Mustafo Lutfiy al-Manfalutiy. Tolstoyga

045     Таниқли араб адиби Мустафо Лутфий ал-Манфалутийинг ўзи қайд этганидек, унинг сизга тақдим этилаётган мақоласи улуғ рус ёзувчиси ва файласуфи Толстойнинг узлатда яшашни ихтиёр этиб, ўз уйидан бош олиб чиқиб кетгани ҳақидаги хабар олинганидан сўнг ёзилган. Орадан бир асрдан зиёд вақт ўтганига қарамай,  араб  адибининг мурожаати бугуннинг, хусусан, биз яшаб турган заминнинг одамлари учун  ўта долзарб  жаранглайди.

МУСТАФО ЛУТФИЙ АЛ-МАНФАЛУТИЙ
ТОЛСТОЙГА
Рус тилидан Дилдора Алиева таржимаси
034

09Мустафо Лутфий ал-Манфалутий (1876-1924)— машҳур араб маърифатпарвар адиби. У Қоҳирадаги ал-Азҳар университетида таҳсил олган. Адибнинг “Мулоҳазалар” сарлавҳали мақолалар туркуми 1907 йил “Ал-Муайяд” рўзномасида чоп этилганидан сўнг у араб адабиёти оламида танила бошлаган.

034

088Узлатни кўнглинг тусаб, бу оламдан узоқлашишни ихтиёр этган экансан, бир оз сабр қил, сен билан видолашиб олайлик. Гарчи бизнинг ота-оналаримиз бошқа бўлса-да, гарчи бизни улкан масофа ажратиб турган бўлса-да, ахир биз ҳам сенинг фарзандларинг эмасмидик?! Сени ва халқингни кўриш бизларга насиб этмаган бўлса-да, узоқ йиллар мобайнида биз сенинг дўстларинг эдик. Қадрдон дўстлар орасида бўлганидек, чин юракдан кўз ёш тўкмай туриб сендан айрилиш бизга жуда оғир.

Айтишларича, сен жамиятни ҳар хил иллату қусурлардан халос этиб, уни ўзгартирмоқчи бўлгансан-у, бу орзуларинг ушалмагач, одамлардан безгансан, улар орасида яшаш жонингга теккан ва баридан бараварига қўл силтаб юз ўгиргансан, ҳатто ўз оилангдан ҳам; сен йиртқичларнинг ўкиригидан бошқаси эшитилмайдиган ерларга ёки қўнғироғининг овози сенинг бирдан-бир юпанчингга айлангувчи монастирга бош олиб кетдинг; сен одамлар орасига бошқа қайтмасликка ва улар билан ҳар қандай алоқани узишга қарор қилдинг. Биз сени кечирдик ва бу ишинг учун сени койимоқчи ҳам эмасмиз, сени қўрқоққа чиқариб, ўз эътиқодидан қайтган инсон деб ҳам ўйламаймиз асло; ахир сен ҳали қиличинг қинидалигида, елкангдан найзанг тушмаган пайтларда ва ўқдонингдаги ўқинг аримагунча фидокорона жанг қилдинг. Бироқ душманларинг беҳисоб ва, устига-устак, ўлгудек ўжар ҳам эдилар, ҳуда-беҳуда мардлик эса тентаклик бўлурди ва қайсарликдан туғилган, синдириш маҳол бўлган сендаги орқага қайтмаслик эса душман билан саксон йил давом этадиган жангу жадалдан ҳам ошиб тушганди. Агар сен ҳам жанг майдонини умрингнинг охиригача тарк этмаганингда, балки сенинг ҳам қисматинг, ўлим олдидан кишига мадад бўлғувси одамлар орасида эзгулик ва адолатни кўришни орзу этиб, орзусига етолмай ўлиб кетган буюк файласуфларнинг қисматига ўхшаб кетган бўлармиди?

