Erkin Vohidov. She’r va hayot haqida & Bahodir Karim. Adabiy fikr javhari

033    28 декабрь – Устоз Эркин Воҳидов таваллуд топган кун

Ўзбек адабиёти тарихида ҳам адабиёт муаллимлари доимий равишда мурожаат қиладиган, тайёр адабиёт назарияси қонун-қоидаларидан нисбатан фарқланадиган, уларни тўлдирадиган фикр-мулоҳазалар бор, албатта. Абдулла Қодирийнинг «Ёзувчининг ўз иши тўғрисида», «Кулгу ҳақида» каби қатор мақолалари, Абдулла Қаҳҳорнинг «Ёшлар билан суҳбат»и, Ойбек ёки Ғафур Ғуломнинг, Пиримқул Қодиров ёки Одил Ёқубовнинг, Шукур Холмирзаев ёки Ўткир Ҳошимовнинг адабий қарашлари адабиётшуносларимиз учун, адабиёт муҳиблари учун шундай манблардир. Абдулла Ориповнинг адабий-эстетик қарашларининг маълум бир қисми «Эҳтиёж фарзанди» номли китобида жамланган

Эркин ВОҲИДОВ
ҲАЁТ ВА ШЕЪРИЯТ ҲАҚИДА
04

065Шеър шоир қалбида туғилган ҳаётий туйғуларни ифода қилади ва шу билан ўқувчи юрагини ром қилади. Шоир ўзи ёнмаса, бошқаларни ёндиролмайди, қалб ҳисларида оташ бўлмаса, бошқа қалбларга ҳарорат беролмайди. Бу сеҳрли оташсиз ҳар қандай шеърий жимжималардан, бадиий воситалардан, маҳоратдан наф йўқ.

* * *

Инсон юраги ҳам бир олам. Унинг ҳам баҳор ва кузлари, тонг ва тунлари, ором ва зилзилалари бор. Шеърият юрак садоси бўлганидан ана шу мураккаб туйғулар оламини ифода қилади. Шунинг учун ҳам бир шеърни ўқиб қувонсак, кўксимиз сурур ва ифтихор туйғуларига тўлса, иккинчи бир шеърни ўқиб хаёлга тушамиз, инсон дардларига ошно бўламиз. Шоирлик ўша туйғуларнинг табиийлиги ва ҳаққонийлигига шеърхонни ишонтира олишдир. Ишонтира олиш қобилияти истеъдоднинг ибтидоси.

* * *

Бахт шундай нарсаки, борлигида уни киши сезмайди, йўқлигида орзу қилади. Бахтли одам «мен бахтлиман» деб оламга жар солмайди. Инсон ҳеч қачон бахтга тўйган, бахтим етарли, деган эмас.

Аслида, ҳаётда бирор мақсад билан яшашнинг ўзи — бахт. Мақсадсиз яшаш шундай кўргиликки, у ҳеч кимнинг бошига тушмасин! Кишида мақсад бўлса, унга эришиш йўлида курашиш, машаққат чекиш, таъна-дашномлар эшитиб куйиб-ёниб юриш ҳам — бахт.

* * *

Бу оламда йўқотишлар ичидаги энг оғир йўқотиш инсоннинг ўзлигини йўқотишидир. Одамзод тафаккур ва эҳтирос, руҳият ва имон дунёсида яшайди. У юрагидаги эътиқод билан, ишонч билан тирик ва бутун. Ўзликни йўқотмоқ ана шу оламдан жудо бўлмоқдир, инсон иморатидаги рукнларнинг — устунларнинг синмоғидир.

* * *

Кишига дунёни кўрмоқ учун кўз берилган, уни эшитмоқ ва сезмоқ учун қулоқ ва сезгилар берилган. Оламни билиш учун эса одамзоднинг тафаккури бор. Инсон дунёга келиб дунёни билишга интилади. Кўз билан кўриш учун машаққатлар чекиб олам кезади, оҳангларни эшитиш, завқлана билиш учун мусиқа ўрганади. Ўтмишу бугунни ёрқинроқ тасаввур этиш, эртани хаёл билан қамраш учун болаликдан йиллаб меҳнат қилиб савод ўрганади, китоб ўқийди, Чунки китоб инсонга Аллоҳ томонидан мўъжизадек ҳадя этилган тафаккурни ёритувчи машъалдир.

* * *

Истеъдод — бу аввало дид, яхши дид эгаси бўлиш қобилияти, дегувчилар ҳам бор. Истеъдод — бепоён тушунча. У таърифга сиққанда эди, уни маълум хусусиятлар доирасида чегаралаш мумкин бўлганда эди, одамлар йўқ истеъдодни тарбиялаб бор қилган бўлардилар. Горький, истеъдоднинг 99 фоизи меҳнат деганини туғма истеъдоди бўлмаган одам меҳнат билан чинакам шоир ёки бастакор бўлиши мумкин деб тушунмаслик керак. Ҳар қалай 99 дегани юз эмас. Сув нормал шароитда юз градусда қайнайди. 99 градус исиган сув — қайнаган сув эмас. Форс тилида қайнашни «жўшидан» дейди. Яъни жўшмоқ. Шеърият ҳам жўшмоқдир. Жўшмоқ учун эса 99 фоиздан ташқари ўша камтарин бир фоиз — яъни туғма истеъдод керак.

* * *

Тоғнинг улуғлигини тасаввур қилмоқ учун ундан узоқлашиш керак бўлганидек, буюк тарихий воқеаларнинг ҳайбатини ростмана ҳис этиш учун маълум вақт масофаси лозим бўлади. Ҳозиржавоблик адибнинг яхши фазилати. Лекин у адабиётнинг белгиловчи шарти эмас. Замонавийликнинг ўзи ҳам бу кунги ҳаётимизни акс эттиришгина бўлмай, замонамизга муносиб бадииятки ҳам ўз ичига олади. Ўқувчи учун авторнинг ёшу қариси, унвонли, унвонсизи йўқ. У ҳамиша ёзилган сатрларга қараб муаллифга ўз муносабатини билдиради: ё қалбига жо қилади, ё унутади, йўқликка маҳкум этади.

* * *

Инсонга бир марта бериладиган ҳаётда у умридан, ўтган кунидан қониқиб яшаши керак. Виждонига хилоф иш қилмай яшаса — бундан улуғ бахт йўқ. Ҳар бир айтган сўзинг, ишинг ўзингнинг хоҳишингга мувофиқ бўлса — энг катта бахт шу. Аксинча, инсоннинг ўз ички интилишлари, қалби, эътиқоди, сўзи билан иши ўртасида зиддият пайдо бўлса, виждони буюрганини қилолмаса, бу — инсон учун жуда катта бахтсизликдир.

* * *

Шоирликнинг «қора иши»ни кўз олдига келтирмай, бу номнинг ўзига, обрў ва шуҳратига қизиқиб шеърият майдонига интилганлар хато қиладилар. Кўпинча бундай хато жуда қимматга тушади. Хато қилган одам учун ҳам, шеърият учун ҳам. Шу сабабли «ёшларга ғамхўрлик» деганда фақат уларни қўллаб-қувватлаш йўғини бор қилиб кўрсатиш эмас, балки уларга рост гапни айтиш, янглишишдан қайтариш ҳам тушунилади. Овози йўқ одам ҳофиз бўлолмайди, мусиқани эшитиш, фарқлаш, англаш қобилияти йўқ одам бастакор бўлолмайди. Лекин икки сатрни бир-бирига жуфтлаш, саводли ёзиш қобилияти бўлган ҳар бир фуқаро шоирлик, ёзувчилик даъво қилиши мумкин. Бизнинг саводхон асримизда, айниқса, адабиётда истеъдод билан ҳаваскорликни ажратиш мушкул бўлиб қолди.

Баҳодир КАРИМ
АДАБИЙ ФИКР ЖАВҲАРИ
ёхуд Эркин Воҳидовнинг адабий-эстетик
қарашларига бир назар

04

Ёзувчи ёки шоирларнинг адабий-назарий қарашлари бадиий асарларни талқин қилишда муҳим очқич вазифасини ўташи дунё адабиётшунослиги тажрибасидан маълум. Шунинг учун буюк истеъдодларнинг шеъриятга, бадииятга, истеъдод эгаларига, умуман, адабиёт ва санъатга қарашлари махсус китоблар ҳолида нашр қилинади. Бундай ишларнинг икки жиҳатдан аҳамияти кўзга яққол ташланиб туради:

Биринчидан, ижодкорнинг бадиий-эстетик концепцияси маълум бўлади.

Иккинчидан, адабий-назарий қарашлар хазинаси бойиб, адабиёт майдонига кириб келаётган хаваскорлар учун ибрат мактаби вазифасини бажаради.

Зотан, жаҳон адабиётдаги И. В. Гёте, Л. Толстой ёки Ч. Айтматовнинг адабиёт ҳақидаги қарашлари илм аҳли учун ҳар доим қимматли бўлган ва шундай бўлиб қолади.

Ўзбек адабиёти тарихида ҳам адабиёт муаллимлари доимий равишда мурожаат қиладиган, тайёр адабиёт назарияси қонун-қоидаларидан нисбатан фарқланадиган, уларни тўлдирадиган фикр-мулоҳазалар бор, албатта. Абдулла Қодирийнинг «Ёзувчининг ўз иши тўғрисида», «Кулгу ҳақида» каби қатор мақолалари, Абдулла Қаҳҳорнинг «Ёшлар билан суҳбат»и, Ойбек ёки Ғафур Ғуломнинг, Пиримқул Қодиров ёки Одил Ёқубовнинг, Шукур Холмирзаев ёки Ўткир Ҳошимовнинг адабий қарашлари адабиётшуносларимиз учун, адабиёт муҳиблари учун шундай манблардир. Абдулла Ориповнинг адабий-эстетик қарашларининг маълум бир қисми «Эҳтиёж фарзанди» номли китобида жамланган.

05Эркин Воҳидовнинг «Шоиру шеъру шуур» номли китоби биз тилга олаётган масала нуқтаи назаридан эътиборга лойиқ. «Санъатнинг, адабиётнинг шарти – баркамоллик ва мукаммалликдир», деб ёзади унда Э.Воҳидов.

Чин маънода ўзининг тиниқ адабий-эстетик концепциясига, дардига, адабий дунёсига эга ижодкор узоқ-узоқлардан баҳайбат тоғларга ўхшаб кўзга ташланиб туради. Кўп ҳолларда бу истеъдод эгалари асрлар қаъридан ақлли-доно нигоҳлари билан бугунги кунимизга, келажакка назар ташлайди. Истеъдодларнинг ғуж-ғуж бўлиши кам учрайдиган ҳодиса. Истеъдоднинг уруғи кўп бўлмайди. Шу боис истеъдод ноёб ва юксак бўлади. Чунончи, «Истеъдод шундай бир гавҳарки, у денгиз тубида, садаф ичида ҳам гавҳар, истеъдод шундай бир зилол ирмоқки, унинг ҳар қатрасида дарёларнинг қудрати, уммонларнинг теранлиги бор, истеъдод шундай бир гулки, унинг ҳар бир очилмаган ғунчасида чаманларнинг бўйи ва таровати бор» (Э.Воҳидовнинг «Чақмоқ умри» мақоласидан). Шеърият, адабиёт истеъдодли ёки мажнунсифат кимсаларнинг қисматидир, деган қадим-қадим замонлардан қолган бир ҳақиқат ҳам борки, Э.Воҳидовнинг истеъдод, унинг туғма бўлиши тўғрисидаги қарашлари ўша қадим ҳақиқатларга мувофиқ келади. Шоир ёзади: «Барча истеъдодлар каби шоирлик истеъдоди ҳам туғма бўлади ва болаликдан ўзини намоён этади. Бу кундуздек равшан, ҳақиқатнинг ўзидек аён. Туғма истеъдод эгаси бўлмаган, шеъриятга ҳавас туфайли адабиётга кириб қолганлар умр бўйи ҳаваскор бўлиб қоладилар» («Санъат ва тафаккур» мақоласи). Гўзал адабиёт бағоят, мафтункор, фусункор ва ҳайбатли кошонадир. Бу муҳташам кошонага ҳаваскорлиги боис кириб қолганлар чиқиб кетишлари гумон. Бу муқаддас даргоҳдан ҳаваскорларни биров ҳайдаб чиқишга ҳам ҳаққи йўқ. Бундай жоҳилона ҳуқуқ бировга берилган эмас. Аммо давр, замон, вақт уларни фарқлаб беради. Шу зайлда «умр бўйи ҳаваскор бўлиб қолади»ган кимсалар ижодининг миси чиқади. Адабиётнинг абадиятга дахлдор олтин кошонасидаги табиий муҳитда истеъдодсиз одамнинг нафас олиши қийин бўлади. Ҳатто бу даргоҳда зоҳиран қараганда елкасига жанда ёпган, аммо ичкариси шайтонхонага айланган «дарвеш» ҳам истиқомат қила олмайди.

Бу ҳақиқатни англаш, ҳис қилиш нақадар зарур, нақадар оғир.

