Abdumajid Azim. She’rlar

Ashampoo_Snap_2016.11.25_16h14m27s_003_.png26 ноябрь — Шоир Абдумажид Азим таваллуд топган кун

     Замонавий ўзбек шеъриятида ўз йўли, ўз овозига эга шоирлардан бири Абдумажид Азимдир. Бугун шоир дўстимизнинг таваллуд кунида унинг бир туркум шеърини сизга тақдим этар эканмиз, унга ижодий ютуқлар, саломатлик ва фарзанду набиралари кмолини кўриб юришини тилаб қоламиз.

Абдумажид АЗИМ
ШЕЪРЛАР
09

Ashampoo_Snap_2016.11.25_16h07m01s_002_.png    Абдумажид Азим 1957 йил 26 ноябрда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида туғилган. 1983 йилда ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факултетини тамомлаган. 1990 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Республикамизнинг турли нашрларида фаолият юритиб келмоқда. Айни пайтда «Ҳуррият» газетасида масъул котиб.

Шу пайтга қадар шоирнинг «Қалбимнинг Ватани» ,«Қуёш боласи», «Ёруғлик одами», «Руҳи равоним», “Ошиқ дилим”, ”Умид беланчаги” номли шеърий китоблари чоп этилган.

09

ДЎСТЛАРИМГА
Арзиҳол

Сизлар дили жамларим,
Яширасиз камларим,
Даврангизда ўтирсам,
Тарқар ғубор, ғамларим.

Энтикиб ҳаяжон-ла,
Болаликка қайтамиз.
Юракда асраб юрган,
Гапларимиз айтамиз.

Айрилиқ ва соғинчлар,
Кунларни улар йилга.
Изтиробу ўкинчлар,
Тиғдай ботар кўнгилга.

Жон-жигар, ука-сингил,
Ота элим соддафеъл,
Узоқларда юрсам мен
Дуогўйим, ўзинг бўл.

Омад излаб, бахт излаб,
Кетдим олис-олислаб,
Энди чиқолмас Отам,
Шошдан жўнасам бўзлаб.

Кўзим очиб кўрганим,
Бўлди меҳнат ва заҳмат.
Қирқ йилда орттирганим,
Бир-иккита дўст фақат.

Улларим алпим, норим,
Қизларим номус, орим,
Ойбекачим дилдорим,
Шу менинг йўғу борим.

Сўзларимдан каму кўст,
Ахтариб сен олис дўст,
Савол ташлаб устма-уст,
Шоширинг нодуруст.

Дардим бир танам билар,
Меҳрибон онам билар,
Айтсам, ғанимлар кулар,
Кўкайларим кул бўлар.

Кетиб кўздан нуримиз,
Юракдан чўғ, қўримиз,
Йўқотиб бир-биримиз
Ўтиб борар умримиз..

Йилларим Бойчибор от,
Учмоқда бойлаб қанот,
Қўй,унут у ғуссани,
Қандай гўзал бу ҳаёт!

Оқшомми ёки тонгда,
Кўзим ҳамон Сурхонда,
Ҳаммамиз иссиқ жон-да,
Дўстлар бўлинг, омонда.

2014

ИСМИНИ ЙЎҚОТГАН ОДАМ ҲАСРАТИ

Не ажаб, қон йиғласам аҳли замондин дам-бадам.
Алишер Навоий

Қайси бир санада, оқшомми, саҳар,
Гўдак йўргакланса умидлар билан.
Падари қувонса, ўғлим деб, магар,
Билмаса гўдакнинг ёзмишида — ғам!

Ровийлар тўхтангиз очмоқликдан фол,
Ўтмишим кўмилган, эртам бешараф.
Тилларим кесилган, бармоқларим шол,
Ўзимни ахтариб юрибман, ё раб!

Дардларим кўксимда вулқондек тошса,
Қароғим қатига яширдим пинҳон.
Ёвузлик, истибдод ҳаддидан ошса,
Аҳли шайтанатга тиладим имон!

Бордан йўқ бўлганман тасодиф боис,
Дунё бир эврилиб, бор бўлди йўқлар.
Кўмакка қўлларин чўзмоққа ожиз
Менга на пайғамбар, на олий руҳлар!

Инграниб, шакланиб айланар замин,
Кимларни ёд этиб яшайди жаҳон.
Наҳотки, исмимни унутган ғаним,
Наҳотки, исмимни билмайди, замон?!

Ғудрайман қаршимда ястанган тоққа,
Залворли ҳасратни симирар кунлар.
Ўзимни ахтариб, номаълум ёққа
Бош олиб жўнайман зим-зиё тунлар.

Осийман, беҳиштдан қувилган гўё,
Қонимни ичмоққа шайланар тупроқ.
Исмимни унутди, наҳотки дунё,
Асрлар сабримга бўлолмас урвоқ.

Энтикиб исмимдан сўз очса исён,
Жунжиккан забоним сақлайди сукут.
Наҳот бу оламга келганим ёлғон,
Ер аро, кўк аро исмим йўқ, унут!

Маккор ёзиғимга таъналар айта,
Қоғозлар чинқирар ютиб сўзимни.
Заминга ёзарман муқаррар қайта —
Юрак қоним билан ўзбек сўзини.

Бир инсон туғилса, шодланса она,
Аммо бу не ёзиқ, тошюрак, сангдил:
Бу гўдак аъмоли бахтга бегона —
Деб, имзо чексалар ошкора, дангал.

1988

ЭЙ КЎНГИЛ

Кўзни юмгил,кўзга айлансин кўнгил,
Кўз бўлурми Ҳақни кўрмас бўлса ул?
Жалолиддин Румий

Эй кўнгил,тун кечалар кўп бўзладинг,
Бўзларингда не ҳаловат кўзладинг,
Нақ дўзах оташида ҳам музладинг,
Ўзни йўқотиб, бот ўзинг изладинг.

Оқилу доноликда айлаб расо,
То яратдиким сени Ҳақ таоло.
Лек жонингга этиб жабру жафо,
Қиладурсан Сен хато узра хато.

Ишқ кўйида девона сандувоч,
Сийна чок этдинг чаманда ноилож,
Ёр йўлинда жонини айлаб тарож,
Аналҳақ, деб дорга осилди Халлож.

Бўлмайин десанг эл олдида хижил,
Тий ўзингни бир сухан айтишга тил.
Васли осонликча бўлмас восил,
Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил.

Сўнг кўнгил кўзи ила оламга боқ,
Ҳазрати Юнус каби уммонда оқ,
Ишқ гар ғофил наздида эрмиш гуноҳ,
Бу гуноҳинг-ла икки оламни ёқ.

ЭРК

Кипригим-ла тошни кесиб, ун қилсам,
Кўзимнинг ашкини нақ Жайхун қилсам,
Бордир истиқболда минг битта имкон.

Сочим толасида кўтарсам ерни,
Олов ёлларини силасам шерни
Замин куч берару қўллайди раҳмон.

Зулмат оғушида сўқир бўлсам мен,
Ақлимдан адашиб йиғлаб, кулсам мен.
Дардим давосини топарман осон.

Уммон сувларини тўсиб дамим-ла,
Шодликни сипқорсам тоғдай ғамим-ла,
Меҳр риштасини узмагай осмон.

Мунчоқ тешигига сиғсам, ухласам,
Томуғ азобида хун-хун йиғласам,
Демак, ўлмаганман, тирикман ҳамон.

Жами азоблардан бўлиблар фориғ,
Бировга эгилиб юрсам, водариғ,
Менинг тириклигим ёлғондир, ёлғон!

1989

ХОТИРА

Дераза кўзини синдириб
бехос,
Айбингни ағдардинг менга, синфдош.
Жазоланглар дедим, қаҳрамонга хос,
Йўқ айбим тан олдим,
аталдим бебош.

Муаллим уришмади, хўмрайиб деди:
Ойна келтирмасанг, кўрмайин қоранг.
Шамол елар эди, қор келар эди,
Шўхлик жиноятга айланди,
қаранг!

Синфдош, олиб қочдинг мендан кўзингни,
Хоинга айландинг сен ўша лаҳза.
Мен ҳам оқлолмадим бироқ ўзимни,
Дарз кетди беғубор юрак —
дераза!

Оқсоч муаллимни эслайман баъзан,
Қўрқоқ ҳамсинфим ҳам аччиқ хотира.
Сенга йўлолмайман аммо дафъатан —
Дарз кетган болалик —
бебош, бокира!

