Madrahim Mahmudov. «Katta Xorazm» muammosining o’rganilishi tarixidan

09Дунё цивилизациясининг муҳим марказларидан бўлган ва ўзбек давлатчилигининг дастлабки тамал тошлари қўйилган қадимги Хоразм тарихи жуда катта ва мураккаб илмий муаммо сифатида кўплаб олимларнинг эътиборини жалб қилиб келган. Бу нарсани биз узоқ ўтмиш садоси сифатида из қолдирган — “Катта Хоразм” давлати тарихини ўрганиш мисолида кўришимиз мумкин.

011
Мадраҳим Махмудов,
тарих фанлари доктори, профессор
“КАТТА ХОРАЗМ” ИЛМИЙ МУАММОСИНИНГ
ЎРГАНИЛИШИ ТАРИХИДАН
07

Амударё ва Орололди ҳудудида яшаётган хоразмликлар тарихи узоқ ўтмишга — IV минг йилликдан бошланган ва янги тош даври деб номланган неолитга бориб тақалади. Воҳа тарихининг билимдони академик С.П. Толстовнинг маълумотларига қараганда қадимги аждодларимиз Калтаминор, Тозабоғёп, Сувёрган, Амиробод каби улкан маданиятларни яратганлар ва узоқ ўтмишдан ёдгорлик сифатида қолдирганлар. Бу ноёб маданий мерос ва уни ўрганишга жуда кўплаб олимлар ўз ҳиссасини қўшганлар.

Дунё цивилизациясининг муҳим марказларидан бўлган ва ўзбек давлатчилигининг дастлабки тамал тошлари қўйилган қадимги Хоразм тарихи жуда катта ва мураккаб илмий муаммо сифатида кўплаб олимларнинг эътиборини жалб қилиб келган. Бу нарсани биз узоқ ўтмиш садоси сифатида из қолдирган — “Катта Хоразм” давлати тарихини ўрганиш мисолида кўришимиз мумкин.

Мазкур давлат бирлашмаси ҳақидаги дастлабки маълумотлар грек ва форс ёзма манбаларида учрайди. Мил. олд. VII–VI асрларда Қуйи Амударё, Зарафшон ва Тажан дарёси ҳавзаларида яшаётган қабилалар “хорасмийлар” номли халқ атрофига бирлашишган ва конфедерация (уюшма) шаклидаги дастлабки давлатлардан бирини ташкил этишган. Ҳарбий демократия принципларига асосланган бу давлат аҳолиси узоқ йиллар давомида Ассирия, Мидия ва Эрон аҳмонийлари ҳуружларига қарши кураша олган.

“Катта Хоразм” конфедерациясида етакчи бўлган “хорасмийлар” ҳақидаги маълумотлар Кичик Осиёлик тарихчи Гекатей Милетскийнинг “Ер тасвири” асарида учрайди. Бу халқ Эрон давлати ҳудудидаги парфийлардан шарқдаги ерларда яшаган ва уларнинг “Хорасмия” номли шаҳри бўлган экан.

“Тарих отаси” деб тан олинган ва 9 қисмдан иборат “Тарих” номли асар ёзган Геродот (480-425) аҳмонийлар давлатининг XVI сатрапиясига (вилояти) кирган халқлар орасида парфияликлар, сўғдлар, арийлар билан бирга хоразмийлар ҳам борлигини кўрсатади . Бу халқнинг номи Доро I томонидан мил. олд. 517-515 йилларда Беҳистун қоя тошига туширилган ёзувларда ҳам қайд қилинган.

Буюк Геродот хоразмийлар ерларини сув билан таъминлайдиган йирик дарё ҳақида маълумотлар қолдирган. “Атрофи тоғлар билан ўралган водийдан Акес дарёси оқиб ўтади — деб ёзади у. — Бу водий қачонлардир хоразмликлар қўлида бўлган, у парфийлар, саранглар, фамонийлар чегарасида бўлиб, уларнинг ерларини суғорган. Ҳокимиятга форслар келгач, бу водий подшо қўлига ўтган” . Қадимги Акес дарёсининг ҳозирги номи ҳақида олимлар орасида ягона бир фикр йўқ. Уларнинг айримлари бу дарёни Тажан, Герируд, яна бошқа бирлари эса — Амударёнинг номи билан боғлайди.