Айни чоқда, туғма истеъдод эгасини тарбия қилиш деган гап ҳам ниҳоятда муҳим. «Ижодкор нафас оладиган ҳаво – адабий муҳитдир. Бу ҳаво тоза, мусаффо бўлмоғи керак». (Э.Воҳидов фикри). Тўғри гап, истеъдоднинг ўсиб униши учун мусаффо об-ҳаво, қуёшдай меҳрибон устозларнинг кўнгил ҳарорати ва оқ йўл тилаги керак бўлади.

Шоир зоти ўзини ёзади. Ижод аҳли ўзи ишонган ҳис-туйғуларни ёзса, бошқалар ҳам ишонади. Ҳар қандай бадиий асар замирида, гарчанд ижодкорнинг ёзганлари ижтимоийлашгандек тассурот қолдирса ҳам, унинг ортида одам, улкан бир қалб эгаси – муаллиф турган бўлади. Бу шоирнинг гапи. Мана ўша эътироф: «Шеъриятнинг буюк қудрати унинг ишонтириш кучидадир. Биз ҳар бир шеър ортида унинг эгасини кўрамиз, унинг маънавий оламини тасаввур этамиз, ўша шеър ортида турган одам ўзининг самимияти билан, ҳалоллиги билан бизни ўз туйғуларининг чинлигига ишонтирмоғи керак. Шеър ҳамиша шоирнинг қисматидир. Агар шоир ўзига, ўзининг қисматига ярашадиган гапни айтмаса, одамлар унга ишонмайдилар» («Шеърият изланишда яшайди» мақоласидан).

Дарҳақиқат шоирнинг сўзига ишониш керак, шоирнинг сўзидан таъсирланиш лозим. Бадиий адабиётнинг образлилиги масаласи шу ўринда намоён бўлади. Аслида ҳис-туйғуларни, англанган ҳақиқатларни турли бўёқдор сўзлар, ҳар хил бадиий санъатлар воситасида ёрдамида ифода қилиш – бадиий адабиётнинг табиати. Шоирлар бировларни ром этадиган, ўзида «сеҳрли ҳақиқат»ни мужассам қилган «ёлғон»ни ёзадилар. Шу ўринда бағоят ибратли бўлгани боис Э.Воҳидов мақоласидан олинган бир ривоятни кўчираман:

«Ривоят қиладиларки, Нуширвони одил шоирларни ҳузурига чақириб айтибди: «Бу не бетавфиқликки, сиз шоирлар мендек одил шоҳ даврида ёлғон шеърлар ёзасизлар? Ҳеч замонда ошиқнинг оҳу фиғони саҳрога ўт қўядими? Қиз боланинг киприги ўқ бўлиб ошиқ йигитнинг кўкрагига санчилармиш. Бу гапга ким ишонади? Хуллас, шу бугундан бошлаб ким ёлғон шеър ёзса боши дорда, мулки талонда».

Шу фармондан кейин узоқ вақт ҳеч ким шеър ёзмай қўйди. Ниҳоят бир шоир шундай шеър ёзди:

Тонг отса юлдузлар сўнар осмонда,
Хўрозлар қичқирар Мозандоронда.
Халафда кечқурун қуёш ботади,
Кечаси одамлар ухлаб ётади.

Нуширвони одил ҳеч бир ёлғони йўқ, бошдан-охиригача ҳақиқат бўлган ушбу шеърни ўқиб елкасини қисди, бошини қашлади ва яна фармон берди: «Шоирлар ўша ўзининг ёлғонини ёзаверсин». Шундан: «Шоир сўзи ёлғондур», деган гап қолган, шундан Фузулий: «Алданмаки, шоир сўзи албатта ёлғондур», дея лутф қилган.

Шеъриятнинг ана шу «ёлғонида» жуда чуқур ҳақиқат, сеҳрли ҳақиқат бор, буюк ишонтириш кучи бор. Ақл бовар қилмас бир қонуниятга кўра кишилар жўн айтилган рост сўзга эмас, ўша «ёлғон»га ишонади.

Нега энди мен шеъриятнинг зукко билгичлари ўлтирган бу йиғинда адабиётниг ибтидоий қонуни, алифбоси бўлган бу гапни, ҳаётий ҳақиқат билан бадиий ҳақиқат муносабатини айтиб турибман? Негаки, минг афсус, биз кўп ҳолларда, ҳатто тўқсон фойиз шеърларимизда шу қонунга амал қилмаймиз, «Халафда кечқурун қуёш ботади» деб ёзамиз» («Юлдузлар қовушса» мақоласидан).

Инчунун, бу ҳақиқатни тан олмаслик қийин. Шеъриятнинг қонуниятини билмайдиганлар, бадиий адабиётга хос хусусиятларни англамайдаганлар, гап-сўзларнинг қолипланган вертикал шаклини шеър санаб юрганлар кўп. Улар шеъридаги бирорта сатрга тегиниб бўлмайди. Чунки ҳар бир сатрда ҳақиқат баён қилинган. Дейлик: «Кечаси одамлар ухлаб ётади», дегандек. Бу гапнинг нимаси хато? Айни чоғда яна бир савол жаранглайди: Нимаси шеър? Бу тўғри конструкцияли дарак гап ҳар қандай интонация билан айтилса ҳам, шеърга дўнмайди. Чунки бундай сатрларда бадиий адабиётнинг энг асосий хусусиятларидан бири – образлилик йўқ. Оригинал ифодаланган шоирнинг ўзи, мени, руҳи топилмайди. Бири бирини такрорлаётган шоирлар, бири бирининг оҳангида шеър айтаётган ҳаваскорлар ўзларига: «Менинг ёзганларимни бир асрдан сўнг кимдир ўқийдими», деган саволни бериб, жавоб топишлари қуёшнинг ботиши тўғрисидаги маълумотларни ёзишдан кўра муҳимроқдир.

