Nozima Habibullayeva. Oblivinon. Hikoya & Oʼtkan Kunlar. Simfonik orkestlar uchun musiqiy miniatyuralar

034 Кенгликларга кун ёйилган. Баҳор қуёшининг нури дам майсалар узра ястанади, дам ариқдаги сувда жилваланади. Узоқдан майин мусиқами, шабадами эсарди. Яйдоқ далада якка соябон – тутнинг остида елкасига скрипка қистирганча Саида машқ қиларди…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
“ОБЛИВИОН”


   077Нозима Ҳабибуллаева 1996 йил 4 ноябрь куни Фарғона шаҳрида туғилган. Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетини «Олий адабиёт курси»ни тамомлаган. «Мовий қўшиқ» номли шеърий тўплами чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.


Кенгликларга кун ёйилган. Баҳор қуёшининг нури дам майсалар узра ястанади, дам ариқдаги сувда жилваланади. Узоқдан майин мусиқами, шабадами эсарди. Яйдоқ далада якка соябон – тутнинг остида елкасига скрипка қистирганча Саида машқ қиларди. Тутнинг шохлари қучоқлаб турган нота вароқларига бир-бир кўз ташлаб қўяркан ўзини бутун борлиқ саҳнасида якка ижрочидай ҳис қиларди. Елкасида скрипка эмас, яқинда бўладиган катта концертда чиқиш юки тургандай эди. Чалаётганида юраги қаттиқроқ гупиллаб, ритмни аниқ ҳис қилишга кўмаклашарди.

– Саида, ҳо-ой Саида! Овқатга кел, қизим…

Олисдан чорлаган онасининг овозидан хаёллари тарқади-ю, ноталарини йиғиб уйга йўналди.
Хонтахта атрофида жамланишди. Саиданинг катта синглиси гап бошлади:

– Опа, концертда телевизорда кўрсатгандек кўп томошабинлар бўладими?
– Ҳа-да
– Сизга ҳам гул беришадими?

Саида қимтинибгина отасига юзланди:
– Борасизлар-а, дада?
– Овқатларингни енглар! – чўрт кесди Мирпўлат.

Оилабошининг қарашидан мунғайган бошлар намозшомгулларнинг шом пайтидаги ҳолатини эслатиб юборди. Садбар музтар боласига термулиб, гапиришга оғиз жуфтлади-ю, лабларини ҳавотир елимлади. Тинчлик керак… Шаҳарда ўқитаётганига ҳам шукр. Шарт тескари тўнини кийиб олса нима қиламан? Аммо боласининг кўнгличи? “Ўзим борарман” – деб қўйди ичида.

Кунлар Саиданинг ноталаридек вароқланди. Концертга ҳам оз қолди. Садбар бир тугунда ўзи ёпган нон, майиз-туршаклар, бирида мева-чева, тағин бир кўйлак билан йўлга тушди. Эгнида қачонлардир Наппи чеварга тиктирган сариқ гулли, сабза ранг кўйлаги, бошида ингичка ҳарир рўмол ва бир дунё чувалган ўйларини кўтариб борарди. Мовий кўзларида денгиздай ҳаяжон қалққан, ёноқлари саҳарги уфққа, қош-у киприклар эса шоирларнинг ташбеҳларига асл манзилдай эди. Фақат чаккадаги кўкарган из ва ёшига мос бўлмаган ажинлар жипслиги ортиқчалик қиларди бу тасвирга. Балки улар андуҳларнинг илдизи, аламли турмушнинг хариталаридир? Нима бўлганда ҳам қаҳрамонимизга ҳозир бунинг аҳамияти йўқ. Юзидаги ним табассум ва уфуриб турган мамнунлик ортидан баҳор гулларининг ифори сармаст қолди. Кетаркан автобус ойналарида болалигининг хотира тасмалари намоён бўла бошлади.

* * *

…Мактаб йиллари эди. Юқори синфга ўтар чоғлари янги келган мусиқа ўқитувчиси – Зебо опа анча жонкуяр чиқди. Бу ердан учирма бўлган неча авлод ҳали торлари узилган эски рубобдан бошқа чолғуни кўрмаган, овозини тасаввур ҳам қилмаган бўлса, не ажаб. Янги ўқитувчи туман ва вилоятдаги казо-казо идораларга қатнайвериб, бир жуфт дутор, битта доира, нианино, тағин скрипка ҳам олиб келтирди. Дарсдан ташқари тўгараклар ташкил қилди. Унга иштиёқи баланд ва мусиқий қобилиятларини текшириб сараланган ўқувчилар орасида Садбар ҳам бор эди. Табиат Садбарни юқори эшитиш қобилияти билан сийлаган, узун бармоқларини пианино клавишлари учун атагандек эди. Чалишни ўрганаркан ўз бармоқлари узра таралаётган оҳанглар соддагина қишлоқ қизига янги оламларни, ўзини оча бошлади. Оқ-қора клавишларда бутун табиатнинг ранги мужжассам эди. Юрса ҳам, турса ҳам жисм-у жони мусиқага айланиб борарди. Мактаб зиналарида клавишларни, ариқларда мусиқий темпни, уйга қайтаркан симёғочларга тортилган қатор симларда нота йўлини кўргач ўзининг бу топилдиқларидан завқланиб кетарди. Бора-бора унинг бу паришонлиги ва тўгарак деб уй ишларига кам вақт ажратаётгани ота-онасининг жонига тегди. Ўқитувчиларининг қистови билан бир неча йиллар давомида зўрға “чидашди”. Бир марта бўлса ҳам мактабга бориб, қизининг чалишини эшитиб кўришмади. Бу вақт мобайнида Садбар моҳир ижрочи бўлиб улгурганди. Энди у ҳаётини мусиқасиз тасаввур қилолмас, мақсадлари тобора улканлашиб борарди.