Нега қололмадим оқлаб ўзимни,
Очиқ деразани кўксим-ла
тўсдим.
Йиғладим партага қўйиб юзимни,
Англадим илк бора ғаним ким,
дўст ким!

Тугади болалик баҳорим барвақт,
Содда ҳайратларим
турар ўкиниб.
Жасорат қилишга айласам-да, шахт
Вақт мендан барибир
олди ўчини.

Инграйман кўксимда оғриқлар сезиб
Бебош,
ўт ёшликнинг дамлари тинди.
Совуқ изғиринлар туради эсиб
Юрак — деразамдан бир умр энди…

1989

БОЛАЛИК АРМОНЛАРИ

Ҳар кун йўл четида чангларга ботиб,
Ўйнаб ўтирар бир яланғоч бола.
Эшқобил Шукур

Болаликнинг шўхликлари — баҳорларда,
Зувиллатиб чиллик ўйнар ангорларда.
Балиқ каби сувда сузиб анҳорларда,
Улғайибман меҳрлару озорлардан.

Уватларда мол-ҳолларга ўт ўрардим,
Жилғалар-ла қувалашиб югурардим,
Кўкка туташ дарахтларни кўзга илмай,
Шохдан-шохга сакрар эдим ҳадик билмай.

Гўдакликнинг ифорлари ўткир исли,
Онам булут, отам шамол эди мисли,
Хаёлимни ўғирлама, ай қизғалдоқ,
Ўйнашайин қуёш билан қувлашмачоқ.

Вақт шамоли олис-олис кетди бошлаб,
Энди Сурхон боғларига бегонамиз.
Ёбонларга болаликни етим ташлаб,
Сулувларнинг тушларида афсонамиз.

Томлар узра ял-ял ёнган қизғалдоғим,
Олов каби ловуллаган ёшлик чоғим,
Бир зум яшнаб очилиб у кулган лола,
Қумқўрғонда қолиб кетган ўша бола.

Хазонларни бир-бир босиб афтодаҳол,
Кузги боғда тентирайман хазон мисол.
Болаликнинг шўхликлари келар эсга,
«Севдим…» дея хат битганим қўшни қизга..

Ёшлик ларзон. Севги армон.Умр ҳайрон,
Мени кутиб сарғайдингми, Сурхондарё?
Қайлардасан, болалигим, зангор осмон,
Ўксик кўнглим улғайтирган армон дунё.

Чанг тупроқли кўчаларим тунлар уйғоқ,
Келарми деб йўлим пойлар неча замон.
Ўтмишдаги қайсар бола — пок, бегуноҳ,
Араз қилиб кетиб қолган аллақачон.

* * *

Ҳаёт — бир ялт этиб чақнаган чақмоқ,
Руҳимни ўрайди номаълум ҳислар.
Англайман, ҳар нафас омонат, илло,
Ўзини ахтариб ҳақир дил бўзлар.

Кибринг жандасига чирмаб танингни,
Ишқ аҳлиман, дея чалма ноғора.
Ўлдирмай ичингда ётган ғанимни,
Ўзингни ахтариб бўлма овора..

Олам сирларидан ҳайратим ошар,
Бобо бу тоғларим не ўйни ўйлар?
Забон битсамиди бу қадим тошлар,
Не-не тарихлардан ривоят сўйлар?

Очун, тилсимингга ожиздир идрок,
Англагим келади сувлар тилини.
Шамоллар авжига солсамда қулоқ,
Аммо тушунмайман ўжар феълини.

Ўзининг лафзида борлиқ, инсу жин,
Айтарми Халлоқи Ҳаққа саловат?
Дарахту гиёҳлар сўзин англар ким,
Япроқ шивирида не сир, аломат?

Бир-бирин васлига етмоқ муддао,
Қуёш, ой фалакда чопарми бетин?
Бир кунлик умрида капалак ҳатто,
Ўпиб ғунчаларни, жон берар кейин.

Фаҳму тафаккурим буларга етмас,
Аёндир ҳаммаси ёлғиз Аллоҳга.
Тўкилсам бир куни мисли хору хас,
Қоришиб кетмоғим бордир тупроққа.

Эртага ортимдан қоларми нишон,
Манзилим қаёндир, қайда адашдим?
Ожиз бу бандангга раҳм эт, Раҳмон,
Бу адам даштининг борми ҳеч гашти?

Бедор, беҳаловат бу умрларда,
Сен-ла тиллашурман, жимгина кўнгил.
Оҳанглар шовури шотомирларда,
Дил ишққа ташнадур, ишққа ташна дил.

2012

ЧЎЛПОН НИДОСИ

Қандай оғир,
Бу субҳи козиб,
Ухлай десанг, уйқу бўлмаса.
Дарду ғаминг
Бағрингга босиб,
Яшамоқдан кўнглинг тўлмаса.

Ёруғликка интилган сари,
Кул бўлса-да, парвона бекор.
Юрак ютиб кетолмас нари,
Гуриллаган оловдан зинҳор.

Қандай оғир,
Ҳис қилмоқ аён,
Ўхшашингни нотавон гардга.
Чора топмай
Мунғайса Осмон,
Кўзингдаги туманли дардга.

Ёғийларнинг додини берган,
Аждодларинг ухлайди оғир.
Жалолиддин, Темурни кўрган
Икки дарё сағирдан сағир.

Қандай оғир,
Дунёйи дунда,
Бир ковакка сиғаса бошинг.
Туркистону
Болосоғунда
Синиб ётар Ватан бардошинг!

Қисмат сени алдади, кетди,
Кўзларингни элитди туман.
Қўлларингдан ногаҳон тутди,
Фариштадай кулган Ёсуман.

Қандай оғир,
Беайб, бегуноҳ
Оёғингга кишан урилса.
Осмонларинг сарғайиб ногоҳ,
Наслларинг мўрдай қирилса.

Биласанки тарих меҳвари
Бурилмагай ортига алҳол,
Боболарнинг муқаддас орин
Ёв этиги этмоқда поймол.

Қандай оғир
Ақлдан озиб,
На субут, на бурдинг бўлмаса.
Дарду ғаминг бағрингга босиб,
Яшай десанг юртинг бўлмаса.

1988

УМР ДОВОНЛАРИ

Ўн ёшингда,чўпдан чиллик йўнадирсан,
Учқур ҳаёт Дулдулига минадирсан,
Ўн деганим, авжи ўсиб унар вақтинг,
Шамоллар-ла қувлашмоққа етар шахтинг.

Етганингда авжи кўклам йигирмага,
Дуч келасан азозилнинг ҳамласига..
Йигит, зир-зир беҳудага югурмагин,
Улгурарсан насиб этса ҳаммасига..

Ўттиз асли ўт- оловдай шахту шиддат,
Ҳар бир онинг синовларга тўла фурсат,
Бу ёшингда ўтдай ёниб, туташмагин,
Кўнгилларинг кўчасида адашмагин.

Јир устига чиқиб бўлдинг, қирқ ёшдасан,
Ён- верингга эринмасдан айла назар.
Тўрт мучанг соғ, бамисоли Ғиротдасан,
Ғарибларнинг аҳволидан бўл бохабар.

Эллигингда ўғил-қизлар кириб ёнга,
Эли-юртга катта тўйлар берар даминг.
Атрофингда қуда-анда , қариндошлар
Бундан буён билиб қўй, Сен эл одами.

Олтмишингда олиб энди оларингни,
Нафсу хирсдан сал нари ўтирар пайт.
Ўйлаб-чўйлаб эрта нима бўларингни,
Қаноат-ла неъматига шукрона айт.

Манзилингга етиб келдинг етмишингда,
Бошқаларга от жиловин бўлди, тутқаз,
Қанча талотўплар ўтди кечмишингда,
Ёнбошлагин оёғингни чўзиб, бирпас.

Азал-азал ривоятлар нақл этмиш,
Ҳикматларга тўла экан асли етмиш.
Яхши бўлсанг, кўрсатарлар иззат-ла тўр,
.Ёмон эсанг, тополмайсан киришга гўр.

Хафа бўлма саксонингда саксан десам,
Бамисоли ё ер билан яксон десам,
Эсон-омон саксонни ҳам урсанг не бахт,
Неваралар зурёдларин кўрсанг не бахт?

Тўқсонинг ҳам етиб келар, киши билмас,
Ҳеч бировнинг сенла асло иши бўлмас.
Емасанг-да, неъматларин энди тўқсан,
Юзга кирсанг бу дунёда балки йўқсан.

