Nafisa Omon. Yangi she’rlar

Ashampoo_Snap_2017.08.06_19h45m46s_001_.png    Нафисанинг ҳар бир янги шеърини кутиб юраман. Фейсбукдаги саҳифасига тез-тез кириб бу шеърларни завқ билан ўқийман. Бундан бир неча йил аввал унинг шеърлари билан таништирган эдим. Бугун   шоиранинг янги шеърларини тақдим этаётганимдан мамнунман.

Нафиса Омон
ШЕЪРЛАР
09

* * *

Мен билан кетасанми,Ashampoo_Snap_2017.08.08_14h29m14s_002_.png
Самарқанддан ҳам,
Энг узоқ йўл боссам,
Нигоҳларимда.
Сенинг юрагинга
Эшиксиз кирсам!
Кўнглингда дайдисам
Пиёда…

Армон қилмайсанми
орқага қараб,
Ичингда йиғлоқи кўзлар йўқми ҳеч.
Ўкинч сизмайдими киприкни
Тараб.
Сен ҳам бўласанми мени
қизғангич???

Ғурбат сўраб келса
Дард истаса Ҳақ.
Ёлғон сепиб кетса бошдан
Оловлар.
Қачон-ки ҳақ бўлсанг
қаршингда ноҳақ.
Қачонки рост бўлсанг
Абас алдовлар!!!

Ишона оласанми, кўп эмас
Озроқ.
Ўзи жуда қисқа Баҳор ҳам,
Ёз ҳам,
Тўйимиз бўлади, бахтиёр Кузда.
Мен билан кетасанми,
Кейин, индамай.

Ачинмай, ўксимай, йиғламай,
Кулмай!
Қўлимга — қўл тутсанг!
Бахтга йўл тутсам!
Ва бирга йўл олсак
Жаннатга билмай!

* * *

Зинапояларга чўккалаган сабр,
Кутишни ўргатар синиқ ойналар.
Эй Ойни тутолмай қулоч ёзган абр,
Эшиклар бунчалар узоқ ўйланар!

Кирса нордонгина бахт бор, кирмаса —
Орқача йўллар кўп, ширин тиллар кўп.
Айтинг, бунча узоқ изсиз юрмасин,
Остонада кутган соғинчлар тўп-тўп!

Фақат сал аразчи, бироз хатоли,
Ойни этак билан ёпиб бўлмайди.
Яшириб бўлмайди — ярали дилни,
Юраги хастанинг  кўзи кулмайди!

Зинапоялардан қайтиб келар бахт,
Ой тўлган кечада  умид нурланар.
Август лабларидан ишқ олар дастхат,
Қайтиш йўлларида виждон тирналар!

* * *

Уйимиздан — уйингизгача,
Йўл узоқмас!
Масофа узоқ!
Эслаб туринг тўйингизгача,
Яна озроқ,
Унутманг озроқ!

Сўнг қоврулинг, олов бўлсин дил,
Алам қилсин бу қасдингиздан.
Сиз бошлаган қайтиши йўқ йўл,
Гул тутмаган гўл дастингиздан.

Мен ҳаммага Бахни кўрсатиб,
Муқаддима қилдим ўйинга.
Оҳ уришга қолмас фурсатим,
Вақт етмайди ғамгин ўйимга.

Бари яхши, ёмонмас  асло,
Биров билди, биров билмасин.
Сизни тезроқ унутсам аъло,
Куйиб кетманг, алам қилмасин!

Йўл узоқмас, ҳаёллар узоқ,
Қарич бошқа, қулочлар калта.
Юрагининг мурвати носозроқ,
Энди сизни кимим деб атай?

***

Алам қилди,
Йиғладим сўнгра,
Кипригимнинг бўёғи оқди.
Бир ҳиққиллаб,
Бирида ҳўнграб,
Дўстим ширин жонимдан
Чақди!

Унутарми инсон ўтмишни,
Шундай бўлса, демак-ки ёлғон.
Ҳар ниятни,
Ҳар бир қилмишни,
Варақ -варақ дастхати қолган.

Ё соддаман,
Ё беогоҳман.
Нима бўлса- бўлган ўтмишда.
Инсон қандай бўлса шундаймиш,
Еттисида ёки етмишда!

Яна севдим!
Яна ишондим!
Ишқибозлик қилдим меҳрга.
Бош кўтарса — шубҳадан тондим,
Ширин сўзлар олди сеҳрлаб.

Минг биринчи эртакман балки,
Бошдан йироқ — муродга яқин.
Эй менда ҳеч йўқки қалбаки,
Олай десам юракка тақиб.

Алам қилар кейин баъзида,
Яна қанча алданишинг бор?!
Умид борми ҳисоб озида?!
Инсоф қилгин ўзингга озроқ.

Хафа бўлма!
Совдогар дунё!
Ўйинчи кўп,
Ўйнатгувчи кўп.
Кўзёшларинг эса бебаҳо,
Кипригингнинг бўёғи-ку, хўп!

***

Кутмаган кунингда  кутганинг келса
Ва қайтиб кетмаса, бошқа ҳеч қачон.
Мўъжиза туғилар — умидлар ўлса,
Ишон!

Уйғоқ тунларингга суянса кундуз,
Эртак айтиб берсанг эрталарингга
Сўнг ўзинг эшитсанг, кутилган бир сўз —
Ишон!

Тўрт девор дунёдан кенг ва гўзалроқ,
Жаннатдан афзалроқ, Маккадай азиз.
Илмнинг аълоси, ҳар дарсга сабоқ-
Ишон!

Ичингда бор бўлса ҳали тоза жой,
Юрагингда бўлса еттинчи осмон,
Ҳаммаси жудаям яқин ҳойна-ҳой,
Ишон!

Кўксингда туғилса соғлом орзулар,
Кўзи кўр бўлмаса, сўзи бор бўлса.
Яралган бир зарра эмас бесамар,
Ишон!

Гарчи ёшлик кетиб, дафтарлар қолса,
Бироз қаттиқ бўлса тишинг теккан нон.
Нималар бўлмайди, дунёда, билсанг,
Фақат ишон!

* * *

Баъзан сиз ҳам, хаёлингиз ҳам,
Олма гулдай самимий, эрка.
Дунё эмас,
Одамлар беғам,
Йиғлаётган юрагим экан!

Мен кўнглимни кўндиролмадим!

Сарғаяди интизорликда,
Исмини ҳам унутган бекат.
Биз айрилдик…
Мухаббат зада,
Алам эса кўкарар бекам!

Мен орзуни ундиролмадим!

Ҳозир уйғоқ онг остидаги,
Нимжон сезги ҳужайралари.
Ақлингизнинг ўнг дастидаги
Мажбурий бахт ижаралари!

Узр, бундай бўлдиролмадим!

Ҳаммасини келишган тақдир,
Энди бизга ризолик йўқдир.
Мен дунёда бадавлат фақир,
Бой бергани бойлигим йўқдир!

Бу ерларда қолдиролмадим!

Ростдан, асли ёмон эмассиз,
Раво йўқдир яхшилигингиз.
Кел демайсиз,
Кет ҳам демайсиз,
Мароқлими қаршилигингиз,

Сизни яна кулдиролмадим!

Олма гулдай эрка, самимий,
Туюласиз баъзан, ўзимча.
Эй бекамим,
Менинг камим-ей,
Меҳрингиз кўп, айтар сўзимча,

Мен ҳаммасин билдиролмадим!

* * *

Шакарсиз чой билан аччиқ шоколад —
Мазмун —
мендан ҳуркиб учган Мусича!
Хуршид Осмондаги қалбаки тахмин  —
Энди иситмайди!
Ҳамма ўзича…

Оқланган девордек кўринар ҳузур,
Ичида ўт ёнмас ҳарорат билан.
Менинг ғолиблигим ўзимга манзур,
Пиёда кетяпман ишқи бор йўлдан!

Дераза кечани такрорлар ҳар шом,
У ҳар кун ботади юракка қайта.
Орзулар дарбадар, эй хаёли хом,
Ўзингни ҳам қўйгин тўйингга айтиб!

Қолган хуррамликлар ёлғондир, ишон,
Сохта кулгулардан, соф йиғи афзал.
Қани ол,
Чойдан ич!
Ўзингни тушун!
Кўксингда тонг отса…
Қанчалар гўзал!

Шакарсиз чой билан аччиқ шоколад —
Мазмун —
мендан ҳуркиб учган Мусича!
Қуёш Осмондаги қалбаки тахмин —
Энди иситмайди!
Ҳамма ўзича…

* * *

Эй, биров экмаган эрка дарахтлар,
Эй, ўзи кўкарган гуллар, майсалар.
Ҳали тушунчамга кирмаган бахтга,
Тегишли кўнгилда недир…
Қайсидир…

Олий ибодатда тентираган нур,
Энг яқин, энг йироқ юлдузим бу Ишқ.
Тирноқдан ташқари оламни ҳам кўр,
Эй кўзимга тушган думалоқ бўшлиқ!

Қачон беркинади ҳаволанган ғаш,
Қачон мухаббатга арзийман мен ҳам?!
Қачонгача чангим, минг рангга талаш,
Қачон юрагимдан унар ҳур чаман?!

Эй!
Миннатсиз ўсган дарахтлар !
Гуллар!
Эй, жавоб кутмаган гўзал саволлар!
Эй, менинг онгимдан олий гулхатлар,
Кейин нима бўлар?
Менинг давомим?!

* * *

Йўллар кўпдир, менинг йўлим йўқ,
Гул тутасиз,
Ахир қўлим йўқ.
Кел дедингиз,
О, дилсиз бағир,
Кифтингизда дуо!
Қўним йўқ!

Уяламан  кўзларингиздан,
Меҳр исли сўзларингиздан.
Қоқиб қўйинг чанг елкаларим,
Кўнгил тушди изларингизга!

Сўрамадим
Дунёнинг сўнгин,
Дунёнгизга инондим, кўндим.
Ўйловдимки бундан буёғи,
Рўёларининг энг гўзал ўнги!

Лабингизда ингичка кулгу,
Гуллар гуллар, фаслсиз, гулгун,
Ё сизнинг ҳам кўнгил ҳотиржам?!
Нималарни соғинди бугун!

Оқ! Ёқаси топ-тоза юрак,
Жингалак соч, малла кўз хаёл.
Нималардир жуда жонсарак,
Нималарни туяр бир аёл!!!

* * *

Йўқ деганда йўлиққан,
Омадимсиз жигарим.
Отамнинг феъли юққан,
Одатимсиз жигарим.

Суюнаман, суянсам,
Сиздай Адл тоғим бор.
Тўрт фаслиям вафодор,
Яшаб битмас боғим бор!

Қараб -қараб уялдим,
Улғайдингиз, мен ёшман.
Қандай гўзал, эгилса —
Эркакка, аёл боши!

Овозлари  гулдурак,
Осмон тўлар наърага
Ҳавас қилиб бор шараф
Йўлингизга қараган!

Яхшиям сизни туққан
Онанинг боласиман.
Тоғдай баланд еканинг,
Қўл етмас лоласиман!

Қандай бахли қиз бўлдим,
Фарзандиман ўзбекнинг.
Ука, айтинг йигитлар,
Ҳаммаси ҳам сиздекми?!

**

Ҳамон бир қафасга муҳтож айладинг,
Бир кишан ҳадя эт гулдан, Меҳрибон!
Ишқ билан кўзимни маҳкам бойласанг,
Дайдиб чарчаяпман йўлдан, Меҳрибон!

Оқиб кетмасидан иккита дунём,
Бармоғим титроқдир, сабр тақиб зеб.
Эркинликларимда эрирми паён,
Ўзимга тўқнашиб кетяпман — кезиб!

Ёввойи олмасан дерди бир опам,
Тўкилиб бораяпман, ўзимча, бесар.
Мени териб бергин ўзинг, Меҳрибон,
Ахир чарчаяпман, беҳуда!
Бекор!

Шамол ҳам истайди бир кун тинимни,
Бир тоза юракка қама, Меҳрибон!
Толиққан қанотга айла қўнимни,
Мен керак ерларга яма, Меҳрибон!

Кетсам, қол дегучи интизор қани,
Одамман, қусурим гўзал, Меҳрибон!
Шукурга айланиб қолсам бир куни,
Менга сен деганинг афзал, Меҳрибон!

* * *

Катта-кичик ёлғонларинг,
Муҳим эмас, бўлар- бўлмас.
Сен муҳимсан!
Сен бўлмасанг
Кунлар — кунмас!
Тунлар — тунмас!

Шундай ўлдир-ки мени,
Яна минг йил яшайин.
Бир ютум ҳаётимни,
Энг бошидан бошлайин!

Ранжиб нетдим, бутунмас,
Ярим кунга розиман!
Ёндир мени!
Етади
Оловингнинг ози ҳам!

Юр, қочамиз!
Қочамиз!
Африка!
Ё Қутбга!
Янги дунё очамиз,
Бўйсунмасдан тартибга!

Ҳаво, сув муҳим эмас —
Ойга етиб олайлик.
Ўша ҳеч ким тополмас
Нур  бағрида қолайлик!

 

* * *

Тонггача мароқ мудроқ,
Аччиқ қаҳва!
Ширин ўй!
Қулоғим улкан сўроқ,
Телефонда форсча куй!

Хай майли, бор -барака,
Сайради қуш!
Келду хуш!
Бахт эгилди тўрт ракат!
Ҳақ кўрдим!
Кўрмадим туш!

Ерга ёзиб олача,
Чўккалади офтоб ҳам.
Кулди жажи болача,
Юрагимда бир беғам!

Енгил тортди, ел сепиб,
Гулларнинг этагига.
Кимдир ишонмоқчидай,
Кўнглимнинг эртагига!

Ўйнамайман, айтайин,
Номардларга қўл тутмам.
Ҳаётим   —  Тинч океани,
Мен ундаги кўк китман!

**

Юкинг белгиланган: 20 кило.
Мен ортиб қоламан,
Моддий!
Ва оғир!
Қолсам индамайин,
Барини билиб.
Қолсам,
Ўз — ўзига бегона бағир!

Уч!
Майли, илҳақлик келмасин малол,
Менинг бўю бастим малол келмасин!
Биламан, юрагинг топ-тоза!
Ҳалол!
Кетиб қолганингни ҳеч ким билмасин!

Самолёт!
Самолёт!
Само!
Қодирсан!
Силкинган елкамда ҳурлар хўрсинди!
Менинг тарозимнинг тошлари улкан,
Тоғлар бас келолмай синди қарсиллаб!

Катта юрак керак:  мен сиға олсам,
Хаёлларим билан,
Кўчларим билан!
Шу юракда яшаб — шунга кўмилсам,
Борича!
Эртаю, кечларим билан!

Ранжимоқ келмайди энди қўлимдан,
Босган изларимда надоматлар йўқ.
Қандай қўрқиш мумкин бундай ўлимдан,
Ҳеч кимга ёмонлıк тıлаганим йўқ!

* * *

Дилимизда куй басталар,
Авж  нолау нозларимиз.
Баҳор кетса, гул дасталаб,
Ёнар лов-лов Ёзларимиз!

Алдамайман деган билан,
Ростин айтмоқ —  ишқнинг дори.
Келса-келсин, бахти кулган,
Зори бори!!!
Ори бори!!!

Билмай араз, алам берсак,
Бой бўлмасин…
Бой бермасин.
Умр берса — олам берсак.
Бахтдан бошқа жой бермасин!

Ўшанда шу дилим билан,
Бир яйрасак…
Ўша куни!!!
Бошлаб ҳамма йўлим билан,
Тақдиримиз қўша куни!

Юракдан пиёда ўтган,
Тилакларим етсин кўкка.
Шукур билан тўлган ўпкам,
Сийратингга тизза чўкса…

Қандай дадил замондошсан,
Вужудингда
Ҳам ўй, ҳам шаҳд.
Бу дунёга ясаб берсак,
Узулмаган гуллардан бахт!!!

Гарчи зарра адоват йўқ,
Муҳаббатга ҳамхонамиз.
Бундан гўзал адолат йўқ,
Жондай яқин,
Дугонамиз!!!

Чарчаш

Кўзингга тушади нимжон сочларинг,
Ҳаммасини тутиб тутамлаб,
Боғлаб қўёлмайсан бошингга
Улар калта,
Қўлларинг чарчоқ…

Асабларинг эса қолмаган.
Ўтиб кетади дейди одамлар
Тупурдим ҳаммасига
Улар билан бирга ўтиш осонми?!

Қолаверса қадами оғир
Елкаси ўйилган йўлларинг чарчоқ!

— Куйинма, арзимас, дейди дугонам
Бир пайтларги дугонам ҳақда.
Менга бари — янги бегона
Янги- янги ҳангома чиқар
Ўнгда!

Мадорингни чайнаб ўйнашга!
Юрагингни қийнаб ўйлашга!

Маошдан — маошгача,
Ишхонадан — ижара уйингга,
Уфқдандан — шафаққача
Дилингдан — тилинггача
Чарчоқ!

Эшикни ёпасан  орқадан —
Ёлғиз қоласан бии-иир ўзинг ва
Ҳақиқий дўстинг!
Кўзингдан думалаб кетади бари.
Силкитиб — силкитиб қоқади ҳасрат,
Ўксиниб- ўксиниб дуо этасан
Чарчоқлар чиқади бармоқларингдан.

Жойнамознинг бир чеккасига бошинг тегиб ухлаб қоласан
Сен чарчаб ҳам яшай оласан!

* * *

Ўнг тўртинчи бармоғим интиқ,
Ҳаёл тинтув қилар юракни.
Шарт-шароит қув ҳамда тантиқ,
Бурч оёғи эзар куракни!

Сен — байроқдор, мағрур ва сокин,
Мен нурингда эриган шудринг.
Ситиб олиб юракнинг чокин,
Бош кўтарган вилоят қурдинг!

Борай десам бошимда ғоя,
Қолай десам руҳим йўқ менда.
Эй заминга ўшшайган қоя,
Энг гўзал бахт, қасдим бор сенда!

Учиб кетган ҳамма кунларни,
Ёқаланган сувдай кўз ёшим.
Яширолмай гина, кинларни,
Сотиб қўйса қайтай, қарашим!

* * *

Осмон элаб ерга тушурди,
Мен ўрлашиб кўкка қўл чўздим.
Табиатим шундан қусурли,
Қалб овозим режани бузди!

Тинчлик тилаб ёлвордим ўзга,
Ўзга нарса истамай қўйдим.
Қололмайман Ердай юлдузда,
Бор — барака, Қуёшни суйгум!

Бир оёқда она Лайлаклар,
Фикрлардан қўрий олмади.
Кўзим қайда, қулоқларим кар,
Бош нима у?
Ақл қолмади!!!

Ҳайҳот! Ичимдаги — ичимда,
Исёнкорман! Кечирма
Асло!
Юрагим бор оғир — кўчимда,
Оббо!
Оқил дўстлар алвидо!

Нима қилай номард чиқди ишқ,
Нима қилай йўлсиз йўлдаман.
Сув ичса ҳам бўлармиш сархуш,
Қақнус каби олов қўлдаман!

Ёниб битсам ачинманг, кулманг,
Остун — устун қилди аҳли фикр.
Юрагимда ҳеч қачон ўлманг!
Сочу тирноғимгача зикр!

Қандай яхши эдим аввалроқ,
Бор қил мени!
Зор қил ўзингга,
Осий қилма —
Ўз қўлим билан!
Қарай қандай гул- гул сўзингга?!

 

**

…эзиб сувга отдим!
Ё балиқ!
Худо берган ризқингни ямла!
Ҳаммасини билади Холиқ,
Кўнглинг деган кўчани танла!

Бўйингдан ҳам ўйинг виқорли,
Ҳалоллагин бу тилакни, бахт!
Бошимиздан анча юқори,
Кўзни юмиб қилганимиз аҳд!

Қара, ҳамма ўзича шодон,
Ўйланишга арзимас дунё.
Ошиқликнинг тупроғи қўнган
Юракларга бўлгин маҳлиё!

 

Вақт

Қайда қолди одиллигинг вақт,
Мени қайга бошлаб боряпсан?!
Эриб битган, идрокда карахт,
Юрагимни ёряпсан!!!

Бошим қўйсам қулаб кетмаса,
Ва таб тортмай севса бўлмасми?!
Армонларнинг қўли етмаса,
Одам деган бахтдан ўлмасми!!!

Қайда қолди қайтар дунёйинг,
Қайтмайдими оқ кўйлакли тонг?!
Тан олишга етарми кучинг,
Ёки фақат урасанми бонг?!

Онам уйда…
Кўў-ўў-ўп ўйда онам,
Бахт тилайди! Ўзи мосуво.
Менга битта йўл бер!
Бир дона!!!
Фақат сенга бошласин Худо!!!

* * *

Сабза урмиш юракда бор ҳис,
Кун ва Туннинг бўйи тенглашмиш.
Бу тилаклар баридан саҳиҳ,
Сўзни ҳидланг —
Бор баҳорий ис!

Дили ғолиб ошиқдай  Баҳор,
Муздай эриб, узрини айтса…
Муҳаббатга бўлсин Худо ёр,
Ишқи сабаб кетолмай — қайтса!

Келинг, ўзим бағримга босай,
Ярашамиз, аразлар кетсин.
Жимжималоқ бармоғим осай-
Бармоғингиз узатинг!
Битсин!

* * *

Демайсан ҳам хайр- хўш,
Индамайсан…
Кун ботар.
Кўзларингни кўриб туш,
Кўз очирмай тонг отар.

Демайсан-ки, мен борман,
Қўлингни бер!
Юр!
Кетдик,
Биз жимликлар ичида,
Ишқдан адашиб кетдик.

Индамайсан, титрайман,
Сендан тортар мени ғам.
Қачонгача кутгайман,
Кўнгли тўқ, ишқи беғам!

Бу сукутлар йиғлатар,
Йиғилди қара андуҳ.
Мен биламан қалбинг бор  —
Ишқ тўла эски сандиқ!

Бақир, кел де,
Шарт қўй ,шарт!!!
Мени эг!
Кес!
Бесавол
Кетмайин шундай… бедард!
Ҳаётингга ишга ол!

***

Мени сендан олиб кетади,
Ҳаво кемалари
Хўрсинасан, аммо айтмайсан,
Менга ниманидир…

Хайрлашиб кетяпман ахир,
Нигоҳларим — вафонинг расми.
Юким эмас, юрагим оғир
Йўлимни тўсманг!
Узр.
Мендан ўтган аслида.
Ачинаман орқага қараб.

Тингламайсан кўзларимни ҳам
Ва кетаман, олислар сари

Довдирайди ёлғиз хаёлот
Исмини ҳам унутар дунё
Тушун, Сени севгандим беҳад.
Қололмайман.
Сенга бепарво.

Ҳово кемалари.
Ҳаво кемалари.
Ҳамма силкитади қўлини,
Мен қаҳрибон, энди ўзингдай
Яна тўсолмадинг  йўлимни!

* * *

Ўпкам тўла симирилган ишқ,4_o.jpg
Нафасимда муҳаббат шундан.
Лабларимдан бошланар Беҳишт,
Дўзах яшар менинг ичимда!

Гуноҳкордир қулоқлар мудом,
Сув қуяди кўзларим тинмай.
Эй ичимга ўт қўйган одам,
Қандай қилиб мен энди ўлмай?!

Ҳужайрамнинг ҳар ҳужрасида,
Меҳмон бўлган сен берган орзу,
Юрагимнинг бир парчасига,
Солиб қўйдинг нимага ғулу?!

Оёғимда темирдан калиш,
Тиззалаган истак, сарҳадсиз
Кўз отмоқда ғурур, ёлвориш,
Бошим қолган бесабаб, отсиз…

Яна қайга кет дейсан?! Икки —
Оламда ҳам яшасам бирда.
Сени ёмон кўрмайман чунки,
Сен ҳам энди бии-иир яхши кўр-да!

**

Мафтуна Муҳаммадаминовага

Йиллар билан ишим йўқолган,
Расмийлашмас ҳеч бир тилагим.
Юрагимда суврати қолган,
Чангланмаган декабрь гулим.

Елкалари бошимга ором,
Мен сиғмаган дунёдан ҳалол.
Юраги оқ, кўзлари қорам,
Сенга ҳеч ҳам келмасам малол!

Дўст десалар, ана деб айтсам,
Орамизда бир Худо бўлса.
Мен сен билан мақтаниб ўтсам,
Кемтикларим мосуво бўлса.

Дугонам-ей, қалб деса қалбдай,
Усти бутун — ичида тутун.
Енголмайди ҳеч ғализ, Алпдай,
Сени яхши кўрганим учун!

Руҳим билан ҳамиша эгиз,
Сезгим сени қучар, қарши ол.
Оралиқда бир Қора денгиз,
Масофа ҳам соғинчдай ҳалол.

Табрикласа арзийди мени,
Борсан,
Борман,
Бор бўлсин дунё.
Таваллудинг мўъжиза сени,
Умринг байрам бўлсин бехато!

**

Дейсанки, унутгансан,
Сочларимнинг рангини.
Кўзимда асраяпман,
Киприкларинг чангини.

Дейсанки, хижолатда,
Ўксиниб, бегонаман.
Мен ўзимни унутган,
Телбаман
Девонаман.

Дейсанки, не бўлибди,
Қайси яра битмамиш,
Агар дард бўлсанг чиндан
Бил оғриқлар ўтмамиш.

Дейсанки, бахтли жуда
Вақти йўқдир эслашга.
Менинг мазмуним битиб,
Оқибатим тезлашган.

Унутмаганман ростдан…
Унутсайдим, қанийди.
Афсус, кўнглим минг йилги,
Ҳисларингни танийди…

***

Кўзларимни чирт юмиб,
Ҳаяжон ва дард тўла
Эртакларимни айтсам…
Тингла!

Кейин ўзингдан кетиб
Менинг оғриқларимдан
Чегаралардан ўтсанг!
Қара!

Бир кун келиб биламан,
Сен ҳам ташлаб кетасан
Биринчи муҳаббатдай —
Йўқми?!

Кўзинг қийса қийнашни,
Мен-ла кўнгил ўйнашни,
Алам билан сийлашни —
Ҳақми?!

Сендан аввал севганман,
Билиб қилган хатом шу
Сўнг сенгача келганман —
Ёраб!

Агар йиғлатсанг мени,
Бир чеккага ёзиб қўй
Ёғда ёқаман сени
Ойййй!

Шундай!
Бир кун балкондан,
Узоқ — узоққа қараб,
Йўллардан сени сўраб
Олганман!

Бундан уч  йиллар аввал
Ҳозиргидан гўзалроқ,
Лекин бахтсиз бўлганман!

**

Ғам, биринчи сенга офарин,
Ўлим сенга шарафлар бўлсин.
Сен юракни эзганинг сари,
Бирлик томон бошлаган йўлсан!

Аза, иймон ёғган кун бердинг,
Хотирлатдинг,
Уйғотдинг бизни!
Миллат — миллат бўлганин кўрдик,
Энди ҳеч ким енголмас бизни!

**

Сукунатдан иборатдир суҳбатимиз,
Дуодаман.
Вожибда Сен
Ошкор… ошкор.

Муҳаббатдан иборатдир меҳнатимиз,
Бу оламда
Мен бор фақат,
Чунки сен бор!

Сабил қолмас
Жабр кўрмас ҳеч бир азоб
Севиб менга
Бергин жазо!
Бергин жазо!

Англаяпман
Маносиз бу борликларни,
Бақирсам ҳам тушунмаслар…
Борим изҳор!

Бир кунинг ҳам,
Ўйлаб кўрсам,
Менга ёдгор!

Қайга кетсам
Мен  билансан —
Юксиз!
Ва бор!

***

Ота, менга битта эртак айтиб беринг,
Қуёш, Ойи бўлсин,
Юлдуз, Осмони.
Бии-ии-ит-тагина эртак айтинг, тушимга кириб,
Сизга ўхшаб яхши бўлсин қаҳрамони.

Ота, менга битта эртак айтиб беринг,
Ялмоғиз, сеҳргар, жин, девдан  холи.
Иккаламиз ширин олмалар териб,
Ҳайитлик улашсак ҳамда ҳалволи.

Айтаверинг узун- узун, аллаланиб,
Ухлаб қолсам…
Кетиб қолманг,
Айтаверинг.
Ота менга эртак айтинг,
Қайта, келиб,
«Ёрилтош»ми, «Бўғирсоқ»ми… қайтараверинг!

Қўрқинчлироқ жойларида тутиб қўлим,
Бирга ўтиб, муродгача етсак эди.
Ота, бунча зерикарли, узоооооқ йўлим.
Сизи йўқ ва қаҳрамонсиз умрим энди…

***

Эгилсам пойига тиргагим, Отам,
Ғурурим, ҳар иши ўрнагим, Отам.
Сизни соғиндим-ку тушимга киринг,
Менга яшамоқни ўргатинг, Отам!

Отаси бор уйда хавотир бўлмас,
Эркалик бўлади, ишонч бўларкан.
Отанинг қалбидек жавоҳир бўлмас,
У бўлса ғамда ҳам қувонч бўларкан!

Ота, ўпкам тўла, ҳиққиллайди дард,
Ортингизда бўзлаб қолдик учовлон.
Бошимгача чиқди ўрмалаб ҳасрат,
Юрагим баъзида қилар тўпалон!

Майсалар кўкариб қолибди… вақт бу…
Бошимни силаган қўлларингиздан.
Эй жаннат маконлим,
Эй пойи — тахтим,
Саҳарлик қалбимни йўлладим сизга!

Энг азиз меҳмоним,
Меҳрибон Отам!

***

Янги кўйлак кийган қиз каби,
Ўз- ўзига маҳлиё олам
Ва сукунат айтган сўз каби,
Юзимизда қалқийди алам…

Кошки деган жойларимиз кўп,
Битта кунга сиғмаган ғамлар.
Кўп курашмай қолганмиз мағлуб,
Ғолиб ўша — ҳамма аламлар!

Яна ҳали англаб етмаган,
Мавридида хатолар билан.
Бошимиздан ўтиб кетмаган,
Қайси ўлган?!
Қай бири қолган?!

Янгиланган хотира файлин
Сир сақланган қатламларидан
Бош эгмаган кўнгилнинг майли
Пешвоз чиқар яна қаршимдан —

Алдайверар қайталаб севги,
Алданасан минг бор ыайтадан.
Қизаради тақиқнинг ранги,
Қон симириб яраларингдан!

Саноғи йўқ ҳууу юлдузлардек,
Сен ва менга ўхшашлар қанча.
Тўй тугаган тўйхоналардек,
Сурон тинган,
Овозлар ўчган.

Тилаклар йўқ!
Сохта, самимий,
Кулгулар йўқ, уввослар тугул.
Суягимни чалган қадимий,
Исларида басталанган гул.

Қўл чўзаман телефонимга,
На бир хат бор, на бир қўнғироқ
Азоб берар ҳолсиз жонимга
Меҳнат ҳиди, бурч тами уйғоқ.

Тасаллига мухтож истаклар,
Рўзғорим тек,
Мен ва Мухаббат.
Синиб кетди бори тиргаклар,
Ақл бошда тузганда ҳайъат.

Дўст нима у?!
Тангага шакл.
Душманлар ҳам эски дўстларим.
Менга келган хатларни ўқиб,
Чўнтагимда яшай бошлаган!

Сўнг эркалик қилибми, билмам,
Еганига туфлаганлар бор.
Улар ҳамма шодликлариму,
Режадаги бахтдан хабардор.

Қайдан билай, кимга ҳам нима
Сир айтайин?!
Умидим тирик!!!
Мени қайта туғар ҳар Жума,
Кўзларимдан тўкиб оғирлик.

Эшитяпсизми?
Ишонинг қаттиқ!
Яшамоққа эҳтиёжим бор.
Нафасимга юрагим содиқ,
Ҳовуримда охирги Баҳор!

Олисдаги юртга энтикиб,
Жуда қўмсаб Отам овозин.
Васиятга ўралиб,
Чўкиб,
Кутаяпман яна бир Ёзни!

31.05.16

***

Ортимда ҳайратли, содда,
Паришон,
Бироз осмонўпар, хаёлпараст, гўл,
Юракка эргашиб ҳаёти сарсон,
Ортимда…
Қоляпти қанча — қанча йўл!

Ортимда орзуга от қўйган овоз,
Муштидан юраги катта — жасур қиз.
Қандай бўлса шундай —
Бебош, бепардоз,
Давондан қўрқмаган ёлғизоёқ из.

Ортимга қарашга уялмайман ҳеч,
Балки ҳозиргача қучмадим зафар.
Ҳар кун енгилганча қораяркан кеч,
Янги кунларимдан кутдим музаффар.

Олдинда биламан менинг манзилим,
Қолдириб кетмайди бизни мухаббат.
Олқиш ва қутловга чиқар бир куни,
Мени кутиб турган охирги бекат!

**

Ҳароратсиз Ёзлар аро Қишга дўндим,
Сени хуррам бўлсин дея кўндим…
Кўндим…

Ҳали менга бандаси амр этмаганди,
Лойиҳангнинг энг мушкулсиз банди бўлдим.
Айтгандингку биииир замонлар севги не деб,
Севган бўлсанг топгандирсан жавобингни.

*  * *​

Фидо бўлиб бўлмас, севиб бўлмайди,
Алдаб нима қилдим, алданиб нетдинг.
Одамзод яшайди!
Ўлиб — ўлмайди!
Рози бўл, кузатма!
Хайр — мен кетдим!

Ёқ  ҳамма ўтмишни, исин тафтида,
Қандай енгил тортдим, билсайдинг шу он.
Хижолат йўқолди дилнинг кифтидан,
Юзга қон югурди, кўзларим хандон!

Ўрганиб бўлмайди  кўнгил тилини,
Йўқса севар эдим сени, ишонгин!
Қўрқмай тутар эдим ҳаёт гулимни,
Аммо
Кетаяпман,
Энди тушунгин!

Хушча қол!
Сев кўпроқ!
Эски севгилим!
Югурма — зотан Ер
Думалоқ бўлса!
Мен қайга кетяпман аммо, билмадим,
Нима дей,
Мен бундан бахтлироқ бўлсам?!

Яна шу мавзуда мутолаа қилинг:
Нафиса Омон. Шеърлар

Nafisaning har bir yangi she’rini kutib yuraman. Feysbukdagi sahifasiga  tez-tez kirib bu she’rlarni zavq bilan o‘qiyman. Bundan bir necha yil avval  uning she’rlari bilan tanishtirgan edim. Bugun shoiraning yangi  she’rlarini taqdim etayotganimdan mamnunman.

