Bahodir Abdurazzoq. Qora kiyik ta’qibi

067   Усмон тун бўйи босинқираб чиқди. Тавба, милтиқ тутган аллақандай кийик Мунисани тинимсиз таъқиб қилармиш. Жон ҳовучлаб уларнинг ўртасига тушишга ҳаракат қилсаям, оёқларига тош боғлангандек, жойидан қимирлай олмас экан. Шу тушни бир кечанинг ўзида бир неча марта кўрди. Ҳатто ухлашга ҳам чўчиб қолди…..

Баҳодир Абдураззоқ
ҚОРА КИЙИК ТАЪҚИБИ
045

   Баҳодир Абдураззоқ 1974 йили Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги Қорабоғ қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетини тамомлаган (1999). «У» (2012), «Римдаги қотиллик» (2009) қиссалари, «Умр тенгламаси» (2003), «Армонмисан муҳаббат» (1993) каби китоблари нашр этилган. Айни пайтда «Эл» газетаси масъул котиби лавозимида меҳнат қилмоқда.

045

Усмон тун бўйи босинқираб чиқди. Тавба, милтиқ тутган аллақандай кийик Мунисани тинимсиз таъқиб қилармиш. Жон ҳовучлаб уларнинг ўртасига тушишга ҳаракат қилсаям, оёқларига тош боғлангандек, жойидан қимирлай олмас экан. Шу тушни бир кечанинг ўзида бир неча марта кўрди. Ҳатто ухлашга ҳам чўчиб қолди. Кўзларини лўқ қилиб хаёл суриб чиқди. Эрталаб бўкиб ичган сармастдай боши лўқиллаб оғриётганидан, канда қилмайдиган одати, онасининг ҳужрасига бош суқиб салом беришни ҳам унутди. Соқолини чала-чулпа қиртишлаб ишга отланаётган маҳал қунишибгина сочиқ узатиб турган Муниса билан нигоҳлари тўқнашди. У ҳам туни билан мижжа қоқмаган ҳойнаҳой, қовоқлари салқиб, сурмаранг соя тушган эди. Ниманидир ундан яшираётгани титраётган лаблари қимтилганидан, нигоҳларини яширишга уринаётганидан англашилиб турарди.
«Бу бечорага ҳам қийин, дарди ичида, ичидагини тўкиб соладиган яқин кишиси ҳам йўқ. Қизлари турганида бу пайтга келиб унга дардкаш, сирдош бўлиб кетармиди. Онам азалдан уни хушламайди. Шундай бўлса ҳамки, ўттиз йилдан бери миқ этмай чидаяпти. Ўзи қайнона бўладиган ёшга етганида ҳам, қайнонасининг бир имосига маҳтал, ёш келинчакдек зипиллаб юмушини қилади. Нега йиғлади экан? Ё, яна Султон…»
Усмон симиллаётган чаккаларини қўллари орасига олди.
– Дорингизни ичиб олинг, давлениянгиз…
Хотини узатган ҳапдорини бир пиёла совуқ чой билан зўрға ютди. Бироз бошининг лўқиллаши босилгандек бўлди. Хотинига «Нима гап?» дегандек нигоҳ ташлади. Ўттиз йилдан бери бир ёстиққа бош қўйиб, ҳали бирор марта сан-манга бормаган, бир-бирини бир қисқа нигоҳ ёхуд, яримта ҳаракатдан англаб оладиган бўлиб қолганларидан Муниса эрининг сўроқли нигоҳи аломатини тушунди. Янада мунғайиб, бир сиқимгина бўлиб қолди.
– Янами?
Муниса секингина бош ирғаб қўйди. Лабини минг тишлаб овозини ичига қамаб турса-да, аммо кўз ёшларини тийиб туролмасди. Усмон яхши кўрадиган узун-узун қайрилма киприкларидан дувиллаб ёш қуйила бошлади.
– Чақир!
Муниса сесканиб бошини кўтарди. Юзларида илтижоли ифода зоҳир бўлди.
– Дадаси, ишдан қайтганингиздан кейин гаплаша қолинг. Бечоранинг ҳозиргина кўзи илинди. Юзини моматалоқ қилиб ташлабди уйгинангга ўт тушгурлар.
– Минг марта айтдим унга, ўша кўчага қадам босмагин деб! Яна борибдими?
Муниса унсизгина бош ирғаб қўйди. Усмон ишга кечика бошлаган эди. Нонушта ҳам қилмай машинасига ўтирди.

