Said Ahmad. Shu’la. Oybek domla haqida yodnomalar.

oybek
Ойбек ўша пайтларда болалари билан тор бир уйда яшарди. Ижод қилиш учун мутлақо шароит йўқ эди. Эр- хотин ўйлаб-ўйлаб яшаб турган хонанинг шифти билан поли оралиғида болахона қилишди. Ойбек унга нарвонда чиқар, то сахаргача мук тушиб ёзарди. Ёзиб чарчаган пайтларда қаддини ростласа боши шифтга тегарди. Кундузлари баъзан Эски Жўвадаги «Октябр» кутубхонасига бориб ёзарди.

02

021
Саид Аҳмад
ШУЪЛА
Ойбек домла ҳақида ёдномалар
022

Ўтди даврон,
Кетди карвон,
Энди карвонлар кайдадир.

Қўшиқдан

041стоз Ойбек тўғрисида билганларимни ёзмоқчиман. Аммо ҳар гал жазм қилганимда журъатсизлик қўлимни қайтаради. Буюк одамлар ҳақида гап айтиш балки осондир, қоғозга тушириш эса ниҳоятда қийин. Айтилган гап ўша жойда қолиб кетиши мумкин. Қоғозга тушгани тарих мулкига айланади. Ана шунинг учун ҳам журъатсизлик кўпинча хоҳишдан устун келади.
Шундай ҳолни ҳатто буюк Навоий бобомиз ҳам бошидан кечирган. У «Хамса»нинг бағишлов қисмида шундай ёзади:

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасига панжа урмоқ.

Ойбек «Навоий» романининг биринчи сатрларини ёзаётганда қандай ҳолга тушган, буни билмайман. Шуни биламанки, Навоий даҳосининг салобати, қудрати, буюклиги олдида Ойбекдек мумтоз ёзувчида ҳам қўрқув, журъатсизлик бўлган.
Энди мен Ойбек даҳоси олдида «Борса гумон» йўл бошида ҳайрон турибман. Умуман Ойбек тўғрисида бирон нима ёзишга ҳаддим сиғадими? Унинг ўзига муносиб гаплар топа оламанми?
Навоий Низомий даҳосидан, Ойбек Навоий қудратидан истиҳола қилган бўлса, энди мен Ойбекнинг буюклиги қаршисида довдираяпман.
Ҳаётнинг минг бир чиғириғидан омон ўтган, туҳматларга, маломатларга бир эр киши бўлиб чидаган, соғлиғини душманлари йиллар бўйи емирган бир сабр-бардошли ўғлон тўғрисида устозларнинг руҳи мададкор бўлсин, деб ёзишга журъат қилдим…

Минг тўққиз юз ўттиз саккизинчи йилнинг авжи баҳор пайти эди. Ёш-ялангнинг кулоғида қўшалоқ гилос. Қулупнайдан қип-қизил доғ ўтирган қоғоз бўлакларини шамол уёкдан-буёққа учиради. Дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган ўспиринлар бодрингпуруш олдида тик туриб «учирик» ўйнашади.
Хадрадан Эски Жўва томон озроқ юрсангиз чапдаги чоғроқ кўча олдидан чиқасиз. Кўча бошида Хамза театрининг биноси бор. (Кейинчалик бу бинода Аброр Ҳидоятов номидаги театр жойлашган.) Тунука бозорига борилади. Ўнг томондан катта бозорга йўл тушган.

Жами бозорлар ичида сершовқини шу тунука бозори. Тунукага урилган болғаларнинг овозидан қулоқларингиз битади. Бунда пақир, обдаста, самовар карнайи, хокандоз, патнис, тоғоралар ясалади.
Шу ердаги банк ва омонат касса биносининг зинасида Ойбек олдига янги картошка, бодринг, гилос солинган саватчани қўйиб, газета ўқиб ўтирибди. У газета ўқишга шунчалик берилиб кетган эдики, тунука бозорининг шовқини ҳам қулоғига кирмасди. Ёнидан кўчат судраган, қўй етаклаган, қоп орқалаган кишилар ўтади. У буни сезмайди.

Ойбек бундан саккиз ой олдин Ёзувчилар уюшмасидан ўчирилган.
Ботуни Самарқандда ҳибсга олишди. У бир неча йилдан бери қамоқда ётибди. Санжар Сиддиқни Қибрайдаги дам олиш уйидан, Қурбон Берегин билан Анқабойни ёзувчиларнинг IV пленуми президиумидан ижод аҳлининг кўзи олдида қўлларига кишан солиб олиб кетишди. Ўша пленумда Ойбек билан Хамид Олимжон уюшмадан ўчирилди. Шу жойнинг ўзида аъзолик ҳужжатлари тортиб олинди.

Киоскалар олдида одам кўп. Газеталар ҳар куни «халқ душманлари» тўғрисида қулоч-қулоч мақолалар босиб чиқаради.

Фитрат, Чўлпон, Кодирий, Ғози Юнус, Элбек, Усмон Носирларни фош қилувчи мақолаларнинг кети узилмайди. Улар бу хил ҳужумлардан қаматганларидан кейин ҳам қутилишмади.

Ойбек тунука бозорининг даранг-дурунгига парво қилмай, мук тушганича газета ўқияпти.  Мақолалардан ўз номини ахтаради. Ҳайрият, бу гал номи йўқ экан.

Уч-тўрт боғ редиска кўтариб хотини Зарифахоним келди.
— Юринг, кетдик, — деди у. — Газетада нима гап? Сизни нима дейишяпти?
— Отажон Ҳошимни ёзипти.
Отажон Ҳошим тил ва адабиёт институтининг директори, таниқли адабиётшунос олим эди.
Иккови трамвай бекатига етгунча индамай боришди.
Зарифахоним эрини сира ёлғиз қолдирмасди. Қаерга борса бирга борарди. Нашриётларга, таҳририятларга борганда эшик олдида кутиб ўтирарди. Ёнида бўлсам олиб кетишолмайди, деб ўйласа керак.

Ойбек ўша пайтларда болалари билан тор бир уйда яшарди. Ижод қилиш учун мутлақо шароит йўқ эди. Эр-хотин ўйлаб-ўйлаб яшаб турган хонанинг шифти билан поли оралиғида болахона қилишди. Ойбек унга нарвонда чиқар, то сахаргача мук тушиб ёзарди. Ёзиб чарчаган пайтларда қаддини ростласа боши шифтга тегарди. Кундузлари баъзан Эски Жўвадаги «Октябр» кутубхонасига бориб ёзарди.
Бу кутубхона илгари «Турон» номи билан аталган. Абдулла Кодирий, Чўлпон, Фитрат, Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемирлар бу ерга тез-тез келиб туришган.

«Турон» сўзини эшитганда Шўро хукуматининг лабига учуқ тошарди. Ҳамзанинг «Яша Турон» шеъри ҳам «Яша Шўро» қилиб ўзгартирилди. Илгари Турон замонга қофия эди. Энди Шўро замонга қофия бўлибди. Бечора шеърни куппа-кундузи қароқчилар ечинтириб, қофиясини ўғирлаб кетган эдилар.

