Қизиқ… Жудаям қизиқ. У ўн йил “югур”, “югур”деб буюрган овозларни эшитди, айтганларини бажарди. У йиқилганида эса бир мартаям сўзига қулоқ осмаган куюнчак овозларгина ёнида қолишибди холос.
У кўзларини яна юмиб олди, бу қадар ваҳший бу қадар раҳмсиз дунёни кўришни истамади. Кўзларини юмиб олса ҳам унга буюргувчи овозларнинг бирортасидан сас-садо келмасди. Бу аҳволида энди у югура олмасди-да. Уша овозлар учун эса фақат югуриш муҳим эди.
Гулноза Одилова
КЎЗЛАРИНИ ЮМИБ ЮГУРИБ КЕТАЁТГАН ОДАМ ЁХУД…БАХТЛИ СИНИШ
У югуриб борарди. Ён-верига орқа-олдига ҳам қарамай югурарди. Кўзларини юмганча югурарди. Унга овозлар югур, югур деб тинмай бақирардилар. У ҳам тинмай югурарди. Кўзларини юмиб, хансираб югуриб борар экан қандайдир овоз куюниб ўшқирди: Тўхтасангчи ҳозир йиқиласан, наҳот ўзингга раҳминг келмаса?
У ўзига раҳми келиш нима эканлиги ҳақида энди бош қотира бошлаган эди ҳамки, яна унга “югур!” деб буйруқ берувчи овозлардан бирининг асабий қичқириғи қулоғига чалинди. У нимани ўйлаётганини зумда унутиб, яна югура кетди. Кўзларинг юмуқ-ку! — деди яна куюнчак овоз, — очиб югур хеч бўлмаса, йиқиласан!
-Биз ёнингдамиз!- деди эрталаб ишга югуриши кераклигини таъкидловчи овоз.
-Биз қўлингдан ушлаб олганмиз!-деди ишдан қайтгач ҳам югуртирадиган овоз.
-Биз бор эканмиз йиқилмайсан!-деди дам олиш кунлари “югур” деб бақирадиган овоз.
-Сени кўргим келаяпти югур!-деди усиз тура олмайдиган овоз.
-Чарчадинг озроқ мизғиб олсангчи оёқларингга ачинмайсанми?- деди куюнчак овозлардан бири.
-Йўқ югуришинг керак, тўхтаб қолишингни пойлаб турганлар қанча!- деди кечалари ҳам югуртирадиган овоз. Унга буйруқ бергучи овозлар шу қадар кўп эдики, улар саноқлигина куюнчак овозларнинг товушини ютиб юборарди. Шу сабаб унинг қулоқлари “Югур!, югур!” деган овозларнигина эшитар, оёқлари тинмай югурар эди.
У йиқилди. Қаттиқ йиқилди. Ўрнидан тура олмади. Шу ётишида қўрқибгина ўн йилдан бери атрофидаги овозларга ишониб, унчалик эҳтиёж сезмаган кўзларини очди. Қоронғи зулматда ичига ботиб, янаям қорайиб кетган қорачиқларга теккан ёруғлик бутун вужудини чақиндек куйдириб ўтди. Атрофга аланглаб, сонсиз саноқсиз овозлар эгаларини ахтарди. Кимса йўқ. Қани улар? қани унга “югур!”“югур!” деб буюрганлар! Йўқ. Қандайдир овозлар тепасига келиб жонсиз оёқларига боқиб унсиз йиғлаб ўтиришибди. Бу ўша куюнчак овозлар. Улар учта экан. Майинроғи – ёшгина экан, қалтироқ аммо ўта мулойими сочлари оқарган мўйсафид ва маъюс овоз. Қолган овозлар қани?
Қизиқ… Жудаям қизиқ. У ўн йил “югур”, “югур”деб буюрган овозларни эшитди, айтганларини бажарди. У йиқилганида эса бир мартаям сўзига қулоқ осмаган куюнчак овозларгина ёнида қолишибди холос.
