Jontemir. Oy. Nur. Iztirob. Kuzatuvlar

044    Мен сизга ой тасвири билан боғлиқ ташбеҳлар ясашни кўрсатиб қўймоқчи эмасман! Бутун бошли шеърдан айириб олинган сатр ҳеч нарсани англатмаслиги ёки айни вақтда ҳаммасини кўрсатиб бериши мумкиндир, фақат менинг мақсадим бўлак. Мақсадим тенгқурларим орасида ажралиб, учқунлаб турган ёш шоиралар ижоди ҳақда икки оғиз (мақтов ва танқиддан ҳоли) холис фикр юритишга жазм этдим.

ЖОНТЕМИР
ОЙ. НУР. ИЗТИРОБ
Кузатувлар
003

ОЙ

…Ой гулчамбар тўқир бармоқларимдан…
…Ойнинг кулгучларидан
Сизиб чиқар ўлик тун…
…Ой — қақнус пат…

Мен сизга ой тасвири билан боғлиқ ташбеҳлар ясашни кўрсатиб қўймоқчи эмасман! Бутун бошли шеърдан айириб олинган сатр ҳеч нарсани англатмаслиги ёки айни вақтда ҳаммасини кўрсатиб бериши мумкиндир, фақат менинг мақсадим бўлак. Мақсадим тенгқурларим орасида ажралиб, учқунлаб турган ёш шоиралар ижоди ҳақда икки оғиз (мақтов ва танқиддан ҳоли) холис фикр юритишга жазм этдим. Энди илдизга кўчамиз, эшитинг:

…Оппоқ этик кийган сулув дарахтлар
Базмида учрашган эдик биз илк бор.
Нечун паришонсан, тутқун ўйларнинг
Қафасини чил-чил синдириб юбор…

044Ой тимсолига беркилган Мадина Норчаеванинг муросасиз характери, у ҳақда нимадир қоралашга ундади мени. Шоира билан азалдан танишлигимиз бор гап, лекин бу, қайсарлигимни енгиб, унинг ижодини «кўз-кўз» қилишимга икки дунё сабаб бўла олмайди. Шунчаки тан олишни биламан холос.

…Ойнинг нигоҳидан учган пари қуш
Туннинг тушларини тўзғитган сабо.
Тоғлар – замин тилин боғлаб турган тиш
Чуғирласам жонинг оғрирми дунё…

Баъзида ўйлаб қоламан, Мадина, сен ўғил бола бўлиб дунёга келишинг керак эди! Негаки шеърларингда аёллик нафосатидан кўра, мағрур оҳанглар бирламчи, деярли барча ёзуқларингда жанговарлик бўртиб турадики, сени танимаган, шеърларинг остида исмингни ўқимаган киши, ҳеч шубҳасиз бу шеърларни кучли жинс вакили ёзган дея хулоса ясайди.

О, апрел…
Даштнинг лабларига тошади учуқ,
Саждадан бошини кўтарса қирлар.
Дарбадар ўғилдек куттирди бунча,
Она тупроғини кўҳна ёмғирлар…

Мен тоққа яқин ерда ўсганман, сен туғилган Чироқчининг бийдай далалари бегона менга. Аммо тасвирларинг… бир думалаб (аслида ҳам шундайман) ўша даласини соғинтирган ёмғир – дарбадар ўғилга айланаману, лаблари ёрилиб ётган дўнгликларга ёға бошлайман шовуллаб. Ва ўзим учун чиқарган – «шоирнинг жинси бўлиши шарт» деган қатий қароримга путур етгандай бўлади гўё.

…Қалдирғочман
Кесиб учдим кўнглинг занжирларини
Тутқун ҳисларингга келтирдим шараф.
Элчилик онимда баҳорни сезсанг
Мен кузни ўйлайман кўзингга қараб…

Шоир ғалати мавжудот. Масалан сен, кенгликда туғилгансану тағин торликка талпиниб – Тошкентга келдинг. Ердан тувакка кўчирилган гулдай анча довдираб юрдинг бу шаҳарда. Аллақайда ўқигандим: Есенин бир умр шаҳарга талпингану аммо етиб боролмаган. Нима деб ўйлайсан, манзилга «етиб бориш» шунчалик муҳимми?!

Адашмасам 2014 – йил, Қашқадарё ҳокимияти биносида жойлашган «Баркамол авлод» газетасида ишлар, ўшанда илкинчи машқларингни нашрга тайёрлаб бергандим. Унда мен Мадинани танимасдим. Хайриятки ўзингдан олдин шеърларингни таниганман. Ишонавер, бу сенинг ютуғинг! Ҳазил… Қисқаси Тошкентдасан ва ниҳоят яна портладинг:

…Чайқаб юбор жом ичинда тирилсин май…

Халқда «оғзи полвон» деган ибора бор. Бугун «оғзи шоир»лар урчиб кетди. Ҳадисда «ҳали шундай кунлар келадики, ҳатто Аллоҳ деган сўз ҳам авом тугул имомларнинг бўғзидан чиқади» дейилади. Тушунаяпсанми, юрагидан эмас, бўғзидан! Шоирлик ҳам руҳда акс этади. Сенинг руҳинг эса шак-шубҳасиз бақувват. Сатрдаги жом – вужудинг бўлса, май – руҳингдир. Уни чайқаб юборишни тиланаётганинг – Аллоҳ! Кўринишингдан динамитга ўхшайсан, ўзи кичкинаю портласа…

Шоир ва Шеър тушунчаси охирги ўн йилликда шу қадар пастлашиб кетдики, энди уни юқорига олиб чиқиш учун камида Абдулло Ориф керак. Янада жўн айтганда бирлашиш лозим. Ҳақиқий истеъдод тан олиш ва эътироф этишдан чўчимайди. Ўшандагина катта адабиёт яратиш мумкин.

