Nasiba Bozorova. Ustozni eslab… & Ustoz Ibrohim Haqqul «Ko`ngil obodligi» teledasturida

09Устоз оддий, том маънода олимона ҳаёт кечирди, обрў, мартаба, унвон ва ҳашам ортидан қувмади, талашиб-тортишгани фақат ҳақ сўз, илм ва адабиёт бўлди…

УСТОЗНИ ЭСЛАБ…
Насиба БОЗОРОВА
Тошкент давлат юридик университети
Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти


Қалбингизда хотира уйғонар экан ўз-ўзидан соғинч туясиз. Айниқса йўқотган инсонларингизни соғинганингиз сари хотиротнинг олис-яқин манзаралари шуурингизда рангсиз суратларда жонланаверади. Бу манзаралар рангсиз бўлса-да сизга энг яхши, энг сокин, энг бахтли дамларни, сўзларни, воқеа-ҳолатларни тортиқ этади. Турмуш ташвишлари, югур-югурлар билан чарчаган борлиғингизда бир лаҳза енгиллик туясиз. Шунда мангулик сари йўл олган яқинларингиз сизнинг қалбингизда, хаёлингизда, шуурингизнинг бир бурчида мудом яшаётганини ҳис қиласиз…

Соғинганимиз устоз Иброҳим Ҳаққул адабиётшунос дарғалардан эди. У ўзи ёзганидек Адабиёт орқали Ақл, Юрак, Руҳ, Тафаккур, Тасаввур, Тахайюл манзилларини сайр этиб, адабиётнинг чин толиби ва муҳиби ўлароқ яшаб, сўз сеҳри ва жозибасидан туғилган ҳайрат ва кашфиётлари билан кўпчиликнинг қалбида бадиий сўзга муҳаббат уйғотган муаллим эди. Иброҳим Ҳаққул қалбидаги чексиз ёлғизлик, изтироб, дард ва оғриқни фақат Адабиёт билан бўлишди: завқ туйса сўздан топди, ғамга ботса – сўзга юкинди; кўнгил билан фикрлаб, ақл билан ҳис қилинганларини қоғозга тўкди.

Устоз оддий, том маънода олимона ҳаёт кечирди, обрў, мартаба, унвон ва ҳашам ортидан қувмади, талашиб-тортишгани фақат ҳақ сўз, илм ва адабиёт бўлди. Баъзида кескин сўзи ила, баъзан шогирдлар важидан кимлар биландир яхши-ёмон бўлди, аммо ўзи учун ҳеч кимдан ҳеч нима тиланмади. Билъакс умрининг энг сўнгги лаҳзасигача бор кучини адабиётга, унинг сирларини тадқиқ этишга ва билганларини толиби илмларга етказишга сарфлади.

Кун ўтган сари қалбимизда Иброҳим Ҳаққул соғинчи ортиб бормоқда. Биз шогирдлар ўзаро кўришиб қолсак, аксар суҳбатимиз Устоз ҳақида, у кишининг гаплари, юришлари, кулишлари, давраларни тўлдириб ўтиришлари ҳақида бўлади. Шундай хотиралардан бирини қоғозга туширмоқни лозим топдим, зеро, ундан ҳар қандай устоз шогирд тарбиясига доир ибрат олиши мумкин.

Устозимиз Иброҳим Ҳаққул меҳмондўст, дилкаш суҳбатдош, айниқса, шогирдлари билан бир давра бўлиб ўтиришдан жуда шодланарди. У кишининг суҳбатидан бизнинг ҳам кўнгилларимиз яйрарди. Шундан бўлса керак турли байрам важи билан дийдорлашув ташкил этардик. Шогирдлар Қўқону Хоразм, Бухоро-ю Навоий демай дарров етиб келарди. Байрам бир баҳона, асл муддао устозимиз Иброҳим Ҳаққул суҳбатларидан баҳра олиш, у кишининг қайноқ меҳр булоғидан қониш бўларди.

