Omon qolsang, unutma, men seni yaxshi ko’raman, bolam!

farzand

Бу воқеа юз берганига 2 йил бўлди. Аммо, эсласам, ҳамон кўзёшимни тўхтатолмайман…
Инсоният тарихи битилган китоблар асосан халқларнинг шаклланиши,давлатларнинг таркиб топиши,урушлару бўҳронларни тасвиридан иборат бўлиб қолгани ҳеч кимга сир эмас.Менга қолса, мактабларда «Инсон тарихи» ёки «Инсон қалби» фанини ўқитган бўлардим. Бу фан инсоннинг пайдо бўлиши,анатомияси,қобилиятлари ҳақида эмас,балки инсоннинг руҳияти,меҳру оқибати,унинг инсоний табиати ҳақидаги ҳикоялардан иборат бўлишини истардим. Худди юнон режиссёри Константин Пилавиоснинг «Бу нима?» номли митти фильмини илк марта кўрган чоғимда кўзларимдан ёш тирқирагандек,сизга тақдим этаётган оддий хабар юрагимни зирқиратиб юборди. Мен «Инсон тарихи» ёки «Инсон қалби» китобини мана шундай воқеалардан тузиб чиққан бўлардим.

Хуршид Даврон

гулОМОН ҚОЛСАНГ,УНУТМА!
08

Японияда юз берган зилзиладан сўнг қутқарувчилар бир ёш жувоннинг уйи олдига келдилар. Харобаларни тозалаб, унинг остида қолганларга ёрдам бериш керак эди. Шу уйда яшайдиган аёлнинг танаси бир-бирига суяниб қолган деворларнинг ёриқ-дарзларидан кўриниб турарди. У ғалати бир ҳолатда – худди ибодат қилаётгандай олдинга эгилган, қўллари билан ниманидир бағрига босиб олганди. Уй қулаганда аёлнинг елкаси ва бош қисми жароҳатланган, у аллақачон дунёдан кўз юмганди.
Қутқарувчилар аёл танасини деярли кўмиб ётган турли синиқлар ва парчаларни аста-секин тозалашди. У гулдор йўргакка ўралган гўдакни қучоқлаб олганди. Чақалоқ тахминан уч ойлик эди. Уй йиқилган чоғда она ўз жонини фидо қилиб, боласини қутқарган экан.
Гуруҳ бошлиғи болакайни қўлга олган пайт у ҳали ҳеч нимадан хабарсиз, тинчгина ухлаб ётарди. Гўдакни текширишга келган шифокор йўргакни очиб, унинг ичида ётган қўл телефонини топиб олди. Телефон экранида “Омон қолсанг, унутма, мен сени яхши кўраман, болам”, деган хат бор эди. Ҳали танасидаги иссиқ жонидан, онгу шууридан айрилиб улгурмаган бечора она қўлидаги телефонга бир умрлик видолашув ва меҳр хатини ёзиб кетибди. Балки ўша оний лаҳзаларда у ўғлининг чопқиллаб ўйнаб юрганини, бежирим туфлича ва оппоқ кўйлакда мактабга борганини, бўйдоргина йигитга айланиб жилмайиб турганини хаёлидан ўтказгандир. Чексиз оналик меҳр-муҳаббатини ана шу бир оғиз гапга сиғдирмоқчи бўлгандир.
Қутқарувчилар телефонни бир-бирига узатар, онаизорнинг сўнгги сўзларини ўқиб, кўзларида ёш ҳалқаланарди.

“Ирфон” тақвимининг 2012 йил 4-сонида чоп этилган.

ona va bola

Insoniyat tarixi bitilgan kitoblar asosan xalqlarning shakllanishi,davlatlarning tarkib topishi,urushlaru bo’hronlarni tasviridan iborat bo’lib qolgani hech kimga sir emas.Menga qolsa, maktablarda «Inson tarixi» yoki «Inson qalbi» fanini o’qitgan bo’lardim. Bu fan insonning paydo bo’lishi,anatomiyasi,qobiliyatlari haqida emas,balki insonning ruhiyati,mehru oqibati,uning insoniy tabiati haqidagi hikoyalardan iborat bo’lishini istardim. Xuddi yunon rejissyori Konstantin Pilaviosning «Bu nima?» nomli mitti fil`mini ilk marta ko’rgan chog’imda ko’zlarimdan yosh tirqiragandek,sizga taqdim etayotgan oddiy xabar yuragimni zirqiratib yubordi. Men «Inson tarixi» yoki «Inson qalbi» kitobini mana shunday voqealardan tuzib chiqqan bo’lardim.

