Nafisa Omon. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.08.02_15h19m59s_001_.png    Нафиса Омон фейсбук оламида топиб олган шоирларимдан бири. Ҳамиша шеърларини ўқиб,кузатиб бораман. Шоира фақат ўз кўнгил сўзларини изҳор қилади, шеърда ич-ичидаги туйғуларини ифодалайди. Айни шу жиҳати билан диққатни тортади. Бугун Нафисанинг бир туркум шеърларини сизга тақдим этарканман, шоира синглим ижоди билан таништириш кейинчалик ҳам давом этишини таъкидлаб қоламан.

Нафиса ОМОН
ШЕЪРЛАР
011

* * *

096aa5d194e1e51806ea2d5d2819dbe6.jpg

Кўкга учган қушлар толса ерга қайтгай,
Қалдирғочлар ўз айвонин топиб келар.
Бешигига Бибихоним алла айтган,
Аждодлардан — авлодларга шу юрт қолгай!
Қайда бўлма, соғинчингнинг кўпи — Ватан!
Ҳар инсоннинг бир мероссўз, гапи — Ватан!

Ростин айтсам, ҳаловат йўқ сенингдайин,
Ўзингники бўлса ташвиш, меҳнат гўзал.
Меҳрибон йўқ, саховат йўқ сенингдайин,
Сенга элтар йўлда чексам, заҳмат гўзал
Она тупроқ, сендаги файз қайда, Ватан,
Яратгандан бизга келган ҳадя — Ватан!

Ўзи емай элга берган одам — Отам,
Шу дамгача сенга нима нафим тегди?!
Индамайсан, бошим силаб, жилмаясан,
Наҳот ҳаёт дарахтимни хато экдим?!
Ҳатто қаттиқ ранжишларинг одоб — Ватан,
Одамларга — одамликдан китоб, Ватан!

Нима деса — деяверсин, тили узун,
Сен бировнинг ошин тортиб олганинг йўқ.
Ё бировнинг тинч ва тотув уйин бузиб,
Дунёсига ҳиёнатлар қилганинг йўқ,
Номим ташиб қолгувчи рост сўзим — Ватан!
Мен ким бўлсам, ҳудди менинг ўзим — Ватан!

 

* * *

Илоҳа бахт ўпсин изларингизни,
Дардга армон бўлинг, аламга ўгай.
Иймон ёруғ қилган юзларингизни,
Нурига тутилай!
Баҳрида чўкай!
Илоҳо!

Билмай айтган барча гумонларимни,
Сўзламай англатсин фаришта онлар.
Сиздан сизга элтган томонларимни,
Таркибанд қилмасин асло, имконлар.
Иймонлар!

Худо омон қилсин ёлғиз бошингиз,
Сиздан ғам кўрмаган онангиз билан.
Ишқдан узун бўлсин умру ёшингиз,
Мен ҳам мурод топай сизга бахт тилаб,
Илойим!

Икки кўзмунчоқдай опаларингиз,
Икки қўлингизда қўнган Ҳумодир.
Ҳаётимга бахор келмагай сизсиз,
Кўксингиз — мен учган сирли самодир!
Билсангиз!

Меҳр қаҳат қолмас кунларда бўлинг,
Аллоҳнинг кимгадир қийган ризқисиз.
Мудом кафтимдасиз!
Дуодай тўлиб!
Қалбимдан кечмасин марҳаматингиз!
Кўнгилдан!

Йиғлаб ухлаб қолган тунларим ҳаққи,
Жонимга омонат бўлди исмингиз.
Яратган! Қўлингга зорланиб боқдим,
Ўзингга омонат бўлсин ишқимиз!
Илоҳо!

 

* * *

Кўкарган майсалар бувимнинг кўзи,
Қайсидир бобомнинг боққан нигоҳи.
Қайсидир аждоднинг кўксидан сизиб-
Лолалар!
Жадаллар туймаган оҳдир!
Эшитинг!
Тупроқнинг садоси улар,
Бахор ғалабаси гулгун байроқдир.
Ўтган азизларнинг нидоси улар,
Бизга бахт тилаган тилак титроғи!
Эҳтиётроқ босинг малол келмаса,
Қадамингиз тўла шараф ва қутлов.
Нима қилар эдик Бахор келмаса,
Тупроқ кўтармаса абадий руҳлар!!!

* * *

Ўйлайсиз: —
«Қўл чўзсам тўкилар,
Ўйлайсиз, дунёга эркаман,
Ўйлайсиз кўзимга тикилиб —
Соғинчдан кипригин тўкаман!

Ўйлайсиз қишлоқи қалбининг,
Минг битта сирини очаман.
Ўйлайсиз шундоқ ҳам шеърпараст,
Йўлига ёлғонлар сочаман!»

Ўйламанг!
Мен сиздан баттарман!
Юрак -Ой, Қуёшнинг беваси,
Нафратим каломсиз ўлдирар!
СЕВСАМ ҲАМ ЎЛДИРИБ СЕВАМАН!

 

* * *

Ўтиб ҳам кетмади соғинч хуружи,
Ғамга бода тутди сўзсиз дудоғим.
Сендан бошланади йўлнинг бир учи,
Қайтгим келаверар чарчаган чоғим.

Сен сукут сақлашни яхши кўрасан,
Мен эса йиғлашни! Билмайман нега?!
Бир кун адо этгин, ҳаққим сўрасам,
Ахир ҳаммасига ўзингсан эга!

Ўзгага эгилиш тушибди бошга,
Ишқ десам қон қусар юрак бечора.
Мени севдирмасин ўзингдан бошқа,
Сенда якун топсин бори йўқ чорам!

Мен мудраб ётибман, пашшалар тирик,
Кимга умр керак, кимгадир умид.
Кўзим ёши ювган киприк — қил кўприк,
Юрак оғир келар!
Титрайди билиб!

Аё!
Ҳосил бўлса — бўлсин-да мурод,
Ё сочиб юборгин! Қайта тирилтир!
Сенинг исминг айтиб тирикман ҳайҳот,
Мени севгинг билан авайлаб ўлдир!

* * *

Одамларни кўрдим, қибласи тўртта,
Эллар бор — тонги йўқ, уйқуси оғу.
Умри ўтиб борар ўзидан қўрқиб,
Ўзларига ўзи энг катта қайғу.

Нафаси ўлчовли, меҳри рақамли,
Саломи тиланчи, юраги хаста.
Шамоллаб қолганми олам оқими,
Ярадор, дардига — дарди пайваста.

Найранг бозорлари чақондан-чаққон,
Пақиллоқ ўйиндир ОДАМнинг умри.
Қачондир дунёни мўъжиза туққан,
Мўъжиза тиладим дунёни кўриб!

Бу хушомад эмас, меҳрингга қасам,
Юрагимни отай, пойингга юлқиб.
Сенинг боланг бўлай, қайта туғилсам,
Ўзингдан қўймасин ўзимнинг Халқим!!!