Шоирлик қисматига бардош бериш, унинг шон-шуҳратига муносиб яшаш, энг муҳими, шоир ўз миллатининг виждони, юзи, сўзи ва кўзи эканини ҳар доим эсида тутиши, албатта, осонмас. Шоир – истеъдод эгаси, шоир – сўз ва тафаккур одами, шоир – изтиробли, дардманд инсон, шоир – эл-юрт қувончига шерик одам… Табиийки, шоир зотининг табиати, таъриф ва тавсифи хусусида бундай фикр-мулоҳазаларни давом эттиравериш мумкин. Аммо шеър учун мукаммал таъриф топиб бўлмаганидек, шоирлик қисматини ҳам тўла-тўкис равишда, мухтасар сўз билан англатиш қийин. Буни фақатгина шеърий кайфият изтиробларини бошидан кечирган, «сўз дурларини териш» билан машғул бўлган одамгина англайди. Кўнглини қоғозда акс эттириш учун муносиб сўз излаган, сўзларни туш кўрган кишигина ҳис этади. Қайсидир маънода:

«Сен, эй сен, шеърият, бўлдинг
Ки қайдин ошино менга,
Кетурдинг ҳам сафо менга,
Етурдинг ҳам жафо менга»,

дея қалбининг ҳолатини, дилдаги сафою жафоларни шеъриятга мурожаатан баён этаётган Эркин Воҳидовдай инсон англата олади, эҳтимол. Дарҳақиқат, шеърни англаш, сўзни ҳис этиш, сўзга хиёнат қилмаслик, «ёлғонни ёзган ҳолда рост сўзлаш» санъатига садоқат ижод аҳли учун бағоят муҳим фазилатдир. Шеърият даргоҳига кириб келаётганлар учун ҳам шу мезонлар ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Бевосита ҳаётий ва ижодий тажрибалар жараёнида баъзан ижодкорнинг воқеликка пишиқ-пухта эстетик нуқтаи назари шаклланади.

Аслида, шеършунослар шеърни англаши, ўқувчида шеърий дидни шакллантириш лозим. Бу хусусда Э.Воҳидов ёзади: «Шеърни англамакнинг ўзи ҳам истеъдод. Биз бу истеъдоднинг номини назокат деймиз, нозикфаҳмлик деймиз. Бу фазилатга янгиликни англаш ва баҳо бера олиш сифати қўшилганда у дидга айланади. Дидни эса ёшликдан тарбияламоқ, билим ва туйғулар бойлиги билан камолатга етказмоқ керак» («Шеърият изланишда яшайди» мақоласидан). Одатда бундай эстетик тарбия учун адабиёт муаллимлари масъул бўладилар. Адабий жараёнга баҳо бергувчи мунаққид ва адабиётшунослар ҳам китобхон дидини шакллантиришга хизмат қилиши мумкин. Аммо ҳозирги кунда ҳар икки жиҳат ҳам оқсамоқда. Мактаблардаги адабиёт дарслари ҳам, мунаққидлар фаолияти ҳам кўнгилдагидек эмас.

Гоҳида айрим адабиётчи-тадқиқотчилар куннинг бирор долзарб мавзуи тилга тушса, дарҳол аллақандай «хом-ашё»ни тайёр қолипларга пала-партиш жойлаб мақола ясаб ташлайди. Анжуманга тезис жўнатади ёки маъруза ўқиш учун минбарга минади. Бунинг бировга нафи бор-йўқлиги баъзан ўйлаб ҳам кўрилмайди. Муҳими – гўё қатордан, рўйхатлардан қолмаслик. Мақоланинг савияси, ўша фикр юритилаётган ижодкор дунёси, руҳияти, ўртага қўйилиб, ечилиши лозим бўлган муаммо – муҳим эмас. Дарҳақиқат, шу йўсинда ногирон асарлар йиғилиб қолади; узоқ умр орзу қилади. Ҳолбуки, адабий-танқидий мақола ҳам воқеа бўлиши мумкин. Ҳолбуки, адабий-танқидий мақола ҳам илҳом билан ёзилиши керак. Ҳолбуки, адабий-илмий мақоланинг ҳам ички структураси, композицион қурилиши, ритми, пафоси, оҳанги бўлади. Адабий-тақидий мақола ҳам яшашга, умрбоқий бўлишга ҳақли. Бироқ ўша мақолада жасоратли одил фикр бўлмаса, аллақандай манманлик ортидан ёзилса – бу ёмон. Шу маънода Э.Воҳидов таъкидлайдики: «Ёзувчига унинг истеъдод даражасига, асарига қараб эмас, балки эгаллаб турган мансабига қараб баҳо берилиши, ҳамма билиб, кўриб турган барча жиҳатлардан ожиз асарларнинг мақталиб, кўкларга кўтарилиши адабий танқид деб аталган муқаддас соҳанинг обрўйини туширади» («Адолат туйғуси» мақоласидан). Ота-она ўз фарзандининг табиатини, бир қарашдаёқ унинг юзидан шод-хуррамлиги ёки хафалигини бошқаларга нисбатан аъло даражада билганидек, чин маънодаги истеъдодли санъаткор-ижодкор ҳар доим ўз қадр-қийматини ҳам, савиясини ҳам, асарларининг умрини ҳам яхши англайди. Бу ҳамма замонлардан ўтиб келаётган ҳақиқат. Қолаверса, «Танқидчи душман орттираман, деб қўрқса ёки ундаги адолат туйғусидан шафқат туйғуси устун келса, адабий муҳитда ҳеч қачон адолат бўлмайди» (Э.Воҳидов фикри).

Ижодкор руҳий оламини бадиий асар ёзган кишигина яхши билади. Ижодкорнинг адабиёт, шеърият борасида айтган фикр-мулоҳзалари ўша ижодий жараённи, руҳий бир мувозанатсизликни бошидан кечирган кишининг эътирофларидир. Чунки «Шоир қаер тўғрисида, нима тўғрисида ёзмасин, у аввало ўзи тўғрисида, ўз халқи ва юрти тўғрисида ёзади» (Э.Воҳидов фикри). Гоҳида бундай қарашлар адабиёт назарияси дарсликларида қайд қилинган қоидаларга мувофиқ келмаслиги ҳам мумкин. Чунки ижод ниҳоятда индивидуал жараён. Бу жараён ҳар кимда турлича кечиши мумкин. Ижод жараёни учун аксиома йўқ. Ижод жараёнининг ягона қоидаси – бу ёзиш. Бошқаси – хаёл. Бошқаси – ортиқча гап. Шоир ёки ёзувчининг оқ қоғоз билан учрашуви – агар чин маънодаги гўзал ва умрбоқий асарлар тўғилса – ҳақиқатан ҳам улкан байрам. Акс ҳолда умрнинг исрофидан бошқа нарса эмас. Бу ҳақиқатни англаш, тан олиш ва бошқаларга бу тажрибанинг сабоқларидан сўйлаш ҳам ижодкор зиммасидаги юк.

Э. Воҳидовнинг ҳаётий ва ижодий тажрибалари туфайли туғилган назарий қарашларида бир олам ҳикмат мужассам. Шоир ўзининг «Аруз ҳақида» деган мақоласида: «Ғазал – мураккаб ва анча қийин жанр. Ғазалнависдан оз сўзда кўп маъно бериш, фикр дурдоналарини бадиий ташбеҳ садафлари ичида тақдим этишни талаб этувчи жанр… Аруз адабиётнинг, умуман, санъатнинг ҳамма турлари каби талант ва маҳорат, теран хаёл ва эҳтирос талаб қилади», деган эътиборли мулоҳазаларни ёзади.

