Mirzo Kenjabek. Ruhning ozuqasi ma’naviyat bozorlaridadur.

099
Бу кунги замонавий адабиётнинг энг юксак намуналари қадимий турк битиктошларида мавжуд эди. “Олтин ёруқ”, “Хўби битик” тошларидаги ёзувлар замонавий шеъриятнинг олий намуналаридир. Дунёдаги ҳамма “модернчи”лар бирлашса, Навоийнинг “Муножот” асарига етадиган замонавий бир асар ёза олмайди. Чунки у фақат сарбаст эмас, у фақат фикр маҳсули эмас, пок қалб, комил иймон, нурли маърифат, илоҳий ишқ маҳсулидир. Демак, гап маънавий аҳволдадир.

06
Мирзо Кенжабек
РУҲНИНГ ОЗУҚАСИ МАЪНАВИЯТ БОЗОРЛАРИДАДУР
01

Кўнглимда адабиётга илк муҳаббат болалик дав­римдан уйғонган. Ҳазрати Боязид Бистомий ўз ҳолларини “онадан туғма давлат” деганлар. Албатта, ҳар бир шоирнинг шоирлиги ҳали туғилмасидан бошланади.

Ёзган шеърларимдан кўра ёзмаганларим кўпроқ.
Ота-онам фақат меҳнат-машаққат ичида яшадилар.

Онам беш ёшда оталари, саккиз ёшда оналаридан айрилиб, етим ўсган ғариба аёл, акамни ўзига ота қилиб олган, мени ака, укаларимни ука, амаки ва тоғалар қилиб олган эдилар. Кейин сингилларим: онам­нинг она ва опалари туғилди. Бу юксак мартабаларимиз дилимга ғамгинлик бериб, кўзимни ёшлатар эди. Ўша илк ғамларим, кўз ёшларим кўнглимда уйғонган илк шеърлар бўлса, ажаб эмас.

Беш яшарлигимда уч яшар синглим сувда оқиб кетиб, вафот бўлди, онам тегирмон тагидан топиб чиқдилар. Онамнинг ўлик қизчани бағрига босиб фар­ёд чекканлари, эҳтимол, илк шеърларимдир.

Қишнинг узун кечаларида акам иккимиз онамга ва бизникига келган қўшни аёлларга халқ достонларини ўқиб берар эдик. Энг ғамгин жойларида акам чиқиб кетар, мен йиғлаб, давом эттиришга мажбур бўлар эдим. Масалан, Холбиканинг икки ўғли дорга осиляпти, у нажот қидириб, бўзлаб, дорнинг оғочига салом беради: “Ассаломалайкум, дорнинг оғочи!” – дея золимлар қалбига шафқат солмоқчи бўлади. Балки, ўша риёсиз йиғилар илк шеърларимдир.

Кейин замона адибларининг роман ва қиссаларини ўқийдиган бўлдик. Қайси асарни ўқисам, узоқ вақт унинг таъсирида юрар ва ўзимни китобнинг ижобий қаҳрамонидек ҳис қилар эдим. Сўнг мақолалар ёзишни ўргандик. “Сариосиё ҳақиқати” газетасида “Далалардан дараклар” рукнида Сирожиддин Саййид билан иккимизнинг мақолаларимиз чиқа бошлади. Биз бир вақтда Тошкент давлат университети (ҳозирги Миллий университет)нинг журналистика факультетига ўқишга кирдик ва танишдик. Кейинчалик Сирожиддин бир шеърий китобимга ёзган тақризини “Юраклардан дараклар” деб атаганида ўша болалик даврларига ишорат қилган эди.

Ислом деган дўстим доимий суҳбатдошим ва сирдошим эди. Биз ҳар бир ўқиган асаримизни кунлар бўйи муҳокама қилар эдик. Мактаб давримиздаёқ Сергей Есениннинг “Замин дарғаси” китобидаги кўп шеърларни ёд олган эдик. Мен унга ўзбек адабиётининг мумтозларини билдирсам, у менга форс-тожик адабиётининг мумтозларини билдирар эди. Шундай қилиб, Ҳофиз Шерозий, Саъдий Шерозий, Ҳилолий шеърларини ўқийдиган бўлдик.