Бу пуч ҳаёт сенга нима берди ва қандай хулосага кела олдинг? Шак-шубҳасиз, гуноҳга ботган одам боласи, унинг бағритошлигию ноҳақдан- ноҳақ мулоҳазаларини, амалларини исботлаб берувчи қани сендаги ўша фазилату илм, ўз тилинг, қаламинг, ўша сўзамоллигингнинг кучи қаерга кетди?

Сен шоҳга мурожаат этиб шундай дединг: халқ унга хизмат қилишинг учун сени тахтга ўтқазди; унинг кўнгил орзусига айланишинг учун эмас; тахтга эгалик қилиш, гарчанд сенга насиб этган бўлса-да, ернинг жонини киргазаётган деҳқондан, ёки фабрикада меҳнат қилаётган ишчидан сенинг ҳеч бир фарқинг йўқ: калтак охир-оқибат бошингда синмасидан бурун ҳар қайсингиз ўз вазифангизни сидқидилдан бажаришга мажбурсиз. Фабрика соҳиби мукофот беришдан аввал тузукроқ меҳнат қилишни ишчидан талаб қилганидек, халқинг ҳуқуқини ҳимоя этяпсанми, мавжуд қонунларни бузмай унга риоя қиляпсанми, у сендан жавоб кутади! Одамларнинг кучлигию ожизига ҳам, бою фақирига ҳам бирдай одил муносабатда бўла олдингми? Муҳаббатинг ёки нафратинг холислигингга путур етказиб, сендан устун келишига изн бериб қўймадингми? Ҳаддан ташқари хушомаду мақтовларга эътиборсиз бўлишни эплай олдингми? Одамларнинг ғурурини топтаб, сенинг олдингда қўрқиб-қақшаб туришга мажбурлаб, уларни йўлдан урмадингми? Сендаги қаҳр-ғазабни жиловлаш илинжида охир-оқибат ўзларини таҳқирлаб, иснодга қўювчи ҳар хил ёлғон-яшиқ ва бўҳтонларга, чақимчиликка йўл қўйиб, нопок ишларга қўл уриб қўймадилармикан? Агар берган ваъдангга содиқ қолишингга халқинг астойдил ишонганида эди, ўзи берган ўша тожу тахт ва ҳокимиятни у сендан сўраб ҳам ўтирмасди ва бу хайр-саховатингга меҳр ила жавоб қайтариб, барини ўзингга қолдирган бўлурди.

Бироқ сендан бундай сўзларни эшитган шоҳ, буларнинг барини қўполлик ва сурбетликдан ўзга нарса эмас дея ҳисоблайди, негаки, унинг яқин кишилари орасида бундай сўзларга оғиз жуфтлашга биронта одамнинг журъати етмаган; шу боис ҳам, худди ўйлаганимиздек, сен унинг ғазабини келтиргансан. Сени таъқиб этишда ҳам у, унинг зулмидан қалблари шикастланган ва у қарам қилишга эриша олган, энди эса унга қарши чиқиб, адолат учун курашмоққа лаёқатлари аллақачоноқ сўниб бўлган одамларгагина таянарди.

Рус асилзодасига сен шундай дединг: фаровон турмушинг ҳузуридан маст боғу роғларинг бағрида, дарахтларингнинг соя-салқинию, кўлнинг бўйларида яйраб юрган бир пайтингда, иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай, изғирину жазирамада пешонасига бир қарич ҳам ер битмаган қанчадан-қанча меҳнаткашларнинг якка ўзинггагина қарашли миллион фед*дан иборат салмоқли ер майдонларини обод қилиш учун ер майдонларини ҳайдаб, унга ишлов бериб, экин экиб, мевали дарахтларни парваришлаб, мол-ҳол боқиб юришлари, сенингча, инсофданми? Бунда уларнинг ҳам ҳақлари борлигини тан ол-да, сенинг ҳузур-ҳаловатинг учун уларнинг қийналаётганларини ёки фақат сенинг жонинг омон бўлиши учун уларнинг нобуд бўлаётганини кўриб, юрагинг ўртанмаслиги учун адолат юзасидан бу тупроқда етиштирилган ҳосилни улар билан баҳам кўр. Шуни ёдда тутки, бу заминнинг эгаси Оллоҳ ва унга эгалик қилмоққа ҳам ёлғиз Угина қодир.

