G’ulom Fathiddin. Yurayotgan daraxtlar. She’rlar.

Ashampoo_Snap_2018.01.11_22h06m47s_004_.png  Таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров таъбири билан айтганда,  «Ғулом Фатҳиддин – ҳисссиёт шоири, ҳиссиёт эса ҳаёт ва унинг ранг-баранг таассуротлари билан доим туташ»…

Ғулом Фатҳиддин
ЮРАЁТГАН ДАРАХТЛАР
08

Ғулом Фатҳиддин 1955 йилда Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги Воҳим қишлоғида туғилган. ТошДУ (бугунги Миллий университет)нинг журналистика факультетини битирган . Бир неча шеърий тўпламлари нашр этилган.

08

КЎҲНА ЖАРАЁН ҲАҚИДА ЯНГИ БАШАРОТ

Ҳамма тушунгандек кўраман,ae77193a67e31f9f40fd081caaad18fc.jpg
Ҳамма кўрганидек тушунаман дунёни.
Дарахтлар экаман, гуллар экаман
Сиз учун, сен учун, шу Ватан учун.
Топиб, айрилиб,
Экиб, кесиб,
Ёзиб, ўчириб яшайман, бахтим ва ҳасратим куррасида.

Қандай туғилган бўлсам ҳур гўдак тимсолида,
Фикрлашнинг сўнгги куни туғиламан тупроқ бўлиб,
Онагинам — буюк табиат яшартираверар мени борлиқ шаклларида.
Умрим бўйи ёзолмаган шеъримга сиёҳ бўлиб,
Кезинавераман борлиқ томирларида, ҳаракат шаклларида,
Туғилавераман ўлимни масхара этиб.
Айланавераман набираларим, дарахтларим, гулларим,
Ватаним томирларида…

Заррадан — заррага, ҳужайрадан — ҳужайралар йиғиндисига,
Нурдан — ёруғликка, оловдан — кулга…
Айланавераман ҳаракат шаклларида.
Мен ахир боқий вақтман.
Тўхтасам, тўхтар вақт.
Вақтнинг тириклик шакли — Ҳаракат.

Нақадар бахтиёр бўламан дарахт бўлганимда,
Шохимда булбуллар сайрайди,
Соямда ўлтирар одамлар.
О, табиат, ўшанда ҳам мен ўсай ЎЗБЕКИСТОНДА!

Тилакларим: Пўлат бўлган кезим фақат қалқон бўлай,
Туйғуга айланганимда — қўшиқ, жасорат,
Ўзбек тили бўлай тил бўлган кезим…
Хуллас, борлиқ, ҳаёт ҳақида ўйлаганимда
Қўз олдимда ана шу кўҳна жараён гавдаланади.
Рентгеи нурлари шаффофлаштирган тасвирдай
нурланиб турар ана шу жараённинг чексиз ҳалқаси.

Замин руҳиятида, замин вужудида айланавераман
фикрдан — фикрга, моддадан — моддага айланиб , шакллар ҳаракатида.
Мен ахир, вақтман, тўхтасам, тўхтар вақт.
Охир яна бир куни, Миртемир домла айтганларидек,
Қайтадан туғиламан, бутунлай бошқа бир йигит бўлиб.
О, табиат, ўшанда ҳам туғилай фақат
Онагинам — ЎЗБЕКИСТОНДА!

Тилим чиқсин, шеърлар ўқий она тилимда!
Қабрим бўм-бўш қолаверади,
Гулзор бўлар эски йўлларим.
Мозоримда ўйнагай шодон
Болам — келажагим, қаро кўзларим.
Қелажакнинг мусаффо кулгусин тинглаб,
Унинг маъсум оёқлари остида
Мен тинч ва бахтиёр кўкарар эдим
ЎЗБЕКИСТОНДА!

БОЛАЛИК

Хотирам сўқмоғин чангитиб,
Келдингми, шўх, зангори насим.
Тиз чўкиб ўпаман қўлчангни,
Томоққа тиқилар нафасим.

Ер, осмон, далани ўйлардинг бедор,
Ёқавайронгинам, тин олмай бир пас.
Тушингга кирарди чексиз пахтазор,
Сен қуш эдинг, чексизлик — қафас.

Бу уватдан, ҳув уватгача
Йилт этган ҳар чаноқ шодлигинг эди.
Бироқ ўша йиллар сенинг шавқингни
Қировли кунларнинг шамоли еди.

Овозидан ўзган қирувчиларга
Боқардинг қўлингни дурбинча қилиб.
Бунчалик ҳузур қилмасдинг, рости
Пайкалдан бегона ўтларни юлиб…

Бўйингдан баланд ғўзалар ичра
Сенга далда эди, суянчиқ, овунч —
Бутун тун ухламай кўрак чувиган
Онангнинг ўкинчли, синиқ товуши.

Ялангтўш, шумтакам, гоҳо тунлари
Тушларимга шундай кирасан:
Пайкалда адашиб, юракка туташ
Оқ шийпон йўлини излаб юрасан…

РУБОБ НОЛАСИ

Бир пайтлар шохлари кўкка санчилган
Яшил япроқларнинг сеҳридан карахт,
Қушлар қўшиғидан маст дарахт эдим…
Шафқатсиз қўлларга топширди қисмат.

