Abdunabi Boyqo’ziyev. Ay, akam daryo ekan…(1)

045      Бу йил 70 ёшини  нишонлайдиган Қамчибек Кенжа асарлари истаб-сўраб ўқилаётган ёзувчиларимиздан биридир. Адиб ажойиб сафарномалари билан ҳам адабиёт мухлислари қалбини қайтадан забт этди, десак хато бўлмайди. Феъли-хўйи, таъб-тутуми, ҳис-туйғулари, муҳаббати, ҳаётга муносабати бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган, турфа тақдирли ажойиб қаҳрамонлари билан бизни ҳаяжонлантириб қалам тебратаётган бу ёзувчининг ўзи ким, қандай одам, не ўй-хаёллар билан яшайди, ижод қилади? Ана шу саволларга ушбу рисолачадан озми-кўпми жавоблар топсангиз ажаб эмас (Муаллифдан).

Абдунаби Бойқўзиев
АЙ, АКАМ, ДАРЁ ЭКАН…
Ёзувчи  ҳақида битикларнинг  1 қисми
08

ЮРАКДАГИ ЁРУҒ НОМЛАР…

Каминани ўзига яқин олиб, касбу камолим учун жон куйдирган инсонлар ҳақида чоғроққина китобча қилиш режаси хаёлимдан ўтганига ҳам анча йил бўлди. Бироқ банда вужудида ялқовлик деган қусур ётади-ки, уни шайтоннинг уруғи деcа ҳам бўлар. Бу ноқис унсурдан холи банданинг ўзи бормикин?..

Ташқи кўринишу юриш-туришда кўхна алломаларга ўхшаб кетадиган ҳамқишлоқларим, сўфий зотлар Абдураҳмон ҳожи ҳамда Нуриддин ҳожи бувалар қазо қилмаганида, эҳтимол, бу режам яна қанча йил режалигича қолармиди. Айниқса, Абдураҳмон хожининг вафоти ҳақидаги хабарни эшитдиму пешонамга шаппатиладим: “Набивой, ялқовсан!” дедим ўзимга ўзим. Чоғроққина қишлоғинг номи атроф-жавонибга танилишига сабабчи бўлган саноқли инсонлардан эди-ку улар! Ҳазрати Яссавий, Баҳоуддин Балогардоннинг нафаси келиб турарди улардан. Бу икки зот доҳил бўлган суҳбатлар мавзуси Навоий, Огаҳий, Шо Машраб, Сўфи Оллоёр, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румийларга қараб оқарди. Бу суҳбатларда ҳозир бўлган одам яна бир бор иштирок этсам, деб орзу қиларди.

Тешикмозорнинг сўннги бақувват мутасаввуф сиймолари экан улар. Мана оламдан ўтиб ҳам кетишди. Қишлоғингга бундай шариф инсонларни қачон ато этади энди Худо? Ато этармикин?!.
Буваклар қулоғига азону такбирлар айтган, келин-куёвларнинг муҳаббат ришталарини Олло ризолиги билан боғлаган, юзлаб марҳумларнинг сўнгги сафари олдидан жаноза намозларини ўқиган, оғир дамларда ҳам жамоатни умид туйғусидан айрилмай, Яратганга таваккал қилиб яшаш амри Худо эканлигига ишонтира оладиган валломат зотлар эдилар улар. Йўқ, улар ҳеч қачон овозларини баралла қўйиб маъруза қилмаган. Улар сокин, солим гапиришган. Олимлик қурби-қуввати ҳам айни ҳалимлигию, солимлиги, иймонларининг мустаҳкамлигида эди .

Эҳ, оғайни! Бу нурли инсонлар ҳақида юрагингда қа-анча ёрқин ўйлар ғужғон ўйнади. Ана шуларни ўзлари тириклигида қоғозга тушириб, элга ошкор этсанг бўлмасмиди! Меҳр тирикка кераклигини билмасми эдинг ё?

Ҳай, начора…

Ичимизни нурлантириб турган ҳар бир исм қайсидир маънода тақдиримиз билан боғлиқ шамчироқлардир. Бир ҳикмати борки, улар ҳофизамизда пориллаб туради. Ушбу суҳбатимиз мавзуси хотиримизни нурафшон қилиб яшаётган ана шундай файзли инсонлардан яна бири ҳақида…

АКАМ, ДЕСАМ БЎЛАРКАН…

Бировни отасидан бошқа биров тергамайди. Бировнинг эса эътибор берадиган одами йўқ.

Мени отамдан ҳам жиддийроқ тергайдиган бир инcон бор. Тергаганда ҳам, унча-бунча эмас. Йўқ, бу ерда гап у инсоннинг каминани вақти-бемаҳал сўраб-суриштириши, сўкиб-сўзлаб туриши ёки у кишидан менинг қўрқиш- қўрқмаслигим ҳақида кетаётгани йўқ. Бу қўрқув туйғуси эмас. Ҳа, буни мен сўз масъулиятини тўла ҳис этиб ёзаётганимни эслатган ҳолда, яна бир гапни айтайми? Хайиқмайман ҳам деёлмайман…

Тўғри, елкасида унча-мунча ҳаётий тажриба ва ҳоли қудрат ижодий машаққатлар азобини ортмоқлаб олиб, олтмишни уриб қўйган бир кишининг кимдандир қўрқиш-қўрқмаслигини элга дастурхон қилиб ўтириши кулгили, албатта. Лекин биласизми, гап ота-бола ёки устоз-шогирдликка бориб тақалганда, масаланинг моҳияти туйқус жиддийлашади. Орадаги ёш фарқи фавқулодда маҳобатли нисбийлашади.

*

Салкам қирқ йилдирки, камина шу инсоннинг бениҳоят бир солим хайрихоҳлигини ҳис қилиб яшайман. Ўзимга нисбатан бундай самимий диляқинликни бошқа бирон инсондан кўрмадим. Йўқ, у киши томонидан кимнингдир ишончини қозониш ёки таъсир ўтказиш пайида юзаки мулозамат қилганини эслаёлмайман. Назаримда, у бундай ясама муносабатни хаёлига ҳам келтирмайди. Мулоқотларимизда (хоҳ телефонда, хоҳ юзма-юз бўлсин) дунёда мен учун, менинг ижодий фаолиятиму жамиятдаги мавқейим, касбу камолотим, ҳатто оилавий ҳаётимгача ҳеч қачон бефарқ бўлмаган, туғишгандан ҳам аълороқ жон тортадиган бир инсоним борлигини ҳис этиб, гоҳида ич-ичимдан қувонаман…

*
Онам азоб тортиб туққан тўртта синглим, олти укам бор. Акам, йўқ! Ўзим, акаман. Зарур бўлиб қолса, ўзимга ўзим акаман. Бўладику, киши бошида ҳар хил савдою синоатлар. Бироқ… Ҳа, ҳозиргина, туғишган акамдан ҳам меҳрибонроқ бир инсоним борлигини айтдим сизга. Хўш, акадан ҳам меҳрибонроқ одам сенга ким бўлади?
Буни, айтолмайман. Аммо, аниқ биламанки, бу ерда гап туғишган жигарингдан ҳам яқинроқ, деган маъно устида кетяпти… Демак у кишини бемалол Акам, десам бўларкан. Ҳа, акам десам бўлавераркан!..

ДЕМАК, АКАМ…

05Ўрта бўй, қорамағизга мойил буғдойранг. Елкалари кенг, бикир-миқти жуссали. Суяклари йўғон. Билакларининг мушаклари бўртиб-бўртиб кўзга ташланади. Ёшликда кўп жисмоний меҳнат қилганиданми, қўллари бақувват ва чайир. Кўзлари катта, қийиққа мойил. Қошлари қалин. Одамга тикилса нигоҳларидан некбин самимият тўкилиб туради.

Пешонаси кенг, очиқ. Сочлари доим юқорига таралган. Ўзига ниҳоятда ярашимли, жингалак қайсар. Юзи юмалоқдан келган. Бурунлари кенг. Билмадим, ниманинг асорати, чап ияги остида чандиғи бор. Синчиклаб қарамаган одам буни сезмайди. Сезганда ҳам ҳаёлидан, бу жисмоний қусур эмас, сокин табиатида бир пайтлар йигитликнинг жангари фурсатлари ҳам ғолиб келган бўлиши мумкин-ку, деган ўй ўтади. Чандиқ туғма бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда, ўзидан сўрамаганман.
Ҳаракатлари айтарли доим шитоб. Юрганда, нима учундир, бировга етиб олишга шошаётгандай, шахт билан одимлайди. Ўзи ҳам кейинги пайтларда бу одати юрагига зўр келаётганини (айниқса, сўнгги икки йилда) айтиб, “Тез ҳаракат қивордим, шекилик”, деб кўкрагини силаб қўядиган бўлиб қолди.
Шахт-шижоат у кишининг ҳатто имзосида ҳам акс этади. Назаримда, Акам имзога ҳам шахснинг энг муҳим сифатларидан бири, деб қарайди. Бундай дейишимнинг боиси, менда у кишининг деярли салкам қирқ йил давомида ёзган мактублари, турли ҳужжат ва дастхатли китоблари сақланади. Уларни синчиклаб кузатган одам адибнинг имзоси йиллар давомида сезиларли ўзгара борганлигини кўради.

Тўғрисини айтсам, менга, Акамнинг бундан йигирма, ўттиз йиллар илгариги чеккан имзолари ёқарди. Ўзига эса… Албатта бугунги кўриниши мақбул бўлиши керак. Йўқса, охирги варианти ҳам аллақачон ўзгарган бўларди. Нима бўлганда ҳам, Акам имзосини ҳам, инсон ўз феъл-атворига бўлгани каби, мунтазам такомиллаштириб боришга ҳаракат қилади, деган таассурот бор менда.

Ўз дастхати ва битикларидан қониқмаслик ёзувчининг бир неча йил илгари яратган асарларига бот-бот мурожаат қилиб, қайта ишлашида ҳам кўринади. Бу нарса кейин билсам, менга ҳам юққан экан.

Аввал чоп этилан асарингни қайта ишлаш ижобийми ёки салбий ҳодиса эканлигини ҳеч ўйлаб кўрмагандим. Яқинда ёзувчи Поуло Коэлонинг бир фикрига кўзим тушиб қолди. У “Босилиб чиққан асарни қайта ишлаш китобхонни алдаш бўлур эди”, деб ёзибди. Таниқли ўзбек ёзувчиси Ўткир Ҳошимов эса ўз асарларимни кейин ҳам бир неча марта қайта ишлаганман, деган гапни айтувди. Аммо, шуниси ҳам борки, Поуло Коэло босилиб чиққан асарини ўқиш ёки қайта ишлаш тугул, қайта нашр эттиришга ҳам вақт тополмаган. Чунки, ижоди гуркираган маҳалларида, йилига икки-учтадан роман ёзганини биламиз. Юқоридаги “калондимоғлиги”нинг боиси, эҳтимол, шунда бўлса ажаб эмас. Яна билмадим, кимда қанақа…

Акам уйида қандай ишлайди: рости, кузатмаганман. Ишхона, кўча-кўй ва бошқа жойларда давоти иродига кўп гувоҳ бўлганман: ручкани қўлига олиб ёза бошласа, фикрлари, назаримда, ҳеч қандай “ноз-поз”сиз қуйилиб келаётгандай, ручка ҳам Акам қўлига тушиши биланоқ, камоли яйраб, эгасининг фикрларини қоғозга бажонидил муҳрлаётгандай туюлаверади менга. Ўзимда эса, бу жараён мушкулроқ кечади. Айниқса, китобга дастхат ёзиб кимгадир тақдим этиш камоли азоб. Ўйлаган жумлаларим қисир эчки каби ортга тисланиб туриб олган дамларда, Акамнинг ҳеч қандай зўриқишсиз қоғоз қоралашларига ҳавас қиламан. Аслида эса, яхши биламанки, руҳан соғлом, нима деяётганини яхши биладиган ижодкорда фикрини қоғозга тушириш ҳеч қачон енгил кечмайди. Демак, Акамгаям дастхат битиш осон бўлмайди. Мен ҳавас қилган сифати эса узоқ йиллар мобайнида шаклланган маҳоратининг марҳсули эканлигига заррача шубҳам йўқ. Чунки Акам, компьютерда ишламайди, чунки ишлашни билмайди. Ҳатто компьютернинг ёнига йўламаган, деган ғалати фикр бор менда. Бу шеър, бу ҳикоя, бу қиссаю романлар, том-том сафарномалару публицистик чиқишларнинг бари, юқорида таъриф берганимиз “бақувват, чайир қўллари”нинг заҳматлари маҳсулидир.

Осон ёзиш… Бу – ҳаддини билмайдиган, ёзувчиликни касбга, ўзини эса асар ишлаб чиқарадиган конвеер дастгоҳга айлантириб олган, бир йилда беш-олтита романга ҳомиладор бўладиган бечора асарсозлардагина силлиқ кечади. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Бахтга қарши, бугун бунақа “дастгоҳ  ёзувчи”лар урчиб кетди.

АНЖАНГА СИҒАРМИКАНМАН

Акам менга кийиниш, юриш-туриш борасида ҳам маслаҳат ва йўл-йўриқлар берганки, ўша дамларни эсласам, энди нашъа қилади. Пойтахтга янги келган пайтларимиз. Тайинли турар жойсиз, “бедананинг уйи йўқ, қайга борса, битбилдиқ” деб яшаймиз. Камтомоқлик силламизни қуритади. Баъзан ҳамёндаги рўмолчамиз ҳам оғирлик қилиб қолаётгандай. Нуқсимиздан қишлоқ руҳи ўнгиб улгурмаган: иштон-кўйлакни дазмоллаб кейин кўчага чиқиш зарурлигига унчалик аҳамият ҳам бериб ўтирмаймиз. Қолаверса, чўнтагидаги рўмолчаси ҳам оғир туюладиган бечорада қандай қилиб дазмол бўлсин.

Акамнинг ижодий ишга жиддий қарашим лозимлигини оҳиста уқтирган пайтлари кўп бўлган экан, энди эсласам. Одам боласининг табиати қизиқ: ётиғи билан айтилган гап ҳар доим ҳам жиддий қабул қилинавермайди. Айниқса, ёшликда.

