Barnobek Eshpo‘latov. She’rlar

003     1963 йили Бухоро вилоятининг (ҳозирги Навоий вилояти) Навоий туманидаги Кўҳнамачит қишлоғида туғилган  Барнобекни, адашмасам, 1979 ёки 80 йилдан буён танийман.  У  ўрта мактабни тугатиш арафасида Тошкентга келган, ўша йиллари мен яшаган Спутник (Йўлдош шаҳарча) мавзесидаги уйимда меҳмон бўлган, юпқа дафтарчада олиб келган  шеърлари менга   анча маъқул келган эди. Ҳалигача бир шеъридаги мана бу сатр хотирамдан кетмайди:

Чопилган илондай ётибди занжир…

Бундай ёрқин сатр асл истеъдоддан дарак берарди. Уйга қайтишида бир неча шеърий китоблар, жумладан Шавкат Раҳмон, Усмон Азим ва ўзимнинг илк китобларимни бериб кузатган эдим. Мактабдан кейин ўқишини давом эттиришни истамадими ёки киролмадими, ҳарбий хизматга кетди. Менга хатлар ёзиб турди. Илк келганида менга кўрсатган бир неча шеърлари ва ҳарбийдан ёзган айрим мактублари ҳанузгача архивимда сақланади (Саҳифадаги унинг фотосуратлари ҳам ўа даврга оид. Фақат унинг ҳарбийдан юборган суратини ҳозирча тополмадим. Қаердадир, бошқа бир суратлар орасида турган бўлса керак).

Барнобек кейин Тошкентга келди. ТошДУ журналистика факултетида ўқиди,кейин ишлай бошлади. Энг қизиғи,бир жойда — «Шарқ» нашриёт-матбаа концернида муқим ишлади, ҳозир ҳам ўша даргоҳда хизмат қилади. «Инсон минтақалари» (1999),  «Мегаполис» (2002) ва бошқа тўпламлари нашр этилди.  Барнобек ҳаммаёққа ўзини урмайдиган, жимгина ижод қиладиган ижодкор. Унинг айни шу жимликларида бўронлар яширинган бўлса ажабмас, деб кутаман.

Хуршид ДАВРОН
Ўзбекистон халқ шоири

Барнобек Эшпўлатов
ШЕЪРЛАР
065

099

ИШҚ

Ўртамизда йигирма йил,
Соғинч ҳам бардош,
Туйғун, сўлим ойлар ўтди,
Шундоқ ҳайрона.
Гоҳ бағримга бошин қўйиб
Исинди қуёш,
Гоҳо обод кунда туйдим
Умрим вайрона.

Бир телбага йўйсинлар-да,
Тушларим содиқ,
Йўлки,
Иккимиздан ўзга солик йуқ унда.
Бу бошинда дилим сиғмай қолар дунёга,
У бошинда… сен йиғларсан пинҳона,
Тунда.

Қилдан қийиқ ахтарганлар издиҳомида
Тавбалардан тавба қилмоқ шашти қўзғалар,
Ёр,
Қасамлар ичолмадим ишқинг номидан,
Остонангга бош урса ҳам масъуд ўзгалар.

Чақалоқ ҳам беланчакка ўғринча боқиб,
Дилимни авраган ҳайрат шуъласин кўрдим.
Йигирма йил аввал эккан анор ёнида
Муродсизлик муродидан саволлар сўрдим.

Ҳижрон божхонасин кечди инжиган юрак,
Сабр ҳам
Сабрсизлик майидан бағрим қонмади.
Суюклиси қирқни қучди,
Бир қувонсин-чи,
Йигирма ёшингдан,
Гулим,
Қурғур тонмади.

Недир кўнгил,
Англамайин мудом жайдари,
Муҳаббатга хиёнатни йиллар кечирмас.
Минг бора бағрим ўртади
Кутилмаганда
«Ҳали ҳам эрта,
Биродар, ҳали кеч эмас!»