2013

* * *

Емирилар озон қатлами,
Зилзилалар, тошқин, довуллар.
Чексиз Сибир кенгликларида
Яшнаётган ўрмон ловуллар.

Замин узра глобал исиш,
Арктикада оқ айиқ ҳайрон.
Одамзот, ўзинг айт, не иш,
Қурумлардан кўринмас осмон?

Дарёлардан қочар балиқлар,
Исён қилар борлиқ, табиат.
Ер кўксида алам, оғриқлар,
Қайга қараб борар жамият?

Туркияда ҳарбий тўнтариш,
Ниццада террорнинг хуружи.
Оврупода маънавий чириш,
Тезлашади юрак уриши.

Ким масъулдир Ер тақдирига,
Меҳр-оқибат йўқолди буткул.
Тушунолмай азал сирига,
Аро йўлда турибмиз мушкул.

Кириб келар офату бало,
Чегаралар ортда қолмоқда.
Қутурганча СПИД, эбола,
Ёқамизга човут солмоқда.

Бош кўтарар ҳамоқат, даюс,
Чора топмай Европа гаранг.
Вашингтонда ўлтириб иблис,
Қутқу солар дунёга, қаранг.

Бир-бир ўтар кўзим ўнгидан,
Нотинч дунё яна бир карра.
Нима кутар йўлнинг сўнгида
Наҳотки бу охирги марра?

Атрофингга қарагин ҳушёр,
Одамлигинг чиқарма эсдан.
Дунё қолсин, бегард, беғубор,
Авлодларга эртага биздан.

УЙҒОН ТУРКИСТОН
( Чўлпон нидоси)

Ватанда ватансиз қолган дарбадар
Бу кеч оёқяланг сафарга шайлан.
Ёҳу деб оламни кезган қаландар,
Дунёни бир тепу, Машрабга айлан.

Не тавр махлуқдир букун одамзот,
Имону виждонлар сотилар пулга.
Хўрлик, ҳақоратлар чеки йўқ, ҳайҳот,
Ким шубҳа уйғотса олинар қўлга.

Ногаҳон бузилиб замон авзойи,
Оломон қилади сени сазойи,
Деяр бу кимсанинг турмада жойи,
Тиқингиз, чиқмасин ҳаттоки войи.

Гирду атрофингда хоин, жосуслар,
Юрар от устида қилвири, дузлар,
Пўписа қилади элга махсуслар,
Турмага сиғмайди сонсиз маҳбуслар.

Халқ душмани ўша, элим деса ким,
Кимки тилим деса, дорга тортилар.
Бутун элу улус тилин ютган, жим,
Бошин кўтарганлар сўзсиз отилар.

Имон ёнаяпти, дилларда нафрат,
Қасос оловига дош беролмас тан.
Ич-ичимни эзар бир савол фақат,
Қаёқларда қолдинг, онажон Ватан?

Улусда урчиган қўрқоқ, нобакор,
Аёвсиз тирнайди кўнглим ярасин.
Наҳотки инсоний қадрият бекор,
Нечун эшитилмас Темур наъраси?

Ватансиз толе йўқ, дард йўқ ҳаттоки,
Қувғинди арвоҳдек умр афтода.
Лек инсон ҳаётга келаркан токи,
Ҳур яшаш ҳуқуқи бордир дунёда.

Ў, она тупроғим, қат-қатларингдан,
Фарёд-садоларни беун тингларман.
Алп Эртўнганинг даъватларидан,
Ватан нелигини қачон англарман?

Етар яшаганинг ҳақир ва бешаън,
Ҳайқир,товушингдан ёришсин осмон.
Кулочингни кериб, мажақлаб кишан,
Ғафлат уйқусидан қўзғол, Туркистон.

1989

* * *

Дурахшон юлдузлар кўкка сочилмиш,
Энг ёруғ юлдузни солдим қўйнимга.
Иқболим чечаги бу тун очилмиш,
Энг нозик билаклар қучди бўйнимдан.

Қаҳқаҳа отишиб кўкдан галма- гал
Хушимни олмангиз сулув юлдузлар.
Энг бахтли одамга бермангиз халал,
Солманг юрагимга сернағма ҳислар.

Бир журъат уйғонди тўнган қонимда,
Нотавон шарпадек сездим ўлимни.
Дурахшон юлдузлар қаҳқашонида
Энг узун сочларга очдим дилимни.

Қалбимнинг мулкини этдингиз асир,
Ким айтар сизларни,бепарво,тилсиз.
Кўнглим осмонида инжа беназир,
Ҳурлар узолмаган энг хушрўй гулсиз.

Энди мен коинот фуқаросиман,
Сомон йўлларидек ёруғдир ўйим.
Мен бу кун оламда энг улкан Одам,
Энг ёруғ юлдузга етади бўйим.

1990

* * *

Чоршанбадан яшай бошлайман,
Мен ўзгача, янги ҳаётда.
Сигаретни буткул ташлайман,
Сайр этаман оқшомлар отда.

Ҳақ Эгамга қилсам илтижо,
Йўлларимни албат очади.
Сурхон элдан Тошкентгача то,
Қирқ йил гўё ондай кечади.

Ичимизда не сирлар пинҳон,
Не аламлар ботин, кўрингиз?
Чоршанбадан очилар Осмон,
Арш тоқига қараб турингиз..

Эзгулик-ла дилни беласам,
Саодатманд кечар ҳаётим.
Яратгандан нени тиласам,
Ҳосил этгай мақсад-муродим.

Онам каби бағрикенг, мунис,
Туюлади курраи Замин.
Энди кавокиблар сайрини,
Кундузлари кузатаман жим…

Эркаланиб шамол кафтида,
Учиб ўтар булутлар гоҳ-гоҳ.
Совуқ юлдузларнинг тафтида,
Юрагимни иситгум шу чоқ.

Кузатарман ҳайратлар ичра,
Энг ғаройиб синоатларни.
Мен кўраман лаҳзалар ичра,
Барбод бўлган коинотларни.

Чоршанбадан очилар Осмон,
Ниятларим бўлур ижобат.
Ой, йилларни унутиб тамом,
Мен бошлайман улуғ ибодат.

Борлиқдаги қимирлаган жон,
Яратганга айтар ҳамд-сано.
Осмондаги қушлар ҳам, инон,
Ҳақ изнисиз учолмас асло.

Бошланади ҳаётим қайта,
Вужуд дўнар шаффоф ойнага.
Аҳли олам ухлаган пайтда,
Руҳим жўнар олис самога.

Энди эксам қандай зироат,
Саховатин аямас тупроқ.
Кечалари фалак қатидан,
Юлдузларни тераман бодроқ..

Чоршанбадан очилар Осмон,
Ортимга ҳеч келмайди боққим.
Менга қибла энди тўрт томон,
Осмонларга келади оққим.

2012

ЭРКА ХАЁЛИМНИНГ МАЛАГИ

Эрка хаёлимнинг малаги, ҳури,
Азизам жонимсан, мисоли танда.
Баҳорим чечаги, юрагим қўри,
Вужудни жон асло қиларми канда?

Офтобни севгандек она сайёра,
Оташин тафтингга ташна, интизор.
Соядек эргашиб, боқса, деб зора,
Суйибман,кўнгилда гуркираб баҳор.

Мен сени суйибман,мисоли она,
Авайлаб суйгандек боласин гўдак.
Талпина-талпина ўтга парвона,
Ўртаниб,тўлғаниб ёнгандек бешак.

Суйибман мен Сени, аммо бу ишқдан,
Ахтарма заррача таъна, иддао.
Сен ахир осмоний, яъни фаришта,
Мен эса кўйингда ғарибу гадо.

Сипқариб телбаю риндоналарча,
Севги шаробидан ақлимдан оза.
Девона десалар халойиқ барча,
Қувончим ичимга сиғмабди роса.

Сен борсан, иқболим эрур зиёда,
Олам зимистондир Сенсиз қанчалик.
Ёдингдан чиқарма ҳеч ким дунёда,
Ёниб севолмагай Сени менчалик.

Дуойинг қилурман,мен ожиз банда,
Фақат Сен шодумон, омон бўлсанг,бас.
Азизам жонимсан, мисоли танда,
Сенинг ёдинг ила олурман нафас.

2014

* * *

Маъруф Жалилга

Ҳамма сиёсатдан сафсата ўқир,
Боши-охири йўқ бир ғала-ғовур.
Ортидан улфатлар ҳангома тўқир,
Умри ижарада ўтди, ландовур.

