Cho’lpon she’riy to’plamlarining asl nusxalari: ”Tong sirlari” (1926)

Ashampoo_Snap_2016.10.03_00h48m48s_002_.pngЧўлпоннинг энг кучли тўпламларидан бўлмиш «Тонг сирлари» нашр этилганига 90 йил тўлди.

    Бундан бир яримча йил аввал атоқли ўзбек олими Хайрулла Исматуллаев (1937-2008) томонидан эълон қилинган Абдулҳамид Чўлпон шеърларининг асл нусхалари ва улар боғлиқ тадқиқотлари билан таништиришни бошлаган эдик. Шу пайтгача Чўлпоннинг ҳаётлигида нашр этилган «Ўзбек ёш шоирлари» ( 1922), «Уйғониш” (1922), ”Булоқлар” (1924) тўпламлари ҳақидаги маълумотларни ва бу тўпламларга кирган шеърларини тақдим этган эдик. Бугун навбат роппа-роса 90 йил аввал нашрдан чиққан “Тонг Сирлари” (1926) тўпламига етди. Яқин кунларда “Соз” (1935) тўплами ҳақидаги маълумотни ҳам сизга ҳавола этамиз.

“ТОНГ СИРЛАРИ” ҲАҚИДА
Хайрулла Исматулла
004

1926 йили нашр этилган бу тўпламнинг ўзига хос хусусияти шуки, (а) бу -Чўлпоннинг ягона шеърлар тўплами бўлиб, у машҳур ёзувчи Абдулла Қодирий (Жулқунбой)нинг кириш сўзи билан очилади ва (б) унда шеърлар алоҳида бўлимларга бўлиниб берилмаган. Ҳаммаси бўлиб, “Тонг Сирлари”га 60 та шеър киритилган:

Кўнгил, Бас Энди, Клеупатра Уйқуси, Мен Шоирми?, Созим, Қўзғалиш, Дамлар, Кишан, Баҳор ва Мен, Гулсара, Каптар, Ой Қўйнида, Сирлардан, Қиш Олдида, Яна Кўклам, Қиз Қўшуғи, Ғафлат, Кечкириш, Шафтолига, Ўш Кечаси, Икки Ўт Ўртасинда, Жар Бўйларинда, Ер Асиралари, Янглишасиз, Эй Булут, Тан Бердим, Кўклам Келадир, Мен ҳам Севамен, “Эркин Сингил”га, Сомон Парча, Ўзимникига, Не Ариёр? (Усмонлича), Қушнинг Ҳадиги, “Кўклам Қўшуқлари”дан: Бойчечак, Сатанг, 2 Бош, 1 Тана, Одам ва Қуш, Ўзбек Чиновчиларига, Галдир, Паранжи, Куз Гулига, 20 Аср (Усмонлича), Баландликда, Чечак, Келинчак, Яна Зарафшон, Яна Ўт, Ирфон келадир, “Кўклам Қўшуқлари”дан: 1. Кўклам Ёмғири, Шу Кунда, Александр Блокдан, 3-4 та Юлдуз, Кўринган Аланга, “Кўклам Қўшуқлари”дан: 2, Кўкламдан Хабар, Безгак қўйнида (38.2), Шарафлик Хизмат, Ташлама, ”Ички Ҳислар” Остида, Жаволаш, Сезги.

Чўлпоннинг “Тонг Сирлари” тўпламига кирган бир қатор шеърлари бўйича ҳам дунё олимлари турли фикр-мулоҳазаларни баён қилганлар.

Маълумки, шоирнинг бу тўплами унинг машҳур “Кўнгил” шеъри билан очилади.

Бу шеър ҳақида дунё матбуотида турли ижобий фикрлар баён қилинган. Хусусан, Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Коч университетининг профессори Темур Хўжа ўғли ёзади: “Чўлпоннинг “Кўнгил” шеъри “дунёдаги бутун қардош туркий халқлар шеъриятининг балки энг гўзал 50 шеъридан биридир.”[Темур Хўжа ўғли, “Чоғдош Ўзбек Шеъри” (турк тилида); IN: Timur Kocaoglu, “Cag’das O’zbek Siiri”, IN: Turk Dunyasi Dil va Edabiyat Dergisi, No.1, 1996, S.5].

Хориждги машҳур чўлпоншунослардан бири Иброҳим Орифхон ўғли Ёрқин бўлади. Иброҳим Ёрқин Тошкентда 1902 йили туғилган; бошланғич ва ўрта маълумотни ўз шаҳрида олиб, 1922 йили Берлинга ўқиш учун кетган. 1924-1927 йиллари Берлин Олий қишлоқ-хўжалик мактабида илм олган. Шундан кейин қисқа вақт Берлин чорвачилик (илмий-тадқиқот) институтида тадқиқ билан шуғулланган.. 1929 йили эса Можористон (Венгрия)даги Девресен университетида мажор (венгр) тилида “Туркистон иқлимида чорва етиштириш” мавзуида докторлик диссертациясини ёқлаган [Иброҳим Орифхон ўғли Ёрқиннинг чорвачилик соҳасида эришган ютуқлари ҳақида қаранг: Хайрулла Х. Исматулла “”Чўлпон ва Жаҳон”, IN: Reform Movements and Revolutions in Turkistan; 1900-1924; SOTA, Haarlem, 2001, pp.262-264.].

Биз, туркистонликлар учун ватандошимиз Иброҳим Орифхон ўғлининг чўлпоншунослик соҳасидаги фаолияти жуда муҳимдир.

Ўзининг асосий иши – чорвачиликдан ташқари Иброҳим Орифхон ўғли   шоир Чўлпоннинг асарларини тўплаш, нашр этиш ҳамда Чўлпон ҳақида илмий мақолалар ёзиш билан банд бўлди. Иброҳим   Туркистон миллий ҳаракатлари тарихи, Туркистонда жадидчилик ҳамда Чўлпон шеъриятига бағишланган бир қатор ишларнинг муаллифидир.

Иброҳим Туркиянинг Анқара шаҳрига кўчиб келганидан сўнг, унинг исми шарифига Ёрқин номи қўшиб ёзиладиган бўлган.

Иброҳим Ёрқин ўзининг “Туркистоннинг ҳуррият шоири Чўлпон” номли ишида ўқувчиларни Чўлпоннинг адабий фаолияти билан, хусусан шоирнинг “Кишан,” “Қўзғалиш” шеърлари билан таништиради. Унинг ёзишига қараганда, “Чўлпоннинг “Кишан”, “Қўзғалиш” [Ушбу тўпламда 6- ва 8-шеърлар] шеърлари одамлар ўртасида халқ қўшиқларидек куйланар эди. Шоирнинг босилиб чиққан шеърлари кенг халқ оммаси томонидан ва ҳатто ўша замоннинг совет идораларидаги баъзи кимсалар томонидан ҳам яширин ўқиларди.” [Қаранг: Иброҳим Ёрқин, “Туркистоннинг Ҳуррият Шоири Чўлпон”, ИН: Turk kulturu (журнал), 5-сон, март 1963, С.39].

Овруполик А. Завки ва И. Тўлқун исмли тадқиқотчилар ҳам Чўлпоннинг “Тонг Сирлари” тўпламига кирган бир қатор шеърларини инглиз тилига таржима қилиб, тадқиқ этганлар [A.Zavki, I. Tolqun, “The Poet Cholpan”, IN: Milli Turkistan, December 1951-January 1952, No.76B, pp.18-22].

Австриялик шарқшунос олима Ингеборг Балдауф Чўлпоннинг “Дамлар” шеърини [Мазкур тўпламда 7-ўринда] машур турк шоири Тавфиқ Фикрат қаламига мансуб “Тафаккур” номи остида чиққан шеъри билан қиёслаб, ўзбек шоирининг ўзига хос томонларини кўрсатиб беради. [Қаранг; Ингеборг Балдауф, “Тавфиқ Фикрат ва Чўлпон”, Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати, 1998, 8 Октябр, NO.40, 7-бет].

Йигирманчи асрнинг ўрталарида Германияда Вали Зуннун исми шарифи билан тилимиз, адабиётимизни яхши билувчи бир мутахассис фаолият олиб борди. Хусусан, адабиётимиз, шеъриятимиз хақида у нашр этган тадқиқотлар ўқувчиларни ўзига жалб этарди. Унинг Чўлпон шеъриятига оид ишлари, масалан, “Чўлпон ва Ўзбек Мухолифат Адабиёти” номли иши шахсан мени мафтун этган эди [Vali Zunnun, “Cholpan and Uzbek Literary Resistance.” IN: The East Turkic Review. The Institute for the Study of the USSR, No.1, 1958, pp.92-95].

Кейинги вақтларда Чўлпоннинг шеърлари хақида ўзбек олимлари ҳам анчагина асарлар чоп этдилар. Айниқса, авторлар коллективи томонидан яратилган “Чўлпоннинг бадиий олами” [Тошкент, “ФАН”, 1994], Наим Каримовнинг “Чўлпон” маърифий романи [Наим Каримов. “Чўлпон”. Шарқ нашр., Тошкент, 2003], Б. Рўзимуҳаммад “Чўлпон – Тонг Юлдузи демак,” [Тошкент, Ўқитувчи” нашр., 1997], И. Тўлаков “Чўлпон маҳорати,” [“Андижон” нашриёти, 1997], Д. Қуронов “Чўлпон. Ҳаёти ва ижодий фаолияти” [Тошкент, “Ўқитувчи”, 1997] ҳамда профессор Ботирхон Акромнинг қатор илмий тадқиқотлари [Б. Акром, “Чўлпон чиндан мураккабми?. “Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати, 1990, 13 июн; Ҳурликнинг мужассам тимсоли”, “Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати”, 1995, 1 сентябр; “Фасоҳат сирлари,” Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати, 1996, NO.37 ] каби ишлар буюк ўзбек шоири Чўлпоннинг шеърий меросини ўрганишга арзийдиган асарлар сирасига киради. Ўрни келганда, шуни айтиш лозимки, Чўлпон шеъриятига бағишланган совет ва советдан кейинги даврда нашр қилинган барча илмий тадқиқотлар 1922, 1924 ва 1926 йиллари чоп этилган Чўлпон шеърияти асосида эмас, балки махсус “ходимлар” томонидан “таҳрир” этилган нашрлар асосида яратилгандир.

МУНДАРИЖА

Жулқунбой, “Тонг Сирлари……………………………………………..
Чўлпон шеърлари:
[1] Кўнгил ……………………………………………………………………
[2] Бас Энди …………………………………………………………………..
[3] Клеупатра Уйқуси …………………………………………………..……..
[4] Мен Шоирми? …………………………………………………………….
[5] Созим ……………………………………………………………………,,
[6] Қўзғалиш ……………………………………………………………….
[7] Дамлар ……………………………………………………………………
[8] Кишан …………………………………………………………………….
[9] Баҳор ва Мен …………………………………………………………….
[10] Гулсара ……………………………………………………………………
[11] Каптар …………………………………………………………………….
[12] Ой Қўйнида ………………………………………………………………
[13] Сирлардан …………………………………………………………………..
[14] Қиш Олдида ………………………………………………………………..
[15] Яна Кўклам ……………………………………………………………
[16] Қиз Қўшиғи ……………………………………………………………..
[17] Ғафлат ……………………………………………………………………
[18] Кечкириш ………………………………………………………………
[19] Шафтолига …….………………………………………………………….
[20] Ўш Кечаси ……………………………………………………………
[21] Икки Ўт Ўртасинда ……………………………………………………….
[22] Жар Бўйларинда …………………………………………………………..
[23] Ер Асиралари …………………………………………………………….
[24] Янглишасиз! …………………………………………………………….
[25] Эй, Булут! ………………………………………………………………..
[26] Тан Бердим ………………………………………………………………
[27] Кўклам Келадир …………………………………………………………
[28] Мен ҳам Севамен ………………………………………………………
[29] ”Эркин Сингил”га …………………………………………………………
[30] Сомон Парча ……………………………………………………………
[31] Ўзимникига ……………………………………………………………….
[32] Не Ариёр? (Усмонлича)_…………………………………………………
[33] Қушнинг Ҳадиги ……………………………………………………………
[34] ”Кўклам Қўшуқлари”дан 3 “Бойчечак”…………………………………
[35] Сатанг ………………………………………………………………………..
[36] 2 Бош, 1 Тана ……………………………………………………………….
[37] Одам ва Қуш ……………………………………………………………….
[38] Ўзбек Ченовчиларига …………………………………………………….
[39] Галдир ………………………………………………………………………..
[40] Паранжи ……………………………………………………………………….
[41] Куз Гулига ……………………………………………………………………
[42] 20 Аср (Усмонлича) …………………………………………………………
[43] Баландликда …………………………………………………………………
[44] Чечак ……………………………………………………………………
[45] Келинчак …………………………………………………………………..
[46] Яна Зарафшон …………………………………………………………….
[47] Яна Ўт ……………………………………………………………………
[48] Ирфон Келадир ……………………………………………………………….
[49] ”Кўклам Қўшуқлари”дан 1. Кўклам Ёғмири ………………………….
[50] Шу Кунда …………………………………………………………………
[51] Александир Блокдан …………………………………………………………
[52] 3-4 та юлдуз ………………………………………………….. ……………
[53] Кўринган Аланга ……………………………………………………………
[54] ”Кўклам Қўшуқлари”дан: 2. Кўкламдан Хабар …………………………
[55] Безгак Қўйнида (38,2) ………………………………………………………
[56] Шарафлик Хизмат ………………………………………………………………
[57] Ташлама ……………………………………………………………………..
[58] ”Ички Ҳислар” Остида …………………………………………………………
[59] Жаволаш ………………………………………………………………………
[60] Сезги ………………………………………………………………………….

Шеърлар тўпламидан 3 инчи Бўлук.

Бир эсиб ўтдилар “Уйғониш” йиллари,
Бир қайнаб, тошдилар кўз ёши “Булоқлар”.
Эй, тонгда қалтираб ўйнашкан япроқлар,
Тек туринг, ёйилсин энди… “Тонг Сирлари.”

ТОНГ СИРЛАРИ
009

Баъзи бир ўртоқлар Чўлпонни йиғлоқ деб айб сатадилар. Балки ҳақлари ҳам бордир, чунки, унинг:

Чечаклар ўсгуси кўз ёшларимдан,
Бўғунлар унгуси ўйлашларимдан…

деб ҳасратланиси бизнинг кўз ўнгимизда “йиғлоқ” бир шоирни гавдалантирар. Бироқ шоир шу тўккан кўз ёшларидан чечаклар унмоқчи бўлмаса эди биз ҳам унинг муътаризлари қаторига кирган эдик.
Анқов таъначилар шоирни ранжитишда мудавомат қиладирлар, ҳатто “сен кўк шоири” дегувчилар ҳам бўлиб, чорасиз шоир уларга ўз холидан очиқ жавоб беришка мажбур бўладир:

Сиз дейсиз ким мен кўкларни ўйлаймен,
Ер юзига сира назар солмаймен.
Янглишасиз: Мен кўкларга беркинган
Ер қизидан хаёлимни олмаймен!…

Октябр ўзгариши қора тунимизнинг тонгини оттирди эса-да, бу мудҳиш кечанинг баднамо кўлагалари ҳамон шоирнинг юрагини титратадилар ва ул чор-ночор йиғлайди… Шу йиғи орасида барқ уриб кўринган эрк қуёши бу кўз ёшларидан “чечаклар унғуси”ни сўзлайди.

Менимча, “Тонг Сирлари”да кўрилган кўз ёшларининг сири шудир. Шу қисқа жумлада ўқиғувчини бу кунги Чўлпон [билан] таништира олған бўлсам, ўзимни бахтли санар эдим.

Жулқунбой
Тошкент, 6 Сентябр, 1925 йил.

КЎНГИЛ

Кўнгил, сен мунчалар нега
Кишанлар бирла дўстлашдинг?
На фарёдинг, на додинг бор,
Нечун сен мунча сустлашдинг?
Хақорат дилни оғритмас,
Тубанлик мангу кетмасми?
Кишанлар парчаланмасми?
Қиличлар энди синмасми?
Тириксен, ўлмагансен,
Сен-да одам, сен-да инсонсен.
Кишан кийма,
Бўйин эгма,
Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!

Тошкент, 1922 йил, Август 7.

БАС ЭНДИ

Етар, бас, чекдан ошкандир
Бу қарғиш, бу ҳақоратлар!
Тўлиғдир, балки тошкандир
Тубанлик ҳам сафолатлар!
Қўлимда сўнгги тош қолди,
Кўнгилда сўнгги интилмак,
Кўзимда сўнгги ёш қолди,
Кучимда сўнгги талпинмак!
Бу қарғиш, бу ҳақоратлар
Кучимни тортмоқ истайлар,
Тубанлик ҳам сафолатлар
Ўзимни ютмоқ истайлар!
Кўнгилда сўнгги интилмак
Шу ҳолда кетмак истармен.
Кучимда сўнгги талпинмак,
Амалга етмак истармен!
Қўлимда сўнгги тош қолди,
Ёвимга отмоқ истармен!
Кўзимда сўнгги ёш қолди,
Амалга етмак истармен!..

Феврал 1923 йил, Тошкент.

КЛЕУПАТРА УЙҚУСИ

“Клеупатра” – Нилнинг бўйида
Ўз қўли бирлан нилуфар узди.
Гўзал чечакни, ёзуқсиз гулни
Ишдан чиқарди, турмушин бузди.
Бир тўплам қилди, бир ипак бирлан
Бошига осиб, уйқуга кетди.
Ул ухлаганда бутун Мисрда,
Бутун ўлкада уйғоқлик битди…
Жим тур, фаришта, қанотинг қоқма,
Фиръавннинг қизи тинчлаб ухласин!
Унинг юзидан, гўзаллигидан
Ошиқнинг кўнгли бир ором олсин!
Унинг ётиши – Куннинг ботиши!
Қоронғиликда юлдузлар ўйнар.
Бутун ошиқлар, кўнгли ёнуқлар
Гўзал ўйларни шул чоқда ўйлар.
Тубан қараб юр, Нилнинг сувин кўр:
Қандай чиройли, лимиллаб оқар.
Фиръавн қизидай, илон изидай
Буралиб оқар, қимирлаб оқар…
“Клеупатра” уйғонди нега?
Нега ул чоғсиз уйқусин очди?
Унинг кўзидан, гўзал юзидан
Уйқу, қизиллик, тўлиқлик қочди?
Ана, қўлини гулга узатди,
Боқ, ипни узди… гуллар қўлида!
Ож… ғижим қилди, ерга ташлади!,
Кўп йўқсил гуллар қурбон йўлида..
-Нега ташлади?
-Гул сўлган эди…
Шунинг-чун золим ерга ташлади!
Ўзини кўр бир: маст илон янглиғ
Жойида ётиб, тўлғоқ бошлади.
Бор, эй йигит сен, Нилнинг бўйидан
Золим қиз учун* нилуфар келтир!
Золим қизини бу сирли кечда
Кўп урунтир, тезроқ тинчлантир.
Бир тўплам гулни бошига осса,
Яна уйқуга очар қучоғин.
Йўқса бу золим ҳеч боса олмас
Юрагидаги севмаслик доғин,..
Қўй, сен қўзғалма… менинг кўксимда
Кўз ёшим бирлан ўскан чечак бор.
Шуни берармен, бир ҳидлаш бирлан
Севгига ботиб, бир умр ухлар!..

Бухоро, 1921, Август 17.

МЕН ШОИРМИ?*
(Таржимаи ҳолимга)

Хаёлим бир учиб, кетиб қоладир,
Мен ҳам тизгинини қўйиб берамен.
Зотан, қандоқ қилиб тутиб турамен?!
Энг нозик қилимға тегиб қоладир.
Учадир… учадир… минг қабат кўкни,
Бир бошдан сийпалаб ўта берадир.
Зерикмай, эринмай кета берадир,
Баъзан ҳовлиқтириб жинни юракни…
Кўланка кабидир, ўткан еридан
Сўнгра қарасангиз, бир нишон қолмас,
Юрган ерларидан озиқ ҳам олмас,
Шунда зерикамен унинг сайридан…
Бир замон бир ширин жойга етканда,
Нарига ўтмасдан тўхтаб қоладир,
Ошиқдек ястаниб, ётиб оладир…
Шу чоқда қийналиш бошланар мена.
Чунки хаёлимнинг кўзлари булан
Бир гўзал ҳолатни кўриб турамен,
Лаззатга ғарқ бўлиб, ўлиб турамен
У ҳолни борлиқнинг сўзлари билан
Англатиш қўлимдан келмай қоладир,
Шул чоқда тилларим қалдираб кетиб,
Борлиғим йўқликка ғилдираб кетиб
Демак, ки “Бошқалар билмай қоладир.”
Шундай гўзалликни! Аттанг, агар мен
Рассом бўлсам эди, чизиб берардим,
Ўхшаш нусха билан ёзиб берардим.
Шу ожиз ҳолимда шоирменми мен?!.”
Шоирлик менда бир соями деймен,
Ҳар бир тушунчамни ёза олмағач,
Рассомдек хаёлни чиза олмағач,
Ҳақир борлиғимға кўп афсус еймен…
Хаёлим юксакдан тушиб кетадир,
Шоирлик чанг бўлиб, учиб кетадир…

Қўқон, 1923, Декабр 1.