Бир гал 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни сабаб йиғилишимизни устознинг Дўрмон боғидаги ҳовлиларида ўтказишга қарор қилдик. Бундан устознинг баҳри дили очилиб: “Тўй-тўйдай бўлсин, байрамга Тўра ака, билан Жамол акани ҳам чақирамиз”, –деди. Бу айни муддао эди, чунки суҳбатимиз академик Тўра Мирзаев ва Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол билан янада мароқли бўларди. Бу таклифни ҳамма бир овоздан қувватлади. Устозимиз ҳар галгидек: “Сизларни ўзим меҳмон қиламан”,– дея боғ этагида қозон-ўчоқ осишга шошилди. Аслида таомни биз тайёрласак-да қозон бошида туриб, ўргатиб туришдан, йўл-йўриқ кўрсатишдан устоз бошқача завқ олар эди. Шогирдлар орасидан кўпинча Зулайҳо Раҳмонова ва мен ош-овқатга қарардик. Бу гал Зулайҳо йиғинга кеч келадиган бўлди. Шу боис паловхонтўрани тайёрлаш ўзимизга қолди. Домла меҳмон кутаётганда овқат масаласида ниҳоятда инжиқ эдилар. Ош оби-тобида у кишининг сўзича, “гуручи гапириб турадиган” бўлмаса, ҳисобмасди. Хавотирга тушиб: “Зулайҳо келмади, уддалай оласизми ўзингиз?” – дедилар. Менинг: “Домла, кўнглингиз хотиржам бўлсин, ошимиз Худо хоҳласа, яхши чиқади”, – дейишимга қарамай, ҳали ўчоққа, ҳали қозонга назар солар, “ишқилиб, ёмон бўлмасин, – деб меҳмонхона ва боғ орасига тинмай бориб-келиб, – гўшти ҳил-ҳил пишсин, гуручни яхши ювинг, сувини кўп солманг, – дея танбеҳ бериб турардилар. –Агар ош яхши чиқмаса, мен аралашмадим, Насиба ўзи пиширди, дейман”, – деб ҳам қўярдилар. Домланинг аёллари эса секингина “Домлангизнинг инжиқликларини биласиз-ку, ош дим зўр бўлади, қўрқмай қилаверинг”, – дея далда бериб, руҳлантириб қўярди. Хуллас, меҳмонлар жамулжам бўлиб келди. Дарвозадан кираверишдаги чап томондаги меҳмонхона шогирдлар билан тўлди. Анвойи ноз-неъматлар билан тузалган дастурхонга ҳеч ким қарамас, ҳамма Устозларнинг сўзини жон қулоғи билан тингларди. Гап марказида сўз адабиёт, адабиётнинг жамиятга таъсири, шеър, шоирлик, илм ва ирфон ҳақида борарди. Суҳбатга чин олимлик матлаби, илм йўлида хизмат қилган устозлар, уларнинг изланишлари, ҳашамга бурканмаган оддий, камтарона ҳаёт тарзи, ҳангомалари, айниқса домламизнинг ҳар бир ҳолатга мос ё ҳазрат Навоийдан, ё Рауф Рарфи ёки Абдулла Орифдан мисра-байтлар келтириши ўзгача руҳ бахш этарди. Қадимул айёмдан устозлар суҳбати кимё саналган. Устоз файзи сабаб шогирд қалби нурланган, занглаб ётган тасаввурлар жонланган. Биз ҳам устозлар файзи ила файзиёб бўлиб, суҳбатга ғарқ бўлгандан вақт қандай ўтганини сезмай қолибмиз. Бир вақт домла: “Ош нима бўлди?” – дегандек менга қарадилар. Тушундим, демак, ошни сузиш керак. Шогирд қизлардан Гулчеҳра опа ва Зулайҳо билан биргаликда қозон бошига бордик. Дамлаб қўйилган ош қопқоғини очдик. Ошмисан ош бўлибди, гуручлар домланинг сўзларича, гапириб турарди. Бундан хабари йўқ домла меҳмонларга “ошга (ош айтгандек чиқмаган деган ўйда) мен аралашмадим”, деб турганларида лаганларда сузилган ош дастурхонга тортилди. Ошни кўриб Устоз: “Шакли, кўриниши тузук, энди гап мазмунида” дея ҳаммани ошдан олишга чақирдилар. Мен юрак ютиб, устознинг баҳоларини кутаман. Бир ошам егач, устоз Тўра Мирзаев, Жамол Камол: “Бай-бай, ош мазали бўлибди, қўлингиз дард кўрмасин!” – дея алқадилар. Домла эса “Ҳа, яхши чиқибди”, деб қўйдилар. Меҳмонлар ош жуда мазали бўлган, дея мақтовга тушганда Устоз уларнинг мақтов ёмғирини тўхтатиб, ошнинг ширин чиқиш сабабини изоҳлашга ўтдилар: “Ош аслида Йўлдошнинг (менинг турмуш ўртоғим, академик Тўра Мирзаевнинг шогирди) қўли теккани учун мазали чиққан. Насиба қозонга масаллиқни солиб турди, холос. Йўлдошга эса ошпазлик қондан ўтган. Унинг отаси пиширган тўйошисиз Шофирконнинг туйлари ўтмаган”. Бу гапдан сўнг эътибор объекти ўзгарди… Кўнглим тоғдай кўтарилди. Бу устозимнинг ўзига хос меҳри эди. Домла табиатан мақтовни унча хушламас, кимдир “Устоз, сиз ундоғ, бундоғ” деб мақтай бошласа, унинг сўзини шарт кесиб, ҳазил-чин кулги билан: “Шу гапларингизни ёзма равишда беринг”,-– дердилар. Шу билан мадҳ тўхтарди. Шогирдлар борасида ҳам бу қатъий принцип эди. Устоз Рауф Парфининг “Мақтов кимга ёқмас, кўнглинг тўлдирар, Мақтов ширин оғу ширин ўлдирар” сатрини кўп такрорларди. Шу боис домла шогирдларини орқадан мақтаса ҳам, ўз олдида ҳеч мақтамас ва ўзгаларнинг мақтов ёмғиридан бизни доим ҳимоя қиларди.