* * *

…Раҳматли Бурҳон овчи кўп ғалати феълли одам эди. Ўзининг алоҳида ҳужрасида яшар, имкони туғилиши билан саҳрога бир неча кунга, баъзан эса ҳафталаб овга чиқиб кетарди. Онаси Каромат кампир шу пайтларда ҳужрани супуриб-сидириб чиннидек ярақлатиб қўяр, аммо Усмонни бу ерга яқин йўлатмасди. Отаси баъзан илвасинни мўл қилиб, тўлиб-тошиб келганида, ҳужра улфатлари билан тўлар, кийик гўштидан бўлган кабобни шайтон сувига чазан қилиб базм қуришарди. Баъзан ови бароридан келмай уйга ҳолдан тойиб, қуп-қуруқ кириб келганида эса унга кўриниш беришга ҳеч кимнинг юраги бетламасди. Бурҳон овчи Усмон ўн иккига кириб-кирмай вафот этди. Ҳали бу фожианинг бутун қудратини ҳис қила олмай, келди-кетдиларга анграйиб караб турган Усмон сўрида ўтирган чолларнинг суҳбатига беихтиёр қулоқ тутди.
– Раҳматлини кийикнинг пири уриб кетди-ёв, – деди тишсиз милклари билан бир бўлак нонни чайнай олмай кавшанаётган қоқсуяк чол, – Ўзим гувоҳи бўлганман. Бўриётоғидаги кийикларни Бурҳон овчи қийратди. Бир куни десанг, қўшда оёғимни чўзиб ётувдим, узоқдан бархан оралаб, Бурҳоннинг пат-пати товуши чиқди. Бир пайт қуюқ чанг кўтарилди. Ўрнимдан туриб қарасам, ўттиз чоғли кийикни олдига солганча пат-патини учириб қувиб юрибди. Ярим соатча таъқиб қилганидан сўнг, уларни ялангликка олиб чиқди. Кейин нима бўларкин, деб қизиққанимдан бархан устига чиқиб қарасам, Бурҳон билан яна бир киши қарсиллатиб отиб ётибдилар. Беш-олти чоғли кийикни отишди-ёв, дедим. Бироздан кейин уларнинг товуши ўчди. Ўша куни кечга яқин, ўғлим бир ярадор кийикни эшакка ўнғариб олиб келди. Орқа чап оёғини ўқ чўрт синдириб кетган экан. Негадир, бечоранинг қорни ва оёқлари оппоқ, танасининг ранги эса қора эди. Шу пайтгача бунақа қора кийикни кўрмагандим. Бунда бир хислат бўлса
керак, деб ўйладим ва унинг оёғини тахтакачлаб боғлаб боқа бошладим. Бир ойларда тузалиб қолди. Кейин сурув орасига қўйиб юбордим. Анча эл бўлиб қолганди. Кейинчалик кийиклар яқинроқ келганларида уларга қўшилиб кетди. Лекин аҳён-аҳёнда келиб қолар, мен ҳам қўлимга илашган нонми, емми унинг оғзига тутардим. Жонивор бирам гўзал, киришимли эди-да ўзи ҳам. Ўлган кишининг ортидан яхши-ёмон гапириб бўлмайди-ю, лекин ҳар сафар Бурҳон саҳрони оралаганида юрагим симиллаб, шу кийикни отиб қўймасин-да, деб Худонинг зорини қилиб турардим. Бурҳон кетгандан сўнг бир-икки кун ўтиб, кийиклар ўтлайдиган жойларни айланардим. Шунда унинг ўтлаб юрганини узоқдан бўлса ҳам кўриб, хотиржам тортиб қайтардим. Бир куни отарни сувга ҳайдаётганимда яна пат-патини патиллатиб Бурҳон келиб қолди. Саҳрода анча айланиб юрганидан бўлса керак, юзи қорайиб, уст-боши чангга беланган, томоғи қақраб кетганидан, овози базўр хириллаб чиқарди. У сув сўраб келганди. Сув бердим. Саксовулнинг соясига
хуржунини тўшаб бироз нафас ростлади. Шундан фойдаланиб, унга насиҳат қилмоқчи эдим, қаерда… Ҳатто қулоқ солгиси ҳам келмади. Икки кундан бери саҳронинг тит-питини чиқарса ҳам бирор кийик учрамабди. Менимча кимгадир кийик отиб келаман деб ваъда берган у. Энди қуйи сувлоқ томонини қидираман, деди. Юрагим «шувв» этиб кетди. Кеча кечқурун кийикларнинг шу томонга кетаётганини кўрган эдим. Шу томонга борса албатта кийикларни топади. Уни гапга кўндиролмаслигимни тушуниб охирида кўнглимдагини айтдим.
– Орқа чап оёғи бироз оқсайдиган, урғочи қора кийик бор, илтимос укам, шуни отмагин.
– Қизиқсиз-а, Абдураҳмон ака, тўдага қараб отгандан кейин, ўққа шу кийикка тегма, бунисига тег деб айтиб бўладими!
– Укажон, шу кийикнинг бир хосияти бор. Бекорга унинг ранги қора эмас. Шуни ўлдирмагин, илтимос. Уволи ёмон бўлади.
У менга бир қаради-ю индамади. Пат-патига миниб, қуйи сувлоқ томонга кетди. Шундан кейин кийигимни қайтиб кўрмадим.
…Усмон ўшанда ёшлик қилибми, ёхуд чолнинг изтиробини ҳис қила олмаганиданми, «Отамни ёмонотлиқ қилмоқчи бўляпти, ичиқора», деб ўйлаганди. Лекин йиллар ўтиб, отасининг ўлими тафсилотларини эшитгач, Абдураҳмон чорва ва унинг кийиги ҳақидаги воқеани бот-бот эслаб қоларди.
… У замонлар Бурҳон овчи колхозда табелчи бўлиб ишлар, бош ҳисобчиликка кўтарилишни орзу қиларди. У колхозда, молия техникумини тугатган ягона дипломли ҳисобчи бўлса-да, аммо раис уни ҳисобчиликка қўйишга шошилмасди. Ўқишни тугатиб келганида, «бир йилча табелчилик қилиб турасан, кейин албатта ҳисобчиликка ўтказаман», деб ваъда берганди раис. Лекин орадан тўрт йил ўтиб ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Раис ўша-ўша, ваъда беришдан чарчамас, йиғим-теримдан кейин албатта, идорада ўтириб, бир устолга эгалик қилишини айтиб қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юбораверарди. Шунда унинг яқин жўраси, кассир бўлиб ишлаётган Умарқул бир гап билан кўзини очиб қўйди.
Ўшанда Умарқул иккови кимнингдир тўйидаги ошда ҳамтовоқ бўлиб қолди. Гурунг оқими Бурҳоннинг табелчилигига тақалганида, у чидай олмай дардини дастурхон қилиб юборди, Умарқул сирли илжайди.
– Туппа-тузук овчисан, ана, Бўриётоғи кийикка тўлиб ётибди. Биттасини шартта отгину раиснинг уйига элтиб ташла. Раис кийик гўштини кўрса ўзини томдан ташлайдиганлардан. Мени айтди дерсан, эртагаёқ ҳисобчиликка ўтказади сени.
Бурҳон овчи унинг айтганидек қилди. Эртаси куни ўз бригадаси билан пайкалга чиқаётганида уни раис йўқлатди.
Раис бу сафар уни олдингидек энсаси қотиб эмас, анчайин илиқ қарши олди. Кеча еган кийик қовурдоқнинг таъмини тамшаниб эсларкан, уни ёрдамчи ҳисобчиликка ўтказиш тўғрисидаги буйруққа гажакдор имзо чекиб юборди.
– Мана укажон, биз ваъдамизни бажардик. Энди сиз бизнинг ўз одамимизсиз. Шунинг учун битта-яримта хизмат чиқиб қолса бўйин товламайсиз. Кейинчалик сизни бош ҳисобчиликка кўтариш ниятимиз ҳам бор. Шуни эътиборга олиб астойдил ишланг, укажон.
– Хўп бўлади, раис бува, – деди Бурҳон қўлини кўксига қўйиб.
Унинг бундай тавозеси раисга ҳам хуш ёқиб, ёйилиб илжайди.
Раис айтган “битта-яримта хизмат” ўзини жудаям кўп куттирмади. Янги жойдаги ишининг иккинчи ҳафтасидаёқ раиснинг муҳташам кабинетига чақирилди.
– Келинг, Бурҳонжон. Сизга битта хизмат чиқиб қолди.
Бурҳон қўлини кўксига қўйди.
– Эшитаман, раис бува.
– Гап бундоқ. Уч кундан кейин, ижроқўмнинг туғилган куни. Шунга бир кийик кабоб қилдирмоқчи эдим. Кейин у киши, шунақа жониворларни яхши кўрадилар. Уйлари запарк бўлиб кетган. Ҳар хил қушлар, ғалати жонзотларни боқадилар. Шунга бир кийик боласини тирик ушлаб келсангиз, зўр бўларди-да. Бу ишлар сиздай овчига чўт эмас-ку, а? – Раис теваракка бир аланг-лаб, сирли пичирлади. – Нормат ака нафақага чиқаман деб қўймай юрганди. Сизга ишонаман, иқтисодчиликни бемалол эплайсиз.
Бурҳон овчи аста-секинлик билан раиснинг қўйган тузоғига чирмашиб бораркан, мансаби ҳам йилдан йилга ошар, раиснинг ҳакалак отган нафси Бўриётоғи кийикларига қирон келтирарди. Бош ҳисобчиликка кўтарилганидан кейин раис овга чиқишингизга ярайди деб бир сувчига аталган мотоциклни унга топширди.
– Вилоятдаги бир раҳбаримизга кийик гўшти зарил, – деди бир куни раис, – агар шуни эпласангиз, шу йил ҳосил байрамида «Москвич»ли бўлиб қоласиз.
Бурҳон ширин энтикди. Ахир қишлоқда шу раиснинг «Волга»сидан бошқа машина йўқ. Машина миниб қишлоқ кўчаларини чангитиб юришини, кўрган ўртоқларининг оғзи очилиб қолишини тасаввур қилиб, кайфияти кўтарилиб кетди.
– Бўпти раис бува, қойиллатамиз!
– Балли, яшанг!
Бурҳон ўшанда саҳронинг тит-питини чиқариб уч кун изласа ҳам бирорта кийикнинг қорасини кўролмай хуноби чиқиб юрганида Абдураҳмон чорвага дуч келганди. Ўша куни шом қўнаётган маҳалда қуйи сувлоқдан кийикларнинг сийраккина тўдасига кўзи тушди. Уларни безовталик билан шохдор така сувга бошлаб келарди. Мотоциклнинг патиллашини эшитсалар бир сониядаёқ кўздан йўқолиб, чеку чегарасиз саҳро бўйлаб тарқалиб кетишга тайёр турардилар. Бурҳон мотоциклини ўчириб сувлоққа писиб боришга қарор қилди.
Шохдор така сувлоқ ёнидаги мўъжаз тепаликда ҳушёр турар, сийраклашиб қолган тўда эса шоша-пиша сув ичарди. Бурҳон салгина эҳтиётсизлик қилиб, оёғининг остидаги шохни шитирлатиб юборди. Қари така эса қулоғини динг қилиб ерни бир тепиб қўйди. Сувга энгашган кийиклар бирдан бошларини кўтардилар. Шошилмаса бўлмасди. Қоронғулик аста-секинлик билан қоплаб келаётган саҳрога сингиб, кўздан йўқолишлари ҳеч гапмас! У шошилиб ўрнидан турди-да чопиб кетаётган тўданинг сўнггидаги оқсаётганлиги элас-элас сезиладиган йириккина қора кийикни мўлжалга олиб тепкини босди. Кийик ўмбалоқ ошиб тушдию зарбдан яна туриб кетди. Бурҳонга у яна югуриб кетаётгандек туюлиб, иккинчи ўқни ҳам бўшатди. Кийик илтижоли бўзлаб қулаганича қайтиб турмади. У уч кунлик сарсонлигига нуқта қўйган ўлжаси томон ҳорғин қадамлар билан яқинлаша бошлади. Шу пайт тўда бошида кетаётган така кутилмаганда ортга қайтди. Қонга беланиб ётган кийикни ҳидлаб, этни жунжиктирувчи хунук ва йўғон т
овушда ўкириб юборди. Бурҳоннинг оёқларидан мадор қочиб, жисмини қалтироқ эгаллади. Ўлжанинг ёнига боришни ҳам, ортга қайтишни ҳам билмай иккиланиб қолди. Бехос, саҳронинг мунгли оқшомида шохдор така кийикнинг қоп-қора кўзлари билан нигоҳи тўқнашиб кетди. Ёшдан янада ялтираб, катталашиб кетган кўзларни сўнгги кунларига қадар унута олмаса керак!
– Нима қилиб қўйдим?! – Унинг ичида нимадир чирт узилгандек бўлиб, титроқ овозда пичирлади. У бўзлаётган кийик томон яқинлашишга ўзида куч топа олмади. Милтиғи оғирлик қилаётгандек қайишидан ушлаганча судраб ортига қайтди. Бархан панасида қорайиб турган мотоцикли ҳам унга кийик бўлиб туюлиб, юраги орқасига тортиб кетди. Синчиклаб қараб мотоциклини илғагач аранг судралиб бориб унга суяниб қолди.
– Менга нима бўляпти ўзи? Шунча кийик овлаб бунақа ҳолга тушган эмасдим-ку. Ҳақиқатан ҳам анави чорванинг гапида жон бормикан? Хосиятли кийикмикан у? …Бариси бўлмаган гап! Уч кундан бери саҳро кезиб юрганидан чарчаган, холос. Ҳозирги аҳволини Умарқулга ўхшаган кўрса роса масхара қилиб кулса керак. Кимсан, Бурҳон овчи, аёлга ўхшаб кийикнинг ўлигидан қўрқиб ўтирса-я!
Бурҳон мотоциклни ўт олдириб, фарасини ёқди. Узун ингичка нур яйдоқ саҳрони тилиб, сувлоқ бўйидаги қамиш ва юлғунларни ёритди. Мотоцикл патиллаганча қонга беланиб ётган кийикнинг жасадига яқинлашганда Така кийик ҳамон унинг ёнида эканлигини кўриб, Бурхон яна бир сесканди, бироқ ўзини тезда қўлга олди. Мотор товушидан чўчиган така кийик бироз нарига чопиб борди-ю, таққа тўхтади. Ўгирилиб, кўзларидан кўкимтир-яшил аланга сочганича қотиб тураверди. Бурҳон унга қарашга ботина олмай ўлжасини мотоциклига ўнғариб, газни қаттиқроқ сиқимлаб буради. Мотоцикл саҳронинг осуда оқшомини суронга тўлдириб, ёлғизоёқ йўлдан учиб кетди.
Бурхон мотоциклнинг қулоқни қоматга келтиргудек патиллаши орасидан ортидан чопиб келаётган така кийикнинг туёқ товушларини аниқ эшитар, бунга сари юрагини ваҳима қоплаб рулга қаттиқроқ ёпишарди. Ярим тунда осуда уйқуга чўмган қишлоқни мотоциклнинг шовқини уйғотиб юборди.