СОЗИМ

Нафрат ўлкасидан ҳижрат қилғанмен,
Улфат диёрига маскан қурғанмен.
Юзимни ўт эмас, гулга бурғанмен,
Самовий завқларға тўлиб турғанмен
Булбуллар севгини мақтаған дамда!
Чечаклар ўсғуси кўз ёшларимдан,
Бўғинлар унғуси ўйлашларимдан,
Қалблар юмшағуси сайрашларимдан,
Севги чаманида яйрашларимдан
Жаннатлар яратгай ташланган жанда.
Тилинган тилларга қон югурғуси,
Бўшалған инларга жонлар киргуси,
Тиканли боқчалар чечак кўргуси,
Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилгуси
Жандалар танимга теккан кунларда!..

Ўш, 1924. Август 14.

ҚЎЗҒАЛИШ

Эй! Сен мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди!
Эй! Устимда бир умрга хўжа бўлмоқ истаган,
Эй! Бўйнимға кишан солиб, ҳалокатка судраган,
Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмағил, бас энди!
Кишанларинг занг босгандир, сергак бўл, ким узилур,
Томиримда қўзғалишнинг ваҳший қони кўпурди.
Эски фикр, анъаналар энди буткул узилди,
Ё битармен, ёки сенинг салтанатинг бузилур!
Эй! Сен мени қул ўрнида ишлатгувчи афанди,
Титра, қўрқ, ким боғлиқ қулинг бош кўтарган куч энди!

Тошкент, 1922, Июл 15.

ДАМЛАР

Дам бўлар,ки қалбим тонгнинг шамоли
Қаршисида қалтираған япроқдек –
Аста-секин титраб кетар… мен ҳам тек,
Жим қоламен унга қулоқ солғали,
Бутун эсим, сезгим билан толғали…
Баъзан хаёл этагини тутқизмас.
Ёт ерларда ўз бошича йўқ бўлур.
Шунда эс ҳам қалб тилига тушунмас,
Боши қотар, қўполланур, тўнгланур.
Шунда бирдан ғайбдан товуш: “Эй шоир,
Қуруқ қолдинг саодатли дамдан! ” дер,
“дамдан!” дер…

Андижон, 1923, Декабр 14.

КИШАН

Кишан, гавдамдаги излар букун ҳам биткани йўқдир!
Темир бармоқларингнинг доғи буткул кеткани йўқдир!

На мудҳиш, на совуқ манхус, қизғанмас қучоғинг бор!
Башар тарихининг ҳар саҳфасида қонли доғинг бор!

Юмилмас кўзларингнинг ҳар бири бир элни қаҳр айлар,
Фақат бир борлиғингдир, ким бутун борлиқни заҳр айлар!

Қулф бирлан сенинг эркингда кўп йиллар қолиб кетдим…
Фақат ҳар тебранишдан қутулишликни умид этдим.

Кишан, гавдамдаги доғинг ҳануз ҳам биткани йўқдир,
Фақат буткул қутулмоққа умидим энди ортиқдир!..

Тошкент, 1922, Сентябр 15.

БАҲОР ВА МЕН

Баҳор келди… лекин унинг даврида
Кетиб қолди баҳорларнинг султони.
Умид унди рақибимнинг бағрида,
Ортиб кетди келгусига имони.
Баҳор чоғи… рақибларим кетарлар,
Лекин меним ҳасратларим кетмайлар.
Бу рақиблар мени маълул эталар,
Фиғонларим султонимға етмайлар!..

Қўқон, 1924. Март 18.

ГУЛСАРА

Термак истаб бир-икки даста чечак,
Гулсара чиқди қўшни боқчасиға.
Илашиб бир “тикан-шох” орқасиға,
Йиртилиб қолди шунда шоҳи этак…
Гулни бермакчи бўлди севганига;
Севиниб, ҳовлиқиб, шошиб келди.
“Мана, бир арзимас ҳадия” деди,
Севиниб, гердайиб шу қилғаниға.
Севгани кўрди: Йиртилибдир этак!
Деди: “Кимлар билан қувушдинг сен?”
Деди: “Ёлғиз тиканни кўрдим мен…”
Деди: “Менмас, сен ўйлаған тентак!”
Ерга – тупроққа тушди гулдаста,
Синди қиз қалби шунда бирпаста.

Чимкент, 1924, Июн 13.

КАПТАР
(Семирамис)

Семирамис – Калданий ва Осурилар хурофотида “маъбуда” саналиб юрган бир қиз. Бош томони қиз, танаси балиқ бўлған эмиш. Онаси уни туққанидан кейин, бир қамишзорға ташлаған. Унда, уни каптарлар ўстириб, парвариш қилғанлар. Шу учун исми “Каптар” маъносида “Семирамис” қўйилған.
Қалъалар фатҳ эткан, кўп урушлар кўрган. Ҳиндистонға қадар борған бир фотиҳ эмиш.
Мисрда бир парихонға фол очтирған. Ўша фол тўғри келиб, охирда сувға тушиб, йўқ бўлиб кеткан эмиш. Ўрниға ўғли подшок бўлған. Ўзи кечалари денгизга чўкар, кундузлари ҳукм сурар экан.
Бир ривоятда “Семирамис” Турк қизи бўлиб, Эрон подшоҳларидан машҳур “Кайхусров”ни ўлдирган эмиш.

Эй, денгизнинг сувларидан қудрат олған ботир қиз,
Кел, мундаги тутқун қизға ёлборайлик иккимиз!

Сен сувларнинг кўпигидан оқ чечаклар терганда,
Сен қиличдан илҳом олиб, кун чиқишда юрганда,

Сенинг билан бирга чопқан, бирга учкан оналар,
Нима учун бу тутқунлиқ оловида ёналар?

Сен кундузлар қизғин қуёш ёғдусида ёнаркан,
Тонг отканда танларингдан денгиз суви томаркан,

Кенг далада қушлар каби қанот қоққан оналар,
Нега, ёлғуз оғуларға-захарларга қоналар?

Сен эркаклар кийимида зўр қалъалар очқанда,
Отларингнинг чангларини бўйиға сочқанда,
Йўлларингда қон денгизи кўпурганда, тошканда
Сенинг каби истагига эга бўлған оналар,
Нега букун турмушдағи ҳар тилакдан тоналар?

Сен Мисрда гўзал Нилнинг уйқусини бузмасдан,
Нимагадир ҳовлиқмасдан, қутулмасдан, қиз(и)масдан,

Йўлингдаги жонсиз ётқан чўпларни-да эзмасдан
Қари коҳин маъбудага юрганингда сезмасдан

Кечаларнинг сирларини… Тўлиб ёткан оналар,
Нима учун тонга қадар қон – ёш тўкиб қолалар?

“Мен дунёда хотин бўлиб яратилған эдим-да,
Энг қахрамон эркаклардек муъжизалар кўрсатдим!”

Деб ёздирғон сўзларингни (бўзқирлар)да кўрдим-да,
Тутқун бўлған оналарни қутқармоққа аҳд этдим.

Бу аҳдимга етмак учун сендан кутамен.(1)
Кел, бу йўлда кўмаклашсанг, ҳар тўсиқни ўтамен!

Эй, денгизнинг тубларига қочиб кирган Каптар қиз,
Кел, мундаги оналарни уйғотайлик иккимиз!

Тошкент, 1922, Август 21.

ОЙ ҚЎЙНИДА

Шафтоли келинчак
Унинг қўйнида мен тентак…
“Мен боғингга кирмасдан,
Одоқ бўпти емасдан;
Мунча тўлиб йиғлайсен
Мен қўйнингга кирмасдан… “*
(Халқ Қўшиғи).

Бир томчи тўкилган ёш учун шунча сўлишми?
Бу боқчада гул кўп эди сўлди амалимдек!
Кўнглингда бирор шарпани сезсам эди, гулдек,
Ўганда-да сен менда кўрардинг севишини!
Шафтолида ой нурини кўргач, яна руҳим
Ойлар каби ёш даврига суқлар каби боқди.
Ёшлик ўзи – севгинг каби тортилмади бир зум.
Бир зум ўзи, бир гул ўзи… Дўзах каби ёқди.
Кўп титрама, кўп ўйнма, кўп қайнама, эй барқ!
Ҳирс кўзлари соф кўксингга оғули тикандек
Бир ботса-да, йиғлатса-да, додлатса-да мендек
Ҳар кўзга бақирсанг, ки “Топилмас тоза истак!”
Мендан сўра, ёлғиз мана мен алданиб ўтдим,
Ҳар саҳфаси, ҳар япроғи “алдаш” бу китобнинг!
Бир ўққа илинмасми, тилинмасмиди жонинг?
Ой қўйнида тонг отгунча сенга шуни айтдим…
Бир томчи тўкилган ёш учун шунча сўлибсан,
Алдамчи фано кўзларга тентакча кулибсан!

Тошкент, 1923, Июн 3.

СИРЛАРДАН

Бир тутум сочларинг менинг қўлимда,
Ғижимлаб ўпайми ё тараб, очай?
“Сир” деб сақлаганинг менинг қўйнимда,
“Сир” деб сақлайинми ё елга сочай?
Сочилған сочингдай сочилса сирринг,
Анор юзларингни кимга тутасен?
Ўзинг-ку: “Уларда вафо йўқ! ” дединг,
Нимага уларни тағин кутасен?
Очилған қўйнимда тўлғанған танинг,
Кўнглингдан қилча ҳам ҳид еткизмаса [?],
Менга яқинлашма! Эй, тирик бўса!
“Севдим” деганларинг, ёлғондир сенинг!

