Erkin A’zam. Shovqin. Roman & Marhabo Qo’chqorova. “Shovqin”ning shov-shuvlari…

Ashampoo_Snap_2017.08.04_14h09m34s_001_.png10 август — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам таваллуд топган кун

    Адибнинг бу романи бир қарашда мураккаб, аммо жиддий сиёсий-ижтимоий рамзларга ишора берувчи, кучли адабий пародияга тўлиқ асар саналади. Роман қаҳрамонлари кино оламининг одамлари, яъни, киноюлдузлар, кинодраматурглар, кинорежиссёрлар, кинотанқидчилар, киноижодкорларнинг хулқи, феъли, бетартиб, енгил-елпи ҳаёти ҳақида ёзилгандек таассурот қолдиради. Асарда Фарҳод Рамазоннинг қулоқдош ёзувчи дўстининг шарҳи асарнинг ўзак моҳиятини топишимизда калит бўлиб хизмат этади.

Марҳабо ҚЎЧҚОРОВА
«ШОВҚИН»НИНГ ШОВ-ШУВЛАРИ
07

Марҳабо Қўчқорова 1976 йилда Хоразм вилоятида туғилган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти докторанти. “Бадиий сўз ва руҳият манзаралари” илмий монографиясининг муаллифи. Республика нашрларида ва «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида ҳам кўплаб илмий, илмий-оммабоп мақолалари чоп этилган.

07

054Эркин Аъзам адабиёт майдонига 70-йилларда кириб келди. Усмон Азим, Муҳаммад Раҳмон, Нодир Норматов сингари тенгдошлари қаторида ўз овози, ўз услубига эга носир бўлиб етишди. Ёзувчининг 44 йиллик ижодий тажрибаси бор. Бу орада Эркин Аъзам адабий шахсияти шаклланиб, прозанинг қисса, ҳикоя, киноқисса, драма, бадиий-публицистика жанрларида баракали ижод этди. Адиб ўнлаб насрий китоблар муаллифидир. Инсон қалбини чуқур тадқиқ этишни мақсад этган Эркин Аъзам катта ижодий тажрибалар тўплаб, яқинда янги роман яратишга муваффақ бўлди:”Шовқин”,

Адибнинг бу романи бир қарашда мураккаб, аммо жиддий сиёсий-ижтимоий рамзларга ишора берувчи, кучли адабий пародияга тўлиқ асар саналади. Роман қаҳрамонлари кино оламининг одамлари, яъни, киноюлдузлар, кинодраматурглар, кинорежиссёрлар, кинотанқидчилар, киноижодкорларнинг хулқи, феъли, бетартиб, енгил-елпи ҳаёти ҳақида ёзилгандек таассурот қолдиради. Асарда Фарҳод Рамазоннинг қулоқдош ёзувчи дўстининг шарҳи асарнинг ўзак моҳиятини топишимизда калит бўлиб хизмат этади. Унда шундай дейилади: “Мавзума-мавзу сакраб, ҳамкорликда сценарий ёзадиган бўлдик. Дард бор-у, дармон йўқ деганларидек, ҳали мазмуни, моҳияти нотайин асарга ном танлаб, сархушликда бир соатча талашибмиз. “Шум в ушах и вовне” (“Ботиний ва зоҳирий шовқин” – зўр!) дейди Фарҳод ўрисча жарангига маҳлиё бўлиб. Мен Фолкнернинг “Шум и ярость” романини рўкач қилиб эътироз билдираман. “Ну и что, бўлаверсин!”

Ниҳоят, ўрисчаси Фарҳод таклиф этгандек, ўзбекча номи эса дангалига “Шовқин” деб аталишига келишиб олдик.

Бошида шовқин-суронимиз ана шундай дунёни бузгулик эди-ю, аммо ҳамкорлигимиз рўёбга чиқмай қолиб кетди. Бунга каминанинг қулоғида ва теварагида кучайган (ботиний ва зоҳирий) шовқин сабаб бўлди-ёв”.

Демак, қаҳрамон очиқ-ошкор эътироф этганидек, бу асар нафақат икки қулоқдош дўстнинг жисми, қулоқ аъзосидаги шовқин, балки жамиятдаги олатасир, шовқин-суронли, қалтис бир давр, замон ҳақида ҳикоя қилади. Шовқин – рамзий образини, умуман тириклик, жамиятдаги сиёсий-ижтимоий ўзгаришлар, инсон ботинида кечаётган янгиланишлар, дунёқарашдаги силкинишларга ишора дея изоҳласак моҳият анчайин ойдинлашади. Янада аниқроғи, адиб романда илгари сурган бадиий-фалсафалардан бири инсон яшар экан, тириклик рамзи саналган шовқинлар, товушлар орасидан ўзига уйғун оҳангни танлай билиши керак. Бу оҳанг аслида инсоннинг ҳаёт мазмуни, эътиқоди, аъмолини ташкил этади. Романда тилга олинган асосий воқеалар замон ва макон жиҳатдан собиқ СССРнинг парчаланиб кетиши арафасидаги бир тизимдан иккинчи янги даврга ўтиш арафасини қамраб олган. Асарда санъат, адабиёт, тарих, ҳатто фольклор ижоддаги, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги машҳур шахслар номи тез-тез тилга олинади. Жумладан, В. И. Ленин, М. Горбачев, Елцин, Алла Пугачёва, Иван Грозний, Аллен Делон, Диана, Платон, Суқрот, Фидель Кастро, Хўжа Насриддин, Шайх Санъон каби. Адиб атай юқорида номлари тилга олинган машҳур реал ва адабий қаҳрамонларга тақлидан роман қаҳрамонлари исмини адабий пародия сифатида яратади. Уларнинг баъзилари ташқи жиҳатдан, баъзилари эса замондош ёки тенгдошлари томонидан, баъзиси ота-онасининг замона зайли билан атаган исмлари саналади. Хусусан, асарнинг етакчи қаҳрамонларидан бири кинодраматург Фарҳоднинг асл исми – Фидель. Бу исмни унга отаси қўйган. Сабаб – ўз даврининг машҳур қаҳрамони миллий озодлик ҳаракатининг бошчиси Фидель Кастронинг фаолияти, оташин инқилобий нутқлари отани тўлқинлантирган. Шу боис у ўғлига машҳур сиёсий арбобнинг исмини беради. Аммо қаҳрамон йиллар давомида ўз исмидан уялиб юради. Романда адиб аёвсиз равишда замонапарастлик, сохта қаҳрамонлик, байналминаллик, миллати номаълум дурагайлик, миллий геннинг бузилиши, маънавий бузуқлик, қарсакбозлик, баландпарвозлик каби ижтимоий, маънавий-ахлоқий иллатларни шафқатсиз реалист бўлиб тасвирлайди ва уларни танқид остига олади. Адиб тасвиридаги миллати номаълум, қонида поляк, рус, ўзбек, грузин, эроний ва яна аллақанча миллатнинг қони аралаш бўлганлиги сабабли дурагай одам ўзининг кимлигини ҳам билмайди, дейди. Дарҳақиқат, инсон миллати тайинсиз экан, у қандай қилиб миллий қадриятларни, миллий туйғуни, миллий анъаналарни ҳис этсин ёки унга амал қилсин. Ёзувчи Ленин асос солган коммунистик ҳаётда миллат, дин, тил ҳам бирлашиб, йўқ бўлиб кетадиган замонга талпинган дурагай кишиларнинг ҳам генетик, ҳам маънавий-руҳий жиҳатдан улкан фожиаларга гирифтор бўлганлигини романдаги кўплаб қаҳрамонлар тақдири орқали кўрсатиб беради.

Романда рамзийлик, мажозийлик, мистификация, онг оқими тасвири, хотира-хаёл элементлари, мактуб, киноявий модус, енгил юмор, бадиий психологизмнинг турли хил восита ва усуллари мужассамлашган. Асар ўзбек романчилигида синалмаган, айтилмаган янги услубда яратилган. Мафкуравий курашлар майдонида иккига ажралган “Этиклилар” ва “Кўзойнаклилар” романда рамзий ижтимоий-сиёсий гуруҳларга ишора этиб турибди. Эркин Аъзам бу гуруҳбозлар номини оддийгина сўзлар билан атаб қўя қолган. Унинг мағзини чақиш, коса тагидаги нимкосани топиш эса китобхон зиммасига юклатилади. Этиклилар асарда шундай таърифланади: “Этиклилар колхоз турмушидан олинган, ғира-шира оқшом тасвирларию қувноқ “частушка”ларга бой, ичакдек чўзма-сақич кинороманлари билан шуҳрат қозонган эди. Кўзойнаклилар эса – дафъатан тушунилиши қийин, диққинафас ҳолатлару мавҳумотга тўла жумбоқнамо асарлар яратиб, олисларга талпингани талпинган”. Рамзий маънодаги этиклилар ва кўзойнаклилар нафақат сиёсий майдонда, умуман санъат ва адабиётдаги икки гуруҳни англатади. Бинобарин, этиклилар – собиқ шўро давридаги ишчи-деҳқонлар синфининг тарафдорлари, санъат ва адабиётда анъанавийчилар, кўзойнаклилар эса маълум маънода янгича дунёқарашга эга интеллегенция, санъат ва адабиётда хос адабиёт, хос санъат яратишни байроқ қилган, янгилик тарафдорлари, ноанъанавийчилардир.

