Rafiq Saydullo. Ikki hikoya

041    Жамол қизга ёзган мактубларини мажруҳ кабутарларга менгзарди. У қизга ҳар куни мактуб ёзарди, бироқ бу мактубларнинг унга ҳеч қачон етиб бормаслигини билар, шунинг учун ҳам уларга шундай бир ном ўйлаб топганди. Жамол хатларида усиз ўтган онлари ҳақида тўлқинланиб, жўшиб, йиғлаб ёзар, юрагида селланиб ётган барча ҳис-кечинмаларини тўкиб солишга уринарди…

Рафиқ САЙДУЛЛО
ИККИ ҲИКОЯ
045

ШАМОЛЛАР ЭРКАСИ

Сени топгунга қадар
Қандай яшадим мен?
Наҳотки, яшадим?

Рауф Парфи

     Ташқарида лайлак қор тўзғиган ўша кечада унинг анчадан бери ҳеч бир сассиз-садосиз қолган қулоқларига эшикнинг ожиз-ожиз тириқлаши, гўё, замин қаъридан отилиб чиққан вулқон янглиғ таъсир этган бўлса, не ажаб? Бир қарашда уни паққос ютиб юбораётгандай таассурот уйғотадиган, жигарранг чарм ўриндиққа қулайроқ жойлашиб олганича ширин хаёлларга берилиб, ҳордиқ чиқарар экан бир меъёрда эшитилиб турган бу товуш дафъатан уни зилол сувдек тиниқ хаёллари оғушидан юлқиб олди. Бу поёнсиз кўлда у қанча вақтдан бери қолиб кетгани номаълум; ҳар қалай, ўша пайтда унинг юраги тезроқ ва янаям тезроқ ура бошлагани аён эди. Ўрнидан сапчиб туриб, бир муддат қаердалиги ва нима қилиш кераклигини аниқлай олмай, бир нуқтага анграйганча қотиб қолган Жамолнинг кўз ўнгида ҳамма-ҳаммаси бирданига ярқ этиб намоён бўлди-ю, мудроқ кўзларидан ўт сачраб кетди; у нимадир деб пичирлади-да эшик томон ўқдек отилди: «Сезгандим, ҳа, сезгандим! Сенинг қадамларинг юрагимга мадор бериб, сени мен томон элтиб келаётгани рост эди! Бу кеча сен вужудимга жон бўлиб қайтдинг, эй излари гул! Жовдираган кўзларингдан ўпай сенинг, оҳу кўзлигим; наҳот, мени соғинганинг рост бўлса?! Наҳот… Майли, майли, кирақол… Совқотиб кетибсан-ку, ахир, ўзимнинг беозор фариштагинам! Сени қанча кутдим, қанча кутдим-а!..» Қизнинг қордек оппоқ, нозиккина бармоқларидан авайлаб тутиб ичкарига олиб кирар экан унинг анчадан бери ташқарида қолиб кетганлигини ҳис этиб ич-ичидан эзилар, унга ачинар, уни қайноқ оғушига олгиси келарди. Қизнинг узун-узун киприкларида музлар қотиб қолган, ўзи совуқдан дийдираб, мусичадек қўнишиб олганди. Улар бахтдан сармаст бўлиб ичкарига кирганлари ҳамон ҳамма ёқни бир ажиб, муаттар ифор тутди: юзлаб мажруҳ кабутарлар тўдалашган бу хонанинг бўм-бўш деворларидан уна бошлаган настарин гуллари бўй тарата бошлади.

Жамол қизга ёзган мактубларини мажруҳ кабутарларга менгзарди. У қизга ҳар куни мактуб ёзарди, бироқ бу мактубларнинг унга ҳеч қачон етиб бормаслигини билар, шунинг учун ҳам уларга шундай бир ном ўйлаб топганди. Жамол хатларида усиз ўтган онлари ҳақида тўлқинланиб, жўшиб, йиғлаб ёзар, юрагида селланиб ётган барча ҳис-кечинмаларини тўкиб солишга уринарди… Мана, ниҳоят, улар бир тан-у бир жон. Эндиликда ичига бироз илиқлик кириб, норасида гўдаклардек ухлаб қолган қизни бир ажиб меҳр ила қучоқлаганича, тотли кечинмалар қаърига сингиб ўтирар экан у заррача ачинмай, синиқ қанотларини базўр қимирлатиб, питирчилаётган кабутарларни қаршисида гуриллаб ёнаётган печга бирин-кетин ташлай бошлади. Қиз унинг қайноқ қучоғида исиниб, ухлаб қолгани яхши бўлди. Йўқса, бу қадар шафқатсизликни кўриб ундан беҳад ранжиб қолиши тайин эди. Аслида, Жамол бу ишни доим ортга суриб келган, боиси ўзида журъат топа олмасди. Модомики, мактублар аталган кишисига жўнатилмас экан, бефойдадан-бефойда уйни тўлдириб, уларни сақлаб юришдан нима наф, деб ўйларди у. Бироқ бу иши яхши бўлган экан; мана, энди улар совқотиб қолишмайди; кабутарларга ачиниб юрган пайтлар бир нимани ич-ичимдан сезган бўлсам керак-да, деб ўзидан кўнгли тўлди унинг. Шу пайт қизнинг наштардек киприкларида қотиб қолган муз парчалари эриб, оппоққина яноқларидан бежиримгина, ним пушти лаблари томон оқиб тушаётганини кўрганида Жамолнинг кўзларидан ёшлар тирқираб кетди. Аввалига у қизнинг юзини кўйлагининг енги билан авайлабгина артиб қўймоқчи бўлди, бироқ фикридан қайтди: уйғотиб юборишдан қўрқди. У чиндан жуда-жуда гўзал эди! Хусни кўзгуларни уялтириб юборар даражада латофатли эди у! Узоқ куттириб, дафъатан эшик қоқиб кириб келган бахтидан сармаст бўлиб, жаннатлар бағрида сузиб юрган йигитга бундан ортиғи чиндан ортиқ эди. Печда олов гуркираб ёнар, у эса мактубларни оловга бир меъёрда, ташлаб турарди; унинг қайноқ муҳаббатининг тафти қизга илиқлик, ҳузур-ҳаловат бахш этарди.

Бундан ортиқ бахт, бундан ортиқ саодат борми, ахир, бу дунёда, деб ўйларди у. Жамол шу зайлда узоқ ўтирди; унинг учун орадан қанча вақт ўтиб кетгани муҳим эмасди, зеро, меҳр-муҳаббатнинг нурли йўлига ҳеч қандай вақт, ҳеч қандай масофа тўғаноқ бўла олмаслигини у яхши биларди. Оғушида бир қучоқ гулдек майин жилмайиб, ухлаб ётган сулувнинг дийдорига бир мунча тўйиб олганидан сўнг яноқларидан авайлабгина ўпди-да ундан эҳтиёткорлик билан ажралиб, тушликка бирор егулик тайёрлаб қўйиш учун ошхонага чиқиб кетди. Қанчадир муддат у ерда ўралашиб юрганидан сўнг, хонасига қайтиб келди; қиз ҳали ҳам ширин уйқуда ётарди. Тик оёқда турганича анча вақт ундан кўзларини узолмай, энтикиб турди, сўнг ўзи ҳам бироз ҳордиқ чиқариб олиш ниятида баҳайбат, чарм ўриндиғига бориб ястаниб олди. Бироқ унинг уйқуси келмасди.

