ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси. Мунаввар қори Абдурашидхонов

qori

Адиб, мураббий, муҳаррир, маърифатпарвар, жамоат арбоби Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли 1878-йилда Тошкент шаҳрининг Шайх Хованд Тоҳур даҳаси Дархон маҳалласида мударрис оиласида туғилди. Тошкентдаги Юнусхон мадрасасида ўқиди, сўнгра таҳсилини Бухорода давом эттирди, Тошкентга қайтгач, Дархон масжидида имомлик вазифасини бажаради.
Мунаввар қори ХIХ асрнинг охиридан бошлаб жадидчилик ҳаракатларида фаол иштирок эта бошлади. 1901-йилда ўз ҳовлисида, кейинчалик Тошкентнинг турли даҳаларида жадид мактабларини очади. Бу мактаблар учун 1907-йилда «Адиби аввал», «Адиби соний» дарсликларини яратади. «Тажвид ал-Қуръон», «Ер юзи» сингари қўлланмаларни тузиб, нашр этади. Болалар учун қатор шеърий ва насрий ҳикоялар ёзади.
У 1909-йили Тошкентда «Жамияти хайрия» уюшмасини тузади ва «Турон» номли жамиятни очади. Мунаввар қори 1906-йилда дастлабки ўзбек матбуоти намуналаридан бири «Хуршид» газетасини нашр этди. Кейинчалик «Нажот», «Кенгаш» газеталарида бош муҳаррир, «Садойи Туркистон»да эса бўлим муҳаррири бўлиб хизмат қилади.
Мунаввар қори 1917-йил феврал инқилобидан кейин Туркистонда демократик миллий давлатчиликни тузиш ғоясини илгари сурди. У Қўқонда ташкил топган Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлади.
Шўро даврида у ўзининг очиқ маърифий ишларини ва яширин сиёсий ҳаракатларини давом эттирди. 1918-йилнинг апрелида Туркистон халқ дорилфунунининг асосчиси ва ректори этиб сайланади. Унинг саъй-ҳаракати билан 1918-йил 2-июнда дорилмуаллимин иш бошлайди. У 1918 йилда «Турк ўчоғи» илмий-маърифий жамиятини ташкил қилади.
Мунаввар қори ўтган асрнинг 20-йилларида ўзбек юртининг мустақиллиги учун кураш вазифасини ўз олдига қўйган «Миллий иттиҳод» ва «Миллий истиқлол» яширин ташкилотларига раҳбарлик қилади.
20-йилларнинг ўрталарида миллий зиёлиларни таъқиб қилиш кучайиши натижасида Мунаввар қори ҳамма лавозимлардан четлаштирилади. Бироқ ҳатто қатағон ҳам Мунаввар қори Абдурашидхон ўғлини истиқлол ғояларидан қайтара олмади.
У 1929-йилда қамоққа олинади ва 1931-йилда отиб ўлдирилади. Унинг хоки Москвадаги Ваганково қабристонидадир.

ОРЗУ

Кўкламнинг искаб сунбулин,
Узгим келар нозик гулин,
Товши ёқимли булбулин
Бир лаҳза сайратгим келар.

Кўргим келар гулбоғини,
Ёзгим келар дил доғини,
Васлинг-ла кўклам чоғини
Бир-бирга ўхшатгим келар.

КУЗ

Кузнинг совуқ ели эсиб,
Сарғайтирди ёз юзини.
Ўсимликлар титраб, қақшаб,
Тутолмай қолди ўзини.

Кўк юзин булут қоплаб,
Қишлоқ элин сиқиштирди.
Экинчилар шошиб-пишиб,
Экинларин йиғиштирди.

Куз аскари келди босиб,
Қирилди япроғлар, ўтлар.
Гўё бунинг мотамида
Кўз ёшин тўкди булутлар.

Гулларнинг ранги сарғайди,
Тўкилди ерга япроғлар.
Қарғаларга макон бўлди
Булбулдан айрилиб боғлар.

Эрталаб кўрсанг, қировлар.
Оқартирган ер юзини.
Кечқурун булут қоплаган
Кўкнинг ой ҳам юлдузини.

Севингандан олақарға
Қағиллайди бўйнин чўзиб.
Қўрққанидан боғчачилар,
Узумларин олди узиб.

Эй куз! Сенинг ишларингдан
Бир яхшиси эсга келди:
Ёз бўйича ёпиқ турган
Мактаблар сенда очилди.

ҚИШ

Қиш қиличин олиб келиб,
Чопди чаманнинг гулларин.
Ғунчаларин хазон этиб,
Кўкка совурди кулларин.