Ҳа, Устоз биз шогирдларни ниҳолни иссиқдан ҳам совуқдан ҳам асрагандек авайлаб ўстирган. Шу тарзда биз мақтовдан осмонламаслик, танқиддан ерга кириб кетмаслик, сўзда собит бўлиш, ишга сидқидилдан, муҳаббат билан ёндашишга ўргандик.
Мана яна 1 октябрь. Бу сана яқинлашган сари кўнглимда ўша ширин хотиралар уйғонмоқда. Бир бугина эмас, қўлимга китоб олиб остига чизиб ўқий бошласам ҳам, мақола ёзмоқни ният қилсам ҳам, бир пайтлар Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти институти бўлган бино (бугунги ИНХА) ёнидан ўтсам ҳам, Дўрмон кўчаларига йўлим тушса ҳам, ҳовлимизда ўчоқда ош пишираётганда ҳам Устозимнинг сиймоси жонланаверади. Адабиёт остонасига атак-чечак қўйган қадамларимни шахдам босишга ўргатган азиз Устозимнинг ҳаёти ўткинчи умр йўлларида шогирдлар ортингдан қолар изларинг бўлиши, илм-маърифатинг ўзинг бўлмасанг-да ёзган асарларинг орқали қалбларни нурлантириши, инсонларга эзгуликлар улашиши ва сўзинг билан одамлар орасида мудом ТИРИК бўлишингга ишонтиради.

Илоҳо, охиратингиз обод бўлсин, УСТОЗ!

