1964-65 йиллар эди. Рауф Парфи шеъри билан айтиладиган «Лайло» қўшиғи ниҳоятда машҳур бўлиб кетган… Қўшиқнинг афсонавор тарихидан эса кутилмаганда воқиф бўлганман…
Абулфайз Баротов
РАУФ ПАРФИНИНГ «ЛАЙЛО»СИ ЁКИ
БИР МИШ-МИШНИ “ҲАҚИҚАТГА”ГА
АЙЛАНТИРГАНИМ ХАҚИДА
1964-65 йиллар эди. Рауф Парфи шеъри билан айтиладиган «Лайло» қўшиғи ниҳоятда машҳур бўлиб кетган…
Қўшиқнинг афсонавор тарихидан эса кутилмаганда воқиф бўлганман. Тошкентдан Самарқандга поездда келардим. Рўпарамдаги ўриндиқда ўтирган сариқ плашчли қиз мендек поезд деразасидан узоқларга тикилиб борарди. Вагоннинг шифтига ўрнатилган радио аввал бир оз қитирлаб турди-да, сўнг қўшиқ бошлаб юборди. Дастлаб, билмадим, қандай қўшиқ ижро этилди. Сўнг «Лайло» янгради. Иккимиз ҳам ялт этиб, радиокарнайга қарабмиз.
Дадахон Ҳасан фарёд солар, биз эса қўшиқнинг залворли юки остида сув бўлиб, эшилиб ўтирардик. Қўшиқ тугади. Гўё қўшиқ бизнинг айбимиз билан тугаб қолгандек, иккимиз ҳам ўнғайсизландик.
– Сиз бу қўшиқ тарихи ҳақида бирон нарса биласизми? – сўраб қолди қиз.
– Билмайман. Умуман, қўшиқнинг қандай тарихи бўлиши мумкин. Рауф Парфи ёзган, Дадахон Ҳасан айтаяпти. Тўғри, жуда таъсирли қўшиқ.
– Бу қўшиқ унинг ўз ҳаёти ҳақида, – деди қиз ишонч билан. – Рауфнинг иккала оёғининг ҳам тиззасидан пасти ёғочдан. У Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган. Бу қўшиқни биринчи марта ўзи куй басталаб ижро этган.
Миямга чақмоқ урилгандек бўлди. Демак, қўшиқдаги сўнгсиз илтижолар бежиз эмас экан-да.
— Лайло унинг севган қизими? Уни ташлаб кетганми?
— Йўқ, улар бирга яшашяпти, – дея бухоролик Сайёра исмли йўлдошим менга Рауф ва Лайло ҳақидаги қайғули, айни пайтда қўшиқдек жарангдор муҳаббат қиссасини айтиб берди…
Кейинчалик уларнинг машаққатли саргузаштларини ҳикоя қилиш мақсадида бир неча марта қўлимга қалам олдим. Ниҳоят ёздим ҳам. Бу менинг ҳикоячиликдаги дастлабки тажрибаларим эди. Кейин яна ҳикоялар ёздим. Лекин оғирлик қилди, шекилли, бу ташвишни бошимдан соқит қилдим. Хуллас қизиғи шундан кейин бошланди.
Ҳикоя «Севган қалб жасорати» сарлавҳаси остида 1965 йили ўзим ишлаётган Пайариқ туман «Коммунизм байроғи» газетасида босилиб чиқди. Ҳикоядан вилоятдагилар ҳам хабар топишипти. Газетанинг қишлоқ хўжалик бўлими мудири Нормўмин Эгамназаров ҳикояни қозоқ тилига ўгирди-да, Қозоғистоннинг қай бир газетасига жўнатиб юборди.
Ҳикоя биринчи шахс тилидан баён қилинган эди. Челак шаҳарчаси марказидаги 25-ўрта мактаб ўқитувчиси Эркин Музаффаров ҳикоям асосида икки пардали тўрт кўринишли пьеса ёзди. Пьеса Челакдаги маданият уйида муҳокамага қўйилди. Зал одамга тўлиб кетган. Эркин Музаффаровга аввал сўз берилди. У саҳнага чиқиб, пьеса менинг ҳикоям асосида ёзилганини айтиб, чучук тил билан, «бу пьесани азбаройи ҳурмат билан дўстим Рауф Парфига бағишлайман», -деди. Рауф Парфи узоқда, ҳеч нимадан хабари йўқ, биз эса уни пеъса килиб мухокама килардик.
Кейин менга сўз беришди. Нима ҳам дердим, қўшиқ таасуроти, бухоролик Сайёра исмли қиз ҳақида нималардир дедим-у, жойимга чўкдим. Хуллас, пьеса қўйиладиган бўлди.
Бу орада мен янада машҳурроқ бўлишни истаб, ҳикоядан нусха қўчирдим-да, «Шарқ юлдузи» журналига юбордим. Яхши эсимда, журналнинг ўша йилги қайсидир сонида Асқад Мухтор Рауф Парфига оқ йўл тилаган эди. Журнал саҳифасидан бизларга мўйлов қўйган, мўғулбашара йигит тикилиб турарди. Эркин Музаффаров суратга тикилиб турди-да, тўнғиллади: «Бу иккала оёғидан ҳам ажраган одамга сира ўхшамайди». Кейин «Шарқ юлдузи»дан жавоб келди: «Ҳикоянгиз анча эҳтирос билан ёзилган. Аммо Рауф Парфининг иккала оёғи ҳам бор-ку. Уни оёқсизга чиқариб, хафа қилиб қўйиш мумкин… Салом билан Носир Фозилов». Хатни олиб, Эркин Музаффаровга бордим. Пьеса қолдирилди.
Кейин кутилмаганда Рауф Парфидан хат келди. «О дўстим! – деб ёзарди Рауф. – Соғлигингиз, ишларингиз жойидами? Сиз ҳақингизда менга Носир Фозилов гапириб берди. Ҳикоя эҳтирос билан ёзилган, деди. Агар малол келмаса, ҳикоя эълон қилинган газетадан бир нусха юборсангиз. Мендан аҳвол сўрасангиз, о, мени биргина умид сақлаб турибди. Кўпдан кўп қарзлар… Нима қилишимни ҳам билмайман…»
Рауф Парфи болтиқбўйилик мен билмаган қандайдир нотаниш ёзувчиларнинг асарларини номма-ном айтиб, уни ўқиб чиқишимни тавсия этар, негадир сизнинг истеъдодингизга ишонгим келади, — деган гапларни айтарди.
Унинг манзили аниқ ёдимда қолган: Янгийўл тумани, Ҳамроқул Турсунқулов номли колхоз. Мен унга жавоб ёздим. У қанчалик илтижо қилмасин, газетани юбормадим, хафа қилиб қўйишдан чўчидим. Хуллас, биз хат ёзишиб турдик. Унинг хатларига қараганда яшаш шароити оғир эди. Эркин Музаффаров иккаламиз, пул йиғиб унга юбормоқчи бўлдик. Унинг сурати ва шеърлари босилган журнални кўтариб олганимизча, кўпроқ Челак шаҳарчасидаги савдо дўконларига, буфетларга кирамиз. Журнални очиб, тушунтиришга ҳаракат қиламиз: «Мана бу расмдаги чиройли йигитга қаранг. Келажакда дунёга машҳур шоир бўлади. Лекин бечоранинг ҳозир аҳволи чатоқ, қарз бўп қопти. Агар уни шу қарздорликдан қутултириб олмасак, келажакда Ўзбекистон бизларни кечирмайди…” Сотувчи расмга калласини қийшайтириб бир оз қараб туради-да, хохолаб кулади: «Оббо, азаматлар-эй, яримта ичишнинг йўлини зап топибсизлар-да. Ҳой, Уммат, мана бу акаларингга яримта оч…»
Хафа бўлиб жўнаб қоламиз. Шундай қилиб пул йиғиш ҳам чала қолиб кетди.
