Shuhrat Rizaev. “Tonglarim tiyradir, oqshomlar purg’am”

Ashampoo_Snap_2016.11.24_21h53m00s_001_.png    Буюклар ўлмайди, улар бир фурсат тин олиб, маънавий барҳаётликка кўчиб, шу билан жисмоний барҳаётларнинг тириклигини эслатиб, одамлигини билдириб туради…

Шуҳрат РИЗАЕВ
“ТОНГЛАРИМ ТИЙРАДИР, ОҚШОМЛАР ПУРҒАМ”
002

Ashampoo_Snap_2016.11.09_22h33m55s_001_a.pngБундан олти ой аввал “Видо” деб ёзган эдим, икки ой аввал эса “Совуқ нафас инди – кўз тегди…” деб. Энди не деб ёзай, не дебон бўзлай… яна бир томирим кетди-ей… яна бир ботирим ўтди-ей… Вой, бу ўлимнинг дастидан кун борми-ей, ёронлар, эранлар, эманлар…

Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ… Оллоҳ, Ўзинг кечир, Ўзинг ҳидоятингга, мағфиратингга бошла, хато-ю саҳвимни кечир…

Нима қилайки, “видо” сўзини айтаверишдан юрак безиллаб қолди. Қайдадир хунук нафас эсса, “яна ким?” дея жавдираб қоляпман. Қалбим пора, юрак хун…

Бундан ўн саналар бурун беназир устозимиз, оғамиз Бегали домла (Қосимов) ўтганларида қабрлари узра:

Тонгларим тийрадир, оқшомлар пурғам,
Бир-бир кетаётир жўраларим ҳам, –

дея Абдулла ака бўзлаб сўз айтган эди. Навбат ўзларига ҳам етаётганини, ҳадигу хавотир билан ўтаётган кунларини қалбдан ҳис этиб, фарёд чеккан эдилар, сассиз-садосиз…

Гарчи ортиғи билан ўттиз йиллар чамаси салом-алик қилган эсак-да, сўнгги йигирма йиллар анча яқин бўлиб, турли сафарларда бирга юрдик, мажлис-издиҳомларда, тўй-тантаналарда учрашдик, гурунглар қилдик. Ўзига яқин олиб улфатчиликка чорлаган паллалари ҳам кам эмас…

1985 йил – Ойбек домланинг 80 йиллик хотира тантаналарини ўтказамиз деб водий вилоятларида бўлдик. Биз Ойбек уй-музейининг Ўткир Ёрмуҳаммад бошлиқ бир-икки ходими Ёзувчилар уюшмасининг Абдулла Орипов етакчилигидаги делегациясига кўчма кўргазмамиз билан қўшилиб, Андижону Фарғона, Наманганнинг қишлоғу шаҳарларини кезиб, кўргазма-учрашувлар ўтказиб юрибмиз. Табиий, ҳар йиғинда улоқ Абдулла акада кетади. Асли тадбирга халқ Абдулла Орипов номини ҳам эшитиб келади. Гарчи орамизда бошқа шоиру номдор ҳофизлар бўлса-да, Абдулла аканинг мавқеи бўлак – халойиқнинг росмана гуриллаб, қарсак урганини, олқишу алёрларга кўмиб, ҳиссиётлари жўш урганини дастлаб ўшанда, сўнгроқ оғамиз билан боғлиқ деярли барча сафарлар – Қашқадарёда Бегали аканинг 50 йиллик, Сурхондарёда Эркин Аъзам ва Усмон Азимнинг 60 йиллик саналарини нишонлаганда ва яна шу дамда хотирамга келиб-келмаётган ўнлаб тадбирларда кўрдим – гувоҳи бўлдим. Халқи айрича ҳарорат билан суйиб, алқайдиган шоирни, бу қадар муҳаббат ва эъзозни умрим давомида Абдулла ака мисолида кўрдим, билдим.

