Shermuhammad Amonov. Hamza she’riyatida matn tahriri masalasi.

099

Ҳамза шеърияти юзасидан шўро даврида кўплаб тадқиқий ишлар қилинган бўлса-да, уларнинг барчасини ҳам чинакам тадқиқот деб аташ қийин. Негаки, айни ўша даврда, Ҳамза шеърияти нотўғри талқин этилди, устоз Озод Шарафиддинов таъбири билан айтганда, шоир адабиёт ихлосмандларига ўзлигидан маҳрум қилинган ҳолда тақдим этилди. Шоир яшаган давр зиддиятлари, ижтимоий-сиёсий бўҳронлар, вафотидан сўнг унинг шахсияти ва ижодининг ҳукмрон мафкура ғоявий манфаатлари йўлида қурбон қилингани сингари омиллар, эндиликда, унинг шеърий асарларини асл манбалар билан муқояса этиш, уларнинг дастхат нусхалари, ҳеч бўлмаганда, муаллиф вариантига яқин матнларини тиклаш ва, шу асосда, хулоса чиқаришни тақозо қилади. Бу эса, бугунги мустақиллик даврида Ҳамза шеъриятини ўрганишнинг назарий-методологик муаммоларини ҳал этиш вазифасини кун тартибига қўяди.

9989

Шермуҳаммад Амонов,
ҲАМЗА ШЕЪРИЯТИДА МАТН ТАҲРИРИ МАСАЛАСИ

092 Ҳамза шеърияти юзасидан шўро даврида кўплаб тадқиқий ишлар қилинган бўлса-да, уларнинг барчасини ҳам чинакам тадқиқот деб аташ қийин. Негаки, айни ўша даврда, Ҳамза шеърияти нотўғри талқин этилди, устоз Озод Шарафиддинов таъбири билан айтганда, шоир адабиёт ихлосмандларига ўзлигидан маҳрум қилинган ҳолда тақдим этилди. Шоир яшаган давр зиддиятлари, ижтимоий-сиёсий бўҳронлар, вафотидан сўнг унинг шахсияти ва ижодининг ҳукмрон мафкура ғоявий манфаатлари йўлида қурбон қилингани сингари омиллар, эндиликда, унинг шеърий асарларини асл манбалар билан муқояса этиш, уларнинг дастхат нусхалари, ҳеч бўлмаганда, муаллиф вариантига яқин матнларини тиклаш ва, шу асосда, хулоса чиқаришни тақозо қилади. Бу эса, бугунги мустақиллик даврида Ҳамза шеъриятини ўрганишнинг назарий-методологик муаммоларини ҳал этиш вазифасини кун тартибига қўяди.
Ҳамза лирикасининг методологик аҳамиятга молик муаммоларидан бири матн таҳрири масаласидир. Зеро, матн таҳрири матншунослик фанининг асосий илмий муаммоларидандир. Ҳамза шеърларининг тадқиқи уларда матн таҳрири уч хил асосда амалга оширилганини кўрсатади:

1. Муаллиф таҳрири; 2. Қўлёзмани кўчирган котиб таҳрири; 3. Ғоявий таҳрир;

1. Муаллиф таҳрири. Маълумки, бизгача “Девони Ниҳоний”нинг икки қўлёзма нусхаси етиб келган. Бири – Тошкентда Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида 8989 инвентар рақами остида сақланмоқда. (Бу нодир қўлёзма 1948 йилда Ғафур Ғулом томонидан топилган бўлиб, Ҳамза ижоди ҳақидаги қарашларни анча аниқлаштиргани билан аҳамиятлидир). Иккинчиси эса – Қўқон адабиёт музейи қўлёзмалар бўлимидан ўрин олган (сақланиш рақами: Р-89).
“Девони Ниҳоний”нинг Тошкент нусхасидаги 70 дан ортиқ шеър девоннинг Қўқон нусхасида ҳам мавжуд. Бироқ, бу шеърларнинг деярли барчаси муаллифнинг жиддий таҳриридан ўтиб, девоннинг мукаммал варианти – Тошкент нусхасига киритилган. Ўз навбатида, шеърларнинг бундай таҳририни таснифлаш мумкин:

А. Сўз ва жумлалар таҳрири; Б. Мисралар таҳрири; В. Байтлар таҳрири;

А. Сўз ва жумлалар таҳрир. Масалан, девоннинг Қўқон нусхасидаги 69-ғазал (52-саҳифа) “Манам Мажнун каби энди гадолар бўлмасам бўлмас”, – мисраси билан бошланади. Девоннинг Тошкент нусхасида ушбу мисра: “Манам Мажнуни бехуддек гадолар бўлмасам бўлмас”, – тарзида келади. Мисра таркибидаги “каби энди” бирикмаси муаллиф томонидан “бехуддек” сўзи билан алмаштирилгани матннинг таъсир кучини ҳамда бадииятини оширганини таъкидлаш лозим.

Бир кўруб ул кун жамолинг мубтало бўлдум санго,
Андалибдек фурқатингда пурнаво бўлдум санго, –

матлаъли ғазал девоннинг Қўқон нусхаси 10-саҳифасида келади. Ушбу ғазалнинг “Оҳким, бир дам юзунгни кўрмасам ором йўқ”, – шаклидаги 9-мисраси девоннинг Тошкент нусхасида: “Оҳким, бир дам юзунгни кўрмасам тоқат қани”(4б-саҳифа) тарзида таҳрир қилинган. “Ором йўқ” бирикмасининг “тоқат қани” жумласига алмаштирилиши, биринчидан, матннинг бадиий жозибасини кучайтирган бўлса, иккинчидан, муаллифнинг муайян ғазални ёзиб тугатгач, уни такомиллаштириш устида муттасил ишлаганини кўрсатади.
Б. Мисралар таҳрири. Девоннинг Қўқон нусхасидаги 59-ғазал (44-саҳифа)

Мани бечора ул кун бир кўруб дийдор, билмайсан,
Учубон бу шом ақлу ҳушим хуштор, билмайсан, –

матлаъси билан бошланади. Мазкур байтнинг иккинчи мисраси девоннинг Тошкент нусхасида:

Учуб кам бўлмишам ақлу ҳушим афгор, билмайсан – (31б-саҳифа) тарзида таҳрир қилинган.
Ғазалнинг 4-мисраси девоннинг Қўқон нусхасида: “Қаро оҳу кўзунг солди бўйнумга тор, билмайсан”, – бўлса, девоннинг Тошкент нусхасида:

Қаро кокилларинг бўйнумга солди тор, билмайсан, –

шаклида ўзгартирилган.
6-мисра Қўқон нусхада:“Фироқингда бўлуб ғам бирла тан бемор, билмайсан”, – шаклида келса, Тошкент нусхада:
Фироқинг ғамлари қилди дилим зангор, билмайсан, –
кўринишида тузатилган.

Бундан аён бўладики, ғазалнинг айрим мисралари муаллиф таҳриридан ўтган, шоир шеърни қайта ишлаган, мукаммаллаштирган. Қўқон нусхасидаги 47-ғазалнинг (35-саҳифа) 4-мисраси: “Бандаликни айладим изҳор, ўргулсун қулинг”, – бўлса, Тошкент нусхада ушбу мисра:

Ашки селобим эрур анҳор, ўргулсун қулинг, –

тарзида таҳрир қилинган.
Шуни таъкидлаш лозимки, бундай тузатишлар девон нусхаларидаги ғазалларнинг деярли ҳар бири учун хосдир. Бу сингари таҳрирлар муаллифнинг ўзи яшаган давр адабий тилининг бадиий услуб меъёрларига риоя этишинигина билдирмайди, балки шоирнинг ижодий лабораториясига кириш имконини беради. Бундай таҳрирда ижодкорнинг бадиий тасвирни ифодалаш усули, матншунослик таъбири билан айтганда, матннинг ички мантиқий ҳаракати ҳам ўз ифодасини топади. Шу сабабли, матн таҳрири, жумладан, муаллиф таҳрири илмий тадқиқот объекти бўла олади ва у муҳим методологик аҳамиятга молик.
В. Байтлар таҳрири. “Девони Ниҳоний”га жамланган ғазаллар байтларидаги муаллиф таҳрири масаласининг ўрганилиши ҳам муҳим илмий хулосаларга олиб келади. Матншунос Нафас Шодмонов Огаҳийнинг “Шоҳиду-л-иқбол” асари тадқиқига оид ишида муаллиф таҳрири масаласига тўхталар экан, унинг, асосан, икки гуруҳга бўлинишини таъкидлайди:

1. Услубий тузатишлар;
2. Тарихий маълумотларга аниқлик киритувчи тузатишлар.

Олим услубий тузатишларни ҳам, ўз навбатида, яна тўрт гуруҳга бўлишни тавсия этади: 1. Эски ўзбек тили меъёрларига амал қилинишини таъминлаш учун амалга оширилган тузатишлар; 2. Бадиий услуб талабидан келиб чиқиб тузатиш қилиш; 3. Муаллиф услубига хос тузатишлар; 4. Матн ички мантиқига доир тузатишлар.
Ҳамза шеърларида, табиийки, тарихий маълумотларга аниқлик киритувчи тузатишлар учрамайди. Демак, шоир лирикасида матн таҳрири масаласи ўрганилар экан, фақат услубий тузатишлар борасида сўз юритиш мумкин. “Девони Ниҳоний”даги байтлар таҳрири юзасидан олиб борилган кузатишлар, уларда услубий тузатишларнинг Нафас Шодмонов таъкидлаган тўрт гуруҳидан учтаси учрашини кўрсатади. Булар: бадиий услуб талабидан келиб чиқиб тузатиш қилиш; муаллиф услубига хос тузатишлар; матн ички мантиқига доир тузатишлар.
“Девони Ниҳоний”даги ғазалларда бадиий услуб талабидан келиб чиқиб тузатиш қилиш тажрибаси кенг қўлланилган. Бинобарин, ғазал бадиий услубда битилар экан, бу услуб талаби муаллифдан ҳар бир сўз, жумла, мисра ва байт борасида муттасил ишлашни тақозо қилади. Масалан:

Эй дилрабо, ишқинг била девона бўлдум соғинуб,
Булбул каби тун-кечалар нолона бўлдум соғинуб, –

матлаъли ғазалнинг (111-ғазал, 80-саҳифа) 5-6 ва 7-8 байтлари девоннинг Қўқон нусхасида қуйидагича:

Ҳеч ким манингдек бўлмасун, токи туғилгандан бери,
Ёлғуз ўзим ишқинг било сўзона бўлдум соғинуб.

Тушди бошимга минг бало, юз минг азоб,
Ақлу ҳушимдан, маҳвашо, бегона бўлдум соғинуб.

Мазкур байтлар девоннинг Тошкент нусхасида муаллифнинг жиддий таҳрири асосида берилади:

Ҳеч ким манингдек куймаган ҳажринг ўтига, эй санам,
Танҳо туташдим ман ўзум, сўзона бўлдум соғинуб.

Тушди сани деб бошима жабру ситам, ҳадсиз азоб,
Ақлу ҳушимдин оқибат бегона бўлдум соғинуб.

Байтнинг: “Ҳеч ким манингдек бўлмасун токи туғилгандан бери”, – мисраси таҳрирдан кейин: “Ҳеч ким манингдек куймаган ҳажринг ўтига, эй санам”, – шаклига келган. Табиийки, бадиий услуб шеърда образнинг ёрқин, таъсирчан бўлишини тақозо этади. Дастлабки вариантда образлилик етарли даражада эмас. Таҳрирдан кейин эса “ҳажр ўтига ҳеч ким унингдек куймаган” ошиқ тасвири берилганки, бу айнан бадиий услуб талабидир.
2. Қўлёзмани кўчирган котиб таҳрири. “Девони Ниҳоний”нинг Тошкент нусхаси матнини кўчиришда жиддий таҳрирлар кўзга ташланмайди. Матн бехато, анча мукаммал китобат қилинган. Бу ҳол девоннинг котиби муаллифнинг ўзи бўлгани ҳақидаги тахминга асос беради. Бироқ, девоннинг Қўқон нусхаси бундан мустасно. Чунки девоннинг мазкур вариантида айрим матний нуқсонлар, тузатишлар кўзга ташланади. Бу ҳақда Ҳамзанинг “Тўла асарлар тўплами” ноширлари қуйидагича фикр билдиришган: “Шеърларни кўчиришда хатолар, сакталиклар учраб туради. “Ушшоқим”, “Фалакни гардиши шундоғ” каби радифли шеърларда шу ҳолни кузатиш мумкин. “Тасаддуқ” радифли мухаммаснинг уч ўрнида бир мисрадан тушиб қолган” (Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Тўла асарлар тўплами. Беш томлик. Биринчи том. Т.: “Фан” нашриёти. 1988. – Б.282).
Бироқ девоннинг Қўқон нусхаси айрим афзалликларга ҳам эга. Шоирнинг “Тўла асарлар тўплами”да девоннинг Тошкент нусхасида мавжуд бўлмаган:

Бу тақдири илоҳийдур, фалакни гардиши шундоғ,
Нетайлик бандабиз, жоно, фалакни гардиши шундоғ, –

матлаъли ғазал девоннинг Қўқон нусхаси (60-саҳифа 83-ғазал) матни асосида нашрга тайёрлангани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Лекин ғазал мақтаъида вазн сакталигига йўл қўйилган. Бу котибнинг хатоси бўлиши эҳтимолга яқин. Негаки, Ҳамза ғазалларида вазн сакталиги деярли учрамайди. Қайси баҳрда ёзмасин, шоир илми аруз қоидаларига тўлиқ амал қилади. Ҳажази мусаммани солим (рукнлари: мафоийлун, мафоийлун, мафоийлун, мафоийлун) вазнида ёзилган бу ғазал мақтаъи қуйидагича:

Ото бирла онони керак эрмасдур, эй Ниҳон, айблар қилмоқ,
Алар ҳам бандадур, нетсун, фалакни гардиши шундоғ.

Вазн тақозосига кўра, “ото” сўзи “ато” шаклида табдил қилиниши тўғрироқ. Сабаби, ҳажаз баҳри талабига кўра, биринчи ҳижо қисқа бўлиши лозим. Маълум бўляптики, ғазал мақтаъининг биринчи мисрасида вазн бузилган.
Қўқон нусхада ғазалларнинг мисралари, байтлари кўплаб ўринларда алмаштирилиб кўчирилган ёки ташлаб кетилган ҳолларга дуч келиш мумкин. Масалан: “Жонона, чиқар дилдин минг оҳу фиғон ҳар дам”, – мисраси билан бошланувчи ғазал девоннинг иккала нусхасида ҳам мавжуд. Ғазалнинг мақтаъси қуйидагича:

Раҳм айла Ниҳонийга, оллоҳ сенга раҳм этсун,
Бахтингни очуб қилсун давлатни равон ҳар дам.
(Тошкент нусха 28а-саҳифа).

Ушбу байт девоннинг Қўқон нусхасидаги матнда тушириб қолдирилган (53-саҳифа 72-ғазал).
Девоннинг Қўқон нусхаси асосида нашрга тайёрланган яна бир ғазал: “Юз минг салом бирла, нигор, жонолиғингга қуллуқ”, – мисраси билан бошланади. Ҳамзанинг “Тўла асарлар тўплами”да берилган ушбу ғазалнинг бешинчи байти ўрнига кўп нуқта қўйиб кетилган. Қўлёзмада эса бу байт қуйидагича берилган:

Босдинг яхши ёмона ўзни рақиб ёлғон сўзни,
Хоҳлаб фақир ўзни деболиғингга қуллуқ.
(Қўқон нусха 34-саҳифа 45-ғазал).

