Madina Norchayeva. She’rlar

045    Мадина Норчаева ўз сўзи ва овозини, рангу оҳангини излаш йўлидан бораётган ёш шоираларимиздан бири. Бу машаққатли йўлдан адашмай боришини тилаб, унинг бир туркум шеърларини сизга тақдим этамиз.

Мадина НОРЧАЕВА
ШЕЪРЛАР
09

Қушга айланмаган одам ҳақида шеър

Қара, мен умрингда учиб юрибман,077
Номсиз қуш — қанотим яшилдир, яшил.
Исм қўй, тасдиқла яралганимни,
Сўнгра кўзларингнинг қаърига яшир.

Яширгин замону макондан нари,
Ёруғ тафаккурнинг олмос тиғиман.
Балки интиқомнинг, балки толенинг
Ваҳийси, шовқинсиз ҳайқириғиман.

Ой гулчамбар тўқир бармоқларимдан,
Эркимни юлдузлар чўқир бетиним.
Мени танидингми, ҳар баҳор
бедор,
Боғингда унгувчи майса мен эдим.

Оппоқ этик кийган сулув дарахтлар
Базмида учрашган эдик биз илк бор.
Нечун паришонсан, тутқун ўйларнинг
Қафасини чил-чил синдириб юбор.

Сени деб минг марта дунёга келдим,
Аммо сен, аммо сен… таний олмайсан.
Ёдингни тўзғитган суратлар аро,
Нечун сийратимни севиб қолмайсан.
Пойингга чўкаман, юрагим оғриб,
Қанотларим ўса бошлар дафъатан.
Гар мени эсласанг, асло ўкинма,
Сен ҳам қушга айлан, эй азиз одам.

***

О, апрел…
Даштнинг лабларига тошади учуқ,
Саждадан бошини кўтарса қирлар.
Дарбадар ўғилдек куттирди бунча,
Она тупроғини кўҳна ёмғирлар.

Менку мусаввирман, ўлик рангларнинг
Руҳларини тутиб турибман кафтда.
Бу тақир сайҳонлар пешонасига,
Мактуб битиб кетган эдинг қай ҳарфда.

Интизорлик, зорлик улғайиб борар,
Улғаяр, мусаввир — кўнглимда алам.
Қандай ўксинмайин ахир она дашт,
Қақраган лабингга сув тутолмасдан.

О, апрел.
Биз кутган булутлар гулоб ёғдирар
Бари муштоқликлар топади қазо.
Мен шунда занг босган кўксингни очиб,
Қонли юрагингни чизаман, дунё.

Илк кроманён одам ва мен

1
Юрар йўлим туманга чумган,
Лой илинган этикларимга.
Тошни — тошга уриб,
Бошни — тошга уриб,
Сўзни — бошга уриб йиғлайман.
Олов керак битикларимга.
Чўғ солинган ҳамёнинг қани,
Музлик даври солар васваса.
Ибтидоий одам, қара, биз
Ўлаяпмиз олов бўлмаса.

2
Бир кафт нурга юзингни чайиб,
Тош устига чўкасан оғир.
Ибтидоий дўстим, бахтлисан,
Интиҳоий эмассан ахир.

3
Сен айиқни енгасан жангда,
Табиатдан олганинг ҳалол.
Ўйламайсан, борлиқ қай рангда,
Ўйламай бахт топдинг эҳтимол.
Биз дилларни янчиб ўтяпмиз,
Ёнғоқ эмас чақилади онг.
Турмуш буткул ўзгарган, фақат,
Тунлар ўша ва ўшадир тонг.

4
Қуюқ тутун йўлимиз кўмган,
Пояндоз — кул, қадамлар оғир.
Ибтидоий одам, ёняпмиз.
Ёмғир керак бизларга ёмғир.

***

Қуёш — олтин олма,
Энг ширин олма,
Оқиб борар.
Шошма,
Сени лабларимга босай куйсам ҳам.
Сен ишқсан, сен менсан.
Ботма, қисматингга ботма.
Бу қора қудуқда
сенга нима бор,
Юлдузлар кўзингдан учган тушларинг.
Қушчалар ёдига санчилиб қолди,
Кундуз — дарахтидан узилишларинг.
Қара, яна овга отланди оқшом,
Сингиб кетма, синиб кетма.
Мени баҳорларга ишонтир,
Ишонтир, юраги сенга муштоқ деб.
Ишонтир, унутмоқ — ўлмоқ деб.
Эй, ҳорғин куйчидай толган кунларим,
Барғингга умримни экди шамоллар.
О, ўроқчи ҳислар…
Рашкчи кўзларим,
Чумоли ташиган муҳаббат.
Тегирмон совурган ҳаёллар.
Қуёш — сўнгги олма…
Энг ширин олма.
Чўкма,
Қуриган қудуқда сенга нима бор?
Чанқоғингни эса кафтингда тутиб,
Кулранг каптарларга едириб юбор.
Улар кўзларингни ёпса ажабмас,
Уфқ лабларин артган қанотларида.
Балки ошиқ бўлган,
Балки ишқ бўлган,
Улар ҳам аввалги ҳаётларида.

* * *

Ғам қуйилган қадаҳман,
Қисматнинг панжасида.
Чайқаларман беомон
Бир ишқ исканжасида.

Руҳим — тупроқнинг туши —
Илдизи чўғ ичган гул.
Дарахтларнинг ёдига
Тушов солмиш таҳайюл.

Барглар қўрқувга чўккан,
Сояларга инмиш жон.
Қайлардадир яшар у,
Ҳудди мендек бемакон.

Ойнинг кулгучларидан
Сизиб чиқар ўлик тун.
Юлдузларнинг кўзидан
Исён эланар беун…

Мен гуноҳман, тавбам -у,
Усиз юзим қародир.
Яшин тушган тут каби
Умрим куйиб бородир!

О, саҳиҳ тушларимдан
Эсиб ўтган ҳур насим.
Нахот уни танимас
Бу дардсевар қисматим?!

***

Башарнинг руҳига суяниб
Лабимни тишласам
Ўлимнинг таъмини туяман.
Тушимда гуллаган чинорсан,
Яшашни унутиб қўяман.
Унутиб қўяман севишни,
Изтироб қоплайди дунёни.
Юлдузлар ишқ ичган толкоса —
Кўзларим интиқом ошёни.
Салом, эй оловтан жаҳаннам,
Бу менман қон ичиб унган гул.
Япроғим — ажалнинг шарпаси,
Юзингни силаса ҳазир бўл.
Ҳазир бўл, ўзим ҳам ҳар онда,
Ўзимдан сесканиб яшайман.
Бир кунлик умримдан минг марта,
Жаннат ва жаҳаннам ясайман.
Бу не ҳол, елкаси яғир тун
Келтирдинг кимларнинг додини.
Зоҳирим — Фиравн илони
Мусонинг асоси — ботиним.

***

Хаёлингни ёқиб қўйибман шифтга,
Хонамга киролмай дарғазаб оқшом.
Фақат манов дарахт ухлашим кутар,
Илдизин ковлайди эрталабгача.

Суғурса қайгадир бош олиб кетар,
У кенглик истайди, ҳурлик истайди.
Мағрибни, машриқни билгиси келар,
Сулувга айланиб, жонига азиз
Кимнингдир тушига киргиси келар.

Армонимиз битта,
Орзуимиз бир.
Умримни шаробдай симиради вақт.
Сенинг илдизинг бор, менинг юрагим,
Айт, кимнинг қисмати оғирроқ, дарахт.

***

О руҳимнинг ҳайқириқлари,
Нечун соқов бўлиб туғилдинг?
Ўздан олис кетганим сари,
Қанотлари куйиб туғилдинг.

Дилгир кеча, дилсиз дарахтлар,
Қай бир гуноҳ тилингни узди?
То тонггача ойнинг юзини
Тимдалайди итларнинг кўзи.

Ойда сас йўқ. Менда садо йўқ,
Симираман тунни ҳовучлаб.
Олти ёқда юрибди дайдиб,
Мени ташлаб кетган товушлар.

Мусофирман, хуморим ҳууув дашт,
Юзларини баҳор ўпмаган.
Ва тиззаси ўйилган қирлар
Мендай — ундан олис кетмаган.