Бу-ку – бир томони, ташқи шакл-белгиси. Аммо бу издиҳомлар мазмуни-чи, эҳ-ҳе… Ундан-да ўтиб сафар чоғи тантана-зиёфатлардан сўнг меҳмонхона ётоқларида расмийликдан холи бўлиб, тонготар гурунгларнинг шукуҳи, маърифати, илмини айтиб, адоғига етиб бўлармикан… Абдулла аканинг гурунглари ўшандай чоғларда фавқулодда фикрга бой, тафаккур пучмоқларини ёритиб юборадиган, бетакрор суҳбатлар эди. Ўзбек мумтоз шеърияти, жаҳон адабиёти, катта-кичик замондош устоз ва дўст-биродарлар, қаламкашлар ҳақидаги оғамнинг мушоҳадалари, тушунча ва билимларининг теранлиги, чўнг ҳам инжалиги, хулоса ҳам умумлашмаларининг оҳору маҳобати эшитгувчини шошириб, тараддудга солиб қўярди.

Водийдаги ойбекхонлик – ўша дастлабки яқинлашув чизгилари пайдо бўлган кунларда, хусусан, Намангандаги меҳмонхонада тонготар суҳбат қурарканмиз, Абдулла ака не бир сабаб билан бори мумтоз адабиётимизга экскурс қилиб, мушоҳадаларини сўйларкан, бирдан Зокиржон Фурқатга тўхтаб, узоқ гапирди. Фурқатга айрича муҳаббат, завқ-шавқ билан ёндашиб, шоирга бағишланган машҳур шеърини, унинг тарихини айтиб берди. Фурқатнинг ғурбати фақат Ватандан айро тушганида эмас, балки замонга сиғмаганида, ўз юртида ҳам мусофир бўлиб, қалбига малҳам ёру вафодор, ғамгусор тополмаганида, яқинлари ичра меҳр кўрмай, сайду сайёра ҳолида умр ўтказганида эканин аламланиб, эзилиб сўйлади. Гарчи Фурқат ижодини университетда махсус ўрганиб, унинг услуби, ўзига хослиги ҳақида илмий тадқиқот олиб бораётган эсам-да, Абдулла аканинг аксарият фикрлари мени ниҳоятда мутаассир этди. Шоирнинг шоир ҳақидаги ўйлари ўзи бир зўр мақола эди…

Гапираверса, гапнинг адоғи йўқ. 1998 йил кеч кузида Германияда ўзбек маданияти кунларини ўтказиб юрибмиз. Берлин кўчаларида лайлакқор майин укпар каби ёғиб турганда, Оврупонинг юрагида икковлон яёв кезиндик. Каттагина гавжум майдоннинг бир чеккасида хитойликлар ўзларининг қандайдир хос мазали аччиқ шўрваларини очиқ осмон остида бақириб-чақириб мақтаб сотиб турибдилар. Елим товоқларда шу таомдан олиб, тик турганча укпар ёғдулари остида оғзимизни куйдириб, хўриллатиб ичиб олдик. Шўрвасидан ташқари товуқ қайлали лағмонсифат қуюғини еёлмай, зарқоғозга ўратиб олдик. Абдулла ака: “Сўранг-чи, бундай мазали таомининг номи нима экан?” деб қолди. Хитойлик ошпаздан сўрасам, Абдулла акага ишора қилиб, нималарнидир сўйлаб кетди. Мен унча англамадим. Шунда Абдулла аканинг ўзи ёнимга келди-да: “Бу мени хитойлик деб ўйлаяпти, ўзидан сўра деяпти”, деди кулиб.