Байт матнида вазн сакта, бундан ташқари, мазмунда мантиқий номувофиқликлар бор. Бу ҳолни котибнинг эътиборсизлиги сабабидан, деб изоҳлаш тўғрироқ бўлади. Негаки, Ҳамзадек сўзга талабчан, моҳир ижодкорда бундай сакталик учраши эҳтимолдан узоқ.
Умуман, қўлёзмани кўчирган котиб таҳрири масаласи юзасидан олиб борилган изланишлар шоир назмий асарларининг мукаммал матнларини тиклашдек муҳим ишда қимматли илмий хулосаларга келиш имконини беради.
3. Ғоявий таҳрир. Рус матншуноси Д.С.Лихачев матн таҳрири масаласини тадқиқ қилишда, айниқса, тоталитар тузум даврида ижод қилган шоиру адиблар асарлари матнини ўрганишда цензура назоратини эътиборда тутиш зарурлигини таъкидлайди. Олимнинг фикрича, мустабид мафкура шароитида яшаган ижодкорлар меросини тадқиқ қилишда “ғоявий таҳрир” масаласини ўрганиш муҳим илмий хулосаларга олиб келади. Бу хусусда тўхталар экан олим, жумладан, шундай фикрни билдиради: “Матннинг “ғоявий таҳрир”дан ўтиши асарнинг стилистик жиҳатлари билан боғлиқ бўлиши ёки боғлиқ бўлмаслиги мумкин. Таҳрир баъзан бутун матн таркибига, айрим ҳолларда унинг алоҳида қисмига алоқадор бўлади. Ёзма ёдгорликка бутунлай тескари маъно юкланиши, матнда у ёки бу хил “ғоявий тозалаш” ўтказилган бўлиши мумкин. Ҳатто асарга унда мутлақо бўлмаган ғоя қўшилиши ёки матнда мавжуд бўлган ғоя “қисқартирилиши” ҳоллари ҳам учрайди. Матншуносликнинг назарий-методологик масаласи, бизнингча, Ҳамза шеъриятини ўрганишда ҳам муҳим илмий хулосаларга олиб келади.
Шоир шеъриятига алоқадор “ғоявий таҳрир”ни қуйидагича илмий тасниф этиш мумкин: бутун матн таркибига оид таҳрир; матннинг алоҳида қисмига алоқадор таҳрир; матнга унда бўлмаган ғоянинг қўшилиши ҳоллари; матнда мавжуд ғоянинг қисқартирилиши. Ғоявий таҳрирнинг бу турларига оид мисолларни алоҳида-алоҳида кўриб чиқиш зарурати бор.
Бутун матн таркибига оид таҳрир. “Ғоявий таҳрир”нинг бу турига Ҳамзанинг шу пайтгача “Яша, Шўро” деб юритилиб келинган, аслида, “Яша, Турон” деб номланган шеърини мисол қилиб келтириш мумкин. “Тўла асарлар тўплами” ноширлари шеърга қуйидагича изоҳ берадилар: “1918 йилда ёзилган ушбу шеър, Сотти Ҳусайн берган маълумотга кўра, 1919 йилда “Атир гул” тўпламида нашр этилган. Бошқа маълумотларга қараганда, шеър Муҳиддинқори Ёқубовдан ёзиб олиниб, биринчи марта шоирнинг 1939 йилда чоп этилган “Танланган асарлар”ида берилган… Айрим маълумотларга қараганда, ушбу шеър дастлаб “Яша, Турон” шаклида бўлган. Лекин бу тахминни тасдиқловчи далиллар ҳозирча топилмади”.
Шеърнинг қофия тизими (айниқса, биринчи банддаги “замон”, “жаҳон” тарзидаги қофияланиш) унинг “Яша, Турон” тарзида бўлишини тақозо қилади. Адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов қайд этганидек: “Ҳамза ҳақида кўплаб мифлар, ҳақиқатдан узоқ афсоналар, ёлғон-яшиқ гаплар тўқилган, уларда шоирнинг асл қиёфаси бузиб кўрсатилган” коммунистик мафкура замонида бу шеър матнининг бутунлай ўзгартирилган, жиддий “ғоявий таҳрир”дан ўтказилган бўлиши ҳақиқатга яқиндир. Акс ҳолда, шеърнинг асл матни йўқотилмаган бўлар эди.
Матннинг алоҳида қисмига алоқадор таҳрир. Ҳамза лирикаси ҳақида маълумот берувчи яна бир манба – шоирнинг ижтимоий-сиёсий мавзуда ёзилган шеърларини ўзида мужассам этган “Миллий ашулалар учун миллий шеърлар” мажмуасидир. Мажмуа 1915-1917 йилларда литографияда чоп этилган. Бу манба ҳозирда Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 7628 л I, 7628 л II ва 4066 инвентар рақамлари остида сақланмоқда. “Миллий ашулалар учун миллий шеърлар”нинг биринчи бўлими олти шеърдан таркиб топган. Бу шеърларнинг аслият ва табдил вариантларини қиёсий таҳлил этиш натижалари уларда “ғоявий таҳрир” билан боғлиқ анчагина матний тафовутлар мавжудлигини кўрсатади. Бу тафовутлар матннинг алоҳида қисмига оид эканини таъкидлаш керак. Жумладан, “Дармон истариз” шеъридаги:

Эй мусулмонлар, келинглар, ҳукми Қуръон истариз,
Миллата шавкат, тараққий, шаъну даврон истариз, –