У кўзларини яна юмиб олди, бу қадар ваҳший бу қадар раҳмсиз дунёни кўришни истамади. Кўзларини юмиб олса ҳам унга буюргувчи овозларнинг бирортасидан сас-садо келмасди. Бу аҳволида энди у югура олмасди-да. Уша овозлар учун эса фақат югуриш муҳим эди. У шу куйи яна ўн йил ўрта кўчада синган оёқлари ва абадий юмуқ кўзлари билан қолиб кетиши муқаррар эди. Аммо илоҳий бир овоз унинг кўзларини очди. Пешонасидан силаб секингина ўрнидан турғазди. Қўлларидан ушлаб юрдирмоққа чоғланди. Йўқ, у юргиси келмайди! югура олмаган оёқларни судраб нима қилади. Шунда сеҳрли овоз унга кўзгу тутди. У кўзгуда рангоранг очилган гуллар, сайроқи булбуллар, шилдираб оқаётган сувлар, бепоён майсазорларни кўрди. У бу қадар гўзалликни умрида кўрмаган эди. Юмуқ кўзлари билан қандоқ ҳам кўрсин. Ахир у тинмай югурди. Кўзларини юмиб югурди.
— Бу қанақа хуш маскан бўлди? Сўради илоҳий овоздан.
— Бу сенинг қалбинг?
— Менинг қалбим?
— Ҳа.
— У шундай чиройлими?
— Ўзинг кўраяпсанку.
— Нега мен буни аввалроқ билмадим. Хеч қандай овоз айтмади ҳам. Ё улар буни билишмасмиди?
— Уларнинг ҳаммаси буни билган, имкон қадар тезроқ ундан нимадир олмоқчи бўлганлар. Сен уларга югуриб — югуриб қалбинг гўзалликларини улашдинг.
— Эндичи? Энди уларга керагим йўқми?
Илохий овоз жим қотди.
— Менинг айбим нимада?
— Ўз қалбингни кўра олмаганингда, ўзингни сева олмаганингда, ўз қадрингни билмаганингда.
У уввос солиб йиғлай бошлади. Шу пайт кўзгудаги дарахтларни бир зумда пайдо бўлган тўфон тўзони ерга теккудек эгиб, баргларини тўка бошлади. Лаҳза ўтмай қуёшли осмонни қоп-қоронғи чиммат қоплади. Шамол ажиб бўй таратаётган гулларни илдизи билан учириб кета бошлади. Ваҳимада қолган сайроқи қушлар галалашиб чуғурлаб қолишди. Шилдираб оқаётган зилол сув чанг-тупроқдан тўлиб вулқондек қайнаб осмонга кўтарила бошлади. Қиёмат қўпа кетди.
-Нималар бўлаяпти? Йиғидан қизарган кўзларида қўрқув ва ҳаяжон билан илоҳий овоздан сўради.
-Ўз қалбингни ўзинг тамом қилаяпсан. Тангри инъом этган гўзалликнинг қадрига етмаяпсан.
-Тезроқ тўхтат бу даҳшатни ҳозир ҳамма ёқ вайрон бўлади.
-Бу сенга боғлиқ. Ўзингни, иродангни қўлга олсанг ҳаммаси жойига тушади.
У чуқур-чуқур нафас олди. Йўқолиб кетган ишончини ёрдамга чақирди, ирода, сабр матонат билан аввалдан гўзал қалбига янаям ишлов берди. Энди у бу гўзалликка қараб завқланиб яшай бошлади. Кўзгудаги ҳар гиёҳ, ҳар бир ўсимликни севди, сайроқи қушлар овозини тинглади. Зилол сувлардан симириб-симириб ичди. Унга ўз қалбини кўрсатиб турадиган сеҳрли кўзгуни туҳфа этган илоҳий овозни дуо қилди.
Энди унга хеч қандай овоз “Югур!” деб буюрмас, бу овозлар фақат кўзи юмуқларнигина таъқиб этишларини билди. Ўзи истаганда югурди, ўзи истаганда оёқларига ором берди.
Hazrat So’fi Allohyorning «Bir kechlik mehmonmiz dunyoyi hecha, Ne ishlar kechadir bizdan bu kecha?!» degan so’zlari bor. «Xayoliy janr»ning yaxshi mahsuli bo’libdi. Osmonni qoplagan qora chimmatda «chimmat» so’zi beo’rin ishlatilgandek. Bu so’zga salbiy ma’no yuklangani yarashmabdi.
Bu yerda qahramonning ogir ruhiy holati haqida so’z bormoqda. Chimmat shunga qo’llangan.