Anvar Obidjon: Bolalar dunyosi o’sha-o’sha, faqat biz o’zgaryapmiz.

02
Замонга қараб инсон феъл-атвори ўзгариб борганидек, боланинг ўйин-кулгисию, характери ҳам туғилган даври, маконига мослашиб боради. Масалан, бизнинг болалигимизда телевизор бўлмаган. Ҳозирги болалардек телевизор олдида чўзилиб ётиб, кино томоша қилмаганмиз. Шунинг учун ҳам уларга тез-тез «Сенинг ёшинг­да биз китоб ўқирдик, меҳнат қилардик», дея таъкидлайверамиз. Аслида, телевизор, интернет, компьютер болани китобдан узоқлаштиргани бор гап, аммо боладаги иштиёқ, қизиқиш, истаган нарсасини қилишга интилиш ҳали ҳам ўша-ўша.

07
БОЛАЛАР ДУНЁСИ ЎША-ЎША,ФАҚАТ БИЗ ЎЗГАРЯПМИЗ
Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон билан суҳбат
Суҳбатдош — Гўзалой Матёқубова
06

Мушук биби миёв, деди,
Менга қаранг, куёв, деди,
Бозорга тез бориб келинг,
Ширин сичқон олиб келинг.

Эсингизга тушгандир. Бу шеър болалигингизнинг ажиб дамларини кўз олдингизда гавдалантирган бўлса, ажаб эмас. Балки хотирангизга умрбод муҳрланган ана шу мисраларни бугун фарзандингизга ўргатаётгандирсиз?

Ҳа, болаликнинг ҳайрати бўлакча. Зотан, болани ҳайратлантириш, уни мафтун этиш осон эмас. Бунинг учун бола дунёсига кириш, боладек ҳайратни, иштиёқ ва интилишни туйиш, теварак-атрофга бола нигоҳи билан қарай олиш зарур.

021   Бу ишда Анвар Обиджондан ўтадигани бўлмаса керак. Шоирнинг бола табиати, содда феъли, беозор табассуми унинг болалар дунёси вакили эканини таъкидлайди гўё. Юзидаги самимийлик ҳам болаларга хос беғубор табассумдан нишона бериб тургандек.
Ўзбекистон халқ шоири Анвар ОБИДЖОН билан суҳбатимиз давомида болалар дунёсига сайр қилгандек бўлдик.

— Анвар ака, сизнинг шеърларингизни қизиқиш билан ўқимаган, ёд олмаган бола кам. Айтинг-чи, болалар оламига кира олишнинг сири нимада?

— Болалар дунёси шундайки, уларнинг кўнглига илк бор ёқиб қолган китоб ёки муаллифни биринчи бўлиб тилга олишади. Бу фақат улар шу билан чегараланади, дегани эмас, албатта. Гоҳида эса фақатгина китоб номини айтишади-ю, муаллифини эслай олишмайди.

Ҳатто, ўзим ҳам болалигимда ёд олган шеърларимни ҳалигача унутмаганман. Бир қарашда содда ва жўн туюлган ўша шеърларда нимадир бордек. Шундан келиб чиқиб доим бир нарсани ўйлайман: демак, боланинг тафаккурига мағзи тўқ адабиётни олиб кириш, шу орқали уни ҳайратлантира олиш — норасида гўдак қалбига маънавият уруғини бир умрга экиб қўйиш билан баробар экан.

Адабиёт худди дарёдек, гоҳ тўлиб оқса, гоҳ сатҳи пасайиб, сокинлашади. Лекин ҳеч қачон қуриб қолмайди. Биз ҳам энди адабиётга кириб келаётганимизда ўзимиздан олдинги авлодни биринчи бўлиб тилга олишарди. Менинг фикримча, ҳозирги авлодда ҳам яхши болалар шоирлари, ёзувчилари бор. Улар ҳам келажакда болаларнинг тилидан тушмаслигига ишонаман.

— Адабиётшунос олим Абдуғафур Расулов «Ҳозирги болалар адибларида бола руҳини тўлиқ кўрсатиб бера оладиган санъаткор чиқмаяпти. Миразиз Аъзам, Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджондай устозлар янги замон руҳини, XXI аср боласи характерини ёритиб беришга астойдил бел боғласалар, ёмон бўлмасди», деб ёзади «Ўзлик сари йўл» китобида. Бу фикрлар ҳақида сиз нима дейсиз?