Қидирганим бир яшил таскин,
Олтин косов — дилни қўзғайман.
Шаҳрисабз, гар берсанг изн,
Сендан битта япроқ узгайман.

Сўнг кетарман сафарим қариб,
Бутлангунча дил синиқлари.
О, мезбон юрт, сенга омонат,
Гунг руҳимнинг ҳайқириқлари.

Ферузага

Кипригимни ватан қилган қушлар учди,
Номозшомни бедор кутиб тушлар учди.
Ақлим учди… Саркашланиб ҳушлар учди,
Қадамларим оғирмиди, Ферузажон.

Руҳ суянса харсангларга дард етарми,
Соя ўлса мозор топмай кун ўтарми.
Озор бермай, озор топмай ишқ битарми,
Йўлларимиз чағирмиди, Ферузажон.

Сен суянган оқшомларнинг елкаси тош,
Мен сиғинган дунёларнинг рўёси фош.
Қароғингдан шодлик топмай, қароғим ғаш,
Умидимиз сағирмиди, Ферузажон.

Нимпуштиранг тирноғимда хатларим бор,
Тишларимнинг ковагида додларим бор.
Бу дунёни бир шеър этиб ёдларим бор,
Шеърли тонглар соҳирмиди,
Ферузажон.

Товонимга ёпишган лой хатодандир,
Тун ингроғин дояси куй сатодандир,
Худодандир, Қисматимиз Худодандир.
Аввалмидир, охирмидир
Ферузажон.

***

Сен афсун истайсан…
Туннинг қулоғига тақилган зирак
Даштнинг кўзларига оғир қадалар.
Адирлар ёдини тўзғитса керак,
Номозшом уйига шошган подалар.
Сен афсун истайсан…
Болалари оч,
Тоғорада умрин қоради аёл.
Гулгун қиз чоғига, келин чоғига
Тушларида йиғлаб боради аёл.
Сен афсун истайсан…
Саҳройи шамол
Лабингда сўзларни кетар қуритиб.
Болалик ҳеч кимга айтмас эҳтимол
Кепак кулча еган гўдак сирини.
Ой —
Туннинг қулоғига тақилган зирак,
Ногоҳ юлқиб олар кумушбадан тонг.
Ногоҳ титраб кетар мудраган юрак,
Ногоҳ мўжизадан умид узар онг.
Сен нима истайсан?

* * *

Ой — қақнус пат,
Қаро туннинг лабларга ўт туташди.
Тўлқинларинг қанотсифат
Уч денгизим!
Тушларингни чулғаганда парвоз гашти.

Уч денгизим…
Учиб толган қушлар ҳаққи
Зил турмушдан
Падаримнинг елкалари яғир бўлган.
Ўн еттида чилмилдиққа кирган онам
Ҳали бешик қучиб-қучмай сағир бўлган.

Чайқаб юбор жом ичинда тирилсин май,
Қақраб турган жонсиз танлар топсин даво.
Турналарнинг сафаридан зериккандай,
Кўзларини мавҳумликка тикмиш дунё.

Уч денгизим…
Руҳим сендай
Шеър ишқида чайқалади,
Манов дашт ҳам,
Манов қир ҳам, асли қушдир.
Бағритошдай одамларнинг залвори деб
Шўрликларим қушлигини унутмишдир.
Уч денгизим

***

“Бир бор кўзларимга мажнун бўлиб боқ”
Мен бўлиб шивирлар япроқлар ҳазин.
У эса томоша қилади узоқ,
Булутларни кесган шафақлар аксин.

Чертади қалбининг ойнасин тиқ-тиқ.
Ва илиб қўйилган ёзувни кўриб
Тушларимдан учиб кетган мусича
Йиғлаб юборади “ҳеч кимга жой йўқ”

Укам Шоҳрухга

Ойдин тунга лим тўлган овул
Кафтдек қишлоқ ва оқланган уй.
Ака, сенга бўлганми оғир
Найқамишдан янграганда куй.
Онамиз найқамиш.

Юрагингга туширганми чок,
У кунларнинг залвори оғир.
Опа, сенинг кўзларинг ғамнок
Ким ҳам буткул қуш бўлган ахир.
Отамиз яримқуш.