…Ой гулчамбар тўқир бармоқларимдан,
Эркимни юлдузлар чўқир бетиним.
Мени танидингми, ҳар баҳор
бедор,
Боғингда унгувчи майса мен эдим…

Ой, ой, ой… кўп ўйладим бу тўғрида. Жуда кўп. Нега айнан ой? Нега унга қайта-қайта мурожаат қилаверасан?! Ва топдим! Агар характерингдан келиб чиққаним, изланишларим хулосаси тўғри чиқса, ой – танҳолик рамзи. У осмон тоқига қадам ранжида қилганда, юлдузлар мум тишлаб қолишади. Бунинг кибрга алоқаси йўқ! Мен ягонаман деган иддаога ҳам. Шунчаки –

…Сен афсун истайсан…

Биласанми, адабиёт, шеър даври ўтиб кетгани йўқ! Одамлар (бунга оз қолди) техниканинг чўққисига чиқишганда, юракларини йўқотиб қўйишганларини туйқус англаб қолишади ва ёппасига ўзларини адабиётга уришади. Ураверишади, ураверишади… токи қотиб кетган дийдалари чил-чил бўлмагунча. Фақат бу ҳол қачон рўй беради – қоронғу.

…Уч, денгизим…
Руҳим сендай
Шеър ишқида чайқалади,
Манов дашт ҳам,
Манов қир ҳам, асли қушдир.
Бағритошдай одамларнинг залвори деб
Шўрликларим қушлигини унутмишдир.
Уч, денгизим…

Денгизга қанот боғлаган тасаввурингга балли. Кўзга кўринган адабиётшуносларимиз ё изланишдан тўхтаб қолишган, ё атай тарихда қолиш учун тарихда қолган буюклар тўғрида қайта-қайта ёзишга берилиб кетишган. Аслида улардан гина қилишга ҳаққимиз йўқ. Ҳар бир авлоднинг ўз танқидчиси, адабиётшуноси бўлиши зарур. Йўқса, бир қоп чириган картошка ичида қолган ягона соғини асраб қолиш ўта мушкул кечади. Ҳеч йўқ 30 ёшгача бўлган ёзарманларни сарагини-сарак, пучагини-пучакка ажратиш вақти келди назаримда.

Сен улардан эътибор кутма, эътибор ҳам берма. Уч, учавер, кенг ёзилган қанотларинг сояси тушгач, пайқаб қолишар балки.

НУР

Уни Тошкентда учратдим. Ўта нозик кўнгли ва синиқ чеҳраси билан хотирамга муҳрланди. Ана шундан кейин шеърларини жиддий, синчиклаб ўқийдиган, ўзимча таҳлил қиладиган бўлдим.

…Ҳеч кимни севмасанг, О қандайин эрк!
Сайр этсанг хазонранг поёндозларда.
Йўлингга кўз тикиб, сақлаганча кек
Узумлар йиғласа зардама – зарда…

Аслида руҳияти ичкин бўлишига қарамай, ўзини қувноқ кайфиятда кўрсатишга уринади – куз – маҳзун фасл. Тушкунликдан бахт ундириш, бу энди шоирлик аломати – ва буни эплайди ҳам.

...О бу Куз! Бу ёмғир гурунгидаман,
Осмон қизғонаркан мени тобора.
Тобора томчилар ва япроқлар ҳам
Кўйлагим рангига қилар ишора…

(Кўйлагим эмас, юрагим рангига, дейилса тасвир оригиналлашарди)

Рости, «қулоғигача ғамга ботган» бугунги адабиётимиз учун бу каби кўтаринки шеърлар – бўрттириб айтганда – унутилган янгилик. Нозима(Ҳабибуллаева)га чуқурроқ шўнғир эканман, унда кулгудан кўра йиғига, йиғи бўлганда ҳам томчилари биллур йиғига мойилликни пайқагандай бўлдим.

...Кўзёш – олмос,
кўзим – хазина…

дейди у бир шеърида. Кўриниб турибдики, шоира ич-ичига қамалган «хазина»сини шунчаки улашиб юборишни истамайди. Тўғрида, хазина керакми, изланг!

…Қўлларимга қизил олов тутқазди у,
Миллион йиллар совқотмасам керак энди.

Севги ўта сийқа мавзу. Агарки тош уста заргарнинг қўлига тушса, қарашлар ўзгаради. Ошиқ маъшуқаси қўлига тутқазган «қизил олов» гулми ё қайноқ қони чакиллаб турган юрак?! Яхлит шеърдан «узиб» олинган мазкур тўртликни бир бутун ҳолда ўқиб кўрамиз:

…Қўлларимга қизил олов тутқазди у,
Миллион йиллар совқотмасам керак энди.
Ишончимни ютиб, дилин ютқазди у
Кўксимдаги кўксидаги юрак энди…

У шу пайтгача кўксидаги «нарса» юрак эканига шубҳа билан қарар, миллион йил яшаши тугул эртанги куни ҳам мавҳум эди. Энди унинг умиди бор. Ана шу умидга эш қўрқуви ҳам.

…Аммо, кейин қайга кетар шунча сув
Тўкилиб кетмасми айланганда ер?
Тортишиш кучи! О, бунчалар қудрат
Тортилиб – тортилиб ёзиларми шеър.

Эй мани саҳрога етакловчи ким,
Шеърлар тўкилади бағрига кузнинг
Эй маним ашкларим, увол дурларим,
Тортишиш кучингиз йўқмиди сизнинг?..