«Сарбаст – ўлчов қирғоғига сиғмаган тошқин туйғуларнинг вазнидир», «Мақоллар – ҳеч бир подшо эълон қилмаган фармон, ҳеч бир давлат томонидан битилмаган конституциядир». Умуман олганда, Эркин Воҳидов англаган ва англатган бундай ҳақиқатлар, адабий-назарий қарашлар ўз қадр-қийматига эга. Улардан баҳрамандлик маънавий юксалиш, адабиёт ва санъатни, шеърий ҳис-туйғулар ва назм табиатини англаш учун жуда зарурдир. Бунга шубҳа йўқ.

Манба: Шоир Ориф Толиб веб-саҳифаси

044

Erkin VOHIDOV
HAYOT VA SHE’RIYAT HAQIDA
04

She’r shoir qalbida tug’ilgan hayotiy tuyg’ularni ifoda qiladi va shu bilan o’quvchi yuragini rom qiladi. Shoir o’zi yonmasa, boshqalarni yondirolmaydi, qalb hislarida otash bo’lmasa, boshqa qalblarga harorat berolmaydi. Bu sehrli otashsiz har qanday she’riy jimjimalardan, badiiy vositalardan, mahoratdan naf yo’q.

* * *

Inson yuragi ham bir olam. Uning ham bahor va kuzlari, tong va tunlari, orom va zilzilalari bor. She’riyat yurak sadosi bo’lganidan ana shu murakkab tuyg’ular olamini ifoda qiladi. Shuning uchun ham bir she’rni o’qib quvonsak, ko’ksimiz surur va iftixor tuyg’ulariga to’lsa, ikkinchi bir she’rni o’qib xayolga tushamiz, inson dardlariga oshno bo’lamiz. Shoirlik o’sha tuyg’ularning tabiiyligi va haqqoniyligiga she’rxonni ishontira olishdir. Ishontira olish qobiliyati iste’dodning ibtidosi.

* * *

Baxt shunday narsaki, borligida uni kishi sezmaydi, yo’qligida orzu qiladi. Baxtli odam «men baxtliman» deb olamga jar solmaydi. Inson hech qachon baxtga to’ygan, baxtim yetarli, degan emas.

Aslida, hayotda biror maqsad bilan yashashning o’zi — baxt. Maqsadsiz yashash shunday ko’rgilikki, u hech kimning boshiga tushmasin! Kishida maqsad bo’lsa, unga erishish yo’lida kurashish, mashaqqat chekish, ta’na-dashnomlar eshitib kuyib-yonib yurish ham — baxt.

* * *

Bu olamda yo’qotishlar ichidagi eng og’ir yo’qotish insonning o’zligini yo’qotishidir. Odamzod tafakkur va ehtiros, ruhiyat va imon dunyosida yashaydi. U yuragidagi e’tiqod bilan, ishonch bilan tirik va butun. O’zlikni yo’qotmoq ana shu olamdan judo bo’lmoqdir, inson imoratidagi ruknlarning — ustunlarning sinmog’idir.

* * *

Kishiga dunyoni ko’rmoq uchun ko’z berilgan, uni eshitmoq va sezmoq uchun quloq va sezgilar berilgan. Olamni bilish uchun esa odamzodning tafakkuri bor. Inson dunyoga kelib dunyoni bilishga intiladi. Ko’z bilan ko’rish uchun mashaqqatlar chekib olam kezadi, ohanglarni eshitish, zavqlana bilish uchun musiqa o’rganadi. O’tmishu bugunni yorqinroq tasavvur etish, ertani xayol bilan qamrash uchun bolalikdan yillab mehnat qilib savod o’rganadi, kitob o’qiydi, Chunki kitob insonga Alloh tomonidan mo»jizadek hadya etilgan tafakkurni yorituvchi mash’aldir.

* * *

Iste’dod — bu avvalo did, yaxshi did egasi bo’lish qobiliyati, deguvchilar ham bor. Iste’dod — bepoyon tushuncha. U ta’rifga siqqanda edi, uni ma’lum xususiyatlar doirasida chegaralash mumkin bo’lganda edi, odamlar yo’q iste’dodni tarbiyalab bor qilgan bo’lardilar. Gor`kiy, iste’dodning 99 foizi mehnat deganini tug’ma iste’dodi bo’lmagan odam mehnat bilan chinakam shoir yoki bastakor bo’lishi mumkin deb tushunmaslik kerak. Har qalay 99 degani yuz emas. Suv normal sharoitda yuz gradusda qaynaydi. 99 gradus isigan suv — qaynagan suv emas. Fors tilida qaynashni «jo’shidan» deydi. Ya’ni jo’shmoq. She’riyat ham jo’shmoqdir. Jo’shmoq uchun esa 99 foizdan tashqari o’sha kamtarin bir foiz — ya’ni tug’ma iste’dod kerak.

* * *

Tog’ning ulug’ligini tasavvur qilmoq uchun undan uzoqlashish kerak bo’lganidek, buyuk tarixiy voqealarning haybatini rostmana his etish uchun ma’lum vaqt masofasi lozim bo’ladi. Hozirjavoblik adibning yaxshi fazilati. Lekin u adabiyotning belgilovchi sharti emas. Zamonaviylikning o’zi ham bu kungi hayotimizni aks ettirishgina bo’lmay, zamonamizga munosib badiiyatki ham o’z ichiga oladi. O’quvchi uchun avtorning yoshu qarisi, unvonli, unvonsizi yo’q. U hamisha yozilgan satrlarga qarab muallifga o’z munosabatini bildiradi: yo qalbiga jo qiladi, yo unutadi, yo’qlikka mahkum etadi.

* * *

Insonga bir marta beriladigan hayotda u umridan, o’tgan kunidan qoniqib yashashi kerak. Vijdoniga xilof ish qilmay yashasa — bundan ulug’ baxt yo’q. Har bir aytgan so’zing, ishing o’zingning
xohishingga muvofiq bo’lsa — eng katta baxt shu. Aksincha, insonning o’z ichki intilishlari, qalbi, e’tiqodi, so’zi bilan ishi o’rtasida ziddiyat paydo bo’lsa, vijdoni buyurganini qilolmasa, bu — inson uchun juda katta baxtsizlikdir.