Челаклик ўқитувчи Толиб Раҳматовнинг бир гапи эсимда: «Самарқанд Давлат университетининг тарих факультетида сиртдан ўқирдим. Филология факультетида Тошкентдан келган ёш шоирлар билан учрашув бўлади, шоир Рауф Парфи ҳам келган, дейишди. Ўша ёққа чопдим. Зал лиқ тўла. Навбат Рауфга келганда залда ўтирганларнинг ҳаммаси гувв этиб унинг оёғига қарашди. У эса ҳеч нарсадан бехабар, минбарга чиқа солиб, шеър ўқий кетди. Учрашув тугаб, ҳамма чиқаётганда мен эшик олдида Рауф Парфини пойлаб турдим-да, қўлтиғидан ушлаб қаттиқ силкитдим. Унинг эсхонаси ўйнаб кетди, лекин оёғида маҳкам турди…»
Кейин ҳикоя таҳрир қилиниб, «Бир севги қиссаси» номи остида Самарқанд вилоят газетаси «Ленин йўли»да босилди. Унда Рауф исмини Илёс деб ўзгартирганман.
Ўша йилларда Самарқандда ишлаган драматург Машраб Бобоев бир куни Тошкентдан қайтишида, Рауф Парфининг шеърга тўла, қалин кўк жилдли дафтарини олиб келди. Мен Рауфнинг «Абдуллажон марсияси», “Қрим бору, қримликлар йўқ» ва бошқа кўплаб ажойиб шеърларини ўша қўлёзмада ўқиганман. Кейин шумлигим тутиб, дафтарнинг биринчи бетига, «дўстим Абулфайз Баротовга камоли эҳтиром билан ушбу дафтаримни ҳадя этдим. Рауф Парфи», деб ёзиб қўйдим. Машраб бу ёзувни кўриб, жинни бўлай деди, мени сўка-сўка, хонадан отилиб чиқиб кетди…
Орадан йиллар ўтди. Пьесачи Эркин Музаффаров вафот этди. Йигирма йиллар муқаддам “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасининг маданият бўлими мудири (эндиликда марҳум) Суръат Орипов бу саргузаштларимини эшитиб, Рауф Парфи 50 ёшга тўлганда ёзса арзийдиган воқеалар экан деган эди.
Рауф Парфи билан учрашиб, суҳбатлашиш менга насиб этмади. (Илоё, унинг руҳи шод бўлсин). Марҳум дўстим Машраб Бобоев ҳар гал Самарқандга келганида, Рауф сизни кўп эслаб туради,”- деб айтарди. Ким билади, иккала оёғи ҳам йўқ, бунинг устига рубоб чалиб, бўтадай бўзлаб ашула айтади деб, ўзи ҳақида ҳикоя ёзган мендек бир ҳаваскор қаламкашни, бу воқеани менга чиндек қилиб гапириб берган бухоролик Сайёрани Рауф кечирдимикин, деган армон орадан йиллар ўтса ҳамки мени қийнаб келади.
* * *
(Суратда: Абулфайз Баротов) «Халқ сўзи»нинг 1991 йил 8 феврал сонида «Мен Рауф Парфи ҳақида нималарни биламан!» номли хотираларим босилиб чиққандан сўнг шу газетанинг 1991 йил 6 июн сонида Қутби Носир қизининг «Овоз бер, ёшлик!» мақоласи эълон қилинди. Қутби Носир қизининг эслашича, Рауф Парфининг «Лайло» қўшиғи талабалар шаҳарчасидаги ётоқхонада яралган. Рауф шеърга мослаб рубобини тинғиллатиб, ўзича хиргойи қилиб юраркан. Сўнг унга Фозилжон Усмонов қўшилган. Унинг овози чўзиқ, ёқимли, дардли эди. Дадахон Ҳасан эса унга профессионал ёндашиб, куй-қўшиқни авж нуқтага олиб чиққан. Кейин бу қўшиқни кўплар айтди. Аммо ҳеч бири Фозилжон ва Дадахончалик меъёрига етказа олмади, – деган эди Рауфнинг курсдоши, қиримтатар ёзувчиси Айдер Осман.
Ким нима деса десину биз бу қўшиқни илк бор курсдошимиз Фозилжон Усмонов ижросида эшитганмиз, – деб хотирлайди Қутби Носир қизи. – Фозилжон қўлтиқтаёққа суянган барваста йигит эди. Аммо… биз ундан ногиронлиги сабабини сўрамасдик, сўрай олмасдик. Шўх, йўқ ердан кулги топа оладиган хушчақчақ, қизларга қаттиқ ҳазиллашадиган йигит эди. Қизлар ҳам унинг қўпол ҳазилларини кўтаришарди. У табиатан файласуф эди. Тенгдошларига «Мавлоно» деб мурожаат қиларди. Самимийлиги сабаб кўплар билан тил топишиб кета оларди. Гоҳо асабий эди. Шундай пайтлари курсдошлар, иложи борича, уни хафа қилмасликка тиришиб, кўнглига қарашарди.
Фозилжон қўшиқ айтармиш, шундай айтармишки… – дея хотирлашда давом этади Қутби Носир қизи. – Курсдошларимдан бу таърифни кўп эшитганман. Аммо ўзим гувоҳи бўлмаган эдим. Учинчи курсда Сирдарёга пахтага чиқадиган бўлдик. Автобусда ўтирган Фозилжон Усмоновни кўриб ҳайронмиз. «У ҳам пахтага борармиш…» Автобус талабаларнинг қий-чувини ортмоқлаб, йўлга тушди. Фозилжон Усмонов қўлтиқтаёқларига таяниб, ўрнидан турди. «Лайло» янгради.
Яна пайдо бўлдим йўлингда,
Йўлларингда яна бўзлади-и-им.
……………………………
Ҳисларимни йўлларингга маржондек сочай, Лайло!
Агар ишқимни рад этсанг, қайларга қочай, Лайло!
Қутби Носир қизи бухоролик Сайёранинг гапида жон борлигини айтиб, аммо у Рауф билан Фозилжонни адаштирганини таъкидлайди. «Лайло» бор эҳтироси билан, бор қисмати билан Фозилжон Усмоновники эди. Бу қўшиқда дард бор эди ва бу дард Фозилжоннинг юраги билан ҳамоҳанг эди. «Лайло» ўша йиллари ёшларнинг севимли кўрсатуви “Студентлик — олтин даврим”да биринчи марта Фозилжон Усмонов ижросида янграб, ёшларни энтиктирган, афсоналар яратган эди. Ўша йиллари «Лайло» ёшларнинг энг севимли қўшиғига айланган эди».
Қутби Носир қизи менинг мақолам сабаб кўплаб курсдошларини хотирлаган: Эркин Комилов, Санжар Содиқов, Бойбўта Дўстқораев, Умрзоқ Ўлжабоев, Ойдин Ҳожиева, Жуманиёз Ниёзметов…
Умр оқар дарё. «Лайло»нинг кучли таъсири сабаб биринчи фарзандим қиз туғилганда исмини Лайло қўйганман. Мен мазкур мақолада тилга олган аксарият кишилар бугун бу фоний дунёни тарк этишди. Уларни яратган эгам ўз раҳматига олган бўлсин Аммо «Лайло» ёш санъаткорлар тилида қайта –қайта жаранглашини, ёшларнинг севимли қўшиғига айланишини жуда-жуда истардим.