032Ва шу ерга келганда Нозиманинг «сири» фош бўлади. У бутун борлиғини эгаллаб олган қўрқувнинг шафқатидан умидвор! Кўзлари тубида чайқалиб ётган шўртак дурлар нурга эврилиб қўрқув – зулматдан ёруғлик ахтаради. Талпиниши шу қадар кучлики, ўзини йўқотиб:

…Мусаффо кўзларнинг деразасидан
Чиқсангу ишқ қолса сендан аразлаб.
Суҳбатлашии-иб кетсанг соябон билан
Одамлар тентак деб ўйлашса,… мазза!..

дея баралла ҳайқириб юборади. Умуман олганда қўрқув нурнинг – қора, нур эса қўрқувнинг оқарган шакли. Аммо оралиқдаги шоиранинг кечинмаларичи?!

Нозима мусиқачи ҳам, буни шеърларидаги оҳангдорликдан пайқаш мумкин.

Садолар самодан келади шаксиз,
Хазонларни босиб ўтаман –
ингранади дарахтнинг учи…
Кўзларим қуёшнинг овозин ичур
кўзингга унинг нури-ла ботинимни
ёзиб
ёзиб ўтаман…

У барча аёллар сингари аслан заиф, лекин буни тан олгиси келмайди (айнан мана шу хислати ёқади менга!). Фақатгина оҳангдорлик эвазига ютиб кетишга уринмайди. Биринчи босқич – ўз ҳудудий қобиғини ёриб чиққани билан ҳам шоирани қутлаш мумкин. Энг муҳими шеърда ақл ўргатмайди! Тасаввурга мусаввирона ёндашиб, …Мен номини билмайдиган ранглар билан…(Нозиманинг сатри) табиат, ҳодиса, кечинмаларини мунчоқдай тизиб кетаверади.

Терилмаган қошим,
тўкмаган ёшим
қаролмай – қарошим остида бор у.
Кулгичимга инган
Ороми тинган
Ёлғон дунёларнинг ростида бор у…

Яна савол туғилади, «У» ким ёки нима?! Мен барибир НУР деб жавоб беравераман.

…Азизим, кет!..
Атай соғинтир.
Қалам билан қўлимдан тут сан.
Даҳшат ахир!
Ва ғоят оғир,
Наҳот энди йиғламай ўтсам?!..

Йиғламаслик, йиғлай олмаслик даҳшати ҳақда эшитганлар борми? Аслида бу бахтку, дейишингиз мумкин, шоира эса сизнинг тош қотган хулосаларингизни чил-чил синдирган ҳолда ўз «деяридан» қолмайди. Энди тушуняпсизми, кўзёш унинг учун нур – нажот эканлигини.

…Бахтнинг ифорлари келмаса сиздан
Фақат кузлагани келсангиз… келманг!..

Ҳа, шоиранинг қалбига кириб бориш мушкул. Гарчи ташриф шартини дангал айтиб турган бўлсада. Инсон қалби каби асл шеърга етиб бориш ҳам ўта қийин кечади. Бир кечада ўнлаб шеър ёзилади баъзида, ва энг охиргиси сал кўнглингга ўтиради. Демак ўшангача ёзилган ўн балки юзлаб машқлар, бор йўғи йўл вазифасини ўтаб берган. Эҳтиёт бўлиш керакки, аслига етмай туриб, хомларига маҳлиёлик уйғонса борми…

Шундоғам курагим иборат куздан
Шундоғам кўзимнинг ойналари чанг.
Чап кўксимда недир шаклини бузган –
Юрак ва харсанглик ўртасида танг…

Юқорида у кўксидаги «нарса» нима эканини англолмаяпти дегандим, мана исбот! Шеърдан шеърга ўтган сари, калаванинг учини топиш осонлашиб бораётир.

…Шундоғам кўзимнинг ойналари чанг…

Демак Нозима нурни теваракдан эмас (йўқса кўзларига таянган бўларди) «мен»идан, ичкарисидан излаяпти. Ва ният қиламанки (яхши маънода!) ўша излаётганини топмасин. Топса, ўзи ёзганидек …Садолар самодан… келмай қўяди.

ИЗТИРОБ

Эзгин одамларни жуда кўп кўрганман. Йўқчиликдан, бахтсизликдан, ёлғизликдан, бефарзандликдан… Ундагиси эса бутунлай бошқа. Ҳатто ҳавас қилса арзийди.

Суратларингни ёқиб юбордим…
Мусиқа тингламай қўйганман
аллазамонлардан буён.
Кўз ёшларимни қайта-қайта
ичкарига қамайверяпман…

Сиз қофия изламанг, шаклпарастга ҳам йўйманг шоирани. Ташқарига чиқишдан орланиб, қайта-қайта ичкарига қамалаётган кўзёш ҳақда ўйланг фақат. Бундаги чорасизликни шунчаки ҳазм қилиб бўлмайди ахир. Балки мен англами оғирроқ ёзуқларни севганим учун, сизни ҳам шундай шеърларни ўқишга ундашим нотўғридир, яна билмадим.

…Имлаяпсан, ундовлар қатор,
Менга етар қадди букилиб.
Сабр десам пешонамнингми,
Чизиқлари кетди тўкилиб…

Агар ундовларни ҳаяжон деб олсак, то қаҳрамонга етиб келгунича қадди букилиб (?) сўроқ шаклига кириш ҳолатини кўз олдингизда гавдалантиринг. Ажойиб а! Изтиробнинг, шоира изтиробининг янгича, фақат ўзигагина хос ифодасини пайқадингизми? Олдиндан айтиб қўяй, шовқинни, бақириб ўқиладиган шеърларни хуш кўрувчилар Феруза Хайруллаевани ўқишмагани маъқул. Ибодат икки хил бўлади – жаҳрий ва ботиний. Мен ҳозир мисол келтираяпканларим ботиний ҳис қилинадиган шеърлар.

