamning aziyat chekmasligi uchun qaysidir ma’noda chekinganman. Mening tushunchalarim shu odamlardan azizmi? Menimcha, inson o‘zi uchun noma’qul bo‘lgan, o‘zining tabiatidan yiroq narsani prinsip qilib olmaydi. Siz biror bir haqiqatni o‘zingizga qonun qilib olishingiz uchun hamma jarayonlarni o‘zingizdan, shuuringizdan o‘tkazib, aqlan mukammal darajaga yetkazasiz. Qani qancha vaqt shu haqiqat bilan yashay olasiz? O‘lguningga qadar shu yukni ko‘tara olasanmi? Shundagina sening kimliging, asl qiyofang ko‘rinadi. Bilaman, prinsiplarim bilan ko‘p narsani yutqazishim mumkin. Yutqazganlarim shu prinsipimni ushlab turishimga arziydimi? Arzisayam men haqiqatimni, agar jigarlarim ozor chekmasa ushlab turaman. Irodamni shu orqali toblayman, qachongacha dosh berishini sinayman. Buning yomon joyi yo‘q. Ko‘p yillar davomida senga hamroh bo‘lgan prinsipdan yuz o‘girish, bu o‘zingdan voz kechish.

——————————
Menimcha, inson o‘zi uchun noma’qul bo‘lgan, o‘zining tabiatidan yiroq narsani prinsip qilib olmaydi. Siz biror bir haqiqatni o‘zingizga qonun qilib olishingiz uchun hamma jarayonlarni o‘zingizdan, shuuringizdan o‘tkazib, aqlan mukammal darajaga yetkazasiz. Qani qancha vaqt shu haqiqat bilan yashay olasiz? O‘lguningga qadar shu yukni ko‘tara olasanmi? Shundagina sening kimliging, asl qiyofang ko‘rinadi. Bilaman, prinsiplarim bilan ko‘p narsani yutqazishim mumkin. Yutqazganlarim shu prinsipimni ushlab turishimga arziydimi? Arzisayam men haqiqatimni, agar jigarlarim ozor chekmasa ushlab turaman. Irodamni shu orqali toblayman, qachongacha dosh berishini sinayman.
———————————

— Tanlagan yo‘lingizdan afsus chekkan vaqtlaringiz bo‘lgandir…

— Agar biror bir aktyor men mana shu kasbni tanlaganimga hech qachon afsus chekmaganman desa, u yolg‘on gapirgan bo‘ladi. Demak, u ijod qilmagan, kasbning og‘riqlarini yuragidan o‘tkazmagan, hech qanaqa to‘siqlarga duch kelmagan. Har qanday aktyorning ham yillar o‘tgan sari imkoniyatlari torayadi. Aytaylik, mening aqlim, imkoniyatlarim charxlangan, vujudim yonyapti. Mening o‘z qahramonim, talqin etishim kerak bo‘lgan shoh rolim bor. Hamisha uning xayoli bilan yuraman. Lekin endi bu yoshimga, to‘g‘ri kelmaydi. Xo‘p, mayli Lirni o‘ynarman, o‘ynay olaman deb o‘zimni ovutib yurgan vaqtim menga “Sizga rahmat, shuncha yil fidoyilik bilan ishladingiz. Teatrimizning iftixorisiz. Endi dam olsangiz ham bo‘ladi” deb tantanali ravishda kuzatib qo‘yishadi. Mana sizga aktyorning sahnadagi oddiy qismati.

— Shunday bo‘lsa-da, sahnani sog‘insangiz kerak…

— Eh-he… sekin aytasizmi! Bilasizmi, tush ko‘rsam ham faqat teatrni tush ko‘raman, o‘tgan kunlarni qo‘msayman, o‘sha paytdagi ijodiy jarayonlarni sog‘inaman… Tushlarimda liboslarni kiymoqchi bo‘laman, lekin ular menga to‘g‘ri kelmaydi. Yoki rol olaman, ammo so‘zlarini bilmayman. Hatto, tushlarimda ham xo‘rsinib qo‘yaman. Negadir keyingi vaqtlar ko‘proq tushkun xayollarga berilyapman. …Ey voh, hammasi tushdagidek ko‘z ochib yumguncha o‘tdi-ketdi-ya! Bu shamolli yillar, jazirama yo‘llar o‘zining otashi bilan bizni tez qaritdi, kuchimizni juda erta tortib oldi.