* * *

…Султонни аллақандай сирли куч бобосининг ҳужраси томонга тинимсиз чорлайверарди. У моматалоқ бўлган юзидаги оғриқлардан афтини бужмайтириб, бу ҳужра қачондан бери ўзига тортаётганини ўйлашга уринарди. Шунда биринчи бор қўшни маҳаллалик Қодир муштумзўрдан калтак еганида, бобосининг эски милтиғи ҳақида обдон ўйлагани эсига тушди. Ҳа, тўғри. Худди ўша биринчи бор калтакланганидан кейин, бу ҳужра, тўғрироғи, унинг сувоқлари кўчиб кетган пахса деворидаги занглаб кетган қозиққа илиб қўйилган милтиқ уни ўзига чорлай бошлаган эди. Эҳ-ҳе, унга ҳам бир неча йил бўлиб кетибди…
Ўшанда у эндигина мактабни тугатган пайти эди. Сулувни дугоналари билан мактабдан қайтаётган пайтида учратиб қолдию, қалби, ақли, дунёқараши, мақсадлари ағдар-тўнтар бўлиб кетди. У институтга кириш илинжида эди. Келажакда катта-катта ишлар қилмоқчи эди. Ҳаммаси, бари-бари сувда оқиб кетгандек, бир зумда йўқолди-қолди. Уларнинг ўрнини эса тўлалигича Сулувнинг ишқи, Сулувнинг ҳажри, унинг васли-соғинчи эгаллади. У Сулувнинг чанг кўчасидаги ҳар битта хасу хашагини ўпишга тайёр эди. Сулувнинг оёқлари изи тушган кесагу тошларни бағрига босишга шай эди. У ердаги нураган пахса деворлар нақадар бахтли, чунки ҳар куни Сулувни кўради, унинг хуш бўйини тўйиб-тўйиб ҳидлайди. Султон тонгга қадар Сулувларнинг маҳалласида изғийдиган қилиқ чиқарди. Шундай сандироқлашларида қизни олисдан кўриб қолса ҳам ундан бахтли кимсани дунёдан топиб бўлмасди.
Шундай дарбадарликнинг нечанчи кунидир, унинг мажнунлиги маҳалла йигитларининг эътиборини торта бошлади. Қодир муштумзўр бошчилигида у огоҳлантирилди. Натижа чиқмаганидан кейин эса Султон яхшигина ур-калтаклар билан уйига жўнатиб юборилди. Агар Султонда овчи бобосининг ўр феъли бўлмаганида воқеа шу билан интиҳолаган, ҳушини йиғиб олган йигит яна ўз ҳолига қайтиб институт умидида катта шаҳарга йўл олган бўлармиди. Аммо, унинг суяк-суягига сингиб кетган ўрлик исён қилиб эртаси куниёқ кўкарган кўзларига қора кўзойнак таққанча яна ўша маҳаллада пайдо бўлди. Қодир муштумзўр бу сафар ўзи англаб-англамай Султон билан Сулувнинг юрагида ўз ҳолича айланиб юрган ишқ жилғасини ягона ўзанга буриб юборди.
Қора кўзойнак тақиб олган «мажнун»нинг яна маҳаллада пайдо бўлгани ҳакидаги хабар шотирлари томонидан қулоғига етди.
«Шошма, – деб ўйлади Қодир. – Уни Сулувнинг кўз олдида шармандасини чиқариб, обрўсини ер билан битта қилиш керак!» Қодир ўзининг топқирлигидан мағрурланиб, ёнидаги муте шотирларига осмондан назар ташлади. Улар Қодирнинг зарбаси қанчалар залворли бўлса, ақли шунга тескари мутаносибликда ишлашини билишар, лекин унинг бақувват, суяги бузуқ гавдаси, маймунникидек узун қўллари, каттакон мушти сўзсиз итоат этишларини таъминларди.
Бу сафар Султон сувга чиққан Сулувнинг кўз ўнгида калтаклана бошланди. Қодирнинг ҳар бир зарбасидан икки қадам ортга учиб кетаётган Султон, минг машаққатлар билан бўлса-да ўрнидан туриб яна рақиб томонга ташланишга ўзида мадор топа оларди. Қодир ўзининг ҳам Сулувга бефарқ эмаслигини билдириб қўйишни, буни қиз ўз кўзлари билан кўришини истарди.
– Яна Сулувнинг ортидан эргашганингни кўрсам, уйингга тирик қайтмайсан! – вишиллади у оғзидан тупук сачратиб.
– Йўқ! Ўлдирсанг ҳам аҳдимдан қайтмайман!
Қодирнинг гурзидек мушти бу сафар унинг чаккасига қалтис тегди. Султон мувозанатини йўқотиб, чанг кўчага қулади.
– Нокаут! – ҳайқиришди шотирлар.
Сулув Қодир муштумзўрнинг анчадан бери уларнинг уйи атрофида бунақа томошалар уюш-тиришига кўникиб қолганди. Сулув айни мактабдан келар чоғи, ёхуд, сувга ёки дўконга чиққан чоғи бу бекорчихўжалар кураш, ё бокс мусобақасини уюштирар, пировардида Қодир барча шотирларини ер тишлатганча, мутлоқ чемпионликни қўлга киритиб, унинг олдидан ғоз юриб ўтарди. Бугун ҳам шунақа томошаларнинг бири деб ўйлаган Сулув унга эътибор бермади. Аммо муштлашаётганлар унинг номини тилга олишганидан сўнг, эътибор бериб қараса…
– Нима қиляпсан, каллахум?! Ундан қўлингни торт! – Сулув Қодирнинг тиржайган от башарасига нафрат ва ғазаб билан тикилганча, ҳамон тупроққа қоришиб ётган Султоннинг туришига ёрдамлашди.
…Усмон ўғлининг феълида ғалати ўзгариш бўлаётганини сезиб юрар, то ўзи бошламагунча, унга бирор гап айтиб кўнглини қолдиришни истамаганидан арқонни узунроқ ташлаган эди. Аммо унинг қиладиган ишларидан тайин қолмай, ҳатто, институтга киришга ҳам тайёргарлик кўрмаётганидан, бунинг устига ҳар икки кунда бир марта юзини кўкартириб келадиган одат чиқарганидан кейин сабр косалари лиммо-лим тўлди. Шундай кунларнинг бирида очиқ гаплашиб олиш учун ўғлини чақирмоқчи бўлиб турган эди, Султоннинг ўзи шишган юзини отасига кўрсатмасликка тиришиб кириб келди.
– Хўш, – ўғлига синовчан назар ташлади у. – Саргузаштларни бир бошдан тингларканмиз-да?
Султон иккиланиб, қизариб-бўзарганича бор гапни отасидан яширмай айтиб берди.
Усмон унинг гапларидан кейин бир муддат ўйга чўмиб қолди. Ўзининг бошидан ҳам бир пайтлар шунга яқин савдолар ўтганди. Онасининг Мунисага рўйхушлик бермаслиги сабабларининг бир учи ҳам шунга келиб тақаларди. Усмон ёлғиз ўғлини тушунгиси келди.
– Иккинчи ўша кўчага бориб, аллакимлар билан муштлашиб юрма. Менга қўйиб бер. Ўзим ҳал қиламан.
– Майли, – деди Султон ҳам отасининг ўзига хайрихоҳлигидан қувониб. Лекин Сулувнинг кўчасига бормасликка куч топа олишига ўзи ҳам ишонмасди.
Дарҳақиқат шундай бўлди ҳам. Бир неча кундан сўнг у яна Қодир билан рўпара келди. Бу гал Султон Сулув билан очиқ-ойдин гурунглашиб келаётган маҳал рақибнинг қўлига тушди.
Сулувни четга суриб чиқаришиб Султоннинг башарасига пайдар-пай мушт ёғдира кетишди. Султон яна тупроққа қоришди. Сулувнинг чирқирашига ҳеч ким эътибор ҳам бермади.
– Ўлдираман сени! Ўлдираман! – Султоннинг овози чексиз ғазабдан хирқираб чиқди. Сулув унинг кўзларида ёвузона шуъла чақнаганини кўриб титраб кетди. У ҳозироқ Қодирни ўлдириб қўядигандек, чопқиллаб бориб Султоннинг қўлларига ёпишиб олди.
– Сен ҳезим, ҳали мени ўлдирмоқчимисан?! – деди Қодир яна совуқ тиржайиб: Қўлингдан келадими? Агар яна сени шу қиз билан кўрсам, ўзингни асфалософилинга жўнатаман!
У чангга беланган Султон томонга чирт этиб тупурганча нари кетди. Султон ҳамон титроғини босолмасди. Шунда бобосининг ҳужрасидаги милтиқ кўзлари олдидан ўтди. Ўтаверди.

