Ejen Ionesko: Absurd teatrining kelajagi bormi?

Ashampoo_Snap_2016.11.24_22h08m13s_003_.png26 ноябрь — Таниқли драматург Эжен Ионеско таваллуд топган кун

   Сўзим сўнггида, яна таъкидлайман, мен “абсурд” сўзи ҳақиқатини ҳали англаб етганимча йўқ. Унинг ҳақиқатига етсамгина у ўзини фош қилади ва бу сўз шунда ўз кучини йўқотади…

ЭЖEН ИОНEСКО
АБСУРД ТEАТРИНИНГ КEЛАЖАГИ БОРМИ?
Мурод Човуш таржимаси
006

ei.jpg    Эжен Ионеско (французча. даставвал: Эуджен Ионеску, кейин:  Eugène Ionesco, руминча. Eugen Ionescu;) 1909 йилнинг 26 ноябрида Руминияда туғилган. Онаси Тереза Икар асли франциялик. Эжен дунёга келганда Ионесколар оиласи Францияга кўчиб кетишади. Болакай Эженнинг тили французчада чиқди. Э.Ионеско болалигини хотирлаб бундай ёзади: “Парижнинг Вожирар майдонида жойлашган кўчадаги уйда яшардик. Куз ва қиш пайтлари кўчани чироқ хира ёритганидан аллақандай маъюс тун чўкарди. Онам мени қўлида кўтариб кетяпти, эслайман. Биз озиқ-овқат маҳсулоти сотиб олиш учун дўконга чиққандик. Мен қўрқув ҳиссини туйгандим, ўшанда. Кўчада ҳар ёққа ҳаракатланаётган одам кўлкалари эсимда бор. Ҳозир ўйласам кўлка эгалари оламдан ўтиб кетишган, фақат менда ўша ҳолатдан тасвир қолган. Гоҳида ҳеч нарса абадий эмаслиги қўрқув уйғотади”.

Э.Ионеско Люксембург боғидаги қўғирчоқ томошаларини эслайди. Томоша завқи бир умр ёдида қолганини хотира китобида ёзади.

Эжен ўн уч ёшга тўлганда Ионесколар оиласи Руминияга қайтиб келишади.

У Бухарест университетининг француз бўлимига ўқишга киради. Морис Метерлинк ва Франсис Жамма асарлари таъсирида шеър, элегиялар ёзади. Бухарестдаги адабий журналларда адабий-танқидий мақолалари чоп этилади. Университетни тугаллаб Бухарест шаҳридаги лицейда француз тилидан дарс беради. Шу йили уйланади. 1938 йилда Давлат грантига эга бўлиб, “Бодлердан кейин француз шеъриятида гуноҳ ва ўлим” мавзусида диссертация ёзиш учун Францияга оиласи билан кўчиб кетади.

Шу-шу Эжен Ионеско Франциядан ватанига қайтолмайди, орада Иккинчи жаҳон уруши бошланиб қолади. Уруш тугагандан сўнг театр учун асар ёза бошлайди.

Қуйида унинг абсурд театри ҳақидаги мулоҳазалари билан танишаcиз.

006

1950 йиллар бошида Парижда яратилган ва саҳналаштирилган асарларга “Абсурд театри” номи берилди. Англиялик машҳур театр арбоби Мартин Эсслин ушбу атамани театршуносликка олиб кирди. Уни нега абсурд театри деб номлади? 1945 йилдан 1950 йилгача Жан Пол Сартр, Альбер Камю, Жорж Батай сингари қаламкашлар абсурд ғояси ҳақида тортишув, мунозара бошлайдилар, асар ёзадилар. Урушдан кейин жамият онгидаги кескин ўзгаришлар тўлқини таъсирида абсурд ғояси театр ҳаётига ҳам кириб боради. М. Эсслин “абсурд театри” атамасини кенг қўллайди. У номни тўғри топган эди. Мен бу атамани ҳеч тушунмайман. Тўғри, театр асарлари, постановкалари ўша ном билан аталди. Театр санъати тарихида “абсурд театри” деган оқим пайдо бўлди, тан олиш керак. Шундай экан, абсурд театрини абсурддан бошқа нарса эмас демоққа, менда асос йўқ. Эммануэл Жакар каби мен ҳам бу театр­ни “қўрчоқтеатр” деб атаган бўлардим. Ҳақиқатан, бу театрда, шунингдек, менинг театримдаги персонажлар ҳам комик ёки трагик эмас, аксинча, масхарабозларга ўхшайди. Уларда соҳир дунё билан туташган илдиз йўқ, ўзаро боғлиқлик йўқ. Улар ҳозиргача англаб етган даражамиздаги психологиядан қутулган-у, аммо қўғирчоққа, қизиқчига ўхшайди. Лекин улар даврни, замонни ифодалаяпти. Улар даврнинг персонаж-тимсоллари.