“Катта Хоразм” муаммосини ўрганиш бир неча даврларга бўлинади. Унинг дастлабки босқичи — ёзма манбалар, биринчи навбатда “Авесто”ни ўрганиш билан боғлиқ бўлган. 1873 йилда Венада “Хоразм тарихи ва хронологиясига доир” номли китобни нашр қилдирган немис тилшунос олими Эдуард Захау “Авесто”да кўрсатилган “Кайризао” мамлакати қадимги Хоразм деб таъкидлаган. Яна бир немис олими Йожеф Маркварт паҳлавий анъаналарида зардуштийларнинг Хоразмга кўп эътибор берганликларини инобатга олиб, бу ер “Авесто”да бир марта тилга олинишига қарамай, у бошқа ном остида берилган деган ҳулосага келади. Олим “Авесто”даги “Аръянем Вайчах”нинг географик ўрнини Хоразм билан солиштиради ва бу афсонавий мамлакат ўзига бир неча қабилаларни бирлаштирган Хоразм подшоҳлиги, яъни “Катта Хоразм” деган илмий тахминни 1901 йилда илгари суради . Й.Марквартнинг фикрини В.В.Бартольд, Киссилинг, С.П.Толстов, Я.F.Fуломов, М.Г.Воробьева ва бошқа олимлар қувватлашган ҳамда географик жиҳатдан мазкур давлат ҳудуди Хоразм ерларига тўғри келиши ҳақидаги тахминни илгари сурганлар.

“Катта Хоразм” муаммосини ечиш учун европалик олимлар олиб борган тадқиқотларда икки йўналиш кўзга ташланади. Бир қатор олимлар “Катта Хоразм” давлат бирлашмаси ҳозирги Хоразм воҳасида вужудга келган бўлиб, унинг таъсир доираси Шимолий Афғонистон ва Шарқий Эронга қадар ёйилган деб ҳисобласалар (Маркварт, Киссилинг, Томашек), иккинчи йўналиш тарафдорлари (Тарн, Альтхайм, Гершевич, Хеннинг) эса хорасмийлар дастлаб Марв ёки Ҳирот атрофида яшаган, сўнгра эса форслар тазйиқи остида шимолга — Қуйи Амударё бўйларига кўчишга мажбур бўлганлар деган фикрни қувватлайдилар.

1938 йилда Й.Маркварт ва В.Тарн исмли олимларнинг янги йирик илмий ишлари нашр қилинди. Й.Маркварт ўзининг олдинги ғоясини чуқурлаштириб, “Авесто” маълумотларини грек ёзма манбалари билан таққослайди ҳамда Геродотнинг фикрлари асосида Ўрта Осиё ва Хуросоннинг кенг ҳудудларида аҳмонийлардан олдин қудратли Хоразм подшоҳлиги мавжуд бўлган деган фикрни исботлайди.

И.Марквартнинг тадқиқотларидан беҳабар бўлган шарқшунос В.Тарн “Хорасмия” деб номланган подшоҳлик мавжуд бўлган, деган ғояни илгари суради. У географ Страбоннинг парслари, Гекатей Милетский, Геродот ва Аррианнинг асарларидаги хорасмийлар ҳақидаги фикрларни бир бири билан боғлаб, хорасмийлар Парфия ва Бактрия оралиғида, аниқроғи Марв ёки Ҳирот атрофларида яшаганлар деб хулоса чиқаради.

“Катта Хоразм” ҳақидаги тасаввурларни шарқшунос Ф.Альтхайм кенгайтирган. У хорасмийлар дастлаб Хуросон тоғлари водийларида яшаганлар ва уларнинг энг яхши ерларини форслар тортиб олганларидан сўнг, Амударё бўйларига кўчишга мажбур бўлганлар деган фикрни илгари сурган.