Германия сафаридан уч-тўрт сана ўтиб, Абдулла ака, камина ва Беҳзод исмли йигит Қозоғистонга – Олмаота шаҳрига сафар қилдик. У ерда Умумжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг халқаро йиғилиши ўтказилар экан. Абдулла ака Ўзбекистон Муаллифлик ҳуқуқи агентлигининг раҳбари, Беҳзод – ҳуқуқшунос, камина эса Вазирлар Маҳкамаси вакили сифатида иштирок этдик. Уч кунлик анжуманнинг биринчи куни – биринчи йиғилишидаёқ халқаро ташкилотнинг мутасадди вакилларидан бири Абдулла акани Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани билан қизғин табриклади ва бутун тадбир давомида ҳурматини ошкора намоён этиб юрди, шундай нуфузли ташкилотда Абдулла Ориповдек баланд рутбали инсоннинг борлиги ўзлари учун шараф эканини қайта-қайта таъкидлаб турди. Мен шоир зоти барча халқу элатларнинг “ўзиники”дек эканини, у жаҳон элчиси, тинчлик элчиси эканлигини яна бир марта дилдан ҳис этдим. Бундай сафарлар, бирга-бирга юришлар, суҳбатлар, учрашувлар, айтганимдек, кўп бўлди. Бири-биридан маънили, серзавқ, ёқимли… Айтаверсанг, адоғи йўқ. Балки ҳозирги кори-аъмолим тақозосими, биргина халқаро сафарларга доирлари қоғозга тушди. Бундан бўлаклари қанча, мен каби у кишининг суҳбатидан завқ олганлар қанча…

Аммо кўплаб учрашувлар, суҳбатлар ичра яна бир суҳбат борки, уни қайд этиб қўймасам бўлмас. Янглишмасам, бу бафуржа ўлтириб гурунглашган сўнгги учрашувимиз бўлса керак.

Ўтган йил, янглишмасам, куз бошларимиди, Абдулла ака бир неча ой Америка Қўшма Штатларида бўлиб, юрак операциясини ўтказиб қайтдилар. Ўртоғим Бобур (Алимов), шифокор дўстимиз Анвар (Ражабов), “Ижод уйи” директори Абдусаттор ака ва камина – тўртовлон пешин пайтлар аканинг ҳовлисига кириб бордик. Дарвоза очиқ, ичкарида ҳеч ким йўқдек. Билсак, пастки уйнинг иккинчи қаватида-ишхонасида Абдулла ака қандайдир хусусий киностудияга Америкада ёзиб келган янги шеърларини ўқиб бераётган, улар эса камерага ёзиб олаётган экан. Меҳмонхонага кирдик. Бироз ўтиб юқоридан Абдулла ака тушиб келди. 15-20 дақиқалик мўлжалимиз уч-уч ярим соат давом этди. Орада келинойи келиб, ош ҳам дамлаб улгурдилар. Абдулла ака эса бизни қўйиб юборгиси келмас, қайсидир ишонганларидан кўнгли ранжиб, бироз гинахонлик ҳам қилар, бу билан бизга самимиятини сездирар, очиқ дил изҳор этар эди. Мавзу, табиий, сафар, муолажа, шунинг натижаси ўлароқ янги шеърлар ҳақида бўлди. Агар юртда “Ватан!” деб жонини тиккан иккита одам бўлса, бири менман. Юртни бемалол суйганимдан ўзгаларнинг қудратига ҳавас қилдим, неларигадир қиёс қилдим. Ўша буюк Американинг беадоқ бойлиги, қудрати негизида Хоразмий, Беруний каби боболаримизнинг закоси ётганини, ўшалардан қувват олиб бани башар илми равнақ топганини англадим, не-не шоҳидликлар кўрдим. ўурурим ошдики, ўшаларга ҳавас қилдим. Юртимнинг ҳам одимлари ҳали ундан кам бўлмаслигини тиладим, эртанги кунимга-да ишондим, имон келтирдим. Укалар, ўзларингни эҳтиёт қилинглар, чин билан сохтанинг, яхши билан ёмоннинг фарқига боринглар. Ўткинчи шамоллардан ўзларингни асранглар!”