Йўқ, сен асилзодага бирор нарсани ўргатиш ёки унга панд-насиҳат қилишнинг ўзи билангина кифояланиб қолмадинг; ерда ишлаш учун ўз ерингни деҳқонларга тақсимлаб бериб, ўзинг ибрат кўрсата олдинг; бу билан ҳам кўнглинг тинчимади: кетмонингни, мол-ҳолингни олдинг-да, ўзингбоп чокқина ерни топиб, ҳамма билан баб-баравар ишлаш учун у ерга кетдинг! Ўзингдаги бу улкан ибрат ила сўзларингга қулоқ солмаган ўша бағритошни ишонтиришга умид қилдинг. Бироқ у фақат сенинг ва одамларга бўлган раҳмдиллигинг устидан кулди; одам зерикканда ёки ранжиган кезлари қизиқарли китоб ўқишга қандай эҳтиёж сезса, у билан бўлган сенинг суҳбатингга ҳам у шундай кўз билан қаради.

Сен руҳонийга шундай сўзларни айтдинг: Исо Масиҳ не-не қийинчилик ва қувғинларга учраб, машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтди, чунки у баъзи бир бандаларнинг бошқалари устидан жабр-зулм ўтказишига кўниколмади; у қўлида ёниб турган чироқни яширмади, уни ёпинчиғи билан тўсиб ҳам ўтирмади, ўзидаги иллатларни чироқнинг ярақлаган нурларидан беркитишга эришолмаган подшоҳнинг ғазабидан ҳам қўрқмади, чироқни боши узра дадил кўтарди. Нега энди сен, ўзингни унинг издоши, вазифасининг давомчиси ва таълимотининг тарафдори дея фаҳмлаб, золим ҳукмдорликни қўллаб-қувватлайсан? Сенинг номинг ва ҳозир сен ушлаб турган муқаддас диний китобнинг паноҳига яшириниб, жазо олмасдан истаган пайт хоҳлаганни талаб, кўнглинг тусаганча жабр-зулм ўтказиш учун худди орангизда шартнома тузилгандек, ўз садоқатингу розилигингни намойиш этиб, нега бу қадар унга юкинмоқдасан? Сени жаннатга дохил этиб, кўнглингга хуш келмайдиганни у ердан қувиб чиқаришга изн берадиган сендаги қандай ваколат бўлди экан? Бу ҳашаматли уй-жойлар, кимхоб уст-бошлар қаердан келди? Нега сен мақсадсиз яшайсан? Ахир сен Парвардигори оламга хизмат қилиш учун дунёнинг барча ҳузур-ҳаловатларидан воз кечган тақводор, роҳиб бўлсанг.

Руҳонийда бундай ҳуқуқ борлигини сен тан олмаслигингни гарчи руҳоний фаҳмласа-да, унга айтган гапларингга жавобан у сени черковдан ҳайдашни буюрди; сени қоралашга, сенга туҳмат қилишга уриниб, ғурурингни таҳқирлаб, халқни сенга қарши оёқлантирса-да, сен унга ғиринг этиб гап қайтаролмадинг. Меҳрибонлигинг ва хайрли панду насиҳатларинг учун бу сенинг ҳақинг.

Сени йиғлатган Сибирга сургун қилинганларнинг аянчли аҳволи, ҳаддан зиёд азоблари ва чидаб бўлмас машаққатли ҳаётлари бўлди; ва сен шундай дод солдингки, овозингни асилзодалар ҳам, авом ҳам бирдай эшитди. “Эй, одамлар! — деб ҳайқирдинг сен. — Ёвузликка ёвузлик билан барҳам бериб бўлмайди, ахир жиноятчилар — бу носоғлом кишилар-ку, шунинг учун улардан ўч олиш эмас, уларнинг дардига малҳам даркор. Оқилона тарбия жиноятчиликнинг илдизини қуритади ва айни пайтда интиқом сингари яна у томонга ундайди. Қамоқхоналар ўрнига мактаблар бунёд этинг, турма назоратчиларининг ўрнига ўқитувчиларни юборинг”. Бироқ бу дод-фарёдингни ҳеч бир зоғ эшитмади ва ҳеч ким сенга қўшилиб кўз ёш ҳам тўкмади. Судлар ўша-ўша ҳукм чиқаришда, миршаблар ўзбошимчалик қилишда, турма назоратчилари хўрлашу таҳқирлашда, маҳбуслар эса азоб-уқубатда кун кечиришда давом этяптилар.

