Gulnoz Mo’minova. Sayyoh qushlar. She’rlar va tarjimalar

08

Гулноз Мўминова. Сайёҳ қушлар: Шеърлар ва таржималар — Тошкент. Аkademnashr, 2014. — 96 бет. / Gulnoz Mo’minova. Sayyoh qushlar: She’rlar va tarjimalar — Toshkent. Akademnashr, 2014. — 96 bеt.

  Тўпламга жамланган шеърлардаги самимийликка уйқаш ҳазинлик ва осойишталик ўқувчи қалбига ҳаяжон бағишлайди. Ҳар бир сатрга муҳрланган ана шу самимийлик ўқувчини ўзига жалб қилади. Китобдаги шеърларни шунчаки ўқимайсиз, улар билан тиллашасиз, сирлашасиз. Тўпламда шунингдек шоиранинг жаҳон шеъриятидан қилган таржималари ҳам киритилган.

08
Гулноз Мўминова
«САЙЁҲ ҚУШЛАР» КИТОБИДАН ШЕЪРЛАР
023

Гулноз Мўминова — 1978 йилда Шаҳрисабз туманида таваллуд топган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. “Фасллар шивири”, “Дил синиқлари”, «Сайёҳ қушлар» шеърий китоблар муаллифи. Бундан бирмунча вақт олдин шоиранинг  Хитой мумтоз шеъриятидан қилган таржималарни эълон қилган эдик. Улар билан мана бу саҳифада танишиб олишингиз мумкин.

023

ТЎРТЛИК

Шафақ — чўғзор. Манам битта чўғ олдим,
Куйдирмоғи ишққа тааллуқ — олдим.
Юрагимга олов туташиб ундан
Музаффар умримга бўлар туғ, олдим.

КУЗ
(туркум)

Билсанг, юрагимга
кўп оғир ботди
ҳорғин кўзларингда
алам кўрганим.
Ўзинг айт, қачондир
учратганмидинг
севги билан бахтнинг
бирга юрганин?

***

Хазонрезги тилида айтар
Донишманд куз ҳикмат сўзларин.
Мезонларга термилиб узоқ
Нимагадир келар бўзлагинг…

Аммо тошга дўниб фарёдинг,
Тураверар бўғзингга ботиб.
Япроқ каби юлиб юракни
Юборолсанг аёвсиз отиб.

Яна сайёҳ қушлар ортидан
Хаёлларинг учар олисга.
Сен-чи мудом банди яшайсан
Юрагингни чулғаган ҳисга.

Боқиб ҳаёт-мамот расмига
Кўзинг лолдир, вужудинг карахт.
Парво қилма асло шаклингга,
Сен дарахтсан, аслида, дарахт.

Япроқларинг сарғайиб борар
Ва рўйингдан ёғар ҳайронлик.
Шамолларин озод этмасин,
Сен кузакдан сўра омонлик…

Борлиғим бормоқда сарғариб,
Самовий ҳисларим тупроқда.
Бир хаста, бир дилхун, бир ғариб
Куз келар мен томон титроқда…

Кел, кузак, биз икки қисматдош
Ва бугун гул — ситам, бахт — ситам.
Кўзинг ҳам, рангинг ҳам заъфарон,
Жигаринг хастами сенинг ҳам?

* * *

Сунбуланинг сувлари мисол
Ҳисларингга инар тиниқлик.
Кўзларингга сокин боқади
Куз шаклига кирган тириклик.

Туғиласан яна қайтадан
Боқиб бахтнинг энг улканига.
Армонларинг ёниб битгайдир
Куз боғларин ол гулханида.

Энди равон тақдир йўллари,
Бор, ҳаётни севиб толмагин.
Хазонзорлар бағридан топгин
Бу боғларнинг сўнгги олмасин.

***

Куз  —  васл кўприги…
Унда учрашади Ҳаёт ва Мамот.
Ўтиб боришади
Боқмасдан бир-бировга.
Жиддий, сокин —
Бир қарашда
Ўхшамаслар ёвга.
Қадамидан қатъият ёғиб
Кетиб борар
Мамот.
Бироқ қарайверар ортига
Қизиқувчан Ҳаёт…

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Эй дил, ғам ризқини ол — ғаниматдир айрилиқ
Ки, маҳзун тийнатингга фазилатдир айрилиқ.

Нечук ғалат ошиқсан — мудом васл тиларсан,
Хаста руҳимга даво азиятдир айрилиқ.

Билсанг, умр дайрина висоллар йўл сололмас,
То кўнгил ҳарби учун Панипатдир айрилиқ.

Гоҳи бетоқат бўлсам, юракдан садо етгай:
«Заруратдир айрилиқ, заруратдир айрилиқ!»

«Куйдим», — деб даъво қилсанг — чин ошиқ эмасдирсан,
То сен учун заҳмату риёзатдир айрилиқ.

Бу маккор дунёсининг бор ҳикмати саробдир,
Мен англадим — энг азим ҳақиқатдир айрилиқ.

Фалак кулса бошингда, хитоб айтгилки, Гулноз:
«Ишқ эътиқоддир манга, тариқатдир айрилиқ!»

* * *

Шўх фасллар ичра маним диёрим йўққа ўхшайдир,
Ки, йўл қошидаман гирён — қарорим йўққа ўхшайдир.

«Унут», — деган сайин кўнгил баландроқ айтар исмингни,
Ёра, кўнгилдан ҳам ёмон ағёрим йўққа ўхшайдир.

Магар сандин келар бўлса, манга ғамнинг малоли йўқ,
Маним ҳам ғамлара ҳеч бир малолим йўққа ўхшайдир.

Манам гулман, парво этмай хазон селига отгайсан,
Ё бағринг тош, ё қўрқмайсан — уволим йўққа ўхшайдир.

Ёр, ҳасратинг селобидан ўтмоққа етмиш ғайратим,
Вале умрингга кирмоққа мадорим йўққа ўхшайдир.

Сан манинг маҳзунлигимни топмассан ўзга чеҳрадин –
Бу дунёсида маним ҳам такрорим йўққа ўхшайдир.

Аё Гулноз, «кетмагил» деб оёқ остингда йўл йиғлар,
Бу оламда фақат ёра даркорим йўққа ўхшайдир.

***

Воҳ, бу дун оташи мудроқ ёнадир,
Ишқ аҳли гоҳи жуфт, гоҳ тоқ ёнадир.

Гоҳ ўтсанг тийрамоҳ боғлари аро,
Хазон гулханида титроқ ёнадир.

Ғофилдирсан, сенга дуч келганимда
Кўзим юрагимдан кўпроқ ёнадир.

Қисмат тарозидир, икки паллали:
Гоҳ висол, гоҳида фироқ ёнадир.

Мани олов ичра кўрсанг не ажаб,
Ўт етса ҳаттоки тупроқ ёнадир.

МЕН ДАРАХТГА ЎХШАЙМАН

Мен дарахтга ўхшайман бугун,
Атрофимда тўртта ёш ниҳол.
Шаббаларим билан тўсгайман
Ногоҳ келса бир дайди шамол.

Бўронларнинг аччиқ совуғи
Ботиб борар экан бағирга,
Бир вақт мени шундай асраган
Икки дарахт тушар хотирга.

Энди улар кексайган, юпун
Танларидан совуқ ўтгандир?
Боролмайман, ахир, илдизим
Ер бағирлаб узоқ кетгандир.

Она тупроқ ва сув мазаси
Томиримдан кетмагай, алҳол.
Япроқлари қувноқ шитирлаб
Хаёлимни бузар тўрт ниҳол.

Шохларида митти қушчалар
Чуғурлашиб, туйишар ҳузур.
Ай, олисда мени соғинган
Дарахтларим, минг бора узр.

ТАРЖИМАЛАР
023

Оуян СЮ
03

СИХУ КЎЛИ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Нилуфар гуллаган пайт
Сиху гўзалдир юз бор.
Шароб олдик, ўзинг айт,
Қадаҳ бунда на даркор?

Нигоҳинг бурсанг қаён,
Олланар рангин гуллар.
Ғуж япроқлар ортидан
Шодон боқишар улар.

Олтин қадаҳда шароб
Ўзгача бўй таратар.
Қайиққа хушҳол қараб
Йўл бўшатар нилуфар.

Ёмғир бошланар майин,
Сархуш юмилса-да кўз,
Шўх куй янграган сайин
Ортга йўл излагаймиз.

Ли ЮЙ
03

* * *

Хаёл мени чулғар, қолибман
Ғарбий минор устида якка.
Ой илмоқдир, кимдир зарб билан
Ирғитибди уни фалакка.

Сукунатни бузишдан қўрқиб
Дарахтлар жим, тортмагайдир «оҳ».
Ҳовли узра олди ястаниб
Хотиржам ва ёрқин тийрамоҳ.

Айрилиқнинг ёвуз риштасин
Сира узиб бўлмайди, бироқ
Мен қайғуга берилган сайин
Ҳадик дилни чулғар кучлироқ.

Билмам, балки, боиси ўзга
Бул туганмас дил изтиробин.
Кўрсатмайин уни ёт кўзга
Юрак асрар тубида, балким?..

Ян Жуй
03

***

Изламовдим куйчи тақдирин,
Удир менга ҳаёт туҳфаси.
Гул очилар, сўнг қовжирайди –
Ўз вақтини кутар ҳаммаси.

Токи кўклам экан ҳукмрон,
Бари шундай қолади, ишон…
Фурсат етди, кетмоғим шартдир,
Бундай яшаб бўлмайди ортиқ.

Тоғ ортида баҳор бошимга
Гулларини этсайди тортиқ.
Яна ҳеч ким билолмай қолса
Кетганимни менинг қай томон!

Анна АХМАТОВА
03

***

Боғланмаган кўнгил кўнгилга,
Кетавергин истасанг агар.
Ким шаҳд билан чиқаркан йўлга,
Шаксиз, уни кутади бахтлар.

Нолимайман, тўкмасман ашким,
Тақдиримга битилмаган бахт.
Бўса олма, таслим бўлса ким –
Уни ажал ўпади шу вақт.

Ҳазин кун-ла ташлашиб қадам
Қиш кунлари ўтаркан оппоқ,
Мен танлаган ўша одамдан,
Оҳ, наҳотки бўлсанг яхшироқ?

***

Шом нурлари сарғиш ҳамда кенг,
Ёқимлидир апрель салқини.
Гарчи кўп йил кечикиб келдинг,
Кўрганимдан мамнунман сени.

Кел, ёнимга ўтир яқинроқ,
Кўзларимга қарагин кулиб.
Манави кўк дафтар ичра, боқ,
Илк шеърларим турар жам бўлиб.

Кечир, эдим ҳаддан дилпора,
Қуёш мени қувонтирди кам.
Ўхшатибман сени кўп бора
Ўзгаларга, ўт гуноҳимдан.

Марина ЦВЕТАЕВА
03

***

Шукр, мени дея бемор эмассиз,
Шукр, сизни дея эмасман бемор.
Кўнглим тинч: негаки оғир Ер шари
Пойимиздан сузиб ўтмагай зинҳор.
Менга ёқар, балки, мазах бўлмоқ, лек
Юрак кўтаролмас сўзлар заволин,
Нафасим бўғилмас кўрганим чоғи
Кўп осон топишган қўллар висолин.

Кўнглим тинч, сиз энди ўзга дилбарни
Хотиржам қучасиз қаршимда ҳатто.
Ўзгага бахш этган бўсаларим-чун
Сиз менга дўзахни кўрмангиз раво.
Ёқимлигим, маним ёруғ исмимни
Эсламайсиз, юрак бесамар бўзлар,
Биз учун черковда сукунат аро
Сира куйланмагай илоҳий сўзлар.

Ҳатто ўзингиз ҳам сезмасдан мени
Севасиз, ташаккур айтай дилимдан.
Оромбахш тунлар ва оқшом кезлари
Чиқиб қолганингиз учун йўлимдан,
Бизга нур сочмаган Қуёш ҳурмати,
Ой учун — бизларга бўлмаган фонус,
Ташаккур, мени деб бемор эмассиз,
Сиз деб мен ҳам бемор эмасман,
Афсус…

* * *

Икки дарахт қўмсар бир-бирин
Шундоққина уйим олдида.
Улар кекса. Уй ҳам кўп қадим.
Мен-чи ёшман, англолмам сирин,
Дарахтларга келмайди раҳмим.

Қўл чўзади бири тўлиқиб,
Қараб туриш ҳатто малолдай –
Гўё сўнгги қувватин йиғиб
Ёр томон талпинган аёлдай,
Юксакроҳ ва кучли шериги
Ундан кўра бахтсиздир, балким?

Икки дарахт: шафақ ёғдуси,
Ёмғир, ҳатто қорда ҳам бирга,
Ўзгармагай мудом орзуси,
Бу интиқлик бутун умрга.
Қўл чўзишар бир-бири томон,
Қонун шундай — абад, бардавом…

Сергей ЕСЕНИН
03

***

Мовий кофта кийган осмонкўз гўзал…
Мен-чи унга ёлғон сўзладим ҳар гал.

Дер: «Бўрон бошланиб, тушдими аёз,
Иссиқ уйда ўрин солмоқ бўлар соз?»

Дедим: «Самовотдан кўринмас қўллар
Бизга сочаётир оқ, оппоқ гуллар.

Печга ўтин қала, ўрин сол, жонон,
Сенсиз юрагимда тинмагай бўрон…»

012

08
Gulnoz Mo’minova
«SAYYOH QUSHLAR» KITOBIDAN SHE’RLAR
023

Gulnoz Mo’minova — 1978 yilda Shahrisabz tumanida tavallud topgan. O’zbekiston Milliy universitetining jurnalistika fakultetida tahsil olgan. “Fasllar shiviri”, “Dil siniqlari”, «Sayyoh qushlar» she’riy kitoblar muallifi. Bundan birmuncha vaqt oldin shoiraning Xitoy mumtoz she’riyatidan qilgan tarjimalarni e’lon qilgan edik. Ular bilan mana bu sahifada tanishib olishingiz mumkin.

023

TO’RTLIK

Shafaq — cho’g’zor. Manam bitta cho’g’ oldim,
Kuydirmog’i ishqqa taalluq — oldim.
Yuragimga olov tutashib undan
Muzaffar umrimga bo’lar tug’, oldim.

KUZ
(turkum)

Bilsang, yuragimga
ko’p og’ir botdi
horg’in ko’zlaringda
alam ko’rganim.
O’zing ayt, qachondir
uchratganmiding
sevgi bilan baxtning
birga yurganin?

***

Xazonrezgi tilida aytar
Donishmand kuz hikmat so’zlarin.
Mezonlarga termilib uzoq
Nimagadir kelar bo’zlaging…

Ammo toshga do’nib faryoding,
Turaverar bo’g’zingga botib.
Yaproq kabi yulib yurakni
Yuborolsang ayovsiz otib.

Yana sayyoh qushlar ortidan
Xayollaring uchar olisga.
Sen-chi mudom bandi yashaysan
Yuragingni chulg’agan hisga.

Boqib hayot-mamot rasmiga
Ko’zing loldir, vujuding karaxt.
Parvo qilma aslo shaklingga,
Sen daraxtsan, aslida, daraxt.

Yaproqlaring sarg’ayib borar
Va ro’yingdan yog’ar hayronlik.
Shamollarin ozod etmasin,
Sen kuzakdan so’ra omonlik…

Borlig’im bormoqda sarg’arib,
Samoviy hislarim tuproqda.
Bir xasta, bir dilxun, bir g’arib
Kuz kelar men tomon titroqda…

Kel, kuzak, biz ikki qismatdosh
Va bugun gul — sitam, baxt — sitam.
Ko’zing ham, ranging ham za’faron,
Jigaring xastami sening ham?

* * *

Sunbulaning suvlari misol
Hislaringga inar tiniqlik.
Ko’zlaringga sokin boqadi
Kuz shakliga kirgan tiriklik.

Tug’ilasan yana qaytadan
Boqib baxtning eng ulkaniga.
Armonlaring yonib bitgaydir
Kuz bog’larin ol gulxanida.

Endi ravon taqdir yo’llari,
Bor, hayotni sevib tolmagin.
Xazonzorlar bag’ridan topgin
Bu bog’larning so’nggi olmasin.

***

Kuz — vasl ko’prigi…
Unda uchrashadi Hayot va Mamot.
O’tib borishadi
Boqmasdan bir-birovga.
Jiddiy, sokin —
Bir qarashda
O’xshamaslar yovga.
Qadamidan qat’iyat yog’ib
Ketib borar
Mamot.
Biroq qarayverar ortiga
Qiziquvchan Hayot…

G’AZALLAR

* * *

Ey dil, g’am rizqini ol — g’animatdir ayriliq
Ki, mahzun tiynatingga fazilatdir ayriliq.

Nechuk g’alat oshiqsan — mudom vasl tilarsan,
Xasta ruhimga davo aziyatdir ayriliq.

Bilsang, umr dayrina visollar yo’l sololmas,
To ko’ngil harbi uchun Panipatdir ayriliq.

Gohi betoqat bo’lsam, yurakdan sado yetgay:
«Zaruratdir ayriliq, zaruratdir ayriliq!»

«Kuydim», — deb da’vo qilsang — chin oshiq emasdirsan,
To sen uchun zahmatu riyozatdir ayriliq.