Абдулла ака бу гапларни, бизга росмана оға бўлиб, бизни ўзига қадрдон билиб, яқин тутиб, дилдан айтди. Неки бизга, назаримда, барчамизга, элимизга айтди…

Шуни бугун, машъум хабарни эшитгач, яхши бир инсоннинг ҳиммати билан келиб қолганим Германиянинг Бавария ерлари марказида туриб, чоғроққина меҳмонхонанинг чоғроққина ётоғида кимсасиз кўнгил, дилгир кайфият билан қоғозга тушириб ўтирибман… “Кимсасиз” деган сўзни ишлатиб, шу сўз ва Абдулла ака билан боғлиқ яна бир кичик хотира хаёлимга келяпти. Беш-олти сана аввал, 9 апрель – Соҳибқирон Амир Темур таваллуди куни марказий хиёбондаги ҳайкал пойига гуллар қўйиб қайтар эканмиз, иттифоқо, Абдулла ака билан учрашиб қолдик. Ёнимда театршунос Омонулла (Ризаев) бор эди. Шу ерда Абдулла ака нима учундир Тамарахонимдан сўз очиб, опа билан учрашганида, у кимсасизлик ҳақида туркча бир тўртлик айтганини эслади ва ёддан ўқиб берди. Омонулла қўл телефонига дарҳол ёзиб олди:

Ҳеч кимса йўқдур кимсасиз,
Ҳар кимсанинг бор кимсаси.
Кимсасиз бир кимсаям ё
Кимсасизлар кимсаси.

Эй, Оллоҳ, дунёларинг қизиқ, бандаларинг ғофил… Тамарахонимдек довруқли санъаткор шунча асъасаю дабдабаси билан “кимсасизман” деса, ўзбекнинг асрларга татигулик буюк шоири шону шуҳратининг авжу адосида “кимсасизлик” шевасини ёд этиб турса, биз шўрликларнинг ёзуғимиз не эканки, Яратгандан нуқул нажот тилаймиз, синовли дамларда таваллолар ила тириклик тамаларини қиламиз…

Шифокор дардимни эшитиб, текшириб, ташхис қўйиб, жарроҳлик амалиётини қилмаса бўлмайди деб турибди. Йўқса, қолган умрим оқсоқлик билан ўтар экан…

Бандаи ожиз, ҳаётдан умидим бор… Ёшим умр фусулининг кузида эрса ҳам, сафларга ярагим, жабҳаларда бўлгим келяпти. Юрт учун не бир хизматим сингиб, элимнинг маънавий тўкислигини кўргим, баркамоллик қўрғонини қурмоқда иштирок этгум бор; неларгадир ярашга ҳақлиман деб ўйлайман ўзимни… Вақти-соати етиб, ўлимни ҳам саодат билиб қабул қилмоққа ҳам қурбим етар, иншооллоҳ… Дунёга келиб одамлигимни англаб, юртимни, аждодим, ота-бобомни таниб, ўзбеклигимни билиб, энди эса шуларни кимларгадир, жилла қурса, авлодларимга, набираларимга билдириб кетмасам, бу оламга нега келдиму нега кетаман?!

Шифокорнинг жарроҳлик амалиёти олдидан “мабодо жараёнда бирор кутилмаган кор-ҳол бўлиб қолса ёки юрагингиз уришдан тўхтаб қолса ҳам розимисиз дея турли қоғозларга қўл қўйдиргани тўлиб турган юрагимни қақшатиб юборди. Устига-устак, машъум хабар… Бугун қаердасан, эрта қаён бўлурсан… Холиқи қудратнинг Ўзигагина аён. Аммо бир ҳақиқат борки, буни кураш – ҳаёт, тириклик учун мамот кураши дейдилар. Абдулла ака бу кураш яловбардори эди. Худди Ислом ака (Каримов), Эркин ака (Воҳидов) каби элимизни нурли манзилларга олиб чиқиб, шу йўлда тиним, ҳаловат билмаган кўнгли-вужуди нисор жон эди. Уларнинг тафаккури умр бўйи тўхтовсиз ишлади, юраклари халқ, Ватан, миллат деб урди, ёнди ва шу сўнмас ёлқин-ҳарорат бугун ўттиз икки миллион халқнинг қалбини иситиб, ҳаётига нур таратиб турибди.

Буюклар ўлмайди, улар бир фурсат тин олиб, маънавий барҳаётликка кўчиб, шу билан жисмоний барҳаётларнинг тириклигини эслатиб, одамлигини билдириб туради…

Жойингиз равзаи райҳон, жаннати наимларда бўлсин, Абдулла оғажон! Буюклар каҳкашонида ўрнингиз ва номингиз мудом пойдор бўлғай!