Уюшмадан Ойбекка уч хонали яхши бир уй беришди. Эр-хотиннинг қувончлари чексиз эди. Юкларини ортиб янги уйнинг ҳовлисига туширишди. Бироқ бу юкларни уйга олиб кириш насиб қилмади. Ойбекни уюшмадан ўчиришди. «Буржуа миллатчиси» сифатида уюшмадан ўчган Ойбекка янги уйнинг калитини беришмади. Юкларни қайтариб олиб кетди.

Зарифахоним қишлоқ хўжалиги институтида, медицина институтида кимёдан дарс берарди. Олган маошини тежаб-тергаб рўзғор қиларди.

Ҳамид Олимжон билан Ойбекни дўстлар Ўқув-педагогика нашриётига ишга жойлаштирадилар. Икковлари ҳам нашриёт ишларини уйда бажаришарди. Ойбек тиним билмай ишларди. У нашриёт учун қадимги дунё адабиёти тарихи дарслигидан юнон адабиёти қисмини таржима қилди. Айни пайтда бошлаб қўйган романини давом этдирди.

Бу пайт қама-қамалар сал-пал босилган, Ойбекни таъқиб қилмай қўйгандилар. Газеталарда шеърлари босила бошлади. Достонлари яна дарсликларга киритилди.
1938 йилнинг кеч кузи эди. Акам кечқурун Ойбек, Миркарим Осим, Ҳомил Ёқубов ва Ҳоди Зарифларни уйга бошлаб келди. Ойим ош дамлади. Озроқ вино ичиб кайф қилишди. Патефон қўйиб Боборахим Мирзаевнинг ўша пайтда жуда машҳур бўлган «Фиғон» қўшиғини қайта-қайта қўйиб эшитишди. Вақт алла-палла бўлганда меҳмонларни Раис кўчадан Пушкин парки дарвозасигача кузатиб чиқдик. Бирдан Ойбек безовталаниб қолди. У ҳаяжонланганида озроқ дудуқланиб қоларди.

— Роман қани? Роман, роман…
Аввалига нима деяётганига тушунмай бир-биримизга қарадик. Боя дераза рахига омонат қўйилган қоғоз папка эсимга келди. Хозир олиб келаман дедиму лой кечиб, уйга югурдим. Зум ўтмай оғир, қалин папкани олиб келдим. Ойбек қувониб кетди. Бағрига босиб, елкамга қоқди.
— Раҳмат, раҳмат, — деярди у тутилиб. — Бу роман, роман…

Болалигимда китобга жуда ўч эдим. Қодирий, Қаҳҳор романларини берилиб ўқиганман. Ғафур Ғулом ҳикояларини ёд билардим. Ойбекнинг достонларини, шеърларини ўқигандиму аммо бирон ҳикоясига кўзим тушмаган эди. Демак, у роман ёзган.

1939 йилнинг баҳорида Давлат нашриётида Ойбекнинг романи ўқиляпти, деб эшитдим. Мен у пайтда «Муштум»да ишлардим. Таҳририят ҳам, нашриёт ҳам тўртинчи қаватда эди. Илгарилари ҳам уюшмада бўладиган муҳокамаларга қатнашиб турардим. Уюшмада Чўлпоннинг «Аваз» деган пьесаси ўқилиб, муҳокама қилинганди. Негадир пьесани Чўлпоннинг ўзи эмас, Аброр Ҳидоятов ўқиганди. У ўқиёлмай қийналган ёки тўғри ўқимаган жойларини ундоқ эмас, бундоқ деб Чўлпоннинг ўзи тузатиб турарди. Кейинчалик нима сабабдандир «Аваз» Аброр Ҳидоятов номи билан саҳнага қўйилди.

Нашриёт директорининг кабинетида ёзувчилар, муҳаррирлар тўпланиб туришган экан. Ўртадаги столда ҳу ўша, бизнинг уйда қолган папка. Унда «Ойбек. Қутлуғ қон, роман», деган ёзув бор эди.
Қўлёзма араб алифбосида ёзилгани учун шу алифбони биладиган муҳаррир Маъруф Ҳаким ўқийдиган бўлди.

Менимча роман ўн кунга яқин ўқилган бўлса керак. Мен тўрт марта қатнаша олдим, холос.
«Қутлуғ қон» муҳокамада жуда яхши баҳо олибди. Босиб чиқаришга тавсия қилишибди, деб эшитдим.
Баъзи қитмирлар роман албатта Ёзувчилар уюшмасида муҳокамадан ўтиши керак, нашриёт муҳокамаси етарли эмас, деб туриб олишди. «Қутлуғ қон» яна муҳокама қилинди. Китобдан анча «сиёсий хатолар» топишди. Туркистон халқларининг революцион онгини ўстиришда рус пролетариатининг роли кўрсатилмаган. Асар қаҳрамони Йўлчи улуғ рус халқининг илғор фикрли вакиллари фаолиятидан баҳраманд бўлмаган. Китобга албатта улуғ рус халқининг вакилларини киритиш керак, деган фикрлар муаллифга зўрлаб тиқиштирилди.

Яқиндагина ўттиз етти, ўттиз саккизинчи йилларнинг олатўполонидан бир амаллаб ўтиб олган Ойбек учун китобда кўрсатилган «нуқсонлар» яна янги айблар қўйишга баҳона бўлиши мумкин эди. Начора, уларнинг айтганларини қилмаса бўлмайди. Акс ҳолда роман босилмай қолиб кетади.
Романнинг охирида Ойбек ўзини зўрлаб бўлса ҳам рус инқилобчиси Петров образини киритади. У қамоқда Йўлчининг онгига инқилобий руҳ сингдиради. Мутлақо саводи йўқ Йўлчини ўрисча китоб ўқишга ўргатади. Йўлчи ундан зулмга қарши террор йўли билан эмас, онг билан, тактика билан курашиш йўлларини ўрганади. У ёзиб берган хат орқали инқилобчи Андреев билан танишади.
Ойбек Йўлчи нутқига ҳам унча-мунча ўзгартишлар киритади. У энди оддий, содда қишлоқ йигити эмас, оқу қорани таниган, ҳар бир гапни ўйлаб гапирадиган «инқилобчи» даражасига етади.
Ана шундан кейин «Қутлуғ қон» нашр қилинади.

«Ўтган кунлар» дан, «Меҳробдан чаён»дан, «Кеча ва кундуз»дан жудо бўлган ўзбек китобхони романни ниҳоятда қувонч билан кутиб олди. У қўлма-қўл бўлиб ўқилди.

Илгари бирон ҳикоясини ўқимаган китобхон Ойбекнинг бирдан шундай мукаммал роман ёзганига ҳайрон эди.

Ойбекнинг ўлимидан кейин Зарифахоним ёзувчининг архивидан бир неча ҳикоясини эълон қилди. Биз Ойбекнинг мухлислари устозимизнинг роман ёзишдан олдин ҳикоялар ёзиб, машқ қилганини билдик. Ўша эълон қилинган ҳикоялар жиндек ўзгаришлар билан «Қутлуғ қон»га алоҳида боб қилиб киритса бўладиган даражада эди. Улардан «Қутлуғ қон»нинг ҳиди келиб турарди.

Романнинг бунчалик довруғига сабаб нима эди? Унда акс эттирилган воқеаларнинг шоҳидлари ҳали ҳаёт эдилар. Инқилоб бўлгаиига атиги йигирма йил бўлган. Ёзувчининг жиндек уйдирмасини ўқувчининг синчков назари дарров илғаб оларди. Ойбек воқеаларга ёлғон аралаштирмади. Рост гапни ёзди.

Хақиқий рассомлар одамнинг ўзига қараб суврат ишлайди. Бундай сувратда чинакам инсон қиёфаси тўғри акс этади. Ойбек ҳам ўз каҳрамонларини ўтқазиб қўйиб, сўз билан сувратини ишлагандек. Хаким бойвачча, Танти бойвачча, Олимхон элликбоши, Ёрмат, Нури, жадид Абдушукур… Буларнинг ҳаммаси ўзига қараб чизилган қиёфалар.
Ёки Тошкентнинг инқилоб арафасидаги кўринишини олайлик. Худди ўзи. Унда тахминан тасвирланган жойлар йўқ. Хаммасини Ойбек кўрган, неча марталаб кезиб чикқан кўчалар, гузарлар, расталар…
Роман тили ниҳоятда ўзбекона.

«Қутлуғ қон»нинг муваффақияти Ойбекка қанот берди. Кўп йиллардан бери дилига тугиб қўйган, унча-мунча бобларини хомаки ёзиб қўйган «Навоий» романига тайёргарлик кўра бошлади.

Навоийга алоқадор нимаики бўлса барини синчковлик билан ўрганди.  Ҳирот харитасини олдига қўйиб, кўҳна шаҳар кўчаларини хаёлан неча марталаб кезиб чиқарди. Навоий замондошлари, уларнинг шоир ҳақида айтган гаплари, сарой зиддиятлари, дўстлари ва душманлари, подшоҳнинг беқарор ўйлари, бари-бари Ойбек хотирасига ўрнашиб қолди. Буюк шоир ёзган жами асарларни қунт ва сабот билан ўрганиб чиқди. Ана шундан кейингина Навоий қиёфаси бир бутун ҳолда кўз олдида пайдо бўлди.

Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида шиддатли жанглар кетаётган пайт. Радио ҳар тонг дилларни вайрон қилгувчи хабар тарқатади. Киев қўлдан кетди. Смоленск остоналарида шиддатли жанглар давом этмоқда. Ленинград ҳамон қуршовда. Почтачилар «қора хат» тарқатиш билан банд.

Ойбек Навоий романи устида тинимсиз ишлайди. Кечаси ҳам, кундузи ҳам ёзади.

Тошкентда одам кўпайиб кетган. Уруш бўлаётган жойлардан қоп орқалаб келаётганларнинг сон-саноғи йўқ. Москва ҳамда Москва остоналаридаги заводлар кўчириб келтирилган. Нон етишмайди. Электр энергияси ҳам камайган. Харбий заводлар электр қувватини сўриб қўймоқда. Ҳатто трамвайлар ҳам кеч саоат ўн бирдан кейин юрмайди. Тошкент кўчаларини кечалари чароғон қиладиган лампочкалар қисқартирилган.

Ойбек керосин лампа ёқиб, оч-наҳор роман ёзяпти. Тезроқ романни тугатишга шошади. Ҳамма ғалаба учун кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлаётган бир пайтда беш юз йил нарёкдаги воқеалар билан ўралашиб қолганидан хижолат бўлади. Нима бўлса ҳам китобни тугатишим керак, деб уриниб ётибди.

Зарифа Саидносирова ўша дамларни эслаб «Ойбегим менинг» китобида шундай ёзади:
«Бир кеча ёдимда. Ойбек ёзиб ўтирарди. Мен ҳам ёзибми, ўқибми ўтирибман.
— Зарифа, қорним оч, жуда очиқдим, — деб қолди Ойбек.

Мен нима дейишни билмайман, индамадим. Жавоб қилолмадим. Негаки уй қуп-қуруқ эди.
— Бирор нарса йўқми? — сўради Ойбек.
Ўрнимдан туриб шкафни ахтардим. Ҳужрадаги хурмача, халталарни текширдим. Бир ҳовуч йирик кепак, бир-икки қошиқ шакар топдим, сўнг хурмачанинг тагини сидира-сидира бир қошиқ ёғ олдим. Примусда кепакни қовуриб, сўнг унга шакар аралаштириб дастурхонга тортдим. Билмадим, бу кандай таом бўлди экан? Ойбек ҳазратлари номи менга ҳам номаълум бўлган бу таомдан бир- икки марта қошиқ учида олган бўлди. Сўнг «сен ҳам егин» деб мени қистади.

— Йўқ, очиқмадим, ўзингиз еяберинг, — дедим унга.
Менинг қурсоғимда ҳеч нарса йўқ эди. Фақат қаноат бор, холос..
Ойбек озгина еди. Озгинасини қолдириб деди:
— Эрталаб болаларга берарсан.
Менга боқиб жилмайди-да, тағин ёзувга киришди…»

Москва ҳавф остида. Пойхтахтга яқин келиб қолган фашистлар дурбинда Москвани бемалол кўриб турардилар.

Ойбек тиним билмай ишларди. Рўзғор ишлари Зарифахонимнинг гарданида. Ишдан келибоқ тунука банка кўтариб керосин топиб келишга чиқиб кетади. Чунки бу уйда тонг отгунча чироқ ўчмасди. Ойбек кечаси билан ишлаб, тонг ёришгандагина чироқни пуфлаб ўчирарди.
Ўша пайтларда Ойбек озиб, кўзлари киртайиб қолганди. Шундоқ бўлсада у ишлаб чарчамасди. У «Навоий»ни тугатаману уруш тўғрисида зудлик билан янги роман бошлайман, деб дилига тугиб қўйганди. Унда бошқа ёзувчиларда учрамайдиган бир одат бор эди. Бирон асар  устида ишлаётган пайтда бошқа яна бир асарни пишитиб борарди. «Қутлуғ қон»ни ёзаётганда «Навоий» романи ҳам етилиб қолган, энди у «Навоий»ни тугатаётганда уруш мавзуидаги романни кўнглида пишитарди.
Ниҳоят уруш олови чақнаб турган бир пайтда романга нуқта қўйилди.