* * *

…Каромат кампир неча йилдирки, тўшакка михланиб, куни ўзи хушламайдиган келини Мунисага қолган. Ўшанда эри ярим тунда патпатини патиллатиб ҳуд-беҳуд бўлиб келганида юраги бир сесканганди. Эрининг шунақа юришларига кўникиб қолган бўлса-да, бу сафаргиси бошқача эди. Ранг рўйи бир ҳолдаги Бурҳон овчи қонига беланган ғалати қора кийикни ерга улоқтирди. Мотоциклини деворга суяб гандираклаганча ҳужраси томон юрди. Кейин қорачиқлари кенгайиб кетган кўзларини катта-катта очиб хотинига ғўлдиради:
– Дарвозани тамбала! У ортимдан келяпти!
Ким келяпти? Балонинг ўқига тик борадиган эри бунча жониқади? Каромат ҳеч нарсани англамаса ҳам эрининг амрига сўзсиз бўйсуниб, ғайри шуурий тарзда дарвозанинг зулфинини туширди. Шу пайт, кейинчалик уни умрининг охиригача таъқиб қилиб юрган туёқ товушлари, худди бўғизланаётган сўқимнинг сўнгги нидосига ўхшаган ваҳимали хунук товушни эшитди-ю, жисми жонига титроқ инди. Бу товушни эри ҳам эшитган чоғи милтиғини шоша-пиша ўқлаётганига кўзи тушди.
– Нима қиляпсиз? Ярим кеча ҳам милтиқ отадими?
Овчининг қулоқлари кар, кўзлари кўр эди. У дуч келган томонга қаратиб ҳар иккала тепкини босиб юборди. Негадир битта ўқ узилди. Қалтироқ қўллари иккинчи тепкини тўғри босолмадими ёхуд патрон нотўғри жойланганми, иккинчи ўқ отилмай, ўз вақтининг келишини узоқ, қирқ йил кутиб қолди…
Каромат яримжон қайнонасининг илтижоси билан қўшни қишлоққа, қушноч кампирникига йўл олди.
Исириқ ва яна алламбалоларнинг ҳидига тўлган бадбўй ҳужрага кирганида, кампирнинг оҳорсиз қасабаси остидан чиқиб, елкасида ёйилиб кетган патила-патила, кирчил оқ сочлари, буришиб кетган юзлари, киприксиз қовоқлари остидан йилтираб турган бит кўзларидан шу қадар ирганиб кетгандики, шарт ўрнидан туриб жўнаворай деди. Аммо кампир йилтироқ кўзлари билан унга тикилар экан:
– Жойингдан қимирлама! – деди амирона хирқироқ овозда. – Эшикка қулоқ тут, у шу ерда. Эшитяпсанми?
Ўша даҳшатли тунда дарвоза ортидан эшитган товушлари қулоғи остида қайта жаранглагандек бўлди. Ваҳимали ҳужранинг ҳилвираб қолган эшиги ортидан қандайдир ҳайвоннинг туёқ товушлари, бузоқ бўзлаганига ўхшайдиган товушда маърагани эшитилиб турарди.
– Ҳозир ўрнингдан туриб, эшикдан чиқсанг, кунинг битади!
Бу гапдан кейин Каромат турган жойида тахта бўлиб қолди.
– Эринг кийикни ўлдирган. У кийик париларининг ғазабига дучор бўлди. Энди уни ҳам, сени ҳам сўнгги кунларинггача ўша кийик таъкиб қилади.
Кампир мис тоғорада нимадир тутатди. Унинг кўкимтир тутунларига бир муддат караб туриб, гўё тутундан ниманидир ўқиётгандай сўзлай бошлади.
– Эринг ўлади. Кийикни ўлдирганининг қирқинчи куни. Унинг авлоди қарғишга қолган. У она кийикни отгани учун, унинг авлодида қиз фарзанд бўлмайди. Агар бўлган тақдирда ҳам у она бўлолмайди.
Кампирнинг бундай даҳшатли гапларидан Кароматнинг вужуди музлаб кетгандек бўлди: «Оғзингдан чиқиб ёқангга ёпишсин!»
– Сен бунақа гапларни хаёлингга ҳам келтирма! – Кампир унинг хаёлидан кечганларни ўқиб тургандек кўзларини ғазаб билан ялтиратди. – Сен ҳам эрингнинг ортидан кетишинг кераклигини билиб турибман. Унинг олдини олмоқчиман. Қулоғингга қуйиб ол! Эринг тупроққа қўйилганидан қирқ кун ўтиб сен шу ерга, менинг олдимга келасан. Қайтарма қиламан. Шунда сен тирик қолишинг мумкин. Бўлмаса ҳар қирқ кунда уйингдан битта тобут чиқади. То овчининг авлоди буткул қирилиб битмагунча. Қайтармадан кейин бу муддат қирқ йилга узаяди.
Каромат каловланиб уйига қайтди. Лаънати фолбин, ҳали тирик, тўрт мучаси соғ одамни бир зумда ўлишига ишонтиргани унда қарама-қарши туйғуларни уйғотарди…
Қушноч айтганидек, роппа-роса қирқ кун ўтиб Бурҳон овчи омонатини топширди. Эрининг қирқи ўтганидан сўнг бир қизил хўрозни кўтариб яна кампирникига борди. Қушночнинг қилган амаллари таъсир қилдими, туёқ ва маъраган товушлар уни таъқиб қилмай қўйганди. Аммо икки-уч кундан бери юрса ҳам, турса ҳам, ўша қирқ йил бурунги, даҳшатли товушлар қулоғига киради. Кечалари алаҳлаб, эрининг қийшайиб кетган башараси, қонга беланган кийиклар уни таъқиб қилиб чиқишади. Қушноч ҳали ҳам бормикан. Ўшанга бир алас қилдирса бўлмасмикин? Агар тирик бўлса, ҳозир юз йигирмага кирган у. Ё, аллақачон суяги сурма бўлиб кетдимикан.

* * *

…Султоннинг телбаворий шаҳд билан бобосининг ҳужрасига кириб кетганини кўриб қолган Муниса унинг қай пайтда қандай чиқиб кетганини илғамай қолди. Негадир шу куни тонгдан юраги алағда. Эрталаб эрининг ҳам ранг-рўйи бир хил бўлиб турганидан унга ҳам бирон гап айтишга юраги бетламади. Қўли ишга бормаса ҳам қайнонасининг ғурбатига қолмаслик учун ҳовлида куймаланиб юрди. Тезроқ келин туширса, кўнгли бироз тинчиб, жисми ором олармиди.
Айвон рахига суянганча бир муддат хаёл суриб қолибдими, шу пайт бирдан ўзи умрида кўрмаган қайнотасининг ҳужраси эшиги ғалати қийшайиб очилиб турганидан бир машъумликни илғаб юраги орқага тортиб кетди.
Дарвоза ташқарисида қандайдир туёқ товушларига омухта бўлиб ваҳимали бўғиқ овоз ҳам эшитиларди. Бу товуш тушларига кириб чиққан товушларга ўхшаб кетарди. Шунда у беихтиёр эшиги қийшайиб кетган овчининг ҳужрасига қараб юрганини билмай ҳам қолди. Ҳужрада қирқ йилдан бери илиғлиқ милтиқ йўқ эди.
– Султон… Султон кирган эди!
Муниса юз беражак мудҳиш фожеани ҳис этиб, сесканиб кетди. Ковушларни пойма-пой илиб ташқарига чиққанида, шундоққина дарвозалари рўпарасида қорни ва оёқлари оппоқ, танаси эса негадир қорайиб кетган кийик йирик-йирик қора кўзларини жовдиратганча қараб турарди.
Муниса бу гавжум кўчада кийикнинг қандай пайдо бўлиб қолганидан ҳайратланиш ҳам эсига келмай у томон юрди. Кийик ортимдан юр дегандек, уни бошлаб кетаверди. …Бир пайт Сулувларнинг маҳалласида кўрди ўзини… Ана, ёлғизи Султонжон аллақандай маймунсифат йигитга милтиқ ўқталиб турибди.
Онанинг юраги ҳаприқди.
– Тўхта-а!!! Султонжон, бола-ам…
Қирқ йил олдин мўлжалга олинган ўқ унинг кўксини ўпириб кетганди. Мунисанинг бир неча сонияда оқарган сочлари ёйилиб, енгил бир эпкинда силкинди. Ўзининг қулаётганини, бехосдан онасини нишонга олиб қўйган Султонжоннинг қийшайган башарасини элас-элас илғаганча кўзлари юмилди…

09

Bahodir Abdurazzoq
QORA KIYIK TA’QIBI
045

    Bahodir Abdurazzoq 1974 yili Qashqadaryo viloyati Muborak tumanidagi Qorabog’ qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy Universitetining jurnalistika fakultetini tamomlagan (1999). «U» (2012), «Rimdagi qotillik» (2009) qissalari, «Umr tenglamasi» (2003), «Armonmisan muhabbat» (1993) kabi kitoblari nashr etilgan. Ayni paytda «El» gazetasi mas’ul kotibi lavozimida mehnat qilmoqda.

045

Usmon tun bo‘yi bosinqirab chiqdi. Tavba, miltiq tutgan allaqanday kiyik Munisani tinimsiz ta’qib qilarmish. Jon hovuchlab ularning o‘rtasiga tushishga harakat qilsayam, oyoqlariga tosh bog‘langandek, joyidan qimirlay olmas ekan. Shu tushni bir kechaning o‘zida bir necha marta ko‘rdi. Hatto uxlashga ham cho‘chib qoldi. Ko‘zlarini lo‘q qilib xayol surib chiqdi. Ertalab bo‘kib ichgan sarmastday boshi lo‘qillab og‘riyotganidan, kanda qilmaydigan odati, onasining hujrasiga bosh suqib salom berishni ham unutdi. Soqolini chala-chulpa qirtishlab ishga otlanayotgan mahal qunishibgina sochiq uzatib turgan Munisa bilan nigohlari to‘qnashdi. U ham tuni bilan mijja qoqmagan hoynahoy, qovoqlari salqib, surmarang soya tushgan edi. Nimanidir undan yashirayotgani titrayotgan lablari qimtilganidan, nigohlarini yashirishga urinayotganidan anglashilib turardi.
«Bu bechoraga ham qiyin, dardi ichida, ichidagini to‘kib soladigan yaqin kishisi ham yo‘q. Qizlari turganida bu paytga kelib unga dardkash, sirdosh bo‘lib ketarmidi. Onam azaldan uni xushlamaydi. Shunday bo‘lsa hamki, o‘ttiz yildan beri miq etmay chidayapti. O’zi qaynona bo‘ladigan yoshga yetganida ham, qaynonasining bir imosiga mahtal, yosh kelinchakdek zipillab yumushini qiladi. Nega yig‘ladi ekan? Yo, yana Sulton…»
Usmon simillayotgan chakkalarini qo‘llari orasiga oldi.
– Doringizni ichib oling, davleniyangiz…
Xotini uzatgan hapdorini bir piyola sovuq choy bilan zo‘rg‘a yutdi. Biroz boshining lo‘qillashi bosilgandek bo‘ldi. Xotiniga «Nima gap?» degandek nigoh tashladi. O’ttiz yildan beri bir yostiqqa bosh qo‘yib, hali biror marta san-manga bormagan, bir-birini bir qisqa nigoh yoxud, yarimta harakatdan anglab oladigan bo‘lib qolganlaridan Munisa erining so‘roqli nigohi alomatini tushundi. Yanada mung‘ayib, bir siqimgina bo‘lib qoldi.
– Yanami?
Munisa sekingina bosh irg‘ab qo‘ydi. Labini ming tishlab ovozini ichiga qamab tursa-da, ammo ko‘z yoshlarini tiyib turolmasdi. Usmon yaxshi ko‘radigan uzun-uzun qayrilma kipriklaridan duvillab yosh quyila boshladi.
– Chaqir!
Munisa seskanib boshini ko‘tardi. Yuzlarida iltijoli ifoda zohir bo‘ldi.
– Dadasi, ishdan qaytganingizdan keyin gaplasha qoling. Bechoraning hozirgina ko‘zi ilindi. Yuzini momataloq qilib tashlabdi uyginangga o‘t tushgurlar.
– Ming marta aytdim unga, o‘sha ko‘chaga qadam bosmagin deb! Yana boribdimi?
Munisa unsizgina bosh irg‘ab qo‘ydi. Usmon ishga kechika boshlagan edi. Nonushta ham qilmay mashinasiga o‘tirdi.