Германия, Мюнхен шаҳри, 6 ноябрь

15094229_283074185423565_5520747882581020385_n.jpg

Shuhrat RIZAEV
“TONGLARIM TIYRADIR, OQSHOMLAR PURG’AM”
002

Ashampoo_Snap_2016.11.06_18h13m10s_001_.pngBundan olti oy avval “Vido” deb yozgan edim, ikki oy avval esa “Sovuq nafas indi – ko’z tegdi…” deb. Endi ne deb yozay, ne debon bo’zlay… yana bir tomirim ketdi-yey… yana bir botirim o’tdi-yey… Voy, bu o’limning dastidan kun bormi-yey, yoronlar, eranlar, emanlar…

Astag’firulloh, astag’firulloh… Olloh, O’zing kechir, O’zing hidoyatingga, mag’firatingga boshla, xato-yu sahvimni kechir…

Nima qilayki, “vido” so’zini aytaverishdan yurak bezillab qoldi. Qaydadir xunuk nafas essa, “yana kim?” deya javdirab qolyapman. Qalbim pora, yurak xun…

Bundan o’n sanalar burun benazir ustozimiz, og’amiz Begali domla (Qosimov) o’tganlarida qabrlari uzra:

Tonglarim tiyradir, oqshomlar purg’am,
Bir-bir ketayotir jo’ralarim ham, –

deya Abdulla aka bo’zlab so’z aytgan edi. Navbat o’zlariga ham yetayotganini, hadigu xavotir bilan o’tayotgan kunlarini qalbdan his etib, faryod chekkan edilar, sassiz-sadosiz…

Garchi ortig’i bilan o’ttiz yillar chamasi salom-alik qilgan esak-da, so’nggi yigirma yillar ancha yaqin bo’lib, turli safarlarda birga yurdik, majlis-izdihomlarda, to’y-tantanalarda uchrashdik, gurunglar qildik. O’ziga yaqin olib ulfatchilikka chorlagan pallalari ham kam emas…

1985 yil – Oybek domlaning 80 yillik xotira tantanalarini o’tkazamiz deb vodiy viloyatlarida bo’ldik. Biz Oybek uy-muzeyining O’tkir Yormuhammad boshliq bir-ikki xodimi Yozuvchilar uyushmasining Abdulla Oripov yetakchiligidagi delegatsiyasiga ko’chma ko’rgazmamiz bilan qo’shilib, Andijonu Farg’ona, Namanganning qishlog’u shaharlarini kezib, ko’rgazma-uchrashuvlar o’tkazib yuribmiz. Tabiiy, har yig’inda uloq Abdulla akada ketadi. Asli tadbirga xalq Abdulla Oripov nomini ham eshitib keladi. Garchi oramizda boshqa shoiru nomdor hofizlar bo’lsa-da, Abdulla akaning mavqei bo’lak – xaloyiqning rosmana gurillab, qarsak urganini, olqishu alyorlarga ko’mib, hissiyotlari jo’sh urganini dastlab o’shanda, so’ngroq og’amiz bilan bog’liq deyarli barcha safarlar – Qashqadaryoda Begali akaning 50 yillik, Surxondaryoda Erkin A’zam va Usmon Azimning 60 yillik sanalarini nishonlaganda va yana shu damda xotiramga kelib-kelmayotgan o’nlab tadbirlarda ko’rdim – guvohi bo’ldim. Xalqi ayricha harorat bilan suyib, alqaydigan shoirni, bu qadar muhabbat va e’zozni umrim davomida Abdulla aka misolida ko’rdim, bildim.

Bu-ku – bir tomoni, tashqi shakl-belgisi. Ammo bu izdihomlar mazmuni-chi, eh-he… Undan-da o’tib safar chog’i tantana-ziyofatlardan so’ng mehmonxona yotoqlarida rasmiylikdan xoli bo’lib, tongotar gurunglarning shukuhi, ma’rifati, ilmini aytib, adog’iga yetib bo’larmikan… Abdulla akaning gurunglari o’shanday chog’larda favqulodda fikrga boy, tafakkur puchmoqlarini yoritib yuboradigan, betakror suhbatlar edi. O’zbek mumtoz she’riyati, jahon adabiyoti, katta-kichik zamondosh ustoz va do’st-birodarlar, qalamkashlar haqidagi og’amning mushohadalari, tushuncha va bilimlarining teranligi, cho’ng ham injaligi, xulosa ham umumlashmalarining ohoru mahobati eshitguvchini shoshirib, taraddudga solib qo’yardi.