Дастлабига, Акамнинг, ўз ичингдаги душманинг: ялқовлик, лоқайдлик, масъулиятсизлик сингари қусурлардан ғолиб келиб яшаш кераклиги ҳақидаги гапларини шунчаки, ҳамюртлик юзасидан навбатдаги ғамхўрлик, деб тушуниб, унчалик аҳамият бермай кетаверардим.

Ёдингизда бўлса, машҳур ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг бир қўшиғи бор. “Ўн саккиз арчин от миндим, отдин армоним қолмади. Заррин тўшаклар устида ётдим, ётдим, армоним қолмади”, деб бошланадиган. Шу фикрдан келиб чиқсак, каминанинг ишдан армони қолмадику-я! Мамлакатимизнинг энг нуфузли газета-журналлари таҳририятларида ишлаш бахтига мушарраф бўлдим. Инсоф билан айтганда, бир калхозчининг боласини Худо шунчалик ярлақар-да. Бироқ улоқ доим тақиминг остида бўлавермас экан. Йигитнинг иши гоҳ чика, гоҳ пука, деганларидай, ишлардан тамом бўшаб, кўп нарсалардан ҳафсаламиз совиб, хонанишин бўлиб қолган кезларда:

Тўғри сўз туққанга ёқмас, инчунин,
Кун келди, тўғри сўз ёқмас тўғрига.
Кераксиз каломга дўнмаслик учун,
Алифдай тўғри сўз боқмас тўғрига.

Ёки:

Бу қадим работдир, ўторимиз бор,
Қалбимиз қаърида ўт торимиз бор.
Дунёйи ўтрик, бу торни чийратма,
Шу ўтрик тан ичра, ўт оримиз бор.

Ёки:

Ободлиғим дил мулкининг харобиндадир,
Обидлиғим дилсизликлар саробиндадир.
Ай, дунё-я! Ғамларингга хуммору мастмиз,
Ҳушёрлиғим майиноби шаробиндадир,–

каби тўртлик-пўртликлар битиб юрган кунларимиз эди. Бир куни, ёмон бўлди. Дабдурустдан… Ҳа, ўзим ҳам, довдираб қолдим.

– Сизи Анжанга апкетгани келдик, – деб келиб қолди-ку Акам.
– Ёшим элликдан ошганда-я! Шунча бола-чақа билан энди Анжанга сиғармиканман, Қамчибек ака? – деб гапни ҳазилга бурмоқчи бўлдим.

– Нима қипти, – дея сўзимни чўрт кесиб давом этди Акам, – жиддий айтяпман, битта журналистга қишлоқдаям иш топилади. Равон тилингиз, бировларникига ўхшамайдиган ифода услубингиз бор. Жиддийроқ нарсалар қилишингиз керак! Прозага ҳаракат қилиб кўринг! Умр ўтиб кетади. Енгил елпи шеър-пер, мақола-сақолалар учун пойтахтда яшаш шарт эмас!

Қарасам, акамнинг авзойи бузуқ – бўлакча. Сўзлари зардага қараб эняпти. Ҳушёр тортдим. “Иш чатоққа ўхшайди, Набивой”, дедим ичимда…
Ўша куни мен ижод билан жиддийроқ шуғулланишга сўз бердим. Акам ховридан тушгандай бўлди ва эртасига Андижонга қайтиб кетди.

ДАРАНГ-ДАРОЗ БИР БОЛА

Ёши йигирма бешни қоралаган даранг-дароз бир юртдошининг колхозчи ота-онаси кесак тимдалаб, бир этак укалари оғзидан ошириб юбориб турган пуллари ва кимларгадир мардикорлик қилиб топган беш-тўрт сўмига Тошкентда тараллабедод қилиб юрганини Акам билмас эдими? Биларди, албатта!

Ҳув гал ҳам шундай бўлувди: акам оҳиста гапирди, мен индамай эшитдим. Индашнинг иложи бормиди, десангизчи? Шу ҳолатда ҳам гап топишим учун, тўғриси, тимсохнинг терисидан қалин бет керак бўларди.

Катта ўқиш дардида енгил-елпи “дард чекиб”, туққанлари ишончини суиистеъмол қилиб юрган Наби найновнинг тўсатдан, отасининг қошига сомеъланиб қайтиб бориши ҳам, аслида, Акасининг ана шу гаплари натижаси бўлган эди, сизга айтсам.

***

Акамнинг бир кетмончининг боласини, яъни мени, катта ўқишга илинтираман, деб кўпларнинг олдида қарздор ва мусаллам бўлиб қолганлигини анча йиллар ўтиб, ўзим ҳам бир-иккита абитуриентга ҳоли қудрат “ҳайбаракаллачи”лик қилиб “шиннакларини тотган”имдан кейингина англаб етдим…

Шу ўринда андак лирик чекинишнинг зарурати туғилди. Иқтибосларни Акамнинг ўзидан – “Дўрмон хотиралари” деб номланган кундаликларидан олақолай:

“1983 йил, қиш. Дўрмондаги ижод боғидаман…
Иккинчи қаватнинг йигирма саккизинчи хонасига жойлашдим. Боғда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Назир Сафаров, Пиримқул Қодиров…, Восит Саъдулла, Қодир Мирмуҳамедов, Раҳмат Азизхўжаев… Эркин Самандар, Мавлон Икром, Шукур Холмирзаев, Абдуқаҳҳор Иброҳимов, Мирпўлат Мирзо, Ҳамид Сулаймоннинг хотини Фозила опа ва бошқалар бор эди…
21 январ, жума.”

“Назир Сафаровнинг “Уйғониш” драмаси асосида … икки қисмли сиёсий фильм сценарийси ёзилган экан. …таржима шунақа расво эдики, адиб
илтимоси билан, асарни бирга кўриб, таҳрир қилиб чиқяпмиз…”
24 январь, душанба.”

“Назир аканинг ғалати феъллари ҳам бор экан, ўша жойда билиб жуда таажжубландим.
…азонда Дадахон Нурий эшикни тақиллатиб, телефонга чақиришяпти, деди. Баҳром экан… Уйда кўришадиган бўлдик …Нонушта пайтида Назир
Сафаровга айтувдим, энсаси қотди.
– Жуда ғалати-да,одамлар. Ҳозир буни меҳмон кутадиган шароити борми! Ўзи бу ёқда бўлса. Ҳа, келса, меҳмон бўлиб кетаверади-да!
Бу тасаввур, бу дунёқараш мени анча гангитиб қўйди.
– У менинг ўттиз беш йиллик қадрдоним, болалик дўстим, – дея изоҳ беришга мажбур бўлдим. Овозим сал дағалроқ чиқди шекилли, “Ҳа майли, ўзингиз биласиз”, – деди.
28 январь, жума.”

“…йўлакдаги телефон жиринглаб қолди. …олсам ўғлим Жаҳонгир (тўққиз яшар эди) “дада”, дейди”, “ҳа”, десам, “опоқ дадам келди”дейди.–
Ана холос, – дедим Назир акага отамнинг келганлигини айтиб.
– Ие! – деди у ниҳоятда ҳайратланиб ва астойдил энсаси қотиб. – Неча кун тураркан?
– Билмадим, сўраш ноқулай бўлди, – дедим.
– Албатта, отангиздан сўрамайсиз. Турсунойга айтинг отадан гап олиб кўрсин. Узоқ йўл босиб келган, 2-3 кун турар, кетгунча бир ўтиб қўярсиз…
Ёпирай! Қулоқларимга ишонгим келмади.
Бир амаллаб ўзимни босиб, бормасликнинг сира иложи йўқлигини айтдим, отамнинг феълини ўзингиз ҳам яхши биласиз-ку (“жуда қайсар одам экан”, деб баҳо берувди), пичоқнинг дамида туради, деб писанда қилдим.
Албатта, Назир Сафаров хурсанд бўлмади. Лекин барибир олижаноб, меҳрибон одам эди…
31 январь, душанба”

***

Азиз китобхон! Адабий жамоатчилик ёзувчи Назир Сафаровни Акамнинг ўзи ҳам эътироф этганидай, анчагина одамохун, олийжаноб инсон, забардаст публицист ёзувчи сифатида яхши билади. У кишининг меҳру саҳоватидан баҳраманд бўлган қаламкашларнинг ўзидан анча-мунчасини биламан. Масалан, машҳур публицист адиб Шароф Убайдуллаев, таниқли шоирлар Анвар Эшонов, Эргаш Муҳаммад, журналистлардан Шуҳрат Жабборов… Санайверсам, адо бўлмайди. Шулар орасида халқимизнинг суюкли шоири Муҳаммад Юсуф ҳам борлигини кўпчилик билмаса керак. Муҳаммаджон ҳам, жумладан камина ҳам, ўша кишининг хонадони (Бутляров кўчаси, 17)да беминнат тузларини ичиб, алоҳида, иссиққина хоналаридаги юмшоқ калавотларида бир муддат “Назир отанинг болалари” бўлиб истиқомат қилганмиз. Икковимизни ҳам “Домовой”ига “прописка” қилганидан кейин, “пойтахт фуқароси” ўлароқ, квартирали бўлганимизни ҳам миннатдорчилик билан эслаб қўйишим шарт. Бу, албатта, елкамизда энди бир умр узиб бўлмайдиган қарз эканлигини айтмасам ҳам тушундингиз чоғи. Чунки, меҳрли адиб Назир Сафаров ҳам, бизга мазали таомлар пишириб оғзимизга тутган ажойиб аёли Мукамбар ая ҳам бу дунёдан ўтиб кетишди. Олло уларнинг у дунёсини обод қилсин!
Лекин, Акамнинг қалами ҳам ростликнинг кўчаларида доим рост йўрғалаган…

“КАЛХОЗЧИНИНГ БАЛАСИ…”

Акам ўшанда, ўзини адабий жамоатчиликка анчагина танитиб қўйган дастлабки “Соғинч” номли шеърий тўплами ва “Яшил барг”, “Балиқ ови” номли илк ҳикояларидан топган шуҳратини мени ўқишга жойлаш учун пешкаш қилган эди:
– Бир “калхозчининг баласи” (Назир Сафаров ибораси. Гап камина ҳақида кетяпти) журналистликка ўқимоқчи. Аммо олти йилдан буён гоҳ имтиҳондан, гоҳ мандатдан йиқилади. Бола пақир ҳужжат топшириб чарчади, ёрдам берармикин, деб юкиниб бормаган домласи қолмади чоғи.

Бир колхозчининг ўша боласи олтинчи йили ҳам имтиҳондан онтарилиб тушди. Акам ноилож, ўз даврининг таниқли ёзувчиси, мавқе-мартабаси билан унча-бунча амалдорни эламайдиган, жангчи адиб (Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси маъносида) Назир Сафаровдан ёрдам сўраб, хонадонига бош уриб боришга қарор қилди. Ўша кишининг “зўри” билан ўша йили “бир калхозчининг баласи”га ҳам университетнинг эшиклари ланг очилиб кетганини алоҳида айтиб ўтмасам кўнглим ўрнига тушмайди.

***

Эсласангиз, акамнинг “Эҳ, Дилбар, Дилбар…” деган ҳикояси бор. Ҳа, ўша, ёзги таътил пайти университет қабул комиссиясида назоратчи сифатида олиб қолинган, “билагига қизил боғич боғлаб, эшик оғзида серрайиб, имтиҳонга алоқаси йўқлар…нинг қариндош-уруғ, ёр-биродарлари, ҳайбаракаллачиларни ичкарига киритмай, …у ёқдан-бу ёққа юриб турувчи, эшикни тамбалаб… ойнадан “бир минутга” дея имлаганларга кўрсатгич бармоғини лабига тик қўйиб “тинч бўлинг” деган ишора билан жавоб қайтариб, аслида, ноилож хушфеъллик билан мулойим мурожаат қилаётганларнинг кўзига балодай кўринаётганини сезиб турган” Камол исмли дипломант талаба йигит ва ўқишга кириш учун учинчи йил имтиҳон топширган фарғоналик Дилбар ўртасидаги ажойиб туйғулар, дил изҳорлари акс этган асар.

Ҳикояни ўқиган бўлсангиз, биринчи имтиҳонни топшириб зинадан аста тушиб келаётган Дилбарни кўриб қолган Камолнинг “юраги аввалига бирдан пастлаган самолётдаги одамникидай “шувв” этади. Кейин гуппиллаб ура бошлайди. Бу – ўша, у хаёлан чеҳрасини, қадди-бастини тасаввур қилиб, қўмсаб, излаб юрган, бахмалдай қоп-қора қош-кўзли, киприклари кўксига соя солган, иккита қилиб ўрилган қалин сочли, яноқлари бўёқсиз ҳам тиниқ қиз”. Маълум бўлишича, у икки йил кундузгига ҳаракат қилибди… Ҳар гал конкурсдан ўтмай қайтиб кетар экан. Отаси вафот қилгани боис бу йил сиртқига топширибди”.

Камол “шундай маъсума қизнинг меҳри ва ҳурматига сазавор бўламан деб сира ўйламаган эди.” Ҳозир қизнинг ҳам ўзига майли борлигини, кўп йиллардан бери ана шундай соҳибжамолга орзиқиб юрган ошуфта… юраги баралла сезиб турарди.

“Ниҳоят мандат… фамилиялар ўқилди… Аммо Дилбарнинг исми –шарифи чиқмади…

Дилбар мажолсиз ҳолга тушган. Камол ноқулай аҳволда тилга киради:
“ – Шошманг, мен ҳозир суриштириб чиқаман. …бўлиши мумкин эмас. Ахир ўн уч балл билан-а?
– Менга ҳам шуниси алам қиляпти. Ўн, ўн бир балл олганлар ҳам  ўтишди…”

Қизнинг билим даражасига шубҳа қилмаган Камол, ноҳақлик содир бўлди, деб ҳисоблайди ва “ётиб қолгунча отиб қол, қабилида иш тутиб” Дилбарни “деканнинг олдига бошлаб киради”.

Воқеа давоми бош қаҳрамон тилидан қуйидагича ривожланади: “Декан аввалига индамай, гапимни бўлмай қулоқ солди, гавдасини кресло суянчиғига ташлаб, гуноҳкор бандадай остонада бошини қуйи эгиб турган Дилбарга бошдан-оёқ, бамайлихотир разм солиб чиқди, сўнг…ниҳоятда совуққон ва бепарволик билан деди:

– Бу қиз кимингиз бўлади?
– …шунчаки танишим,…

– Шунчаки таниш денг? Муддаойингиз?
– …Шу қизнинг жойлашиб қолишига ёрдам берсангиз девдим… агар иложи бўлса… Уч йилдан бери келар экан…
– Уч йилдан бери денг, ҳе, беш йил, олти йилдан бери келадиганлар бор,(таъкид бизники – А.Б.) укам. Чидаганга чиқарган.