Бу тахминни европалик олимлардан В.Хеннинг ва И.Гершевич қўллаб-қувватлашган. Лингвинист В.Хеннинг “Авесто” тили билан Хоразм тилини бир бири билан таққослаб, уларнинг яқинлигини аниқлаган. “Авесто”даги сўзлар ғарбий Эрон тилига ҳам, шарқий Эрон тилига ҳам ўхшамас экан. Шу боисдан олим “Авесто”даги дастлабки муқаддас мадҳиялар — “Гатлар” Марв ёки Ҳирот атрофларида, кейингилари эса Сейистонда яшаган халқлар тилига яқин шевада ёзилган деб ҳисоблайди.

“Катта Хоразм” мавзусининг ўрганишдаги иккинчи босқич — археологик тадқиқотлар билан бевосита боғлиқ бўлган. Бу муаммони ўрганишга академик С.П.Толстов катта ҳисса қўшган. У “Катта Хоразм”нинг мавжуд бўлганлигини исботлаш учун дастлаб ёзма маълумотларга, хусусан Хитой ва араб манбаларига ҳам мурожаат қилди. Натижада “Авесто”да тилга олинган “Қанға” ва “Айръянем Вайчах” ҳудудлари Хоразмнинг географик ўрнига мос келишини аниқлади. Олим Хоразм ҳудудидаги мил. олд. VII-VI асрларга оид йирик ирригация иншоотлари — Давдон, Чермонёп, Гавҳўра каналлари ва уларнинг яқинидаги Кўзалиқир ва Қалълиқирдан топилган моддий манбаларни “Катта Хоразм” давлати тарихи билан боғлашга харакат қилди. Натижада у “Авесто”да мавжуд “Квадрат Вара”нинг тасвири билан қадимги Хоразм қалъаларининг қурилиш услубидаги ўхшаш томонлар борлигини аниқлашга муваффақ бўлди.

Аммо барча олимлар ҳам С.П.Толстовнинг фикрини ёқлашмаган. Ҳусусан, Жанубий Туркман археологик экспедицияси бошлиғи, академик В.М.Массон кўп йиллик тадқиқотлари асосида Хоразмда давлат шаклидаги қабилалар уюшмаси бўлганлиги ҳақидаги фикрларини шубҳа остига олади.

Академик С.П.Толстовнинг “Катта Хоразм” давлати ва унинг суғориш иншоотлари ҳақидаги ғояларини қадимги Хоразмнинг суғориш тарихини чуқур ўрганган олим Я.F.Fуломов қўллаб-қувватлади ва уни янги археологик тадқиқотлар хулосалари билан тасдиқлади. Олимнинг фикрича, Геродотнинг Акес дарёси ҳақидаги маълумоти ноаниқ бўлиши билан бирга, бўрттириб ҳам берилган. Чунки Акес дарёси ҳозирги жанубий Туркманистондаги Тажан ёки Атрек дарёси водийларига ўхшайди. Ҳолбуки ўз навбатида хоразмликлар ундан фойдалана олмаганлар. Геродот тасвирланган сувни каналларга бўлувчи мураккаб тўғоннинг аҳмонийлар ҳукмронлиги даврида Амударёда қурилганлиги ҳам шубҳа туғдиради. Хоразмда йирик каналлар мил. олд. I минг йиллик ўрталарида, яъни “Хоразм-Массагет” иттифоқи ташкил топгандан кейинги даврда бунёд этилган. Хоразмликлар Жанубий Туркманистон ерларини босиб олиб, бу ҳудуд учун аҳмонийлар Эрони билан кураш олиб борганлар .

“Катта Хоразм” муаммосини ўрганишга И.М.Дьяконов ва М.Г.Воробьева катта ҳисса қўшган. Хоразмнинг архаик маданиятига оид 300 дан ортиқ манзилгоҳлар мавжудлиги ва уларнинг жанубий Туркманистон маданиятига ўхшаш умумий томонлари борлигини аниқлаган археолог М.Г.Воробьева “Катта Хоразм” давлати чегараларини белгилашга муваффақ бўлди. Олиманинг фикрича бу давлатнинг чегараси жанубда Амударёнинг ўрта оқимида жойлашган Қўшқалъа ва Одойтепа оралиғидан, шимолда — Орол денгизи “ва ғарбда — Сариқамиш кўли яқинидан ўтган .

