Rauf Parfi O’zturk. Uch sarboz boradir ot o’ynatib…

Рауф Парфининг уч ёш шоирга (ўша пайтда ёш) бағишлаб ёзган “оқ йўли” бундан ўн беш йил аввал — 1997 йилда ёзилган. Дарбадар шоир муайян муддатда ёш шоирлар кулбасида қўним топган пайтида қоғозга тушган.
Рауф акани узоқ йиллар давомида яхши билган одамлар у ёзган ҳар бир сўз қандай маъно ташишини бир ўқишда англашади. Ушбу матнга назар ташлаб, уни айни шу тарзда — ҳар бир жумлада яширинган “маъно”ни англашга уринайлик.
Рауф Парфи,энг аввало, ёш шоирларга далда беради. Бу далда самимий ва меҳрли. Ерда юрган ёш дўстларини “Назаримда улар шеър ёзмайдилар, шеърият билан бирга яшайдилар”, деб кўкка кўтаради. Оллоҳдан мард дўстларига яна мардлик ва матонат тилайди. Аммо,маъно ва ҳақиқат шундаки,агар ўзбек шеъриятида 20 асрнинг иккинчи ярмида , фақат шеърият дарди билан яшаган шоир бор бўлса,у ҳам ёлғиз Рауф Парфи эди,мард ва матонат тимсоли бўлган шоир бор бўлса, у ҳам фақат Рауф Парфи эди.
У ҳатто бу далда қувватини ошириш учун ўзини “ерга уриб”, “Менга алам қилади нималарнидир ёзаётганим”, деб ўкинади Маъно ва ҳақиқат шундаки,у нималарнидир ёзмаганини жуда яхши биларди. Аммо, ўзини ер билан тенг қилиб, укаларига ижодга ишонч,ҳаёт машаққатига чидам истайди. У ҳали қалами янги укаларига “Сиз мендан зўрсиз” дейиш билан ўзи орзу қилган шеъриятни истайди . “Менга интилинг” дейишга ҳаққи бору аммо кибрсиз самимият билан “Мен сизга қараб интиламан Малик Мансур, Фурқат Мели, Мурод Човуш” деб ёзади. Бу билан,ўзи билмаган ҳолда, даъвосиз равишда яна бир карра буюклигини исботлайди.
Рауф Парфининг фотиҳасини олган шоирлар унинг сўзларини мақтов деб эмас, буюк бир ишонч тимсоли деб англаганларига ишонгим келади. Буюк шоир фотиҳаси ўтган 15 йил мобайнида уларнинг юрагида қандай туйғуларни қўзғаб келаётганини мен яхши билмайман. Аммо, 15 йилдан кейин ҳам Шоирнинг сўзлари юрагимда,онгу шууримда олис юлдуз шуъласидай жимирлаб, шеърият олдидаги бурч ва масъулият нечоғли оғир,нечоғли шарафли эканини эслатди деб айта оламан.
15 йилдан кейин ҳам уч шоир олдида Рауф Парфи кутиб турган юксак довонга етиб боргунга қадар узоқ муддат,узоқ йўл турибди. Устоз фотиҳаси бу йўл қибласида Йўлчи Юлдуздек тўғри йўл кўрсатиб порлаб туришига,йўлчилар эса адашмасдан шеъриятимизнинг янги уфқларига чидам ва матонат билан интилишларига умидвор бўламан. Бу умидни уларга ва бизга Рауф Парфи мерос қолдирган.