Ҳар кун…
Чиқиллайди соат борича,
Ясолмайди ўзидан бахтни.
Ирғитаман ўргимчак каби
Билагимга илашган вақтни…

Ўқир экансан, сатрлар тилингни синдирмайди, бир қучоқ саодатга ҳам, ҳиссиётларингни қайғуга ҳам ботирмайди, қайтанга, ичидаги аламзадаликнинг устидан аччиқ кулиб (бунга куч топганини қаранг!), тағин, минг уринмасин ўзидан бахт ясай олмаётган соат (яъни ўз умрига) ҳамдардлик билдираётгандай гўё.

…Қуш тилида сўзлар кўзларим,
Ҳовучимга тўлади исминг…

033Қуш тили – метафора. Ферузанинг кўзлари ҳайқирмайди, сўзсиз сўзлайди. Ихтиёрини топширишга тайёр кимсасини эса ҳар дуосида эслайди. У кимса ким эканидан Парвардигор ва ўзигина воқиф. Яна у тенгқурлари каби сермаҳсул эмас. Жуда кам ёзади, энг қизиғи ўша ёзуғини байроқ қилиб юрмайдики, бу ҳам унинг хилватнишинлигидан далолат. Ҳозир ҳам шоиранинг шеърларини тасодифан «топиб» олдим, тўғрироғи, атайлаб, иш компютеридан ўғирладим.

…Кўринмагай кулгу ёқаси,
Лек ҳасратнинг кўйлаги ёниқ.
Қай эшикни қоқмай, дейишар:
“Ёпиқ,
Ёпиқ,
Ёпилган,
Ёпиқ!”…

Бир қарашда муаллиф зарда қилаётгандай кўринади, лекин сиз бошланишдаги икки сатрнигина ўқинг… Хўш? Ҳа, унинг қуроли – ғам, хомашёси ҳам. Масалан Ван Гог сариқ рангни яхши кўрган ва ундан деярли барча суратларида фойдаланган. Буни биз торлик, яъни бир хилликка йўёлмаймиз.

…Булутлар бошимга ёғдириб ўтар,
Соғинчнинг ҳаворанг азобларини…

Қийноқнинг лаззати ҳақида ўқигандим. Ўзимда синаб ҳам кўрганман баъзи тажрибаларини. Ферузада эса «азоб-роҳат» эликсери туғма. Йўқса, ҳамма шодимонлик ила тасвирловчи ёмғир унинг кўзларига «ҳаворанг азоб» бўлиб кўринмасди. Дунёни алоҳида кўриш – ижодкорга ва телбаларга хос. Мактабда ўқиб юрганимда қуёшни қорага бўяганим учун расм ўқитувчимдан шапалоқ еганим эсимда. У кишига қуёш менга қора кўринаётганини тушунтириб беролмаганман бола ақлим билан. Илон оқ-қора кўради теваракни, нега уни жазоламаймиз? Қандай кўриш, ҳис қилиш, тасвирлашни ижодкор табиатига қўйиб берайлик, ёқса қабул қилайлигу ёқмаса, жим кетайлик.

…Гуноҳлар,
Гумроҳлар,
Гунг оҳлар,
булар –
Ҳаммаси кўпликда, ҳеч эмас якка.
«лар»ни олиб ташлаб бўлмайди,
Яна,
«лар»нинг кўзларини чўқимас ҳакка…

Ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзгача ечим. Тўғри, бу каби шеърларнинг ўқувчилари сийрак келади, ўзи умуман шоирга «оммабоп»лик тамғасини ёпиштириш шартмикин?! Феруза айнан изтироб кишиси бўлгани учун ҳам ўзига оғир йўлни танлаган. Бошқалар дарёнинг нариги соҳилига доимгидек кўприк устидан ўтаверишсин, фақат у буни хоҳламайди. Ким нима деса деяверсин, қулоқларини маҳкам беркитадию, босиқлик билан:

…Мен дард чизаман –
Дарахт шохларига қўнмайди қушлар…

дея ўз оҳангида куйлашда давом этаверади.

Феруза, қачондир лоп этиб БАХТни топиб олишингни истайман ва шу билан бирга қаттиқ қўрқаман. Негаки уни топган кунингдан бошлаб янги шеърларингни ўқишдан мосуво бўлишим турган гап. Ўзинг ўйла, мана бундай дарди тирик шеърни яна ким сендай ёза билади?

…Кузакка қарама – унда мен борман,
Соябон тутиб ол – ёмғирман, қорман.
Мен ўша – бир кўриб ўлмоққа зорман…
Лекин, излама!..

Кечирасан, биз сени излайверамиз, излайверамиз. Бунга шеърларинг ва оҳанрабо изтиробинг айбдор…

* * *

Мадина Норчаева, Нозима Ҳабибуллаева, Феруза Хайруллаева. Уларни бежизга танламадим – ўрталарида аллақандай кўз илғамас боғлиқлик бор. Буни шеърларини ўқиш, мақолага ном қўйиш жараёнида, янаям чуқурроқ англадим. ОЙ. НУР. ИЗТИРОБ. Учала сеторни эса яхлит кенглик – ТУН бирлаштириб туради, айнан ТУН!..

22.12.2018

Яна шу мавзуда мутолаа қилинг:
«Хуршид Даврон кутубхонаси»да ёшлар ижоди
Феруза Хайруллаева. Шеърлар
Нозима Ҳабибуллаева. Шеърлар
Мадина Норчаева. Шеърлар

011Men sizga oy tasviri bilan bogʻliq tashbehlar yasashni koʻrsatib qoʻymoqchi emasman! Butun boshli sheʼrdan ayirib olingan satr hech narsani anglatmasligi yoki ayni vaqtda hammasini koʻrsatib berishi mumkindir, faqat mening maqsadim boʻlak. Maqsadim tengqurlarim orasida ajralib, uchqunlab turgan yosh shoiralar ijodi haqda ikki ogʻiz (maqtov va tanqiddan holi) xolis fikr yuritishga jazm etdim.