* * *

Суяк-суягимдан сирқирар соғинч,
Кўнглимни тебратар она қўшиғим.
Дунёга мен каби оламни туғиб,
Изимга зор бўлди Ота эшигим!

Ерда бир!
Осмонлар ҳавас қилган кўшк,
Девор ғиштларида бахт қалангандай.
Сен менинг Мадинам — мени туққан ишқ,
Остонанг саждамдир менга — Ота уй!

Ҳар бир бурчагингда ҳотиржамлик бор,
Бағри илк изимни асраган қучоқ.
Яхшиям сен борсан, тинч ва бахтиёр,
Эй Ота остонам,
Онажон тупроқ!

* * *

Айтинг, дилингизни оғритган бўлсам,
Бугун кечирсангиз арзирли кундир.
Нима бўлар мен ҳам юракдан кулсам,
Умримнинг ўртаси балки бугундир.

Қўйинг, елкангизга осилган ўйни,
Ҳозир қанот берар сизга жасорат.
Узр, балки сизни  ранжитиб қўйдим,
Унутмоқлик эса ноёб маҳорат.

Қайтинг, ўрнингизга ўтирмасин ғам,
Бу кун балки сўнги, балки сўнгимдир.
Мағрур хаёлингиз бошидан ўпсам,
Сўнг узоқ ўйласам: тушми, ўнгимми?!

Туйинг, эшитилар нафасим саси,
Севиб қолинг қайта, не бўлар ахир,
Бугун Бахор мени бағрига босди,
Кечиринг Баҳорни!
Баҳорсиз бағир!

* * *

Дунё томирида яшил қон оқди,
Ёшардим анчадан биринчи марта.
Борлиқнинг ям-яшил баҳрида оқдим,
Баҳорда туғилдим, биринчи Мартда!

Ҳаммани бошқатдан номладим ўзим,
Ҳаётнинг энг гўзал ҳаёти билан.
Очиқ кўнгилларга — севгили сўзим,
Кириб бор, Ҳаётнинг баёти билан!

Бугундан мулойим хаёл йўқ, ўй йўқ,
Ишонинг, бунгача қанча дард чекдик.
Бугун ишқдан сармаст юрак бўлсин тўқ,
Бугун ўйламайлик: Бахтга кечикдик!

Яшил чироқ ўчмас умримиз бўйи,
Яшаш «Бахор валси» қадар мароқли.
Кирсиз юракларга аталган куйим,
Ҳадсиз меҳрингизга бўлсин ардоқли!

Баҳорда туғилдим биринчи Мартда,
Исмимга айлансин бу фасли баёт.
Яшашни қайтадан севолган мардман,
Билдим икки дунё — бир ишқ барҳаёт!

* * *

Сенинг кипригингни ўпмоқлик учун,
Майсалар унмоқда бирам мулойим.
Кўриб қўйсин ҳамма мухаббат кучин,
Умринг фақат бахор бўлсин, илойим!

Сенинг кўзларингда куймоқлик учун,
Нурлар кўпаймоқда яна, савобли.
Кўриб қўйсин ҳамма мухаббат кучин,
Аслида ишқ билан ҳаёт давомли!

Сенинг қўлларингни сўрамоқ учун,
Лолалар — ҳайратга тўлган пиёла.
Кўриб қўйсин ҳамма мухаббат кучин,
Сен ҳам бахтли бўлгин мудом, Зилола!

Сизнинг кўнглингизда яшамоқ учун,
Менинг йўлларимдан сўрасин изин.
Кўриб қўйсин ҳамма мухаббат кучин,
Севгидан қўрқманг ва
Севинг,
Азизим!

ЙЎЛДА

Биров билди, биров билмади,
Олисдаман.
Яқинлар — йироқ.
Бўларидан ортиқ бўлмади,
Қуёш —
Кўксимдаги шамчироқ!

Чеккаларда ағдарилган ер,
Тутлар қўлин муштламиш кўкка.
Уйлар ортда қолди бирма-бир,
Юрагига менсизлик чўккан.

Сақламадим аразларимни,
Отамдан ҳам!
Бошқалардан ҳам.
Йиртдим ҳамма фаразларимни,
Шу бўлса керак-да «бири кам».

Ҳақиқатдан ҳабарим йўқ,йўқ,
Эртага не бўлса, бўлмаса.
Юрагимни тешиб ўтган ўқ,
Яшашни истайман!
Ўлмасам…

* * *

Умидин узмаган қалдирғочлардай,
Уйини бузмади юрагимдан — ишқ.
Гоҳо жунунимни парчалаб учгай,
Қўшиқ!
«Мени сев!
Мени сев!
Қисматнинг чизиғи келмасин малол! «
Азизим ўпкамни заҳарлади ғам.
Ҳолбуки нафасим покиза, ҳалол,
Битяпман,
Сен менинг ғамимдан беғам!

Ранжим увол бўлар йўлда йиқилиб,
Негаки сенга ҳеч ситамим етмас.
Йилларки бўғзимда турар тиқилиб,
Армоннинг аччиғи ютилиб кетмас!
Маъно қидираман сониялардан,
Ўғирланган умрим амрингга банди.
Рашк қилсам кулгули, фонийларингга,
Ҳаммаси бу дунё ёлғон дегани!
Кўксимда потирлар қалдирғочлардай,
Баҳорги ҳақиқат исидан бу ишқ.
Менинг соғинчимни олиб учгайдир,
«Мени сев»дирмаган севимли қўшиқ!

* * *

Рахмат айтгим келди қанча вақт ўтиб,
Кўча бошидаги новвойга.
Меҳрнинг таъмини бўлмас унутиб,
Мен ҳалиям ўша…
Ўша яввойи!
Раҳмат сизга!
Раҳмат айтгим келди, ўша йўлдаги —
Баъзан оёғимни чалган тошларга,
Мен ҳалиям ўша…
Ўша аввалги!
Парво қилманг рақам босган ёшларга!
Рааҳмат!
Сизга!
Раҳмат айтгим келди, энг аввал,
Мени суймаганлар, қаҳрибонларга.
Менинг бору йўғим Ҳаққа таваккал,
Ташаккур!
Яратган -мехрибонимга!
Шукурим беҳад!
Рахмат айтгим келди, мени билганлар,
Ҳали илғимаган барча юракга.
Йиғлаб ёзганимни ўқиб кулганлар,
Сиз менга ҳамиша кераксиз.
Доим омон бўлинг!
Минг раҳмат!

* * *

Шовқинсиз шаҳарга ўхшайсан,
Жиииим, киборлииии, мағрур ва фарах.
Ўзингни ҳам зўрға яшайсан,
Юрагингни ялаб ётар зах!
Жииииим шаҳарсан
Беғовур, беғам.
Ўлиб борар ичингда исён.
Умринг узун, аммо ҳаёт кам!