Тошкент, 1925, Январ 19.

ҚИШ ОЛДИДА

Кўклам кетидан ёзни узатдик, у-да кетди,
Кузнинг-да булутли, қора даври келиб ўтди.
Барглар яна сарғайди, яна тўкилди, яна бўшлиқ…
Қушлар яна тўп-тўп қочалар… Қарға фақат шод!
Ҳар нарсада бир қайғи, кадар, ранги сўлишлиқ….
Ичдангина, тинсизгина ҳар нарсада бир “дод”…
Дунё… яратилганда хунук, чиркин эмиш-да,
Кўклам била ёз унга кийимлар кийгизармиш.
Куз… ҳеч кўра олмас, ичи тор, қизғин эмиш-да,
Ҳар нарсани сўлдиргувчи қўлни тегизармиш.
Куз даврида дунё кийими қолмас эмиш-да,
Қиш чоғида унга қарамоқлик-да ёмонмиш…
Бир қарға фақат кўзларини олмас эмиш-да,
Қарға шу учун қишда куярмиш-да, ёнармиш…
Холбуки, на куздан ва на қишдан юз ўгирмай,
Ҳар қайсисидан кўнглим учун топдим ўйинлар.
Ёзлар каби қишларда-да ғам рангини кўрмай,
Ўтмакда қуёш қўйнида кунлар каби тунлар!
Дунё кийими йиртиқ эса қайғи керакмас,
Куннинг бирида ерга тушар пахта каби қор.
Дунё танига қор кийими нега келишмас?
Оқлик ичида қоп-қора кўз… ўт каби чақнар!
Кўклам каби қишнинг-да гўзал гуллари бордир.
Ёзлар каби қишларда-да олтин кечалар бор.
Кўклам каби қишнинг-да гўзал тунлари бордир.
Қишларда-да ёзлар каби жон – муғбачалар бор!
Кўклам-да кетиб, ёз-да битиб, куз-да тугалди,
Эй, қиш бобо, чиқ ўртага, навбат сенга келди!

Тошкент, 1922, Октябр 5.

ЯНА КЎКЛАМ

Яна мен сенга қайтдим, эй кўклам,
Чунки борған сари юзинг очилиб,
Чунки борған сари ҳидинг сочилиб,
Сил кўнгилларга бахш этар малҳам!
Кечанинг сирли қўйниға бекиниб,
Кечага тотли бўсаларни бериб,
Юзидан пардаларни ирғитқан,
Дунёға бир келин каби чиққан.
Турли туслардаги чечакларни
Кўрсам, айниқса, тонг отар чоқда,
Сўнгра кун қон сочиб ботар чоқда,
Сўнгги нур ўйнаған теракларни –
Шунда шаббода-қиз билан бирга,
Қувлашиб ўйнағанда япроқлар,
Шу жувон толдаги қуруқ бир шох,
Қуп-қуруқ гавдасин тутиб елга –
Қайси кўкламни! Билмадим, йўқлар!
Кимга ҳасратини англатар?!
Эвоҳ!…

Тошкент, 1924 йил, Март 31.

ҚИЗ ҚЎШИҒИ

Ўксук кўнгил қуши
Тушди қафасга,
Сира етолмайдир
Эркин нафасга,
Қора кунлар тушди меним бошимға.
Сиқиқ қафасларда
Яйрай олмаймен.
Жаннат боғлар бор-ку,
Сайрай олмаймен.
Ёмон кунлар тушди меним бошимға.
Қип-қизил қон бўлиб
Кунлар ботадир…
Ёмон ҳидга тўлиб
Тонглар отадир.
Оғир кунлар тушди меним бошимға.
Жаннат каби боғлар
Булбулсиз қолған…
Осмон бўйи тоғлар
Қулунсиз қолган…
Қийин кунлар тушди меним бошимға.
Кўз ёшимда ювсам
Юртнинг бағрини,
Тилим билан сўрсам
Оққан қонини…
Қонли кунлар тушди меним бошимға.
Ҳасратим кўп, элга
Айта олмаймен.
Армоним кўп, дилга
Жойлай олмаймен.
Ўтли кунлар тушди меним бошимға.
Қафасларни бузиб
Учсам осмонға!
Кишанларни узиб
Етсам жононға!
Ёрсиз кунлар тушди меним бошимға!

Андижон, 1923, Июл 1.

 

ҒАФЛАТ

“Биз олам китобини янглиш оқиймиз-да
“У бизни алдайдир”, деймиз”.
Р. Тагор.

 

Тонгларнинг сирлари тўрни кенг ёйганда,
Биз-ғофил уйқунинг қаърида қоламиз.
Тўлған ой кўкларда сузилиб борғанда,
Биз-қўпол, тонгликнинг қаҳрида қоламиз.
Ёлғонлар, алдашлар бошланған дамларда
Уйқумиз очилиб, борлиққа чиқамиз.
Бир замон қиличлар ҳеч турмас қинларда…
Шул замон биз ҳатто кўкларда учамиз!
Дерлар, ки “Ойларнинг нурида вафо йўқ!”
Демаслар улар, ки “Айб бизда, биз бузуқ!”

Андижон, 1923, Сенябр 23.

КЕЧКИРИШ*

Баланд-пастлик, катта-кичик бинолар;
Қизил, кўм – кўк, яшил томлар устида.
Ола-була, қуюқ-суюқ булутлар…
Кўкни қоплаб, бир томонда тўпланған!
Кун ботадур… тарқоқ, ёйиқ лолалар,
Унда-бунда булутларнинг юзида
Сил юзидек ранги кетиб сўлиблар…
Қоронғилик Шарқ томондан қўзғалған!
Шом азони… муаззиннинг ёсунсиз,
Кучсиз товши титрабгина чўзилған…
Ёмғир пича ёғиб ўткан, бузилған –
Қинғир кўча четидаги узун из…
Қисмат излаб хар томонға тарқалған
Катта-кичик, ёшу қари бўшашиб,
Ҳориб, чарчаб секингина қайтадир,
Маҳалланинг бир ерига тўпланған
Бир тўп бола… турлик ўйин ўйнашиб,
Кетганларни кутадир…
Белгисизлик қанотини кенг ёйиб,
Коиниотни қучоғиға тортадир.
Чироғлар ҳам жин кўзидек йилтиллаб,
Хира қараб мунғайиб
Кўринадилар.
Килкиллаб –
Ёмғир суви ер бағрида ётадир.

Тошкент, 1923, Май 5.

ШАФТОЛИГА

Ўн саккизга кирган қишлоқ қизларининг юзидек
Қип-қизарған юзларингдан бир ўпиш бер, шафтоли!
Сенга қараб турғанимда – бир озгина бўлса ҳам –
Бўлмас каби, йўқ кабидир … умидимнинг заволи!
Умидимнинг заволига қон йиғлаған кўзларим,
Ёшларимни юзларингга томчи-томчи тўкдими?
Ёки севги армонида шаҳид бўлған йигитнинг
Есир руҳи қони билан лабларингдан ўпдими?
Майли, севган ошиқларинг юзларингга тўймасун,
Лекин рақиб лабларингга лабларини қўймасун,
Заҳарини қўймасун!..

Қўқон, 1924, Апрел 2.

ЎШ КЕЧАСИ

Қоп-қоронғИ кеча…. Чироқлардан
Сўнгги нур кетди, у йироқлардан
Ўкириб, гувлаган товуш келадир,
Кечанинг кенг сукутини тиладир…
Нима?
Қандоқ товуш бу?
Билмаймен.
Қулоғимни сира ололмаймен.
Балки бир тўп ажинанинг қўшиғи
Ёки алвасти товушининг чўзиғи
Ёки тоғларда дев ботир ўйнар
Ёки саҳрода бўрилар тўйи бор…
Кечанинг балки йиғлаған доди,
Балки куннинг аламли фарёди!..

Ўш, 1924. Феврал 7.

ИККИ ЎТ ЎРТАСИДА

“Между Двух Огней”
(Русча бир асардан)

Бир тарафда сенинг кўзинг кулмактадир, эй юлдуз!
Бир тарафда жигаримни тилмактадир, гўзал қиз,
Сенинг ўткур кўзларинг!
Юксакдаги абадият қучоғини очадир,
Қуйидаги ёниб, ўчиш ҳидларини сочадир.
Тўғри экан сўзларинг.
Эй, ҳар замон одамларни юксалишга чақирған!
Ва бу қўпол мияларга сиғолмаған ҳур виждон!

Қўқон, Октябр 5, 1924.

ЖАР БЎЙЛАРИНДА

Яна жар бўйларинда ёнбошлаб,
Кўзни атрофга юргизип қолдим.
Яна “сабарга”ларга гап ташлаб,
Тилда қилларин тиризиб қолдим.
Яна дўстлар билан кулиб, ўйнаб,
Қайғуни кўммак истадим ерга.
Яна бор-йўқни мунгланиб, куйлаб
Яна товшимни қуладим қирға.
Яна жарларда сакрашиб, чочиб,
Яна қизларни қувлашиш кетди.
Яна гулларни ясташиб, янчиб,
Кўкат устинда ўнашиш кетди.
Яна юмшоқ шамол бошимдан учуб,
Яна сочларни тарқатиб кетди.
Яна ўйлар, баландга – кўкка қочиб,
Яна умидга йўл топиб кетди…
Қўрқа-қўрқа, секин кулиб гуллар,
Яна кун тиғини қучоқлайлар.
Йўқ фақат мунда тоза сунбуллар,
“Шу” учун чин амаллар ағлайлар…
Қуйида сув оқар қўшуқ айтиб,
Жимгина тингламоқда бир тўп тол…
“Мен ўроз*ахтарай тубанга кетиб,
Сен бу жар бўйларинда яшнаб қол!”
Бу қўшуқлар меним-да кўнглимда,
Эски ўйларни қўзғатиб қўядир.
Гул емас, шох-тикон-ку қўйнимда,
Ҳар баҳор бир ботиб, эзиб қўядир.
Яна жар бўйларинда… Қайғу фақат,
Яна ястанди, сўлди… Майса, кўкат…

Тошкент, 1923, Апрел 8.