Қояларга юксалдим-да,
Айтиб йиғладим,
Теграмда чарх урди шодмон жарқалдирғочлар.
Машриқига қучоқ очиб висол юкундим,
Ҳайҳот…
Тағин тушларимни куйдирди сочлар.

Томчиларга тутдим кафтим,
Чулғанди нурга,
Шамолларга оқизмоққа чоғларман жисмим.
Бурж совурган осмонларга етмасдан сасим,
Сомон йўли…
Сомон йўли муборак исминг.

Соғинмоқ бор бу дунеда телба ҳам масрур,
Қўмсамоқ бор дамларингда —
Тушуниксиз дард.
Бошимга оқ бўлиб энди
Юртлардан оша
Сунбул сочларингга қўнмоқ истаган ҳар гард.

Мағрибига бошим урдим,
Топдим Машриқин,
Тағин дийдор илинжини орага солдим,
Икки Машриқ дарёсида оқдим навқирон,
Икки Мағриб саҳросида сулувим қолди —

Ўртамизда йигирма йил,
Соғинч ҳам мактуб,
Баъзан ҳатто йўлдан оздим,
Баъзан хаёлдан.
Ҳижрон таъқиб зтмиш бахтли ошиқлар аро,
Гулим, қочиб юрибдирман,
Инон, висолдан!

2000

* * *

Аёлни қучоқлаб йиғлашинг хушдир,
Арзийди артмасанг кўзда ёшингни.
Аёл — ҳасад билмас бокира қушдир,
Бағрингга меҳрдай кетади сингиб.

Капалакдай мунис, армон, ташвиши
Ҳуркиниб қўнаркан кифтингга бир-бир
Аёлни қучоқлаб йиғлар эр киши,
Бахтин ато этса устивор тақдир.

Қари ёз жон берар унинг пойида
Очун атаганин айлайди рўёб.
Аёл қимтинади. Кўчар жойидан —
Билинар-билинмас куз солган рўё.

Унинг хаёлидан қушлар аслида
Бегона юртларга кетмаслар бир кун.
Изиллаб йиғлайди баҳор фаслида
Кайтмаган қалдирғоч жуфтлиги учун.

Ардоқлагин, ютгин кўзларда ёшин,
Аёл тўдасидан айрилган қушдир.
Ҳаёт ғурбатлари эгаркан бошинг,
Аёлни қучоқлаб ўкинмоқ хушдир.

* * *

Чечаклар исмини излайди қалбим,
Оламни поклайди қуёш тошқини.
Қўнар борлиғимга капалак каби
Кўшиғу армону ҳайрат ёлқини.

Кўмилиб ётаман майсаларга жим
Улуғвор дунёнинг гирдоби аро.
Минг йиллар тафтида овунар таним
Бу ойдин кунларнинг ҳуснига қараб.

Оппоқ қор чўкади кўчаларга жим,
Дарахтлар юксалар ойдинлик аро.
Нафаси илиқдир сирли дунёнинг,
Кўзларим нурланар — этгум илтижо.

Ойдин кечаларнинг саргардонлиги
Юрагим қаърини қитиқлайди хуш.
Сулувни ўйлайман кўзларим тиниб,
У-да узоқларда мени кўрар туш.

* * *

Настаринлар, олчалар суҳбатга имлар
Ўртар
ўрикларнинг хушбўйи,
тонгда қари чорбоқларга қочиб кетаркан,
Изиллайман муҳаббатнинг армонлигидан.

* * *

Болалар-чи, сизларга
Ғурурдан иштонча тикмак,
Ақлдан гул кўйлак кийдиргач,
унга қадамоқ керак
Саховатнинг ёрқин тугмачаларин.

* * *

Бу аёлни жуда узоқ
чордоқлар,
ҳасрат ойдинлиги,
умид ягоналигидай
Ақлингни танигач, сева олгансан.

* * *

Кўнмайман, аслида шундай эмасди,
Иззалар уйғотар ярим тунда ҳам.
Бир замон юрагим қониққан юпанч
Ўткир тирноқ каби бағрим тимдалар.