Ўша йиллари мен Бекобод шаҳридаги Фарҳод қурилишида мухбир бўлиб ишлардим. Ойда бир Тошкентга келиб «Қизил Ўзбекистон» таҳририятига ҳисоб берардим. Бир гал келганимда янги шаҳардаги китоб дўконида одамларнинг навбатда турганларини кўриб ҳайрон бўлдим. Одамлар нон, керосинга навбатда туришарди. Нечукки, улар китоб дўконида навбатда туришади? Яқин келиб суриштирсам, Ойбекнинг «Навоий» романи сотилаётган экан. Навбатда туриб биттасини сотиб олдим. Варақлаб кўрдим. Беш юз йигирма беш саҳифа. Унга марҳум Ҳамид Олимжон муҳаррирлик қилган экан. Номи қора рамкага олинган. Демак, у ўзи муҳаррирлик қилган бу китобни кўролмаган. Ҳамид Олимжон шу йили баҳорда ҳалок бўлган эди.

Китобни Бекободга олиб кетдим. Уни қўлимдан қўймайман. Курилиш трассаларига борганимда ҳам, ертўла «квартирам»да ҳам ўқийман. Ўқиганларимни қурувчиларга гапириб бераман.
Романни ҳали ўқиб тугатмаган эдим, ғалати бир хабар эшитдиму ҳайрон бўлиб қолдим. Ойбекни армия сафига чақириб, фронтга жўнатиб юборишибди. Тавба, бу қанақаси бўлди? Бозор тўла савдогар, чайқовчи. Арзимаган ишлар билан ивирсиб юрган сўлақмондек йигитлар қолиб, ўзбекнинг фахри, ғурури, номдор ёзувчиси Ойбекни жангга жўнатишадими? Наҳотки раҳбарларимиз бунга йўл қўйишди экан?

Бу гапнинг қанчалик рост-ёлғонлигини билиш учун Тошкентга — таҳририятга телефон қилдим. Муҳаррир ўринбосари Рихси Сахибоев, Ойбекнинг ўзи марказқўмга ариза бериб, янги романга материаллар йиғиш учун бир муддат фронтга юборишларини сўраганини, уни фронтдаги ўзбек жангчиларига концерт қўйиш учун кетаётган артистлар билан фронтга юборишганини айтди. Мен унга:
— Фарҳод қурилишига республиканинг жами областларидан минг-минглаб қурувчилар келган. Бу гап тез орада ҳамма областларга тарқаб кетади. Ойбекнинг нима мақсадда фронтга кетгани тўғрисида кичкинагина бўлса ҳам хабар берсанглар яхши бўларди, дедим. Бу гапим унга маъқул тушди.

Кўлимдаги китобни Ойбек кўрганмикан? Ё китоб босмадан чиққунча сабри чидамай кетавердимикан, деб ўйлайман.

Ойбек жанг майдонларида окопма-окоп юриб ўзбек жангчиларини қидирди. Ўқлар ёғилиб турган, ҳаёт-мамот жанглари бўлаётган пайтларда улар билан гаплашди. Исм-фамилияларини ёндафтарга ёзиб олди. У бомба самолётдан ташлангандан то ерга тушиб портлагунча қанақа овоз чиқазишини, замбарак залп берганда неча қарич орқага сурилишини ўз кўзи билан кўрди. Санитар қизларнинг ўқ ёмғири остида ярадорларни қандай олиб чиқишларини кузатди. Душман вайрон қилган шаҳарларда кезди. Асир олинган фашистларни хайдаб келаётганларини кўрди, уларнинг жирканч афт-ангорларига нафрат билан қаради.

Унинг бу жойларда кўрган-кечирганлари бўлғуси «Куёш қораймас» романи учун детал вазифасини ўташи керак. У нимаики кўрган бўлса барини ёндафтарига ёзиб қўйди.

Ойбек уруш тугагандан кейин ҳам Сталинград тикланмай туриб, шаҳар вайроналарини ўз кўзи билан кўриш учун «Қаҳрамон шаҳар»га бориб келди. Ана шундан кейин у роман устида муқим ўтириб иш бошлади.

Михаил Шолохов ҳам ҳали «Очилган қўриқ»нинг иккинчи китобини тугатмай туриб «Улар Ватан учун жанг қилганлар» романини бошлаган эди. У ёзган бўлимларини «Известия» газетасида давомли бостириб турди. Кейинчалик иши юришмадими, ё бирон нимадан кўнгли тўлмадими «Очилган қўриқ» устидаги ишини давом этдирди. «Инсон тақдири» қиссасини, «Нафрат илми» асарларини ёзди. «Улар Ватан учун жанг қилдилар» қолиб кетди. Урушдан кейин ҳам романни давом этдирмади. Пешма-пеш матбуотда эълон қилинган бобларни китоб ҳолида нашр қилиб қўяқолди. Аммо Ойбек «Қуёш қораймас» романини охирига етказди.

Ойбек «Навоий» учун биринчи даражали Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ўзбекистонда ташкил қилинган Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзолари қаторидан жой олди. У Иттифоқ Олий Кенгашига депутат қилиб сайланди.

Унинг бу муваффақиятларидан дўстлари шод бўлдилар. Душманлари асабийлашдилар.
Ойбек лауреат, Ойбек депутат, Ойбек академик, Ойбек Ёзувчилар уюшмасининг раиси…
У шунча унвонлардан ҳаволанмади. Аввал қандай бўлса ўшандай яшади. Ўшандай меҳнат қилди.

Ижодда омади келмаган рақибларининг ичлари куйиб кетди. Унга очиқдан-очиқ ҳужум қила бошладилар. Улар нима бўлса ҳам Ойбскнинг асабига тегиш, шу йўл билан уни ижоддан узиб кўйишлари керак эди. Мажлисларда, матбуот саҳифаларида очиқдан-очиқ туҳмат қила бошладилар. «Навоий» романидан хато қидириш асосий вазифалари бўлиб қолди.

Собиқ Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби Ниёзов партиянинг 1952 йил фсвраль пленумида қилган докладининг асосий қисмини Ойбек шу пайтгача нимаики ёзган бўлса, ҳаммасини миллатчилик руҳида ёзган, феодал тузумини қўмсаган, тарихий жараённи марксистик нуқтаи назардан таҳлил қилмаган, деб айблади.

Унинг бу докладидан илҳомланган олим Абдуғани Мирзаев ўша йилнинг 7 декабрида «Коммунист Таджикистана» газетасида «Тарихий воқеаларни бузиб кўрсатишга қарши» деган катта бир мақола бостирди.

Мақолада Ойбекка шундай айблар кўйилган эди:
«Навоийнинг ватанпарварлиги фақат Ҳиротни севиш билан чегараланган. Биноий шахсида у тожик ва ўзбек халқининг маданий ҳамкорлигини атайин бузиб кўрсатган. Навоий ижодига марксистик нуқтаи назардан ёндошмагани жиддий идеологик хатоларга олиб келган. Бу ҳол буржуа миллатчиларининг бир вақтларда Ойбекка ўтказган таъсири шу кунларгача сақланиб келаётганидан дарак беради».
Ўша давр нуқтаи назаридан қараганда бу мақола Ойбекни қамоққа олиш учун асос бўла оларди. Қодирий, Чўлпон ва Фитратлар айнан шу айб билан қамалган эдилар.

