Faxriyor. Vaqtsizlik

Ashampoo_Snap_2016.10.03_22h41m50s_011_.png 5 октябрь — шоир Фахриёр (Фахриддин Низом) таваллуд топган кун. Чин юракдан табриклаймиз!  

    Ҳар доим такрорлаб келганман: мен шеърни бировнинг қош-қовоғига қараб ёзмайман, кўнглимдаги гапларни ўзимга маъқул йўсинда ифода қилишга интиламан (Шоир билан суҳбатдан. Суҳбатни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

ФАХРИЁР
ВАҚТСИЗЛИК
009

    Фахриёр (Фахриддин Низом) 1963 йилда Самарқанд (ҳозирги Навоий) вилояти Хатирчи туманидаги Сангижумон қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тугатган (1988). «Дарднинг шакли» (1987), «Аёлғу» (2000), «Геометрик баҳор» (2004) шеърий тўпламлари, «Янгиланиш анъаналари» (1988) публицистик мақолалар тўплами нашр этилган. Унинг таржимасида Т. Уинтер (Абдулҳаким Мурод)нинг «21-асрда ислом: постмодерн дунёда қиблани топиш» (2001) диний-фалсафий китоби нашр этилган.

009

ВАҚТСИЗЛИК

1. (Баён)
0 Fahri-nizom.jpg
Вақт тўхтаб қолган таққа-тақ,
эргашмайди соат милига.
Ҳеч қаёққа ўтмай турар вақт,
парво қилмас кун, ой, йилига.

Беҳудага айланар миллар,
соат нени излаб чопади?
Итникидай осилган тиллар,
не қидирар, нени топади?

Вақтни ташлаб чопган соатга
қараб мўлжал олади замон.
На шеърга ва на бир тоатга
сарф бўлмаган вақт турар ҳамон

не қилишини билмай зинкайиб,
қаён ўтишини билмасдан,
оёғи бемадор, тинкаси
қуриб қолган. Парво қилмасдан

соат тинмай югургилайди
вақтни ярим йўлларга ташлаб.
У замондан нени тилайди,
замон қайси йўлларга бошлаб

кетар уни, қаён манзили?
Оёғини тирар, тайсаллар,
мажолсиз вақт ўжарлик қилиб
юришини солар пайсалга.

2. (Илтижо)

Негадир шу тобда кунлар бегона,
айланиб ўтади, сенга йўламас.
Негадир қизғанчиқ, негадир хасис,
бермай юрган вақтин асло тўламас.

Макон бор, замон йўқ, ичкари кирмай
уй айланиб қочар шор қўй мисоли.
Олдин кун санаган бўлсанг, энди сен
кунсизлик санайсан – йўқдир ҳисоби.

Маҳкумнинг тушидай номсиз хавотир
ғалат тасвир бўлиб ташланар кўзга.
Тошдек қотиб турар: на ғам, на қувонч,
на нафрат, на меҳр айланмас сўзга.

Кўнгил бир чеккада, туйғу бошқа ён,
стоп-кадр каби бари муаллақ:
Бири кечирилмас, бири кечмайди –
бу не синоатинг бўлди, ё Халлоқ!

Умрига кун бергин, тангрим, бандангнинг,
кўнглига ҳис бергин, дийдасига – ёш.
Кўргуликлар бергин шеър қилмоқ учун
ва олиб кетмоққа бергин яна бош.

Кўзгу

Эслаб қолар ҳар нимарсани,
ҳарис назар билан боқмагин.
Чиқиб кетар бир кун сарсонинг,
мабодо кўзгуга ёқмасанг.

Шартта айтар бор гапни юзга,
ваннахона ёки мошинда –
ҳожат бўлмас эътироз, сўзга –
эллик ёки олтмиш ёшингда.

Ерга кирай десанг қаттиқ – ер,
осмон эса Маккадан олис.
Изҳор учун топилмайди шеър,
кўзгу шафқат билмайди – холис.

Flash-каси йўқдир кўзгунинг,
Не кўргулик бунинг, худойим:
Нени эслаб қолса, у сенинг
хотирангга сақлайди доим!

Қумсоат

Қумсоатга менгзайди одам,
вақт чопади ўз маррасига.
Ҳар сония, ташланган қадам
оқиб кетар қум заррасидай.

Йиллар тўкилади мозийга
қумсоатдан аста, бир тарзда.
Қум ўлчоғлик, ҳатто Қозидан
зарра олиб бўлмайди қарзга.