* * *

Shoirlikning «qora ishi»ni ko’z oldiga keltirmay, bu nomning o’ziga, obro’ va shuhratiga qiziqib she’riyat maydoniga intilganlar xato qiladilar. Ko’pincha bunday xato juda qimmatga tushadi. Xato qilgan odam uchun ham, she’riyat uchun ham. Shu sababli «yoshlarga g’amxo’rlik» deganda faqat ularni qo’llab-quvvatlash yo’g’ini bor qilib ko’rsatish emas, balki ularga rost gapni aytish, yanglishishdan qaytarish ham tushuniladi. Ovozi yo’q odam hofiz bo’lolmaydi, musiqani eshitish, farqlash, anglash qobiliyati yo’q odam bastakor bo’lolmaydi. Lekin ikki satrni bir-biriga juftlash, savodli yozish qobiliyati bo’lgan har bir fuqaro shoirlik, yozuvchilik da’vo qilishi mumkin. Bizning savodxon asrimizda, ayniqsa, adabiyotda iste’dod bilan havaskorlikni ajratish mushkul bo’lib qoldi.

Bahodir KARIM
ADABIY FIKR JAVHARI
yoxud Erkin Vohidovning adabiy-estetik
qarashlariga bir nazar

04

Yozuvchi yoki shoirlarning adabiy-nazariy qarashlari badiiy asarlarni talqin qilishda muhim ochqich vazifasini o’tashi dunyo adabiyotshunosligi tajribasidan ma’lum. Shuning uchun buyuk iste’dodlarning she’riyatga, badiiyatga, iste’dod egalariga, umuman, adabiyot va san’atga qarashlari maxsus kitoblar holida nashr qilinadi. Bunday ishlarning ikki jihatdan ahamiyati ko’zga yaqqol tashlanib turadi:

Birinchidan, ijodkorning badiiy-estetik kontseptsiyasi ma’lum bo’ladi.

Ikkinchidan, adabiy-nazariy qarashlar xazinasi boyib, adabiyot maydoniga kirib kelayotgan xavaskorlar uchun ibrat maktabi vazifasini bajaradi.

Zotan, jahon adabiyotdagi I. V. Gyote, L. Tolstoy yoki CH. Aytmatovning adabiyot haqidagi qarashlari ilm ahli uchun har doim qimmatli bo’lgan va shunday bo’lib qoladi.

O’zbek adabiyoti tarixida ham adabiyot muallimlari doimiy ravishda murojaat qiladigan, tayyor adabiyot nazariyasi qonun-qoidalaridan nisbatan farqlanadigan, ularni to’ldiradigan fikr-mulohazalar bor, albatta. Abdulla Qodiriyning «Yozuvchining o’z ishi to’g’risida», «Kulgu haqida» kabi qator maqolalari, Abdulla Qahhorning «Yoshlar bilan suhbat»i, Oybek yoki G’afur G’ulomning, Pirimqul Qodirov yoki Odil Yoqubovning, Shukur Xolmirzaev yoki O’tkir Hoshimovning adabiy qarashlari adabiyotshunoslarimiz uchun, adabiyot muhiblari uchun shunday manblardir. Abdulla Oripovning adabiy-estetik qarashlarining ma’lum bir qismi «Ehtiyoj farzandi» nomli kitobida jamlangan.

090Erkin Vohidovning «Shoiru she’ru shuur» nomli kitobi biz tilga olayotgan masala nuqtai nazaridan e’tiborga loyiq. «San’atning, adabiyotning sharti – barkamollik va mukammallikdir», deb yozadi unda E.Vohidov.

Chin ma’noda o’zining tiniq adabiy-estetik kontseptsiyasiga, dardiga, adabiy dunyosiga ega ijodkor uzoq-uzoqlardan bahaybat tog’larga o’xshab ko’zga tashlanib turadi. Ko’p hollarda bu iste’dod egalari asrlar qa’ridan aqlli-dono nigohlari bilan bugungi kunimizga, kelajakka nazar tashlaydi. Iste’dodlarning g’uj-g’uj bo’lishi kam uchraydigan hodisa. Iste’dodning urug’i ko’p bo’lmaydi. Shu bois iste’dod noyob va yuksak bo’ladi. Chunonchi, «Iste’dod shunday bir gavharki, u dengiz tubida, sadaf ichida ham gavhar, iste’dod shunday bir zilol irmoqki, uning har qatrasida daryolarning qudrati, ummonlarning teranligi bor, iste’dod shunday bir gulki, uning har bir ochilmagan g’unchasida chamanlarning bo’yi va tarovati bor» (E.Vohidovning «Chaqmoq umri» maqolasidan). She’riyat, adabiyot iste’dodli yoki majnunsifat kimsalarning qismatidir, degan qadim-qadim zamonlardan qolgan bir haqiqat ham borki, E.Vohidovning iste’dod, uning tug’ma bo’lishi to’g’risidagi qarashlari o’sha qadim haqiqatlarga muvofiq keladi. Shoir yozadi: «Barcha iste’dodlar kabi shoirlik iste’dodi ham tug’ma bo’ladi va bolalikdan o’zini namoyon etadi. Bu kunduzdek ravshan, haqiqatning o’zidek ayon. Tug’ma iste’dod egasi bo’lmagan, she’riyatga havas tufayli adabiyotga kirib qolganlar umr bo’yi havaskor bo’lib qoladilar» («San’at va tafakkur» maqolasi). Go’zal adabiyot bag’oyat, maftunkor, fusunkor va haybatli koshonadir. Bu muhtasham koshonaga havaskorligi bois kirib qolganlar chiqib ketishlari gumon. Bu muqaddas dargohdan havaskorlarni birov haydab chiqishga ham haqqi yo’q. Bunday johilona huquq birovga berilgan emas. Ammo davr, zamon, vaqt ularni farqlab beradi. Shu zaylda «umr bo’yi havaskor bo’lib qoladi»gan kimsalar ijodining misi chiqadi. Adabiyotning abadiyatga daxldor oltin koshonasidagi tabiiy muhitda iste’dodsiz odamning nafas olishi qiyin bo’ladi. Hatto bu dargohda zohiran qaraganda yelkasiga janda yopgan, ammo ichkarisi shaytonxonaga aylangan «darvesh» ham istiqomat qila olmaydi.

Bu haqiqatni anglash, his qilish naqadar zarur, naqadar og’ir.

Ayni choqda, tug’ma iste’dod egasini tarbiya qilish degan gap ham nihoyatda muhim. «Ijodkor nafas oladigan havo – adabiy muhitdir. Bu havo toza, musaffo bo’lmog’i kerak». (E.Vohidov fikri). To’g’ri gap, iste’dodning o’sib unishi uchun musaffo ob-havo, quyoshday mehribon ustozlarning ko’ngil harorati va oq yo’l tilagi kerak bo’ladi.