Хуршид Даврон

гул

РАУФ ПАРФИ ЎЗТУРК
Ўзбекистон халқ шоири

УЧ САРБОЗ БОРАДИР ОТ ЎЙНАТИБ

Уч шоир ҳақида уч оғиз сўз. Мурод Човуш, Фурқат Мели, Малик Мансур, улар ажралмас дўст. Мард йигитлар. Илоҳим шундай бўлсин. Мен улар билан гўё юз йиллардан буён биргаман. Менинг ёшим катта – тенглашолмайман. Уларга ҳавас қиламан, ёшимни унутаман, эргашаман уларга. Менга алам қилади нималарнидир ёзаётганим. Назаримда улар шеър ёзмайдилар, шеърият билан бирга яшайдилар. Амин бўлдим, шеър ёзишни ўргатиб бўлмайди. Шеъриятни англамакни балки ўргатиш мумкиндир.
Мен сизга қараб интиламан Малик Мансур, Фурқат Мели, Мурод Човуш. Сафарингизда доим ҳам бирга бўлолмасман, шеъриятнинг чексиз осмонида, шеъриятнинг бепоён саҳросида – Машаққат мамлакатида.
Шеърият очиқ ярадир, ярада очилган гуллардир аччиқ. Шеъриятни тушунтириб бўладими? Билмадим.
“Билмадим, қаерга йўл олдим? Атрофимда ғуссали тун, онажон. Темир йўлдан чиқиб кетдим, шовқин олиб бормоқдаман, онажон. Вужудимда ғайрича ҳолат, қайга йўқолди иссиқ кун, онажон. Оёғимда ғайрича ғайрат. Мен ким ўзи билмадим, онажон. Қадимий ҳавоми, ичимдан чиқаётган бу тутун, онажон?”
Бу сўзларни ўқиб ўйланаман, тараддудланаман. Юзимга шеъриятнинг пардалари туширилган, кўзимнинг деворларига жисмимни қўйиб турибман. Қонталаш нуқтанинг портлашини кутмакдаман. Тушунгин, тушунгин-да ахир, дейди шамоллар дарахтларга илашиб. Мен ўзимни бир қуриган ёғочга осиб, жасадимга қизиқиб қарайман. Қизиқ дейман, худди ўзим-ку дейман, тушунгин…
Фақат юрагингиз туморига ёзилган уч сўзни унутманг: Турк. Турон. Туркистон. Уч баҳодир сўз. Уч сарбоз борадир от ўйнатиб. Мен эса фотиҳа сурасини ўқийман…
Сафарингиз бехатар бўлсин…

гул

МУРОД ЧОВУШ

1.

“Ана туманларга беланди ҳаво”
ана, эриб битди кўкда юлдузлар.
Кўзи хира тортди осмоннинг,
бўйсунар, энтикар хаёл.
Жисмингда уйғонар майин бир титроқ,
Совуқми, бир нарса сездингми?
Сен ҳукм ўқийсан ўзингга ўзинг.
Ҳув, нарида бош чайқар бир дарахт
Сочлари оқариб кетган ёш жийда.

2.

Ўлик руҳлар рақси,
Ўликкўз севгимиз, о, гўзаллик завқи,
қани бўл, қабрингни кўрсат қора тун,
кўзи юмиқ кўзим.
Ўлик руҳлар рақси,
Қўрқувлар юракка зарба ургандир,
Ёниб кул бўлган мен ишонган осмон,
Унда умид излаб …оҳим юргандир.
Ўлик руҳлар рақси,
Осмонда ёнаётган,
Шамолнинг қабри.
Вақт бу эсаётган.

3.

Хомуш ёғар бу кеч фаромуш ёмғир,
Кўлмакда чўмилар азадор гулим.
Бу замин ўйноқи, бунчалар дилгир,
Гўристон томондан ис олар кўнглим.

Хомуш ёғар ёмғир, кимдан бу алам?
Туннинг сийнасига бош қўй, бардошим.
Менга ўлим энди, ўлим бир қадам,
йиғласин юрагим – адашган тошим.

Кўнгилга тушгайми осмоний титроқ,
Энг сўнгги илинжим бесамар оҳлар.
Осмонда яшину кўзимда ингроқ,
Кўксимда ниш урмиш сап-сариғ доғлар.

Умримни заволга бўлиб бердим мен,
Менсиз жойнамозим паришон ётар.
Ўчган юлдуз инида уя қурдим мен,
Бир шуъла юзимга тарсаки тортар.

4.

Кўзларимга сиёҳ нурларин ташлаб,
Дунё узра ўчгай абадий фонус.
Ҳориган юракни ғам ўти ғашлаб,
кўчган дил ўрнида йиғлайди қақнус.

Осмонда чайқалар ясанган ҳилол,
ғам йўқдай ҳавода атроф тип-тиниқ.
Заминнинг дарди йўқ, деб увлар шамол,
Кўзимнинг девори, шишаси синиқ.

Ким чарх тасвирига шодлик этган жо?
Сакрайди шамолда ўйноқи наво.
Сочимни силама, шодлик, ухлайман,
Оҳ, шамол, меҳрингдан кулиб йиғлайман.

5.

Ўша оғир, ўша масъул ер.
Ўша шифт – кўринган абадий осмон,
Ўша минг йил олдин ёққан бу ёмғир,
Ўша юрак, ўша бир бошли инсон.

Ўша Ватан, ўша ҳис-туйғу, виждон.
Ўша шамол, бўрон, ҳазин, нафис ел
Ўша банда, ўша қул ва ўша замон.