Кўнмайман, ададсиз деворлар аро —
яшириб кўзлардан муборак таним.
ўзлигим ишониб совуқ қулфларга,
эшигим ёпаман — иложсиз ғаним.

Кўнмайман, бу осмон, ҳорғин турналар
сарғайиб боргувчи боғларнинг учи
Бир-бирига далда бериб куйларкан,
қўшиғи унинг-чун,
қўшиқ—мен учун.

Қайдадир,ул ўғлон Еру Осмоннинг
Қоқ белида нурга бурканиб олиб —
муҳаббат байтидан бошини эгмиш,
Шамолдан, ўзидан, мендан-да ғолиб.

Кўзалар қорнида тиниб борар сув —
бармоқдай лойқадан туясан ғашлик.
Соғинчдан тиниркан кўнгил ўйлари
чорлайди ўзига тундлик, саркашлик.

МИЁНКОЛ

Бахмал адирларда
Аччиқ бодомлар тошди,
Қоратоғда шаддод сойлар чулдирар яна.
Миёнкол чорбоғларига тушганда булбул,
Қайтмиш маъюс кунларимга шукуҳ, тантана.

Томирларда бир ҳорғинлик,
Ёлғизлик майли,
Қўзигуллар жилмайганда шохлар порлайди.
Анвойи исларга тўлган тўқай, ўрамда
Сўқмоқлар ҳам хотиротга имлаб чорлайди.

Қўниб ўтгач юлғунларга минг битта наво,
Саргардон болари гулдан тотганда бўса,
Сезадирман, вужудимдан олгандек мадад
Кўктераклар лаҳза-лаҳза юксала ўсар.

Бобошамол,
Энди қайга борамиз, айт-чи?!
Этагидан қоқигуллар тўккандек осмон.
Аллабир оҳанглар кезиб теграмда сирли,
Олис, яқин кечмишлардан сўзлайдир ҳамон.

Момолайлак,
Қай бир юртдан қайтиб келдинг, айт,
Соғинчларим маъвосидан дўнгандирсан,ё?
Бир қуш десам,
Ўхшамассан ўзингга сира,
Кел,
Бағримга бир босайин, эй гўзал Хаёл!

Саломат бормисан,
Ўзинг, азамат Гужум?
Чумчуқларинг жонсарак-да,
Шохларинг қайсар.
Тушларингдан сўзлаб бергил,
Суюнчи чўзай,
Новдада ҳам унибди-ку тинмасак майса?!

Тўранғиллар нур эмади,
Яшармиш борлиқ,
Ялпизларни чимчилаб-да ариқлар шошқин.
Осмон, осмон, бўз булутлар қайларда қолди,
Юракларни шоширгани келмасми тошқин?

Ажиб ҳислар ёнидан-чи кечганча дариғ,
Термулиб қолганда бирпас хаёл изидан,
Йўлларингга термулганда, ҳаётбахш баҳор,
Ваҳимали тунларимда бахш этдинг чидам.

Лангарота,
Азим зирвам,
Харсанглар куйчи,
Арчазорда болдизкўклар гулин тўзғитар.
Қуёш изидан эргашиб ошиғич, телба,
Ойдин сойлар қоялардан бош олиб кетар.

Бобошамол,
Жуманбулбул, ўзингмисан, айт,
Суюклимга қайси дардни деганим яхши?
Гурра, Оқсоқолота, Заргар, Сармишсой, Қайдам,
Барчаси ваҳдат ишқидан бўлгандир бахши?!

Миёнкол чорбоғларига тушганда булбул,
Ўн тўртимни унда кўрдим,
Йўлга тикмиш кўз,
Ошиқлар оҳидан турфа чечаклар сочган
Дилбардек ғамзавор боқса дунёга Наврўз.