Илк шеърий машқларим ўша давр (70-йиллар) ёки мактаб муҳитига мос бўлиб, шеър дегулик эмасди. Шунинг учун талабалик давримдаги “Моможон” шеъримни илк шеърим десам, бўлар. Бу шеърим билан устоз Абдулла Орифнинг назарига эришгандирман. Ўшанда Миллий университетнинг учинчи курсида ўқирдим. Талабалар шаҳарчасида таниқли шоирлар билан эркин ижодий мулоқотлар кўп бўлар эди. Қишки имтиҳон вақти, филология факультети ётоқхонасидаги бир анжуманда менга навбат берилиб, “Моможон” шеъримни, кутилмаган олқишлардан кейин Лойиқ Шералидан таржима қилганим – “Ўшанда етарлар шоир қадрига” деган шеър­ни ўқиган эдим.

“Ёшлик” альманахига шеър бериб, азиз устоз Эркин Воҳид йўқловига эришдим. Шоир Мирпўлат Мирзо мени Эркин Воҳид қидираётганини айтди, “Ёш гвардия” нашриётига келганимда бош муҳаррир бўлмиш устоз ҳузурига бошлаб кирди. Шеъриятимизнинг ҳақли дарғалари бўлмиш икки буюк устоз назаридан ҳар ким ҳам руҳланар эди.

Тўртинчи курслигимда ёш ижодкорларнинг соғ­лом минбари бўлган “Гулистон” журналида икки шеърим чиқди, кейинроқ бир туркумим тайёрланди. Бош муҳаррир Асқад Мухтор: “Ҳеч сўлмас баҳорлар тилайман сенга!”, деган сатримни туркумга ўз қўли билан сарлавҳа қилиб танлаган эди. Шунда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ташкил топиб, Асқад Мухтор унга муҳаррир бўлди, “Гулистон”нинг янги муҳаррири 4-сондан бир ярим саҳифалик шеъримни олиб ташлади. Қўлёзмани таҳририятдан олиб, Асқад Мухторга киритиб бердим. Фидойи устоз туркумни газетада чоп этди. Ўша “Ҳеч сўлмас баҳорлар тилайман сенга!” – деган ёзувни раҳматлик Асқад Мухторнинг эзгу дуоси деб биламан.

1982 йилда “Мактубларим” номли илк китобим чиқди. Албатта, у маҳалдаги ҳаяжонларнинг тавсифи йўқ. Номи асли “Адашган мактублар” эди, нашриёт кенгашида китоб номига эътироз бўлиб, “Мактубларим” бўлиб қолди. Лекин муқовага ишланган расмдан то ҳануз уяламан.

Китоб ҳақида келган мактублар ичида Турсунбой Адашбоевнинг Ўшдан йўллаган хати энг руҳ­лантирувчи, мағзи тўқ эътирофнома эди. Бу митти китобча ва “Қуёшга қараган уй” номли иккинчи китобчам корректураси билан Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиндим.

Хоҳ ижодда, хоҳ илмда бўлсин, изланишдан тўх­таган ёки ҳаётда бирор довонга етган киши ўтмиш хотираларини сўзловчан бўлиб қолади. Мен ўзимни изланишда деб ҳисоблайман. Лекин кўпчиликка ибрат бўлгулик хотираларим ҳам йўқ. Ҳаётим тенгдош қаламкашлар ҳаётига ўхшаш: деярли бутун болалигим пахта далаларида ўтган. Бунинг устига, сўз санъатида қоилмақом кашфиётим ҳам зоҳир эмас.

Ўтмишимга назар ташласам, фахрлангулик, юпан­гулик бир ҳолни кўрмайман. Болалик давримизда диёримизда, яқинларимизда қанча улуғ зотлар, шайхлар, валийлар, алломалар бўлган, лекин биз уларнинг илму маърифати оламидан бебаҳра ўсганмиз. Беҳисоб шук­ронам шундаки, кейинчалик Аллоҳ таъоло менга гўзал маънавий неъматларини ато айлади.