Bu makkor dunyosining bor hikmati sarobdir,
Men angladim — eng azim haqiqatdir ayriliq.

Falak kulsa boshingda, xitob aytgilki, Gulnoz:
«Ishq e’tiqoddir manga, tariqatdir ayriliq!»

* * *

Sho’x fasllar ichra manim diyorim yo’qqa o’xshaydir,
Ki, yo’l qoshidaman giryon — qarorim yo’qqa o’xshaydir.

«Unut», — degan sayin ko’ngil balandroq aytar ismingni,
Yora, ko’ngildan ham yomon ag’yorim yo’qqa o’xshaydir.

Magar sandin kelar bo’lsa, manga g’amning maloli yo’q,
Manim ham g’amlara hech bir malolim yo’qqa o’xshaydir.

Manam gulman, parvo etmay xazon seliga otgaysan,
YO bag’ring tosh, yo qo’rqmaysan — uvolim yo’qqa o’xshaydir.

Yor, hasrating selobidan o’tmoqqa yetmish g’ayratim,
Vale umringga kirmoqqa madorim yo’qqa o’xshaydir.

San maning mahzunligimni topmassan o’zga chehradin –
Bu dunyosida manim ham takrorim yo’qqa o’xshaydir.

Ayo Gulnoz, «ketmagil» deb oyoq ostingda yo’l yig’lar,
Bu olamda faqat yora darkorim yo’qqa o’xshaydir.

***

Voh, bu dun otashi mudroq yonadir,
Ishq ahli gohi juft, goh toq yonadir.

Goh o’tsang tiyramoh bog’lari aro,
Xazon gulxanida titroq yonadir.

G’ofildirsan, senga duch kelganimda
Ko’zim yuragimdan ko’proq yonadir.

Qismat tarozidir, ikki pallali:
Goh visol, gohida firoq yonadir.

Mani olov ichra ko’rsang ne ajab,
O’t yetsa hattoki tuproq yonadir.

MEN DARAXTGA O’XSHAYMAN

Men daraxtga o’xshayman bugun,
Atrofimda to’rtta yosh nihol.
Shabbalarim bilan to’sgayman
Nogoh kelsa bir daydi shamol.

Bo’ronlarning achchiq sovug’i
Botib borar ekan bag’irga,
Bir vaqt meni shunday asragan
Ikki daraxt tushar xotirga.

Endi ular keksaygan, yupun
Tanlaridan sovuq o’tgandir?
Borolmayman, axir, ildizim
Yer bag’irlab uzoq ketgandir.

Ona tuproq va suv mazasi
Tomirimdan ketmagay, alhol.
Yaproqlari quvnoq shitirlab
Xayolimni buzar to’rt nihol.

Shoxlarida mitti qushchalar
Chug’urlashib, tuyishar huzur.
Ay, olisda meni sog’ingan
Daraxtlarim, ming bora uzr.

TARJIMALAR
023

Ouyan SYU
03

SIXU KO’LI HAQIDA QO’SHIQ

Nilufar gullagan payt
Sixu go’zaldir yuz bor.
Sharob oldik, o’zing ayt,
Qadah bunda na darkor?

Nigohing bursang qayon,
Ollanar rangin gullar.
G’uj yaproqlar ortidan
Shodon boqishar ular.

Oltin qadahda sharob
O’zgacha bo’y taratar.
Qayiqqa xushhol qarab
Yo’l bo’shatar nilufar.

Yomg’ir boshlanar mayin,
Sarxush yumilsa-da ko’z,
Sho’x kuy yangragan sayin
Ortga yo’l izlagaymiz.

Li YUY
03

* * *

Xayol meni chulg’ar, qolibman
G’arbiy minor ustida yakka.
Oy ilmoqdir, kimdir zarb bilan
Irg’itibdi uni falakka.

Sukunatni buzishdan qo’rqib
Daraxtlar jim, tortmagaydir «oh».
Hovli uzra oldi yastanib
Xotirjam va yorqin tiyramoh.

Ayriliqning yovuz rishtasin
Sira uzib bo’lmaydi, biroq
Men qayg’uga berilgan sayin
Hadik dilni chulg’ar kuchliroq.

Bilmam, balki, boisi o’zga
Bul tuganmas dil iztirobin.
Ko’rsatmayin uni yot ko’zga
Yurak asrar tubida, balkim?..