– У имтиҳонлардан яхши ўтди. Менимча бу ерда қандайдир англашилмовчилик бўлган.
– Англашилмовчилик? Қанақа англашилмовчилик? – Декан ўрнидан қўзғалиб, креслони олдига сурди… тирсакларини стол рахига қўйиб, менга астойдил ва жиддий тикилди, бароқ қошлари чимирилиб, лаблари пирпиради, бурун катаклари кенгайиб кетгандай бўлди.

Мен бир лаҳза саросималаниб қолдим. Бироқ модомики, кўкрак кериб келдимми, энди чекинмаслигим керак. Таваккал қилдим.
– Ахир, домла, ўн бир, ҳатто ўн балл билан ҳам ўтишдию…
– Ўн балл билан? Ким ўтибди? – деканнинг қошлари чимирилди.

Мен ишни хом қилганимни тушундим. Бу ёғини яхшироқ суриштириб олмаган эканман. Каловланиб Дилбарга қарадим.
– Хўш, гапиринг йигитча? – Декан тантана қилаётгандай истеҳзоли кулимсиради. Жонимга Дилбар оро кирди:
– Мен билан топширган бир-иккита қизлар…

– Ҳм… – декан бир оз сукут сақлаб туриб қолди. Мен кўкрагимга шабада теккандай сал дадилландим. “Энди илиндиёв…” деб ўйладим. Декан яна Дилбарга юзланди:
– Қаердан келишган экан?
– Сирдарёдан, Хоразмдан…

– Ўзингиз қаерликсиз?
– Фарғоналикман.

– Ҳм, мана гап қаёқда! – Декан калаванинг учи топилди, дегандай қўлидаги қаламнинг орқасини столга секин уриб қўйди-да, креслога чўкди. – Бу – сир эмас, айтишим мумкин. Сиз, дипломант укам, шу чоққача бехабар бўлсангиз, билиб қўйинг. … бизда ҳам план бор. Ҳар бир областдан белгиланган миқдорда студент қабул қилинади. Ўзимиз билганча … олишга ҳаққимиз йўқ. Бу қизингиз ўтолмаптими, демак, Фарғонанинг нормаси бажарилган экан. Энди тушунарлидир?

Яна чидаб туролмадим. Бешинчи курсдаман-ку, нима қила оларди, деган мулоҳаза билан фикримни айтишга жазм қилдим.
– Кечирасизу домла, ахир бир одам имтиҳонларни яхши топширса, уқуви, қобилияти бўлса-ю, пландан ортиқча деб қолиб кетса, кимдир планни тўлдириш учун илашиб ўтса…

Аммо мен яна хатога йўл қўйгандим. Сўзимни тугатмасданоқ декан сапчиб туриб кетди.
– Ҳой бола, … Ўша илашиб ўтганлардан бири ўзинг-ку! Энди тилинг бийрон бўлиб қолдими?! Агар биз сени ўқишга олиб хато қилган бўлсак, ҳали ҳам тузатишимиз мумкин. Ўқишни ҳам қойил қилиб қўйганинг йўқ. Аллақандай қизлар, хотинларнинг орқасидан элчиб юргунча диплом ёзишни ўйлаш керак! Ҳали олдингда госэкзамен турибди!
Миям лўққиллаб, қалтирай бошладим…”

Орадан кўп ўтмай Камол қишлоғига қайтиб кетган Дилбардан “қисқагина, ҳиссизгина” ёзилган хат олади. Унда “Дилбар бир неча кун аввал… унаштирилганини айтиб, бўлажак турмуш ўртоғи ҳам ўзига ўхшаб ўқимаган, оддий йигит эканлиги алоҳида таъкидланган (шу жойда ручкани босиб ёзганлиги сезилиб турарди) ва энди ортиқча безовта қилмаслиги… сўралган, акс ҳолда ораларига раҳна солиб қўйиши… мумкин”лигини эслатиб қўйган эди.

***

Қиссадан ҳисса, худди шундай ҳангомалар бизнинг бошимиздан ҳам ўтганлигини билдириб қўйишдангина иборат эмас, бордию, тақдир каминани Камчибек Кенжага йўлиқтирмаганида тешикмозорлик Тўйчибойнинг хонадони этигининг қўнжидаги катак дафтарга шеър-перлар қоралаб, юрадиган яна бир сўзамолгина калхозчи шоир йигитга бойиши тайинлигини эътироф этиш эди. Шундай эмасми?

ЎТТИЗ ЙИЛ-А!..

Ҳар қандай илтимос, уни ўзинг учун истифода этасанми, ёки ўзгага, бажо қилган одам олдида сени маълум маънода қарздор қилиб қўяди. Энди сен ўша марҳаматли одам қошида алоҳида бурчлисан. Бу бурч адо этилиши талаб этилмаган тақдирда ҳам, юрагингнинг бир четида, яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариш имконини истаб, бот-бот Яратганга илтижо қилаверасан.

***

Ўз даврининг довюрак публицист адиби Назир Сафаров эндигина адабиёт майдонига кириб келаётган Акамга, кундаликларида битилганидай, “дадил”, “беҳижолат” муомила қилиши боисининг бир чеккаси ўша, менга қилинган яхшиликка бориб тақалиши мумкинми? Абатта! Буни илғашим учун эса каминага салкам ўттиз йил (Акамнинг кундаликлари босилиб чиққунча) вақт зарур бўлибди.
Салкам ўттиз йил-а!.. Эҳ, ғофил банда-я!
Шу ўринда бир нарсани ҳам эслаб ўтай, Акам Назир отанинг ўзига нисбатан бундай муомила қилиши боисини менга қилинган ўша яхшилик билан боғлиқ деб кундаликнинг бирон жумласида ҳатто шаъма ҳам қилмаган.

***

Бу орада кўп сувлар оқиб кетди.
Ёшлик – ғўрлик экан, у ҳам ўтди. Бу ёғини сўрасангиз, биз ғўр ёшлар томонимиздан айтсак тил айланавермайдиган анча-мунча оқибатсизликлару, ножўя хатти-харакатлар ҳам ўтди. Хом сут эмган банда эканмиз, адашдик… Акамдан бир оз узоқлашган йилларимиз ҳам бўлди…
Ҳа, ўтди биздан, қанча гуноҳлар, бир гаплару бир хатолар… Ушбу шеър
эса ана шу ҳатолар тазаррусига йўл излаб изтироб чеккан кунларимиздан
эсдалик.

ТЕРМУЛ УСТОЗ КЎЗИНА
Қамчибек акамга

Гар камол истаюрсен термул устоз кўзина,
Тавоб қил, сур кўзинг солик либоси бўзина.

Тош бўла тегди неча бошина авбошлиғинг,
Эмди бошни сомеъ тут, кам, оёғи тизина.

Лабларинг туйди магар тотли туз, ошлуғларин,
Эмди Улдин розилиқ, гар ўзи рози тузина.

Кўзина термултмай оҳингдин айланди мудом,
Айланурда сен мудом боқдинг замона тусина.

Бас, умри вофир тила, восил эт де васлинга,
Ҳар қалам тутганда қил илтижолар Ўзина!

СУВЛАР ЮВДИ, ЮЗИМИЗНИНГ…

Шу ўринда қайсидир йили олис бир вилоятга қилган сафаримиз чоғидаги бир издиҳом ёдимга тушди. Аҳли давра зиёли эди. Шу ерда юқоридаги шеърни ўқидим. Мисралар маъқул тушди шекилли, алқашди. Бундан руҳланиб шеърнинг яралишига омил бўлган тафсилотларни ҳам ҳикоя қилиб бердим уларга. Барчасини очиқ, тан олиб дилимни ёрдим. Албатта, давра мени тушунди. Шунда ёши улуғроқ бир киши:

– Устозингиз сизни кечиради. Вақтни ўтказмай, олдига боринг, – деб қолди. Бу гапга бошқалар ҳам қўшилди. Ўша суҳбатдан кейин юрагимда ёлвираб турган изтироблар тафти бир оз пасайгандай бўлди. Шеърият мухлисларининг маслаҳати акамнинг дилида хира тортиб қолган манзилларини ёритишга ҳаракат қилишим учун туртки бўлди. Ўша кундан Акам ҳақида янада кўпроқ ўйлайдиган бўлдим… Ва, кўп ўтмай… Андижонга отландим…

***

Акам кечирди, чоғи…

Эҳ, Акам, дарё экан – сувларга отди, ичидаги айтган-айтмаган   гиналари-ю, бизнинг… барча хатоларимизни. Сувлар эса ювиб кетди, юзимизнинг қароларин ҳам…

… НЕ ДЕСА, ДЕСИН

Ўтган асрнинг етмиш биринчи йили. Избоскан туманидаги кўримсизгина, яшириб нима қилдим, фуқароси “илм-пилм”га ҳушсизгина Тешикмозор қишлоғида яшовчи аялманд, Тўйчивой исмли йигитнинг Наби найнов деган тўнғичи ўн йиллик мактабдан “оттестатли мулла бола” бўлиб чиқди. У энди тешикмозорлик ҳамқишлоқлари тили билан айтганда, “катта ўқишда ўқийдурман” деб, Тошкентни кўзлаб қолди.

Тўйчибойнинг боши қотган: ўғлини ўқитсами-йўқми?! Ўқитса, нимасига ўқитади? Бу ёқда бир этак бола – аялванд бўлса. Оиланинг бешумор ташвишлари. Ҳар қалай, бош болам – суянчиғим – қишлоқда олиб қолиб иссиқ-совуқ кунимга яратай деса, ўзининг шудгорларда қолиб кетгани – бир армон. Ўғлига оқ йўл тиламагани куюк армон бўлиб қолмасмикин? Таваккал! Бу дунёнинг олди тор, кети кенг, дейдилар. Шу найнови қишлоқнинг биронта боласи юрак ютиб азм этмаган Ташканни ният қилибди, қўлини дуога очгани бўлсин. Ҳа, шундай қилади. Одамлар “сичқон сиғмас инига, ғалвир бойлар думи”га, деб кулишлари аниқ. Бегоналарку, кулади-қўяди. Ўзининг эт билан тирноқлари: “Кунинг зўрға ўтяпди-ю? Минг ҳасратда ўғил ўстириб, сўлоқмондай бўлганда ўзга юртга ўмган қилганинг нимаси?! Тақимингга босиб, корингга яратмайсанми, баччағарни!”, дея маломат қилиб, жигарини эзувчилар чиқади ҳали.

Майли, унақалар нима деса, десин. Эррайимларнинг оғзи-этаги очиқ том. Минг ёпма, қийтиғи чиқиб тураверади. Уч уй нари қўшниси Абдужаббор полвон юрт кезган йигит. Кураш чиққан жой борки, канда қилмайди. Йўл азобини ўйлаб ўтирмайди. Бормаган жойи, кечмаган сойи йўқ. Ўшанга ўтинади. Ахийга Арслонбоб бир тош, дейдилар. Тошкент бўлса, Тошкент-да. Қочиб кетибдими? Осмалўт (самалёт. Катта бувимизнинг ибораси) га ўтирса, бир соатлик йўл экан. Бу ҳам, бир армонли кетмончи учун хуморбости-да. Тирикчилик бир гап бўлар. Ўтган йилги шолини оқлаб, сотади. Бориш-келишига, қолгани боласининг мусофирчиликда еб-ичиши, ётиб туришига етар. Камбағалнинг ишини худо ўнглайди, деган гап бор. Ол, қулим, деб ўқишга кириб кетса, истипендияси ҳам бор дейишади. У ёғи яна, Худо ё Раззоқ!..

КАМБАҒАЛНИНГ ЛАФЗИ

Тўйчибой қўли юпқа бўлгани билан бир сўзли йигит эди. Лафз қилдими, аҳдидан қайтмайди.

…71-нинг ёзида у Абдужаббор полвон (Охирати обод бўлсин) билан бирга, «осмалўт”да тўнғичини Тошкентга ташлаб қайтди. Орқаварот гап-сўзлар ҳам, албатта, ўзи ўйлаганидай бўлди. Қозони зўрға қайнаб турган Тўйчибойнинг бу ишини ким ёқлаб гапирди, ким ёлпизлаб…

***

Найновнинг ишини Худо ҳадеганда ўнглайвермади.

Орадан олти йил ўтди. Тўйчибойнинг боласини “катта ўқиш” ёнига ҳам йўлатмасди. Бола пақир бу орада абитуриентлар ишқивоз бўлавермайдиган, давомати ҳам тўлар-тўлмас матбаа техникумини аълога битириб, армия хизматини ҳам ўтаб қўйди…

***

Сезиб турибман, Найнов муваффақиятсизлиги сабабини айтақолса-чи, деб турибсиз.

Аввало, аксар ўзимизга ўхшаган қишлоқ болалари зеҳниятида бўртиброқ кўринадиган, ўша, “илм-пилм”ини етарли даражада вофир қилмай туриб, андижонликлар тили билан айтганда, бирон-бир олий ўқув юртини мўлжалла-аб, шартта“ташлаш”имиз. Яна, айтсам, ўзингиздан қолар гап йўқ – минг ўқиб тиришманг (ўшанда каминадан имтихон олган айрим домлалар кечирсину), озгина таниш-билишлик, сиз-бизликнинг етишмаганлиги ҳам тузуккина рол ўйнагани рост…

***

Бу иддаони иккиланмай ёзаётганим учун ҳайрон бўлмайсиз. Чунки ўзим, охир-оқибат, ўша таниш-билишлик “шарофати” билан талаба  бўлганимни тан олиб турибман, ахир. Худо билганини бандасидан беркитайми? Яширсам, юқорида таъкидлаганим, мени отамдан ҳам қаттиқроқ тергайдиган, акадан ҳам аълороқ ардоқлаб бино қўядиганим бир ажойиб инсоннинг яхшиликларини яширган, эътироф этмаган бўламан-ку?! Яхшиликни билмаслар хилидан бўлиб қолишнинг эса… Ўзи асрасин!

