Улуғбек Ҳамдам. Шавкат Раҳмон шеъриятига бир назар

shavkat rahmon
Чуқурроқ мушоҳада қилиб қарасак, миллатни ўз холига қўймаган истибдод ҳам ана шундай бир дардки, у туфайли пайдо бўлган бутун бошли халқ кўзидаги ёшни уммонлар ювса ҳам кетмайди. Уни бу дунёда ювиб тозалайдиган фақат битта — истиқлол суви бор, холос. Истиқлол сувига етгунга қадар эса шоирнинг дарди аримади, кўнгли тўлмади. Шунинг учун ҳам Шавкат Раҳмон «Шеърларингда бахт сўзи кам учрар деган дўстимга» деган шеърида.

shavkat rahmon

Улуғбек Ҳамдам
ШОИР – “ТУЗАЛМАС” ҲАҚИҚАТПАРАСТ

Ҳар давр ўзидан аввалги ёки кейингисидан қайси бир жиҳати билан ажралиб туради. Ҳар даврнинг ўз қиёфаси, юриш-туриши бўлади. Айни ўзгачалик кўпинча шу даврда яшаган инсоннинг умумий кайфиятини белгилайди. Зеро одамзоднинг хаёли ҳар қанча учқур бўлмасин, у ўз даврининг кўринмас ришталаридан батамом узилиб кетолмайди. Шу маънода ХIХ асрнинг қарийб иккинчи ярмидан ХХ асрнинг сўнгги ўн йилига қадар давом этган узун муддат ҳар хил шаклларда турланишига қарамай, моҳиятан истибдод даври бўлди. Ва бу истибдодни англаб етган шоир хоҳ у, хоҳ бу кўринишда бўлсин, қатъи назар, озодликни куйлади, истиқлолга етишни орзу қилди, халқни шунга чорлади. Чунончи, асримиз аввалида Чўлпон «Кишан кийма бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғилонсен!» деб ҳайқирган бўлса, аср поёнига яқинлашганда Шавкат Раҳмон «Сурилар бу темир пардалар, Истибдоднинг туғлари қулар» деб башорат қилди.
Бугунги кун юксаклигидан нафас олаётган айрим замондош Чўлпонлар ва Шавкат Раҳмонлар ёнган оловни унчалик ҳис қилмас, балки. Агар шундай бўлса, тасаввур қилингки, оғир дардга чалиндингиз (худо кўрсатмасин!) ва ойлаб, йиллаб, ҳатто ўн йиллаб тўшакка михланиб қолдингиз. Шунда руҳингиз, хаёлингиз сизни ҳар қанча қайноқ ва жўшқин ҳаётга чорласа-да, сиз унга тийиқсиз бир куч-ла талпинсангиз-да, жисмингиз қўйиб юбормайди, у сизни худди ҳибс этиб турган қамоқхонанинг темир панжараларидек тутиб қолади, ихтиёрсиз этади, орзуларингизни ўлдиради, ҳаётга бўлган иштиёқингизни сўлдиради… Ахир худди шундай дардга дучор бўлган Шавкат Раҳмон ўзининг энг сўнгги шеърларида

Нодиражон, Шоиражон,
Танам қимир этмайди,
Кўзимда бир томчи ёш
Сойлар ювса кетмайди,

деб ёзмадими? Чуқурроқ мушоҳада қилиб қарасак, миллатни ўз холига қўймаган истибдод ҳам ана шундай бир дардки, у туфайли пайдо бўлган бутун бошли халқ кўзидаги ёшни уммонлар ювса ҳам кетмайди. Уни бу дунёда ювиб тозалайдиган фақат битта — истиқлол суви бор, холос. Истиқлол сувига етгунга қадар эса шоирнинг дарди аримади, кўнгли тўлмади. Шунинг учун ҳам Шавкат Раҳмон «Шеърларингда бахт сўзи кам учрар деган дўстимга» деган шеърида

Бахтиёрман деган биргина сўзни
айтиш учун керак қанча куч, чидам,
гарчи бахт сўзларнинг энг ёқимлиги,
гарчи турса ҳамки тилнинг учида.
Оғир ботмасмикин
бу сўз кимгадир,
тегиб кетмасмикин оҳ-воҳларига,
қандоқ бардош бериб
яшайман кейин
бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига.
Аввало, бу сўзни ўзгалар айтсин,
айтсинлар кўзлари қувончга тўлиб.
Элнинг бахти учун умрини тиккан
Шоирлар айтмасин биринчи бўлиб.
Бу сўзни бир умр айтмай яшадим.

деб ёзадики, биз англаймиз: «бахтиёрман» деган сўзни айтиш учун ҳали шоирнинг кўнгли тўлган эмас. Бошқа бир шеърида Шавкат Раҳмон «уриниб-суриниб, сира тўлмаган бир кўнгил қолади қолса ҳам мендан» деб битади 1983 йилда.
Албатта, юқоридаги шеърларни янада кенгроқ маънода, масалан, фақат истиқлол дардигина эмас, балки умуман, дунёга келиб-кетаётган ҳассос кўнгилнинг савоб ва гуноҳ, эзгулик ва ёвузлик, фараҳ ва изтироб ўртасидаги мушоҳадалари ўлароқ ҳам талқин қилса бўлади. Бироқ Чўлпон шеърияти бағридан бошдан-оёқ юрт озодлиги чизиғи узилмай ўтганидек, Шавкат Раҳмон шеъриятида ҳам истиқлол ғояси марказий ўринлардан бирини ташкил этади. Унинг «Шавкат Раҳмон деган бир ўжар шоир, бир куни қайтадан яраладими? Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб, сайладим сўзларнинг сараларини. Ҳар бир сўз юз сўзнинг ўрнини босар — Ватан Халқ Жасорат Кураш Озодлик» деб ёзиши бежиз эмас. Чунки бу сўзларнинг ҳар бири шоир ҳаёти маъносини ташкил этгани ҳақиқат. Албатта, бугун истиқлолга эришган юртда яшаётган, айниқса, ёш замондош учун бундай сўзлар бир қадар баландпарвоздек, асл ҳаётдан узоқроқдек туюлиши мумкинлигини мен жуда яхши тушунаман. Чунки сўзимнинг аввалида таъкидлаб айтганимдек, бугун давр бошқа, унинг кишилар зиммасига ортаётгани юк бошқа. Лекин унутмаслигимиз жуда-жуда зарурки, бугун юзага келаётган ҳар қандай «бошқачалик» айнан Ватаннинг Озодлиги билан, Халқнинг ўз келажаги йўлидаги Жасорат билан Курашмоғи билан тирикдирки, бу маъноларни ўз бағрига жо қилган сўзларни Шавкат Раҳмон бир мисрага тизган:

Ватан Халқ Жасорат Кураш Озодлик.

Хўш, бундай журъаткор шеърият қандай пайдо бўлди, ҳар ҳолда ўз-ўзидан бино бўлмагандир? Ахир Шавкат Раҳмон ёлғиз эмасди. Истиқлол ғояларини, Ҳақиқатни ўзларининг рамзий шеърларига сингдирган бутун бошли авлод шаклланиб улгурганди 80-йилларда.
Назаримда, урғуни аввало, масаланинг назарий томонига қаратмоқ керак. Яъники қаердаки, истибдод бор экан, унга қарши исён, норозилик албатта туғилиб, ўсиб келаверади. Истибдод қанча зўрайса, норозилик ҳам шунча кучаяди. Фақат ҳамиша ҳам ошкора эмас, балки шароитга қараб, кўпинча эса пинҳона. Шавкат Раҳмонлар шеърияти ана шундай гизли исённинг бир кўриниши, рамзий шакли эди. Чунончи Шавкат Раҳмон юрт хоинларига тарихий шахс Маҳмуд Торобий тилидан шундай дейди:

Жоним — жигаримсан,
Сен-да одамсан,
лоақал кўзингда бир ёш кўрсайдим,
лоақал қовушиб қолган қўлингда
ёвларга аталган бир тош кўрсайдим.

…Сени алқадилар
кифтингга қоқлаб,
мақтовлар ёғилди оққуш паридай.
Мен эса йиғладим эна-еримнинг
топталган қоронғи оғушларида…(1983)

Қолаверса, 70-80-йилларга келиб сиёсий-мафкуравий иқлимнинг бироз мўътадиллашгани боис собиқ империядаги Умумий Катта Ёлғонга қарши кўзи очиқ, ҳақиқатпарвар зиёлиларнинг, айниқса, ижодкорларнинг адабиёт ва санъатнинг ўзга соҳалари воситасидаги кураши янги босқичга кўтарилди. Шавкат Раҳмонлар авлодининг зўр бериб Ҳақиқат, Ватан, Жасорат, Озодлик ҳақида куйлай бошлаши ана шу Катта Курашнинг бир парчаси ўлароқ намоён бўлди. Бунинг учун тарихий асослар ҳам мавжуд бўлиб, бу асос, аввало, жадидларнинг ватан озодлиги йўлидаги курашлари билан, хусусан, Чўлпон билан, унинг исёнкор шеърияти билан, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Рауф Парфилар анъаналарини давом эттириш билан боғлиқ ҳам эди. Инчунун, Чўлпон ва Шавкат Раҳмонлар шеъриятидаги ҳамоҳанглик айнан шу ердан туғилди. Улар ижтимоий дардни куйлаш нуқтаи назаридан бир-бирига яқинлашиб келади. Бироқ уларда тафовутли жиҳатлар ҳам мавжуд: Чўлпон шеъриятида ҳамма нарса айланиб келиб юрт озодлиги муаммосига тақалаверади. Унда ҳатто гул ва ёр ҳақидаги шеърлар ҳам охир-оқибат Ватан ҳурлиги ҳақидаги орзу-армонларга йўғрилиб кетаверади. Яъни Чўлпон шеърияти ўзининг ибтидосидан интиҳосигача асосан юрт озодлиги қайғусига бағишлангандир. 70-йиллар авлодида, хусусан, Шавкат Раҳмонда ибтидо ҳақиқатдир.