ЕР АСИРАЛАРИ

Ер асиралари, ер асиралари!
Олтин билакузуклар, ёқут маржонлар,
Садаф доналарми тасаллилари,
Қўрғонми, деворми насибалари,
Кун санаб ўтарми ой-йиллари,
Тилга келмасларми шу қадар жонлар?
Ер асиралари, гўзал тонгларнинг
Сочидан кўнгилга қувват олингиз!
Ўзингиз тиришиб, бевиждонларнинг
Кўнглига эрк учун илҳом солингиз!
Ер асиралари, ер асиралари,
Ёш тўкиб йиғлашми насибалари?!

Андижон, 1924, Сентябр, 24.

ЯНГЛИШАСИЗ!

Сиз дейсиз, ким мен кўкларни ўйлаймен,
Ер бетига сира назар солмаймен!
Янглишасиз: Мен кўкларга беркинган
Ер қизидан хаёлимни олмаймен!

Қўқон, 1924, Сентябр, 28.

ЭЙ БУЛУТ!

Далалар – қирларда, адирнинг ёнида,
Ҳар турли ёввойи кўкатлар қўйнида
Ухлаган йўлчини нимага уйғотдинг,
Не учун кўзингдан садафдек ёш тўкдинг?
Бевафо бир этак* қўлингдан чиқдими
Ё гўзал масканинг илонға ин бўлди.
Ё эркин кўнглингни тириклик сиқдими
Ё севган гўдагинг бўрига ем бўлди?..
Ҳар ҳолда мен каби бир саёқ телбасен,
Юзингга ҳеч қайда бир эшик очилмас.
Сен қочқан йўл билан одатда қочилмас;
У йўл ҳам бошқадек маҳв этар… билгайсен!..
Адирнинг тепаси бир озроқ жой берди,
Кирпикну кирпикка қўйдим-да ёйилдим.
Шу чоқда кўкларда кўланканг кўринди,
Туш билан кўришар-кўришмас айрилдим…
Кўзимда сен каби уйқу йўқ, эй булут!
Истаймен ўлимдек бир сукут!..

Чимкент, 1924, Июн, 2.

ТАН БЕРДИМ
(“Умид Учқунлари” шоирига)

Тан бердим мен, унадим мен сенга, сенга эй ёш куч!
Хақиқатан бу келишинг зўр исён!
Умид билан зич тўлибдир ҳамийён.
Қанотларинг қарши елни сезмайдилар, юксал! Уч!
Ер кунини кўкка бер!
“Юнкерс” “Марс”ға бормоқчи,
Бошлиқларни олмоқчи,
Қанотингни кенгроқ кер!
Томирингда исёнчи қон, тўхтамасдан югуриб,
Сени доим бир талваса қучоғида сақлайдир;
Алангали тили билан “келгуси”ни хақлайдир.
Сен хам букун, юзларингни келгусига ўгуриб,
Уни мақтаб-алқайсен.
Ўтканларга ёмон “гина” сақлайсен…
Бизлар фақат ўтканларга боғланиб,
Ўтканлардек аста-секин йўқ бўлдик.
“Кўнгил” дедик, кўнгилларда “кул” бўлдик…
Ўтканларнинг кафанига чулғаниб,
У оловли кўзларингга қарасам,
Ҳамийёнда учиб чиққан учқунларни санасам,
Исён ўқи ўлик танга кирмасин,
Отқучиси ёш –
Ватандош бўлмасин!..

Андижон, Март 27, 1925.

КЎКЛАМ КЕЛАДИР

Кўклам ойим йўлға чиққан, кўклам ойим қўзғалған;
Кўк кўйлакнинг битишига унча кўп ҳам қолмаған!
Тиниқ хаво… кўк юзида оппоқ, ҳарир пардадек
Оқ булутлар, унда-мунда ёйилғанлар паришон.
Шуълаларнинг акси билан йилтиллаган игнадек,
Кун тиғлари, қарашларға ўткур-ўткур санчилған…
Қип яланғоч дарахтлар хам қучоқ очип, кўз тутиб,
Кўк кўйлакнинг битишини чидамасдан куталар.
Қарғалар ҳам қишда қилған гуноҳларни унутиб,
Узр айтмасдан, индмасдан, учиб-учиб кеталар.
Сезгиларни уйғотгувчи ҳидли гуллар тўпланиб,
“Биз ҳам йўлға чиқдик!” дея юборғанлар бир чопар.
Гул ҳидидан рисқ эмгучи жониворлар уйғониб,
Эрта-индин боқчаларға, чаманларга тарқалар.
Кўклам ойнинг ипак кўйлак этаклари судралиб,
Қора ернинг бошларини силаб-сийпаб келадир.
У силашдан, у сийпашдан қувват олиб, куч олиб,
Қора ер ҳам кўксидаги олтинларни берадир.
Кўклам билан юртимизга ҳам бир кўкариш келсайди;
Кўнгиллар ҳам ҳаволардек кўклам ҳиди берсайди,
Ҳидларга ҳам ҳаволардек кўклам руҳи кирсайди!..

Андижон, 1924, Феврал-18.

МЕН ХАМ СЕВАМЕН!

Ойдин кечаларда кўкка кўз тикиб,
Ёруғ юлдузлардан севги кутдим мен.
Ҳар юлдуз тиғига руҳ билан тегиб,
Узун тунлар бўйи кутиб ўтдим мен.
Юрғанда, турганда ҳар гўзал нарса,
Меним кўзларимга севги кўринди.
Севгига ёт бўлган ҳақиқий шуъла,
Ўтлар, оловлар-чи,
пирпираб сўнди!
Йигитлик кўкариб яшарған дамда,
Ҳар юмшоқ товушқа тутқун бўлдим мен…
Ҳар гўзал чеҳрага кўнгил берганда,
Борлиқни у учун қурбон қилдим мен…
Энди у кунларим ўтиб кетдилар….
Энди турмушимда ойдин кечлар йўқ.
Вафосиз севгилар учиб битдилар…
Англадим севгида ҳар кўнгил бузуқ!
Кўнглим қуруқ эмас, яна севги бор.
Фақат бу севгида алданиш йўқдир.
Ҳорган кўзларимда хаёл яна бор,
Фақат у хаёллар нурдан тиниқдир.
Энди ҳар нафасда яна куямен,
Фақат мажнун бўлиб элни севамен,
Унға ҳурмат билан бўйин эгамен,
Бошимни у учун дорга қўямен !..

Тошкент, 1923, . Июл, 3.

“ЭРКИН СИНГИЛ”ГА

1
Бурун-ҳаммадан
Тубан тутилған.
“Чиркин пардадан
Энди қутилған” –
Эркин синглимиз,
Биздан ҳам эшит!
Биз ҳам “ўз” йигит,
“Бошқа” эмасмиз!

2
Кун чиқмай қўзғал,
Ўрағингни ол,
Далаларға бор,
Экинларни ёр,
Буғдойларға сол!
Йўқса, тонг увол…
Қаршингдаги чол,
Хайли қариған,
Яшаб ҳориған,
Соқоли оппоқ…
Шундоқ бўлса-да,
Сендан бурунроқ
Далага чиқиб,
Ғарамлар йиғиб,
Қанча боғлаған!
Ҳеч чарчамаған,
Оёқ-қўл илдам!
Яқин бориб кўр,
Гул юзингни бур.
Ўйноқлаб туриб,
Шарақлаб кулиб,
“-Ота, ҳорманг!” де,
“Чарчаб қолманг!” де,
Кўнглини кўтар!
Ёшариб ёши,
Қариган боши
Кўкларга етар!

3
Кучинг кетадир,
Ҳолинг битадир.
Чарчаб қоласан,
Ҳориб-толасан.
Қишлоққа қараб,
Экин оралап,
Йўлни соласан…
Йўлингда дала,
Далада “лола”.
Қип-қизил бўлиб,
Ҳаётга тўлиб,
Кулиб турадир…
Сенга тикилиб,
“Опажон, ол!” деб;
Агар олмасанг,
Назар солманг.
“Қул”дек ялиниб,
“Қуш”дек талпиниб,
Ўлиб турадир…
Чидай олмайсен.
Тек қололмайсен;
Ҳавас қўзғалур,
Қўлинг узилур,
Узиб олурсен…
Кўкат ипларга
Бир мунчасини
Чизиб олурсен…
Кулиб боқарсен,
Сўнгра тақарсен…
Энг кенжасини
Ахтариб топиб,
Қулоққа тақиб;
Лаъли сепларга
Ўпкалар ёшлаб,
Пичинлар ташлаб,
Дашном берарсен,
Йўлға кирарсен…

4
Бир дехқон йигит,
Шаҳарга келиб,
Йиғинға кириб,
Аҳволни билиб,
Қарор ўқилғач,
Йиғин ёпилғач,
Аста… пиёда
Қайтиб борадир.
Қўшуқ: “Ёр, доде…”
Айтиб борадир.
Йўлида тала,
Талада ”хола”.
Холада “лола”…
Хуштор бўладир,
Ҳавас тўладир.
“Ҳорма, қиз!” дейдир.
”Ҳорманг, сиз!” дейсан,
Юмшоқ куясен
Баттар эрийдир…

5
Буғдой оралаб,
Қишлоққа қараб
Кеткан вақтингда,
Оёқ остингда
Сомон парчалар
Албат, янчалар…
Фақат уларнинг,
У мискинларнинг
Улуғ хирмондан
Озуқдан-дондан,
Энг зарур “нон”дан
Увалиб тушкан
Ерда увишкан
Улуғ зарралар,
Милён карралар
Бўлғанлиғини
Унутма, синглим!
Чўпсиз ерларнинг,
Донсиз елларнинг,
Ўлимлар билан
Тўлғанлиғин
Унутма, синглим!

6
Кун тугал ботқач,
Даладан қайтқач,
“Лола”дан чамбар
Тақиб оласен,
Гуллардан камар
Топиб оласен.
Бир туп толинг бор:
Юмшоқ қимирлар.
Ёш навдалари
Кечки еллардан.
Ёз савдолари
Йироқ эллардан.
Мунда қувлаған,
Дарбадар қилған
Кечки елларни,
Қаландарларни…
Тол шохи пастак;
Чўзилиб жиндак,
Узиб оласен
Тол навдаларни,
У соддаларни
Сочингга илиб,
“Чочпопук” қилиб,
Юриб қаласен.
Шунда ой чиқар,
Зулматни сиқар,
Сути тўкилур…
Бутун ерюзи
“Оппоқ кўл” бўлур…
Юлдузнинг кўзи,
“Ҳафиф” жимиллаб
Сенга тикилар.
-Қандай ойдинлик!”
Гўзал шу борлиқ!
Кечалар қутлуқ!
Деган сўз билан,
Ёнған кўз билан
Аста лимиллаб,
У … йигит келар!
“Ҳафиф ойдинлик!”
Қишлоқда тинлиқ..
Кўкда ой-юлдуз,
Ерда йигит-қиз
Тунга чўмарсиз,
Ҳаёт эмарсиз…

7
Иш, куч… кунларда!
Шундоқ тунларда
“Ҳафиф ойдинлик!”
Пуч нарса эмас!
“Асил жонлилик
Йигит қонлилик”
Шунда! “демаса”,
Шуни сезмаса…
Сени танимас,
Ҳеч нарса билмас!..
Синглим!
Шундоқ тунлардан,
Лола-гуллардан
Тортинма, безма,
Бағримни эзма!..

Қўқон, 1925, Июл, 15.

СОМОН ПАРЧА
(“Кундалик Дафтарим”дан)

“…Дахр бир сейлобдир мулхак фано дарёсина
Биз ки сергираниз ул сейлаҳа душмуш хору хас.
Чизгинур хар у хас ул сейлаба олдуқча реван
Етмеден даряя роҳат мумкин олмаз бир нафас…”
[“Фузулий”]

 

Топширдим ўзимни муҳитнинг эркига…
Муҳит гирдобида бир сомон парча,
Бир похол чўпидек оқиб борамен.
Ҳар амал, ҳар ишни “ҳақ” деб бораман,
Вазминим қолмади бир узуқ қилча…
Муҳит кучли экан, эгдим бўйнимни,
Чақмоқдек ялтираб учиш йўқ энди.
Ёлғон хаёлларга кўчиш йўқ энди,
Оқишнинг йўлига солдим кунимни.*.
На исён, на тўлқин, на тўфон, на ўт!
Кўзимда оғир бир таслим нури бор.
Ай ўтли кечмишим, юзингни беркит,
Сенда шайтонларнинг ҳақсиз зўри бор.
Мен энди худди бир сомон парчаси…
Лекин зўр денгизнинг чексиз қўйнида,
Жимгина борадир кирсиз қўйнимда,
Эркин кўпикларнинг алла қанчаси!
Кирмаймен кўчанинг боши беркига,
Чунки таслим бўлдим муҳит эркига…

Андижон, 1923, Октябр

ЎЗИМНИКИГА

Кўп кўркам чечаклар ўраб олғанда,
Беҳуда хисларим хийла қийнади.
Бутун кўркамликни сен менга сақла,
Сендан бошқа гуллар “ўз эмас” энди.

Тошкент, 1923, Август, 13.

НЕ АРИЁР?
(Усмонлича)

Гўнглум бошлуқлардан бир шей ариёр,
Теъмин едерим ки, гунаш оламаз.
Недир арадиғи, кимсе билмиёр,
Гунеш, кендисине бир эш оламаз!…

Ташкент, 1923, Август, 13.

ҚУШНИНГ ҲАДИГИ

1
Қуш бечора қўрдадир, ким уясидан айирғайлар,
Уясидан айирмоқ-ла қанотини қайирғайлар.
Майда симдан силлиқ қилиб, моҳирона тўқилган бир
Қафас топиб, дарчасини очип дерлар: “Масканга кир!”

2
Мискин қуш ҳам янги маскан “чеккаси”га қўниб олар,
Масканига кўз югуртирар, теграсига назар солар.
Ва кўрар, ким маскан ўзи машинада қуйилмишдир,
Уни ҳозир қилмоқ учун, кўп зеҳният сарф бўлмишдир.
Дарчалари маҳкамгина, пухтагина, хотиржамлик,
Сув ичкали, дон егали тешиклар бор кичик-кичик…

3
Симлар билан иши йўқдир, чиқмоқ учун очиб кўрар,
Ўрмонларнинг ҳаёлида ҳар томонга ўзни урар.
Томни тешиб чиқмоқ учун шипларга ҳам кўп илинар,
Ундай қилиб, бир интилар – мундай қилиб, бир интилар.

4
Фақат ,заъиф вужудини қанча урсун деворларға,
Балки унинг юмшоқ тани тўлиб кетсун ол қонларға,
Деворларнинг сезгиси йўқ, туйғуси йўқ, товуш бермас;
Тегра бутун руҳсиз гавда, “Нечун мундоқ бўлдинг?”демас.

5
Унинг бутун тасаллиси – тўлиб-тошиб сайрамоқдир,
Кўм-кўк дала ўрмонларни эслаб-эслаб йиғламакдир,
Йиғламакдир!.
.
Ўш, 1924, Феврал, 3.

КЎКЛАМ ҚЎШУҚЛАРИДАН: 3

“БОЙЧЕЧАК”

“Бойчечакнинг боласи”
Очди юзини:
Сувга чиққан холаси
Кўрди қизини!
“Бойчечакнинг боласи”
Етимча бир қиз…
Унинг ўгай онаси
Жуда ёмон, тез!
“Бойчечакнинг боласи”
Юлип олинди.
Юртнинг кўзи оласи
Жуда севинди!
“Бойчечакнинг боласи”
Ҳар уйда кулди.
Гўдакларнинг халтаси
Нон билан тўлди!

Андижон, 1925, Март 18.

САТАНГ

Қоп-қора сочидан иккита гажак
Буралиб-буралиб юзига тушмиш.
Қолғанлари яна бўлакма-бўлак
Белидан йилондек ерга чўзилмиш.
Унинг юзларида бошқа қизлардек
Кетсиз қайғуларнинг излару йўқдир.
Балки эркда ўсган эрка қизлардек
Тўлғин юзларида доим шўхликдир.
Кўзлари кулишдан бошқани билмас,
Ҳар доим оғзидан шакар тўкилур.
Севгидан бошқага бўйин эгилмас,
Олдида сўфининг аҳди бузилур…
Ихчам бармоқлари қилда югурса,
Жонсиз қиллардаги қуш каби сайрар.
Енгил оёқлари йўрғалаб кетса,
Сил бўлган кўнгил ҳам очилар, яйрар!
Қизил юзларида икки гажакча…
Айниқса, кўп кўркам бўлған шу кеча!..

Тошкент, 1922, Август 6.

2 БОШ, 1 ТАНА

“Фашизм”
“Патсифизм”:
2 бош,
1 тана.

Шарқли ўртоқ!
“Пансонби”
“Муссолин:”
Ака-ука;
Эзмоқчилар сени…
Қалбларида – шайтонлар кини…
Кўрдилар ким уйғоқ,
Қўлларида “нажот” ёзилган байроқ,
Арабистонни, Ҳиндни;
Юраклари така-пука.
-Ҳей шарқли ёш!

“Мандат”
“Протекторат”
2 бош,
1 тана!

Кучсизни эзишга баҳона.
Оврупо – мамадана,
“Хуқуқ! Хуқуқ!”
Дейди.
Муштдан бошқа нарса йўқ!
П………………………. ейди*.
“Миллатлар Иттифоқи”
Алдаш тузоғи!

“Холислар сўроғи”
Азроил ўроғи!
2 бош,
1 тана!

Ишонма,
Бари – бир,
Қора гўр!
Мақсад – олтин.
Олтин – қонун!
Ҳақиқат – ўт!
Хуқуқ – тўп, пулимёт!
Ол;
Топ,
Пулимёт!
Ёқ,
От!
“Қон”ни ўп!
Чиз,
Ўқларни қатор-қатор!
Қўзғалиш чал!
Юр,
Ур,
“Ҳуқуқлар”ни парчала, эз!
Шундагина қутулиш бор!..

ОДАМ ВА ҚУШ
(Русчадан)

Гўзал қушлар! Менинг мунда борлиғим
Ҳеч сабабсиз қўрқитадир сизларни!
Сира қўрқманг! Сайрай беринг эркинлаб,
Кўнглингизда яширин ёткан сирларни!
Ҳам далада, ҳам боқчада тинч бўлинг!
Тутмоқ учун сизга тузоқ қўймаймен,
Эркинликда эркли бўлиб яшашнинг
Қимматини мен ўзим ҳам билмаймен!..

Ташкент, 1922, Август, 20.

ЎЗБЕК ЧИНОВЧИЛАРИҒА

Ерни ўлчанг, таноб тортинг, ҳандасага тўғриланг!
Ер экувчи деҳқонларнинг ҳолатини ҳам хўп ўйланг!
Таноб деган жонсиз нарса мўлжалгача чўзилур,
Аммо жонли дехқонлар-чи? –Унга етмай узилур!
Ер сизларга кўкрагини катта очиб кўрсатар,
Деҳқон бўлса, кўз ёшини ерга сочиб кўрсатар.
Рақам билган мия билан деҳқон ғамин англангиз!
Таноб тортган қўллар билан ярасини боғлангиз!
Ўзингизнинг ер экканнинг хизматига чоғлангиз,
Ер ва меҳнат ёвларининг юрагини доғлангиз!

Қўқон, 1925, Июн, 27.

ПАРАНЖИ

Кўклам чоғи бўлса,
Ой тўлса,
Юлдуз кулса,
Сени шунда кўрсам.
Бир даста гул берсам,
Олсанг.
Маст назар солсанг,
Бир нафас бирга қолсанг,
Абадий завқларға тўлсам!..
Эмсак –
Юлдузлардан нур!
Кийсак –
Шуълалардан тўр!
Ўйнаса, куйласа
-Тиниқ кўлдан чиқиб –
Бир тўп пари – ҳур!
Ҳай қиз!
Ҳай кирға ўхшаған жувон,
Юр!
Ким сени ўйласа,
Борлиғимни йиқиб,
Ерларга кўмилсун!
Йўқ бўлсун,
Йўқ бўлсун,
Йўқ бўлсун
Паранжи!
Йиртингиз,
Гўрларга элтингиз!
Ёндиринг чимматни,
Боғмасун,
Тўсмасун
Табиий зийнатни!
Йўқ бўлсун,
Йўқ бўлсун
Паранжи!
Очилсун,
Гулласун,
Яшнасун
Паранжи остида беркинган,
“Менга ҳам эрк!” деган
Инжи, инжи!

Қўқон, 1924, Октябрк, 1.

КУЗ ГУЛИГА

Ранги ўчкан,
Умри кечкан,
Куз гули,
Бу йўли
Пастроқ эгил,
Менга бир ўпиш бергил!
Бурун ёз эди,
Тўла ноз эди,
Энди куз келди,
Қаддинг эгилди,
Рангинг сўлмоқда,
Ёшлар тўлмоқда
Ғамли кўзларга.
Сўлғун юзингга
Кимса қарамай,
“Узайин” демай,
Ўтиб кетмакда!
Куз етилмакда,
Қишдан чопар бор,
Ёмон хабар бор!
Энди ноз қилма,
Нозланиб кулма!
Кел, лабимга кел,
Бир озроқ эгил,
Бир яйраб ўпай!
Шунга эсириб,
Руҳингга кириб,
Кўкламга етай!..

Андижон, 1925, Март, 13.

20 АСР
(Усмонлича)

Бу эмиш: Билги – фан, ҳунар асри,
Бу эмиш: Юксалан башар асри,
Ҳадисат ўйла гўстерир ки, бу асир
Ялингиз: Шеър ве шеър ве шеър асри!…

Андижон, 1924, Март, 18.

БАЛАНДЛИКДА
Оқшом чоғи мунда кел-да сайр эт,
Қобуси ғадам билан фанони.
Интилма самога, тўхта, сабр эт,
Бу ерда таниб ол оқу қарони!..

Бухоро (Амир Саройи),1923, Май, 3,

ЧЕЧАК
(Бир кечанинг эсдалиги)

Янгигина япроқ ёриб чиққан чечак,
Беш-олти кун ҳар ким учун тансиқ бўлар.
“Битди иси” деб ташласа бирор тентак,
Ҳар ким тепса, ҳар ким эзса, у ҳақлидир!
Беш-олти кун кўкракларда улуғланиб,
“Мен гўзалмен, чиройликмен!” деган гулни,
Ерга тушкач, олиб кўринг… Сўлғинланиб,
Ўлим тусли ранги билан истар чўлни!
Ва айтар ки: “Агар чўлда, биёбонда,
Бир ёввойи, ҳидсиз чечак бўлса эдим,
Узиб олиб, ерга урмас ҳар инсон-да,
Кенг саҳрода ўзим яшнаб, сарғаярдим!
Ҳар хоин қўл мени ерга урмас эди,
Ҳар бир оёқ кўкрагимда юрмас эди!..”

Тошкент, 1923, Март, 3.

КЕЛИНЧАК

Бутун гуноҳи
“Кўк қарға шохи”
Кийиб юргани…
Дунё кўркини,
Ўйин-кулкини
Яхши кўргани.
Ҳар куни саҳар
Боқчага чиқар
Гуллар тергали.
Эрига эмас,
Чунки, ярамас,
Дилга бергали.
Бўйнига осиб,
Бағрига босиб,
Овунган бўлар.
Бир талай ғамдан,
Ҳасрат аламдан
Совунган бўлар…
Ойнакка қараб,
Сочини тараб,
Ўзига ошиқ…
“Шу ерга тегдим,
Қаддимни эгдим,
Ўлганим ортиқ!”
Ҳар кун эрталаб,
Бир талай ғазаб
Эр ўлгуридан.
Кундуз нағмаси
Қайинонаси –
Кўмилгуридан…
Қўшни келинчак,
Истаб “ҳалунчак”
Чиқиб қоладир.
Ўлтириб ерга,
Ўша келинга
Ҳасрат қиладир.
Шунда очилиб,
Хийла сочилиб,
Анча яйрайдир.
Қайғуга тўлса,
Ўзи жим бўлса,
Дутор сайрайдир!..

Андижон, 1925, Март, 25.

ЯНА ЗАРАФШОН

Фил миниб, ўт ёқиб ўтиб кетдим
Яна устингдан, эй чўзиқ дарё!
Яна қирғоқларингга ҳис септим.
Мунга сен берма бошқа хил маъно.
Ҳисни қирғоқларингға сепмаклик
Менда бир эски, тентак одатдир,
Ёш тўкиб тупроғини ўпмаклик
Кенг ҳаётимда бир саодатдир.
Тўрт ёғинг кўм-кўк ўт ва майса экан,
Қучоғим шул қадар очилди, ки мен
Танларимга ботиб кетиб-да тикан,
Сезмадим, “гул“ дедим… Йўқолдинг сен
Кўзларим олдидан… Қараб қолдим
Яна йўлларға оч назар солдим.
Бой табиат бутун гўзаллигини,
Биламен, кўкрагингдан олғандир.
Бой дала, мақтанувчи “менлиги”ни
Яшнатиб, кўксинға қадалғандир.
Шу гўзал чеҳраларга сув эмзиб,
Бурилиб, айланиб, оқиб ётасан;
Шу қадар жонлиларға ем егизиб,
Қора даштлар томон чочиб ётасен.
Шу гўзал чеҳралар кулиб ётсун;
Қора даштлар томон чочиб оқабер!
Товушинг йўқсул элни уйғотсун;
Кучли, лой сувларинг билан бирга.
У ўлим уйқуси оқи бусун!
Яна бир қатла хурматим сенга!

Самарқанд (Темирйўл Бекати), 1923, Апрел, 29.

ЯНА ЎТ*

Яна теграмда ўт, олов, учқун,
Яна кўкларда сор ва бургутлар,
Яна қўзғалмоқ олдида тутқун,
Яна сарҳадда “Ур”, “йиқит”, “тут!” лар.
У оғир занжирингни шалдиратиб,
Қари Шарқ, сен-да қўзғалурсенму?
Уюшиқ қўлларингни қалтиратиб,
“Маданият”га шоп солурсенми?
Ёки ўткандаки эринчаклик
Яна йилларча тебратурму сени?
Ёки бир ҳовлиқар-да эркаклик,
Қонли майдонга тезлатурми сени?
Қўзғалиб кетганингни бир кўрсам,
“Қутулурман!” деган ишонч бўлса,
Кишанинг парча-парча тўғралса,
Қутулиш изларингга юз сурсам!
Руҳи йўқ бир “машина” олдинда
Нега ерлар қадар тубанландинг?
Нега жонсиз темирга боғландинг?
Хўрланиш шунчаларми инсонда?
Яна ҳар ёна ўт ва учқунлар,
Яна қўзғалди қонли тўлқинлар!

Тошкент, 1923, Май 26.

ИРФОН КЕЛАДИР
(Ўзбек Билим Юртини биринчи мартаба битириб чиққан 5 йигитга)

Шу йигитлар ки қўлга нурли нурли асо
Ушлашиб, йўлчилиқни кўзлайлар.
У улуғ йўл, ки бир улуғ саҳро.
Чин саодатни шундан излайлар.
У қуруқ, кимсасиз, ваҳим йўлдан
Чарчамай, сувсамай ўтиб кетмак!
Тугамай ўтли интилиш дилдан,
Бор тўсиқларни йўқ этиб кетмак!
Шу ёмон, зим-зиё узун кечлар
Бизни ютмак, битирмак истайлар.
Эскилар қутқаришка келмайлар,
Балки қонларни томчилаб ичалар…
Тоза қонларға иштаҳа сақлаб,
Кутадир йўлда: Оч ҳарис душман..
У улуғ йўлни нур билан тозалаб,
Етасен истагинга, эй, ирфон!
Чунки сен янги, тоза бир кучсен,
Билагинг бир темир, пўлат кабидир.
Чунки сен ёғду-нурға кўп ўчсен,
Тилагинг бир олов, бир ўт кабидир.
Сен учун йўқ: Ўлим, мозор, йўқолиш,
Сен учун бор: Ҳаёт – яшаш, уруниш;
Эзгу-истакка тўғрилаб йўл олиш
Ва у йўлларда чарчамай югуриш!
Шу тилакларга зўр, улуғ ҳурмат!
Шу юракларга сўнгги йўқ ҳиммат!..

Тошкент, 1923, Май, 12.

“КЎКЛАМ ҚЎШИҚЛАРИ”дан: 1.

КЎКЛАМ ЁҒМУРИ

Уч кунлик ёғмур,
Тўхтади базўр:
Булутлар қочди.
Кечкирган чоқда,
Тол шохлариға
Шўлалар тушди…
Хавонинг юзи,
Захарли кўзи
Мулойимлашди.
Шарқнинг малаги –
Ой камалаги
Кўкка улашди…
Толда “чочпопук”,
Қиз кўнгли “пук-пук”…
Тақмоқ истайдир!
Ўртоқ ёнини,
Хайри хонини
“Ха” деб қистайдир..
Лекин шуълалар
Синиб боралар…
Оқшом “тўр” солди.
“Чочпопук” тақиш,
Йигитка ёқиш
Ертага қолди!…

Андижон, Март, 2, 1925

ШУ КУНДА

Истагинга йетар екан, қанотларинг синдими,
Эй кўнглимнинг булбули?
Сенга қарши кулиб турган гўзал чечак тиндими,
Ташладими бир ёъли?
Хаво ёрған кўкрагингни севги йели тилдими,
Қон тўлами хар томон?
Кўзларингга айрилиқнинг ипларини илдими?..
Шу қилиғани кўп ёмон.
Ё еркинлаб хидлагали бермайларми гулингни,
Тўсаларми ёълингни?
Гул ўзими кўзларингдан кўзларини қочирди,
Ёъқликларга яширди?
Шу юлинган парларинг-ла учолмассан, ёъқсил қуш,
У умидлар хавосидан енди бир оз тубан туш!..

Тошкент, 1922, Август, 7.

АЛЕКСАНДИР БЛОКДАН

Кўнгил жимдир, совуқ кўкда,
Қараб унға ёниб турған
Ҳануз-холо у юлдузлар.
Бутун атроф ва ҳар ёқда,
“Хан-олтин” деб фиғон қилған
Талашчи, ғалвачи эллер.
У жим, лекин фиғонларға
Қулоқ берган ва кўз тиккан
Узоқларға, йироқларға…

Тошкент, 1922, Август, 7.

3-4 ТА ЮЛДУЗ

Гўристон, қоронғи зим-зиё бўшлиқда
Адашкан бир йўлчи тасаввур қилингиз!
Қўрқарсиз! Қўрқарсиз!..
Ва лекин уфқда
Уч-тўртта юлдузнинг учмасдан ярқираб,
Нур сочиб турғани кўрулса… дилингиз
Қўрқишдан бир қадар тўхтар-да, парқираб
Кўзингиз олдида бир умид кўринур.
Шу умид: Қутилиш тонгининг нуридир!