Мирзаев шу мақоласи учун раҳбарларнинг илтифотига сазовор бўлди. Яъни, у «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби» унвони билан тақдирланди.  Орадан беш ярим ой ўтиб «Қизил Ўзбекистон» газетаси Ботир Файзиевнипг «Навоий» романи тўғрисидаги ачимсиқ мақоласини эълон қилди. Ундаги гаплар Абдуғани Мирзаев фикрлари билан ҳамоҳанг эди.

Мақолада, Ойбек ўтмишни сохталаштирган, Навоийни идеаллаштирган, Биноий камситилган, бунда Ойбекнинг миллатчилик кайфияти сезилиб туради, дейилган эди. Файзиев романдаги «Тўғонбек қимиз ичган қозоқдек ҳузур қилди», деган жумлага қаттиқ ёпишиб олади. Ойбек бу ерда қардош қозоқ халқини хақорат қилган, деб туриб олади. Хўш, қозоқлар маза қилиб қимиз ичса бунинг нимаси ҳақорат экан? Мабодо Ойбек кўк чой ичган ўзбекдек ёки вино ичган грузиндек, пиво ичган немисдек маза қилди, деса шу халқлар ҳафа бўлишадими?
Ойбек бу хил бачкана, куракда турмайдиган гаплардан баъзан асабийлашар, баъзан кулибгина қўяқоларди.

Бу хил мақолаларнинг кўпини Зарифахоним Ойбекка кўрсатмай архивга ташлаб қўярди.
«Навоий» метин қоядек бу хил бўронларни писанд қилмас, аксинча минг-минглаб ўқувчи меҳрини тортарди. Ойбек эса бир дам бўлсин ижоддан тўхтамасди.
Эллигинчи йилнинг апрел ойида Ойбекнинг рақиблари ташкил қилган бир муҳокама мажлисида қатнашган эдим.

Китоб ҳолида босилиб чиққан «Олтин водийдан шабадалар» романи муҳокамага қўйилган эди. Қанча гап бўлса қўлёзма пайтида айтмайсизларми, китоб ўқувчилар томонидан қизиқиб ўқилаётган бир пайтда муҳокама қиласизларми, деб айтадиган азамат топилмади. Бу йиғинга асосан Ойбекнинг рақиблари тайёрланиб келишганди. Муҳокама хабарини эшитиб келган китобхонлар адабиётчилар уйини тўлдириб ўтиришарди.

Сўзга чиққан Назир Сафаров шундай дегани кечагидек эсимда (жумлаларни, сўзларни айнан келтираман):
— Ойбекнинг бу романи аригинал асар эмас, плагат. Сиймон Бобоевсканинг «Коволерия золотой звизда» китобидан кўчириб олинган.

Залда гуррос кулги кўтарилди. Сафаров одамларнинг нимага кулаётганига ҳайрон эди. Ойбек ҳам силкиниб- силкиниб, мириқиб куларди. Сафаров унга ўқрайиб қаради.
— Нега куласиз?
Ойбек ўтирган жойида жавоб қилди:
— Сиз умуман ўрисча билмайсиз. Бу роман ҳали ўзбек тилига таржима қилинмаган. Ўқимагансиз. Китобнинг номини ҳам, авторининг фамилиясини ҳам билмайсиз. Ундан кўчириб олганимни қаёқдан билақолдингиз. Дўстларингиз дурустроқ ўргатишмабди-да…
Пастдагилар чапак чалиб юборишди. Айниқса студентлар жон-жаҳдлари билан қарсак уришарди.

— Бу шунақа, — деди Сафаров чапак босилгандан кейин.— Бу кишининг танқидга тоқатлари йўқ. Бетимнинг қалини жонимнинг ҳузури, дейдиганлардан у.
Пастдан, «ҳой, ҳой, оғзингизга қараб гапиринг», деган овоз чиқди.
Сафаров шовқин-суронда гапиролмай тушиб кетди.
Ана шундан кейин романни оёқости қилишга келганлар минбарга чиқмай жойларида бўшашиб ўтиравердилар.

Романнинг ютуқлари тўғрисида, йўл кўйилган хатолари тўғрисида очиқ-ойдин гаплар бўлди.
Бу йиғинда Ойбек билан Абдулла Каҳҳорнинг жиндек чўқишиб қолганликлари эсимда. Одатда Абдулла Каҳҳор сўзга чиққанда зал жим бўлиб қолар, чеккани каридорга чиқиб кетганлар ҳам оёқ учида юриб жойларига келиб ўтирардилар. Абдулла Қаҳҳор романнинг қайсидир қаҳрамонини ўта силлиқ, ҳаддан ташқари ижобий бўлиб қолганини айтганда Ойбек сапчиб ўрнидан туриб кетди.
— Сизга ўхшаб «совет кишилари»ни шафтолиқоқига ўхшатиб тасвирламайман.
Абдулла Қаҳҳор шафтолиқоқи ҳам ёмон нарса эмас, деб кулиб қўяқолди.
Муҳокама мажлиси «Олтин водийдан шабадалар»ни асосан ижобий баҳолади. Ниятлари амалга ошмаган рақиблар бўшашиб чиқиб кетишди.

«Олтин водийдан шабадалар» романининг муҳокамасидан кейин Ойбек домлани кўчагача кузатиб чиққан эдим. У машинага ўтираркан, «Эплашолмади-я,»— деб қўйди. Кейин орқа ўриндиқдан битта романни олиб тиззасига қўйди-да, авторучка билан қуйидаги сўзларни ёзди. «Ёш дўстим ва ҳамкасбим Саид Аҳмадга юракдан ёдгорлик. Ойбек. 18.IV.50».

Шу йили собиқ Марказ Давлат мукофоти комитети «Олтин водийдан шабадалар»ни мукофотга лойиқ асар деб баҳолайди, тезда мукфотга тавсия қилинглар, деб уюшмага телеграмма юборади. Уюшмадан жавоб бўлмайди. Яна телеграмма келади. Уюшма раиси яна жавоб бермайди. Ойбек ҳадеб мукофот олаверадими, деб ғайирлик қилади. Комитет Ойбекнинг ўзига телеграмма юбориб романдан ўн нусха юборишини сўрайди. Зарифахоним бу илтимосни бажонидил бажаради.

Уюшма раҳбарлари Москва бизнинг розилигимизни олмай мукофот бериб юбориши мумкин, деган ташвишда, зудлик билан романга қарши мақолалар уюштирадилар. Воҳид Зоҳидов «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 50- йил, 15, 16, 17 февраль сонларида романга қарши узундан-узоқ мақоласини бостиради. Ва уни Давлат мукофоти комитетига юборади.