Ustoz oddiy, tom ma’noda olimona hayot kechirdi, obro’, martaba, unvon va hasham ortidan quvmadi, talashib-tortishgani faqat haq so’z, ilm va adabiyot bo’ldi…

USTOZNI ESLAB…
Nasiba BOZOROVA
Toshkent davlat yuridik universiteti
O’zbek tili va adabiyoti kafedrasi dotsenti


    Qalbingizda xotira uyg’onar ekan o’z-o’zidan sog’inch tuyasiz. Ayniqsa yo’qotgan insonlaringizni sog’inganingiz sari xotirotning olis-yaqin manzaralari shuuringizda rangsiz suratlarda jonlanaveradi. Bu manzaralar rangsiz bo’lsa-da sizga eng yaxshi, eng sokin, eng baxtli damlarni, so’zlarni, voqea-holatlarni tortiq etadi. Turmush tashvishlari, yugur-yugurlar bilan charchagan borlig’ingizda bir lahza yengillik tuyasiz. Shunda mangulik sari yo’l olgan yaqinlaringiz sizning qalbingizda, xayolingizda, shuuringizning bir burchida mudom yashayotganini his qilasiz…

Sog’inganimiz ustoz Ibrohim Haqqul adabiyotshunos darg’alardan edi. U o’zi yozganidek Adabiyot orqali Aql, Yurak, Ruh, Tafakkur, Tasavvur, Taxayyul manzillarini sayr etib, adabiyotning chin tolibi va muhibi o’laroq yashab, so’z sehri va jozibasidan tug’ilgan hayrat va kashfiyotlari bilan ko’pchilikning qalbida badiiy so’zga muhabbat uyg’otgan muallim edi. Ibrohim Haqqul qalbidagi cheksiz yolg’izlik, iztirob, dard va og’riqni faqat Adabiyot bilan bo’lishdi: zavq tuysa so’zdan topdi, g’amga botsa – so’zga yukindi; ko’ngil bilan fikrlab, aql bilan his qilinganlarini qog’ozga to’kdi.

Ustoz oddiy, tom ma’noda olimona hayot kechirdi, obro’, martaba, unvon va hasham ortidan quvmadi, talashib-tortishgani faqat haq so’z, ilm va adabiyot bo’ldi. Ba’zida keskin so’zi ila, ba’zan shogirdlar vajidan kimlar bilandir yaxshi-yomon bo’ldi, ammo o’zi uchun hech kimdan hech nima tilanmadi. Bil’aks umrining eng so’nggi lahzasigacha bor kuchini adabiyotga, uning sirlarini tadqiq etishga va bilganlarini tolibi ilmlarga yetkazishga sarfladi.

Kun o’tgan sari qalbimizda Ibrohim Haqqul sog’inchi ortib bormoqda. Biz shogirdlar o’zaro ko’rishib qolsak, aksar suhbatimiz Ustoz haqida, u kishining gaplari, yurishlari, kulishlari, davralarni to’ldirib o’tirishlari haqida bo’ladi. Shunday xotiralardan birini qog’ozga tushirmoqni lozim topdim, zero, undan har qanday ustoz shogird tarbiyasiga doir ibrat olishi mumkin.

Ustozimiz Ibrohim Haqqul mehmondo’st, dilkash suhbatdosh, ayniqsa, shogirdlari bilan bir davra bo’lib o’tirishdan juda shodlanardi. U kishining suhbatidan bizning ham ko’ngillarimiz yayrardi. Shundan bo’lsa kerak turli bayram vaji bilan diydorlashuv tashkil etardik. Shogirdlar Qo’qonu Xorazm, Buxoro-yu Navoiy demay darrov yetib kelardi. Bayram bir bahona, asl muddao ustozimiz Ibrohim Haqqul suhbatlaridan bahra olish, u kishining qaynoq mehr bulog’idan qonish bo’lardi.