– Йиғиштир чирманда-ю нағмаларингни! – деди отаси бир кун важоҳат билан.
– У чирманда эмас, пианино, дада… – қўрқа-писа жавоб қилди Садбар.

– Э, менга нима? Ана, сигиримизни сути камайиб кетди, яхши қарамагансан. Ҳаммани ризқини қийиб… Бир тўғрам нон беряптими ўша тинғир-тинғиринг? Ундан кўра онангга кўпроқ ёрдамлаш, етар энди эркалик. Ким айтади сени бўйи етиб қолган қиз деб?

– Дада, устозим айтдики….
– Мен гапирдим сенга, уқдингми-йўқми?
– …уқдим, – Садбарнинг гапи оғзида қолди.

Шундан сўнг уни мактабга ҳам юбормай қўйишди. Клавишларда ўйноқлаган нафис бармоқлар орасида энди оҳанглар эмас, сигирнинг елинлари ўйноқларди. Шу пайт эшикдан Зебо опа кўринди. Шогирдига кўзи тушди-ю юраги увушиб кетди. Ишини ташлаб, устози томон югурган қизга ўтин ёраётган отаси ўгирилиб қаради. Салом-аликдан сўнг Зебо опа Садбарнинг ўқишидан сўз очди. Қизгина жуда истеъдодли эмиш, яқинда бўладиган катта танловга ўзи билан оборармиш, кўз қорачиғидек асрармиш…

– И-е, қиз бола нарсага пишириб қўйибдими шаҳарма-шаҳар санғиб? – деди отаси нигоҳлари оловдек санчилиб.
– Агар танловда ютса, ўқишга имтихонсиз қабул қилинади тушуняпсизми?

– Яна қанақа ўқиш? Хат-саводи чиққан, етади. Жа-а индамаса, қандай яшашини ҳам ўргатиб бераркансизлар-ку, а? Дарсингизни ўтинг, тамом. Қолганига аралашманг. Бола меники. Ҳали замон узатамиз деб турибмиз.

Садбар отасининг бу гапидан донг қотиб қолди. Ўзини йўқотмаган Зебо опа эса Садбарга бир кўзини қисиб қўйди-ю, қатъийлик билан:

– Хўп, танлов борасида бошқа гапим йўқ. Лекин, қизингиз ҳали ҳам мактаб ўқувчиси. Уни мажбурий таълимдан олиб қололмайсиз. Буни қонунга кўра жазоси борлигини эслатиб қўйиш бурчим.

Бирор гап тополмаган отанинг қўлидаги болта тўнкага жаҳл билан санчилди-ю суҳбатга нуқта қўйди.

* * *

Шу пайт бекатда тўхтаган автобус тормозининг овози ойнадаги хотира тасвирларини сочиб юборди…

– Сиз ҳам савдога кетяпсизми? – дабдурустдан сўради рўпарасига келиб ўтирган хотин.
– Йўқ, қизимни кўргани, – жавоб берди Садбар.
– Э-ҳа-а, қизингизни шаҳарга узатганмисиз? Қандоқ яхши-я!

– Қизим ҳали ёш, шаҳарда ўқийди, Санъат инстида. Эртага концертда чиқади скрипка чалиб, – ғурурланиб қошларини учирди Садбар.

– Вой, қиз боланиям ўқитадими ҳеч замонда? Тағин Санъат инстида-я… Тавба-а. Артс бўладими кейин? Қандай эрга берасиз уни? – дунё ташвиши бошига тушгандай сўради бояги хотин.

– Қизиқмисиз, ҳаёт фақат эрга тегишдан иборат эмаску. Аввал ўзини топсин, йўлини топсин… Шунга яраша турмуш ўртоқ ҳам топилар…

Бирор фалсафий гап эшитгандай анграйиб қолди йўловчи аёл.