Кўзингизни очинг, қўрқманг,
зиёдан қамашсин, оғрисин, майли,
майлига яшамак бўлсин қийинроқ
очиқлиги туфайли,

деб ёзади энди-энди катта турмушга кириб келаётган 24 ёшли шоир. Ва у умрнинг охирига довур ана шундай — ҳақиқатни айтиб, унга интилиб, очиқ кўзлар билан яшаш ўгитига содиқ қолди. Ва мана шу очиқ кўзлар — ҳақиқатни кўришга бўлган бетийиқ эҳтиёж шоирга кўрсатдики, у яшаётган мамлакат азим бир Ёлғоннинг чангалида қолган, атрофда эса вабо, бўҳтон ва ҳирсга муккасидан кетган одамлар тўлиб-тошган экан… Шунда очиқ кўзлар яна бир нарсани ғира-шира илғади: шоир мансуб бўлган миллат асоратда, юрт-Ватан истило қилинган эди. 1980 йилда ёзилган бир шеърида Шавкат Раҳмоннинг йиллар қаъридан тошбўрон ва қирғинларга йўлиқиб келаётган минора қисматидан ҳикоя қилади. Ва айтадики, тўплар ўқидан миноранинг бош қисми учиб кетган бўлсада, жони шарқона безаклар битилган исмида омон қолган ҳамда ҳар йили унга лайлаклар ин қуради. Шеър қуйидагича якунланади:

Бу йил ҳам минорда, ҳайрият,
шарқона безаклар сўнмабди.
Минорнинг бошига бу йил ҳам
Ҳайрият, қарғалар қўнмабди.

Адабиётдан, умуман, санъатдан озгина хабари бор кишики бор, ушбу шеър мажозий бўлиб, у ўз тагқатламларида ўзга маъноларни ҳам яшириб турганини ортиқча қийинчиликсиз тушуна олади. Таъбир жоиз бўлса, шеърда акс этган минорани халқ, унинг сўнмаган шарқона безакларини ҳали йўқотилмаган миллат қиёфаси, қарғаларнинг минора бошига қўнмаганлигини озод келажакка бўлган умиднинг рамзи ўлароқ қабул қилса ҳам бўлади. Бундай рамзий шеърни бугун — 2000 йилда ёзиш ва уни талқин этиш шоирдан ҳам, мунаққиддан ҳам ортиқча қаҳрамонликни талаб қилмайди. Бироқ қарийб 20 йил аввал — 1980 йилда, яъни империя айни кучга тўлган маҳалда ёзиш ва ундан-да муҳимроғи, шеърда акс этган маънони англаш даражасига кўтарилиш осон иш эмаслигини тан олиш инсофдандир.
Бу каби далиллар шуни исбот қиладики, халқимиз 1991 йил 1 сентябрда расман қўлга киритган муқаддас истиқлол учун ҳақиқий кураш аслида анча олдин — аср аввалидан бошланган бўлиб, 70- ва айниқса, 80-йилларга келганда адабиёт мисолида ўзининг янги босқичига кўтарилган эди. Шавкат Раҳмон шу жараённинг кўзга кўринган энг истеъдодли вакилларидан бири бўлиб майдонга тушди ва умрининг охиригача ана шу миссиясини матонат билан адо этди.
Кўринадики, истиқлол ғояси шоирнинг ҳақиқат сари сафари асносида туғилиб, вояга етгандир. Чўлпоннинг ҳақиқати юрт озодлиги эди, унинг йўли ҳам, манзили ҳам асосан шундан иборат эди, Шавкат Раҳмонда эса истиқлол қайғуси ҳақиқат томон элтувчи йўлнинг бир бўлаги ўлароқ намоён бўлади.
Шавкат Раҳмон «ҳақиқати»нинг парчаларидан бири Ватандир. У 1975 йилда шундай ёзган эди:

Жойлашгансан шунчалар чуқур…
Ўз тубига яширган юрак.

Сенга етиб бормоқлик учун
Узун умрим етмаса керак.

Шоир ўзининг 25 ёшига қарамай, Ватан инсоннинг юрагидан, юрагида бўлгандаям унинг туб-тубидан бошланишини идрок этади. Лекин ҳали Ватанни тўла-тўкис англаб етмаганини ҳам ошкор этишдан тортинмайди: «Сенга етиб бормоқлик учун Узун умрим етмаса керак». Сенга етиб бормоқлик, дегани Ватанни тушуниш деганидир. Шоир камтарлик қилиб Ватанни тушунмоққа узун умрим етмаса керак, деб ёзади. Шоирнинг умри эса афсуски, узун бўлмади. Бироқ у ана шу қисқа умри давомида Ватанни энг теран, энг нозик ва энг яқиндан тушунган, ҳис қилган зиёли шоирларимиздан бири даражасига кўтарилди, дея оламиз.
Шоир 1984 йилда битилган шеърида ҳақли равишда қуйидаги мисраларни битади:

Мен ором борлигин унутиб қўйдим,
Бағримга чақинлар тегди дафъатан.
Сендан-да улуғроқ нарса йўқлигин
сочим оқарганда англадим, Ватан!

Шоирнинг сочи оқарганда у 34 ёшда эди. Бу ҳали навқирон ёш. Лекин шоир уни «сочи оқариш» сифати билан белгилаяпти. Чунки у Ватанни яна-ям аввалроқ англаш керак эди деб билади.

Бунча кеч англадим,
Нега бунча кеч…
англасам лоақал ўттиз йил аввал,
лоақал туғилмай туриб англасам…
Кўрган бўлармидим сени мукаммал.

Қаранг, шоир Ватанни ҳали гўдаклигидан англаб етмаганидан афсусда. У ўттиз тўрт ёшида англаганларини 4 ёшимда англасам нима қиларди, дея ёнмоқда. Бу Шавкат Раҳмон кўксида Ватанга бўлган буюк муҳаббатдан далолат эмасми? Айни пайтда шуни алоҳида қайд этиш керакки, шоирнинг шеър ёзилмасидан олдин ва шеър ёзилган пайтдаги Ватан ҳақидаги тасаввурлари бир-биридан фарқланган бўлиши мумкинми? «Нақадар кечикиб англадим сени» дейди шоир яна қуйироқда. Нега кечикиб? Ахир у ўзининг биринчи китобининг илк шеърини «Ватан» деб номлаганди.Қолаверса, унинг кўплаб шеърлари она-диёрнинг у ёки бу шаклдаги тараннумидан иборат бўлиб келди. Ахир бир марта ҳам «Ватан» сўзи ишлатилмаганига қарамай, шоирнинг қуйидаги шеъри Ватан ҳақидадир.

Унутганим йўқдир ҳали
Ўрикзорни, асов сойни.
Сой бўйида овлоқ, холи
Бақатерак ўсган жойни.
Унутмадим ҳали-ҳали
Муздаккина зилол сувни.
Тол тагида шом маҳали
Унутилган икки кувни.

Ёдимдадир илиқ пичан,
Кулгуларинг эди сўлим.
Бўсаларга тўлган кеча…
Соч силаган титроқ қўлим.
Соғиняпман тўйиб-тўйиб
Бақатерак ўсган жойни,
Оппоқ кеча, ялпиз бўйи,
Ярқираган тўлин ойни…

(1972)

Шавкат Раҳмоннинг бунинг сингари хотира билан, табиат манзаралари билан болиқ жудаям кўп шеърлари борки, уларнинг аксарият қисми моҳият эътибори билан Ватанни куйлайди. Бироқ у 1984 йилда ёзилган «ҳали бирор ишни уддаламадим» деб бошланувчи шеърида Ватанни кечикиб англаганидан куйинади. Хўш, нега? Ахир, шоир бутун умр Ватанни куйлади, унинг оғриқларини, дардларини ошкор этди, уни севишга чорлади-ку? Нега энди сочи оқарганда «Нақадар кечикиб англадим сени» дея ўртанмоқда?..
Гап шундаки, Шавкат Раҳмон шўролар замонида туғилди, шўро манфаатини ҳимоя ва ташвиқ қилган муҳитда ўсди, вояга етди. У ҳаётининг қайси бир паллаларида деярли ҳамма қатори шўро мафкурасини тўғри деб билди, унга самимий ишонди. Бинобарин «Шоиранинг саволи» деган шеъри худди шу ишончнинг меваси сифатида дунёга келган, деса бўлади. Шеърда ҳамма жойда — йўл бўйларида тез-тез учраб турган Ленин ҳайкалига кўзи тушган қизининг «нега шунақа?» деган саволига шоир жавоб бериб айтади:

Қизим, ҳали ёшсан,
Англарсан ҳали,
бу йўллар — мошинлар юргувчи йўлни,
бу кураш йўлидир,
толе йўлидир,
Ленин бу йўлларда турмаса бўлмас…