Ҳаётда кўп яхши одамлар ва яхши устозларга дуч келдим. Шеърият сирларини биров бошимда туриб ўргатмаган бўлса-да, ҳаёт ўзи муаллимлик қилди.

7-8-синфда ўқирдик, бир куни Саидқул деган синфдошим ҳовлиқиб Абдулла Орифнинг китобини то­пиб келди, ҳаяжонланиб, “Онажон” деган шеърини ўқиди. Шеърият ҳақидаги ибтидоий қарашларим барбод бўлди. Шеърда инсон қалбини, дардини, рост гапни ёзиш мумкинлигини, эҳтимол, илк марта ўшанда ҳис қилгандирман.

Мактаб саҳнасида мушоира ва мусобақалар кўп бўлар эди. Бир анжуманда биздан қуйироқ синфдаги Эргаш Салимов деган мактабдошим Эркин Воҳиднинг “Ўзбегим” шеърини жаранглатиб ўқиб қолди. Ҳаммани ҳайратда қолдирди. “Бу шеърни қаердан топдинг?” десам, “Акам Тошкентдан олиб келган китобда бор”, деди. (Акаси Муҳаммадқул Салимов қишлоғимиздан ТошДУнинг филология факультетида ўқийдиган ягона шахс эди, сўнг ҳарбий соҳани танлади.) Бу шеър бизнинг кўплаб сохта тантанали шеърларимиз ва маҳдуд қарашларимизни барбод қилди. Ўз миллий Ватанини куйлаш, миллатини шарафлаш шўро сиёсатига хилоф саналар эди.

Шундай қилиб, икки улуғ шоир шеърлари ўз соҳибларининг ғамгин ва жасур қалбини шарафлаган ҳолда илк марта Сурхон воҳасидаги чекка, эски Ашуржийлон (ҳозирги Меҳнат) қишлоғига кириб келди.

Университетдаги таълим таъсирлари фикр-ўй­ла­римизни ўзгартирди. Нажмиддин Комил, Ғайбулла ас-Саломлардан фақат таржима сабоқларини эмас, ҳаёт дарсларини ўрганар эдик. Ёзги таътилларда, Хуфар тоғларига чиқиб кетган чоғларимда ҳам улар нашр этган “Таржима санъати” китоби ёнимда бўлар эди. Воҳид Абдуллаев, Анвар Шомақсудов меҳрибон устозлар эди. Воҳид Аблуллаев мени илм йўлига тортишга уринганлар. Кейин билсам, олдин Тоҳир Маликни ҳам илмий ишга ундаган, Ўткир Ҳошимовнинг матбуотда чиққан асарини курс иши ўрнида қабул қилган эканлар. Қобилиятни пайқаш шуъурлари бор эди. Тўғон Эрназаров билан кам кўришсак-да, яхши таассурот олганмиз, доктор, профессор домланинг шоирлигини билиб қувонганмиз. Сайди Умиров шогирдлар фикрини ҳаёт билан боғлашга ҳаракат қилса, Бойбўта Дўстқораев тарихни ҳаёт билан боғлашга уринар, Чўлпон сатрлари, Усмон Носир шеърларидан ўқиб бериб, биз ёшларда соғлом фикр ва ғоялар уйғотар эдилар. Курс раҳбаримиз Назира Абдуазизова куюнчак, меҳрибон ҳимоячимиз эдилар, сўнг журналистика тарихи соҳасида аёллардан чиққан биринчи фан доктори бўлдилар.

Биз гарчи журналистика факультетида ўқисак-да, филология дарсхонасида кечадиган адабий анжуманлардан кўпроқ баҳра олар эдик. Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов ва бошқа олимларнинг сўзлари биз ёшларга ёқар эди.