Vodiydagi oybekxonlik – o’sha dastlabki yaqinlashuv chizgilari paydo bo’lgan kunlarda, xususan, Namangandagi mehmonxonada tongotar suhbat qurarkanmiz, Abdulla aka ne bir sabab bilan bori mumtoz adabiyotimizga ekskurs qilib, mushohadalarini so’ylarkan, birdan Zokirjon Furqatga to’xtab, uzoq gapirdi. Furqatga ayricha muhabbat, zavq-shavq bilan yondashib, shoirga bag’ishlangan mashhur she’rini, uning tarixini aytib berdi. Furqatning g’urbati faqat Vatandan ayro tushganida emas, balki zamonga sig’maganida, o’z yurtida ham musofir bo’lib, qalbiga malham yoru vafodor, g’amgusor topolmaganida, yaqinlari ichra mehr ko’rmay, saydu sayyora holida umr o’tkazganida ekanin alamlanib, ezilib so’yladi. Garchi Furqat ijodini universitetda maxsus o’rganib, uning uslubi, o’ziga xosligi haqida ilmiy tadqiqot olib borayotgan esam-da, Abdulla akaning aksariyat fikrlari meni nihoyatda mutaassir etdi. Shoirning shoir haqidagi o’ylari o’zi bir zo’r maqola edi…

Gapiraversa, gapning adog’i yo’q. 1998 yil kech kuzida Germaniyada o’zbek madaniyati kunlarini o’tkazib yuribmiz. Berlin ko’chalarida laylakqor mayin ukpar kabi yog’ib turganda, Ovruponing yuragida ikkovlon yayov kezindik. Kattagina gavjum maydonning bir chekkasida xitoyliklar o’zlarining qandaydir xos mazali achchiq sho’rvalarini ochiq osmon ostida baqirib-chaqirib maqtab sotib turibdilar. Yelim tovoqlarda shu taomdan olib, tik turgancha ukpar yog’dulari ostida og’zimizni kuydirib, xo’rillatib ichib oldik. Sho’rvasidan tashqari tovuq qaylali lag’monsifat quyug’ini yeyolmay, zarqog’ozga o’ratib oldik. Abdulla aka: “So’rang-chi, bunday mazali taomining nomi nima ekan?” deb qoldi. Xitoylik oshpazdan so’rasam, Abdulla akaga ishora qilib, nimalarnidir so’ylab ketdi. Men uncha anglamadim. Shunda Abdulla akaning o’zi yonimga keldi-da: “Bu meni xitoylik deb o’ylayapti, o’zidan so’ra deyapti”, dedi kulib.

Germaniya safaridan uch-to’rt sana o’tib, Abdulla aka, kamina va Behzod ismli yigit Qozog’istonga – Olmaota shahriga safar qildik. U yerda Umumjahon intellektual mulk tashkilotining xalqaro yig’ilishi o’tkazilar ekan. Abdulla aka O’zbekiston Mualliflik huquqi agentligining rahbari, Behzod – huquqshunos, kamina esa Vazirlar Mahkamasi vakili sifatida ishtirok etdik. Uch kunlik anjumanning birinchi kuni – birinchi yig’ilishidayoq xalqaro tashkilotning mutasaddi vakillaridan biri Abdulla akani O’zbekiston Qahramoni unvoniga sazovor bo’lgani bilan qizg’in tabrikladi va butun tadbir davomida hurmatini oshkora namoyon etib yurdi, shunday nufuzli tashkilotda Abdulla Oripovdek baland rutbali insonning borligi o’zlari uchun sharaf ekanini qayta-qayta ta’kidlab turdi. Men shoir zoti barcha xalqu elatlarning “o’ziniki”dek ekanini, u jahon elchisi, tinchlik elchisi ekanligini yana bir marta dildan his etdim. Bunday safarlar, birga-birga yurishlar, suhbatlar, uchrashuvlar, aytganimdek, ko’p bo’ldi. Biri-biridan ma’nili, serzavq, yoqimli… Aytaversang, adog’i yo’q. Balki hozirgi kori-a’molim taqozosimi, birgina xalqaro safarlarga doirlari qog’ozga tushdi. Bundan bo’laklari qancha, men kabi u kishining suhbatidan zavq olganlar qancha…