* * *

…Rahmatli Burhon ovchi ko‘p g‘alati fe’lli odam edi. O’zining alohida hujrasida yashar, imkoni tug‘ilishi bilan sahroga bir necha kunga, ba’zan esa haftalab ovga chiqib ketardi. Onasi Karomat kampir shu paytlarda hujrani supurib-sidirib chinnidek yaraqlatib qo‘yar, ammo Usmonni bu yerga yaqin yo‘latmasdi. Otasi ba’zan ilvasinni mo‘l qilib, to‘lib-toshib kelganida, hujra ulfatlari bilan to‘lar, kiyik go‘shtidan bo‘lgan kabobni shayton suviga chazan qilib bazm qurishardi. Ba’zan ovi baroridan kelmay uyga holdan toyib, qup-quruq kirib kelganida esa unga ko‘rinish berishga hech kimning yuragi betlamasdi. Burhon ovchi Usmon o‘n ikkiga kirib-kirmay vafot etdi. Hali bu fojianing butun qudratini his qila olmay, keldi-ketdilarga angrayib karab turgan Usmon so‘rida o‘tirgan chollarning suhbatiga beixtiyor quloq tutdi.
– Rahmatlini kiyikning piri urib ketdi-yov, – dedi tishsiz milklari bilan bir bo‘lak nonni chaynay olmay kavshanayotgan qoqsuyak chol, – O’zim guvohi bo‘lganman. Bo‘riyotog‘idagi kiyiklarni Burhon ovchi qiyratdi. Bir kuni desang, qo‘shda oyog‘imni cho‘zib yotuvdim, uzoqdan barxan oralab, Burhonning pat-pati tovushi chiqdi. Bir payt quyuq chang ko‘tarildi. O’rnimdan turib qarasam, o‘ttiz chog‘li kiyikni oldiga solgancha pat-patini uchirib quvib yuribdi. Yarim soatcha ta’qib qilganidan so‘ng, ularni yalanglikka olib chiqdi. Keyin nima bo‘larkin, deb qiziqqanimdan barxan ustiga chiqib qarasam, Burhon bilan yana bir kishi qarsillatib otib yotibdilar. Besh-olti chog‘li kiyikni otishdi-yov, dedim. Birozdan keyin ularning tovushi o‘chdi. O’sha kuni kechga yaqin, o‘g‘lim bir yarador kiyikni eshakka o‘ng‘arib olib keldi. Orqa chap oyog‘ini o‘q cho‘rt sindirib ketgan ekan. Negadir, bechoraning qorni va oyoqlari oppoq, tanasining rangi esa qora edi. Shu paytgacha bunaqa qora kiyikni ko‘rmagandim. Bunda bir xislat bo‘lsa kerak, deb o‘yladim va uning oyog‘ini taxtakachlab bog‘lab boqa boshladim. Bir oylarda tuzalib qoldi. Keyin suruv orasiga qo‘yib yubordim. Ancha el bo‘lib qolgandi. Keyinchalik kiyiklar yaqinroq kelganlarida ularga qo‘shilib ketdi. Lekin ahyon-ahyonda kelib qolar, men ham qo‘limga ilashgan nonmi, yemmi uning og‘ziga tutardim. Jonivor biram go‘zal, kirishimli edi-da o‘zi ham. O’lgan kishining ortidan yaxshi-yomon gapirib bo‘lmaydi-yu, lekin har safar Burhon sahroni oralaganida yuragim simillab, shu kiyikni otib qo‘ymasin-da, deb Xudoning zorini qilib turardim. Burhon ketgandan so‘ng bir-ikki kun o‘tib, kiyiklar o‘tlaydigan joylarni aylanardim. Shunda uning o‘tlab yurganini uzoqdan bo‘lsa ham ko‘rib, xotirjam tortib qaytardim. Bir kuni otarni suvga haydayotganimda yana pat-patini patillatib Burhon kelib qoldi. Sahroda ancha aylanib yurganidan bo‘lsa kerak, yuzi qorayib, ust-boshi changga belangan, tomog‘i qaqrab ketganidan, ovozi bazo‘r xirillab chiqardi. U suv so‘rab kelgandi. Suv berdim. Saksovulning soyasiga xurjunini to‘shab biroz nafas rostladi. Shundan foydalanib, unga nasihat qilmoqchi edim, qaerda… Hatto quloq solgisi ham kelmadi. Ikki kundan beri sahroning tit-pitini chiqarsa ham biror kiyik uchramabdi. Menimcha kimgadir kiyik otib kelaman deb va’da bergan u. Endi quyi suvloq tomonini qidiraman, dedi. Yuragim «shuvv» etib ketdi. Kecha kechqurun kiyiklarning shu tomonga ketayotganini ko‘rgan edim. Shu tomonga borsa albatta kiyiklarni topadi. Uni gapga ko‘ndirolmasligimni tushunib oxirida ko‘nglimdagini aytdim.
– Orqa chap oyog‘i biroz oqsaydigan, urg‘ochi qora kiyik bor, iltimos ukam, shuni otmagin.
– Qiziqsiz-a, Abdurahmon aka, to‘daga qarab otgandan keyin, o‘qqa shu kiyikka tegma, bunisiga teg deb aytib bo‘ladimi!
– Ukajon, shu kiyikning bir xosiyati bor. Bekorga uning rangi qora emas. Shuni o‘ldirmagin, iltimos. Uvoli yomon bo‘ladi.
U menga bir qaradi-yu indamadi. Pat-patiga minib, quyi suvloq tomonga ketdi. Shundan keyin kiyigimni qaytib ko‘rmadim.
…Usmon o‘shanda yoshlik qilibmi, yoxud cholning iztirobini his qila olmaganidanmi, «Otamni yomonotliq qilmoqchi bo‘lyapti, ichiqora», deb o‘ylagandi. Lekin yillar o‘tib, otasining o‘limi tafsilotlarini eshitgach, Abdurahmon chorva va uning kiyigi haqidagi voqeani bot-bot eslab qolardi.
… U zamonlar Burhon ovchi kolxozda tabelchi bo‘lib ishlar, bosh hisobchilikka ko‘tarilishni orzu qilardi. U kolxozda, moliya texnikumini tugatgan yagona diplomli hisobchi bo‘lsa-da, ammo rais uni hisobchilikka qo‘yishga shoshilmasdi. O’qishni tugatib kelganida, «bir yilcha tabelchilik qilib turasan, keyin albatta hisobchilikka o‘tkazaman», deb va’da bergandi rais. Lekin oradan to‘rt yil o‘tib ham hech qanday o‘zgarish bo‘lmadi. Rais o‘sha-o‘sha, va’da berishdan charchamas, yig‘im-terimdan keyin albatta, idorada o‘tirib, bir ustolga egalik qilishini aytib qo‘ynini puch yong‘oqqa to‘ldirib yuboraverardi. Shunda uning yaqin jo‘rasi, kassir bo‘lib ishlayotgan Umarqul bir gap bilan ko‘zini ochib qo‘ydi.
O’shanda Umarqul ikkovi kimningdir to‘yidagi oshda hamtovoq bo‘lib qoldi. Gurung oqimi Burhonning tabelchiligiga taqalganida, u chiday olmay dardini dasturxon qilib yubordi, Umarqul sirli iljaydi.
– Tuppa-tuzuk ovchisan, ana, Bo‘riyotog‘i kiyikka to‘lib yotibdi. Bittasini shartta otginu raisning uyiga eltib tashla. Rais kiyik go‘shtini ko‘rsa o‘zini tomdan tashlaydiganlardan. Meni aytdi dersan, ertagayoq hisobchilikka o‘tkazadi seni.
Burhon ovchi uning aytganidek qildi. Ertasi kuni o‘z brigadasi bilan paykalga chiqayotganida uni rais yo‘qlatdi.
Rais bu safar uni oldingidek ensasi qotib emas, anchayin iliq qarshi oldi. Kecha yegan kiyik qovurdoqning ta’mini tamshanib eslarkan, uni yordamchi hisobchilikka o‘tkazish to‘g‘risidagi buyruqqa gajakdor imzo chekib yubordi.
– Mana ukajon, biz va’damizni bajardik. Endi siz bizning o‘z odamimizsiz. Shuning uchun bitta-yarimta xizmat chiqib qolsa bo‘yin tovlamaysiz. Keyinchalik sizni bosh hisobchilikka ko‘tarish niyatimiz ham bor. Shuni e’tiborga olib astoydil ishlang, ukajon.
– Xo‘p bo‘ladi, rais buva, – dedi Burhon qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib.
Uning bunday tavozesi raisga ham xush yoqib, yoyilib iljaydi.
Rais aytgan “bitta-yarimta xizmat” o‘zini judayam ko‘p kuttirmadi. Yangi joydagi ishining ikkinchi haftasidayoq raisning muhtasham kabinetiga chaqirildi.
– Keling, Burhonjon. Sizga bitta xizmat chiqib qoldi.
Burhon qo‘lini ko‘ksiga qo‘ydi.
– Eshitaman, rais buva.
– Gap bundoq. Uch kundan keyin, ijroqo‘mning tug‘ilgan kuni. Shunga bir kiyik kabob qildirmoqchi edim. Keyin u kishi, shunaqa jonivorlarni yaxshi ko‘radilar. Uylari zapark bo‘lib ketgan. Har xil qushlar, g‘alati jonzotlarni boqadilar. Shunga bir kiyik bolasini tirik ushlab kelsangiz, zo‘r bo‘lardi-da. Bu ishlar sizday ovchiga cho‘t emas-ku, a? – Rais tevarakka bir alang-lab, sirli pichirladi. – Normat aka nafaqaga chiqaman deb qo‘ymay yurgandi. Sizga ishonaman, iqtisodchilikni bemalol eplaysiz.
Burhon ovchi asta-sekinlik bilan raisning qo‘ygan tuzog‘iga chirmashib borarkan, mansabi ham yildan yilga oshar, raisning hakalak otgan nafsi Bo‘riyotog‘i kiyiklariga qiron keltirardi. Bosh hisobchilikka ko‘tarilganidan keyin rais ovga chiqishingizga yaraydi deb bir suvchiga atalgan mototsiklni unga topshirdi.
– Viloyatdagi bir rahbarimizga kiyik go‘shti zaril, – dedi bir kuni rais, – agar shuni eplasangiz, shu yil hosil bayramida «Moskvich»li bo‘lib qolasiz.
Burhon shirin entikdi. Axir qishloqda shu raisning «Volga»sidan boshqa mashina yo‘q. Mashina minib qishloq ko‘chalarini changitib yurishini, ko‘rgan o‘rtoqlarining og‘zi ochilib qolishini tasavvur qilib, kayfiyati ko‘tarilib ketdi.
– Bo‘pti rais buva, qoyillatamiz!
– Balli, yashang!
Burhon o‘shanda sahroning tit-pitini chiqarib uch kun izlasa ham birorta kiyikning qorasini ko‘rolmay xunobi chiqib yurganida Abdurahmon chorvaga duch kelgandi. O’sha kuni shom qo‘nayotgan mahalda quyi suvloqdan kiyiklarning siyrakkina to‘dasiga ko‘zi tushdi. Ularni bezovtalik bilan shoxdor taka suvga boshlab kelardi. Mototsiklning patillashini eshitsalar bir soniyadayoq ko‘zdan yo‘qolib, cheku chegarasiz sahro bo‘ylab tarqalib ketishga tayyor turardilar. Burhon mototsiklini o‘chirib suvloqqa pisib borishga qaror qildi.
Shoxdor taka suvloq yonidagi mo‘‘jaz tepalikda hushyor turar, siyraklashib qolgan to‘da esa shosha-pisha suv ichardi. Burhon salgina ehtiyotsizlik qilib, oyog‘ining ostidagi shoxni shitirlatib yubordi. Qari taka esa qulog‘ini ding qilib yerni bir tepib qo‘ydi. Suvga engashgan kiyiklar birdan boshlarini ko‘tardilar. Shoshilmasa bo‘lmasdi. Qorong‘ulik asta-sekinlik bilan qoplab kelayotgan sahroga singib, ko‘zdan yo‘qolishlari hech gapmas! U shoshilib o‘rnidan turdi-da chopib ketayotgan to‘daning so‘nggidagi oqsayotganligi elas-elas seziladigan yirikkina qora kiyikni mo‘ljalga olib tepkini bosdi. Kiyik o‘mbaloq oshib tushdiyu zarbdan yana turib ketdi. Burhonga u yana yugurib ketayotgandek tuyulib, ikkinchi o‘qni ham bo‘shatdi. Kiyik iltijoli bo‘zlab qulaganicha qaytib turmadi. U uch kunlik sarsonligiga nuqta qo‘ygan o‘ljasi tomon horg‘in qadamlar bilan yaqinlasha boshladi. Shu payt to‘da boshida ketayotgan taka kutilmaganda ortga qaytdi. Qonga belanib yotgan kiyikni hidlab, etni junjiktiruvchi xunuk va yo‘g‘on tovushda o‘kirib yubordi. Burhonning oyoqlaridan mador qochib, jismini qaltiroq egalladi. O’ljaning yoniga borishni ham, ortga qaytishni ham bilmay ikkilanib qoldi. Bexos, sahroning mungli oqshomida shoxdor taka kiyikning qop-qora ko‘zlari bilan nigohi to‘qnashib ketdi. Yoshdan yanada yaltirab, kattalashib ketgan ko‘zlarni so‘nggi kunlariga qadar unuta olmasa kerak!
– Nima qilib qo‘ydim?! – Uning ichida nimadir chirt uzilgandek bo‘lib, titroq ovozda pichirladi. U bo‘zlayotgan kiyik tomon yaqinlashishga o‘zida kuch topa olmadi. Miltig‘i og‘irlik qilayotgandek qayishidan ushlagancha sudrab ortiga qaytdi. Barxan panasida qorayib turgan mototsikli ham unga kiyik bo‘lib tuyulib, yuragi orqasiga tortib ketdi. Sinchiklab qarab mototsiklini ilg‘agach arang sudralib borib unga suyanib qoldi.
– Menga nima bo‘lyapti o‘zi? Shuncha kiyik ovlab bunaqa holga tushgan emasdim-ku. Haqiqatan ham anavi chorvaning gapida jon bormikan? Xosiyatli kiyikmikan u? …Barisi bo‘lmagan gap! Uch kundan beri sahro kezib yurganidan charchagan, xolos. Hozirgi ahvolini Umarqulga o‘xshagan ko‘rsa rosa masxara qilib kulsa kerak. Kimsan, Burhon ovchi, ayolga o‘xshab kiyikning o‘ligidan qo‘rqib o‘tirsa-ya!
Burhon mototsiklni o‘t oldirib, farasini yoqdi. Uzun ingichka nur yaydoq sahroni tilib, suvloq bo‘yidagi qamish va yulg‘unlarni yoritdi. Mototsikl patillagancha qonga belanib yotgan kiyikning jasadiga yaqinlashganda Taka kiyik hamon uning yonida ekanligini ko‘rib, Burxon yana bir seskandi, biroq o‘zini tezda qo‘lga oldi. Motor tovushidan cho‘chigan taka kiyik biroz nariga chopib bordi-yu, taqqa to‘xtadi. O’girilib, ko‘zlaridan ko‘kimtir-yashil alanga sochganicha qotib turaverdi. Burhon unga qarashga botina olmay o‘ljasini mototsikliga o‘ng‘arib, gazni qattiqroq siqimlab buradi. Mototsikl sahroning osuda oqshomini suronga to‘ldirib, yolg‘izoyoq yo‘ldan uchib ketdi.
Burxon mototsiklning quloqni qomatga keltirgudek patillashi orasidan ortidan chopib kelayotgan taka kiyikning tuyoq tovushlarini aniq eshitar, bunga sari yuragini vahima qoplab rulga qattiqroq yopishardi. Yarim tunda osuda uyquga cho‘mgan qishloqni mototsiklning shovqini uyg‘otib yubordi.