Ука!
Сен киприклар устида ўсдинг
Осмон дема ёмғирпўшларни.
Энди қаддин кўтармоқ биздан
Найқамиш-у яримқушларни.

Тошкентда ижод қилмоқ истаб
оиласидан олисда юрган дўстимга.

Кўзларимга барг тўкар дарахт
Киприкларин силкиб қолар кўл.
Қароғингда чўмилган қушнинг
Жавдираган нигоҳлар ҳул.

Кўмкўк сувлар чайқатмайдими
Дилингдаги соғинч ёдини.
Мусаввир дўст чизласанми
Балиқларнинг оҳ-у додини.

Ҳууув булутнинг бағрида мудраб
Томчи тушлар кўргайдир кузни.
Сен ким дейсан, денгиз ишқида
Сўв ўтига айланган қизни.

Ҳа, чин айтдинг ярми таваккал
Кел дунёга менгзаймиз боғни.
Мен сўрайман “фаромуш дарахт
Шовуллайсан, юрагинг соғми ”

Кўл юзида синиқ шулалар
Майин рақсин бошлагани дам.
Уч гудакнинг тушларига сен
кириб борган ойпараст дада.

Менга оғир буларни суйлаш
Сенга тингаш. (сигара ва ғам)
Жилмаясан мен кўл сувиниинг
Овозидан танийман десам.

Хайр хуш бор, ўзингни асра,
Оқшом томон айланади ер.
Нигоҳлари ҳул қушчаларга
Азиз дўстим қуёш чизиб бер.

Қалдирғочман

Қалдирғочман
Ойнинг нигоҳидан учган пари қуш
Тунинг тушларини тўзғитган сабо.
Тоғлар замин тилин боғлаб турган тиш
Чуғирласам жонинг оғрирми дунё.

Қалдирғочман
Қаро қошларингни этдим зиёрат
Умрингни қайсидир айёмида жим.
Қақроқ лабларингда унсин деб оят
Сенга баҳорларни етаклаб келдим.

Қалдирғочман
Кесиб учдим кўнглинг занжирларини
Тутқун ҳисларингга келтирдим шараф.
Элчилик онимда баҳорни сезсанг
Мен кузни ўйлайман кўзингга қараб.

Қалдирғочман
Илдизлардан сизиб баргга етган ишқ
Осмонни тўлдириб гуллаганда, ёр
Чанқовуз товушли киприкларнигда
Баҳорсиз кунларга ўт қўйиб юбор.

021Madina Norchayeva oʻz soʻzi va ovozini, rangu ohangini izlash yoʻlidan borayotgan yosh shoiralarimizdan biri. Bu mashaqqatli yoʻldan adashmay borishini tilab, uning bir turkum sheʼrlarini sizga taqdim etamiz.

Madina NORCHAYEVA
SHEʼRLAR
09

Qushga aylanmagan odam haqida sheʼr

Qara, men umringda uchib yuribman,09
Nomsiz qush — qanotim yashildir, yashil.
Ism qoʻy, tasdiqla yaralganimni,
Soʻngra koʻzlaringning qaʼriga yashir.

Yashirgin zamonu makondan nari,
Yorugʻ tafakkurning olmos tigʻiman.
Balki intiqomning, balki tolening
Vahiysi, shovqinsiz hayqirigʻiman.

Oy gulchambar toʻqir barmoqlarimdan,
Erkimni yulduzlar choʻqir betinim.
Meni tanidingmi, har bahor
bedor,
Bogʻingda unguvchi maysa men edim.

Oppoq etik kiygan suluv daraxtlar
Bazmida uchrashgan edik biz ilk bor.
Nechun parishonsan, tutqun oʻylarning
Qafasini chil-chil sindirib yubor.

Seni deb ming marta dunyoga keldim,
Ammo sen, ammo sen… taniy olmaysan.
Yodingni toʻzgʻitgan suratlar aro,
Nechun siyratimni sevib qolmaysan.
Poyingga choʻkaman, yuragim ogʻrib,
Qanotlarim oʻsa boshlar dafʼatan.
Gar meni eslasang, aslo oʻkinma,
Sen ham qushga aylan, ey aziz odam.