Улуғ ҳофизимиз — Дадахон Ҳасаннинг “Янги дунё” сайтида эълон қилинган “Лайло”нинг рост ва ёлғон тарихи ёки бир миш-мишни “ҲАҚИҚАТГА” айлантирганим ҳақида,”- сарлавҳали мақоламга билдирган эътирозини ўқиб, тўғриси, жуда-жуда хижолат чекдим. Айниқса, “ёзганларингизнинг бари ёлғон,”- деган гаплари бошимга тўқмоқ бўлиб тегди. У кишининг нега жазаваси тутганлигини дарҳол сездим. Фозилжон Усмонов деган талабани қўшиқчиликда буюк ҳофизимизга тенглаштирганим у кишининг нафсониятига теккан кўринади.
Аслида Рауф Парфининг номини афсоналарга айлантирган Дадахон Ҳасаннинг сеҳрли овози эмасмиди? Бу қўшиқни Илҳом Фармонов бир неча марта айтди. Бошқалар ҳам айтаётган бўлишлари мумкин. Лекин юракларни ўртовчи сеҳрли овозни ҳозирча яратган эгам ёлғиз Дадахонга насиб этганидан кўз юмиб бўлмайди.
Бир вақтлар Рауф Парфи ҳақидаги ҳикояни қайта тиклаб, уни ёзувчи Абулқосим Мамарасуловга кўрсатган эдим, “ҳикоянгиз жуда бўш ёзилган, ўндан кўра Рауф Парфи ҳақидаги хотираларингиз дуруст,”- дегани учун, ҳикояни бир чеккага ташлаб қўйган эдим. Бахтга қарши ҳикоям эълон қилинган газетадан бирон нусха ўзимда қолмаган экан. Лекин ўша йилларда туман газетасида эълон қилинган ушбу ҳикоя Пайариқ осмонида ёз куни момоқалдироқ гумбурлагандек акс-садо берган эди. Ҳали шоир сифатида мутлақо танилмаган Рауф Парфининг ўрнига, биронта немисними, африкалик негрними ҳикоямга қаҳрамон қилиб олиб, уни оёқсизга чиқарганимда ҳам, Дадахон Ҳасаннинг “Лайло”си туфайли ҳикоя машҳур бўлиши турган гап эди.
Қуйида Рауф Парфи ҳақидаги ҳикояни эътиборларингизга ҳавола қилаяпман. Жуда бўш ёзилган. Узр.
Абулфайз Баротов
СЕВГАН ҚАЛБ ЖАСОРАТИ
Бизлар университетда бир группада ўқирдик. Рауф айтарли чиройли эмасди. Аммо босиқлиги, ҳар бир гапни ўйлаб гапириши, кучли иродаси, самимий қалби билан бошқалардан ажралиб турарди. Бир хонада яшаётганимизга беш йил бўлибдики, унинг ҳаёти ҳақида тузукроқ бирон нима билмасдим. У ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмасди. Қўлтиқ таёқларига суянибгига университетга борар, дарслар тугади дегунча тўғри ётоқхонага қайтиб келиб, китоб мутоаала қилишга тушиб кетарди. Рауф ҳар хил кеча ва ўтиришларда ҳам кўринавермасди. Унинг иккала оёғининг ҳам тиззасидан пасти протез эди. Қандай фалокатга йўлиқиб оёқларидан ажраган – буни ҳам билмасдик.
Лайло эса чинамкам соҳибжамол эди.Унинг шаҳло кўзлари димо кулиб турарди. Қоп-қора сочларини икки ўрим қилиб орқасига ташлаб юрадиган бу қизнинг гавдаси шаршарадан оқиб турган тиниқ сувни эслатарди. Ана шундай қиз Рауфни севиб қолганди.
Кейин эса таъна-ю-маломатлар уларнинг бошларига дўлдек ёғила бошлади. Уларнинг самимий севгисига қойил қолганлар ҳам кўп эди. Лекин курсимиздаги баъзи бир тилига кучи етмаганлар пичинг қилиб Лайлонинг қалбини вайрон қиларди. Ана шулардан бири Умида исмли қиз эди. Сочларини доимо каптарнинг уясидек қаққайтириб юрадиган озғин бу қиз оғзига нима келса, қайтармай гапириб юбораверарди.
Шундай бир воқеа эсимда. Шанба куни дарсларимиз эртароқ тугади. Аудиториядан чиқаётганимизда дугоналаридан бири Лайлони кинога таклиф қилиб қолди.
-Афсуски, сизлар билан бора олмайман, — деди Лайло.- Бошим оғриб турибди.
Ўртага Умида суқилди.
— Топган бахонангни қара-ю… Яхшиси ўша ёғоч оёқ билан учрашишим керак дегин, ишонайлик.
Умиданинг безбетлиги ҳаддан ошиб кетганди. Унинг гапини эшитганлар жойида қотиб қолишди. Лайлонинг эса шу пайтдаги аҳволи ўта аянчли эди. Ранги оппоқ бўлиб кетган, ўзи дағ-дағ титрарди. Сўнгра бирданига оҳ урди-да, юзларини қўллари билан бекитганича эшикка отилди. Аудитория ғала-ғовур бўлиб кетди. Ҳамма Умидага нафрат билан қарарди. У ўйламай айтиб қўйган гапининг даҳшатини энди сезгандек, бир бурчакда қимирламай турар, ранги қув учиб кетганди. Мен Лайлонинг полда сочилиб ётган китоб-дафтарларини йиғиштириб олдим-да, қизлардан биттасига бериб, ташқарига чиқдим.
Ўша куни тўғри ётоқхонага бормадим. Анча вақт шаҳар кўчаларида мақсадсиз тентираб юрдим. Умиданинг гаплари нафратимни ошириб юборганди.Ахир, Лайло севгани учун айбдорми? Рауфни камситишга нима ҳаққинг бор? Бундай фалокат ҳар бир кишининг ҳам бошига тушиш мумкин-ку. Бунчалик шафқатсиз, бағритош бўлмасанг, Умида!
Алламаҳалда ётоқхонага қайтиб келдим. Хонамизда чироқ ўчмаганди. Хонамизга яқинлашар эканман, ичкаридан келаётган овозни эшитиб, беихтиёр тўхтаб қолдим. Афтидан Лайло шу ерда эди.
— Бизлар бошқа бирга бўлмаслигимиз керак, Лайло! – деди, Рауф дардли овозда. – Мени тўғри тушунинг. Бу таънаю-маломатлар бир куни сизни адойи тамом қилади. Мени деб азоб чекишингизни истамайман.
— Нега ундай деяпсиз?- деб, Лайло йиғлаб юборди. – Майли, одамлар гапираверишсин, таъна тошларини отаверишсин. Барига чидайман, бардош бераман. Фақат сиз бундай гапларингиз билан мени қийнаманг.
Рауф унга нима деб жавоб қайтарди. Буни билишнинг иложи бўлмади.Уларнинг гапларига ортиқ гувоҳ бўлгим келмади. Шартта бурилдим-у, ташқарига отилдим. Ўша куни ҳам, кейинги куни ҳам ётоқхонага қайтиб бормадим. Нега бундай қилганимни ҳанузгача тушуна олмайман. Фақат бир нарсани биламанки, мен Рауф олдида негадир ўзимни айбдордек сезардим.
Душанба куни иккаласи ҳам дарсга келишди.Шўрлик Лайло! Ногоҳ айтилган бир оғиз сўз уни адойи тамом қилган эди. Биронтамиз уларнинг юзига тик қарашга ботина олмасдик. Ҳамма ўзини айбдордек сезарди.
Кейин ёзги имтиҳонлар бошланиб, ҳаммамиз ўз ташвишимиз билан бўлиб кетдик. Барчамиз имтиҳонлардан муваффақият билан ўтдик. Бугун эса хайрлашув кечаси. Факультетнинг мажлислар залига йиғилишимиз керак. Рауф аллақачон кетиб қолганди. Мен кийиниб хонадан чиқдим.