JONTЕMIR
OY. NUR. IZTIROB
Kuzatuvlar
003

OY

…Oy gulchambar toʻqir barmoqlarimdan…
…Oyning kulguchlaridan
Sizib chiqar oʻlik tun…
…Oy — qaqnus pat…

Men sizga oy tasviri bilan bogʻliq tashbehlar yasashni koʻrsatib qoʻymoqchi emasman! Butun boshli sheʼrdan ayirib olingan satr hech narsani anglatmasligi yoki ayni vaqtda hammasini koʻrsatib berishi mumkindir, faqat mening maqsadim boʻlak. Maqsadim tengqurlarim orasida ajralib, uchqunlab turgan yosh shoiralar ijodi haqda ikki ogʻiz (maqtov va tanqiddan holi) xolis fikr yuritishga jazm etdim. Endi ildizga koʻchamiz, eshiting:

…Oppoq etik kiygan suluv daraxtlar
Bazmida uchrashgan edik biz ilk bor.
Nechun parishonsan, tutqun oʻylarning
Qafasini chil-chil sindirib yubor…

044Oy timsoliga berkilgan Madina Norchayevaning murosasiz xarakteri, u haqda nimadir qoralashga undadi meni. Shoira bilan azaldan tanishligimiz bor gap, lekin bu, qaysarligimni yengib, uning ijodini “koʻz-koʻz” qilishimga ikki dunyo sabab boʻla olmaydi. Shunchaki tan olishni bilaman xolos.

…Oyning nigohidan uchgan pari qush
Tunning tushlarini toʻzgʻitgan sabo.
Togʻlar – zamin tilin bogʻlab turgan tish
Chugʻirlasam joning ogʻrirmi dunyo…

Baʼzida oʻylab qolaman, Madina, sen oʻgʻil bola boʻlib dunyoga kelishing kerak edi! Negaki sheʼrlaringda ayollik nafosatidan koʻra, magʻrur ohanglar birlamchi, deyarli barcha yozuqlaringda jangovarlik boʻrtib turadiki, seni tanimagan, sheʼrlaring ostida ismingni oʻqimagan kishi, hech shubhasiz bu sheʼrlarni kuchli jins vakili yozgan deya xulosa yasaydi.

O, aprel…
Dashtning lablariga toshadi uchuq,
Sajdadan boshini koʻtarsa qirlar.
Darbadar oʻgʻildek kuttirdi buncha,
Ona tuprogʻini koʻhna yomgʻirlar…

Men toqqa yaqin yerda oʻsganman, sen tugʻilgan Chiroqchining biyday dalalari begona menga. Ammo tasvirlaring… bir dumalab (aslida ham shundayman) oʻsha dalasini sogʻintirgan yomgʻir – darbadar oʻgʻilga aylanamanu, lablari yorilib yotgan doʻngliklarga yogʻa boshlayman shovullab. Va oʻzim uchun chiqargan – “shoirning jinsi boʻlishi shart” degan qatiy qarorimga putur yetganday boʻladi goʻyo.

…Qaldirgʻochman
Kesib uchdim koʻngling zanjirlarini
Tutqun hislaringga keltirdim sharaf.
Elchilik onimda bahorni sezsang
Men kuzni oʻylayman koʻzingga qarab…

Shoir gʻalati mavjudot. Masalan sen, kenglikda tugʻilgansanu tagʻin torlikka talpinib – Toshkentga kelding. Yerdan tuvakka koʻchirilgan gulday ancha dovdirab yurding bu shaharda. Allaqayda oʻqigandim: Yesenin bir umr shaharga talpinganu ammo yetib borolmagan. Nima deb oʻylaysan, manzilga “yetib borish” shunchalik muhimmi?!

Adashmasam 2014 – yil, Qashqadaryo hokimiyati binosida joylashgan “Barkamol avlod” gazetasida ishlar, oʻshanda ilkinchi mashqlaringni nashrga tayyorlab bergandim. Unda men Madinani tanimasdim. Xayriyatki oʻzingdan oldin sheʼrlaringni taniganman. Ishonaver, bu sening yutugʻing! Hazil… Qisqasi Toshkentdasan va nihoyat yana portlading:

…Chayqab yubor jom ichinda tirilsin may…

Xalqda “ogʻzi polvon” degan ibora bor. Bugun “ogʻzi shoir”lar urchib ketdi. Hadisda “hali shunday kunlar keladiki, hatto Alloh degan soʻz ham avom tugul imomlarning boʻgʻzidan chiqadi” deyiladi. Tushunayapsanmi, yuragidan emas, boʻgʻzidan! Shoirlik ham ruhda aks etadi. Sening ruhing esa shak-shubhasiz baquvvat. Satrdagi jom – vujuding boʻlsa, may – ruhingdir. Uni chayqab yuborishni tilanayotganing – Alloh! Koʻrinishingdan dinamitga oʻxshaysan, oʻzi kichkinayu portlasa…

Shoir va Sheʼr tushunchasi oxirgi oʻn yillikda shu qadar pastlashib ketdiki, endi uni yuqoriga olib chiqish uchun kamida Abdullo Orif kerak. Yanada joʻn aytganda birlashish lozim. Haqiqiy isteʼdod tan olish va eʼtirof etishdan choʻchimaydi. Oʻshandagina katta adabiyot yaratish mumkin.