***

O, aprel…
Dashtning lablariga toshadi uchuq,
Sajdadan boshini koʻtarsa qirlar.
Darbadar oʻgʻildek kuttirdi buncha,
Ona tuprogʻini koʻhna yomgʻirlar.

Menku musavvirman, oʻlik ranglarning
Ruhlarini tutib turibman kaftda.
Bu taqir sayhonlar peshonasiga,
Maktub bitib ketgan eding qay harfda.

Intizorlik, zorlik ulgʻayib borar,
Ulgʻayar, musavvir — koʻnglimda alam.
Qanday oʻksinmayin axir ona dasht,
Qaqragan labingga suv tutolmasdan.

O, aprel.
Biz kutgan bulutlar gulob yogʻdirar
Bari mushtoqliklar topadi qazo.
Men shunda zang bosgan koʻksingni ochib,
Qonli yuragingni chizaman, dunyo.

Ilk kromanyon odam va men

1
Yurar yoʻlim tumanga chumgan,
Loy ilingan etiklarimga.
Toshni — toshga urib,
Boshni — toshga urib,
Soʻzni — boshga urib yigʻlayman.
Olov kerak bitiklarimga.
Choʻgʻ solingan hamyoning qani,
Muzlik davri solar vasvasa.
Ibtidoiy odam, qara, biz
Oʻlayapmiz olov boʻlmasa.

2
Bir kaft nurga yuzingni chayib,
Tosh ustiga choʻkasan ogʻir.
Ibtidoiy doʻstim, baxtlisan,
Intihoiy emassan axir.

3
Sen ayiqni yengasan jangda,
Tabiatdan olganing halol.
Oʻylamaysan, borliq qay rangda,
Oʻylamay baxt topding ehtimol.
Biz dillarni yanchib oʻtyapmiz,
Yongʻoq emas chaqiladi ong.
Turmush butkul oʻzgargan, faqat,
Tunlar oʻsha va oʻshadir tong.

4
Quyuq tutun yoʻlimiz koʻmgan,
Poyandoz — kul, qadamlar ogʻir.
Ibtidoiy odam, yonyapmiz.
Yomgʻir kerak bizlarga yomgʻir.

***

Quyosh — oltin olma,
Eng shirin olma,
Oqib borar.
Shoshma,
Seni lablarimga bosay kuysam ham.
Sen ishqsan, sen mensan.
Botma, qismatingga botma.
Bu qora quduqda
senga nima bor,
Yulduzlar koʻzingdan uchgan tushlaring.
Qushchalar yodiga sanchilib qoldi,
Kunduz — daraxtidan uzilishlaring.
Qara, yana ovga otlandi oqshom,
Singib ketma, sinib ketma.
Meni bahorlarga ishontir,
Ishontir, yuragi senga mushtoq deb.
Ishontir, unutmoq — oʻlmoq deb.
Ey, horgʻin kuychiday tolgan kunlarim,
Bargʻingga umrimni ekdi shamollar.
O, oʻroqchi hislar…
Rashkchi koʻzlarim,
Chumoli tashigan muhabbat.
Tegirmon sovurgan hayollar.
Quyosh — soʻnggi olma…
Eng shirin olma.
Choʻkma,
Qurigan quduqda senga nima bor?
Chanqogʻingni esa kaftingda tutib,
Kulrang kaptarlarga yedirib yubor.
Ular koʻzlaringni yopsa ajabmas,
Ufq lablarin artgan qanotlarida.
Balki oshiq boʻlgan,
Balki ishq boʻlgan,
Ular ham avvalgi hayotlarida.

* * *

Gʻam quyilgan qadahman,
Qismatning panjasida.
Chayqalarman beomon
Bir ishq iskanjasida.

Ruhim — tuproqning tushi —
Ildizi choʻgʻ ichgan gul.
Daraxtlarning yodiga
Tushov solmish tahayyul.

Barglar qoʻrquvga choʻkkan,
Soyalarga inmish jon.
Qaylardadir yashar u,
Huddi mendek bemakon.

Oyning kulguchlaridan
Sizib chiqar oʻlik tun.
Yulduzlarning koʻzidan
Isyon elanar beun…

Men gunohman, tavbam -u,
Usiz yuzim qarodir.
Yashin tushgan tut kabi
Umrim kuyib borodir!