“Шовқин”да собиқ шўро мафкураси билан қуролланган кекса авлод билан бу тузумнинг чириганлигини тушуниб етган ёш авлод қарама-қарши қўйилади. Бинобарин, бу байналминалчибобо Собиржон Мансурович билан Фарҳод Рамазон образи мисолида кузатилади. Чолнинг фожиаси шундаки, у мустақил фикрлашдан маҳрум, ёд олинган сохта назариялар, мафкуралар қурбонига айланган, тўтиқушга айланган мутеъ бир одам. Фарҳод кекса авлод вакилларидан фарқли ўлароқ, уларнинг камчилик ва нуқсонларини мустақил фикрли инсон ўлароқ таҳлил эта билади, улардан ижирғанади. Романда дурагай образлар Вика (киноактриса), онаси Гуля Лагутина (киношунос), Элмира Камолова (киношунос, кинокелин – Устознинг келини), Салмонова Тарона Самед қизи (бева хотин), Гугушидзе (грузин, форс, эроний қони аралаш) ва шунингдек, кекса коммунист Собиржон Мансурович, Равшан Акобиров, Фарҳод Рамазонларнинг бетартиб, дарвешона ҳаёти ҳикоя этилар экан, ёзувчи маиший, маънавий-ахлоқий бузуқликлар ва миллий ген, миллий менталитетнинг айнишини кўзгу мисоли аниқ-тиниқ ва шаффоф ҳолда кўрсатиб беради. Асарда яна бир эътиборли жиҳат кўплаб қаҳрамонларнинг исми машҳур санъаткорлар, тарихий шахслар, таниқли сиёсий арбобларнинг номлари билан аталишидир. Бинобарин, “Горбачёв” – Мосвада илмий фаолият олиб бораётган асли ўзбек ходим (унинг ташқи кўриниши Михаил Горбачёвни эслатади), Платон Сократович (демократ, сиёсатчи – файласуф Платон номига адабий пародия), Адҳам Делон (машҳур актёр Аллен Делон номига адабий пародия) сифатида яратилган. Шунингдек, асарда Мирзо Рамазон, Собиржон Мансурович – замонапарастлар образи. Табиий, ҳар биримиз ўз замонамиз фарзандимиз. Ҳар бир даврнинг ўз мафкураси, ўз қаҳрамонлари, ўз идеаллари бор. Замондан ўзиб кетиш осон эмас, бу жуда мушкул. Аммо мавжуд тузум ноғорасига кўр-кўрона эргашиш, фикрсизлик, миллий ўзликни унутиш романда энг катта фожиа сифатида талқин этилган.

Асар қаҳрамонлари асли заранглик Равшан Акобиров ва Фарҳод Рамазонлар кино соҳасида дунёга чиқишади. Роман муқаддимасидаги мактубда эътироф этилганидек, Фарҳод Рамазон сценарийси “Ҳолливуд” кинокомпаниясини қизиқтириб қолади. Шу ҳақдаги хушхабар, ундаги дунё билан бўйлашаётган ўзбек ва ўзбекларнинг бугунги ҳаётини намойиш этиб турибди.

Ёзувчи “кино” сўзи воситасида бир ўзакдан янги маъноли қўшма сўзларни пайдо қилади. Бехос ўзбек тилида “кино” ўзакли шунчалик кўп сўз ясалганлигига ва бунда сўз устаси ёзувчи Эркин Аъзамнинг хизматлари таҳсинга сазовор бўлажагини ҳис этамиз. Жумладан, романда “кино” ўзакли 40 га яқин сўз истифода этилган. Булар: кинобобо, кинохоним, киномомо, кинодарға, киноарбоб, киносафар, киноҳужжатчи, киножонон, киноусул, киноқилиқ, киноқичиқ, киноафсона, кинокатта, кинобой, киноқул, киноулфат, киноғурбат, киношўрлик, кинокелин.

Романда мақолада тилга олинган ва тилга олинмаган 40 дан зиёд қаҳрамонлар иштирок этади, асар бадиий композицион жиҳатдан пишиқ тузилган. Эътирозли жиҳати – асарда шарқ китобхонларининг кўзи кўниккан идеал етакчи қаҳрамонни топа олмайсиз. Албатта, танқидчининг ёзувчига “Сен асарни фалон мавзуда ёз, фалондай идеал образ яратишинг шарт” – дея буйруқ беришга ҳаққи йўқ. Қолаверса, бадиий адабиётда хунуклик категорияси орқасида гўзаллик категорияси ҳам мавжудлигини эсдан чиқармаслигимиз керак.

Шу маънода Эркин Аъзамнинг “Шовқин” романи ҳозирги ўзбек романчилигида янгича тасвир услуби билан шов-шувларга сабабчи бўлади. Асар оммавий равишда қабул этилиши бироз мушкул. Интеллектуал жиҳатдан юқори савияли китобхонлар учун тушунарли, кучли ижтимоий-сиёсий рамзларга бурканган янгича асар сифатида эътибор қозонишига шубҳамиз йўқ. Албатта, Эркин Аъзамда “Шовқин” романига асос бўлган воқеалар, тилсимли рамзлар йиллар давомида шаклланиб, дунёга келган. 1972 йилда журналистика факультетини тугаллаган Эркин Аъзамнинг республика радиосида диктор, адабий эшиттиришлар таҳририятида муҳаррир, сўнгра “Гулистон”, “Ёшлик” журналлари наср бўлимида, 1992 йилдан Ўзбекистон ахборот маҳкамасида масъул ходим, 1994 йилдан “Тафаккур” журналида бош муҳаррир лавозимида фаолият кўрсатиб келиши, киноқиссалар яратиши мазкур романнинг яратилишига замин ва асос бўлиб хизмат этганлигига шубҳа йўқ. Қолаверса, ўзбек ва жаҳон романчилигида синалган тажрибалар, хусусан, ғарб романнавислари У. Фолкнер, Э. Хемингуэй каби ХХ аср америка адабиётининг етук вакиллари ижоди ҳам туртки берганлигига ишонамиз. Ҳаётда ҳар бир инсон ўзига тегишли, ўзига уйғун, ўзига мос оҳанг, товуш топа билиши – булар рамзий маънода мазмун, мақсад билан яшаши лозим, деган бадиий фалсафа романнинг қават-қаватларини нурлантириб турганлиги бизни қониқтирди.

Манба: “Ёшлик”, 2013 йил, 1-сон

ЭРКИН АЪЗАМ
ШОВҚИН
Олис шаҳар, олис кечмишлар

001

0-EA.JPGЭркин Аъзам 1950 йил 10 августда тоғли Бойсунда туғилган. 1972 йил Тошкент Давлат университети (ҳозир Ўзбекистон Миллий Университети)нинг журналистика факултетини тамомлаган. Республика радиосида муҳаррир, «Гулистон» ва «Ёшлик» журналларида бўлим муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва Санат нашриётида таҳририят мудири бўлди. 1992—1994 йилларда Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида бош директори ўринбосари. 1995 йилдан «Тафаккур» журнали бош муҳаррири I, II чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати.
«Чироқлар ўчмаган кеча» (1977), «Отойининг тутилган йили» (1981), «Олам ям-яшил» (1984), «Жавоб» (1986), «Байрамдан бошқа кунлар» (1988), «Мир в цветах» (1999), «Пакананинг ошиқ кўнгли» (2001), «Кечикаётган одам» (2002) тўпламлари муаллифи. Ёзувчи асарлари асосида «Чантриморе», «Пиёда», «Дилхирож», «Сув ёқалаб», «Забаржад», «Жаннат қайдадир»“Паризод” ва бир қатор бадиий филмлар суратга олинган. Асарларини руҳан бирлаштириб турадиган жиҳат-инсоний эрк, ҳар қандай зўравонликка мунсабат масаласидир.

09

1. Бир хушхабар ва сирли отдош

Олис бир шаҳардан кетма-кет келган бу қўшалоқ хабар Фарҳод Рамазонни шошириб қўйган эди. Шошириб эмиш, кўп йиллар бурун бошидан кечган эски савдоларни қайта тиғлаб, нари-берисини айтмаганда, бир маромда бораётган бугунги турмушини алғов-далғов қилиб юборди деса бўлади. Тўғри-да, яхшидир-ёмондир, ўтгани – ўтди, бундан бу ёғи ҳам шундай бир нави жилавериши ҳеч гап эмас. Лекин ногаҳон чақмоқ чақнаган мисол бари остин-устин бўлиб кетди.

Дастлабкиси – электрон почта орқали келган мактуб Равшан Акобировдан эди. Фарҳод дунёда кимдан кутган бўлса кутгандирки, шу одамдан бирон хат-хабар олишни, яна-тағин денг, бундай ҳайратомуз хушхабарни асло хаёлига келтирмаган.

“Фарҳоджон, сизни чин дилдан қутлайман! – дея самимий такаллуф ила бошланарди битик. – Тўйдан олдин ноғора қоқмайин деган андишада сизга маълум қилмаган эдим. Хабарингиз бордир, мен кўпдан буён Ҳолливуд кинокомпаниялари билан музокара юритиб келаман; ҳар қалай, киройигина муносабат боғлаб олдим шекилли. Аммо кечаги кунга қадар айтарли бир натижа йўқ эди. Тасодифан, Тошкентда чиқадиган “Звезда Востока” журналининг эски бир сони қўлимга тушиб, “Ишқ исёни” деган асарингизни ўқиб қолдим. Кўнгил бир нимани сездими, тезгина инглизчага таржима қилдириб (дарвоқе, ўзимизнинг Фарҳод ўгириб берди, қўли анча келишиб қолган), океан ортига жўнатган эдим, кутилмаганда хушхабар келди! Сизни яна бир бор табриклайман, ука! Хуллас, ишимиз юришадиганга ўхшаб турибди. Таклифлари бўйича, шу йил охирларига бориб тайёргарликни бошлашим керак. Рухсат тегса, балки Ўзбекистонда суратга олинар, нима дедингиз? Лекин сценарий юзасидан баъзи жиҳатларни сиз билан эртароқ бир келишиб олишимиз лозим. Мен, биласиз, маълум сабабларга кўра, ҳозирча Тошкентга боролмайман. Ўзингизнинг яқин орада бу томонларга келиш ниятингиз йўқми? Келолсангиз яхши бўларди – сизга дахлдор бошқа гаплар ҳам бор…”

“Ўзимизнинг Фарҳод” нечундир ёнбош ҳарфларда эди. Нима, мақтанмоқчими? Дарвоқе, нега энди – Фарҳод? Ким ўзи у?

Хатнинг охиридаги “Р.S” белгиси билан илова қилинган сўзлар кишини айниқса ҳайратга соларди: “Акангиздан ҳалиям ранжиб юргандирсиз? Қўйинг, унутинг, бари ўтди энди…”

Бир ойлардан сўнг келган навбатдаги нома эса Фарҳод Рамазонни батамом довдиратиб қўйди.

“Азизим Фарҳод! Эски дўстларингни унутиб юборганинг учун… ташаккур сенга! Бошқа нима дейин, айт? Равшаннинг хатини олгандирсан? Чин қалбимдан табриклайман, жоним! Сен билан қандоқ фахрланганимни билсанг эди! Ҳолливуд-а! Ҳазилакам гап эмас бу, жаноб Ромазанов! (Айнан шундай – “Ромазанов” ёзилган эди.) Биз томонга юриш ниятинг йўқми? Эшитишимча, яқинда бўладиган кинофестиваль танлов дастурида сенга тегишли фильм ҳам бор эмиш. Номи ғалати-я – “Қизларнинг қоровули”миди? Ким у – қоровул? Ўзинг бўлиб чиқмасин тағин? Эсингдами?.. Қоровул эмиш! Бўпти, бўпти, жаҳлинг қўзимасин, ҳазил. Айтгандай, қулоқ қалай, қулоқ? Қўявер, чийилласа чийиллайверсин, қулоқ солма унга – Ҳолливудгаки маъқул тушадиган нарса ёзмоқ учун қулоқ соғлом бўлиши шарт эмас экан! Буюк Бетховендан ўрнак олсанг, кам бўлмайсан, дўстим. Ўша “Қоровул”инг баҳонасида бир келсанг-чи? “Қизлар” тайёр бу ёқда! Индаллосига кўчадиган бўлсам – бизда айрим муаммолар чиқиб турибди, бирйўла гаплашиб ҳам олардик. Отдошинг – Фарҳод мактабни битирай деб қолди, Лондонга бориб ўқимоқчи, паспорт олиши керак. Ўзбек бўлмоқчилар бу киши! Сенинг маслаҳатинг зарур. Қолганини келганингда сўзлашармиз. Агар мени унутмаган бўлсанг, ҳув картошкадек донгдор бурнингдан ўпди деб ҳисоблайвер.

Ўша-ўша Виканг.

P.S. Сенга аталган бир янгилик. Яқинда “Мосфильм”га йўлим тушиб, эски дўстинг Суръат Набиевни учратиб қолдим. Уйланганмиш. Айтсам ишонмайсан – тағин ўша Лидасига! Жазоирдан қайтиб келибди-да у. Зўр-а? Қойилмисан? Энди яна бир бор бурнингни тутмасанг бўлмас. Қани-қани… Ана, бў-ўлди!”

Бугун ўйлаб қараса, Фарҳод Рамазон у шаҳарни кўрмаганига нари-бери ўн етти йил бўлибди, ўн етти йил! Юракка доғ солган Викаю Равшан Акобиров деганлар энди гўёки унутилаёзган босинқи бир тушга ўхшайди.

Шунча йилнинг бадалида нега бир йўқлаб бормади? Имкон топса бўларди-ку. Ёки оёғи тортмадими? Нега?

Гап кўп, баҳона ҳам етарли. Лекин очиғи – қўрқарди. Қўрқар эдики…

2. Осмонда

– Фархад Мирзаевич, не желаете чуточку?..

Олис сафарларга кетаётганида Фарҳод Рамазоннинг самолётда мизғиш одати бор эди. Бу гал сира кўзи илинмаяпти. Дам-бадам хаёл олиб қочади, тизгинсиз, паришон хаёллар. Фикрни бир жойга жамлашга, кўп йиллар бурун кечган ўша воқеаларни бирма-бир назардан ўтказиб, қай ўринда ёшлик қилгани – хатога йўл қўйганини англаб етишга куч тополмаётир. Дарвоқе, хатомиди у, яна қайтиб ёш бўлганида, ўшандай ҳолатга тушганида бошқача йўл тутармиди? Бунисини энди худо билади, худо!

Атай шерикларидан қочиб орқадаги бўш ўриндиққа ўтиб олган сафар гуруҳининг раҳбари – санъат арбоби Фарҳод Рамазон дафъатан безовталанди. Чеккиси келиб кетди. Самолётда! Уч-тўрт йил олдин не азобда шу балодан қутулган одам! Анови актёр боланинг юзидан ўтолмай чатоқ қилди. Отаси – эски дўсти, халқ артисти, ўлгудек улфатпараст, пазанда, белига пешбанд тутиб, чойхонада жигарни шундай қовурадики, ундан-да ошиб тушадиган ош-паловига кейин биров қарамай қўяди, ўзи лаганга босиб, ҳар гал ҳар хил жазманиникига олиб боради. Улардан биттаси ошхўрроқ чиқдими, кўп йил бурун ўшани хотин қилиб кетган. Мактабда оддий муаллима бўлган эски хотинининг қўлида бир қизу мана шу ўғли Бахтиёр қолди. Қизини манглайига қизил хол бостириб бошқа динга ўтган дейдилар, ким билсин. Бепадарлик одамни диндан ҳам чиқарар экан-да, тавба.