ОЙДИН ҚАЛБЛИ МЕҲРИБОН АКАМ

Акам билан илк бор қаерда, қай йўсин танишгандим: тафсилотларини аниқ эслай олмайман. Буни бир неча йил илгари “Ҳуррият” газетасида чиққан ихчамгина мақолачамда ҳам айтган эдим. Ўша мақолани яна бир бор эслашга зарурат туғилди. Такрордан ибодат айнимас, дейдилар. Уни келтирақолай тўлалигича:

“Қамчибек Кенжабоев…
Бу ном менинг ҳофизамга қачон кириб келган, аниқ эслаёлмайман.

Эҳтимол, туманимизда чоп этиладиган “Пахтакор” газетаси, эҳтимол, ёшлик давримизнинг энг диловар ҳафталик адабий нашри “Ўзбекистон маданияти” орқалидир.
Ҳарқалай, Қамчибек Кенжа деган имзо тасаввуримда мактабда ўқиб юрган кезларимданоқ менга таниш ва азиз тахаллуслардан бири эди.

Хонадони токчаларида ўн беш, йигирмата китоб дадил тахланиб турмайдиган содда ва беғубор қишлоқдошларимнинг кемтик ва униққан шуурини халқ хўжалигининг турли соҳаларида довруғи довон ошган ҳамюртларимиз Чирмаш Азимов, Аслонбек Ахтанов, Эъзозхон Исроилова, Ҳидоятхон Холматова, Самсақбой Асранов, Шермат Юсупов, Али полвон Каримов, Ўсар полвон Ботиров, Абдусамат Тиллабоев, Мамадали Суяров, Холжўра Ғозиев, Усмонжон Мансуров, Муҳаммаджон Ўролов, Нўъмонжон Раҳимов сингари ёруғ чеҳраларнинг шуҳрати, эзгу ишлари ҳақидаги ҳикоялар баҳолиқудрат нурлантириб турар эди.

Уларни эъзозлаб айтилган ҳар бир гапни нафақат менинг қишлоғим, балки бутун избосканликлар ўз ота-оналари эъзозлангандай меҳр ва ғурур билан бир-бирларига қайта-қайта такрорлаб юришган дамларни ҳануз энтикиб эслайман.

Избосканда туғилиб вилоят ёки пойтахт миқёсида танилган Муталлибжон Усмонов, Сайфиддин Жалилов (мен бу фидойи тарихчи алломани Избосканда туғилган деб ўйларканман ўшанда), Сайфиддин Турсунов, Қозоқбой Маҳмудов, Уммат Тўйчиев сингари олимлар номини туманимиз ёшлари бутун жони-жаҳонини ёритиб турган биллур қандилдай ўз қалблари шифтига осиб олган эдилар.

Бироқ бадиий ижод ҳақида гап кетса, избосканликлар мум тишлаб қолардилар. Роман тугул, тузукроқ шеър ёки ҳикоя ёзиб, Қорадарёни шитоб ҳатлаб вилоятни забт этган ижодкорнинг номи тилга келавермасди.

Қамчибек Кенжа…
Бу ном избосканликлар юрагида тиконли симдай оғриқ бериб турган ўша армон чегарасини биринчи бўлиб узиб ўтган ижодкор сифатида туманимиз адабий тарихига кирди.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари. Ўша давр ўзбек поэзиясини ўзгача бир ўзанларга буриб юборган Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов феномени содир бўлди. Улардан сал кейин Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи, Ойдин Ҳожиева, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева сингари баркамол ижодкорлар ортидан илҳом арғумоғини ўйнатиб яна бир гуруҳ талантлар тўлқини шиддат билан адабиёт майдонига кириб келди. Ана шу тўлқинда Андижоннинг чекка бир қишлоғи Гуркировда туғилган, кўзлари порлаб турувчи, миқти қорамағиздан келган полвонжусса Қамчибек исмли йигит ҳам бор эди. У юриш-туришда ота касби – деҳқондай содда, фикрлари қишлоғига туташиб кетган ўрмонзор табиатидай сирли-тортимли, қалами – қораламалари эса қишлоғининг икки томонидан айқириб оқиб ўтувчи асов Тентаксой ва сокин Қорадарё каби ички тўлғама туғёнларга бойлиги билан пойтахт адабий жамоатчилигининг эътиборини ўзига торта бошлади. Турли йиғин ва мушоираларда шеърлар ўқиб назм ихлосмандлари меҳрини қозонаётган бу ёш шоирнинг кутилмаганда “Яшил барг”, “Балиқ ови” номли ҳикоялари босилди-ю, таниқли адиблар, адабиётшунослар ўзбек прозасида яна бир иқтидорли ёзувчи пайдо бўлгани ҳақида суюниб-суюниб ёзишарди. “Соҳилда”, “Бир кеча – минг кеча” ва бошқа бир қатор ҳикоялари адабий жамоатчилик ўртасида қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлгани ҳамон ёдимизда.

Биз ҳозир Қамчибек Кенжа ижодини таҳлил қилмоқчи эмасмиз. Зеро, у киши қаламига мансуб асарлар мамлакатимиз адабий-бадиий салоҳиятини намоён қилиб турган атоқли адиб ва мунаққидлар томонидан муносиб баҳоланган, ўрганилган, ўрганилмоқда.

Қамчибек ака каминани бу ўринда ижодининг мухлис-муҳиблари қатори камтаргина ички ифтихори ва миннатдорчилигини изҳор этиш учун имконият излаб турган бир шогирд сифатида қабул қилишларини истардим.

Одам бирор инсоннинг қайсидир фазилатига ҳавас қилган бўлса ҳам қарздор мақомидадир, дейдилар. Қамчибек акамга мен нафақат ҳавас қилдим, балки бир умр суяниб, ўта камтар, ниҳоятда беғубор, андишали, ойдин қалбли меҳрибон акам – устозим (муносиб кўрса) борлигидан қувониб яшадим.

Андижоннинг айтарли ҳеч ким танимайдиган кўримсизгина бир қишлоғидан чиқиб, пойтахтда нимагаки эришган бўлсам, барчаси учун Қамчибек ака олдида бениҳоя бурчлиман, қарздорман…У киши Тошкентга келса, дўст-ёр биродарлари қаторида каминани ҳам излайдилар, йўқлатадилар. Иш ёки кўнгил тақозоси билан ҳар хил давралар,  қутлуғ хонадонларда ҳам бўламиз. Олимлар, ижодкорлар, турли тоифадаги инсонлар билан учрашилади. Шунда мен доим одам ҳавас қиладиган бир ҳолатдан таъсирланаман. Қамчибек ака қаерга бормасин, орзиқиб кутилган инсон сифатида қарши олинади.

Мен бу иззат-икромни у кишининг олийжаноб шахсига, талантли ижодига, туғиб ўстирган Андижон аҳлига кўрсатилган эҳтиром сифатида қадрлайман. Бундан шубҳасиз қувонаман, фахрланаман, ифтихор туяман.

Адибнинг “Соғинч”номли илк рисоласи қуйидаги шеър билан якунланган эди.

Чиққан эдим йўлга излаб
Тушда кўрган малагим.
Шундан бери куйлаб, бўзлаб
Талпинади юрагим.

Билолмайман асли ким у –
Фариштами ёки ҳур.
Йўлимга у сочар ёғду,
Ўн тўрт кунлик ой эрур.

Яқинмикан манзил, олис –
Қайда унинг гўшаси?
Айтинг дўстлар, айтинг холис,
Мен нетарман ўшасиз?

Бахтим чопиб етсам агар
Оғушига оларми?
Тошбағирми ё ситамгар,
Ёки… ҳайдаб соларми?

Чалинмоқда кўзларимга
Олисларда бир пари.
Ором бермас ҳисларимга
Ул кўнгил сеҳргари.

Шоир тасаввуридаги “Ором бермас кўнгил сеҳргари” соҳир сиймо тажаллиси – яъни бугун халқимиз севиб ўқиётган ажойиб шеърлар, гўзал ҳикоялар, бетакрор сафарномалар бўлса не ажаб. “Бахтим чопиб етсам агар, оғушига оларми? Тошбағирми ё ситамгар, ёки қувиб соларми” – дея андишаланиб, ижод гулшанига кириб келган ўша навқирон Қамчибек Кенжа олтмиш ёшни қоралаяпти. Садоқат билан излаган “ситамгар” “фаришта”си, ҳайрият уни ноумид қилмади. Бир умр тунларни тонгларга улаб чеккан оҳлари, тортган азоблари – вафоси эвазига вафо билан жавоб қилди. Бу вафо ҳарорати Қамчибек аканинг ижоди – асарларида бутун бўйи-басти, салобати билан намоён бўлиб турибди. Мана шу вафо жуфтлигига биз ҳам бақо мақомини тилаймиз.

2006 й.”

“Ё, ПИРИМ, ДЕ!..”

Шундай қилиб, газетачиликнинг “катта ўқиши”га, Андижонча қилиб айтганда, ҳар йили каллача “ташлай-ташлай” муроди ҳосил бўлмаган Наби найнов Тошкентда сандироқлаб юриб, умрининг салкам етти йилини исроф қилди. Йигирма уч ёшни уриб қўйди. Қишлоққа қайтиб, ота кетмонини қўлидан олай деса, орият ўлимдан қаттиқ. Отаси ҳам, ўғлим ҳар қалай, техникумни битириб “газита босадиган мошина”да ишлайдиган бўлди-ю. Бошқаларнинг болалари шунга ҳам ярамаяпти, дея таскин топар. Аммо “найнов”нинг унда-бунда журналист бўламан, деб катта кетворган ерлари бор. У гаплари қаерда қолади? “Каттиқ-қаттиқ қуриллаб кетган лайлакнинг лак-луки осилиб қайтишини кўр” дан бўлмайдими? Аммо, иззати ҳам битди. Энди ота-онаси ёнига кириб, рўзғор аравасини тортишмаса бўлмас. Уйидагилари ҳам қийналиб кетишди. Қайси бир солиҳ фарзанд ота-онасини шу куйларга ташлаб, қорни-ю, қадридан бошқа нарсани ўйламай, умрини ўзга юртларда салти-сувой ўтказади?! Бу иши ҳеч бир қолипга тушмайди!

***

Наби найнов, юқорироқда эслатиб ўтганимиздай, бир кун тонг саҳарда,бир жомадон китоб, бир бўғча лаш-луш билан, сўмпайиб, яна Тешикмозорга қайтди. Ота ҳам маломат қилгани йўқ. Камбағалчиликка йўйди. Қўр-қутим бўлганида, боламнинг умрини увол қилиб, ўзга юртларда тентиратиб қўймасдим-а, дея ичидан ириди. Мана, болагинаси:

– Ота, энди сиз нима десангиз, шу менинг университетларим бўлади”, – деб бош эгиб келиб, қошида ўтирибди. Йўқ, деҳқончилик ота касб: нолимайди… Бироқ бу шудгорларда ўзининг қолиб кетгани етар. Катта арава қаёққа юрса қолганлари ортидан эргашади. Ке, Худодан астойдил тилайин. Менинг зурриётларим ҳам илмли, будли-шудли, юртнинг назаридаги одамлар бўлиб етишсин. Шугинамга яна бир омад тилаб, дуо билан ортига қайтарай. Уруғ-ужудимни кесаклар орасида яратмагандир, ахир! Рўзғорми? Шу болам ёнимга кирса, суюқ ёвғоним қуюқлашармиди? Ўлмаган қул йиғлаб-сиқтаб бир кунини кўради дейдилар, дея ўй қилди Тўйчибой. Кечки овқатдан кейин тўнғичига аста гап солди:

— Ўқишга яна бир бориб кўрасанмикин?..
— Олти йил уриндиму, ота!

— Бисмилло, деб яна уриниб кўр? Еттинчи йили етти пиру Баҳовуддин балогардон қўллаб… Зора, Худонинг раҳми келса…– дея хожасининг гапига қўшилди онаизори ҳам ялинчоқ бир оҳангда. Найновнинг ўзига қолса-ку, қанот қоқиб учгиси бор-а. Аммо, омади ҳам йўқ экан-да. Тошкентга бориб олиш осон. Кўзи тўрт бўлиб кутаётган одами бормидики!.. Кутса ҳам, нуқул муаммолар кутади.

Қабул комиссиясидаги илмнинг сохта дорларига ёлғондакам осилиб, домуллолик унвонини хатм қилмай туриб домуллосифат юришнинг ҳадисини олган айрим олимсифат тўрсайма қиёфалар… Шуларни  ўйлаб унинг юраги бе зиллар, аҳди ортга тисланарди:
– Сизларга жабр бўпкетди-ю, ота! – деди у аранг.

Отанинг зардаси қайнади:
– Ҳе, бизи қўёвур! Шетта кетман чопсанг ҳам ўша, яримта ноним яримта, бутун бўпқомайди?! Хуллас, гап шу: ошиниб қўлингга даста-даста пул тутқизолмасман. Ома, қарабам турмаймиз. Бандасининг ризқи Эгасининг битигида. Териб ейман, деган одам, интилади. Ўқийман, ўқишга кироламан, десанг, бу ёғини кўпам ўйлама. Ё, пирим, де!..

Наби найнов, ота-онанинг фотихаси билан яна пойтахтга қайтди.

***

Қамчибек акам билан қачон эшлашиб кетганимизни ҳозир аниқ  эслаёлмайман. Шундай бўлса-да, у киши билан яқинлашувимизни тасодиф ҳам деб билмайман. Чунки, асли бир вилоятда, бир туманда, бир-биридан унча узоқ бўлмаган масофадаги қишлоқларда туғилиб, етти-саккиз йил фарқи билан таҳсил олгани пойтахтга келдик. Пойтахт эса икки қишлоқ боласининг бирини устоз, бирини шогирд сифатида учраштиргани факт. Бор гап шу…

Йўқ, шошманг, бор гап шу, десам унча тўғри бўлмас экан. Бизни яқинлаштирган, ака-укадай қилиб қўйган ўша дастлабки воқеаларни сал-пал эслагандайман…

ДАВОМИ БОР

09

    Bu yil 70 yoshini nishonlaydigan Qamchibek Kenja asarlari istab-so’rab o’qilayotgan yozuvchilarimizdan biridir. Adib ajoyib safarnomalari bilan ham adabiyot muxlislari qalbini qaytadan zabt etdi, desak xato bo’lmaydi. Fe’li-xo’yi, ta’b-tutumi, his-tuyg’ulari, muhabbati, hayotga munosabati bir-biriga mutlaqo o’xshamaydigan, turfa taqdirli ajoyib qahramonlari bilan bizni hayajonlantirib qalam tebratayotgan bu yozuvchining o’zi kim, qanday odam, ne o’y-xayollar bilan yashaydi, ijod qiladi? Ana shu savollarga ushbu risolachadan ozmi-ko’pmi javoblar topsangiz ajab emas (Muallifdan).