Кесдилар, йўндилар тарашлаб охир,
Мурват ўрнатишди қулоққа ўхшаш.
Ўйилган кўксимга қоплашиб парда,
Даста ўрнатишди илмоққа ўхшаш.

Дастани ҳалқалаб, симларни созлаб,
Кўксимга кимлардир черта бошлади.
Кимдир эза-эза бўғзимдан бўғиб,
Охири ғилофга қамаб ташлади…

…Чинқирдим қутурган даврага қараб,
Борлиққа ёлбориб боқдим жонсарак.
Ҳеч ким тингламагач,
«Дод!» деб юбордим,
Мен — Чинор шохидан йўнилган юрак.

СОҲИЛДАГИ УЧ МАНЗАРА

1

Тўлқинлар шаштидан тебранар денгиз,
Қояларга уриб кумуш тиғини.
Қуёш чекинмоқда қолдириб, эсиз,
Соҳил кўзгусида қирмиз тиғини.

2

Ханжар қояларни сайқаллаб, чархлаб,
Тўлқинлар ноумид қайтмоқда ортга.
Ўз нури зарбидан лабини тишлаб
Қуёш чекинмоқда бегона юртга.

3

Беланчак тебранар мавжга ҳамоҳанг,
Унда тушлар кўриб ухлар келажак.
Денгиз ҳам «уф» тортиб аллалар
Бағридаги жажжи тўфонни, ажаб!…

Ш О И Р

Жуда тўғри, оқилсан, ошна,
Вужудингда минг хислат кулган.
Бироқ рангин дунёлар томон
Юргил шоир бошлаган йўлдан.

Хазонларнииг ноласин агар
Илғамоқни истасанг чиндан,
Ҳамдард ахтар тонгларга қадар
Шоир кезган боғлар ичиндан.

Муҳаббатнииг ханжари ногоҳ
Санчилса гар муздек кўксингга,
Изламагин дардингга даво —
Шоир суйган куйлардан ўзга.

Ажабланма, тушу ўнгда ҳам
Юрт меҳридан ҳаволанса жон
Ўзи шундай! Шоир юраги
Ватан билан яшар ёнма-ён.

ЧАЛА ҚОЛГАН СУВРАТ
Ўрол Тансиқбоевга

Улгурмади тасвирлар тушиб
Юлдузларга маскан қоғозга.
Ранглар соқов бўлиб қолишди,
Зор бўлиб қолишди овозга,
Чала қолди суврат.

Ирмоқчалар тоғлар кўксида
Дарё бўлмай бирдан музлади.
Битмай қолган ёрқин тасвирлар
Унсиз инграб, унсиз бўзлади:
— Чала қолди суврат!

Тор узилди, йиқилди оҳанг…
Нимталанди тиғ узра фарёд.
Ўлим яна чиқиб музаффар,
Ўз ҳукмини ўқиди, ҳайҳот!
Чала қолди суврат!

Аччиқ ситам, сўнгсиз мусибат,
Чақмоқ чақиб кезар бошимда.
Эзгуликка тўла қалбларнинг
Қисқа умрин куйлар қаршимда —
Чала қолган суврат!

У шундайин қўшиқ эди, оҳ!
Сўнгигача етмаган ҳеч зот.
Мусаввирнинг қил қаламидан
Кўзларига нур олган ҳаёт —
Чала қолган суврат…

ТЕМИРЙЎЛ ЁСТИҚЛАРИ, БАРМОҚЛАР ВА ЮРАК

Инграшиб,
Ўз вазифасин бажаришар, —
Оғирлик остида қолган,
Қорамойда қотган темирйўл ёстиқлари…
Бармоқларимга қарайман.
Улар
Оғирлик остида инграётган…
Ёғоч ёстиқларга ўхшабди.
Кўкрақда эса

Бонг урар
Ўз вазнидан юз бор
ортиқ юкни
Орқалаб олган паҳлавон.
Ёлғиз сенга ишонаман,
Манзилга етсанг ҳам,
Ҳеч қачон
Ўз юкингни ерга қўйма,
Қўйма ҳеч кимнинг елкасига,
Менинг
Ўжар паҳлавоним!

* * *

Бу кеч яна сени кўрдим тушимда:
Хазонлар тумани чулғаб олибди;
Намхуш ел сочингни тарар фаромуш,
Гўё атроф ўжар ўйга толибди,

Ва менга негадир ўқталарди мушт.
Интилдим сен томон чўққига оққан —
Жилғадек ер тирнаб, судралиб беҳуш.
Бирдан тенглаштирди мени тупроққа
Кўзингдан оққан ёш — отилган оққуш.

СУКУНАТ

Мен сенга тошлардек,
Мурдалардек
Содиқ бўлолмасман ҳеч қачон,
Мен сени синдирмоқ истаймаи, сукунат.

ШЕЪРИЯТ

1

Меҳмонинг эмасман, ёки ҳавасманд,
Бағрингда курашиб яшамоқчиман,
Ягона қонунинг — Юракка бўйсуниб.

2

Худди шундай, бир дақиқа жим,
Киприкларим, эҳтиёт бўлинг,
Кўзимга ёлғон кирмоқчи.