Armon… izhor qilinmagan muhabbat… yetolmagan manzillar, o‘ynalmay qolgan rollar… Uning ikkinchi nomi Vaqt… Men umr bo‘yi vaqtning orqasidan quvdim, uni o‘zimga bo‘ysundirmoqchi bo‘ldim… Lekin u meni yutib yubordi, mag‘lub etdi, oqibatda yanchdi… Umrimning o‘lchovi mening izmimda bo‘lganida edi… ba’zi bir lahzalarni qanchalik ko‘p cho‘zsam, boshqa damlarni ko‘zimni chirt yumib, quloqlarimni berkitgancha o‘shanchalik tez yashab o‘tardim.

————————————-
Uning odamlarga ziyoni tegishini tasavvur qilolmayman, u bu hayotda faqatgina o‘ziga azob berdi. Qaysidir ma’noda o‘z umrini idora qilolmadi. Darvoqe, Hojiakbarning o‘zi ishtirok etgan “Oqshomdan tushgacha” spektaklining qahramonlaridan biri eriga “Bilasanmi, sen nega chempion bo‘lolmagansan, chunki orqangdan yugurib kelayotgan odamga rahming kelganidan uni o‘zingdan oldinga o‘tkazib yuborasan”, deganidek, u hech qachon rol uchun talashmas, spektakl premerasida sahnaga qarab talpinmas edi. Muhimi, u uchun rolni chiqarib berish edi.
Bahodir Yo‘ldoshev. Hojiakbar Nurmatov orzularini o‘zida saqlagan dengiz edi (Maqolaning davomini o‘qing).
———————————

Onam armon bo‘lib qolmasligi uchun, u kishining oldida ko‘proq bo‘lishim kerak edi. Ayolimga ko‘nglimni yorib, mening hayotimga u qanchalik kerak ekanligini aytolmaganim armon… Ra’noning so‘nggi kunlari edi. Ko‘chaga chiqolmasdi. Ishga ketayotganimda u muzqaymoq yegisi kelayotganini aytdi. Qaytayotganda albatta olib kelaman, deb va’da berdim. Kunim dublyaj va suratga tushish maydonchasida o‘tdi. Qorong‘u tushganda toliqib uyga qaytdim. Eshikdan kirib kelganimda u mening qo‘llarimda hech narsa yo‘qligini ko‘rdi… Vaqt o‘tgan sari bu yara yuragimni kemirib tashlayapti. Sizga bu oddiy holdek tuyular, lekin hayot o‘zining shafqatsiz qiyofasini mana shu iztiroblarda ham ko‘rsatarkan…

Odamzot o‘zining hayotiy dasturiga amal qilib kelayotgani uchun ham bashariyatning bu ko‘hna aravasi o‘z yo‘lida davom etyapti. Zero, har bir inson o‘zicha bir olam. Har bir davlatning o‘z dasturilamallari bo‘lganidek, har bir insonning ham bir-birini takrorlamagan o‘z ichki qonunlari bor. Ulg‘ayganing sari sening haqiqatlaring hayotning temir qonunlariga to‘qnash keladi, yolg‘onlari bilan kesishadi. Menimcha, shaxsni Shaxs qiladigan iztirob mana shu to‘qnashuvning mevasi bo‘lsa kerak. Shu iztirob sizni ulg‘aytiradi, hammalashib ketishingizga yo‘l qo‘ymaydi.

Hamma gap mana shunda!

M: “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasining 2006 yil 31-soni

хдк

(Tashriflar: umumiy 2 087, bugungi 1)

4 izoh

  1. Хожиакбар Нурматов бетакрор актер эсиз жуда эрта кетди… Овозини та’ риф киломайман иккиланмай бу Хожиакбар деса булади!!ягона овозлардан Хамза Умаров каторида туради!!

  2. Xojakbar Nurmatov!
    Ustoz!
    Bu insonga tarif kerak emas, bu insonga hurmatim cheksiz va shunday bo’lib qoladi xam. Sizni hech qachon unutmayman.
    Unutilmaysiz ham.

  3. Шу инсонни нуткига бадий сузлари ва хокозо койил коламан бу кишини шерлар укиган лекин тополмайман кайси сайтларда экан билсаларинг малумот берворинглар илтимос купрок радиода эшиттиришади

Izoh qoldiring