Abdunabi Boyqo’ziev
AY, AKAM, DARYO EKAN…
Yozuvchi  haqida bitiklarning 1 qismi
08

YURAKDAGI YORUG’ NOMLAR…

Kaminani o’ziga yaqin olib, kasbu kamolim uchun jon kuydirgan insonlar haqida chog’roqqina kitobcha qilish rejasi xayolimdan o’tganiga ham ancha yil bo’ldi. Biroq banda vujudida yalqovlik degan qusur yotadi-ki, uni shaytonning urug’i deca ham bo’lar. Bu noqis unsurdan xoli bandaning o’zi bormikin?..

Tashqi ko’rinishu yurish-turishda ko’xna allomalarga o’xshab ketadigan hamqishloqlarim, so’fiy zotlar Abdurahmon hoji hamda Nuriddin hoji buvalar qazo qilmaganida, ehtimol, bu rejam yana qancha yil rejaligicha qolarmidi. Ayniqsa, Abdurahmon xojining vafoti haqidagi xabarni eshitdimu peshonamga shappatiladim: “Nabivoy, yalqovsan!” dedim o’zimga o’zim. Chog’roqqina qishlog’ing nomi atrof-javonibga tanilishiga sababchi bo’lgan sanoqli insonlardan edi-ku ular! Hazrati Yassaviy, Bahouddin Balogardonning nafasi kelib turardi ulardan. Bu ikki zot dohil bo’lgan suhbatlar mavzusi Navoiy, Ogahiy, Sho Mashrab, So’fi Olloyor, Farididdin Attor, Jaloliddin Rumiylarga qarab oqardi. Bu suhbatlarda hozir bo’lgan odam yana bir bor ishtirok etsam, deb orzu qilardi.

Teshikmozorning so’nngi baquvvat mutasavvuf siymolari ekan ular. Mana olamdan o’tib ham ketishdi. Qishlog’ingga bunday sharif insonlarni qachon ato etadi endi Xudo? Ato etarmikin?!.
Buvaklar qulog’iga azonu takbirlar aytgan, kelin-kuyovlarning muhabbat rishtalarini Ollo rizoligi bilan bog’lagan, yuzlab marhumlarning so’nggi safari oldidan janoza namozlarini o’qigan, og’ir damlarda ham jamoatni umid tuyg’usidan ayrilmay, Yaratganga tavakkal qilib yashash amri Xudo ekanligiga ishontira oladigan vallomat zotlar edilar ular. Yo’q, ular hech qachon ovozlarini baralla qo’yib ma’ruza qilmagan. Ular sokin, solim gapirishgan. Olimlik qurbi-quvvati ham ayni halimligiyu, solimligi, iymonlarining mustahkamligida edi .

Eh, og’ayni! Bu nurli insonlar haqida yuragingda qa-ancha yorqin o’ylar g’ujg’on o’ynadi. Ana shularni o’zlari tirikligida qog’ozga tushirib, elga oshkor etsang bo’lmasmidi! Mehr tirikka kerakligini bilmasmi eding yo?

Hay, nachora…

Ichimizni nurlantirib turgan har bir ism qaysidir ma’noda taqdirimiz bilan bog’liq shamchiroqlardir. Bir hikmati borki, ular hofizamizda porillab turadi. Ushbu suhbatimiz mavzusi xotirimizni nurafshon qilib yashayotgan ana shunday fayzli insonlardan yana biri haqida…

AKAM, DESAM BO’LARKAN…

Birovni otasidan boshqa birov tergamaydi. Birovning esa e’tibor beradigan odami yo’q.

Meni otamdan ham jiddiyroq tergaydigan bir incon bor. Tergaganda ham, uncha-buncha emas. Yo’q, bu yerda gap u insonning kaminani vaqti-bemahal so’rab-surishtirishi, so’kib-so’zlab turishi yoki u kishidan mening qo’rqish- qo’rqmasligim haqida ketayotgani yo’q. Bu qo’rquv tuyg’usi emas. Ha, buni men so’z mas’uliyatini to’la his etib yozayotganimni eslatgan holda, yana bir gapni aytaymi? Xayiqmayman ham deyolmayman…

To’g’ri, yelkasida uncha-muncha hayotiy tajriba va holi qudrat ijodiy mashaqqatlar azobini ortmoqlab olib, oltmishni urib qo’ygan bir kishining kimdandir qo’rqish-qo’rqmasligini elga dasturxon qilib o’tirishi kulgili, albatta. Lekin bilasizmi, gap ota-bola yoki ustoz-shogirdlikka borib taqalganda, masalaning mohiyati tuyqus jiddiylashadi. Oradagi yosh farqi favqulodda mahobatli nisbiylashadi.

*

Salkam qirq yildirki, kamina shu insonning benihoyat bir solim xayrixohligini his qilib yashayman. O’zimga nisbatan bunday samimiy dilyaqinlikni boshqa biron insondan ko’rmadim. Yo’q, u kishi tomonidan kimningdir ishonchini qozonish yoki ta’sir o’tkazish payida yuzaki mulozamat qilganini eslayolmayman. Nazarimda, u bunday yasama munosabatni xayoliga ham keltirmaydi. Muloqotlarimizda (xoh telefonda, xoh yuzma-yuz bo’lsin) dunyoda men uchun, mening ijodiy faoliyatimu jamiyatdagi mavqeyim, kasbu kamolotim, hatto oilaviy hayotimgacha hech qachon befarq bo’lmagan, tug’ishgandan ham a’loroq jon tortadigan bir insonim borligini his etib, gohida ich-ichimdan quvonaman…

*
Onam azob tortib tuqqan to’rtta singlim, olti ukam bor. Akam, yo’q! O’zim, akaman. Zarur bo’lib qolsa, o’zimga o’zim akaman. Bo’ladiku, kishi boshida har xil savdoyu sinoatlar. Biroq… Ha, hozirgina, tug’ishgan akamdan ham mehribonroq bir insonim borligini aytdim sizga. Xo’sh, akadan ham mehribonroq odam senga kim bo’ladi?
Buni, aytolmayman. Ammo, aniq bilamanki, bu yerda gap tug’ishgan jigaringdan ham yaqinroq, degan ma’no ustida ketyapti… Demak u kishini bemalol Akam, desam bo’larkan. Ha, akam desam bo’laverarkan!..

DEMAK, AKAM…

05O’rta bo’y, qoramag’izga moyil bug’doyrang. Yelkalari keng, bikir-miqti jussali. Suyaklari yo’g’on. Bilaklarining mushaklari bo’rtib-bo’rtib ko’zga tashlanadi. Yoshlikda ko’p jismoniy mehnat qilganidanmi, qo’llari baquvvat va chayir. Ko’zlari katta, qiyiqqa moyil. Qoshlari qalin. Odamga tikilsa nigohlaridan nekbin samimiyat to’kilib turadi.

Peshonasi keng, ochiq. Sochlari doim yuqoriga taralgan. O’ziga nihoyatda yarashimli, jingalak qaysar. Yuzi yumaloqdan kelgan. Burunlari keng. Bilmadim, nimaning asorati, chap iyagi ostida
chandig’i bor. Sinchiklab qaramagan odam buni sezmaydi. Sezganda ham hayolidan, bu jismoniy qusur emas, sokin tabiatida bir paytlar yigitlikning jangari fursatlari ham g’olib kelgan bo’lishi mumkin-ku, degan o’y o’tadi. Chandiq tug’ma bo’lishi ham mumkin. Har holda, o’zidan so’ramaganman.

Harakatlari aytarli doim shitob. Yurganda, nima uchundir, birovga yetib olishga shoshayotganday, shaxt bilan odimlaydi. O’zi ham keyingi paytlarda bu odati yuragiga zo’r kelayotganini (ayniqsa, so’nggi ikki yilda) aytib, “Tez harakat qivordim, shekilik”, deb ko’kragini silab qo’yadigan bo’lib qoldi.
Shaxt-shijoat u kishining hatto imzosida ham aks etadi. Nazarimda, Akam imzoga ham shaxsning eng muhim sifatlaridan biri, deb qaraydi. Bunday deyishimning boisi, menda u kishining deyarli salkam qirq yil davomida yozgan maktublari, turli hujjat va dastxatli kitoblari saqlanadi. Ularni sinchiklab kuzatgan odam adibning imzosi yillar davomida sezilarli o’zgara borganligini ko’radi.

To’g’risini aytsam, menga, Akamning bundan yigirma, o’ttiz yillar ilgarigi chekkan imzolari yoqardi. O’ziga esa… Albatta bugungi ko’rinishi maqbul bo’lishi kerak. Yo’qsa, oxirgi varianti ham allaqachon o’zgargan bo’lardi. Nima bo’lganda ham, Akam imzosini ham, inson o’z fe’l-atvoriga bo’lgani kabi, muntazam takomillashtirib borishga harakat qiladi, degan taassurot bor menda.

O’z dastxati va bitiklaridan qoniqmaslik yozuvchining bir necha yil ilgari yaratgan asarlariga bot-bot murojaat qilib, qayta ishlashida ham ko’rinadi. Bu narsa keyin bilsam, menga ham yuqqan ekan.

Avval chop etilan asaringni qayta ishlash ijobiymi yoki salbiy hodisa ekanligini hech o’ylab ko’rmagandim. Yaqinda yozuvchi Poulo Koeloning bir fikriga ko’zim tushib qoldi. U “Bosilib chiqqan asarni qayta ishlash kitobxonni aldash bo’lur edi”, deb yozibdi. Taniqli o’zbek yozuvchisi O’tkir Hoshimov esa o’z asarlarimni keyin ham bir necha marta qayta ishlaganman, degan gapni aytuvdi. Ammo, shunisi ham borki, Poulo Koelo bosilib chiqqan asarini o’qish yoki qayta ishlash tugul, qayta nashr ettirishga ham vaqt topolmagan. Chunki, ijodi gurkiragan mahallarida, yiliga ikki-uchtadan roman yozganini bilamiz. Yuqoridagi “kalondimog’ligi”ning boisi, ehtimol, shunda bo’lsa ajab emas. Yana bilmadim, kimda qanaqa…

Akam uyida qanday ishlaydi: rosti, kuzatmaganman. Ishxona, ko’cha-ko’y va boshqa joylarda davoti irodiga ko’p guvoh bo’lganman: ruchkani qo’liga olib yoza boshlasa, fikrlari, nazarimda, hech qanday “noz-poz”siz quyilib kelayotganday, ruchka ham Akam qo’liga tushishi bilanoq, kamoli yayrab, egasining fikrlarini qog’ozga bajonidil muhrlayotganday tuyulaveradi menga. O’zimda esa, bu jarayon mushkulroq kechadi. Ayniqsa, kitobga dastxat yozib kimgadir taqdim etish kamoli azob. O’ylagan jumlalarim qisir echki kabi ortga tislanib turib olgan damlarda, Akamning hech qanday zo’riqishsiz qog’oz qoralashlariga havas qilaman. Aslida esa, yaxshi bilamanki, ruhan sog’lom, nima deyayotganini yaxshi biladigan ijodkorda fikrini qog’ozga tushirish hech qachon yengil kechmaydi. Demak, Akamgayam dastxat bitish oson bo’lmaydi. Men havas qilgan sifati esa uzoq yillar mobaynida shakllangan mahoratining marhsuli ekanligiga
zarracha shubham yo’q. Chunki Akam, komp`yuterda ishlamaydi, chunki ishlashni bilmaydi. Hatto komp`yuterning yoniga yo’lamagan, degan g’alati fikr bor menda. Bu she’r, bu hikoya, bu qissayu romanlar, tom-tom safarnomalaru publitsistik chiqishlarning bari, yuqorida ta’rif berganimiz “baquvvat, chayir qo’llari”ning zahmatlari mahsulidir.

Oson yozish… Bu – haddini bilmaydigan, yozuvchilikni kasbga, o’zini esa asar ishlab chiqaradigan konveer dastgohga aylantirib olgan, bir yilda besh-oltita romanga homilador bo’ladigan bechora asarsozlardagina silliq kechadi. Boshqacha bo’lishi mumkin emas. Baxtga qarshi, bugun bunaqa “dastgoh yozuvchi”lar urchib ketdi.

ANJANGA SIG’ARMIKANMAN

Akam menga kiyinish, yurish-turish borasida ham maslahat va yo’l-yo’riqlar berganki, o’sha damlarni eslasam, endi nash’a qiladi. Poytaxtga yangi kelgan paytlarimiz. Tayinli turar joysiz, “bedananing uyi yo’q, qayga borsa, bitbildiq” deb yashaymiz. Kamtomoqlik sillamizni quritadi. Ba’zan hamyondagi ro’molchamiz ham og’irlik qilib qolayotganday. Nuqsimizdan qishloq ruhi o’ngib ulgurmagan: ishton-ko’ylakni dazmollab keyin ko’chaga chiqish zarurligiga unchalik ahamiyat ham berib o’tirmaymiz. Qolaversa, cho’ntagidagi ro’molchasi ham og’ir tuyuladigan bechorada qanday qilib dazmol bo’lsin.

Akamning ijodiy ishga jiddiy qarashim lozimligini ohista uqtirgan paytlari ko’p bo’lgan ekan, endi eslasam. Odam bolasining tabiati qiziq: yotig’i bilan aytilgan gap har doim ham jiddiy qabul qilinavermaydi. Ayniqsa, yoshlikda.

Dastlabiga, Akamning, o’z ichingdagi dushmaning: yalqovlik, loqaydlik, mas’uliyatsizlik singari qusurlardan g’olib kelib yashash kerakligi haqidagi gaplarini shunchaki, hamyurtlik yuzasidan navbatdagi g’amxo’rlik, deb tushunib, unchalik ahamiyat bermay ketaverardim.

Yodingizda bo’lsa, mashhur hofiz Komiljon Otaniyozovning bir qo’shig’i bor. “O’n sakkiz archin ot mindim, otdin armonim qolmadi. Zarrin to’shaklar ustida yotdim, yotdim, armonim qolmadi”, deb boshlanadigan. Shu fikrdan kelib chiqsak, kaminaning ishdan armoni qolmadiku-ya! Mamlakatimizning eng nufuzli gazeta-jurnallari tahririyatlarida ishlash baxtiga musharraf bo’ldim. Insof bilan aytganda, bir kalxozchining bolasini Xudo shunchalik yarlaqar-da. Biroq uloq doim taqiming ostida bo’lavermas ekan. Yigitning ishi goh chika, goh puka, deganlariday, ishlardan tamom bo’shab, ko’p narsalardan hafsalamiz sovib, xonanishin bo’lib qolgan kezlarda:

To’g’ri so’z tuqqanga yoqmas, inchunin,
Kun keldi, to’g’ri so’z yoqmas to’g’riga.
Keraksiz kalomga do’nmaslik uchun,
Alifday to’g’ri so’z boqmas to’g’riga.

Yoki:

Bu qadim rabotdir, o’torimiz bor,
Qalbimiz qa’rida o’t torimiz bor.
Dunyoyi o’trik, bu torni chiyratma,
Shu o’trik tan ichra, o’t orimiz bor.

Yoki:

Obodlig’im dil mulkining xarobindadir,
Obidlig’im dilsizliklar sarobindadir.
Ay, dunyo-ya! G’amlaringga xummoru mastmiz,
Hushyorlig’im mayinobi sharobindadir,–

kabi to’rtlik-po’rtliklar bitib yurgan kunlarimiz edi. Bir kuni, yomon bo’ldi. Dabdurustdan… Ha, o’zim ham, dovdirab qoldim.

– Sizi Anjanga apketgani keldik, – deb kelib qoldi-ku Akam.
– Yoshim ellikdan oshganda-ya! Shuncha bola-chaqa bilan endi Anjanga sig’armikanman, Qamchibek aka? – deb gapni hazilga burmoqchi bo’ldim.

– Nima qipti, – deya so’zimni cho’rt kesib davom etdi Akam, – jiddiy aytyapman, bitta jurnalistga qishloqdayam ish topiladi. Ravon tilingiz, birovlarnikiga o’xshamaydigan ifoda uslubingiz bor. Jiddiyroq narsalar qilishingiz kerak! Prozaga harakat qilib ko’ring! Umr o’tib ketadi. Yengil yelpi she’r-per, maqola-saqolalar uchun poytaxtda yashash shart emas!

Qarasam, akamning avzoyi buzuq – bo’lakcha. So’zlari zardaga qarab enyapti. Hushyor tortdim. “Ish chatoqqa o’xshaydi, Nabivoy”, dedim ichimda…
O’sha kuni men ijod bilan jiddiyroq shug’ullanishga so’z berdim. Akam xovridan tushganday bo’ldi va ertasiga Andijonga qaytib ketdi.

DARANG-DAROZ BIR BOLA

Yoshi yigirma beshni qoralagan darang-daroz bir yurtdoshining kolxozchi ota-onasi kesak timdalab, bir etak ukalari og’zidan oshirib yuborib turgan pullari va kimlargadir mardikorlik qilib topgan besh-to’rt so’miga Toshkentda tarallabedod qilib yurganini Akam bilmas edimi? Bilardi, albatta!

Huv gal ham shunday bo’luvdi: akam ohista gapirdi, men indamay eshitdim. Indashning iloji bormidi, desangizchi? Shu holatda ham gap topishim uchun, to’g’risi, timsoxning terisidan qalin bet kerak bo’lardi.

Katta o’qish dardida yengil-yelpi “dard chekib”, tuqqanlari ishonchini suiiste’mol qilib yurgan Nabi naynovning to’satdan, otasining qoshiga some’lanib qaytib borishi ham, aslida, Akasining ana shu gaplari natijasi bo’lgan edi, sizga aytsam.

***

Akamning bir ketmonchining bolasini, ya’ni meni, katta o’qishga ilintiraman, deb ko’plarning oldida qarzdor va musallam bo’lib qolganligini ancha yillar o’tib, o’zim ham bir-ikkita abiturientga holi qudrat “haybarakallachi”lik qilib “shinnaklarini totgan”imdan keyingina anglab yetdim…

Shu o’rinda andak lirik chekinishning zarurati tug’ildi. Iqtiboslarni Akamning o’zidan – “Do’rmon xotiralari” deb nomlangan kundaliklaridan olaqolay:

“1983 yil, qish. Do’rmondagi ijod bog’idaman…
Ikkinchi qavatning yigirma sakkizinchi xonasiga joylashdim. Bog’da O’zbekiston xalq yozuvchisi Nazir Safarov, Pirimqul Qodirov…, Vosit Sa’dulla, Qodir Mirmuhamedov, Rahmat Azizxo’jaev… Erkin Samandar, Mavlon Ikrom, Shukur Xolmirzaev, Abduqahhor Ibrohimov, Mirpo’lat Mirzo, Hamid Sulaymonning xotini Fozila opa va boshqalar bor edi…
21 yanvar, juma.”

“Nazir Safarovning “Uyg’onish” dramasi asosida … ikki qismli siyosiy fil`m stsenariysi yozilgan ekan. …tarjima shunaqa rasvo ediki, adib
iltimosi bilan, asarni birga ko’rib, tahrir qilib chiqyapmiz…”
24 yanvar`, dushanba.”

“Nazir akaning g’alati fe’llari ham bor ekan, o’sha joyda bilib juda taajjublandim.
…azonda Dadaxon Nuriy eshikni taqillatib, telefonga chaqirishyapti, dedi. Bahrom ekan… Uyda ko’rishadigan bo’ldik …Nonushta paytida Nazir
Safarovga aytuvdim, ensasi qotdi.
– Juda g’alati-da,odamlar. Hozir buni mehmon kutadigan sharoiti bormi! O’zi bu yoqda bo’lsa. Ha, kelsa, mehmon bo’lib ketaveradi-da!
Bu tasavvur, bu dunyoqarash meni ancha gangitib qo’ydi.
– U mening o’ttiz besh yillik qadrdonim, bolalik do’stim, – deya izoh berishga majbur bo’ldim. Ovozim sal dag’alroq chiqdi shekilli, “Ha mayli, o’zingiz bilasiz”, – dedi.
28 yanvar`, juma.”

“…yo’lakdagi telefon jiringlab qoldi. …olsam o’g’lim Jahongir (to’qqiz yashar edi) “dada”, deydi”, “ha”, desam, “opoq dadam keldi”deydi.–
Ana xolos, – dedim Nazir akaga otamning kelganligini aytib.
– Ie! – dedi u nihoyatda hayratlanib va astoydil ensasi qotib. – Necha kun turarkan?
– Bilmadim, so’rash noqulay bo’ldi, – dedim.
– Albatta, otangizdan so’ramaysiz. Tursunoyga ayting otadan gap olib ko’rsin. Uzoq yo’l bosib kelgan, 2-3 kun turar, ketguncha bir o’tib qo’yarsiz…
Yopiray! Quloqlarimga ishongim kelmadi.
Bir amallab o’zimni bosib, bormaslikning sira iloji yo’qligini aytdim, otamning fe’lini o’zingiz ham yaxshi bilasiz-ku (“juda qaysar odam ekan”, deb baho beruvdi), pichoqning damida turadi, deb pisanda qildim.
Albatta, Nazir Safarov xursand bo’lmadi. Lekin baribir olijanob, mehribon odam edi…
31 yanvar`, dushanba”

***

Aziz kitobxon! Adabiy jamoatchilik yozuvchi Nazir Safarovni Akamning o’zi ham e’tirof etganiday, anchagina odamoxun, oliyjanob inson, zabardast publitsist yozuvchi sifatida yaxshi biladi. U kishining mehru sahovatidan bahramand bo’lgan qalamkashlarning o’zidan ancha-munchasini bilaman. Masalan, mashhur publitsist adib Sharof Ubaydullaev, taniqli shoirlar Anvar Eshonov, Ergash Muhammad, jurnalistlardan Shuhrat Jabborov… Sanayversam, ado bo’lmaydi. Shular orasida xalqimizning suyukli shoiri Muhammad Yusuf ham borligini ko’pchilik bilmasa kerak. Muhammadjon ham, jumladan kamina ham, o’sha kishining xonadoni (Butlyarov ko’chasi, 17)da beminnat tuzlarini ichib, alohida, issiqqina xonalaridagi yumshoq kalavotlarida bir muddat “Nazir otaning bolalari” bo’lib istiqomat qilganmiz. Ikkovimizni ham “Domovoy”iga “propiska” qilganidan keyin, “poytaxt fuqarosi” o’laroq, kvartirali bo’lganimizni ham minnatdorchilik bilan eslab qo’yishim shart. Bu, albatta, yelkamizda endi bir umr uzib bo’lmaydigan qarz ekanligini aytmasam ham tushundingiz chog’i. Chunki, mehrli adib Nazir Safarov ham, bizga mazali taomlar pishirib og’zimizga tutgan ajoyib ayoli Mukambar aya ham bu dunyodan o’tib ketishdi. Ollo ularning u dunyosini obod qilsin!
Lekin, Akamning qalami ham rostlikning ko’chalarida doim rost yo’rg’alagan…

“KALXOZCHINING BALASI…”

Akam o’shanda, o’zini adabiy jamoatchilikka anchagina tanitib qo’ygan dastlabki “Sog’inch” nomli she’riy to’plami va “Yashil barg”, “Baliq ovi” nomli ilk hikoyalaridan topgan shuhratini meni o’qishga joylash uchun peshkash qilgan edi:
– Bir “kalxozchining balasi” (Nazir Safarov iborasi. Gap kamina haqida ketyapti) jurnalistlikka o’qimoqchi. Ammo olti yildan buyon goh imtihondan, goh mandatdan yiqiladi. Bola paqir hujjat topshirib charchadi, yordam berarmikin, deb yukinib bormagan domlasi qolmadi chog’i.

Bir kolxozchining o’sha bolasi oltinchi yili ham imtihondan ontarilib tushdi. Akam noiloj, o’z davrining taniqli yozuvchisi, mavqe-martabasi bilan uncha-buncha amaldorni elamaydigan, jangchi adib (Ikkinchi jahon urushi qatnashchisi ma’nosida) Nazir Safarovdan yordam so’rab, xonadoniga bosh urib borishga qaror qildi. O’sha kishining “zo’ri” bilan o’sha yili “bir kalxozchining balasi”ga ham universitetning eshiklari lang ochilib ketganini alohida aytib o’tmasam ko’nglim o’rniga tushmaydi.

***

Eslasangiz, akamning “Eh, Dilbar, Dilbar…” degan hikoyasi bor. Ha, o’sha, yozgi ta’til payti universitet qabul komissiyasida nazoratchi sifatida olib qolingan, “bilagiga qizil bog’ich bog’lab, eshik og’zida serrayib, imtihonga aloqasi yo’qlar…ning qarindosh-urug’, yor-birodarlari, haybarakallachilarni ichkariga kiritmay, …u yoqdan-bu yoqqa yurib turuvchi, eshikni tambalab… oynadan “bir minutga” deya imlaganlarga ko’rsatgich barmog’ini labiga tik qo’yib “tinch bo’ling” degan ishora bilan javob qaytarib, aslida, noiloj xushfe’llik bilan muloyim murojaat qilayotganlarning ko’ziga baloday ko’rinayotganini sezib turgan” Kamol ismli diplomant talaba yigit va o’qishga kirish uchun uchinchi yil imtihon topshirgan farg’onalik Dilbar o’rtasidagi ajoyib tuyg’ular, dil izhorlari aks etgan asar.

Hikoyani o’qigan bo’lsangiz, birinchi imtihonni topshirib zinadan asta tushib kelayotgan Dilbarni ko’rib qolgan Kamolning “yuragi avvaliga birdan pastlagan samolyotdagi odamnikiday “shuvv” etadi. Keyin guppillab ura boshlaydi. Bu – o’sha, u xayolan chehrasini, qaddi-bastini tasavvur qilib, qo’msab, izlab yurgan, baxmalday qop-qora qosh-ko’zli, kipriklari ko’ksiga soya solgan, ikkita qilib o’rilgan qalin sochli, yanoqlari bo’yoqsiz ham tiniq qiz”. Ma’lum bo’lishicha, u ikki yil kunduzgiga harakat qilibdi… Har gal konkursdan o’tmay qaytib ketar ekan. Otasi vafot qilgani bois bu yil sirtqiga topshiribdi”.

Kamol “shunday ma’suma qizning mehri va hurmatiga sazavor bo’laman deb sira o’ylamagan edi.” Hozir qizning ham o’ziga mayli borligini, ko’p yillardan beri ana shunday sohibjamolga orziqib yurgan oshufta… yuragi baralla sezib turardi.

“Nihoyat mandat… familiyalar o’qildi… Ammo Dilbarning ismi –sharifi chiqmadi…

Dilbar majolsiz holga tushgan. Kamol noqulay ahvolda tilga kiradi:
“ – Shoshmang, men hozir surishtirib chiqaman. …bo’lishi mumkin emas. Axir o’n uch ball bilan-a?
– Menga ham shunisi alam qilyapti. O’n, o’n bir ball olganlar ham o’tishdi…”

Qizning bilim darajasiga shubha qilmagan Kamol, nohaqlik sodir bo’ldi, deb hisoblaydi va “yotib qolguncha otib qol, qabilida ish tutib” Dilbarni “dekanning oldiga boshlab kiradi”.

Voqea davomi bosh qahramon tilidan quyidagicha rivojlanadi: “Dekan avvaliga indamay, gapimni bo’lmay quloq soldi, gavdasini kreslo suyanchig’iga tashlab, gunohkor bandaday ostonada boshini quyi egib turgan Dilbarga boshdan-oyoq, bamaylixotir razm solib chiqdi, so’ng…nihoyatda sovuqqon va beparvolik bilan dedi:

– Bu qiz kimingiz bo’ladi?
– …shunchaki tanishim,…

– Shunchaki tanish deng? Muddaoyingiz?
– …Shu qizning joylashib qolishiga yordam bersangiz devdim… agar iloji bo’lsa… Uch yildan beri kelar ekan…
– Uch yildan beri deng, he, besh yil, olti yildan beri keladiganlar bor,(ta’kid bizniki – A.B.) ukam. Chidaganga chiqargan.