Бизгача яратилган театр асарларининг ярми абсурд ғоясидан тўйинган кўринади. Чунки комик асарлар бемаъни. Бу театрнинг йўлбошчиси Шекспир бўлса керак. Мана, унинг қаҳрамони нима дейди:

“Дунё тентак томонидан тўқилган афсона. Бемаъни ва кераксиз, шовқинга тўлиқ ва қутурган”.

Балки абсурд театри ундан ҳам узоқ даврларга бориб тақалар; Эдип воқеаси бемаъниликнинг ўзгинаси, аммо бир нарсани назардан қочирмайлик, Эдип қонунларни онгсиз равишда бузгани учун жазоланади. Қонун ва меъёрлар бузилса ҳам, у даврда мавжуд эди-ку. Бизнинг театрда-чи? Ўзимнинг “Стуллар” пьесамдаги қариялар қонун ва меъёрларга амал қилишмаганидан, улар қоронғи дунёларида адашиб қолишган, соҳир дунё ҳақида тушунчалари йўқ. Шунингдек, “Кал қўшиқчи” пьесамда ҳам ўйноқи оҳанг бериб, шу мазмунни кўрсатишга ҳаракат қилганман.

Персонажлар шууридан узилиб қолган ва таянч нуқтасини қидираётганларга ўхшашади. Беккет айнан шу муаммони тиниқ шаклда, эҳтироссиз ифода қилган эди.

Абсурд театри пайдо бўлди. Совуқ, на комик, на жиддий. Бошқа, умуман тушунарсиз услуб. Мен аниқ хулосага келдим: “Кал қўшиқчи”, “Дарс”, “Стуллар”, “Бурч қурбонлари” пьесалари оқибатида абсурднинг бемаъни “янги услуби” пайдо бўлди.

Менинг илк пьесаларим инглизларга ҳам, французларга ҳам, немисларга ҳам, америкаликларга ҳам мақбул бўлди. Шунингдек, бу театр услуби орқасидан эргашган театршунослар пьесалардаги мазмунни қўллаб-қувватлашди. Шундай экан, мен қўрқмасдан айтишим мумкин, янги абсурд театри 1950 йиллардан бошланди. Аниқроғи, “Стуллар” (1952) ва “Бурч қурбонлари” (1953) пьесалари янги театр юзага чиқиши учун туртки бўлди. Беккет 1953 йили машҳур “Годони кутиш” пьесаси билан абсурд театрига кириб келди. Мен кейин ёзган пьесаларимни айнан шу театр услубига мос келади деб айтолмайман. “Қирол ўлмоқда” пьесаси, масалан, адабий рангларга жудаям бўялган, фақат сўнгги саҳнаси бундан мустасно, сабаби – “Ўликлар китоби”дан руҳлангандим.

Назаримда, “Абсурд” муболағасини замон ҳазм қилиши қийин, у даражамиздан баландда. Бу сўзни ўринсиз қўллаб бўлмайди, агар масала ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмай ва маъно топмай, буни абсурд деб қўя қолсак, бемаъниликнинг ўзгинаси. Қайта айтаман, “Стуллар” пьесаси персонажлари ҳаётдан маъно излагандилар, тополмадилар. Коинотдан тартиб излагандилар, тополмадилар. Яшашнинг олий шаклини излагандилар, тополмадилар.

Шунга қарамасдан, абсурд театри – кураш театри ҳам. У реализм театрини кулги остига олди. Реализм театри ҳаққоният театри эмас, буни таъкидлаганман, қайта таъкидлаб айтаман. Мен соцреализм, реализм ва Брехт театрларига қарши доим курашиб келганман. Романтизм ёки сюрреализм каби реализм ҳам реаллик эмас, у театрдаги бор-йўғи гўёки реализмни ифодалайдиган намуна мактаби. Буржуй театри доим ҳавойи нарсалар билан бошни оғритиб келган: иқтисод, мафкура, сиёсат, Паскал назарда тутган ўйинқароқлик ва ҳоказо. Ишқий муносабатлар театри XIX аср ва XX аср бошида жонли эди, Расин театри саҳнасида эса адюльтерликдан жон беришарди, Расин жонини оларди. Реализм театрининг яна бир камчилиги у ақл ўргатади, ёлғон тўқийди, алдаб қўяди. Реализм театри муаллифлари ҳаққониятни билмасдан туриб ўзларининг тушунчаларини ўқувчига, томошабинга сингдирмоқчи бўлишади. Ўзи ҳали фан одамлари борлиқ ҳақида ҳаққоний тасаввурга ҳам эга эмаслар-у реализм театри эса дунё ҳақидаги тор тушунчаси билан томошабинни ўрамоқчи бўлади. Айниқса, муаллиф муаммоларни ўзида ечмай туриб, худбинларча изоҳлаган фикрини гўёки реализм театрига тиқиштиради. Саҳнада лўттибозлик унсурлари яққол намоён бўлади. Муаллиф самимияти ёки виждони тушунтириб бўлмайдиган тиниқ онг оқими билан бирлашиб ҳаққоний фикр, маъно туғдириши керак деб ўйлайман. Одамнинг ўзи ҳақидаги ифодаси кўпроқ ишонарли. Жамиятдаги муносабатларга тартиб бериш, маъно бериш мушкул. Мен ўзимни тасвирлаганимда, демак ҳаммани тасвирлаган чиқаман. Ҳақиқий ижодкор ҳеч қачон алдамайди, ҳеч қачон мухлисини ўраб олишни ният қилмайди. Балки яратади, фикр туғдиради. Тасаввурнинг чегарасини кенгайтиради.

Юқорида айтганимдек, хаёллар образу тимсоллар билан жуда олисдан, онгнинг тасаввур ҳам етмаган қатламидан келади. Ўша учун ҳам уларда маъно бўлади. Аҳамиятга эга. Пиранделлода ҳам мафкура ва психологик назариялар бор эди, аммо чуқур назар билан уларни таҳлил этганда ҳеч қандай қийматга эга эмаслиги билиниб қолади. Лекин унинг персонажларини бугун ҳам саҳнада кўриш мумкин, улар ўлмаган, тирик. Сабаби бу персонажлар ҳаётга чуқур эҳтирос билан ёндашади, эҳтиросларига драматик тус беришади.

Энди ўзимдан ва яна менга ўхшаганлардан айтсам: мени кечиринг, биз бор-йўғи ишқий муносабатлар, хиёнат ҳақидаги ва ижтимоий кундалик икир-чикирларни тасвирлашдан қочдик. Биз одамнинг руҳий ҳолатини: ҳаётидаги орзу-ҳавас, мақсад ва бунинг натижаси абсурд эканини саҳнага олиб чиқдик. “Тентак томонидан тўқилган афсона”ни саҳнада намойиш этдик. Ва шундай ифода орқали одамзотга хизмат қилмоқчи бўлдик. Хусусан, ибодат қилмасдан, фикрламасдан ҳаётда яшаб бўлмаганидек. Театр фойдасиз бир машғулот деб ўйловдим, лекин яшашга ёрдам беради. Футбол, теннис ва бошқа спорт ўйинлари томошаси каби фойдасиз-у, аммо четлаб ўтиш, ён бериш мумкин эмас. Худди шундай, санъат бефойда, аммо унинг бефойдалиги зарурият. Ҳаётда яшаётганлигига ҳайрон бўлмай, фикрламай қўйган одамларни маънан мажруҳ деб ҳисоблайман. Ҳозирги дунёда санъат диннинг ўрнини тўлдирадими? Санъатнинг кераклиги ҳақида гап сўқаётгандик, хўш, қадимги обидаларнинг фойдаси борми? Уларда бир вақтлар ибодат қилинарди, энди эса фақат сайёҳларнинг севимли жойига айланган. У динлар ҳозир ўлик ҳисобланади, унутилган. Сезгир сайёҳлар обидаларнинг тузилишига ҳайратда боқишади. Ўша пайтдаги маънавий ғояларнинг конструкцияси обидалар конструкциясида аксини топган.