Жанг майдонида жонларини нима учун фидо қилаётганларини ҳам  билмай қурбон бўлаётган эрларига, ўғилларига ёки ака-укаларига аза очган аёлларни кўрганда, шафқатсиз хунрезлик билан содир бўлаётган бу бемаъни урушга нисбатан ғазабингни тиёлмасдинг. Нафрат ва адоватнинг зўридан душманлар бир-биринини кўзини ўйишга тайёр эканига ягона сабаб — шафқат билмас сиёсатдонларнинг ёлғиз ўзларигагина эътиқод қилишга даъват этувчи туйғуни уларнинг юракларига сингдириб, хатога йўл қўйилгани бўлганди. Одамлар ўз либосларини ташлаб, ваҳший ҳайвон терисини ёпиниб олардилар-да, бир-бирларининг юракларини сугуришни мўлжаллаб, унга чанг солардилар ва шу зайл ўз инсоний қиёфаларини йўқотиб борардилар. Агар одамлар ўзларининг бузуқ ниятларидан воз кечиб, раҳмсиз сиёсатдонларга қулоқ осмаганларида, қанчадан-қанча юраклар омон қолиб, муҳаббат ила уришда давом этган бўлурди. Бироқ кўз ёшларингнинг бари беҳуда эди, на арз-додлар ёрдам берди ва на оҳ-воҳлар: урушлар барҳам топмади, на фақат ерда, кўкда ҳам жангни давом эттириш учун ажал фабрикаси қурол-яроғ ишлаб чиқаришда бир зум ҳам ўз фаолиятини тўхтатмади…

Эй буюк зот, бахтли бўл, бу ҳаётдан қутулишга уриниб танлаган ёлғизликдаги тинч ва бехавотир турмушинг ҳафсалангни пир қилмасин. Бундай пайтда мулоҳазали инсон қандай йўл тутган бўларди? Ғазабини енгиб, фақат сукут сақлайди ёки мусибатдан ўлар ҳолатга етиб тилга киради!

Билимсизликни маърифатга айлантириш ва жаҳолатдан қутулиб, рўшноликка юз тутиш, қорани эса оққа ўзгартириш, эҳтимол, биронта оқил кишининг қўлидан келар; балки денгиз билан ернинг ўрнини алмаштириб, у ердан лаҳм кавлаш ёки осмони фалакка етгулик зинапоя бунёд этишнинг ҳам кимдир уддасидан чиқар, бироқ одамлар орасида содир бўлаётган қабиҳликларни олийжанобликка, ёвузликларни эзгуликка айлантириш эса ҳеч кимнинг қўлидан келмайди.

Ўз куч-қудратига бино қўйган бу одам боласи ўзи кабиларга азоб беришда ҳали давом этар экан, ўз ён-веридагиларга меҳр-оқибат кўрсатишни ўрганмас экан, худбинлик балоси ёш демай, қари демай ҳар бир одамнинг бошида тегирмон тошини юргизишда давом этар экан, бугунги инсон ўрмон ва чакалакзорларда кун кўрувчи ўша-ўша кечаги инсон бўлиб қолаверади. Мавжуд тафовут эса шундан иборатки, шу бугуннинг одами, ўзидаги бор қаҳр-ғазаб, нуқсону камчиликлар билан ойнаванд уйларда яшайди. Наҳот мана шу шаффоф шиша ойналар ўзини унинг панасига олганларнинг ахлоқсизликларини яшириб қололса?!