2002

045

087 1963 yili Buxoro viloyatining (hozirgi Navoiy viloyati) Navoiy tumanidagi Ko’hnamachit qishlog’ida tug’ilgan  Barnobekni, adashmasam, 1979 yoki 80 yildan buyon taniyman. U  o’rta maktabni tugatish arafasida Toshkentga kelgan, o’sha yillari men yashagan Sputnik (Yo’ldosh shaharcha) mavzesidagi uyimda mehmon bo’lgan,  yupqa daftarchada  olib  she’rlari menga ancha ma’qul kelgan edi. Haligacha bir she’ridagi mana bu satr xotiramdan ketmaydi:

Chopilgan ilonday yotibdi zanjir…

Bunday yorqin satr asl iste’doddan darak berardi. Uyga qaytishida bir necha she’riy kitoblar, jumladan Shavkat Rahmon, Usmon Azim va o’zimning ilk kitoblarimni berib kuzatgan edim. Maktabdan keyin o’qishini davom ettirishni istamadimi yoki kirolmadimi, harbiy xizmatga ketdi. Menga xatlar yozib turdi. Ilk kelganida menga ko’rsatgan bir necha she’rlari va harbiydan yozgan ayrim maktublari hanuzgacha arxivimda saqlanadi (Sahifadagi uning fotosuratlari ham o’a davrga oid. Faqat uning harbiydan yuborgan suratini hozircha topolmadim. Qaerdadir, boshqa bir suratlar orasida turgan bo’lsa kerak).

Barnobek keyin Toshkentga keldi. ToshDU jurnalistika fakultetida o’qidi,keyin ishlay boshladi. Eng qizig’i,bir joyda — «Sharq» nashriyot-matbaa kontsernida muqim ishladi, hozir ham o’sha dargohda xizmat qiladi. «Inson mintaqalari» (1999),  «Megapolis» (2002) va boshqa to’plamlari nashr etildi.  Barnobek hammayoqqa o’zini urmaydigan, jimgina ijod qiladigan ijodkor. Uning ayni shu jimliklarida bo’ronlar yashiringan bo’lsa ajabmas, deb kutaman.

Xurshid DAVRON
O’zbekiston xalq shoiri

Barnobek Eshpo‘latov
SHE’RLAR
065

ISHQ

O’rtamizda yigirma yil,
Sog’inch ham bardosh,
Tuyg’un, so’lim oylar o’tdi,
Shundoq hayrona.
Goh bag’rimga boshin qo’yib
Isindi quyosh,
Goho obod kunda tuydim
Umrim vayrona.

Bir telbaga yo’ysinlar-da,
Tushlarim sodiq,
Yo’lki,
Ikkimizdan o’zga solik yuq unda.
Bu boshinda dilim sig’may qolar dunyoga,
U boshinda… sen yig’larsan pinhona,
Tunda.

Qildan qiyiq axtarganlar izdihomida
Tavbalardan tavba qilmoq shashti qo’zg’alar,
Yor,
Qasamlar icholmadim ishqing nomidan,
Ostonangga bosh ursa ham mas’ud o’zgalar.

Chaqaloq ham belanchakka o’g’rincha boqib,
Dilimni avragan hayrat shu’lasin ko’rdim.
Yigirma yil avval ekkan anor yonida
Murodsizlik murodidan savollar so’rdim.

Hijron bojxonasin kechdi injigan yurak,
Sabr ham
Sabrsizlik mayidan bag’rim qonmadi.
Suyuklisi qirqni quchdi,
Bir quvonsin-chi,
Yigirma yoshingdan,
Gulim,
Qurg’ur tonmadi.

Nedir ko’ngil,
Anglamayin mudom jaydari,
Muhabbatga xiyonatni yillar kechirmas.
Ming bora bag’rim o’rtadi
Kutilmaganda
«Hali ham erta,
Birodar, hali kech emas!»

Qoyalarga yuksaldim-da,
Aytib yig’ladim,
Tegramda charx urdi shodmon jarqaldirg’ochlar.
Mashriqiga quchoq ochib visol yukundim,
Hayhot…
Tag’in tushlarimni kuydirdi sochlar.