Сўзим сўнггида, яна таъкидлайман, мен “абсурд” сўзи ҳақиқатини ҳали англаб етганимча йўқ. Унинг ҳақиқатига етсамгина у ўзини фош қилади ва бу сўз шунда ўз кучини йўқотади. Кимда-ким дунё ҳақида ва ҳаётидаги абсурд ҳақида ўйламас экан, у маънавий ўликдир. Улар учун куйиниш керакми, ачиниш керакми ёки аксинча, эътибор бермаслик керакми, бу менга қоронғи. Лекин дунёдаги ҳаёт абсурдми, деган савол ҳатто жавоби топилмаса ҳам барибир бир кунмас-бир кун кўпчиликни қийнай бошлайди. Албатта, китобларда ёзилган тайёр жавобларга қониқиш ҳосил қилганлар бу тоифага кирмайди. Ўткинчи нарсаларга вақтини кетказиб яшаётганларга ачинаман. Лекин англаб бўлмас, чегарасига етиб бўлмайдиган коинот муаммоси ҳақида ўйлагандан кўра, экологлар бонг уриб ўртага ташлаётган муаммоларни бел боғлаб ечсак, яхшимасми? Балки яқинда озон қатлами бутунлай илма-тешик бўп кетар, тавба қилдим. Бунга қирғин қуролларини яратаётган инженеру, химигу, сиёсатчилар айбдор эмасми?! Яхшиси, коинотдаги ўрнимиз ҳақида бош қотиришса савоб бўлмасмиди? Коинот муаммоси биргина санъатнинг муаммоси эмас, кундалик ҳаётда шу нарса ҳақида ўйласак бўлмайдими? Тасаввур қиляпсизми?

Абсурд театрининг келажаги борми? Реалистик театрларники-чи? Мен бу саволга жавоб тополмайман. Агар шахсий фолбиним бўлгандами, балки у бу саволга жавоб топган бўларди. Кимки абсурд театрининг заволи ҳақида ўйлаётган бўлса, у театрнинг душмани, аллақандай сиёсий реализм театрининг тарафдори. Лекин абсурд театри ҳамма вақт кучга эга бўлади. Абсурднинг бошқа шакллари дунёга келади. Улар жуда кўп. Эрта ёки индин ҳаётнинг сирини англаб етишмаса керак, ҳар ҳолда.

Эҳтимол, фикрларимни озгина кўпиртириб юборгандирман. Театршунос Кеннет Тайнен билан ўртамизда кечган мунозараларни эслатиб ўтмоқчийдим. Ўша мунозаралар тарихга айланди, хабарингиз бор. Энди театр қандай бўлиши керак, деган гаплар эскирди, биласиз. Соф спектакль, режиссёрлик саҳнага чиқди. Бошқа тарафдан абсурд театри воқеаликка айланиб, ҳақиқат бўлиб кўрина бошлади. Реал ҳаёт ва реализм абсурдга ўхшаб қолди. Абсурд эса ҳақиқатга айланди, эътибор беринг.

Буюк Беккет 1953 йили “Годони кутиш”и билан абсурд театрини жонлатган бўлса, ҳам ҳақиқий реалликни ойдинлаштирди. Абсурд аслида кундалик ҳаётимизда ўзининг драматизми, комизми билан ўралашиб юрганини билиб қолдик. Реализм чегарасидан чиқиб, абсурдга қадам қўйдик, уни забт этдик.