* * *

Саида ўқишига яқин жойдаги уйда, гуруҳдош дугоналари билан ижарада яшарди. Онасини хурсанд қаршилади, бирга овқатланишди. Ёдига бир нима яшиндай тушди шекилли Садбар ўрнидан сапчиб турди-да, тугундаги ним пушти, чиройли кўйлакни олди. Бу ўзининг сепидаги энг яхши кўрган, Зебо опа совға қилган кўйлак эди:

– Сенга опкелдим, қизим. Саҳнага кийиб чиқишингга мос, ял-ял товланиб туради. Ўзи бир мартагина кийганман холос, шу билан сандиқ ҳузурини кўрган. Ўлчамингга мослаштириб келдим, кўргин-чи, – деди қўлларидаги кўйлакни Саиданинг эгнига тутиб.

– Ая, бунақа матолар аллақачон модадан қолганку… Устимдан кулишмайдими? Ундай кўра эрта саҳар бозордан янги кўйлак опкелайлик демоқчи эдим. Шу аҳволда чиқмайманку саҳнага…

– Майли-ю, фақат унга пул қаёқда дейсан? – маюс тортди Садбар.
– Иложини қилайлик, ая. Ижара пулини ҳали тўлаганимиз йўқ. Шунга опкелиб турсак, кейин дадамдан…

– Даданг қаёқдан беради, ўзи қарзга тушиб ўтирибди-ю… Майли, Ҳошим маганзинчига сут қатиқ топшириб келганман, икки ойлигини бергани йўқ. Шуни юбораман унда.

Ўзида йўқ қувонган Саида онасининг юзидан ўпиб дарсга жўнади.

Бекор ўтирмай дея Садбар уйларни саранжомлади, қизлар келишига овқат қилди. Зерикди. Чиқиб подъезднинг зиналарини арта бошлади. Мактаб зиналарида клавишдай тасаввур қилиб, завқланиб сакраб юрган пайтлари ёдга тушди. У ҳозир зиналарни эмас, йиллар остида қолган пианино чангларини артётгандек эди гўё.

Ўшанда отасидан биринчи марта қўрқмасликка жасорат топди. Зебо опа сабаб мактабга қайтгач, танлов куни ҳеч кимга билдирмай шаҳарга кетишди. Иштирокчиларнинг навбати Садбарнинг сочларидек узун эди. Ниҳоят, у Фредерик Шопеннинг “Экспромт”ини ижро этди. Қарсаклар ёмғири тинмади, ҳамма дам унинг ҳуснига, дам истеъдодига таҳсин ўқирди. Садбар эса Зебо опа совға қилган узун ним пушти кўйлагининг бир томонини енгил чимчилаб тортганча таъзим қилди-ю, қишлоққа шошди. Уйда уни ҳивичнинг аёвсиз оғриқлари кутарди. Ундан ҳам оғири танловда биринчи ўрин олганини эшитишга улгурмасдан ёр-ёр эшитганидир…

Садбарнинг ҳаридори кўп эди. Отаси “Қўли мой, рўзғори мой” – деб машина устаси Мирпўлатга узатди. Шундай бўлди ҳам. Аммо Мирпўлат фикр-у зикри қуруқ, ўзи совуқ бир одам эди. Бирин-кетин тўртта бир-биридан ширин қизлари туғилди. Ўғил туғмадинг деб Садбарни калтаклайвериб кун бермади. Бир йили Мирпўлат қўшни қишлоқдаги ҳамширадан кўрган ўғилчасини уйга кўтариб келганида боланинг ҳали тили ҳам чиқмаган эди. Ҳамширани бошқаси билан тутиб олган эмиш. Бутун қишлоққа шов-шув бўлди. Садбар гўдаккинани бағрига босиб-босиб йиғлади, кийимчаларини дорга осибгина йиғлади. Ўз болаларидан ортиқроқ парваришлади. “Она” деб тили чиқди боланинг. Қилмиши сабаб Мирпўлатнинг зулумлари анча босилди. Шундан сўнг болаларини ўқитишга жон жаҳди билан бел боғлади Садбар.

Ўтмишига шўнғиб кетган Садбар қизининг чақирганини эшитмади, қўлидан тутгандагина ўзига келди:
– Ая, қизиқмисиз. Бутун подеъздни ювиб чиқдингизми? Кўрганлар нима дейди. Юринг уйга.

Эртасига бозордан Саидага кўйлак олишди. Онасини қанча қистамасин битта рўмол олишга ҳам кўндиролмади. Кечга яқин концертга йўл олишаркан суҳбатлашиб кетишди.

– Чаладиган асарингни оти нимайди?
– “Обливион”… Астор Пьяццолланики.