Бугуннинг имконларидан келиб чиққан ҳолда шоирни юқоридаги каби шеърлари учун танқид қилиш, ҳатто уни қоралаш, айблаш қанчалик осон бўлса, шунчалик жоҳилликдир. Аксинча, бундай вақтларда ўша давр руҳини, шу даврнинг фарзанди — шоирни, унинг ҳолини тушунишгина тарихий ҳақиқатни кўз ўнгимизда қайта тиклаши мумкин. Ҳақиқат шундан иборат эдики, шўро империяси ўз ҳудудини чиқиб бўлмас тўсиқлар билан ўраб ташлаган эди. Унда яшаётган инсон учун дунё гўё совет давлатидан иборат эди. Ташқаридаги ҳаёт эса таҳликали, у ерда инсон бир-бирига душман, одамлар очлик ва қашшоқликдан ўлиб кетмоқда… дея уқтириларди. Бу янглиғ ташвиқот ҳар қандай кишига таъсир қилмай қолмас эди. Ахир Абдулла Ориповнинг ўша машҳур «Тилла балиқча» шеъри бежиз ёзилмаган. Шеър маъноси шундайки, бутун умри ушоқ еб ҳовузда ўтган балиқча ўзи истиқомат қилаётган ҳовузни бутун дунё деб билади. Инсон ҳам худди шундай: шўро даврида туғилиб, унинг мафкураси таъсирида улғайган аксарият одамлар учун гўё дунёда ўзлари мансуб бўлган тузумдан одилроқ бошқа тузум йўқ эди. Бироқ Шавкат Раҳмон сингари оташқалб шоирларнинг хизмати шундаки, улар тузумни бирданига ва бутунлай инкор этмаган бўсалар-да (бунинг учун тарихий вазият ҳали пишиб етилмаган эди), ундаги қусурларни — бошқалар кўрмаган, кўролмаган, балки кўришни хоҳламаган нуқсонларни кўра билдилар ва ошкор этдилар. Шунинг учун ҳам биз Шавкат Раҳмон шеъриятини моҳиятан ҳар нарсадан олдин Ҳақиқатнинг кўзларига тик қараш шеърияти деб айта оламиз. Агар у ўша вақтда шўролар мафкурасига сидқидилдан ишонмаганда эди, шеърида «Софдиллар Ленинга юзма-юз турар» деб ёзмасди. У ҳаётдаги-амалдаги ноҳақликларни, жирканч ишларни кўргани ҳолида назарияда Ленин ғоялари тўғри деб ишонгани учун ҳам «Шоиранинг саволи» (1983) шеърини ёзган деб айтса бўлади. Бироқ яна таъкидлаб айтиш жоизки, бунинг учун шоирни қоралаш эмас, балки тушуниш йўлидан бориш зарур.
Мунаққидлар шоирлар ҳақида гапиришаркан, «у шеърдан шеърга, китобдан китобга ўсиб борди» деган иборани кўп қўллашади. Агар Шавкат Раҳмон ижодига шу нуқтаи назардан ёндошадиган бўлсак, қуйидагиларни алоҳида таъкидлаб айтиш жоизки, у адабиётга илк шеърлариданоқ ўз қиёфаси, ўз бадиий сўзи билан кириб келган. Шоирнинг 1978 йилда илк тўплами — «Рангин лаҳзалар» нашрдан чиқди. Мўъжазгина тўпламдаги саккиз қатор, Шавкат Раҳмон бор-йўғи 23 ёшида ёзган шеърига эътибор қилинг:

Саҳар турдим, қуёшни кутдим,
Шудрингларда чайдим юзимни.
Булоқларга лабимни тутдим
Ва борлиқда кўрдим ўзимни…

Кўзларимдан тошди шуурим,
Тўлиб кетди бағримга наво.
Мангуликдай туюлди умрим,
Мангуликдай туюлди дунё.
(1973)

Нафсиламрини айтганда, шеърни маза қилиб жуда узоқ талқин этиш мумкин. Айни чоғда «шеър ҳеч қандай талқинга бўйин сунмайди», дея у ҳақда индамай ўтса ҳам бўлади. Бироқ мадомики биз шоир тўғрисида, шеър борасида сўз айтаётган эканмиз, танлаб эътиборингизга ҳавола қилаётганимиз асарларга тўхталмай иложимиз йўқ. Бу ўриндаги бизнинг ҳар қандай шарҳимиз шеър пафосини, бадииятини, маънисини тутиб олиш қасдида қўйган тузоқларимиздан ўзга нарса эмас.
Шунга қарамай, парчада бутун акс этгани сингари юқоридаги жажжигина шеърда ҳам шоирнинг бутун қудрати акс этган, дея оламиз. Ёҳуд буни бошқачароқ қилиб айтиш мумкин: Саҳар туриб, табиатнинг гўзал парчаси билан юзма-юз келган ёш шоир ўзини — инсонни борлиқнинг узвий қисми ўлароқ ҳис этади. Шунда умр ҳам, дунё ҳам мангуликдай туюлади.
Энди қуйидагиларга эътибор беринг: Балки ушбу мулоҳазалар кимдадир эриш кайфият уйғотар, қатъи назар, айтиш жоизки, ўзни борлиқда, унинг ажралмас бир парчаси ўлароқ ҳис қилиш даражасига кўтарилиш учун инсон жуда узоқ ва ўта машаққатли йўлни босиб ўтиши керак бўлади. Айтайлик, тасаввуфда муайян босқичлардан ўтган соликкина ўз интилишларининг натижаси ўлароқ ана шу ҳисни топиши мумкин. Биз эса юқорида 23 ёшли, бунинг устига ҳеч қандай тасаввуфий тайёргарлиги бўлмаган шоирда ўзни оламнинг парчаси ўлароқ туйиш неъмати бор, дедик. Гап шундаки, дунёни англаш ва идрок этишнинг икки хили бўлиб, бири ақлий-рационал, иккинчиси ҳиссий — иррационалдир. Дунёни рационал англаш инсондан, аввало, фурсат ва меҳнат талаб қилади, иррационал қабул қилиш эса асосан кишининг қобилияти, руҳий ҳолати, ҳиссиёт бойлиги билан болиқ равишда рўёбга чиқади. Чинакам шоирлар ўз табиатларига кўра дунёни ҳиссий қабул қиладиган инсонлардир. Бинобарин, улар ёшларидан қатъи назар ўз асарларида олам ва одамга тааллуқли жаҳоншумул кашфиётлар яратишга қодир зотлар ҳисобланади. Шу маънода ёш Шавкат Раҳмоннинг юқоридаги шеъри ҳам оламни ҳиссий идрок этишнинг гўзал намунаси, ўзига хос мўъжаз кашфиётдир.
Шавкат Раҳмон «Рангин лаҳзалар» — илк тўплами биланоқ шеъриятга ўз сўзи билан кириб келди. Жажжигина китобни варақлар эканмиз, биз бир вақтнинг ўзида ҳам ватан ва табиат манзаралари акс эттирилган, ёш қалбнинг муҳаббат, ҳаёт ва ўлимга нисбатан бўлган жўшқин муносабатлари ифода этилган лирикасига, ҳам жамиятнинг ва дунёнинг долзарб муаммоларига бағишланган залворли ижтимоий шеъриятига дуч келамиз.
Китобнинг 10-саҳифасида «Ажойиб кунларнинг бирида» деб бошланувчи шеър бор. У инсон тақдири азал билан юзма-юз келганда ва ўз қисматининг бўйи бастини чамалаб кўрганда ҳуррият макони — кўнгилда пайдо бўладиган туйғудан туғилган шеърдир. Бу шеър (биз уни қуйироқда таҳлил қиламиз) ҳар қандай ижтимоий-сиёсий муаммолардан теранроқда — одамзоднинг ўзаги — руҳиятидан акс садо бериб дунёга келган.
Энди китобнинг бу юзидаги — 11 саҳифадаги шеърга эътибор беринг:

Елкамда
Қақшаган асрлар юки:
Кишанлар,
Фарёдлар,
Сўнгсиз урушлар…
Мен қадам ташлайман чайқалиб, секин,
Ориқдан юзларим буришар…
Йиқилмак,
тўхтамак мумкинмас!
Қаерга бўлса ҳам юрганим яхши…
Менинг ҳар қадамим муқаддас,
Ўлимга қарши.

(1976)

А.Михайловга бағишланган бу шеър ҳам ўша йили — 1976 да ёзилган. Лекин унда шоир «Елкамда қақшаган асрлар юки: Кишанлар, Фарёдлар, Урушлар…» демоқда. Демак, у ҳуррият олами — кўнгилдан ер юзига тушиб, унинг ҳолига назар ташламоқда. Ва талай муаммоларга — ҳаётнинг реал зиддиятларига рўбарў келмоқда. Нафсиламрини айтганда биз таниган, тўғрироғи, бизга ўзини танитган шоир — Шавкат Раҳмон айнан шу ердан бошланади. Яъни Шавкат Раҳмон деб аталган ва ХХ аср ўзбек адабиётида ўзига хос ўрин тута билган шоир ҳар нарсадан олдин жамиятдаги ижтимоий адолатни тиклашга интилган, бу йўлда ёниб-куйиб ижод қилган ҳақиқатпарастдир.
Демак, шоир ўзининг кимлигини биринчи уринишда илк тўплами биланоқ ўқувчига танита олган. Кейин эса унинг бирин-сирин «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар» (1984), «Гуллаётган тош» (1985), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1987) каби шеърий тўпламлари дунё юзини кўрди. 1989 йилда эса Шавкат Раҳмон улуғ испан шоири Федерика Гарсиа Лорканинг «Энг қайғули шодлик» деб аталмиш тўпламини аслиятдан таржима қилиб нашр эттирди. Ниҳоят, шоирнинг вафотидан бир йил кейин, лекин унинг ўз қўллари билан тартиб берган «Сайланма»си 1997 йилда ўқувчилар қўлига бориб етди. Мана, шоирнинг бор-йўқ бисоти. Лекин ҳажман жуда ошиб-тошиб кетмаган шугина мероснинг маънавий юкини кўтара олиш учун ўқувчи жуда узоқ, баъзан ҳатто бир умр тайёргарлик кўриши мумкин, шундаям омад кимга кулиб боқади, кимга йўқ.
Келинг, яхшиси шеърларга мурожаат қилайлик.
Шоирнинг иккинчи — «Юрак қирралари» тўплами юқоридаги бир фикримизни яхшигина инкор этган каби ўз бағрига кўпроқ табиат лирикасини жо қилган. Юқорида биз Шавкат Раҳмон — ижтимоий адолат куйчиси, деб ёзгандик. Мазкур китобчада эса бу руҳдаги шеърлардан кўра яна фалсафий мушоҳадалар билан тўйинган, ўйчан лирикага ҳам дуч келамиз.
Умуман, шоирнинг ҳамма тўпламларида турли мазмун ва мавзудаги шеърларни истаганча топиш мумкин. Демак, Шавкат Раҳмон кўпқиррали шоир: у — табиат шоири, у — фалсафа сўқийди, у — ижтимоий адолат ҳимоячиси, у — муҳаббат куйчиси…
Шоирнинг ўзига қўйиб берсангиз эса,

Рубобий шеър ёзсам…
Қайтсам бир нафас…
Ҳамиша мусаффо чашмани кўрсам,

Қорайган чўққилар қорига қараб,
бир нафас ҳаёлчан ўсмирга дўнсам…

дейди. Шоир Бу ўринда нафақат ўсмирлигига дўнмоқчи, айни дамда яна у рубобий шеърлар ёзиш имконига — гунафша атирли тансиқ туйуларига ҳам қайтмоқчи. Чунки аслида шоирнинг табиий ҳолидан — кўнгил истагидан келиб чиқадиган шеърлар айнан рубобий шеърлар эди. Бироқ у

«Яшил шажар эдим…
Қандоқ соғиндим…
кўзимни яшнатса рубобий ранглар.
Қайси бир дунёга бунча оғриндим
дилимни қаритди бесамар жанглар,

дейди азобланиб.
Ҳа, мана Шавкат Раҳмонни бошқа кўйларга судраб кетган Сабаб! Уни ўз ҳолига қўймаган, рубобий шеърлар ёздирмаган куч! Уни шоир «бесамар жанглар» деб атамоқда. Нима эди ўзи бу жанглар?