* * *

…Sultonni allaqanday sirli kuch bobosining hujrasi tomonga tinimsiz chorlayverardi. U momataloq bo‘lgan yuzidagi og‘riqlardan aftini bujmaytirib, bu hujra qachondan beri o‘ziga tortayotganini o‘ylashga urinardi. Shunda birinchi bor qo‘shni mahallalik Qodir mushtumzo‘rdan kaltak yeganida, bobosining eski miltig‘i haqida obdon o‘ylagani esiga tushdi. Ha, to‘g‘ri. Xuddi o‘sha birinchi bor kaltaklanganidan keyin, bu hujra, to‘g‘rirog‘i, uning suvoqlari ko‘chib ketgan paxsa devoridagi zanglab ketgan qoziqqa ilib qo‘yilgan miltiq uni o‘ziga chorlay boshlagan edi. Eh-he, unga ham bir necha yil bo‘lib ketibdi…
O’shanda u endigina maktabni tugatgan payti edi. Suluvni dugonalari bilan maktabdan qaytayotgan paytida uchratib qoldiyu, qalbi, aqli, dunyoqarashi, maqsadlari ag‘dar-to‘ntar bo‘lib ketdi. U institutga kirish ilinjida edi. Kelajakda katta-katta ishlar qilmoqchi edi. Hammasi, bari-bari suvda oqib ketgandek, bir zumda yo‘qoldi-qoldi. Ularning o‘rnini esa to‘laligicha Suluvning ishqi, Suluvning hajri, uning vasli-sog‘inchi egalladi. U Suluvning chang ko‘chasidagi har bitta xasu xashagini o‘pishga tayyor edi. Suluvning oyoqlari izi tushgan kesagu toshlarni bag‘riga bosishga shay edi. U yerdagi nuragan paxsa devorlar naqadar baxtli, chunki har kuni Suluvni ko‘radi, uning xush bo‘yini to‘yib-to‘yib hidlaydi. Sulton tongga qadar Suluvlarning mahallasida izg‘iydigan qiliq chiqardi. Shunday sandiroqlashlarida qizni olisdan ko‘rib qolsa ham undan baxtli kimsani dunyodan topib bo‘lmasdi.
Shunday darbadarlikning nechanchi kunidir, uning majnunligi mahalla yigitlarining e’tiborini torta boshladi. Qodir mushtumzo‘r boshchiligida u ogohlantirildi. Natija chiqmaganidan keyin esa Sulton yaxshigina ur-kaltaklar bilan uyiga jo‘natib yuborildi. Agar Sultonda ovchi bobosining o‘r fe’li bo‘lmaganida voqea shu bilan intiholagan, hushini yig‘ib olgan yigit yana o‘z holiga qaytib institut umidida katta shaharga yo‘l olgan bo‘larmidi. Ammo, uning suyak-suyagiga singib ketgan o‘rlik isyon qilib ertasi kuniyoq ko‘kargan ko‘zlariga qora ko‘zoynak taqqancha yana o‘sha mahallada paydo bo‘ldi. Qodir mushtumzo‘r bu safar o‘zi anglab-anglamay Sulton bilan Suluvning yuragida o‘z holicha aylanib yurgan ishq jilg‘asini yagona o‘zanga burib yubordi.
Qora ko‘zoynak taqib olgan «majnun»ning yana mahallada paydo bo‘lgani hakidagi xabar shotirlari tomonidan qulog‘iga yetdi.
«Shoshma, – deb o‘yladi Qodir. – Uni Suluvning ko‘z oldida sharmandasini chiqarib, obro‘sini yer bilan bitta qilish kerak!» Qodir o‘zining topqirligidan mag‘rurlanib, yonidagi mute shotirlariga osmondan nazar tashladi. Ular Qodirning zarbasi qanchalar zalvorli bo‘lsa, aqli shunga teskari mutanosiblikda ishlashini bilishar, lekin uning baquvvat, suyagi buzuq gavdasi, maymunnikidek uzun qo‘llari, kattakon mushti so‘zsiz itoat etishlarini ta’minlardi.
Bu safar Sulton suvga chiqqan Suluvning ko‘z o‘ngida kaltaklana boshlandi. Qodirning har bir zarbasidan ikki qadam ortga uchib ketayotgan Sulton, ming mashaqqatlar bilan bo‘lsa-da o‘rnidan turib yana raqib tomonga tashlanishga o‘zida mador topa olardi. Qodir o‘zining ham Suluvga befarq emasligini bildirib qo‘yishni, buni qiz o‘z ko‘zlari bilan ko‘rishini istardi.
– Yana Suluvning ortidan ergashganingni ko‘rsam, uyingga tirik qaytmaysan! – vishilladi u og‘zidan tupuk sachratib.
– Yo‘q! O’ldirsang ham ahdimdan qaytmayman!
Qodirning gurzidek mushti bu safar uning chakkasiga qaltis tegdi. Sulton muvozanatini yo‘qotib, chang ko‘chaga quladi.
– Nokaut! – hayqirishdi shotirlar.
Suluv Qodir mushtumzo‘rning anchadan beri ularning uyi atrofida bunaqa tomoshalar uyush-tirishiga ko‘nikib qolgandi. Suluv ayni maktabdan kelar chog‘i, yoxud, suvga yoki do‘konga chiqqan chog‘i bu bekorchixo‘jalar kurash, yo boks musobaqasini uyushtirar, pirovardida Qodir barcha shotirlarini yer tishlatgancha, mutloq chempionlikni qo‘lga kiritib, uning oldidan g‘oz yurib o‘tardi. Bugun ham shunaqa tomoshalarning biri deb o‘ylagan Suluv unga e’tibor bermadi. Ammo mushtlashayotganlar uning nomini tilga olishganidan so‘ng, e’tibor berib qarasa…
– Nima qilyapsan, kallaxum?! Undan qo‘lingni tort! – Suluv Qodirning tirjaygan ot basharasiga nafrat va g‘azab bilan tikilgancha, hamon tuproqqa qorishib yotgan Sultonning turishiga yordamlashdi.
…Usmon o‘g‘lining fe’lida g‘alati o‘zgarish bo‘layotganini sezib yurar, to o‘zi boshlamaguncha, unga biror gap aytib ko‘nglini qoldirishni istamaganidan arqonni uzunroq tashlagan edi. Ammo uning qiladigan ishlaridan tayin qolmay, hatto, institutga kirishga ham tayyorgarlik ko‘rmayotganidan, buning ustiga har ikki kunda bir marta yuzini ko‘kartirib keladigan odat chiqarganidan keyin sabr kosalari limmo-lim to‘ldi. Shunday kunlarning birida ochiq gaplashib olish uchun o‘g‘lini chaqirmoqchi bo‘lib turgan edi, Sultonning o‘zi shishgan yuzini otasiga ko‘rsatmaslikka tirishib kirib keldi.
– Xo‘sh, – o‘g‘liga sinovchan nazar tashladi u. – Sarguzashtlarni bir boshdan tinglarkanmiz-da?
Sulton ikkilanib, qizarib-bo‘zarganicha bor gapni otasidan yashirmay aytib berdi.
Usmon uning gaplaridan keyin bir muddat o‘yga cho‘mib qoldi. O’zining boshidan ham bir paytlar shunga yaqin savdolar o‘tgandi. Onasining Munisaga ro‘yxushlik bermasligi sabablarining bir uchi ham shunga kelib taqalardi. Usmon yolg‘iz o‘g‘lini tushungisi keldi.
– Ikkinchi o‘sha ko‘chaga borib, allakimlar bilan mushtlashib yurma. Menga qo‘yib ber. O’zim hal qilaman.
– Mayli, – dedi Sulton ham otasining o‘ziga xayrixohligidan quvonib. Lekin Suluvning ko‘chasiga bormaslikka kuch topa olishiga o‘zi ham ishonmasdi.
Darhaqiqat shunday bo‘ldi ham. Bir necha kundan so‘ng u yana Qodir bilan ro‘para keldi. Bu gal Sulton Suluv bilan ochiq-oydin gurunglashib kelayotgan mahal raqibning qo‘liga tushdi.
Suluvni chetga surib chiqarishib Sultonning basharasiga paydar-pay musht yog‘dira ketishdi. Sulton yana tuproqqa qorishdi. Suluvning chirqirashiga hech kim e’tibor ham bermadi.
– O’ldiraman seni! O’ldiraman! – Sultonning ovozi cheksiz g‘azabdan xirqirab chiqdi. Suluv uning ko‘zlarida yovuzona shu’la chaqnaganini ko‘rib titrab ketdi. U hoziroq Qodirni o‘ldirib qo‘yadigandek, chopqillab borib Sultonning qo‘llariga yopishib oldi.
– Sen hezim, hali meni o‘ldirmoqchimisan?! – dedi Qodir yana sovuq tirjayib: Qo‘lingdan keladimi? Agar yana seni shu qiz bilan ko‘rsam, o‘zingni asfalosofilinga jo‘nataman!
U changga belangan Sulton tomonga chirt etib tupurgancha nari ketdi. Sulton hamon titrog‘ini bosolmasdi. Shunda bobosining hujrasidagi miltiq ko‘zlari oldidan o‘tdi. O’taverdi.

* * *

…Karomat kampir necha yildirki, to‘shakka mixlanib, kuni o‘zi xushlamaydigan kelini Munisaga qolgan. O’shanda eri yarim tunda patpatini patillatib hud-behud bo‘lib kelganida yuragi bir seskangandi. Erining shunaqa yurishlariga ko‘nikib qolgan bo‘lsa-da, bu safargisi boshqacha edi. Rang ro‘yi bir holdagi Burhon ovchi qoniga belangan g‘alati qora kiyikni yerga uloqtirdi. Mototsiklini devorga suyab gandiraklagancha hujrasi tomon yurdi. Keyin qorachiqlari kengayib ketgan ko‘zlarini katta-katta ochib xotiniga g‘o‘ldiradi:
– Darvozani tambala! U ortimdan kelyapti!
Kim kelyapti? Baloning o‘qiga tik boradigan eri buncha joniqadi? Karomat hech narsani anglamasa ham erining amriga so‘zsiz bo‘ysunib, g‘ayri shuuriy tarzda darvozaning zulfinini tushirdi. Shu payt, keyinchalik uni umrining oxirigacha ta’qib qilib yurgan tuyoq tovushlari, xuddi bo‘g‘izlanayotgan so‘qimning so‘nggi nidosiga o‘xshagan vahimali xunuk tovushni eshitdi-yu, jismi joniga titroq indi. Bu tovushni eri ham eshitgan chog‘i miltig‘ini shosha-pisha o‘qlayotganiga ko‘zi tushdi.
– Nima qilyapsiz? Yarim kecha ham miltiq otadimi?
Ovchining quloqlari kar, ko‘zlari ko‘r edi. U duch kelgan tomonga qaratib har ikkala tepkini bosib yubordi. Negadir bitta o‘q uzildi. Qaltiroq qo‘llari ikkinchi tepkini to‘g‘ri bosolmadimi yoxud patron noto‘g‘ri joylanganmi, ikkinchi o‘q otilmay, o‘z vaqtining kelishini uzoq, qirq yil kutib qoldi…
Karomat yarimjon qaynonasining iltijosi bilan qo‘shni qishloqqa, qushnoch kampirnikiga yo‘l oldi.
Isiriq va yana allambalolarning hidiga to‘lgan badbo‘y hujraga kirganida, kampirning ohorsiz qasabasi ostidan chiqib, yelkasida yoyilib ketgan patila-patila, kirchil oq sochlari, burishib ketgan yuzlari, kipriksiz qovoqlari ostidan yiltirab turgan bit ko‘zlaridan shu qadar irganib ketgandiki, shart o‘rnidan turib jo‘navoray dedi. Ammo kampir yiltiroq ko‘zlari bilan unga tikilar ekan:
– Joyingdan qimirlama! – dedi amirona xirqiroq ovozda. – Eshikka quloq tut, u shu yerda. Eshityapsanmi?
O’sha dahshatli tunda darvoza ortidan eshitgan tovushlari qulog‘i ostida qayta jaranglagandek bo‘ldi. Vahimali hujraning hilvirab qolgan eshigi ortidan qandaydir hayvonning tuyoq tovushlari, buzoq bo‘zlaganiga o‘xshaydigan tovushda ma’ragani eshitilib turardi.
– Hozir o‘rningdan turib, eshikdan chiqsang, kuning bitadi!
Bu gapdan keyin Karomat turgan joyida taxta bo‘lib qoldi.
– Ering kiyikni o‘ldirgan. U kiyik parilarining g‘azabiga duchor bo‘ldi. Endi uni ham, seni ham so‘nggi kunlaringgacha o‘sha kiyik ta’kib qiladi.
Kampir mis tog‘orada nimadir tutatdi. Uning ko‘kimtir tutunlariga bir muddat karab turib, go‘yo tutundan nimanidir o‘qiyotganday so‘zlay boshladi.
– Ering o‘ladi. Kiyikni o‘ldirganining qirqinchi kuni. Uning avlodi qarg‘ishga qolgan. U ona kiyikni otgani uchun, uning avlodida qiz farzand bo‘lmaydi. Agar bo‘lgan taqdirda ham u ona bo‘lolmaydi.
Kampirning bunday dahshatli gaplaridan Karomatning vujudi muzlab ketgandek bo‘ldi: «Og‘zingdan chiqib yoqangga yopishsin!»
– Sen bunaqa gaplarni xayolingga ham keltirma! – Kampir uning xayolidan kechganlarni o‘qib turgandek ko‘zlarini g‘azab bilan yaltiratdi. – Sen ham eringning ortidan ketishing kerakligini bilib turibman. Uning oldini olmoqchiman. Qulog‘ingga quyib ol! Ering tuproqqa qo‘yilganidan qirq kun o‘tib sen shu yerga, mening oldimga kelasan. Qaytarma qilaman. Shunda sen tirik qolishing mumkin. Bo‘lmasa har qirq kunda uyingdan bitta tobut chiqadi. To ovchining avlodi butkul qirilib bitmaguncha. Qaytarmadan keyin bu muddat qirq yilga uzayadi.
Karomat kalovlanib uyiga qaytdi. La’nati folbin, hali tirik, to‘rt muchasi sog‘ odamni bir zumda o‘lishiga ishontirgani unda qarama-qarshi tuyg‘ularni uyg‘otardi…
Qushnoch aytganidek, roppa-rosa qirq kun o‘tib Burhon ovchi omonatini topshirdi. Erining qirqi o‘tganidan so‘ng bir qizil xo‘rozni ko‘tarib yana kampirnikiga bordi. Qushnochning qilgan amallari ta’sir qildimi, tuyoq va ma’ragan tovushlar uni ta’qib qilmay qo‘ygandi. Ammo ikki-uch kundan beri yursa ham, tursa ham, o‘sha qirq yil burungi, dahshatli tovushlar qulog‘iga kiradi. Kechalari alahlab, erining qiyshayib ketgan basharasi, qonga belangan kiyiklar uni ta’qib qilib chiqishadi. Qushnoch hali ham bormikan. O’shanga bir alas qildirsa bo‘lmasmikin? Agar tirik bo‘lsa, hozir yuz yigirmaga kirgan u. Yo, allaqachon suyagi surma bo‘lib ketdimikan.

* * *

…Sultonning telbavoriy shahd bilan bobosining hujrasiga kirib ketganini ko‘rib qolgan Munisa uning qay paytda qanday chiqib ketganini ilg‘amay qoldi. Negadir shu kuni tongdan yuragi alag‘da. Ertalab erining ham rang-ro‘yi bir xil bo‘lib turganidan unga ham biron gap aytishga yuragi betlamadi. Qo‘li ishga bormasa ham qaynonasining g‘urbatiga qolmaslik uchun hovlida kuymalanib yurdi. Tezroq kelin tushirsa, ko‘ngli biroz tinchib, jismi orom olarmidi.
Ayvon raxiga suyangancha bir muddat xayol surib qolibdimi, shu payt birdan o‘zi umrida ko‘rmagan qaynotasining hujrasi eshigi g‘alati qiyshayib ochilib turganidan bir mash’umlikni ilg‘ab yuragi orqaga tortib ketdi.
Darvoza tashqarisida qandaydir tuyoq tovushlariga omuxta bo‘lib vahimali bo‘g‘iq ovoz ham eshitilardi. Bu tovush tushlariga kirib chiqqan tovushlarga o‘xshab ketardi. Shunda u beixtiyor eshigi qiyshayib ketgan ovchining hujrasiga qarab yurganini bilmay ham qoldi. Hujrada qirq yildan beri ilig‘liq miltiq yo‘q edi.
– Sulton… Sulton kirgan edi!
Munisa yuz berajak mudhish fojeani his etib, seskanib ketdi. Kovushlarni poyma-poy ilib tashqariga chiqqanida, shundoqqina darvozalari ro‘parasida qorni va oyoqlari oppoq, tanasi esa negadir qorayib ketgan kiyik yirik-yirik qora ko‘zlarini jovdiratgancha qarab turardi.
Munisa bu gavjum ko‘chada kiyikning qanday paydo bo‘lib qolganidan hayratlanish ham esiga kelmay u tomon yurdi. Kiyik ortimdan yur degandek, uni boshlab ketaverdi. …Bir payt Suluvlarning mahallasida ko‘rdi o‘zini… Ana, yolg‘izi Sultonjon allaqanday maymunsifat yigitga miltiq o‘qtalib turibdi.
Onaning yuragi hapriqdi.
– To‘xta-a!!! Sultonjon, bola-am…
Qirq yil oldin mo‘ljalga olingan o‘q uning ko‘ksini o‘pirib ketgandi. Munisaning bir necha soniyada oqargan sochlari yoyilib, yengil bir epkinda silkindi. O’zining qulayotganini, bexosdan onasini nishonga olib qo‘ygan Sultonjonning qiyshaygan basharasini elas-elas ilg‘agancha ko‘zlari yumildi…

045

(Tashriflar: umumiy 299, bugungi 1)

1 izoh

  1. Bahodir Abdurazzoqni ijodlarini ko’p vaqtdan beri kuzatib boraman. Ancha vaqt oldin «U» nomli qissalari qo’limga tushib qolgandi, Bahodir Abdurazzoq nomi bilan tanish bo’lmaganim uchun ana o’yiman mana o’yiyman deb yurgan edim. Vaqt topib o’qib chiqdim-u, qoyil qoldim. To’g’risini aytsam anchadan beri mana shunaqa asar o’qimagan edim. Gapim lofdek tuyulishi mumkin lekin inson asar o’qib bu darajada lazzatlanishi qiyin bo’lsa kerak. Bir oydan ortiq qissadagi voqealar ichidan chiqib keta olmadim. Asarga 100 balldan 95 ball qo’ydim. 100 ball qo’yishim mumkin edi, ammo qissaning yakuni dilni ozgina xira qildi. Man odatda kamdan kam asarlarga 90 dan oshirib ball qo’yaman. O’zi asarlarga ball qo’yish xatodir, ammo yoqgan asarga ball qo’ymasam qanchalik yoqganligini tushuntirib bera olmaymnan. Nima bo’lganda ham Bahodir Abdurazzoq degan nom o’zbek adabiyotidagi katta yangilik. Adib nafaqat o’zbek adabiyotida balki, jahon adabiyotida ham uncha buncha yozuvchilarni ortda qoldira oladigan darajada. Men hurmat qiladigan va asarlarini savib o’qiydigan yozivchilar orasiga ushbu nom ham qo’shildi.

Izoh qoldiring