– Нима дегани у?
– “Унутилган” дегани. Асл маъноси шундай. Тағин шу номдаги ноёб гул ҳам бор. Фақатгина қайсидир тоғлардаги ғорда ўсади. Қуёшни умуман кўрмаган, лекин баъзида ўзидан нимжон, нафис мусиқий товуш чиқариб турар экан. Композитор ана шу икки маъносини ҳам шу асарида тасвирлаган…

Садбар унинг маъносидан ўйга толаркан, тезроқ эшитгиси келди. Ниҳоят, концерт бошланди. Симфоник оркестрнинг ҳайбати ва санъатсевар томошабинларнинг кўплиги Садбарга чунонам завқ улашарди. Бу ер тирик қалблар мамлакати эди. Ана, қизини эълон қилишяпти:

“Обливион”, – Ижро этади симфоник оркестр ҳамда яккахон скрипкада Мирзаева Саида Мирпўлат қизи!”

“Шу исмга нега оналарнинг эмас оталарнинг исми қўшиб айтилар экан-а?” – хаёлидан ўтказди Садбар. Қизидан баттар ҳаяжонга бурканган она энди бутун руҳи ва вужуди билан қулоққа айланган эди.

Қарсаклар тинди. Ижро бошланди. Тушунган одам руҳий босимларга тўла бўлган бу оғир куйни тишининг нерв томири очилиб қолгандай эзилиб тинглайди. Саида эса концерт залини зах ва қоронғи ғорга, ўзини ёлғиз қолган ожиз гулга қиёслаб чаларди. Туйғулари ва тасаввурини ишга солмаса, чалаётган куйи чалажон бўлишини устозлари кўп айтади. Бу мусиқа уни нотама-нота жамийки ҳужайраларигача уйғотаётган, томирларига югурган ҳаёт нафасини кўзларига олиб чиқаётган эди. Куй қачон тугаганини сезмай қолган бўлса-да, ичида давом этаётганини ҳис қиларди.
Бир нафаслик нозик сукунатни гулдурос қарсаклар бузиб юборгач чўчигандек бўлиб, онасига қаради. Садбар рўмолининг бир учини лабига босиб ўтирибди…

* * *

Эртаси куни она-бола қишлоққа қайтди. Қариндош-уруғ йиғилди. Ҳар ким топганини ўртага қўйиб, одмироқ зиёфат қилишди. Суҳбатлар сигир-бизоқдан, қозон-товоқдан, тандир-ўчоқдан… Орада Саидани сўраб келишаётгани ҳақида гап чиқди. Қош учиришлар, пичир-пичирлар, илмоқли луқмалар бўлди. Талаба қизнинг катта саҳнага чиққани, ўтган йили хорижий танловда учинчи ўринни олгани, бу йил яна бориши мумкинлиги, ўқишни битирмасданоқ унга мўмай дарамодли иш таклиф қилишаётгани тўғрисида ҳеч ким лом-лим демади. Аммо ҳаммасидан онаси хурсанд. Ўша куни концертда чалинган қарсаклар қизига эмас ўзига аталгандек туйилибди. Тавба-тавба дея гапирди буни. Йиғин қандай бошланган бўлса, шундай тез тугади. Бир-икки соатдан кейин Саида ҳовлида куймаланиб юрганди, қулоғига скрипкасининг товуши эшитилгандек бўлди. Нуқул шунақа. Қишлоққа келса, қариндош-у қўшни болалар ҳеч нимани тушунмаса ҳам чалиб кўргиси келади. Чақалоғи бегоналар қўлида чинқириб йиғлаётган онадек болаларни уришиб, скрипкасини тортиб олади. Бу сафар ҳам битта-яримтаси кўзимни шамғалат қилиб, бечора чолғуни қийнаяпти шекилли деб ўйлади. Ҳовлидаги ишларини ташлаб, тўғри ўша хонага чопди. Қараса…

Садбар кўзларини юмиб, хотирасида узуқ-юлуқ қолган куйни беўхшов тарзда чалишга уринаётганди. Уйда улардан бошқа ҳеч ким йўқ. Хона ним қоронғи. Аёл чаларкан куй бутун ҳаётини қайта чизиб бераётгандек нола қиларди. Болалиги, орзулари, отасининг калтаклари… Шу жойига келганда скрипканинг камони торлар узра ҳивчиндай тортилиб кетарди. У ўз қисмати устидан кулиб, аламларининг бошини камонча билан кесиб-кесиб оларди. Рўзғор, хиёнат, йўқчилик… Ғор, зулмат, гул… Куй янграркан бир унинг кўзларидан, бир ғор ичкарисидан томчилар овози ноталарга қўшилиб кетарди. Симиллаб турган бу оғриқни қизининг овози тўхтатди:

– Она…

Kengliklarga kun yoyilgan. Bahor quyoshining nuri dam maysalar uzra yastanadi, dam ariqdagi suvda jilvalanadi. Uzoqdan mayin musiqami, shabadami esardi. Yaydoq dalada yakka soyabon – tutning ostida yelkasiga skripka qistirgancha Saida mashq qilardi…

Nozima HABIBULLAYEVA
“OBLIVION”


Nozima Habibullayeva 1996 yil 4 noyabr kuni Farg‘ona shahrida tug‘ilgan. Alisher Navoiy nomidagi O‘zbek tili va adabiyoti universitetini «Oliy adabiyot kursi»ni tamomlagan. «Moviy qo‘shiq» nomli she’riy to‘plami chop etilgan. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi.


Kengliklarga kun yoyilgan. Bahor quyoshining nuri dam maysalar uzra yastanadi, dam ariqdagi suvda jilvalanadi. Uzoqdan mayin musiqami, shabadami esardi. Yaydoq dalada yakka soyabon – tutning ostida yelkasiga skripka qistirgancha Saida mashq qilardi. Tutning shoxlari quchoqlab turgan nota varoqlariga bir-bir ko‘z tashlab qo‘yarkan o‘zini butun borliq sahnasida yakka ijrochiday his qilardi. Yelkasida skripka emas, yaqinda bo‘ladigan katta konsertda chiqish yuki turganday edi. Chalayotganida yuragi qattiqroq gupillab, ritmni aniq his qilishga ko‘maklashardi.

– Saida, ho-oy Saida! Ovqatga kel, qizim…

Olisdan chorlagan onasining ovozidan xayollari tarqadi-yu, notalarini yig‘ib uyga yo‘naldi.
Xontaxta atrofida jamlanishdi. Saidaning katta singlisi gap boshladi:

– Opa, konsertda televizorda ko‘rsatgandek ko‘p tomoshabinlar bo‘ladimi?
– Ha-da
– Sizga ham gul berishadimi?

Saida qimtinibgina otasiga yuzlandi:
– Borasizlar-a, dada?
– Ovqatlaringni yenglar! – cho‘rt kesdi Mirpo‘lat.

Oilaboshining qarashidan mung‘aygan boshlar namozshomgullarning shom paytidagi holatini eslatib yubordi. Sadbar muztar bolasiga termulib, gapirishga og‘iz juftladi-yu, lablarini havotir yelimladi. Tinchlik kerak… Shaharda o‘qitayotganiga ham shukr. Shart teskari to‘nini kiyib olsa nima qilaman? Ammo bolasining ko‘nglichi? “O‘zim borarman” – deb qo‘ydi ichida.

Kunlar Saidaning notalaridek varoqlandi. Konsertga ham oz qoldi. Sadbar bir tugunda o‘zi yopgan non, mayiz-turshaklar, birida meva-cheva, tag‘in bir ko‘ylak bilan yo‘lga tushdi. Egnida qachonlardir Nappi chevarga tiktirgan sariq gulli, sabza rang ko‘ylagi, boshida ingichka harir ro‘mol va bir dunyo chuvalgan o‘ylarini ko‘tarib borardi. Moviy ko‘zlarida dengizday hayajon qalqqan, yonoqlari sahargi ufqqa, qosh-u kipriklar esa shoirlarning tashbehlariga asl manzilday edi. Faqat chakkadagi ko‘kargan iz va yoshiga mos bo‘lmagan ajinlar jipsligi ortiqchalik qilardi bu tasvirga. Balki ular anduhlarning ildizi, alamli turmushning xaritalaridir? Nima bo‘lganda ham qahramonimizga hozir buning ahamiyati yo‘q. Yuzidagi nim tabassum va ufurib turgan mamnunlik ortidan bahor gullarining ifori sarmast qoldi. Ketarkan avtobus oynalarida bolaligining xotira tasmalari namoyon bo‘la boshladi.

* * *

…Maktab yillari edi. Yuqori sinfga o‘tar chog‘lari yangi kelgan musiqa o‘qituvchisi – Zebo opa ancha jonkuyar chiqdi. Bu yerdan uchirma bo‘lgan necha avlod hali torlari uzilgan eski rubobdan boshqa cholg‘uni ko‘rmagan, ovozini tasavvur ham qilmagan bo‘lsa, ne ajab. Yangi o‘qituvchi tuman va viloyatdagi kazo-kazo idoralarga qatnayverib, bir juft dutor, bitta doira, nianino, tag‘in skripka ham olib keltirdi. Darsdan tashqari to‘garaklar tashkil qildi. Unga ishtiyoqi baland va musiqiy qobiliyatlarini tekshirib saralangan o‘quvchilar orasida Sadbar ham bor edi. Tabiat Sadbarni yuqori eshitish qobiliyati bilan siylagan, uzun barmoqlarini pianino klavishlari uchun atagandek edi. Chalishni o‘rganarkan o‘z barmoqlari uzra taralayotgan ohanglar soddagina qishloq qiziga yangi olamlarni, o‘zini ocha boshladi. Oq-qora klavishlarda butun tabiatning rangi mujjassam edi. Yursa ham, tursa ham jism-u joni musiqaga aylanib borardi. Maktab zinalarida klavishlarni, ariqlarda musiqiy tempni, uyga qaytarkan simyog‘ochlarga tortilgan qator simlarda nota yo‘lini ko‘rgach o‘zining bu topildiqlaridan zavqlanib ketardi. Bora-bora uning bu parishonligi va to‘garak deb uy ishlariga kam vaqt ajratayotgani ota-onasining joniga tegdi. O‘qituvchilarining qistovi bilan bir necha yillar davomida zo‘rg‘a “chidashdi”. Bir marta bo‘lsa ham maktabga borib, qizining chalishini eshitib ko‘rishmadi. Bu vaqt mobaynida Sadbar mohir ijrochi bo‘lib ulgurgandi. Endi u hayotini musiqasiz tasavvur qilolmas, maqsadlari tobora ulkanlashib borardi.

– Yig‘ishtir chirmanda-yu nag‘malaringni! – dedi otasi bir kun vajohat bilan.
– U chirmanda emas, pianino, dada… – qo‘rqa-pisa javob qildi Sadbar.

– E, menga nima? Ana, sigirimizni suti kamayib ketdi, yaxshi qaramagansan. Hammani rizqini qiyib… Bir to‘g‘ram non beryaptimi o‘sha ting‘ir-ting‘iring? Undan ko‘ra onangga ko‘proq yordamlash, yetar endi erkalik. Kim aytadi seni bo‘yi yetib qolgan qiz deb?

– Dada, ustozim aytdiki….
– Men gapirdim senga, uqdingmi-yo‘qmi?
– …uqdim, – Sadbarning gapi og‘zida qoldi.

Shundan so‘ng uni maktabga ham yubormay qo‘yishdi. Klavishlarda o‘ynoqlagan nafis barmoqlar orasida endi ohanglar emas, sigirning yelinlari o‘ynoqlardi. Shu payt eshikdan Zebo opa ko‘rindi. Shogirdiga ko‘zi tushdi-yu yuragi uvushib ketdi. Ishini tashlab, ustozi tomon yugurgan qizga o‘tin yorayotgan otasi o‘girilib qaradi. Salom-alikdan so‘ng Zebo opa Sadbarning o‘qishidan so‘z ochdi. Qizgina juda iste’dodli emish, yaqinda bo‘ladigan katta tanlovga o‘zi bilan oborarmish, ko‘z qorachig‘idek asrarmish…

– I-ye, qiz bola narsaga pishirib qo‘yibdimi shaharma-shahar sang‘ib? – dedi otasi nigohlari olovdek sanchilib.
– Agar tanlovda yutsa, o‘qishga imtixonsiz qabul qilinadi tushunyapsizmi?

– Yana qanaqa o‘qish? Xat-savodi chiqqan, yetadi. Ja-a indamasa, qanday yashashini ham o‘rgatib berarkansizlar-ku, a? Darsingizni o‘ting, tamom. Qolganiga aralashmang. Bola meniki. Hali zamon uzatamiz deb turibmiz.

Sadbar otasining bu gapidan dong qotib qoldi. O‘zini yo‘qotmagan Zebo opa esa Sadbarga bir ko‘zini qisib qo‘ydi-yu, qat’iylik bilan:

– Xo‘p, tanlov borasida boshqa gapim yo‘q. Lekin, qizingiz hali ham maktab o‘quvchisi. Uni majburiy ta’limdan olib qololmaysiz. Buni qonunga ko‘ra jazosi borligini eslatib qo‘yish burchim.

Biror gap topolmagan otaning qo‘lidagi bolta to‘nkaga jahl bilan sanchildi-yu suhbatga nuqta qo‘ydi.

* * *

Shu payt bekatda to‘xtagan avtobus tormozining ovozi oynadagi xotira tasvirlarini sochib yubordi…

– Siz ham savdoga ketyapsizmi? – dabdurustdan so‘radi ro‘parasiga kelib o‘tirgan xotin.
– Yo‘q, qizimni ko‘rgani, – javob berdi Sadbar.
– E-ha-a, qizingizni shaharga uzatganmisiz? Qandoq yaxshi-ya!

– Qizim hali yosh, shaharda o‘qiydi, San’at instida. Ertaga konsertda chiqadi skripka chalib, – g‘ururlanib qoshlarini uchirdi Sadbar.

– Voy, qiz bolaniyam o‘qitadimi hech zamonda? Tag‘in San’at instida-ya… Tavba-a. Arts bo‘ladimi keyin? Qanday erga berasiz uni? – dunyo tashvishi boshiga tushganday so‘radi boyagi xotin.

– Qiziqmisiz, hayot faqat erga tegishdan iborat emasku. Avval o‘zini topsin, yo‘lini topsin… Shunga yarasha turmush o‘rtoq ham topilar…

Biror falsafiy gap eshitganday angrayib qoldi yo‘lovchi ayol.

* * *

Saida o‘qishiga yaqin joydagi uyda, guruhdosh dugonalari bilan ijarada yashardi. Onasini xursand qarshiladi, birga ovqatlanishdi. Yodiga bir nima yashinday tushdi shekilli Sadbar o‘rnidan sapchib turdi-da, tugundagi nim pushti, chiroyli ko‘ylakni oldi. Bu o‘zining sepidagi eng yaxshi ko‘rgan, Zebo opa sovg‘a qilgan ko‘ylak edi:

– Senga opkeldim, qizim. Sahnaga kiyib chiqishingga mos, yal-yal tovlanib turadi. O‘zi bir martagina kiyganman xolos, shu bilan sandiq huzurini ko‘rgan. O‘lchamingga moslashtirib keldim, ko‘rgin-chi, – dedi qo‘llaridagi ko‘ylakni Saidaning egniga tutib.

– Aya, bunaqa matolar allaqachon modadan qolganku… Ustimdan kulishmaydimi? Unday ko‘ra erta sahar bozordan yangi ko‘ylak opkelaylik demoqchi edim. Shu ahvolda chiqmaymanku sahnaga…

– Mayli-yu, faqat unga pul qayoqda deysan? – mayus tortdi Sadbar.
– Ilojini qilaylik, aya. Ijara pulini hali to‘laganimiz yo‘q. Shunga opkelib tursak, keyin dadamdan…

– Dadang qayoqdan beradi, o‘zi qarzga tushib o‘tiribdi-yu… Mayli, Hoshim maganzinchiga sut qatiq topshirib kelganman, ikki oyligini bergani yo‘q. Shuni yuboraman unda.

O‘zida yo‘q quvongan Saida onasining yuzidan o‘pib darsga jo‘nadi.

Bekor o‘tirmay deya Sadbar uylarni saranjomladi, qizlar kelishiga ovqat qildi. Zerikdi. Chiqib pod’ezdning zinalarini arta boshladi. Maktab zinalarida klavishday tasavvur qilib, zavqlanib sakrab yurgan paytlari yodga tushdi. U hozir zinalarni emas, yillar ostida qolgan pianino changlarini artyotgandek edi go‘yo.

O‘shanda otasidan birinchi marta qo‘rqmaslikka jasorat topdi. Zebo opa sabab maktabga qaytgach, tanlov kuni hech kimga bildirmay shaharga ketishdi. Ishtirokchilarning navbati Sadbarning sochlaridek uzun edi. Nihoyat, u Frederik Shopenning “Ekspromt”ini ijro etdi. Qarsaklar yomg‘iri tinmadi, hamma dam uning husniga, dam iste’dodiga tahsin o‘qirdi. Sadbar esa Zebo opa sovg‘a qilgan uzun nim pushti ko‘ylagining bir tomonini yengil chimchilab tortgancha ta’zim qildi-yu, qishloqqa shoshdi. Uyda uni hivichning ayovsiz og‘riqlari kutardi. Undan ham og‘iri tanlovda birinchi o‘rin olganini eshitishga ulgurmasdan yor-yor eshitganidir…

Sadbarning haridori ko‘p edi. Otasi “Qo‘li moy, ro‘zg‘ori moy” – deb mashina ustasi Mirpo‘latga uzatdi. Shunday bo‘ldi ham. Ammo Mirpo‘lat fikr-u zikri quruq, o‘zi sovuq bir odam edi. Birin-ketin to‘rtta bir-biridan shirin qizlari tug‘ildi. O‘g‘il tug‘mading deb Sadbarni kaltaklayverib kun bermadi. Bir yili Mirpo‘lat qo‘shni qishloqdagi hamshiradan ko‘rgan o‘g‘ilchasini uyga ko‘tarib kelganida bolaning hali tili ham chiqmagan edi. Hamshirani boshqasi bilan tutib olgan emish. Butun qishloqqa shov-shuv bo‘ldi. Sadbar go‘dakkinani bag‘riga bosib-bosib yig‘ladi, kiyimchalarini dorga osibgina yig‘ladi. O‘z bolalaridan ortiqroq parvarishladi. “Ona” deb tili chiqdi bolaning. Qilmishi sabab Mirpo‘latning zulumlari ancha bosildi. Shundan so‘ng bolalarini o‘qitishga jon jahdi bilan bel bog‘ladi Sadbar.

O‘tmishiga sho‘ng‘ib ketgan Sadbar qizining chaqirganini eshitmadi, qo‘lidan tutgandagina o‘ziga keldi:
– Aya, qiziqmisiz. Butun pode’zdni yuvib chiqdingizmi? Ko‘rganlar nima deydi. Yuring uyga.

Ertasiga bozordan Saidaga ko‘ylak olishdi. Onasini qancha qistamasin bitta ro‘mol olishga ham ko‘ndirolmadi. Kechga yaqin konsertga yo‘l olisharkan suhbatlashib ketishdi.

– Chaladigan asaringni oti nimaydi?
– “Oblivion”… Astor Pyatssollaniki.

– Nima degani u?
– “Unutilgan” degani. Asl ma’nosi shunday. Tag‘in shu nomdagi noyob gul ham bor. Faqatgina qaysidir tog‘lardagi g‘orda o‘sadi. Quyoshni umuman ko‘rmagan, lekin ba’zida o‘zidan nimjon, nafis musiqiy tovush chiqarib turar ekan. Kompozitor ana shu ikki ma’nosini ham shu asarida tasvirlagan…

Sadbar uning ma’nosidan o‘yga tolarkan, tezroq eshitgisi keldi. Nihoyat, konsert boshlandi. Simfonik orkestrning haybati va san’atsevar tomoshabinlarning ko‘pligi Sadbarga chunonam zavq ulashardi. Bu yer tirik qalblar mamlakati edi. Ana, qizini e’lon qilishyapti:

“Oblivion”, – Ijro etadi simfonik orkestr hamda yakkaxon skripkada Mirzayeva Saida Mirpo‘lat qizi!”

“Shu ismga nega onalarning emas otalarning ismi qo‘shib aytilar ekan-a?” – xayolidan o‘tkazdi Sadbar. Qizidan battar hayajonga burkangan ona endi butun ruhi va vujudi bilan quloqqa aylangan edi.

Qarsaklar tindi. Ijro boshlandi. Tushungan odam ruhiy bosimlarga to‘la bo‘lgan bu og‘ir kuyni tishining nerv tomiri ochilib qolganday ezilib tinglaydi. Saida esa konsert zalini zax va qorong‘i g‘orga, o‘zini yolg‘iz qolgan ojiz gulga qiyoslab chalardi. Tuyg‘ulari va tasavvurini ishga solmasa, chalayotgan kuyi chalajon bo‘lishini ustozlari ko‘p aytadi. Bu musiqa uni notama-nota jamiyki hujayralarigacha uyg‘otayotgan, tomirlariga yugurgan hayot nafasini ko‘zlariga olib chiqayotgan edi. Kuy qachon tugaganini sezmay qolgan bo‘lsa-da, ichida davom etayotganini his qilardi.
Bir nafaslik nozik sukunatni gulduros qarsaklar buzib yuborgach cho‘chigandek bo‘lib, onasiga qaradi. Sadbar ro‘molining bir uchini labiga bosib o‘tiribdi…

* * *

Ertasi kuni ona-bola qishloqqa qaytdi. Qarindosh-urug‘ yig‘ildi. Har kim topganini o‘rtaga qo‘yib, odmiroq ziyofat qilishdi. Suhbatlar sigir-bizoqdan, qozon-tovoqdan, tandir-o‘choqdan… Orada Saidani so‘rab kelishayotgani haqida gap chiqdi. Qosh uchirishlar, pichir-pichirlar, ilmoqli luqmalar bo‘ldi. Talaba qizning katta sahnaga chiqqani, o‘tgan yili xorijiy tanlovda uchinchi o‘rinni olgani, bu yil yana borishi mumkinligi, o‘qishni bitirmasdanoq unga mo‘may daramodli ish taklif qilishayotgani to‘g‘risida hech kim lom-lim demadi. Ammo hammasidan onasi xursand. O‘sha kuni konsertda chalingan qarsaklar qiziga emas o‘ziga atalgandek tuyilibdi. Tavba-tavba deya gapirdi buni. Yig‘in qanday boshlangan bo‘lsa, shunday tez tugadi. Bir-ikki soatdan keyin Saida hovlida kuymalanib yurgandi, qulog‘iga skripkasining tovushi eshitilgandek bo‘ldi. Nuqul shunaqa. Qishloqqa kelsa, qarindosh-u qo‘shni bolalar hech nimani tushunmasa ham chalib ko‘rgisi keladi. Chaqalog‘i begonalar qo‘lida chinqirib yig‘layotgan onadek bolalarni urishib, skripkasini tortib oladi. Bu safar ham bitta-yarimtasi ko‘zimni shamg‘alat qilib, bechora cholg‘uni qiynayapti shekilli deb o‘yladi. Hovlidagi ishlarini tashlab, to‘g‘ri o‘sha xonaga chopdi. Qarasa…

Sadbar ko‘zlarini yumib, xotirasida uzuq-yuluq qolgan kuyni beo‘xshov tarzda chalishga urinayotgandi. Uyda ulardan boshqa hech kim yo‘q. Xona nim qorong‘i. Ayol chalarkan kuy butun hayotini qayta chizib berayotgandek nola qilardi. Bolaligi, orzulari, otasining kaltaklari… Shu joyiga kelganda skripkaning kamoni torlar uzra hivchinday tortilib ketardi. U o‘z qismati ustidan kulib, alamlarining boshini kamoncha bilan kesib-kesib olardi. Ro‘zg‘or, xiyonat, yo‘qchilik… G‘or, zulmat, gul… Kuy yangrarkan bir uning ko‘zlaridan, bir g‘or ichkarisidan tomchilar ovozi notalarga qo‘shilib ketardi. Simillab turgan bu og‘riqni qizining ovozi to‘xtatdi:

– Ona…

25

(Tashriflar: umumiy 102, bugungi 1)

Izoh qoldiring