Уч-тўрт йил бўлди, ўз-ўзидан халқ артисти билан узоқлашиб кетишди; энди илгаригидек чойхонапалову улфатчиликлар йўқ, ҳаммасидан қочади, мажлис-маросимлардан ортмайди. Лекин Бахтиёр барибир ўша собиқ улфатининг фарзанди-да, боя қўлини қайтаролмади. Боз устига денг, боланинг ўзи роса ёқимтой. Юзи ҳам, кўзи ҳам кулиб туради. Хушқад, хушмуомала. Уни кўрганда одам беихтиёр завқланиб, ёшлигини эслайди, ёш бўлгиси келиб кетади. Самолёт осмонга чиқиб олганидан буён қурмағур тингани йўқ – аввал бирга кетаётган сафдош-сафардошлари билан ҳаммани ўзларига қаратиб бир дам чуғур-чуғур қилишди, сўнг аломат свитерини ечиб кифтига ташлаганча қаторлар ўртасидаги йўлак бўйлаб у ёқдан бу ёққа қатнай бошлади. Гоҳ унда-бунда чўнқайиб олиб кимлар биландир лутфбозлик қиладими-ей, гоҳ қўлларида патнис, ҳаворанг муҳаййир шарфни бўйинларига парвоздаги қалдирғоч мисоли ёнбошлатиб боғлаган хуштавозе стюардесса қизларни тўхтатиб бемалол гапга соладими-ей, алланималарни айтиб ҳиринглашадими-ей. Аммо бу ҳолга ҳеч биров ажабланмайди, ҳеч кимнинг ғаши ҳам келмайди. Салондаги жами қиз-жувоннинг кўзи шунда. Кўпчиликка севимли ёш актёр Бахтиёр Азизов! Уни барча танийди. Бутун Ўзбекистон! Ҳар соат телевизорда кўриниб туради: бир қарасангиз – пивони кўз-кўз қиляпти, бир қарасангиз – “ҳаётнинг ёрқин тарафи”ю “мусаффо ҳаёт”ни, яна бурасангиз – аллақандай томоша-шоунинг марказида жавлон урмоқда, тағин бурасангиз – қайси бир чўзма сериалда бош қаҳрамон, яна бирида гиёҳванд банги йигитнинг аччиқ қисматини ўхшатиб бераётир. Эртага кинофестивалда намойиш этилажак фильмдаги бош қаҳрамон – “қизларнинг қоровули” ҳам шу. Сценарий муаллифи бўлмиш Фарҳод Рамазон “Шу “хонтахта”чи ялтироқ болани қўйинглар”, деб бошида оёқ тираган эди, дастлабки видеосиновларни назардан ўтказгач, кўнмай иложи қолмади: бутунлай бошқа қиёфага кириб, кўнгилдаги қаҳрамоннинг ўзгинаси бўлиб кетибди касофат! Мана, энди бошқа ғолиблар қатори халқаро кинокўрикка отланган. Нимаям дейсиз, ҳалоли бўлсин!

Бу ёғидан кўнгли тўқлиги учундир, йигит ўзини ҳар жой, ҳар вазиятда эркин тутар, ёр-дўстларининг унча-мунча амалдор ҳам хат ёзиб, қўнғироқ қилиб эплаёлмаган юмушларини бирпасда дўндириб келар эди. Шуниси билан-да ҳаммага суюмли, ҳаммага даркор!

У ҳозир ёш, қони қайноқ навқирон даври, дунё ўзиники, бири биридан сулув қиз-жувонлар шуники – қараб ўтирармиди! Отасига тортади-да.

Биз-чи, биз қандай эдик?..

– Фархад Мирзаевич, не желаете чуточку?

Хаёлларига ғарқ бўлиб бораётган Фарҳод Рамазон чўчиб ёнига ўгирилди.

Йўлакка бемалол чўккалаб олган Бахтиёр, қўлида алламбало бир япасқи идиш, кишини эритиб юборадиган даражада хуш жилмайиб турибди.

– Ичмайман, – деди раҳбар норози хўмрайиб. Ҳаммаёқ ўзбекча, Ў з б е — к и с т о н бўлиб кетганига фалон йил ўтди-ю, булар ҳамон ўша “иккинчи она тил”ларини қўймайди. Фильмни овозлаштирганда бинойидеккина ўзбекча сайраб беришади-ю, ўзаро гап-сўзга келганда мана шу аҳвол!

– Ну, домла, прошу, – деди йигит мўлтираб, сўнг ниманидир англаб қолгандек ўзбекчасигача лутф қилди: – Бир қўлгина!

– Бир қўлгина бўлса, майли, қуй, қуй, – деди бўшашиб Фарҳод Рамазон.

Бахтиёр иккинчи қўлидаги елим бордоқни фамиличой сингари товланиб турган ичимликка тўлдириб, завқ билан узатди. Муроди ҳосил бўлгач, ён чўнтагидан бир бўлак шоколад чиқариб берди.

Ўшанданми ёки бошқа нарсагами, мана, энди кутилмаганда тамакининг хумори тутиб турибди.

Фарҳод Рамазон муқом билан ёнидан ўтаётган стюардессани имлаб, сув сўради. Сувдан қониб ичиб бирпас сабр қилинса, хумор деганлари босилади-қолади. Синалган усул.

Виканинг хати тағин ёдига тушиб, хаёли “эски дўсти” Суръатга оғди. Мактубнинг иловасидаги гаплардан у сал-пал хабардор эди. Узоқ йили онасининг маъракасини ўтказгани келганида Суръатнинг ўзи айтиб берган.

Илк бор ўша олис шаҳарга Суръат билан бирга борганларини хотирлади. Улар институтда ҳам бирга ўқиган, уч-тўрт йил телевидениеда ҳам бирга ишлаган, сценарийнавислар курсига ҳам бирга кетган эдилар. Аммо шу боланинг ҳеч омади чопмади-чопмади-да. Бўлмаса, ўзи Тошкентнинг баобрў, бадастир бир хонадонида катта бўлган; отаси ўша кезлар шаҳарда ягона лимонад заводининг директори эди, Фарҳод кўп марта борган уйларига, ота-онасини, ака-сингилларини биларди. Суръат ҳамма жойда яхши ўқиган, истеъдодсиз ҳам деб бўлмасди уни. Қизиқ-қизиқ сюжетлар ўйлаб топишга уста эди. Масалан, ёш бир актриса одамларни ўрганиш учун ҳар хил даврага боравериб, ахийри ҳаётда ҳам артистга айланиб кетади ёки бир чол аллақандай дори ичириб, кампирини яшартириб қўяди. У кинонинг талаб-табиатини балодек ўзлаштирган, бояги каби топилмаларини айтиб бериб унча-мунчани ҳайратга ҳам солар, шуларни қоғозга туширишга келганда эса иш тескари бўлиб чиқар эди. Шунинг учун ҳозирга қадар унинг бирорта мустақил асари йўқ, ҳаммаси икки киши-уч кишилашиб ёзилган ҳашар нимарсалар эди.

Ўзинг-чи? Ўзингнинг ҳам ўша бўшанг, омадсиз ошнангдан фарқинг қолмаган, Фарҳод Рамазон! Мана, неча йил бўлдики, мансаб курсисига маҳкам ёпишиб олгансан, арзирли бирор нима ёзганинг йўқ. Сен энди фақат ўзгаларга маслаҳат берасан, ақл ўргатасан, ёзув-чизув ҳам, бошқаси ҳам назарингда пашшадек майда, кераксиз бир машғулотга ўхшаб қолган. Бари мана бу арбоблик савлатига, шу савлатни берган майда-чуйдаларга алмаштирилди, қурбон берилди. Бирмунча иккиланишлар, ўртанишлар билан, лекин айрибош этилгани ҳақиқат. Негаки ишни ўзингиз бажаргандан кўра, унга ҳайбаракаллачилик қилмоқ, бошчилик қилмоқ осон ҳам мароқли. Бу эса шундай ширин, шундай мазали бир нишолдаки, ялайтуриб ҳар қандай қаламни синдириб отгингиз келади.

Ҳа, кўп нарса ёзилмай, кўнгилда қолиб кетди. Кечалари баъзан шуни ўйлаб қаттиқ безовта бўлади, зирапча мисол қадалиб ётган алланима юрак-юрагини зирқиратиб юборади, ҳозироқ туриб нимадир қилгиси, бир нималар ёзиб ташлагиси келади, аммо кундузги ҳорғинликми, аллақандай қўрқув – журъатсизликми қўлини чандиб, ўрнидан қўзғатмай қўяди. Эртаси эса, кундалик юмушларга шўнғиб, кеча ҳаяжонга солган гаплар кўзига арзимас, аҳамиятсиз бир нарсадек кўринади. Ҳар гал шу, кўп такрорланган ҳол. Бора-бора шуниси ҳам унутилиб, энди аллақандай асосу баҳоналар топиб, ўзингизни оқлайдиган, ҳатто бундан мағрурланадиган бўлиб қолар экансиз.

Неча-неча йиллар хаёлда ардоқлаб келинган “Отанинг ўлими” ёзилмади, “Ўринбосар” дегани ёзилмади. Булар энди кўнгилга тошдек чўкиб, кўнгил ўзи ҳам тошга айланиб қолган – қўзғатиб бўлмайди. Равшан Акобировнинг хатидан кейин эски қоғозларини титкилаб, “Ишқ исёни”ни топди, ўқиб чиқди. Ўқидию, олислардан келган эътироф ҳам сабабдир, ҳайратларга тушди: ростдан ҳам шу нарса меникими, менинг қаламимдан чиққанми?! Қани ўша қалам? Ҳечқурса, синиғи қайда? Бу киноқиссани у азоб-изтироблар гирдобида, аммо эркин, қушдек эркин юрган чоғларида ёзган эди. Кабинетининг биқинидаги хилватхонасига қамалиб олиб қарийб бир шишани бир ўзи бўшатди, кейин диванга чўзилиб, кап-катта одам, кўзга кўринган санъат арбоби, худди аразлаган боладек ув тортиб йиғлади.