Бир гал Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодиров билан мулоқот бўлди. “Улуғбек хазинаси” асари чоп этилиб, Чингиз Айтматовнинг адибга мактуби “шов-шув” бўлган, Бобуршоҳ ҳақидаги “Юлдузли тунлар” китоби ҳали нашр бўлмай, овозаси тарқалган кезлар. Бир нотиқ икки адибни қиёслаб: “Пичоқни қайроқда қайрагандек”, деган иборани қўллаган эди, Пиримқул Қодиров ўзини камситилган сезиб, аччиқланди: “Пи­чоқни фақат қайроқда қайрамайди, пичоқни пи­чоқда ҳам қайрайдилар!” – дея эътироз билдирди. Бу дақиқ ибора ҳаммага ёқиб, олқишланди. Дарвоқе, муҳитдаги шоиру ёзувчилар бир-бири билан қайралиб юрган мусобақадошлар эди.

Шижоатли адиб Шуҳрат билан учрашув бўлганда, уруш даврини эслаб: “Ойдин кечаларда жангга халал етар ва биз осмондаги ойдан койинар эдик”, деганди. Англадикки, тун маликаси – ой шеъриятга ярашар экан, уруш қонуниятига мувофиқ келмас экан.

Атоқли адиб Саид Аҳмаддан чой дамлашни ва кўп дақиқликларни ўргандим. Баъзан синчков кузатувлар ҳам сабоқ бўлар экан. 1988 йили Польшага – санъат ва шеърият фестивалига жўнаш олдидан Саид Аҳмаднинг дуосини олай дедим. “Шерикларинг кимлар?” – деб сўради. “Ленинград ва Белоруссия шоирлари, яна Доғистондан Фазу Алиева”, дедим. “Фазуни танийсанми?” – деди. “Йўқ”, дедим. “Дунёдаги ҳамма темир-тақаларни ўзига тақиб олган аёлни кўрсанг, ўша Фазу Алиева бўлади!” – деди. Москвада, Шереметево аэропорти назоратидан ўтиб, кутиш залига киргач, узоқдан кўп ялтироқ тақинчоқларни тақиб олган аёлни кўрдим. Табассумдан ўзимни тиёлмай, олдига бориб: “Сиз Доғистоннинг машҳур шоираси Фазу Алиевасиз!” – дедим. “Ҳа, менман, нега куляпсиз, йигит?” – деди. “Сизни кўриб, хурсандлигимдан куляпман”, дедим. Ҳолбуки, мени кулдирган Саид Аҳмаднинг латиф ифодаси эди.

Шукур Холмирзаев ва Рауф Парфидан ватансеварлик сабоқларини ўргандик. “Илҳом” клуби, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, Муҳаммад Раҳмон суҳбатлари ва хонадонлари бизнинг ҳаракатдаги очиқ адабий муҳитимиз эди. Мурод Муҳаммад Дўстнинг Москвадан ўқишни битириб Тошкентга қайтиши бизга қувонч бахш этган, гўё ҳаётимиз ранги бир оз ўзгарган. Унинг суҳбатини топган киши: истеъдодига муносиб асарини ҳали ёзган эмас, деб ишонади. Йўлдош Эшбек “Гулистон” журналидаги бир туркум шеъри билан машҳур шоирга айланган.

Миръазиз Аъзам: “Кўп шоирлар фақат қатъий интизом билангина юксаклик даражасига етган”, деб таъкидлар эди. Бас, ёшлигимдан ҳаётимда мустаҳкам иш интизомини ўрнатиб олишга интилдим.

Адабиёт газетасида хизмат қилганимда обуна ишлари билан Нукусга сафар қилгандим. Тўлепберган Қаипбергеновнинг уйида унинг иш низомидан ҳайратда қолганман: эртадан кечгача, тафаккур қилар, ўтириб ҳам, ётиб ҳам ёзаверар эди.

Шукур Холмирзаевни ёзишдан холи топиш қийин эди. Бошқа иш қилаётганда ҳам хаёли ёзувида бўлар эди. Маълум бўладики, сўз санъатининг талаби тинимсиз меҳнатдир.

Абдуқаҳҳор Иброҳим: “Ҳаётда тарозининг икки палласидан бирига тош қўйиш зарур бўлган ҳоллар дуч келади. Ҳамиша тарозининг яхшилик палласига тош қўйинг, агар яхшилик палласига тош қўйиш қўлингиздан келмаса, бир илож топиб, ёмонлик палласига тош қўйишдан сақланинг”, дер эди. Бу сўзни яшаш шиори қилиб олишга уриндим.