3

Қоғоз, кечир! Аччиғланма қаламдан.
Поклигингга ишониб кетиб,
Қорайтириб қўйдим юзингни.

 

ОППОҚ ЙИҒИ

Ҳавасим келади сенга эй, Гилос,
Силагим келади яшил бошингнн,
Ҳатто йиғласанг ҳам, қаддинг тутиб ғоз,
Тўкасан гулларга ўраб ёшингни.

РАШК

Майли, кўкда ой, қуёш
Сочаверсин порлаб нур
Шоҳ-гадога баробар.
Сен, эй, севгим чашмаси,
Тақлид қилма уларга.

* * *

Инсон юраётган дарахтга ўхшар,
Атроф — юраётган дарахтлар боғи.
Тўрт тарафда ҳолсиз шилдирар
Уларнинг юракка ўхшаш япроғи.

Улар куйлар, ўсар, йиқилар — юриб,
Уларни қўрқитиб, тўхтатолмас тиғ.
Шодлик кўзларидан тушар узилиб —
Уриб туширилган мевалар янглиғ.

…Инсон Юраётган дарахтга ўхшар,
Бағридаги қушлар — озод товушлар…

* * *

Сирғалади булут ноилож,
Тўхташ учун йўқ бирор асос.
Қуёш юзин тўсгани учун
Шамол ундан олмоқда қасос.
То беғубор бўлгунча осмон
Тўхтамагил, шамолим, бир зум,
Чунки такрор кўринишларни
Кўравериб чарчади кўзим.

* * *

Ҳайдай қол! Ҳайдагил!.. Кетайин…
Жимгина ўтирма биқиниб.
Нимани кутамиз — бетайин,
У ухлар қалбларда беркиниб.

Сен нени кутасан?
Мен нени кутаман?
Нафасинг ютасан,
Мен тилим тутаман!

Ўртада сукунат, ўртада жимлик,
Бошимизни эгиб, ўтирибмиз тек…
Ҳайдагил! Ҳайдай қол! Кетайин…
Келмас у — биз кутган бетайин.

Сен маъюс куласан,
Мен эса биламан:
— Ғалати бу ҳолат — ахир, ҳалокат,
Сен мендан,
Мен сендан кутяпмиз жасорат.

ИСТАК

Ҳув олисда — ёниб минг тусда:—
Ўн саккизга тўлмаган қизча,
Хиёл эгиб нозик гавдасин,
Ўпганида толлар новдасин
Дарахтга айлангим келади.

Даст тутиб озодлик байроғин
Жангга кирган халқнинг ўғлони —
Байроқни қўймасдан, душманни муштлаб,
Йиқилган чоғида кўксини ушлаб
Тупроққа айлангим келади.

Она, ожиз кўзин уфққа тикиб,
Ўлтирса марҳум ўғлини кутиб
Тирилиб, ўлимни унутган
Қўлига яна қиличин тутган —
Ботирга айлангим келади.

ЧИРҚИЛЛАЁТГАН ВАҚТ
Эркин  Воҳидовга

Соат ниманидир уқтирар такрор,
Юрак нимадир деб муштлар ғазабнок.
Анграйиб деворга боқаман бекор,
Атроф елка қисган, ҳангу манг идрок.

Таҳликали «дук, дук!» — жунжикар бадан,
Ваҳимали «чиқ, чиқ!» — чирсиллаб ёнар, —

Вакт ёнар!  Вақт бу — мен! Вақтим бу — Ватан,
Вақтим ўтган кунлар лабида сўнар…

Бош қашир кўзи лўқ — бефарқ сукунат,
Куйиб сочилса ҳам вақту бахт кули.
Қогоз, бош эгаман мен сенга яна
Савол аломати каби букилиб.

* * *

Мана, ҳузурингга отландим яна,
Ҳар галгидек қўлларим бўм-бўш…
Қайтаяпман,
Гуллар,
Совғалар ололмадим…
Бу гал энди амаллаб сенга
Олиб кетаяпман ўзимни зўрға.

ҒАЛАТИ ҚИШ

Қиш…
Ғаройиб қиш!
Гўё ҳали ҳеч ким кўрмаған
Ғалати бир афсонавий туш.

Оппоқ қордан қамашган кўзлар
Ўтиб кетар руҳга ўт ёқиб.
Қайнаб-тошган ҳаяжон билан
Мен уни қучаман ютоқиб.

Кўкаради сўнган ҳарорат,
Қалбда олов япроқ барқ урар.
Қорлар аро мен билан бирга
Адашади муштипар баҳор.

ҚАЙТИШ

Онажон! Қарши ол!
Қайтмоқда сен томон.
Улкан бу шаҳарга
Сиғмаган ҳаяжон.
Қайтяпман олгали
Қатъият ва дармон,
Соғинчга айланган —
Кўз нуринг — Мен — Армон!

ХОТИРАЛАР

Кўкда хотиралар сузиб юради,
Бостириб келур-у, сирғалиб ўтур.
Осмон ўтмишимни ёзиб туради,
Осмон юрагимни ҳижжалиб ўқир.

Кўзимни куйдириб ўтар болалик,
Ўтади гижинглаб тизгинсиз қувонч.
Шу ботиқ ойнада қалқир қабариб
Тинкамни қуритган гумонли ишонч.

Такрорсиз айланар ҳадсиз тасаввур,
Айланар бир ўксук рангга қоришиб.
Учқур саманлардан учади ҳовур,
Хотиралар уфқи борар ёришиб.

Кўкда хотиралар сузиб юрибди,
Ёпирилиб келур-у, уйғотиб кетур.

ЭНГ СОДДА КАШФИЁТ

Осмонга қараб қувониб чопдим,
Тиришдим — англадим, изладим —топдим,
Титраб турган кўҳна дунё оёғи
Кўксимизда турар жуда омонат.
Ўша товон таги бўшлиҳ бўлмасин,
Ўша товон тойса — бўлар қиёмат.

Қаранг, Мен Ер шари измида эмас,
Ер шари яшаркан менинг қўлимда.
Бугуни, эртаси — бор-йўқ қисмати
Боғлиқ экан юрган йўлимга.

Осмонга қараб энтикиб чопдим
Бақирдим: — Англадим! Қичқирдим: — Топдим! —
Виждонни асрайлик! Қулаб кетмасин,
Ер шари йўқотиб таянч нуқтасин.

ФАРҒОНА УШШОҒИ

Оқаради машриқ чеҳраси,
Сўзлай бошлар тили чиққан тонг.
Ўнгиб кетган чопон остидан
Тўрт тарафга термулади тонг.

Ифодасиз парда ортига
Беркинар  кўк жимир-жимири.
Бошланади ўзбек юртида
Ёруғ дунё қимир-қимири.

Қуёш билан баробарига
Баландлашар дунёвий овоз.
Кетиб қолар гўё нарига
Кеча-кундуз уйғоқ ойжувоз.

Кишнаган пайт колхоз байтали,
Нимагадир ғозлар ғағиллар;

«Мо-мо»лашар кавш қайтариб
Бостирмада сержун тарғиллар.

Шундай пайтлар, онам, эрталаб
Хазонларга беланган йўлдан
Пахтазорга кетар етаклаб
Укамларни тутиб қўлидан.

Сўнг булдириқ босган пайкалда
Меҳнат завқин кўришар татиб.
Қайтишади қош қорайганда
Мағриб сари тонгни кузатиб.

КЕЛАЖАК

Кутганидек бутун аҳоли,
Умид билан кутаман тонгни.
Бир ўй мени қўймайди холи: —
Келажак гўзалдир,қачонки,
У сенда яшагал маҳали.

* * *

Изтиробга айланди висол,
Изтиробга айланди шодлик.
Майпарастлар одатига зид,
Жонга тегди бу базми жамшид.

Лабинг энди бир қаҳрабо бол,
Садоқатинг эса бедодлик.
Зериктирди мени бу иқбол,
Руҳим истар эрк ва озодлик.

Гар тушунсанг, бир тинглаб кўргил-
Айрилиқни соғинар кўнгил.

ДАЛАДА

Даврасига таклиф этади
Қатламабарг паришон тутлар.
Болаликка ўхшаб кетади
Қатқалоқда қолган эгатлар.
Секин излар ҳорғин нигоҳим
Болаликнинг овлоқ жойларин
Ва одатда танлайман доим
Жингил босган зовур бўйларин.
Суянганча қадрдон тутга
Куй тинглайман, куйлар дала-туз.
Ҳатто булбул куйи ҳам шунда
Қулоғимга туюлар ғализ.

* * *

Фидойи тоғлар инграб юборди,
Инграб юборди фидойи тоғлар…
Осмонни кўтариб турмоқ
Осон эмас шекилли…
Енгил эмас шекилли осмон…

* * *

Зилол сувга тушини айтар
Қиз кўзасин қучиб, энтикиб.
Булоқ эса бижирлаб кетар:
«Сеникийди, бўлди меники!»

Ҳамдардидан ранжиган гўзал
Йўқотади бир дам ҳушини.
Олиб кетар уйига қайта
Қиз кўзага олиб тушини.

МИНОРАИ ҚАЛОН

Офатларда қадди оғибди бир оз,
Оҳори ҳам бир оз тўкилибди-ку.
Адашдинг! Дунёга разм солаётган
Кўкўпар зеҳнли Ибн Сино бу!

Булутларга тегиб турибди боши,
Осмонни тимдалар одми салласи.
Алқисса: у бобоқуёш дардига
Даво излаётган айни палласи.

ЎСАЕТГАН ТОҒЛАР
Геолог дўстим Абдусаломга

Ўртанма, бу Қуёш барибир боқий,
Фақат бир зум булут юзини тўсди.
Бироқ биз севинсак арзийди, воҳ ким,
Осиё тоғлари ўсмоқда, дўстим.

Қара, уйғонмоқда замин қаърида
Бир маҳаллар ўнган тошотар Вулқон.
Бундоқ севинсанг-чи, бўлсанг-чи бардам,
Осиё тоғлари ўсмоқда, ўғлон.

Эҳтимол оғирдир маъданлар топмоқ,
Қазиб бермоқлик ҳам эмасдир осон.
Бироқ, кел, кулайлик, биз севинган чоқ
Осиё тоғларин ўсмоғи аён.

Манба: »Булоқ кўз очди» тўплами,1985

09

Taniqli adabiyotshunos olim Ibrohim G’afurov ta’biri bilan aytganda, «G’ulom Fathiddin – hisssiyot shoiri, hissiyot esa hayot va uning rang-barang taassurotlari bilan doim tutash».

G’ulom Fathiddin
YURAYOTGAN DARAXTLAR
She’rlar
08

G’ulom Fathiddin 1955 yilda Farg’ona viloyatining Rishton tumanidagi Vohim qishlog’ida tug’ilgan. ToshDU (bugungi Milliy universitet)ning jurnalistika fakul`tetini bitirgan . Bir necha she’riy to’plamlari nashr etilgan.

08

KO’HNA JARAYON HAQIDA YANGI BASHAROT

Hamma tushungandek ko’raman,Ashampoo_Snap_2018.03.08_22h24m32s_003_.png
Hamma ko’rganidek tushunaman dunyoni.
Daraxtlar ekaman, gullar ekaman
Siz uchun, sen uchun, shu Vatan uchun.
Topib, ayrilib,
Ekib, kesib,
Yozib, o’chirib yashayman, baxtim va hasratim kurrasida.

Qanday tug’ilgan bo’lsam hur go’dak timsolida,
Fikrlashning so’nggi kuni tug’ilaman tuproq bo’lib,
Onaginam — buyuk tabiat yashartiraverar meni borliq shakllarida.
Umrim bo’yi yozolmagan she’rimga siyoh bo’lib,
Kezinaveraman borliq tomirlarida, harakat shakllarida,
Tug’ilaveraman o’limni masxara etib.
Aylanaveraman nabiralarim, daraxtlarim, gullarim,
Vatanim tomirlarida…

Zarradan — zarraga, hujayradan — hujayralar yig’indisiga,
Nurdan — yorug’likka, olovdan — kulga…
Aylanaveraman harakat shakllarida.
Men axir boqiy vaqtman.
To’xtasam, to’xtar vaqt.
Vaqtning tiriklik shakli — Harakat.

Naqadar baxtiyor bo’laman daraxt bo’lganimda,
Shoximda bulbullar sayraydi,
Soyamda o’ltirar odamlar.
O, tabiat, o’shanda ham men o’say O’ZBEKISTONDA!

Tilaklarim: Po’lat bo’lgan kezim faqat qalqon bo’lay,
Tuyg’uga aylanganimda — qo’shiq, jasorat,
O’zbek tili bo’lay til bo’lgan kezim…
Xullas, borliq, hayot haqida o’ylaganimda
Qo’z oldimda ana shu ko’hna jarayon gavdalanadi.
Rentgei nurlari shaffoflashtirgan tasvirday
nurlanib turar ana shu jarayonning cheksiz halqasi.

Zamin ruhiyatida, zamin vujudida aylanaveraman
fikrdan — fikrga, moddadan — moddaga aylanib , shakllar harakatida.
Men axir, vaqtman, to’xtasam, to’xtar vaqt.
Oxir yana bir kuni, Mirtemir domla aytganlaridek,
Qaytadan tug’ilaman, butunlay boshqa bir yigit bo’lib.
O, tabiat, o’shanda ham tug’ilay faqat
Onaginam — O’ZBEKISTONDA!

Tilim chiqsin, she’rlar o’qiy ona tilimda!
Qabrim bo’m-bo’sh qolaveradi,
Gulzor bo’lar eski yo’llarim.
Mozorimda o’ynagay shodon
Bolam — kelajagim, qaro ko’zlarim.
Qelajakning musaffo kulgusin tinglab,
Uning ma’sum oyoqlari ostida
Men tinch va baxtiyor ko’karar edim
O’ZBEKISTONDA!

BOLALIK

Xotiram so’qmog’in changitib,
Keldingmi, sho’x, zangori nasim.
Tiz cho’kib o’paman qo’lchangni,
Tomoqqa tiqilar nafasim.

Yer, osmon, dalani o’ylarding bedor,
Yoqavayronginam, tin olmay bir pas.
Tushingga kirardi cheksiz paxtazor,
Sen qush eding, cheksizlik — qafas.

Bu uvatdan, huv uvatgacha
Yilt etgan har chanoq shodliging edi.
Biroq o’sha yillar sening shavqingni
Qirovli kunlarning shamoli yedi.

Ovozidan o’zgan qiruvchilarga
Boqarding qo’lingni durbincha qilib.
Bunchalik huzur qilmasding, rosti
Paykaldan begona o’tlarni yulib…

Bo’yingdan baland g’o’zalar ichra
Senga dalda edi, suyanchiq, ovunch —
Butun tun uxlamay ko’rak chuvigan
Onangning o’kinchli, siniq tovushi.

Yalangto’sh, shumtakam, goho tunlari
Tushlarimga shunday kirasan:
Paykalda adashib, yurakka tutash
Oq shiypon yo’lini izlab yurasan…

RUBOB NOLASI

Bir paytlar shoxlari ko’kka sanchilgan
Yashil yaproqlarning sehridan karaxt,
Qushlar qo’shig’idan mast daraxt edim…
Shafqatsiz qo’llarga topshirdi qismat.

Kesdilar, yo’ndilar tarashlab oxir,
Murvat o’rnatishdi quloqqa o’xshash.
O’yilgan ko’ksimga qoplashib parda,
Dasta o’rnatishdi ilmoqqa o’xshash.

Dastani halqalab, simlarni sozlab,
Ko’ksimga kimlardir cherta boshladi.
Kimdir eza-eza bo’g’zimdan bo’g’ib,
Oxiri g’ilofga qamab tashladi…

…Chinqirdim quturgan davraga qarab,
Borliqqa yolborib boqdim jonsarak.
Hech kim tinglamagach,
«Dod!» deb yubordim,
Men — Chinor shoxidan yo’nilgan yurak.

SOHILDAGI UCH MANZARA

1

To’lqinlar shashtidan tebranar dengiz,
Qoyalarga urib kumush tig’ini.
Quyosh chekinmoqda qoldirib, esiz,
Sohil ko’zgusida qirmiz tig’ini.

2

Xanjar qoyalarni sayqallab, charxlab,
To’lqinlar noumid qaytmoqda ortga.
O’z nuri zarbidan labini tishlab
Quyosh chekinmoqda begona yurtga.

3

Belanchak tebranar mavjga hamohang,
Unda tushlar ko’rib uxlar kelajak.
Dengiz ham «uf» tortib allalar
Bag’ridagi jajji to’fonni, ajab!…

SH O I R

Juda to’g’ri, oqilsan, oshna,
Vujudingda ming xislat kulgan.
Biroq rangin dunyolar tomon
Yurgil shoir boshlagan yo’ldan.

Xazonlarniig nolasin agar
Ilg’amoqni istasang chindan,
Hamdard axtar tonglarga qadar
Shoir kezgan bog’lar ichindan.

Muhabbatniig xanjari nogoh
Sanchilsa gar muzdek ko’ksingga,
Izlamagin dardingga davo —
Shoir suygan kuylardan o’zga.

Ajablanma, tushu o’ngda ham
Yurt mehridan havolansa jon
O’zi shunday! Shoir yuragi
Vatan bilan yashar yonma-yon.

CHALA QOLGAN SUVRAT
O’rol Tansiqboevga

Ulgurmadi tasvirlar tushib
Yulduzlarga maskan qog’ozga.
Ranglar soqov bo’lib qolishdi,
Zor bo’lib qolishdi ovozga,
Chala qoldi suvrat.

Irmoqchalar tog’lar ko’ksida
Daryo bo’lmay birdan muzladi.
Bitmay qolgan yorqin tasvirlar
Unsiz ingrab, unsiz bo’zladi:
— Chala qoldi suvrat!

Tor uzildi, yiqildi ohang…
Nimtalandi tig’ uzra faryod.
O’lim yana chiqib muzaffar,
O’z hukmini o’qidi, hayhot!
Chala qoldi suvrat!

Achchiq sitam, so’ngsiz musibat,
Chaqmoq chaqib kezar boshimda.
Ezgulikka to’la qalblarning
Qisqa umrin kuylar qarshimda —
Chala qolgan suvrat!

U shundayin qo’shiq edi, oh!
So’ngigacha yetmagan hech zot.
Musavvirning qil qalamidan
Ko’zlariga nur olgan hayot —
Chala qolgan suvrat…

TEMIRYO’L YOSTIQLARI, BARMOQLAR VA YURAK

Ingrashib,
O’z vazifasin bajarishar, —
Og’irlik ostida qolgan,
Qoramoyda qotgan temiryo’l yostiqlari…
Barmoqlarimga qarayman.
Ular
Og’irlik ostida ingrayotgan…
Yog’och yostiqlarga o’xshabdi.
Ko’kraqda esa

Bong urar
O’z vaznidan yuz bor
ortiq yukni
Orqalab olgan pahlavon.
Yolg’iz senga ishonaman,
Manzilga yetsang ham,
Hech qachon
O’z yukingni yerga qo’yma,
Qo’yma hech kimning yelkasiga,
Mening
O’jar pahlavonim!

* * *

Bu kech yana seni ko’rdim tushimda:
Xazonlar tumani chulg’ab olibdi;
Namxush yel sochingni tarar faromush,
Go’yo atrof o’jar o’yga tolibdi,

Va menga negadir o’qtalardi musht.
Intildim sen tomon cho’qqiga oqqan —
Jilg’adek yer tirnab, sudralib behush.
Birdan tenglashtirdi meni tuproqqa
Ko’zingdan oqqan yosh — otilgan oqqush.

SUKUNAT

Men senga toshlardek,
Murdalardek
Sodiq bo’lolmasman hech qachon,
Men seni sindirmoq istaymai, sukunat.

SHE’RIYAT

1

Mehmoning emasman, yoki havasmand,
Bag’ringda kurashib yashamoqchiman,
Yagona qonuning — Yurakka bo’ysunib.

2

Xuddi shunday, bir daqiqa jim,
Kipriklarim, ehtiyot bo’ling,
Ko’zimga yolg’on kirmoqchi.

3

Qog’oz, kechir! Achchig’lanma qalamdan.
Pokligingga ishonib ketib,
Qoraytirib qo’ydim yuzingni.

 

OPPOQ YIG’I

Havasim keladi senga ey, Gilos,
Silagim keladi yashil boshingnn,
Hatto yig’lasang ham, qadding tutib g’oz,
To’kasan gullarga o’rab yoshingni.

RASHK

Mayli, ko’kda oy, quyosh
Sochaversin porlab nur
Shoh-gadoga barobar.
Sen, ey, sevgim chashmasi,
Taqlid qilma ularga.

* * *

Inson yurayotgan daraxtga o’xshar,
Atrof — yurayotgan daraxtlar bog’i.
To’rt tarafda holsiz shildirar
Ularning yurakka o’xshash yaprog’i.

Ular kuylar, o’sar, yiqilar — yurib,
Ularni qo’rqitib, to’xtatolmas tig’.
Shodlik ko’zlaridan tushar uzilib —
Urib tushirilgan mevalar yanglig’.

…Inson Yurayotgan daraxtga o’xshar,
Bag’ridagi qushlar — ozod tovushlar…

* * *

Sirg’aladi bulut noiloj,
To’xtash uchun yo’q biror asos.
Quyosh yuzin to’sgani uchun
Shamol undan olmoqda qasos.
To beg’ubor bo’lguncha osmon
To’xtamagil, shamolim, bir zum,
Chunki takror ko’rinishlarni
Ko’raverib charchadi ko’zim.

* * *

Hayday qol! Haydagil!.. Ketayin…
Jimgina o’tirma biqinib.
Nimani kutamiz — betayin,
U uxlar qalblarda berkinib.

Sen neni kutasan?
Men neni kutaman?
Nafasing yutasan,
Men tilim tutaman!

O’rtada sukunat, o’rtada jimlik,
Boshimizni egib, o’tiribmiz tek…
Haydagil! Hayday qol! Ketayin…
Kelmas u — biz kutgan betayin.

Sen ma’yus kulasan,
Men esa bilaman:
— G’alati bu holat — axir, halokat,
Sen mendan,
Men sendan kutyapmiz jasorat.

ISTAK

Huv olisda — yonib ming tusda:—
O’n sakkizga to’lmagan qizcha,
Xiyol egib nozik gavdasin,
O’pganida tollar novdasin
Daraxtga aylangim keladi.

Dast tutib ozodlik bayrog’in
Jangga kirgan xalqning o’g’loni —
Bayroqni qo’ymasdan, dushmanni mushtlab,
Yiqilgan chog’ida ko’ksini ushlab
Tuproqqa aylangim keladi.

Ona, ojiz ko’zin ufqqa tikib,
O’ltirsa marhum o’g’lini kutib
Tirilib, o’limni unutgan
Qo’liga yana qilichin tutgan —
Botirga aylangim keladi.

CHIRQILLAYOTGAN VAQT
Erkin Vohidovga

Soat nimanidir uqtirar takror,
Yurak nimadir deb mushtlar g’azabnok.
Angrayib devorga boqaman bekor,
Atrof yelka qisgan, hangu mang idrok.

Tahlikali «duk, duk!» — junjikar badan,
Vahimali «chiq, chiq!» — chirsillab yonar, —

Vakt yonar! Vaqt bu — men! Vaqtim bu — Vatan,
Vaqtim o’tgan kunlar labida so’nar…

Bosh qashir ko’zi lo’q — befarq sukunat,
Kuyib sochilsa ham vaqtu baxt kuli.
Qogoz, bosh egaman men senga yana
Savol alomati kabi bukilib.

* * *

Mana, huzuringga otlandim yana,
Har galgidek qo’llarim bo’m-bo’sh…
Qaytayapman,
Gullar,
Sovg’alar ololmadim…
Bu gal endi amallab senga
Olib ketayapman o’zimni zo’rg’a.

G’ALATI QISH

Qish…
G’aroyib qish!
Go’yo hali hech kim ko’rmag’an
G’alati bir afsonaviy tush.

Oppoq qordan qamashgan ko’zlar
O’tib ketar ruhga o’t yoqib.
Qaynab-toshgan hayajon bilan
Men uni quchaman yutoqib.

Ko’karadi so’ngan harorat,
Qalbda olov yaproq barq urar.
Qorlar aro men bilan birga
Adashadi mushtipar bahor.

QAYTISH

Onajon! Qarshi ol!
Qaytmoqda sen tomon.
Ulkan bu shaharga
Sig’magan hayajon.
Qaytyapman olgali
Qat’iyat va darmon,
Sog’inchga aylangan —
Ko’z nuring — Men — Armon!

XOTIRALAR

Ko’kda xotiralar suzib yuradi,
Bostirib kelur-u, sirg’alib o’tur.
Osmon o’tmishimni yozib turadi,
Osmon yuragimni hijjalib o’qir.

Ko’zimni kuydirib o’tar bolalik,
O’tadi gijinglab tizginsiz quvonch.
Shu botiq oynada qalqir qabarib
Tinkamni quritgan gumonli ishonch.

Takrorsiz aylanar hadsiz tasavvur,
Aylanar bir o’ksuk rangga qorishib.
Uchqur samanlardan uchadi hovur,
Xotiralar ufqi borar yorishib.