Гоҳида юқори ташкилотларнинг бўлар-бўлмас талабларидан безори чиқиб, баридан воз кечгиси, уйда ўтириб кўнгилдаги анови дардларини қоғозга туширгиси келади, шуни орзу қилади. Лекин энди улгурармикан? Йўқ, бу ишга ўзи журъат, шижоат топилармикан? Худо билади, Бог знает. Бу ёқда эса манови ташвишлар…

Суръат ўша охирги марта Тошкентга келганида (шўрлик озиб-тўзиб кетибди, сочлари тўкилган, адои тамом бир аҳволда) ноз-неъмат муҳайё хилват хосхонада виски ҳўплаб ўтириб ғалатироқ гап қилгани ёдида. “Қачон энди пойтахтга борасан?” деб қолди у. “Итим адашибдими пойтахтингда?!” деди мустақил юртнинг содиқ фуқароси, тегишли рухсатсиз бир қадам ҳам четга чиқолмайдиган масъул арбоб. “Ия, ўғлингни кўриб келмайсанми? Бинойидек йигитча бўлиб қолгандир ўзиям”. “Ўғлим?! Қанақа ўғил?” “Викадан боланг бор эди шекилли? Лагутинанинг қизидан?” Хосхона эгасининг ўшанда нимадир зарур юмушлари бормиди, гарчи сездирмаса-да, ичида тўкин гўшасини омадсизлик, дарду ҳасрат руҳига тўлдириб юборган эски ошнасининг тезроқ даф бўлишини истаб ўтирарди – бу гапга унчалик аҳамият бергани йўқ, одатдаги бир дўстона ҳазил, шунчаки тегажоғлиқ деб фаҳмлади. Аммо, ўзиям хийла сархуш бўлса-да, меҳмонининг лафзига аралашган бир исмдан туйқус сергак тортди. Сўнгги йилларда қурум босиб қолган кўнглига дафъатан куз офтоби янглиғ ҳазин бир ёғду сочилгандек бўлди. “Ўзи қандай, нима ишлар қилиб юрибди?” деб сўради сир бой бермасликка тиришиб. “Ким? Виками? Очиғи, талай йилдан буён учратганим йўқ. Каттакон бир чечен бизнесменига хотин бўлган, деб гап тарқаган эди. Кейин эшитсам, йўқ, анови устозинг бўларди-ку, Равшан Акобиров, ўша билан бирга эмиш. Илгарироқ бир-икки телесериалда ҳам кўринувди, биларсан. Гуля, онаси эса, хабаринг бордир, гуллаб-яшнаб юрибди. Ҳув сенинг сўзларинг билан айтсак, дуппа-дуруст киномомо бўлиб қолган. Бирорта кино журнали унинг мақоласисиз чиқмайди, ишонсанг. Москванинг киноиқлими шу кишимнинг қўлида ҳозир. Аммо-лекин яхши хотин шу, яхши инсон. Этта-бетда учрашиб қолсак, гирдикапалак бўлиб ўлай дейди-я! Ҳар ҳолда, ўзимизники-да”.

Эшитган бир янгилигидан мезбон тамом карахт бўлиб, қулоғи том битиб қолган, яхшилаб сўраб-суриштирмоққа юзи чидамас, дўстининг бошқа гаплари дуруст қулоғига ҳам кирмаган эди. Чамаси, Суръат ўзидан, ўзининг туриш-турмушидан сўзларди. Лидаси қайтиб келганмиш. (Араб кинорежиссёрининг қўйнидан чиқиб-да?!) Яна ўша Фарҳод кўрган эски уйларида бирга яшаётган эканлар. Мезбон анқайиброқ қаради шекилли, “Ўртада бола бор, нимаям қилардинг? – деди Суръат баттар хомушланиб. – Бирга турганимиз билан – ҳар ким ўз йўлига”.

Тушунарли. Демак, таванхона бу ёқда-ю, ҳалимхона у ёқда.

Шу гапдан сўнг Фарҳоднинг ундан баттар кўнгли қолиб кетди. “Тошкентга келмоқчи бўлиб юрардинг? Бирон карми, кўрми топиларди-да, ахир. Шундай ибора бор, билсанг. Қишлоқда ҳам қиз кўп, ўзинг ўшанақасини орзу қилардинг-ку?”

Икковлон курсни битирганларидан кейин Суръат бирга ўқиганлари – Лида исмли қизга уйланиб Москвада қолган, Киночилар уюшмасида миллий сценарийлар бўйича муҳаррирлик қилар, бироқ иши юришмай, турмуши ҳам дарз кетганида Тошкентга бир келиб, дўстига шулардан ҳасрат сўққан, энди мусулмон қизга уйланиб, узоқ бир қишлоққа бориб яшамоқчи эканини айтган эди.

“Энди кечми дейман-да, ўртоқ, – деди хийла пишиб қолган Суръат кўзлари ёшлангандек бўлиб. – Болани ташлаб келолмасам керак, боғланиб қолганман. Бошқа кимим ҳам бор ахир? Энди кеч, кеч”.

“Ўзингга-чи? Ўзингга ҳам кеч, кеч…” Фарҳод Рамазон салонга аланглади, олдинроқдаги бир ўриндиққа энгашиб аллақандай қизалоқ билан гап сотаётган Бахтиёрни қўл силкиб ёнига чорлади.

– Слушаюсь, Фархад Мирзаевич?

– Ановинингдан қолганмиди?

– Шесть секунд! – дея артистона қилиқ кўрсатиб “қўшхона”си сари шошди Бахтиёр.

Фарҳод Рамазон бу дафъа елим бордоқни охирига қадар симирди. Бўлганича бўлар, зора карахт қилиб ухлатиб ташласа!

Бахтиёр нари кетгач, у ўриндиққа расо ястаниб, кўзойнагининг қулоқ ортидаги сопига ўрнатилган мурватни аста силаб қўйди. Ҳаммаёқ жимжит, ҳеч нарса эшитилмай қолгандек бўлди.

Аслида самолёту унинг салонидаги шовқинлар пасайиб, дунёнинг бор шовқини қулоқ-мия қаърига кўчган эди.

Фарҳод Рамазон кўзларини аста юмиб олди. Энди атрофдаги манзаралар ҳам йўқ – уларнинг ўрнини бошқа-бошқалари эгаллаган.

Вика, Вика, Виктория… Дилдория…

3. Қандалалар меҳмони: Фарҳод – Фидель – Федя – Кастро – Команданте

“Бепоён юрт” киночиларининг қуюқ ўрмон қўйнида жойлашган бу истироҳат масканига ёш сценарийнавис Фарҳод Рамазонов илк бор ростакамига қадам қўйиши эди. Тўғри, олий курсда таҳсил олаётганларида Суръат иккаласи ошга деб бир тўрхалта қизил сабзи, икки килоча яхлаган тараша гўшту икки шиша анови зормандани кўтариб, аллақандай катта киноанжумандан кейин уч-тўрт кун шу ерда дам олаётган машҳур юртдошлари – ўзбек киносининг отахони саналмиш Устоз, ундан сал берироқ турадиган Собит Яҳёев ва Талъат Рафъиуллинни зиёрат қилгани бу ерга бир келган; мақсадлари – устозлар билан яқинроқ танишиш, яшириб нима, иложини топиб уларга ёқиш ва эртага Тошкентга қайтиб борганда “кўчада қолмаслик” ғами эди. Бироқ ҳали келажаги ноаён ёшлар билан кўришар-кўришмас, “Бел оғрияпти, қовуғимни яна шамоллатиб қўйдим шекилли”, дея Устоз хонасига чиқиб кетди; қолганлар – бир-икки сафдош Иван Ивановични шерик қилиб шаробхўрлигу бош-қуйруқсиз мунозарага берилди; шогирдлар азза-базза кўтариб келган масалиққа биров қайрилиб ҳам қарагани йўқ, фақат Рафъиуллин “Ну потом, потом, ребята”, деб қўйди, холос.

Алқисса, не-не илинжлар билан йўл тортган икки ўртоқ ўшанда оч қоринга устма-уст ичгану ғилжайиб бир четда эътиборсиз қолиб кетган, сўнгра мурод ҳосил бўлмай – на бирор маънили гап эшитиб, на бир нарсага эришиб, чайқала-чайқала шаҳарга қайтган.

Шу ҳисобда Фарҳод бу жойларни энди кўриб туриши деса бўлади.

У аэропортдан келасолиб Киноуюшмага учради, йўлланмани чўнтагига жойлагач, Суръатнинг кабинетига бирров бош суқди-да, “қол-қол” қистовига қарамай, ошнасининг ҳув бир тупканнинг тагидаги ёлғизхонасига боришдан, чексиз-адоқсиз ҳасратларини тинглашдан безиллаб бу ёққа жўнаворди; Суръатнинг ўзи тез-тез Тошкентга қўнғироқ қилиб турар, гапининг оҳори ҳам қолмаган эди.