Рақиблар ниятларига етадилар. Ўша йили Ойбек ўрнига туркман ёзувчиси Берди Кербобоевга «Ойсултон оқ олтин водийсидан» деган қиссаси учун иккинчи марта Давлат мукофоти берадилар.
Ойбек кечиримли одам эди. У ҳеч қачон рақибларидан ўч олмасди. Худога солиб қўярди. Ўзига ёмонлик қилган дўстларига ҳам яхшилик қилаверарди. Дилига кўп озор берган, уни бадном қилишга уринган, асабларини ишдан чиқарган уюшма раиси қарз сўраб келганда йўқ демай, ўн минг сўм пул берганига ўзим гувоҳман.

Ҳамма вақт йўлига тўғаноқ бўладиган Воҳид Зоҳидов докторлик диссертациясини олиб келганда Ойбек ёзиб турган романини тўхтатиб, 1200 саҳифали қўлёзмани синчковлик билан ўқиб чиқади. Унга қимматли маслаҳатлар беради. Атайин Москвага бориб ҳимояга бағишланган илмий йиғинда нутқ сўзлаб, уни ёқлайди. Москва олимлари унинг нутқини тинглаб Навоийни яна бир бор кашф қилганликларини узоқ вақт гапириб юришади. Мана шу одам миннатдорчилик ўрнига «Олтин водийдан шабадалар»га туҳмат қилди.

«Навоий» романига ҳужум қилган, уни бадном қилишга уринган Ботир Файзиев номзодлик диссертациясини ҳимоя қилаётганда хаста ётган Ойбек йиғинга бориб, гина-кудуратларни унутиб, уни ҳимоя қилди ва овоз берди.
Ойбекка қарши курашиб тўймайдиган уюшма раиси (Уйғун) яна бир пасткашликка қўл уради. Ойбек устидан 22 саҳифалик туҳматдан иборат хат тайёрлаб унга ўзи, Шевердин, Ойдин, Мильчаков ва яна кимдир имзо чекадилар.

1950 йилнинг 1 февралида партбюро мажлисида шу хатни муҳокама қиладилар. Ойбек бу гаплар туҳмат эканлигини айтиб, раис билан санманга боради ва мажлисни ташлаб чиқиб кетади.

1959 йилнинг мартида Москвада ўзбек адабиёти ва санъати ўн кунлиги бўлган эди. Ёзувчилар, бастакорлар, рассомлар, театрлар бу издиҳомга янги асарлар билан боришган эди. Адабиётчилар уйида ўзбек ёзувчиларининг асарлари муҳокама қилинарди. Ўша пайтда Ўзбекистон Олий Совети президиуми раиси бўлган Шароф Рашидов литфондимизнинг директори Шомил Алядинга бир папка берди.
— Тезда Тошкентга жўнайсиз. Шу қўлёзмани уч кун ичида китоб қилиб, олиб келасиз, — деди. — Матбуот бошқармасидагилар сизни аэропортда кутиб олишади.
Бу рус тилига таржима қилинган «Қуёш қораймас» романининг қўлёзмаси эди.
Уч кун эмас, беш кун ўтиб Ш. Алядин янги босмадан чиққан «Солнце не померкнет» китобидан 20 — 30 нусхасини олиб келди.

Бу қадар тез китоб чиқиши мумкинлигини бировга айтса, ўлай агар, ишонмайди. Аммо, бу ҳақиқат эди. Рашидов романнинг бир неча нусхасини Марказ ёзувчилари олдига қўйди. Бундан беш кун олдин картон папка ичидаги қўлёзма чиройли китоб бўлиб келганига ҳайрон эдилар.

Шу пайт Ўзбек ва Туркман адабиёти бўйича мутахассис, москвалик кинодраматург Кладо ўзбек драматургияси ҳақида гапираётган эди. У бир дам сўзини тўхтатиб, ҳали муқовасининг елими қуримаган китобни қўлига олиб варақлади. Кейин Зарифахоним билан ёнма-ён ўтирган Ойбекка қараб икки панжасини жуфтлаб «Қутлуғ бўлсин» маъносида эгилиб қўйди.

— … Шундай қилиб, — дея сўзини давом этдирди у. — Ўзбек драматургияси йилдан йилга куч йиғяпти. Ўн кунликка олиб келинган асарлар бунга мисол бўлаолади. Бироқ шу яхши асарлар орасида хом, ниҳоятда дидсизлик билан ёзилган саёз драмалар ҳам борлигини очиқ-ойдин айтишимиз керак. Ўзингиз биласиз, йигирманчи, ўттизинчи йилларда деҳқоннинг ер ҳайдаш қуроли омоч эди. Ҳозир қудратли тракторлар билан ер ағдаряпти. Муқимий номидаги музикали драма ва комедия театри саҳнасида қўйилган «Олтин кўл» пьесаси ҳатто омоч даражасида ҳам эмас.

Ойбекнинг рақиби, номдор ёзувчининг ранги қув ўчди. Нотиққа ғазаб билан тикилди.
Ана шу муҳокамадан кейин орқаворотдан уни омоч, деб атайдиган бўлишди.

Ойбек тантана қилиш ўрнига, «омоч»нинг олдига бориб, қўяверинг, айтаверади, деб юпата бошлади.
1949 йилнинг июл ойида Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг пленуми бўлган эди. Унда Марказқўмнинг уюшма фаолиятини умуман ёмон баҳолаган қарорининг муҳокамаси бўлганди. Қарорда янги гап йўқ. Аввалги йилда бўлиб ўтган февраль пленумида биринчи котиб Ниёзов қилган нутқ қарорга асос қилиб олинган. Уч кун давом этган пленумда Ойбекнинг рақибларига худо берди. Улар яйраб-яйраб гапиришди. Ойбекка тақалмаган айб қолмади. Пленумнинг учинчи куни Ойбекни вазифасидан озод қилишди. Илгари «Қизил Ўзбекистон» газетасида муҳаррир бўлиб ишлаган Шароф Рашидовни раис, Уйғун билан Шевердинларни раис ўринбосарлари қилиб сайладилар.

Орадан бир йил ўтмай Рашидов Ўзбекистон Олий Совети президиумига раис бўлди. Энди уюшма Уйғун билан Шевердинлар қўлида қолди.

Рашидовнинг бошқа ишга кетиши Ойбек рақибларини фаоллаштирган эди.
Рашидов Ойбекни ниҳоятда ҳурмат қиларди. Ўзбекнинг шундоқ мумтоз ёзувчиси борлигидан қувонарди. «Олтин водийдан шабадалар» романига ўзи муҳаррирлик қилганди. У уюшмага раислик қилган вақтда романга ҳужум қилишга ботинмагандилар. Рашидов бундай қилишга йўл қўймасди ҳам.
Ойбекни унвонлардан маҳрум қилиш кўлларидан келмасди. Академик унвони унга умрбод берилганди. Аммо депутатлик ваколати атиги беш йил. Унга қарши курашнинг энг яқин йўли уни бадном қилиш. Асарларидан хато топиш.

