Abdulla Oripov. Iyun she’rlari

09    Ўтган ва янги аср ўзбек шеъриятининг атоқли сиймоси Абдулла Ориповнинг ёз фаслининг биринчи ойида қоғозга туширган шеърларини мамнуният билан тақдим этамиз ва устоз шоирга кўп минглаб мухлислари номидан энг эзгу тилакларимизни йўллаб қоламиз.

09
АБДУЛЛА ОРИПОВ
Ўзбекистон Халқ шоири
ИЮНЬ ОЙИ ШЕЪРЛАРИ
04

ИМОН

Кексалик бошланиб, танни беморлик
Забтига олди-ю хору зор қилди.
Бир замон юрардим давлатлик, норлик,
Кўзимга дунёни энди тор қилди.

Шогирдлар ўстирдим жойлаб жонимга,
Маҳрамдек санадим хонадонимга.
Оқибат ўшалар ҳатто ёнимга
Келиб ўлтиришдан гўё ор қилди.

Ҳеч ким «бас» демайди бойликка тўйиб,
Йўқсил ҳам чидайди, ёнмайди куйиб.
Бир жуфт шеър айтишни бўйнимга қўйиб,
Оламда йўқ эдим, Ўзи бор қилди.

Ҳаёт гўзаллигин куйладим, бай-бай,
Тулпорим фалакни қучмоққа ҳам шай.
Лекин қанча севиб, қанча ёлвормай,
Бир санам йўлига интизор қилди.

Афсус, дунё мени алдади боплаб,
Олдимга ташлади ёлғонни қоплаб.
Эккан дарахтларим кўрсам ҳисоблаб,
Ярмин бешик қилди, ярмин дор қилди.

Ношукур эмасман умримдан зинҳор,
Бировдан қолишмас қадим халқим бор.
Кимнидир кўришдан қилсам ифтихор,
Ким мени кўришдан ифтихор қилди.

Нафс деган ҳаммани урди йўлидан,
Айлан авлиёнинг ўнгу сўлидан.
Ақчасиз ҳеч нарса келмас қўлидан,
Масжидни бузди-ю чўнг бозор қилди.

Мен ҳам жиловладим гоҳо фикратни,
Асл деб ўйладим сохта суратни.
Меҳру муҳаббатни, илму ҳикматни
Фақат сийратимда барқарор қилди.

Ёвузлик ҳар ённи этса ҳам хароб,
Бир куни қайдадир бергайдир жавоб.
Эзгулик седана донидек ноёб,
Бўй сочиб, ўзидан умидвор қилди.

Ер юзи бўлгайдир шаксиз фаровон,
Инсонга қайтгайдир диёнат, виждон.
Шоир келажакка келтириб имон,
Шу шеърни ёзмоққа ихтиёр қилди.

30.07.2015

СОҒУНИЙ

Туркий дунёмизда тенгсиз аллома,
Адолат йўлида курашчи, ботир.
Гарчи қўлда қалам, бошда амома,
Сизни қуршаб ўтди фақат хавотир.

Шўрлик халқ қай замон бўларкан озод,
Бўларми унинг ҳам туғи, давлати.
Босқинчи зотларни титратди бот-бот,
Соғуний домланинг ўтли даъвати.

Бу сиймо неларга келмади тўқнаш,
Изма-из юрарди ажал муқаррар.
Табобат илмида Синога ўхшаш,
Тафаккур бобида Беруний қадар.

Ярадор бўлди-ю йиқилмади у,
Пинҳон наъра тортди бамисли арслон.
Пайғамбар каломи дилида мангу,
Фақат орзусидир озод Туркистон.

Зулмки, устивор бўлдими агар,
Энди ҳамроҳингдир ўкинч ва ҳасрат.
Авлодлар кечмишин то рўзи Маҳшар
Кузатиб тургайдир Соғуний ҳазрат.

29.06.2015

БУЮКЛИК ҲАҚИДА

Менинг бир дўстим бор, соддадек гўё,
Кўринган одамни буюксан, дейди.
Лекин ўзини ҳам унутмас асло,
Буюкман, дейди.

Буюклик аталган бу кибор туйғу
Оташин даъватга кўпроқ ярайди.
Бирор наф топдингми сен ундан, ёҳу,
Ерга қарайди.

Буюклик кўринмас ҳар вақт, ҳар фурсат,
Гарчи сен у ҳақда тинмай сўзлайсан.
Энг аввал, ҳурматли зотларни кўрсат,
Буюкларни кейин излайсан.

28.06.2015

ШЕЪРИЯТ

Шундай шарт қўйдилар менга бир замон:
Омонлик истасанг шеър ёзма фақат.
Ажабо, ўзлари таслим қилиб жон,
Бугун ер қаърига сингмиш бешафқат.
Гоҳ ўйлаб қоламан, киммиз ўзи биз,
Соҳиби давронми, фалакнинг қули?
Ўзга забонларга чўкмасдан ҳам тиз,
Барпо бўлганди-ку ўзбекнинг тили.
Алишер эллик йил дўконни очиб,
Қулфи калит қилиб кетганмикин ё.
Саройда шеърият дурларин сочиб,
Адо қилганмикан ёки Бойқаро.
Эл-юртнинг қалбида пинҳон оҳу зор
Шеър бўлиб ўзидан бергайдир хабар.
Ана, Машраб учун қурилган у дор
Бузилмай турибди шу кунга қадар.
Кимгадир ёқмаса шоир ижоди,
Душман босди дея, ҳамон бонг чалар.
Ер юзин забт этган зотнинг авлоди
Наҳот, шеъриятдан қўрқса бунчалар.
Йўқ, бунинг сабаби бошқадир мутлоқ,
Давр ўтиб, мукаммал бўлмади одам.
Ёвузлик тинмади, ер юзига боқ,
Чорасиз ҳоқону султонлари ҳам.
Шу сабаб ёвларинг хуш кўрмас, шоир,
Шу боис ёзма деб қўйишгайлар шарт.
Куйлагин сен фақат қалбингга доир,
Ҳеч қачон туширма виждонингга гард.

25.06.2015

КЕКСА ЖАНГЧИЛАР
(22 июнь 1941 йил)

Кекса жангчиларнинг орияти бор,
Уларга баланддан қараманг зинҳор.
У оғир йилларни сўрашдан кўра,
Меҳру ишончига бўлинг сазовор.

21.06.2015

МУЛК

Ялинтирмас ҳеч қачон арслон,
Чегарасин сотмайди бўри.
Мулкни фақат пуллагай инсон,
Камбағалнинг қурийди шўри.

Ариқдаги сувни ҳам ҳатто,
Тарқатмайди бировга текин.
Ўзиники учраса аммо
Ҳадя қилар ҳаммасин лекин.

Дарёни ҳам қай бир момосин
Сепи дейди, ғоят ярашиқ.
Яйловларни катта бобосин,
Даласи деб ҳисоблар очиқ.

20.06.2015

ГУЛХАНИЙ

Гулханий ўлиб кетиб жуда ёмон иш бўлди,
“Зарбулмасал” аҳли-ку етим қолди бутунлай.
Сўз санъати ажнабий жонзотлар билан тўлди,
Гулханийни менсимай қўйганлар ҳам бирталай.
Қайсидир маҳаллада анжуман бўлди катта,
Мавзуси ғоят жиддий: “Гапирарми ҳайвонлар”.
Бир тўп олим даъвосин маъқуллади, албатта,
Айнан “Зарбулмасал”дан келтиришиб баёнлар.
Бир гуруҳи гапида турди лекин устивор,
Чинакам фаннинг кучи кўтарди яна ялов!
Улар деди: масалан, гапирмас бирор тулпор,
Мушукнинг маърузасин эшитган эмас биров.
Савиямиз шунақа, узр, Гулханий бобо,
Унчалик ёқтирмаймиз қиёслашни, исботни.
Аҳли илм санайди ўзларин етук, танҳо,
Масал, деб камситади сизнинг адабиётни.
Мен ҳам виждон қошида ёлғончи бўлиб қолмай,
Она тилимиз ҳануз сиз билгандек тенгсиз, бой.
Тўтиқушни танишар, чунки у ҳар қайда бор,
От деганда қазини тушунади, ҳойнаҳой.

19.06.2015

КЎПЧИЛИК

Қанча шарқ шоири йиғлаб ёзди шеър,
Турфа маъно берар ҳар битта сўзи.
Фурқат карвонимдан адашганман, дер,
Аслида, адашган карвоннинг ўзи.
Буюк Брунони ёқдилар ўтда,
Қуёшни марказдир дегани учун.
Миллионлаб насорон боқди сукутда,
Инсон рад этганди илмнинг кучин.
Ўрис Сахаровни ўртага олиб,
Хўрлади, улуғ зот кўтармади бош.
Во ажаб, ҳаммани ҳайратга солиб,
Ўзбек аёли ҳам отиб қолди тош.
Менинг кўпчилигим, сендан айланай,
Сени жаҳонгирлар судрашган узоқ.
Орангда яшаган даҳолар талай,
То ҳануз йўлингга қўярлар тузоқ.
Ким кимни айбларди тарих қаърида,
Деймизки, мукаммал эмасдир олам.
Бордир одамзоднинг луғатларида,
«Лаънати бир қавм» деган сўзлар ҳам.
Аллоҳ тепамизда турибди қараб,
Асло поймол бўлмас ҳақнинг ҳуқуқи.
Шоир, қадам босгин тегрангга қараб,
Гоҳо бир одамга шеърингни ўқи!

18.06.2015

АБАДИЙ СОЯ

Менинг бир одамим, яъни соям бор,
Юради эргашиб, мудом изма-из.
Кўриниши оддий, ҳатто ҳокисор,
Лекин гапирмайди, айтмас бирор сўз.
Қачон бирор жойга борсам мабодо,
Буни дафтарида қайд қилиб қўяр.
Тўю ҳашамда ҳам эргашар ҳатто,
Пастда қолиб кетса, қовоғин уяр.
Менинг бир одамим, яъни соям бор,
Унинг кимлигини асло билмасман.
Балки бекорчидир, балки ҳаваскор,
Лекин кузатади, шубҳа қилмасман.
Бир китоб ўқидим ғаройиб, ажаб,
Номи ҳам қадимий: «Зиндон ва Соқчи».
Қайсидир замонда барчани алдаб,
Қочиб кетган экан битта айғоқчи.
Калламга чақмоқдек ўй келди, ҳайҳот,
Ўзимнинг дилимни ёритди ғоям.
Ўрта асрлардан қочиб келган зот
Наҳот ўша одам? Наҳотки соям?!

16.06.2015

ТАБИБ

Табиб дер: икки дардни
Даволайман ҳар маҳал.
Бири – темираткидир,
Иккинчиси қўтир кал.
Энг аввал юқтирингиз,
Чунки мен кузатаман.
Бир йилга етказмасдан
Албатта тузатаман.

16.06.2015

НЕТГАЙСАН

Нодўст кимсаларга қучоғинг очиб,
Бегона юртларда тўйлаб нетгайсан.
Тиконли ерларга қадаминг босиб,
Чаманзор экан деб куйлаб нетгайсан.
Тенгсиз бойлик эрур Ватаннинг бори,
Дарёси ҳаётдир, қумлоғи дори.
Агар қиз кўринса қўшнининг ёри,
Девордан беҳуда бўйлаб нетгайсан.
Ростгўйни изладим шавқларга тўлиб,
Топганда қувондим, топмасам сўлиб…
Тўғрилик турганда шармисор бўлиб,
Ёлғон-яшиқларни сўйлаб нетгайсан.
Сенга таништирай дунёни бирров,
Ҳали из тушмаган у тонгги қиров.
Агар сен ўтмасанг ўтади биров,
Пасту баландини ўйлаб нетгайсан.