O, sahih tushlarimdan
Esib oʻtgan hur nasim.
Naxot uni tanimas
Bu dardsevar qismatim?!

***

Basharning ruhiga suyanib
Labimni tishlasam
Oʻlimning taʼmini tuyaman.
Tushimda gullagan chinorsan,
Yashashni unutib qoʻyaman.
Unutib qoʻyaman sevishni,
Iztirob qoplaydi dunyoni.
Yulduzlar ishq ichgan tolkosa —
Koʻzlarim intiqom oshyoni.
Salom, ey olovtan jahannam,
Bu menman qon ichib ungan gul.
Yaprogʻim — ajalning sharpasi,
Yuzingni silasa hazir boʻl.
Hazir boʻl, oʻzim ham har onda,
Oʻzimdan seskanib yashayman.
Bir kunlik umrimdan ming marta,
Jannat va jahannam yasayman.
Bu ne hol, yelkasi yagʻir tun
Keltirding kimlarning dodini.
Zohirim — Firavn iloni
Musoning asosi — botinim.

***

Xayolingni yoqib qoʻyibman shiftga,
Xonamga kirolmay dargʻazab oqshom.
Faqat manov daraxt uxlashim kutar,
Ildizin kovlaydi ertalabgacha.

Sugʻursa qaygadir bosh olib ketar,
U kenglik istaydi, hurlik istaydi.
Magʻribni, mashriqni bilgisi kelar,
Suluvga aylanib, joniga aziz
Kimningdir tushiga kirgisi kelar.

Armonimiz bitta,
Orzuimiz bir.
Umrimni sharobday simiradi vaqt.
Sening ildizing bor, mening yuragim,
Ayt, kimning qismati ogʻirroq, daraxt.

***

O ruhimning hayqiriqlari,
Nechun soqov boʻlib tugʻilding?
Oʻzdan olis ketganim sari,
Qanotlari kuyib tugʻilding.

Dilgir kecha, dilsiz daraxtlar,
Qay bir gunoh tilingni uzdi?
To tonggacha oyning yuzini
Timdalaydi itlarning koʻzi.

Oyda sas yoʻq. Menda sado yoʻq,
Simiraman tunni hovuchlab.
Olti yoqda yuribdi daydib,
Meni tashlab ketgan tovushlar.

Musofirman, xumorim huuuv dasht,
Yuzlarini bahor oʻpmagan.
Va tizzasi oʻyilgan qirlar
Menday — undan olis ketmagan.

Qidirganim bir yashil taskin,
Oltin kosov — dilni qoʻzgʻayman.
Shahrisabz, gar bersang izn,
Sendan bitta yaproq uzgayman.

Soʻng ketarman safarim qarib,
Butlanguncha dil siniqlari.
O, mezbon yurt, senga omonat,
Gung ruhimning hayqiriqlari.

Feruzaga

Kiprigimni vatan qilgan qushlar uchdi,
Nomozshomni bedor kutib tushlar uchdi.
Aqlim uchdi… Sarkashlanib hushlar uchdi,
Qadamlarim ogʻirmidi, Feruzajon.

Ruh suyansa xarsanglarga dard yetarmi,
Soya oʻlsa mozor topmay kun oʻtarmi.
Ozor bermay, ozor topmay ishq bitarmi,
Yoʻllarimiz chagʻirmidi, Feruzajon.

Sen suyangan oqshomlarning yelkasi tosh,
Men sigʻingan dunyolarning roʻyosi fosh.
Qarogʻingdan shodlik topmay, qarogʻim gʻash,
Umidimiz sagʻirmidi, Feruzajon.

Nimpushtirang tirnogʻimda xatlarim bor,
Tishlarimning kovagida dodlarim bor.
Bu dunyoni bir sheʼr etib yodlarim bor,
Sheʼrli tonglar sohirmidi,
Feruzajon.

Tovonimga yopishgan loy xatodandir,
Tun ingrogʻin doyasi kuy satodandir,
Xudodandir, Qismatimiz Xudodandir.
Avvalmidir, oxirmidir
Feruzajon.