Эркин Воҳид: “Шоир сўзда ҳам, шеърда ҳам иссиқ нафас қилиши керак. Фаришта омин дейди, деган гап бор. Ўлимдан ёзган шоирларнинг кўпи ёш ўлган. Асқад Мухтор: “Кўнглим сезиб турар, узоқ бўлар умрим”, деб ёзган, мана узоқ умр кўрмоқда”, дея яхши ният тақдиротнинг яхшилигидан хабар беришини айтар эдилар.

Абдулла Ориф бир болалар шоири ҳақида: “Фалончининг оғзини саккиз йил пойладим, оғзидан бир ҳикматли гап чиқмади”, дердилар. Албатта, булар ҳаёт сабоқларидир.

Китобларимни, шуъуран билиб турсам-да, санама­ганман (санагулик ҳам эмасдир), умумий ададини ҳам ҳисобламаганман. Санашни ва бир нарсанинг кўплиги билан фахрланишни ёқтирмайман. Уларнинг ҳаммасидан ҳам кўнглим тўлган эмас. Навоийси бор қаламкашнинг ўз ижодидан кўнгли тўлармиди! Ҳам­мамиз у буюк тоғнинг этагида овуниб юрганлармиз.

Менга қўйса, халқимиз ва Ватанимиз эрку озодлиги йўлидаги курашларим ва публицистик мақолаларимни бошқа ижоддан устун қўйган бўлар эдим.

Шеърий китобларимдан “Баҳорим еллари” (ҳамма шеърлар эмас), маърифий асарларимдан “Термиз тазкираси”, таржималаримдан “Омолий”, “Тазкиратул-авлиё”, “Сунани Термизий”, “Тасаввуф ва гўзаллик”, Махтумқули “Сайланма”си кўнглимга таскин беради.

* * *

Адабиётнинг жамиятдаги ўрни, агар у ҳақиқий адабиёт бўлса, танадаги руҳ кабидир. Албатта, адабиётни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тартибга солиш яхши ва бу ҳар бир ижодкорнинг ўз иймони ва виждонида бўлиши керак. Лекин шахсларни синдириш, халқнинг руҳини ўлдириш, сўзни, ижодни, илму фанни, тафаккурни, ҳатто туйғуларни ва қалбни сиёсийлаштириш мустабид тузумнинг мажбурловчи услуби эди. Баданнинг озуқаси бўлганидек, руҳнинг ҳам озуқаси бор. Баданнинг озуқаси табиат бозорларида бўлса, руҳнинг озуқаси маънавият бозорларидадир.

Шўро даврида руҳ озуқаси бўлган маърифат, миллий тарих хазиналари, илоҳий ҳақиқатлар, Қуръони карим, ҳадиси шарифлар тақиқланиб, халқнинг биргина маънавий таянчи адабиёт бўлиб қолган эди. Ҳатто ҳинд кинофильмлари, ўта содда бўлишига қарамай, халқимизнинг миллий туйғуларига мувофиқ тушар, қайноқ инсоний ҳисларни сақлашга сабаб бўлиб, ёшлар ўзаро табрикномаларида бир-бирига “ҳиндуёна муҳаббат” тилар эди.

Шунинг учун истиқлолнинг илк даврида асл илоҳий манбаъларга йўл очилгач, Раҳмоний маърифат натижаси бўлган ҳақиқий адабиётга эҳтиёж ортди ва шайтоний илҳом маҳсули бўлган асарлар бозори касод бўлди. Янги фикрли, заковатли, салоҳиятли, талабчан китобхонлар зумраси пайдо бўлди. Баъзи қаламкашлар буни ҳисобга олмаяптилар ва эски фалсафий қолипларда юрибдилар.