Зал гавжум эди. Мен олдинги қаторлардан бирига бориб ўтирдим-да, теварак-атрофга назар солдим. Залда негадир Рауф кўринмасди. Ногоҳон кейинги қаторлардан бирида Лайлони кўриб қолдим. У маъюс ҳолда ўтирарди. Беихтиёр унга ачиниб кетдим.
Тусатдан чалинган қарсак хаёлимни бўлиб юборди. Минбардан домлаларимиз жой олаётган эди. Факультетимиз декани бизларга қаерда ишламайлик, университет шаънини пок сақлашимизни, виждонан ва ҳалол меҳнат қилишимизни айтиб, оқ йўл тилади. Кейин факультет бадиий ҳаваскорлик тўгарагининг концерти бошланди.Мен концерт программаларини лоқайдлик билан томоша қилар, негадир кетгим келарди. Кутилмаганда бошловчи навбатдаги программани эълон қилиб қолди:
— “Лайло!” Рауф Парфи шеъри. Қўшиқни муаллифнинг ўзи ижро этади.
Денгиз қирғоғига зарб билан урилган тўлқин остида қолгандек энтикиб кетдим. Қулоқларимга ишонгим келмасди. Мана қўлида рубоб ушлаган Рауф пайдо бўлди. Қўлтиқ таёқсиз саҳна четигача секин-секин юриб келди. Рубобини чалишга ҳозирлар экан, жовдираган кўзлари билан залдан кимнидир изларди.
“Лайлони излаяпти!”- кўнглимдан ўтказдим мен. Бурилиб қарадим-у, титраб кетдим. Лайло шамдек қотиб ўтирар, Рауфдан кўзларини узмасди. Рауф кулимсираб қўйди. Нега кулимсирадийкин? Балки жонидан ортиқ кўрган севган қизига далда бериш учун шундай қилгандир.
Рауфнинг оғзидан қўшиқнинг биринчи сатрлари учиб чиқиб, зални ўзининг сеҳрли оғушига тортди. Бу, Лайлога аталган муҳаббат қўшиғи эди.Севган юрак нола қилар, сўнгсиз илтижолар қалбларни ўртаб жўнбўшга соларди.
Балки ўчган эдим ёдингдан,
Хаёлингни яна буздимми!
Лайло, Лайло сенинг ёнингда,
Бир дам кўрмоқчийдим ўзимни.
Қўшиқ ҳамон жаранглар, юракларни ўртар, қалбларни ларзага келтирарди.
Яна пайдо бўлдим йўлингда,
Йўлларингда яна бўзладим.
Бечора қалб сенинг қўлингда,
Кўзларингда менинг кўзларим.
Мен Рауфнинг қўшиқ айтганини сира кўрмаган эдим.Ҳозир эса у Лайлога қараб бўтадек бўзларди. Нақадар қудратли экансан, севги.
Ҳисларимни йўлларинга маржондек сочай, Лайло!
Агар севгимни рад этсанг, қайларга қочай, Лайло!
Қўшиқ тугади. Залга бир зумлик жимлик чўкди. Ана шу пайтда кутилмаганда саҳнага Лайло кўтарилди. У секин юриб, Рауфнинг олдига борди. Кейин унинг оёқларига тиз чўкди. Залга шунчалик сукунат чўккан эдики. Пашша учса эшитиларди. Бу, бир дақиқалик сукунат эди, холос. Кейин зарб билан чалинган қарсакдан зал қоқ иккига бўлиниб кетгандек бўлди. Қўшиқ сеҳри ва уларнинг саҳнадаги туришлари залдагиларнинг қалбларини тилка-пора қилиб юборганди. Барча қийқиришар, Рауф ва Лайлони олқишлашар, улар эса бошларини кўтарганларича йиғилганларга мағрур боқиб туришарди. Улар шу туришида довул ва бўронларни писанд қилмай мағрур қад кўтариб турган мустаҳкам қояни эслатарди. Уларнинг қалблари ноҳақликка, таъна-маломатларга, фисқу-фасодларга ана шу тарзда исён кўтариб, ўз севгиларини ҳимоя қилишга бел боғлагандилар гўё.
Зал ҳамон гувуллайди. Гўё ҳамма икки ёшнинг бахтини, муҳаббатини олқишлаётгандек тинимсиз қарсаклар чалишар, уларни олқишлашарди.
1965 йил, Пайариқ
Изоҳ: Яна таъкидламоқчиман, бу менинг ҳикоячиликдаги биринчи тажрибам эди. “Лайло”ни Дадахон Ҳасандан бошқа биров айтганида, ишончим комилки, бу ҳикоя ҳам ёзилмаган бўларди. Рауф Парфини афсонага айлантирган, мен эмас, Дадахон Ҳасан, сиз бўласиз. Бунинг учун ғурурланишингиз керак.
Орадан йиллар ўтди. Пьесачи Эркин Музаффаров вафот этди.Бундан кўп йиллар муқаддам Самарқанд вилоят “Ленин йўли” газетасининг маданият бўлими мудири, шоир Суръат Орипов, (эндиликда марҳум) бу саргузаштларимни эшитиб, Рауф Парфи 50 ёшга тўлганида ёзишга арзийдиган воқеалар экан, деган эди. ”Муштум”да серсақол Рауфнинг суратини кўриб, балки у элликкни уриб қўйгандир,- деб, қўлимга қалам олган эдим.
Рауф Парфи билан ҳеч қачон учрашмаганман. Аммо унинг, “иккала оёғи ҳам йўқ, бунинг устига рубоб чалиб, бўтадай бўзлаб ашула айтади” – деб ўзи ҳақида ҳикоя ёзган ҳаваскор ёзувчини бот-бот эслаб турганлиги ҳақида дўстим Машраб Бобоев кўп гапирарди. Мендан ёзувчи чиқмади. Рауф бу воқеани менга чиндай қилиб гапириб берган бухоролик Сайёрани ҳам, мени ҳам кечирганлигига ишончим комил. Илоё, улуғ шоирнинг қабри нурга тўлсин.
Дадахон Ҳасаннинг эътирози сабабли, ушбу ҳикояни орадан 45 йил ўтганидан кейин қайтадан эълон қилишга мажбур бўлганлигим сабаби, “Янги дунё”нинг муштарийлари мени тўғри тушунишларини истардим.
1964-65 yillar edi. Rauf Parfi she’ri bilan aytiladigan «Laylo» qo‘shig‘i nihoyatda mashhur bo‘lib ketgan… Qo‘shiqning afsonavor tarixidan esa kutilmaganda voqif bo‘lganman…
Abulfayz Barotov
RAUF PARFINING “LAYLO”SI YOKI
BIR MISH-MISHNI “HAQIQATGA”GA
AYLANTIRGANIM XAQIDA
1964-65 yillar edi. Rauf Parfi she’ri bilan aytiladigan «Laylo» qo‘shig‘i nihoyatda mashhur bo‘lib ketgan…
Qo‘shiqning afsonavor tarixidan esa kutilmaganda voqif bo‘lganman. Toshkentdan Samarqandga poyezdda kelardim. Ro‘paramdagi o‘rindiqda o‘tirgan sariq plashchli qiz mendek poyezd derazasidan uzoqlarga tikilib borardi. Vagonning shiftiga o‘rnatilgan radio avval bir oz qitirlab turdi-da, so‘ng qo‘shiq boshlab yubordi. Dastlab, bilmadim, qanday qo‘shiq ijro etildi. So‘ng «Laylo» yangradi. Ikkimiz ham yalt etib, radiokarnayga qarabmiz.
Dadaxon Hasan faryod solar, biz esa qo‘shiqning zalvorli yuki ostida suv bo‘lib, eshilib o‘tirardik. Qo‘shiq tugadi. Go‘yo qo‘shiq bizning aybimiz bilan tugab qolgandek, ikkimiz ham o‘ng‘aysizlandik.
– Siz bu qo‘shiq tarixi haqida biron narsa bilasizmi? – so‘rab qoldi qiz.
– Bilmayman. Umuman, qo‘shiqning qanday tarixi bo‘lishi mumkin. Rauf Parfi yozgan, Dadaxon Hasan aytayapti. To‘g‘ri, juda ta’sirli qo‘shiq.
– Bu qo‘shiq uning o‘z hayoti haqida, – dedi qiz ishonch bilan. – Raufning ikkala oyog‘ining ham tizzasidan pasti yog‘ochdan. U Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakultetini tugatgan. Bu qo‘shiqni birinchi marta o‘zi kuy bastalab ijro etgan.
Miyamga chaqmoq urilgandek bo‘ldi. Demak, qo‘shiqdagi so‘ngsiz iltijolar bejiz emas ekan-da.
— Laylo uning sevgan qizimi? Uni tashlab ketganmi?
— Yo‘q, ular birga yashashyapti, – deya buxorolik Sayyora ismli yo‘ldoshim menga Rauf va Laylo haqidagi qayg‘uli, ayni paytda qo‘shiqdek jarangdor muhabbat qissasini aytib berdi…
Keyinchalik ularning mashaqqatli sarguzashtlarini hikoya qilish maqsadida bir necha marta qo‘limga qalam oldim. Nihoyat yozdim ham. Bu mening hikoyachilikdagi dastlabki tajribalarim edi. Keyin yana hikoyalar yozdim. Lekin og‘irlik qildi, shekilli, bu tashvishni boshimdan soqit qildim. Xullas qizig‘i shundan keyin boshlandi.
Hikoya «Sevgan qalb jasorati» sarlavhasi ostida 1965 yili o‘zim ishlayotgan Payariq tuman «Kommunizm bayrog‘i» gazetasida bosilib chiqdi. Hikoyadan viloyatdagilar ham xabar topishipti. Gazetaning qishloq xo‘jalik bo‘limi mudiri Normo‘min Egamnazarov hikoyani qozoq tiliga o‘girdi-da, Qozog‘istonning qay bir gazetasiga jo‘natib yubordi.
Hikoya birinchi shaxs tilidan bayon qilingan edi. Chelak shaharchasi markazidagi 25-o‘rta maktab o‘qituvchisi Erkin Muzaffarov hikoyam asosida ikki pardali to‘rt ko‘rinishli pyesa yozdi. Pyesa Chelakdagi madaniyat uyida muhokamaga qo‘yildi. Zal odamga to‘lib ketgan. Erkin Muzaffarovga avval so‘z berildi. U sahnaga chiqib, pyesa mening hikoyam asosida yozilganini aytib, chuchuk til bilan, «bu pyesani azbaroyi hurmat bilan do‘stim Rauf Parfiga bag‘ishlayman», -dedi. Rauf Parfi uzoqda, hech nimadan xabari yo‘q, biz esa uni pe’sa kilib muxokama kilardik.
Keyin menga so‘z berishdi. Nima ham derdim, qo‘shiq taasuroti, buxorolik Sayyora ismli qiz haqida nimalardir dedim-u, joyimga cho‘kdim. Xullas, pyesa qo‘yiladigan bo‘ldi.
Bu orada men yanada mashhurroq bo‘lishni istab, hikoyadan nusxa qo‘chirdim-da, «Sharq yulduzi» jurnaliga yubordim. Yaxshi esimda, jurnalning o‘sha yilgi qaysidir sonida Asqad Muxtor Rauf Parfiga oq yo‘l tilagan edi. Jurnal sahifasidan bizlarga mo‘ylov qo‘ygan, mo‘g‘ulbashara yigit tikilib turardi. Erkin Muzaffarov suratga tikilib turdi-da, to‘ng‘illadi: «Bu ikkala oyog‘idan ham ajragan odamga sira o‘xshamaydi». Keyin «Sharq yulduzi»dan javob keldi: «Hikoyangiz ancha ehtiros bilan yozilgan. Ammo Rauf Parfining ikkala oyog‘i ham bor-ku. Uni oyoqsizga chiqarib, xafa qilib qo‘yish mumkin… Salom bilan Nosir Fozilov». Xatni olib, Erkin Muzaffarovga bordim. Pyesa qoldirildi.
Keyin kutilmaganda Rauf Parfidan xat keldi. «O do‘stim! – deb yozardi Rauf. – Sog‘ligingiz, ishlaringiz joyidami? Siz haqingizda menga Nosir Fozilov gapirib berdi. Hikoya ehtiros bilan yozilgan, dedi. Agar malol kelmasa, hikoya e’lon qilingan gazetadan bir nusxa yuborsangiz. Mendan ahvol so‘rasangiz, o, meni birgina umid saqlab turibdi. Ko‘pdan ko‘p qarzlar… Nima qilishimni ham bilmayman…»
Rauf Parfi boltiqbo‘yilik men bilmagan qandaydir notanish yozuvchilarning asarlarini nomma-nom aytib, uni o‘qib chiqishimni tavsiya etar, negadir sizning iste’dodingizga ishongim keladi, — degan gaplarni aytardi.
Uning manzili aniq yodimda qolgan: Yangiyo‘l tumani, Hamroqul Tursunqulov nomli kolxoz. Men unga javob yozdim. U qanchalik iltijo qilmasin, gazetani yubormadim, xafa qilib qo‘yishdan cho‘chidim. Xullas, biz xat yozishib turdik. Uning xatlariga qaraganda yashash sharoiti og‘ir edi. Erkin Muzaffarov ikkalamiz, pul yig‘ib unga yubormoqchi bo‘ldik. Uning surati va she’rlari bosilgan jurnalni ko‘tarib olganimizcha, ko‘proq Chelak shaharchasidagi savdo do‘konlariga, bufetlarga kiramiz. Jurnalni ochib, tushuntirishga harakat qilamiz: «Mana bu rasmdagi chiroyli yigitga qarang. Kelajakda dunyoga mashhur shoir bo‘ladi. Lekin bechoraning hozir ahvoli chatoq, qarz bo‘p qopti. Agar uni shu qarzdorlikdan qutultirib olmasak, kelajakda O‘zbekiston bizlarni kechirmaydi…” Sotuvchi rasmga kallasini qiyshaytirib bir oz qarab turadi-da, xoxolab kuladi: «Obbo, azamatlar-ey, yarimta ichishning yo‘lini zap topibsizlar-da. Hoy, Ummat, mana bu akalaringga yarimta och…»
Xafa bo‘lib jo‘nab qolamiz. Shunday qilib pul yig‘ish ham chala qolib ketdi.
Chelaklik o‘qituvchi Tolib Rahmatovning bir gapi esimda: «Samarqand Davlat universitetining tarix fakultetida sirtdan o‘qirdim. Filologiya fakultetida Toshkentdan kelgan yosh shoirlar bilan uchrashuv bo‘ladi, shoir Rauf Parfi ham kelgan, deyishdi. O‘sha yoqqa chopdim. Zal liq to‘la. Navbat Raufga kelganda zalda o‘tirganlarning hammasi guvv etib uning oyog‘iga qarashdi. U esa hech narsadan bexabar, minbarga chiqa solib, she’r o‘qiy ketdi. Uchrashuv tugab, hamma chiqayotganda men eshik oldida Rauf Parfini poylab turdim-da, qo‘ltig‘idan ushlab qattiq silkitdim. Uning esxonasi o‘ynab ketdi, lekin oyog‘ida mahkam turdi…»
Keyin hikoya tahrir qilinib, «Bir sevgi qissasi» nomi ostida Samarqand viloyat gazetasi «Lenin yo‘li»da bosildi. Unda Rauf ismini Ilyos deb o‘zgartirganman.