гул

ФУРҚАТ МЕЛИ

Маҳмуд Зорийга

ЙЎЛ ЮРИБ
йиқилдим, кўза ҳам синди – қумга сингиб битди сўнгги томчи сув. Ичимдан сўнгги бор ҳаволар чиқди, юракдан нораста наволар чиқди.
Саҳрода ётибман, суякка қадар қуёш ёмғирлари етиб кирдилар. Энг эзгу аталган тилакка қадар кўкрак қафасимни кенгайтирдилар.
Тилакки, тилимни тилади, бу дам – юрак йўқ, вужуд йўқ, кўз йўқдир.
Навоки, наҳрига олади, бу дам – фалак йўқ, ҳудуд йўқ, сўз йўқдир.

МЕНИНГ кўзимда бир парда бўлсайди,
Қанийди дунёни тоза кўрсайдим.

Бу ўт – хиёнаткор, бу сув –фоҳиша,
айёр қул экан-ку тупроқ ҳамиша,
инсон чаноғига май қуйиб ичсам,
бу ҳаво бўлди-ку менга ҳамшиша.
Бу тўрт етимчанинг отаси қани?
Бу тўрт етимчанинг онаси қани?

Менинг кўзимда бир парда бўлсайди,
Қанийди ҳаммани тоза кўрсайдим.

Дунёга яхшилик – пойдевор, ёмонлик устун.
Ахмоқлар – фуқаро, беномус – подшо.
Аблаҳлик ҳукмрон, билдингми дўстим?
Бир яхши май ичиб, бир ёмон қусдим…

ДУНЁНИ
соатдай тескантир фалак,
малак пора қилсин кўйлакларини.
Ўн етти ёшли қиз билакларини
бир тўмтоқ косовга айлантир фалак.
Дунёни соатдай тескантир фалак,

қузғунга айлантир лайлакларингни,
девона, телбаю тентакларингни
Лайлатулқадрдан сескантир фалак.
Дунёни тескантир, сескантир фалак.

АЙТГАН
сўзим қуруқ сафсата,
йўқ ишонманг барчаси ёлғон.
Бораётган жойим хароба,
бузилган, кимсасиз бир макон.
Йўқ, эргашманг, ортимдан борманг!
Истамайман.
Ахир сиз яхши Одам
шу бўстонда қолинг, гулистонда қолинг!
Сиз ҳақни севасиз, ҳақни айтасиз.

САҲРО
ва хира кун, узун изғирин.
Сўқишлар, сўкишлар, отлар кишнайди.
Рассом нима қилсин? Бечора
рангларга беланиб ишлайди.

Хаёллар – бу кулранг булутлар
кўзларига сизиб киради.
Милён зарралардан иборат олам.
Милён зарраларга тўлгандир бу жом.

Вақт дарёси. Заҳарли илон
вужудида судралади жим.
Ассалому алайкум илон…

ЭЙ ДЎСТ, томошо қил!
Улкан денгиздаги шалағи чиққан кема –
ҳолимни.
Эй дўст, томошо қил!
кул, яйра, фақат йиғлама.
Минглаб йилдан буён кўкка бўй чўзиб,
яна ерга қайтаётган набототни томоша қил!
Эй дўст!
Гулистон, деб аталган бу –
хароботни томоша қил!

БУ КЕЧ далаларга дўл ёғди,
экинларни аёвсиз янчди.
Учиб юрган кушлар йиқилди.
Осмон, нима қилиб қўйдинг?
Бунчалар ғулдирайсан, нима бўлди айт?
Булут юлдузларни нега еб қўйдинг?
Телба бўлиб қолдингми, мендек
севиб қолдингми ё бирор кимсани?

ОСМОН
йироқ, ер қаттиқ, деган сўзларингга инонмадим ҳеч.
Ер ютди-ку қанча дўстимни…

ТИЛИМНИ ютиб юбордим.
Бўғзимдаги гирдоб тортиб кетди уни
ичимдаги қоронғу зиндонга.

ДАРАХТ
ишонмади ҳайқириқларга,
ҳеч бир сўз демади, ичига ютди.
Бу майда одамлар бунча шодланар?
Дарахт чидолмади – кўкариб кетди.

Эшикни очмасдан кириб келди, у
вужудимга қондек қуйилди.
Ақлимни парчалаб ташлади.
Тур, деди. Юр, деди. Йўлга бошлади.

Бу ёлғон қобиғдан чиқиб кетдик биз.
Бу чиркин томуғни босиб ўтдик биз.
Чор атроф тинч эди, ҳеч тўхтамасдик.
Қарама, деди у. Кўзни юм, деди.

Итоат этдим мен – кўзимни юмдим.
Ё, Тангрим! Шу дамда ўзимни кўрдим.
Душманга отилган камон ўқидек
бир гулхан ичига кириб борардим.

гул

Малик МАНСУР

1.

Турк. Турон. Туркистон.
Уч баҳодир сўз.
Уч сарбоз борадир от ўйнатиб.
Жасур бир бахт бордир дунёда
Туркни англамак, туркча сўзламак.

Дунёда бир гўзал ўлим бор –
Уч сўз учун ўлмак. Ўлмасдан аввал ўлмак.

2.

Мана, ниҳоят Мен ва Тун.
Атрофда ҳеч ким.
Мен ва Тун. Майит – Мен. Тун – тобут.

3.

Бўлди. Менда бошқа асос йўқ
Барчаси олдинда, деб ўзимни аврашга.
Судралиб юришга ўша маъшум
Омаднинг йиртиқ пайпоғига суйканиб,
Эртамни кеч қилиб.
Қиёмига етмаган фасл – хотирот
Эккан гулларини тераман йиғлаб.

4.

Ўзингни ўзингга қўйиб бер,
зўрланма, номусингга тегма,
тун қанотин ёзаётганда,
оҳиста руҳингни очғил.
Сирғалиб сузсин у шу йўқлик аро.
Шалвираб бўшашган, тентираб ҳолсиз,
Олдингга қайтганда ранжима асло,
Барибир у руҳ-да ақлсиз, кўзсиз.
Ахир сен шу тийрак нигоҳинг билан
Йўқликни ушлаб кўрдинг-ку.

5.
…ва юракда фожеа юз берди.
Сен кетдинг, қарамадинг ортга,
Сенинг ортингдан кузак ҳам йўл олди
Қаҳратон, маъсума қорлар бағрига.
Мен қолдим,
Алдамчи баҳорда ва сархуш ёзда.
Бойчечак ел билан ўйнашган.
Бу фасл келиндек товланган
фурсатда,
мен қолдим
муваққат гулларнинг ёдида.

6.

Мана У ярамас –
лабида тамаки,
қўлида қалам
ва яна май тўла
шиша ушлаган –
Тангри истеҳкомига
отланган жангчи.

7.

Чатнаб, чанқаб уйғондим,
Атрофга қарадим саросимада.
Ва илкис қоп-қора дев-ла тўқнашдим.
Кўзимни тун билан алмашган эдим.
Сўз йўқ, луқма йўқ,
Мен унга бақрайдим
У менга. У тарафда ўлим билан
шундай учрашдим.

8.

Барчаси таниш, ўша эски ис,
Мўматолоқ қалб,
Вағиллаётган донишманд чол,
Нақадар қўрқинчли бу борлиқ.
Кимга сиғинайин, кимга йиғлайин
Кўчада кучуклар алла айтади.
Бошимдан шароб тўкдим,
Унутма, кетдим.
Қирлардаги янтоқлар оёғимга
Оғриқ оғриқ суқилди. Оғриқ ичимни кемирди.
Энамни соғиндим.

9.

Юрак ёрил, марҳамат кутма.
Қулоғинг тутма сибизға сеҳрига,
Нима тарих, ўткинчи қайғу
Йиллар эзаётган сабрни ташла
Қон оқмоқда бўғзимдан
Кўксимга қараб,
Замин ўгрилмоқда кўзгуга.
Юрак ёрил, тош каби ёрил,
Кунлар ўтаётир бетин, бетайин.
Кимдир сиғинмоқда кўкка термулиб:
Ў, Тангрим кечиргин сотқин бандангни,

Кўксини пайпаслаб қидираётган ким?
Бошингга тошларни отаётган ким?
Тошлар гирдобига чўкаётган ким?
Юрак ёрил, тош бўлма бунча.
Кўз. Кўр. Сўз. Сўр.
Олис саҳродаги
ёлғиз бир бўри
тун бўйи увлайдир,
уйқу бермайдир…

10.

Кўзларингда ҳис этади ой,
Юлдузлар куйдилар ҳасаддан.
Ойга қарамакдан ҳадикда
Гуллар бош эгдилар таъзимга.
Мен ойни ўпмоқчийдим
Куйиб кул бўлдим.

11.

Оҳ, кўзлари паришон, дили ногирон, фаришта
қиёфа мункиллаган, сочлари патила қафасдаги
аламзада, нима деб таскин берай мен сенга,
муштипар бояқиш, саратонда совуқ урган,
худо қарғаган бечорагинам.

12.

дарпардани кўтар, эй заъфарон Куз
юрагим рангидан
қўрқмасанг магар.

13.

Яйдоқ чўлдан кетаётган
ёлғиз йўловчи
ортингда нима бор, олдингда нима?
Қайга борурсен?

14.

…увлади, тил билан билмади.
увлади, кўз билан билмади,
увлайверди тинимсиз,
ув-ув-уввв
бечора тил,
бечора дил.

Манбаъ: “ЁШЛИК” журнали(1997 йил) & Адабиёт манзаралари

rauf parfi

Rauf Parfining uch yosh shoirga (o’sha paytda yosh) bag’ishlab yozgan “oq yo’li” bundan o’n besh yil avval — 1997  yilda yozilgan. Darbadar shoir muayyan muddatda yosh shoirlar kulbasida qo’nim topgan paytida qog’ozga tushgan.
Rauf akani uzoq yillar davomida yaxshi bilgan odamlar u yozgan har bir so’z qanday ma’no  tashishini bir o’qishda anglashadi. Ushbu matnga nazar tashlab, uni ayni shu tarzda — har bir jumlada yashiringan “ma’no”ni anglashga urinaylik.
Rauf Parfi,eng avvalo, yosh shoirlarga dalda beradi. Bu dalda samimiy va mehrli. Yerda  yurgan yosh do’stlarini “Nazarimda ular she’r yozmaydilar, she’riyat bilan birga yashaydilar”, deb ko’kka ko’taradi. Ollohdan mard do’stlariga yana mardlik va matonat tilaydi. Ammo,ma’no va haqiqat shundaki,agar o’zbek she’riyatida 20 asrning ikkinchi yarmida, faqat she’riyat dardi bilan yashagan shoir bor bo’lsa,u ham yolg’iz Rauf Parfi edi,mard va matonat timsoli bo’lgan shoir bor bo’lsa, u ham faqat Rauf Parfi edi.
U hatto bu dalda quvvatini oshirish uchun o’zini “erga urib”, “Menga alam qiladi  nimalarnidir yozayotganim”, deb o’kinadi Ma’no va haqiqat shundaki,u nimalarnidir yozmaganini  juda yaxshi bilardi. Ammo, o’zini yer bilan teng qilib, ukalariga ijodga ishonch,hayot  mashaqqatiga chidam istaydi. U hali endigina qalam yo’ngan ukalariga “Siz mendan zo’rsiz”  deyish bilan o’zi orzu qilgan she’riyatni istaydi. “Menga intiling” deyishga haqqi boru ammo  kibrsiz samimiyat bilan “Men sizga qarab intilaman Malik Mansur, Furqat Meli, Murod Chovush”  deb yozadi. Bu bilan,o’zi bilmagan holda, da’vosiz ravishda yana bir karra buyukligini  isbotlaydi.
Rauf Parfining fotihasini olgan shoirlar uning so’zlarini maqtov deb emas, buyuk bir  ishonch timsoli deb anglaganlariga ishongim keladi. Buyuk shoir fotihasi o’tgan 15 yil mobaynida ularning yuragida qanday tuyg’ularni qo’zg’ab kelayotganini men yaxshi bilmayman.Ammo, 15 yildan keyin ham Shoirning so’zlari yuragimda,ongu shuurimda olis yulduz shu’lasiday jimirlab, she’riyat oldidagi burch va mas’uliyat nechog’li og’ir,nechog’li sharafli ekanini eslatdi deb ayta olaman.
15 yildan keyin ham uch shoir oldida Rauf Parfi kutib turgan yuksak dovonga yetib  borgunga qadar uzoq muddat,uzoq yo’l turibdi. Ustoz fotihasi bu yo’l qiblasida Yo’lchi Yulduzdek to’g’ri yo’l ko’rsatib porlab turishiga,yo’lchilar esa adashmasdan she’riyatimizning yangi  ufqlariga chidam va matonat bilan intilishlariga umidvor bo’laman. Bu umidni ularga va bizga  Rauf Parfi meros qoldirgan.

Xurshid Davron

гул

RAUF PARFI O’ZTURK
O’zbekiston xalq shoiri

UCH SARBOZ BORADIR OT O’YNATIB

Uch shoir haqida uch og’iz so’z. Murod Chovush, Furqat Meli, Malik Mansur, ular ajralmas do’st. Mard yigitlar. Ilohim shunday bo’lsin. Men ular bilan go’yo yuz yillardan buyon birgaman.
Mening yoshim katta – tenglasholmayman. Ularga havas qilaman, yoshimni unutaman, ergashaman  ularga. Menga alam qiladi nimalarnidir yozayotganim. Nazarimda ular she’r yozmaydilar, she’riyat bilan birga yashaydilar. Amin bo’ldim, she’r yozishni o’rgatib bo’lmaydi. She’riyatni  anglamakni balki o’rgatish mumkindir.
Men sizga qarab intilaman Malik Mansur, Furqat Meli, Murod Chovush. Safaringizda doim  ham birga bo’lolmasman, she’riyatning cheksiz osmonida, she’riyatning bepoyon sahrosida –  Mashaqqat mamlakatida.
She’riyat ochiq yaradir, yarada ochilgan gullardir achchiq. She’riyatni tushuntirib bo’ladimi? Bilmadim.
“Bilmadim, qaerga yo’l oldim? Atrofimda g’ussali tun, onajon. Temir yo’ldan chiqib ketdim, shovqin olib bormoqdaman, onajon. Vujudimda g’ayricha holat, qayga yo’qoldi issiq kun,onajon. Oyog’imda g’ayricha g’ayrat. Men kim o’zi bilmadim, onajon. Qadimiy havomi, ichimdan chiqayotgan bu tutun, onajon?”
Bu so’zlarni o’qib o’ylanaman, taraddudlanaman. Yuzimga she’riyatning pardalari tushirilgan, ko’zimning devorlariga jismimni qo’yib turibman. Qontalash nuqtaning portlashini kutmakdaman. Tushungin, tushungin-da axir, deydi shamollar daraxtlarga ilashib. Men o’zimni  bir qurigan yog’ochga osib, jasadimga qiziqib qarayman. Qiziq deyman, xuddi o’zim-ku deyman,  tushungin…
Faqat yuragingiz tumoriga yozilgan uch so’zni unutmang: Turk. Turon. Turkiston. Uch bahodir  so’z. Uch sarboz boradir ot o’ynatib. Men esa fotiha surasini o’qiyman…
Safaringiz bexatar bo’lsin…

гул

MUROD CHOVUSH

1.

“Ana tumanlarga belandi havo”
ana, erib bitdi ko’kda yulduzlar.
Ko’zi xira tortdi osmonning,
bo’ysunar, entikar xayol.
Jismingda uyg’onar mayin bir titroq,
Sovuqmi, bir narsa sezdingmi?
Sen hukm o’qiysan o’zingga o’zing.
Huv, narida bosh chayqar bir daraxt
Sochlari oqarib ketgan yosh jiyda.

2.

O’lik ruhlar raqsi,
O’likko’z sevgimiz, o, go’zallik zavqi,
qani bo’l, qabringni ko’rsat qora tun,
ko’zi yumiq ko’zim.
O’lik ruhlar raqsi,
Qo’rquvlar yurakka zarba urgandir,
Yonib kul bo’lgan men ishongan osmon,
Unda umid izlab …ohim yurgandir.
O’lik ruhlar raqsi,
Osmonda yonayotgan,
Shamolning qabri.
Vaqt bu esayotgan.

3.

Xomush yog’ar bu kech faromush yomg’ir,
Ko’lmakda cho’milar azador gulim.
Bu zamin o’ynoqi, bunchalar dilgir,
Go’riston tomondan is olar ko’nglim.

Xomush yog’ar yomg’ir, kimdan bu alam?
Tunning siynasiga bosh qo’y, bardoshim.
Menga o’lim endi, o’lim bir qadam,
yig’lasin yuragim – adashgan toshim.

Ko’ngilga tushgaymi osmoniy titroq,
Eng so’nggi ilinjim besamar ohlar.
Osmonda yashinu ko’zimda ingroq,
Ko’ksimda nish urmish sap-sarig’ dog’lar.

Umrimni zavolga bo’lib berdim men,
Mensiz joynamozim parishon yotar.
O’chgan yulduz inida uya qurdim men,
Bir shu’la yuzimga tarsaki tortar.

4.

Ko’zlarimga siyoh nurlarin tashlab,
Dunyo uzra o’chgay abadiy fonus.
Horigan yurakni g’am o’ti g’ashlab,
ko’chgan dil o’rnida yig’laydi qaqnus.

Osmonda chayqalar yasangan hilol,
g’am yo’qday havoda atrof tip-tiniq.
Zaminning dardi yo’q, deb uvlar shamol,
Ko’zimning devori, shishasi siniq.

Kim charx tasviriga shodlik etgan jo?
Sakraydi shamolda o’ynoqi navo.
Sochimni silama, shodlik, uxlayman,
Oh, shamol, mehringdan kulib yig’layman.

5.

O’sha og’ir, o’sha mas’ul yer.
O’sha shift – ko’ringan abadiy osmon,
O’sha ming yil oldin yoqqan bu yomg’ir,
O’sha yurak, o’sha bir boshli inson.

O’sha Vatan, o’sha his-tuyg’u, vijdon.
O’sha shamol, bo’ron, hazin, nafis yel
O’sha banda, o’sha qul va o’sha zamon.

гул

FURQAT MELI

Mahmud Zoriyga

YO’L YURIB
yiqildim, ko’za ham sindi – qumga singib bitdi so’nggi tomchi suv. Ichimdan so’nggi bor havolar
chiqdi, yurakdan norasta navolar chiqdi.
Sahroda yotibman, suyakka qadar quyosh yomg’irlari yetib kirdilar. Eng ezgu atalgan tilakka qadar
ko’krak qafasimni kengaytirdilar.
Tilakki, tilimni tiladi, bu dam – yurak yo’q, vujud yo’q, ko’z yo’qdir.
Navoki, nahriga oladi, bu dam – falak yo’q, hudud yo’q, so’z yo’qdir.

MENING ko’zimda bir parda bo’lsaydi,
Qaniydi dunyoni toza ko’rsaydim.

Bu o’t – xiyonatkor, bu suv –fohisha,
ayyor qul ekan-ku tuproq hamisha,
inson chanog’iga may quyib ichsam,
bu havo bo’ldi-ku menga hamshisha.
Bu to’rt yetimchaning otasi qani?
Bu to’rt yetimchaning onasi qani?

Mening ko’zimda bir parda bo’lsaydi,
Qaniydi hammani toza ko’rsaydim.

Dunyoga yaxshilik – poydevor, yomonlik ustun.
Axmoqlar – fuqaro, benomus – podsho.
Ablahlik hukmron, bildingmi do’stim?
Bir yaxshi may ichib, bir yomon qusdim…

DUNYONI
soatday teskantir falak,
malak pora qilsin ko’ylaklarini.
O’n yetti yoshli qiz bilaklarini
bir to’mtoq kosovga aylantir falak.
Dunyoni soatday teskantir falak,

quzg’unga aylantir laylaklaringni,
devona, telbayu tentaklaringni
Laylatulqadrdan seskantir falak.
Dunyoni teskantir, seskantir falak.

AYTGAN
so’zim quruq safsata,
yo’q ishonmang barchasi yolg’on.
Borayotgan joyim xaroba,
buzilgan, kimsasiz bir makon.
Yo’q, ergashmang, ortimdan bormang!
Istamayman.
Axir siz yaxshi Odam
shu bo’stonda qoling, gulistonda qoling!
Siz haqni sevasiz, haqni aytasiz.

SAHRO
va xira kun, uzun izg’irin.
So’qishlar, so’kishlar, otlar kishnaydi.
Rassom nima qilsin? Bechora
ranglarga belanib ishlaydi.

Xayollar – bu kulrang bulutlar
ko’zlariga sizib kiradi.
Milyon zarralardan iborat olam.
Milyon zarralarga to’lgandir bu jom.

Vaqt daryosi. Zaharli ilon
vujudida sudraladi jim.
Assalomu alaykum ilon…

EY DO’ST, tomosho qil!
Ulkan dengizdagi shalag’i chiqqan kema –
holimni.
Ey do’st, tomosho qil!
kul, yayra, faqat yig’lama.
Minglab yildan buyon ko’kka bo’y cho’zib,
yana yerga qaytayotgan nabototni tomosha qil!
Ey do’st!
Guliston, deb atalgan bu –
xarobotni tomosha qil!

BU KECH dalalarga do’l yog’di,
ekinlarni ayovsiz yanchdi.
Uchib yurgan kushlar yiqildi.
Osmon, nima qilib qo’yding?

Bunchalar g’uldiraysan, nima bo’ldi ayt?
Bulut yulduzlarni nega yeb qo’yding?
Telba bo’lib qoldingmi, mendek
sevib qoldingmi yo biror kimsani?

OSMON
yiroq, yer qattiq, degan so’zlaringga inonmadim hech.
Yer yutdi-ku qancha do’stimni…

TILIMNI yutib yubordim.
Bo’g’zimdagi girdob tortib ketdi uni
ichimdagi qorong’u zindonga.

DARAXT
ishonmadi hayqiriqlarga,
hech bir so’z demadi, ichiga yutdi.
Bu mayda odamlar buncha shodlanar?
Daraxt chidolmadi – ko’karib ketdi.

Eshikni ochmasdan kirib keldi, u
vujudimga qondek quyildi.
Aqlimni parchalab tashladi.
Tur, dedi. Yur, dedi. Yo’lga boshladi.

Bu yolg’on qobig’dan chiqib ketdik biz.
Bu chirkin tomug’ni bosib o’tdik biz.
Chor atrof tinch edi, hech to’xtamasdik.
Qarama, dedi u. Ko’zni yum, dedi.

Itoat etdim men – ko’zimni yumdim.
YO, Tangrim! Shu damda o’zimni ko’rdim.
Dushmanga otilgan kamon o’qidek
bir gulxan ichiga kirib borardim.

гул

MALIK MANSUR

1.

Turk. Turon. Turkiston.
Uch bahodir so’z.
Uch sarboz boradir ot o’ynatib.
Jasur bir baxt bordir dunyoda
Turkni anglamak, turkcha so’zlamak.

Dunyoda bir go’zal o’lim bor –
Uch so’z uchun o’lmak. O’lmasdan avval o’lmak.

2.

Mana, nihoyat Men va Tun.
Atrofda hech kim.
Men va Tun. Mayit – Men. Tun – tobut.

3.

Bo’ldi. Menda boshqa asos yo’q
Barchasi oldinda, deb o’zimni avrashga.
Sudralib yurishga o’sha ma’shum
Omadning yirtiq paypog’iga suykanib,
Ertamni kech qilib.
Qiyomiga yetmagan fasl – xotirot
Ekkan gullarini teraman yig’lab.

4.

O’zingni o’zingga qo’yib ber,
zo’rlanma, nomusingga tegma,
tun qanotin yozayotganda,
ohista ruhingni ochg’il.
Sirg’alib suzsin u shu yo’qlik aro.
Shalvirab bo’shashgan, tentirab holsiz,
Oldingga qaytganda ranjima aslo,
Baribir u ruh-da aqlsiz, ko’zsiz.
Axir sen shu tiyrak nigohing bilan
Yo’qlikni ushlab ko’rding-ku.

5.
…va yurakda fojea yuz berdi.
Sen ketding, qaramading ortga,
Sening ortingdan kuzak ham yo’l oldi
Qahraton, ma’suma qorlar bag’riga.
Men qoldim,
Aldamchi bahorda va sarxush yozda.
Boychechak yel bilan o’ynashgan.
Bu fasl kelindek tovlangan
fursatda,
men qoldim
muvaqqat gullarning yodida.

6.

Mana U yaramas –
labida tamaki,
qo’lida qalam
va yana may to’la
shisha ushlagan –
Tangri istehkomiga
otlangan jangchi.

7.

Chatnab, chanqab uyg’ondim,
Atrofga qaradim sarosimada.
Va ilkis qop-qora dev-la to’qnashdim.
Ko’zimni tun bilan almashgan edim.
So’z yo’q, luqma yo’q,
Men unga baqraydim
U menga. U tarafda o’lim bilan
shunday uchrashdim.

8.

Barchasi tanish, o’sha eski is,
Mo’matoloq qalb,
Vag’illayotgan donishmand chol,
Naqadar qo’rqinchli bu borliq.
Kimga sig’inayin, kimga yig’layin
Ko’chada kuchuklar alla aytadi.
Boshimdan sharob to’kdim,
Unutma, ketdim.
Qirlardagi yantoqlar oyog’imga
Og’riq og’riq suqildi. Og’riq ichimni kemirdi.
Enamni sog’indim.

9.

Yurak yoril, marhamat kutma.
Qulog’ing tutma sibizg’a sehriga,
Nima tarix, o’tkinchi qayg’u
Yillar ezayotgan sabrni tashla
Qon oqmoqda bo’g’zimdan
Ko’ksimga qarab,
Zamin o’grilmoqda ko’zguga.
Yurak yoril, tosh kabi yoril,
Kunlar o’tayotir betin, betayin.
Kimdir sig’inmoqda ko’kka termulib:
O’, Tangrim kechirgin sotqin bandangni,

Ko’ksini paypaslab qidirayotgan kim?
Boshingga toshlarni otayotgan kim?
Toshlar girdobiga cho’kayotgan kim?
Yurak yoril, tosh bo’lma buncha.
Ko’z. Ko’r. So’z. So’r.
Olis sahrodagi
yolg’iz bir bo’ri
tun bo’yi uvlaydir,
uyqu bermaydir…

10.

Ko’zlaringda his etadi oy,
Yulduzlar kuydilar hasaddan.
Oyga qaramakdan hadikda
Gullar bosh egdilar ta’zimga.
Men oyni o’pmoqchiydim
Kuyib kul bo’ldim.

11.

Oh, ko’zlari parishon, dili nogiron, farishta
qiyofa munkillagan, sochlari patila qafasdagi
alamzada, nima deb taskin beray men senga,
mushtipar boyaqish, saratonda sovuq urgan,
xudo qarg’agan bechoraginam.

12.

darpardani ko’tar, ey za’faron Kuz
yuragim rangidan
qo’rqmasang magar.

13.

Yaydoq cho’ldan ketayotgan
yolg’iz yo’lovchi
ortingda nima bor, oldingda nima?
Qayga borursen?

14.

…uvladi, til bilan bilmadi.
uvladi, ko’z bilan bilmadi,
uvlayverdi tinimsiz,
uv-uv-uvvv
bechora til,
bechora dil.

Manba: “YOSHLIK” jurnali(1997 yil) va Adabiyot manzaralari

p style=»text-align: justify;»

(Tashriflar: umumiy 245, bugungi 1)

Izoh qoldiring