Ammo ko’plab uchrashuvlar, suhbatlar ichra yana bir suhbat borki, uni qayd etib qo’ymasam bo’lmas. Yanglishmasam, bu bafurja o’ltirib gurunglashgan so’nggi uchrashuvimiz bo’lsa kerak.

O’tgan yil, yanglishmasam, kuz boshlarimidi, Abdulla aka bir necha oy Amerika Qo’shma Shtatlarida bo’lib, yurak operatsiyasini o’tkazib qaytdilar. O’rtog’im Bobur (Alimov), shifokor do’stimiz Anvar (Rajabov), “Ijod uyi” direktori Abdusattor aka va kamina – to’rtovlon peshin paytlar akaning hovlisiga kirib bordik. Darvoza ochiq, ichkarida hech kim yo’qdek. Bilsak, pastki uyning ikkinchi qavatida-ishxonasida Abdulla aka qandaydir xususiy kinostudiyaga Amerikada yozib kelgan yangi she’rlarini o’qib berayotgan, ular esa kameraga yozib olayotgan ekan. Mehmonxonaga kirdik. Biroz o’tib yuqoridan Abdulla aka tushib keldi. 15-20 daqiqalik mo’ljalimiz uch-uch yarim soat davom etdi. Orada kelinoyi kelib, osh ham damlab ulgurdilar. Abdulla aka esa bizni qo’yib yuborgisi kelmas, qaysidir ishonganlaridan ko’ngli ranjib, biroz ginaxonlik ham qilar, bu bilan bizga samimiyatini sezdirar, ochiq dil izhor etar edi. Mavzu, tabiiy, safar, muolaja, shuning natijasi o’laroq yangi she’rlar haqida bo’ldi. Agar yurtda “Vatan!” deb jonini tikkan ikkita odam bo’lsa, biri menman. Yurtni bemalol suyganimdan o’zgalarning qudratiga havas qildim, nelarigadir qiyos qildim. O’sha buyuk Amerikaning beadoq boyligi, qudrati negizida Xorazmiy, Beruniy kabi bobolarimizning zakosi yotganini, o’shalardan quvvat olib bani bashar ilmi ravnaq topganini angladim, ne-ne shohidliklar ko’rdim. o’ururim oshdiki, o’shalarga havas qildim. Yurtimning ham odimlari hali undan kam bo’lmasligini tiladim, ertangi kunimga-da ishondim, imon keltirdim. Ukalar, o’zlaringni ehtiyot qilinglar, chin bilan soxtaning, yaxshi bilan yomonning farqiga boringlar. O’tkinchi shamollardan o’zlaringni asranglar!”

Abdulla aka bu gaplarni, bizga rosmana og’a bo’lib, bizni o’ziga qadrdon bilib, yaqin tutib, dildan aytdi. Neki bizga, nazarimda, barchamizga, elimizga aytdi…

Shuni bugun, mash’um xabarni eshitgach, yaxshi bir insonning himmati bilan kelib qolganim Germaniyaning Bavariya yerlari markazida turib, chog’roqqina mehmonxonaning chog’roqqina yotog’ida
kimsasiz ko’ngil, dilgir kayfiyat bilan qog’ozga tushirib o’tiribman… “Kimsasiz” degan so’zni ishlatib, shu so’z va Abdulla aka bilan bog’liq yana bir kichik xotira xayolimga kelyapti. Besh-olti sana avval, 9 aprel` – Sohibqiron Amir Temur tavalludi kuni markaziy xiyobondagi haykal poyiga gullar qo’yib qaytar ekanmiz, ittifoqo, Abdulla aka bilan uchrashib qoldik. Yonimda teatrshunos Omonulla (Rizaev) bor edi. Shu yerda Abdulla aka nima uchundir Tamaraxonimdan so’z ochib, opa bilan uchrashganida, u kimsasizlik haqida turkcha bir to’rtlik aytganini esladi va yoddan o’qib berdi. Omonulla qo’l telefoniga darhol yozib oldi:

Hech kimsa yo’qdur kimsasiz,
Har kimsaning bor kimsasi.
Kimsasiz bir kimsayam yo
Kimsasizlar kimsasi.

Ey, Olloh, dunyolaring qiziq, bandalaring g’ofil… Tamaraxonimdek dovruqli san’atkor shuncha as’asayu dabdabasi bilan “kimsasizman” desa, o’zbekning asrlarga tatigulik buyuk shoiri shonu shuhratining avju adosida “kimsasizlik” shevasini yod etib tursa, biz sho’rliklarning yozug’imiz ne ekanki, Yaratgandan nuqul najot tilaymiz, sinovli damlarda tavallolar ila tiriklik tamalarini qilamiz…

Shifokor dardimni eshitib, tekshirib, tashxis qo’yib, jarrohlik amaliyotini qilmasa bo’lmaydi deb turibdi. Yo’qsa, qolgan umrim oqsoqlik bilan o’tar ekan…

Bandai ojiz, hayotdan umidim bor… Yoshim umr fusulining kuzida ersa ham, saflarga yaragim, jabhalarda bo’lgim kelyapti. Yurt uchun ne bir xizmatim singib, elimning ma’naviy to’kisligini ko’rgim, barkamollik qo’rg’onini qurmoqda ishtirok etgum bor; nelargadir yarashga haqliman deb o’ylayman o’zimni… Vaqti-soati yetib, o’limni ham saodat bilib qabul qilmoqqa ham qurbim yetar, inshoolloh… Dunyoga kelib odamligimni anglab, yurtimni, ajdodim, ota-bobomni tanib, o’zbekligimni bilib, endi esa shularni kimlargadir, jilla qursa, avlodlarimga, nabiralarimga bildirib ketmasam, bu olamga nega keldimu nega ketaman?!

Shifokorning jarrohlik amaliyoti oldidan “mabodo jarayonda biror kutilmagan kor-hol bo’lib qolsa yoki yuragingiz urishdan to’xtab qolsa ham rozimisiz deya turli qog’ozlarga qo’l qo’ydirgani to’lib turgan yuragimni qaqshatib yubordi. Ustiga-ustak, mash’um xabar… Bugun qaerdasan, erta qayon bo’lursan… Xoliqi qudratning O’zigagina ayon. Ammo bir haqiqat borki, buni kurash – hayot, tiriklik uchun mamot kurashi deydilar. Abdulla aka bu kurash yalovbardori edi. Xuddi Islom aka (Karimov), Erkin aka (Vohidov) kabi elimizni nurli manzillarga olib chiqib, shu yo’lda tinim, halovat bilmagan ko’ngli-vujudi nisor jon edi. Ularning tafakkuri umr bo’yi to’xtovsiz ishladi, yuraklari xalq, Vatan, millat deb urdi, yondi va shu so’nmas yolqin-harorat bugun o’ttiz ikki million xalqning qalbini isitib, hayotiga nur taratib turibdi.

Buyuklar o’lmaydi, ular bir fursat tin olib, ma’naviy barhayotlikka ko’chib, shu bilan jismoniy barhayotlarning tirikligini eslatib, odamligini bildirib turadi…

Joyingiz ravzai rayhon, jannati naimlarda bo’lsin, Abdulla og’ajon! Buyuklar kahkashonida o’rningiz va nomingiz mudom poydor bo’lg’ay!

Germaniya, Myunxen shahri, 6 noyabr`

009

(Tashriflar: umumiy 333, bugungi 1)

Izoh qoldiring