Истироҳатгоҳ хийла кенгиш ва обод эди. Бир томонда эски услубда қурилган уч қаватли ғиштин иморат, қаршисида – майдондан нарироқда баланд замонавий бино қад ростлаган. Ёнбошда – чоққина кинохона, унга тескари ёқда дарахтларга кўмилиб турган ойнабанд ошхона; қарағайзор оралаб ҳам унда-бунда ёғоч уйчалар кўринади – яккамоховларга ёки бошқа радди маъракаларга аталган чиқар.

Фарҳод биринчи қаватига маъмурият ўрнашган эски бинога қараб юрди.

Мана, у ҳалидан бери эски чарм креслода Валентина Григорьевна Самохинанинг қовоғини пойлаб ўтирибди. Самохина – навбатчи маъмура, ён девордаги михга илиғлиқ бир парча картонга босма ҳарф билан шундай деб ёзилган. Унинг ўзи жигарранг ёғоч тўсиқ ортидаги баҳайбат столида Фарҳоднинг паспортию йўлланмасини синчиклай-синчиклай кўздан кечириб, олдидаги каттакон дафтарига қайд этаётир. Ёшгина, шўхгина жувон.

– О-о, яна серқуёш Ўзбекистон! – дея хушҳол қаршилади у боя. – Сизникилардан кўп бу ерда.

Кимлигини сўраб ўтирмади Фарҳод: бўлса бўлар, менга нима!

– Рамазонов Фидель Мирзаевич, – деди жувон паспортдан кўз узиб. – “Кастро”си қани бунинг?

Фарҳоднинг “фожиа”си – жон жойига урадиган савол эди бу! Қайга бормасин, шунга дуч келиб, чайналиб қолади. Нима десин? Бир замонлар менга бу номни қўйган отамдан бориб сўранг дейдими?

У ўрнидан туриб, пештахтага яқинлашди. Столнинг нариги бошида сўқимдек бир оламушук бақрайиб турарди, Фарҳодни кўриб миёвлаб юборди. Қаёқдан пайдо бўлди бу мараз, боя йўқ эди-ку? Шу махлуққа сира тоб-тоқати йўқ-да унинг.

– Биласизми, Валентина Григорьевна… – дея сўз бошлади у девордаги ёзувга яна бир қур кўз ташлаб олиб.

– Билмасак-чи, Фидель Мирзаевич? – деди жувон тантиқлик билан бошини бир ёнга солиб. – Бунинг нимасини билиш керак экан?

– Гап шундаки, Валентина Григ…

– Валя! – деди дўқ қилгандек унинг сўзини шарт бўлиб жувон. – Валя! Сиз шундай атайверинг мени, команданте, сизга изн бердим. Ҳаммаси тушунарли-ку: шонли олтмишинчи йиллар, романтика даври, Озодлик ороли, “Вива Куба!”, “Куба – любовь моя!” Тўғри айтяпманми?

Тўппа-тўғри! Бунча балони қаёқдан билади-я бу оддий қоровул хотин?

Тўғри айтяпсан, Валя! Ўшанда оташин инқилобчи бизнинг Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган, тоғдек бўлиб донгдор “оқ олтин ижодкорлари” билан тушган катта-кичик суратлари газеталарни тўлдириб юборган. Мирзо Рамазон, комсомолдан етишиб чиққан жайдари бир романтик эмасми, айни ўша кезларда туғилган тўнғичига, давр билан ҳамқадам бўлмоқ илинжида, ҳовлиқиб ана ўша серсоқолнинг отини қўйган. Келажакда бир кун фарзанди бундан норози бўлишини хаёлига ҳам келтирмагандир. Фиделлар, Анжелаю Робертинолар замони экан-да, Валяхон! Бугун энди бирови зўравон диктатор сифатида ном таратган; “Анжела Дэвисга озодлик берилсин!” дея ҳимоясига бутун шўролар мамлакати оёққа турган, яна бири эса аслида аёл киши эмас экан, ҳозир у ўзига ўхшаш жингалаксоч занжи хонимга уйланиб, коммунистик ғояларга қарши курашиб ётганмиш; “Жама-айка-а!” ҳайқириғи билан чиқиб бутун дунёни ўзига жўр қилган “итальян булбули”нинг ҳақиқий жинси борасида ҳам турли мишмишлар юради: эмишки, у ҳам “туси”ни “мовий”га айлантириб, “эрга текканмиш”, эри ўзидан шу қадар ёш эканки, бир замонлар “Жамайка” деган оламга машҳур қўшиқ бўлганини ҳам эшитмаган…

Ана шунақа гаплар, Валяхон! Камлик қилгандек, ота бу ёғиниям мослаб қўймоқ хаёлидами, олис тоғлик манзилда испан мактаби топилмаганидан Фиделни ўрисча таълимга беради. “Ҳе, ўша Кастронгди соқолига урай! От қуриб қоптими ўзимизда? Пидел-мидели нимаси, Фарҳод де, Файзулла де! – дея бошдаёқ норози бўлган бобоси – раҳматли Рамазонбой ўрис мактаби хабарини эшитиб баттар тутаққан экан: – Мусулмонди боласи мусулмончада ўқимайдими! Кофир бўлсин деб нон берганмидим мен сенга, Мирзо!”

Шу-шу – Фарҳод, Фарҳод! У ҳеч қачон бировга ўзини Фидель деб таништирмаган; аксинча, доим номидан уялиб юрар, доим уни яширмоққа тиришар эди. Тўғри, асл отини билиб унга ҳавас қилганлар ҳам бор эди, аммо ўзи ҳамиша хижолат чеккани чеккан. У вақтда исм ўзгартириш ўлимдан-да қийин эди, ҳозир ҳам ҳазилакам иш эмас – бир дунё расмияту чопа-чоп!

Олий курсда ўқиб юрганида кўплар уни “Федя, Федя” деб атарди, кейин кимдир ҳазиллашиб биратўла “Кастро” деб юборди, бора-бора – “Команданте”. У замонда ўзи ҳамманинг оти шундай қўша-қўша бўларди: Равшан – Рома, Гулсум – Гуля, Собир – Сашка, Зуҳра – Зоя ва ҳоказо.

Қўшни ётоқхонада турадиган кубалик бир йигитга таништирганларида у “Фидель бўлсанг, соқолинг қани?” деб мутойиба қилгани ёдида.

– Бўпти, мачо, юринг энди, сизни хонангиз билан таништирай, – дея Валя деворга осиғлиқ тахтадаги қозиқлардан керакли калитни олиб, зинапоя сари бошлади.

Унга эргашиб иккинчи қаватга чиқаркан, олдинда дикирлаб кетаётган жувоннинг қадди-қоматини Фарҳод энди баралла кўриб, хаёли бир ёқларга бориб келди.

Сафарда юрганингизда кўринган қиз-жувон хушрўйга ўхшайди-я, нега бундай? Айниқса, бу томонларники. Фарҳодга маълум-да: курсда ўқиганида кўп марталаб шунга иқрор бўлган. (Уч-тўрт кун ўтгач билдики, ҳозир жиддият билан қоғоз-қалам қилиб ўтирган мана шу жувон ҳам “бемалол кетадиган” хилидан экан, аммо энди бефойда – у ёғига ўзининг боши айланиб қолган эди.)

Коридорнинг охиридаги бир хонага кирилгач, Валя каравот бошидаги қўшёстиқни меҳрибонларча туртиб-тузатган бўлди-да, қулочини кенг ёзиб:

– Марҳамат, энди маза қилиб дамингизни олаверасиз, Фидель Мирзаевич! – деди худди ўзи ҳам қўшилиб маза қиладигандек завқ билан. – Бирор нима зарур бўлиб қолса, чақирасиз. Йигирма тўрт соат хизматингизга ҳозирман! Хона чаккимас-а, нима дедингиз?

– Менга фарқи йўқ, раҳмат.

Навбатчи чиқар-чиқмас, Фарҳод қўлидаги юкларини шкафга нари-бери жойлаб, кийим-пийими билан ўзини каравотга отди: ўлгудек толиққан эди.

Хиёл ўтмай пинакка кетибди. Вужуди аллақандай бўшашиб, илиққина сувга чўмгандек роҳат қиларди… Ие, ҳалиги Валями? Келиб ўзи қўйнимга кирди-я! Қучоқлашини қаранг! Бадани мунча иссиқ! Вей, бу нимаси – қитиқлаяптими? Оббо-о! Йўқ, тимдалаётган экан, узун-узун тирноқлари билан тимдалагани тимдалаган-а! Э, мушук-ку бу, бояги оламушук!

Фарҳод сапчиб тўшакдан турди; бўйнию билакларини сийпалаб кўрди: бармоқдек-бармоқдек бир бало тошиб чиққан! Чақибди, ҳаммаёғини чақиб ташлабди! Қандаламикан? Қандала нима қилади бунақа жойда?

Хона ўртасида бир зум саргаранг, қашиниб турди-да, сўнг эшикни ҳам очиқ ташлаб навбатчининг олдига югурди. Аҳволни айтиб арз-дод қилди.