O‘sha yillarda Samarqandda ishlagan dramaturg Mashrab Boboyev bir kuni Toshkentdan qaytishida, Rauf Parfining she’rga to‘la, qalin ko‘k jildli daftarini olib keldi. Men Raufning «Abdullajon marsiyasi», “Qrim boru, qrimliklar yo‘q» va boshqa ko‘plab ajoyib she’rlarini o‘sha qo‘lyozmada o‘qiganman. Keyin shumligim tutib, daftarning birinchi betiga, «do‘stim Abulfayz Barotovga kamoli ehtirom bilan ushbu daftarimni hadya etdim. Rauf Parfi», deb yozib qo‘ydim. Mashrab bu yozuvni ko‘rib, jinni bo‘lay dedi, meni so‘ka-so‘ka, xonadan otilib chiqib ketdi…
Oradan yillar o‘tdi. Pyesachi Erkin Muzaffarov vafot etdi. Yigirma yillar muqaddam “Lenin yo‘li” (hozirgi “Zarafshon”) gazetasining madaniyat bo‘limi mudiri (endilikda marhum) Sur’at Oripov bu sarguzashtlarimini eshitib, Rauf Parfi 50 yoshga to‘lganda yozsa arziydigan voqealar ekan degan edi.
Rauf Parfi bilan uchrashib, suhbatlashish menga nasib etmadi. (Iloyo, uning ruhi shod bo‘lsin). Marhum do‘stim Mashrab Boboyev har gal Samarqandga kelganida, Rauf sizni ko‘p eslab turadi,”- deb aytardi. Kim biladi, ikkala oyog‘i ham yo‘q, buning ustiga rubob chalib, bo‘taday bo‘zlab ashula aytadi deb, o‘zi haqida hikoya yozgan mendek bir havaskor qalamkashni, bu voqeani menga chindek qilib gapirib bergan buxorolik Sayyorani Rauf kechirdimikin, degan armon oradan yillar o‘tsa hamki meni qiynab keladi.
* * *
«Xalq so‘zi»ning 1991 yil 8 fevral sonida «Men Rauf Parfi haqida nimalarni bilaman!» nomli xotiralarim bosilib chiqqandan so‘ng shu gazetaning 1991 yil 6 iyun sonida Qutbi Nosir qizining «Ovoz ber, yoshlik!» maqolasi e’lon qilindi. Qutbi Nosir qizining eslashicha, Rauf Parfining «Laylo» qo‘shig‘i talabalar shaharchasidagi yotoqxonada yaralgan. Rauf she’rga moslab rubobini ting‘illatib, o‘zicha xirgoyi qilib yurarkan. So‘ng unga Foziljon Usmonov qo‘shilgan. Uning ovozi cho‘ziq, yoqimli, dardli edi. Dadaxon Hasan esa unga professional yondashib, kuy-qo‘shiqni avj nuqtaga olib chiqqan. Keyin bu qo‘shiqni ko‘plar aytdi. Ammo hech biri Foziljon va Dadaxonchalik me’yoriga yetkaza olmadi, – degan edi Raufning kursdoshi, qirimtatar yozuvchisi Ayder Osman.
Kim nima desa desinu biz bu qo‘shiqni ilk bor kursdoshimiz Foziljon Usmonov ijrosida eshitganmiz, – deb xotirlaydi Qutbi Nosir qizi. – Foziljon qo‘ltiqtayoqqa suyangan barvasta yigit edi. Ammo… biz undan nogironligi sababini so‘ramasdik, so‘ray olmasdik. Sho‘x, yo‘q yerdan kulgi topa oladigan xushchaqchaq, qizlarga qattiq hazillashadigan yigit edi. Qizlar ham uning qo‘pol hazillarini ko‘tarishardi. U tabiatan faylasuf edi. Tengdoshlariga “Mavlono” deb murojaat qilardi. Samimiyligi sabab ko‘plar bilan til topishib keta olardi. Goho asabiy edi. Shunday paytlari kursdoshlar, iloji boricha, uni xafa qilmaslikka tirishib, ko‘ngliga qarashardi.
Foziljon qo‘shiq aytarmish, shunday aytarmishki… – deya xotirlashda davom etadi Qutbi Nosir qizi. – Kursdoshlarimdan bu ta’rifni ko‘p eshitganman. Ammo o‘zim guvohi bo‘lmagan edim. Uchinchi kursda Sirdaryoga paxtaga chiqadigan bo‘ldik. Avtobusda o‘tirgan Foziljon Usmonovni ko‘rib hayronmiz. «U ham paxtaga borarmish…» Avtobus talabalarning qiy-chuvini ortmoqlab, yo‘lga tushdi. Foziljon Usmonov qo‘ltiqtayoqlariga tayanib, o‘rnidan turdi. «Laylo» yangradi.
Yana paydo bo‘ldim yo‘lingda,
Yo‘llaringda yana bo‘zladi-i-im.
……………………………
Hislarimni yo‘llaringga marjondek sochay, Laylo!
Agar ishqimni rad etsang, qaylarga qochay, Laylo!
Qutbi Nosir qizi buxorolik Sayyoraning gapida jon borligini aytib, ammo u Rauf bilan Foziljonni adashtirganini ta’kidlaydi. «Laylo» bor ehtirosi bilan, bor qismati bilan Foziljon Usmonovniki edi. Bu qo‘shiqda dard bor edi va bu dard Foziljonning yuragi bilan hamohang edi. «Laylo» o‘sha yillari yoshlarning sevimli ko‘rsatuvi “Studentlik — oltin davrim”da birinchi marta Foziljon Usmonov ijrosida yangrab, yoshlarni entiktirgan, afsonalar yaratgan edi. O‘sha yillari «Laylo» yoshlarning eng sevimli qo‘shig‘iga aylangan edi».
Qutbi Nosir qizi mening maqolam sabab ko‘plab kursdoshlarini xotirlagan: Erkin Komilov, Sanjar Sodiqov, Boybo‘ta Do‘stqorayev, Umrzoq O‘ljaboyev, Oydin Hojiyeva, Jumaniyoz Niyozmetov…
Umr oqar daryo. «Laylo»ning kuchli ta’siri sabab birinchi farzandim qiz tug‘ilganda ismini Laylo qo‘yganman. Men mazkur maqolada tilga olgan aksariyat kishilar bugun bu foniy dunyoni tark etishdi. Ularni yaratgan egam o‘z rahmatiga olgan bo‘lsin Ammo «Laylo» yosh san’atkorlar tilida qayta –qayta jaranglashini, yoshlarning sevimli qo‘shig‘iga aylanishini juda-juda istardim.
Ulug‘ hofizimiz — Dadaxon Hasanning “Yangi dunyo” saytida e’lon qilingan “Laylo”ning rost va yolg‘on tarixi yoki bir mish-mishni “HAQIQATGA” aylantirganim haqida,”- sarlavhali maqolamga bildirgan e’tirozini o‘qib, to‘g‘risi, juda-juda xijolat chekdim. Ayniqsa, “yozganlaringizning bari yolg‘on,”- degan gaplari boshimga to‘qmoq bo‘lib tegdi. U kishining nega jazavasi tutganligini darhol sezdim. Foziljon Usmonov degan talabani qo‘shiqchilikda buyuk hofizimizga tenglashtirganim u kishining nafsoniyatiga tekkan ko‘rinadi.