Энди бир фикр туғилади: Адабиётнинг жамиятдаги ўрни-ку, маълум. Адибнинг жамиятдаги ўрни қандай бўлиши керак? Адиб, баъзилар каби, эски маддоҳ, эски замонасоз, эски латифагўй, эски мукофотпараст, эски ичиб бижғиб юрувчи кимса бўлиб қолавериши керакми? Ёки ўзини ислоҳ қилиши керакми? Адибда субут бўлмаса, иззати ҳам қўлдан кетади. Шўро даврида ўзини пуч, ёлғон ва ўткинчи ғояларга боғлаб берган адибларнинг аҳволи не бўлди? Бу каттаю кичик ҳамма ижодкорларга тарих сабоғидир.

Навоийнинг қомусий даҳосига қарасак, ҳаётимиз маҳдуд, маърифатсиз бир равиш билан ўтаётгандек туюлади. Ўтмиш манзаралари: оддий ҳаётий масалаларда сиёсий айбномалар тақаш, васваса билан халқ ичидан душман қидириш, бир ёғду кўрганда ёнғиндан бонг уриш, айниқса, муқаддас дин аҳлларини камситиш, душман деб билиш ва жамиятдан четлатиш, одамларга кўтаринки ҳаёт бахш этиш ўрнига, руҳни ўлдириш, шахсларни парчалаш, сохтакорлик – истибдод давридаги ҳаёт тарзимиз ана шу эди.

Мактаб фақат учинчи синфдан иборат эмас. Бош­қарувчи устоз биринчи синфга ҳам, бешинчи ва ўнинчи синфга ҳам лаёқатли, қамровли, фаросатли, заковатли ва кенгфеълли бўлиши шарт.

Ижодкор некбин ва тирикқалб бўлиши керак. Истибдод даврида ҳаётни “бугун”дан иборат деб билганлар алданиб қолди. Уларнинг сандиғидан келажак учун ёзилган ҳақиқат асарлари ҳам чиқмади. Улар зулм ва ноҳақлик пойдевори устига қурилган шўро салтанатини ҳаргиз емирилмайди, деб гумон қилдилар. Лекин бир буюк ибрат, бир буюк сабр ва сабот намунаси бор: биз дарсликлардан билган ва таниган машҳур ёзарлардан ташқари, ҳаётнинг пинҳон қатламида яна бир тоифа замондош шоир ва адиблар зумраси бор эдики, уларнинг номлари ва асарлари истиқлол давридагина халққа маълум бўлди. Алихонтўра Соғуний, Фақирий Шаҳрисабзий, Йўлдошхўжа Доғий, Назруллоҳхон Ғарибий, Дадахон Қори Суҳайлий, Қул Азиз Туркистоний шулар жумласидандир. Истибдод даврида “мулла” ва “эшон” деган тамғалар билан хаспўшланган бу азиз зотлар ижодини адабиёт дарсликларига киритиш вақти энди келгандир.

Адибнинг ҳаёти тириклик давридан иборат эмас. Ўлим баъзи тақиқларни бузади. Баъзан адибларнинг ҳаётда ман этилган асарлари вафотидан кейин ҳаёт­га йўл топади. Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” асари тарихий-ҳужжатли адабиётнинг энг юксак намунасидир. Бу “роман” адиб вафотидан кейин дунё юзини кўрди. Чунки адиб зулм салтанатининг барбод бўлишини англаган ва келажакка ишонган эди.

* * *

Мумтоз адабиётда “мажоз тариқи”, “ҳақиқат тариқи” деган тушунчалар бор эди. Бу кун буни анг­лайдиган инсонларнинг ўзи оз. Менимча, шарқ халқ­ларининг, ўзбек халқининг адабиёти муайян ахлоқ ва ҳаё пардаларига ўралган бўлиши шарт. Денгиз ортидаги ҳурриятни (демократияни) ёки ғарб ва оврўпо ҳурриятини айнан бир мамлакатга, масалан, Ўзбекистонга кўчириш мумкин бўлмаганидек, баъзи адабий мезонларни ҳам айнан кўчириш мумкин эмас. Чунки уларда ҳамма нарсага – ҳаромга, фасодга, бузуқликка ҳам ҳуррият бор. Ислом маданияти тарқалган ўлкаларда эса ҳаққа ҳуррият бор, ботилга, фасодга, бузуқлик ва беҳаёликка ҳуррият йўқ.