Таъна-қочиримлар гўё бир пақир,
Раддия ўрнига жилмаяр, холос.
Сўнг кўча кезади ўртаниб бағир,
Туртиниб ўтади кимгадир бехос.

Қутулмоқ ўйида гунг аросатдан,
Ижара кулбага чопади шитоб.
Сафсата сотади эл сиёсатдан
Пештахталар тўла ваҳима, хитоб!

Бўғзида аллалаб оғир бир куйни,
Узун навбатларга турар мусофир.
Омонат ўтирган ғариб бир уйни,
Чиндан ўзиники қилар тасаввур.

Ўн йил ўтса-ўтар, бўлмас қиёмат,
(Сизнинг бу борада фикрингиз аён).
Аҳли раъиятда бўлса диёнат,
Ғўдайиб осмонда юрмасди ёлғон!

Тақдирдан нолимай, шикоят қилмай,
Қайтар дер дунёга оқибат, имон.
Таъна-маломатни назарга илмай,
Ўн йил ижарада юрди бир инсон!

Бошини йўқотган аҳли улуғлар,
Бирин нуратасиз, бири битмасдан.
Ғариб ижарада мусофир ухлар,
Ўн йил ҳақиқатга навбат етмасдан.

1985

* * *

Бир қалқиб тўхтади пойимда дунё,
Не гўзал ҳисларим ютибди сароб.
Юрагим қаърида портлади гўё,
Армонли бир оғриқ, бўғиқ изтироб.

Не синоат сездим, нимани кўриб,
Бу кун туюлмоқда беҳуда, бекор.
Кўзимни беркитиб берибди фириб,
Томоша кўрсатиб чархи кажрафтор.

Қолди сўнгги имкон яшамоқ учун,
Хоин ким, дўст кимдир очсам орани?
Фурсат ғаниматдир, шошаман бугун,
Ажратиб олмоққа оқу қорани.

Фурсат ғаниматдир, тирикдирман то,
Жами сўзларимга берарман жавоб.
Бир қалқиб пойимда тўхтади дунё,
Эзгу туйғуларни айларман тавоф.

Ўқ еган шер янглиғ кўтариб наъра,
Юрак – суянчимдан сўрайман тўзим.
Мунгли ўйларимга қиларман зарда,
Ё ҳаёт, ё ўлим энди ҳар сўзим!

Суюк ўтмишларим, алвидо, хайр,
Умрим тўлиб кетди сонсиз ёлғонга.
Руҳим зиндонида тутқун бир тайр,
Озод хаёлларим учди Осмонга.

Бордир сўнгги имкон тазарру учун,
Хато кечган умрим, тушунгин, қизғон.
Бошимни кундага қўймоқлик букун
Менга фавқулодда табиий, осон…

1989

ДУНЁ СЎРАМАДИМ

Узлат салтанати менинг ҳаётим,
Дунё сўрамадим дунёдорлардан.
Жаҳон айвонида ёлғиз муродим,
Дилим синмаса бас, дилозорлардан.

Мени хафа қилманг дўсти бахтиёр,
Арзи ҳол айтганда эмраниб сизга.
Сиздан сўрамадим бойлик, сийму зар,
Илтифотни дариғ тутмангиз бизга.

Жумла башар қавми бир-бирига ёв,
Деган башоратни қиларман инкор.
Жаҳон айвонида келибмиз икков,
Оний бир меҳмонмиз, кўкда ихтиёр.

Ваҳки, жисмимизда омонатдир жон,
Ширин калом хушдир дўстга муносиб.
Фано аҳли бунда бир кеча меҳмон,
Умр – вақт мулкида бир субҳи козиб.

Дунё сўрамадим ахир ҳеч кимдан,
Заҳмат денгизида сузиб келяпман.
Ёлғиз умидимдир раббон Раббимдан,
Лаҳзада тирилиб, лаҳза ўляпман.

Роҳатга айланар бир кун уқубат,
Бўлгайдир тўтиё кўзга гули хор.
Мену сиздан қолар охир-оқибат,
Хомталаш этилган ғавғоли бозор!

Тириклик эгамнинг марҳаматидир,
Ўсмоқда кўксимда азалий армон.
Умр капалакнинг майин патидир,
Бу дайри фанода меҳмонмиз,меҳмон.

1994

ДИЛЛАР БИЛАР

Гузарлардан ўтсам урён,
Шиддатимни еллар билар.
Шарҳи дилим этсам баён,
Гунгу соқов тиллар билар.

Ҳолимга лол шоҳу гадо,
Сукутда пири,муттако,
Оғзимдан қон келса гоҳо,
Тар ғунчадек гуллар билар.

Тирикликнинг ҳар бир они,
Англа, синов имтиҳони,
Зикр айласам ҳақ- Худони,
Бешак соғу сўллар билар.

Ул ой мани айлади зор,
Овораи хаста, бемор,
Чилвир чочи бўйнимда дор,
Паришон кокиллар билар.

Жабру жафонгми,бу мамот,
Сидқу вафонгми бу хаёт,
Аслинг недир одамизот,
Сўрсанг,обу гиллар билар.

Гоҳи хандон,гоҳи нолон,
Кўп ишларга ақлим ҳайрон,
Чоҳдаги у Юсуф Канъон,
Сотилган бир қуллар билар.

Ўтиб умрдан неча куз,
Кўзгуга бўлсам юзма-юз,
Сочларда оқ, манглайда из,
Тарам-тарам йўллар билар.

Оғу қотарлар ошима,
Сиғмарам ичу тошима,
Тушди не кунлар бошима,
Тилка-пора диллар билар.

2013

МАЙДОН ИЧИНДА
Махтуқулига эргашиб

Кутмаганда гоҳи омад ўгирса юз,
Ғаму ғусса келганида ёки устма-уст,
Кўрмагандай ўтиб кетса ёнингдан дўст,
Ёлғизман деб ёнма майдон ичинда.

Мўминларни Ҳақ таоло сийламиш,
Нодон фано зиндонига бўйламиш,
Кўзларини нафсу риё бойламиш,
Сўқур каби сарсон замон ичинда.

Кунда минг бор шайтонларга этиб дуч,
Қисмат сендан қайта-қайта олар ўч,
Қанот бойлаб фалакларга магар уч,
Оёғингдан тортар осмон ичинда.

Дунёйи дун жилваланиб савт чалар,
Кўзларингдан уйқу қочар кечалар,
Икки жаҳон овораси нечалар,
Қўним топмас еру жаҳон ичинда

Савоб иш қил, дохил бўлгин дуога,,
Нокаслар қисмати дўнди хатога,
Қарғиш олиб, ким оқ бўлди отага,
Юз қорадир бу ломакон ичинда.

Қойим эркан ўқида чархи даввор,
Келинчакдек ўзига бериб оҳор,
Қайтса яна боғларингга гулбаҳор,
Юзларингни ювгин найсон ичинда.

2010

ЯШАШ ҲУҚУҚИ

Қанча орзу ҳавас, қанча ғурурни,
Баайни шамолга совурибман, аттанг.
Биродарлар,
Маъзур тутинг, бу сўқурни,
Аросат кўчада турибман, ҳанг-манг.

Бир пайтлар бу ҳаёт поклик тимсоли,
Оллоҳдан берилган инъом-ку , дедик.
Биз уни яшайлик инсон мисоли,
Ҳалолу покиза, бекин, беҳадик.

Югурмасдим, унда сарсари учрадим.
Тўлдирганча ёшлигим кўчаларин.
Парилар қўлидан шароб ичардим,
Олис қолмиш ул муҳаббат кечалари.

Мен кимман, оддий бир чумоли, ахир,
Тўқман, деб алдайман бўлсам ҳамки оч.
Кимгадир жилмайиб қўл узатаман,
Бир бандайи ожиз — ночор, ноилож.

Ахир бу дунёга бир бор келамиз,
Ўлчаб берилгандир умримиз, ахир.
Ноёб бир матодир ҳақ сўз,
биламиз,
Ёлғонга тобемиз, аммо, барибир.

Дунёга келиб, хўш, нега ғам еймиз,
Ўзимиз ўзимизга савол берамиз.
Бошқалар ҳам мендан пеш эмас,
деймиз,
Хуллас, эл қатори юрамиз.

Оғир,
Эҳ, ўзингни англамоқ сенга,
Эллик йил, ё юз йил судралган махлуқ.
Биродар, Сиз айтинг
Одамман, дейишим менга
Ҳаётда яшашга берарми ҳуқуқ?

2012

AM.jpg26 noyabr` — Shoir Abdumajid Azim tavallud topgan kun

Zamonaviy o’zbek she’riyatida o’z yo’li, o’z ovoziga ega shoirlardan biri Abdumajid Azimdir. Bugun shoir do’stimizning tavallud kunida uning bir turkum she’rini sizga taqdim etar ekanmiz, unga ijodiy yutuqlar, salomatlik va farzandu nabiralari kmolini ko’rib yurishini tilab qolamiz.

Abdumajid AZIM
SHE’RLAR
09

 Abdumajid Azim 1957 yil 26 noyabrda Surxondaryo viloyati Qumqo’rg’on tumanida tug’ilgan. 1983 yilda ToshDU(hozirgi O’zMU) ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. 1990 yildan buyon O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi. Respublikamizning turli nashrlarida faoliyat yuritib kelmoqda. Ayni paytda «Hurriyat» gazetasida mas’ul kotib.

Shu paytga qadar shoirning «Qalbimning Vatani» ,«Quyosh bolasi», «Yorug’lik odami», «Ruhi ravonim», “Oshiq dilim”, ”Umid belanchagi” nomli she’riy kitoblari chop etilgan.

09

DO’STLARIMGA
ArziholAshampoo_Snap_2016.11.25_16h06m43s_001_.png

Sizlar dili jamlarim,
Yashirasiz kamlarim,
Davrangizda o’tirsam,
Tarqar g’ubor, g’amlarim.

Entikib hayajon-la,
Bolalikka qaytamiz.
Yurakda asrab yurgan,
Gaplarimiz aytamiz.

Ayriliq va sog’inchlar,
Kunlarni ular yilga.
Iztirobu o’kinchlar,
Tig’day botar ko’ngilga.

Jon-jigar, uka-singil,
Ota elim soddafe’l,
Uzoqlarda yursam men
Duogo’yim, o’zing bo’l.

Omad izlab, baxt izlab,
Ketdim olis-olislab,
Endi chiqolmas Otam,
Shoshdan jo’nasam bo’zlab.

Ko’zim ochib ko’rganim,
Bo’ldi mehnat va zahmat.
Qirq yilda orttirganim,
Bir-ikkita do’st faqat.

Ullarim alpim, norim,
Qizlarim nomus, orim,
Oybekachim dildorim,
Shu mening yo’g’u borim.

So’zlarimdan kamu ko’st,
Axtarib sen olis do’st,
Savol tashlab ustma-ust,
Shoshiring nodurust.

Dardim bir tanam bilar,
Mehribon onam bilar,
Aytsam, g’animlar kular,
Ko’kaylarim kul bo’lar.

Ketib ko’zdan nurimiz,
Yurakdan cho’g’, qo’rimiz,
Yo’qotib bir-birimiz
O’tib borar umrimiz..

Yillarim Boychibor ot,
Uchmoqda boylab qanot,
Qo’y,unut u g’ussani,
Qanday go’zal bu hayot!

Oqshommi yoki tongda,
Ko’zim hamon Surxonda,
Hammamiz issiq jon-da,
Do’stlar bo’ling, omonda.

2014

ISMINI YO’QOTGAN ODAM HASRATI

Ne ajab, qon yig’lasam ahli zamondin dam-badam.
Alisher Navoiy

Qaysi bir sanada, oqshommi, sahar,
Go’dak yo’rgaklansa umidlar bilan.
Padari quvonsa, o’g’lim deb, magar,
Bilmasa go’dakning yozmishida — g’am!

Roviylar to’xtangiz ochmoqlikdan fol,
O’tmishim ko’milgan, ertam besharaf.
Tillarim kesilgan, barmoqlarim shol,
O’zimni axtarib yuribman, yo rab!

Dardlarim ko’ksimda vulqondek toshsa,
Qarog’im qatiga yashirdim pinhon.
Yovuzlik, istibdod haddidan oshsa,
Ahli shaytanatga tiladim imon!

Bordan yo’q bo’lganman tasodif bois,
Dunyo bir evrilib, bor bo’ldi yo’qlar.
Ko’makka qo’llarin cho’zmoqqa ojiz
Menga na payg’ambar, na oliy ruhlar!

Ingranib, shaklanib aylanar zamin,
Kimlarni yod etib yashaydi jahon.
Nahotki, ismimni unutgan g’anim,
Nahotki, ismimni bilmaydi, zamon?!

G’udrayman qarshimda yastangan toqqa,
Zalvorli hasratni simirar kunlar.
O’zimni axtarib, noma’lum yoqqa
Bosh olib jo’nayman zim-ziyo tunlar.

Osiyman, behishtdan quvilgan go’yo,
Qonimni ichmoqqa shaylanar tuproq.
Ismimni unutdi, nahotki dunyo,
Asrlar sabrimga bo’lolmas urvoq.

Entikib ismimdan so’z ochsa isyon,
Junjikkan zabonim saqlaydi sukut.
Nahot bu olamga kelganim yolg’on,
Yer aro, ko’k aro ismim yo’q, unut!

Makkor yozig’imga ta’nalar ayta,
Qog’ozlar chinqirar yutib so’zimni.
Zaminga yozarman muqarrar qayta —
Yurak qonim bilan o’zbek so’zini.

Bir inson tug’ilsa, shodlansa ona,
Ammo bu ne yoziq, toshyurak, sangdil:
Bu go’dak a’moli baxtga begona —
Deb, imzo cheksalar oshkora, dangal.

1988

EY KO’NGIL

Ko’zni yumgil,ko’zga aylansin ko’ngil,
Ko’z bo’lurmi Haqni ko’rmas bo’lsa ul?
Jaloliddin Rumiy

Ey ko’ngil,tun kechalar ko’p bo’zlading,
Bo’zlaringda ne halovat ko’zlading,
Naq do’zax otashida ham muzlading,
O’zni yo’qotib, bot o’zing izlading.

Oqilu donolikda aylab raso,
To yaratdikim seni Haq taolo.
Lek joningga etib jabru jafo,
Qiladursan Sen xato uzra xato.

Ishq ko’yida devona sanduvoch,
Siyna chok etding chamanda noiloj,
Yor yo’linda jonini aylab taroj,
Analhaq, deb dorga osildi Xalloj.

Bo’lmayin desang el oldida xijil,
Tiy o’zingni bir suxan aytishga til.
Vasli osonlikcha bo’lmas vosil,
Ko’zni yumgil, ko’zga aylansin ko’ngil.

So’ng ko’ngil ko’zi ila olamga boq,
Hazrati Yunus kabi ummonda oq,
Ishq gar g’ofil nazdida ermish gunoh,
Bu gunohing-la ikki olamni yoq.

ERK

Kiprigim-la toshni kesib, un qilsam,
Ko’zimning ashkini naq Jayxun qilsam,
Bordir istiqbolda ming bitta imkon.

Sochim tolasida ko’tarsam yerni,
Olov yollarini silasam sherni
Zamin kuch beraru qo’llaydi rahmon.

Zulmat og’ushida so’qir bo’lsam men,
Aqlimdan adashib yig’lab, kulsam men.
Dardim davosini toparman oson.

Ummon suvlarini to’sib damim-la,
Shodlikni sipqorsam tog’day g’amim-la,
Mehr rishtasini uzmagay osmon.

Munchoq teshigiga sig’sam, uxlasam,
Tomug’ azobida xun-xun yig’lasam,
Demak, o’lmaganman, tirikman hamon.

Jami azoblardan bo’liblar forig’,
Birovga egilib yursam, vodarig’,
Mening tirikligim yolg’ondir, yolg’on!

1989

XOTIRA

Deraza ko’zini sindirib
bexos,
Aybingni ag’darding menga, sinfdosh.
Jazolanglar dedim, qahramonga xos,
Yo’q aybim tan oldim,
ataldim bebosh.

Muallim urishmadi, xo’mrayib dedi:
Oyna keltirmasang, ko’rmayin qorang.
Shamol yelar edi, qor kelar edi,
Sho’xlik jinoyatga aylandi,
qarang!

Sinfdosh, olib qochding mendan ko’zingni,
Xoinga aylanding sen o’sha lahza.
Men ham oqlolmadim biroq o’zimni,
Darz ketdi beg’ubor yurak —
deraza!

Oqsoch muallimni eslayman ba’zan,
Qo’rqoq hamsinfim ham achchiq xotira.
Senga yo’lolmayman ammo daf’atan —
Darz ketgan bolalik —
bebosh, bokira!

Nega qololmadim oqlab o’zimni,
Ochiq derazani ko’ksim-la
to’sdim.
Yig’ladim partaga qo’yib yuzimni,
Angladim ilk bora g’anim kim,
do’st kim!

Tugadi bolalik bahorim barvaqt,
Sodda hayratlarim
turar o’kinib.
Jasorat qilishga aylasam-da, shaxt
Vaqt mendan baribir
oldi o’chini.

Ingrayman ko’ksimda og’riqlar sezib
Bebosh,
o’t yoshlikning damlari tindi.
Sovuq izg’irinlar turadi esib
Yurak — derazamdan bir umr endi…

1989

BOLALIK ARMONLARI

Har kun yo’l chetida changlarga botib,
O’ynab o’tirar bir yalang’och bola.
Eshqobil Shukur

Bolalikning sho’xliklari — bahorlarda,
Zuvillatib chillik o’ynar angorlarda.
Baliq kabi suvda suzib anhorlarda,
Ulg’ayibman mehrlaru ozorlardan.

Uvatlarda mol-hollarga o’t o’rardim,
Jilg’alar-la quvalashib yugurardim,
Ko’kka tutash daraxtlarni ko’zga ilmay,
Shoxdan-shoxga sakrar edim hadik bilmay.

Go’daklikning iforlari o’tkir isli,
Onam bulut, otam shamol edi misli,
Xayolimni o’g’irlama, ay qizg’aldoq,
O’ynashayin quyosh bilan quvlashmachoq.

Vaqt shamoli olis-olis ketdi boshlab,
Endi Surxon bog’lariga begonamiz.
Yobonlarga bolalikni yetim tashlab,
Suluvlarning tushlarida afsonamiz.

Tomlar uzra yal-yal yongan qizg’aldog’im,
Olov kabi lovullagan yoshlik chog’im,
Bir zum yashnab ochilib u kulgan lola,
Qumqo’rg’onda qolib ketgan o’sha bola.

Xazonlarni bir-bir bosib aftodahol,
Kuzgi bog’da tentirayman xazon misol.
Bolalikning sho’xliklari kelar esga,
«Sevdim…» deya xat bitganim qo’shni qizga..

Yoshlik larzon. Sevgi armon.Umr hayron,
Meni kutib sarg’aydingmi, Surxondaryo?
Qaylardasan, bolaligim, zangor osmon,
O’ksik ko’nglim ulg’aytirgan armon dunyo.

Chang tuproqli ko’chalarim tunlar uyg’oq,
Kelarmi deb yo’lim poylar necha zamon.
O’tmishdagi qaysar bola — pok, begunoh,
Araz qilib ketib qolgan allaqachon.

* * *

Hayot — bir yalt etib chaqnagan chaqmoq,
Ruhimni o’raydi noma’lum hislar.
Anglayman, har nafas omonat, illo,
O’zini axtarib haqir dil bo’zlar.

Kibring jandasiga chirmab taningni,
Ishq ahliman, deya chalma nog’ora.
O’ldirmay ichingda yotgan g’animni,
O’zingni axtarib bo’lma ovora..

Olam sirlaridan hayratim oshar,
Bobo bu tog’larim ne o’yni o’ylar?
Zabon bitsamidi bu qadim toshlar,
Ne-ne tarixlardan rivoyat so’ylar?

Ochun, tilsimingga ojizdir idrok,
Anglagim keladi suvlar tilini.
Shamollar avjiga solsamda quloq,
Ammo tushunmayman o’jar fe’lini.

O’zining lafzida borliq, insu jin,
Aytarmi Xalloqi Haqqa salovat?
Daraxtu giyohlar so’zin anglar kim,
Yaproq shivirida ne sir, alomat?

Bir-birin vasliga yetmoq muddao,
Quyosh, oy falakda choparmi betin?
Bir kunlik umrida kapalak hatto,
O’pib g’unchalarni, jon berar keyin.

Fahmu tafakkurim bularga yetmas,
Ayondir hammasi yolg’iz Allohga.
To’kilsam bir kuni misli xoru xas,
Qorishib ketmog’im bordir tuproqqa.

Ertaga ortimdan qolarmi nishon,
Manzilim qayondir, qayda adashdim?
Ojiz bu bandangga rahm et, Rahmon,
Bu adam dashtining bormi hech gashti?

Bedor, behalovat bu umrlarda,
Sen-la tillashurman, jimgina ko’ngil.
Ohanglar shovuri shotomirlarda,
Dil ishqqa tashnadur, ishqqa tashna dil.

2012

CHO’LPON NIDOSI

Qanday og’ir,
Bu subhi kozib,
Uxlay desang, uyqu bo’lmasa.
Dardu g’aming
Bag’ringga bosib,
Yashamoqdan ko’ngling to’lmasa.

Yorug’likka intilgan sari,
Kul bo’lsa-da, parvona bekor.
Yurak yutib ketolmas nari,
Gurillagan olovdan zinhor.

Qanday og’ir,
His qilmoq ayon,
O’xshashingni notavon gardga.
Chora topmay
Mung’aysa Osmon,
Ko’zingdagi tumanli dardga.

Yog’iylarning dodini bergan,
Ajdodlaring uxlaydi og’ir.
Jaloliddin, Temurni ko’rgan
Ikki daryo sag’irdan sag’ir.

Qanday og’ir,
Dunyoyi dunda,
Bir kovakka sig’asa boshing.
Turkistonu
Bolosog’unda
Sinib yotar Vatan bardoshing!

Qismat seni aldadi, ketdi,
Ko’zlaringni elitdi tuman.
Qo’llaringdan nogahon tutdi,
Farishtaday kulgan Yosuman.

Qanday og’ir,
Beayb, begunoh
Oyog’ingga kishan urilsa.
Osmonlaring sarg’ayib nogoh,
Nasllaring mo’rday qirilsa.

Bilasanki tarix mehvari
Burilmagay ortiga alhol,
Bobolarning muqaddas orin
Yov etigi etmoqda poymol.

Qanday og’ir
Aqldan ozib,
Na subut, na burding bo’lmasa.
Dardu g’aming bag’ringga bosib,
Yashay desang yurting bo’lmasa.

1988

UMR DOVONLARI

O’n yoshingda,cho’pdan chillik yo’nadirsan,
Uchqur hayot Dulduliga minadirsan,
O’n deganim, avji o’sib unar vaqting,
Shamollar-la quvlashmoqqa yetar shaxting.

Yetganingda avji ko’klam yigirmaga,
Duch kelasan azozilning hamlasiga..
Yigit, zir-zir behudaga yugurmagin,
Ulgurarsan nasib etsa hammasiga..

O’ttiz asli o’t- olovday shaxtu shiddat,
Har bir oning sinovlarga to’la fursat,
Bu yoshingda o’tday yonib, tutashmagin,
Ko’ngillaring ko’chasida adashmagin.

Јir ustiga chiqib bo’lding, qirq yoshdasan,
Yon- veringga erinmasdan ayla nazar.
To’rt muchang sog’, bamisoli G’irotdasan,
G’ariblarning ahvolidan bo’l boxabar.

Elligingda o’g’il-qizlar kirib yonga,
Eli-yurtga katta to’ylar berar daming.
Atrofingda quda-anda , qarindoshlar
Bundan buyon bilib qo’y, Sen el odami.

Oltmishingda olib endi olaringni,
Nafsu xirsdan sal nari o’tirar payt.
O’ylab-cho’ylab erta nima bo’laringni,
Qanoat-la ne’matiga shukrona ayt.

Manzilingga yetib kelding yetmishingda,
Boshqalarga ot jilovin bo’ldi, tutqaz,
Qancha taloto’plar o’tdi kechmishingda,
Yonboshlagin oyog’ingni cho’zib, birpas.

Azal-azal rivoyatlar naql etmish,
Hikmatlarga to’la ekan asli yetmish.
Yaxshi bo’lsang, ko’rsatarlar izzat-la to’r,
.Yomon esang, topolmaysan kirishga go’r.

Xafa bo’lma saksoningda saksan desam,
Bamisoli yo yer bilan yakson desam,
Eson-omon saksonni ham ursang ne baxt,
Nevaralar zuryodlarin ko’rsang ne baxt?

To’qsoning ham yetib kelar, kishi bilmas,
Hech birovning senla aslo ishi bo’lmas.
Yemasang-da, ne’matlarin endi to’qsan,
Yuzga kirsang bu dunyoda balki yo’qsan.

2013

* * *

Yemirilar ozon qatlami,
Zilzilalar, toshqin, dovullar.
Cheksiz Sibir kengliklarida
Yashnayotgan o’rmon lovullar.

Zamin uzra global isish,
Arktikada oq ayiq hayron.
Odamzot, o’zing ayt, ne ish,
Qurumlardan ko’rinmas osmon?

Daryolardan qochar baliqlar,
Isyon qilar borliq, tabiat.
Yer ko’ksida alam, og’riqlar,
Qayga qarab borar jamiyat?

Turkiyada harbiy to’ntarish,
Nitstsada terrorning xuruji.
Ovrupoda ma’naviy chirish,
Tezlashadi yurak urishi.

Kim mas’uldir Yer taqdiriga,
Mehr-oqibat yo’qoldi butkul.
Tushunolmay azal siriga,
Aro yo’lda turibmiz mushkul.

Kirib kelar ofatu balo,
Chegaralar ortda qolmoqda.
Quturgancha SPID, ebola,
Yoqamizga chovut solmoqda.

Bosh ko’tarar hamoqat, dayus,
Chora topmay Yevropa garang.
Vashingtonda o’ltirib iblis,
Qutqu solar dunyoga, qarang.

Bir-bir o’tar ko’zim o’ngidan,
Notinch dunyo yana bir karra.
Nima kutar yo’lning so’ngida
Nahotki bu oxirgi marra?

Atrofingga qaragin hushyor,
Odamliging chiqarma esdan.
Dunyo qolsin, begard, beg’ubor,
Avlodlarga ertaga bizdan.

UYG’ON TURKISTON
( Cho’lpon nidosi)

Vatanda vatansiz qolgan darbadar
Bu kech oyoqyalang safarga shaylan.
Yohu deb olamni kezgan qalandar,
Dunyoni bir tepu, Mashrabga aylan.

Ne tavr maxluqdir bukun odamzot,
Imonu vijdonlar sotilar pulga.
Xo’rlik, haqoratlar cheki yo’q, hayhot,
Kim shubha uyg’otsa olinar qo’lga.

Nogahon buzilib zamon avzoyi,
Olomon qiladi seni sazoyi,
Deyar bu kimsaning turmada joyi,
Tiqingiz, chiqmasin hattoki voyi.

Girdu atrofingda xoin, josuslar,
Yurar ot ustida qilviri, duzlar,
Po’pisa qiladi elga maxsuslar,
Turmaga sig’maydi sonsiz mahbuslar.

Xalq dushmani o’sha, elim desa kim,
Kimki tilim desa, dorga tortilar.
Butun elu ulus tilin yutgan, jim,
Boshin ko’targanlar so’zsiz otilar.

Imon yonayapti, dillarda nafrat,
Qasos oloviga dosh berolmas tan.
Ich-ichimni ezar bir savol faqat,
Qayoqlarda qolding, onajon Vatan?

Ulusda urchigan qo’rqoq, nobakor,
Ayovsiz tirnaydi ko’nglim yarasin.
Nahotki insoniy qadriyat bekor,
Nechun eshitilmas Temur na’rasi?

Vatansiz tole yo’q, dard yo’q hattoki,
Quvg’indi arvohdek umr aftoda.
Lek inson hayotga kelarkan toki,
Hur yashash huquqi bordir dunyoda.

O’, ona tuprog’im, qat-qatlaringdan,
Faryod-sadolarni beun tinglarman.
Alp Erto’nganing da’vatlaridan,
Vatan neligini qachon anglarman?

Yetar yashaganing haqir va besha’n,
Hayqir,tovushingdan yorishsin osmon.
Kulochingni kerib, majaqlab kishan,
G’aflat uyqusidan qo’zg’ol, Turkiston.

1989

* * *

Duraxshon yulduzlar ko’kka sochilmish,
Eng yorug’ yulduzni soldim qo’ynimga.
Iqbolim chechagi bu tun ochilmish,
Eng nozik bilaklar quchdi bo’ynimdan.

Qahqaha otishib ko’kdan galma- gal
Xushimni olmangiz suluv yulduzlar.
Eng baxtli odamga bermangiz xalal,
Solmang yuragimga sernag’ma hislar.

Bir jur’at uyg’ondi to’ngan qonimda,
Notavon sharpadek sezdim o’limni.
Duraxshon yulduzlar qahqashonida
Eng uzun sochlarga ochdim dilimni.

Qalbimning mulkini etdingiz asir,
Kim aytar sizlarni,beparvo,tilsiz.
Ko’nglim osmonida inja benazir,
Hurlar uzolmagan eng xushro’y gulsiz.

Endi men koinot fuqarosiman,
Somon yo’llaridek yorug’dir o’yim.
Men bu kun olamda eng ulkan Odam,
Eng yorug’ yulduzga yetadi bo’yim.

1990

* * *

Chorshanbadan yashay boshlayman,
Men o’zgacha, yangi hayotda.
Sigaretni butkul tashlayman,
Sayr etaman oqshomlar otda.

Haq Egamga qilsam iltijo,
Yo’llarimni albat ochadi.
Surxon eldan Toshkentgacha to,
Qirq yil go’yo onday kechadi.

Ichimizda ne sirlar pinhon,
Ne alamlar botin, ko’ringiz?
Chorshanbadan ochilar Osmon,
Arsh toqiga qarab turingiz..

Ezgulik-la dilni belasam,
Saodatmand kechar hayotim.
Yaratgandan neni tilasam,
Hosil etgay maqsad-murodim.

Onam kabi bag’rikeng, munis,
Tuyuladi kurrai Zamin.
Endi kavokiblar sayrini,
Kunduzlari kuzataman jim…

Erkalanib shamol kaftida,
Uchib o’tar bulutlar goh-goh.
Sovuq yulduzlarning taftida,
Yuragimni isitgum shu choq.

Kuzatarman hayratlar ichra,
Eng g’aroyib sinoatlarni.
Men ko’raman lahzalar ichra,
Barbod bo’lgan koinotlarni.

Chorshanbadan ochilar Osmon,
Niyatlarim bo’lur ijobat.
Oy, yillarni unutib tamom,
Men boshlayman ulug’ ibodat.

Borliqdagi qimirlagan jon,
Yaratganga aytar hamd-sano.
Osmondagi qushlar ham, inon,
Haq iznisiz ucholmas aslo.

Boshlanadi hayotim qayta,
Vujud do’nar shaffof oynaga.
Ahli olam uxlagan paytda,
Ruhim jo’nar olis samoga.

Endi eksam qanday ziroat,
Saxovatin ayamas tuproq.
Kechalari falak qatidan,
Yulduzlarni teraman bodroq..

Chorshanbadan ochilar Osmon,
Ortimga hech kelmaydi boqqim.
Menga qibla endi to’rt tomon,
Osmonlarga keladi oqqim.

2012

ERKA XAYOLIMNING MALAGI

Erka xayolimning malagi, huri,
Azizam jonimsan, misoli tanda.
Bahorim chechagi, yuragim qo’ri,
Vujudni jon aslo qilarmi kanda?

Oftobni sevgandek ona sayyora,
Otashin taftingga tashna, intizor.
Soyadek ergashib, boqsa, deb zora,
Suyibman,ko’ngilda gurkirab bahor.

Men seni suyibman,misoli ona,
Avaylab suygandek bolasin go’dak.
Talpina-talpina o’tga parvona,
O’rtanib,to’lg’anib yongandek beshak.

Suyibman men Seni, ammo bu ishqdan,
Axtarma zarracha ta’na, iddao.
Sen axir osmoniy, ya’ni farishta,
Men esa ko’yingda g’aribu gado.

Sipqarib telbayu rindonalarcha,
Sevgi sharobidan aqlimdan oza.
Devona desalar xaloyiq barcha,
Quvonchim ichimga sig’mabdi rosa.

Sen borsan, iqbolim erur ziyoda,
Olam zimistondir Sensiz qanchalik.
Yodingdan chiqarma hech kim dunyoda,
Yonib sevolmagay Seni menchalik.

Duoying qilurman,men ojiz banda,
Faqat Sen shodumon, omon bo’lsang,bas.
Azizam jonimsan, misoli tanda,
Sening yoding ila olurman nafas.

2014

* * *

Ma’ruf Jalilga

Hamma siyosatdan safsata o’qir,
Boshi-oxiri yo’q bir g’ala-g’ovur.
Ortidan ulfatlar hangoma to’qir,
Umri ijarada o’tdi, landovur.