* Фед -Ярим гектар атрофидаги ер майдони ўлчови.

Манба: «Жаҳон адабиёти» журнали,2013/07

045      Taniqli arab adibi Mustafo Lutfiy al-Manfalutiying o’zi qayd etganidek, uning sizga taqdim etilayotgan maqolasi ulug’ rus yozuvchisi va faylasufi Tolstoyning uzlatda yashashni ixtiyor etib, o’z uyidan bosh olib chiqib ketgani haqidagi xabar  olinganidan so’ng yozilgan. Oradan bir asrdan ziyod vaqt o’tganiga qaramay,  arab  adibining murojaati bugunning, xususan, biz yashab turgan zaminning odamlari uchun  o’ta dolzarb  jaranglaydi.

MUSTAFO AL-MANFALUTIY
TOLSTOYGA
Rus tilidan Dildora Aliyeva tarjimasi
034

09Mustafo Lutfiy al-Manfalutiy (مصطفى لطفي المنفلوطي;1876-1924)— mashhur arab ma’rifatparvar adibi. U Qohiradagi al-Azhar universitetida tahsil olgan. Adibning “Mulohazalar” sarlavhali maqolalar turkumi 1907 yil “Al-Muayyad” ro’znomasida chop etilganidan so’ng u arab adabiyoti olamida tanila boshlagan.

034

Uzlatni ko’ngling tusab, bu olamdan uzoqlashishni ixtiyor etgan ekansan, bir oz sabr qil, sen bilan vidolashib olaylik. Garchi bizning ota-onalarimiz boshqa bo’lsa-da, garchi bizni ulkan masofa ajratib turgan bo’lsa-da, axir biz ham sening farzandlaring emasmidik?! Seni va xalqingni ko’rish bizlarga nasib etmagan bo’lsa-da, uzoq yillar mobaynida biz sening do’stlaring edik. Qadrdon do’stlar orasida bo’lganidek, chin yurakdan ko’z yosh to’kmay turib sendan ayrilish bizga juda og’ir.

Aytishlaricha, sen jamiyatni har xil illatu qusurlardan xalos etib, uni o’zgartirmoqchi bo’lgansan-u, bu orzularing ushalmagach, odamlardan bezgansan, ular orasida yashash joningga tekkan va baridan baravariga qo’l siltab yuz o’girgansan, hatto o’z oilangdan ham; sen yirtqichlarning o’kirigidan boshqasi eshitilmaydigan yerlarga yoki qo’ng’irog’ining ovozi sening birdan-bir yupanchingga aylanguvchi monastirga bosh olib ketding; sen odamlar orasiga boshqa qaytmaslikka va ular bilan har qanday aloqani uzishga qaror qilding. Biz seni kechirdik va bu ishing uchun seni koyimoqchi ham emasmiz, seni qo’rqoqqa chiqarib, o’z e’tiqodidan qaytgan inson deb ham o’ylamaymiz aslo; axir sen hali qiliching qinidaligida, yelkangdan nayzang tushmagan paytlarda va o’qdoningdagi o’qing arimaguncha fidokorona jang qilding. Biroq dushmanlaring behisob va, ustiga-ustak, o’lgudek o’jar ham edilar, huda-behuda mardlik esa tentaklik bo’lurdi va qaysarlikdan tug’ilgan, sindirish mahol bo’lgan sendagi orqaga qaytmaslik esa dushman bilan sakson yil davom etadigan jangu jadaldan ham oshib tushgandi. Agar sen ham jang maydonini umringning oxirigacha tark etmaganingda, balki sening ham qismating, o’lim oldidan kishiga madad bo’lg’uvsi odamlar orasida ezgulik va adolatni ko’rishni orzu etib, orzusiga yetolmay o’lib ketgan buyuk faylasuflarning qismatiga o’xshab ketgan bo’larmidi?