Муҳтарам кишилар таржима қилган баъзи романлар борки, гарчи уларда “буржуа” разолати, фоҳишабозлик фош этилган бўлса-да, одамлар, ёшлар улардан яхшиликни ўрганади, дейиш қийин. У китоблардан ёшлар ўша жирканч ҳаётни, бузуқликни, беҳаёликни ўрганмасмикин, деган қўрқувдаман. Телевидениедаги баъзи сериаллар ҳам шунга дохилдир. Қадим шарқ маданиятида гуноҳни ёзиш тугул, гапиришга рухсат бўлмаган. Чунки гуноҳ гапирилса, инсонлар унга кўникиб қолади, жирканч ишдан ҳазар қилмайдиган, уни тўхтатмайдиган бўлади.

Саҳна асарининг ҳам, қўшиқ санъатининг ҳам, бадиий фильмларнинг ҳам таянчи сўздир – адабиётдир. Баъзи эстрада қўшиқлари санъат намунаси эмас, шаҳват намунаси бўлса, бас, ўша сўз санъат асари эмас, шаҳват асаридир.

Адабиёт азал-абад эзгуликни, одамийликни, меҳр-муҳаббат ва дўстликни, покликни, олий инсоний фазилатларни устун тутади. “Ўзимдаги ҳамма яхши хислатлар учун китобдан миннатдорман”, деганда атоқли адиб КИТОБнинг моҳиятини очиб берган. Китоб муборак ва мўътабар нарсадир. У шармандали ҳаёт мажмуъи бўлиб қолмаслиги керак. Шукур Холмирзаев Толстой тилидан: “Санъатнинг энг улуғ вазифаси эса – инсонларни бирлаштириш, бир-бирига биродар қилишдан иборат», дейди.

Бас, адабиётимизда мумтоз, аслий гўзал анъаналар давом этиб, нохуш иллатлар барҳам топишини истайман.

* * *

Ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам хилма-хиллик, ранг-баранглик яхши. “Икки куни бир-бирига ўхшаган кишининг ҳолига вой бўлсин” деган ҳадиси шариф бор.

Ҳаётда ҳамма нарса янгилик бўлгани каби, ҳеч нарса янгилик ҳам эмас. Биз учун янгилик бўлган баъзи шеърий оқимлар бошқа ўлкаларда аллақачон ўз умрини тугатиб бўлган.

Ижодкор ўз қалб хазиналарини турли шаклларда ошкор этаверади. Ҳақиқий ижод намунасига бир номни андаза қилиш шарт эмас. Янгилик, замонавийлик мазмун ва моҳиятдадир: ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам шундай.

Узоқдан келган бир нарсага эргашганда биров эп­лаб эргашади, биров эпсиз эргашади. Истеъдод аҳли ўз сўзини айтишга имконият қидиради ва топади: ҳаётда­ги ҳамма нарса унга имконият омили бўлаверади.

Бу кунги замонавий адабиётнинг энг юксак намуналари қадимий турк битиктошларида мавжуд эди. “Олтин ёруқ”, “Хўби битик” тошларидаги ёзувлар замонавий шеъриятнинг олий намуналаридир. Дунёдаги ҳамма “модернчи”лар бирлашса, Навоийнинг “Муножот” асарига етадиган замонавий бир асар ёза олмайди. Чунки у фақат сарбаст эмас, у фақат фикр маҳсули эмас, пок қалб, комил иймон, нурли маърифат, илоҳий ишқ маҳсулидир. Демак, гап маънавий аҳволдадир.

