Barnobek Eshpo‘latov. «Megapolis» kitobidan she’rlar

034    Барнобек Эшпўлатов 1963 йили Бухоро вилоятининг (бугунги Навоий вилояти) Навоий туманидаги Кўҳнамачит қишлоғида туғилган. ТошДУ журналистика факултетини битирган.ТошДУ журналистика факултетида ўқиди,кейин ишлай бошлади.Узоқ йиллардан буён»Шарқ» нашриёт-матбаа концернида хизмат қилади. «Инсон минтақалари» (1999), «Мегаполис» ва бошқа тўпламлари нашр этилган.

Барнобек Эшпўлатов
«МЕГАПОЛИС» КИТОБИДАН ШЕЪРЛАР
065

ПИЁДА ТЕЛБАЛИКЛАР

1

Кечасини жондан севаман ҳамон:
Кун бўйи эргашган соянг дам олар
Руҳнинғ улкан ойдин кўланкасида.

2

Ҳофиз деган унвон керакмас сенга,
Бирорта нотага имзо чекмассан,
Неларни куйлайсан, ўзи, чигиртка?

3

Болажоним, сендан бахтли одам йўқ,
Дўнди юлдузларга, боқ, капалаклар,
Десам ишонмайди энди ўзга зот!

4

Яратганга ёвуқ йўлайсан тунда,
Ҳам Ўзига шерик бўласан сезмай,
Шоирлик тақлиддай Тангрига мудом!

5

Тобора, тобора тупроққа яқин!
Тобора, тобора яқиндир висол!
Кўнгилнинг энг азиз мулки Тобора!

6

Нега гўзал мисра, тиниқ хаёллар
Кўройдин юртида туғилар доим?
Куройдин, сенсан-да ёруғ сўз борми?

7

Қалдирғоч, гўзалим, бирров ваъда бер,
Милён йиллардан сўнг кулбамга қайтиб,
Айтсин кимлигимни авлодларинг, хўп!

8

Ҳар нечук, ҳар нечук: Аёл
Етим қобирғанинг «чаласи» эмас!

9

Валийлар, доҳийлар, ҳатто расуллар,
Барчаси Ўтмишни туртган-да, тағин
Олис Келажакдан сўзлаган мудом!
Мансубмисан ўзинг Бугунга-чи, Тун!

10

Наҳотки, биргина билим қолади
«Ҳаммасин билмаслик» деган бу йўлда?

11

Оппоқ қоғоз қора тупроқ-да асли!
Шунданми, «қоғозни қораладим» деб
Айтишга айланмас қистасам тилим
Ўзимни қоралаб бўлгандан сўнгра.

12

Зотан, Ўзи шундоқ яратиб азал,
Тағин отса Дўзах мулкига атай,
Демак, Дўзахидир завқли бир макон!

I3

Донолар нодонроқ халқлардан чиққан,
Буюк миллатларга насиҳат шартмас!

I4

Кимдир турклигини қўмсайди мудом,
Кимдир форслигини билади авло,
Одамият керак, айтинг-чи, кимга?

15

Неча Лайлатулқадр кечди устимдан
Туғён селларида оққанда кўнгил,
Билмасман, билмасман, билмасман ҳануз!

16

Дада, ўроқ қайда? Хаёл бездирди!
Беда ўғирламоқ баридан яхши.

17

Тавба, онам овози ҳам қарибди анча!

18

Ҳазрати Насриддин, хожам, айтинг-чи,
Масъул муҳаррирлик қиласизми, а,
Жаҳон тарихини битсам ҳажв ила?

19

Айтмиш дадил бири: «Ҳаёт абадий қолгай!»
Бири эса демиш: «Ҳаёт бир кун тугайди!»
Қай бир «тахминча» патентга лойиқдир, Эгам?

20

Оёқларни сувга солиб ўйнамоқ,
Довучча ўғирлаб карсиллатмоқ ҳам
Эрта бир кун катта бўлмоқни билмай
Чалқанча термулмоқ тиниқ осмонга!

21

Фаришталар жинжилоғи тегиб кетгандай
«Чўлп-чўлп» тўкилади сувга тун бўйи ўрик.

22

Отам ариқ тўла сувдан қувонар,
Онам буғдойзорга термулар мамнун.
Одам авлодидан икков қария.

23

Китобларни чанг босибди;
Кутубхона-чи,
Алжираб-валжираб кўзин юмган донолар
Умар Хайём гўрин қазмиш… нашриётидир.

2001

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Чўчимагил, кўнгил, тонма тақдир қукмидан,
Садо берар ортдан, ана, бир ажойиб ком.
Яхши ёким ёмон бўлса ўзгалар чеки,
Биздан-чи қолгай ғайри тавсиф масъуд ном.

* * *

Ақлни атай бегонадан ўрганмадим, йўқ,
Шунчаки тан олдим жоиз такрорни, холос.
Билганларим гарданимга солса гар занжир,
Билмаганим этгай ундан ўшал дам халос.

* * *

Келганда мавриди битар ҳар нечук манзил,
Билмасмиз етгуси қачон комрон пайтимиз.
Лек, қалам синдирмоқ жоиз закот бўлганда,
Дарзлари-чи, бўлғусидир знг сўнг байтимиз.

* * *

Пойгаҳда хушомад, тамаъ тутганда мақом,
Кўрасан, тўрда қўр тўкар боши бўш тутун!
Пойгаҳу тўридан ўзга дунёнинг тағин
Ўзи борлигин англаган бағридир бутун.

* * *

Қўлдан берганга-ку тўйгай ҳар қандайин қуш,
Деб шундоқ, ўзингча ҳукмга исён этасан.
Эй азал, қўлдан берганга қилмай қаноат,
Қанотин қафас билганни, айт-чи, нетасан?

* * *

Бор эди, йўқ эди… бир кун зртакка дўнди,
Мақсад сўнгаклари узра гала қуш қўнди.
Билмадим, карвонин кутган тилак ё солик
Баридан кечди, барига, оҳ, қандоқ кўнди?

* * *

Келмагим шахди мақомин дедилар «дарак»,
«Ундов» атадилар кечмак саодатин ҳам.
Ниҳоят, ёздигим ҳамон билолмайин лол
Кетганда кутадир «сўроқ» қийматли бир ғам.

* * *

Андишада лабинг титраб келадир яқин,
Ҳаёвор бармоқлар чекди қабоқдан ёшни.
Дилбар зулмат қолсин абад, ёр, худо ҳақи,
Узмагил кўксимдан офтоб тийнатли тошни!

* * *

Қизғанмади дунё асло йўқ-у борни ҳам,
Ағёр даргоҳида топган дилдор ёрни ҳам.
Атагани бўлса, шояд маним қисматим,
Қўлини ўпарман, айтинг, келса дорни ҳам.

* * *

Мурод занжирин узиб бўлгаймиз озод,
Занжир муродига етгай, йулини очинг.
Заминдан бир ҳовуч олманг, асранг, азизим,
Сочсангиз қабримга, сиқим кўнглимни сочинг.

* * *

Ҳамонки сиррин титарлар, бўлмамиш адо,
Кунлар ҳикмати йўлинда тушмишлар гадо.
Бесутун номини олган музаффар фалак,
Ҳолбуки, тажалли, шояд, абадий садо.

* * *

Ажибдир ҳаёт ҳикмати, барида маъни,
Гоҳ алам, гоҳо ҳайратга чулғайдир сани.
Дунё маним дея синган зотларни кўрдим,
Кимса бўлолмас юпунваш диёрда ғани.

* * *

Асрлар Ҳотам ҳимматига айтарлар таҳсин,
Саховатин айлаб мудом юз йўлда талқин.
Қўли очиқ инсон очиқ дилдан самардир,
Яъниким меваси бўлғай уруғга яқин.

МОВАРОУННАҲР

Тушди кўклам этагидан…
Сафолик боғлар,
Қайтди жилғаларга қийғос сувлар жаранги.
Аригандек гўё буткул хотирдан доғлар,
Теваракда балқигандек юрагим ранги.

Сойларга эргашиб чопган дамлар олисда,
Майсага термулиб хаёл сурган кунлардек.
Эртаклар ҳам латифалар кетмишдир биздан,
Ўз-ўзича
Сирга сингган дилгир унлардек.

Бужир урик,
Омонмисан,
Шохларинг қани,
Қайси тулпор авлодисан,
Сулувим тойча?
Тақдир кўкламлари чорлаб йироққа мани,
Сиздан айро солди соғинч…
Етти минг… ойча!

Ер юзининг қоқ ярмига қадамим етди,
Маъволардан маъволарга ошино бўлдим.
Кечмишимдан неча тунлар тўкилиб кетди,
Ой тўлганда,
Сени қўмсаб,
Ҳасратга тўлдим,

Адирлари, сойлари қув,
Азим Тоғбоба!
Қор қўйнидан қўзиқулоқ қиқирлар майин,
Ғудда харсанг теграсида куйлайди сабо,
Чўлиқ суҳбатдошлар чалган қўчқорчи найин.

Ҳар қаричин тарихи бир достон ажойиб,
Ҳар гўшасин қўриқлайде комил авлиё,
Ҳикматлари хотирангдан бўлмайди ғойиб,
Мовароуннаҳр аталган адоқсиз диёр!

Ишон, одам кечмишидан юрмаслар кулиб,
Андишанинг оти…
Ҳаргиз ҳикматдир бунда!
Заковатинг чорбоғида иймон булбули
Эзгу қасидалар куйлар саҳарда, тунда!

Дўмбира ҳам танбур туғар юртда полвон тут,
Бешик қўзилар арчаси сойлиқда минг йил,
Зирвалардан ўргалганча шиддатли бургут,
Улуғ-улуғ даргоҳларга чорлайдир, Кўнгил!

Ёвонига бободеҳқон термулади син,
Қўндоғидан ҳур чақалоқ жилмайиб кулар.
Аллабир шўхлигим такрор…
Ёришди ичим,
Азиз диёр,
Томиринг-да» бариси булар!

Олчинбойим, қозоёғим, қарлуқ ҳам бурқут,
Жалойир ҳам кенагасим, баҳрин, урганжий.
Тўқсон икки қулоғингни юрагимга тут,
Бўлсин сенинг,
Дадаўзбек,
Тақдиринг ганжи-ю,
Тақдирим ранжи!

Гоҳ музаффар,
Гоҳи мағлуб бўлдик дунёдан,
Жумла ёвузлардан сен-ла устун келдик сўнг.
Дейдиларки,
Кибор бўлма, ютгандек хода,
Бўлгулик қўчқор манглайи келгай мудом дўнг!

Нашъу намо қадим боғда,
Борлиқда шукуҳ,
Тушларимга ҳар дарёнгдан таъбир тиладим.
Ватан,
Асли,
Коинотдек бепоён бир руҳ,
Иқболим деб болам бошин ўпиб силадим.

Унутилар бари,
Шодлик,
Ҳатто қисмат ҳам,
Бедор саодатинг тонгда қайтиб келади.
… Бир диёрки,
Ўғлонлари келмасдан кўклам,
Тойга ирғиб…
Хизир бобосин ҳам
Тўйларига айтиб келади.

2002

«Мегаполис» тўпламини тўлиқ ҳолда саҳифа пастида ўқишингиз мумкин.

043

Barnobek Eshpo’latov
«MEGAPOLIS» KITOBIDAN SHE’RLAR
065

    Barnobek Eshpo’latov 1963 yili Buxoro viloyatining (bugungi Navoiy viloyati) Navoiy tumanidagi Ko’hnamachit qishlog’ida tug’ilgan. ToshDU jurnalistika fakultetini bitirgan.ToshDU jurnalistika fakultetida o’qidi,keyin ishlay boshladi.Uzoq yillardan buyon»Sharq» nashriyot-matbaa kontsernida xizmat qiladi. «Inson mintaqalari» (1999), «Megapolis» va boshqa to’plamlari nashr etilgan.

065

PIYODA TELBALIKLAR

1

Kechasini jondan sevaman hamon:
Kun bo’yi ergashgan soyang dam olar
Ruhning’ ulkan oydin ko’lankasida.

2

Hofiz degan unvon kerakmas senga,
Birorta notaga imzo chekmassan,
Nelarni kuylaysan, o’zi, chigirtka?

3

Bolajonim, sendan baxtli odam yo’q,
Do’ndi yulduzlarga, boq, kapalaklar,
Desam ishonmaydi endi o’zga zot!

4

Yaratganga yovuq yo’laysan tunda,
Ham O’ziga sherik bo’lasan sezmay,
Shoirlik taqlidday Tangriga mudom!

5

Tobora, tobora tuproqqa yaqin!
Tobora, tobora yaqindir visol!
Ko’ngilning eng aziz mulki Tobora!

6

Nega go’zal misra, tiniq xayollar
Ko’roydin yurtida tug’ilar doim?
Kuroydin, sensan-da yorug’ so’z bormi?

7

Qaldirg’och, go’zalim, birrov va’da ber,
Milyon yillardan so’ng kulbamga qaytib,
Aytsin kimligimni avlodlaring, xo’p!

8

Har nechuk, har nechuk: Ayol
Yetim qobirg’aning «chalasi» emas!

9

Valiylar, dohiylar, hatto rasullar,
Barchasi O’tmishni turtgan-da, tag’in
Olis Kelajakdan so’zlagan mudom!
Mansubmisan o’zing Bugunga-chi, Tun!

10

Nahotki, birgina bilim qoladi
«Hammasin bilmaslik» degan bu yo’lda?

11

Oppoq qog’oz qora tuproq-da asli!
Shundanmi, «qog’ozni qoraladim» deb
Aytishga aylanmas qistasam tilim
O’zimni qoralab bo’lgandan so’ngra.

12

Zotan, O’zi shundoq yaratib azal,
Tag’in otsa Do’zax mulkiga atay,
Demak, Do’zaxidir zavqli bir makon!

I3

Donolar nodonroq xalqlardan chiqqan,
Buyuk millatlarga nasihat shartmas!

I4

Kimdir turkligini qo’msaydi mudom,
Kimdir forsligini biladi avlo,
Odamiyat kerak, ayting-chi, kimga?

15

Necha Laylatulqadr kechdi ustimdan
Tug’yon sellarida oqqanda ko’ngil,
Bilmasman, bilmasman, bilmasman hanuz!

16

Dada, o’roq qayda? Xayol bezdirdi!
Beda o’g’irlamoq baridan yaxshi.

17

Tavba, onam ovozi ham qaribdi ancha!

18

Hazrati Nasriddin, xojam, ayting-chi,
Mas’ul muharrirlik qilasizmi, a,
Jahon tarixini bitsam hajv ila?

19

Aytmish dadil biri: «Hayot abadiy qolgay!»
Biri esa demish: «Hayot bir kun tugaydi!»
Qay bir «taxmincha» patentga loyiqdir, Egam?

20

Oyoqlarni suvga solib o’ynamoq,
Dovuchcha o’g’irlab karsillatmoq ham
Erta bir kun katta bo’lmoqni bilmay
Chalqancha termulmoq tiniq osmonga!

21

Farishtalar jinjilog’i tegib ketganday
«Cho’lp-cho’lp» to’kiladi suvga tun bo’yi o’rik.

22

Otam ariq to’la suvdan quvonar,
Onam bug’doyzorga termular mamnun.
Odam avlodidan ikkov qariya.

23

Kitoblarni chang bosibdi;
Kutubxona-chi,
Aljirab-valjirab ko’zin yumgan donolar
Umar Xayyom go’rin qazmish… nashriyotidir.

2001

TO’RTLIKLAR

* * *

Cho’chimagil, ko’ngil, tonma taqdir qukmidan,
Sado berar ortdan, ana, bir ajoyib kom.
Yaxshi yokim yomon bo’lsa o’zgalar cheki,
Bizdan-chi qolgay g’ayri tavsif mas’ud nom.

* * *

Aqlni atay begonadan o’rganmadim, yo’q,
Shunchaki tan oldim joiz takrorni, xolos.
Bilganlarim gardanimga solsa gar zanjir,
Bilmaganim etgay undan o’shal dam xalos.

* * *

Kelganda mavridi bitar har nechuk manzil,
Bilmasmiz yetgusi qachon komron paytimiz.
Lek, qalam sindirmoq joiz zakot bo’lganda,
Darzlari-chi, bo’lg’usidir zng so’ng baytimiz.

* * *

Poygahda xushomad, tama’ tutganda maqom,
Ko’rasan, to’rda qo’r to’kar boshi bo’sh tutun!
Poygahu to’ridan o’zga dunyoning tag’in
O’zi borligin anglagan bag’ridir butun.

* * *

Qo’ldan berganga-ku to’ygay har qandayin qush,
Deb shundoq, o’zingcha hukmga isyon etasan.
Ey azal, qo’ldan berganga qilmay qanoat,
Qanotin qafas bilganni, ayt-chi, netasan?

* * *

Bor edi, yo’q edi… bir kun zrtakka do’ndi,
Maqsad so’ngaklari uzra gala qush qo’ndi.
Bilmadim, karvonin kutgan tilak yo solik
Baridan kechdi, bariga, oh, qandoq ko’ndi?

* * *

Kelmagim shaxdi maqomin dedilar «darak»,
«Undov» atadilar kechmak saodatin ham.
Nihoyat, yozdigim hamon bilolmayin lol
Ketganda kutadir «so’roq» qiymatli bir g’am.

* * *

Andishada labing titrab keladir yaqin,
Hayovor barmoqlar chekdi qaboqdan yoshni.
Dilbar zulmat qolsin abad, yor, xudo haqi,
Uzmagil ko’ksimdan oftob tiynatli toshni!

* * *

Qizg’anmadi dunyo aslo yo’q-u borni ham,
Ag’yor dargohida topgan dildor yorni ham.
Atagani bo’lsa, shoyad manim qismatim,
Qo’lini o’parman, ayting, kelsa dorni ham.

* * *

Murod zanjirin uzib bo’lgaymiz ozod,
Zanjir murodiga yetgay, yulini oching.
Zamindan bir hovuch olmang, asrang, azizim,
Sochsangiz qabrimga, siqim ko’nglimni soching.

* * *

Hamonki sirrin titarlar, bo’lmamish ado,
Kunlar hikmati yo’linda tushmishlar gado.
Besutun nomini olgan muzaffar falak,
Holbuki, tajalli, shoyad, abadiy sado.

* * *

Ajibdir hayot hikmati, barida ma’ni,
Goh alam, goho hayratga chulg’aydir sani.
Dunyo manim deya singan zotlarni ko’rdim,
Kimsa bo’lolmas yupunvash diyorda g’ani.

* * *

Asrlar Hotam himmatiga aytarlar tahsin,
Saxovatin aylab mudom yuz yo’lda talqin.
Qo’li ochiq inson ochiq dildan samardir,
Ya’nikim mevasi bo’lg’ay urug’ga yaqin.

MOVAROUNNAHR

Tushdi ko’klam etagidan…
Safolik bog’lar,
Qaytdi jilg’alarga qiyg’os suvlar jarangi.
Arigandek go’yo butkul xotirdan dog’lar,
Tevarakda balqigandek yuragim rangi.

Soylarga ergashib chopgan damlar olisda,
Maysaga termulib xayol surgan kunlardek.
Ertaklar ham latifalar ketmishdir bizdan,
O’z-o’zicha
Sirga singgan dilgir unlardek.

Bujir urik,
Omonmisan,
Shoxlaring qani,
Qaysi tulpor avlodisan,
Suluvim toycha?
Taqdir ko’klamlari chorlab yiroqqa mani,
Sizdan ayro soldi sog’inch…
Yetti ming… oycha!

Yer yuzining qoq yarmiga qadamim yetdi,
Ma’volardan ma’volarga oshino bo’ldim.
Kechmishimdan necha tunlar to’kilib ketdi,
Oy to’lganda,
Seni qo’msab,
Hasratga to’ldim,

Adirlari, soylari quv,
Azim Tog’boba!
Qor qo’ynidan qo’ziquloq qiqirlar mayin,
G’udda xarsang tegrasida kuylaydi sabo,
Cho’liq suhbatdoshlar chalgan qo’chqorchi nayin.

Har qarichin tarixi bir doston ajoyib,
Har go’shasin qo’riqlayde komil avliyo,
Hikmatlari xotirangdan bo’lmaydi g’oyib,
Movarounnahr atalgan adoqsiz diyor!

Ishon, odam kechmishidan yurmaslar kulib,
Andishaning oti…
Hargiz hikmatdir bunda!
Zakovating chorbog’ida iymon bulbuli
Ezgu qasidalar kuylar saharda, tunda!

Do’mbira ham tanbur tug’ar yurtda polvon tut,
Beshik qo’zilar archasi soyliqda ming yil,
Zirvalardan o’rgalgancha shiddatli burgut,
Ulug’-ulug’ dargohlarga chorlaydir, Ko’ngil!

Yovoniga bobodehqon termuladi sin,
Qo’ndog’idan hur chaqaloq jilmayib kular.
Allabir sho’xligim takror…
Yorishdi ichim,
Aziz diyor,
Tomiring-da» barisi bular!

Olchinboyim, qozoyog’im, qarluq ham burqut,
Jaloyir ham kenagasim, bahrin, urganjiy.
To’qson ikki qulog’ingni yuragimga tut,
Bo’lsin sening,
Dadao’zbek,
Taqdiring ganji-yu,
Taqdirim ranji!

Goh muzaffar,
Gohi mag’lub bo’ldik dunyodan,
Jumla yovuzlardan sen-la ustun keldik so’ng.
Deydilarki,
Kibor bo’lma, yutgandek xoda,
Bo’lgulik qo’chqor manglayi kelgay mudom do’ng!

Nash’u namo qadim bog’da,
Borliqda shukuh,
Tushlarimga har daryongdan ta’bir tiladim.
Vatan,
Asli,
Koinotdek bepoyon bir ruh,
Iqbolim deb bolam boshin o’pib siladim.

Unutilar bari,
Shodlik,
Hatto qismat ham,
Bedor saodating tongda qaytib keladi.
… Bir diyorki,
O’g’lonlari kelmasdan ko’klam,
Toyga irg’ib…
Xizir bobosin ham
To’ylariga aytib keladi.

2002

«Megapolis» to’plamini to’liq holda mutolaa qiling.

Barnobek Eshpo’latov. Megapolis

087

(Tashriflar: umumiy 155, bugungi 1)

1 izoh

  1. ҒАЛАТИ БИР ЭЪТИРОЗ – шу номидаги шеърини тополмай қийналмоқдаман. Илтимос, жойлаб қўйинг.

Izoh qoldiring