Бухоро, 1923, Май, 1

КЎРУНГАН АЛАНГА
(Германия Воқеалари Тўғрисида)

Хунук, бузуқ, совуқ юзлар аланганинг бағрида-
Қон ўйнған кўзларини катта очиб туралар…
Тўп кишилар алангага ўзларини уралар,
Оналарнинг кўз ёшлари болаларнинг доғида.
Эй маданий, эй файласуф, эй аллома “кунботиш”!
Ер юзига кишан ёйиб, қуллик сепиб, охурда
Бу нима, бу – алангалар тўри билан ўралиш?
Ҳеч мумкинми қаҳр этилсун қахр этгувчи қаҳирда?
Ер юзининг бир бурчида сиз базмлар қурғанда,
Олам-олам бечоралар ботқоқларда сурунди.
Нима учун атрофингиз алангага бурунди,
Қон ноқуси сизнинг учун енгиш машқин урганда?
Ҳар тарафда сизнинг ғолиб қулларингиз юрганда,
Нима учун олов чиқди, алангалар кўрунди?

Андижон, 1923, Ноябр, 30.

“КЎКЛАМ ҚЎШУҚЛАРИ”ДАН: 2

КЎКЛАМДАН ХАБАР*

Бақа сайраса,
“Ваққа-қа” деса,
“Кўклам қўзғалди!”
Деб, хабар берса,
Шунда ҳам кўнглим анча яйрайдир!
Не учун япроқ чойшаб ёймайдир-
Танларига қон
Тўлиб қолса ҳам,
Кўкрагига жон
Кириб қолса ҳам?
Эй гўзал кўклан,
Судралма сен ҳам!
Югуриб, елиб,
Тездароқ келиб,
Ўпуб ол баркни,
У эринчакни;
Очсун кўзини,
Алвон юзини.

Андижон, Март, 17, 1925.

БЕЗГАК ҚЎЙНИДА (38,2)

Уч кун бўлди, сув келмас,
Ариқлардан ғув келмас,
Шамоллардан “ҳув” келмас
Чанқаганимда…
Нега кулдим? –Билмадим.
Хурсанд бўлдим – билмадим,
Ёшқа тўлдим – билмадим,
Уйғонғанимда…
Сув керакмас, ёр керак,
Ёр эмас, диёр керак,
Диёрга “фанор” керак
Уйғоқ чоғимда…
“Фанор” топиб оқайин,
Қанотимни тақайин,
Диёр ичра оқайин
Соғалғанимда!..

Андижон, Март, 17, 1925.

ШАРАФЛИК ХИЗМАТ
(Ўзбек саҳнасининг қийматли санъаткори Саъдия Туташқа)

Эй, йўқсуллар саҳнасида энг қийматли санъаткор,
Эй, занг босқан кўнгилларни оқартқучи малика!
Бу кун сени кўнглум бутун борлиғила олқишлар;
Фақат, қанча олқиш, ҳурмат қилинса-да оз сенга!
Ўзбек қизи ўз оғзида айтолмаган сўзини,
Сенинг ўткир тилинг билан эшиттирди элига,
Ўзбек қизи сил оқартқан, сўлғун, ғамли юзини
Сен орқали кўрсатди-да, қутултириш йўлиға.
Бу кун юртнинг ҳар ерида ўзни тиккан йигитлар
У қоп – қора пардаларға: “Йиртил, энди бас!” дейилар.
Эй пардалар, чимматларнинг остидаги қайғуни
Тирик, жонли шакли билан эл кўзига кўрсаткан;
Эй, деворлар орқасида йиғлагувчи чолғини
Қулоқларга эшиттириб, шафқат ҳисси қўзғаткан,
Эй, санъатнинг энг ҳаваслик, энг берилган малаги,
Бу кун сенда саҳнамизнинг барча умид, тилаги!
Ўзбек қизи яна кўп йил кишанлардан қутулмас,
Кўз ёшлари яна кўп йил ўз юзига тўкилур.
Унинг юзи яна кўп йил шодлик кўрмас, очилмас,
Яна кўп йил товушлари қоронғида йўқ бўлур.
Шунинг учун мендан сенга энг самимий олқишлар,
Эй йўқсуллар саҳнасида энг қийматли санъаткор…

Тошкент, 1922, Июл, 7.

ТАШЛАМА
(…….(?) га )

Кўксингдан гулингни олиб ташлама!
Хаёлинг кўкларда учиб юрганда,
Ўйноқ истакларни қучиб юрганда…
Кўзларим кўксингга боғланиб турди;
Қарашим ўзимни у гулга урди.
Севганинг сен гулга боқмас бўлса-да,
Сен жафо расмини асло ушлама!
Кўксингда бир куни қуриб сўлса-да,
Гўзал қиз, у гулни олиб ташлама!..

Қўқон, 1925, Ноябр, 21.

“ИЧКИ ҲИСЛАР” ОСТИДА
(Танса кечасида қоғоздан гул сотиб юрган бир қизға)

Ҳай туташ, кўп чопдингиз… Бизлар туташдик сиз учун!
Бир кулиш, бир илмайиш ортиқми дерсиз биз учун?
Тўлди кўкракка бутун гуллар, чечаклар, лолалар;
Сиз қадаб қўймасангиз, бир пулга турмайдир улар…
Жингалак сочлар билан кўз ўйнатиб, гул санчдингиз,
Ах, фақат, дилда муҳаббатдан жароҳат очдингиз!
Гул-чечак ҳам лолалар бағримда сўлғай тезгина,
Кўп замон яшнаб юрарсиз кўп кўнгилда сизгина…
Биз фақир… кўп ақча йўқ… Топканни солдик халтага,
Ҳар ўтиш, ҳар кўриш чоғида аччиғ бу нега?
Тубда биз мундай ўйинлардан тақир тот олмадиқ,
Бошқалардай чочишиб, масрур бўлиб ўйнолмадик…
Бу кеча кўрдук фақат сизни.. Юрак бир ўйнади!
Ёзмас эрдим, афу этарсиз… Ички ҳислар қўймади…

Тошкент, 1923, Апрел, 13.

ЖАВОЛАШ
(Бир ўлимнинг изи)

Дедилар, ким: “Вафот этди Жаволаш.”
Танларимда чўзиқ, оғир бир титраш.
Бошланди-да япроқ каби чўзилдим,
Бир қанча чоғ тушунчада йўқ бўлдим…
Ҳай, қушлардек учиб юрган енгил жон,
Гавданг энди тупроқларға қўйилди,
Изларинг ҳам ер бетидан ювилди.
Фақат, руҳинг кетмас она бағридан!
Бошқа дунё тортқанида ўзига,
Унамоқдан бошқа йўлинг бўлмаған.
Оз бўлса-да бир марҳамат қилмаған,
Маъюс-маъюс қарасанг-да юзига…
Дедилар, ки “Вафот этди Жаволаш”
Қалб кўзимдан чиқиб кетди қатор ёш…
1924, 9 Май, Қўқон (Темирйўл Бекат).

СЕЗГИ

Боқчаларда сўлди гуллар, сўлди гуллар сезмадим,
Қип-қизариб, ботди кунлар – ботди кунлар сезмадим.
Қайда қолди қонли кунлар – қонли кунлар сезмадим.
Сочларинг боғлаб олиб, боғлаб олибдир сезгини!
Бир йироқ йўл, ким унинг йўқдир кети – йўқдир кети;
Чанг ва тупроқ бўлди, кетди, унда кўпларнинг бети,
Минг жаҳаннамдир – жаҳаннамдир унинг икки чети,
Бир куни ўлгай адашиб қон мухитининг келгини…
Кўзларимни мен тикиб қолдим – тикиб қолдим унга,
Лола гулларни экиб қолдим – экиб қолдим унга,
Тоза умидни тутиб қолдим, тутиб қолдим унга,
Чунки мен кўрдим, кўриб қолдим кераклик белгини!..

Қўқон, 1923, Декабр, 9.

ИЗОҲЛАР:

“ТОНГ СИРЛАРИ”

“Клеупатра Уйқуси”
* О.Ш. нашрида “золим қизи-чун” деб берилган [Қ.: Ўша асар, 407-бет].
“Мен Шоирми?*”
• Бу шеър  Tошкентдаги  Ўзбек Билим Юртинин юқори синф ўқиғувчилариға атаб ёзилиб, улар томониидан дарсда текширилган бир шеърдир. [Шоир изохи].
“Ой Қўйнида” О.Ш. нашрида бу Халқ шеърининг сўнгги икки қатори “таҳрир” қилинган Қ.: Ўша нашр., 475-бет].
“Кечкириш”
* Чўлпоннинг бу шеъри О.Ш. нашрида “Кечириш” деб берилган [Қ.: Ўша нашр, 465-бет].
“Эй, булут ”
* О.Ш. нашрида бу ўринда “тентак” деб берилган [Қ.: Ўша нашр, 498-бет].
“2 Бош, 1 Тана”
*Асл матнда ҳам нуқталар қўйилган. Ҳақорат сўзи бўлса, ёзилмган.
“Яна Ўт”
* Бу нарса катта бир уруш бошланмак эҳтимоли кучайганда ёзилиб эди. Уруш чиқмай, шарқ ҳам шу учун қўзғамай қолди. [Шоир изоҳи].
“КЎКЛАМДАН ХАБАР”
* Бу нарса ёш болаларға атаб ёзилган эди. Мактаб болалариға ўқиб берилган ва уларнинг ўзларидан ёздирилган вақтда уларнинг қизиққанликлари кўрулди. [Шоир изохи].
“Каптар”
(1) Шу сатрда бир сўз (/бўғин) етишмайди. Асл нусхада бу хатога йўл қўйилган кўринади.
“Сомон Парча”
* О.Ш. нашрида бу сўз “куйимни” деб ўқилган [Қ.: Ўша нашр, 481-бет].

Нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Хайрулла Х.Исматулла, АҚШ.
2008 йил.

Cho’Lpon. Tong Sirlari (1926) by Khurshid Davron on Scribd

004

(Tashriflar: umumiy 2 334, bugungi 1)

Izoh qoldiring