Мен жангчи эмасдим,
Мен шоир эдим,
ниҳоят шоирдан кўра зобитман,
ҳар нафас мусулмон миллатни дедим,
нафсига куйганлар келди оқибат.
Ҳаромни хуш кўрган маслакфурушлар
зиғирдай ҳимматин қилганда миннат,
япроқдай сарғардим буюк урушда
мусулмон йўқ эди,
йўқ эди миллат.

Дарҳақиқат, Шавкат Раҳмон жангчи бўлиб эмас, шоир бўлиб туғилганди. Лекин ҳаёт уни шундай чиғириқлардан ўтишга мажбур этдики, натижада шоирнинг ўз тили билан айтганда «ниҳоят, шоирдан кўра зобит»роқ бўлиб қолди. Чунки ҳақиқий шоир ўз давридан чекиниб, бутунлай узлатда умргузаронлик қила олмайди. Бунга унинг айнан шоирона қалби, ватанпарварлик туйғулари билан лиммо-лим виждони изн бермайди. Оқибат «атроф билан ёнма-ён юришга» мажбур қолган шоир атрофни бор бўй-басти билан кўра бошлайди. У ҳаромдан ҳазар қилмайдиган маслакфурушларга дуч келади, ёлғон ва фисқу фасодни ҳаётини аъмолига айлантирган манфаатпарастларни кўради, мақтовни хуш кўрувчи бетайин кимсаларни, Ватанни сотиб кун кўришга ҳозир ватанфурушларни, хоинларни, қўрқоқ иймонсизларни… кўради. Буларнинг ҳаммаси шоирнинг ҳассос қалбини эзади, чўктиради, айни пайтда уни ғалаёнга келтиради. У жимгина қўл қовуштириб ўтира олмайди ва кўпинча рубобий шеърлар ўрнига ижтимоий-ахлоқий мавзуларга қўл уради, сўзни қуролга айлантириб жамиятдаги иллатларга қарши курашади. Шунинг учун ҳам шоир «япроқдай сарғардим буюк урушда» деб ёзади. Айни чоғда ёнимда «мусулмон йўқ эди, йўқ эди миллат» дея чўнг изтиробга берилади.
Хўш, буни қандоқ қабул қилиш ва талқин этиш мумкин.
Гап шундаки, озми-кўпми тафаккур қилиб, дунё ва инсоннинг чин моҳиятини англамоққа уринган кишики бор, алал-оқибатда тушуниб етадики, олам яратилгандан буён ундан битта буюк уруш кетаяпти — НАФС муҳорабаси! Шоир ҳам шуни назарда тутиб, «ҳар нафас мусулмон миллатим дедим, нафсига куйганлар келди оқибат» деб ёзади. Сўнгсиз давом этаётган урушнинг шафқатсизликларига таҳаммул этаолмаган чоғларида эса алам билан «мусулмон йўқ эди, йўқ эди миллат» деб ҳам юборади. Чунки у гоҳ-гоҳ ўзини ана шу буюк урушда ёлғиз ҳис этади, чорасиз ва абгор қолиб эзилади.
Иккинчи ёқдан эса шоирни ҳақиқий шеърий илҳом қистовга олади, уни рубобий, яъни лирик шеърлар ёзишга ундайди. Оқибатда у ҳайқиради:

Рубобий саболар руҳимдан эсинг,
қайтадан уйғонсин илоҳий туғён…

Бироқ не кўз билан кўрсинки, шоирнинг рубобий шеърларга эш бўлиб шивирловчи, ҳатто уни дунёга келтиришда доялик қилувчи япроқлари қолмабди: улар буюк урушда бой берилибди, япроқлар ўрнида энди фақат улуғ жангларгагина яровчи қиличдай кескир шохлар қолибди:

Воҳ, яланг шохларим қиличдай кескир
бир япроқ қолмаптир шивирлайтурғон.

Қаранг, ҳаётнинг шафқатсизлигини: Ш.Раҳмон қандай шоир бўлмоқчи эди-ю ҳақиқатда у қандай шоир бўлиб етишди… Шундан кейин ҳам биз «йўқ, давр шоирга мавзу бермайди, ҳақиқий шоир бундан юқорида туради ва фақат у замонасига мавзу беради» дея оламизми? Йўқ, албатта. Шоир — чинакам шоир ҳам даврдан мутаассир бўлади, ҳам унга ўз таъсирини ўтказади. Ахир улуғ мутасаввифлар ҳам «Ҳақдан олиб халққа бераман» дейди. Ҳақдан олинадиган маърифат айнан ҳаётдан, одамларга аралашиб юришликдан, ижтимоий ва бошқа муносабатлар натижасидан мисқол-мисқол йиғилади-да.
Шавкат Раҳмон 1980 йилда ёзган бошқа бир шеърида «Мушт зарурроқ бўлган маҳалда ёздинг гўзал шеърларни фақат» дейди. Эътибор беринг, бу шеър юқорида номини тилга олганимиз иккинчи тўплам — «Юрак қирралари»дан жой олган. Таъкидлаб айтганимиздек, тўпламда табиат манзаралари ва ошиқ кўнгил ҳолати тасвирланган шеърлар кўпчиликни ташкил этади. Чунончи, шу санада ёзилган кўплаб шеърларида қуйидагича латиф манзаралар кишини беҳол қилади:

Тун гуркираб ўсар ёбонда
ўсганидай бир тўп гулхайри.
Бошланади синган сувларда
Ялангоёқ ойларнинг сайри.

Айни чоғда Шавкат Раҳмон шу йили ёзилган «соҳилдаги соҳибжамол суврати»ни ҳам шу даражада тиниқ ва ошуфтали тасвирлайдики, гўё айни муносабат замиридан шоирнинг шеърдаги жувон тимсолидаги (эҳтимол «жувон» гўзал табиатнинг — соҳилнинг бир парчасидир) ГЎЗАЛЛИКка нисбатан тутган ўрни кўз ўнгимизда гавдаланади. Келинг, яхшиси сиз билан биз андак ғайритабиийроқдек туюлсада ортиқча талқинларга берилмасдан шеърни бир нафасда сипқорайликда умуман бошқа мавзуга кўча қолайлик. Чунки баъзан шунақа санъат дурдоналарига дуч келасанки, у сенинг ўша ҳақда айтганинг ва айтмоқчи бўлганинг барча талқинлардан юксакроқ бўлиб қолаверади:

Ичар қуёш нурларин жувон,
кўйлагини, сийнасин ечар —
потирлайди яйраб шамолда
икки тутқун оппоқ мусича.

Ичар қуёш нурларин жувон,
настариндай жисми қорайди.
Қариб қолган қуёш найзадан
кўзларини йиртиб қарайди.

Денгиз ўпар жувон оёғин,
шамол ўйнар қумрон сочини,

увиллаган соҳилда танҳо
жувон ётар гулдай очилиб…

Бу атрофда эркак зоти йўқ…
Жувон мангу ётар бу ерда,
мангу ётар осмонга қараб,
унитилган, ажойиб шеърдай.
(1980)

Шавкат Раҳмоннинг навбатдаги тўпламлари «Очиқ кунлар»(1984), «Гуллаётган тош» (1985), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1987) номлари билан нашр этилди. Уларни мутолаа қилар экансиз, хаёлингизга «шоир ўзи ким? Умуман, шоирлик нима? Касбми, қизиқишми ё қисматми?» – деган ўйлар келади. Чунки биргина Шавкат Раҳмон шеърлари шуни кўрсатадики, шоир ўз шахсига алоқадор мавзуларда қалам тебратиб хумордан чиқадиган анчайин бир одам эмас, балки айни чоғда атрофни ҳам худди ўз ҳаётини кузатгандек кузатиб, унинг оғриқларидан дунёни хабардор этгувчи жарчи ҳам экан. Ажаб, унга нега керак бундай бош оғриғи? Бугун, оёғи ХХ асрга етган, ўзига мутакаббир замондош учун шоирнинг олам тўғрисидаги қайғулари бир қадар ғалати ва ҳатто кулгили туюлиши мумкин. Лекин шуни алоҳида урғу билан таъкидлаб айтиш лозимки, ушбу ҳол замондош савиясининг такомиллашиб, шоирникидан ўзиб кетганлиги билан изоҳланмайди. Аксинча, Шавкат Раҳмон деб аталмиш ва умуман, унинг каби жафокаш зиёлилар даражасига бизнинг ҳам яқинлашиб боришимиз айни муддао бўларди.

Бағри ёмон баттолларга бор,
Қаҳри ёмон қаттолларга бор;

Қон ялаган қассобларга бор,
Сўз ўйнаган каззобларга бор;

Иймонидан кечганларга бор,
Бор-йўғини ечганларга бор;

Нега менга келасан, эй дард,
Нега менга келасан, эй ғам!

Ҳа, дунёнинг борлиқ дарду ғамини чекиш шоирнинг зиммасида. Чунки у шунақа – оламнинг бир парчаси бўлиб туғилган, ўзини мудом шундай ҳис этади, бутундан айрилиб кетолмайди. Инчунун, бутуннинг бошқа четида пайдо бўлган оғриқ ҳам бунда акс садо бераверади.

Йигирманчи аср!
Мени ўйлама,
Тумшуғимга тиқма лираларингни,
Муҳтожларга бергин, камингни яма,
Шифола қонталаш яраларингни.

..Ўтинаман, Аср!
Ачинма менга,
Ўйлагин қисматлар ниҳоясини,
Халос эт, йилларнинг ғубори кўмган
Одамзод қалбининг троясини! (1976)

Демак, бу ўринда шоирлик ҳам қисмат, ҳам виждон амридир, Шавкат Раҳмоннинг ўз-ўзини ифода қилиш ва умуман, яшаш усулидир.
Ижодкорлик хусусида овруполик ёзувчи Жорж Оруэлл «Мен нима учун ёзаман?» номли мақоласида қуйидагиларни ёзади:
«Мен ёзишга мажбур этадиган тўртта асосий мотивни кўрсатиб ўтган бўлардим:
1. Тоза худбинлик. Ақллилик хуружи. Сен ҳақингда гапиришларини, ўлганингдан сўнг эса эслашларини исташлик, болалигингда сени пастга урган катталардан ўзиб кетишга интилишлик.. . Тахминан ўттиз ёшдан кейин шахсий иззат-нафс йўқотилади (кўпинча у индивидуалликка бой берилади) ва асосан бошқалар учун яшайдилар, зерикарли ишдан эса аста-секин бўғила борадилар. Лекин уларнинг орасида ҳамиша қобилиятли, қайсар шундай озчилик одамлар борки, улар охиригача ўз ҳаётларини яшаш иштиёқида ёнадилар. Ёзувчилар айнан мана шу гуруҳга тегишлидир…
2. Эстетик жазава. Олам гўзаллигини қабул қилиш ёки бошқа тарафдан сўз жозибаси, уларни аниқ такомиллаштириш салоҳияти.
3. Тарихий сабаб. Нарса ва воқеаларни қандай бўлса ўшандай кўриш истаги, ҳақиқатга тўғри келадиган далилларни қидириш ва уларни келажак авлодлар учун сақлаш…
4. Сиёсий мақсад. Дунёни муайян томонга йўналтириш, одамлар интилаётган жамиятга нисбатан уларнинг ўз фикрларини ўзгартириш истаги. Ва яна: ҳеч бир китоб сиёсий тамойиллардан батамом озод бўлолмайди, ахир ҳатто санъатнинг сиёсат билан иши йўқ, деган фикрнинг ўзи ҳам сиёсий нуқтаи назардир…»
Жорж Оруэллнинг юқоридаги қарашларининг баъзилари билан баҳслашиш мумкин, айни пайтда улар асосан ёзувчига нисбатан айтилган бўлишига қарамай, кўп жиҳатдан ижодкорлик, хусусан, шоирлик моҳиятини ҳам очиб беради.
Энди масалани психологик томонига бир қур назар ташласак. Улкан швейцар психиатри ва мутафаккири Карл Густав Юнг инсоннинг оламга муносабатига кўра икки хилини алоҳида таъкидлайди.
Биринчиси – экстраверт тип.
Иккинчиси – интроверт тип.
«Агар инсон фикрлаш, ҳис этиш ва ҳаракатланишда, бир сўз билан айтганда объектив шароит талабларининг яхши ёки ёмон маънода бўлишидан қатъи назар, унга мослашиб яшаса, демак у экстравертдир» деб ёзади Юнг. Буни соддароқ қилиб айтсак ҳам бўлади: экстраверт тип шундай бир инсонки, унинг учун ташқи оламнинг, жамиятда ҳукм сураётган тартиботнинг талаблари бирламчидир. У ана шу талабларга бўйин сунади ва яшайди. Албатта унда ҳам субъектив нуқтаи назар бор, лекин ташқи муҳитнинг талаблари билан тўқнашганда ички фактор орқага чекинади. Экстраверт тип бутун муаммолари ечимини ташқаридан кутади.
«… Интроверт тип экстраверт типдан шуниси билан фарқ қиладики, — деб ёзади Юнг, — у объектга ва объектив факторларга асосланиб мўлжал олмайди, балки унинг учун бирламчи – субъектив факторлар бўлади». Яъни интроверт ўз ички дунёсининг амрларига бўйин эгиб, уларни рўёбга чиқаришига интилиб яшайди. Юнг яна айтадики, интровертга ҳал қилувчи омил объектив фактор бўлишлиги қанчалик тушунарсиз бўлганидек, экстраверт учун субъектив нуқтаи назарнинг объектив шарт-шароитдан устун туриши шунчалик куракда турмайдиган қарашдир.
Хўш, буларнинг Шавкат Раҳмонга нима даҳли бор? – деган ҳақли савол туғилади. Гап шундаки, Шавкат Раҳмон – шоир, яъни ижодкор. Эътибор берган бўлсангиз интроверт тип моҳиятан ижодкор сийратига яқинлашиб келади. Ёки буни бошқачароқ айтиш мумкин: ижодкор ўзлигини намоён қилиб яшайдиган инсон бўлганига кўра ўз ички олами билан ҳисоблашиб борадиган зотдир. Бундай кишилар юқорида К.Г.Юнг айтганидек интроверт типлардир.
Албатта, экстраверт ва интроверт типлар ўртасидан аниқ-тиниқ чизиқ тортиб қўйиш янглиш бўлар эди. Шунинг учун ҳам Юнг уларнинг ҳар бирини ўз ичида турли хилларга ажратади, яна таъкидлайдики, баъзан улар қоришиқ ҳолда намоён бўладилар.
ХХ1 асрга кириб келган замондошнинг аксарияти эса кўп жиҳатдан экстраверт типга, яъни ташқи факторларни бирламчи билиб, ҳаётини ана шуларга уйунлаб яшайдиганлар хилига мансублигига кўра кўпинча Шавкат Раҳмонлар тутуми тушуниксиз, гоҳида ҳатто ўрлик бўлиб кўринади. Чунки Шавкат Раҳмон ва унинг сингари ижодкорлар ўз ҳаракатларида, айтаётган сўзларида ҳамма вақт – ички, субъектив фактор – виждон амрига қулоқ тутадилар. «Шеър – шоирнинг ижтимоий виждони» деб сарлавҳа қўйганди Асқад Мухтор Рауф Парфининг «Сабр дарахти» номли тўпламига ёзган сўзбошисига. Шавкат Раҳмоннинг охирги китоби – «Сайланма»сига ёзган «Гулчеҳра» исмли сўнгсўзида эса РаҳмонҚўчқор ва Набижон Боқийлар қуйидагиларни таъкидлайдилар: Шавкат Раҳмон (таъкид бизники – У.Ҳ.) «ўзига ва ўзга қалбларга етган неки хўрлик, неки адолатсизлик бор – бефарқ бўлолмайди, мўлтираб туролмайди. У ҳар бир инсонга қалқон бўлгиси, қалбининг ҳақ-ҳуқуқи учун жангга киргиси келади. У ўзининг нозик руҳини қай ерда кураш, қайси жойда ҳурлик ҳимояси бор – ўша жабҳага сафарбар этади. Ўзига ва маслакдошларига, Фаустдан шиор танлайди: уни уйдан чиқаверишга, эшик тепасига михлаб қўяди: «Ҳар куни курашга чиққан инсон яшашга ҳақли!»
Унинг уринишлари нақадар самимий, ўтли бўлса, шунчалар содда ва тажрибасиздир. Ўзи жангга кирмоқчи бўлган майдонда ҳалол ва мард олишув ҳеч қачон бўлмаслигини, бу ердаги ўйин қоидалари – қоидасизликка, ирромлик ва номардликка асосланганини ҳали англамайди. Унга олий ҳакам деб таништирилган. Вақт қачондир фурсат келганда ҳам бу ерда янги олишув бўлаётгани боис чиқаражак ҳукмларга такрор киритишга мажбур эканини ўйламайди. Майдондаги қип-қизил тупроқнинг ҳар заррасида «куракка санчилган номард тиидан» йиқилган баҳодирлар руҳи чинқираётганидан, уни бўлажак фириблардан огоҳ этаётганидан мутлақо бехабар.Қалб, жувонмард қисмат фақат пўлатдай тобланишни, ханжардай ўткирланишни орзу қилади, холос».
Нима, Шавкат Раҳмон дунёнинг ҳолидан, инсоннинг табиатидан бехабар гўлмиди? Йўқ, албатта. Юқорида мунаққид ва ёзувчи сўзнинг қуйилиб келишига эрк бериб, андак муболаага ўрин берганлар. Аслида Шавкат Раҳмондек зиёли шоирлар майдондаги олишув қандай олишув, қайси қоидаларга биноан ўтаётганини жуда теран англаган бўлиши керак. Бунга унинг биргина «Буқаламун билан учрашув» шеърини ўқиш кифоя. Ёҳуд «Майдон таърифи» шеърига қулоқ беринг:

Ҳеч қачон ишонма –
Бу майдон маккор,

деб ёзади шоир ва майдонни таърифлай кетади:

Алвонлар – ажойиб,
Ҳаммаси – ёлон,
Бу ерга инсонмас, келар жонивор,
Майдонлар тошида қорайиб қолон
Милёнлаб алданган одам қони бор.

Бироқ ҳамма гап шундаки, Шавкат Раҳмон шахслик мақомидаги шоир эди, шахс – шоир эди. Бундай шоирларнинг бўлса қисмати томонидан зиммасига юкланган ўз вазифаси бўлади. Бундай вазифа шахснинг субъектив дунёси билан чамбарчас боланиб кетганига кўра, шоир ана шу ботиндагини реал дунёга тадбиқ қилмоққа уринади. Ёки ҳеч бўлмаса ўзини, ўз турмушини ботиннинг измига соламан, дейди. Бунда у ташқи муҳитнинг, темир қоидалари қаршисида титраб қақшамайди ёки ундан нусха кўчирмайди, унга тақлид қилмайди, эргашмайди. Чунки шахснинг ўз ахлоқи бор, у ана шу чегарадан бошига ўлим келсин, четга чиқмайди. Изчиллик билан вазифани адо этишда то ўлимгача давом қилаверади.
Муҳими шундаки, оддий одам учун тушуниксиз ва ҳатто ахмоқона туюлиши мумкин бўлган бундай тутумда шахс-шоирнинг саодати мужассамдир.

Мен, шубҳасиз, парчаланаман –
Шундай тугар буюк хизматим,
Кимга кўзим, кимга пешонам,
Кимга тегар қизиқ қисматим.

алаёнга тўла вужуддан
Охир дунё бўладир халос.
Ер остига кириб кетарман
Барча мўмин бандаларга хос.

Бироқ ерда мангу яшайдир
Кўҳна юзим, ўйчан кўзларим,-
Демак, ўлмас бу дунёда ҳеч
Менинг теран, эзгу сўзларим.

Улар янграб тинмай айланар
Разолатнинг теварагида.
Мен-чи, мангу кулиб ётарман
Қулоқ солиб ернинг тагида.
(1980)

Мана, Шавкат Раҳмон қисмати ва шеъриятти мисолида шоирликка бир назар ташлашга уриндик. Аслида эса шоирлик жуда кенг тушунча, уни жуда узоқ талқин этиш мумкин, шунда ҳам шоирлик ҳар кимнинг имкони ва даражаси миқёсида бўй кўрсатади, холос.
Шавкат Раҳмон умрининг сўнгги йилларида бир ажойиб китобга қўл урди – “Сайланма”. Китоб анттонациясида шундай сўзлар бор: “Сайланма” – оташнафас ҳам миллатпарвар шоиримиз, марҳум Шавкат Раҳмон (1950-1996)нинг ҳаётлик чоғида ўз қўли билан тартиб бериб кетган энг сўнгги китобидир. Китобдан фақат илгари чоп этилган тўпламларидан сайланган лирик-фалсафий шеърларгина эмас, балки Ўзбекистон мустақиллиги арафасида ва ундан кейин, ўлим тўшагида қоғозга туширилган (шундан баъзилари илк бора эълон қилинмоқда) бадиий мўъжизалар ҳам ўрин олган.
Ўйлаймизки, видо китоби ХХ аср ўзбек шеъриятида, умуман, умумтуркий адабиётда чинакам ҳодиса бўлган ШОИР шахсияти ва унинг кўнгил кенгликлари-ю юрак қирралари тўғрисида ўқувчига тўла-тўкис тасаввур беради”.
Дарҳақиқат, умумтуркий адабиётда чинакам ҳодиса даражасида ашъор битиш ҳазилакам гап эмас. Лекин Шавкат Раҳмоннинг бир умрлик заҳмати гулдастаси ҳисобланмиш сара шеърларига такроран рўбарў келар эканмиз, юқоридаги фикрга овоз бергинг келаверади. Мен эътиборингизни дастлаб мундарижага қаратишни истардим. Китоб “Ёрилган ҳаракат баёни” номли шеър билан очилади ва шоир гўё гарчи “дарёжон” олдида ҳисоб бераётган бўлса-да, аслида ўзига-ўзи ўз виждони қаршисида ҳисоб беради:

Умринг узоқ бўлсин,
Эй, дарёжоним,
Ҳуснингга ҳирс билан назар солмадим…

… Ит базми қизиган ойсиз шомлардан
қизқониб обқочдим дарё дилимни…

…Қон, ароқ, пешобни эмиб тўралган
буваклар бўкириб йиғлаган маҳал
ё худо дедиму
нурлар ўйнаган
пешонам илк бора тупроққа тегди,
ё худо дедиму
эркин гуллаган
дарёдил самога дилимни бердим…

Гўё шоир умр адоғини кўраёзгандек ва ўлим қаршисида ўз сийратига тик боқиб сўзлаётгандек.

Умринг узоқ бўлсин,
Эй, дарёжоним,
Кечалар қаърида бир гул йиғлади,
Юзимга сачради бир булбул қони,
Кўнглимга бу дунё
Нечук сиғмади?!
Нечук бағрингдаман,
Кимнинг ишқида?
Нечук ёлвораман умрингни тилаб?
Улкан жасадимни тошлар ичида
Юварсан энг нозик қўлларинг билан.
Айтгил, эй, дарёжон,
Бормиди зулм?
Тоғлар силсиласин бузворди нола:
“Гулларнинг баргини емаган, гулим,
булбуллар қонини ичмаган, болам”.

Ушбу самимий ва аччиқ, айни пайтда мағрур ва ҳазин иқрордан сўнг шоир илк шеърларидан намуналар беради. Яъни у хаёлан ўтмишга – ёшлигига қайтади: гўё бу билан ҳаммасини бошдан такрор кечиргиси келади. Ва у “гап”ни орзулари тасбеҳ доналаридек чизилиб ётган лаҳзаларини муҳрлаб қўйган шеъридан бошлайди. Дарвоқе шеър ҳам “Орзу тасбеҳи” деб номланади:

Ажойиб кунларнинг бирида
Уйғониб кетаман уйқудан,
Юракнинг энг чуқур ерида
Оғриққа айланган туйғудан.

Бир қўшиқ бўламан дарёдай
Юракнинг энг чуқурида,
Боқаман дунёга дунёдай
Ажойиб кунларнинг бирида…

Биламизки, улкан ижодкорларнинг ўз ижоди ҳақида баъзан қониқишли иқрорномалари бўлади. Чунончи, ҳазрат Навоий черик чекмай (қўшин тортмай) Хитойдан Хуросонгача олдим, деса, улуғ Пушкин “Я памятник себе воздвиг нерукотворимый” дейди. Ва бунда биз муболағаю кибрни эмас, балки шахснинг тарихий ролига берилган ҳаққоний баҳони кўрамиз. Шавкат Раҳмон эса буюк салафлардан фарқ қилиб, фақат орзу қилади: “Ажойиб кунларнинг бирида одамлар юрагининг энг чуқур ерида дарёдай бир қўшиққа дўниб дунёга боқаман, шунда менинг ўзим ҳам бир дунёга айланаман!” Эътибор беринг, шоир фақат орзу қилаяпти, лекин шундай орзуки, унинг рўёбга чиқишига шубҳа йўқ! Буни биз айтаётганимиз йўқ, балки шоирнинг шеър майдонида ўктам жаранглаётган овози айтиб турибди. Дарҳақиқат, Шавкат Раҳмонга ана шу орзусининг рўёби насиб этди: у ўз юраги билан тиллаша биладиган ҳар инсон қалбида дарёдай бир қўшиқ бўлиб қолди.
“Илк шеърлар”дан сўнг “Биринчи фасл” бошланади. Кейин навбат билан иккинчи, учинчи, тўртинчи фасллар келади. Демак, шоир бу билан ниманидир айтмоқчи бўлаяпти. Беихтиёр улуғ Навоий ёдимизга тушади. Унинг “Хазойин ул-маоний” (“Маънолар хазинаси”) деб номланган мажмуаси ҳам ўз ичида худди шундай фасллардан ташкил топмаганмиди?
1-фасл: “£аройиб ус-сиғар” (“Болалик ажойиботлари”),
2-фасл: “Наводир уш-шабоб” (“Йигитлик даври нодирликлари”),
3-фасл: “Бадойеъ ул-васат” (“Ўрта ёш кашфиётлари”),
4-фасл: “Фавойид ул-кибор” (“Кексаликдаги фойдали мулоҳазалар”).
Демак, Навоий инсон ҳаётининг тўрт босқичига (йил ҳам тўрт фаслдан иборат) алоҳида урғу беряпти ва айни пайтда уларга киритилган ашъор ҳам кўп жиҳатдан моҳият эътибори билан фасллар мазмунига уйғун келади.
Кўринадики, Шавкат Раҳмон ўзининг энг сўнгги китобига тартиб бераркан, қайсидир маънода ана шу анъанани давом эттирди. Келинг, яхшиси шеърларга мурожаат этайликчи, улар қай даражада ўз фаслига мувофиқ тушди экан. 1-фасл “Ҳамал” шеъри билан очилади:

Эриб битди поёнсиз қорлар,
Яна кўҳна Замин туллади.
Водийдаги улкан ўриклар
Бир кечада оппоқ гуллади.

… Энди сафсар кечаларда оқ
машъалалар тутиб, улуғвор
кенгликларда кезар чиройли
кундузларни ахтариб баҳор.

Баҳор… Дарҳақиқат, униб-кўкариш фасли. Демак, илк фасл. Навоий ҳазратлари ажратганларидек, тўртта босқичнинг биринчиси — болалик фасли. Шавкат Раҳмоннинг биринчи фасли ҳам моҳиятан шундай фасл ва унда “Кунлар пиша бошлайди яна, рангларини бошингда элар” ёки “Ечиб оппоқ кўйлагини вақт, кийди яшил гулли кўйлагин” ва ёхуд “Ишон, одам, баҳорга ишон, қара гўдак каби беғубор” деб бошланувчи шеърлар талай бўлиб, булар ҳам инсон умрининг гуллаб-яшнаётган палласи кайфиятининг мевасидир.
Иккинчи фасл “Ёз равиши” деб номланади. Эътибор беринг, биринчи фасл баҳорга аталган шеър билан очилганди, иккинчиси эса ёздан бошланмоқда.

…Қизиб кетар ер томирлари…
Тунга илиқ бўйлар таралар.
Бирдан қайноқ ёз оқиб келар
Жимиб қолган боғлар оралаб.

Бу фаслдан жой олган шеърларни исмларига назар ташлашнинг ўзиёқ гап инсон умрининг қайси босқичи – қайси фасл ҳақида кетаётганидан дарак бериб туради: “Тонг кўксида”, “Суронларни…”, “Ёз туни…”, “Тун гуркираб…”, “Боғларда…”, “Ичар қуёш…”, “Яшил сочли…” ва ҳоказо.
Учинчи фаслнинг дебочаси “Одамдарахт” деб номланувчи шеърдир. Нафсиламрини айтганда мен номланиши куз фасли билан боғланган бир шеър кутгандим. Эҳтимол, сиз ҳам шундай қаноатда эдингиз. Лекин шошмайлик-да, шеърга қулоқ берайлик:

Ўсаётган
Кучли дарахтман,
Шохларида пишар сўзларим,
Ўйчан кузак келгувчи йўлга
Икки тоғдай боқар кўзларим.