Валя бирдан туси ўзгариб, нари-берига бир аланглаб олди.

– Вой, кечирасиз, Фидель Мирзаевич, узр, узр, – дея майин бармоқлари билан унинг билакларини силай бошлади саросимада. – Илтимос, оғзингиздан чиқмасин-а. Илтимос! Аллақаёқдан келган бир исқиртнамоси ётиб юрувди, ўша экиб кетган бўлмасин тағин? Кинорежиссёр эмишлар! Ҳе, ўл-а, битлиқи! Хафа бўлманг, азизим, мен сизга шундай бир хона берайки, люкс! Деразаси ҳув кўм-кўк ўрмонга қараган, маза қилиб ўй суриб ётаверасиз!

– Раҳмат, раҳмат, – деди Фарҳод сездирмайгина қашиниб.

– Агар ўша хонада чумоли чақса ҳам чақирасиз, ўзим силаб қўяман! – дея жувон ўлгур шўхчан кўз қисиб, девордан бошқа калитни олди. – Ҳа-я, айтгандай, сизни биттаси суриштириб юрувди.

– Ким экан? – деди Фарҳод ҳайрон бўлиб.

– Оти нимайди-я? Энг зўр, энг машҳурларинг бор-ку, ўша-да.

Фарҳод баттар таажжубга тушди: “Энг зўр, энг машҳуримиз… ким эди? Устоздир-да, устоз. Лекин етмишдан ошган одам, энди бу ёқларда юрмас. Унда ким бўлди экан?”

4. Устоз. Мирзо Бобурнинг кўккўз онаси – кинокелин

Бадиий кенгашда ҳар қандай сценарийнинг муҳокамасини бошлашдан олдин, асли киночироқчидан чиққан ўлгудек қўрқоғу эҳтиёткор раис сўрайди: “Устознинг назарларидан ўтганми бу?” Мабодо ўтмаган бўлса, бошингизни минг тошга уринг – бефойда.

Устоз деганлари – киночиларимизнинг пири, мана шу даргоҳга ҳам кўп йиллар раҳнамолик қилган, иккитами-учта “картина”си билан машҳури жаҳон бўлган етмиш ёшлардаги чол. Мен уни ўзимча “кинобобомиз” деб атайман. Кинобобо!

Умуман, мен сизга айтсам, ҳар қандай калимага мана шу “кино”ни қўшсангиз, у ёғи ўз-ўзидан тўқилиб кетаверади: кинобобо, киномомо, киноафсона (олдинги иккови), кинокатта (раис), кинобой (картина директори), киноқул (ёрдамчилар, декорация ясовчилар); киножонон, киноулфат, киноғурбат сингарилари таниш сизга. Ўзимни эса дангалига “киношўрлик” деб биламан. Шўрлик бўлмасам – сценарий ёзармидим, авваламбор шунга ўқирмидим? Сценарийчини мен бировга қиз берган шўринг қурғур ота-онага ўхшатаман. Не-не орзу-умидлар билан қизни туғиб вояга етказасиз. Кейин битта бўйни йўғони келадию от ваъда қилиб, туя ваъда қилиб олиб кетади. Олиб кетгач, элтиб билган кўйига солади. Қани, энди аралашиб кўринг-чи!

Сценарий ёзганда ҳам худди шундай! Бошимдан ўтган-да, камтарин тажрибамда бунга мисол кўп – мавриди келганда ҳали айтиб берарман.

Ана, кўрдингизми, сўзни ўзим олиб, чалғиб кетдим чоғи.

Муҳтарам кинобобомизга қайтайлик.

Яқин беш-ўн йил мобайнида биров бу атрофда у кишининг қорасини кўрмаган – шаҳар четидаги чорбоғида истиқомат қилади. Қишин-ёзин. Ёлғиз. Кампири ўлган. Ие, дарвоқе, нега ёлғиз деяпмиз – анови саф-саф “Сабо”лар-чи? Майли, кейин, кейин.

Мен ҳам икки мартами-уч марта у кишининг қароргоҳига бош уриб борганман. Аввалига бир оз тайсалладим: нега энди шундан ўша ёққа йўл тортишим керак? Бир сассиқ чол ниманиям тушунарди? Унинг даври ўтган, бугун энди янгидан-янги киноусуллар, киноқилиғу киноқичиқлар чиқиб кетди – ҳув бир гўрда моғор босиб ётган “киноафсона” буни қаёқдан билсин?! Бироқ, гадой аччиқ қилса – тўрвасига зиён. Мағрур бош эгилди.

Устознинг зиёратига қуруқ қўл билан бориб бўлмайди, билиб олинг. Бозор-ўчар қилсангиз-ку – ҳимматингиз, лекин бир шиша “Оқ лайлак” коньяги бўлмоғи шарт – фақат шунисидан нўш этадилар Устоз. Кошки у зормандани топиш осон бўлса!

Мана, бордингиз дейлик. Чол боғдаги бирор дарахт соясида албатта эснаб ўтирган бўлади. Базўр кўзини очади, “Ўқинг”, деб қўяди. Рўпарасига ўрнашиб, қора тер ичида, минг бир истиҳола билан келтирган матоҳингизни ўқимоққа тутинасиз. Устоз кўзларини юмиб олган, ўқтин-ўқтин пишиллаб, хуррак ҳам отаётганга ўхшайди. Парво қилманг, ўқийверинг, акс ҳолда доғда қоласиз. Муғамбир чол ўзини атай меровликка солаётир. Туйқусдан кўзини очиб шундай бир савол берадики ҳали! Бундай олганда – анчайин жўн савол, ҳатто ибтидоий. Аммо хомтама бўлманг – унга жавоб топмоқ осон иш эмас. Устоз қўлтиқлаб келган қўлёзмангизнинг жон жойини нишонга олиб ниш ураётир. Масалан: “Шугинани ёзиб нима қилардингиз ўзи?” Қани, сўзланг, марҳамат! Ёки: “Анови персонажингиз намунча вайсақи? Бутунлай гапирмай қўйса нима қилади шу?” Ерга қараб қолсангиз, чол ҳам ерга қараб ўтираверади. Аҳволингизга вой! Нимадир деб эътироз билдирсангиз, умуман, бир минғирлаб қўйсангиз бас – у ёғини ўзи олиб кетади. Олий курсларда олган таълимингиз чиппакка чиқиб, тамомила ўзгач а дунёга рўпара келасиз. Қирқ-қирқ беш саҳифали хомашёдан кўз олдингизда ғаройиб бир гулдаста пайдо бўлади!

Қисқаси, тиррақи бир эчки кўтариб бориб, деланглаган қўй билан қайтасиз. Кинобобомиз ана шундайин доно, донишманд!

Яна бир чизгимиз шуки, қачон борманг, Устоз ҳамиша бир хил тўр майкада ўтирган бўлади. Ҳозир унақасини қидириб ҳам тополмайсиз; эски-туски реквизитлар сақланадиган киноомборларда битта-яримтаси қолгандир. Чол бир қопини босиб қўйган кўринади. Ҳув бир замонлар олган давлат мукофотларининг пулига.

Сценарийхонликнинг авж палласида Устоз дафъатан қўшқаватли ихчамгина иморат сари юзланиб, эшитилар-эшитилмас, “Сабҳат!” дея садо чиқаради.

Йўқ, бу ўтган дафъа сиз кўрган Сабоҳат эмас, бошқаси. Уларнинг бари- бир. Раҳматли хотинининг исми шундай бўлган Устознинг.

Мана шу саболарни кейин бирор фильмда кўриб қолсангиз ажабланманг. Қайтиб экранда учратмасангиз ҳам ҳайрон бўлманг. Бир марталик митти “юлдуз”лар бу. У ёғини эплаб кетса – “браво”, эплаёлмаса, ўзидан кўрсин. Устоз айбдор эмас, у қиладиган хизматини қилиб қўйган. Бор энди, тошингни тер!

Ўша заҳоти иморат тарафда сиз келтирган “Оқ лайлак”ка тарвуз-парвуз қўшиб, кумуш баркаш кўтарган бир нозанин пайдо бўлади. Бўлғуси киножонон! У ажиб навозиш ила келиб, қўлидагиларни пастак мизга қўяди-да, хос қадаҳни тўлдириб Устозга тутади. Устоз бир лаҳза шафақранг жилвага тикилиб турадию бир ҳамлада ютиб юборади. Тарвуз-парвуздан газак қилгач, кўрпача тўшалган тебранма креслосига аллақандай беҳол ястаниб, кўзларини юмиб олади. Ҳузур қилаётир. Ҳей, Сабоҳат, нега қараб турибсан, ҳузурбахшликка ҳисса қўшсанг-чи! Ўзи билади вазифасини: креслони худди беланчак мисол тебрата бошлайди у. Лекин ўлгурнинг кўзи сизда, қўлёзма ўқишдан бош кўтарсангиз ширингина жилмайиб ҳам қўяди. Ана шунда ҳушёр бўласиз! Асти шошилманг, ўзингизча бир балоларни хаёл қилиб тамшана кўрманг – армонда қолмоғингиз муқаррар! Ҳозир, мана ҳозир Устоз кўзини очади, вазмин бурилиб тепасига қарайди. Аста энгашган Сабоҳат унинг бўйнидан қучиб, икки чаккасидан чўлп-чўлп ўпади. Сўнгра гарданию елкалари аралаш сержун кўкракларини уқаламоққа, оппоқ қуюқ сочларини нозик бармоқлари билан беозор қашимоққа тушади.