Бу тушмиди ё бир беъмани тасаввур, аниқ билмайди. Гўё, у шаҳар марказида, мармар тошлар билан қопланган, баҳайбат устунга тик ҳолатда ўрнатиб қўйилган бир ҳайкал эмиш! Ёз кунлари экан. Гўё, у бир қахрамонга атаб қурилган ёдгорликдай оёғи остида қат-қат чечаклар қовжираб ётар, ора-сира одамлар унинг пойига келиб, яна чаман-чаман очилиб ётган гулларни тўшаб кетишармиш. У шу қадар метин-мустаҳкам қилиб ясалган эканки, на кундузги қуёшнинг ўткир тиғлари на тунги дим ҳаво унга заррача таъсир ўтказа оларкан. Бироқ шундай кунларнинг бирида унга жон кирибди! Бунга сабаб, бир дайди шамол қаердандир эсиб келиб, ипакдек нафис қўллари билан унинг у ер бу ерига тегиниб ўта бошлабди. У сийпалаб ўтган жойларда настарин гуллари очила бошларкан; энди унинг ҳам ҳар еридан гулар униб чиқибди. Айни ўша пайтда унинг юраги уриб кетибди; бутун вужудини қоплаб олган қаттиқ қобиқ чил-чил синиб, оёғи остига пахса-пахса бўлиб тўкила бошлабди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай у ўзининг кеча-ю кундуз тик оёқда қаққайиб туришга мажбур қиладиган тош қафасидан бутунлай халос бўлибди-ю бир амаллаб баҳайбат устундан пастга тушиб олибди. Энди у ўз халоскори ортидан шаҳарнинг бўлим-бурчак кўчалари аро елдек эргашиб юрар, унинг юраги борган сари тезлашиб, гурсиллаб уриб борар эмиш. Бироқ у тезлашгани сайин буни камроқ ҳис қилар экан. Бу дукурлаган товуш борган сари унга секинроқ ва янаям секинроқ эшитила бориб, охир унинг ўрнида ожиз-ожиз бир сасгина қолибди. Аммо энди у буткул тиниб қолмас экан, аксинча бир меъёрда эшитилиб туравераркан негадир. Шунда, унга бу сас, ҳатто, жуда танишдек туйилиб кетибди.

Жамол бир нимадан чўчиб тушгандек сесканиб кетди. Сапчиб ўрнидан турди. Айни дамда қаердалиги ва нима қилиши кераклигини аниқлай олмай бир нуқтага тикилганча анграйиб қотиб қолди. Шу пайт бирдан барча-барчаси эсига тушди-ю мудроқ кўзларидан ўт чақнаб кетди. У хонада йўқ эди, изсиз ғойиб бўлибди:

«Настарин!..»

Жамол эшик томон ўқдек отилди…

КЕТИШ

Шундай сурат эдики, ҳавода муаллақ турарди.

Мен кетдим. Истасангиз, хонани тартибга келтириб, ўз корингизга яратишингиз мумкин. Кечирасиз-у, эшикни очганингиз ҳамон юзингизга аччиқ тарсакидек урилган зах ҳиди аралаш бадбўйликдан эсанкираб қолишингиз, кўнглингиз ағдарилиб кетиши- бор гап. Ишонаверинг, сиз севган ва ардоқлаган, кўкламий чечакларнинг хушбўй ифори уфуриб турган ташқарингизда бунақасига йўлиқиш- жуда қийин масала. Яхшиси, эшикни аввал қия очиб кўринг… тезлик билан қайта беркитинг; тоза ҳаводан тўйиб симириб, бироз ўзингизга келиб олганингиздан сўнг қайтадан валангор қилиб очиб ташланг. Хонанинг ҳавоси бироз тозаланиб, қўланса ҳид тарқалиб кетгунича нарироқда сигарет чекиб, ё бирор дўстингиз билан (телефон орқали) сухбатлашиб туришингиз мумкин, албатта. Бир ўртамиёна кашанда сигаретини чекиб тамомлагунча ўтган фурсатдан сўнг, ниҳоят, хонага кириб борганингизда мен аллақачон (балки, сиз эшикни биринчи марта қия очиб кўрган пайтда) бу ерлардан анча олисга — қаршингизда лавлагидек қизарган, олис уфқлар ортига жўнаб қолган бўламан. Бироқ, илтимос, эндиликда сизни қуршаб турган бу гунг-соқов деворларни очофатликда айблай кўрманг; бундан ташқари, кечалари улар хуррак отиб сизнинг оромингизни бузмаслигига ҳам тўла-тўкис кафолат бераман! Ахир, ўзим сизнинг одамгарчилигингиз соясида умргузаронлик қилган узоқ йилларим мобайнида айнан шу тўрт девор менга асқотди. Қолаверса, инсон қисматининг аянчли интиҳоси учун унинг ўз қўллари билан бунёд этган қалъалари жавобгар бўла олмайди-ку. Умид қиламанки, аввалига бироз жирканч ва машаққатли кўринган тозалов ишлари сизнинг сийм-у зардан қиммат вақтингизни кўп олмайди. Ниҳояти, эскирганидан титилиб, яғири чиқиб кетган гиламни ҳар бурчакда тўп-тўп бўлиб уйилиб ётган ахлатлар билан бирга ўраб, ташқарига олиб чиқинг-да ёқиб юборинг, вассалом.

Ўй-фикрларимни бирин-кетин баён этар эканман ўзимни, гўё, мендан юзлаб йиллар аввал дунёга келган мутафаккир кашфиётидан бехабар ернинг думалоқлигини иккинчи маротаба кашф қилиб қўйган, ёнғоқдек бош чаноғининг мағзи тўқ одамдек кўрсатмоқчи эмасман. «Шошма, шошма, ер думалоқ бўлса-чи? Ҳа, у думалоқ!», деган мазмунда ўзимни ўша алломага қиёслаб, кулгига қолишни истамайман… Хулласи, болалик деганлари бир мангу фароғатни ваъда қилган фаслдек ўтди-кетди; бир пайтлари кўзингни қувнатган, ям-яшил олма-ўрик ғўраларида ҳам маза-мадрасаси қолмабди, ҳатто. Тумшуғида сут кўпирган тиррақи бузоқдек шаталоқ отиб, югургилаб юрган бахтли кунларинг энди рўё, бир ширин туш эди у. Шу йўсинда, бора-бора бузоқ ёки кучук эмас, одам эканингни англаб борганинг сайин бу ёруғ дунёда ҳаёт кечиришинг машаққатлироқ тусга кириб бораётир, қусрларинг бирин-кетин юз кўрсатаётир… Дарвоқе, қуср. Одам эканингни англаш ўз қусрларингни яққол кўра бошлаш деганимикин ё? Балки, шундайдир. (Балки, балки, балки… Шу «Балки»лар очофат, асли!) Бироқ ўз қусрларингни илғаганинг ва тан олганинг улардан шунчалар осон фориғ бўлганинг дегани эмас-да! Тасаввур қилинг, кўча-кўйда сандироқлаб юрган бирор «Шинаванда» дўстингиз каби «Ҳа, мен ичдим, лекин юрагим тоза!», дея тантанали равишда эълон қиласиз-у барча қилмишларингиздан кўз очиб юмгунча фориғ бўласиз. Қанчалар осон-а! Тушунинг, ахир, бу ёруғ дунё юзини кўрган ҳар бир инсон умри кўз очиб юмишдангина иборат, лекин у ҳеч нимадан фориғ бўла олмайди! Ахир, мени шу адоғи йўқ ожизликлар шу ерга бир чиқиндидек улоқтириб ташламаган эдими? Кечмишларимни қаршимдаги оппоқ қоғозга тўкиб-солар эканман, бундан ҳеч ҳижолат чекмайман, чунки у ипакдек майин юз мускулларининг нозик ишоралари билан ўзининг ижобий ё салбий муносабатини очиқ билдира оладиган инсон чеҳраси эмас-да. Хуллас шу: ўзингни, гўё, аллақайси нозик томонлари очилиб қолган-у, ҳеч беркита олмаётган одамдек ҳис қиласан. Қандай беркитасан? Беркитишга ниманг бор? Шир-ялонғочсан-ку! «Ўзим телба- оёғим пул топар» одам янглиғ кўзингни чирт юмиб, шартта кўчага чиқсанг-да югургилаб қолсанг! Йўқ, йўқ, сен бундай қила олмайсан!

Бир-икки кундан бери катта асфалт йўл ёқасида қўлтиқтаёққа суяниб олган, ушоққина бир ногирон одам ўралашиб қолади. У ёқдан бу ёққа вузиллаб ўтиб турган машиналар галаси аро бир-иккитасининг эътибори унга тушиб, одамгарчилик юзасидан, вақтларини аямай йўқлаб ўтишади. Буни кўрган яна уч- тўрттаси бирдан сергак тортади… Йўқлаб ўтаётганларнинг сони асталик билан кўпайиб бориб, охир бу хайрихоҳлик урфга киради. Эндиликда шу йўлдан ўтиб бораётган барча ҳайдовчилар буни бир зарурат деб хисоблай бошлашади. Ора-чорада бу савобли ишга беписандлик билан қараб, тўхтамасдан ўтиб кетаверадиган «Сурбет»лар ҳам топилиб қолади. Ногироннинг куни туғади: анчагина чой-чақа ишлаб олади- токи, урфдан қолмагунича! Сизга айтсам, катта асфалт йўл ёқасида қўлтиқтаёққа суяниб олган, ўша ушоққина ногирон мен эдим. Йўқ, бу туғма эмас, мен туғма ногирон эмас эдим. Шунчаки, ўғлим- А.нинг суннат тўйи муносабати билан элга ош тарқатаётган бир қувончли кунимда бир эски дўстим  мени пичоқлаб кетди. Бир пайтлари мен ҳам унга шунчаки бир ёмонлик қилган эдим; у ҳам шундай қилди. Ҳаммаси яшин тезлигида рўй берди: карнай-сурнай садолари остида тўйхона дарвозаси томон қуюндек ёпирилган оламон ичра унинг аллақачон менга жуда яқин келиб қолган чеҳрасига дафъатан кўзим тушиб қолган пайт мен бир сесканиб тушишгагина улгурдим холос. Унинг мамнун қиёфасида мени сескантириб юборган ғолиблик нашъаси яққол сезилиб турарди. Шу пайт тиғларига эринмай, ҳафсала билан ишлов берилган пичоғини кўкрагимга шартта санчганида жоним чўрт узилиб кетгандек бўлди. У мени қучоқлаб олган кўйи, одамни дахшатга солувчи хирилдоқ овози билан шундай деди: «Пичоғингни унутиб қолдирибсан… Энди орамиз очиқ!». Шу сўзларни айтганидан сўнг, ҳали одамлар бу машъум воқеадан хабар топиб улгурмасларидан, тезда жўнаб қолди. Кўзларим хиралашиб, ерга гурсса йиқилган пайтим атрофдагиларнинг бирдан жонланиб кетганлигини бақир-чақир-у ур-тўполонлар товшидан пайқаб қолдим.

Шунақа гаплар, дўстим… Худонинг митти бир заррачалик келадиган ишораси одамзотни не кўйларга солиб юбормайди, дейиз! Мен ҳам санғий-санғий, ўша кичик бир воқеа сабаб шу ит топмас бекатга келиб қолгандим. Тўй нимага айланган бўлса, айланиб бўлганди; шифокорлар ўз ишларини аъло даражада эплашганди. Бироқ орадан қанчадир муддат ўтиб кўзларимни очганимда мени янгитдан қабул қилиб олган бу дунё мен учун ўзига янги бир либосини ҳам танлаб улгурган эди: у энди бир сарҳадсиз саҳрога дўнганди. Оёқларим деярли шол бўлиб қолган, улар энди мени кўтариб юра олмасди. Бироқ шусиз ҳам, хотиним ва болаларимнинг боши осмонда, атрофимда тинмай парвона бўлишарди. Қариндошлар ҳам тез-тез йўқлаб туришни канда қилишмади. Уларнинг шарофати билан мен тезда оёққа турдим, қўлтиқтаёққа суяниб ташқарига чиқа бошладим ва ўша кунларнинг бирида яқинларимнинг менга қилган барча яхшиликлари учун ўз ташаккуримни билдиришга қарор қилдим. Эрта тонгда катта асфалт йўлига олиб чиқадиган кўча бўйлаб, қўлтиқтаёққа бор ўлигимни ташлаганча, пайпасланиб борар эканман, атрофни буткул қуршаб олган мусаффо ҳаво, кўкламий чечакларнинг ҳаддан ташқари гулгун қиёфаси менинг зим-зимистон кўнглимга заррача ҳам нур олиб кира олмас эди. Катта йўлнинг бошига етиб чиққунча ҳар хил шубҳа-ю гумонлар, иккиланишлар исканжасида узоқ судралиб бордим. Ниҳоят, терлаб-пишиб кўзлаган манзилимга етиб келганимда йўлни тўлдирган машиналар галаси у ёқдан бу ёққа вузиллаб ўтиб турганини кўрдим. Мен ўзимни шу машиналар остига ташламоқчи эдим- бир марта мен машъум ўлим билан юзма-юз келгандим… Ўзи, шундоқ ҳам чала жон оёқларим дағ-дағ қалтираб, шаштим сўниб турган пайтда бир машина секинлаб, аста ёнимга келиб тўхтади. Унинг ойнаси ярим очилиб, ичидан кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасига икки буклоғлиқ пул қистирилган башанг бир қўл чиқди. Хўрлигим келиб, кўзларимдан чирт-чирт ёш отилиб кетди; ахир, мен тиланчи эмасдим-да! Пулни олдим. Машина яна тезлик билан йўлига равона бўлди. Бироздан сўнг яна биттаси келиб тўхтади… Мен энди ҳар куни, эрта тонгдан, ҳеч кимга билдирмай катта йўл бўйига чиқиб туриб оладиган одат чиқардим. Уйдагилар сўраса, «Чигал ёзди қилиб келдим.», дейман. Борган сари хайриячиларнинг сони ошиб, тез кунда барча ҳайдовчилар «йўқлаб ўтиш»ни канда қилмайдиган бўлди. Менинг эса димоғим чоғ, маишатга берилдим. Қаёқдандир бир-иккита улфат ҳам топила қолди. Бироқ бу маст-аластликда ўтган қўнимсиз кунлар ҳам тезда ортда қолди: чойчақанинг қизил чўғи сўнгандан-сўниб, охири ҳеч вақосиз қолдим… Кўзимни очганимда айнан шу ерда- эндиликда сиз бироз тартибга келтириб, бирор эҳтиёжингизга яратмоқчи бўлаётган шу хонада, увадаси чиқиб кетган кўрпача-ю бит босган ёстиқда узала тушиб ётган эдим. Хотиним, бола-чақам қаерга кетганини билмайман. Эски ярам симиллаб оғрийди, оёқларим жонсиз, ташландиқ итдек ёлғиз эдим. Атрофга аланглаб, қарши тарафдаги деворда суёғлиқ турган қўлтиқтаёқларимни топдим-у бир амаллаб эмаклаб-нетиб бориб, уни қўлга киритдим. Сўнг яна қизариб-бўзариб ўрнимдан турдим-да ташқарига чиқдим. Ҳовли адоқсиз чиқиндихона каби эди: тирик жон асари кўринмайди. Барча хоналарнинг тити-питисини чиқариб, охир шуни тан олишга мажбур бўлдимки, Ш. кўч-кўронини орқалаб, А. ва Х.ни етаклаб Б.га — онасиникига кетиб қолибди. Мен эса ит қувиган соқовдек, сўппайиб яна ўз ғурбатхонамга қайтиб келдим. Ўрнимга ётиб, биқинимни силаганча эски хотиралар кўлмагига ғарқ бўлдим.

Биз дўстим- Т. билан ўша пайтлари Ч. шаҳрида бирга ишлардик- мардикорлик қилардик. Эсимда, хужжатларимизнинг тўла-тўкис эмаслигидан бошимиздан кўп савдолар ўтган. Ишлаб турган ерингга тўсатдан бир тўда миршаблар гуруҳи бостириб келиб қолади. Бирга ишлаётган уч-тўртта шеърик ўнг келган тарафга ура қочамиз. Қўлга тушиб қолсак, пора беришга тўғри келади; уларнинг ўзлари белгилаб қўйган суммалари бор. Шунинг учун ҳам миршаб зотини кўрдик дегунча оёқни қўлга оламиз. Базан шошилинчда бўлим-бурчакларда одам бўйи бўлиб ўсиб ётган газанда ўт ё бошқа тиканакли ўт-ўланлар орасига тушиб қоламиз. Иложсизликдан бир иложини топамиз. Аммо бир сафар Т. иккимиз қўлга тушиб қолдик. Аксига олиб, ёнимизда пул ҳам йўқ эди. Жонингга оро кириши мумкин бўлган шериклар эса жуфтакни ростлаб қолишган… Аввал миршаблар маҳкамасига олиб бориб, обдон пўстагимизни қоқиб сўроқ-савол қилишди. Суриштириб келадиган бирор нажоткоримиз йўқлигини аниқлашганидан сўнг С.даги, дайди-саёқлар учун мўлжалланган, исқирт қамоқхонага олиб бориб ташлашди. Ўн беш кунлар чамаси зах камерада хом-ҳатала ёвғон ичиб кун ўтказдик. Баъзан миршаблар келиб уйларига ё бирор бошқа ерга олиб кетишарди; нима иш буюрса қилиб, майда-чуйда ҳаражатлар учун пул топардик. Бизни у ерда бит босиб кетди- одам бити. Ўзи катта-катта бўлиб, сал кам танамиз билан битта бўлиб кетган кийимларимизнинг чокига зобитлардек тизилиб оларди-да кечалари билан мазза қилиб чиқарди! Орадан ўн беш кунларча вақт ўтиб, ниҳоят озодликка чиқишга мувофақ бўлдик. Аниқроғи, Ч. шахрининг «Катта»ларидан бири келажакдаги данғиллама уйларидан бирининг сўнгги таъмирдан чиқариш ишларига ишчи кучи керак бўлиб қолиб, мурожаат қилган экан. Кўнгиллилар сафида биз ҳам йўлга тушдик. Биз амалдорнинг уйига етиб борган кунимизоқ «Қочиб қолиш» ҳақидаги режамизни пишитиб улгурган эдик. Аммо, надоматлар бўлсинким, режамиз чиппакка чиқди: ўша куннинг ўзидаёқ Т. нарвондан йиқилиб тушиб, чап оёғини икки еридан синдириб олди!.. Менинг эса тоқатим тоқ бўлган эди. Амалдорнинг уйида бир амаллаб икки кунни ўтказдим-да учинчи кунга ўтар кечаси Т.га айтмай у ердан жўнаб қолдим.

Аввал айтиб ўтганимдек, охир бир кун жони қоқ бўғзига келиб қадалган оилам мени ташлаб кетганидан сўнг бу ҳовли кўзимга ҳаддан ташқари кимсасиз бир чиқиндихонага ўхшаб кўрина бошлаганди. Бу ердаги ҳамма-ҳамма нарсалар ахлатга айланган эди. Аввалига, кунда ҳовли оралаб, тимирскиланиб, ўнг келган бурчакда топган-тутганимни кавшаниб, ухлаб юрдим. Аста-секин кўзга бир қадар яроқли кўринган ашқал-дашқалларни хонамга ташиб келиб, ўзимга «Шароит» яратиб олдим.

Биласизми, ўша буюмлар орасида мен айнан ўша пичоқни- тўй куни Т. менинг кўксимга қадаб кетган қотилимни топиб олдим! Аслида, у пичоқ менинг ўзимники эди. Ч.даги амалдорнинг уйидан туёғимни шиқиллатиб қолган куним эски иш жойимга бориб, нарсаларимни олганимда ўша пичоқни бехос унутиб қолдирган эканман. Кўксимдаги яра симиллаб-симиллаб оғригани сайин пичоқни қаттиқроқ-қаттиқроқ қайрайман, қасос ўтида ёнаман! Баъзан ҳовуримдан тушиб, деворларга турли хил суратлар соламан. Ҳа, ҳа! Айни дамда сиз ўзгача бир ҳайрат ила, энтикиб томоша қилаётган, ё бўлмасам, ҳатто, кўз қирингизни ҳам ташлаб қўймаётган ушбу суратларни мен чизганман! Аммо, бахтга қарши, шундай бўлибди: мен юрагимнинг таг-томирларидан фавворадек отилиб чиққан, ҳар гал бошқа қайталанмас илҳом билан ҳар гал аввалгисидан мукаммалроқ ва юксакроқ санъат асарларини яратаяпман деб юриб тўрт томонга кета-кетгунча чўзилган ва охир бориб олис-олис шафақларга туташиб кетган бир саҳрони чизиб қўйибман! Ха, дўстим, мен кимсасиз саҳронинг қоқ ўртасида бунёд этилган бир кўримсиз бекатда ёлғиз қолдим! Шошқалоқ кунлар бир-бирини қувалаб, бирининг устига бири йиқилиб, боса-бос қилиб ўтаверади. Мен эса бетиним пичоқ қайрайман, автобус кутаман. Биласизми, охир бир кун ҳаммаси тугади: пичоқни қайраб-қайраб упа қилиб ташладим, сопини ҳам қолдирмадим, ҳатто! Кўп кутдим- автобус келмади… Охир ўзим беминнат суянчиқларим- қўлтиқтаёқларимга суянганча яёв йўлга тушдим. Қай томонга қараб кетганимни ўзим ҳам билмайман; зеро, бунинг ҳеч қандай аҳамияти ҳам йўқ эди. Тўрт томоним кета-кетгунча саҳро, тўрт томоним кета-кетгунча қибла эди.

034

Rafiq SAYDULLO
IKKI HIKOYA
045

SHAMOLLAR ERKASI

Seni topgunga qadar
Qanday yashadim men?
Nahotki, yashadim?

Rauf Parfi

Tashqarida laylak qor to’zg’igan o’sha kechada uning anchadan beri hech bir sassiz-sadosiz qolgan quloqlariga eshikning ojiz-ojiz tiriqlashi, go’yo, zamin qa’ridan otilib chiqqan vulqon yanglig’ ta’sir etgan bo’lsa, ne ajab? Bir qarashda uni paqqos yutib yuborayotganday taassurot uyg’otadigan, jigarrang charm o’rindiqqa qulayroq joylashib olganicha shirin xayollarga berilib, hordiq chiqarar ekan bir me’yorda eshitilib turgan bu tovush daf’atan uni zilol suvdek tiniq xayollari og’ushidan yulqib oldi. Bu poyonsiz ko’lda u qancha vaqtdan beri qolib ketgani noma’lum; har qalay, o’sha paytda uning yuragi tezroq va yanayam tezroq ura boshlagani ayon edi. O’rnidan sapchib turib, bir muddat qayerdaligi va nima qilish kerakligini aniqlay olmay, bir nuqtaga angraygancha qotib qolgan Jamolning ko’z o’ngida hamma-hammasi birdaniga yarq etib namoyon bo’ldi-yu, mudroq ko’zlaridan o’t sachrab ketdi; u nimadir deb pichirladi-da eshik tomon o’qdek otildi: «Sezgandim, ha, sezgandim! Sening qadamlaring yuragimga mador berib, seni men tomon eltib kelayotgani rost edi! Bu kecha sen vujudimga jon bo’lib qaytding, ey izlari gul! Jovdiragan ko’zlaringdan o’pay sening, ohu ko’zligim; nahot, meni sog’inganing rost bo’lsa?! Nahot… Mayli, mayli, kiraqol… Sovqotib ketibsan-ku, axir, o’zimning beozor farishtaginam! Seni qancha kutdim, qancha kutdim-a!..» Qizning qordek oppoq, nozikkina barmoqlaridan avaylab tutib ichkariga olib kirar ekan uning anchadan beri tashqarida qolib ketganligini his etib ich-ichidan ezilar, unga achinar, uni qaynoq og’ushiga olgisi kelardi. Qizning uzun-uzun kipriklarida muzlar qotib qolgan, o’zi sovuqdan diydirab, musichadek qo’nishib olgandi. Ular baxtdan sarmast bo’lib ichkariga kirganlari hamon hamma yoqni bir ajib, muattar ifor tutdi: yuzlab majruh kabutarlar to’dalashgan bu xonaning bo’m-bo’sh devorlaridan una boshlagan nastarin gullari bo’y tarata boshladi.

Jamol qizga yozgan maktublarini majruh kabutarlarga mengzardi. U qizga har kuni maktub yozardi, biroq bu maktublarning unga hech qachon yetib bormasligini bilar, shuning uchun ham ularga shunday bir nom o’ylab topgandi. Jamol xatlarida usiz o’tgan onlari haqida to’lqinlanib, jo’shib, yig’lab yozar, yuragida sellanib yotgan barcha his-kechinmalarini to’kib solishga urinardi… Mana, nihoyat, ular bir tan-u bir jon. Endilikda ichiga biroz iliqlik kirib, norasida go’daklardek uxlab qolgan qizni bir ajib mehr ila quchoqlaganicha, totli kechinmalar qa’riga singib o’tirar ekan u zarracha achinmay, siniq qanotlarini bazo’r qimirlatib, pitirchilayotgan kabutarlarni qarshisida gurillab yonayotgan pechga birin-ketin tashlay boshladi. Qiz uning qaynoq quchog’ida isinib, uxlab qolgani yaxshi bo’ldi. Yo’qsa, bu qadar shafqatsizlikni ko’rib undan behad ranjib qolishi tayin edi. Aslida, Jamol bu ishni doim ortga surib kelgan, boisi o’zida jur’at topa olmasdi. Modomiki, maktublar atalgan kishisiga jo’natilmas ekan, befoydadan-befoyda uyni to’ldirib, ularni saqlab yurishdan nima naf, deb o’ylardi u. Biroq bu ishi yaxshi bo’lgan ekan; mana, endi ular sovqotib qolishmaydi; kabutarlarga achinib yurgan paytlar bir nimani ich-ichimdan sezgan bo’lsam kerak-da, deb o’zidan ko’ngli to’ldi uning. Shu payt qizning nashtardek kipriklarida qotib qolgan muz parchalari erib, oppoqqina yanoqlaridan bejirimgina, nim pushti lablari tomon oqib tushayotganini ko’rganida Jamolning ko’zlaridan yoshlar tirqirab ketdi. Avvaliga u qizning yuzini ko’ylagining yengi bilan avaylabgina artib qo’ymoqchi bo’ldi, biroq fikridan qaytdi: uyg’otib yuborishdan qo’rqdi. U chindan juda-juda go’zal edi! Xusni ko’zgularni uyaltirib yuborar darajada latofatli edi u! Uzoq kuttirib, daf’atan eshik qoqib kirib kelgan baxtidan sarmast bo’lib, jannatlar bag’rida suzib yurgan yigitga bundan ortig’i chindan ortiq edi. Pechda olov gurkirab yonar, u esa maktublarni olovga bir me’yorda, tashlab turardi; uning qaynoq muhabbatining tafti qizga iliqlik, huzur-halovat baxsh etardi. Bundan ortiq baxt, bundan ortiq saodat bormi, axir, bu dunyoda, deb o’ylardi u. Jamol shu zaylda uzoq o’tirdi; uning uchun oradan qancha vaqt o’tib ketgani muhim emasdi, zero, mehr-muhabbatning nurli yo’liga hech qanday vaqt, hech qanday masofa to’g’anoq bo’la olmasligini u yaxshi bilardi. Og’ushida bir quchoq guldek mayin jilmayib, uxlab yotgan suluvning diydoriga bir muncha to’yib olganidan so’ng yanoqlaridan avaylabgina o’pdi-da undan ehtiyotkorlik bilan ajralib, tushlikka biror yegulik tayyorlab qo’yish uchun oshxonaga chiqib ketdi. Qanchadir muddat u yerda o’ralashib yurganidan so’ng, xonasiga qaytib keldi; qiz hali ham shirin uyquda yotardi. Tik oyoqda turganicha ancha vaqt undan ko’zlarini uzolmay, entikib turdi, so’ng o’zi ham biroz hordiq chiqarib olish niyatida bahaybat, charm o’rindig’iga borib yastanib oldi. Biroq uning uyqusi kelmasdi.

Bu tushmidi yo bir be’mani tasavvur, aniq bilmaydi. Go’yo, u shahar markazida, marmar toshlar bilan qoplangan, bahaybat ustunga tik holatda o’rnatib qo’yilgan bir haykal emish! Yoz kunlari ekan. Go’yo, u bir qaxramonga atab qurilgan yodgorlikday oyog’i ostida qat-qat chechaklar qovjirab yotar, ora-sira odamlar uning poyiga kelib, yana chaman-chaman ochilib yotgan gullarni to’shab ketisharmish. U shu qadar metin-mustahkam qilib yasalgan ekanki, na kunduzgi quyoshning o’tkir tig’lari na tungi dim havo unga zarracha ta’sir o’tkaza olarkan. Biroq shunday kunlarning birida unga jon kiribdi! Bunga sabab, bir daydi shamol qayerdandir esib kelib, ipakdek nafis qo’llari bilan uning u yer bu yeriga teginib o’ta boshlabdi. U siypalab o’tgan joylarda nastarin gullari ochila boshlarkan; endi uning ham har yeridan gular unib chiqibdi. Ayni o’sha paytda uning yuragi urib ketibdi; butun vujudini qoplab olgan qattiq qobiq chil-chil sinib, oyog’i ostiga paxsa-paxsa bo’lib to’kila boshlabdi. Oradan hech qancha vaqt o’tmay u o’zining kecha-yu kunduz tik oyoqda qaqqayib turishga majbur qiladigan tosh qafasidan butunlay xalos bo’libdi-yu bir amallab bahaybat ustundan pastga tushib olibdi. Endi u o’z xaloskori ortidan shaharning bo’lim-burchak ko’chalari aro yeldek ergashib yurar, uning yuragi borgan sari tezlashib, gursillab urib borar emish. Biroq u tezlashgani sayin buni kamroq his qilar ekan. Bu dukurlagan tovush borgan sari unga sekinroq va yanayam sekinroq eshitila borib, oxir uning o’rnida ojiz-ojiz bir sasgina qolibdi. Ammo endi u butkul tinib qolmas ekan, aksincha bir me’yorda eshitilib turaverarkan negadir. Shunda, unga bu sas, hatto, juda tanishdek tuyilib ketibdi.

Jamol bir nimadan cho’chib tushgandek seskanib ketdi. Sapchib o’rnidan turdi. Ayni damda qayerdaligi va nima qilishi kerakligini aniqlay olmay bir nuqtaga tikilgancha angrayib qotib qoldi. Shu payt birdan barcha-barchasi esiga tushdi-yu mudroq ko’zlaridan o’t chaqnab ketdi. U xonada yo’q edi, izsiz g’oyib bo’libdi:
«Nastarin!..»

Jamol eshik tomon o’qdek otildi…

KETISH

Shunday surat ediki, havoda muallaq turardi.

Men ketdim. Istasangiz, xonani tartibga keltirib, o’z koringizga yaratishingiz mumkin. Kechirasiz-u, eshikni ochganingiz hamon yuzingizga achchiq tarsakidek urilgan zax hidi aralash badbo’ylikdan esankirab qolishingiz, ko’nglingiz ag’darilib ketishi- bor gap. Ishonavering, siz sevgan va ardoqlagan, ko’klamiy chechaklarning xushbo’y ifori ufurib turgan tashqaringizda bunaqasiga yo’liqish- juda qiyin masala. Yaxshisi, eshikni avval qiya ochib ko’ring… tezlik bilan qayta berkiting; toza havodan to’yib simirib, biroz o’zingizga kelib olganingizdan so’ng qaytadan valangor qilib ochib tashlang. Xonaning havosi biroz tozalanib, qo’lansa hid tarqalib ketgunicha nariroqda sigaret chekib, yo biror do’stingiz bilan (telefon orqali) suxbatlashib turishingiz mumkin, albatta. Bir o’rtamiyona kashanda sigaretini chekib tamomlaguncha o’tgan fursatdan so’ng, nihoyat, xonaga kirib borganingizda men allaqachon (balki, siz eshikni birinchi marta qiya ochib ko’rgan paytda) bu yerlardan ancha olisga- qarshingizda lavlagidek qizargan, olis ufqlar ortiga jo’nab qolgan bo’laman. Biroq, iltimos, endilikda sizni qurshab turgan bu gung-soqov devorlarni ochofatlikda ayblay ko’rmang; bundan tashqari, kechalari ular xurrak otib sizning oromingizni buzmasligiga ham to’la-to’kis kafolat beraman! Axir, o’zim sizning odamgarchiligingiz soyasida umrguzaronlik qilgan uzoq yillarim mobaynida aynan shu to’rt devor menga asqotdi. Qolaversa, inson qismatining ayanchli intihosi uchun uning o’z qo’llari bilan bunyod etgan qal’alari javobgar bo’la olmaydi-ku. Umid qilamanki, avvaliga biroz jirkanch va mashaqqatli ko’ringan tozalov ishlari sizning siym-u zardan qimmat vaqtingizni ko’p olmaydi. Nihoyati, eskirganidan titilib, yag’iri chiqib ketgan gilamni har burchakda to’p-to’p bo’lib uyilib yotgan axlatlar bilan birga o’rab, tashqariga olib chiqing-da yoqib yuboring, vassalom.

O’y-fikrlarimni birin-ketin bayon etar ekanman o’zimni, go’yo, mendan yuzlab yillar avval dunyoga kelgan mutafakkir kashfiyotidan bexabar yerning dumaloqligini ikkinchi marotaba kashf qilib qo’ygan, yong’oqdek bosh chanog’ining mag’zi to’q odamdek ko’rsatmoqchi emasman. «Shoshma, shoshma, yer dumaloq bo’lsa-chi? Ha, u dumaloq!», degan mazmunda o’zimni o’sha allomaga qiyoslab, kulgiga qolishni istamayman… Xullasi, bolalik deganlari bir mangu farog’atni va’da qilgan fasldek o’tdi-ketdi; bir paytlari ko’zingni quvnatgan, yam-yashil olma-o’rik g’o’ralarida ham maza-madrasasi qolmabdi, hatto. Tumshug’ida sut ko’pirgan tirraqi buzoqdek shataloq otib, yugurgilab yurgan baxtli kunlaring endi ro’yo, bir shirin tush edi u. Shu yo’sinda, bora-bora buzoq yoki kuchuk emas, odam ekaningni anglab borganing sayin bu yorug’ dunyoda hayot kechirishing mashaqqatliroq tusga kirib borayotir, qusrlaring birin-ketin yuz ko’rsatayotir… Darvoqe, qusr. Odam ekaningni anglash o’z qusrlaringni yaqqol ko’ra boshlash deganimikin yo? Balki, shundaydir. (Balki, balki, balki… Shu «Balki»lar ochofat, asli!) Biroq o’z qusrlaringni ilg’aganing va tan olganing ulardan shunchalar oson forig’ bo’lganing degani emas-da! Tasavvur qiling, ko’cha-ko’yda sandiroqlab yurgan biror «Shinavanda» do’stingiz kabi «Ha, men ichdim, lekin yuragim toza!», deya tantanali ravishda e’lon qilasiz-u barcha qilmishlaringizdan ko’z ochib yumguncha forig’ bo’lasiz. Qanchalar oson-a! Tushuning, axir, bu yorug’ dunyo yuzini ko’rgan har bir inson umri ko’z ochib yumishdangina iborat, lekin u hech nimadan forig’ bo’la olmaydi! Axir, meni shu adog’i yo’q ojizliklar shu yerga bir chiqindidek uloqtirib tashlamagan edimi? Kechmishlarimni qarshimdagi oppoq qog’ozga to’kib-solar ekanman, bundan hech hijolat chekmayman, chunki u ipakdek mayin yuz muskullarining nozik ishoralari bilan o’zining ijobiy yo salbiy munosabatini ochiq bildira oladigan inson chehrasi emas-da. Xullas shu: o’zingni, go’yo, allaqaysi nozik tomonlari ochilib qolgan-u, hech berkita olmayotgan odamdek his qilasan. Qanday berkitasan? Berkitishga nimang bor? Shir-yalong’ochsan-ku! «O’zim telba- oyog’im pul topar» odam yanglig’ ko’zingni chirt yumib, shartta ko’chaga chiqsang-da yugurgilab qolsang! Yo’q, yo’q, sen bunday qila olmaysan!

Bir-ikki kundan beri katta asfalt yo’l yoqasida qo’ltiqtayoqqa suyanib olgan, ushoqqina bir nogiron odam o’ralashib qoladi. U yoqdan bu yoqqa vuzillab o’tib turgan mashinalar galasi aro bir-ikkitasining e’tibori unga tushib, odamgarchilik yuzasidan, vaqtlarini ayamay yo’qlab o’tishadi. Buni ko’rgan yana uch- to’rttasi birdan sergak tortadi… Yo’qlab o’tayotganlarning soni astalik bilan ko’payib borib, oxir bu xayrixohlik urfga kiradi. Endilikda shu yo’ldan o’tib borayotgan barcha haydovchilar buni bir zarurat deb xisoblay boshlashadi. Ora-chorada bu savobli ishga bepisandlik bilan qarab, to’xtamasdan o’tib ketaveradigan «Surbet»lar ham topilib qoladi. Nogironning kuni tug’adi: anchagina choy-chaqa ishlab oladi- toki, urfdan qolmagunicha! Sizga aytsam, katta asfalt yo’l yoqasida qo’ltiqtayoqqa suyanib olgan, o’sha ushoqqina nogiron men edim. Yo’q, bu tug’ma emas, men tug’ma nogiron emas edim. Shunchaki, o’g’lim- A.ning sunnat to’yi munosabati bilan elga osh tarqatayotgan bir quvonchli kunimda bir eski do’stim meni pichoqlab ketdi. Bir paytlari men ham unga shunchaki bir yomonlik qilgan edim; u ham shunday qildi. Hammasi yashin tezligida ro’y berdi: karnay-surnay sadolari ostida to’yxona darvozasi tomon quyundek yopirilgan olamon ichra uning allaqachon menga juda yaqin kelib qolgan chehrasiga daf’atan ko’zim tushib qolgan payt men bir seskanib tushishgagina ulgurdim xolos. Uning mamnun qiyofasida meni seskantirib yuborgan g’oliblik nash’asi yaqqol sezilib turardi. Shu payt tig’lariga erinmay, hafsala bilan ishlov berilgan pichog’ini ko’kragimga shartta sanchganida jonim cho’rt uzilib ketgandek bo’ldi. U meni quchoqlab olgan ko’yi, odamni daxshatga soluvchi xirildoq ovozi bilan shunday dedi: «Pichog’ingni unutib qoldiribsan… Endi oramiz ochiq!». Shu so’zlarni aytganidan so’ng, hali odamlar bu mash’um voqeadan xabar topib ulgurmaslaridan, tezda jo’nab qoldi. Ko’zlarim xiralashib, yerga gurssa yiqilgan paytim atrofdagilarning birdan jonlanib ketganligini baqir-chaqir-u ur-to’polonlar tovshidan payqab qoldim.

Shunaqa gaplar, do’stim… Xudoning mitti bir zarrachalik keladigan ishorasi odamzotni ne ko’ylarga solib yubormaydi, deyiz! Men ham sang’iy-sang’iy, o’sha kichik bir voqea sabab shu it topmas bekatga kelib qolgandim. To’y nimaga aylangan bo’lsa, aylanib bo’lgandi; shifokorlar o’z ishlarini a’lo darajada eplashgandi. Biroq oradan qanchadir muddat o’tib ko’zlarimni ochganimda meni yangitdan qabul qilib olgan bu dunyo men uchun o’ziga yangi bir libosini ham tanlab ulgurgan edi: u endi bir sarhadsiz sahroga do’ngandi. Oyoqlarim deyarli shol bo’lib qolgan, ular endi meni ko’tarib yura olmasdi. Biroq shusiz ham, xotinim va bolalarimning boshi osmonda, atrofimda tinmay parvona bo’lishardi. Qarindoshlar ham tez-tez yo’qlab turishni kanda qilishmadi. Ularning sharofati bilan men tezda oyoqqa turdim, qo’ltiqtayoqqa suyanib tashqariga chiqa boshladim va o’sha kunlarning birida yaqinlarimning menga qilgan barcha yaxshiliklari uchun o’z tashakkurimni bildirishga qaror qildim. Erta tongda katta asfalt yo’liga olib chiqadigan ko’cha bo’ylab, qo’ltiqtayoqqa bor o’ligimni tashlagancha, paypaslanib borar ekanman, atrofni butkul qurshab olgan musaffo havo, ko’klamiy chechaklarning haddan tashqari gulgun qiyofasi mening zim-zimiston ko’nglimga zarracha ham nur olib kira olmas edi. Katta yo’lning boshiga yetib chiqquncha har xil shubha-yu gumonlar, ikkilanishlar iskanjasida uzoq sudralib bordim. Nihoyat, terlab-pishib ko’zlagan manzilimga yetib kelganimda yo’lni to’ldirgan mashinalar galasi u yoqdan bu yoqqa vuzillab o’tib turganini ko’rdim. Men o’zimni shu mashinalar ostiga tashlamoqchi edim- bir marta men mash’um o’lim bilan yuzma-yuz kelgandim… O’zi, shundoq ham chala jon oyoqlarim dag’-dag’ qaltirab, shashtim so’nib turgan paytda bir mashina sekinlab, asta yonimga kelib to’xtadi. Uning oynasi yarim ochilib, ichidan ko’rsatkich va o’rta barmoqlari orasiga ikki buklog’liq pul qistirilgan bashang bir qo’l chiqdi. Xo’rligim kelib, ko’zlarimdan chirt-chirt yosh otilib ketdi; axir, men tilanchi emasdim-da! Pulni oldim. Mashina yana tezlik bilan yo’liga ravona bo’ldi. Birozdan so’ng yana bittasi kelib to’xtadi… Men endi har kuni, erta tongdan, hech kimga bildirmay katta yo’l bo’yiga chiqib turib oladigan odat chiqardim. Uydagilar so’rasa, «Chigal yozdi qilib keldim.», deyman. Borgan sari xayriyachilarning soni oshib, tez kunda barcha haydovchilar «yo’qlab o’tish»ni kanda qilmaydigan bo’ldi. Mening esa dimog’im chog’, maishatga berildim. Qayoqdandir bir-ikkita ulfat ham topila qoldi. Biroq bu mast-alastlikda o’tgan qo’nimsiz kunlar ham tezda ortda qoldi: choychaqaning qizil cho’g’i so’ngandan-so’nib, oxiri hech vaqosiz qoldim… Ko’zimni ochganimda aynan shu yerda- endilikda siz biroz tartibga keltirib, biror ehtiyojingizga yaratmoqchi bo’layotgan shu xonada, uvadasi chiqib ketgan ko’rpacha-yu bit bosgan yostiqda uzala tushib yotgan edim. Xotinim, bola-chaqam qayerga ketganini bilmayman. Eski yaram simillab og’riydi, oyoqlarim jonsiz, tashlandiq itdek yolg’iz edim. Atrofga alanglab, qarshi tarafdagi devorda suyog’liq turgan qo’ltiqtayoqlarimni topdim-u bir amallab emaklab-netib borib, uni qo’lga kiritdim. So’ng yana qizarib-bo’zarib o’rnimdan turdim-da tashqariga chiqdim. Hovli adoqsiz chiqindixona kabi edi: tirik jon asari ko’rinmaydi. Barcha xonalarning titi-pitisini chiqarib, oxir shuni tan olishga majbur bo’ldimki, Sh. ko’ch-ko’ronini orqalab, A. va X.ni yetaklab B.ga — onasinikiga ketib qolibdi. Men esa it quvigan soqovdek, so’ppayib yana o’z g’urbatxonamga qaytib keldim. O’rnimga yotib, biqinimni silagancha eski xotiralar ko’lmagiga g’arq bo’ldim.

Biz do’stim- T. bilan o’sha paytlari Ch. shahrida birga ishlardik- mardikorlik qilardik. Esimda, xujjatlarimizning to’la-to’kis emasligidan boshimizdan ko’p savdolar o’tgan. Ishlab turgan yeringga to’satdan bir to’da mirshablar guruhi bostirib kelib qoladi. Birga ishlayotgan uch-to’rtta she’rik o’ng kelgan tarafga ura qochamiz. Qo’lga tushib qolsak, pora berishga to’g’ri keladi; ularning o’zlari belgilab qo’ygan summalari bor. Shuning uchun ham mirshab zotini ko’rdik deguncha oyoqni qo’lga olamiz. Bazan shoshilinchda bo’lim-burchaklarda odam bo’yi bo’lib o’sib yotgan gazanda o’t yo boshqa tikanakli o’t-o’lanlar orasiga tushib qolamiz. Ilojsizlikdan bir ilojini topamiz. Ammo bir safar T. ikkimiz qo’lga tushib qoldik. Aksiga olib, yonimizda pul ham yo’q edi. Joningga oro kirishi mumkin bo’lgan sheriklar esa juftakni rostlab qolishgan… Avval mirshablar mahkamasiga olib borib, obdon po’stagimizni qoqib so’roq-savol qilishdi. Surishtirib keladigan biror najotkorimiz yo’qligini aniqlashganidan so’ng S.dagi, daydi-sayoqlar uchun mo’ljallangan, isqirt qamoqxonaga olib borib tashlashdi. O’n besh kunlar chamasi zax kamerada xom-hatala yovg’on ichib kun o’tkazdik. Ba’zan mirshablar kelib uylariga yo biror boshqa yerga olib ketishardi; nima ish buyursa qilib, mayda-chuyda harajatlar uchun pul topardik. Bizni u yerda bit bosib ketdi- odam biti. O’zi katta-katta bo’lib, sal kam tanamiz bilan bitta bo’lib ketgan kiyimlarimizning chokiga zobitlardek tizilib olardi-da kechalari bilan mazza qilib chiqardi! Oradan o’n besh kunlarcha vaqt o’tib, nihoyat ozodlikka chiqishga muvofaq bo’ldik. Aniqrog’i, Ch. shaxrining «Katta»laridan biri kelajakdagi dang’illama uylaridan birining so’nggi ta’mirdan chiqarish ishlariga ishchi kuchi kerak bo’lib qolib, murojaat qilgan ekan. Ko’ngillilar safida biz ham yo’lga tushdik. Biz amaldorning uyiga yetib borgan kunimizoq «Qochib qolish» haqidagi rejamizni pishitib ulgurgan edik. Ammo, nadomatlar bo’lsinkim, rejamiz chippakka chiqdi: o’sha kunning o’zidayoq T. narvondan yiqilib tushib, chap oyog’ini ikki yeridan sindirib oldi!.. Mening esa toqatim toq bo’lgan edi. Amaldorning uyida bir amallab ikki kunni o’tkazdim-da uchinchi kunga o’tar kechasi T.ga aytmay u yerdan jo’nab qoldim.

Avval aytib o’tganimdek, oxir bir kun joni qoq bo’g’ziga kelib qadalgan oilam meni tashlab ketganidan so’ng bu hovli ko’zimga haddan tashqari kimsasiz bir chiqindixonaga o’xshab ko’rina boshlagandi. Bu yerdagi hamma-hamma narsalar axlatga aylangan edi. Avvaliga, kunda hovli oralab, timirskilanib, o’ng kelgan burchakda topgan-tutganimni kavshanib, uxlab yurdim. Asta-sekin ko’zga bir qadar yaroqli ko’ringan ashqal-dashqallarni xonamga tashib kelib, o’zimga «Sharoit» yaratib oldim. Bilasizmi, o’sha buyumlar orasida men aynan o’sha pichoqni- to’y kuni T. mening ko’ksimga qadab ketgan qotilimni topib oldim! Aslida, u pichoq mening o’zimniki edi. Ch.dagi amaldorning uyidan tuyog’imni shiqillatib qolgan kunim eski ish joyimga borib, narsalarimni olganimda o’sha pichoqni bexos unutib qoldirgan ekanman. Ko’ksimdagi yara simillab-simillab og’rigani sayin pichoqni qattiqroq-qattiqroq qayrayman, qasos o’tida yonaman! Ba’zan hovurimdan tushib, devorlarga turli xil suratlar solaman. Ha, ha! Ayni damda siz o’zgacha bir hayrat ila, entikib tomosha qilayotgan, yo bo’lmasam, hatto, ko’z qiringizni ham tashlab qo’ymayotgan ushbu suratlarni men chizganman! Ammo, baxtga qarshi, shunday bo’libdi: men yuragimning tag-tomirlaridan favvoradek otilib chiqqan, har gal boshqa qaytalanmas ilhom bilan har gal avvalgisidan mukammalroq va yuksakroq san’at asarlarini yaratayapman deb yurib to’rt tomonga keta-ketguncha cho’zilgan va oxir borib olis-olis shafaqlarga tutashib ketgan bir sahroni chizib qo’yibman! Xa, do’stim, men kimsasiz sahroning qoq o’rtasida bunyod etilgan bir ko’rimsiz bekatda yolg’iz qoldim! Shoshqaloq kunlar bir-birini quvalab, birining ustiga biri yiqilib, bosa-bos qilib o’taveradi. Men esa betinim pichoq qayrayman, avtobus kutaman. Bilasizmi, oxir bir kun hammasi tugadi: pichoqni qayrab-qayrab upa qilib tashladim, sopini ham qoldirmadim, hatto! Ko’p kutdim- avtobus kelmadi… Oxir o’zim beminnat suyanchiqlarim- qo’ltiqtayoqlarimga suyangancha yayov yo’lga tushdim. Qay tomonga qarab ketganimni o’zim ham bilmayman; zero, buning hech qanday ahamiyati ham yo’q edi. To’rt tomonim keta-ketguncha sahro, to’rt tomonim keta-ketguncha qibla edi.

045

(Tashriflar: umumiy 383, bugungi 1)

Izoh qoldiring