Бу тушунча кулдирмас ҳатто,
Унутгансан йиғлашни тамом.
Ишоралар йўриғи хато,
Йўллар сенга келтирмас инъом!

Жим шаҳарсан! Ғариб ва ношуд.
Тақдирга тан берган одамдай.
Кетиб қолган қишлоққа умид,
Манзилидан қочган қадамдай.

Совуқ ютиб гезарган юзинг.
Сен шаҳарсан, кар ва бечора.
Кўзойнакнинг ортида кўзинг,
Қарамайсан ортга бир бора.

Машиналар уҳ тортар узун,
Сен шаҳарсан!
Лойқадан- лойқа.
Ё ўласан йўқотиб ўзинг,
Ё қоласан аслингга қайтиб!

 

* * *

Кипригу кўз орасида қалам тушди,
Инжа ториб терилди қош, ўқланди шай.
Юрагимга — мендан оғир алам тушди,
Ярим йўлдан қайтиб келдим — қайга борай?!

Кўнгил дарди елкам узра ридо бўлди,
Бўғзимни най қилиб чалди билиб-билмай.
Дилни кечган оёғингга фидо бўлдим,
Туриб олдинг ҳаёллардан бир он жилмай.

Аризамни йиртиб отди қайсар юрак,
Арзимайсан биласанми?!
Аммо нетай!
Мехр кўзда дерлар — шундай бўлса керак,
Кўзларинг бир кўрмоқ учун қанча кутай?!

Баъзан ахмоқ қилар ойна, кулиб боқсам,
Кўрмай қолган кўзларимда Сени кўриб.
Ростдан ахмоқ бўлар эдим мен сўз уқсам,
Ўз-ўзимдан фахр этаман туриб-туриб!

Жон демайсан!
Ахир сенинг қалбинг қолип,
Режалисан, ҳар кунингнинг ҳисоби бор.
Аччиқланма, қочиб кетсам — кўнглинг олиб,
Билмасанг бил,
ИШҚ ЭЛИДА ДОИМ БАХОР!

Киприг-у кўз ўртасига қалам тушди!
Юрагимда пишиб қолган алам тушди!
Алам тушди!

* * *

Иссиқ нонга сарёғ суриб,
Асалли кўк чойдан ичсанг.
Чорпояда!
Аянг ёпган нонлар ширин!
Отанг эккан узумлар-чи!
Паст девордан гап ташласанг
ҳамсоянгга:
«Иш дегани ҳеч битмаган,
Келинг чойга!»

Иссиқ Ёзда чалоб ичсанг
муздаккина,
Қулоғингга жаннат бўйли райҳон тақиб.
Бу завқ шавқни -Ер шаридан излаб келдим,
Ўзбекистон!
Кўнглим уйин келдим топиб!

Эй барига қўл силтадим!
Қишлоққа кеб,
Саҳарларда — ола сигир сутин ичсам,
Самарқандга қайтар қуш ҳам, нонини еб!
Йиғлама-да, оёғингни қаттиқ қучсам!

Чопонингга сажда қилсам —
Ҳажим битгай,
ЎЗБЕКИСТОН!
Мендан қолар мерос ўзинг!
Битта аям ва битта сен мени кутган!
УМРИМ БЎЙИ АЙТА ОЛГАН ЭНГ РОСТ СЎЗИМ!

* * *

Кузда…
Осмон рангли кўйлагим,
Оёғимда севимли кедам,
Хазон кечиб сени ўйладим,
Манзилимга боргунча етиб.

Кузда…
Велосипед билан сайр қилиб,
Изи қолмас йўлларни кечдим.
Бродвейда ёлғиз, уккидай,
Аччиқ-аччиқ қаҳвалар ичдим.

Бу ҳаммаси Куздаги кунлар,
Бу ҳаммаси кундаликларим.
Эсдан чиб қолди, Ватанда,
Сенсиз қолган эсдаликларим.

Қишда…
Маринанинг бўйида,
Балиқ тутдик — жияним билан.
Мустафа Жежели куйига,
Йиғладим чидолмай,
Бир тўлиб…

Қишда…
Унчалик ҳам совуқмас бу ер,
Сўнг бахор юракни ўтар қитиқлаб.
Кўзларингни юмиб — кўзларимни кўр,
Мен сенга ўзингдан кўпроқ содиқман!

 

* * *

Тошкентнинг қайсидир деразасидан,
Осмонига боқиб мени ёдлар — У.
Ҳаётни соғинчлар безасада,
Йўллар ҳеч келмади ҳамон -рўбарў.
Баланд бетон уйлар — нажот қалъалар,
Ижара ҳаққидай учма-уч умид.
Армонлар болалар, қарзлар болалар,
Қанча истакларни кетяпди кўмиб.
Тошкентнинг қайсидир деразасидан,
Ҳамон ухламаган Қуёш кўринар.
Менга ҳатто бирор хат ёзмаса ҳам,
Худога бор дарди ҳар кун ёрилар!
Унга ҳам осонмас, Менга осонми?
Тақдирни еяпмиз иштаҳасиз, лек.
Кўзимни чирт юмиб кетиб қолсамми?!
Жонга тегиб кетди бундай ёлғизлик!!!

 

* * *

Ўзим учсам! Ўзим қўнсам,
Ёзиқсиз қўл керак менга.
Алам қилмас шунда, кўнсам,
Чизиқсиз йўл керак менга.

Нигоҳимни ичар бўшлиқ,
Қулоғимга ўхшар сўроқ.
Ҳаволарга умрим сочдим,
Бошимда айланди ўроқ.
Экканимни ўриб бўлдим,
Кўнгли Хирмон керак менга.

Мендан улкан, мендан баланд,
Бошқа Осмон керак менга.
Сирға таққан сатангларга,
Минг ҳийлагар, санамларга.
Ўхшамадим онамга ҳам —
Бир таърифдор керак менга.

Азал телба эдим жиндай,
Аниқ эди бари кундай.
Нима бўлсам бўлдим шундай,
Бошқа рафтор керак менга.

Ажалдан қўрқмаган менман,
Минг ўлиб ҳам ўлмадим ҳеч.
Кўнгилдан ортмаган менман,
Туғилганман ақлдан кеч.
Хайр этай бир хайрларга,
Қаноти қақнусман ҳудди.
Лисоним утътайрларга,
Топиб келарми Ҳудҳудим.

Ўзим учсам! Ўзим қўнсам,
Ёзиқсиз қўл керак менга.
Алам қилмас шунда, кўнсам,
Чизиқсиз йўл керак менга.

СИНГЛИМГА МАКТУБ

Салом Дилдор!
Хатарсиз ишқим!
Муштипарим, райҳоним — синглим.
Бу дунёда якка — ягона,
Қораси йўқ, кини йўқ кўнгил!
Сезяпсанми бугун йиғладим,
Сезяпсанми соғиндим сени.
Кейин чарчагунча ухладим,
Билмам недан, дард билдим нени!
Аммо арзимайди биламан,
Ҳеч бир афсус, ҳеч бир надомат.
Худо сени омон сақласин,
Отам, аям сенга омонат!

Менинг гулим!
Ёввойи феълим!
Урушқоғим, энг тўғри йўлим.
Сезяпсанми бугун кулмадим,
Дилдоражон, эй сезгир дилим!
Малла сочинг қўнғироғида,
Болалигим қўллари қолган,
Лабларингда Баҳорнинг Атр-
Гулларининг оллари қолган.
Опамдайин оқилам менинг,
Онамдайин меҳри қуёшим.
Бугун жуда соғиндим сени,
Етмай қолди бошқа бардошим!

Салом айтгин китобларимга,
Қаламдонни жойга топиб қўй
Гитарамни асло ўйнама,
Ёстиғимни битта ўпиб қўй!
Пардаларга осилмасин ўй,
Шкафимни очмасин ҳеч ким.
Мени яхши кўрганинг учун-
Ёстиғимни яна ўпиб қўй.

….
Хайр Дилдор!
Кўзингни асра!
Яхшим, ёмон опангман сени!
Мен сендаман, ўзингни асра!
Бахтлар қайтиб топади мени!

*   *   *

Тоғлар тизилишиб эгилди бугун…
Аммо қайт демади бирорта одам.
Денгизлар  кўзимга йиғилди, бутун,
Бизни чорламади бирорта одам.
Йўлларим очиқдир — кўнглинг ёпиқдир,
Қўлларинг узун-ку, менинг умримдан?!
Йўқолган ишқингни армон топибди,
Мени йўқотдингу сўнг қидирмадинг!

Денгизлар йиғилди кўзимга бугун,
Менга меҳрибонроқ — Сендан бошқалар.
Сенга яқин фақат — Мендан бошқалар,
Сайроқи тилимда милёнта тугун!
Икки ён юрибмиз, итдай таланиб,
Кучукларга ялоқ боляпди юрак.
Умр ғам қасрига ғиштдай қаланар,
Ишонмоқ бедарак, умид бедарак.

Бизга қайт демайди бирорта одам,
Ҳеч кимнинг вақти йўқ, борини айтсам.
Истамасанг ҳамки, бирор кун, модам,
Ўлиб қолмайсанми мен ўзим, қайтсам?!

 

* * *

Ҳеч кимга айтмаган битта гапим бор,
Сукутлар билмайди,саслар билмайди,
Бу дард умрим учун жудаям даркор,
Ўзимдан ўзгага даъво қилмайди.

Кўзимдан ёмғирдай тўкилмади у,
Умрим тўлқинида кетмади оқиб.
Мен унга юкунсам — букилмади у,
Учмади қиш келса қанотин қоқиб.

Менга сўз бермади, сўзламади ҳам,
Ҳамон мени деди, изсиз яшади.
Лекин юрагимни кўзламади ҳам,
Мудом менда бўлиб ўзсиз яшади…

Ҳеч кимга айтмаган битта гапим бор.
Ҳеч кимга айтмайман!
Сени
Энди
Ёр….

* * *

Менга кулчаноннинг тамин эслатгай!
Ўзбекистон ёқдан сузиб келган Ой,
Осмонда қалқасан бир сатил сутдай,
Аям соғган сутдай тўлаётган Ой!

Сочини ўриб қўй дилдораларни,
Ўзинг бохабар бўл укаларимга.
Юзидан ўпиб кел қайтаётганда,
Хайрли кун тила эркаларимга!

Бизнинг дарвозани тавоф қилиб кел,
Яхши юрибдими мен севган диллар?!
Кимнинг юрагида қолдим, билиб кел,
Ҳали сўлмадими мен эккан гуллар?!

Қашқа сигирни ҳам, тутқаторни ҳам,
Олмазор, узимзор ҳаммасини кез.
Қара шамолларда учиб кетмасин,
Кичкина Нафиса ташлаб кетган из.

Оймомо!
Ҳаммадан, ҳаммадан кўпроқ,
Аямга салом айт, соғ-саломат қайт!
Зарра оғримасин У- Она тупроқ,
Кутаман, то улар уйғонишган пайт!

ОМОН БАХШИНИНГ АЙТМАГАНЛАРИ

Жўлда жилон боради,
Қир қорнига ўралиб.
Журагингни жоради,
Бой бовани жўтали.
Ҳаю ҳайта, жовсанг жов,
Қовоғингни оч осмон.
Толқон бўлдийа оқ тов,
Кеп бундааай кўнгил очсанг!
Жўлларни жилон босди,
Бойни жўлини тўсди.
Бисотингни бер деди,
Сўнг ўзингдан кўр деди.
Ҳалол экан топгани,
Олсанг жутиб ол деди.
Қуёшга нон ёпганинг,
Бор будумни ол деди.
Ҳаю ҳайта жовсанг жов,
Қуёш очсин юзини.
Бой булутга берарми,
Битта эрка қизини.
Бой ёвлари — жилонлар —
Аждарга айландилар
Шартини бажарай деб,
Осмонга шайландилар.
Бало экан, хум боши,
Қарашган экан бойга.
Эриб кетти жилонлар,
Етмайин ҳатто Ойга.

***

Ана енди сенда гап,
Ё қол ё кет истагинг.
Аммо қизнинг хуснини,
Айтиб бер деб қистама.
Жўш томонда бир жер бор,
Сойлари жўшқин-жўшқин.
Қолиб кетган унда ёр,
Пешонамга сиғмайин.
У парини тувгани ,
Мен суйган малак эди.
Мен етмаган севгини,
Бой сотиб олган эди.
Бора болам кўнмасанг,
Жўлинг тўсмасин Худо.
Ёниб яша, сўнмагин,
Сўз айтай сенга атаб.

***

Қимирлаган қир ошар,
Томирида ишқ тошар.
Эеее қурмағур боламей,
Тоза Отама ўхшар.
Қамчиси елни кесар,
Кўкси дарёни тўсар.
Битта ўзи ҳам улим,
Ҳам Отам ўрнин босар!
Манглайлари кенг болам,
Алпомишга тенг болам.
Мард ярашар майдонга,
Енгсанг ҳалол енг болам.
Жигитга ор жарашар,
Иймонинг бутун бўлсин.
Орқанга ҳеч қарама,
Мендан кўнглинг тўқ бўлсин.

12799444_779599795505967_7124893978456383478_n.jpg    Nafisa Omon feysbuk olamida topib olgan shoirlarimdan biri. Hamisha she’rlarini o’qib,kuzatib boraman. Shoira faqat o’z ko’ngil so’zlarini izhor qiladi, she’rda ich-ichidagi tuyg’ularini ifodalaydi. Ayni shu jihati bilan diqqatni tortadi. Bugun Nafisaning bir turkum she’rlarini sizga taqdim etarkanman, shoira singlim ijodi bilan tanishtirish keyinchalik ham davom etishini ta’kidlab qolaman.

Nafisa OMON
SHE’RLAR
011

* * *

Ko’kga uchgan qushlar tolsa yerga qaytgay,
Qaldirg’ochlar o’z ayvonin topib kelar.
Beshigiga Bibixonim alla aytgan,
Ajdodlardan — avlodlarga shu yurt qolgay!
Qayda bo’lma, sog’inchingning ko’pi — Vatan!
Har insonning bir merosso’z, gapi — Vatan!

Rostin aytsam, halovat yo’q seningdayin,
O’zingniki bo’lsa tashvish, mehnat go’zal.
Mehribon yo’q, saxovat yo’q seningdayin,
Senga eltar yo’lda cheksam, zahmat go’zal
Ona tuproq, sendagi fayz qayda, Vatan,
Yaratgandan bizga kelgan hadya — Vatan!

O’zi yemay elga bergan odam — Otam,
Shu damgacha senga nima nafim tegdi?!
Indamaysan, boshim silab, jilmayasan,
Nahot hayot daraxtimni xato ekdim?!
Hatto qattiq ranjishlaring odob — Vatan,
Odamlarga — odamlikdan kitob, Vatan!

Nima desa — deyaversin, tili uzun,
Sen birovning oshin tortib olganing yo’q.
YO birovning tinch va totuv uyin buzib,
Dunyosiga hiyonatlar qilganing yo’q,
Nomim tashib qolguvchi rost so’zim — Vatan!
Men kim bo’lsam, huddi mening o’zim — Vatan!

e49a529f51290176cf88de14999a6ad8.jpg

* * *

Iloha baxt o’psin izlaringizni,
Dardga armon bo’ling, alamga o’gay.
Iymon yorug’ qilgan yuzlaringizni,
Nuriga tutilay!
Bahrida cho’kay!
Iloho!

Bilmay aytgan barcha gumonlarimni,
So’zlamay anglatsin farishta onlar.
Sizdan sizga eltgan tomonlarimni,
Tarkiband qilmasin aslo, imkonlar.
Iymonlar!

Xudo omon qilsin yolg’iz boshingiz,
Sizdan g’am ko’rmagan onangiz bilan.
Ishqdan uzun bo’lsin umru yoshingiz,
Men ham murod topay sizga baxt tilab,
Iloyim!

Ikki ko’zmunchoqday opalaringiz,
Ikki qo’lingizda qo’ngan Humodir.
Hayotimga baxor kelmagay sizsiz,
Ko’ksingiz — men uchgan sirli samodir!
Bilsangiz!

Mehr qahat qolmas kunlarda bo’ling,
Allohning kimgadir qiygan rizqisiz.
Mudom kaftimdasiz!
Duoday to’lib!
Qalbimdan kechmasin marhamatingiz!
Ko’ngildan!

Yig’lab uxlab qolgan tunlarim haqqi,
Jonimga omonat bo’ldi ismingiz.
Yaratgan! Qo’lingga zorlanib boqdim,
O’zingga omonat bo’lsin ishqimiz!
Iloho!

 

* * *

Ko’kargan maysalar buvimning ko’zi,
Qaysidir bobomning boqqan nigohi.
Qaysidir ajdodning ko’ksidan sizib-
Lolalar!
Jadallar tuymagan ohdir!
Eshiting!
Tuproqning sadosi ular,
Baxor g’alabasi gulgun bayroqdir.
O’tgan azizlarning nidosi ular,
Bizga baxt tilagan tilak titrog’i!
Ehtiyotroq bosing malol kelmasa,
Qadamingiz to’la sharaf va qutlov.
Nima qilar edik Baxor kelmasa,
Tuproq ko’tarmasa abadiy ruhlar!!!

* * *

O’ylaysiz: —
«Qo’l cho’zsam to’kilar,
O’ylaysiz, dunyoga erkaman,
O’ylaysiz ko’zimga tikilib —
Sog’inchdan kiprigin to’kaman!

O’ylaysiz qishloqi qalbining,
Ming bitta sirini ochaman.
O’ylaysiz shundoq ham she’rparast,
Yo’liga yolg’onlar sochaman!»

O’ylamang!
Men sizdan battarman!
Yurak -Oy, Quyoshning bevasi,
Nafratim kalomsiz o’ldirar!
SEVSAM HAM O’LDIRIB SEVAMAN!

 

* * *

O’tib ham ketmadi sog’inch xuruji,
G’amga boda tutdi so’zsiz dudog’im.
Sendan boshlanadi yo’lning bir uchi,
Qaytgim kelaverar charchagan chog’im.

Sen sukut saqlashni yaxshi ko’rasan,
Men esa yig’lashni! Bilmayman nega?!
Bir kun ado etgin, haqqim so’rasam,
Axir hammasiga o’zingsan ega!

O’zgaga egilish tushibdi boshga,
Ishq desam qon qusar yurak bechora.
Meni sevdirmasin o’zingdan boshqa,
Senda yakun topsin bori yo’q choram!

Men mudrab yotibman, pashshalar tirik,
Kimga umr kerak, kimgadir umid.
Ko’zim yoshi yuvgan kiprik — qil ko’prik,
Yurak og’ir kelar!
Titraydi bilib!

Ayo!
Hosil bo’lsa — bo’lsin-da murod,
YO sochib yuborgin! Qayta tiriltir!
Sening isming aytib tirikman hayhot,
Meni sevging bilan avaylab o’ldir!

* * *

Odamlarni ko’rdim, qiblasi to’rtta,
Ellar bor — tongi yo’q, uyqusi og’u.
Umri o’tib borar o’zidan qo’rqib,
O’zlariga o’zi eng katta qayg’u.

Nafasi o’lchovli, mehri raqamli,
Salomi tilanchi, yuragi xasta.
Shamollab qolganmi olam oqimi,
Yarador, dardiga — dardi payvasta.

Nayrang bozorlari chaqondan-chaqqon,
Paqilloq o’yindir ODAMning umri.
Qachondir dunyoni mo»jiza tuqqan,
Mo»jiza tiladim dunyoni ko’rib!

Bu xushomad emas, mehringga qasam,
Yuragimni otay, poyingga yulqib.
Sening bolang bo’lay, qayta tug’ilsam,
O’zingdan qo’ymasin o’zimning Xalqim!!!

* * *

Suyak-suyagimdan sirqirar sog’inch,
Ko’nglimni tebratar ona qo’shig’im.
Dunyoga men kabi olamni tug’ib,
Izimga zor bo’ldi Ota eshigim!

Yerda bir!
Osmonlar havas qilgan ko’shk,
Devor g’ishtlarida baxt qalanganday.
Sen mening Madinam — meni tuqqan ishq,
Ostonang sajdamdir menga — Ota uy!

Har bir burchagingda hotirjamlik bor,
Bag’ri ilk izimni asragan quchoq.
Yaxshiyam sen borsan, tinch va baxtiyor,
Ey Ota ostonam,
Onajon tuproq!

* * *

Ayting, dilingizni og’ritgan bo’lsam,
Bugun kechirsangiz arzirli kundir.
Nima bo’lar men ham yurakdan kulsam,
Umrimning o’rtasi balki bugundir.

Qo’ying, yelkangizga osilgan o’yni,
Hozir qanot berar sizga jasorat.
Uzr, balki sizni ranjitib qo’ydim,
Unutmoqlik esa noyob mahorat.

Qayting, o’rningizga o’tirmasin g’am,
Bu kun balki so’ngi, balki so’ngimdir.
Mag’rur xayolingiz boshidan o’psam,
So’ng uzoq o’ylasam: tushmi, o’ngimmi?!

Tuying, eshitilar nafasim sasi,
Sevib qoling qayta, ne bo’lar axir,
Bugun Baxor meni bag’riga bosdi,
Kechiring Bahorni!
Bahorsiz bag’ir!

* * *

Dunyo tomirida yashil qon oqdi,
Yoshardim anchadan birinchi marta.
Borliqning yam-yashil bahrida oqdim,
Bahorda tug’ildim, birinchi Martda!

Hammani boshqatdan nomladim o’zim,
Hayotning eng go’zal hayoti bilan.
Ochiq ko’ngillarga — sevgili so’zim,
Kirib bor, Hayotning bayoti bilan!

Bugundan muloyim xayol yo’q, o’y yo’q,
Ishoning, bungacha qancha dard chekdik.
Bugun ishqdan sarmast yurak bo’lsin to’q,
Bugun o’ylamaylik: Baxtga kechikdik!

Yashil chiroq o’chmas umrimiz bo’yi,
Yashash «Baxor valsi» qadar maroqli.
Kirsiz yuraklarga atalgan kuyim,
Hadsiz mehringizga bo’lsin ardoqli!

Bahorda tug’ildim birinchi Martda,
Ismimga aylansin bu fasli bayot.
Yashashni qaytadan sevolgan mardman,
Bildim ikki dunyo — bir ishq barhayot!

* * *

Sening kiprigingni o’pmoqlik uchun,
Maysalar unmoqda biram muloyim.
Ko’rib qo’ysin hamma muxabbat kuchin,
Umring faqat baxor bo’lsin, iloyim!

Sening ko’zlaringda kuymoqlik uchun,
Nurlar ko’paymoqda yana, savobli.
Ko’rib qo’ysin hamma muxabbat kuchin,
Aslida ishq bilan hayot davomli!

Sening qo’llaringni so’ramoq uchun,
Lolalar — hayratga to’lgan piyola.
Ko’rib qo’ysin hamma muxabbat kuchin,
Sen ham baxtli bo’lgin mudom, Zilola!

Sizning ko’nglingizda yashamoq uchun,
Mening yo’llarimdan so’rasin izin.
Ko’rib qo’ysin hamma muxabbat kuchin,
Sevgidan qo’rqmang va
Seving,
Azizim!

YO’LDA

Birov bildi, birov bilmadi,
Olisdaman.
Yaqinlar — yiroq.
Bo’laridan ortiq bo’lmadi,
Quyosh —
Ko’ksimdagi shamchiroq!

Chekkalarda ag’darilgan yer,
Tutlar qo’lin mushtlamish ko’kka.
Uylar ortda qoldi birma-bir,
Yuragiga mensizlik cho’kkan.

Saqlamadim arazlarimni,
Otamdan ham!
Boshqalardan ham.
Yirtdim hamma farazlarimni,
Shu bo’lsa kerak-da «biri kam».

Haqiqatdan habarim yo’q,yo’q,
Ertaga ne bo’lsa, bo’lmasa.
Yuragimni teshib o’tgan o’q,
Yashashni istayman!
O’lmasam…

* * *

Umidin uzmagan qaldirg’ochlarday,
Uyini buzmadi yuragimdan — ishq.
Goho jununimni parchalab uchgay,
Qo’shiq!
«Meni sev!
Meni sev!
Qismatning chizig’i kelmasin malol! «
Azizim o’pkamni zaharladi g’am.
Holbuki nafasim pokiza, halol,
Bityapman,
Sen mening g’amimdan beg’am!

Ranjim uvol bo’lar yo’lda yiqilib,
Negaki senga hech sitamim yetmas.
Yillarki bo’g’zimda turar tiqilib,
Armonning achchig’i yutilib ketmas!
Ma’no qidiraman soniyalardan,
O’g’irlangan umrim amringga bandi.
Rashk qilsam kulguli, foniylaringga,
Hammasi bu dunyo yolg’on degani!
Ko’ksimda potirlar qaldirg’ochlarday,
Bahorgi haqiqat isidan bu ishq.
Mening sog’inchimni olib uchgaydir,
«Meni sev»dirmagan sevimli qo’shiq!

* * *

Raxmat aytgim keldi qancha vaqt o’tib,
Ko’cha boshidagi novvoyga.
Mehrning ta’mini bo’lmas unutib,
Men haliyam o’sha…
O’sha yavvoyi!
Rahmat sizga!
Rahmat aytgim keldi, o’sha yo’ldagi —
Ba’zan oyog’imni chalgan toshlarga,
Men haliyam o’sha…
O’sha avvalgi!
Parvo qilmang raqam bosgan yoshlarga!
Raahmat!
Sizga!
Rahmat aytgim keldi, eng avval,
Meni suymaganlar, qahribonlarga.
Mening boru yo’g’im Haqqa tavakkal,
Tashakkur!
Yaratgan -mexribonimga!
Shukurim behad!
Raxmat aytgim keldi, meni bilganlar,
Hali ilg’imagan barcha yurakga.
Yig’lab yozganimni o’qib kulganlar,
Siz menga hamisha keraksiz.
Doim omon bo’ling!
Ming rahmat!

* * *

Shovqinsiz shaharga o’xshaysan,
Jiiiim, kiborliiii, mag’rur va farax.
O’zingni ham zo’rg’a yashaysan,
Yuragingni yalab yotar zax!
Jiiiiim shaharsan
Beg’ovur, beg’am.
O’lib borar ichingda isyon.
Umring uzun, ammo hayot kam!

Bu tushuncha kuldirmas hatto,
Unutgansan yig’lashni tamom.
Ishoralar yo’rig’i xato,
Yo’llar senga keltirmas in’om!

Jim shaharsan! G’arib va noshud.
Taqdirga tan bergan odamday.
Ketib qolgan qishloqqa umid,
Manzilidan qochgan qadamday.