…Oy gulchambar toʻqir barmoqlarimdan,
Erkimni yulduzlar choʻqir betinim.
Meni tanidingmi, har bahor
bedor,
Bogʻingda unguvchi maysa men edim…

Oy, oy, oy… koʻp oʻyladim bu toʻgʻrida. Juda koʻp. Nega aynan oy? Nega unga qayta-qayta murojaat qilaverasan?! Va topdim! Agar xarakteringdan kelib chiqqanim, izlanishlarim xulosasi toʻgʻri chiqsa, oy – tanholik ramzi. U osmon toqiga qadam ranjida qilganda, yulduzlar mum tishlab qolishadi. Buning kibrga aloqasi yoʻq! Men yagonaman degan iddaoga ham. Shunchaki –

…Sen afsun istaysan…

Bilasanmi, adabiyot, sheʼr davri oʻtib ketgani yoʻq! Odamlar (bunga oz qoldi) texnikaning choʻqqisiga chiqishganda, yuraklarini yoʻqotib qoʻyishganlarini tuyqus anglab qolishadi va yoppasiga oʻzlarini adabiyotga urishadi. Uraverishadi, uraverishadi… toki qotib ketgan diydalari chil-chil boʻlmaguncha. Faqat bu hol qachon roʻy beradi – qorongʻu.

…Uch, dengizim…
Ruhim senday
Sheʼr ishqida chayqaladi,
Manov dasht ham,
Manov qir ham, asli qushdir.
Bagʻritoshday odamlarning zalvori deb
Shoʻrliklarim qushligini unutmishdir.
Uch, dengizim…

Dengizga qanot bogʻlagan tasavvuringga balli. Koʻzga koʻringan adabiyotshunoslarimiz yo izlanishdan toʻxtab qolishgan, yo atay tarixda qolish uchun tarixda qolgan buyuklar toʻgʻrida qayta-qayta yozishga berilib ketishgan. Aslida ulardan gina qilishga haqqimiz yoʻq. Har bir avlodning oʻz tanqidchisi, adabiyotshunosi boʻlishi zarur. Yoʻqsa, bir qop chirigan kartoshka ichida qolgan yagona sogʻini asrab qolish oʻta mushkul kechadi. Hech yoʻq 30 yoshgacha boʻlgan yozarmanlarni saragini-sarak, puchagini-puchakka ajratish vaqti keldi nazarimda.

Sen ulardan eʼtibor kutma, eʼtibor ham berma. Uch, uchaver, keng yozilgan qanotlaring soyasi tushgach, payqab qolishar balki.

NUR

Uni Toshkentda uchratdim. Oʻta nozik koʻngli va siniq chehrasi bilan xotiramga muhrlandi. Ana shundan keyin sheʼrlarini jiddiy, sinchiklab oʻqiydigan, oʻzimcha tahlil qiladigan boʻldim.

…Hech kimni sevmasang, O qandayin erk!
Sayr etsang xazonrang poyondozlarda.
Yoʻlingga koʻz tikib, saqlagancha kek
Uzumlar yigʻlasa zardama – zarda…

Aslida ruhiyati ichkin boʻlishiga qaramay, oʻzini quvnoq kayfiyatda koʻrsatishga urinadi – kuz – mahzun fasl. Tushkunlikdan baxt undirish, bu endi shoirlik alomati – va buni eplaydi ham.

...O bu Kuz! Bu yomgʻir gurungidaman,
Osmon qizgʻonarkan meni tobora.
Tobora tomchilar va yaproqlar ham
Koʻylagim rangiga qilar ishora…

(Koʻylagim emas, yuragim rangiga, deyilsa tasvir originallashardi)

Rosti, “qulogʻigacha gʻamga botgan” bugungi adabiyotimiz uchun bu kabi koʻtarinki sheʼrlar – boʻrttirib aytganda – unutilgan yangilik. Nozima(Habibullayeva)ga chuqurroq shoʻngʻir ekanman, unda kulgudan koʻra yigʻiga, yigʻi boʻlganda ham tomchilari billur yigʻiga moyillikni payqaganday boʻldim.

...Koʻzyosh – olmos,
koʻzim – xazina…

deydi u bir sheʼrida. Koʻrinib turibdiki, shoira ich-ichiga qamalgan “xazina”sini shunchaki ulashib yuborishni istamaydi. Toʻgʻrida, xazina kerakmi, izlang!

…Qoʻllarimga qizil olov tutqazdi u,
Million yillar sovqotmasam kerak endi.

Sevgi oʻta siyqa mavzu. Agarki tosh usta zargarning qoʻliga tushsa, qarashlar oʻzgaradi. Oshiq maʼshuqasi qoʻliga tutqazgan “qizil olov” gulmi yo qaynoq qoni chakillab turgan yurak?! Yaxlit sheʼrdan “uzib” olingan mazkur toʻrtlikni bir butun holda oʻqib koʻramiz:

…Qoʻllarimga qizil olov tutqazdi u,
Million yillar sovqotmasam kerak endi.
Ishonchimni yutib, dilin yutqazdi u
Koʻksimdagi koʻksidagi yurak endi…

U shu paytgacha koʻksidagi “narsa” yurak ekaniga shubha bilan qarar, million yil yashashi tugul ertangi kuni ham mavhum edi. Endi uning umidi bor. Ana shu umidga esh qoʻrquvi ham.

…Ammo, keyin qayga ketar shuncha suv
Toʻkilib ketmasmi aylanganda yer?
Tortishish kuchi! O, bunchalar qudrat
Tortilib – tortilib yozilarmi sheʼr.

Ey mani sahroga yetaklovchi kim,
Sheʼrlar toʻkiladi bagʻriga kuzning
Ey manim ashklarim, uvol durlarim,
Tortishish kuchingiz yoʻqmidi sizning?..