Yan Juy
03

***

Izlamovdim kuychi taqdirin,
Udir menga hayot tuhfasi.
Gul ochilar, so’ng qovjiraydi –
O’z vaqtini kutar hammasi.

Toki ko’klam ekan hukmron,
Bari shunday qoladi, ishon…
Fursat yetdi, ketmog’im shartdir,
Bunday yashab bo’lmaydi ortiq.

Tog’ ortida bahor boshimga
Gullarini etsaydi tortiq.
Yana hech kim bilolmay qolsa
Ketganimni mening qay tomon!

Anna AXMATOVA
03

***

Bog’lanmagan ko’ngil ko’ngilga,
Ketavergin istasang agar.
Kim shahd bilan chiqarkan yo’lga,
Shaksiz, uni kutadi baxtlar.

Nolimayman, to’kmasman ashkim,
Taqdirimga bitilmagan baxt.
Bo’sa olma, taslim bo’lsa kim –
Uni ajal o’padi shu vaqt.

Hazin kun-la tashlashib qadam
Qish kunlari o’tarkan oppoq,
Men tanlagan o’sha odamdan,
Oh, nahotki bo’lsang yaxshiroq?

***

Shom nurlari sarg’ish hamda keng,
Yoqimlidir aprel` salqini.
Garchi ko’p yil kechikib kelding,
Ko’rganimdan mamnunman seni.

Kel, yonimga o’tir yaqinroq,
Ko’zlarimga qaragin kulib.
Manavi ko’k daftar ichra, boq,
Ilk she’rlarim turar jam bo’lib.

Kechir, edim haddan dilpora,
Quyosh meni quvontirdi kam.
O’xshatibman seni ko’p bora
O’zgalarga, o’t gunohimdan.

Marina SVETAEVA
03

***

Shukr, meni deya bemor emassiz,
Shukr, sizni deya emasman bemor.
Ko’nglim tinch: negaki og’ir Yer shari
Poyimizdan suzib o’tmagay zinhor.
Menga yoqar, balki, mazax bo’lmoq, lek
Yurak ko’tarolmas so’zlar zavolin,
Nafasim bo’g’ilmas ko’rganim chog’i
Ko’p oson topishgan qo’llar visolin.

Ko’nglim tinch, siz endi o’zga dilbarni
Xotirjam quchasiz qarshimda hatto.
O’zgaga baxsh etgan bo’salarim-chun
Siz menga do’zaxni ko’rmangiz ravo.
Yoqimligim, manim yorug’ ismimni
Eslamaysiz, yurak besamar bo’zlar,
Biz uchun cherkovda sukunat aro
Sira kuylanmagay ilohiy so’zlar.

Hatto o’zingiz ham sezmasdan meni
Sevasiz, tashakkur aytay dilimdan.
Orombaxsh tunlar va oqshom kezlari
Chiqib qolganingiz uchun yo’limdan,
Bizga nur sochmagan Quyosh hurmati,
Oy uchun — bizlarga bo’lmagan fonus,
Tashakkur, meni deb bemor emassiz,
Siz deb men ham bemor emasman,
Afsus…

* * *

Ikki daraxt qo’msar bir-birin
Shundoqqina uyim oldida.
Ular keksa. Uy ham ko’p qadim.
Men-chi yoshman, anglolmam sirin,
Daraxtlarga kelmaydi rahmim.

Qo’l cho’zadi biri to’liqib,
Qarab turish hatto malolday –
Go’yo so’nggi quvvatin yig’ib
Yor tomon talpingan ayolday,
Yuksakroh va kuchli sherigi
Undan ko’ra baxtsizdir, balkim?

Ikki daraxt: shafaq yog’dusi,
Yomg’ir, hatto qorda ham birga,
O’zgarmagay mudom orzusi,
Bu intiqlik butun umrga.
Qo’l cho’zishar bir-biri tomon,
Qonun shunday — abad, bardavom…

Sergey YESENIN
03

***

Moviy kofta kiygan osmonko’z go’zal…
Men-chi unga yolg’on so’zladim har gal.

Der: «Bo’ron boshlanib, tushdimi ayoz,
Issiq uyda o’rin solmoq bo’lar soz?»

Dedim: «Samovotdan ko’rinmas qo’llar
Bizga sochayotir oq, oppoq gullar.

Pechga o’tin qala, o’rin sol, jonon,
Sensiz yuragimda tinmagay bo’ron…»

012

(Tashriflar: umumiy 1 894, bugungi 1)

Izoh qoldiring