Xurshid Davron

gulOMON IOLSANG,UNUTMA!
21

Yaponiyada yuz bergan zilziladan so’ng qutqaruvchilar bir yosh juvonning uyi oldiga keldilar. Xarobalarni tozalab, uning ostida qolganlarga yordam berish kerak edi. Shu uyda yashaydigan ayolning tanasi bir-biriga suyanib qolgan devorlarning yoriq-darzlaridan ko’rinib turardi. U g’alati bir holatda – xuddi ibodat qilayotganday oldinga egilgan, qo’llari bilan nimanidir bag’riga bosib olgandi. Uy qulaganda ayolning yelkasi va bosh qismi jarohatlangan, u allaqachon dunyodan ko’z yumgandi.
Qutqaruvchilar ayol tanasini deyarli ko’mib yotgan turli siniqlar va parchalarni asta-sekin tozalashdi. U guldor yo’rgakka o’ralgan go’dakni quchoqlab olgandi. Chaqaloq taxminan uch oylik edi. Uy yiqilgan chog’da ona o’z jonini fido qilib, bolasini qutqargan ekan.
Guruh boshlig’i bolakayni qo’lga olgan payt u hali hech nimadan xabarsiz, tinchgina uxlab yotardi. Go’dakni tekshirishga kelgan shifokor yo’rgakni ochib, uning ichida yotgan qo’l telefonini topib oldi. Telefon ekranida “Omon qolsang, unutma, men seni yaxshi ko’raman, bolam”, degan xat bor edi. Hali tanasidagi issiq jonidan, ongu shuuridan ayrilib ulgurmagan bechora ona qo’lidagi telefonga bir umrlik vidolashuv va mehr xatini yozib ketibdi. Balki o’sha oniy lahzalarda u o’g’lining chopqillab o’ynab yurganini, bejirim tuflicha va oppoq ko’ylakda maktabga borganini, bo’ydorgina yigitga aylanib jilmayib turganini xayolidan o’tkazgandir. Cheksiz onalik mehr-muhabbatini ana shu bir og’iz gapga sig’dirmoqchi bo’lgandir.
Qutqaruvchilar telefonni bir-biriga uzatar, onaizorning so’nggi so’zlarini o’qib, ko’zlarida yosh
halqalanardi.

“Irfon” taqvimining 2012 yil 4-sonida chop etilgan.

Manba: Шоир Ориф Толиб сайти

Image

Image

Image

0011

(Tashriflar: umumiy 2 284, bugungi 1)

7 izoh

  1. Раҳмат, Хуршид ака, бор бўлинг. Эсингизда бўлса, «Тафаккур»да бир мақола чиққан эди. Унда айтилишича, олимлар тажриба ўтказишибди. Ўрага ўхшаш иккита жойга она-бола инсонни ва она-бола маймунни туширишибди. Сўнг ўра секин-аста сувга тўла бошлабди: аввал тиззага, сўнг белга, кейин бўғизга… Маймун ҳам, Ҳазрати Инсон ҳам сув кўтарилгани сари боласини баландроққа — хавфсизроққа кўтаришарди. Сув бўғиздан оша бошлаб, оналарнинг ўзига хавф туғилганда… Она маймун боласининг устига чиқибди! Ҳазрати Инсон эса боласини азод кўтариб, ўзи сув остида қолибди… Тонг қолдиради ақлни.

  2. Assalomu alaykum ey azizlarim bu dunyoda borimizning sababi onadir.Doim onajonlarimiz sog’ omon bo’sinlar.

  3. Ona doim bolam deb yawaydi. Ilohim hammamiz solix farzandlar ato etsin.

Izoh qoldiring