Tomchilarga tutdim kaftim,
Chulg’andi nurga,
Shamollarga oqizmoqqa chog’larman jismim.
Burj sovurgan osmonlarga yetmasdan sasim,
Somon yo’li…
Somon yo’li muborak isming.

Sog’inmoq bor bu duneda telba ham masrur,
Qo’msamoq bor damlaringda —
Tushuniksiz dard.
Boshimga oq bo’lib endi
Yurtlardan osha
Sunbul sochlaringga qo’nmoq istagan har gard.

Mag’ribiga boshim urdim,
Topdim Mashriqin,
Tag’in diydor ilinjini oraga soldim,
Ikki Mashriq daryosida oqdim navqiron,
Ikki Mag’rib sahrosida suluvim qoldi —

O’rtamizda yigirma yil,
Sog’inch ham maktub,
Ba’zan hatto yo’ldan ozdim,
Ba’zan xayoldan.
Hijron ta’qib ztmish baxtli oshiqlar aro,
Gulim, qochib yuribdirman,
Inon, visoldan!

2000

* * *

Ayolni quchoqlab yig‘lashing xushdir,
Arziydi artmasang ko‘zda yoshingni.
Ayol — hasad bilmas bokira qushdir,
Bag‘ringga mehrday ketadi singib.

Kapalakday munis, armon, tashvishi
Hurkinib qo‘narkan kiftingga bir-bir
Ayolni quchoqlab yig‘lar er kishi,
Baxtin ato etsa ustivor taqdir.

Qari yoz jon berar uning poyida
Ochun ataganin aylaydi ro‘yob.
Ayol qimtinadi. Ko‘char joyidan —
Bilinar-bilinmas kuz solgan ro‘yo.

Uning xayolidan qushlar aslida
Begona yurtlarga ketmaslar bir kun.
Izillab yig‘laydi bahor faslida
Kaytmagan qaldirg‘och juftligi uchun.

Ardoqlagin, yutgin ko‘zlarda yoshin,
Ayol to‘dasidan ayrilgan qushdir.
Hayot g‘urbatlari egarkan boshing,
Ayolni quchoqlab o‘kinmoq xushdir.

* * *

Chechaklar ismini izlaydi qalbim,
Olamni poklaydi quyosh toshqini.
Qo‘nar borlig‘imga kapalak kabi
Ko‘shig‘u armonu hayrat yolqini.

Ko‘milib yotaman maysalarga jim
Ulug‘vor dunyoning girdobi aro.
Ming yillar taftida ovunar tanim
Bu oydin kunlarning husniga qarab.

Oppoq qor cho‘kadi ko‘chalarga jim,
Daraxtlar yuksalar oydinlik aro.
Nafasi iliqdir sirli dunyoning,
Ko‘zlarim nurlanar — etgum iltijo.

Oydin kechalarning sargardonligi
Yuragim qa’rini qitiqlaydi xush.
Suluvni o‘ylayman ko‘zlarim tinib,
U-da uzoqlarda meni ko‘rar tush.

* * *

Nastarinlar, olchalar suhbatga imlar
O’rtar
o‘riklarning xushbo‘yi,
tongda qari chorboqlarga qochib ketarkan,
Izillayman muhabbatning armonligidan.

* * *

Bolalar-chi, sizlarga
G’ururdan ishtoncha tikmak,
Aqldan gul ko‘ylak kiydirgach,
unga qadamoq kerak
Saxovatning yorqin tugmachalarin.

* * *

Bu ayolni juda uzoq
chordoqlar,
hasrat oydinligi,
umid yagonaligiday
Aqlingni tanigach, seva olgansan.

* * *

Ko‘nmayman, aslida shunday emasdi,
Izzalar uyg‘otar yarim tunda ham.
Bir zamon yuragim qoniqqan yupanch
O’tkir tirnoq kabi bag‘rim timdalar.