Bu puch hayot senga nima berdi va qanday xulosaga kela olding? Shak-shubhasiz, gunohga botgan odam bolasi, uning bag’ritoshligiyu nohaqdan- nohaq mulohazalarini, amallarini isbotlab beruvchi qani sendagi o’sha fazilatu ilm, o’z tiling, qalaming, o’sha so’zamolligingning kuchi qaerga ketdi?

Sen shohga murojaat etib shunday deding: xalq unga xizmat qilishing uchun seni taxtga o’tqazdi; uning ko’ngil orzusiga aylanishing uchun emas; taxtga egalik qilish, garchand senga nasib etgan bo’lsa-da, yerning jonini kirgazayotgan dehqondan, yoki fabrikada mehnat qilayotgan ishchidan sening hech bir farqing yo’q: kaltak oxir-oqibat boshingda sinmasidan burun har qaysingiz o’z vazifangizni sidqidildan bajarishga majbursiz. Fabrika sohibi mukofot berishdan avval tuzukroq mehnat qilishni ishchidan talab qilganidek, xalqing huquqini himoya etyapsanmi, mavjud qonunlarni buzmay unga rioya qilyapsanmi, u sendan javob kutadi! Odamlarning kuchligiyu ojiziga ham, boyu faqiriga ham birday odil munosabatda bo’la oldingmi? Muhabbating yoki nafrating xolisligingga putur yetkazib, sendan ustun kelishiga izn berib qo’ymadingmi? Haddan tashqari xushomadu maqtovlarga e’tiborsiz bo’lishni eplay oldingmi? Odamlarning g’ururini toptab, sening oldingda qo’rqib-qaqshab turishga majburlab, ularni yo’ldan urmadingmi? Sendagi qahr-g’azabni jilovlash ilinjida oxir-oqibat o’zlarini tahqirlab, isnodga qo’yuvchi har xil yolg’on-yashiq va bo’htonlarga, chaqimchilikka yo’l qo’yib, nopok ishlarga qo’l urib qo’ymadilarmikan? Agar bergan va’dangga sodiq qolishingga xalqing astoydil ishonganida edi, o’zi bergan o’sha toju taxt va hokimiyatni u sendan so’rab ham o’tirmasdi va bu xayr-saxovatingga mehr ila javob qaytarib, barini o’zingga qoldirgan bo’lurdi.

Biroq sendan bunday so’zlarni eshitgan shoh, bularning barini qo’pollik va surbetlikdan o’zga narsa emas deya hisoblaydi, negaki, uning yaqin kishilari orasida bunday so’zlarga og’iz juftlashga bironta odamning jur’ati yetmagan; shu bois ham, xuddi o’ylaganimizdek, sen uning g’azabini keltirgansan. Seni ta’qib etishda ham u, uning zulmidan qalblari shikastlangan va u qaram qilishga erisha olgan, endi esa unga qarshi chiqib, adolat uchun kurashmoqqa layoqatlari allaqachonoq so’nib bo’lgan odamlargagina tayanardi.

Rus asilzodasiga sen shunday deding: farovon turmushing huzuridan mast bog’u rog’laring bag’rida, daraxtlaringning soya-salqiniyu, ko’lning bo’ylarida yayrab yurgan bir paytingda, issiqni issiq, sovuqni sovuq demay, izg’irinu jaziramada peshonasiga bir qarich ham yer bitmagan qanchadan-qancha mehnatkashlarning yakka o’zinggagina qarashli million fed*dan iborat salmoqli yer maydonlarini obod qilish uchun yer maydonlarini haydab, unga ishlov berib, ekin ekib, mevali daraxtlarni parvarishlab, mol-hol boqib yurishlari, seningcha, insofdanmi? Bunda ularning ham haqlari borligini tan ol-da, sening huzur-halovating uchun ularning qiynalayotganlarini yoki faqat sening joning omon bo’lishi uchun ularning nobud bo’layotganini ko’rib, yuraging o’rtanmasligi uchun adolat yuzasidan bu tuproqda yetishtirilgan hosilni ular bilan baham ko’r. Shuni yodda tutki, bu zaminning egasi Olloh va unga egalik qilmoqqa ham yolg’iz Ugina qodir.