Aslida Rauf Parfining nomini afsonalarga aylantirgan Dadaxon Hasanning sehrli ovozi emasmidi? Bu qo‘shiqni Ilhom Farmonov bir necha marta aytdi. Boshqalar ham aytayotgan bo‘lishlari mumkin. Lekin yuraklarni o‘rtovchi sehrli ovozni hozircha yaratgan egam yolg‘iz Dadaxonga nasib etganidan ko‘z yumib bo‘lmaydi.
Bir vaqtlar Rauf Parfi haqidagi hikoyani qayta tiklab, uni yozuvchi Abulqosim Mamarasulovga ko‘rsatgan edim, “hikoyangiz juda bo‘sh yozilgan, o‘ndan ko‘ra Rauf Parfi haqidagi xotiralaringiz durust,”- degani uchun, hikoyani bir chekkaga tashlab qo‘ygan edim. Baxtga qarshi hikoyam e’lon qilingan gazetadan biron nusxa o‘zimda qolmagan ekan. Lekin o‘sha yillarda tuman gazetasida e’lon qilingan ushbu hikoya Payariq osmonida yoz kuni momoqaldiroq gumburlagandek aks-sado bergan edi. Hali shoir sifatida mutlaqo tanilmagan Rauf Parfining o‘rniga, bironta nemisnimi, afrikalik negrnimi hikoyamga qahramon qilib olib, uni oyoqsizga chiqarganimda ham, Dadaxon Hasanning “Laylo”si tufayli hikoya mashhur bo‘lishi turgan gap edi.
Quyida Rauf Parfi haqidagi hikoyani e’tiborlaringizga havola qilayapman. Juda bo‘sh yozilgan. Uzr.
Abulfayz Barotov
SЕVGAN QALB JASORATI
Bizlar universitetda bir gruppada o‘qirdik. Rauf aytarli chiroyli emasdi. Ammo bosiqligi, har bir gapni o‘ylab gapirishi, kuchli irodasi, samimiy qalbi bilan boshqalardan ajralib turardi. Bir xonada yashayotganimizga besh yil bo‘libdiki, uning hayoti haqida tuzukroq biron nima bilmasdim. U o‘zi haqida gapirishni yoqtirmasdi. Qo‘ltiq tayoqlariga suyanibgiga universitetga borar, darslar tugadi deguncha to‘g‘ri yotoqxonaga qaytib kelib, kitob mutoaala qilishga tushib ketardi. Rauf har xil kecha va o‘tirishlarda ham ko‘rinavermasdi. Uning ikkala oyog‘ining ham tizzasidan pasti protez edi. Qanday falokatga yo‘liqib oyoqlaridan ajragan – buni ham bilmasdik.
Laylo esa chinamkam sohibjamol edi.Uning shahlo ko‘zlari dimo kulib turardi. Qop-qora sochlarini ikki o‘rim qilib orqasiga tashlab yuradigan bu qizning gavdasi sharsharadan oqib turgan tiniq suvni eslatardi. Ana shunday qiz Raufni sevib qolgandi.
Keyin esa ta’na-yu-malomatlar ularning boshlariga do‘ldek yog‘ila boshladi. Ularning samimiy sevgisiga qoyil qolganlar ham ko‘p edi. Lekin kursimizdagi ba’zi bir tiliga kuchi yetmaganlar piching qilib Layloning qalbini vayron qilardi. Ana shulardan biri Umida ismli qiz edi. Sochlarini doimo kaptarning uyasidek qaqqaytirib yuradigan ozg‘in bu qiz og‘ziga nima kelsa, qaytarmay gapirib yuboraverardi.
Shunday bir voqea esimda. Shanba kuni darslarimiz ertaroq tugadi. Auditoriyadan chiqayotganimizda dugonalaridan biri Layloni kinoga taklif qilib qoldi.
-Afsuski, sizlar bilan bora olmayman, — dedi Laylo.- Boshim og‘rib turibdi.
O‘rtaga Umida suqildi.
— Topgan baxonangni qara-yu… Yaxshisi o‘sha yog‘och oyoq bilan uchrashishim kerak degin, ishonaylik.
Umidaning bezbetligi haddan oshib ketgandi. Uning gapini eshitganlar joyida qotib qolishdi. Layloning esa shu paytdagi ahvoli o‘ta ayanchli edi. Rangi oppoq bo‘lib ketgan, o‘zi dag‘-dag‘ titrardi. So‘ngra birdaniga oh urdi-da, yuzlarini qo‘llari bilan bekitganicha eshikka otildi. Auditoriya g‘ala-g‘ovur bo‘lib ketdi. Hamma Umidaga nafrat bilan qarardi. U o‘ylamay aytib qo‘ygan gapining dahshatini endi sezgandek, bir burchakda qimirlamay turar, rangi quv uchib ketgandi. Men Layloning polda sochilib yotgan kitob-daftarlarini yig‘ishtirib oldim-da, qizlardan bittasiga berib, tashqariga chiqdim.
O‘sha kuni to‘g‘ri yotoqxonaga bormadim. Ancha vaqt shahar ko‘chalarida maqsadsiz tentirab yurdim. Umidaning gaplari nafratimni oshirib yuborgandi.Axir, Laylo sevgani uchun aybdormi? Raufni kamsitishga nima haqqing bor? Bunday falokat har bir kishining ham boshiga tushish mumkin-ku. Bunchalik shafqatsiz, bag‘ritosh bo‘lmasang, Umida!
Allamahalda yotoqxonaga qaytib keldim. Xonamizda chiroq o‘chmagandi. Xonamizga yaqinlashar ekanman, ichkaridan kelayotgan ovozni eshitib, beixtiyor to‘xtab qoldim. Aftidan Laylo shu yerda edi.
— Bizlar boshqa birga bo‘lmasligimiz kerak, Laylo! – dedi, Rauf dardli ovozda. – Meni to‘g‘ri tushuning. Bu ta’nayu-malomatlar bir kuni sizni adoyi tamom qiladi. Meni deb azob chekishingizni istamayman.
— Nega unday deyapsiz?- deb, Laylo yig‘lab yubordi. – Mayli, odamlar gapiraverishsin, ta’na toshlarini otaverishsin. Bariga chidayman, bardosh beraman. Faqat siz bunday gaplaringiz bilan meni qiynamang.
Rauf unga nima deb javob qaytardi. Buni bilishning iloji bo‘lmadi.Ularning gaplariga ortiq guvoh bo‘lgim kelmadi. Shartta burildim-u, tashqariga otildim. O‘sha kuni ham, keyingi kuni ham yotoqxonaga qaytib bormadim. Nega bunday qilganimni hanuzgacha tushuna olmayman. Faqat bir narsani bilamanki, men Rauf oldida negadir o‘zimni aybdordek sezardim.
Dushanba kuni ikkalasi ham darsga kelishdi.Sho‘rlik Laylo! Nogoh aytilgan bir og‘iz so‘z uni adoyi tamom qilgan edi. Birontamiz ularning yuziga tik qarashga botina olmasdik. Hamma o‘zini aybdordek sezardi.
Keyin yozgi imtihonlar boshlanib, hammamiz o‘z tashvishimiz bilan bo‘lib ketdik. Barchamiz imtihonlardan muvaffaqiyat bilan o‘tdik. Bugun esa xayrlashuv kechasi. Fakultetning majlislar zaliga yig‘ilishimiz kerak. Rauf allaqachon ketib qolgandi. Men kiyinib xonadan chiqdim.
Zal gavjum edi. Men oldingi qatorlardan biriga borib o‘tirdim-da, tevarak-atrofga nazar soldim. Zalda negadir Rauf ko‘rinmasdi. Nogohon keyingi qatorlardan birida Layloni ko‘rib qoldim. U ma’yus holda o‘tirardi. Beixtiyor unga achinib ketdim.