Sovuq yutib gezargan yuzing.
Sen shaharsan, kar va bechora.
Ko’zoynakning ortida ko’zing,
Qaramaysan ortga bir bora.

Mashinalar uh tortar uzun,
Sen shaharsan!
Loyqadan- loyqa.
YO o’lasan yo’qotib o’zing,
YO qolasan aslingga qaytib!

 

* * *

Kiprigu ko’z orasida qalam tushdi,
Inja torib terildi qosh, o’qlandi shay.
Yuragimga — mendan og’ir alam tushdi,
Yarim yo’ldan qaytib keldim — qayga boray?!

Ko’ngil dardi yelkam uzra rido bo’ldi,
Bo’g’zimni nay qilib chaldi bilib-bilmay.
Dilni kechgan oyog’ingga fido bo’ldim,
Turib olding hayollardan bir on jilmay.

Arizamni yirtib otdi qaysar yurak,
Arzimaysan bilasanmi?!
Ammo netay!
Mexr ko’zda derlar — shunday bo’lsa kerak,
Ko’zlaring bir ko’rmoq uchun qancha kutay?!

Ba’zan axmoq qilar oyna, kulib boqsam,
Ko’rmay qolgan ko’zlarimda Seni ko’rib.
Rostdan axmoq bo’lar edim men so’z uqsam,
O’z-o’zimdan faxr etaman turib-turib!

Jon demaysan!
Axir sening qalbing qolip,
Rejalisan, har kuningning hisobi bor.
Achchiqlanma, qochib ketsam — ko’ngling olib,
Bilmasang bil,
ISHQ ELIDA DOIM BAXOR!

Kiprig-u ko’z o’rtasiga qalam tushdi!
Yuragimda pishib qolgan alam tushdi!
Alam tushdi!

* * *

Issiq nonga saryog’ surib,
Asalli ko’k choydan ichsang.
Chorpoyada!
Ayang yopgan nonlar shirin!
Otang ekkan uzumlar-chi!
Past devordan gap tashlasang
hamsoyangga:
«Ish degani hech bitmagan,
Keling choyga!»

Issiq Yozda chalob ichsang
muzdakkina,
Qulog’ingga jannat bo’yli rayhon taqib.
Bu zavq shavqni -Yer sharidan izlab keldim,
O’zbekiston!
Ko’nglim uyin keldim topib!

Ey bariga qo’l siltadim!
Qishloqqa keb,
Saharlarda — ola sigir sutin ichsam,
Samarqandga qaytar qush ham, nonini yeb!
Yig’lama-da, oyog’ingni qattiq quchsam!

Choponingga sajda qilsam —
Hajim bitgay,
O’ZBEKISTON!
Mendan qolar meros o’zing!
Bitta ayam va bitta sen meni kutgan!
UMRIM BO’YI AYTA OLGAN ENG ROST SO’ZIM!

* * *

Kuzda…
Osmon rangli ko’ylagim,
Oyog’imda sevimli kedam,
Xazon kechib seni o’yladim,
Manzilimga borguncha yetib.

Kuzda…
Velosiped bilan sayr qilib,
Izi qolmas yo’llarni kechdim.
Brodveyda yolg’iz, ukkiday,
Achchiq-achchiq qahvalar ichdim.

Bu hammasi Kuzdagi kunlar,
Bu hammasi kundaliklarim.
Esdan chib qoldi, Vatanda,
Sensiz qolgan esdaliklarim.

Qishda…
Marinaning bo’yida,
Baliq tutdik — jiyanim bilan.
Mustafa Jejeli kuyiga,
Yig’ladim chidolmay,
Bir to’lib…

Qishda…
Unchalik ham sovuqmas bu yer,
So’ng baxor yurakni o’tar qitiqlab.
Ko’zlaringni yumib — ko’zlarimni ko’r,
Men senga o’zingdan ko’proq sodiqman!

 

* * *

Toshkentning qaysidir derazasidan,
Osmoniga boqib meni yodlar — U.
Hayotni sog’inchlar bezasada,
Yo’llar hech kelmadi hamon -ro’baro’.
Baland beton uylar — najot qal’alar,
Ijara haqqiday uchma-uch umid.
Armonlar bolalar, qarzlar bolalar,
Qancha istaklarni ketyapdi ko’mib.
Toshkentning qaysidir derazasidan,
Hamon uxlamagan Quyosh ko’rinar.
Menga hatto biror xat yozmasa ham,
Xudoga bor dardi har kun yorilar!
Unga ham osonmas, Menga osonmi?
Taqdirni yeyapmiz ishtahasiz, lek.
Ko’zimni chirt yumib ketib qolsammi?!
Jonga tegib ketdi bunday yolg’izlik!!!

 

* * *

O’zim uchsam! O’zim qo’nsam,
Yoziqsiz qo’l kerak menga.
Alam qilmas shunda, ko’nsam,
Chiziqsiz yo’l kerak menga.

Nigohimni ichar bo’shliq,
Qulog’imga o’xshar so’roq.
Havolarga umrim sochdim,
Boshimda aylandi o’roq.
Ekkanimni o’rib bo’ldim,
Ko’ngli Xirmon kerak menga.

Mendan ulkan, mendan baland,
Boshqa Osmon kerak menga.
Sirg’a taqqan satanglarga,
Ming hiylagar, sanamlarga.
O’xshamadim onamga ham —
Bir ta’rifdor kerak menga.

Azal telba edim jinday,
Aniq edi bari kunday.
Nima bo’lsam bo’ldim shunday,
Boshqa raftor kerak menga.

Ajaldan qo’rqmagan menman,
Ming o’lib ham o’lmadim hech.
Ko’ngildan ortmagan menman,
Tug’ilganman aqldan kech.
Xayr etay bir xayrlarga,
Qanoti qaqnusman huddi.
Lisonim ut’tayrlarga,
Topib kelarmi Hudhudim.

O’zim uchsam! O’zim qo’nsam,
Yoziqsiz qo’l kerak menga.
Alam qilmas shunda, ko’nsam,
Chiziqsiz yo’l kerak menga.

SINGLIMGA MAKTUB

Salom Dildor!
Xatarsiz ishqim!
Mushtiparim, rayhonim — singlim.
Bu dunyoda yakka — yagona,
Qorasi yo’q, kini yo’q ko’ngil!
Sezyapsanmi bugun yig’ladim,
Sezyapsanmi sog’indim seni.
Keyin charchaguncha uxladim,
Bilmam nedan, dard bildim neni!
Ammo arzimaydi bilaman,
Hech bir afsus, hech bir nadomat.
Xudo seni omon saqlasin,
Otam, ayam senga omonat!

Mening gulim!
Yovvoyi fe’lim!
Urushqog’im, eng to’g’ri yo’lim.
Sezyapsanmi bugun kulmadim,
Dildorajon, ey sezgir dilim!
Malla soching qo’ng’irog’ida,
Bolaligim qo’llari qolgan,
Lablaringda Bahorning Atr-
Gullarining ollari qolgan.
Opamdayin oqilam mening,
Onamdayin mehri quyoshim.
Bugun juda sog’indim seni,
Yetmay qoldi boshqa bardoshim!

Salom aytgin kitoblarimga,
Qalamdonni joyga topib qo’y
Gitaramni aslo o’ynama,
Yostig’imni bitta o’pib qo’y!
Pardalarga osilmasin o’y,
Shkafimni ochmasin hech kim.
Meni yaxshi ko’rganing uchun-
Yostig’imni yana o’pib qo’y.

….
Xayr Dildor!
Ko’zingni asra!
Yaxshim, yomon opangman seni!
Men sendaman, o’zingni asra!
Baxtlar qaytib topadi meni!

* * *

Tog’lar tizilishib egildi bugun…
Ammo qayt demadi birorta odam.
Dengizlar ko’zimga yig’ildi, butun,
Bizni chorlamadi birorta odam.
Yo’llarim ochiqdir — ko’ngling yopiqdir,
Qo’llaring uzun-ku, mening umrimdan?!
Yo’qolgan ishqingni armon topibdi,
Meni yo’qotdingu so’ng qidirmading!

Dengizlar yig’ildi ko’zimga bugun,
Menga mehribonroq — Sendan boshqalar.
Senga yaqin faqat — Mendan boshqalar,
Sayroqi tilimda milyonta tugun!
Ikki yon yuribmiz, itday talanib,
Kuchuklarga yaloq bolyapdi yurak.
Umr g’am qasriga g’ishtday qalanar,
Ishonmoq bedarak, umid bedarak.

Bizga qayt demaydi birorta odam,
Hech kimning vaqti yo’q, borini aytsam.
Istamasang hamki, biror kun, modam,
O’lib qolmaysanmi men o’zim, qaytsam?!

 

* * *

Hech kimga aytmagan bitta gapim bor,
Sukutlar bilmaydi,saslar bilmaydi,
Bu dard umrim uchun judayam darkor,
O’zimdan o’zgaga da’vo qilmaydi.

Ko’zimdan yomg’irday to’kilmadi u,
Umrim to’lqinida ketmadi oqib.
Men unga yukunsam — bukilmadi u,
Uchmadi qish kelsa qanotin qoqib.

Menga so’z bermadi, so’zlamadi ham,
Hamon meni dedi, izsiz yashadi.
Lekin yuragimni ko’zlamadi ham,
Mudom menda bo’lib o’zsiz yashadi…

Hech kimga aytmagan bitta gapim bor.
Hech kimga aytmayman!
Seni
Endi
Yor….

* * *

Menga kulchanonning tamin eslatgay!
O’zbekiston yoqdan suzib kelgan Oy,
Osmonda qalqasan bir satil sutday,
Ayam sog’gan sutday to’layotgan Oy!

Sochini o’rib qo’y dildoralarni,
O’zing boxabar bo’l ukalarimga.
Yuzidan o’pib kel qaytayotganda,
Xayrli kun tila erkalarimga!

Bizning darvozani tavof qilib kel,
Yaxshi yuribdimi men sevgan dillar?!
Kimning yuragida qoldim, bilib kel,
Hali so’lmadimi men ekkan gullar?!

Qashqa sigirni ham, tutqatorni ham,
Olmazor, uzimzor hammasini kez.
Qara shamollarda uchib ketmasin,
Kichkina Nafisa tashlab ketgan iz.

Oymomo!
Hammadan, hammadan ko’proq,
Ayamga salom ayt, sog’-salomat qayt!
Zarra og’rimasin U- Ona tuproq,
Kutaman, to ular uyg’onishgan payt!

OMON BAXSHINING AYTMAGANLARI

Jo’lda jilon boradi,
Qir qorniga o’ralib.
Juragingni joradi,
Boy bovani jo’tali.
Hayu hayta, jovsang jov,
Qovog’ingni och osmon.
Tolqon bo’ldiya oq tov,
Kep bundaaay ko’ngil ochsang!
Jo’llarni jilon bosdi,
Boyni jo’lini to’sdi.
Bisotingni ber dedi,
So’ng o’zingdan ko’r dedi.
Halol ekan topgani,
Olsang jutib ol dedi.
Quyoshga non yopganing,
Bor budumni ol dedi.
Hayu hayta jovsang jov,
Quyosh ochsin yuzini.
Boy bulutga berarmi,
Bitta erka qizini.
Boy yovlari — jilonlar —
Ajdarga aylandilar
Shartini bajaray deb,
Osmonga shaylandilar.
Balo ekan, xum boshi,
Qarashgan ekan boyga.
Erib ketti jilonlar,
Yetmayin hatto Oyga.

***

Ana yendi senda gap,
YO qol yo ket istaging.
Ammo qizning xusnini,
Aytib ber deb qistama.
Jo’sh tomonda bir jer bor,
Soylari jo’shqin-jo’shqin.
Qolib ketgan unda yor,
Peshonamga sig’mayin.
U parini tuvgani ,
Men suygan malak edi.
Men yetmagan sevgini,
Boy sotib olgan edi.
Bora bolam ko’nmasang,
Jo’ling to’smasin Xudo.
Yonib yasha, so’nmagin,
So’z aytay senga atab.

***

Qimirlagan qir oshar,
Tomirida ishq toshar.
Eeee qurmag’ur bolamey,
Toza Otama o’xshar.
Qamchisi yelni kesar,
Ko’ksi daryoni to’sar.
Bitta o’zi ham ulim,
Ham Otam o’rnin bosar!
Manglaylari keng bolam,
Alpomishga teng bolam.
Mard yarashar maydonga,
Yengsang halol yeng bolam.
Jigitga or jarashar,
Iymoning butun bo’lsin.
Orqanga hech qarama,
Mendan ko’ngling to’q bo’lsin.

033

(Tashriflar: umumiy 2 607, bugungi 1)

3 izoh

  1. Нафисахон, қайда бўлсангиз ҳам нафис туйғуларингиз омон бўлсин…

  2. Нафиса опада ташқи гузаллик ва юрак нидолари шундай уйғунлашганки,самимийлик бош мезонга сайланади!

    Гузал чехра ва саодатли шеърлар!

    Йулингизни берсин Нафиса Омон!!!

  3. Нафисажон синглим сиздан бир илтимосим бор менинг синглим огир касал,ака сифатида далда буляпман, лекин рухий томондан маънан мадад булолмаяпман, илтимос сиздан. менга хозир огир. синглимни хаёти онамни хаётига катта таъсир курсатади. аёл сифтида мен эркак номидан таъсирли мактуб ёзиб берсангиз синглимга зора далда булса. Нафис сиз мен уйлангандан хам мгузал аёл экансиз.

Izoh qoldiring