Shoir zoti o’zini yozadi. Ijod ahli o’zi ishongan his-tuyg’ularni yozsa, boshqalar ham ishonadi. Har qanday badiiy asar zamirida, garchand ijodkorning yozganlari ijtimoiylashgandek tassurot qoldirsa ham, uning ortida odam, ulkan bir qalb egasi – muallif turgan bo’ladi. Bu shoirning gapi. Mana o’sha e’tirof: «She’riyatning buyuk qudrati uning ishontirish kuchidadir. Biz har bir she’r ortida uning egasini ko’ramiz, uning ma’naviy olamini tasavvur etamiz, o’sha she’r ortida turgan odam o’zining samimiyati bilan, halolligi bilan bizni o’z tuyg’ularining chinligiga ishontirmog’i kerak. She’r hamisha shoirning qismatidir. Agar shoir o’ziga, o’zining qismatiga yarashadigan gapni aytmasa, odamlar unga ishonmaydilar» («She’riyat izlanishda yashaydi» maqolasidan).

Darhaqiqat shoirning so’ziga ishonish kerak, shoirning so’zidan ta’sirlanish lozim. Badiiy adabiyotning obrazliligi masalasi shu o’rinda namoyon bo’ladi. Aslida his-tuyg’ularni, anglangan haqiqatlarni turli bo’yoqdor so’zlar, har xil badiiy san’atlar vositasida yordamida ifoda qilish – badiiy adabiyotning tabiati. Shoirlar birovlarni rom etadigan, o’zida «sehrli haqiqat»ni mujassam qilgan «yolg’on»ni yozadilar. Shu o’rinda bag’oyat ibratli bo’lgani bois E.Vohidov maqolasidan olingan bir rivoyatni ko’chiraman:

«Rivoyat qiladilarki, Nushirvoni odil shoirlarni huzuriga chaqirib aytibdi: «Bu ne betavfiqlikki, siz shoirlar mendek odil shoh davrida yolg’on she’rlar yozasizlar? Hech zamonda oshiqning ohu fig’oni sahroga o’t qo’yadimi? Qiz bolaning kiprigi o’q bo’lib oshiq yigitning ko’kragiga sanchilarmish. Bu gapga kim ishonadi? Xullas, shu bugundan boshlab kim yolg’on she’r yozsa boshi dorda, mulki talonda».

Shu farmondan keyin uzoq vaqt hech kim she’r yozmay qo’ydi. Nihoyat bir shoir shunday she’r yozdi:

Tong otsa yulduzlar so’nar osmonda,
Xo’rozlar qichqirar Mozandoronda.
Xalafda kechqurun quyosh botadi,
Kechasi odamlar uxlab yotadi.

Nushirvoni odil hech bir yolg’oni yo’q, boshdan-oxirigacha haqiqat bo’lgan ushbu she’rni o’qib yelkasini qisdi, boshini qashladi va yana farmon berdi: «Shoirlar o’sha o’zining yolg’onini yozaversin». Shundan: «Shoir so’zi yolg’ondur», degan gap qolgan, shundan Fuzuliy: «Aldanmaki, shoir so’zi albatta yolg’ondur», deya lutf qilgan.

She’riyatning ana shu «yolg’onida» juda chuqur haqiqat, sehrli haqiqat bor, buyuk ishontirish kuchi bor. Aql bovar qilmas bir qonuniyatga ko’ra kishilar jo’n aytilgan rost so’zga emas, o’sha
«yolg’on»ga ishonadi.

Nega endi men she’riyatning zukko bilgichlari o’ltirgan bu yig’inda adabiyotnig ibtidoiy qonuni, alifbosi bo’lgan bu gapni, hayotiy haqiqat bilan badiiy haqiqat munosabatini aytib turibman? Negaki, ming afsus, biz ko’p hollarda, hatto to’qson foyiz she’rlarimizda shu qonunga amal qilmaymiz, «Xalafda kechqurun quyosh botadi» deb yozamiz» («Yulduzlar qovushsa» maqolasidan).

Inchunun, bu haqiqatni tan olmaslik qiyin. She’riyatning qonuniyatini bilmaydiganlar, badiiy adabiyotga xos xususiyatlarni anglamaydaganlar, gap-so’zlarning qoliplangan vertikal shaklini she’r sanab yurganlar ko’p. Ular she’ridagi birorta satrga teginib bo’lmaydi. Chunki har bir satrda haqiqat bayon qilingan. Deylik: «Kechasi odamlar uxlab yotadi», degandek. Bu gapning nimasi xato? Ayni chog’da yana bir savol jaranglaydi: Nimasi she’r? Bu to’g’ri konstruktsiyali darak gap har qanday intonatsiya bilan aytilsa ham, she’rga do’nmaydi. Chunki bunday satrlarda badiiy adabiyotning eng asosiy xususiyatlaridan biri – obrazlilik yo’q. Original ifodalangan shoirning o’zi, meni, ruhi topilmaydi. Biri birini takrorlayotgan shoirlar, biri birining ohangida she’r aytayotgan havaskorlar o’zlariga: «Mening yozganlarimni bir asrdan so’ng kimdir o’qiydimi», degan savolni berib, javob topishlari quyoshning botishi to’g’risidagi ma’lumotlarni yozishdan ko’ra muhimroqdir.

Shoirlik qismatiga bardosh berish, uning shon-shuhratiga munosib yashash, eng muhimi, shoir o’z millatining vijdoni, yuzi, so’zi va ko’zi ekanini har doim esida tutishi, albatta, osonmas.
Shoir – iste’dod egasi, shoir – so’z va tafakkur odami, shoir – iztirobli, dardmand inson, shoir – el-yurt quvonchiga sherik odam… Tabiiyki, shoir zotining tabiati, ta’rif va tavsifi xususida bunday fikr-mulohazalarni davom ettiraverish mumkin. Ammo she’r uchun mukammal ta’rif topib bo’lmaganidek, shoirlik qismatini ham to’la-to’kis ravishda, muxtasar so’z bilan anglatish qiyin. Buni faqatgina she’riy kayfiyat iztiroblarini boshidan kechirgan, «so’z durlarini terish» bilan mashg’ul bo’lgan odamgina anglaydi. Ko’nglini qog’ozda aks ettirish uchun munosib so’z izlagan, so’zlarni tush ko’rgan kishigina his etadi. Qaysidir ma’noda:

«Sen, ey sen, she’riyat, bo’lding
Ki qaydin oshino menga,
Keturding ham safo menga,
Yeturding ham jafo menga»,

deya qalbining holatini, dildagi safoyu jafolarni she’riyatga murojaatan bayon etayotgan Erkin Vohidovday inson anglata oladi, ehtimol. Darhaqiqat, she’rni anglash, so’zni his etish, so’zga xiyonat qilmaslik, «yolg’onni yozgan holda rost so’zlash» san’atiga sadoqat ijod ahli uchun bag’oyat muhim fazilatdir. She’riyat dargohiga kirib kelayotganlar uchun ham shu mezonlar nihoyatda katta ahamiyatga ega. Bevosita hayotiy va ijodiy tajribalar jarayonida ba’zan ijodkorning voqelikka pishiq-puxta estetik nuqtai nazari shakllanadi.