Ko’kda xotiralar suzib yuribdi,
Yopirilib kelur-u, uyg’otib ketur.

ENG SODDA KASHFIYOT

Osmonga qarab quvonib chopdim,
Tirishdim — angladim, izladim —topdim,
Titrab turgan ko’hna dunyo oyog’i
Ko’ksimizda turar juda omonat.
O’sha tovon tagi bo’shlih bo’lmasin,
O’sha tovon toysa — bo’lar qiyomat.

Qarang, Men Yer shari izmida emas,
Yer shari yasharkan mening qo’limda.
Buguni, ertasi — bor-yo’q qismati
Bog’liq ekan yurgan yo’limga.

Osmonga qarab entikib chopdim
Baqirdim: — Angladim! Qichqirdim: — Topdim! —
Vijdonni asraylik! Qulab ketmasin,
Yer shari yo’qotib tayanch nuqtasin.

FARG’ONA USHSHOG’I

Oqaradi mashriq chehrasi,
So’zlay boshlar tili chiqqan tong.
O’ngib ketgan chopon ostidan
To’rt tarafga termuladi tong.

Ifodasiz parda ortiga
Berkinar ko’k jimir-jimiri.
Boshlanadi o’zbek yurtida
Yorug’ dunyo qimir-qimiri.

Quyosh bilan barobariga
Balandlashar dunyoviy ovoz.
Ketib qolar go’yo nariga
Kecha-kunduz uyg’oq oyjuvoz.

Kishnagan payt kolxoz baytali,
Nimagadir g’ozlar g’ag’illar;

«Mo-mo»lashar kavsh qaytarib
Bostirmada serjun targ’illar.

Shunday paytlar, onam, ertalab
Xazonlarga belangan yo’ldan
Paxtazorga ketar yetaklab
Ukamlarni tutib qo’lidan.

So’ng buldiriq bosgan paykalda
Mehnat zavqin ko’rishar tatib.
Qaytishadi qosh qorayganda
Mag’rib sari tongni kuzatib.

KELAJAK

Kutganidek butun aholi,
Umid bilan kutaman tongni.
Bir o’y meni qo’ymaydi xoli: —
Kelajak go’zaldir,qachonki,
U senda yashagal mahali.

* * *

Iztirobga aylandi visol,
Iztirobga aylandi shodlik.
Mayparastlar odatiga zid,
Jonga tegdi bu bazmi jamshid.

Labing endi bir qahrabo bol,
Sadoqating esa bedodlik.
Zeriktirdi meni bu iqbol,
Ruhim istar erk va ozodlik.

Gar tushunsang, bir tinglab ko’rgil-
Ayriliqni sog’inar ko’ngil.

DALADA

Davrasiga taklif etadi
Qatlamabarg parishon tutlar.
Bolalikka o’xshab ketadi
Qatqaloqda qolgan egatlar.
Sekin izlar horg’in nigohim
Bolalikning ovloq joylarin
Va odatda tanlayman doim
Jingil bosgan zovur bo’ylarin.
Suyangancha qadrdon tutga
Kuy tinglayman, kuylar dala-tuz.
Hatto bulbul kuyi ham shunda
Qulog’imga tuyular g’aliz.

* * *

Fidoyi tog’lar ingrab yubordi,
Ingrab yubordi fidoyi tog’lar…
Osmonni ko’tarib turmoq
Oson emas shekilli…
Yengil emas shekilli osmon…

* * *

Zilol suvga tushini aytar
Qiz ko’zasin quchib, entikib.
Buloq esa bijirlab ketar:
«Senikiydi, bo’ldi meniki!»

Hamdardidan ranjigan go’zal
Yo’qotadi bir dam hushini.
Olib ketar uyiga qayta
Qiz ko’zaga olib tushini.

MINORAI QALON

Ofatlarda qaddi og’ibdi bir oz,
Ohori ham bir oz to’kilibdi-ku.
Adashding! Dunyoga razm solayotgan
Ko’ko’par zehnli Ibn Sino bu!

Bulutlarga tegib turibdi boshi,
Osmonni timdalar odmi sallasi.
Alqissa: u boboquyosh dardiga
Davo izlayotgan ayni pallasi.

O’SAETGAN TOG’LAR
Geolog do’stim Abdusalomga

O’rtanma, bu Quyosh baribir boqiy,
Faqat bir zum bulut yuzini to’sdi.
Biroq biz sevinsak arziydi, voh kim,
Osiyo tog’lari o’smoqda, do’stim.

Qara, uyg’onmoqda zamin qa’rida
Bir mahallar o’ngan toshotar Vulqon.
Bundoq sevinsang-chi, bo’lsang-chi bardam,
Osiyo tog’lari o’smoqda, o’g’lon.

Ehtimol og’irdir ma’danlar topmoq,
Qazib bermoqlik ham emasdir oson.
Biroq, kel, kulaylik, biz sevingan choq
Osiyo tog’larin o’smog’i ayon.

Manba: »Buloq ko’z ochdi» to’plami,1985

09

(Tashriflar: umumiy 1 110, bugungi 1)

Izoh qoldiring