Бугунги ўзбек адабиётини ривожлантириш учун фикри ва руҳияти соғлом авлодларни етиштириш, шоир ва ёзувчиларни аввалгилар мубтало бўлган балолардан қутқариш керак. Илму маърифати заиф ижодкор, ҳар қанча истеъдодли бўлса-да, маҳдуд бўлиб қолаверади

Ўрни келганда бир ҳасратимни айтиб ўтай. Бир қанча қаламкашлар умрини ичкилик барбод қилди. Улар, шубҳасиз, соғлом ва онгли фаолиятдан маҳрум бўлдилар. Чунки шоирнинг юмуши фақат шеърдан, ёзувчининг машғулоти фақат насрдан иборат эмас. Халқ учун, Ватан учун қилинадиган ақлий меҳнат турлари беҳисобдир.

Адабиёт ривожида тил ва луғатнинг ўрни бе­қиёсдир. Мустамлака даврида ўзбек луғатлари учун “инқилоб” (1917 йил) деб аталган даврдан бу ёқдаги асарлар асос қилиб олинган. Ҳозир янги луғатлар, бир мунча бойитилиб, жилд-жилд нашр бўлаётгани яхши, лекин ўша шўро қолипи ҳамон сақланиб турибди. Навоий асарлари луғати алоҳида, тўрт жилдлиги алоҳида (жуда оз нусхада чиққан), мумтоз девонлар охирига илова қилинаётган луғатлар алоҳида, шевалар луғати алоҳида, гўё уларнинг ҳозирги замон адабиётига алоқаси йўқдек! Ўзбек адабиётига даврий чегара қўйиб, иккига ажратишга кимнинг ҳаққи бор? Қадимий битиктошлардан то шу давргача бўлган ёзма асарлар яхлит, бир бутун ўзбек адабиётидир! Бас, луғатлар ҳам барча давр сўз бойлик­ларини жамлаган бир бутун луғат бўлиши керак.

Ниҳоят, оилам ҳақида айтсам, шукр, икки ўғил, икки қизим, набираларим бор. Оилада тинчи бўлган адибнинг ижодда ривожи бўлади. Менинг темир интизомимда, иншоаллоҳ, энди халқимизга етиб борадиган бир қанча китобларнинг ёзилиши ва таржима қилинишида оиламнинг ёрдами беқиёсдир.

ШОИР ҲАҚИДА

011Шоир, таржимон, журналист Мирзо Кенжабек 1956 йилда Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманида туғилган. Ўрта мактабни шу ерда (1963-1973) тамомлади. 1974-1979 йилларда Тошкент Давлат университети (ҳозирги Миллий университет)нинг журналистика факультетида, сўнг 1999-2001 йилларда Имом Бухорий номидаги Ислом институтида таълим олди. 1982 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Шеърий китоблари: «Мактубларим», «Қуёшга қараган уй», «Муножот», «Шарқ тили», «Баҳорим еллари».

Маърифий китоблари: «Термиз тазкираси», «Дунёнинг муршиди», Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг «Рисолаи Волидиййа» асари, Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб назмий таржимасининг қисқа шарҳи, «Эътикоф», «Қабристон зиёрати одоби”.

Жаҳон адабиётидан таржима қилган асарлари:

1. А.С.Пушкин: «Евгений Онегин», Фаридиддин Аттор: «Тазкират ул-авлиё» («Валийлар ёдномаси»), Махтумқули: Сайланма, Сирожиддин Усмон Ўший: «Омолий» манзумаси, Ҳофиз Шерозий, Саъдий Шерозий, Юнус Эмро ва И.В.Гёте ижодидан намуналар.

Таржима қилган илмий-маърифий китоблари: Маҳмуд Асъад Жўшон: «Ҳақиқий севги», «Тасаввуф ва гўзаллик», Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизий: «Сунани Термизий» («Ал-жомиъ ас-саҳиҳ»), Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий: «Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди» (Соғлом исломий ақида), Шайх Мавлоно Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавий: «Жомиъ ул-мутун» («Аҳли суннат эътиқоди»), Қутбиддин Изникий: «Муршиди мутааҳҳилийн», Ҳожи Аҳмаджон Махдум Ҳанафий-Нақшбандий: «Рисолаи сужуди саҳв».

Манба: “Ёшлик” журнали, 2011 йил, 5-сон.

хдк

(Tashriflar: umumiy 160, bugungi 1)

Izoh qoldiring