15.06.2015

ЙЎЛОВЧИ

Мен бир йўловчиман,
Сен эса қўрғон,
Бойликларинг билан зарра ишим йўқ.
Мендек бўлолмассан асло, ҳеч қачон,
Мен ҳам сен эмасман, бундан кўнгил тўқ.
Қўрқма, ҳеч кимсага етмас зарарим,
Турфа ғавғолардан чарчадим аммо.
Менга етиб ортар дарё, тоғларим,
Бир қултум сув билан бир ютум ҳаво.
Сен-чи, йўловчига қилма хархаша,
Очиқ чеҳра билан қўлингни силкит.
Уни талар йўлда барибир пашша,
Барибир ташланар ҳар хил дайди ит.

14.06.2015

ҚАРОҚЧИ ҚУШЛАР

Деразам тагида қағиллар қарға,
Остонамда эса кезар майна қуш.
Пойлаб тош отаман қароқчиларга,
Лекин барча ишим беҳуда ва пуч.
Тош тегай деганда, моҳир жангчидек
Қарға калласини қолади буриб.
Майна-чи, юради ўз-ўзига бек,
Парво ҳам қилмайди бизларни кўриб.
Қўшним бу ҳолатдан мириқиб кулар,
Дейди: — Мен олимман қушларга доир.
Сиздан заррача ҳам қўрқмайди улар,
Овчиларга айтинг, яхшиси, шоир.

13.06.2015

ИБОДАТ

Дарвозанг тагида пойлайди ажал,
Аччиқ дард босади кўкракларингни.
Кимлардир кўзингни юмишдан аввал,
Тозалаб қўяди чўнтакларингни.
Дерлар, ўлимнинг ҳам қоидаси бор,
Икки газ ер учун балки можаро.
Ақчани ким тўлар? Қайси азадор?
Энди гўрков билан бошланар савдо.
Ҳали тугамайди бу аччиқ қисмат,
Кимдир ном талашиб ақлдан озар.
Энг мудҳиш томони, ўтмай сал фурсат
Сени маҳв этганлар хотира ёзар.
Дунёда неъмат йўқ ҳаётдан азиз,
Сен унга бағишла ўлмас сатрингни.
Тирик пайтингдаки очирмади кўз,
Кимдан сўрар эдинг кейин қадрингни.
Яхшиси, ўлмасдан яшамоқлик шарт,
Эмаклаб бўлса ҳам, ётиб бўлса ҳам.
Узун кечалари қилгум ибодат,
Оғирим тушмасин бировга, Эгам.

11.06.2015

ЭНГ ОДДИЙ МАСЛАҲАТ

Кулги бор даврадан айлагин ҳазар,
Ҳазил-мутойиба ғоятда зарар.
Доим қовоқ солиб, сирли зотдай юр,
Амалдор бўлмасанг – менман жавобгар.

10.06.2015

ФИКР

Атроф саҳро, йўқ бирор жонзот,
Булут босган, димиққан ҳаво.
Лекин қайнар фикримда ҳаёт,
Теварагим гавжумдир гўё.
Атроф бозор, одамга тўлган,
Булут ҳам йўқ, очиқдир ҳаво.
Лекин фикрим тўхтаган, ўлган,
Мен ёлғизман буткул, мутлақо.

10.06.2015

САБАБ

Кимдир ўлди деймиз ногаҳон,
Лекин бунга сабаб бор бешак.
Ё қуйилган миясига қон,
Ёки тўхтаб қолгандир юрак.
У шунчаки топмас-ку завол,
У шунчаки ахир ўлмаган.
Сиз билмассиз балки, эҳтимол,
Рўзғорида тинчи бўлмаган.

10.06.2015

ҲИМОЯ

Мени қуршаб олса мўғул ё араб,
Агар қасд қилмоқчи бўлса жонимга.
Хулоса қиламан теграмга қараб,
Ҳеч ким қалқон бўлмас келиб ёнимга.
Магар бўлса менда туганмас бисот,
Йўлимни кесса ҳам мушук ногаҳон.
Ҳимоя қиларди мени барча зот,
Мўғул ҳам, араб ҳам бўларди қалқон.

09.06.2015

ТАСОДИФ

Қорни тўйган куни дайди бир одам
Дафъатан атрофга гердайиб боқди.
Нима қилмоқчидир? Номаълум, мубҳам,
Шимини дазмоллаб, галстук тақди.
Баззоз дўконига кирди-ю шитоб,
Саллаликка олди беш-олти газ бўз.
Тўйлар тўғрисида топди бир китоб,
Ҳадисдан ёдлади уч-тўрт оғиз сўз.
Шаҳарда нима кўп – тўй кўп, албатта,
Тўй шаксиз истеъдод кўзини очар.
Бўйнида галстук, гавда ҳам катта,
Энди ном чиқарди: машҳур тўйочар!
Инсоннинг орзуси ўчмагай мангу,
Бунинг мисолидир маърака ошлар.
Бошга ўраб олиб салласини у
Амри маъруф айтиб, даврани бошлар.
Бир куни жилмайди омадин ўйлаб:
– Мен-ку бир жоҳилман, аслим бетайин.
Лекин ноғорамга юришар ўйнаб,
Билмадим, уларни ким деб атайин.

9.06.2015

БОЗОР

Кўникасан очликка, болам,
Сенга ҳеч ким бери кел демас.
Ёпиқ сенга пуллик йўллар ҳам,
Қондошларинг ғамингни емас.
Ер юзида шундоқ бир давр,
Шундоқ удум бўлди ҳукмрон:
Илмда йўқ заррача қадр,
Даҳолар ҳам кезар саргардон.
Бу тизимнинг номидир – бозор,
Бас келолсанг сеники марра.
Ахтараман инсофни бекор,
Алданасан кунда юз карра.
Қайга борма, барибир, шу ҳол,
Бозор етган ҳар қандай жойга.
Бойлар бойни танийди дарҳол,
Сув, албатта, оқади сойга.
Сен турмушдан ибрат ол, болам,
Бўрини ҳам боққан оёғи.
Чумолининг жағи мустаҳкам,
Чўпоннинг ҳам бордир таёғи.

8.06.2015

БАҲО

Биров сени мақтаса агар
Эркаланиб, ҳаддингдан ошма.
Кимдир танбеҳ берса ҳам магар
Ғазабланиб, дарёдай тошма.
Бу дунёда кўп эрур ҳакам,
Лўттибоздир ва ёки оқил.
Баҳо берган сенга қай одам?
Энг аввало, ўшани топгил.

8.06.2015

ВАТАН СЕВГИСИ

Сен Ватанни, севгин борини,
Тоғларининг қоригача сев.
Ҳукм деб бил ихтиёрини,
Чексиз, тубсиз ғоригача сев.
Ватан меҳри бўлинмас асло,
У ҳаммага баробар нурдай.
Ватандошман, деганнинг аммо
Севиб бўлмас барчасин бирдай.

7.06.2015

УЧАР ЛИКОБЧА

Коинотдан келган учар ликобча
Кўкка ер ҳақида берарди хабар.
Қайда саҳро ётар, қайда боғ-боғча,
Борми сайёрада ҳаётдан асар?
Гоби саҳросига қўнди у бир кун,
Чексиз-чегарасиз, қуп-қуруқ ҳар ёқ.
Кўкка хабар қилди самовий тўлқин:
– Бу жойда ҳаёт йўқ, бордир қум, тупроқ!
Ликобча осмонда кезиб саргардон
Уммон ўртасига келди ниҳоят.
Фалакка маълумот жўнатди шу он:
– Ер деган манзилгоҳ сувдан иборат!
Туну кун ер узра айланиб юриб,
Дафъатан Деҳлига тушди бечора.
Сим қоқди юз минглаб одамни кўриб:
– Улкан бозор экан ушбу сайёра!
Охири ликобча толиқиб, беҳол,
Мингчинор бағрида тинчди бир фурсат.
Қувончин етказди фазога дарҳол:
– Жаннат шу ердадир, шу ерда жаннат!
Омадсиз кимсаман дунёда, эвоҳ,
Мен ҳам ликобчамни учирдим кўп бор.
У тушди абадий музликларга гоҳ,
Гоҳ вулқон ўтига бўлди-ку дучор.
Биламан, заминда – ердадир жаннат,
Боққанда дўзахий ўйлардан қайтгин.
Чулғар хаёлимни бир орзу фақат,
Менинг Мингчинорим, қайдасан, айтгин?!

06.06.2015

ЯНГИ АВЛОД

Набирам Ойбекжонга

Оламнинг бори шу: Зулмат билан Нур,
Ҳамда барчасини бунёд этган Зот.
Қанча ҳақ бўлмасин онгу тафаккур,
Мутлоқ бошқа экан яшаш ва ҳаёт.
Боённи кўрганда эмаклаб ҳар он
Кунини ўтказган қанчалар одам.
Бу қавм дўст бўлмас асло, ҳеч қачон,
Айт-чи, зарурмикан улар сенга ҳам?
Довуллар умрингни совурди бутун,
Етмади бардошинг, сабру тоқатинг.
Энди, барибирдир кундуз билан тун,
Энди, ортиқчадир қўлда соатинг.
Қофия ахтариш балки нодаркор,
Шеърдан азизроқдир ақча жарангги.
Лекин туғруқхона деган бир юрт бор,
Унинг фуқароси тамоман янги.
У ҳали билмайди ушбу дунёни,
Билмайди савоб не, нимадир гуноҳ.
Юмуқ кўзларида асрар зиёни,
Унинг истиқболин қўриқлар Илоҳ.
Шоир, тушкунликка тушмагин асло,
Тирик юрганингга шукур қил албат.
Энг гўзал, энг ноёб шеърингни аммо
Ўша, янги авлод номига жўнат!

4.06.2015

МУХБИР

Таништирма менга осмонни,
Икки кўзим ҳозирча очиқ.
Пеш қилмагин ҳа деб бўстонни,
Кўрдим, гуллар ғоят ярашиқ.
Самолётнинг гувиллаши ҳам
Билгин, менга янгилик эмас.
Кўрдим, булоқ шилдирар хуррам,
Боғда қушлар сайрар басма-бас.
Кашфиётдек кўрсатма менга
Юлдуз ҳамда ойнинг чиройин.
Энди ўзим мақтанай сенга:
Ёд биламан уларнинг жойин.
Мухбир укам, мени алдама,
Хорижлик бир сайёҳ мисоли.
Мен биламан, қайдадир дала
Ва неча бош чўпоннинг моли.
Ватанимда учраган ҳар тош,
Кўринади ўтдек кўзимга.
Меникидир шу ер, шу қуёш,
Таништирма мени ўзимга.

03.06.2015

055

O’tgan va yangi asr o’zbek she’riyatining atoqli siymosi Abdulla Oripovning yoz faslining birinchi oyida qog’ozga tushirgan she’rlarini mamnuniyat bilan taqdim etamiz va ustoz shoirga ko’p minglab muxlislari nomidan eng ezgu tilaklarimizni yo’llab qolamiz.

09
ABDULLA ORIPOV
O’zbekiston Xalq shoiri
IYUN` OYI SHE’RLARI
04

IMON

Keksalik boshlanib, tanni bemorlik
Zabtiga oldi-yu xoru zor qildi.
Bir zamon yurardim davlatlik, norlik,
Ko’zimga dunyoni endi tor qildi.

Shogirdlar o’stirdim joylab jonimga,
Mahramdek sanadim xonadonimga.
Oqibat o’shalar hatto yonimga
Kelib o’ltirishdan go’yo or qildi.

Hech kim «bas» demaydi boylikka to’yib,
Yo’qsil ham chidaydi, yonmaydi kuyib.
Bir juft she’r aytishni bo’ynimga qo’yib,
Olamda yo’q edim, O’zi bor qildi.

Hayot go’zalligin kuyladim, bay-bay,
Tulporim falakni quchmoqqa ham shay.
Lekin qancha sevib, qancha yolvormay,
Bir sanam yo’liga intizor qildi.

Afsus, dunyo meni aldadi boplab,
Oldimga tashladi yolg’onni qoplab.
Ekkan daraxtlarim ko’rsam hisoblab,
Yarmin beshik qildi, yarmin dor qildi.

Noshukur emasman umrimdan zinhor,
Birovdan qolishmas qadim xalqim bor.
Kimnidir ko’rishdan qilsam iftixor,
Kim meni ko’rishdan iftixor qildi.

Nafs degan hammani urdi yo’lidan,
Aylan avliyoning o’ngu so’lidan.
Aqchasiz hech narsa kelmas qo’lidan,
Masjidni buzdi-yu cho’ng bozor qildi.

Men ham jilovladim goho fikratni,
Asl deb o’yladim soxta suratni.
Mehru muhabbatni, ilmu hikmatni
Faqat siyratimda barqaror qildi.

Yovuzlik har yonni etsa ham xarob,
Bir kuni qaydadir bergaydir javob.
Ezgulik sedana donidek noyob,
Bo’y sochib, o’zidan umidvor qildi.

Yer yuzi bo’lgaydir shaksiz farovon,
Insonga qaytgaydir diyonat, vijdon.
Shoir kelajakka keltirib imon,
Shu she’rni yozmoqqa ixtiyor qildi.

30.07.2015

SOG’UNIY

Turkiy dunyomizda tengsiz alloma,
Adolat yo’lida kurashchi, botir.
Garchi qo’lda qalam, boshda amoma,
Sizni qurshab o’tdi faqat xavotir.

Sho’rlik xalq qay zamon bo’larkan ozod,
Bo’larmi uning ham tug’i, davlati.
Bosqinchi zotlarni titratdi bot-bot,
Sog’uniy domlaning o’tli da’vati.

Bu siymo nelarga kelmadi to’qnash,
Izma-iz yurardi ajal muqarrar.
Tabobat ilmida Sinoga o’xshash,
Tafakkur bobida Beruniy qadar.

Yarador bo’ldi-yu yiqilmadi u,
Pinhon na’ra tortdi bamisli arslon.
Payg’ambar kalomi dilida mangu,
Faqat orzusidir ozod Turkiston.

Zulmki, ustivor bo’ldimi agar,
Endi hamrohingdir o’kinch va hasrat.
Avlodlar kechmishin to ro’zi Mahshar
Kuzatib turgaydir Sog’uniy hazrat.

29.06.2015

BUYUKLIK HAQIDA

Mening bir do’stim bor, soddadek go’yo,
Ko’ringan odamni buyuksan, deydi.
Lekin o’zini ham unutmas aslo,
Buyukman, deydi.

Buyuklik atalgan bu kibor tuyg’u
Otashin da’vatga ko’proq yaraydi.
Biror naf topdingmi sen undan, yohu,
Yerga qaraydi.

Buyuklik ko’rinmas har vaqt, har fursat,
Garchi sen u haqda tinmay so’zlaysan.
Eng avval, hurmatli zotlarni ko’rsat,
Buyuklarni keyin izlaysan.

28.06.2015

SHE’RIYAT

Shunday shart qo’ydilar menga bir zamon:
Omonlik istasang she’r yozma faqat.
Ajabo, o’zlari taslim qilib jon,
Bugun yer qa’riga singmish beshafqat.
Goh o’ylab qolaman, kimmiz o’zi biz,
Sohibi davronmi, falakning quli?
O’zga zabonlarga cho’kmasdan ham tiz,
Barpo bo’lgandi-ku o’zbekning tili.
Alisher ellik yil do’konni ochib,
Qulfi kalit qilib ketganmikin yo.
Saroyda she’riyat durlarin sochib,
Ado qilganmikan yoki Boyqaro.
El-yurtning qalbida pinhon ohu zor
She’r bo’lib o’zidan bergaydir xabar.
Ana, Mashrab uchun qurilgan u dor
Buzilmay turibdi shu kunga qadar.
Kimgadir yoqmasa shoir ijodi,
Dushman bosdi deya, hamon bong chalar.
Yer yuzin zabt etgan zotning avlodi
Nahot, she’riyatdan qo’rqsa bunchalar.
Yo’q, buning sababi boshqadir mutloq,
Davr o’tib, mukammal bo’lmadi odam.
Yovuzlik tinmadi, yer yuziga boq,
Chorasiz hoqonu sultonlari ham.
Shu sabab yovlaring xush ko’rmas, shoir,
Shu bois yozma deb qo’yishgaylar shart.
Kuylagin sen faqat qalbingga doir,
Hech qachon tushirma vijdoningga gard.

25.06.2015

KEKSA JANGCHILAR
(22 iyun` 1941 yil)

Keksa jangchilarning oriyati bor,
Ularga balanddan qaramang zinhor.
U og’ir yillarni so’rashdan ko’ra,
Mehru ishonchiga bo’ling sazovor.

21.06.2015

MULK

Yalintirmas hech qachon arslon,
Chegarasin sotmaydi bo’ri.
Mulkni faqat pullagay inson,
Kambag’alning quriydi sho’ri.

Ariqdagi suvni ham hatto,
Tarqatmaydi birovga tekin.
O’ziniki uchrasa ammo
Hadya qilar hammasin lekin.

Daryoni ham qay bir momosin
Sepi deydi, g’oyat yarashiq.
Yaylovlarni katta bobosin,
Dalasi deb hisoblar ochiq.

20.06.2015

GULXANIY

Gulxaniy o’lib ketib juda yomon ish bo’ldi,
“Zarbulmasal” ahli-ku yetim qoldi butunlay.
So’z san’ati ajnabiy jonzotlar bilan to’ldi,
Gulxaniyni mensimay qo’yganlar ham birtalay.
Qaysidir mahallada anjuman bo’ldi katta,
Mavzusi g’oyat jiddiy: “Gapirarmi hayvonlar”.
Bir to’p olim da’vosin ma’qulladi, albatta,
Aynan “Zarbulmasal”dan keltirishib bayonlar.
Bir guruhi gapida turdi lekin ustivor,
Chinakam fanning kuchi ko’tardi yana yalov!
Ular dedi: masalan, gapirmas biror tulpor,
Mushukning ma’ruzasin eshitgan emas birov.
Saviyamiz shunaqa, uzr, Gulxaniy bobo,
Unchalik yoqtirmaymiz qiyoslashni, isbotni.
Ahli ilm sanaydi o’zlarin yetuk, tanho,
Masal, deb kamsitadi sizning adabiyotni.
Men ham vijdon qoshida yolg’onchi bo’lib qolmay,
Ona tilimiz hanuz siz bilgandek tengsiz, boy.
To’tiqushni tanishar, chunki u har qayda bor,
Ot deganda qazini tushunadi, hoynahoy.

19.06.2015

KO’PCHILIK

Qancha sharq shoiri yig’lab yozdi she’r,
Turfa ma’no berar har bitta so’zi.
Furqat karvonimdan adashganman, der,
Aslida, adashgan karvonning o’zi.
Buyuk Brunoni yoqdilar o’tda,
Quyoshni markazdir degani uchun.
Millionlab nasoron boqdi sukutda,
Inson rad etgandi ilmning kuchin.
O’ris Saxarovni o’rtaga olib,
Xo’rladi, ulug’ zot ko’tarmadi bosh.
Vo ajab, hammani hayratga solib,
O’zbek ayoli ham otib qoldi tosh.
Mening ko’pchiligim, sendan aylanay,
Seni jahongirlar sudrashgan uzoq.
Orangda yashagan daholar talay,
To hanuz yo’lingga qo’yarlar tuzoq.
Kim kimni ayblardi tarix qa’rida,
Deymizki, mukammal emasdir olam.
Bordir odamzodning lug’atlarida,
«La’nati bir qavm» degan so’zlar ham.
Alloh tepamizda turibdi qarab,
Aslo poymol bo’lmas haqning huquqi.
Shoir, qadam bosgin tegrangga qarab,
Goho bir odamga she’ringni o’qi!

18.06.2015

ABADIY SOYA

Mening bir odamim, ya’ni soyam bor,
Yuradi ergashib, mudom izma-iz.
Ko’rinishi oddiy, hatto hokisor,
Lekin gapirmaydi, aytmas biror so’z.
Qachon biror joyga borsam mabodo,
Buni daftarida qayd qilib qo’yar.
To’yu hashamda ham ergashar hatto,
Pastda qolib ketsa, qovog’in uyar.
Mening bir odamim, ya’ni soyam bor,
Uning kimligini aslo bilmasman.
Balki bekorchidir, balki havaskor,
Lekin kuzatadi, shubha qilmasman.
Bir kitob o’qidim g’aroyib, ajab,
Nomi ham qadimiy: «Zindon va Soqchi».
Qaysidir zamonda barchani aldab,
Qochib ketgan ekan bitta ayg’oqchi.
Kallamga chaqmoqdek o’y keldi, hayhot,
O’zimning dilimni yoritdi g’oyam.
O’rta asrlardan qochib kelgan zot
Nahot o’sha odam? Nahotki soyam?!

16.06.2015

TABIB

Tabib der: ikki dardni
Davolayman har mahal.
Biri – temiratkidir,
Ikkinchisi qo’tir kal.
Eng avval yuqtiringiz,
Chunki men kuzataman.
Bir yilga yetkazmasdan
Albatta tuzataman.

16.06.2015

NETGAYSAN

Nodo’st kimsalarga quchog’ing ochib,
Begona yurtlarda to’ylab netgaysan.
Tikonli yerlarga qadaming bosib,
Chamanzor ekan deb kuylab netgaysan.
Tengsiz boylik erur Vatanning bori,
Daryosi hayotdir, qumlog’i dori.
Agar qiz ko’rinsa qo’shnining yori,
Devordan behuda bo’ylab netgaysan.
Rostgo’yni izladim shavqlarga to’lib,
Topganda quvondim, topmasam so’lib…
To’g’rilik turganda sharmisor bo’lib,
Yolg’on-yashiqlarni so’ylab netgaysan.
Senga tanishtiray dunyoni birrov,
Hali iz tushmagan u tonggi qirov.
Agar sen o’tmasang o’tadi birov,
Pastu balandini o’ylab netgaysan.

15.06.2015

YO’LOVCHI

Men bir yo’lovchiman,
Sen esa qo’rg’on,
Boyliklaring bilan zarra ishim yo’q.
Mendek bo’lolmassan aslo, hech qachon,
Men ham sen emasman, bundan ko’ngil to’q.
Qo’rqma, hech kimsaga yetmas zararim,
Turfa g’avg’olardan charchadim ammo.
Menga yetib ortar daryo, tog’larim,
Bir qultum suv bilan bir yutum havo.
Sen-chi, yo’lovchiga qilma xarxasha,
Ochiq chehra bilan qo’lingni silkit.
Uni talar yo’lda baribir pashsha,
Baribir tashlanar har xil daydi it.

14.06.2015

QAROQCHI QUSHLAR

Derazam tagida qag’illar qarg’a,
Ostonamda esa kezar mayna qush.
Poylab tosh otaman qaroqchilarga,
Lekin barcha ishim behuda va puch.
Tosh tegay deganda, mohir jangchidek
Qarg’a kallasini qoladi burib.
Mayna-chi, yuradi o’z-o’ziga bek,
Parvo ham qilmaydi bizlarni ko’rib.
Qo’shnim bu holatdan miriqib kular,
Deydi: — Men olimman qushlarga doir.
Sizdan zarracha ham qo’rqmaydi ular,
Ovchilarga ayting, yaxshisi, shoir.

13.06.2015

IBODAT

Darvozang tagida poylaydi ajal,
Achchiq dard bosadi ko’kraklaringni.
Kimlardir ko’zingni yumishdan avval,
Tozalab qo’yadi cho’ntaklaringni.
Derlar, o’limning ham qoidasi bor,
Ikki gaz yer uchun balki mojaro.
Aqchani kim to’lar? Qaysi azador?
Endi go’rkov bilan boshlanar savdo.
Hali tugamaydi bu achchiq qismat,
Kimdir nom talashib aqldan ozar.
Eng mudhish tomoni, o’tmay sal fursat
Seni mahv etganlar xotira yozar.
Dunyoda ne’mat yo’q hayotdan aziz,
Sen unga bag’ishla o’lmas satringni.
Tirik paytingdaki ochirmadi ko’z,
Kimdan so’rar eding keyin qadringni.
Yaxshisi, o’lmasdan yashamoqlik shart,
Emaklab bo’lsa ham, yotib bo’lsa ham.
Uzun kechalari qilgum ibodat,
Og’irim tushmasin birovga, Egam.

11.06.2015

ENG ODDIY MASLAHAT

Kulgi bor davradan aylagin hazar,
Hazil-mutoyiba g’oyatda zarar.
Doim qovoq solib, sirli zotday yur,
Amaldor bo’lmasang – menman javobgar.

10.06.2015

FIKR

Atrof sahro, yo’q biror jonzot,
Bulut bosgan, dimiqqan havo.
Lekin qaynar fikrimda hayot,
Tevaragim gavjumdir go’yo.
Atrof bozor, odamga to’lgan,
Bulut ham yo’q, ochiqdir havo.
Lekin fikrim to’xtagan, o’lgan,
Men yolg’izman butkul, mutlaqo.

10.06.2015

SABAB

Kimdir o’ldi deymiz nogahon,
Lekin bunga sabab bor beshak.
YO quyilgan miyasiga qon,
Yoki to’xtab qolgandir yurak.
U shunchaki topmas-ku zavol,
U shunchaki axir o’lmagan.
Siz bilmassiz balki, ehtimol,
Ro’zg’orida tinchi bo’lmagan.

10.06.2015

HIMOYA

Meni qurshab olsa mo’g’ul yo arab,
Agar qasd qilmoqchi bo’lsa jonimga.
Xulosa qilaman tegramga qarab,
Hech kim qalqon bo’lmas kelib yonimga.
Magar bo’lsa menda tuganmas bisot,
Yo’limni kessa ham mushuk nogahon.
Himoya qilardi meni barcha zot,
Mo’g’ul ham, arab ham bo’lardi qalqon.

09.06.2015

TASODIF

Qorni to’ygan kuni daydi bir odam
Daf’atan atrofga gerdayib boqdi.
Nima qilmoqchidir? Noma’lum, mubham,
Shimini dazmollab, galstuk taqdi.
Bazzoz do’koniga kirdi-yu shitob,
Sallalikka oldi besh-olti gaz bo’z.
To’ylar to’g’risida topdi bir kitob,
Hadisdan yodladi uch-to’rt og’iz so’z.
Shaharda nima ko’p – to’y ko’p, albatta,
To’y shaksiz iste’dod ko’zini ochar.
Bo’ynida galstuk, gavda ham katta,
Endi nom chiqardi: mashhur to’yochar!
Insonning orzusi o’chmagay mangu,
Buning misolidir ma’raka oshlar.
Boshga o’rab olib sallasini u
Amri ma’ruf aytib, davrani boshlar.
Bir kuni jilmaydi omadin o’ylab:
– Men-ku bir johilman, aslim betayin.
Lekin nog’oramga yurishar o’ynab,
Bilmadim, ularni kim deb atayin.

9.06.2015

BOZOR

Ko’nikasan ochlikka, bolam,
Senga hech kim beri kel demas.
Yopiq senga pullik yo’llar ham,
Qondoshlaring g’amingni yemas.
Yer yuzida shundoq bir davr,
Shundoq udum bo’ldi hukmron:
Ilmda yo’q zarracha qadr,
Daholar ham kezar sargardon.
Bu tizimning nomidir – bozor,
Bas kelolsang seniki marra.
Axtaraman insofni bekor,
Aldanasan kunda yuz karra.
Qayga borma, baribir, shu hol,
Bozor yetgan har qanday joyga.
Boylar boyni taniydi darhol,
Suv, albatta, oqadi soyga.
Sen turmushdan ibrat ol, bolam,
Bo’rini ham boqqan oyog’i.
Chumolining jag’i mustahkam,
Cho’ponning ham bordir tayog’i.

8.06.2015

BAHO

Birov seni maqtasa agar
Erkalanib, haddingdan oshma.
Kimdir tanbeh bersa ham magar
G’azablanib, daryoday toshma.
Bu dunyoda ko’p erur hakam,
Lo’ttibozdir va yoki oqil.
Baho bergan senga qay odam?
Eng avvalo, o’shani topgil.

8.06.2015

VATAN SEVGISI

Sen Vatanni, sevgin borini,
Tog’larining qorigacha sev.
Hukm deb bil ixtiyorini,
Cheksiz, tubsiz g’origacha sev.
Vatan mehri bo’linmas aslo,
U hammaga barobar nurday.
Vatandoshman, deganning ammo
Sevib bo’lmas barchasin birday.

7.06.2015

UCHAR LIKOBCHA

Koinotdan kelgan uchar likobcha
Ko’kka yer haqida berardi xabar.
Qayda sahro yotar, qayda bog’-bog’cha,
Bormi sayyorada hayotdan asar?
Gobi sahrosiga qo’ndi u bir kun,
Cheksiz-chegarasiz, qup-quruq har yoq.
Ko’kka xabar qildi samoviy to’lqin:
– Bu joyda hayot yo’q, bordir qum, tuproq!
Likobcha osmonda kezib sargardon
Ummon o’rtasiga keldi nihoyat.
Falakka ma’lumot jo’natdi shu on:
– Yer degan manzilgoh suvdan iborat!
Tunu kun yer uzra aylanib yurib,
Daf’atan Dehliga tushdi bechora.
Sim qoqdi yuz minglab odamni ko’rib:
– Ulkan bozor ekan ushbu sayyora!
Oxiri likobcha toliqib, behol,
Mingchinor bag’rida tinchdi bir fursat.
Quvonchin yetkazdi fazoga darhol:
– Jannat shu yerdadir, shu yerda jannat!
Omadsiz kimsaman dunyoda, evoh,
Men ham likobchamni uchirdim ko’p bor.
U tushdi abadiy muzliklarga goh,
Goh vulqon o’tiga bo’ldi-ku duchor.
Bilaman, zaminda – yerdadir jannat,
Boqqanda do’zaxiy o’ylardan qaytgin.
Chulg’ar xayolimni bir orzu faqat,
Mening Mingchinorim, qaydasan, aytgin?!

06.06.2015

YANGI AVLOD

Nabiram Oybekjonga

Olamning bori shu: Zulmat bilan Nur,
Hamda barchasini bunyod etgan Zot.
Qancha haq bo’lmasin ongu tafakkur,
Mutloq boshqa ekan yashash va hayot.
Boyonni ko’rganda emaklab har on
Kunini o’tkazgan qanchalar odam.
Bu qavm do’st bo’lmas aslo, hech qachon,
Ayt-chi, zarurmikan ular senga ham?
Dovullar umringni sovurdi butun,
Yetmadi bardoshing, sabru toqating.
Endi, baribirdir kunduz bilan tun,
Endi, ortiqchadir qo’lda soating.
Qofiya axtarish balki nodarkor,
She’rdan azizroqdir aqcha jaranggi.
Lekin tug’ruqxona degan bir yurt bor,
Uning fuqarosi tamoman yangi.
U hali bilmaydi ushbu dunyoni,
Bilmaydi savob ne, nimadir gunoh.
Yumuq ko’zlarida asrar ziyoni,
Uning istiqbolin qo’riqlar Iloh.
Shoir, tushkunlikka tushmagin aslo,
Tirik yurganingga shukur qil albat.
Eng go’zal, eng noyob she’ringni ammo
O’sha, yangi avlod nomiga jo’nat!

4.06.2015

MUXBIR

Tanishtirma menga osmonni,
Ikki ko’zim hozircha ochiq.
Pesh qilmagin ha deb bo’stonni,
Ko’rdim, gullar g’oyat yarashiq.
Samolyotning guvillashi ham
Bilgin, menga yangilik emas.
Ko’rdim, buloq shildirar xurram,
Bog’da qushlar sayrar basma-bas.
Kashfiyotdek ko’rsatma menga
Yulduz hamda oyning chiroyin.
Endi o’zim maqtanay senga:
Yod bilaman ularning joyin.
Muxbir ukam, meni aldama,
Xorijlik bir sayyoh misoli.
Men bilaman, qaydadir dala
Va necha bosh cho’ponning moli.
Vatanimda uchragan har tosh,
Ko’rinadi o’tdek ko’zimga.
Menikidir shu yer, shu quyosh,
Tanishtirma meni o’zimga.

03.06.2015

055

(Tashriflar: umumiy 3 701, bugungi 1)

4 izoh

  1. Устоз шоиримизнинг х,ар янги шеърларини зу’р иштиёк, билан кузатиб бораяпмиз. Бугун х,ам июн ойи шеърларини у’киб мазза к,илдик. Донишманд шоирнинг хар бир янги шеърларини дафтарга тушириб бормок,даман ва оила аъзоларимга х,ам у’киб бераяпман. Мана бу шеърни тинглаганда менинг отамнинг ку’зларига ёш бак,к,анини курдим: «Меникидир шу ер, шу к,уёш, Таништирма мени у’зимга». Миллатпарвар шоиризни Яратган Эгам у’з панох,ида асрасин!

  2. Ҳазрати шоир, ижодингизга кўз тегмасин!

  3. Raxmat sayt ma’muriyatiga!!!. Izlagan sh’erlarni shu saytdan topyapman.Ishlarizga omad

Izoh qoldiring