Tusatdan chalingan qarsak xayolimni bo‘lib yubordi. Minbardan domlalarimiz joy olayotgan edi. Fakultetimiz dekani bizlarga qayerda ishlamaylik, universitet sha’nini pok saqlashimizni, vijdonan va halol mehnat qilishimizni aytib, oq yo‘l tiladi. Keyin fakultet badiiy havaskorlik to‘garagining konserti boshlandi.Men konsert programmalarini loqaydlik bilan tomosha qilar, negadir ketgim kelardi. Kutilmaganda boshlovchi navbatdagi programmani e’lon qilib qoldi:
— “Laylo!” Rauf Parfi she’ri. Qo‘shiqni muallifning o‘zi ijro etadi.
Dengiz qirg‘og‘iga zarb bilan urilgan to‘lqin ostida qolgandek entikib ketdim. Quloqlarimga ishongim kelmasdi. Mana qo‘lida rubob ushlagan Rauf paydo bo‘ldi. Qo‘ltiq tayoqsiz sahna chetigacha sekin-sekin yurib keldi. Rubobini chalishga hozirlar ekan, jovdiragan ko‘zlari bilan zaldan kimnidir izlardi.
“Layloni izlayapti!”- ko‘nglimdan o‘tkazdim men. Burilib qaradim-u, titrab ketdim. Laylo shamdek qotib o‘tirar, Raufdan ko‘zlarini uzmasdi. Rauf kulimsirab qo‘ydi. Nega kulimsiradiykin? Balki jonidan ortiq ko‘rgan sevgan qiziga dalda berish uchun shunday qilgandir.
Raufning og‘zidan qo‘shiqning birinchi satrlari uchib chiqib, zalni o‘zining sehrli og‘ushiga tortdi. Bu, Layloga atalgan muhabbat qo‘shig‘i edi.Sevgan yurak nola qilar, so‘ngsiz iltijolar qalblarni o‘rtab jo‘nbo‘shga solardi.
Balki o‘chgan edim yodingdan,
Xayolingni yana buzdimmi!
Laylo, Laylo sening yoningda,
Bir dam ko‘rmoqchiydim o‘zimni.
Qo‘shiq hamon jaranglar, yuraklarni o‘rtar, qalblarni larzaga keltirardi.
Yana paydo bo‘ldim yo‘lingda,
Yo‘llaringda yana bo‘zladim.
Bechora qalb sening qo‘lingda,
Ko‘zlaringda mening ko‘zlarim.
Men Raufning qo‘shiq aytganini sira ko‘rmagan edim.Hozir esa u Layloga qarab bo‘tadek bo‘zlardi. Naqadar qudratli ekansan, sevgi.
Hislarimni yo‘llaringa marjondek sochay, Laylo!
Agar sevgimni rad etsang, qaylarga qochay, Laylo!
Qo‘shiq tugadi. Zalga bir zumlik jimlik cho‘kdi. Ana shu paytda kutilmaganda sahnaga Laylo ko‘tarildi. U sekin yurib, Raufning oldiga bordi. Keyin uning oyoqlariga tiz cho‘kdi. Zalga shunchalik sukunat cho‘kkan ediki. Pashsha uchsa eshitilardi. Bu, bir daqiqalik sukunat edi, xolos. Keyin zarb bilan chalingan qarsakdan zal qoq ikkiga bo‘linib ketgandek bo‘ldi. Qo‘shiq sehri va ularning sahnadagi turishlari zaldagilarning qalblarini tilka-pora qilib yuborgandi. Barcha qiyqirishar, Rauf va Layloni olqishlashar, ular esa boshlarini ko‘targanlaricha yig‘ilganlarga mag‘rur boqib turishardi. Ular shu turishida dovul va bo‘ronlarni pisand qilmay mag‘rur qad ko‘tarib turgan mustahkam qoyani eslatardi. Ularning qalblari nohaqlikka, ta’na-malomatlarga, fisqu-fasodlarga ana shu tarzda isyon ko‘tarib, o‘z sevgilarini himoya qilishga bel bog‘lagandilar go‘yo.
Zal hamon guvullaydi. Go‘yo hamma ikki yoshning baxtini, muhabbatini olqishlayotgandek tinimsiz qarsaklar chalishar, ularni olqishlashardi.
1965 yil, Payariq
Izoh: Yana ta’kidlamoqchiman, bu mening hikoyachilikdagi birinchi tajribam edi. “Laylo”ni Dadaxon Hasandan boshqa birov aytganida, ishonchim komilki, bu hikoya ham yozilmagan bo‘lardi. Rauf Parfini afsonaga aylantirgan, men emas, Dadaxon Hasan, siz bo‘lasiz. Buning uchun g‘ururlanishingiz kerak.
Oradan yillar o‘tdi. Pyesachi Erkin Muzaffarov vafot etdi.Bundan ko‘p yillar muqaddam Samarqand viloyat “Lenin yo‘li” gazetasining madaniyat bo‘limi mudiri, shoir Sur’at Oripov, (endilikda marhum) bu sarguzashtlarimni eshitib, Rauf Parfi 50 yoshga to‘lganida yozishga arziydigan voqealar ekan, degan edi. ”Mushtum”da sersaqol Raufning suratini ko‘rib, balki u ellikkni urib qo‘ygandir,- deb, qo‘limga qalam olgan edim.
Rauf Parfi bilan hech qachon uchrashmaganman. Ammo uning, “ikkala oyog‘i ham yo‘q, buning ustiga rubob chalib, bo‘taday bo‘zlab ashula aytadi” – deb o‘zi haqida hikoya yozgan havaskor yozuvchini bot-bot eslab turganligi haqida do‘stim Mashrab Boboyev ko‘p gapirardi. Mendan yozuvchi chiqmadi. Rauf bu voqeani menga chinday qilib gapirib bergan buxorolik Sayyorani ham, meni ham kechirganligiga ishonchim komil. Iloyo, ulug‘ shoirning qabri nurga to‘lsin.
Dadaxon Hasanning e’tirozi sababli, ushbu hikoyani oradan 45 yil o‘tganidan keyin qaytadan e’lon qilishga majbur bo‘lganligim sababi, “Yangi dunyo”ning mushtariylari meni to‘g‘ri tushunishlarini istardim.
Салом, Абулфайз ака! Сизнинг «Тугалбой газетада ишлаш учун тугилган2 деган сузларингизни укидим. Рахмат! Менга эл. почтадан телефонингиз хакида хабар юборинг.
Ассалому алайкум Абулайз ака! Устоз Рауф Парфи ва унинг машҳур»Лайло»си ҳақида сўз юритилган эсдалигингизни ўқиб чиқдим.»Рауф бу воқеани менга чиндай қилиб гапириб берган Сайёрани ҳам, мени кечирганлигига ишончим комил» дея ёзаркансиз Сиз ҳақсиз! Зеро, маълум вақт Рауф Парфининг ёнида бўлолган, у киши билан анча вақт бирга яшаган, сирдош инсон бўлганим учун ҳам буни ишонч билан айтаяпман. Рауф Парфи ҳаётлигида фақат ватанга, миллатга хиёнат қилганларнигина кечирмаган, улардан хафа бўлган. Сиз бошдан кечирган воқеа унинг учун оддий кундалик ҳолат десам тўғри бўларди, менимча.
Ўзимни Рауф Парфининг шогирдиман, дея таништиришга уяламан. Зеро, Рауф ака умрида ҳеч кимни «шогирдим» демаган. Ёш ижодкорларни ҳам ўзи билан6 тенг кўрар, «дўстим», айрим ҳолатларда ҳаттоки «устозим» ҳам дер эди.
Ҳурмат билан Рустам Эмин.