Мана, биз кутган ва умуман, масала моҳиятидан табиий равишда келиб чиққувчи натижа: шохларида сўзлари пишаётган шоир мисоли кучли дарахтдек кузакни кутиб турибди. Демакки, у умрининг навбатдаги босқичига – учинчи фаслга – ўйчан кузакка қадам қўйяпти. Навбатдаги қатор шеърлар ҳам куз билан, инсон умрининг ўйчан ва тиниқ палласи билан бевосита боғланиб кетган. “Поёни йўқ куз оғушида / қандай гўзал йиғлайди узум! Шундай бўлар ҳақиқий йиғи, кўриб қўйгин, эй, ношуд кўзим!” дейди шоир яна бир шеъридаки, бу билан у гўё санъатга – ўз аъмолига нисбат беради. Яъни шоир айтмоқчики, агар ҳақиқий шеър битмоқчи бўлсанг, табиатдан – узумнинг йиғисидан ибрат ол. Чунки назаримизча шоирлик инсоннинг ўзига хос йиғиси, шеър саодатга интилаётган ёхуд ундан йироқ тушган қалбнинг у ёки бу шаклдаги фарёдидир.
Тўртинчи фасл – қиш. Инсон умрининг сўнг палласи. Демак, қайсидир маънода сарҳисоб вақти, қайсидир маънода пушаймонлик, афсус-надомат замони.

Куйлолмадим
Япроқлар каби,
Қуруқ шохдай титрар овозим –
Сўлиб қолди баҳорим тағин,
Сувга чўкди яна бир ёзим.

Шеър “Арслон” деб аталади.Қаранг, шоир “баҳорим сўлди”, “ёзим эса сувга чўкди” дейиш билан аввалги фасллар – умрнинг “£аройиб ус-сиғар”, “Наводир уш-шабоб” ва “Бадойеъ ул-васат” паллалари кечиб, энди охирги босқич – “Фавойид ул-кибар” ташриф буюраётганидан алам билан хабар бермаяптими?..

Қорлар ёғди,
Оғриди жоним,
Ухлаётган боғлар пойида
Куйлолмасдим, ундан ёмони
Яшил эдим қантар ойида…

Бироқ яна шу нарсани эътибордан қочирмаслигимиз зарурки, Шавкат Раҳмон гарчи тўртинчи фасл – инсон умрининг охирги палласи ҳақида гапираётган бўлса-да, ўзи ёш эди. Шеър ёзилган тарихни қидирамиз. “Сайланма”да кўрсатилмаган. “Юрак қирралари” мундарижасида эса бошқа исм – “Куйлолмадим…” билан берилган ва сана – 1979. Демак, шоир бу шеърни ёзганда йигирма тўққиз ёшда эди: айни гуллаб яшнаган, кучга тўлган ёшда. Агар шеърнинг сўнгги икки мисрасини тингласак ҳам юқоридаги фикримиз исботини топамиз: “куйлолмасдим, ундан ёмони / яшил эдим қантар ойида”. “Юрак қирралари”да “яшил эдим январ ойида” деб ёзилган. Демак, атрофда қиш ҳукм сурмоқда, бироқ лирик мен ям-яшил, яъни навқирон.
Кўринадики, шоир шундай бир ҳассос, айни чоғда сирли қалб эгасики, у гоҳи ёш бўла туриб кекса ҳолига тушади, кекса бўлиб дунёга назар ташлайди ва ҳоказо. Ахир Абдулла Ориповнинг “Гарчанд йигит ёшим яшнаб турса ҳам Кексалик қисматин ўйлайман бу дам” дейишига нима дейсиз? Яъни керагида шоир қалбида инсон умрининг бутун паллалари гўё бир вақтнинг ўзида тўплана олади: у хоҳласа навқирон йигитдек тўлади, хоҳласа мункиллаган чолдек сўлади.
Шавкат Раҳмон қачон ёзилганидан қатъи назар, мазмунан тўртинчи фаслга яқин шеърларини шу ерда жамлаган. Шунинг учун ҳам “Сайланма” тарих хронологияси эмас, балки мазмун-руҳ хронологиясига амал қилиниб тузилган.
Тўртинчи фаслга киритилган қолган аксар шеърларнинг мазмун-моҳияти ҳам юқоридагига уйғундир.
Фасллардан сўнг мундарижада “Йўл манзаралари” келади. Унда бор-йўғи бешта шеър бор: “Минораи калон”, “Тарихий онг”, “Лорка”, “Савол”, “Яна савол”. Назаримда бобга тааллуқли шу беш шеърда ўзига хос рамзий маънолар яширингандек. Жумладан, “Минораи Калон” тимсолида шоир қирғинлардан омон қолган юрт, миллат, ўзлик, иймон ҳақида фикр юритади. “Тарихий онг”да эса таъбир жоиз бўлса, шоир гўё ўз замондошидан, ўз авлодидан, ҳатто ўз-ўзидан норози бўлиб “Кўксингдаги Муқанна билан / ўзлигингга қарадингми, айт?!” дея ҳайқирадики, бу нидо юқорида қирғинлардан омон қолган ўзликка эътибордир десак ҳақиқатдан узоқ кетмаган бўламиз. Шундай қилиб шоир баъзан ана шу ўзликни парвариш қилишга киришган бўлса, баъзан унинг ўз иқрорича вазифанинг уҳдасидан чиқолмай ҳайқирди: “Мушт зарурроқ бўлган маҳалда / ёздинг гўзал шеърларни фақат”. Демак, шоирнинг ҳаёти ана шу оралиқларда кечди.
Айни чоғда ўзга бир олам – испан шеърияти, хусусан, Федерико Гарсиа Лорка дунёсига саёҳат ҳам Шавкат Раҳмон ҳаётида алоҳида аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам шоир умрининг “Йўл манзаралари”да, “Лорка” деб номланган бекат – шеър пайдо бўлди.
Кейин эса “Савол” туғилди: “Ким эдиму / ким бўлдим энди”. Шоир ўзича жавоб беради:

Ким эдиму
Ким бўлдим энди,
Кўриб турар қуёш, сув, тупроқ.
Кўзларимдан кўра ҳаётни
Елкаларим кўрибди кўпроқ.

Назаримда шоир инсон умрига, унинг оғриқларга тўла қисматига алоқадор яхлит бир фалсафий кўламдор савол образини чизишга интилгану лекин мақсадига унчалик эришолмагандек. Эҳтимол, шунинг учун ҳам “Яна савол” туғилгандир:

Оёғимга
Ботмон тошларни
Болаликдан боғлаб қўйди ким?
Энди халос бўлмоққа етмас
Ёвузлардан асраган умрим.
Худо берган сонияларни
Хароб қилди қайси ғаламис?

Агарда шу тошлар бўлмаса,
Учар эдик самоларда биз.

Савол бир қадар конкретлашган ва олдингисидан кўра анча салмоқдор кўринади. Айниқса, унинг биринчи банди: шоир инсон оёғига боғланган оғир тошлардан халос бўлиш учун энди умри етмаслигига иқрор бўлиб турибди. Бироқ афсуски, у бу тошларни қандайдир ғаламис осган, дея иддио этмоқда. Аслида эса шоир юқоридаги мўъжазгина шеър бағрига одамзод қисматини жуда чиройли бир тарзда жойлаштириб бўлаёзганди. Аслида инсон оёғига осилган ва уни самоларга учиб кетишига ҳалал бераётган тошлар – инсонликнинг чегараси, инсон пешонасига қисмати томонидан ёзилган ёзиғидир.
Шу ўринда Шавкат Раҳмон шеъриятига хос бўлган юқоридаги хусусга тағин бир урғу берсак. Шоирнинг талайгина шеърларида мумтоз адабиётдаги ағёр образи ижтимоий маъно касб этиб, бунинг устига турланиб – бўлакланиб келади. Чунончи номланиш ҳам шунга яраша майдалашган: нафсига куйган, маслакфуруш, иғвогар, номард, чумчуқ юрак, эшак суврат, тўнғиз калла, ҳирс ва таъма бандаси, бедил, қалби сўқир, фитначи, туҳматчи, қашқирлар галаси, ғофил, қаттол, баттол, жаллод ва ҳоказо. Тўғри, буларнинг айримлари (ғофил, бедил, жаллод, нафс бандаси кабилар) мумтоз адабиётимизда ҳам етарлича учрайди. Лекин қолган асосий қисми ХХ аср бадиий тафаккур мевасидир. Чунки бу асрга келгандагина тамаддун ўзининг янги, мисли кўрилмаган босқичига қадам босди: техника ривожланди ва ҳаётга тадбиқ этилди, атом кашф этилди, инсон илк марта космосга парвоз қилди, компьютер ихтиро қилинди ва ҳоказо. Буларнинг бари одам билан олам ўртасидаги муносабатга, унинг тафаккурига, дунёқарашига таъсир қилди. Натижада ижтимоийлашув жараёни тезлашди ва ижтимоий муаммо жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун аҳамият касб этди. Шу тарзда шеърият ҳам, хусусан, ХХ аср ўзбек шеърияти ҳам қайсидир маънода ижтимоийлашди. Бинобарин, Шавкат Раҳмон юқорида кўриб ўтганимиздек, рубобий шеърлар ёзишга чоғланса-да ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқа олмай, кўпинча ижтимоий мавзуларга қўл уришга мажбур бўлди. Оқибат шу бўлдики, ҳаётнинг ширин ва адолатли бўлишига халақит бераётган ҳар қандай нарса ва кимсалар шеъриятга кўчиб ўтди, шоирнинг душманлари кўпайди:

Душманим кўпайди,
Ҳатто, ўликлар
Баҳорни соғинган қутлуғ ойлари,
Хилватда йиғилиб юрди шўрликлар
Чангалда бўҳтону иғво лойлари…

Бироқ сирасини айтганда, шеъриятга айнан шу хил кайфиятни кириб келиши поэзия деб аталмиш юксак оламни қайсидир маънода оёғидан тортиб ерга тушириб қўйди. Натижада биз кўпинча шеър ўқиркан, қалбан юксалиш ва покланиш ўрнига турмушнинг деярли ҳар куни ўзимиз дуч келаётган чиркин нуқталарига такрор рўпара келиб қийналамиз. Лекин айни чоғда “бунинг учун шоирдан ўпкалаш ҳам нотўғри бўлар, чунки унда симобдек қайнаб турган ижтимоий мавзуларни қўйиб, гул ва булбул дунёсига шўнғиб кетолмай қийналаётгандир”, деган ўйлар ҳам бошингда айланади. Муҳими, Шавкат Раҳмонга ижтимоий мавзуни шахсий мавзу сифатида ёки бунинг акси: ўз шахсий дардини ижтимоий дард даражасида куйлай олиш бахти насиб этган. Яъни у кўпнинг дардини ўз кўнгил призмасидан ўтказиб, уни шахсийлаштира (персонификация) билган. Натижада умумдард шахс дардига, “мен” дардига айланган. Шунинг учун ҳам у, масалан, туркий халқларнинг аччиқ ўтмишидан ҳикоя қилиб келаркан, шеър ниҳоясида ҳайқиради:

Борми эр йигитлар,
Борми эр қизлар,
Борми гул бағрингда жўмард насллар,
Борми гул туфроқда ўзлигин излаб,
Осмону фалакка етган болалар.

Бор бўлса,
Аларга еткариб қўйинг,
Бир бошга бир ўлим демаган эрмас,
Шаҳидлар ўлмайди,
Бир қараб қўйиб:
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

Она ватанни ёвга бермасликка даъват ва буни исташлик ҳар қандай миллатнинг ор-номусли фарзанди кўнглидан отилиб чиқадиган нидодир. Демакки, у кўпнинг дарди. Шоир ана шу умумдардни ўз юрагидан ўтказиб, ўзиники қилиб куйлаяптики, ижтимоий дард восита – шеър орқали бизнинг ҳам шахсий дардимизга айланмоқда. Ва биз “Ёвга терс қараган мусулмон эмас!” деган хитобнинг беш марта такрорланишига энсамиз қотиб эмас, балки тушиниб қараймиз. Чунки ҳар бири алоҳида интонацияга эга, демакки, алоҳида маънони ҳам ўзида жо қилган:

Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

“Сайланма”нинг навбатдаги боблари “Испан шеъриятидан таржималар”, “Мусаввирона”, “Мужоҳидона”, “Сўз”, “Гуллаётган тош”, “Санъат”, “Висолсиз ишқ”, “Ривоятлар”, “Қоп-қора чечаклар” деб номланади. Шоирнинг сўнгги шеърларидан намуналар “Энг охирги шеърлардан” бўлимида берилади. Шавкат Раҳмоннинг таржималари хусусида сўз айтишдан олдин шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юқоридаги боблар номланиши ҳам шоир учун алоҳида қимматга эга бўлиши керак. Ҳатто айтиш мумкинки, “Сайланма”дан ўрин олган ҳар бир боб аслида Шавкат Раҳмон деб аталмиш шоир ҳаёт йўлининг бўлакларидир, номлар ҳам шунга кўра танланган. Демак, улар ҳақиқатан ҳам шоир ҳаётининг “йўл манзаралари” ҳисобланади. Буни бошқачароқ айтиш ҳам мумкин. “Сайланма” шоир ҳаёт ва ижод йўлининг ўзига хос, мўъжаз моделидир.
Ниҳоят, Шавкат Раҳмон ХХ аср ўзбек шеъриятининг энг кўзга кўринган, хассос шоирларидан бири бўлиши баробарида улкан таржимон ҳамдир. У испан шеърияти вакилларидан Хуан Рамон Хименес, Рафаэл Алберти, Федерико Гарсиа Лорка каби шоирлар ижодидан нуманаларни ўзбекчага моҳирона ўгирган. Айниқса, шоирнинг Гарсиа Лорка шеъриятидан таржималари ҳам салмоқ жиҳатидан, ҳам санъаткорлик маҳорати нуқтаи назаридан эътиборлидир.
Шавкат Раҳмон даставвал рус тилидан ўгирди. Кейинчалик эса бундан унинг ўзи ҳам қониқмайди ва шоирнинг ўзи шундай ёзади: “Бундан ўн йил аввал дастлабки таржималарим “Сайланма” номи билан нашр этилгани мен учун нечоғли қувончли бўлганини айтмай қўяқолай. Аммо бу қувончнинг умри қисқа экан. Тез орада ўйлаб қарасам, Лорканимас, Лорканинг таржимонларини таржима қилганим аёнлашди. Рус мутаржимлари, шубҳасиз, энг сўнгги имкониятларини ишлатиб меҳнат қилган бўлсаларам, Лорка шеърларининг асл қиёфасини кўриш иштиёқида ёнавердим…” Ана шу иштиёқ Шавкат Раҳмонни испан адабиётининг ёрқин юлдузларидан Гарсиа Лорка дунёсига олиб кирди. Натижада жуда улкан санъат ва меҳнатнинг меваси –“Энг қайули шодлик” китоби нашр этилди. Албатта, таржиманинг қай даражада амалга оширилганлиги тўғрисида мукаммал ахборот бериш учун мутахассис нафақат ўзбек тилини, балки испан тилини, унинг бутун оҳанглари билан пухта эгаллаган бўлиши зарур. Бинобарин, Шавкат Раҳмоннинг испанчадан ўгириклари илмий баҳосини бериш ҳозирча келажакнинг иши бўлиб турибди. Лекин шуни тан олиш зарурки, Гарсиа Лорка бошқа миллат ва бошқа дунёнинг шоири, демакки, ўзбек китобхони учун бошқача шоир бўлишига қарамай, Шавкат Раҳмон таржималарида у бизга яқин келади, жудаям таниш туюлади.

Айтилмаган
Бир қўшиқ
Лабларимда ухлайди ҳали.
Айтилмаган
Бир қўшиқ,

дея бошланади унинг “Верлен” исмли шеъри.Қуйироқда маъно динамикаси кузатилади:

Кўзим кетди, тушимда –
Айтилмаган
Бир қўшиқ.

70-йиллар авлоди шеърияти билан яхши таниш бўлган киши дарҳол тушунадики, бу хил шеър бизга нотаниш эмас. Чунки айнан Шавкат Раҳмон ва унинг тенгдошларининг поэзиясида айни жиҳатлар – ҳаёт ва инсонга алоқадор борлиқнинг кутилмаган нуқталарига эътибор қилиш, шу билан бирга ғайритабиий маъноларни кўникилмаган шаклларда беришга интилиш кучли. Демак, бу авлод ва Гарсиа Лорка шеъриятида қандайдир уйғунлик бор экан-да. Демак, Шавкат Раҳмон таржима учун дуч келган ижодкорни эмас, балки ўз руҳий оламига мос шоирни танлабди-да. Йўқса испан шоири ташбеҳлари кўнгилга бунчалар мулойим тушармиди:

Жилмаяди
Денгиз узоқда.
Тишлари кўпикли,
Мовий дудоғи.

(“Денгиз суви манзумаси”)

Умрида бир марта бўлсин чайқалиб, соҳилга тўлқин уриб келаётган денгизни кўрган киши агар санъатга яқин ва тасаввури кенг бўлса, юқоридаги манзарани ўқиб ўзининг ҳам тўлқинланмаслиги мумкин эмас. Чунки денгиз жилмайганда, яъни чайқалганда тўлқин худди оппоқ маржон тишлардек бир қатор бўлиб соҳилга интилади. Бир тўлқин ортидан яна ва яна тўлқин туғилаверади. Тўлқиннинг икки тарафи – мовий масофа эса шоирга мовий дудоғ бўлиб туюлади.
Манзара чинданам ҳайратангиз. Лекин эътибор беринг: бу ўринда биз денгизнинг табиий манзарасидан эмас, балки шоир – Гарсиа Лорка томонидан чизиб берилган сувратидан завқ олаяпмиз.
Энди Шавкат Раҳмоннинг ўзида ҳам шундай – табиатнинг қайта ишланган юзлаб манзарасига дуч келамиз. Мана улардан бири:

Оқ сукунат
Портлар саҳарда,
Кун нурида ёниб, ярақлаб,
Чопиб кирар совуқ шаҳарга
Ялангоёқ яшил дарахтлар…
(Манзара)

Тун зулматида атрофдаги нарсаларни кўз илғамайди. Бу – табиий. Лекин ниҳоят “оқ сукунат портлайди”, яъни тонг отади -саҳар келади. Ва атрофдаги нарсаларни кўзимиз кўра бошлайди. Шуни шоир ўзича айтади: Тонг ёришиши билан бирин-сирин кўринаётган дарахтларни у “шаҳарга дарахтлар чопиб кирди” дейди ва бизнинг тасаввуримизга завқ бағишлайди.
Ҳа, Гарсиа Лорка ва Шавкат Раҳмон “учрашган” нуқтанинг бири табиатга муҳаббат бўлса, бошқаси инсонга муҳаббат, яъни ишқ деб аталади. “Бу мавзулар ҳамма замонлар ва ҳамма шоирларникидир” дея эътироз билдириш мумкин. Бироқ ҳамма гап шундаки, Лорка ва Шавкат Раҳмонни боғлаган ришта айнан уларнинг мавзуларга бўлган муносабатидаги яқинликдир.
Айтилганлардан шундай хулосалар келиб чиқадики, 70-йиллар авлоди ўзининг ёрқин ижтимоий-маънавий мавқеи билан ХХ аср ўзбек шеъриятида алоҳида эътиборга моликдир. Шавкат Раҳмон ана шу истеъдодли авлоднинг битта забардаст вакилигина эмас, балки бутун бошли ўзбек шеърияти осмонининг доимий ўчмас юлдузларидан бири ўлароқ порлаб туришга муваффақ бўлган шоирларимиздандир.

shavkat rahmon   Муаллиф ҳақида

Улуғбек Ҳамдам 1968 йил, 24 апрелда Андижон вилоятининг Марҳамат туманида туғилган. ТошДУнинг филология факултетини тугаттан (1993). «Тангрига элтгувчи исён» (2002), «Атиргул» (2006), «Сени кутдим» (2007) шеърий ҳамда «Ёлғизлик» (2000), «Мувозанат» (2003), «Исён ва итоат» (2004) каби насрий асарлари нашр этилган. Илмий асарлар тўплами ҳам бор («Бадиий тафаккур тадрижи», 2003; «Янгиланиш эҳтиёжи», 2007). Жалолиддин Румийнинг «Ичиндаги ичиндадир» (2001) номли асарини ўзбек тилига таржима қилган.

(Tashriflar: umumiy 527, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring