Nabijon Boqiy. Qodiriy qachon qatl etilgan? & Qatlnoma.

Ashampoo_Snap_2016.09.27_17h50m31s_002_.png1938 йилнинг 4-7 октябрида миллатимизнинг улуғ зиёлилари қатл этилган эди

Бир куни мен Н. А. Муҳиддиновга қўнғироқ қилдим, ўзимни таништирдим. Маълум бўлишича, у Ўзбекистон Ёдгорликларни сақлаш жамиятининг раиси экан. «Ишхонамиз Алишер Навоий кутубхонасининг ёнида, «Баҳор» ашула ва рақс ансамблига кириладиган дарвозахона тепасида жойлашган», деди Н. А. Бўш вақтимни сўради. Учрашув вақтини келишиб олдик, белгиланган пайтда Ёдгорликларни сақлаш жамиятига бордим. Айтилган бинонинг иккинчи қаватига кўтарилиб, қабулхонага кирдим..

Набижон Боқий
ҚОДИРИЙ БИР КУН ОЛДИН ОТИЛГАНМИ,
БИР КУН КЕЙИН?

(«Қатлнома»нинг янги нашрига сўнгсўз)
0045

022«Қатлнома» илк бора 1991 йилнинг май-июн ойларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг нашри бўлган «Шарқ юлдузи» журналининг бешинчи ва олтинчи сонларида эълон қилинди. Бу пайтда ҳали СССР парчаланмаган, КПСС тарқатиб юборилмаган эди. Шу боис айрим қисқартиришларни амалга оширишга мажбур бўлганмиз. Ўша пайтлардаги журнал бош муҳаррири Ўткир Ҳошимов КГБ архивидан олинган суратларнинг эълон қилинишига рози бўлмаган (қисқартиришлар ҳам ўша киши томонидан амалга оширилган).

1992 йили Ғафур Ғулом номидаги нашриётда тўлиқ китоб ҳолида босилиб чиқди.

Орадан икки-уч йил ўтгач, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси котиби вазифасида ишлаётган Тўра Мирзо: «Сизни Нуриддин Акрамович сўроқлаб юрибди, учрашмоқчи экан», деб қолди. «Муҳиддиновми?» деб сўрадим. «Ҳа, ўша киши», деди Тўра Мирзо. «Мен уни танимайман, нима иши бор экан?» дедим. «Билмадим, уч-тўрт марта телефон қилди. Сиз билан танишмоқчи, шекилли», деб котиб менга Н. А. Муҳиддинов ишхонасининг телефон рақамини берди. Телефон рақами – 398284 экан. Кейинчалик шу рақам олдига «1» қўшилди.

Бир куни мен Н. А. Муҳиддиновга қўнғироқ қилдим, ўзимни таништирдим. Маълум бўлишича, у Ўзбекистон Ёдгорликларни сақлаш жамиятининг раиси экан. «Ишхонамиз Алишер Навоий кутубхонасининг ёнида, «Баҳор» ашула ва рақс ансамблига кириладиган дарвозахона тепасида жойлашган», деди Н. А. Бўш вақтимни сўради. Учрашув вақтини келишиб олдик, белгиланган пайтда Ёдгорликларни сақлаш жамиятига бордим. Айтилган бинонинг иккинчи қаватига кўтарилиб, қабулхонага кирдим.

– Келинг, хизмат? – деди котиба қиз.
– Хизмат юзасидан эмас, ўзим шунчаки келдим, – дедим энсаб қотиб.

Деворда осиғлиқ турган соатга қараб қўйдим: ўндан йигирма беш дақиқа ўтибди. Келишилган вақтга яна беш дақиқа бор эди. Қани, буёғи нима бўлар экан деб ўриндиққа ўтирдим.

Одатда, идора-ташкилотларга иши тушиб борган одамларни раҳбарлар атайлаб қабулхонада сарғайтириб қўйишни яхши кўради. Шу сабабли «хизмат?» деган саволни ёмон кўрардим. Бу савол, назаримда, «тиланчи, сенга нима керак?» деган маънони англатарди.

Бир пайт қўш қанотли эшик очилиб, ичкаридан Нуриддин Акрамович нафақа ёшидаги бир кишини кузатиб чиқди. Улар қабулхонада хайр-хўшлашди. Мен ўрнимдан туриб салом бердим, Н. А. бошини қимирлатиб девордаги соатга қараб:
– Ҳозир бир киши келади, тўхтовсиз ҳузуримга киритиб юборинг, – деб тайинлади котибага ва яна бир марта менга ажабланиб қараб қўйди-да ичкарига кириб кетди.

Орадан уч-тўрт дақиқа ўтгач котиба столига ички томондан ўрнатилган қўнғироқ жиринглади. Котиба дик этиб туриб «хўжайин» ҳузурига равона бўлди. Мийиғимда кулиб қўйдим. Ҳамма идораларда «хўжайинлар» шунақа қўнғироқни жиринглатиб, котибаларни диконглатиб югуртиришни яхши кўради.

Котиба дарҳол хўжайин ҳузуридан қайтиб чиқди. Индамай жойига бориб ўтирди, зимдан менга қараб қўйди. Жўрттага илжайдим. Бечора қиз дув қизарди.

Орадан уч-тўрт дақиқа ўтгач котиба яна бояги йўсинда ичкарига чақирилди. Лекин бу гал яшин тезлигида қайтиб чиқиб:
– Мабодо, сиз ёзувчи эмасмисиз? – деб сўради.

– Ҳа, ёзувчиман…
– Набижон Боқиймисиз?
– Ҳа.

Котиба майин жилмайдию:
– Ҳозир, – деб ичкарига кириб кетди. Бирпасдан сўнг эшикнинг битта қанотини очиб: – Марҳамат, киринг, – деди.

Котиба жилмайганча қабулхонада қолди. Ичкарига кирдим. Ичкарига кираётиб аниқ билдимки, эшик фақат қўш қанотли эмас, қўш қаватли экан. Бир қаватини кўчириб уйга опкетиш мумкин-ку, деб қўйдим ўзимча.

Мен кирган хона кўнг-мўл эди, йирик вазирнинг расмона кабинетига ўхшарди.

Нуриддин Акрамович ўрнидан туриб хона ўртасига келган, икки қўлини олдинга чўзиб кулимсираб турарди. «Т» шаклидаги столнинг ўнг томонидан жой кўрсатди. Сўрашдик, ҳол-аҳвол сўралди. Ўтирганимздан сўнг у киши бирданига соатига қараб:

– Ўн минутдан бери сизни кутиб ўтирибман. Ҳузуримда битта одам бор эди, уни атайлаб беш минут олдин кузатиб қўйдим. Қабулхонада ўтирганингизни кўрдим, лекин мен кутаётган одам сиз эканингизни хаёлимга келтирмадим. Чунки «Қатлнома»ни ёзган одам, назаримда, олтмишдан ошган бир киши бўлиши керак эди, – деди кулиб. Бошини силкитиб қўйди.

– Начора савлатни ҳар кимга ҳам беравермас экан.
– Э-э, қуруқ савлатдан кимга фойда! – деб кулди Нуриддин Акрамович.

Шу билан ўртамизда турган парда гўё кўтарилди.

Биз университетда ўқиб юрган кезларда Н. А. Муҳиддинов ҳақида Ҳар хил афсоналар тарқалган эди: КПССнинг қайсидир қурултойида Н. А. ўзбекча нутқ сўзлаган, Н. С. Хурушчёвга гап қайтарган, сўнг «маккажўхори ижодкори»нинг ғазабига учраган, узоқ йиллар хорижий мамлакатларда (албатта, жаҳон сиёсатини белгиламайдиган «учинчи дунё» мамлакатларида) элчи бўлган, Москвада ҳам учинчи-тўртинчи даражали вазифаларда хизмат қилган, орқасидан айғоқчи қўйилган ва ҳоказо. Ҳозир у киши аллақачон нафақа ёшидан ўтиб кетган, афв этилиб Ўзбекистонга қайтарилган, энди уйида зерикиб ўитрмаслик учун Ёдгорликларни сақлаш жамиятида вақтини  м а з м у н л и  ўтказаётган эди.

– Китобингизни синчиклаб ўқидим, маъқул бўлди, – деди Нуриддин Акрамович. – Ўша мудҳиш воқеалар худди шундай нуқтаи назардан ёритилиши керак. Сиз тўғри йўлни танлагансиз.

– Раҳмат, – дедим.

– Китоб юзасидан кўнглимда иккита савол туғилди. Биринчиси, ҳукм ижро этилган жой масаласида. Сизга Черняевка томонда отилган бўлса керак деган гапни ким айтди? Бу ҳақда ишончли ҳужжат кўрсатилдими?

– КГБ матбуот гуруҳининг бошлиғи А. Н. Благородов архивдаги тушунарсиз ёки ноаниқ ўринлар ҳақида имкон қадар менга изоҳ берган. Лекин на у, на мен ишончли ҳужжатга асосланганмиз. Аниқроғи, у киши ихтиёрида расмий ҳужжат бўлиши мумкин, лекин ўша ҳужжатни менга бермаган, ошкор этишни истамаган. Қолаверса, Благородовни ҳам тўғри тушуниш керак, унинг ихтиёри ҳам ўзида эмас, у фақат буйруқни ёки КГБ раисининг кўрсатмасини бажарган, холос. Бир гал мен ундан: «Наҳотки, Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Боту, Усмон Носир ва бошқа зотларни тергов қилган, Ҳукмни ижро этган НКВД ходимларидан бирортаси тирик қолмаган бўлса? Ҳаммаси қирилиб кетганми? Агар улар ёппасига отилиб кетмаган бўлса, бирортаси 70-80 ёшлар орасида бўлиши керак», деб сўрадим. «30-йиллар НКВД марказий идорасида хизмат қилган фахрий ходимлар Ҳозир республика, Иттифоқ миқёсидаги нафақахўр. Уларга максимал даражада пенсия берилади. Ўзингиз кўриб турибсиз, Ҳозир ошкоралик, Москва матбуотида, Марказий ТВда бевосита репрессияда иштирок этган махсус идора ходимлари шарманда қилиняпти, барча имтиёзлардан маҳрум этиляпти. Бизнинг фахрийларимиз аҳмоқ эмас, улар вақтли матбуотни, ижтимоий ҳаётимизда рўй бераётган ўзгаришларни мунтазам кузатиб боради. Ноҳақ репрессияга учраган шахсларни оқлаш тўғрисида қарор эълон қилингач, биз фахрийларимизга хотираларингизни гапириб беринг, қатлиом манзарасини тиклайлик, деб мурожаат этдик. «Йўқ, энди КГБ билан ҳамкорлик қилмайман, агар жиноят қилган бўлсам, қилмишимга яраша жазо олганман. Қолаверса, азизим, мен фақат ижрочи бўлганман, буйруқни бажарганман, холос. Ваҳоланки, буйруқ берган айрим раҳбарлар ҳали тирик: мен бирортасининг номини айтсам, улар ҳам жим ўтирмайди, дарҳол ғайриқонуний буйруқни бажаргансан деб каминани бадном қилади. Ҳозир тўримдан кўра, гўрим яқин. Мен энди ўлимдан қўрқмайман, лекин бола-чақаларим, авлодларим нима бўлади?! Улар бир умр «қотилнинг, жаллоднинг авлоди» деган тавқи лаънатни кўтариб юриши керакми?!. Ташаккур, сизларга Ҳеч нарсани айтмайман. Мен гуноҳкор бўлсам, болаларимнинг нима айби бор», деб жавоб бердилар», деди А. Н. Блогородов. Шундан сўнг мен «Қатлнома»да ҳукм ижро этилган жой аниқ эмас, фақат тахмин қилинади деб ёздим. Айрим одамлар улар Ажинакўприк ёнида отилган деган тахминни илгари суради. Ўша жойда шаҳидлар хотирасига ёдгорлик ўрнатилади, шекилли…

– Тушунарли, – деди Нуриддин Акрамович ўйга толиб. – Бундан ташқари, китобингизда ҳукм 1938 йилнинг 5 октябр куни ўқилади, отув Ҳукми эса 4 октябр куни ижро этилади, деб ёзасиз. Сизнингча, улар бир кун олдин отиб юборилиши мумкинми?

– Мумкин, – дедим.
– Ҳа-а, тушунарли, – деди Нуриддин Акрамович жиддий тортиб. – Қодирийлар бир кун олдин отиб юборилса ҳам совет ҳукумати ҳеч нарса йўқотмасди.

– Худди шундай.
– Лекин, биласизми, мен 50-йилларда Ўзбекистон компартиясининг биринчи котиби эдим. У пайтлари биринчи котиб республиканинг амалдаги раҳбари ҳисобланарди.

– Ҳа, тўғри. Сўнг КПСС марказий қўмитасининг биринчи котиби, сиёсий бюронинг аъзоси ҳам бўлгансиз. Сиздан кейин Ўрта Осиёдан ҳеч ким сиёсий бюронинг аъзоси бўлмаган…

– Шундай, аммо Ҳозир гап унда эмас. Гап шундаки, Никита Сергеевич Хрушчёв ўша пайтларда Кагакович, Молотов, Маленков каби ашаддий сталинчилардан, Сталин тарафдорларидан қутилиши лозим эди. Шунинг учун атрофига янги кучларни тўплайди. Мени ҳам ёнига олади. Сталинчиларни сиёсий саҳнадан итқитиб юбориш учун «шахсга сиғиниш» оқибатлари фош этилиб, нафақат Сталин, балки унинг сафдошлари ҳам қораланиши керак эди. Бу ҳаёт-мамот масаласи эди, уни партия қурултойи муҳокамасига олиб чиқишдан аввал синовдан ўтказиш, кучлар нисбатини аниқлаб олиш зарур бўлади. Шунда Никита Сергеевич: «Биз учун Ўзбекистон синов майдончаси бўлади. 1938 йилда Ўзбекистон Ҳукуматини бошқарган Файзулла Хўжаев билан компартия котиби Акмал Икромов ҳам отилиб кетган. Мен КГБ раиси Семичастнийга айтаман, у Хўжаев билан Икромовнинг суд ишларини сенга беради. Дело билан батафсил танишиб, сиёсий бюрога уларни оқлаш тўғрисида таклиф киритасан», дейди. Мен рози бўлдим. КГБ раисидан керакли жилд-тахламларни олиб Тошкентга қайтдим. Мутахассилар билан Ҳамкорликда жилд-тахламлар ўрганилди. Бухарин, Руков гуруҳидан икки кишининг иши ажратиб олинди. Сиёсий бюрога Хўжаев билан Икромовни оқлаш тўғрисида таклиф киритилди. Кейин ноҳақ репрессияга учраган ёзувчи-шоирларни оқлаш тўғрисида Ҳам Н. С. Хрушчёвнинг розилигини олдим. Хуллас, ўшанда Абдулла Қодирий, Боту, Усмон Носир, Элбек каби адиблар оқланди. Фитрат, Чўлпон каби шоирлар шахс сифатида оқланди-ю, лекин уларнинг ижоди оқланмади. Чунки уларнинг асарларида миллатчилик ғоялари яққол сезилиб турарди… Ўша пайтда давлат сиёсати нуқтаи назаридан Чўлпон, Фитрат асарлари зарарли ҳисобланарди. Яна бир нарсани очиқ айтиб қўймоқчиманки, Қодирий ва унинг тақдирдошлари ҳеч қандай жиноятчи эмасди, улар Ҳар хил туҳмат туфайли жазоланади. Ҳа, яна қайтариб айтаман, улар жиноятчи эмасди. Бироқ, давлат уларни ўзларининг душмани ҳисобларди. Сталин: «Агар душман таслим бўлмаса, маҳв этилади, жисмонан йўқотиб юборилади», деган шиорни ўртага ташлайди. Мана шу шиор, аслида, миллатпарвар ёзувчи-шоирлар устидан чиқарилган ҳукм эди. Бу ҳукм қатъий эди, ундан бировга шикоят қилиб бўлмасди. Нега бундай бўлди? Қодирийлар гўё ҳақиқат, ростлик, тўғрилик тимсоли эди. Ёлғон ғояларни омма онгига сингдириш учун ёлғон тимсол яратиш лозим. Ёлғон тимсол бўладиган, ёлғончиликка рози бўладиган мунофиқ кимсалар исталганча топилади. Доим шундай бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Фақат бу ўринда мувозанат тўғри ушланиши лозим. Яъни, тарози палламини ёлғончилар, мунофиқлар ўз томонига оғдириб олмаслиги керак. Мунофиқ кимсалардан сиёсий майдонда фойдаланиш мумкин, аммо тизгинни батамом уларнинг ихтиёрига бериб бўлмайди. Одамлар, омма, оломон ўрнак оладиган ёлғон ғоя тимсоли яратилган пайтда бир четда Ҳақиқат тимсоли ҳам мунғайибгина турса, нима бўлади?.. Равшанки, мунофиқ кимсалар беихтиёр бебурд бўлади, сиёсат ҳам чок-чокидан сўтилиб кетади. 30-йилларда Шўро ҳокимияти мустаҳкамланган эди, энди бемалол шу пайтгача ҳамкорлик қилиб келган «ёт унсурлар»дан қутилиши, уларни бемалол йўқотиб юбориши мумкин эди. Охир-оқибат шундай қилади. Қодирийлар давлатнинг душмани сифатида маҳв этилади…

– Тўғри, – дедим. – Шундай бўлган.
– Энди Абдулла Қодирийнинг қаерда ва қачон отилгани масаласига келсак, менимча, воқеа бошқачароқ рўй беради.

– Хўш-хўш…
– Сиз КГБнинг подвалига тушганмисиз?

– Йўқ, мен подвалда нима қиламан! – дедим ажабланиб.
– Архивхонаси подвалда эмасмикан?

– Подвалда бўлиши мумкин, аммо менга иккинчи қаватда махсус хона ажратилиб берилди. Сўраган жилд-тахламларни, делоларни ўша хонага киритиб беришади. Бир йил давомида шу хонада ўтириб жиноятномалар билан танишганман.

– Тушунарли, – деди Нуриддин Акрамович. – Мен 50-йилларда КГБ ходимларидан ҳукм ижро этиладиган жойларни кўрсатинглар деб талаб қилганман. Улар мени подвалга олиб тушган, каттагина битта хонани кўрсатишган. Цемент сувоқ қилинган, бетон хонага фақат эшикдан кирилади. Отув ҳукми шу ерда ижро этилар экан. Соқчи маҳбусни ўша хонага киритади, Ҳукм ўқиб эшиттирилади, махсус рота солдатлари эса ҳукмни ижро этади. Отиб ўлдирилган маҳбус цементланган полга йиқилади, жон беради. Қонга беланган уст-бошлари ечиб олинади. Жасад эса замбилда подвалдаги бошқа бир хонада жойлашган крематорий ўчоғига тиқиб юборилади. Минг даражадан юқори иссиқлик тўпланган, қип-қизил чўғдек қиздирилган пўлат ўчоқда жасад бирпасда бир ҳовуч кулга айланади-қолади.

– Наҳотки, Қодирий ҳам куйдириб юборилган бўлса!
– Нафақат Қодирий, отиб ўлдирилган ҳамма маҳбуслар куйдириб юборилган.

– Улар Ажинакўл ёнидаги қабристонга дафн этилган дейишади-ку?!
– Бундай миш-мишни ўша пайтларда ГПУ идорасининг ўзи тарқатган.

– Нима учун?
– Одамларни чалғитиш учун миш-миш тарқатилади. Агар Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби миллат фидойилари куйдириб юборилди деган маълумот халқ орасига тарқалиб кетса, нима бўларди!

Ғазабланган оломон ГПУ идорасинин таг-туги билан қўпориб ташламасмиди?!. Эсингиздами, Париждаги Бастилия қамоқхонасини ҳам ғазабланган оломон-инқилобчилар ер билан яксон қилган.

– Тўғри, – дедим.
– Бор ҳақиқатни сиз билиб қўйинг. Эҳтимол, вақти-соати келса, ҳақиқатни одамларга айтиш мумкин бўлар…

– Демак, Қодирий қаерда отиб ўлдирилди деган масала аниқ бўлди.
– Шундай. Хўш, Қодирий бир кун олдин отилганми, бир кун кейинми?

– Бир кун олдин отилган бўлса керак, – дедим. – Чунки одамнинг Ҳаёти у пайтларда жуда қадрсизланган.

– Шундай-ку, лекин шўро ҳукумати ўз душманидан батамом қутилиш йўлларини яхши биларди… Сиз мантиқ бўйича фикр юритяпсиз. Бу соғлом мантиқ, оддий мантиқ. Лекин ҳукуматнинг мантиғи бошқача бўлган. Ҳукумат ўз душманини фақат жисмонан маҳв этиш билан чекланмайди, душманни маънавий жиҳатдан ҳам янчиб ташлашни истайди. Хўп, душманнинг жисми жони кудириб юборилади, аммо унинг ғояси озодликда қолиши мумкин-ку! Масалан, бирорта маслакдоши озодликда қолса нима бўлади? Маслакдош маълум муддат жим юради, қулай фурсат келган заҳоти устозининг ғоясини одамлар орасида тарқатиши ва шу йўсинда ҳукуматга қарши бўлган яширин мухолифатни шакллантириши мумкинми? Албатта мумкин. Шунинг учун ГПУ озодликда қолган ғоя уруғини ўсиб-униб чиқмасдан олдин юлиб олиши, уни ҳам йўқотиб юбориши лозим. Бунинг учун эса отувга ҳукм қилинган маҳбусдан максимал даражада қўшимча маълумот, информация олиши даркор. Қодирийни бир кун олдин эмас, аксинча, бир кун кейин отилишидан Ҳукумат манфаатдор эди. Қодирий қамоқда бир-икки кун ортиқроқ сақлаб турилса, Ҳукумат деярли ҳеч нарса йўқотмасди. Тўғрими?

– Билмадим.

– Битта мисол келтираман. 80-йилларда Бухорода обкомнинг биринчи котиби бўлган Абдувоҳид Каримов дастлаб отувга ҳукм қилинади. Сўнгра тўплаган ноқонуний бойлигини давлатга топширишга рози бўлгач, отув ҳукми ўн йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирилган. Маҳбусга Ҳаёт инъом этилаётган пайтда: «Биз билан сидқидилдан ҳамкорлик қиласиз, барча тиллоларингизни топширасиз, ҳеч нарсани яшириб қолмайсиз», деб оғзаки шартнома тузилади. Икки томон шартга рози бўлади. Бир томон молни, нариги томон жонни беради. Савдо пишади, маҳбусга ҳаёти қайтарилади. «Яна бирор жойда яшириб қўйган тиллоларингиз йўқми?» деб сўралади. «Йўқ», дейди маҳбус. «Лекин зинҳор ёлғон гапирманг, биз қидирувни давом эттирамиз», деб огоҳлантиришади. Маҳбус қасам ичади: «Йўқ», дейди қатъиян… Шундан кейин Каримов жазони ўташ зонасига юборилади. Иш ёпилади-ю, лекин тиллоларни қидирув давом этаверади. Тўққиз йилдан сўнг яна катта миқдордаги тилло тангалар топилади. Булар бошқа бир амалдордан мусодара қилинади. Ўша амалдорга омонатни айнан Каримов сақлаб қўйиш учун топширгани ҳам изқуварлар томонидан исботланади. КГБ ходимлари зонага боради. Каримов махсус хонага таклиф этилади. «Хўш, биз нимага келишган эдик?» деб сўрайдилар. «Сидқидилдан ҳамкорлик қилишга келишганмиз», дейди А. Каримов. «Демак, келишув аҳдини ким бузди?» Каримов КГБ ходимларининг далилларини эшитгач, ер сузиб қолади. «Демак, айбингизга иқрорсиз. Шу боис энди миқ этолмайсиз. Лекин биз сирни фош этиш учун тўққиз йил овора бўлдик…» «Кечиринглар», дейди Каримов ялиниб. «Айб қилган одам кечирилиши мумкин, аммо аҳдни бузган одам кечирилмайди», деб КГБ ходимлари майин жилмайиб хонани тарк этади. Орадан маълум вақт ўтгач, Каримов қамоқдан чиқиш арафасида тўсатдан вафот этади. Чунки бошида ўлим жазоси ўн йиллик қамоқ муддатига ўзгарган, шу муддат давомида аҳдлашув бир томонлама бузилган ва бу нарса исботланган, энди ҳаёт учун ҳеч қандай кафолат қолмаган эди… Нима дейсиз, ана шу воқеадан воқиф бўлгач, Абдулла Қодирий бир кун кейин отилган десам ишонасизми?

– Нима, КГБ ходилари А. Каримовни заҳарлаб ўлдирганми? – деб сўрадим.
– Нима бўлганини Ҳеч ким, Ҳеч қачон исботлай олмайди.

– Тушунарли, – дедим тақлидан.
– Ана шунақа гаплар… Мен бу ташкилотнинг иш усулини яхши биламан…

Кейин у киши Москва архивларидан «босмачилик ҳаракати»га алоқадор анча-мунча маълумотлар тўплаб қўйганини, агар хоҳласам, улар билан таништириши мумкинлигини айтди.

Суҳбат янги мавзуга кўчди.

Ҳозир Нуриддин Акрамович Муҳиддинов саксон ёшларни қоралаб қолган, Тошкент шаҳрида яшайди. Вақт топиб у кишини бир йўқлаб қўйсам, савоб бўларди.

КГБ ва партия архивларини қунт билан ўрганиб амин бўлдимки, ҳокимиятни эгаллаб олган ёвуз ниятли кимсалар инсоний қиёфасини паққос сидириб олиб ахлатхонага элтиб ташлар экан. Шу боис уларнинг қилмишларига одамгарчилик ёки гуманизм нуқтаи назаридан баҳо бераман деб овора бўлмаслик керак. Зеро, уоар ҳокимиятни сақлаб қолиш учун ҳар қандай жирканч жиноятдан ҳам қайтмайди.
Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби “халқ душманлари”нинг жасадлари 1938 йилнинг 4 октябр куни НКВД ертўласида крематорий ўчоқларида ёқиб юборилганига ақли расо одам ишонмаслиги мумкин. Ўзим ҳам Н. А. Муҳиддинов ҳикоясини эшитиб анча пайтгача “унчалик эмасдир-ов!” деб ишонқирамай юрдим. Кўнглимда пайдо бўлган иштибоҳни тасдиқлайдиган далил-дастак қидирдим; мантиқан ўйлаб кўрилса, жасадни ёқиб юборгандан кўра дафн этган осонроқ эмасми? Мен крематорий ўчоқларининг иш тартибини билмайман. Эҳтимол, минг даража иссиқлик ҳосил қилинган ўчоқда ҳар қандай жасад саноқли сониядан сўнг куйиб кулга айланиб кетар…

Соломон Волков “Шостакович и Сталин: художник и царь” (Москва, “ЭКСМО”, 2006) номли китобида эътироф этишича: “Исаак Бабел Ҳам, Всеволод Мейерхолд Ҳам 1940 йилнинг бошида Ежов билан биргаликда отиб ташланади. Уларнинг жасадлари кечаси ёқиб юборилади, қонхўр жандарм билан ижодкор даҳоларнинг хоклари эса умумий мозорга биргаликда сепиб юборилади” (378-бет).
Исаак Бебел – ўз даврининг беназир ёзувчиси, Всеволод Мейерхолд – буюк режиссёр, Ежов – 1937-38 йилларда рўй берган мисли кўрилмаган қатлиомни бевосита ижро этган, амалга оширган жалод (НКВД раҳбари) эди. Уларнинг биргаликда олий жазога ҳукм этилиб, бирга отилиб, жасадлари крематорий ўчоқларида куйдирилиб, хокларининг битта умумий мозорга сепиб юборилиши, албатта, мисли кўрилмаган ҳақорат ҳисобланарди.

Демак, “халқ душманлари”нинг жасадларини крематорий ўчоқларида ёқиб юбориш биз учун янгиликдек туюлса-да, лекин қатлиом йилларида анъанавий тус олган эди. Насроний динига мансуб қавм учун жасадни куйдириш ғайритабиий ҳодиса ҳисобланмайди. Мусулмонлар учун эса бундай ҳодиса кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийликдан бошқа нарса эмас.

Қодирийлар жасадининг куйдириб юборилишидан кўзланган мақсад фақат марҳумларнинг диний эътиқодини хўрлашдан иборат эмас, айни чоғда келажак авлод зиёрат қиладиган мозорлардан ном-нишон қолдирмаслик лозим эди. Тожикистон ССР Компартия архивида (Фонд №1, Опись №1, Дело№361, 6-7 бетлар) сақланаётган ҳужжатда айтилишича, “Анвар пошо мозори – унинг ёнига Болжувон беки Давлатмандбий ва Анвар пошо қароргоҳининг бошлиғи Фаррух афандилар дафн этилганлар – зиёратгоҳга айланиб қолган. Зиёратчиларга мулло Халифа раҳнамолик қилади. Шубҳасиз, бундай ҳодисалар аҳолига таъсир кўрсатади – аҳоли художўй бўлгани туфайли шўро ҳокимиятининг тадбирларини ҳаётга тадбиқ этиш мушкуллашоқда…”

Бу ҳужжат 1925 йилнинг 14 июн куни ОГПУ ходимлари Аукон ва Медведов томонидан махсус ўрганилиб, тегишли чора-тадбир кўрилади.

Эътиқодли зотлар, шак-шубҳасиз, эътиқод тимсоли эди. Биз унисидан ҳам, бунисидан ҳам маҳрум этилганмиз.

“Қатлнома” 1991 йилнинг май-июн ойлари “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинган. 1992 йилда эса алоҳида китоб ҳолида нашр этилган эди. Мана, орадан салкам йигирма йил вақт ўтди. Китоб нашрга тайёрланган пайтлари мен Ҳабибулла Қодирийнинг хотиралари билан тўлиқ танишиш имкониятига эга бўлмаган эдим (у кишининг хотиралари матбуотда эълон қилинганда Душанбе шаҳрида Партия архивида ишлаётгандим, китобим эса нашрга топширилган эди). Ҳ. Қодирийнинг “Отамдан хотира” китобини ўқиб ўзим илгари сурган фикр-мулоҳазалар ҳақиқатга яқин эканига ишонч ҳосил қилиш билан бирга айрим ўринларни кўчирмалар олиб тўлдиришни лозим кўрдим. Чунки бу китобни ўқиган одам унисини, унисини ўқиган одам бунисини ўқимаган бўлиши мумкин. Азбаройи ўқувчиларга қулайлик туғдириш ниятида “Қатлнома”ни тўлдирдим, холос.

Ҳакам ўзингиз, китобхон!

1995 йил 13 сентябр.

Набижон Боқий ҳақида
Набижон Боқий 1956 йил 7 ноябрда Фарғона вилояти Бағдод туманидаги Чуваланчи қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1984). «Бир муҳаббат қиссаси» (1990), «Қатлнома» (1992), «Гулзамира» (1994), «Чингиз афандига мактублар» (2004), «Анвар пошонинг васияти» (Истанбул, 2006) каби қиссалари чоп этилган.
Р. Л. Стивенсоннинг «Меросхўр», «Катриона» романларини (1990) ҳамда Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохонов ёзган «Чўққида қолган овчининг оҳи зори» (1998, Ё. Хўжамбердиев билан ҳамкорликда) китобини ўзбек тилига таржима қилган.«Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1995).

0 kurgazma_3_2.jpgNabijon Boqiy
QODIRIY BIR KUN OLDIN OTILGANMI,
BIR KUN KEYIN?

(«Qatlnoma»ning yangi nashriga so’ngso’z)
0045

Ashampoo_Snap_2016.09.27_17h56m56s_003_.png«Qatlnoma» ilk bora 1991 yilning may-iyun oylarida  O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining nashri bo’lgan «Sharq yulduzi» jurnalining beshinchi va oltinchi sonlarida e’lon qilindi. Bu paytda hali SSSR parchalanmagan, KPSS tarqatib yuborilmagan edi. Shu bois ayrim qisqartirishlarni amalga oshirishga majbur bo’lganmiz. O’sha paytlardagi jurnal bosh muharriri O’tkir Hoshimov KGB arxividan olingan suratlarning e’lon qilinishiga rozi bo’lmagan (qisqartirishlar ham o’sha kishi tomonidan amalga oshirilgan).

1992 yili G’afur G’ulom nomidagi nashriyotda to’liq kitob holida bosilib chiqdi.

Oradan ikki-uch yil o’tgach, O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi kotibi vazifasida ishlayotgan To’ra Mirzo: «Sizni Nuriddin Akramovich so’roqlab yuribdi, uchrashmoqchi ekan», deb qoldi. «Muhiddinovmi?» deb so’radim. «Ha, o’sha kishi», dedi To’ra Mirzo. «Men uni tanimayman, nima ishi bor ekan?» dedim. «Bilmadim, uch-to’rt marta telefon qildi. Siz bilan tanishmoqchi, shekilli», deb kotib menga N. A. Muhiddinov ishxonasining telefon raqamini berdi. Telefon raqami – 398284 ekan. Keyinchalik shu raqam oldiga «1» qo’shildi.

Bir kuni men N. A. Muhiddinovga qo’ng’iroq qildim, o’zimni tanishtirdim. Ma’lum bo’lishicha, u O’zbekiston Yodgorliklarni saqlash jamiyatining raisi ekan. «Ishxonamiz Alisher Navoiy kutubxonasining yonida, «Bahor» ashula va raqs ansambliga kiriladigan darvozaxona tepasida joylashgan», dedi N. A. Bo’sh vaqtimni so’radi. Uchrashuv vaqtini kelishib oldik, belgilangan paytda Yodgorliklarni saqlash jamiyatiga bordim. Aytilgan binoning ikkinchi qavatiga ko’tarilib, qabulxonaga kirdim.

– Keling, xizmat? – dedi kotiba qiz.
– Xizmat yuzasidan emas, o’zim shunchaki keldim, – dedim ensab qotib.

Devorda osig’liq turgan soatga qarab qo’ydim: o’ndan yigirma besh daqiqa o’tibdi. Kelishilgan vaqtga yana besh daqiqa bor edi. Qani, buyog’i nima bo’lar ekan deb o’rindiqqa o’tirdim.

Odatda, idora-tashkilotlarga ishi tushib borgan odamlarni rahbarlar ataylab qabulxonada sarg’aytirib qo’yishni yaxshi ko’radi. Shu sababli «xizmat?» degan savolni yomon ko’rardim. Bu savol, nazarimda, «tilanchi, senga nima kerak?» degan ma’noni anglatardi.

Bir payt qo’sh qanotli eshik ochilib, ichkaridan Nuriddin Akramovich nafaqa yoshidagi bir kishini kuzatib chiqdi. Ular qabulxonada xayr-xo’shlashdi. Men o’rnimdan turib salom berdim, N. A. boshini qimirlatib devordagi soatga qarab:
– Hozir bir kishi keladi, to’xtovsiz huzurimga kiritib yuboring, – deb tayinladi kotibaga va yana bir marta menga ajablanib qarab qo’ydi-da ichkariga kirib ketdi.

Oradan uch-to’rt daqiqa o’tgach kotiba stoliga ichki tomondan o’rnatilgan qo’ng’iroq jiringladi. Kotiba dik etib turib «xo’jayin» huzuriga ravona bo’ldi. Miyig’imda kulib qo’ydim. Hamma idoralarda «xo’jayinlar» shunaqa qo’ng’iroqni jiringlatib, kotibalarni dikonglatib yugurtirishni yaxshi ko’radi.

Kotiba darhol xo’jayin huzuridan qaytib chiqdi. Indamay joyiga borib o’tirdi, zimdan menga qarab qo’ydi. Jo’rttaga iljaydim. Bechora qiz duv qizardi.

Oradan uch-to’rt daqiqa o’tgach kotiba yana boyagi yo’sinda ichkariga chaqirildi. Lekin bu gal yashin tezligida qaytib chiqib:
– Mabodo, siz yozuvchi emasmisiz? – deb so’radi.

– Ha, yozuvchiman…
– Nabijon Boqiymisiz?
– Ha.

Kotiba mayin jilmaydiyu:
– Hozir, – deb ichkariga kirib ketdi. Birpasdan so’ng eshikning bitta qanotini ochib: – Marhamat, kiring, – dedi.

Kotiba jilmaygancha qabulxonada qoldi. Ichkariga kirdim. Ichkariga kirayotib aniq bildimki, eshik faqat qo’sh qanotli emas, qo’sh qavatli ekan. Bir qavatini ko’chirib uyga opketish mumkin-ku, deb qo’ydim o’zimcha.

Men kirgan xona ko’ng-mo’l edi, yirik vazirning rasmona kabinetiga o’xshardi.

Nuriddin Akramovich o’rnidan turib xona o’rtasiga kelgan, ikki qo’lini oldinga cho’zib kulimsirab turardi. «T» shaklidagi stolning o’ng tomonidan joy ko’rsatdi. So’rashdik, hol-ahvol so’raldi. O’tirganimzdan so’ng u kishi birdaniga soatiga qarab:

– O’n minutdan beri sizni kutib o’tiribman. Huzurimda bitta odam bor edi, uni ataylab besh minut oldin kuzatib qo’ydim. Qabulxonada o’tirganingizni ko’rdim, lekin men kutayotgan odam siz ekaningizni xayolimga keltirmadim. Chunki «Qatlnoma»ni yozgan odam, nazarimda, oltmishdan oshgan bir kishi bo’lishi kerak edi, – dedi kulib. Boshini silkitib qo’ydi.

– Nachora savlatni har kimga ham beravermas ekan.
– E-e, quruq savlatdan kimga foyda! – deb kuldi Nuriddin Akramovich.

Shu bilan o’rtamizda turgan parda go’yo ko’tarildi.

Biz universitetda o’qib yurgan kezlarda N. A. Muhiddinov haqida Har xil afsonalar tarqalgan edi: KPSSning qaysidir qurultoyida N. A. o’zbekcha nutq so’zlagan, N. S. Xurushchyovga gap qaytargan, so’ng «makkajo’xori ijodkori»ning g’azabiga uchragan, uzoq yillar xorijiy mamlakatlarda (albatta, jahon siyosatini belgilamaydigan «uchinchi dunyo» mamlakatlarida) elchi bo’lgan, Moskvada ham uchinchi-to’rtinchi darajali vazifalarda xizmat qilgan, orqasidan ayg’oqchi qo’yilgan va hokazo. Hozir u kishi allaqachon nafaqa yoshidan o’tib ketgan, afv etilib O’zbekistonga qaytarilgan, endi uyida zerikib o’itrmaslik uchun Yodgorliklarni saqlash jamiyatida vaqtini m a z m u n l i o’tkazayotgan edi.

– Kitobingizni sinchiklab o’qidim, ma’qul bo’ldi, – dedi Nuriddin Akramovich. – O’sha mudhish voqealar xuddi shunday nuqtai nazardan yoritilishi kerak. Siz to’g’ri yo’lni tanlagansiz.

– Rahmat, – dedim.

– Kitob yuzasidan ko’nglimda ikkita savol tug’ildi. Birinchisi, hukm ijro etilgan joy masalasida. Sizga Chernyaevka tomonda otilgan bo’lsa kerak degan gapni kim aytdi? Bu haqda ishonchli hujjat ko’rsatildimi?

– KGB matbuot guruhining boshlig’i A. N. Blagorodov arxivdagi tushunarsiz yoki noaniq o’rinlar haqida imkon qadar menga izoh bergan. Lekin na u, na men ishonchli hujjatga asoslanganmiz. Aniqrog’i, u kishi ixtiyorida rasmiy hujjat bo’lishi mumkin, lekin o’sha hujjatni menga bermagan, oshkor etishni istamagan. Qolaversa, Blagorodovni ham to’g’ri tushunish kerak, uning ixtiyori ham o’zida emas, u faqat buyruqni yoki KGB raisining ko’rsatmasini bajargan, xolos. Bir gal men undan: «Nahotki, Qodiriy, Cho’lpon, Fitrat, Botu, Usmon Nosir va boshqa zotlarni tergov qilgan, Hukmni ijro etgan NKVD xodimlaridan birortasi tirik qolmagan bo’lsa? Hammasi qirilib ketganmi? Agar ular yoppasiga otilib ketmagan bo’lsa, birortasi 70-80 yoshlar orasida bo’lishi kerak», deb so’radim. «30-yillar NKVD markaziy idorasida xizmat qilgan faxriy xodimlar Hozir respublika, Ittifoq miqyosidagi nafaqaxo’r. Ularga maksimal darajada pensiya beriladi. O’zingiz ko’rib turibsiz, Hozir oshkoralik, Moskva matbuotida, Markaziy TVda bevosita repressiyada ishtirok etgan maxsus idora xodimlari sharmanda qilinyapti, barcha imtiyozlardan mahrum etilyapti. Bizning faxriylarimiz ahmoq emas, ular vaqtli matbuotni, ijtimoiy hayotimizda ro’y berayotgan o’zgarishlarni muntazam kuzatib boradi. Nohaq repressiyaga uchragan shaxslarni oqlash to’g’risida qaror e’lon qilingach, biz faxriylarimizga xotiralaringizni gapirib bering, qatliom manzarasini tiklaylik, deb murojaat etdik. «Yo’q, endi KGB bilan hamkorlik qilmayman, agar jinoyat qilgan bo’lsam, qilmishimga yarasha jazo olganman. Qolaversa, azizim, men faqat ijrochi bo’lganman, buyruqni bajarganman, xolos. Vaholanki, buyruq bergan ayrim rahbarlar hali tirik: men birortasining nomini aytsam, ular ham jim o’tirmaydi, darhol g’ayriqonuniy buyruqni bajargansan deb kaminani badnom qiladi. Hozir to’rimdan ko’ra, go’rim yaqin. Men endi o’limdan qo’rqmayman, lekin bola-chaqalarim, avlodlarim nima bo’ladi?! Ular bir umr «qotilning, jallodning avlodi» degan tavqi la’natni ko’tarib yurishi kerakmi?!. Tashakkur, sizlarga Hech narsani aytmayman. Men gunohkor bo’lsam, bolalarimning nima aybi bor», deb javob berdilar», dedi A. N. Blogorodov. Shundan so’ng men «Qatlnoma»da hukm ijro etilgan joy aniq emas, faqat taxmin qilinadi deb yozdim. Ayrim odamlar ular Ajinako’prik yonida otilgan degan taxminni ilgari suradi. O’sha joyda shahidlar xotirasiga yodgorlik o’rnatiladi, shekilli…

– Tushunarli, – dedi Nuriddin Akramovich o’yga tolib. – Bundan tashqari, kitobingizda hukm 1938 yilning 5 oktyabr kuni o’qiladi, otuv Hukmi esa 4 oktyabr kuni ijro etiladi, deb yozasiz. Sizningcha, ular bir kun oldin otib yuborilishi mumkinmi?

– Mumkin, – dedim.
– Ha-a, tushunarli, – dedi Nuriddin Akramovich jiddiy tortib. – Qodiriylar bir kun oldin otib yuborilsa ham sovet hukumati hech narsa yo’qotmasdi.

– Xuddi shunday.
– Lekin, bilasizmi, men 50-yillarda O’zbekiston kompartiyasining birinchi kotibi edim. U paytlari birinchi kotib respublikaning amaldagi rahbari hisoblanardi.

– Ha, to’g’ri. So’ng KPSS markaziy qo’mitasining birinchi kotibi, siyosiy byuroning a’zosi ham bo’lgansiz. Sizdan keyin O’rta Osiyodan hech kim siyosiy byuroning a’zosi bo’lmagan…

– Shunday, ammo Hozir gap unda emas. Gap shundaki, Nikita Sergeevich Xrushchyov o’sha paytlarda Kagakovich, Molotov, Malenkov kabi ashaddiy stalinchilardan, Stalin tarafdorlaridan qutilishi lozim edi. Shuning uchun atrofiga yangi kuchlarni to’playdi. Meni ham yoniga oladi. Stalinchilarni siyosiy sahnadan itqitib yuborish uchun «shaxsga sig’inish» oqibatlari fosh etilib, nafaqat Stalin, balki uning safdoshlari ham qoralanishi kerak edi. Bu hayot-mamot masalasi edi, uni partiya qurultoyi muhokamasiga olib chiqishdan avval sinovdan o’tkazish, kuchlar nisbatini aniqlab olish zarur bo’ladi. Shunda Nikita Sergeevich: «Biz uchun O’zbekiston sinov maydonchasi bo’ladi. 1938 yilda O’zbekiston Hukumatini boshqargan Fayzulla Xo’jaev bilan kompartiya kotibi Akmal Ikromov ham otilib ketgan. Men KGB raisi Semichastniyga aytaman, u Xo’jaev bilan Ikromovning sud ishlarini senga beradi. Delo bilan batafsil tanishib, siyosiy byuroga ularni oqlash to’g’risida taklif kiritasan», deydi. Men rozi bo’ldim. KGB raisidan kerakli jild-taxlamlarni olib Toshkentga qaytdim. Mutaxassilar bilan Hamkorlikda jild-taxlamlar o’rganildi. Buxarin, Rukov guruhidan ikki kishining ishi ajratib olindi. Siyosiy byuroga Xo’jaev bilan Ikromovni oqlash to’g’risida taklif kiritildi. Keyin nohaq repressiyaga uchragan yozuvchi-shoirlarni oqlash to’g’risida Ham N. S. Xrushchyovning roziligini oldim. Xullas, o’shanda Abdulla Qodiriy, Botu, Usmon Nosir, Elbek kabi adiblar oqlandi. Fitrat, Cho’lpon kabi shoirlar shaxs sifatida oqlandi-yu, lekin ularning ijodi oqlanmadi. Chunki ularning asarlarida millatchilik g’oyalari yaqqol sezilib turardi… O’sha paytda davlat siyosati nuqtai nazaridan Cho’lpon, Fitrat asarlari zararli hisoblanardi. Yana bir narsani ochiq aytib qo’ymoqchimanki, Qodiriy va uning taqdirdoshlari hech qanday jinoyatchi emasdi, ular Har xil tuhmat tufayli jazolanadi. Ha, yana qaytarib aytaman, ular jinoyatchi emasdi. Biroq, davlat ularni o’zlarining dushmani hisoblardi. Stalin: «Agar dushman taslim bo’lmasa, mahv etiladi, jismonan yo’qotib yuboriladi», degan shiorni o’rtaga tashlaydi. Mana shu shior, aslida, millatparvar yozuvchi-shoirlar ustidan chiqarilgan hukm edi. Bu hukm qat’iy edi, undan birovga shikoyat qilib bo’lmasdi. Nega bunday bo’ldi? Qodiriylar go’yo haqiqat, rostlik, to’g’rilik timsoli edi. Yolg’on g’oyalarni omma ongiga singdirish uchun yolg’on timsol yaratish lozim. Yolg’on timsol bo’ladigan, yolg’onchilikka rozi bo’ladigan munofiq kimsalar istalgancha topiladi. Doim shunday bo’lgan, bundan keyin ham shunday bo’ladi. Faqat bu o’rinda muvozanat to’g’ri ushlanishi lozim. Ya’ni, tarozi pallamini yolg’onchilar, munofiqlar o’z tomoniga og’dirib olmasligi kerak. Munofiq kimsalardan siyosiy maydonda foydalanish mumkin, ammo tizginni batamom ularning ixtiyoriga berib bo’lmaydi. Odamlar, omma, olomon o’rnak oladigan yolg’on g’oya timsoli yaratilgan paytda bir chetda Haqiqat timsoli ham mung’ayibgina tursa, nima bo’ladi?.. Ravshanki, munofiq kimsalar beixtiyor beburd bo’ladi, siyosat ham chok-chokidan so’tilib ketadi. 30-yillarda Sho’ro hokimiyati mustahkamlangan edi, endi bemalol shu paytgacha hamkorlik qilib kelgan «yot unsurlar»dan qutilishi, ularni bemalol yo’qotib yuborishi mumkin edi. Oxir-oqibat shunday qiladi. Qodiriylar davlatning dushmani sifatida mahv etiladi…

– To’g’ri, – dedim. – Shunday bo’lgan.
– Endi Abdulla Qodiriyning qaerda va qachon otilgani masalasiga kelsak, menimcha, voqea boshqacharoq ro’y beradi.

– Xo’sh-xo’sh…
– Siz KGBning podvaliga tushganmisiz?

– Yo’q, men podvalda nima qilaman! – dedim ajablanib.
– Arxivxonasi podvalda emasmikan?

– Podvalda bo’lishi mumkin, ammo menga ikkinchi qavatda maxsus xona ajratilib berildi. So’ragan jild-taxlamlarni, delolarni o’sha xonaga kiritib berishadi. Bir yil davomida shu xonada o’tirib jinoyatnomalar bilan tanishganman.

– Tushunarli, – dedi Nuriddin Akramovich. – Men 50-yillarda KGB xodimlaridan hukm ijro etiladigan joylarni ko’rsatinglar deb talab qilganman. Ular meni podvalga olib tushgan, kattagina bitta xonani ko’rsatishgan. Sement suvoq qilingan, beton xonaga faqat eshikdan kiriladi. Otuv hukmi shu yerda ijro etilar ekan. Soqchi mahbusni o’sha xonaga kiritadi, Hukm o’qib eshittiriladi, maxsus rota soldatlari esa hukmni ijro etadi. Otib o’ldirilgan mahbus sementlangan polga yiqiladi, jon beradi. Qonga belangan ust-boshlari yechib olinadi. Jasad esa zambilda podvaldagi boshqa bir xonada joylashgan krematoriy o’chog’iga tiqib yuboriladi. Ming darajadan yuqori issiqlik to’plangan, qip-qizil cho’g’dek qizdirilgan po’lat o’choqda jasad birpasda bir hovuch kulga aylanadi-qoladi.

– Nahotki, Qodiriy ham kuydirib yuborilgan bo’lsa!
– Nafaqat Qodiriy, otib o’ldirilgan hamma mahbuslar kuydirib yuborilgan.

– Ular Ajinako’l yonidagi qabristonga dafn etilgan deyishadi-ku?!
– Bunday mish-mishni o’sha paytlarda GPU idorasining o’zi tarqatgan.

– Nima uchun?
– Odamlarni chalg’itish uchun mish-mish tarqatiladi. Agar Qodiriy, Cho’lpon, Fitrat kabi millat fidoyilari kuydirib yuborildi degan ma’lumot xalq orasiga tarqalib ketsa, nima bo’lardi!

G’azablangan olomon GPU idorasinin tag-tugi bilan qo’porib tashlamasmidi?!. Esingizdami, Parijdagi Bastiliya qamoqxonasini ham g’azablangan olomon-inqilobchilar yer bilan yakson qilgan.

– To’g’ri, – dedim.
– Bor haqiqatni siz bilib qo’ying. Ehtimol, vaqti-soati kelsa, haqiqatni odamlarga aytish mumkin bo’lar…

– Demak, Qodiriy qaerda otib o’ldirildi degan masala aniq bo’ldi.
– Shunday. Xo’sh, Qodiriy bir kun oldin otilganmi, bir kun keyinmi?

– Bir kun oldin otilgan bo’lsa kerak, – dedim. – Chunki odamning Hayoti u paytlarda juda qadrsizlangan.

– Shunday-ku, lekin sho’ro hukumati o’z dushmanidan batamom qutilish yo’llarini yaxshi bilardi… Siz mantiq bo’yicha fikr yurityapsiz. Bu sog’lom mantiq, oddiy mantiq. Lekin hukumatning mantig’i boshqacha bo’lgan. Hukumat o’z dushmanini faqat jismonan mahv etish bilan cheklanmaydi, dushmanni ma’naviy jihatdan ham yanchib tashlashni istaydi. Xo’p, dushmanning jismi joni kudirib yuboriladi, ammo uning g’oyasi ozodlikda qolishi mumkin-ku! Masalan, birorta maslakdoshi ozodlikda qolsa nima bo’ladi? Maslakdosh ma’lum muddat jim yuradi, qulay fursat kelgan zahoti ustozining g’oyasini odamlar orasida tarqatishi va shu yo’sinda hukumatga qarshi bo’lgan yashirin muxolifatni shakllantirishi mumkinmi? Albatta mumkin. Shuning uchun GPU ozodlikda qolgan g’oya urug’ini o’sib-unib chiqmasdan oldin yulib olishi, uni ham yo’qotib yuborishi lozim. Buning uchun esa otuvga hukm qilingan mahbusdan maksimal darajada qo’shimcha ma’lumot, informatsiya olishi darkor. Qodiriyni bir kun oldin emas, aksincha, bir kun keyin otilishidan Hukumat manfaatdor edi. Qodiriy qamoqda bir-ikki kun ortiqroq saqlab turilsa, Hukumat deyarli hech narsa yo’qotmasdi. To’g’rimi?

– Bilmadim.

– Bitta misol keltiraman. 80-yillarda Buxoroda obkomning birinchi kotibi bo’lgan Abduvohid Karimov dastlab otuvga hukm qilinadi. So’ngra to’plagan noqonuniy boyligini davlatga topshirishga rozi bo’lgach, otuv hukmi o’n yillik qamoq jazosi bilan almashtirilgan. Mahbusga Hayot in’om etilayotgan paytda: «Biz bilan sidqidildan hamkorlik qilasiz, barcha tillolaringizni topshirasiz, hech narsani yashirib qolmaysiz», deb og’zaki shartnoma tuziladi. Ikki tomon shartga rozi bo’ladi. Bir tomon molni, narigi tomon jonni beradi. Savdo pishadi, mahbusga hayoti qaytariladi. «Yana biror joyda yashirib qo’ygan tillolaringiz yo’qmi?» deb so’raladi. «Yo’q», deydi mahbus. «Lekin zinhor yolg’on gapirmang, biz qidiruvni davom ettiramiz», deb ogohlantirishadi. Mahbus qasam ichadi: «Yo’q», deydi qat’iyan… Shundan keyin Karimov jazoni o’tash zonasiga yuboriladi. Ish yopiladi-yu, lekin tillolarni qidiruv davom etaveradi. To’qqiz yildan so’ng yana katta miqdordagi tillo tangalar topiladi. Bular boshqa bir amaldordan musodara qilinadi. O’sha amaldorga omonatni aynan Karimov saqlab qo’yish uchun topshirgani ham izquvarlar tomonidan isbotlanadi. KGB xodimlari zonaga boradi. Karimov maxsus xonaga taklif etiladi. «Xo’sh, biz nimaga kelishgan edik?» deb so’raydilar. «Sidqidildan hamkorlik qilishga kelishganmiz», deydi A. Karimov. «Demak, kelishuv ahdini kim buzdi?» Karimov KGB xodimlarining dalillarini eshitgach, yer suzib qoladi. «Demak, aybingizga iqrorsiz. Shu bois endi miq etolmaysiz. Lekin biz sirni fosh etish uchun to’qqiz yil ovora bo’ldik…» «Kechiringlar», deydi Karimov yalinib. «Ayb qilgan odam kechirilishi mumkin, ammo ahdni buzgan odam kechirilmaydi», deb KGB xodimlari mayin jilmayib xonani tark etadi. Oradan ma’lum vaqt o’tgach, Karimov qamoqdan chiqish arafasida to’satdan vafot etadi. Chunki boshida o’lim jazosi o’n yillik qamoq muddatiga o’zgargan, shu muddat davomida ahdlashuv bir tomonlama buzilgan va bu narsa isbotlangan, endi hayot uchun hech qanday kafolat qolmagan edi… Nima deysiz, ana shu voqeadan voqif bo’lgach, Abdulla Qodiriy bir kun keyin otilgan desam ishonasizmi?

– Nima, KGB xodilari A. Karimovni zaharlab o’ldirganmi? – deb so’radim.
– Nima bo’lganini Hech kim, Hech qachon isbotlay olmaydi.

– Tushunarli, – dedim taqlidan.
– Ana shunaqa gaplar… Men bu tashkilotning ish usulini yaxshi bilaman…

Keyin u kishi Moskva arxivlaridan «bosmachilik harakati»ga aloqador ancha-muncha ma’lumotlar to’plab qo’yganini, agar xohlasam, ular bilan tanishtirishi mumkinligini aytdi.

Suhbat yangi mavzuga ko’chdi.

Hozir Nuriddin Akramovich Muhiddinov sakson yoshlarni qoralab qolgan, Toshkent shahrida yashaydi. Vaqt topib u kishini bir yo’qlab qo’ysam, savob bo’lardi.

KGB va partiya arxivlarini qunt bilan o’rganib amin bo’ldimki, hokimiyatni egallab olgan yovuz niyatli kimsalar insoniy qiyofasini paqqos sidirib olib axlatxonaga eltib tashlar ekan. Shu bois ularning qilmishlariga odamgarchilik yoki gumanizm nuqtai nazaridan baho beraman deb ovora bo’lmaslik kerak. Zero, uoar hokimiyatni saqlab qolish uchun har qanday jirkanch jinoyatdan ham qaytmaydi.
Abdulla Qodiriy, Cho’lpon, Fitrat kabi “xalq dushmanlari”ning jasadlari 1938 yilning 4 oktyabr kuni NKVD yerto’lasida krematoriy o’choqlarida yoqib yuborilganiga aqli raso odam ishonmasligi mumkin. O’zim ham N. A. Muhiddinov hikoyasini eshitib ancha paytgacha “unchalik emasdir-ov!” deb ishonqiramay yurdim. Ko’nglimda paydo bo’lgan ishtibohni tasdiqlaydigan dalil-dastak qidirdim; mantiqan o’ylab ko’rilsa, jasadni yoqib yuborgandan ko’ra dafn etgan osonroq emasmi? Men krematoriy o’choqlarining ish tartibini bilmayman. Ehtimol, ming daraja issiqlik hosil qilingan o’choqda har qanday jasad sanoqli soniyadan so’ng kuyib kulga aylanib ketar…

Solomon Volkov “Shostakovich i Stalin: xudojnik i sar`” (Moskva, “EKSMO”, 2006) nomli kitobida e’tirof etishicha: “Isaak Babel Ham, Vsevolod Meyerxold Ham 1940 yilning boshida Yejov bilan birgalikda otib tashlanadi. Ularning jasadlari kechasi yoqib yuboriladi, qonxo’r jandarm bilan ijodkor daholarning xoklari esa umumiy mozorga birgalikda sepib yuboriladi” (378-bet).
Isaak Bebel – o’z davrining benazir yozuvchisi, Vsevolod Meyerxold – buyuk rejissyor, Yejov – 1937-38 yillarda ro’y bergan misli ko’rilmagan qatliomni bevosita ijro etgan, amalga oshirgan jalod (NKVD rahbari) edi. Ularning birgalikda oliy jazoga hukm etilib, birga otilib, jasadlari krematoriy o’choqlarida kuydirilib, xoklarining bitta umumiy mozorga sepib yuborilishi, albatta, misli ko’rilmagan haqorat hisoblanardi.

Demak, “xalq dushmanlari”ning jasadlarini krematoriy o’choqlarida yoqib yuborish biz uchun yangilikdek tuyulsa-da, lekin qatliom yillarida an’anaviy tus olgan edi. Nasroniy diniga mansub qavm uchun jasadni kuydirish g’ayritabiiy hodisa hisoblanmaydi. Musulmonlar uchun esa bunday hodisa ko’z ko’rib, quloq eshitmagan vahshiylikdan boshqa narsa emas.

Qodiriylar jasadining kuydirib yuborilishidan ko’zlangan maqsad faqat marhumlarning diniy e’tiqodini xo’rlashdan iborat emas, ayni chog’da kelajak avlod ziyorat qiladigan mozorlardan nom-nishon qoldirmaslik lozim edi. Tojikiston SSR Kompartiya arxivida (Fond №1, Opis` №1, Delo№361, 6-7 betlar) saqlanayotgan hujjatda aytilishicha, “Anvar posho mozori – uning yoniga Boljuvon beki Davlatmandbiy va Anvar posho qarorgohining boshlig’i Farrux afandilar dafn etilganlar – ziyoratgohga aylanib qolgan. Ziyoratchilarga mullo Xalifa rahnamolik qiladi. Shubhasiz, bunday hodisalar aholiga ta’sir ko’rsatadi – aholi xudojo’y bo’lgani tufayli sho’ro hokimiyatining tadbirlarini hayotga tadbiq etish mushkullashoqda…”

Bu hujjat 1925 yilning 14 iyun kuni OGPU xodimlari Aukon va Medvedov tomonidan maxsus o’rganilib, tegishli chora-tadbir ko’riladi.

E’tiqodli zotlar, shak-shubhasiz, e’tiqod timsoli edi. Biz unisidan ham, bunisidan ham mahrum etilganmiz.

“Qatlnoma” 1991 yilning may-iyun oylari “Sharq yulduzi” jurnalida e’lon qilingan. 1992 yilda esa alohida kitob holida nashr etilgan edi. Mana, oradan salkam yigirma yil vaqt o’tdi. Kitob nashrga tayyorlangan paytlari men Habibulla Qodiriyning xotiralari bilan to’liq tanishish imkoniyatiga ega bo’lmagan edim (u kishining xotiralari matbuotda e’lon qilinganda Dushanbe shahrida Partiya arxivida ishlayotgandim, kitobim esa nashrga topshirilgan edi). H. Qodiriyning “Otamdan xotira” kitobini o’qib o’zim ilgari surgan fikr-mulohazalar haqiqatga yaqin ekaniga ishonch hosil qilish bilan birga ayrim o’rinlarni ko’chirmalar olib to’ldirishni lozim ko’rdim. Chunki bu kitobni o’qigan odam unisini, unisini o’qigan odam bunisini o’qimagan bo’lishi mumkin. Azbaroyi o’quvchilarga qulaylik tug’dirish niyatida “Qatlnoma”ni to’ldirdim, xolos.

Hakam o’zingiz, kitobxon!

1995 yil 13 sentyabr.

0654

Nabijon Boqiy 1956 yil 7 noyabrda Farg’ona viloyati Bag’dod tumanidagi Chuvalanchi qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tamomlagan (1984). «Bir muhabbat qissasi» (1990), «Qatlnoma» (1992), «Gulzamira» (1994), «Chingiz afandiga maktublar» (2004), «Anvar poshoning vasiyati» (Istanbul, 2006) kabi qissalari chop etilgan.
R. L. Stivensonning «Merosxo’r», «Katriona» romanlarini (1990) hamda Chingiz Aytmatov va Muxtor Shoxonov yozgan «Cho’qqida qolgan ovchining ohi zori» (1998, Y. Xo’jamberdiev bilan hamkorlikda) kitobini o’zbek tiliga tarjima qilgan. «Shuhrat» medali bilan taqdirlangan (1995).

Nabijon Boqiy. Qatlnoma by Khurshid Davron on Scribd

хдк

(Tashriflar: umumiy 1 837, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring