Nozima Habibullayeva. Yangi she’rlar

07   Уни Тошкентда учратдим. Ўта нозик кўнгли ва синиқ чеҳраси билан хотирамга муҳрланди. Ана шундан кейин шеърларини жиддий, синчиклаб ўқийдиган, ўзимча таҳлил қиладиган бўлдим (Жонтемирнинг Ой. Нур. Изтироб. (Кузатувлар)» мақоласидан. Мақолани мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
02

***

Сукунатга тортилган тароқ,04
Тун ёйилар сочларимдек тим.
Деразамнинг остида ногоҳ
Серенада куйлаётган ким?

Куйлайдики, осмонингдан кел,
Ундан баланд ерларда ўлкам.
Сўзларига чайилар кўнгил,
Овозлари шунчалар ўктам.

Юлдузлардан тўкилар изҳор,
Тисарилиб боради парда.
Қор учқунлар, ўйнар эҳтимол
гитарасин тўлқинларида.

Кулгу босар кўзларимга лаб,
Шивирлайди декабрь саси.
Димоғимга урила бошлар
Ойнинг нафаси…

Тонг нуридан чалкашар йўлим,
Жон ҳапқирар!
Томоғимда чўғ…
Қўшиқ ўша…
Тутқичда қўлим.
Қаролмайман деразадан.
Йўқ!
Шивирлайман, сўроқдир балки
«Ҳонишларинг жонбахш ва сокин,
Юрагимнинг устида қалқиб
Серенада куйлаётган ким?»

ХОРАЗМ ДАФТАРИДАН

I
Сузиб кетган йўллар қайтади
Соҳилига етгач ортига.
Келажагим кутган-у тугаб
қолган мунис ўтмиш қайдадир…
Бир ўлка бор, ҳавоси ажам,
Сўқмоқлари қаварган бийдай.
Деворларин томиригача
Ва осмоннинг охиригача
мозий рангида…

II
Кечикдим.
тобора ичикдим сенга,
Тизланиб бордилар изларим тупроқ.
Шундоғам куймоққа куйинг тўйинган
Куйган ким кўпроқ?
Сенми Нуҳ кемаси чўккан қароргоҳ?
Нақшида кўзларим учраган девор.
Бунча қўлларимни титратасан, оҳ…
Мангуберди руҳи сачраган девор.
Ҳар зарра, ҳар томчи ичинда синиб
Оқшомда самога қулф урган дарё.
Тўлғона-а-тўлғона жигарбандини
Ори ё ёшига чўктирган дарё.
Зиналар тахланиб боради бунча,
Мозийга элтади ҳаёллар токай .
Чап кўксимда минг йил ўйноқлагунча,
Темур Малик қани ай, тулпорим, айт!
Полвон ўлкам менинг, фурсати саман,
Биламан, сиғмайсан очун – ғаладон .
Истасанг , оғриғинг яшаб бераман
Ичим қалъада.

III
Баланд миноранинг устига тушдим,
Қаердан, билмам.
Муаззин қулоғим очди, увушдим…
Кимман?
Ипак нафасларда яшамоқ йўли
Буюкми ёки
Кўтарсам қанотга айланар қўлим
Соки-и-ин…
Одамлар негадир нигоҳин илар
малоллаб.
Рўмолим учига қолар тугилиб
Саволлар.
Мен сени танийман, мана булар ким?
Ё ҳаммаси мен?
Чинданам мозийдан келдикми, Шоҳим?
Ёнимдаги Сен!
Замин кўзларингга – кўзимга чўкиб
Чизмиш харита.
Ё бизга айланди ўтмиш ва ёки
Қолдик тарихда.

IV
Лазгидадир япроқлар авжи баҳор устина,
Титроғи етгай Шом-у ва Қандаҳор устина.
Йироқлаб қийналдилар, қайроқда қайралдилар
Узун ўйим тахланмиш Калта минор устина .
Аллалаб қўймасидан майнинг майин еллари,
Бизни ёр элтмоқдадир соғинчи нор устина.
Эй муғанний, бу кеча сувворалар тинмасин,
Томиримни тортиб чал узилган тор устина
Лазгидадир япроқлар авжи баҳор устина…

V
Киприкларим тўкиб келдим йўлларига
Сояласин,
жонин оташ тутмасин деб
Найларимни экиб келдим чўлларига
Мендан кейин навосизлар ўтмасин деб.
Мен қизғанчиқ қизингманми
ёки ярминг?
Парихона тарафлардан келган туйқус.
Мен қўрқаман, ўша соқчи қамишларнинг
Кўзларига бир кун тўлиб қолар уйқу…

13.05.19

САККИЗЛИКЛАР

Қаҳратонда сирғалар ўйлар,
Уфқ қонини чизар ҳомаки.
Елкалари эзилган уйлар
Чекиб чиқар тунда тамаки.
Тирноқ сотар бўри. Осмон – юк,
Келолмайди қисматга тикка.
Балиқ сотиб ўтирган мушук
Чўкиб борар тирикчиликка…

***

Бу тўрт девор – мисоли қути,
Эшигини қидиради бахт.
Тўрт бурчакка қисилган қутб
Ва гулдонга сопқўйилган вақт.
То томгача зулмат қуйилган,
То тонггача тушлари ғижим,
Қанотлари михлаб қўйилган
Деразага айландим…

***

Баланд ҳислар тиланиб Ҳақдан,
Баланд парвоз айлайди руҳим.
Ҳатто тушкун сокинликда ҳам
Баланд эди менинг сукутим.
Савол – бўғзим куйдирар шағам
Сенку майли, паст кет, қил ҳузур.
Аммо
Илдизлари кўкда бўлсада
Нега ерга қараб ўсар нур?

***

Деразадан термулгум шарққа
Олис олис туюлар кун ҳам.
Ва кирланган кўнглимни чайқаб
Куй бўлар «Дурруди Муаззам».
Мафтун этар буткул ташқари
Бир ичкарим бор олисларда.
Учиб кетган нигоҳларимга
Қўлин чўзиб қолади парда…

***

Соябонлар – ернинг қандили,
Уни тутган чироқлар жонли.
Юрагингга кирар санчилиб
«Аммо…»
«Лекин…»
«Бироқ…»лар жонли.
Бўйларидан оласан таниб,
Мойчечаклар кийдиради тож.
Оқиб борар тунга айланиб
Кун қўлини теккизмаган соч…

***

Эй, мен кимлигини билмаганим, кел,
Икки минг ёшдаман ахир, сен жимсан.
Овозингга қурбон бўлмаганим, кел,
Кимсан?
Бир олов, бир денгиз хатлар юбординг –
Улар қанотини кўрсатди фақат.
Бир ширин, номъалум дардлар юбординг –
…Раҳмат.
Қадим битикларга битай сўзингни,
Орзуранг сўйлагин, Юракчан сўйла,
Соқов кўзларингдан олиб ўзимни
Атай уйқуга собтураман… сўйла!

***

Жазирама. Бўлиб норози,
Нафаслари қайтади куннинг.
Кўзларимга беркиниб мозий
Рангларини тинглайди дуннинг.
Ишкомларга илиниб қолган
Шивирлайди қушларнинг туши.
Ҳовуздаги оппоқ қайиқча
Тушиб қолган ойнинг ковуши.
Этикдўзнинг деразасидан
Айғоқчилик қилади дарахт.
Ернинг боши айланар бу дам
Қурбақалар сайрайди «вақт-вақт!»

***

Соғинч рангин хотирга қамаб
Тушгум ичим – парихонага.
Мозий сўзи янглишку,
«Ҳамма
йўллар элтади Фарғонага!»
Оёғимга сачрамаган лой
бўғзимда сўзмасми, дадажон?
Эртакдаги маликалардай
Улғайтган сизмасми, дадажон?…
Терганингиз қулупнайларнинг
Ифоридан этмасин ҳалос.
Қулоғимга сиз тақиб қўйган
Энг чиройли сирға – қўшгилос.
Бармоқларим қучмаган кетмон
Ва совуққа урмай қўлимни,
Бугун олис шаҳарда осон
Шамоллатиб қўйдим дилимни.
Ичикдимов водий рангига,
Довон юртин тахт бўш палласи.
Тун. Қулоғим остида янграб
уйғотади онам алласи.
Қўлим тутган фақат гул, қалам,
Эркаликларимни соғиндим.
Тополсайдим ушбу ерлардан
Жўхорили қўғирчоғимни…

8-НОТА

Бу деворлар – ўғри,
эркнинг қафаси
Табиатдан мени ўмарган.
Ҳаловатим бўғиб,
ютиб юборади нафасим…
Яшнатмоқчи бўлар яшириб
ёлғизликка кўмаркан.
Бу деворлар – ошиқ
кўзёшларимга,
Симириб-симириб ичар овозим.
Олов оҳларимда пишган ғиштлари,
Сувоқлари тақлид қилар сочларимга,
Ҳатто
Муштларимни ўпиб ўтмоққа рози.
Бу деворлар – ҳофиз.
Миллион йил ўтиб,
қайсидир авлодларимни уйғотади.
Сўнг уларга миллион йил
Суратимнинг ифорларини таратии-иб куйлайди
8-нотада!
Шунда…
Бу олам – Янги мусиқа!

***

Мусаффо кўзларнинг деразасидан
Чиқсанг-у ишқ қолса сендан аразлаб.
Суҳбатлаши-и-иб кетсанг соябон билан –
Одамлар тентак деб ўйлашса… мазза!
Ҳеч кимни севмасанг,
О қандайин эрк!
Сайр этсанг хазонранг поёндозларда.
Йўлингга кўз тикиб, сақлаганча кек
Узумлар йиғласа зардама-зарда.
О, бу Куз!
Бу ёмғир гурунгидаман,
Осмон қизғонаркан мени тобора.
Тобора томчилар ва япроқлар ҳам
Кўйлагим рангига қилар ишора.
Қуш эдим, ҳеч тутқич бермайдиган қуш
Қафаслар янгради ишқсизлик аро.
Келдинг-у, эй ўнгга айлангувчи туш,
Сен менга бу эркни кўрмадинг раво.

***

Қўлларимга қизил олов тутқазди у,
Миллион йиллар совқотмасам керак энди.
Ишончимни ютиб, дилин ютқазди у,
Кўксимдаги – кўксидаги юрак энди.
Мен номини билмайдиган ранглар билан
Сийратимни чизиб берди самоларга.
У куйлади, оҳангларга айландим-у,
Ҳаволарга сингиб кетдим, ҳаволарга.
Бир мусаффо сўзлар томди кўзларимдан,
Бу куз бунча яшиликка кўмилгандир?!
Яноғимдан, қароғимдан, сўроғимдан
Қуёш узиб олса бўлар тандир-тандир.
Қадамлари қутлуғмиди ё шунчалик
Ўйларимдан томиримга кўчди фараҳ.
Ўн саккиз минг олам билан жимирладик
Шивирлади қулоғимга исмини Бахт!

***

Ҳаяллади кўзимнинг ёши.
На-да қувонч келар онда йўқ.
Оғирмиди биллур Бахт тоши?!

Меъёридан ортиқ суйдикми?..
Кўзёш – олмос,
Кўзим – хазина.
Хазинани кўмиб қўйдикми?

Азизим, кет!..
Атай соғинтир.
Қалам билан қўлимдан тут сан,
Даҳшат ахир!
Ва ғоят оғир,
Наҳот энди йиғламай ўтсам?!

***

Садолар самодан келади шаксиз,
Хазонларни босиб ўтаман –
ингранади дарахтнинг учи…
Кўзларим қуёшнинг овозин ичур.
Кўзингга унинг нури-ла ботинимни
ёзиб,
ёзиб,
ёзиб ўтаман.
Сен уни битасан шеър қилиб,
«яшамаслик учун юраксиз».

Садолар самодан келади шаксиз,
Хусусан, денгизнинг қўшиғи – ёмғир,
Пахталар лаб очар булутлар ҳақда.
Чумоли юк ортиб бораркан шаҳдам –
Гулдирак – осмоннинг елкаси оғрир.
Яна…
Яна кўп мисоллар келтириш мумкин,
аммо, деяримки:
Мен-да самодан тиралам садо,
Сен уни ерларга сочма, азизим…

***

«Менинг кучим етмайди ахир
Ернинг тортишиш кучига»
Шаҳриёр ШАВКАТ

Ирмоқ эргашаркан дарёлар томон,
Дарёлар тўлдирар денгизнинг қўйнин.
Боши-ю охири майлику, чунон
Океан тополмай қолади бўйнин.

Аммо, кейин қайга кетар шунча сув –
Тўкилиб кетмасми айланганда ер?
Тортишиш кучи!
О, бунчалар қудрат
Тортилиб-тортилиб ёзиларми шеър.

Эй мани саҳрога етакловчи ким,
Шеърлар тўкилади бағрига кузнинг.
Эй маним ашкларим, увол дурларим,
Тортишиш кучингиз йўқмиди сизнинг?

***

Терилмаган қошим,
тўкмаган ёшим,
қаролмай – қарошим остида бор у.
Кулгичимга инган,
Ороми тинган,
Ёлғон дунёларнинг ростида бор у.

Ҳаёллар овунчоқ,
Совға кўзмунчоқ,
Асролмади туннинг кўзларидан-да
Қўлларимни тутган,
Ўзин унутган,
Қизил атиргуллар айлайди ҳанда.

Анҳор чорлаётир,
Баҳорлаётир,
Тонгни ортиб келар қуёш – ғилдирак.
Анҳор умидида,
Дийдор умидида
Қўлимга ўзини осади челак…

***

Тангри бир куч берса, йиқилган саринг
Бир елкангга дунё, бирига зора
онангнинг жамики изтиробларин
Ортсанггу, енгиллаб борсанг тобора.

Отанг сочидаги бари оқликни
Жами кўнгилларга тарқатиб чиқсанг.
Чумолини эзган, лайчадан қўрққан
Оёқларни фақат йиқитсанг, йиқсанг!

Муҳтожлик кўргазса фақат Ўзига
Инсоф бераверса токи тавбаранг,
рўмолингни ўраб, йиғлаб саждада
Ер билан қоришиб кетса пешонанг…

Ишқ берса,
Ишқ берса унда Ўзи жам,
Манглайингга бахтнинг нафаси етса.
Сўнг,
Шукр этсанг ожиза яратганига
Бошингни бир алпнинг елкаси тутса…
Яшасанг, дунёни унутсанг.

***

Денгизман!
тўлқинман!
ёмғир,
сувман,
сув!
Ҳар тонг деразангда пайдо бўламан.
Йиғлатма,
йиғлатсанг мук тушаман-у,
Кўзимдан тўкилиб адо бўламан.
Кипригим,
Кўпригим,
тириклигим – ишқ
Нигоҳларинг узра учар арғимчоқ.
Ҳар майда заррам-у йириклигим – ишқ
Муҳринг бор пешонам манзиллари оқ.
Навоман,
ҳавоман,
Ҳаввоман, ўйла,
Яшай оласанми четлаб аларни?
Сен уни тергин-у
умрингга бергин
Куйлаб ўт,
минг йиллик қўшиққа тенгман.
Қиёматга қадар саволимсан сен
Қиёматга қадар жавобинг менман!..

***

Денгизларни ичиб келди кўзларинг,
Осмонлар энгашиб турди елкангда.
Менга қай шевада сўзладинг,
Эй Ишқи банда?

Гўё зуҳросига ёнбошлади тоғ,
Бағрида вулқонлар пишқирди…
Худонинг йўлида севилмоқ, севмоқ
Ишқ эрди!

Қайси эртакдансан аё паҳлавон?
Бу ерларга излаб келгандинг кимни?
Айт, қандай кўтардинг ахир минг ботмон
Кўнглимни…

Не бахтки, денгизлар ичида ёндим,
Ахир денгиз
ва ёмғирдан яралмишман.
Ҳадикда тушлардан тушдим, уйғондим :
Мавжудсан!
Бу баланд ўнгимдан тушмам!…

***

Баландроқ кўтаринг осмонни,
Бошимга йиқилиб тушмасин.
Кўзингиз қадалган замонда
Кўзларим – дунёнинг тугмаси.

Ечилиб кетмасин саволлар,
Умидвор бўлмасин сағана.
Кўнглимиз мавлудин нишонлар
Фалакка ағана-аб-ағанаб.

Сўйламиш Кўҳи Қоф қушлари,
Сидралар эккувчи бизлигин.
Энг инжа сирларни ҳушладим,
Очмасдан сўз дегум, сиз дегум.

Ва бунда жонланар Беҳистун
Боғлардан таралмиш шеър иси.
Кўксингиз отида бир узун
Йўл босиб ўтгаймиз, йўл босиб.

Шамсинур аслида қаҳрабо,
Туннинг-да зарраси нурга тенг.
Шунчалар гўзалки қаҳратон
Ташрифи не кечар баҳорнинг?

***

Тўкилиб-тўкилиб борар дард,
Ўкиниб-ўкиниб томар шеър.
Чанқади сўзларим томири,
Нидо бер,
эй Томчи,
нидо бер.
Кипригим ҳилолни суябон
Толиқмиш.
Нафасинг гулоро.
Қанотин би-и-ир ёйсин соябон
Дилором ёмғирим, дилором!…
Мен тинай бўйингдан бўлиб маст,
Самонинг енглари беқасам.
Боқаман,
Ҳеч қачон қуримас
Ёмғирдан яралган дераза…

***

Билсанг, ранжга бегоналашдим,
Айтганингдек айландим ўзга.
Парилардан кулгу талашдим,
Баҳорлардан ўзганим ўзган.

Икки торга айландик қадим
Муҳаббатнинг дуторларида.
Ва ўзимни яшай бошладим
Шеърларингнинг ифорларида.

Ранглар шунча кўпмиди, наҳот,
Мўйқаламинг узиблар ўтма.
Дунга киприк қоқмайман!
Фақат
Сендан ранжиб қолмай,
қўрқитма…

Индамайман шунинг учун ҳам,
Сўзларимни кесиб бораман.
Ёмғир ювган сочларим билан
Ҳаёлингда эсиб бораман.

Сўнгра кулиб қўяман шўх-шаън,
Ҳабар кутиб уйқуйинг ярим.
Мудраётган мен, кўзларингдан
Тўкилади шаффоф тушларим…

***

Отажон, юзингга харита тушмиш,
Ҳар йўли бир довон, ҳар изи йиллар.
Бунда интиқ манзил – саодат кутмиш
Дуойинг – энг ҳушбўй чизгилар.
Манов далаларга тўкилар меҳринг,
Кетмон қўшиғидек, сув ва ҳаводек.
Дурранг қуримасдан, шимарганча енг
Экканинг ҳалоллик,
Терганинг ҳалоллик.
Мен ҳусн юқтирдим бунда онамдан,
Елкангга бош қўйдим, эркалик банди.
Сендан ҳақни севмоқ илмини ҳамда
Сабр санъатини ўргандим.
Дўппинг ифорини келтирди баҳор
Боргум, сочинг оқи қамалга шайдек.
Ростгўй одамларни соғиндим ахир,
Кўк чой дамлаб келай,
суҳбатлашайлик…

**

Ўн асрми, юз аср,
Каҳкашонлар узра сир.
Бир ғафлатки муттасил…
Ғорлар бу – мудраётган
Тоғларнинг ҳомузаси,
Уйғонасизми, йўқми?!
Узлатига босиб лаб,
Сукутга ўзин созлаб,
қақраётган овозлар,
Бир-бирига ўраниб
бетоб ётган қоғозлар,
Аё, Ҳазрати Сўзлар,
Аё, Ҳазрати Сўзлар,
Уйғонасизми, йўқми?!
Эй, соҳиби дилим як,
Умрим умрингиз ичра.
Минг йиллар у ёғидан
Минг йиллар бу ёғига
Қўшиқларимиз учар
Ва улар қанотидан
Томар анвойи чечак.
« Ҳақ ҳадяси – тақдирдан… »
Эртак айтгум минг кеча –
Уйғонасизми, йўқми?!
Ўртан-эй руҳи аюб,
Илоҳий туйғуларнинг,
Аржуманд кулгуларнинг,
Ифори нечук заиф?!
Субҳидамга юз чайиб,
Асл гулин тополмай,
Сандулочлар йиғлаюр!..
Уйғонасизми, йўқми?!
Эй! Покиза ранг қани?
Таъмасиз жаранг қани?
Осий сиёҳдонига,
Бегуноҳлар қонига
Чўмилмаган тонг қани?
Уйғонасизми, йўқми?!
Ўз онаси бир замон
алла айтгандан буён
Элиниб мудраётган,
Ҳалиям ухлаётган,
Аё, ғафлати инсон!
Уйғонасизми, йўқми?!

***

Мижжаларим қоқиб-қоқиб илик қилиб ейдими тун.
Кипригимни пилик қилар, кўзларимдан тўкилган ўт.
Қачон, қайда нола қилолган волаи бағри бутун?
Бутланиб боряпман наҳот?

Хато қилмоққа ҳаққим йўқ, буни билмоқлигим пайса,
Қаторлардан аввал изим, менинг аслим бу ҳолиммас.
Қанча ортга тисарилгай – нишонига урар найза,
Англамасинларки бунда сукунатим уззолиммас.

Сиз суясиз ва куясиз, бахтиёрлик аро мастман
Бунда ўзин йўқотмасми деб ўйингиз этманг тахир.
Агар керак бўлиб қолсам топмоқдан ҳавотирмасман –
Сизда бўламанку ахир!

***

Димоғингга кириб ишқ,
Бутун умр маст бўлсанг,
Ва ё тирилтириб ишқ
Руҳи забардаст бўлсанг.
Кўк ордай ўсаверса,
Туводай ўсаверсанг,
Фақатгина Раббинг ва
Расулингдан паст бўлсанг.
Сужуднинг хар беш вакти
Пешонанг этиб тақдим,
ЁР-ла учрашув вақти
Йўлга поёндоз бўлсанг.
Пардада турса жонинг
Ва ҳарир урса жонинг.
Икки дунё ҳаёнинг
Юзида пардоз бўлсанг.
Ҳақиқатда ўлмаган
Ва дунёга келмаган
Ҳали ҳеч ким билмаган
Қадимий овоз бўлсанг.
Энг бахтиёр йиғи, Эй!
Умримдан ортиғи, Эй
Тангримнинг тортиғи, Эй!
Ҳадясига хос бўлсанг.
Ҳоли хулвойим ичра,
Руҳи анвойим ичра,
Ёлғон дунёйим ичра,
Рост бўлсанг-о, рост бўлсанг!

***

Андалиблар ҳамалга музд-да
Тин олар ер – фазонинг моки.
Ва ям-яшил майсалар узра
китоб ўқиб берасиз сокин.
Ялпизларнинг ёқалари ҳўл –
кўзим юми-иб тинглаюрман жим.
Овозингиз тебрантирган ел
Қулоғимдан сизиб ўтади.
Соатларга кўчар мутолаа,
Намозшомга ижозатгача.
Ҳар гал алвон ё ҳуммор ҳолат
Назмдан то ҳикоятгача.
Мен – исмини билмаган Китоб,
Ҳабарим йўқдир илк Сўзимдан.
Бунда яшил умримиз узра
Ўқиб ўтинг менга ўзимни.

8.4.2019

***

Хиргойи тўкилган йўллар сокин-у
Киради, асирлар остона тутқун.
Қараса, столга қўйиб бошини
ухлаб қолган У.
Ўйлайди, «эҳтимол толиққан , ва ё
Ўзимми кечикиб келмоққа банди?
Ахир тозартсин деб ундаги хулё
Энг нафис тушларни олиб келгандим».
Сўнгра юлдузларни отганча шифтга
Изҳорлар тахлайди жавонга ҳазин.
Сочларига шўнғиб йўқолар-у ва
Шамолга айланиб кетар нафаси.
Ҳамон ухлаётир, киприги нарвон –
Юзига қўнган у биллур қушча ҳам.
Қошига қамарни келтирган замон
Шулъаси нур чалар бармоқларида
Ногоҳ туртинаркан кўзин ахтариб,
«Тонг!» деб аталган шеър!?
Во-оҳ, бўлиб қуюн!
Чирсиллатиб оқ қон томирларини
Кастюмини илиб чиқиб кетар Тун.

***

Дунё шундай азим, шундай қария.
Бир енги шоҳи-ю, бир енги жулдур.
Вовайло, ўзини Яратгангамас
Ўзин ичидаги қулларга қулдир.
Нима ҳам қиларди,
ёки тариқат
Тарки дунё деса…
Айлайди сабр.
Кўзларда ухлайди, авлодларига
Сўзи ўтмай қолган бечора каби.
Кўзи ҳира тортган яшаган сари
Ойнасин ошиқлар айлайди талош.
Тоғлар – кемшик тиши,
ковакларига
кириб қолиб то субҳ чиқолмас қуёш.
Бошида айланар оқ, қора соч – хат,
Жим кетар, белидай букри йўлидан.
Оёғидан тутиб турар қиёмат
Ва яна…ҳассаси шоир қўлида!

ОҚҚУШ

Мени тасвирлашди ўзимдан ортиқ,
Мени таҳрирлашди мафтункор, лекин,
Қўнганимдан кейин англадим, асли
Кўзгумга йўғрилган кўкмас кўллигин.
Қанотга айланиб бўлганди умрим,
Силтаб кетай десам қўлим йўқ эди.
Атай қолавердим, бошим эгиб жим,
Адашишдан бошқа йўлим йўқ эди.
Гарчи савол шакли қаддимга кўчган,
Қанотим пуфлаган нафасдек узун.
Бағрини тортқилаб учганим учган,
Уни осмонимга айлантирмоқчун.

…ГА
I
Ҳаяллар ҳаёлларим дайди,
Ифори муаллақ гулларнинг.
Тобора оқсайди, юрмайди,
Қуймичи эзилган кунларнинг.
Тунларнинг қўйнига чўғ эккан,
Соғинчки қадимий бир тугун.
Шундайин муҳташам йўқликка
Ҳалақит беради борлигим.
II
Чўкаётган туннинг белидан
Ўсиб чиққан бинолар фақат.
Нигоҳларинг қандилу шифтга
Ва ҳаддидан ошар ҳарорат.
Уйми, олис…
Ўзимдай олис.
Кўзқудуғим ичра оби соб.
Томиримда қидирганча ризқ
Танамда тонг оттирар офтоб.
III
Сипқориб боради шаббода найни
Куймаланиб юрар кўзда аланга.
Қиз бола пардалар ичра яшайди,
Нега, янга?
Ўзингни босасан чўғни босгандек,
Қасосми? Ҳаёга маҳкум ҳали ҳам.
Сочилиб кетади қанотларингдек
Сўнгра пар ёстиқдан олинган алам.

IV

…Ва ахийри дарз кетди борлиқ,
Ҳиққилдоқдан ўтди чаккалар.
Севгингни деб сендан-да содиқ
Ғуруримни қўйдим яккалаб.
Қайралади сукутдор бўғзим,
Хатоларинг сингари манман.
Кетай десам гуноҳи азим,
Нигоҳингга никоҳланганман.

***

Кўнглимки шарифа сукунатдадир,
Бирор сўз инмасин келгунингизча.
Боқсам аксингизда аксирган қадим
Кўзгулар синмасин келгунингизча.
Ўзингизга бунча ваҳмингиз бордир?
Манзилни топмоққа фаҳмингиз бордир?
Бахтли бўлмоқликка вақтингиз бордир?
Соатлар жилмасин келгунингизча.
Бароат кечасин этмиш мушарраф,
Ё Раб, кечир дедим, кечирдим Ё Раб,
Минг иймон тиладим қиблага қараб
Ва инсоф тиладим қиблага қараб…
Йўллар беркинмасин келгунингизча.
Менинг ранжларим рост, оғриқларим рост,
Ҳар томчи оғриқда борлиқларим рост,
Менимас, очунни сел олар холос,
Ёмғирлар тинмасин келгунингизча!

20.4.19

***

Тирнама эй, мутрабо, томирларим торин яна.
Ушбу торда мудрабон ки мушки анборим яна.
Сочилур эрса анинг бўйи уза асрор манинг
Ўзи ўзимми , сувайдойимга жо такрор манинг,
Руҳи наргис ўлмайин, райҳона ўйим бор манинг,
Жон бир урса чайқалур минг – жисми тановор манинг.
Бир нафас берса бу кўнгил – елга айлангай либос,
Бул либосга икки дунё руҳим интизор манинг,
Оҳангми о, ҳанг-у манг, етти товушда янграсам
Сабаъи сайёрадек етти томоним ёр манинг!..
Тирна ма, эй мутрабо, тори паришон сочларим
Оқласинлар ўзини тунларга нишон сочларим.
Бир наво қил, гунг дунёнинг шеваси бўлсин наво,
Энг сеҳргар андалибнинг беваси бўлсин наво,
Қақраган соғинч чўлининг теваси бўлсин наво,
Дилрабо бўлсин, тинимдан бенасиб бўлсин наво!
Йўлида саддона бўлдим тўкилиб ёмғир қиёс,
Ёшим -о уммон бўлур, Нуҳ кемаси бўлсин наво.
Қай куни келса сўнгакдан сур қилгил. Майлига,
Бир бора васли чун таъқиқ меваси бўлсин наво.
..Тирнама эй, мутрабо, томирларим торин яна.
Ушбу торда мудрабон ки мушки анборим яна…

05   Uni Toshkentda uchratdim. O’ta nozik ko’ngli va siniq chehrasi bilan xotiramga muhrlandi. Ana shundan keyin she’rlarini jiddiy, sinchiklab o’qiydigan, o’zimcha tahlil qiladigan bo’ldim (Jontemirning Oy. Nur. Iztirob. (Kuzatuvlar)» maqolasidan. Maqolani mana bu sahifada o’qishingiz mumkin).

Nozima HABIBULLAEVA
YANGI SHE’RLAR
011

***

Sukunatga tortilgan taroq,08
Tun yoyilar sochlarimdek tim.
Derazamning ostida nogoh
Serenada kuylayotgan kim?

Kuylaydiki, osmoningdan kel,
Undan baland yerlarda o’lkam.
So’zlariga chayilar ko’ngil,
Ovozlari shunchalar o’ktam.

Yulduzlardan to’kilar izhor,
Tisarilib boradi parda.
Qor uchqunlar, o’ynar ehtimol
gitarasin to’lqinlarida.

Kulgu bosar ko’zlarimga lab,
Shivirlaydi dekabrь sasi.
Dimog’imga urila boshlar
Oyning nafasi…

Tong nuridan chalkashar yo’lim,
Jon hapqirar!
Tomog’imda cho’g’…
Qo’shiq o’sha…
Tutqichda qo’lim.
Qarolmayman derazadan.
Yo’q!
Shivirlayman, so’roqdir balki
«Honishlaring jonbaxsh va sokin,
Yuragimning ustida qalqib
Serenada kuylayotgan kim?»

XORAZM DAFTARIDAN

I
Suzib ketgan yo’llar qaytadi
Sohiliga yetgach ortiga.
Kelajagim kutgan-u tugab
qolgan munis o’tmish qaydadir…
Bir o’lka bor, havosi ajam,
So’qmoqlari qavargan biyday.
Devorlarin tomirigacha
Va osmonning oxirigacha
moziy rangida…

II
Kechikdim.
tobora ichikdim senga,
Tizlanib bordilar izlarim tuproq.
Shundog’am kuymoqqa kuying to’yingan
Kuygan kim ko’proq?
Senmi Nuh kemasi cho’kkan qarorgoh?
Naqshida ko’zlarim uchragan devor.
Buncha qo’llarimni titratasan, oh…
Manguberdi ruhi sachragan devor.
Har zarra, har tomchi ichinda sinib
Oqshomda samoga qulf urgan daryo.
To’lg’ona-a-to’lg’ona jigarbandini
Ori yo yoshiga cho’ktirgan daryo.
Zinalar taxlanib boradi buncha,
Moziyga eltadi hayollar tokay .
Chap ko’ksimda ming yil o’ynoqlaguncha,
Temur Malik qani ay, tulporim, ayt!
Polvon o’lkam mening, fursati saman,
Bilaman, sig’maysan ochun – g’aladon .
Istasang , og’rig’ing yashab beraman
Ichim qal’ada.

III
Baland minoraning ustiga tushdim,
Qayerdan, bilmam.
Muazzin qulog’im ochdi, uvushdim…
Kimman?
Ipak nafaslarda yashamoq yo’li
Buyukmi yoki
Ko’tarsam qanotga aylanar qo’lim
Soki-i-in…
Odamlar negadir nigohin ilar
malollab.
Ro’molim uchiga qolar tugilib
Savollar.
Men seni taniyman, mana bular kim?
Yo hammasi men?
Chindanam moziydan keldikmi, Shohim?
Yonimdagi Sen!
Zamin ko’zlaringga – ko’zimga cho’kib
Chizmish xarita.
Yo bizga aylandi o’tmish va yoki
Qoldik tarixda.

IV
Lazgidadir yaproqlar avji bahor ustina,
Titrog’i yetgay Shom-u va Qandahor ustina.
Yiroqlab qiynaldilar, qayroqda qayraldilar
Uzun o’yim taxlanmish Kalta minor ustina .
Allalab qo’ymasidan mayning mayin yellari,
Bizni yor eltmoqdadir sog’inchi nor ustina.
Ey mug’anniy, bu kecha suvvoralar tinmasin,
Tomirimni tortib chal uzilgan tor ustina
Lazgidadir yaproqlar avji bahor ustina…

V
Kipriklarim to’kib keldim yo’llariga
Soyalasin,
jonin otash tutmasin deb
Naylarimni ekib keldim cho’llariga
Mendan keyin navosizlar o’tmasin deb.
Men qizg’anchiq qizingmanmi
yoki yarming?
Parixona taraflardan kelgan tuyqus.
Men qo’rqaman, o’sha soqchi qamishlarning
Ko’zlariga bir kun to’lib qolar uyqu…

13.05.19

SAKKIZLIKLAR

Qahratonda sirg’alar o’ylar,
Ufq qonini chizar homaki.
Yelkalari ezilgan uylar
Chekib chiqar tunda tamaki.
Tirnoq sotar bo’ri. Osmon – yuk,
Kelolmaydi qismatga tikka.
Baliq sotib o’tirgan mushuk
Cho’kib borar tirikchilikka…

***

Bu to’rt devor – misoli quti,
Eshigini qidiradi baxt.
To’rt burchakka qisilgan qutb
Va guldonga sopqo’yilgan vaqt.
To tomgacha zulmat quyilgan,
To tonggacha tushlari g’ijim,
Qanotlari mixlab qo’yilgan
Derazaga aylandim…

***

Baland hislar tilanib Haqdan,
Baland parvoz aylaydi ruhim.
Hatto tushkun sokinlikda ham
Baland edi mening sukutim.
Savol – bo’g’zim kuydirar shag’am
Senku mayli, past ket, qil huzur.
Ammo
Ildizlari ko’kda bo’lsada
Nega yerga qarab o’sar nur?

***

Derazadan termulgum sharqqa
Olis olis tuyular kun ham.
Va kirlangan ko’nglimni chayqab
Kuy bo’lar «Durrudi Muazzam».
Maftun etar butkul tashqari
Bir ichkarim bor olislarda.
Uchib ketgan nigohlarimga
Qo’lin cho’zib qoladi parda…

***

Soyabonlar – yerning qandili,
Uni tutgan chiroqlar jonli.
Yuragingga kirar sanchilib
«Ammo…»
«Lekin…»
«Biroq…»lar jonli.
Bo’ylaridan olasan tanib,
Moychechaklar kiydiradi toj.
Oqib borar tunga aylanib
Kun qo’lini tekkizmagan soch…

***

Ey, men kimligini bilmaganim, kel,
Ikki ming yoshdaman axir, sen jimsan.
Ovozingga qurbon bo’lmaganim, kel,
Kimsan?
Bir olov, bir dengiz xatlar yubording –
Ular qanotini ko’rsatdi faqat.
Bir shirin, nom’alum dardlar yubording –
…Rahmat.
Qadim bitiklarga bitay so’zingni,
Orzurang so’ylagin, Yurakchan so’yla,
Soqov ko’zlaringdan olib o’zimni
Atay uyquga sobturaman… so’yla!

***

Jazirama. Bo’lib norozi,
Nafaslari qaytadi kunning.
Ko’zlarimga berkinib moziy
Ranglarini tinglaydi dunning.
Ishkomlarga ilinib qolgan
Shivirlaydi qushlarning tushi.
Hovuzdagi oppoq qayiqcha
Tushib qolgan oyning kovushi.
Etikdo’zning derazasidan
Ayg’oqchilik qiladi daraxt.
Yerning boshi aylanar bu dam
Qurbaqalar sayraydi «vaqt-vaqt!»

***

Sog’inch rangin xotirga qamab
Tushgum ichim – parixonaga.
Moziy so’zi yanglishku,
«Hamma
yo’llar eltadi Farg’onaga!»
Oyog’imga sachramagan loy
bo’g’zimda so’zmasmi, dadajon?
Ertakdagi malikalarday
Ulg’aytgan sizmasmi, dadajon?…
Terganingiz qulupnaylarning
Iforidan etmasin halos.
Qulog’imga siz taqib qo’ygan
Eng chiroyli sirg’a – qo’shgilos.
Barmoqlarim quchmagan ketmon
Va sovuqqa urmay qo’limni,
Bugun olis shaharda oson
Shamollatib qo’ydim dilimni.
Ichikdimov vodiy rangiga,
Dovon yurtin taxt bo’sh pallasi.
Tun. Qulog’im ostida yangrab
uyg’otadi onam allasi.
Qo’lim tutgan faqat gul, qalam,
Erkaliklarimni sog’indim.
Topolsaydim ushbu yerlardan
Jo’xorili qo’g’irchog’imni…

8-NOTA

Bu devorlar – o’g’ri,
erkning qafasi
Tabiatdan meni o’margan.
Halovatim bo’g’ib,
yutib yuboradi nafasim…
Yashnatmoqchi bo’lar yashirib
yolg’izlikka ko’markan.
Bu devorlar – oshiq
ko’zyoshlarimga,
Simirib-simirib ichar ovozim.
Olov ohlarimda pishgan g’ishtlari,
Suvoqlari taqlid qilar sochlarimga,
Hatto
Mushtlarimni o’pib o’tmoqqa rozi.
Bu devorlar – hofiz.
Million yil o’tib,
qaysidir avlodlarimni uyg’otadi.
So’ng ularga million yil
Suratimning iforlarini taratii-ib kuylaydi
8-notada!
Shunda…
Bu olam – Yangi musiqa!

***

Musaffo ko’zlarning derazasidan
Chiqsang-u ishq qolsa sendan arazlab.
Suhbatlashi-i-ib ketsang soyabon bilan –
Odamlar tentak deb o’ylashsa… mazza!
Hech kimni sevmasang,
O qandayin erk!
Sayr etsang xazonrang poyondozlarda.
Yo’lingga ko’z tikib, saqlagancha kek
Uzumlar yig’lasa zardama-zarda.
O, bu Kuz!
Bu yomg’ir gurungidaman,
Osmon qizg’onarkan meni tobora.
Tobora tomchilar va yaproqlar ham
Ko’ylagim rangiga qilar ishora.
Qush edim, hech tutqich bermaydigan qush
Qafaslar yangradi ishqsizlik aro.
Kelding-u, ey o’ngga aylanguvchi tush,
Sen menga bu erkni ko’rmading ravo.

***

Qo’llarimga qizil olov tutqazdi u,
Million yillar sovqotmasam kerak endi.
Ishonchimni yutib, dilin yutqazdi u,
Ko’ksimdagi – ko’ksidagi yurak endi.
Men nomini bilmaydigan ranglar bilan
Siyratimni chizib berdi samolarga.
U kuyladi, ohanglarga aylandim-u,
Havolarga singib ketdim, havolarga.
Bir musaffo so’zlar tomdi ko’zlarimdan,
Bu kuz buncha yashilikka ko’milgandir?!
Yanog’imdan, qarog’imdan, so’rog’imdan
Quyosh uzib olsa bo’lar tandir-tandir.
Qadamlari qutlug’midi yo shunchalik
O’ylarimdan tomirimga ko’chdi farah.
O’n sakkiz ming olam bilan jimirladik
Shivirladi qulog’imga ismini Baxt!

***

Hayalladi ko’zimning yoshi.
Na-da quvonch kelar onda yo’q.
Og’irmidi billur Baxt toshi?!

Me’yoridan ortiq suydikmi?..
Ko’zyosh – olmos,
Ko’zim – xazina.
Xazinani ko’mib qo’ydikmi?

Azizim, ket!..
Atay sog’intir.
Qalam bilan qo’limdan tut san,
Dahshat axir!
Va g’oyat og’ir,
Nahot endi yig’lamay o’tsam?!

***

Sadolar samodan keladi shaksiz,
Xazonlarni bosib o’taman –
ingranadi daraxtning uchi…
Ko’zlarim quyoshning ovozin ichur.
Ko’zingga uning nuri-la botinimni
yozib,
yozib,
yozib o’taman.
Sen uni bitasan she’r qilib,
«yashamaslik uchun yuraksiz».

Sadolar samodan keladi shaksiz,
Xususan, dengizning qo’shig’i – yomg’ir,
Paxtalar lab ochar bulutlar haqda.
Chumoli yuk ortib borarkan shahdam –
Guldirak – osmonning yelkasi og’rir.
Yana…
Yana ko’p misollar keltirish mumkin,
ammo, deyarimki:
Men-da samodan tiralam sado,
Sen uni yerlarga sochma, azizim…

***

«Mening kuchim yetmaydi axir
Yerning tortishish kuchiga»
Shahriyor ShAVKAT
Irmoq ergasharkan daryolar tomon,
Daryolar to’ldirar dengizning qo’ynin.
Boshi-yu oxiri mayliku, chunon
Okean topolmay qoladi bo’ynin.

Ammo, keyin qayga ketar shuncha suv –
To’kilib ketmasmi aylanganda yer?
Tortishish kuchi!
O, bunchalar qudrat
Tortilib-tortilib yozilarmi she’r.

Ey mani sahroga yetaklovchi kim,
She’rlar to’kiladi bag’riga kuzning.
Ey manim ashklarim, uvol durlarim,
Tortishish kuchingiz yo’qmidi sizning?

***

Terilmagan qoshim,
to’kmagan yoshim,
qarolmay – qaroshim ostida bor u.
Kulgichimga ingan,
Oromi tingan,
Yolg’on dunyolarning rostida bor u.

Hayollar ovunchoq,
Sovg’a ko’zmunchoq,
Asrolmadi tunning ko’zlaridan-da
Qo’llarimni tutgan,
O’zin unutgan,
Qizil atirgullar aylaydi handa.

Anhor chorlayotir,
Bahorlayotir,
Tongni ortib kelar quyosh – g’ildirak.
Anhor umidida,
Diydor umidida
Qo’limga o’zini osadi chelak…

***

Tangri bir kuch bersa, yiqilgan saring
Bir yelkangga dunyo, biriga zora
onangning jamiki iztiroblarin
Ortsanggu, yengillab borsang tobora.

Otang sochidagi bari oqlikni
Jami ko’ngillarga tarqatib chiqsang.
Chumolini ezgan, laychadan qo’rqqan
Oyoqlarni faqat yiqitsang, yiqsang!

Muhtojlik ko’rgazsa faqat O’ziga
Insof beraversa toki tavbarang,
ro’molingni o’rab, yig’lab sajdada
Yer bilan qorishib ketsa peshonang…

Ishq bersa,
Ishq bersa unda O’zi jam,
Manglayingga baxtning nafasi yetsa.
So’ng,
Shukr etsang ojiza yaratganiga
Boshingni bir alpning yelkasi tutsa…
Yashasang, dunyoni unutsang.

***

Dengizman!
to’lqinman!
yomg’ir,
suvman,
suv!
Har tong derazangda paydo bo’laman.
Yig’latma,
yig’latsang muk tushaman-u,
Ko’zimdan to’kilib ado bo’laman.
Kiprigim,
Ko’prigim,
tirikligim – ishq
Nigohlaring uzra uchar arg’imchoq.
Har mayda zarram-u yirikligim – ishq
Muhring bor peshonam manzillari oq.
Navoman,
havoman,
Havvoman, o’yla,
Yashay olasanmi chetlab alarni?
Sen uni tergin-u
umringga bergin
Kuylab o’t,
ming yillik qo’shiqqa tengman.
Qiyomatga qadar savolimsan sen
Qiyomatga qadar javobing menman!..

***

Dengizlarni ichib keldi ko’zlaring,
Osmonlar engashib turdi yelkangda.
Menga qay shevada so’zlading,
Ey Ishqi banda?

Go’yo zuhrosiga yonboshladi tog’,
Bag’rida vulqonlar pishqirdi…
Xudoning yo’lida sevilmoq, sevmoq
Ishq erdi!

Qaysi ertakdansan ayo pahlavon?
Bu yerlarga izlab kelganding kimni?
Ayt, qanday ko’tarding axir ming botmon
Ko’nglimni…

Ne baxtki, dengizlar ichida yondim,
Axir dengiz
va yomg’irdan yaralmishman.
Hadikda tushlardan tushdim, uyg’ondim :
Mavjudsan!
Bu baland o’ngimdan tushmam!…

***

Balandroq ko’taring osmonni,
Boshimga yiqilib tushmasin.
Ko’zingiz qadalgan zamonda
Ko’zlarim – dunyoning tugmasi.

Yechilib ketmasin savollar,
Umidvor bo’lmasin sag’ana.
Ko’nglimiz mavludin nishonlar
Falakka ag’ana-ab-ag’anab.

So’ylamish Ko’hi Qof qushlari,
Sidralar ekkuvchi bizligin.
Eng inja sirlarni hushladim,
Ochmasdan so’z degum, siz degum.

Va bunda jonlanar Behistun
Bog’lardan taralmish she’r isi.
Ko’ksingiz otida bir uzun
Yo’l bosib o’tgaymiz, yo’l bosib.

Shamsinur aslida qahrabo,
Tunning-da zarrasi nurga teng.
Shunchalar go’zalki qahraton
Tashrifi ne kechar bahorning?

***

To’kilib-to’kilib borar dard,
O’kinib-o’kinib tomar she’r.
Chanqadi so’zlarim tomiri,
Nido ber,
ey Tomchi,
nido ber.
Kiprigim hilolni suyabon
Toliqmish.
Nafasing guloro.
Qanotin bi-i-ir yoysin soyabon
Dilorom yomg’irim, dilorom!…
Men tinay bo’yingdan bo’lib mast,
Samoning yenglari beqasam.
Boqaman,
Hech qachon qurimas
Yomg’irdan yaralgan deraza…

***

Bilsang, ranjga begonalashdim,
Aytganingdek aylandim o’zga.
Parilardan kulgu talashdim,
Bahorlardan o’zganim o’zgan.

Ikki torga aylandik qadim
Muhabbatning dutorlarida.
Va o’zimni yashay boshladim
She’rlaringning iforlarida.

Ranglar shuncha ko’pmidi, nahot,
Mo’yqalaming uziblar o’tma.
Dunga kiprik qoqmayman!
Faqat
Sendan ranjib qolmay,
qo’rqitma…

Indamayman shuning uchun ham,
So’zlarimni kesib boraman.
Yomg’ir yuvgan sochlarim bilan
Hayolingda esib boraman.

So’ngra kulib qo’yaman sho’x-sha’n,
Habar kutib uyquying yarim.
Mudrayotgan men, ko’zlaringdan
To’kiladi shaffof tushlarim…

***

Otajon, yuzingga xarita tushmish,
Har yo’li bir dovon, har izi yillar.
Bunda intiq manzil – saodat kutmish
Duoying – eng hushbo’y chizgilar.
Manov dalalarga to’kilar mehring,
Ketmon qo’shig’idek, suv va havodek.
Durrang qurimasdan, shimargancha yeng
Ekkaning halollik,
Terganing halollik.
Men husn yuqtirdim bunda onamdan,
Yelkangga bosh qo’ydim, erkalik bandi.
Sendan haqni sevmoq ilmini hamda
Sabr san’atini o’rgandim.
Do’pping iforini keltirdi bahor
Borgum, soching oqi qamalga shaydek.
Rostgo’y odamlarni sog’indim axir,
Ko’k choy damlab kelay,
suhbatlashaylik…

**

O’n asrmi, yuz asr,
Kahkashonlar uzra sir.
Bir g’aflatki muttasil…
G’orlar bu – mudrayotgan
Tog’larning homuzasi,
Uyg’onasizmi, yo’qmi?!
Uzlatiga bosib lab,
Sukutga o’zin sozlab,
qaqrayotgan ovozlar,
Bir-biriga o’ranib
betob yotgan qog’ozlar,
Ayo, Hazrati So’zlar,
Ayo, Hazrati So’zlar,
Uyg’onasizmi, yo’qmi?!
Ey, sohibi dilim yak,
Umrim umringiz ichra.
Ming yillar u yog’idan
Ming yillar bu yog’iga
Qo’shiqlarimiz uchar
Va ular qanotidan
Tomar anvoyi chechak.
« Haq hadyasi – taqdirdan… »
Ertak aytgum ming kecha –
Uyg’onasizmi, yo’qmi?!
O’rtan-ey ruhi ayub,
Ilohiy tuyg’ularning,
Arjumand kulgularning,
Ifori nechuk zaif?!
Subhidamga yuz chayib,
Asl gulin topolmay,
Sandulochlar yig’layur!..
Uyg’onasizmi, yo’qmi?!
Ey! Pokiza rang qani?
Ta’masiz jarang qani?
Osiy siyohdoniga,
Begunohlar qoniga
Cho’milmagan tong qani?
Uyg’onasizmi, yo’qmi?!
O’z onasi bir zamon
alla aytgandan buyon
Elinib mudrayotgan,
Haliyam uxlayotgan,
Ayo, g’aflati inson!
Uyg’onasizmi, yo’qmi?!

***

Mijjalarim qoqib-qoqib ilik qilib yeydimi tun.
Kiprigimni pilik qilar, ko’zlarimdan to’kilgan o’t.
Qachon, qayda nola qilolgan volai bag’ri butun?
Butlanib boryapman nahot?

Xato qilmoqqa haqqim yo’q, buni bilmoqligim paysa,
Qatorlardan avval izim, mening aslim bu holimmas.
Qancha ortga tisarilgay – nishoniga urar nayza,
Anglamasinlarki bunda sukunatim uzzolimmas.

Siz suyasiz va kuyasiz, baxtiyorlik aro mastman
Bunda o’zin yo’qotmasmi deb o’yingiz etmang taxir.
Agar kerak bo’lib qolsam topmoqdan havotirmasman –
Sizda bo’lamanku axir!

***

Dimog’ingga kirib ishq,
Butun umr mast bo’lsang,
Va yo tiriltirib ishq
Ruhi zabardast bo’lsang.
Ko’k orday o’saversa,
Tuvoday o’saversang,
Faqatgina Rabbing va
Rasulingdan past bo’lsang.
Sujudning xar besh vakti
Peshonang etib taqdim,
YoR-la uchrashuv vaqti
Yo’lga poyondoz bo’lsang.
Pardada tursa joning
Va harir ursa joning.
Ikki dunyo hayoning
Yuzida pardoz bo’lsang.
Haqiqatda o’lmagan
Va dunyoga kelmagan
Hali hech kim bilmagan
Qadimiy ovoz bo’lsang.
Eng baxtiyor yig’i, Ey!
Umrimdan ortig’i, Ey
Tangrimning tortig’i, Ey!
Hadyasiga xos bo’lsang.
Holi xulvoyim ichra,
Ruhi anvoyim ichra,
Yolg’on dunyoyim ichra,
Rost bo’lsang-o, rost bo’lsang!

***

Andaliblar hamalga muzd-da
Tin olar yer – fazoning moki.
Va yam-yashil maysalar uzra
kitob o’qib berasiz sokin.
Yalpizlarning yoqalari ho’l –
ko’zim yumi-ib tinglayurman jim.
Ovozingiz tebrantirgan yel
Qulog’imdan sizib o’tadi.
Soatlarga ko’char mutolaa,
Namozshomga ijozatgacha.
Har gal alvon yo hummor holat
Nazmdan to hikoyatgacha.
Men – ismini bilmagan Kitob,
Habarim yo’qdir ilk So’zimdan.
Bunda yashil umrimiz uzra
O’qib o’ting menga o’zimni.

8.4.2019

***

Xirgoyi to’kilgan yo’llar sokin-u
Kiradi, asirlar ostona tutqun.
Qarasa, stolga qo’yib boshini
uxlab qolgan U.
O’ylaydi, «ehtimol toliqqan , va yo
O’zimmi kechikib kelmoqqa bandi?
Axir tozartsin deb undagi xulyo
Eng nafis tushlarni olib kelgandim».
So’ngra yulduzlarni otgancha shiftga
Izhorlar taxlaydi javonga hazin.
Sochlariga sho’ng’ib yo’qolar-u va
Shamolga aylanib ketar nafasi.
Hamon uxlayotir, kiprigi narvon –
Yuziga qo’ngan u billur qushcha ham.
Qoshiga qamarni keltirgan zamon
Shul’asi nur chalar barmoqlarida
Nogoh turtinarkan ko’zin axtarib,
«Tong!» deb atalgan she’r!?
Vo-oh, bo’lib quyun!
Chirsillatib oq qon tomirlarini
Kastyumini ilib chiqib ketar Tun.

***

Dunyo shunday azim, shunday qariya.
Bir yengi shohi-yu, bir yengi juldur.
Vovaylo, o’zini Yaratgangamas
O’zin ichidagi qullarga quldir.
Nima ham qilardi,
yoki tariqat
Tarki dunyo desa…
Aylaydi sabr.
Ko’zlarda uxlaydi, avlodlariga
So’zi o’tmay qolgan bechora kabi.
Ko’zi hira tortgan yashagan sari
Oynasin oshiqlar aylaydi talosh.
Tog’lar – kemshik tishi,
kovaklariga
kirib qolib to subh chiqolmas quyosh.
Boshida aylanar oq, qora soch – xat,
Jim ketar, beliday bukri yo’lidan.
Oyog’idan tutib turar qiyomat
Va yana…hassasi shoir qo’lida!

OQQUSh

Meni tasvirlashdi o’zimdan ortiq,
Meni tahrirlashdi maftunkor, lekin,
Qo’nganimdan keyin angladim, asli
Ko’zgumga yo’g’rilgan ko’kmas ko’lligin.
Qanotga aylanib bo’lgandi umrim,
Siltab ketay desam qo’lim yo’q edi.
Atay qolaverdim, boshim egib jim,
Adashishdan boshqa yo’lim yo’q edi.
Garchi savol shakli qaddimga ko’chgan,
Qanotim puflagan nafasdek uzun.
Bag’rini tortqilab uchganim uchgan,
Uni osmonimga aylantirmoqchun.

…GA
I
Hayallar hayollarim daydi,
Ifori muallaq gullarning.
Tobora oqsaydi, yurmaydi,
Quymichi ezilgan kunlarning.
Tunlarning qo’yniga cho’g’ ekkan,
Sog’inchki qadimiy bir tugun.
Shundayin muhtasham yo’qlikka
Halaqit beradi borligim.
II
Cho’kayotgan tunning belidan
O’sib chiqqan binolar faqat.
Nigohlaring qandilu shiftga
Va haddidan oshar harorat.
Uymi, olis…
O’zimday olis.
Ko’zqudug’im ichra obi sob.
Tomirimda qidirgancha rizq
Tanamda tong ottirar oftob.
III
Sipqorib boradi shabboda nayni
Kuymalanib yurar ko’zda alanga.
Qiz bola pardalar ichra yashaydi,
Nega, yanga?
O’zingni bosasan cho’g’ni bosgandek,
Qasosmi? Hayoga mahkum hali ham.
Sochilib ketadi qanotlaringdek
So’ngra par yostiqdan olingan alam.

IV

…Va axiyri darz ketdi borliq,
Hiqqildoqdan o’tdi chakkalar.
Sevgingni deb sendan-da sodiq
G’ururimni qo’ydim yakkalab.
Qayraladi sukutdor bo’g’zim,
Xatolaring singari manman.
Ketay desam gunohi azim,
Nigohingga nikohlanganman.

***

Ko’nglimki sharifa sukunatdadir,
Biror so’z inmasin kelguningizcha.
Boqsam aksingizda aksirgan qadim
Ko’zgular sinmasin kelguningizcha.
O’zingizga buncha vahmingiz bordir?
Manzilni topmoqqa fahmingiz bordir?
Baxtli bo’lmoqlikka vaqtingiz bordir?
Soatlar jilmasin kelguningizcha.
Baroat kechasin etmish musharraf,
Yo Rab, kechir dedim, kechirdim Yo Rab,
Ming iymon tiladim qiblaga qarab
Va insof tiladim qiblaga qarab…
Yo’llar berkinmasin kelguningizcha.
Mening ranjlarim rost, og’riqlarim rost,
Har tomchi og’riqda borliqlarim rost,
Menimas, ochunni sel olar xolos,
Yomg’irlar tinmasin kelguningizcha!

20.4.19

***

Tirnama ey, mutrabo, tomirlarim torin yana.
Ushbu torda mudrabon ki mushki anborim yana.
Sochilur ersa aning bo’yi uza asror maning
O’zi o’zimmi , suvaydoyimga jo takror maning,
Ruhi nargis o’lmayin, rayhona o’yim bor maning,
Jon bir ursa chayqalur ming – jismi tanovor maning.
Bir nafas bersa bu ko’ngil – yelga aylangay libos,
Bul libosga ikki dunyo ruhim intizor maning,
Ohangmi o, hang-u mang, yetti tovushda yangrasam
Saba’i sayyoradek yetti tomonim yor maning!..
Tirna ma, ey mutrabo, tori parishon sochlarim
Oqlasinlar o’zini tunlarga nishon sochlarim.
Bir navo qil, gung dunyoning shevasi bo’lsin navo,
Eng sehrgar andalibning bevasi bo’lsin navo,
Qaqragan sog’inch cho’lining tevasi bo’lsin navo,
Dilrabo bo’lsin, tinimdan benasib bo’lsin navo!
Yo’lida saddona bo’ldim to’kilib yomg’ir qiyos,
Yoshim -o ummon bo’lur, Nuh kemasi bo’lsin navo.
Qay kuni kelsa so’ngakdan sur qilgil. Mayliga,
Bir bora vasli chun ta’qiq mevasi bo’lsin navo.
..Tirnama ey, mutrabo, tomirlarim torin yana.
Ushbu torda mudrabon ki mushki anborim yana…

046

(Tashriflar: umumiy 487, bugungi 1)

Izoh qoldiring