“Қадимги Хоразм” муаммоси тадқиқотчилари орасида хоразмликларнинг асли ватани қаерда бўлган деган масалада ҳам ягона фикр йўқ. Хусусан, бир гуруҳ олимлар (С.П.Толстов, Я.F.Fуломов, И.М.Дьяконов, М.Г.Воробьева) хоразмликлар Амударёнинг қуйи оқимидаги Хоразм воҳасида яшаб, жанубий Туркманистонгача бўлган ҳудудда ҳукмронлик қилганлар деб ҳисобласалар, яна бирлари (В.М.Массон, И.В.Пьянков, Б.F.Fофуров, Б.И.Вайнберг, А.С.Сагдуллаев, Л.С.Толстова) хоразмликлар Тажан–Герируд дарёлари ҳавзаларида яшашган ва кейинчалик қандайдир тазйиқ остида шимолга — ҳозирги Хоразм ҳудудига кўчиб келганлар, деб таъкидлайдилар.

“Катта Хоразм” тарихига оид янги маълумотларни профессор Б.И.Вайнберг ўрганди. У мил. олд. 674 йилга оид Асарҳоддон ёзувларида Оссурия давлатига қарам бўлган шарқдаги энг узоқ ўлка — Хореана (Хоразм) ҳақида ёзма маълумот борлигини аниқлади. Олим Хореанадаги Колес–Мура дарёсининг тасвири Геродотнинг Акес дарёси ҳақидаги маълумотларига мос келиши, шимолий Эрон ҳудудида яшаган хоразмликлар ассирияликлар тазйиқи остида Ўрта Осиёнинг жанубий вилоятларига кўчишга мажбур бўлганлар деган фикрни илгари сурди .

Мил. олд. VII асрнинг биринчи ярмига тўғри келган бу кўчиш вақтида хорасмийларнинг бир қисми Қуйи Амударё ҳавзасига, аксарияти эса — Оқчадарё атрофига келиб ўрнашган. Б.И.Вайнбергнинг бу тахминлари грек географи Страбоннинг маълумотлари билан тасдиқланади. Маҳаллий массагет ва улар яшаган ҳудудга келган хорасмийларнинг ерли аҳоли билан аралашиб кетиши натижасида бир-бирига ўхшамайдиган икки маданиятни — амиробод ва қуйисой маданиятини вужудга келтирган.

Этнограф Л.С.Толстова хоразмликларнинг янги ерларга кўчиб келиш ҳақидаги маълумотларни ўзбек ва қорақалпоқлар орасидаги ривоятлар билан боғлаб ўрганган . Дастлаб Марв атрофларида яшаган хоразмликлар Амударё бўйларига кўчиб келганларидан сўнг, мил. олд. VII асрда (ал-Беруний маълумотларига қараганда мил. олд 1202 йилда) кайёнийлар сулоласи вакили Сиёвушнинг ўғли Кайҳусров бошчилигида илк давлатга асос солганлар.

“Катта Хоразм” ҳақидаги европалик олимлар томонидан илгари сурилган фикрни таҳлил қилган археолог А.С.Сагдуллаев Хоразм давлати бирлашмасининг пойтахти деб тахмин қилинаётган Кўзалиқир қалъаси мудофаа деворлари билан Бактриядаги қадимги Қизилтепа девори орасида ўхшашлик борлигини исботлади. Олим Хоразмнинг архаик давр маданияти объектив асосда Ўрта Осиёнинг жанубидаги халқлар ёдгорликларига яқин деб кўрсатади .

Кўриниб турибдики, қадимда “Катта Хоразм” қабилалар конфедерацияси мавжуд бўлганлигини кўпгина тадқиқотчилар эътироф этсалар–да, улар орасида ягона бир фикр йўқ . Янги манбаларнинг тадқиқ қилиниши Хоразм тарихида из қолдирган аждодларимиз ўтмишини ҳаққоний ёритиш ва маданий қадриятларимизни тиклашга хизмат қилади.