— Ёзувчи, айниқса, болалар ёзувчиси бирор нарса ҳақида ёзиши учун ўзи болалигида ўша нарсани кўрган бўлиши керак. Масалан, компьютерда ишлаётган ёки интернетдан фойдаланаётган бола ҳақида нимадир ёзсам, бу болалар учун фойдали. Бироқ мен ўзим компьютерни яхши билмаслигим сабабли кимдандир у ҳақида сўраб кейин ёзишим керак. Бу асар эса ўзим мукаммал билмаган нарса ҳақида бўлгани учун сохта чиқади. У болада ҳеч қандай ҳайрат, таассурот уйғотмайди. Нари борса, ўқиса, эсда қолмайдиган ўткинчи бир қоралама бўлиб қолади. Шунинг учун мен доим ўзим билган, бошимдан ўтган, ҳис қилган ҳаётни ёзаман.

Ҳар йили Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан Дўрмон ижод уйида болалар адабиёти кунлари бўлиб ўтади. У ерга кўплаб болалар ёзувчилари келади. Айниқса, ёш авлод ижодини кузатганимда янги замон руҳини сезаман. Масалан, яқинда Қобилжон Шерматов деган ёш ижодкор «пайнет»­га бориб, минг сўм ташлаб қўй, телефонимдан фойдаланишни истасанг, деган мазмунда ҳазил шеър ёзибди.

— Демак, адабиёт ривожига техника тараққиётининг ҳам таъсири бўлар экан-да?

— Тўлиқ бундай деб бўлмайди. Агар адабиёт фақат замонавий техникалар билан боғлиқ бўлиб қолганида Марк Твен асарлари аллақачон ўз қийматини йўқотган бўлар эди. Айтмоқчиманки, ҳар бир даврда ўша замоннинг сирларидан воқиф, шу давр руҳига ҳамоҳанг фикрлайдиган вакиллар етишиб чиқади. Гап бу ерда ким нима ёзмасин, унинг моҳиятига кира олиш, бола тафаккурида уни ҳаётдаги каби ифодалаб бериш ҳақида бормоқда.

Бироқ ёзувчининг инсон руҳидаги товланишларни очиб бериши, ёмонликдан қочиш лозимлиги ҳақидаги ундовлари ҳеч қачон ўз қийматини йўқотмайди.

— Катталар ҳар доим болаларнинг ахлоқи ўзгараётганидан ташвишда бўлади. Бу ҳамма даврларга хос бўлиб, бугун ҳам болалар олдингиларга қараганда анча бебошлиги ҳақи­да гапиришади. Сизнингча, бу инсонлар характерига хос жиҳатми ёки чиндан ҳам болалар ўзгарадими?

— Замонга қараб инсон феъл-атвори ўзгариб борганидек, боланинг ўйин-кулгисию, характери ҳам туғилган даври, маконига мослашиб боради. Масалан, бизнинг болалигимизда телевизор бўлмаган. Ҳозирги болалардек телевизор олдида чўзилиб ётиб, кино томоша қилмаганмиз. Шунинг учун ҳам уларга тез-тез «Сенинг ёшинг­да биз китоб ўқирдик, меҳнат қилардик», дея таъкидлайверамиз. Аслида, телевизор, интернет, компьютер болани китобдан узоқлаштиргани бор гап, аммо боладаги иштиёқ, қизиқиш, истаган нарсасини қилишга интилиш ҳали ҳам ўша-ўша.

Болада бу ишни қилишим ёки қилмаслигим керак, деган тушунча бўлмайди. Улар ўзларини чегараламайди. Хаё­лига келдими, дарров уни амалга оширишни истайди. Бу ўз-ўзидан биз катталарга ҳар доим ҳам ёқавермайди. Уларнинг шўх, гап уқмас бўлиб кўринганининг асли сири шунда.

Энг ёмони — болаликдаёқ «катта бўлиб қолиш». Бугун интернет, ойнаи жаҳон орқали нотинч мамлакатларда қўлига ўйинчоқ эмас, қурол тутган болаларни кўрамиз. Ана шулар «катта бўлиб қолган» болалардир. Улар болалик нималигини билмайди.

Демак, бола улғаяётган муҳит характерининг ҳам ўзгаришига мажбур қилади. Айни шу жиҳатларни эътиборга олсак, бизнинг фарзандларимиз, невараларимизга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Шуларни ўйлаб, боланинг ўзига хос шўхликларию қувонч ва шодликлари ҳам қанчалик кераклигига амин бўламан.

— Сиз кўпинча болалар даврасида бўласиз, уларнинг руҳия­тига кириб, улар билан бирга яшайсиз. Бу сизнинг руҳияти­н­гизга қандай таъсир кўрсатади?

— Бутун жаҳонда болалар ёзувчилари камчиликни ташкил этади. Болалар адиблари ҳар доим болаларга яқин бўлишга, улар орасида яшашга ҳаракат қилишади. Бу унинг ижоди самарали чиқишига катта таъсир ўтказади. Шу боис мен болалар даврасида кўпроқ бўлишга интиламан. Энг яхши асарларим фарзандларим кичкина пайтларида ёзилган. Ўғилларим катта бўлишгач, болалар учун жуда кам ёздим. Буни қарангки, невараларим кўпайгач, ижодим яна гуллай бошлади. Болалар ёнида бўлиш уларнинг тилига, дунёсига яқинлаштиради. Уларнинг саволлари ўйлантиради, завқ­лантиради.

Руҳиятимда бола табиати сақланган бўлса керакки, улар учун ижод қиляпман. Баъзан жаҳон тажрибасидан фойдаланиб, болалар учун ёзилган асарларни қайта-қайта босиб чиқаравериш керак, деб ўйлайман. Чунки улар тез катта бўлишади. Йилдан йилга янги-янги ўқувчилар пайдо бўлаверади.

— Бугунги болаларни мўъжизаларга ишонтириш қийин. Шундай экан, ҳозирги болаларни эртаклар билан тарбиялай оламизми?

— Албатта, чунки эртаклар бола қалбидаги яхшиликни, эзгуликни, қаҳрамонликни уйғотади. Болаларга ватан, юрт, оила деган тушунчаларни кенг маънода тушунтириб бўлмайди. Эртак ўқиганда бу туйғу ўз-ўзидан уларда шакл­лана боради. Эртакларда яхшилик ёмонлик устидан, тўғрилик эгрилик устидан доим ғолиб келади, меҳр-оқибат, раҳм-шафқат, ҳурмат туйғулари улуғланади. Ёлғончининг иши «вой» бўлишига, яхшининг ҳаётда бахт топишига болани фақат эртаклар ишонтира олади.

Ғарбдаги баъзи сиёсатчилар бу болани алдаш, дея талқин этади. Эртакларга ишонган бола ҳаётда қийналиб қолишини айтади. Бу гап бир қарашда тўғридек туюлади, аммо ҳақиқатдан анча йироқ. Чунки бола яхшилик руҳида тарбияланса, ҳаётда яхши одамлар кўпаяди, тарбияланмаса, ёмонлар ўз-ўзидан урчиб кетади. Тарбия ҳам, интизом ҳам, ахлоқ ҳам издан чиқади. Ғарбда илм-фан, интизом, ўқиш тарбияси жуда пишиқ. Улар боғчадан болага сингдириб борилади. Аммо уларда жуда нозик ахлоқий тарбия кейинги икки-уч аср давомида издан чиқиб кетган. Бу охир-оқибат ўзини вайрон қилади.

— Эртакларда, образли қилиб айтганда, бирданига осмондан тилла ёғиб ё ердан бодраб чиқиб бой бўлиб кетиш ҳолатлари учрайди. Буни ўқиган болалар дангасаликка ўрганиб қолишмайдими?

— Осмондан тилла тушиши эртакларда камдан-кам учрайдиган ҳолат. Одамнинг бошига бир марта бахт қуши қўнади, дейишади. Тилла топиш аслида, яхши ўқисанг, яхшилик қилсанг, ҳеч қачон камбағал бўлмайсан, агар ичинг кир бўлса, ёмонликни ўйласанг, ёрдамга муҳтожларга ёрдам беролмасанг, борингни ҳам йўқотасан, деган гап. Ёки яхши хислатларнинг сенда бўлиши тилла топгандай гап. Ёки хор-зор одамнинг бирданига бойиб қолишида ҳаётга умид билан боқ, деган маъно ҳам келиб чиқади. Буни ота-она фарзандига изоҳлаб бериши, ўргатиши керак.

Ота-оналар ҳар бир эртак мазмун-моҳиятини 10 ёшли болага бошқача, 11-12 ёшлига бошқача, 13 ёшлига бош­қача уқтириши керак. Чунки бола ёшига қараб эртакларни турлича талқин этади. Эртакнинг вазифаси дунёда яхши одамларни кўпайтириш. Жамиятни, инсониятни яхшилик томонга оғдиришга ҳаракат қилиш эса бизнинг асосий вазифамиздир.

Манба: «Оила даврасида» газетаси

хдк

(Tashriflar: umumiy 1 237, bugungi 1)

Izoh qoldiring