байтида “ҳукми Қуръон” бирикмаси ноширлар томонидан “хатми Қуръон” тарзида таҳрир қилинган. Табиийки, бу иккала жумла бир-биридан кескин фарқ қилади ва “ҳукми Қуръон” бирикмаси мусулмон давлатчилиги мазмунини ифодалаган. Ҳамза яшаган давр ижтимоий-сиёсий мафкураси шуни тақозо қилгани аён. “Хатми Қуръон” бирикмаси эса Қуръони каримни хатм қилиш, бошидан охиригача ўқиб чиқиш маъносини билдиради. Кўриниб турибдики, ноширлар атайин “ғоявий таҳрир” йўлини тутган.
“Дардига дармон истамас” шеърида ҳам худди шунга яқин ҳолни кузатиш мумкин. “Ё ақоид, ё ҳадис, тафсири Қуръон истамас” мисрасида “тафсири Қуръон” бирикмаси “тасвири Қуръон” тарзида ўзгартирилган.
Матнга унда бўлмаган ғоянинг қўшилиши ҳоллари. “Ғоявий таҳрир”нинг бу кўриниши шоирнинг “Миллий ашулалар учун миллий шеърлар”ида кўпроқ кузатилади. Масалан, “Яхши ҳолин йўқотган оқибатсиз Туркистон” шеърининг охирги бандидаги:

Ватанга молик бўлди яҳуд отлиғ тўнғизлар,
Оёғ остида қолди неча сандек дилсўзлар, –

мисраларида “яҳуд отлиғ” жумласи ўрнига матнга унда бўлмаган “нобакор” сўзи қўшилган. Умуман, мазкур шеърнинг бир қанча ўринларида “яҳудий” сўзи “нобакор” тарзида таҳрир қилинган.
“Жонларни жонони Ватан” шеърида ҳам худди шундай ҳолни кузатиш мумкин. Бу шеърда ноширлар томонидан “яҳудларга” сўзи ўрнига, матнга унда бўлмаган “ёвузларга” сифати қўшилган.
Таъкидлаш жоизки, матнга унда бўлмаган ғоянинг қўшилиши ҳоллари муаллиф ижодий меросининг нотўғри талқин этилишига олиб келади. Шу боис, таҳрирнинг бу турини ўрганиш матншунослик учун алоҳида аҳамиятга эга.
Матнда мавжуд ғоянинг қисқартирилиши. Ҳамзанинг кўплаб шеърларидаги муҳим ижтимоий-сиёсий мазмунни ифодалаган мисралар аксар ҳолларда мафкура талаби билан, баъзан нашрга тайёрловчиларнинг масъулиятни тўла ҳис этмагани боис, нашрларга кирмай қолган. Бошқача айтганда, шеърий асар матнида мавжуд ғоя ноширлар томонидан қисқартирилган. Жумладан, “Миллий ашулалар учун миллий шеърлар” туркумидаги “Йиғла Туркистон” шеърининг 6-банди шоирнинг шу пайтгача нашрдан чиққан бирор китобига, ҳатто энг сўнгги “Тўла асарлар тўплами”га ҳам киритилмаган. Мана, ўша байтда шоир қандай ғояни ифодалаган:

Шундай кечса ҳолимиз нелар бўлғуси,
Бори кулфат бўлғуси, бизға келғуси,
Эшикларда сойиллик сўнгра қолғуси,
Таъна тоши бошларни онда ёрғуси.

Эҳтимол, Ҳамза ёки бошқа ҳар қандай шоир ўз назмий асарида ифодалаган ғоя бу асар ўрганилаётган давр қарашларига мувофиқ келмаслиги мумкин. Адабиётшунослик ёки матншунослик унга изоҳ берар, ҳатто, асардаги ғоя тарихнинг қайси даврига оид эканини шарҳлар ҳам. Бироқ асардаги банд, байт, мисра, ҳаттоки сўз ва жумлани ўзгартиришга ҳеч ким ҳақли эмас.
Умуман, “ғоявий таҳрир”нинг бу кўриниши ҳам шеърда муаллиф ифодаламоқчи бўлган ғояни бузиб талқин этишга, бинобарин, матннинг аслиятга номувофиқ ҳолга келишига сабаб бўлади. Ана шундай саҳиҳ бўлмаган матн асосида олиб борилган тадқиқотлар нохолис, баъзан эса бутунлай нотўғри, ноилмий хулосаларга олиб келиши мумкин.

Манбаъ: «Шарқ юлдузи» журнали,2010 йил,4-сон.

011

(Tashriflar: umumiy 656, bugungi 1)

Izoh qoldiring