Қумсоатни тўнтариб бўлмас,
остин-устин бўлса ҳам замон.
Ўтмиш сира йилларга тўлмас,
умринг эса қолмайди омон.

Қумсоат ҳам бир куни синар,
қум адирга кетар сочилиб.
Ундан янтоқ бўлади бино
ё телпакгул чиқар очилиб.

090.jpg

Портрет

Ўтиб борар йиллар пайдарпай
Шундоққина ёнидан, қатор.
Худо ҳаққи, бўларини айт:
Йўқми бирор савоб, хатоси?

Нега йиллар ундан ўтмайди,
Яшамайди нега уларни?
На йўлини биров кутмайди,
На йиғлари бор, на кулари?

Нега девор ортида ўсган
Дарахт янглиғ замонга лоқайд
Термулади йўлини тўсган
Девор оша минг йилларки, ҳайт?

Нега унга юқмайди йиллар
Омад бўлиб, бахтсизлик бўлиб?
На саломга чўзилар қўллар,
На хайрга силкинар тўлиқ.

Борлиги билинмас, ақалли
Борми йўқлигин ниҳояси?
Ерга тушар негадир фақат
У танасиз каснинг сояси.

УЧЛАНИШ

Бадбинлик

Тўлқинларга урилиб гоҳ, чайқалиб гоҳи илкис
вақт баҳрида сузиб борар бир улкан кема шитоб.
Гоҳ сурилар, гоҳ суради, гоҳ силтанар, гоҳ силкир,
борар манзили ноаниқ – ўқилмаган китобдай.

Синган кўнгил жарангини кўмар довул қасири,
муҳаббатлар санқир унинг мачталарида сувдан
қочган каламушлар мисол, улар олатасири
бузар туннинг оромини. Юлдузлар ҳам (қўрқувдан)

жимирлашиб ётар токи ўчиргунча тонг ели.
Ҳамманинг боши гарангдир унинг чайқалишидан.
Кема лопиллар гоҳ у ён, гоҳ бу ён бориб-келиб,
тўққизин кўнгли беҳузур, қусар ҳар ўн кишидан.

Томонлар йўқ, қаён сузса келажакдир ўшал ёқ,
на шарқ бордир, на ғарб бордир, на жануб ва на шимол.
Узоқ саёҳатдан қайтса денгизчи айтиб алёр,
бул кемага кетмоқ бордир, қайтмоқ йўқ, ҳайдар шамол.

Кемаларнинг ватани йўқ, жойи йўқ – қайтиб келар,
борар жойи макон эмас, борар жойи замондир.
Замон излаб йўлга чиққан кема денгизда елар,
тунлар унга ҳамроҳ бўлган ойнинг ранги сомондир.

Йўллар айро, мақсад айро, истайсан ундан тушмоқ,
денгиз кемадан ваҳшийдир, икки ёвузлик аро
сенга танлаш имконини берар ҳаёт ушмундоқ,
икки имкон, иккисин ҳам танламоғинг нораво.

Кемангда бесаранжомсан, қани манзил дараги,
замон излаган кеманинг маконда адашганин
Дарғага ким айта олур ҳовучлаб юрагини
манзил танларда оммани ғоялар алдашганин?

Сен нимасан, ё кимарса – дилларга қутқу солган,
берган қайларгадир сузмоқ заруратини, бироқ
қаён сузмоқ ихтиёрин қўллардан тортиб олган,
узвин кесиб ёт манзилга йўл бошлаган Широқдай?

Сен адашсанг, бир ҳидоят йўлинг қўяр тўғрилаб,
гуноҳларинг кечиради парвардигорнинг ўзи.
Лекин кемалар адашса, манзилини ўғирлаб –
кетса алдовлар, не бўлар? Кемага берсин тўзим!

Тўзим нима, билмайди у, елиб борар шамолдай,
борар манзилдан қайтмоққа унинг имкони борми?..
Эсимдадир: болаликда отчалар ясаб толдан
югурганда ҳолдан тойиб, билмайин нима ҳордиқ

мажол қолмас эди уйга қайтмоққа ўйин қизиб,
бизни уйга қайтарарди энамнинг йўқлашлари
ва эртанги ўйинларга берилмаяжак изн
қўрқувлари уйимизга ҳайдар эди барибир…

Некбинлик

Ким айтади адашган деб йўлга чиққан кемани,
ким у – кема кўзлаётган манзилни кўриб келган?
Ким у – ҳукм юргизади тангрининг демагидан,
ким у – вақтнинг кемасидан тушмоқ истаган телба?