Nafisa Omon
SHE’RLAR
09

* * *

Men bilan ketasanmi,4_a.jpg
Samarqanddan ham,
Eng uzoq yo‘l bossam,
Nigohlarimda.
Sening yuraginga
Eshiksiz kirsam!
Ko‘nglingda daydisam
Piyoda…

Armon qilmaysanmi
orqaga qarab,
Ichingda yig‘loqi ko‘zlar yo‘qmi hech.
O‘kinch sizmaydimi kiprikni
Tarab.
Sen ham bo‘lasanmi meni
qizg‘angich???

G‘urbat so‘rab kelsa
Dard istasa Haq.
Yolg‘on sepib ketsa boshdan
Olovlar.
Qachon-ki haq bo‘lsang
qarshingda nohaq.
Qachonki rost bo‘lsang
Abas aldovlar!!!

Ishona olasanmi, ko‘p emas
Ozroq.
O‘zi juda qisqa Bahor ham,
Yoz ham,
To‘yimiz bo‘ladi, baxtiyor Kuzda.
Men bilan ketasanmi,
Keyin, indamay.

Achinmay, o‘ksimay, yig‘lamay,
Kulmay!
Qo‘limga — qo‘l tutsang!
Baxtga yo‘l tutsam!
Va birga yo‘l olsak
Jannatga bilmay!

* * *

Zinapoyalarga cho‘kkalagan sabr,
Kutishni o‘rgatar siniq oynalar.
Ey Oyni tutolmay quloch yozgan abr,
Eshiklar bunchalar uzoq o‘ylanar!

Kirsa nordongina baxt bor, kirmasa —
Orqacha yo‘llar ko‘p, shirin tillar ko‘p.
Ayting, buncha uzoq izsiz yurmasin,
Ostonada kutgan sog‘inchlar to‘p-to‘p!

Faqat sal arazchi, biroz xatoli,
Oyni etak bilan yopib bo‘lmaydi.
Yashirib bo‘lmaydi — yarali dilni,
Yuragi xastaning ko‘zi kulmaydi!

Zinapoyalardan qaytib kelar baxt,
Oy to‘lgan kechada umid nurlanar.
Avgust lablaridan ishq olar dastxat,
Qaytish yo‘llarida vijdon tirnalar!

* * *

Uyimizdan — uyingizgacha,
Yo‘l uzoqmas!
Masofa uzoq!
Eslab turing to‘yingizgacha,
Yana ozroq,
Unutmang ozroq!

So‘ng qovruling, olov bo‘lsin dil,
Alam qilsin bu qasdingizdan.
Siz boshlagan qaytishi yo‘q yo‘l,
Gul tutmagan go‘l dastingizdan.

Men hammaga Baxni ko‘rsatib,
Muqaddima qildim o‘yinga.
Oh urishga qolmas fursatim,
Vaqt yetmaydi g‘amgin o‘yimga.

Bari yaxshi, yomonmas aslo,
Birov bildi, birov bilmasin.
Sizni tezroq unutsam a’lo,
Kuyib ketmang, alam qilmasin!

Yo‘l uzoqmas, hayollar uzoq,
Qarich boshqa, qulochlar kalta.
Yuragining murvati nosozroq,
Endi sizni kimim deb atay?

***

Alam qildi,
Yig‘ladim so‘ngra,
Kiprigimning bo‘yog‘i oqdi.
Bir hiqqillab,
Birida ho‘ngrab,
Do‘stim shirin jonimdan
Chaqdi!

Unutarmi inson o‘tmishni,
Shunday bo‘lsa, demak-ki yolg‘on.
Har niyatni,
Har bir qilmishni,
Varaq -varaq dastxati qolgan.

Yo soddaman,
Yo beogohman.
Nima bo‘lsa- bo‘lgan o‘tmishda.
Inson qanday bo‘lsa shundaymish,
Yettisida yoki yetmishda!

Yana sevdim!
Yana ishondim!
Ishqibozlik qildim mehrga.
Bosh ko‘tarsa — shubhadan tondim,
Shirin so‘zlar oldi sehrlab.

Ming birinchi ertakman balki,
Boshdan yiroq — murodga yaqin.
Ey menda hech yo‘qki qalbaki,
Olay desam yurakka taqib.

Alam qilar keyin ba’zida,
Yana qancha aldanishing bor?!
Umid bormi hisob ozida?!
Insof qilgin o‘zingga ozroq.

Xafa bo‘lma!
Sovdogar dunyo!
O‘yinchi ko‘p,
O‘ynatguvchi ko‘p.
Ko‘zyoshlaring esa bebaho,
Kiprigingning bo‘yog‘i-ku, xo‘p!

***

Kutmagan kuningda kutganing kelsa
Va qaytib ketmasa, boshqa hech qachon.
Mo‘’jiza tug‘ilar — umidlar o‘lsa,
Ishon!

Uyg‘oq tunlaringga suyansa kunduz,
Ertak aytib bersang ertalaringga
So‘ng o‘zing eshitsang, kutilgan bir so‘z —
Ishon!

To‘rt devor dunyodan keng va go‘zalroq,
Jannatdan afzalroq, Makkaday aziz.
Ilmning a’losi, har darsga saboq-
Ishon!

Ichingda bor bo‘lsa hali toza joy,
Yuragingda bo‘lsa yettinchi osmon,
Hammasi judayam yaqin hoyna-hoy,
Ishon!

Ko‘ksingda tug‘ilsa sog‘lom orzular,
Ko‘zi ko‘r bo‘lmasa, so‘zi bor bo‘lsa.
Yaralgan bir zarra emas besamar,
Ishon!

Garchi yoshlik ketib, daftarlar qolsa,
Biroz qattiq bo‘lsa tishing tekkan non.
Nimalar bo‘lmaydi, dunyoda, bilsang,
Faqat ishon!

* * *

Ba’zan siz ham, xayolingiz ham,
Olma gulday samimiy, erka.
Dunyo emas,
Odamlar beg‘am,
Yig‘layotgan yuragim ekan!

Men ko‘nglimni ko‘ndirolmadim!

Sarg‘ayadi intizorlikda,
Ismini ham unutgan bekat.
Biz ayrildik…
Muxabbat zada,
Alam esa ko‘karar bekam!

Men orzuni undirolmadim!

Hozir uyg‘oq ong ostidagi,
Nimjon sezgi hujayralari.
Aqlingizning o‘ng dastidagi
Majburiy baxt ijaralari!

Uzr, bunday bo‘ldirolmadim!

Hammasini kelishgan taqdir,
Endi bizga rizolik yo‘qdir.
Men dunyoda badavlat faqir,
Boy bergani boyligim yo‘qdir!

Bu yerlarda qoldirolmadim!

Rostdan, asli yomon emassiz,
Ravo yo‘qdir yaxshiligingiz.
Kel demaysiz,
Ket ham demaysiz,
Maroqlimi qarshiligingiz,

Sizni yana kuldirolmadim!

Olma gulday erka, samimiy,
Tuyulasiz ba’zan, o‘zimcha.
Ey bekamim,
Mening kamim-yey,
Mehringiz ko‘p, aytar so‘zimcha,

Men hammasin bildirolmadim!

* * *

Shakarsiz choy bilan achchiq shokolad —
Mazmun —
mendan hurkib uchgan Musicha!
Xurshid Osmondagi qalbaki taxmin —
Endi isitmaydi!
Hamma o‘zicha…

Oqlangan devordek ko‘rinar huzur,
Ichida o‘t yonmas harorat bilan.
Mening g‘olibligim o‘zimga manzur,
Piyoda ketyapman ishqi bor yo‘ldan!

Deraza kechani takrorlar har shom,
U har kun botadi yurakka qayta.
Orzular darbadar, ey xayoli xom,
O‘zingni ham qo‘ygin to‘yingga aytib!

Qolgan xurramliklar yolg‘ondir, ishon,
Soxta kulgulardan, sof yig‘i afzal.
Qani ol,
Choydan ich!
O‘zingni tushun!
Ko‘ksingda tong otsa…
Qanchalar go‘zal!

Shakarsiz choy bilan achchiq shokolad —
Mazmun —
mendan hurkib uchgan Musicha!
Quyosh Osmondagi qalbaki taxmin —
Endi isitmaydi!
Hamma o‘zicha…

* * *

Ey, birov ekmagan erka daraxtlar,
Ey, o‘zi ko‘kargan gullar, maysalar.
Hali tushunchamga kirmagan baxtga,
Tegishli ko‘ngilda nedir…
Qaysidir…

Oliy ibodatda tentiragan nur,
Eng yaqin, eng yiroq yulduzim bu Ishq.
Tirnoqdan tashqari olamni ham ko‘r,
Ey ko‘zimga tushgan dumaloq bo‘shliq!

Qachon berkinadi havolangan g‘ash,
Qachon muxabbatga arziyman men ham?!
Qachongacha changim, ming rangga talash,
Qachon yuragimdan unar hur chaman?!

Ey!
Minnatsiz o‘sgan daraxtlar !
Gullar!
Ey, javob kutmagan go‘zal savollar!
Ey, mening ongimdan oliy gulxatlar,
Keyin nima bo‘lar?
Mening davomim?!

* * *

Yo‘llar ko‘pdir, mening yo‘lim yo‘q,
Gul tutasiz,
Axir qo‘lim yo‘q.
Kel dedingiz,
O, dilsiz bag‘ir,
Kiftingizda duo!
Qo‘nim yo‘q!

Uyalaman ko‘zlaringizdan,
Mehr isli so‘zlaringizdan.
Qoqib qo‘ying chang yelkalarim,
Ko‘ngil tushdi izlaringizga!

So‘ramadim
Dunyoning so‘ngin,
Dunyongizga inondim, ko‘ndim.
O‘ylovdimki bundan buyog‘i,
Ro‘yolarining eng go‘zal o‘ngi!

Labingizda ingichka kulgu,
Gullar gullar, faslsiz, gulgun,
Yo sizning ham ko‘ngil hotirjam?!
Nimalarni sog‘indi bugun!

Oq! Yoqasi top-toza yurak,
Jingalak soch, malla ko‘z xayol.
Nimalardir juda jonsarak,
Nimalarni tuyar bir ayol!!!

* * *

Yo‘q deganda yo‘liqqan,
Omadimsiz jigarim.
Otamning fe’li yuqqan,
Odatimsiz jigarim.

Suyunaman, suyansam,
Sizday Adl tog‘im bor.
To‘rt fasliyam vafodor,
Yashab bitmas bog‘im bor!

Qarab -qarab uyaldim,
Ulg‘aydingiz, men yoshman.
Qanday go‘zal, egilsa —
Erkakka, ayol boshi!

Ovozlari guldurak,
Osmon to‘lar na’raga
Havas qilib bor sharaf
Yo‘lingizga qaragan!

Yaxshiyam sizni tuqqan
Onaning bolasiman.
Tog‘day baland yekaning,
Qo‘l yetmas lolasiman!

Qanday baxli qiz bo‘ldim,
Farzandiman o‘zbekning.
Uka, ayting yigitlar,
Hammasi ham sizdekmi?!

**

Hamon bir qafasga muhtoj aylading,
Bir kishan hadya et guldan, Mehribon!
Ishq bilan ko‘zimni mahkam boylasang,
Daydib charchayapman yo‘ldan, Mehribon!

Oqib ketmasidan ikkita dunyom,
Barmog‘im titroqdir, sabr taqib zeb.
Erkinliklarimda erirmi payon,
O‘zimga to‘qnashib ketyapman — kezib!

Yovvoyi olmasan derdi bir opam,
To‘kilib borayapman, o‘zimcha, besar.
Meni terib bergin o‘zing, Mehribon,
Axir charchayapman, behuda!
Bekor!

Shamol ham istaydi bir kun tinimni,
Bir toza yurakka qama, Mehribon!
Toliqqan qanotga ayla qo‘nimni,
Men kerak yerlarga yama, Mehribon!

Ketsam, qol deguchi intizor qani,
Odamman, qusurim go‘zal, Mehribon!
Shukurga aylanib qolsam bir kuni,
Menga sen deganing afzal, Mehribon!

* * *

Katta-kichik yolg‘onlaring,
Muhim emas, bo‘lar- bo‘lmas.
Sen muhimsan!
Sen bo‘lmasang
Kunlar — kunmas!
Tunlar — tunmas!

Shunday o‘ldir-ki meni,
Yana ming yil yashayin.
Bir yutum hayotimni,
Eng boshidan boshlayin!

Ranjib netdim, butunmas,
Yarim kunga roziman!
Yondir meni!
Yetadi
Olovingning ozi ham!

Yur, qochamiz!
Qochamiz!
Afrika!
Yo Qutbga!
Yangi dunyo ochamiz,
Bo‘ysunmasdan tartibga!

Havo, suv muhim emas —
Oyga yetib olaylik.
O‘sha hech kim topolmas
Nur bag‘rida qolaylik!

* * *

Tonggacha maroq mudroq,
Achchiq qahva!
Shirin o‘y!
Qulog‘im ulkan so‘roq,
Telefonda forscha kuy!

Xay mayli, bor -baraka,
Sayradi qush!
Keldu xush!
Baxt egildi to‘rt rakat!
Haq ko‘rdim!
Ko‘rmadim tush!

Yerga yozib olacha,
Cho‘kkaladi oftob ham.
Kuldi jaji bolacha,
Yuragimda bir beg‘am!

Yengil tortdi, yel sepib,
Gullarning etagiga.
Kimdir ishonmoqchiday,
Ko‘nglimning ertagiga!

O‘ynamayman, aytayin,
Nomardlarga qo‘l tutmam.
Hayotim — Tinch okeani,
Men undagi ko‘k kitman!

**

Yuking belgilangan: 20 kilo.
Men ortib qolaman,
Moddiy!
Va og‘ir!
Qolsam indamayin,
Barini bilib.
Qolsam,
O‘z — o‘ziga begona bag‘ir!

Uch!
Mayli, ilhaqlik kelmasin malol,
Mening bo‘yu bastim malol kelmasin!
Bilaman, yuraging top-toza!
Halol!
Ketib qolganingni hech kim bilmasin!

Samolyot!
Samolyot!
Samo!
Qodirsan!
Silkingan yelkamda hurlar xo‘rsindi!
Mening tarozimning toshlari ulkan,
Tog‘lar bas kelolmay sindi qarsillab!

Katta yurak kerak: men sig‘a olsam,
Xayollarim bilan,
Ko‘chlarim bilan!
Shu yurakda yashab — shunga ko‘milsam,
Boricha!
Ertayu, kechlarim bilan!

Ranjimoq kelmaydi endi qo‘limdan,
Bosgan izlarimda nadomatlar yo‘q.
Qanday qo‘rqish mumkin bunday o‘limdan,
Hech kimga yomonlık tılaganim yo‘q!

* * *

Dilimizda kuy bastalar,18422858_738172559720544_6260270502068920287_o.jpg
Avj nolau nozlarimiz.
Bahor ketsa, gul dastalab,
Yonar lov-lov Yozlarimiz!

Aldamayman degan bilan,
Rostin aytmoq — ishqning dori.
Kelsa-kelsin, baxti kulgan,
Zori bori!!!
Ori bori!!!

Bilmay araz, alam bersak,
Boy bo‘lmasin…
Boy bermasin.
Umr bersa — olam bersak.
Baxtdan boshqa joy bermasin!

O‘shanda shu dilim bilan,
Bir yayrasak…
O‘sha kuni!!!
Boshlab hamma yo‘lim bilan,
Taqdirimiz qo‘sha kuni!

Yurakdan piyoda o‘tgan,
Tilaklarim yetsin ko‘kka.
Shukur bilan to‘lgan o‘pkam,
Siyratingga tizza cho‘ksa…

Qanday dadil zamondoshsan,
Vujudingda
Ham o‘y, ham shahd.
Bu dunyoga yasab bersak,
Uzulmagan gullardan baxt!!!

Garchi zarra adovat yo‘q,
Muhabbatga hamxonamiz.
Bundan go‘zal adolat yo‘q,
Jonday yaqin,
Dugonamiz!!!

Charchash

Ko‘zingga tushadi nimjon sochlaring,
Hammasini tutib tutamlab,
Bog‘lab qo‘yolmaysan boshingga
Ular kalta,
Qo‘llaring charchoq…

Asablaring esa qolmagan.
O‘tib ketadi deydi odamlar
Tupurdim hammasiga
Ular bilan birga o‘tish osonmi?!

Qolaversa qadami og‘ir
Yelkasi o‘yilgan yo‘llaring charchoq!

— Kuyinma, arzimas, deydi dugonam
Bir paytlargi dugonam haqda.
Menga bari — yangi begona
Yangi- yangi hangoma chiqar
O‘ngda!

Madoringni chaynab o‘ynashga!
Yuragingni qiynab o‘ylashga!

Maoshdan — maoshgacha,
Ishxonadan — ijara uyingga,
Ufqdandan — shafaqqacha
Dilingdan — tilinggacha
Charchoq!

Eshikni yopasan orqadan —
Yolg‘iz qolasan bii-iir o‘zing va
Haqiqiy do‘sting!
Ko‘zingdan dumalab ketadi bari.
Silkitib — silkitib qoqadi hasrat,
O‘ksinib- o‘ksinib duo etasan
Charchoqlar chiqadi barmoqlaringdan.

Joynamozning bir chekkasiga boshing tegib uxlab qolasan
Sen charchab ham yashay olasan!

* * *

O‘ng to‘rtinchi barmog‘im intiq,
Hayol tintuv qilar yurakni.
Shart-sharoit quv hamda tantiq,
Burch oyog‘i ezar kurakni!

Sen — bayroqdor, mag‘rur va sokin,
Men nuringda erigan shudring.
Sitib olib yurakning chokin,
Bosh ko‘targan viloyat qurding!

Boray desam boshimda g‘oya,
Qolay desam ruhim yo‘q menda.
Ey zaminga o‘shshaygan qoya,
Eng go‘zal baxt, qasdim bor senda!

Uchib ketgan hamma kunlarni,
Yoqalangan suvday ko‘z yoshim.
Yashirolmay gina, kinlarni,
Sotib qo‘ysa qaytay, qarashim!

* * *

Osmon elab yerga tushurdi,
Men o‘rlashib ko‘kka qo‘l cho‘zdim.
Tabiatim shundan qusurli,
Qalb ovozim rejani buzdi!

Tinchlik tilab yolvordim o‘zga,
O‘zga narsa istamay qo‘ydim.
Qololmayman Yerday yulduzda,
Bor — baraka, Quyoshni suygum!

Bir oyoqda ona Laylaklar,
Fikrlardan qo‘riy olmadi.
Ko‘zim qayda, quloqlarim kar,
Bosh nima u?
Aql qolmadi!!!

Hayhot! Ichimdagi — ichimda,
Isyonkorman! Kechirma
Aslo!
Yuragim bor og‘ir — ko‘chimda,
Obbo!
Oqil do‘stlar alvido!

Nima qilay nomard chiqdi ishq,
Nima qilay yo‘lsiz yo‘ldaman.
Suv ichsa ham bo‘larmish sarxush,
Qaqnus kabi olov qo‘ldaman!

Yonib bitsam achinmang, kulmang,
Ostun — ustun qildi ahli fikr.
Yuragimda hech qachon o‘lmang!
Sochu tirnog‘imgacha zikr!

Qanday yaxshi edim avvalroq,
Bor qil meni!
Zor qil o‘zingga,
Osiy qilma —
O‘z qo‘lim bilan!
Qaray qanday gul- gul so‘zingga?!

**

…ezib suvga otdim!
Yo baliq!
Xudo bergan rizqingni yamla!
Hammasini biladi Xoliq,
Ko‘ngling degan ko‘chani tanla!

Bo‘yingdan ham o‘ying viqorli,
Halollagin bu tilakni, baxt!
Boshimizdan ancha yuqori,
Ko‘zni yumib qilganimiz ahd!

Qara, hamma o‘zicha shodon,
O‘ylanishga arzimas dunyo.
Oshiqlikning tuprog‘i qo‘ngan
Yuraklarga bo‘lgin mahliyo!

Vaqt

Qayda qoldi odilliging vaqt,
Meni qayga boshlab boryapsan?!
Erib bitgan, idrokda karaxt,
Yuragimni yoryapsan!!!

Boshim qo‘ysam qulab ketmasa,
Va tab tortmay sevsa bo‘lmasmi?!
Armonlarning qo‘li yetmasa,
Odam degan baxtdan o‘lmasmi!!!

Qayda qoldi qaytar dunyoying,
Qaytmaydimi oq ko‘ylakli tong?!
Tan olishga yetarmi kuching,
Yoki faqat urasanmi bong?!

Onam uyda…
Ko‘o‘-o‘o‘-o‘p o‘yda onam,
Baxt tilaydi! O‘zi mosuvo.
Menga bitta yo‘l ber!
Bir dona!!!
Faqat senga boshlasin Xudo!!!

* * *

Sabza urmish yurakda bor his,
Kun va Tunning bo‘yi tenglashmish.
Bu tilaklar baridan sahih,
So‘zni hidlang —
Bor bahoriy is!

Dili g‘olib oshiqday Bahor,
Muzday erib, uzrini aytsa…
Muhabbatga bo‘lsin Xudo yor,
Ishqi sabab ketolmay — qaytsa!

Keling, o‘zim bag‘rimga bosay,
Yarashamiz, arazlar ketsin.
Jimjimaloq barmog‘im osay-
Barmog‘ingiz uzating!
Bitsin!

* * *

Demaysan ham xayr- xo‘sh,
Indamaysan…
Kun botar.
Ko‘zlaringni ko‘rib tush,
Ko‘z ochirmay tong otar.

Demaysan-ki, men borman,
Qo‘lingni ber!
Yur!
Ketdik,
Biz jimliklar ichida,
Ishqdan adashib ketdik.

Indamaysan, titrayman,
Sendan tortar meni g‘am.
Qachongacha kutgayman,
Ko‘ngli to‘q, ishqi beg‘am!

Bu sukutlar yig‘latar,
Yig‘ildi qara anduh.
Men bilaman qalbing bor —
Ishq to‘la eski sandiq!

Baqir, kel de,
Shart qo‘y ,shart!!!
Meni eg!
Kes!
Besavol
Ketmayin shunday… bedard!
Hayotingga ishga ol!

***

Meni sendan olib ketadi,
Havo kemalari
Xo‘rsinasan, ammo aytmaysan,
Menga nimanidir…

Xayrlashib ketyapman axir,
Nigohlarim — vafoning rasmi.
Yukim emas, yuragim og‘ir
Yo‘limni to‘smang!
Uzr.
Mendan o‘tgan aslida.
Achinaman orqaga qarab.

Tinglamaysan ko‘zlarimni ham
Va ketaman, olislar sari

Dovdiraydi yolg‘iz hayolot
Ismini ham unutar dunyo
Tushun, Seni sevgandim behad.
Qololmayman.
Senga beparvo.

Hovo kemalari.
Havo kemalari.
Hamma silkitadi qo‘lini,
Men qahribon, endi o‘zingday
Yana to‘solmading yo‘limni!

* * *

O‘pkam to‘la simirilgan ishq,
Nafasimda muhabbat shundan.
Lablarimdan boshlanar Behisht,
Do‘zax yashar mening ichimda!

Gunohkordir quloqlar mudom,
Suv quyadi ko‘zlarim tinmay.
Ey ichimga o‘t qo‘ygan odam,
Qanday qilib men endi o‘lmay?!

Hujayramning har hujrasida,
Mehmon bo‘lgan sen bergan orzu,
Yuragimning bir parchasiga,
Solib qo‘yding nimaga g‘ulu?!

Oyog‘imda temirdan kalish,
Tizzalagan istak, sarhadsiz
Ko‘z otmoqda g‘urur, yolvorish,
Boshim qolgan besabab, otsiz…

Yana qayga ket deysan?! Ikki —
Olamda ham yashasam birda.
Seni yomon ko‘rmayman chunki,
Sen ham endi bii-iir yaxshi ko‘r-da!

**

Maftuna Muhammadaminovaga

Yillar bilan ishim yo‘qolgan,
Rasmiylashmas hech bir tilagim.
Yuragimda suvrati qolgan,
Changlanmagan dekabr gulim.

Yelkalari boshimga orom,
Men sig‘magan dunyodan halol.
Yuragi oq, ko‘zlari qoram,
Senga hech ham kelmasam malol!

Do‘st desalar, ana deb aytsam,
Oramizda bir Xudo bo‘lsa.
Men sen bilan maqtanib o‘tsam,
Kemtiklarim mosuvo bo‘lsa.

Dugonam-yey, qalb desa qalbday,
Usti butun — ichida tutun.
Yengolmaydi hech g‘aliz, Alpday,
Seni yaxshi ko‘rganim uchun!

Ruhim bilan hamisha egiz,
Sezgim seni quchar, qarshi ol.
Oraliqda bir Qora dengiz,
Masofa ham sog‘inchday halol.

Tabriklasa arziydi meni,
Borsan,
Borman,
Bor bo‘lsin dunyo.
Tavalluding mo‘’jiza seni,
Umring bayram bo‘lsin bexato!

**

Deysanki, unutgansan,
Sochlarimning rangini.
Ko‘zimda asrayapman,
Kipriklaring changini.

Deysanki, xijolatda,
O‘ksinib, begonaman.
Men o‘zimni unutgan,
Telbaman
Devonaman.

Deysanki, ne bo‘libdi,
Qaysi yara bitmamish,
Agar dard bo‘lsang chindan
Bil og‘riqlar o‘tmamish.

Deysanki, baxtli juda
Vaqti yo‘qdir eslashga.
Mening mazmunim bitib,
Oqibatim tezlashgan.

Unutmaganman rostdan…
Unutsaydim, qaniydi.
Afsus, ko‘nglim ming yilgi,
Hislaringni taniydi…

***

Ko‘zlarimni chirt yumib,
Hayajon va dard to‘la
Ertaklarimni aytsam…
Tingla!

Keyin o‘zingdan ketib
Mening og‘riqlarimdan
Chegaralardan o‘tsang!
Qara!

Bir kun kelib bilaman,
Sen ham tashlab ketasan
Birinchi muhabbatday —
Yo‘qmi?!

Ko‘zing qiysa qiynashni,
Men-la ko‘ngil o‘ynashni,
Alam bilan siylashni —
Haqmi?!

Sendan avval sevganman,
Bilib qilgan xatom shu
So‘ng sengacha kelganman —
Yorab!

Agar yig‘latsang meni,
Bir chekkaga yozib qo‘y
Yog‘da yoqaman seni
Oyyyy!

Shunday!
Bir kun balkondan,
Uzoq — uzoqqa qarab,
Yo‘llardan seni so‘rab
Olganman!

Bundan uch yillar avval
Hozirgidan go‘zalroq,
Lekin baxtsiz bo‘lganman!

**

G‘am, birinchi senga ofarin,
O‘lim senga sharaflar bo‘lsin.
Sen yurakni ezganing sari,
Birlik tomon boshlagan yo‘lsan!

Aza, iymon yog‘gan kun berding,
Xotirlatding,
Uyg‘otding bizni!
Millat — millat bo‘lganin ko‘rdik,
Endi hech kim yengolmas bizni!

**

Sukunatdan iboratdir suhbatimiz,
Duodaman.
Vojibda Sen
Oshkor… oshkor.

Muhabbatdan iboratdir mehnatimiz,
Bu olamda
Men bor faqat,
Chunki sen bor!

Sabil qolmas
Jabr ko‘rmas hech bir azob
Sevib menga
Bergin jazo!
Bergin jazo!

Anglayapman
Manosiz bu borliklarni,
Baqirsam ham tushunmaslar…
Borim izhor!

Bir kuning ham,
O‘ylab ko‘rsam,
Menga yodgor!

Qayga ketsam
Men bilansan —
Yuksiz!
Va bor!

***

Ota, menga bitta ertak aytib bering,
Quyosh, Oyi bo‘lsin,
Yulduz, Osmoni.
Bii-ii-it-tagina ertak ayting, tushimga kirib,
Sizga o‘xshab yaxshi bo‘lsin qahramoni.

Ota, menga bitta ertak aytib bering,
Yalmog‘iz, sehrgar, jin, devdan xoli.
Ikkalamiz shirin olmalar terib,
Hayitlik ulashsak hamda halvoli.

Aytavering uzun- uzun, allalanib,
Uxlab qolsam…
Ketib qolmang,
Aytavering.
Ota menga ertak ayting,
Qayta, kelib,
«Yoriltosh»mi, «Bo‘g‘irsoq»mi… qaytaravering!

Qo‘rqinchliroq joylarida tutib qo‘lim,
Birga o‘tib, murodgacha yetsak edi.
Ota, buncha zerikarli, uzoooooq yo‘lim.
Sizi yo‘q va qahramonsiz umrim endi…

***

Egilsam poyiga tirgagim, Otam,
G‘ururim, har ishi o‘rnagim, Otam.
Sizni sog‘indim-ku tushimga kiring,
Menga yashamoqni o‘rgating, Otam!

Otasi bor uyda xavotir bo‘lmas,
Erkalik bo‘ladi, ishonch bo‘larkan.
Otaning qalbidek javohir bo‘lmas,
U bo‘lsa g‘amda ham quvonch bo‘larkan!

Ota, o‘pkam to‘la, hiqqillaydi dard,
Ortingizda bo‘zlab qoldik uchovlon.
Boshimgacha chiqdi o‘rmalab hasrat,
Yuragim ba’zida qilar to‘palon!

Maysalar ko‘karib qolibdi… vaqt bu…
Boshimni silagan qo‘llaringizdan.
Ey jannat makonlim,
Ey poyi — taxtim,
Saharlik qalbimni yo‘lladim sizga!

Eng aziz mehmonim,
Mehribon Otam!

***

Yangi ko‘ylak kiygan qiz kabi,
O‘z- o‘ziga mahliyo olam
Va sukunat aytgan so‘z kabi,
Yuzimizda qalqiydi alam…

Koshki degan joylarimiz ko‘p,
Bitta kunga sig‘magan g‘amlar.
Ko‘p kurashmay qolganmiz mag‘lub,
G‘olib o‘sha — hamma alamlar!

Yana hali anglab yetmagan,
Mavridida xatolar bilan.
Boshimizdan o‘tib ketmagan,
Qaysi o‘lgan?!
Qay biri qolgan?!

Yangilangan xotira faylin
Sir saqlangan qatlamlaridan
Bosh egmagan ko‘ngilning mayli
Peshvoz chiqar yana qarshimdan —

Aldayverar qaytalab sevgi,
Aldanasan ming bor ыaytadan.
Qizaradi taqiqning rangi,
Qon simirib yaralaringdan!

Sanog‘i yo‘q huuu yulduzlardek,
Sen va menga o‘xshashlar qancha.
To‘y tugagan to‘yxonalardek,
Suron tingan,
Ovozlar o‘chgan.

Tilaklar yo‘q!
Soxta, samimiy,
Kulgular yo‘q, uvvoslar tugul.
Suyagimni chalgan qadimiy,
Islarida bastalangan gul.

Qo‘l cho‘zaman telefonimga,
Na bir xat bor, na bir qo‘ng‘iroq
Azob berar holsiz jonimga
Mehnat hidi, burch tami uyg‘oq.

Tasalliga muxtoj istaklar,
Ro‘zg‘orim tek,
Men va Muxabbat.
Sinib ketdi bori tirgaklar,
Aql boshda tuzganda hay’at.

Do‘st nima u?!
Tangaga shakl.
Dushmanlar ham eski do‘stlarim.
Menga kelgan xatlarni o‘qib,
Cho‘ntagimda yashay boshlagan!

So‘ng erkalik qilibmi, bilmam,
Yeganiga tuflaganlar bor.
Ular hamma shodliklarimu,
Rejadagi baxtdan xabardor.

Qaydan bilay, kimga ham nima
Sir aytayin?!
Umidim tirik!!!
Meni qayta tug‘ar har Juma,
Ko‘zlarimdan to‘kib og‘irlik.

Eshityapsizmi?
Ishoning qattiq!
Yashamoqqa ehtiyojim bor.
Nafasimga yuragim sodiq,
Hovurimda oxirgi Bahor!

Olisdagi yurtga entikib,
Juda qo‘msab Otam ovozin.
Vasiyatga o‘ralib,
Cho‘kib,
Kutayapman yana bir Yozni!

31.05.16

***

Ortimda hayratli, sodda,
Parishon,
Biroz osmono‘par, xayolparast, go‘l,
Yurakka ergashib hayoti sarson,
Ortimda…
Qolyapti qancha — qancha yo‘l!

Ortimda orzuga ot qo‘ygan ovoz,
Mushtidan yuragi katta — jasur qiz.
Qanday bo‘lsa shunday —
Bebosh, bepardoz,
Davondan qo‘rqmagan yolg‘izoyoq iz.

Ortimga qarashga uyalmayman hech,
Balki hozirgacha quchmadim zafar.
Har kun yengilgancha qorayarkan kech,
Yangi kunlarimdan kutdim muzaffar.

Oldinda bilaman mening manzilim,
Qoldirib ketmaydi bizni muxabbat.
Olqish va qutlovga chiqar bir kuni,
Meni kutib turgan oxirgi bekat!

**

Haroratsiz Yozlar aro Qishga do‘ndim,
Seni xurram bo‘lsin deya ko‘ndim…
Ko‘ndim…

Hali menga bandasi amr etmagandi,
Loyihangning eng mushkulsiz bandi bo‘ldim.
Aytgandingku biiiir zamonlar sevgi ne deb,
Sevgan bo‘lsang topgandirsan javobingni.

* * *

Fido bo‘lib bo‘lmas, sevib bo‘lmaydi,
Aldab nima qildim, aldanib netding.
Odamzod yashaydi!
O‘lib — o‘lmaydi!
Rozi bo‘l, kuzatma!
Xayr — men ketdim!

Yoq hamma o‘tmishni, isin taftida,
Qanday yengil tortdim, bilsayding shu on.
Xijolat yo‘qoldi dilning kiftidan,
Yuzga qon yugurdi, ko‘zlarim xandon!

O‘rganib bo‘lmaydi ko‘ngil tilini,
Yo‘qsa sevar edim seni, ishongin!
Qo‘rqmay tutar edim hayot gulimni,
Ammo
Ketayapman,
Endi tushungin!

Xushcha qol!
Sev ko‘proq!
Eski sevgilim!
Yugurma — zotan Yer
Dumaloq bo‘lsa!
Men qayga ketyapman ammo, bilmadim,
Nima dey,
Men bundan baxtliroq bo‘lsam?!

Yana shu mavzuda mutolaa qiling:
Nafisa Omon. She’rlar

09

(Tashriflar: umumiy 1 815, bugungi 1)

Izoh qoldiring