– U imtihonlardan yaxshi o’tdi. Menimcha bu yerda qandaydir anglashilmovchilik bo’lgan.
– Anglashilmovchilik? Qanaqa anglashilmovchilik? – Dekan o’rnidan qo’zg’alib, kresloni oldiga surdi… tirsaklarini stol raxiga qo’yib, menga astoydil va jiddiy tikildi, baroq qoshlari chimirilib, lablari pirpiradi, burun kataklari kengayib ketganday bo’ldi.

Men bir lahza sarosimalanib qoldim. Biroq modomiki, ko’krak kerib keldimmi, endi chekinmasligim kerak. Tavakkal qildim.
– Axir, domla, o’n bir, hatto o’n ball bilan ham o’tishdiyu…
– O’n ball bilan? Kim o’tibdi? – dekanning qoshlari chimirildi.

Men ishni xom qilganimni tushundim. Bu yog’ini yaxshiroq surishtirib olmagan ekanman. Kalovlanib Dilbarga qaradim.
– Xo’sh, gapiring yigitcha? – Dekan tantana qilayotganday istehzoli kulimsiradi. Jonimga Dilbar oro kirdi:
– Men bilan topshirgan bir-ikkita qizlar…

– Hm… – dekan bir oz sukut saqlab turib qoldi. Men ko’kragimga shabada tekkanday sal dadillandim. “Endi ilindiyov…” deb o’yladim. Dekan yana Dilbarga yuzlandi:
– Qaerdan kelishgan ekan?
– Sirdaryodan, Xorazmdan…

– O’zingiz qaerliksiz?
– Farg’onalikman.

– Hm, mana gap qayoqda! – Dekan kalavaning uchi topildi, deganday qo’lidagi qalamning orqasini stolga sekin urib qo’ydi-da, kresloga cho’kdi. – Bu – sir emas, aytishim mumkin. Siz, diplomant ukam, shu choqqacha bexabar bo’lsangiz, bilib qo’ying. … bizda ham plan bor. Har bir oblastdan belgilangan miqdorda student qabul qilinadi. O’zimiz bilgancha … olishga haqqimiz yo’q. Bu qizingiz o’tolmaptimi, demak, Farg’onaning normasi bajarilgan ekan. Endi tushunarlidir?

Yana chidab turolmadim. Beshinchi kursdaman-ku, nima qila olardi, degan mulohaza bilan fikrimni aytishga jazm qildim.
– Kechirasizu domla, axir bir odam imtihonlarni yaxshi topshirsa, uquvi, qobiliyati bo’lsa-yu, plandan ortiqcha deb qolib ketsa, kimdir planni to’ldirish uchun ilashib o’tsa…

Ammo men yana xatoga yo’l qo’ygandim. So’zimni tugatmasdanoq dekan sapchib turib ketdi.
– Hoy bola, … O’sha ilashib o’tganlardan biri o’zing-ku! Endi tiling biyron bo’lib qoldimi?! Agar biz seni o’qishga olib xato qilgan bo’lsak, hali ham tuzatishimiz mumkin. O’qishni ham qoyil qilib qo’yganing yo’q. Allaqanday qizlar, xotinlarning orqasidan elchib yurguncha diplom yozishni o’ylash kerak! Hali oldingda gosekzamen turibdi!
Miyam lo’qqillab, qaltiray boshladim…”

Oradan ko’p o’tmay Kamol qishlog’iga qaytib ketgan Dilbardan “qisqagina, hissizgina” yozilgan xat oladi. Unda “Dilbar bir necha kun avval… unashtirilganini aytib, bo’lajak turmush o’rtog’i ham o’ziga o’xshab o’qimagan, oddiy yigit ekanligi alohida ta’kidlangan (shu joyda ruchkani bosib yozganligi sezilib turardi) va endi ortiqcha bezovta qilmasligi… so’ralgan, aks holda oralariga rahna solib qo’yishi… mumkin”ligini eslatib qo’ygan edi.

***

Qissadan hissa, xuddi shunday hangomalar bizning boshimizdan ham o’tganligini bildirib qo’yishdangina iborat emas, bordiyu, taqdir kaminani Kamchibek Kenjaga yo’liqtirmaganida teshikmozorlik To’ychiboyning xonadoni etigining qo’njidagi katak daftarga she’r-perlar qoralab, yuradigan yana bir so’zamolgina kalxozchi shoir yigitga boyishi tayinligini e’tirof etish edi. Shunday emasmi?

O’TTIZ YIL-A!..

Har qanday iltimos, uni o’zing uchun istifoda etasanmi, yoki o’zgaga, bajo qilgan odam oldida seni ma’lum ma’noda qarzdor qilib qo’yadi. Endi sen o’sha marhamatli odam qoshida alohida burchlisan. Bu burch ado etilishi talab etilmagan taqdirda ham, yuragingning bir chetida, yaxshilikka yaxshilik bilan javob qaytarish imkonini istab, bot-bot Yaratganga iltijo qilaverasan.

***

O’z davrining dovyurak publitsist adibi Nazir Safarov endigina adabiyot maydoniga kirib kelayotgan Akamga, kundaliklarida bitilganiday, “dadil”, “behijolat” muomila qilishi boisining bir chekkasi o’sha, menga qilingan yaxshilikka borib taqalishi mumkinmi? Abatta! Buni ilg’ashim uchun esa kaminaga salkam o’ttiz yil (Akamning kundaliklari bosilib chiqquncha) vaqt zarur bo’libdi.
Salkam o’ttiz yil-a!.. Eh, g’ofil banda-ya!
Shu o’rinda bir narsani ham eslab o’tay, Akam Nazir otaning o’ziga nisbatan bunday muomila qilishi boisini menga qilingan o’sha yaxshilik bilan bog’liq deb kundalikning biron jumlasida hatto sha’ma ham qilmagan.

***

Bu orada ko’p suvlar oqib ketdi.
Yoshlik – g’o’rlik ekan, u ham o’tdi. Bu yog’ini so’rasangiz, biz g’o’r yoshlar tomonimizdan aytsak til aylanavermaydigan ancha-muncha oqibatsizliklaru, nojo’ya xatti-xarakatlar ham o’tdi. Xom sut emgan banda ekanmiz, adashdik… Akamdan bir oz uzoqlashgan yillarimiz ham bo’ldi…
Ha, o’tdi bizdan, qancha gunohlar, bir gaplaru bir xatolar… Ushbu she’r
esa ana shu hatolar tazarrusiga yo’l izlab iztirob chekkan kunlarimizdan
esdalik.

TERMUL USTOZ KO’ZINA
Qamchibek akamga

Gar kamol istayursen termul ustoz ko’zina,
Tavob qil, sur ko’zing solik libosi bo’zina.

Tosh bo’la tegdi necha boshina avboshlig’ing,
Emdi boshni some’ tut, kam, oyog’i tizina.

Lablaring tuydi magar totli tuz, oshlug’larin,
Emdi Uldin roziliq, gar o’zi rozi tuzina.

Ko’zina termultmay ohingdin aylandi mudom,
Aylanurda sen mudom boqding zamona tusina.

Bas, umri vofir tila, vosil et de vaslinga,
Har qalam tutganda qil iltijolar O’zina!

SUVLAR YUVDI, YUZIMIZNING…

Shu o’rinda qaysidir yili olis bir viloyatga qilgan safarimiz chog’idagi bir izdihom yodimga tushdi. Ahli davra ziyoli edi. Shu yerda yuqoridagi she’rni o’qidim. Misralar ma’qul tushdi shekilli, alqashdi. Bundan ruhlanib she’rning yaralishiga omil bo’lgan tafsilotlarni ham hikoya qilib berdim ularga. Barchasini ochiq, tan olib dilimni yordim. Albatta, davra meni tushundi. Shunda yoshi ulug’roq bir kishi:

– Ustozingiz sizni kechiradi. Vaqtni o’tkazmay, oldiga boring, – deb qoldi. Bu gapga boshqalar ham qo’shildi. O’sha suhbatdan keyin yuragimda yolvirab turgan iztiroblar tafti bir oz pasayganday bo’ldi. She’riyat muxlislarining maslahati akamning dilida xira tortib qolgan manzillarini yoritishga harakat qilishim uchun turtki bo’ldi. O’sha kundan Akam haqida yanada ko’proq o’ylaydigan bo’ldim… Va, ko’p o’tmay… Andijonga otlandim…

***

Akam kechirdi, chog’i…

Eh, Akam, daryo ekan – suvlarga otdi, ichidagi aytgan-aytmagan ginalari-yu, bizning… barcha xatolarimizni. Suvlar esa yuvib ketdi, yuzimizning qarolarin ham…

… NE DESA, DESIN

O’tgan asrning yetmish birinchi yili. Izboskan tumanidagi ko’rimsizgina, yashirib nima qildim, fuqarosi “ilm-pilm”ga hushsizgina Teshikmozor qishlog’ida yashovchi ayalmand, To’ychivoy ismli yigitning Nabi naynov degan to’ng’ichi o’n yillik maktabdan “ottestatli mulla bola” bo’lib chiqdi. U endi teshikmozorlik hamqishloqlari tili bilan aytganda, “katta o’qishda o’qiydurman” deb, Toshkentni ko’zlab qoldi.

To’ychiboyning boshi qotgan: o’g’lini o’qitsami-yo’qmi?! O’qitsa, nimasiga o’qitadi? Bu yoqda bir etak bola – ayalvand bo’lsa. Oilaning beshumor tashvishlari. Har qalay, bosh bolam – suyanchig’im
– qishloqda olib qolib issiq-sovuq kunimga yaratay desa, o’zining shudgorlarda qolib ketgani – bir armon. O’g’liga oq yo’l tilamagani kuyuk armon bo’lib qolmasmikin? Tavakkal! Bu dunyoning oldi tor, keti keng, deydilar. Shu naynovi qishloqning bironta bolasi yurak yutib azm etmagan Tashkanni niyat qilibdi, qo’lini duoga ochgani bo’lsin. Ha, shunday qiladi. Odamlar “sichqon sig’mas iniga, g’alvir boylar dumi”ga, deb kulishlari aniq. Begonalarku, kuladi-qo’yadi. O’zining et bilan tirnoqlari: “Kuning zo’rg’a o’tyapdi-yu? Ming hasratda o’g’il o’stirib, so’loqmonday bo’lganda o’zga yurtga o’mgan qilganing nimasi?! Taqimingga bosib, koringga yaratmaysanmi, bachchag’arni!”, deya malomat qilib, jigarini ezuvchilar chiqadi hali.

Mayli, unaqalar nima desa, desin. Errayimlarning og’zi-etagi ochiq tom. Ming yopma, qiytig’i chiqib turaveradi. Uch uy nari qo’shnisi Abdujabbor polvon yurt kezgan yigit. Kurash chiqqan joy borki, kanda qilmaydi. Yo’l azobini o’ylab o’tirmaydi. Bormagan joyi, kechmagan soyi yo’q. O’shanga o’tinadi. Axiyga Arslonbob bir tosh, deydilar. Toshkent bo’lsa, Toshkent-da. Qochib ketibdimi? Osmalo’t (samalyot. Katta buvimizning iborasi) ga o’tirsa, bir soatlik yo’l ekan. Bu ham, bir armonli ketmonchi uchun xumorbosti-da. Tirikchilik bir gap bo’lar. O’tgan yilgi sholini oqlab, sotadi. Borish-kelishiga, qolgani bolasining musofirchilikda yeb-ichishi, yotib turishiga yetar. Kambag’alning ishini xudo o’nglaydi, degan gap bor. Ol, qulim, deb o’qishga kirib ketsa, istipendiyasi ham bor deyishadi. U yog’i yana, Xudo yo Razzoq!..

KAMBAG’ALNING LAFZI

To’ychiboy qo’li yupqa bo’lgani bilan bir so’zli yigit edi. Lafz qildimi, ahdidan qaytmaydi.

…71-ning yozida u Abdujabbor polvon (Oxirati obod bo’lsin) bilan birga, «osmalo’t”da to’ng’ichini Toshkentga tashlab qaytdi. Orqavarot gap-so’zlar ham, albatta, o’zi o’ylaganiday bo’ldi. Qozoni zo’rg’a qaynab turgan To’ychiboyning bu ishini kim yoqlab gapirdi, kim yolpizlab…

***

Naynovning ishini Xudo hadeganda o’nglayvermadi.

Oradan olti yil o’tdi. To’ychiboyning bolasini “katta o’qish” yoniga ham yo’latmasdi. Bola paqir bu orada abiturientlar ishqivoz bo’lavermaydigan, davomati ham to’lar-to’lmas matbaa texnikumini a’loga bitirib, armiya xizmatini ham o’tab qo’ydi…

***

Sezib turibman, Naynov muvaffaqiyatsizligi sababini aytaqolsa-chi, deb turibsiz.

Avvalo, aksar o’zimizga o’xshagan qishloq bolalari zehniyatida bo’rtibroq ko’rinadigan, o’sha, “ilm-pilm”ini yetarli darajada vofir qilmay turib, andijonliklar tili bilan aytganda, biron-bir oliy o’quv yurtini mo’ljalla-ab, shartta“tashlash”imiz. Yana, aytsam, o’zingizdan qolar gap yo’q – ming o’qib tirishmang (o’shanda kaminadan imtixon olgan ayrim domlalar kechirsinu), ozgina tanish-bilishlik, siz-bizlikning yetishmaganligi ham tuzukkina rol o’ynagani rost…

***

Bu iddaoni ikkilanmay yozayotganim uchun hayron bo’lmaysiz. Chunki o’zim, oxir-oqibat, o’sha tanish-bilishlik “sharofati” bilan talaba bo’lganimni tan olib turibman, axir. Xudo bilganini bandasidan berkitaymi? Yashirsam, yuqorida ta’kidlaganim, meni otamdan ham qattiqroq tergaydigan, akadan ham a’loroq ardoqlab bino qo’yadiganim bir ajoyib insonning yaxshiliklarini yashirgan, e’tirof etmagan bo’laman-ku?! Yaxshilikni bilmaslar xilidan bo’lib qolishning esa… O’zi asrasin!

