XX asr o’zbek she’riyati antologiyasi. Botu.

1938

Боту (Маҳмуд Ҳодиев) янги замон ўзбек адабиётини бошлаб берганлардан бири, истеъдодли шоир ва жамоат арбоби эди. У 1904 йил 16 майда Тошкентнинг Шайховандтоҳур даҳасининг Қатортерак маҳалласида туғилди.
Бошланғич таълимни эски усулдаги мактабларда олган бўлса ҳам, олий таълимни Москвадаги Покровский номидаги институтнинг рабфакида (1921) олди. Сўнгра Москва Давлат дорилфунунининг иқтисод факултетида ўқишни давом эттирди (1921—1927). Самарқанд Педакадёмиясига қайтгач, адабий ва илмий иш билан машғул бўлди. 20-йилларнинг ўрталаридан бошлаб, партия, давлат ишларида фаоллик кўрсата бошлади. Самарқандда нашр этилган «Аланга» ойномасида ва «Фарғона» рўзномасида муҳаррирлик қилди.

Шу даврдан бошлаб, унинг шеър ва ҳикоялари, публитсистик асарлари ва очерклари — «Билим ўчоғи», «Инқилоб», «Тонг», «Аланга», «Маориф ва ўқитувчи» сингари ойномаларда чоп этилади. Унинг «Ҳайит ҳаром бўлди» (1929), «Турсун» (1930) каби ҳикояларида эскилик билан янгилик ўртасида кураш, зиддият ўз ифодасини топди. Айниқса, «Ҳайит ҳаром бўлди» ҳикоясида эски дунё тарафдорларининг инқирози ҳажвий йўсинда фош этилади. Унинг «Октябрдан сўнг ўзбек адабиёти…», «Умид учқунлари», «Тўлқин товушлари» каби мақолаларида эса тил, имло, адабиёт тақдири ҳақидаги ўз қарашларини баён этади. Шунингдек, унинг «Умид учқунлари», «Тўлқинларим» (1930) каби шеърий тўпламлари нашр этилади. Улардаги «Ўзбек қизига» (1920), «Куз кунида», «Парчалар», «Сўрма», «Ҳижрон тўлқинлари», «Умид учқунлари» (1925) каби шеърлари самимий ва ҳаяжонли туйғулар ифодаси эди. Айниқса, унинг табиат гўзалликлари, сеҳрли, кароматини очувча «Кўклам», «Олой қизи», «Каспий денгизига» каби шеърлари китобхонни ўзига мафтун этарди. Шоирнинг «Биринчи хат» поемаси ҳам машҳур бўлган. Энг муҳими, унинг шеърларида порлоқ, озод келажак учун кураш бош мотив деса бўлади. Шу жиҳатдан, унинг «Қўзголиш», «Исён», «Бизнинг товуш», «У кун», «Ёш юрак тўлқинлари» каби ўнлаб шеърларида ҳаёт, кураш, келажак тушунчаси бош мавзудир. Шунинг учун хам шоир ўз юрти, эли осмонини мусаффо кўришни хоҳлайди:

Йиртилингиз, эй ярамас қора қалин пардалар,
Ҳеч ёвуқсиз юлдузларнинг нурли юзи очилсин!
ЙЎқолингиз ёруғликни тўсатурган булутлар,
Юртимизга энг юксакдан ёруғликлар сочилсин!

Боту жамоат арбоби ва таржимон сифатида ҳам элга танилган эди. Хусусан, республикамизда мактаб-маориф ва олий таълимни, фан ва маданиятни ривожлантиришда жонбозлик кўрсатгани маълум. Бироқ, Боту ўз даври сиёсатига муте ҳолда баъзи хато ва зиддиятли йўлда ҳа бўлган. Хусусан, Фитрат ва Чўлпонларга («Менинг кечам»ига «Менинг кундузим» билан жавоб қилган) қарши мафкуравий курашларда ҳам иштирок этди. Шунга қарамай, у адабиётимиз тарихида ўзига хос овозли шоир сифатида ўрин эгаллайди.

345

БОТУ ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР

ЁЗ КУНИ

Қиш куни ўтиб, ёз куни келди,
Ер юзин олган қорлар тугалди.

Ҳар ким эгнидан пахталик тушган,
Юпқа кийимлар, боқинг, кийилган.

Чечак очилди боғларда бу кун,
Булбул чиқарар ёқимли бир ун.

Бутун огочлар чиқарди япроқ,
Улуғ Тангрининг қудратига боқ.

Қушлар сайрашур оғочга қўниб,
Ҳар кимни кўрсанг юрар шодланиб.

Ғир-ғир шамоллар юзга урарлар,
Кўнгилга қандай шодлик берарлар.

Қиш ўтди эмди, эй туронликлар,
Битсин ялқовлик, туркистонликлар!

СЎРМА!

Сўрма, ўртоқ, кўзларимда
ўтли ёш қайнашганин,
Сўрма ҳеч бир юзларимда
қайғулар ўрнашганин,
Сўрма бу мажнун кўнгилнинг
дард ичида ёнганин,
Сўрма бу маҳзун хаёлнинг
қай очунда юрганин.

Бу сўроқларга жавоб қўнгил
сирин очмоқ, демак,
Дардли қалб вулқонларидан
лавалар сочмоқ, демак,
Лавалар сочмоқ бутун борлиқни
йўқ этмоқ, демак,
Марҳамат йўқ, тўғрилик йўқ
дунёдан кечмоқ керак.

Дардлилар дард англатолмас
дардсиза сўзлов билан,
Кўрсатиб бўлмас қуёшни
кўзсиза мақтов билан.

ҲИЖРОН ТЎЛҚИНИ

Бутун кечада хаёлга чўмиб,
Ёниқ руҳимни қайғуга кўмиб,
Ҳижрон ўтида ўртаниб, куйиб,
Гўзал малакни эсламақдаман.

Биз яшайтурган бу тубанларга,
Нур сочиб турган ой, юлдузларга,
Юрак дардларин сўзламакдаман,
Гўзал қуёшни эсламакдаман.

Кўкрагим ўтли, юрагим дардли,
Руҳим қайғули, кўзларим ёшли,
Бояқиш кўнглим чин муҳаббатли,
Гўзал чечакни эсламакдаман.

Меним париштам бундай тунларда
Эслармикан ҳеч мен йўқсилни-да?

УМИД СЎЗЛАРИ

Юракда умидлар, амаллар…
Тўзимсиз қирғоқни босаркан,
Нега мен чақмокдай югурмай?!
Эскиган, чириган тамаллар,
Йўқликка эфи йўл ясаркан,
Нега мен ундан юз ўгирмай?!

Кўнглим ёш, руҳим ёш, кучим ёш,
Ёш йўллар, ёш гуллар излайман.
Орқага тортганга ҳадям — тош,
Ҳар чоқ мен илгари ундайман…

 

(Tashriflar: umumiy 692, bugungi 1)

1 izoh

  1. Биз тенгилар менимча хаммаси узбек классикасини ва шеъриятини севиб укийда ва яхши куради. Агар албатта иложи булса бир нозик кирраларида булиб турса емон булмас эди. Буни ешларимиз хам менимча тугри кабул килишадилар.

Izoh qoldiring