Битди тириклик олами,
Қотди ҳама ўлик каби.
Қор кафанига чулғади
Боғ билан тоғу чўлларин.

Қишнинг ўзи каби совуқ
Қарғалар қағиллашар.
Ёмғир ва қор аралашиб,
Лойга тўлатди йўлларин.

Уйида йўқ ўтин, кўмир
Қиш куни камбағалларнинг,
Титрашади дириллашиб,
Ишқалаб оёқ, қўлларин.

Ишлаётибдир ишчилар
Қишнинг совуқ шамолида,
Қор билан муз орасида
Ўйламай ўнг ва сўлларин.

Чилла туни, совуқ ҳаво,
Масжид ичида бир гадо
Кийгали тўн тополмади,
Устига ёпди жулларин.

Бор кишилар равомидир
Кийса ўзи қават-қават!
Ҳолига шафқат этмаса
Юртнинг бева ва тулларин!

ЎЗИ ҲАМ ТОР ЭДИ

Бир кун бир кишининг тўпписи сувга
Тушиб оқиб кетди, бошяланг қолди.
Тутмоққа сув бўйлаб югурди, елди,
Охирда чарчади, оёғи толди.

Ётиб қўл узатган эди, тирғониб
Йиқилди, ҳўл бўлди бошдан-оёғи.
Ариқ бўйидаги тол тўнкасига
Тегиб кетди, бир оз қирилди чоғи.

Ололмай дўппидан умидин узди,
Қайтиб келди дўстларининг қошига,
Ўртоқлари сўзлашдилар ўзаро,
Кулишдилар қараб оёғ-бошига.

Бири сўрди: «Ҳорманг, ўртоқ, ов қалай?
Катта-катта балиқ сувда бормиди?»
Уялгандан деди: «Кетса майлига,
Бошимга ўзи ҳам бир оз тор эди».

ЯЛҚОВЛИК ЁВИМИЗДИР

Қўзғолингиз, эй ўртоқлар! Келди бизга ишлаш чоғи,
Биз барчамиз ёш ишчимиз, ишхонамиз — мактаб боғи.
Туринг, тезроқ иш бошлайлик,
Ялқовликни биз ташлайлик!

Кўкдан булут ёмғир сочар, сувлар оқар, ўтлар ўсар,
Қушлар учар, озиқ излар, бутун дунё тинмай ишлар.
Сиз ҳам туринг, эй ўртоқлар,
Юрт обрўсин ёшлар сақлар.

Танбалликдир бизга душман, ишламоқнинг замонидир,
Тиниб турмас «ёшман» деган, иш инсоннинг бир жонидир.
Тирик бўлсанг, қўзғол, ўртоқ!
Қўлга ишни тез ол, ўртоқ!

Жаннат каби гўзал юртинг йиғлаб, сендан иш кутадир,
Сенда кўргач ишсизликни, ҳасрат чекиб, қон ютадир.
Тур ўрнингдан, оч кўзингни,
Айт ёвингга сўнг сўзингни.

Ёвинг кимдир, биласанми? Нодонликдир, ялқовликдир,
Ёвга қарши курашмаслик — қўрқоқликдир, анқовликдир.
Иш қиличин, тур, қўлга ол!
Ёвга қарши чиндан қўзғол!

ҲАР КИМ ЭККАНИН ЎРАР

Бир кишининг отаси
Кўп яшамиш, қартаймиш.
Соч-соқоли оқармиш,
Беллари кучдан қолмиш.

Нон еганда лаблари
Бурни билан сўзлашур.
Чой ичганда қўллари
Қалтирашиб, титрашур.

Бели икки букилган,
Юрай деса, юролмас.
Бир ўтирса, ўрнидан
Кўтармасанг, туролмас.

Ўғил, келин, невара
Зериқдилар бу ҳолдан.
Қутулмоқчи бўлдилар
Бир иш қилиб у чолдан.

Кириб бир хилват уйга,
Сўзлашдилар учовлон;
Ўғил билан невара
Қилди ўз фикрин баён.

Сўзлар бир оз чўзилди,
Мажлис узоққа кетди.
Навбат келди келинга,
У ҳам ўз фикрин айтди.

Келин деди: «Сизларнинг
Тўғри эмас ўйингиз,
Энг яхшиси, саҳрога
Олиб чиқиб қўйингиз!

Биров кўмар ўлигин,
Кўрмас бизнинг кўзимиз.
Машаққатсиз бу ғамдан
Қутулгаймиз ўзимиз».

Ўз фикрини сўзлашда
Келин уста йўл тутди.
Бир оғиздан мажлисда
Келиннинг фикри ўтди.

Ўғил билан невара
Кун кеч бўлгач, турдилар;
Кўтардилар у чолни,
Саҳро сари юрдилар.

Бир ўринга етганда,
Сўзга кирди ўша чол.
Деди: «Ўғлим! Сўзимга
Бир оз энди қулоқ сол:

Ман отамни бир замон
Бу ўринга келтириб,
Ташлаб кетган чоғимда
Қолган эди термулиб.

Навбат келди ўзимга,
Сен ҳам мени келтирдинг,
Мен отамга на қилсам,
Эмди менга сен қилдинг.

Менга ярар шул ўрин
Бир кун сенга ҳам ярар.
Эл аро бор бир матал:
«Ҳар ким экканин ўрар!»

Бу сўзларни эшитгач,
Ўғил ҳўнграб йиғлади.
Отасига узр айтиб,
Хизматга бел боғлади.

ҲИММАТЛИ ФАҚИР

Бир замонда чиқмиш экан саховатли бир киши,
Фақирларга шафқат экан кеча-кундуз қилмиши.

Ҳар кун қилиб бир қозон ош, муҳтожларга берарди,
Сийлар эди мискинларни, очларни тўйдирарди.

Қайда кўрса камбағални, етимларни, тулларни,
Пул берарди, қутқазарди асирларни, қулларни

Ўз кўнглида ўйлар эди: кўб яхшидир бу иши,
Топилмайди ҳеч ўринда бундай ҳимматли киши.

Муҳтожларни излаб бир кун кезди кўча-кўйларда,
Масжидларда, мозорларда, эски-туски уйларда.

Бир бузуқ уй: девор, томи ҳар томонга йиқилган,
Бурчагида бир камбағал ўлтирибдир сиқилган.

Қўлга олган тол новдани, тинмай сават тўқийдур,
Лабларини пичирлатиб бир нарсани ўқийдур.

Ҳеч томонга қарамайдир, пешонаси терлаган,
Кийимлари йиртиқ-йиртиқ, юз-қўллари кирлаган.

Олтмиш-етмиш ёшга етган, яхшигина қартайган,
Камбағаллик, иш меҳнатда ранги-рўйи сарғайган.

Буни кўргач, ул сахийнинг юраклари эзилди,
Кўзларидан чиққан ёшлар юзларига тизилди.

Бориб айтди: «Эй отажон, бу ўринни қўйингиз!
Тайин қилай бир яхши жой, ул ер бўлсин уйингиз.

Роҳат қилинг, қартайибсиз, кийим, таом берайин,
Қандай нарса истасангиз, уни тамом берайин!»

Бу сўзларга қулоқ солди у камбағал ишчи чол,
Кулиб деди: «Раҳмат, аммо менда бордир бир хаёл:

Ўзгаларнинг текин нонин оч қолсам ҳам олмасман,
Ўз кучим-ла бир парча нон топиб, уни тишларман,

То танимда жоним бордир, ўз касбимдан қолмасман,
Ҳозир менинг кўзим кўрар, қўлим тутар, ишларман,

Шул сабабли таклифингиз манга тўғри келмайдир,
Текин нонга ким ўрганса, ҳиммат надир билмайдир».

Энг ҳимматли манман деган сахий буни тинглади,
Камбағал чол ҳимматининг ортиғлиғин англади.

ТЎҒРИ ЖАВОБ

Отаси ўлуб, бир ўғил бўлди бой,
Ки қолди анга молу мулку сарой.

Анинг олдига бир фақир келиб,
Салом айлади, тавозеъ қилиб.

Деди: Мен сенга туғма қардошман,
Бу молу манолингга йўлдошман.

Отангдин қолди сенга бу неча мол,
Бўлуб бер менга ярмини ушбу ҳол.

Ул одам деди ҳайрат ила анго:
«Нечук сен қариндош ўлурсан манго?»

Фақир айди: «Эй меҳрибоним, эшит,
Қулоқ солиб, бу арз ниҳоним эшит.

Сану ман ҳама олам инсонлари
Эмасмизми, бир одам ўғлонлари?»

Бу сўзни эшитгач, табассум қилиб,
Бир олтун чиқарди, деди: «Ол келиб».

Ул айди: «Биродар, бу қандай сухан?
Манго шулмидур ҳисса меросдан?»

Жавобида ул марди ширин калом
Деди: «Сокит ўл, билмасун хосу ом.

Эшитсалар гар ўзга қариндошлар,
Узоғу яқиндан, ёру йўлдошлар

Бўлуб олсалар молу мулкни тамом,
Санга тегмагай бир тийин, вассалом!»

(Tashriflar: umumiy 324, bugungi 1)

Izoh qoldiring