Bir gal 1 oktyabrь – Ustoz va murabbiylar kuni sabab yig’ilishimizni ustozning Do’rmon bog’idagi hovlilarida o’tkazishga qaror qildik. Bundan ustozning bahri dili ochilib: “To’y-to’yday bo’lsin, bayramga To’ra aka, bilan Jamol akani ham chaqiramiz”, –dedi. Bu ayni muddao edi, chunki suhbatimiz akademik To’ra Mirzayev va O’zbekiston xalq shoiri Jamol Kamol bilan yanada maroqli bo’lardi. Bu taklifni hamma bir ovozdan quvvatladi. Ustozimiz har galgidek: “Sizlarni o’zim mehmon qilaman”,– deya bog’ etagida qozon-o’choq osishga shoshildi. Aslida taomni biz tayyorlasak-da qozon boshida turib, o’rgatib turishdan, yo’l-yo’riq ko’rsatishdan ustoz boshqacha zavq olar edi. Shogirdlar orasidan ko’pincha Zulayho Rahmonova va men osh-ovqatga qarardik. Bu gal Zulayho yig’inga kech keladigan bo’ldi. Shu bois palovxonto’rani tayyorlash o’zimizga qoldi. Domla mehmon kutayotganda ovqat masalasida nihoyatda injiq edilar. Osh obi-tobida u kishining so’zicha, “guruchi gapirib turadigan” bo’lmasa, hisobmasdi. Xavotirga tushib: “Zulayho kelmadi, uddalay olasizmi o’zingiz?” – dedilar. Mening: “Domla, ko’nglingiz xotirjam bo’lsin, oshimiz Xudo xohlasa, yaxshi chiqadi”, – deyishimga qaramay, hali o’choqqa, hali qozonga nazar solar, “ishqilib, yomon bo’lmasin, – deb mehmonxona va bog’ orasiga tinmay borib-kelib, – go’shti hil-hil pishsin, guruchni yaxshi yuving, suvini ko’p solmang, – deya tanbeh berib turardilar. –Agar osh yaxshi chiqmasa, men aralashmadim, Nasiba o’zi pishirdi, deyman”, – deb ham qo’yardilar. Domlaning ayollari esa sekingina “Domlangizning injiqliklarini bilasiz-ku, osh dim zo’r bo’ladi, qo’rqmay qilavering”, – deya dalda berib, ruhlantirib qo’yardi. Xullas, mehmonlar jamuljam bo’lib keldi. Darvozadan kiraverishdagi chap tomondagi mehmonxona shogirdlar bilan to’ldi. Anvoyi noz-ne’matlar bilan tuzalgan dasturxonga hech kim qaramas, hamma Ustozlarning so’zini jon qulog’i bilan tinglardi. Gap markazida so’z adabiyot, adabiyotning jamiyatga ta’siri, she’r, shoirlik, ilm va irfon haqida borardi. Suhbatga chin olimlik matlabi, ilm yo’lida xizmat qilgan ustozlar, ularning izlanishlari, hashamga burkanmagan oddiy, kamtarona hayot tarzi, hangomalari, ayniqsa domlamizning har bir holatga mos yo hazrat Navoiydan, yo Rauf Rarfi yoki Abdulla Orifdan misra-baytlar keltirishi o’zgacha ruh baxsh etardi. Qadimul ayyomdan ustozlar suhbati kimyo sanalgan. Ustoz fayzi sabab shogird qalbi nurlangan, zanglab yotgan tasavvurlar jonlangan. Biz ham ustozlar fayzi ila fayziyob bo’lib, suhbatga g’arq bo’lgandan vaqt qanday o’tganini sezmay qolibmiz. Bir vaqt domla: “Osh nima bo’ldi?” – degandek menga qaradilar. Tushundim, demak, oshni suzish kerak. Shogird qizlardan Gulchehra opa va Zulayho bilan birgalikda qozon boshiga bordik. Damlab qo’yilgan osh qopqog’ini ochdik. Oshmisan osh bo’libdi, guruchlar domlaning so’zlaricha, gapirib turardi. Bundan xabari yo’q domla mehmonlarga “oshga (osh aytgandek chiqmagan degan o’yda) men aralashmadim”, deb turganlarida laganlarda suzilgan osh dasturxonga tortildi. Oshni ko’rib Ustoz: “Shakli, ko’rinishi tuzuk, endi gap mazmunida” deya hammani oshdan olishga chaqirdilar. Men yurak yutib, ustozning baholarini kutaman. Bir osham yegach, ustoz To’ra Mirzayev, Jamol Kamol: “Bay-bay, osh mazali bo’libdi, qo’lingiz dard ko’rmasin!” – deya alqadilar. Domla esa “Ha, yaxshi chiqibdi”, deb qo’ydilar. Mehmonlar osh juda mazali bo’lgan, deya maqtovga tushganda Ustoz ularning maqtov yomg’irini to’xtatib, oshning shirin chiqish sababini izohlashga o’tdilar: “Osh aslida Yo’ldoshning (mening turmush o’rtog’im, akademik To’ra Mirzayevning shogirdi) qo’li tekkani uchun mazali chiqqan. Nasiba qozonga masalliqni solib turdi, xolos. Yo’ldoshga esa oshpazlik qondan o’tgan. Uning otasi pishirgan to’yoshisiz Shofirkonning tuylari o’tmagan”. Bu gapdan so’ng e’tibor ob’ekti o’zgardi… Ko’nglim tog’day ko’tarildi. Bu ustozimning o’ziga xos mehri edi. Domla tabiatan maqtovni uncha xushlamas, kimdir “Ustoz, siz undog’, bundog’” deb maqtay boshlasa, uning so’zini shart kesib, hazil-chin kulgi bilan: “Shu gaplaringizni yozma ravishda bering”,-– derdilar. Shu bilan madh to’xtardi. Shogirdlar borasida ham bu qat’iy printsip edi. Ustoz Rauf Parfining “Maqtov kimga yoqmas, ko’ngling to’ldirar, Maqtov shirin og’u shirin o’ldirar” satrini ko’p takrorlardi. Shu bois domla shogirdlarini orqadan maqtasa ham, o’z oldida hech maqtamas va o’zgalarning maqtov yomg’iridan bizni doim himoya qilardi.

Ha, Ustoz biz shogirdlarni niholni issiqdan ham sovuqdan ham asragandek avaylab o’stirgan. Shu tarzda biz maqtovdan osmonlamaslik, tanqiddan yerga kirib ketmaslik, so’zda sobit bo’lish, ishga sidqidildan, muhabbat bilan yondashishga o’rgandik.
Mana yana 1 oktyabrь. Bu sana yaqinlashgan sari ko’nglimda o’sha shirin xotiralar uyg’onmoqda. Bir bugina emas, qo’limga kitob olib ostiga chizib o’qiy boshlasam ham, maqola yozmoqni niyat qilsam ham, bir paytlar Alisher Navoiy nomidagi o’zbek tili va adabiyoti instituti bo’lgan bino (bugungi INXA) yonidan o’tsam ham, Do’rmon ko’chalariga yo’lim tushsa ham, hovlimizda o’choqda osh pishirayotganda ham Ustozimning siymosi jonlanaveradi. Adabiyot ostonasiga atak-chechak qo’ygan qadamlarimni shaxdam bosishga o’rgatgan aziz Ustozimning hayoti o’tkinchi umr yo’llarida shogirdlar ortingdan qolar izlaring bo’lishi, ilm-ma’rifating o’zing bo’lmasang-da yozgan asarlaring orqali qalblarni nurlantirishi, insonlarga ezguliklar ulashishi va so’zing bilan odamlar orasida mudom TIRIK bo’lishingga ishontiradi.

Iloho, oxiratingiz obod bo’lsin, USTOZ!

054

(Tashriflar: umumiy 167, bugungi 1)

Izoh qoldiring