Ta’na-qochirimlar go’yo bir paqir,
Raddiya o’rniga jilmayar, xolos.
So’ng ko’cha kezadi o’rtanib bag’ir,
Turtinib o’tadi kimgadir bexos.

Qutulmoq o’yida gung arosatdan,
Ijara kulbaga chopadi shitob.
Safsata sotadi el siyosatdan
Peshtaxtalar to’la vahima, xitob!

Bo’g’zida allalab og’ir bir kuyni,
Uzun navbatlarga turar musofir.
Omonat o’tirgan g’arib bir uyni,
Chindan o’ziniki qilar tasavvur.

O’n yil o’tsa-o’tar, bo’lmas qiyomat,
(Sizning bu borada fikringiz ayon).
Ahli ra’iyatda bo’lsa diyonat,
G’o’dayib osmonda yurmasdi yolg’on!

Taqdirdan nolimay, shikoyat qilmay,
Qaytar der dunyoga oqibat, imon.
Ta’na-malomatni nazarga ilmay,
O’n yil ijarada yurdi bir inson!

Boshini yo’qotgan ahli ulug’lar,
Birin nuratasiz, biri bitmasdan.
G’arib ijarada musofir uxlar,
O’n yil haqiqatga navbat yetmasdan.

1985

* * *

Bir qalqib to’xtadi poyimda dunyo,
Ne go’zal hislarim yutibdi sarob.
Yuragim qa’rida portladi go’yo,
Armonli bir og’riq, bo’g’iq iztirob.

Ne sinoat sezdim, nimani ko’rib,
Bu kun tuyulmoqda behuda, bekor.
Ko’zimni berkitib beribdi firib,
Tomosha ko’rsatib charxi kajraftor.

Qoldi so’nggi imkon yashamoq uchun,
Xoin kim, do’st kimdir ochsam orani?
Fursat g’animatdir, shoshaman bugun,
Ajratib olmoqqa oqu qorani.

Fursat g’animatdir, tirikdirman to,
Jami so’zlarimga berarman javob.
Bir qalqib poyimda to’xtadi dunyo,
Ezgu tuyg’ularni aylarman tavof.

O’q yegan sher yanglig’ ko’tarib na’ra,
Yurak – suyanchimdan so’rayman to’zim.
Mungli o’ylarimga qilarman zarda,
YO hayot, yo o’lim endi har so’zim!

Suyuk o’tmishlarim, alvido, xayr,
Umrim to’lib ketdi sonsiz yolg’onga.
Ruhim zindonida tutqun bir tayr,
Ozod xayollarim uchdi Osmonga.

Bordir so’nggi imkon tazarru uchun,
Xato kechgan umrim, tushungin, qizg’on.
Boshimni kundaga qo’ymoqlik bukun
Menga favqulodda tabiiy, oson…

1989

DUNYO SO’RAMADIM

Uzlat saltanati mening hayotim,
Dunyo so’ramadim dunyodorlardan.
Jahon ayvonida yolg’iz murodim,
Dilim sinmasa bas, dilozorlardan.

Meni xafa qilmang do’sti baxtiyor,
Arzi hol aytganda emranib sizga.
Sizdan so’ramadim boylik, siymu zar,
Iltifotni darig’ tutmangiz bizga.

Jumla bashar qavmi bir-biriga yov,
Degan bashoratni qilarman inkor.
Jahon ayvonida kelibmiz ikkov,
Oniy bir mehmonmiz, ko’kda ixtiyor.

Vahki, jismimizda omonatdir jon,
Shirin kalom xushdir do’stga munosib.
Fano ahli bunda bir kecha mehmon,
Umr – vaqt mulkida bir subhi kozib.

Dunyo so’ramadim axir hech kimdan,
Zahmat dengizida suzib kelyapman.
Yolg’iz umidimdir rabbon Rabbimdan,
Lahzada tirilib, lahza o’lyapman.

Rohatga aylanar bir kun uqubat,
Bo’lgaydir to’tiyo ko’zga guli xor.
Menu sizdan qolar oxir-oqibat,
Xomtalash etilgan g’avg’oli bozor!

Tiriklik egamning marhamatidir,
O’smoqda ko’ksimda azaliy armon.
Umr kapalakning mayin patidir,
Bu dayri fanoda mehmonmiz,mehmon.

1994

DILLAR BILAR

Guzarlardan o’tsam uryon,
Shiddatimni yellar bilar.
Sharhi dilim etsam bayon,
Gungu soqov tillar bilar.

Holimga lol shohu gado,
Sukutda piri,muttako,
Og’zimdan qon kelsa goho,
Tar g’unchadek gullar bilar.

Tiriklikning har bir oni,
Angla, sinov imtihoni,
Zikr aylasam haq- Xudoni,
Beshak sog’u so’llar bilar.

Ul oy mani ayladi zor,
Ovorai xasta, bemor,
Chilvir chochi bo’ynimda dor,
Parishon kokillar bilar.

Jabru jafongmi,bu mamot,
Sidqu vafongmi bu xayot,
Asling nedir odamizot,
So’rsang,obu gillar bilar.

Gohi xandon,gohi nolon,
Ko’p ishlarga aqlim hayron,
Chohdagi u Yusuf Kan’on,
Sotilgan bir qullar bilar.

O’tib umrdan necha kuz,
Ko’zguga bo’lsam yuzma-yuz,
Sochlarda oq, manglayda iz,
Taram-taram yo’llar bilar.

Og’u qotarlar oshima,
Sig’maram ichu toshima,
Tushdi ne kunlar boshima,
Tilka-pora dillar bilar.

2013

MAYDON ICHINDA
Maxtuquliga ergashib

Kutmaganda gohi omad o’girsa yuz,
G’amu g’ussa kelganida yoki ustma-ust,
Ko’rmaganday o’tib ketsa yoningdan do’st,
Yolg’izman deb yonma maydon ichinda.

Mo’minlarni Haq taolo siylamish,
Nodon fano zindoniga bo’ylamish,
Ko’zlarini nafsu riyo boylamish,
So’qur kabi sarson zamon ichinda.

Kunda ming bor shaytonlarga etib duch,
Qismat sendan qayta-qayta olar o’ch,
Qanot boylab falaklarga magar uch,
Oyog’ingdan tortar osmon ichinda.

Dunyoyi dun jilvalanib savt chalar,
Ko’zlaringdan uyqu qochar kechalar,
Ikki jahon ovorasi nechalar,
Qo’nim topmas yeru jahon ichinda

Savob ish qil, doxil bo’lgin duoga,,
Nokaslar qismati do’ndi xatoga,
Qarg’ish olib, kim oq bo’ldi otaga,
Yuz qoradir bu lomakon ichinda.

Qoyim erkan o’qida charxi davvor,
Kelinchakdek o’ziga berib ohor,
Qaytsa yana bog’laringga gulbahor,
Yuzlaringni yuvgin nayson ichinda.

2010

YASHASH HUQUQI

Qancha orzu havas, qancha g’ururni,
Baayni shamolga sovuribman, attang.
Birodarlar,
Ma’zur tuting, bu so’qurni,
Arosat ko’chada turibman, hang-mang.

Bir paytlar bu hayot poklik timsoli,
Ollohdan berilgan in’om-ku , dedik.
Biz uni yashaylik inson misoli,
Halolu pokiza, bekin, behadik.

Yugurmasdim, unda sarsari uchradim.
To’ldirgancha yoshligim ko’chalarin.
Parilar qo’lidan sharob ichardim,
Olis qolmish ul muhabbat kechalari.

Men kimman, oddiy bir chumoli, axir,
To’qman, deb aldayman bo’lsam hamki och.
Kimgadir jilmayib qo’l uzataman,
Bir bandayi ojiz — nochor, noiloj.

Axir bu dunyoga bir bor kelamiz,
O’lchab berilgandir umrimiz, axir.
Noyob bir matodir haq so’z,
bilamiz,
Yolg’onga tobemiz, ammo, baribir.

Dunyoga kelib, xo’sh, nega g’am yeymiz,
O’zimiz o’zimizga savol beramiz.
Boshqalar ham mendan pesh emas,
deymiz,
Xullas, el qatori yuramiz.

Og’ir,
Eh, o’zingni anglamoq senga,
Ellik yil, yo yuz yil sudralgan maxluq.
Birodar, Siz ayting
Odamman, deyishim menga
Hayotda yashashga berarmi huquq?

2012

005

(Tashriflar: umumiy 1 098, bugungi 1)

Izoh qoldiring