Не иштибоҳ, ҳукм бўлса кеманинг юрмагига,
не таққоски, келажакда ўтмиш такрор бўлади?
Кемада туриб замонлар манзилин кўрмагингга
кимнинг ишонгиси келар, паймони тўладиган?

Сен мунажжим бўлганда ҳам юлдузлар жойлашуви
маконий ҳодисадир, ул замонлар башорати –
учун имкон бергаймикин замонлар ойлашуви,
кунлашуви мисол? Майса умидларнинг ғорати

башоратга боғлиқ бўлса, боғлиқ бўлса фалакка,
оқибатлар нилий сабаб натижаси бўлса гар,
кўчманчилар босқинидан вайрон бўлгандай Аккад,
сабаб қолиб, башоратдан шикаст етса кемага,

гуноҳсизлик фожиаси, тадбир имконсизлигин
нима билан оқлаяжак сабабсиз оқибатлар?
Қуёш бўлса тангрининг ерга боққан кўзлиги,
оқибатнинг тизгинин қўлга олар-ку қатлаб…

Вақтнинг тўлқинларин ёриб кема сузиб боради,
қоялар ва саёзликлар хатарини енгарак.
Янглишишлар иштибоҳи кўтарилар орадан,
адашмаслик эҳтимоли манзилдан берар дарак.

Вақтнинг шафқат билмайдиган битта ҳукми бор қатъий:
хато қилмоқ имкони ҳам орқага йўл бермайди.
Вақт дайрида ҳар пиёда денгизчидир Синдбоддай,
унда ҳар ким манзил деган бир қаттиқлик сермалар…

Худбинлик

Некбинлик ҳам, бадбинлик ҳам ҳукм эрур муайян,
ҳар қайсиси тафаккурни солар ўз ўзанига,
асли кема бормидики арзирли ва музайян,
куйиб-пишиб сўзласанг ул ҳақда ким ўзарига?

Майли, кема бор ҳам дейлик, чиқди дейлик сафарга,
саргузаштнинг муқобили бўлмагач, не қиларсан?
Маҳкум бўлсанг эл қатори сен ҳам ўша зафарга,
нечун энди Яратгандан мағлубият тиларсан?

Эҳтимолки, сен тилаган мағлубият эмасдир,
ҳар кимнинг ҳам ҳаққи бордир дерсан иккиланишга.
Сен фикрингга шерик топган аҳволотингдан мастсан,
не ҳаққинг бор ширкнинг гуноҳ эканидан тонишга?

Иккиси ҳам сени эсдан оғдирар бўлса зотан
ахтарурсан учинчи бир гуноҳни, мувозанат
сақламоқ истаги бирлан, дастлабки икки хатонг
ўртасида лангар каби, ўрин қолмас таънага.

На чораки, кема йўли таънанинг қоялари
аро ўтса – энг яқин йўл – қочиб қайга борардинг?
Маломатга тўлиқ бўлса яшашнинг моялари
кўнгилдаги дардингни сен қай дардсизга ёрардинг?

Дейлик, кема сен айтган бир қояга урилганда,
таъналарда омон қолмоқ имкони бўлса эди,
сен сиғинган тушунчалар маъниси сурилганда
ўша қоялар сарига, ўлмоқни танлармидинг?

Инсон зотидан азизроқ хилқат йўқдир дунёда,
ҳеч бир ғоя арзимайди дақиқалик умрингга.
Минг йилларда битта умр келар, ахир, бунёдга,
ҳар бир ғоя манфаатин кўзлаб чорлар, гумранар.

Ҳар ғояки, таъналардан ўзни оқлаш хоҳиши,
гуноҳларни енгмоқ иши жамоат кўз ўнгида.
Гуноҳмас, фақат гуноҳкор бўлмоқдан қўрқар киши,
ҳар ғояда емагингдан покланмоқлик тўнғиган.

Бу қўрқоқлик эмас, ўзинг учун яшаш истаги,
на кеманинг, на демакнинг унга дохиллиги бор.
Ким у – сени ўз йўлига ғоя билан қистаган,
кемасида олиб кетмоқ пайида бўлган шунқор?

Шу умр сеники. Уни сарф ёки исроф қилмоқ
ихтиёрин сенга Тангри берган бошдан-оёғи.
Қаю ахлоқ, қай ғояда такомилга интилмоқ
ўз ишингдир, ким бошингда ўйнатса-да таёғин.