Манба: «Театр» журнали, 2015 йил, 6-сон

Ashampoo_Snap_2016.11.24_22h08m56s_004_.png26 noyabr` — Taniqli dramaturg Ejen Ionesko tavallud topgan kun

EJEN IONESKO
ABSURD TEATRINING KELAJAGI BORMI?
Murod Chovush tarjimasi
006

i_268.jpg Ejen Ionesko (frantsuzcha. dastavval: Eudjen Ionesku, keyin: Eugene Ionesco, rumincha. Eugen Ionescu;) 1909 yilning 26 noyabrida Ruminiyada tug’ilgan. Onasi Tereza Ikar asli frantsiyalik. Ejen dunyoga kelganda Ioneskolar oilasi Frantsiyaga ko’chib ketishadi. Bolakay Ejenning tili frantsuzchada chiqdi. E.Ionesko bolaligini xotirlab bunday yozadi: “Parijning Vojirar maydonida joylashgan ko’chadagi uyda yashardik. Kuz va qish paytlari ko’chani chiroq xira yoritganidan allaqanday ma’yus tun cho’kardi. Onam meni qo’lida ko’tarib ketyapti, eslayman. Biz oziq-ovqat mahsuloti sotib olish uchun do’konga chiqqandik. Men qo’rquv hissini tuygandim, o’shanda. Ko’chada har yoqqa harakatlanayotgan odam ko’lkalari esimda bor. Hozir o’ylasam ko’lka egalari olamdan o’tib ketishgan, faqat menda o’sha holatdan tasvir qolgan. Gohida hech narsa abadiy emasligi qo’rquv uyg’otadi”.

E.Ionesko Lyuksemburg bog’idagi qo’g’irchoq tomoshalarini eslaydi. Tomosha zavqi bir umr yodida qolganini xotira kitobida yozadi.

Ejen o’n uch yoshga to’lganda Ioneskolar oilasi Ruminiyaga qaytib kelishadi.

U Buxarest universitetining frantsuz bo’limiga o’qishga kiradi. Moris Meterlink va Fransis Jamma asarlari ta’sirida she’r, elegiyalar yozadi. Buxarestdagi adabiy jurnallarda adabiy-tanqidiy maqolalari chop etiladi. Universitetni tugallab Buxarest shahridagi litseyda frantsuz tilidan dars beradi. Shu yili uylanadi. 1938 yilda Davlat grantiga ega bo’lib, “Bodlerdan keyin frantsuz she’riyatida gunoh va o’lim” mavzusida dissertatsiya yozish uchun Frantsiyaga oilasi bilan ko’chib ketadi.

Shu-shu Ejen Ionesko Frantsiyadan vataniga qaytolmaydi, orada Ikkinchi jahon urushi boshlanib qoladi. Urush tugagandan so’ng teatr uchun asar yoza boshlaydi.

Quyida uning absurd teatri haqidagi mulohazalari bilan tanishaciz.

006

1950 yillar boshida Parijda yaratilgan va sahnalashtirilgan asarlarga “Absurd teatri” nomi berildi. Angliyalik mashhur teatr arbobi Martin Esslin ushbu atamani teatrshunoslikka olib kirdi. Uni nega absurd teatri deb nomladi? 1945 yildan 1950 yilgacha Jan Pol Sartr, Alber Kamyu, Jorj Batay singari qalamkashlar absurd g’oyasi haqida tortishuv, munozara boshlaydilar, asar yozadilar. Urushdan keyin jamiyat ongidagi keskin o’zgarishlar to’lqini ta’sirida absurd g’oyasi teatr hayotiga ham kirib boradi. M. Esslin “absurd teatri” atamasini keng qo’llaydi. U nomni to’g’ri topgan edi. Men bu atamani hech tushunmayman. To’g’ri, teatr asarlari, postanovkalari o’sha nom bilan ataldi. Teatr san’ati tarixida “absurd teatri” degan oqim paydo bo’ldi, tan olish kerak. Shunday ekan, absurd teatrini absurddan boshqa narsa emas demoqqa, menda asos yo’q. Emmanuel Jakar kabi men ham bu teatr­ni “qo’rchoqteatr” deb atagan bo’lardim. Haqiqatan, bu teatrda, shuningdek, mening teatrimdagi personajlar ham komik yoki tragik emas, aksincha, masxarabozlarga o’xshaydi. Ularda sohir dunyo bilan tutashgan ildiz yo’q, o’zaro bog’liqlik yo’q. Ular hozirgacha anglab yetgan darajamizdagi psixologiyadan qutulgan-u, ammo qo’g’irchoqqa, qiziqchiga o’xshaydi. Lekin ular davrni, zamonni ifodalayapti. Ular davrning personaj-timsollari.

Bizgacha yaratilgan teatr asarlarining yarmi absurd g’oyasidan to’yingan ko’rinadi. Chunki komik asarlar bema’ni. Bu teatrning yo’lboshchisi Shekspir bo’lsa kerak. Mana, uning qahramoni nima deydi:

“Dunyo tentak tomonidan to’qilgan afsona. Bema’ni va keraksiz, shovqinga to’liq va quturgan”.

Balki absurd teatri undan ham uzoq davrlarga borib taqalar; Edip voqeasi bema’nilikning o’zginasi, ammo bir narsani nazardan qochirmaylik, Edip qonunlarni ongsiz ravishda buzgani uchun jazolanadi. Qonun va me’yorlar buzilsa ham, u davrda mavjud edi-ku. Bizning teatrda-chi? O’zimning “Stullar” pyesamdagi qariyalar qonun va me’yorlarga amal qilishmaganidan, ular qorong’i dunyolarida adashib qolishgan, sohir dunyo haqida tushunchalari yo’q. Shuningdek, “Kal qo’shiqchi” pyesamda ham o’ynoqi ohang berib, shu mazmunni ko’rsatishga harakat qilganman.

Personajlar shuuridan uzilib qolgan va tayanch nuqtasini qidirayotganlarga o’xshashadi. Bekket aynan shu muammoni tiniq shaklda, ehtirossiz ifoda qilgan edi.

Absurd teatri paydo bo’ldi. Sovuq, na komik, na jiddiy. Boshqa, umuman tushunarsiz uslub. Men aniq xulosaga keldim: “Kal qo’shiqchi”, “Dars”, “Stullar”, “Burch qurbonlari” pyesalari oqibatida absurdning bema’ni “yangi uslubi” paydo bo’ldi.

Mening ilk pyesalarim inglizlarga ham, frantsuzlarga ham, nemislarga ham, amerikaliklarga ham maqbul bo’ldi. Shuningdek, bu teatr uslubi orqasidan ergashgan teatrshunoslar pyesalardagi mazmunni qo’llab-quvvatlashdi. Shunday ekan, men qo’rqmasdan aytishim mumkin, yangi absurd teatri 1950 yillardan boshlandi. Aniqrog’i, “Stullar” (1952) va “Burch qurbonlari” (1953) pyesalari yangi teatr yuzaga chiqishi uchun turtki bo’ldi. Bekket 1953 yili mashhur “Godoni kutish” pyesasi bilan absurd teatriga kirib keldi. Men keyin yozgan p`esalarimni aynan shu teatr uslubiga mos keladi deb aytolmayman. “Qirol o’lmoqda” pyesasi, masalan, adabiy ranglarga judayam bo’yalgan, faqat so’nggi sahnasi bundan mustasno, sababi – “O’liklar kitobi”dan ruhlangandim.

Nazarimda, “Absurd” mubolag’asini zamon hazm qilishi qiyin, u darajamizdan balandda. Bu so’zni o’rinsiz qo’llab bo’lmaydi, agar masala haqida aniq tasavvurga ega bo’lmay va ma’no topmay, buni absurd deb qo’ya qolsak, bema’nilikning o’zginasi. Qayta aytaman, “Stullar” pyesasi personajlari hayotdan ma’no izlagandilar, topolmadilar. Koinotdan tartib izlagandilar, topolmadilar. Yashashning oliy shaklini izlagandilar, topolmadilar.

Shunga qaramasdan, absurd teatri – kurash teatri ham. U realizm teatrini kulgi ostiga oldi. Realizm teatri haqqoniyat teatri emas, buni ta’kidlaganman, qayta ta’kidlab aytaman. Men sotsrealizm, realizm va Brext teatrlariga qarshi doim kurashib kelganman. Romantizm yoki syurrealizm kabi realizm ham reallik emas, u teatrdagi bor-yo’g’i go’yoki realizmni ifodalaydigan namuna maktabi. Burjuy teatri doim havoyi narsalar bilan boshni og’ritib kelgan: iqtisod, mafkura, siyosat, Paskal nazarda tutgan o’yinqaroqlik va hokazo. Ishqiy munosabatlar teatri XIX asr va XX asr boshida jonli edi, Rasin teatri sahnasida esa adyul`terlikdan jon berishardi, Rasin jonini olardi. Realizm teatrining yana bir kamchiligi u aql o’rgatadi, yolg’on to’qiydi, aldab qo’yadi. Realizm teatri mualliflari haqqoniyatni bilmasdan turib o’zlarining tushunchalarini o’quvchiga, tomoshabinga singdirmoqchi bo’lishadi. O’zi hali fan odamlari borliq haqida haqqoniy tasavvurga ham ega emaslar-u realizm teatri esa dunyo haqidagi tor tushunchasi bilan tomoshabinni o’ramoqchi bo’ladi. Ayniqsa, muallif muammolarni o’zida yechmay turib, xudbinlarcha izohlagan fikrini go’yoki realizm teatriga tiqishtiradi. Sahnada lo’ttibozlik unsurlari yaqqol namoyon bo’ladi. Muallif samimiyati yoki vijdoni tushuntirib bo’lmaydigan tiniq ong oqimi bilan birlashib haqqoniy fikr, ma’no tug’dirishi kerak deb o’ylayman. Odamning o’zi haqidagi ifodasi ko’proq ishonarli. Jamiyatdagi munosabatlarga tartib berish, ma’no berish mushkul. Men o’zimni tasvirlaganimda, demak hammani tasvirlagan chiqaman. Haqiqiy ijodkor hech qachon aldamaydi, hech qachon muxlisini o’rab olishni niyat qilmaydi. Balki yaratadi, fikr tug’diradi. Tasavvurning chegarasini kengaytiradi.

Yuqorida aytganimdek, xayollar obrazu timsollar bilan juda olisdan, ongning tasavvur ham yetmagan qatlamidan keladi. O’sha uchun ham ularda ma’no bo’ladi. Ahamiyatga ega. Pirandelloda ham mafkura va psixologik nazariyalar bor edi, ammo chuqur nazar bilan ularni tahlil etganda hech qanday qiymatga ega emasligi bilinib qoladi. Lekin uning personajlarini bugun ham sahnada ko’rish mumkin, ular o’lmagan, tirik. Sababi bu personajlar hayotga chuqur ehtiros bilan yondashadi, ehtiroslariga dramatik tus berishadi.

Endi o’zimdan va yana menga o’xshaganlardan aytsam: meni kechiring, biz bor-yo’g’i ishqiy munosabatlar, xiyonat haqidagi va ijtimoiy kundalik ikir-chikirlarni tasvirlashdan qochdik. Biz odamning ruhiy holatini: hayotidagi orzu-havas, maqsad va buning natijasi absurd ekanini sahnaga olib chiqdik. “Tentak tomonidan to’qilgan afsona”ni sahnada namoyish etdik. Va shunday ifoda orqali odamzotga xizmat qilmoqchi bo’ldik. Xususan, ibodat qilmasdan, fikrlamasdan hayotda yashab bo’lmaganidek. Teatr foydasiz bir mashg’ulot deb o’ylovdim, lekin yashashga yordam beradi. Futbol, tennis va boshqa sport o’yinlari tomoshasi kabi foydasiz-u, ammo chetlab o’tish, yon berish mumkin emas. Xuddi shunday, san’at befoyda, ammo uning befoydaligi zaruriyat. Hayotda yashayotganligiga hayron bo’lmay, fikrlamay qo’ygan odamlarni ma’nan majruh deb hisoblayman. Hozirgi dunyoda san’at dinning o’rnini to’ldiradimi? San’atning kerakligi haqida gap so’qayotgandik, xo’sh, qadimgi obidalarning foydasi bormi? Ularda bir vaqtlar ibodat qilinardi, endi esa faqat sayyohlarning sevimli joyiga aylangan. U dinlar hozir o’lik hisoblanadi, unutilgan. Sezgir sayyohlar obidalarning tuzilishiga hayratda boqishadi. O’sha paytdagi ma’naviy g’oyalarning konstruktsiyasi obidalar konstruktsiyasida aksini topgan.

So’zim so’nggida, yana ta’kidlayman, men “absurd” so’zi haqiqatini hali anglab yetganimcha yo’q. Uning haqiqatiga yetsamgina u o’zini fosh qiladi va bu so’z shunda o’z kuchini yo’qotadi. Kimda-kim dunyo haqida va hayotidagi absurd haqida o’ylamas ekan, u ma’naviy o’likdir. Ular uchun kuyinish kerakmi, achinish kerakmi yoki aksincha, e’tibor bermaslik kerakmi, bu menga qorong’i. Lekin dunyodagi hayot absurdmi, degan savol hatto javobi topilmasa ham baribir bir kunmas-bir kun ko’pchilikni qiynay boshlaydi. Albatta, kitoblarda yozilgan tayyor javoblarga qoniqish hosil qilganlar bu toifaga kirmaydi. O’tkinchi narsalarga vaqtini ketkazib yashayotganlarga achinaman. Lekin anglab bo’lmas, chegarasiga yetib bo’lmaydigan koinot muammosi haqida o’ylagandan ko’ra, ekologlar bong urib o’rtaga tashlayotgan muammolarni bel bog’lab yechsak, yaxshimasmi? Balki yaqinda ozon qatlami butunlay ilma-teshik bo’p ketar, tavba qildim. Bunga qirg’in qurollarini yaratayotgan injeneru, ximigu, siyosatchilar aybdor emasmi?! Yaxshisi, koinotdagi o’rnimiz haqida bosh qotirishsa savob bo’lmasmidi? Koinot muammosi birgina san’atning muammosi emas, kundalik hayotda shu narsa haqida o’ylasak bo’lmaydimi? Tasavvur qilyapsizmi?

Absurd teatrining kelajagi bormi? Realistik teatrlarniki-chi? Men bu savolga javob topolmayman. Agar shaxsiy folbinim bo’lgandami, balki u bu savolga javob topgan bo’lardi. Kimki absurd teatrining zavoli haqida o’ylayotgan bo’lsa, u teatrning dushmani, allaqanday siyosiy realizm teatrining tarafdori. Lekin absurd teatri hamma vaqt kuchga ega bo’ladi. Absurdning boshqa shakllari dunyoga keladi. Ular juda ko’p. Erta yoki indin hayotning sirini anglab yetishmasa kerak, har holda.

Ehtimol, fikrlarimni ozgina ko’pirtirib yuborgandirman. Teatrshunos Kennet Taynen bilan o’rtamizda kechgan munozaralarni eslatib o’tmoqchiydim. O’sha munozaralar tarixga aylandi, xabaringiz bor. Endi teatr qanday bo’lishi kerak, degan gaplar eskirdi, bilasiz. Sof spektakl`, rejissyorlik sahnaga chiqdi. Boshqa tarafdan absurd teatri voqealikka aylanib, haqiqat bo’lib ko’rina boshladi. Real hayot va realizm absurdga o’xshab qoldi. Absurd esa haqiqatga aylandi, e’tibor bering.

Buyuk Bekket 1953 yili “Godoni kutish”i bilan absurd teatrini jonlatgan bo’lsa, ham haqiqiy reallikni oydinlashtirdi. Absurd aslida kundalik hayotimizda o’zining dramatizmi, komizmi bilan o’ralashib yurganini bilib qoldik. Realizm chegarasidan chiqib, absurdga qadam qo’ydik, uni zabt etdik.

Manba: «Teatr» jurnali, 2015 yil, 6-son

007

(Tashriflar: umumiy 305, bugungi 1)

Izoh qoldiring