Ойбек рақибларининг илҳомчиси, «сардори» тўғрисида Абдулла Қаҳҳор шундай деганди: «Ҳаммаёққа ўт тушсаю, ёнган уйнинг мўрисидек бўлиб бир ўзи қолса».

Ойбек Украина ёзувчиларининг съездига вакил бўлиб борганда «Навоий» ва «Қутлуғ қон»ни ўқиган бир рус аёли билан танишади. У аёл айниқса «Навоий» романини ҳузур қилиб ўқиганини, шу роман орқали Навоий ижодига қизиқиб қолганини айтади. Тошкентга борганингизда Навоийнинг рус тилига таржима қилинган шеърларидан юборсангиз, деб илтимос қилади.

Ойбек ижод билан, академия ишлари билан банд бўлиб, Киевга Навоий шеърларини юборишни унутади. Киевлик хонимда Ойбекка нисбатан қандайдир муҳаббатга ўхшаган бир ҳис пайдо бўлганга ўхшарди. Ҳам ошиқона, ҳам таъналарга тўла хат юборади. Бу хат Ойбекка келиб тегмайди. Уюшмадаги рақиблар хатни очиб ўқиб, уни Ойбекка қарши қуролга айлантирадилар. Партия мажлиси чақириб Ойбекни ахлоқсизликда айблайдилар. Пок рус аёлини алдаган, деб таъналар қиладилар. Мажлисда ундан хотинингни қўйиб, ўша аёлга уйланасан, деб туриб оладилар. Хотининг туркистонлик капиталист Саидносир бойнинг қизи. Сен коммунистсан. Совет тузумига ёт оилада тарбия кўрган аёл билан яшашинг мумкин эмас. Агар рус аёлига уйлансанг сендаги миллатчилик кайфияти ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлади, — дейдилар.

Бу пайт Ойбекнинг уч ўғил, бир қизи олдинма-кетин вояга етиб келаётган эди.
Ойбек бу гапга кўнмайди. Киевлик рус аёли мен учун оддий бир китобхон, холос, дейди.
Ойбек хотиндан ёлчиган одам эди. Зарифахонимдек фидоий аёлни китобларда ҳам учратмаганман. У бутун умрини Ойбекка бағишлади. У Ойбек деб яшади.

Икковлари қовушган кунларидан бошлаб, Зарифахоним Ойбек ёзган ҳар бир варақ қоғозни кўз қорачиғидек эҳтиёт қилади. Ҳозир Ойбек архивига кўз ташласангиз унинг жамики матбуотда эълон қилинган шеърлари алоҳида конвертда, қайси газетада, қайси куни босилгани ёзиб қўйилган. Юзлаб шунақа конвертлар Ойбек меросини ўрганувчиларга хизмат қиляпти.
Ойбек умрининг охирги йилларида гапиролмай колди. Бармоқлари қалам тутолмасди. Бўлғуси асарларини бировга айтиб ёздиришнинг ҳам иложи йўқ. Ўзим ёзай, деса бармоқлари қалам тутишга ярамайди.

Эр-хотин бир-бирларига шунчалик ўрганиб кетишган эдики, бир имо билан Ойбекнинг нима демоқчилигини Зарифахоним билиб оларди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, профессор Зарифа Саидносирова уйда Ойбекнинг шахсий котибаси ва хонадон соҳибаси эди. Ойбекнинг кейинги ўн йил ичида яратган роману қиссаларини, достону шеърларини, мақолаларини Зарифахоним унинг имо-ишораларидан, кўз қарашларидан, қўл ҳаракатларидан сезиб қоғозга туширганди.
Бир хотин бўлса шунчалик бўлади-да!

Сароймулкхоним бобомиз соҳибқирон Амир Темурнинг содиқ рафиқаси, доно кенгашчиси, таянчи, буюк Туроннинг гўзал маликаси Бибихоним эди.

Вафо ва садоқат тимсоли бўлган Моҳларойим Фарғона хони шоир Амир Умархоннинг умр йўлдоши, беназир маслаҳатчиси, шеърият осмонида чақнаган юлдуз Нодирабегим эди.
Қозоқнинг тенгсиз шоири Абайнинг севгилиси сулув Айгерим (ўзбекчада Ойкарам) ҳамиша илҳом париси бўлиб, уни ижодга ундарди. Айгеримнинг ҳусну малоҳатидан, пурмаъно сўзларидан, ноз-карашмаларидан шеър тўкиларди. Абай табиатнинг бу ноёб мўъжизаси олдида ҳайрону лол бўлиб, қалами учига шеър қуйилиб келаётганини сезмай қоларди.

Адабиётимиз хазинасига мумтоз асарлар қолдирган, халқнинг фахри, ғурури бўлган Ойбекка бутун меҳрини, муҳаббатини бағишлаган, ўзлигидан, роҳат-фароғатдан кечиб устозимизга ижод имкониятларини яратиб берган Зарифахоним ўша Сароймулкхонимнинг, ўша Моҳларойимларнинг, ўша Айгеримларнинг бири эди.

Ойбек ишлаб чарчаган пайтларда уйидан чиқиб, дарахтлар қуюқ соя ташлаган кўчасида қўлини орқасига олиб айланиб юрарди.

Дарвозадан ўнг томонга юрса Уста Ширин кўчасидаги бекатга чиқади. Бу жой жуда гавжум. Кўчанинг икки бетида автобус, троллейбуслар бекати. Тўғрида озиқ-овқат дўкони. Одам кўп. Учраган одамки бор унга салом бериб, ҳол-аҳвол сўраб ўтади. Шундоқ буюк одамнинг суҳбатидан бахраманд бўлай, деб атайин эзмаланиб гаплашадиганлар ҳам кўп бўлади. Бу жойда Ойбек фикрини бир жойга тўплаёлмайди. Кўпинча у уйидан чиқиб, чап томонга юради. Сал нари борса ўша катта йўлга олиб чиқадиган кўча бор. Бу жой Уста Ширин бекати билан Янгиариқ бекати оралиғида. Деярли одам учрамайди. Учрашганлари ҳам шошиб-пишиб саломлашади-да, автобусдан қолиб кетмай, деб бекат томон чопади.

Ойбек дарахтга суяниб ўй ўйлайди. Унинг қизиқ одати бор эди. Ўйлаганда албатта Навоийнинг ўзи севган мустазодини овоз чиқариб ёд ўқирди.

Дин офати бир муғбачайи моҳи лиқодир, майхорау бебок,
Ким ишқидин оний ватаним дайри фанодир, сармасти ёқам чок.
Ҳам куррасининг дуди вара белига зуннор, мен кофири ишқи,
Ҳам юзи маъжус ўти киби шуъла сизодур, мен ўртанибон пок.