Эҳтимолки, сен интилган манзил ломакондадир,
на замон, на макон билан унга бориб бўлғуси.
Ҳар неки, эришгайсан, эришмассан – жондадир,
бу макон ҳам, ломакон ҳам жон билан узилгуси.

62932459_20070225_feniks_wallpapers_ru_vremya_marionetok_1280x1024_a116151.jpgFAXRIYOR
VAQTSIZLIK
009

     Faxriyor (Faxriddin Nizom) 1963 yilda Samarqand (hozirgi Navoiy) viloyati Xatirchi tumanidagi Sangijumon qishlog’ida tug’ilgan. Samarqand davlat universitetining o’zbek filologiyasi fakultetini tugatgan (1988). «Dardning shakli» (1987), «Ayolg’u» (2000), «Geometrik bahor» (2004) she’riy to’plamlari, «Yangilanish an’analari» (1988) publitsistik maqolalar to’plami nashr etilgan. Uning tarjimasida T. Uinter (Abdulhakim Murod)ning «21-asrda islom: postmodern dunyoda qiblani topish» (2001) diniy-falsafiy kitobi nashr etilgan.

009

VAQTSIZLIK

1. (Bayon)

Vaqt to’xtab qolgan taqqa-taq,b4880a8a678ac7e7d156682b2750f426.jpg
ergashmaydi soat miliga.
Hech qayoqqa o’tmay turar vaqt,
parvo qilmas kun, oy, yiliga.

Behudaga aylanar millar,
soat neni izlab chopadi?
Itnikiday osilgan tillar,
ne qidirar, neni topadi?

Vaqtni tashlab chopgan soatga
qarab mo’ljal oladi zamon.
Na she’rga va na bir toatga
sarf bo’lmagan vaqt turar hamon

ne qilishini bilmay zinkayib,
qayon o’tishini bilmasdan,
oyog’i bemador, tinkasi
qurib qolgan. Parvo qilmasdan

soat tinmay yugurgilaydi
vaqtni yarim yo’llarga tashlab.
U zamondan neni tilaydi,
zamon qaysi yo’llarga boshlab

ketar uni, qayon manzili?
Oyog’ini tirar, taysallar,
majolsiz vaqt o’jarlik qilib
yurishini solar paysalga.

2. (Iltijo)

Negadir shu tobda kunlar begona,
aylanib o’tadi, senga yo’lamas.
Negadir qizg’anchiq, negadir xasis,
bermay yurgan vaqtin aslo to’lamas.

Makon bor, zamon yo’q, ichkari kirmay
uy aylanib qochar shor qo’y misoli.
Oldin kun sanagan bo’lsang, endi sen
kunsizlik sanaysan – yo’qdir hisobi.

Mahkumning tushiday nomsiz xavotir
g’alat tasvir bo’lib tashlanar ko’zga.
Toshdek qotib turar: na g’am, na quvonch,
na nafrat, na mehr aylanmas so’zga.

Ko’ngil bir chekkada, tuyg’u boshqa yon,
stop-kadr kabi bari muallaq:
Biri kechirilmas, biri kechmaydi –
bu ne sinoating bo’ldi, yo Xalloq!

Umriga kun bergin, tangrim, bandangning,
ko’ngliga his bergin, diydasiga – yosh.
Ko’rguliklar bergin she’r qilmoq uchun
va olib ketmoqqa bergin yana bosh.

Ko’zgu

Eslab qolar har nimarsani,
haris nazar bilan boqmagin.
Chiqib ketar bir kun sarsoning,
mabodo ko’zguga yoqmasang.

Shartta aytar bor gapni yuzga,
vannaxona yoki moshinda –
hojat bo’lmas e’tiroz, so’zga –
ellik yoki oltmish yoshingda.

Yerga kiray desang qattiq – yer,
osmon esa Makkadan olis.
Izhor uchun topilmaydi she’r,
ko’zgu shafqat bilmaydi – xolis.

Flash-kasi yo’qdir ko’zguning,
Ne ko’rgulik buning, xudoyim:
Neni eslab qolsa, u sening
xotirangga saqlaydi doim!

Qumsoat

Qumsoatga mengzaydi odam,
vaqt chopadi o’z marrasiga.
Har soniya, tashlangan qadam
oqib ketar qum zarrasiday.

Yillar to’kiladi moziyga
qumsoatdan asta, bir tarzda.
Qum o’lchog’lik, hatto Qozidan
zarra olib bo’lmaydi qarzga.

Qumsoatni to’ntarib bo’lmas,
ostin-ustin bo’lsa ham zamon.
O’tmish sira yillarga to’lmas,
umring esa qolmaydi omon.

Qumsoat ham bir kuni sinar,
qum adirga ketar sochilib.
Undan yantoq bo’ladi bino
yo telpakgul chiqar ochilib.

 

Portret

sjsrr.jpg

O’tib borar yillar paydarpay
Shundoqqina yonidan, qator.
Xudo haqqi, bo’larini ayt:
Yo’qmi biror savob, xatosi?

Nega yillar undan o’tmaydi,
Yashamaydi nega ularni?
Na yo’lini birov kutmaydi,
Na yig’lari bor, na kulari?

Nega devor ortida o’sgan
Daraxt yanglig’ zamonga loqayd
Termuladi yo’lini to’sgan
Devor osha ming yillarki, hayt?

Nega unga yuqmaydi yillar
Omad bo’lib, baxtsizlik bo’lib?
Na salomga cho’zilar qo’llar,
Na xayrga silkinar to’liq.

Borligi bilinmas, aqalli
Bormi yo’qligin nihoyasi?
Yerga tushar negadir faqat
U tanasiz kasning soyasi.

UCHLANISH

Badbinlik

To’lqinlarga urilib goh, chayqalib gohi ilkis
vaqt bahrida suzib borar bir ulkan kema shitob.
Goh surilar, goh suradi, goh siltanar, goh silkir,
borar manzili noaniq – o’qilmagan kitobday.

Singan ko’ngil jarangini ko’mar dovul qasiri,
muhabbatlar sanqir uning machtalarida suvdan
qochgan kalamushlar misol, ular olatasiri
buzar tunning oromini. Yulduzlar ham (qo’rquvdan)

jimirlashib yotar toki o’chirguncha tong yeli.
Hammaning boshi garangdir uning chayqalishidan.
Kema lopillar goh u yon, goh bu yon borib-kelib,
to’qqizin ko’ngli behuzur, qusar har o’n kishidan.

Tomonlar yo’q, qayon suzsa kelajakdir o’shal yoq,
na sharq bordir, na g’arb bordir, na janub va na shimol.
Uzoq sayohatdan qaytsa dengizchi aytib alyor,
bul kemaga ketmoq bordir, qaytmoq yo’q, haydar shamol.

Kemalarning vatani yo’q, joyi yo’q – qaytib kelar,
borar joyi makon emas, borar joyi zamondir.
Zamon izlab yo’lga chiqqan kema dengizda yelar,
tunlar unga hamroh bo’lgan oyning rangi somondir.

Yo’llar ayro, maqsad ayro, istaysan undan tushmoq,
dengiz kemadan vahshiydir, ikki yovuzlik aro
senga tanlash imkonini berar hayot ushmundoq,
ikki imkon, ikkisin ham tanlamog’ing noravo.

Kemangda besaranjomsan, qani manzil daragi,
zamon izlagan kemaning makonda adashganin
Darg’aga kim ayta olur hovuchlab yuragini
manzil tanlarda ommani g’oyalar aldashganin?

Sen nimasan, yo kimarsa – dillarga qutqu solgan,
bergan qaylargadir suzmoq zaruratini, biroq
qayon suzmoq ixtiyorin qo’llardan tortib olgan,
uzvin kesib yot manzilga yo’l boshlagan Shiroqday?

Sen adashsang, bir hidoyat yo’ling qo’yar to’g’rilab,
gunohlaring kechiradi parvardigorning o’zi.
Lekin kemalar adashsa, manzilini o’g’irlab –
ketsa aldovlar, ne bo’lar? Kemaga bersin to’zim!

To’zim nima, bilmaydi u, yelib borar shamolday,
borar manzildan qaytmoqqa uning imkoni bormi?..
Esimdadir: bolalikda otchalar yasab toldan
yugurganda holdan toyib, bilmayin nima hordiq

majol qolmas edi uyga qaytmoqqa o’yin qizib,
bizni uyga qaytarardi enamning yo’qlashlari
va ertangi o’yinlarga berilmayajak izn
qo’rquvlari uyimizga haydar edi baribir…

Nekbinlik

Kim aytadi adashgan deb yo’lga chiqqan kemani,
kim u – kema ko’zlayotgan manzilni ko’rib kelgan?
Kim u – hukm yurgizadi tangrining demagidan,
kim u – vaqtning kemasidan tushmoq istagan telba?

Ne ishtiboh, hukm bo’lsa kemaning yurmagiga,
ne taqqoski, kelajakda o’tmish takror bo’ladi?
Kemada turib zamonlar manzilin ko’rmagingga
kimning ishongisi kelar, paymoni to’ladigan?

Sen munajjim bo’lganda ham yulduzlar joylashuvi
makoniy hodisadir, ul zamonlar bashorati –
uchun imkon bergaymikin zamonlar oylashuvi,
kunlashuvi misol? Maysa umidlarning g’orati

bashoratga bog’liq bo’lsa, bog’liq bo’lsa falakka,
oqibatlar niliy sabab natijasi bo’lsa gar,
ko’chmanchilar bosqinidan vayron bo’lganday Akkad,
sabab qolib, bashoratdan shikast yetsa kemaga,

gunohsizlik fojiasi, tadbir imkonsizligin
nima bilan oqlayajak sababsiz oqibatlar?
Quyosh bo’lsa tangrining yerga boqqan ko’zligi,
oqibatning tizginin qo’lga olar-ku qatlab…

Vaqtning to’lqinlarin yorib kema suzib boradi,
qoyalar va sayozliklar xatarini yengarak.
Yanglishishlar ishtibohi ko’tarilar oradan,
adashmaslik ehtimoli manzildan berar darak.

Vaqtning shafqat bilmaydigan bitta hukmi bor qat’iy:
xato qilmoq imkoni ham orqaga yo’l bermaydi.
Vaqt dayrida har piyoda dengizchidir Sindbodday,
unda har kim manzil degan bir qattiqlik sermalar…

Xudbinlik

Nekbinlik ham, badbinlik ham hukm erur muayyan,
har qaysisi tafakkurni solar o’z o’zaniga,
asli kema bormidiki arzirli va muzayyan,
kuyib-pishib so’zlasang ul haqda kim o’zariga?

Mayli, kema bor ham deylik, chiqdi deylik safarga,
sarguzashtning muqobili bo’lmagach, ne qilarsan?
Mahkum bo’lsang el qatori sen ham o’sha zafarga,
nechun endi Yaratgandan mag’lubiyat tilarsan?

Ehtimolki, sen tilagan mag’lubiyat emasdir,
har kimning ham haqqi bordir dersan ikkilanishga.
Sen fikringga sherik topgan ahvolotingdan mastsan,
ne haqqing bor shirkning gunoh ekanidan tonishga?

Ikkisi ham seni esdan og’dirar bo’lsa zotan
axtarursan uchinchi bir gunohni, muvozanat
saqlamoq istagi birlan, dastlabki ikki xatong
o’rtasida langar kabi, o’rin qolmas ta’naga.

Na choraki, kema yo’li ta’naning qoyalari
aro o’tsa – eng yaqin yo’l – qochib qayga borarding?
Malomatga to’liq bo’lsa yashashning moyalari
ko’ngildagi dardingni sen qay dardsizga yorarding?

Deylik, kema sen aytgan bir qoyaga urilganda,
ta’nalarda omon qolmoq imkoni bo’lsa edi,
sen sig’ingan tushunchalar ma’nisi surilganda
o’sha qoyalar sariga, o’lmoqni tanlarmiding?

Inson zotidan azizroq xilqat yo’qdir dunyoda,
hech bir g’oya arzimaydi daqiqalik umringga.
Ming yillarda bitta umr kelar, axir, bunyodga,
har bir g’oya manfaatin ko’zlab chorlar, gumranar.

Har g’oyaki, ta’nalardan o’zni oqlash xohishi,
gunohlarni yengmoq ishi jamoat ko’z o’ngida.
Gunohmas, faqat gunohkor bo’lmoqdan qo’rqar kishi,
har g’oyada yemagingdan poklanmoqlik to’ng’igan.

Bu qo’rqoqlik emas, o’zing uchun yashash istagi,
na kemaning, na demakning unga doxilligi bor.
Kim u – seni o’z yo’liga g’oya bilan qistagan,
kemasida olib ketmoq payida bo’lgan shunqor?

Shu umr seniki. Uni sarf yoki isrof qilmoq
ixtiyorin senga Tangri bergan boshdan-oyog’i.
Qayu axloq, qay g’oyada takomilga intilmoq
o’z ishingdir, kim boshingda o’ynatsa-da tayog’in.

Ehtimolki, sen intilgan manzil lomakondadir,
na zamon, na makon bilan unga borib bo’lg’usi.
Har neki, erishgaysan, erishmassan – jondadir,
bu makon ham, lomakon ham jon bilan uzilgusi.

005

(Tashriflar: umumiy 432, bugungi 1)

Izoh qoldiring