034Va shu yerga kelganda Nozimaning “siri” fosh boʻladi. U butun borligʻini egallab olgan qoʻrquvning shafqatidan umidvor! Koʻzlari tubida chayqalib yotgan shoʻrtak durlar nurga evrilib qoʻrquv – zulmatdan yorugʻlik axtaradi. Talpinishi shu qadar kuchliki, oʻzini yoʻqotib:

…Musaffo koʻzlarning derazasidan
Chiqsangu ishq qolsa sendan arazlab.
Suhbatlashii-ib ketsang soyabon bilan
Odamlar tentak deb oʻylashsa,… mazza!..

deya baralla hayqirib yuboradi. Umuman olganda qoʻrquv nurning – qora, nur esa qoʻrquvning oqargan shakli. Ammo oraliqdagi shoiraning kechinmalarichi?!

Nozima musiqachi ham, buni sheʼrlaridagi ohangdorlikdan payqash mumkin.

Sadolar samodan keladi shaksiz,
Xazonlarni bosib oʻtaman –
ingranadi daraxtning uchi…
Koʻzlarim quyoshning ovozin ichur
koʻzingga uning nuri-la botinimni
yozib
yozib oʻtaman…

U barcha ayollar singari aslan zaif, lekin buni tan olgisi kelmaydi (aynan mana shu xislati yoqadi menga!). Faqatgina ohangdorlik evaziga yutib ketishga urinmaydi. Birinchi bosqich – oʻz hududiy qobigʻini yorib chiqqani bilan ham shoirani qutlash mumkin. Eng muhimi sheʼrda aql oʻrgatmaydi! Tasavvurga musavvirona yondashib, …Men nomini bilmaydigan ranglar bilan…(Nozimaning satri) tabiat, hodisa, kechinmalarini munchoqday tizib ketaveradi.

Terilmagan qoshim,
toʻkmagan yoshim
qarolmay – qaroshim ostida bor u.
Kulgichimga ingan
Oromi tingan
Yolgʻon dunyolarning rostida bor u…

Yana savol tugʻiladi, “U” kim yoki nima?! Men baribir NUR deb javob beraveraman.

…Azizim, ket!..
Atay sogʻintir.
Qalam bilan qoʻlimdan tut san.
Dahshat axir!
Va gʻoyat ogʻir,
Nahot endi yigʻlamay oʻtsam?!..

Yigʻlamaslik, yigʻlay olmaslik dahshati haqda eshitganlar bormi? Aslida bu baxtku, deyishingiz mumkin, shoira esa sizning tosh qotgan xulosalaringizni chil-chil sindirgan holda oʻz “deyaridan” qolmaydi. Endi tushunyapsizmi, koʻzyosh uning uchun nur – najot ekanligini.

…Baxtning iforlari kelmasa sizdan
Faqat kuzlagani kelsangiz… kelmang!..

Ha, shoiraning qalbiga kirib borish mushkul. Garchi tashrif shartini dangal aytib turgan boʻlsada. Inson qalbi kabi asl sheʼrga yetib borish ham oʻta qiyin kechadi. Bir kechada oʻnlab sheʼr yoziladi baʼzida, va eng oxirgisi sal koʻnglingga oʻtiradi. Demak oʻshangacha yozilgan oʻn balki yuzlab mashqlar, bor yoʻgʻi yoʻl vazifasini oʻtab bergan. Ehtiyot boʻlish kerakki, asliga yetmay turib, xomlariga mahliyolik uygʻonsa bormi…

Shundogʻam kuragim iborat kuzdan
Shundogʻam koʻzimning oynalari chang.
Chap koʻksimda nedir shaklini buzgan –
Yurak va xarsanglik oʻrtasida tang…

Yuqorida u koʻksidagi “narsa” nima ekanini anglolmayapti degandim, mana isbot! Sheʼrdan sheʼrga oʻtgan sari, kalavaning uchini topish osonlashib borayotir.

…Shundogʻam koʻzimning oynalari chang…

Demak Nozima nurni tevarakdan emas (yoʻqsa koʻzlariga tayangan boʻlardi) “men”idan, ichkarisidan izlayapti. Va niyat qilamanki (yaxshi maʼnoda!) oʻsha izlayotganini topmasin. Topsa, oʻzi yozganidek …Sadolar samodan… kelmay qoʻyadi.

IZTIROB

Ezgin odamlarni juda koʻp koʻrganman. Yoʻqchilikdan, baxtsizlikdan, yolgʻizlikdan, befarzandlikdan… Undagisi esa butunlay boshqa. Hatto havas qilsa arziydi.

Suratlaringni yoqib yubordim…
Musiqa tinglamay qoʻyganman
allazamonlardan buyon.
Koʻz yoshlarimni qayta-qayta
ichkariga qamayveryapman…

Siz qofiya izlamang, shaklparastga ham yoʻymang shoirani. Tashqariga chiqishdan orlanib, qayta-qayta ichkariga qamalayotgan koʻzyosh haqda oʻylang faqat. Bundagi chorasizlikni shunchaki hazm qilib boʻlmaydi axir. Balki men anglami ogʻirroq yozuqlarni sevganim uchun, sizni ham shunday sheʼrlarni oʻqishga undashim notoʻgʻridir, yana bilmadim.

…Imlayapsan, undovlar qator,
Menga yetar qaddi bukilib.
Sabr desam peshonamningmi,
Chiziqlari ketdi toʻkilib…

Agar undovlarni hayajon deb olsak, to qahramonga yetib kelgunicha qaddi bukilib (?) soʻroq shakliga kirish holatini koʻz oldingizda gavdalantiring. Ajoyib a! Iztirobning, shoira iztirobining yangicha, faqat oʻzigagina xos ifodasini payqadingizmi? Oldindan aytib qoʻyay, shovqinni, baqirib oʻqiladigan sheʼrlarni xush koʻruvchilar Feruza Xayrullayevani oʻqishmagani maʼqul. Ibodat ikki xil boʻladi – jahriy va botiniy. Men hozir misol keltirayapkanlarim botiniy his qilinadigan sheʼrlar.

Har kun…
Chiqillaydi soat boricha,
Yasolmaydi oʻzidan baxtni.
Irgʻitaman oʻrgimchak kabi
Bilagimga ilashgan vaqtni…

Oʻqir ekansan, satrlar tilingni sindirmaydi, bir quchoq saodatga ham, hissiyotlaringni qaygʻuga ham botirmaydi, qaytanga, ichidagi alamzadalikning ustidan achchiq kulib (bunga kuch topganini qarang!), tagʻin, ming urinmasin oʻzidan baxt yasay olmayotgan soat (yaʼni oʻz umriga) hamdardlik bildirayotganday goʻyo.

…Qush tilida soʻzlar koʻzlarim,
Hovuchimga toʻladi isming…

89Qush tili – metafora. Feruzaning koʻzlari hayqirmaydi, soʻzsiz soʻzlaydi. Ixtiyorini topshirishga tayyor kimsasini esa har duosida eslaydi. U kimsa kim ekanidan Parvardigor va oʻzigina voqif. Yana u tengqurlari kabi sermahsul emas. Juda kam yozadi, eng qizigʻi oʻsha yozugʻini bayroq qilib yurmaydiki, bu ham uning xilvatnishinligidan dalolat. Hozir ham shoiraning sheʼrlarini tasodifan “topib” oldim, toʻgʻrirogʻi, ataylab, ish kompyuteridan oʻgʻirladim.

…Koʻrinmagay kulgu yoqasi,
Lek hasratning koʻylagi yoniq.
Qay eshikni qoqmay, deyishar:
“Yopiq,
Yopiq,
Yopilgan,
Yopiq!”…

Bir qarashda muallif zarda qilayotganday koʻrinadi, lekin siz boshlanishdagi ikki satrnigina oʻqing… Xoʻsh? Ha, uning quroli – gʻam, xomashyosi ham. Masalan Van Gog sariq rangni yaxshi koʻrgan va undan deyarli barcha suratlarida foydalangan. Buni biz torlik, yaʼni bir xillikka yoʻyolmaymiz.

…Bulutlar boshimga yogʻdirib oʻtar,
Sogʻinchning havorang azoblarini…

Qiynoqning lazzati haqida oʻqigandim. Oʻzimda sinab ham koʻrganman baʼzi tajribalarini. Feruzada esa “azob-rohat” elikseri tugʻma. Yoʻqsa, hamma shodimonlik ila tasvirlovchi yomgʻir uning koʻzlariga “havorang azob” boʻlib koʻrinmasdi. Dunyoni alohida koʻrish – ijodkorga va telbalarga xos. Maktabda oʻqib yurganimda quyoshni qoraga boʻyaganim uchun rasm oʻqituvchimdan shapaloq yeganim esimda. U kishiga quyosh menga qora koʻrinayotganini tushuntirib berolmaganman bola aqlim bilan. Ilon oq-qora koʻradi tevarakni, nega uni jazolamaymiz? Qanday koʻrish, his qilish, tasvirlashni ijodkor tabiatiga qoʻyib beraylik, yoqsa qabul qilayligu yoqmasa, jim ketaylik.

…Gunohlar,
Gumrohlar,
Gung ohlar,
bular –
Hammasi koʻplikda, hech emas yakka.
“lar”ni olib tashlab boʻlmaydi,
Yana,
“lar”ning koʻzlarini choʻqimas hakka…

Ham shaklan, ham mazmunan oʻzgacha yechim. Toʻgʻri, bu kabi sheʼrlarning oʻquvchilari siyrak keladi, oʻzi umuman shoirga “ommabop”lik tamgʻasini yopishtirish shartmikin?! Feruza aynan iztirob kishisi boʻlgani uchun ham oʻziga ogʻir yoʻlni tanlagan. Boshqalar daryoning narigi sohiliga doimgidek koʻprik ustidan oʻtaverishsin, faqat u buni xohlamaydi. Kim nima desa deyaversin, quloqlarini mahkam berkitadiyu, bosiqlik bilan:

…Men dard chizaman –
Daraxt shoxlariga qoʻnmaydi qushlar…

deya oʻz ohangida kuylashda davom etaveradi.

Feruza, qachondir lop etib BAXTni topib olishingni istayman va shu bilan birga qattiq qoʻrqaman. Negaki uni topgan kuningdan boshlab yangi sheʼrlaringni oʻqishdan mosuvo boʻlishim turgan gap. Oʻzing oʻyla, mana bunday dardi tirik sheʼrni yana kim senday yoza biladi?

…Kuzakka qarama – unda men borman,
Soyabon tutib ol – yomgʻirman, qorman.
Men oʻsha – bir koʻrib oʻlmoqqa zorman…
Lekin, izlama!..

Kechirasan, biz seni izlayveramiz, izlayveramiz. Bunga sheʼrlaring va ohanrabo iztirobing aybdor…

* * *

Madina Norchayeva, Nozima Habibullayeva, Feruza Xayrullayeva. Ularni bejizga tanlamadim – oʻrtalarida allaqanday koʻz ilgʻamas bogʻliqlik bor. Buni sheʼrlarini oʻqish, maqolaga nom qoʻyish jarayonida, yanayam chuqurroq angladim. OY. NUR. IZTIROB. Uchala setorni esa yaxlit kenglik – TUN birlashtirib turadi, aynan TUN!..

22.12.2018

Yana shu mavzuda mutolaa qiling:
“Xurshid Davron kutubxonasi”da yoshlar ijodi
Feruza Xayrullayeva. Sheʼrlar
Nozima Habibullayeva. Sheʼrlar
Madina Norchayeva. Sheʼrlar

04

(Tashriflar: umumiy 500, bugungi 1)

Izoh qoldiring