Қирқ етти, қирқ саккизинчи йилларда «Шарқ юлдузи»да ишлаган пайтларимда Ойбек уюшмамизнинг раиси эди. Баъзан кабинетдан чиқиб хоналарни айланар, бирон сўз демай яна чиқиб кетарди. Ўшанда ҳам Навоийнинг шу мустазодини овоз чиқазиб ўқиб юрарди. Шунақа пайтда унга салом берсангиз, худди уйқудан уйғониб кетгандек чўчиб тушарди, чунки сиз салом берган пайт у ёзаётган асарининг қаҳрамонлари билан гаплашиб турган пайтга тўғри келиб қоларди.

Назаримда, улуғ бобомизнинг бу ғазали Ойбек учун ижод тилсимини очадиган сеҳрли калит эди.
Ҳудди шу жойда, 1966 йилнинг кузида Ойбек менга, Ғафур ҳақида ёзинг, уни яхши биласиз, деган эди.

Ёзадиган гап кўп. Ҳаммасини ёзиб бўлмайди. Ойбекнинг мотами куни газетада эълон қилинган таъзияномага асосан унга озор берган, унинг ўлимини тезлапггирган кишилар имзо чеккан эдилар. Бу нима? Бу уларнинг таъзиясими ё қувончими?

Ойбекнинг ўлимидан уч-тўрт ой олдин Зарифахонимни дўконда учратиб қолдим. Сут олгани чиққан экан.
— Бизникига бир киринг, домла шу кунларда сал тажанг бўлиб юрипти, сизни кўриб зора ёзилса, — деб қолди.
Ўша куни домланинг уйига чиқдим. Ойбек дарахт соясида чирманда чалиб ўтирарди. Кулгим қистадию ўзимни босдим. Шундоқ буюк одамнинг чирманда чалиши менга ғалати туюлди. Зарифахоним жуда ҳушёр аёл эди. Дарров изоҳ берди:
— Докторлар буюрган. Чирманда чалсанг, бармоқларинг ҳаракатга келади, деган.

Дарҳақиқат, Ойбекнинг бармоқлари қалам тутолмасди. Ёзадиган асарлари дилида тайёр турипти. Қани эди, бармоқлари ишлаб кетсаю дилдаги асарларини қоғозга тўкса. Ҳеч бўлмаса ярим-ёрти бўлса ҳам гапиролса, оғзидан чиқмай туриб Зарифахоним ёзиб оларди. Афсуски кейинги пайтларда на тил ишлайди, на қўл. Дилида пишиб турган шеърлар, достонлар, романлар ғалаён қиляпти.
Зарифахоним айтган «бир оз тажанглиги» ана шундан эди.

Салом-аликдан кейин Ойбек қўлидаги чирмандани менга узатиб, чалинг, деди. Чалишни билмаслигимни айтдим. Икковимиз ҳам жимиб қолдик. Чой олиб чиққан Зарифахоним менга, қизиқ-қизиқ гаплардан айтинг деб ошхонага кириб кетди.

Мен Мирзакалон Исмоилийнинг 60 йиллик юбилейида саҳнада шимининг тугмаси узилиб кетганини, икки қўли совға-саломлар билан банд бўлганидан тиззасига тушиб қолган шимини кўтаролмай кўзлари жовдираб қолганини айтганимда Ойбек қарсиллаб кулиб юборди. Қўлидан чирмандаси тушиб, ерда ғилдираб кетди. У қотиб-қотиб куларди, силкиниб-силкиниб куларди. Зарифахоним нима гап, деб ошхонадан чиқди. Ойбек, сен эшитма, дегандек ишора қилди.

Ойбек тағин, тағин деб қистайди. Мен нима дейишимни билмайман. Охири Ғафур Ғуломнинг бир раис, ошнасиникига Ҳабибий домлани Навоий деб олиб борганини, раис қўй сўйиб, меҳмон қилганини, «Навоий»га тўн кийдирганини айтганимда Ойбек боягидан ҳам қаттиқ кулди. У кулгидан тўхтаб тағин, тағин дерди.

Ойбекнинг ғалати одати бор эди. Қўлига қоғозми, гугурт чўпими тушса, бир чеккасидан тишлаб узиб ташлайверарди.
Энди Ғафур Ғуломнинг Ойбек тўғрисида тўқиган латифаларидан айта бошладим.
— Бир куни Ойбек хотини билан кинога борипти. Билет олишипти. Кинохона эшигидаги хотин улардан билет сўрапти. Билет йўқ. Ойбек билетни ямлаб қўйган экан.

Ойбек ёлғон, ёлғон, деди қийналиб. Латифани эшитиб турган Зарифахоним рост, деди.
— Нашриёт бухгалтери пул ёзиб берган қоғозни кассага боргунча «еб» қўйганингиз эсингиздан чиқдими, — деди Зарифахоним.
Икковлари маза қилиб кулишди.

Ойбекка оёқ кийим чидамасди. Икки ойга қолдирмай қийшайтириб, жағини айириб ташларди. Шу тўғрида Ғайратий тўқиган латифани айтдим.
Ойбек Катта Фарғона канали қурувчилари тўғрисида очерк ёзгани борганди. Унинг «Оқсоқоллар» деган очерки ҳам газетада босилганди.

Ойбек канал қурувчиларидан бир чол билан гаплашиб қолибди. Чол унга разм солиб:
— Зап қоматдор, файзли йигит экансизу, аммо оёқдан ёлчимаган экансизда, — депти.
— Э, э, ёл-ғооон, — деди Ойбек қийналиб.
Кейин оёғига қараб, жағи айилиб, бир томонга қийшайиб кетган ковушини кўриб, кулиб юборди.
— Ррооост, — деди у бўйнига олиб.
Ўша куни кечгача Ойбекнинг уйида кулишиб ўтирдик.

Ана шундан кейин сал вақт ўтмай Ойбек бу ёруғ оламни ташлаб кетди.

Унинг шодон кулгилари ҳамон қулоғимдан кетмайди.
«Сиз Ғафурни яхши биласиз, ёзинг», деганди.
Энди унинг ўзи тўғрисида ёзиб ўтирибман.
Одамлар бор, ўлгандан кейин унутилиб кетади.
Одамлар бор, ўлгандан кейин ҳам яшайверади.

Ойбек эса қанча узоқлашса шунча яқинлашяпти. Узоқлашган сари қадри ошяпти. Узоқлашган сари одамлар меҳри уни бағрига тортяпти. Узоқлашган сари овози тиниқ, ёрқин эшитиляпти…

Олимларнинг далолат беришларича, ҳозир осмонда чақнаб турган сонсиз юлдузларнинг кўпи минг йиллар олдин сўнган, аммо уларнинг шуъласи ҳалигача келиб турибди.

Ойбек жисмонан сўнди, Лекин унинг даҳоси таратган шуъла дилларимизни ҳамон ёритиб турибди.
Мен ана шундай буюк зот билан кўп суҳбатларда бўлганимдан ғурурланаман, шундай алломанинг назари тушганидан қувонаман.

30 ноябрь, 1996 йил.

011

(Tashriflar: umumiy 1 615, bugungi 1)

Izoh qoldiring