Aslida, she’rshunoslar she’rni anglashi, o’quvchida she’riy didni shakllantirish lozim. Bu xususda E.Vohidov yozadi: «She’rni anglamakning o’zi ham iste’dod. Biz bu iste’dodning nomini nazokat deymiz, nozikfahmlik deymiz. Bu fazilatga yangilikni anglash va baho bera olish sifati qo’shilganda u didga aylanadi. Didni esa yoshlikdan tarbiyalamoq, bilim va tuyg’ular boyligi bilan kamolatga yetkazmoq kerak» («She’riyat izlanishda yashaydi» maqolasidan). Odatda bunday estetik tarbiya uchun adabiyot muallimlari mas’ul bo’ladilar. Adabiy jarayonga baho berguvchi munaqqid va adabiyotshunoslar ham kitobxon didini shakllantirishga xizmat qilishi mumkin. Ammo hozirgi kunda har ikki jihat ham oqsamoqda. Maktablardagi adabiyot darslari ham, munaqqidlar faoliyati ham ko’ngildagidek emas.

Gohida ayrim adabiyotchi-tadqiqotchilar kunning biror dolzarb mavzui tilga tushsa, darhol allaqanday «xom-ashyo»ni tayyor qoliplarga pala-partish joylab maqola yasab tashlaydi. Anjumanga tezis jo’natadi yoki ma’ruza o’qish uchun minbarga minadi. Buning birovga nafi bor-yo’qligi ba’zan o’ylab ham ko’rilmaydi. Muhimi – go’yo qatordan, ro’yxatlardan qolmaslik. Maqolaning saviyasi, o’sha fikr yuritilayotgan ijodkor dunyosi, ruhiyati, o’rtaga qo’yilib, yechilishi lozim bo’lgan muammo – muhim emas. Darhaqiqat, shu yo’sinda nogiron asarlar yig’ilib qoladi; uzoq umr orzu qiladi. Holbuki, adabiy-tanqidiy maqola ham voqea bo’lishi mumkin. Holbuki, adabiy-tanqidiy maqola ham ilhom bilan yozilishi kerak. Holbuki, adabiy-ilmiy maqolaning ham ichki strukturasi, kompozitsion qurilishi, ritmi, pafosi, ohangi bo’ladi. Adabiy-taqidiy maqola ham yashashga, umrboqiy bo’lishga haqli. Biroq o’sha maqolada jasoratli odil fikr bo’lmasa, allaqanday manmanlik ortidan yozilsa – bu yomon. Shu ma’noda E.Vohidov ta’kidlaydiki: «Yozuvchiga uning iste’dod darajasiga, asariga qarab emas, balki egallab turgan mansabiga qarab baho berilishi, hamma bilib, ko’rib turgan barcha jihatlardan ojiz asarlarning maqtalib, ko’klarga ko’tarilishi adabiy tanqid deb atalgan muqaddas sohaning obro’yini tushiradi» («Adolat tuyg’usi» maqolasidan). Ota-ona o’z farzandining tabiatini, bir qarashdayoq uning yuzidan shod-xurramligi yoki xafaligini boshqalarga nisbatan a’lo darajada bilganidek, chin ma’nodagi iste’dodli san’atkor-ijodkor har doim o’z qadr-qiymatini ham, saviyasini ham, asarlarining umrini ham yaxshi anglaydi. Bu hamma zamonlardan o’tib kelayotgan haqiqat. Qolaversa, «Tanqidchi dushman orttiraman, deb qo’rqsa yoki undagi adolat tuyg’usidan shafqat tuyg’usi ustun kelsa, adabiy muhitda hech qachon adolat bo’lmaydi» (E.Vohidov fikri).

Ijodkor ruhiy olamini badiiy asar yozgan kishigina yaxshi biladi. Ijodkorning adabiyot, she’riyat borasida aytgan fikr-mulohzalari o’sha ijodiy jarayonni, ruhiy bir muvozanatsizlikni boshidan kechirgan kishining e’tiroflaridir. Chunki «Shoir qaer to’g’risida, nima to’g’risida yozmasin, u avvalo o’zi to’g’risida, o’z xalqi va yurti to’g’risida yozadi» (E.Vohidov fikri). Gohida bunday qarashlar adabiyot nazariyasi darsliklarida qayd qilingan qoidalarga muvofiq kelmasligi ham mumkin. Chunki ijod nihoyatda individual jarayon. Bu jarayon har kimda turlicha kechishi mumkin. Ijod jarayoni uchun aksioma yo’q. Ijod jarayonining yagona qoidasi – bu yozish. Boshqasi – xayol. Boshqasi – ortiqcha gap. Shoir yoki yozuvchining oq qog’oz bilan uchrashuvi – agar chin ma’nodagi go’zal va umrboqiy asarlar to’g’ilsa – haqiqatan ham ulkan bayram. Aks holda umrning isrofidan boshqa narsa emas. Bu haqiqatni anglash, tan olish va boshqalarga bu tajribaning saboqlaridan so’ylash ham ijodkor zimmasidagi yuk.

E. Vohidovning hayotiy va ijodiy tajribalari tufayli tug’ilgan nazariy qarashlarida bir olam hikmat mujassam. Shoir o’zining «Aruz haqida» degan maqolasida: «G’azal – murakkab va ancha qiyin janr. G’azalnavisdan oz so’zda ko’p ma’no berish, fikr durdonalarini badiiy tashbeh sadaflari ichida taqdim etishni talab etuvchi janr… Aruz adabiyotning, umuman, san’atning hamma turlari kabi talant va mahorat, teran xayol va ehtiros talab qiladi», degan e’tiborli mulohazalarni yozadi.

«Sarbast – o’lchov qirg’og’iga sig’magan toshqin tuyg’ularning vaznidir», «Maqollar – hech bir podsho e’lon qilmagan farmon, hech bir davlat tomonidan bitilmagan konstitutsiyadir». Umuman olganda, Erkin Vohidov anglagan va anglatgan bunday haqiqatlar, adabiy-nazariy qarashlar o’z qadr-qiymatiga ega. Ulardan bahramandlik ma’naviy yuksalish, adabiyot va san’atni, she’riy his-tuyg’ular va nazm tabiatini anglash uchun juda zarurdir. Bunga shubha yo’q.

Manba: Shoir Orif Tolib veb-sahifasi

04

(Tashriflar: umumiy 18 036, bugungi 1)

Izoh qoldiring