OYDIN QALBLI MEHRIBON AKAM

Akam bilan ilk bor qaerda, qay yo’sin tanishgandim: tafsilotlarini aniq eslay olmayman. Buni bir necha yil ilgari “Hurriyat” gazetasida chiqqan ixchamgina maqolachamda ham aytgan edim. O’sha maqolani yana bir bor eslashga zarurat tug’ildi. Takrordan ibodat aynimas, deydilar. Uni keltiraqolay to’laligicha:

“Qamchibek Kenjaboev…
Bu nom mening hofizamga qachon kirib kelgan, aniq eslayolmayman.

Ehtimol, tumanimizda chop etiladigan “Paxtakor” gazetasi, ehtimol, yoshlik davrimizning eng dilovar haftalik adabiy nashri “O’zbekiston madaniyati” orqalidir.
Harqalay, Qamchibek Kenja degan imzo tasavvurimda maktabda o’qib yurgan kezlarimdanoq menga tanish va aziz taxalluslardan biri edi.

Xonadoni tokchalarida o’n besh, yigirmata kitob dadil taxlanib turmaydigan sodda va beg’ubor qishloqdoshlarimning kemtik va uniqqan shuurini xalq xo’jaligining turli sohalarida dovrug’i dovon oshgan hamyurtlarimiz Chirmash Azimov, Aslonbek Axtanov, E’zozxon Isroilova, Hidoyatxon Xolmatova, Samsaqboy Asranov, Shermat Yusupov, Ali polvon Karimov, O’sar polvon Botirov, Abdusamat Tillaboev, Mamadali Suyarov, Xoljo’ra G’oziev, Usmonjon Mansurov, Muhammadjon O’rolov, No»monjon Rahimov singari yorug’ chehralarning shuhrati, ezgu ishlari haqidagi hikoyalar baholiqudrat nurlantirib turar edi.

Ularni e’zozlab aytilgan har bir gapni nafaqat mening qishlog’im, balki butun izboskanliklar o’z ota-onalari e’zozlanganday mehr va g’urur bilan bir-birlariga qayta-qayta takrorlab yurishgan damlarni hanuz entikib eslayman.

Izboskanda tug’ilib viloyat yoki poytaxt miqyosida tanilgan Mutallibjon Usmonov, Sayfiddin Jalilov (men bu fidoyi tarixchi allomani Izboskanda tug’ilgan deb o’ylarkanman o’shanda), Sayfiddin Tursunov, Qozoqboy Mahmudov, Ummat To’ychiev singari olimlar nomini tumanimiz yoshlari butun joni-jahonini yoritib turgan billur qandilday o’z qalblari shiftiga osib olgan edilar.

Biroq badiiy ijod haqida gap ketsa, izboskanliklar mum tishlab qolardilar. Roman tugul, tuzukroq she’r yoki hikoya yozib, Qoradaryoni shitob hatlab viloyatni zabt etgan ijodkorning nomi tilga kelavermasdi.

Qamchibek Kenja…
Bu nom izboskanliklar yuragida tikonli simday og’riq berib turgan o’sha armon chegarasini birinchi bo’lib uzib o’tgan ijodkor sifatida tumanimiz adabiy tarixiga kirdi.

O’tgan asrning oltmishinchi yillari. O’sha davr o’zbek poeziyasini o’zgacha bir o’zanlarga burib yuborgan Erkin Vohidov, Abdulla Oripov fenomeni sodir bo’ldi. Ulardan sal keyin Shukur Xolmirzaev, Rauf Parfi, Oydin Hojieva, Omon Matjon, Halima Xudoyberdieva singari barkamol ijodkorlar ortidan ilhom arg’umog’ini o’ynatib yana bir guruh talantlar to’lqini shiddat bilan adabiyot maydoniga kirib keldi. Ana shu to’lqinda Andijonning chekka bir qishlog’i Gurkirovda tug’ilgan, ko’zlari porlab turuvchi, miqti qoramag’izdan kelgan polvonjussa Qamchibek ismli yigit ham bor edi. U yurish-turishda ota kasbi – dehqonday sodda, fikrlari qishlog’iga tutashib ketgan o’rmonzor tabiatiday sirli-tortimli, qalami – qoralamalari esa qishlog’ining ikki tomonidan ayqirib oqib o’tuvchi asov Tentaksoy va sokin Qoradaryo kabi ichki to’lg’ama tug’yonlarga boyligi bilan poytaxt adabiy jamoatchiligining e’tiborini o’ziga torta boshladi. Turli yig’in va mushoiralarda she’rlar o’qib nazm ixlosmandlari mehrini qozonayotgan bu yosh shoirning kutilmaganda “Yashil barg”, “Baliq ovi” nomli hikoyalari bosildi-yu, taniqli adiblar, adabiyotshunoslar o’zbek prozasida yana bir iqtidorli yozuvchi paydo bo’lgani haqida suyunib-suyunib yozishardi. “Sohilda”, “Bir kecha – ming kecha” va boshqa bir qator hikoyalari adabiy jamoatchilik o’rtasida qizg’in bahsu munozaralarga sabab bo’lgani hamon yodimizda.

Biz hozir Qamchibek Kenja ijodini tahlil qilmoqchi emasmiz. Zero, u kishi qalamiga mansub asarlar mamlakatimiz adabiy-badiiy salohiyatini namoyon qilib turgan atoqli adib va
munaqqidlar tomonidan munosib baholangan, o’rganilgan, o’rganilmoqda.

Qamchibek aka kaminani bu o’rinda ijodining muxlis-muhiblari qatori kamtargina ichki iftixori va minnatdorchiligini izhor etish uchun imkoniyat izlab turgan bir shogird sifatida qabul qilishlarini istardim.

Odam biror insonning qaysidir fazilatiga havas qilgan bo’lsa ham qarzdor maqomidadir, deydilar. Qamchibek akamga men nafaqat havas qildim, balki bir umr suyanib, o’ta kamtar, nihoyatda beg’ubor, andishali, oydin qalbli mehribon akam – ustozim (munosib ko’rsa) borligidan quvonib yashadim.

Andijonning aytarli hech kim tanimaydigan ko’rimsizgina bir qishlog’idan chiqib, poytaxtda nimagaki erishgan bo’lsam, barchasi uchun Qamchibek aka oldida benihoya burchliman, qarzdorman…U kishi Toshkentga kelsa, do’st-yor birodarlari qatorida kaminani ham izlaydilar, yo’qlatadilar. Ish yoki ko’ngil taqozosi bilan har xil davralar, qutlug’ xonadonlarda ham bo’lamiz. Olimlar, ijodkorlar, turli toifadagi insonlar bilan uchrashiladi. Shunda men doim odam havas qiladigan bir holatdan ta’sirlanaman. Qamchibek aka qaerga bormasin, orziqib kutilgan inson sifatida qarshi olinadi.

Men bu izzat-ikromni u kishining oliyjanob shaxsiga, talantli ijodiga, tug’ib o’stirgan Andijon ahliga ko’rsatilgan ehtirom sifatida qadrlayman. Bundan shubhasiz quvonaman, faxrlanaman, iftixor tuyaman.

Adibning “Sog’inch”nomli ilk risolasi quyidagi she’r bilan yakunlangan edi.

Chiqqan edim yo’lga izlab
Tushda ko’rgan malagim.
Shundan beri kuylab, bo’zlab
Talpinadi yuragim.

Bilolmayman asli kim u –
Farishtami yoki hur.
Yo’limga u sochar yog’du,
O’n to’rt kunlik oy erur.

Yaqinmikan manzil, olis –
Qayda uning go’shasi?
Ayting do’stlar, ayting xolis,
Men netarman o’shasiz?

Baxtim chopib yetsam agar
Og’ushiga olarmi?
Toshbag’irmi yo sitamgar,
Yoki… haydab solarmi?

Chalinmoqda ko’zlarimga
Olislarda bir pari.
Orom bermas hislarimga
Ul ko’ngil sehrgari.

Shoir tasavvuridagi “Orom bermas ko’ngil sehrgari” sohir siymo tajallisi – ya’ni bugun xalqimiz sevib o’qiyotgan ajoyib she’rlar, go’zal hikoyalar, betakror safarnomalar bo’lsa ne ajab. “Baxtim chopib yetsam agar, og’ushiga olarmi? Toshbag’irmi yo sitamgar, yoki quvib solarmi” – deya andishalanib, ijod gulshaniga kirib kelgan o’sha navqiron Qamchibek Kenja oltmish yoshni qoralayapti. Sadoqat bilan izlagan “sitamgar” “farishta”si, hayriyat uni noumid qilmadi. Bir umr tunlarni tonglarga ulab chekkan ohlari, tortgan azoblari – vafosi evaziga vafo bilan javob qildi. Bu vafo harorati Qamchibek akaning ijodi – asarlarida butun bo’yi-basti, salobati bilan namoyon bo’lib turibdi. Mana shu vafo juftligiga biz ham baqo maqomini tilaymiz.

2006 y.”

“YO, PIRIM, DE!..”

Shunday qilib, gazetachilikning “katta o’qishi”ga, Andijoncha qilib aytganda, har yili kallacha “tashlay-tashlay” murodi hosil bo’lmagan Nabi naynov Toshkentda sandiroqlab yurib, umrining salkam yetti yilini isrof qildi. Yigirma uch yoshni urib qo’ydi. Qishloqqa qaytib, ota ketmonini qo’lidan olay desa, oriyat o’limdan qattiq. Otasi ham, o’g’lim har qalay, texnikumni bitirib “gazita bosadigan moshina”da ishlaydigan bo’ldi-yu. Boshqalarning bolalari shunga ham yaramayapti, deya taskin topar. Ammo “naynov”ning unda-bunda jurnalist bo’laman, deb katta ketvorgan yerlari bor. U gaplari qaerda qoladi? “Kattiq-qattiq qurillab ketgan laylakning lak-luki osilib qaytishini ko’r” dan bo’lmaydimi? Ammo, izzati ham bitdi. Endi ota-onasi yoniga kirib, ro’zg’or aravasini tortishmasa bo’lmas. Uyidagilari ham qiynalib ketishdi. Qaysi bir solih farzand ota-onasini shu kuylarga tashlab, qorni-yu, qadridan boshqa narsani o’ylamay, umrini o’zga yurtlarda salti-suvoy o’tkazadi?! Bu ishi hech bir qolipga tushmaydi!

***

Nabi naynov, yuqoriroqda eslatib o’tganimizday, bir kun tong saharda,bir jomadon kitob, bir bo’g’cha lash-lush bilan, so’mpayib, yana Teshikmozorga qaytdi. Ota ham malomat qilgani yo’q. Kambag’alchilikka yo’ydi. Qo’r-qutim bo’lganida, bolamning umrini uvol qilib, o’zga yurtlarda tentiratib qo’ymasdim-a, deya ichidan iridi. Mana, bolaginasi:

– Ota, endi siz nima desangiz, shu mening universitetlarim bo’ladi”, – deb bosh egib kelib, qoshida o’tiribdi. Yo’q, dehqonchilik ota kasb: nolimaydi… Biroq bu shudgorlarda o’zining qolib ketgani yetar. Katta arava qayoqqa yursa qolganlari ortidan ergashadi. Ke, Xudodan astoydil tilayin. Mening zurriyotlarim ham ilmli, budli-shudli, yurtning nazaridagi odamlar bo’lib yetishsin. Shuginamga yana bir omad tilab, duo bilan ortiga qaytaray. Urug’-ujudimni kesaklar orasida yaratmagandir, axir! Ro’zg’ormi? Shu bolam yonimga kirsa, suyuq yovg’onim quyuqlasharmidi? O’lmagan qul yig’lab-siqtab bir kunini ko’radi deydilar, deya o’y qildi To’ychiboy. Kechki ovqatdan keyin to’ng’ichiga asta gap soldi:

— O’qishga yana bir borib ko’rasanmikin?..
— Olti yil urindimu, ota!

— Bismillo, deb yana urinib ko’r? Yettinchi yili yetti piru Bahovuddin balogardon qo’llab… Zora, Xudoning rahmi kelsa…– deya xojasining gapiga qo’shildi onaizori ham yalinchoq bir ohangda. Naynovning o’ziga qolsa-ku, qanot qoqib uchgisi bor-a. Ammo, omadi ham yo’q ekan-da. Toshkentga borib olish oson. Ko’zi to’rt bo’lib kutayotgan odami bormidiki!.. Kutsa ham, nuqul muammolar kutadi.

Qabul komissiyasidagi ilmning soxta dorlariga yolg’ondakam osilib, domullolik unvonini xatm qilmay turib domullosifat yurishning hadisini olgan ayrim olimsifat to’rsayma qiyofalar… Shularni o’ylab uning yuragi be zillar, ahdi ortga tislanardi:
– Sizlarga jabr bo’pketdi-yu, ota! – dedi u arang.

Otaning zardasi qaynadi:
– He, bizi qo’yovur! Shetta ketman chopsang ham o’sha, yarimta nonim yarimta, butun bo’pqomaydi?! Xullas, gap shu: oshinib qo’lingga dasta-dasta pul tutqizolmasman. Oma, qarabam turmaymiz. Bandasining rizqi Egasining bitigida. Terib yeyman, degan odam, intiladi. O’qiyman, o’qishga kirolaman, desang, bu yog’ini ko’pam o’ylama. YO, pirim, de!..

Nabi naynov, ota-onaning fotixasi bilan yana poytaxtga qaytdi.

***

Qamchibek akam bilan qachon eshlashib ketganimizni hozir aniq eslayolmayman. Shunday bo’lsa-da, u kishi bilan yaqinlashuvimizni tasodif ham deb
bilmayman. Chunki, asli bir viloyatda, bir tumanda, bir-biridan uncha uzoq bo’lmagan masofadagi qishloqlarda tug’ilib, yetti-sakkiz yil farqi bilan tahsil olgani poytaxtga keldik. Poytaxt esa ikki qishloq bolasining
birini ustoz, birini shogird sifatida uchrashtirgani fakt. Bor gap shu…

Yo’q, shoshmang, bor gap shu, desam uncha to’g’ri bo’lmas ekan. Bizni yaqinlashtirgan, aka-ukaday qilib qo’ygan o’sha dastlabki voqealarni sal-pal eslagandayman…

DAVOMI BOR

09

(Tashriflar: umumiy 719, bugungi 1)

Izoh qoldiring