Ko‘nmayman, adadsiz devorlar aro —
yashirib ko‘zlardan muborak tanim.
o‘zligim ishonib sovuq qulflarga,
eshigim yopaman — ilojsiz g‘anim.

Ko‘nmayman, bu osmon, horg‘in turnalar
sarg‘ayib borguvchi bog‘larning uchi
Bir-biriga dalda berib kuylarkan,
qo‘shig‘i uning-chun,
qo‘shiq—men uchun.

Qaydadir,ul o‘g‘lon Yeru Osmonning
Qoq belida nurga burkanib olib—
muhabbat baytidan boshini egmish,
Shamoldan, o‘zidan, mendan-da g‘olib.

Ko‘zalar qornida tinib borar suv —
barmoqday loyqadan tuyasan g‘ashlik.
Sog‘inchdan tinirkan ko‘ngil o‘ylari
chorlaydi o‘ziga tundlik, sarkashlik.

MIYONKOL

Baxmal adirlarda
Achchiq bodomlar toshdi,
Qoratog’da shaddod soylar chuldirar yana.
Miyonkol chorbog’lariga tushganda bulbul,
Qaytmish ma’yus kunlarimga shukuh, tantana.

Tomirlarda bir horg’inlik,
Yolg’izlik mayli,
Qo’zigullar jilmayganda shoxlar porlaydi.
Anvoyi islarga to’lgan to’qay, o’ramda
So’qmoqlar ham xotirotga imlab chorlaydi.

Qo’nib o’tgach yulg’unlarga ming bitta navo,
Sargardon bolari guldan totganda bo’sa,
Sezadirman, vujudimdan olgandek madad
Ko’kteraklar lahza-lahza yuksala o’sar.

Boboshamol,
Endi qayga boramiz, ayt-chi?!
Etagidan qoqigullar to’kkandek osmon.
Allabir ohanglar kezib tegramda sirli,
Olis, yaqin kechmishlardan so’zlaydir hamon.

Momolaylak,
Qay bir yurtdan qaytib kelding, ayt,
Sog’inchlarim ma’vosidan do’ngandirsan,yo?
Bir qush desam,
O’xshamassan o’zingga sira,
Kel,
Bag’rimga bir bosayin, ey go’zal Xayol!

Salomat bormisan,
O’zing, azamat Gujum?
Chumchuqlaring jonsarak-da,
Shoxlaring qaysar.
Tushlaringdan so’zlab bergil,
Suyunchi cho’zay,
Novdada ham unibdi-ku tinmasak maysa?!

To’rang’illar nur emadi,
Yasharmish borliq,
Yalpizlarni chimchilab-da ariqlar shoshqin.
Osmon, osmon, bo’z bulutlar qaylarda qoldi,
Yuraklarni shoshirgani kelmasmi toshqin?

Ajib hislar yonidan-chi kechgancha darig’,
Termulib qolganda birpas xayol izidan,
Yo’llaringga termulganda, hayotbaxsh bahor,
Vahimali tunlarimda baxsh etding chidam.

Langarota,
Azim zirvam,
Xarsanglar kuychi,
Archazorda boldizko’klar gulin to’zg’itar.
Quyosh izidan ergashib oshig’ich, telba,
Oydin soylar qoyalardan bosh olib ketar.

Boboshamol,
Jumanbulbul, o’zingmisan, ayt,
Suyuklimga qaysi dardni deganim yaxshi?
Gurra, Oqsoqolota, Zargar, Sarmishsoy, Qaydam,
Barchasi vahdat ishqidan bo’lgandir baxshi?!

Miyonkol chorbog’lariga tushganda bulbul,
O’n to’rtimni unda ko’rdim,
Yo’lga tikmish ko’z,
Oshiqlar ohidan turfa chechaklar sochgan
Dilbardek g’amzavor boqsa dunyoga Navro’z.

2002

044

(Tashriflar: umumiy 194, bugungi 1)

Izoh qoldiring