Yo’q, sen asilzodaga biror narsani o’rgatish yoki unga pand-nasihat qilishning o’zi bilangina kifoyalanib qolmading; yerda ishlash uchun o’z yeringni dehqonlarga taqsimlab berib, o’zing ibrat ko’rsata olding; bu bilan ham ko’ngling tinchimadi: ketmoningni, mol-holingni olding-da, o’zingbop chokqina yerni topib, hamma bilan bab-baravar ishlash uchun u yerga ketding! O’zingdagi bu ulkan ibrat ila so’zlaringga quloq solmagan o’sha bag’ritoshni ishontirishga umid qilding. Biroq u faqat sening va odamlarga bo’lgan rahmdilliging ustidan kuldi; odam zerikkanda yoki ranjigan kezlari qiziqarli kitob o’qishga qanday ehtiyoj sezsa, u bilan bo’lgan sening suhbatingga ham u shunday ko’z bilan qaradi.

Sen ruhoniyga shunday so’zlarni aytding: Iso Masih ne-ne qiyinchilik va quvg’inlarga uchrab, mashaqqatli hayot yo’lini bosib o’tdi, chunki u ba’zi bir bandalarning boshqalari ustidan jabr-zulm o’tkazishiga ko’nikolmadi; u qo’lida yonib turgan chiroqni yashirmadi, uni yopinchig’i bilan to’sib ham o’tirmadi, o’zidagi illatlarni chiroqning yaraqlagan nurlaridan berkitishga erisholmagan podshohning g’azabidan ham qo’rqmadi, chiroqni boshi uzra dadil ko’tardi. Nega endi sen, o’zingni uning izdoshi, vazifasining davomchisi va ta’limotining tarafdori deya fahmlab, zolim hukmdorlikni qo’llab-quvvatlaysan? Sening noming va hozir sen ushlab turgan muqaddas diniy kitobning panohiga yashirinib, jazo olmasdan istagan payt xohlaganni talab, ko’ngling tusagancha jabr-zulm o’tkazish uchun xuddi orangizda shartnoma tuzilgandek, o’z sadoqatingu roziligingni namoyish etib, nega bu qadar unga yukinmoqdasan? Seni jannatga doxil etib, ko’nglingga xush kelmaydiganni u yerdan quvib chiqarishga izn beradigan sendagi qanday vakolat bo’ldi ekan? Bu hashamatli uy-joylar, kimxob ust-boshlar qaerdan keldi? Nega sen maqsadsiz yashaysan? Axir sen Parvardigori olamga xizmat qilish uchun dunyoning barcha huzur-halovatlaridan voz kechgan taqvodor, rohib bo’lsang.

Ruhoniyda bunday huquq borligini sen tan olmasligingni garchi ruhoniy fahmlasa-da, unga aytgan gaplaringga javoban u seni cherkovdan haydashni buyurdi; seni qoralashga, senga tuhmat qilishga urinib, g’ururingni tahqirlab, xalqni senga qarshi oyoqlantirsa-da, sen unga g’iring etib gap qaytarolmading. Mehribonliging va xayrli pandu nasihatlaring uchun bu sening haqing.

Seni yig’latgan Sibirga surgun qilinganlarning ayanchli ahvoli, haddan ziyod azoblari va chidab bo’lmas mashaqqatli hayotlari bo’ldi; va sen shunday dod soldingki, ovozingni asilzodalar ham, avom ham birday eshitdi. “Ey, odamlar! — deb hayqirding sen. — Yovuzlikka yovuzlik bilan barham berib bo’lmaydi, axir jinoyatchilar — bu nosog’lom kishilar-ku, shuning uchun ulardan o’ch olish emas, ularning dardiga malham darkor. Oqilona tarbiya jinoyatchilikning ildizini quritadi va ayni paytda intiqom singari yana u tomonga undaydi. Qamoqxonalar o’rniga maktablar bunyod eting, turma nazoratchilarining o’rniga o’qituvchilarni yuboring”. Biroq bu dod-faryodingni hech bir zog’ eshitmadi va hech kim senga qo’shilib ko’z yosh ham to’kmadi. Sudlar o’sha-o’sha hukm chiqarishda, mirshablar o’zboshimchalik qilishda, turma nazoratchilari xo’rlashu tahqirlashda, mahbuslar esa azob-uqubatda kun kechirishda davom etyaptilar.