023

011
Madrahim Maxmudov,
tarix fanlari doktori, professor
“KATTA XORAZM” ILMIY MUAMMOSINING
O’RGANILISHI TARIXIDAN
07

Amudaryo va Orololdi hududida yashayotgan xorazmliklar tarixi uzoq o’tmishga — IV ming yillikdan boshlangan va yangi tosh davri deb nomlangan neolitga borib taqaladi. Voha tarixining bilimdoni akademik S.P. Tolstovning ma’lumotlariga qaraganda qadimgi ajdodlarimiz Kaltaminor, Tozabog’yop, Suvyorgan, Amirobod kabi ulkan madaniyatlarni yaratganlar va uzoq o’tmishdan yodgorlik sifatida qoldirganlar. Bu noyob madaniy meros va uni o’rganishga juda ko’plab olimlar o’z hissasini qo’shganlar.

Dunyo sivilizatsiyasining muhim markazlaridan bo’lgan va o’zbek davlatchiligining dastlabki tamal toshlari qo’yilgan qadimgi Xorazm tarixi juda katta va murakkab ilmiy muammo sifatida ko’plab olimlarning e’tiborini jalb qilib kelgan. Bu narsani biz uzoq o’tmish sadosi sifatida iz qoldirgan — “Katta Xorazm” davlati tarixini o’rganish misolida ko’rishimiz mumkin.

Mazkur davlat birlashmasi haqidagi dastlabki ma’lumotlar grek va fors yozma manbalarida uchraydi. Mil. old. VII–VI asrlarda Quyi Amudaryo, Zarafshon va Tajan daryosi havzalarida yashayotgan qabilalar “xorasmiylar” nomli xalq atrofiga birlashishgan va konfederatsiya (uyushma) shaklidagi dastlabki davlatlardan birini tashkil etishgan. Harbiy demokratiya printsiplariga asoslangan bu davlat aholisi uzoq yillar davomida Assiriya, Midiya va Eron ahmoniylari hurujlariga qarshi kurasha olgan.

“Katta Xorazm” konfederatsiyasida yetakchi bo’lgan “xorasmiylar” haqidagi ma’lumotlar Kichik Osiyolik tarixchi Gekatey Miletskiyning “Er tasviri” asarida uchraydi. Bu xalq Eron davlati hududidagi parfiylardan sharqdagi yerlarda yashagan va ularning “Xorasmiya” nomli shahri bo’lgan ekan.

“Tarix otasi” deb tan olingan va 9 qismdan iborat “Tarix” nomli asar yozgan Gerodot (480-425) ahmoniylar davlatining XVI satrapiyasiga (viloyati) kirgan xalqlar orasida parfiyaliklar, so’g’dlar, ariylar bilan birga xorazmiylar ham borligini ko’rsatadi . Bu xalqning nomi Doro I tomonidan mil. old. 517-515 yillarda Behistun qoya toshiga tushirilgan yozuvlarda ham qayd qilingan.

Buyuk Gerodot xorazmiylar yerlarini suv bilan ta’minlaydigan yirik daryo haqida ma’lumotlar qoldirgan. “Atrofi tog’lar bilan o’ralgan vodiydan Akes daryosi oqib o’tadi — deb yozadi u. — Bu vodiy qachonlardir xorazmliklar qo’lida bo’lgan, u parfiylar, saranglar, famoniylar chegarasida bo’lib, ularning yerlarini sug’organ. Hokimiyatga forslar kelgach, bu vodiy podsho qo’liga o’tgan” . Qadimgi Akes daryosining hozirgi nomi haqida olimlar orasida yagona bir fikr yo’q. Ularning ayrimlari bu daryoni Tajan, Gerirud, yana boshqa birlari esa — Amudaryoning nomi bilan bog’laydi.

“Katta Xorazm” muammosini o’rganish bir necha davrlarga bo’linadi. Uning dastlabki bosqichi — yozma manbalar, birinchi navbatda “Avesto”ni o’rganish bilan bog’liq bo’lgan. 1873 yilda Venada “Xorazm tarixi va xronologiyasiga doir” nomli kitobni nashr qildirgan nemis tilshunos olimi Eduard Zaxau “Avesto”da ko’rsatilgan “Kayrizao” mamlakati qadimgi Xorazm deb ta’kidlagan. Yana bir nemis olimi Yojef Markvart pahlaviy an’analarida zardushtiylarning Xorazmga ko’p e’tibor berganliklarini inobatga olib, bu yer “Avesto”da bir marta tilga olinishiga qaramay, u boshqa nom ostida berilgan degan hulosaga keladi. Olim “Avesto”dagi “Ar’yanem Vaychax”ning geografik o’rnini Xorazm bilan solishtiradi va bu afsonaviy mamlakat o’ziga bir necha qabilalarni birlashtirgan Xorazm podshohligi, ya’ni “Katta Xorazm” degan ilmiy taxminni 1901 yilda ilgari suradi . Y.Markvartning fikrini V.V.Bartol`d, Kissiling, S.P.Tolstov, YA.F.Fulomov, M.G.Vorob`eva va boshqa olimlar quvvatlashgan hamda geografik jihatdan mazkur davlat hududi Xorazm yerlariga to’g’ri kelishi haqidagi taxminni ilgari surganlar.

“Katta Xorazm” muammosini yechish uchun yevropalik olimlar olib borgan tadqiqotlarda ikki yo’nalish ko’zga tashlanadi. Bir qator olimlar “Katta Xorazm” davlat birlashmasi hozirgi Xorazm vohasida vujudga kelgan bo’lib, uning ta’sir doirasi Shimoliy Afg’oniston va Sharqiy Eronga qadar yoyilgan deb hisoblasalar (Markvart, Kissiling, Tomashek), ikkinchi yo’nalish tarafdorlari (Tarn, Al`txaym, Gershevich, Xenning) esa xorasmiylar dastlab Marv yoki Hirot atrofida yashagan, so’ngra esa forslar tazyiqi ostida shimolga — Quyi Amudaryo bo’ylariga ko’chishga majbur bo’lganlar degan fikrni quvvatlaydilar.

1938 yilda Y.Markvart va V.Tarn ismli olimlarning yangi yirik ilmiy ishlari nashr qilindi. Y.Markvart o’zining oldingi g’oyasini chuqurlashtirib, “Avesto” ma’lumotlarini grek yozma manbalari bilan taqqoslaydi hamda Gerodotning fikrlari asosida O’rta Osiyo va Xurosonning keng hududlarida ahmoniylardan oldin qudratli Xorazm podshohligi mavjud bo’lgan degan fikrni isbotlaydi.

I.Markvartning tadqiqotlaridan behabar bo’lgan sharqshunos V.Tarn “Xorasmiya” deb nomlangan podshohlik mavjud bo’lgan, degan g’oyani ilgari suradi. U geograf Strabonning parslari, Gekatey Miletskiy, Gerodot va Arrianning asarlaridagi xorasmiylar haqidagi fikrlarni bir biri bilan bog’lab, xorasmiylar Parfiya va Baktriya oralig’ida, aniqrog’i Marv yoki Hirot atroflarida yashaganlar deb xulosa chiqaradi.

“Katta Xorazm” haqidagi tasavvurlarni sharqshunos F.Al`txaym kengaytirgan. U xorasmiylar dastlab Xuroson tog’lari vodiylarida yashaganlar va ularning eng yaxshi yerlarini forslar tortib olganlaridan so’ng, Amudaryo bo’ylariga ko’chishga majbur bo’lganlar degan fikrni ilgari surgan.

Bu taxminni yevropalik olimlardan V.Xenning va I.Gershevich qo’llab-quvvatlashgan. Lingvinist V.Xenning “Avesto” tili bilan Xorazm tilini bir biri bilan taqqoslab, ularning yaqinligini aniqlagan. “Avesto”dagi so’zlar g’arbiy Eron tiliga ham, sharqiy Eron tiliga ham o’xshamas ekan. Shu boisdan olim “Avesto”dagi dastlabki muqaddas madhiyalar — “Gatlar” Marv yoki Hirot atroflarida, keyingilari esa Seyistonda yashagan xalqlar tiliga yaqin shevada yozilgan deb hisoblaydi.

“Katta Xorazm” mavzusining o’rganishdagi ikkinchi bosqich — arxeologik tadqiqotlar bilan bevosita bog’liq bo’lgan. Bu muammoni o’rganishga akademik S.P.Tolstov katta hissa qo’shgan. U “Katta Xorazm”ning mavjud bo’lganligini isbotlash uchun dastlab yozma ma’lumotlarga, xususan Xitoy va arab manbalariga ham murojaat qildi. Natijada “Avesto”da tilga olingan “Qang’a” va “Ayr’yanem Vaychax” hududlari Xorazmning geografik o’rniga mos kelishini aniqladi. Olim Xorazm hududidagi mil. old. VII-VI asrlarga oid yirik irrigatsiya inshootlari — Davdon, Chermonyop, Gavho’ra kanallari va ularning yaqinidagi Ko’zaliqir va Qal’liqirdan topilgan moddiy manbalarni “Katta Xorazm” davlati tarixi bilan bog’lashga xarakat qildi. Natijada u “Avesto”da mavjud “Kvadrat Vara”ning tasviri bilan qadimgi Xorazm qal’alarining qurilish uslubidagi o’xshash tomonlar borligini aniqlashga muvaffaq bo’ldi.

Ammo barcha olimlar ham S.P.Tolstovning fikrini yoqlashmagan. Hususan, Janubiy Turkman arxeologik
ekspeditsiyasi boshlig’i, akademik V.M.Masson ko’p yillik tadqiqotlari asosida Xorazmda davlat shaklidagi qabilalar uyushmasi bo’lganligi haqidagi fikrlarini shubha ostiga oladi.

Akademik S.P.Tolstovning “Katta Xorazm” davlati va uning sug’orish inshootlari haqidagi g’oyalarini qadimgi Xorazmning sug’orish tarixini chuqur o’rgangan olim YA.F.Fulomov qo’llab-quvvatladi va uni yangi arxeologik tadqiqotlar xulosalari bilan tasdiqladi. Olimning fikricha, Gerodotning Akes daryosi haqidagi ma’lumoti noaniq bo’lishi bilan birga, bo’rttirib ham berilgan. Chunki Akes daryosi hozirgi janubiy Turkmanistondagi Tajan yoki Atrek daryosi vodiylariga o’xshaydi. Holbuki o’z navbatida xorazmliklar undan foydalana olmaganlar. Gerodot tasvirlangan suvni kanallarga bo’luvchi murakkab to’g’onning ahmoniylar hukmronligi davrida Amudaryoda qurilganligi ham shubha tug’diradi. Xorazmda yirik kanallar mil. old. I ming yillik o’rtalarida, ya’ni “Xorazm-Massaget” ittifoqi tashkil topgandan keyingi davrda bunyod etilgan. Xorazmliklar Janubiy Turkmaniston yerlarini bosib olib, bu hudud uchun ahmoniylar Eroni bilan kurash olib borganlar .

“Katta Xorazm” muammosini o’rganishga I.M.D`yakonov va M.G.Vorob`eva katta hissa qo’shgan. Xorazmning arxaik madaniyatiga oid 300 dan ortiq manzilgohlar mavjudligi va ularning janubiy Turkmaniston madaniyatiga o’xshash umumiy tomonlari borligini aniqlagan arxeolog M.G.Vorob`eva “Katta Xorazm” davlati chegaralarini belgilashga muvaffaq bo’ldi. Olimaning fikricha bu davlatning chegarasi janubda Amudaryoning o’rta oqimida joylashgan Qo’shqal’a va Odoytepa oralig’idan, shimolda — Orol dengizi “va g’arbda — Sariqamish ko’li yaqinidan o’tgan .

“Qadimgi Xorazm” muammosi tadqiqotchilari orasida xorazmliklarning asli vatani qaerda bo’lgan degan masalada ham yagona fikr yo’q. Xususan, bir guruh olimlar (S.P.Tolstov, YA.F.Fulomov, I.M.D`yakonov, M.G.Vorob`eva) xorazmliklar Amudaryoning quyi oqimidagi Xorazm vohasida yashab, janubiy Turkmanistongacha bo’lgan hududda hukmronlik qilganlar deb hisoblasalar, yana birlari (V.M.Masson, I.V.P`yankov, B.F.Fofurov, B.I.Vaynberg, A.S.Sagdullaev, L.S.Tolstova) xorazmliklar Tajan–Gerirud daryolari havzalarida yashashgan va keyinchalik qandaydir tazyiq ostida shimolga — hozirgi Xorazm hududiga ko’chib kelganlar, deb ta’kidlaydilar.

“Katta Xorazm” tarixiga oid yangi ma’lumotlarni professor B.I.Vaynberg o’rgandi. U mil. old. 674 yilga oid Asarhoddon yozuvlarida Ossuriya davlatiga qaram bo’lgan sharqdagi eng uzoq o’lka — Xoreana (Xorazm) haqida yozma ma’lumot borligini aniqladi. Olim Xoreanadagi Koles–Mura daryosining tasviri Gerodotning Akes daryosi haqidagi ma’lumotlariga mos kelishi, shimoliy Eron hududida yashagan xorazmliklar assiriyaliklar tazyiqi ostida O’rta Osiyoning janubiy viloyatlariga ko’chishga majbur bo’lganlar degan fikrni ilgari surdi .

Mil. old. VII asrning birinchi yarmiga to’g’ri kelgan bu ko’chish vaqtida xorasmiylarning bir qismi Quyi Amudaryo havzasiga, aksariyati esa — Oqchadaryo atrofiga kelib o’rnashgan. B.I.Vaynbergning bu taxminlari grek geografi Strabonning ma’lumotlari bilan tasdiqlanadi. Mahalliy massaget va ular yashagan hududga kelgan xorasmiylarning yerli aholi bilan aralashib ketishi natijasida bir-biriga o’xshamaydigan ikki madaniyatni — amirobod va quyisoy madaniyatini vujudga keltirgan.

Etnograf L.S.Tolstova xorazmliklarning yangi yerlarga ko’chib kelish haqidagi ma’lumotlarni o’zbek va qoraqalpoqlar orasidagi rivoyatlar bilan bog’lab o’rgangan . Dastlab Marv atroflarida yashagan xorazmliklar Amudaryo bo’ylariga ko’chib kelganlaridan so’ng, mil. old. VII asrda (al-Beruniy ma’lumotlariga qaraganda mil. old 1202 yilda) kayyoniylar sulolasi vakili Siyovushning o’g’li Kayhusrov boshchiligida ilk davlatga asos solganlar.

“Katta Xorazm” haqidagi yevropalik olimlar tomonidan ilgari surilgan fikrni tahlil qilgan arxeolog A.S.Sagdullaev Xorazm davlati birlashmasining poytaxti deb taxmin qilinayotgan Ko’zaliqir qal’asi mudofaa devorlari bilan Baktriyadagi qadimgi Qiziltepa devori orasida o’xshashlik borligini isbotladi. Olim Xorazmning arxaik davr madaniyati ob’ektiv asosda O’rta Osiyoning janubidagi xalqlar yodgorliklariga yaqin deb ko’rsatadi .

Ko’rinib turibdiki, qadimda “Katta Xorazm” qabilalar konfederatsiyasi mavjud bo’lganligini ko’pgina tadqiqotchilar e’tirof etsalar–da, ular orasida yagona bir fikr yo’q . Yangi manbalarning tadqiq qilinishi Xorazm tarixida iz qoldirgan ajdodlarimiz o’tmishini haqqoniy yoritish va madaniy qadriyatlarimizni tiklashga xizmat qiladi.

023

(Tashriflar: umumiy 2 225, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ман устозим Махмудовга миннатдорчилик билдираман.

Izoh qoldiring