***

Sen afsun istaysan…
Tunning qulogʻiga taqilgan zirak
Dashtning koʻzlariga ogʻir qadalar.
Adirlar yodini toʻzgʻitsa kerak,
Nomozshom uyiga shoshgan podalar.
Sen afsun istaysan…
Bolalari och,
Togʻorada umrin qoradi ayol.
Gulgun qiz chogʻiga, kelin chogʻiga
Tushlarida yigʻlab boradi ayol.
Sen afsun istaysan…
Sahroyi shamol
Labingda soʻzlarni ketar quritib.
Bolalik hech kimga aytmas ehtimol
Kepak kulcha yegan goʻdak sirini.
Oy —
Tunning qulogʻiga taqilgan zirak,
Nogoh yulqib olar kumushbadan tong.
Nogoh titrab ketar mudragan yurak,
Nogoh moʻjizadan umid uzar ong.
Sen nima istaysan?

* * *

Oy — qaqnus pat,
Qaro tunning lablarga oʻt tutashdi.
Toʻlqinlaring qanotsifat
Uch dengizim!
Tushlaringni chulgʻaganda parvoz gashti.

Uch dengizim…
Uchib tolgan qushlar haqqi
Zil turmushdan
Padarimning yelkalari yagʻir boʻlgan.
Oʻn yettida chilmildiqqa kirgan onam
Hali beshik quchib-quchmay sagʻir boʻlgan.

Chayqab yubor jom ichinda tirilsin may,
Qaqrab turgan jonsiz tanlar topsin davo.
Turnalarning safaridan zerikkanday,
Koʻzlarini mavhumlikka tikmish dunyo.

Uch dengizim…
Ruhim senday
Sheʼr ishqida chayqaladi,
Manov dasht ham,
Manov qir ham, asli qushdir.
Bagʻritoshday odamlarning zalvori deb
Shoʻrliklarim qushligini unutmishdir.
Uch dengizim

***

“Bir bor koʻzlarimga majnun boʻlib boq”
Men boʻlib shivirlar yaproqlar hazin.
U esa tomosha qiladi uzoq,
Bulutlarni kesgan shafaqlar aksin.

Chertadi qalbining oynasin tiq-tiq.
Va ilib qoʻyilgan yozuvni koʻrib
Tushlarimdan uchib ketgan musicha
Yigʻlab yuboradi “hech kimga joy yoʻq”

Ukam Shohruxga

Oydin tunga lim toʻlgan ovul
Kaftdek qishloq va oqlangan uy.
Aka, senga boʻlganmi ogʻir
Nayqamishdan yangraganda kuy.
Onamiz nayqamish.

Yuragingga tushirganmi chok,
U kunlarning zalvori ogʻir.
Opa, sening koʻzlaring gʻamnok
Kim ham butkul qush boʻlgan axir.
Otamiz yarimqush.

Uka!
Sen kipriklar ustida oʻsding
Osmon dema yomgʻirpoʻshlarni.
Endi qaddin koʻtarmoq bizdan
Nayqamish-u yarimqushlarni.

Toshkentda ijod qilmoq istab
oilasidan olisda yurgan doʻstimga.

Koʻzlarimga barg toʻkar daraxt
Kipriklarin silkib qolar koʻl.
Qarogʻingda choʻmilgan qushning
Javdiragan nigohlar hul.

Koʻmkoʻk suvlar chayqatmaydimi
Dilingdagi sogʻinch yodini.
Musavvir doʻst chizlasanmi
Baliqlarning oh-u dodini.

Huuuv bulutning bagʻrida mudrab
Tomchi tushlar koʻrgaydir kuzni.
Sen kim deysan, dengiz ishqida
Soʻv oʻtiga aylangan qizni.

Ha, chin aytding yarmi tavakkal
Kel dunyoga mengzaymiz bogʻni.
Men soʻrayman “faromush daraxt
Shovullaysan, yuraging sogʻmi ”

Koʻl yuzida siniq shulalar
Mayin raqsin boshlagani dam.
Uch gudakning tushlariga sen
kirib borgan oyparast dada.

Menga ogʻir bularni suylash
Senga tingash. (sigara va gʻam)
Jilmayasan men koʻl suviniing
Ovozidan taniyman desam.

Xayr xush bor, oʻzingni asra,
Oqshom tomon aylanadi yer.
Nigohlari hul qushchalarga
Aziz doʻstim quyosh chizib ber.

Qaldirgʻochman

Qaldirgʻochman
Oyning nigohidan uchgan pari qush
Tuning tushlarini toʻzgʻitgan sabo.
Togʻlar zamin tilin bogʻlab turgan tish
Chugʻirlasam joning ogʻrirmi dunyo.

Qaldirgʻochman
Qaro qoshlaringni etdim ziyorat
Umringni qaysidir ayyomida jim.
Qaqroq lablaringda unsin deb oyat
Senga bahorlarni yetaklab keldim.

Qaldirgʻochman
Kesib uchdim koʻngling zanjirlarini
Tutqun hislaringga keltirdim sharaf.
Elchilik onimda bahorni sezsang
Men kuzni oʻylayman koʻzingga qarab.

Qaldirgʻochman
Ildizlardan sizib bargga yetgan ishq
Osmonni toʻldirib gullaganda, yor
Chanqovuz tovushli kipriklarnigda
Bahorsiz kunlarga oʻt qoʻyib yubor.

хдк

(Tashriflar: umumiy 198, bugungi 2)

8 izoh

  1. Yomon ko’zdan, adashishdan asrasin. Adabiyotni qismat bilganlar safida bo’ladi degan umid bor.

  2. Мадина, шеърларингизни ўқиб рухим тозарди. Хар бир шеърингиздаги мусаввирона чизгилар мени хайратга солди .Сиздаги тун хамда ой тасвири нихоятда ёёрқин рангларда чизилганки беихтиёр хайратга тушдим. Қуёшни олма мисолида тасвирлашингиз шеърда хали биз билмаган ,хис қилмаган қанчадан ,қанча гўзал топинмалар бoрлигини яна бир бор исботи бўлди. Бугун қофиялар ёки енгил елпи ўлдим ,куйдимлар ортидан чопаётган биз каби ёшларга бу шеърлар хақиқий шеърдан завқланиш завқини берди. Шеър нима? Шеър узундан ,узун сўзлар эмас шеър фавқулотда биргина жуда чиройли қилиб чизилган сўздан иборат деб ўйлайман .

    ***

    Сен афсун истайсан…
    Туннинг қулоғига тақилган зирак
    Даштнинг кўзларига оғир қадалар.
    Адирлар ёдини тўзғитса керак,
    Номозшом уйига шошган подалар.
    Сен афсун истайсан…
    Болалари оч,
    Тоғорада умрин қоради аёл.
    Гулгун қиз чоғига, келин чоғига
    Тушларида йиғлаб боради аёл.
    Сен афсун истайсан…
    Саҳройи шамол
    Лабингда сўзларни кетар қуритиб.
    Болалик ҳеч кимга айтмас эҳтимол
    Кепак кулча еган гўдак сирини.
    Ой —
    Туннинг қулоғига тақилган зирак,
    Ногоҳ юлқиб олар кумушбадан тонг.
    Ногоҳ титраб кетар мудраган юрак,
    Ногоҳ мўжизадан умид узар онг.
    Сен нима истайсан?
    Мана шу сўзларнинг ўзи бизга шеърнинг нималигини англатиб туриби .80- йиллар ўзбек шеъриятида том маънода бурилиш ясаган шоир Абдували Қутпиттид, шеърлари каби сизнинг шеърларингизнинг хам бизни мўъжизалар ,хайратлар оламига етаклашига астойдил ишонаман .

  3. Medina siñlimiziñ shygyrlaryny gaty yagshy gorup okayaryn. Gowy yazyar bu siñlimiz. Onuñ goshgylaryndaky many,mazmun okyjyny juda oylandyryar. Yakshi yazadi.

  4. Men ozbek dilinde yazyp bilmesem-de,ozbek dilindaki sherleri juda gyzygyp okayan. Medinaning sherlerine ( goshgylaryna ) gaty yagshy dushunup okayan. Bu singlimizing sherleri kalbyngy yagshy tebrendiryar. Medinede Huda bergen tebiyi talant bar. Yaratgan Huda ijot yolungyzda sizga amat bersin,singlim.

Izoh qoldiring