Jang maydonida jonlarini nima uchun fido qilayotganlarini ham bilmay qurbon bo’layotgan erlariga, o’g’illariga yoki aka-ukalariga aza ochgan ayollarni ko’rganda, shafqatsiz xunrezlik bilan sodir bo’layotgan bu bema’ni urushga nisbatan g’azabingni tiyolmasding. Nafrat va adovatning zo’ridan dushmanlar bir-birinini ko’zini o’yishga tayyor ekaniga yagona sabab — shafqat bilmas siyosatdonlarning yolg’iz o’zlarigagina e’tiqod qilishga da’vat etuvchi tuyg’uni ularning yuraklariga singdirib, xatoga yo’l qo’yilgani bo’lgandi. Odamlar o’z liboslarini tashlab, vahshiy hayvon terisini yopinib olardilar-da, bir-birlarining yuraklarini sugurishni mo’ljallab, unga chang solardilar va shu zayl o’z insoniy qiyofalarini yo’qotib borardilar. Agar odamlar o’zlarining buzuq niyatlaridan voz kechib, rahmsiz siyosatdonlarga quloq osmaganlarida, qanchadan-qancha yuraklar omon qolib, muhabbat ila urishda davom etgan bo’lurdi. Biroq ko’z yoshlaringning bari behuda edi, na arz-dodlar yordam berdi va na oh-vohlar: urushlar barham topmadi, na faqat yerda, ko’kda ham jangni davom ettirish uchun ajal fabrikasi qurol-yarog’ ishlab chiqarishda bir zum ham o’z faoliyatini to’xtatmadi…

Ey buyuk zot, baxtli bo’l, bu hayotdan qutulishga urinib tanlagan yolg’izlikdagi tinch va bexavotir turmushing hafsalangni pir qilmasin. Bunday paytda mulohazali inson qanday yo’l tutgan bo’lardi? G’azabini yengib, faqat sukut saqlaydi yoki musibatdan o’lar holatga yetib tilga kiradi!

Bilimsizlikni ma’rifatga aylantirish va jaholatdan qutulib, ro’shnolikka yuz tutish, qorani esa oqqa o’zgartirish, ehtimol, bironta oqil kishining qo’lidan kelar; balki dengiz bilan yerning o’rnini almashtirib, u yerdan lahm kavlash yoki osmoni falakka yetgulik zinapoya bunyod etishning ham kimdir uddasidan chiqar, biroq odamlar orasida sodir bo’layotgan qabihliklarni oliyjanoblikka, yovuzliklarni ezgulikka aylantirish esa hech kimning qo’lidan kelmaydi.

O’z kuch-qudratiga bino qo’ygan bu odam bolasi o’zi kabilarga azob berishda hali davom etar ekan, o’z yon-veridagilarga mehr-oqibat ko’rsatishni o’rganmas ekan, xudbinlik balosi yosh demay, qari demay har bir odamning boshida tegirmon toshini yurgizishda davom etar ekan, bugungi inson o’rmon va chakalakzorlarda kun ko’ruvchi o’sha-o’sha kechagi inson bo’lib qolaveradi. Mavjud tafovut esa shundan iboratki, shu bugunning odami, o’zidagi bor qahr-g’azab, nuqsonu kamchiliklar bilan oynavand uylarda yashaydi. Nahot mana shu shaffof shisha oynalar o’zini uning panasiga olganlarning axloqsizliklarini yashirib qololsa?!

* Fed -Yarim gektar atrofidagi yer maydoni o’lchovi.

Manba: «Jahon adabiyoti» jurnali,2013/07

046

(Tashriflar: umumiy 336, bugungi 1)

Izoh qoldiring