Бу беҳиштий бармоқлар – бизники, бу нозу карашма – бизга, бари-барчаси ўзимизга аталган! Сен, бола, ҳадеб кўзингни лўқ қилавермай, қўлингдаги анови дардисарга “оқ йўл” ундирмоқ пайидан бўлсанг-чи, нодон!

Дарҳақиқат, ана шу синовларда сабр-бардошли бўлсангиз, Устознинг боягидек савол-жавобларига мардона туриб берсангиз – марра сизники! “Ручку! Ручканг борми?” дейди у шунда. Қўлингиздан ручка билан қўлёзмани олади-да, очиқ жой – ҳошиялари қолиб, тўппа-тўғри матннинг устига бостириб ажи-бужи ҳарфларда хулосасини битади: “Прочёл. Годится” – “Ўқидим. Маъқул”. Сўнг ўгирилиб, ручкани Сабоҳатига узатади: “Қўл қўй”. Қиз қийшанглай-қийшанглай, саҳифанинг ҳошиясига “имзо” чекади: “Сабоҳат”.

Мана, энди сизни табрикласак бўлар, ўртоқ муаллиф! Энди бунингизни анови қўрқоқ раисингиз тугул, ундан каттароғига ҳам дадил элтиб бераверинг – қани, бирортаси ғиринг дея олармикан?!

“Биргина нигоҳ” деган нарсам билан Устоз ҳузурига борганим ҳеч эсдан чиқмайди.

Қарасам, чол ҳамишаги жойида кўринмайди. Қўлимдаги “лайлак-пайлак”ни йўлак четига қўйиб, аста боққа ўтдим. Ўрик тагида ўтириб кута бошладим. Бир замон иморат биқинидаги мармар бассейн тарафдан сувнинг шалоп-шулупи эшитилди. Устоз! У ён-бу ён гупсар уриб юрибди. Оббо, чоли тушмагур-эй! Қулоч отиб сузишларини кўрсангиз!

Дамимни ичимга ютиб ўтиравердим. Талай фурсат кечди, аммо ғаввосимиз ҳали-бери сувдан чиқадиган эмас. Алланечук хижолатдаман. Сас чиқармоққа қўрқаман – кўриб қолса, “Давай, мен чўмилаверай, сен шу ерга опкелиб ўқиб берасан!” дегудек бўлса!..

Хайрият!

– Сабоҳат! – Чол зинага тирмашиб, қалтирай-қалтирай сувдан чиқа бошлади.

Шу заҳоти уйдан каттакон пахмоқ сочиқ кўтариб Сабоҳат (бу бошқаси) чиқди.

Ажабо, Устоз қип-яланғоч эди! Лекин – парвойи фалак.

Сабоҳат югура бориб уни сочиққа ўраб олди-да, белидан қучганча уйга олиб кириб кетди.

Мана, ниҳоят, устозу шогирд ўша ўрик тагида ўтирибмиз. Бари-бари ўша-ўша тартибда кечади: “Ўқинг”, хуррак (сув элитган-да), ора-орада қалтис саволлар, жиндак мунозара, “Сабоҳат!”, “Оқ лайлак”, тебранма креслода ҳузурланиш, ўпилиш, уқалаш ва ҳоказо.

“Ручку!” хитобидан олдин Устоз асосий эътирозини баён қилади:

– Йўқ, қиз… ўша келин-да, ўлмайди! Ўлдирмайсан уни. Қолсин. Где гуманистический подход?! Ну, анови шопир биргина қарабди, ну, ҳаваси келган, айлантирмоқчи бўлган – эри йўқ. Ну, қиз… келинни айтяпман, унинг ҳам сал кўнгли суст кетган, естественно – эри йўқ, эр узоқда. Лекин ўртада ҳеч нарса бўлмади-ку! Подумаешь! Мало что! – дея у тағин кинотилга ўтади – инобатли тил, гўё асло эътироз қилиб бўлмайдиган тил; бояги каби “ўткир” хитобларга уч-тўртта хос атамани қориштирсангиз – кинотил тайёр-да! – Это жизнь, парень!

Бу танбеҳ-тазйиқлар менга ўшанда жуда дағал, асарнинг “асос иморати”ни бузиб, мазмун-моҳиятини тескари қилиб юборадигандек туюлган эди. Лекин, қаранг, Устоз ҳақ бўлиб чиқди. Кейинроқ ўзимча мулоҳаза этиб кўрсам, дарҳақиқат, шунда асар ютар экан; табиийлиги, ҳаётийлиги ошади, мазмун ҳам чуқурлашади. Ахир, эркак кишига бир қиё боққан, эркак ҳам бир назар ташлаган ҳар қиз-жувон ўзини осаверса, сувга ташлаб чўкаверса, қоядан отиб ўлаверса – аёл зоти қоладими дунёда! Где гуманистический подход?! Қараса – бир қарабди-да, ну и что? Подумаешь!..

Бўрини йўқласанг боши кўринармиш, тулкини эсласанг туёғи кўринибди, қуённи қувласанг – қулоғи…

Кўринди: қулоғи ҳам, туёғи ҳам.

“Деразаси кўм-кўк ўрмонга қараган” хонада бирпас ўтириб Фарҳоднинг юраги сиқилди. Валя айтгандек, “маза қилиб ўй суриб ётавериш”га эса қўрқди – безиллаб қолган: бунисидан энди сичқонми, каламушми чиқиб қолмасин денг!

Зерикканидан ҳовлига тушиб, майдоннинг дарахтзорга туташ бир четидаги харракка бориб ўтирди. Чўнтагидан сигаретини оларкан, ҳув дароз дўхтирнинг ваҳимасини эслади: “Биз дорию уколлар билан томирларингизда кислородни кўпайтирмоққа уринамиз-у, сиз уни тамаки чекиб барбод қиласиз!” Беихтиёр сигаретни лабига қистириб, гугурт чақди: “Мана, ҳаммаёқ кислород!”

Бир замон орқадаги дарахтзордан бир эркак билан аёл чиқди. Қизғин баҳслашиб келаётганлари сезилиб турибди.

– Йўқ, сиз гапга қулоқ солинг, – дерди аёл чийиллагудек оҳангда. – Менга нимаси ёқмади, айтайми? На тайинли бир гап бор унингизда, на тузук бир ечим – бошдан-адоқ қуп-қуруқ манзаралар! Тўғри, тасвирларга гап йўқ – маҳорат билан суратга олинган. Аммо…

– Мен-чи, мен шунисини айтяпман-да, азизим, – дейди эркак муроса йўлини тутиб. – Ўша манзаралар ҳам томошабинга маълум кайфият бағишлайди-ку. Рамзларни қаранг! Қиз ўрмонда адашиб, дарахт шохида отасининг хонаки қалпоғини кўриб қолган жойи эсингиздами? Даҳшатли детал-ку бу!

– Э, қўйинг, бари минг марта чайналган арзон-гаров усуллар, Бергманнинг тўрвасидан тушиб қолган сарқит!

– Майли, майли, дилдорим, ҳар ким ўз фикрида қолаверсин. Хўш, шундай сулҳга имзо чека оласизми, ахир? – деди эркак ниҳоят таслим бўлиб, ҳамроҳини қўшни харрак сари бошларкан.

Фарҳод сербаҳс аёлни кўрган заҳоти таниди: Элмира Камолова, киношунос. Мовийкўз соҳибжамол. Дурагайлардан. Ажаб Устозимизнинг ажабтовур келинлари. Кинокелин. Шу ерда экан-да буям. “Сизникилардан кўп бу ерда”.

Унинг ёнидаги – қирқ-қирқ беш ёшлар чамали, истараси иссиқ бир киши эди. Олд томони сийракроқ тўқ малла жингалак сочи ўсиб елкасига тушган. Маъно тўла шаҳло кўзлари одамга алланечук меҳрибон, мулойим боқади. Сарғиш чарм камзулини кифтига ташлаб олган.

Тошкентда юрганида унча-мунчани назарига илмайдиган, сўзлашмоқ у ёқда турсин, саломингизга зўрға бош қимтибгина ўтадиган танноз хоним, Фарҳодга кўзи тушгач, дўстона қўл силкиди-да, ҳамроҳининг “бўш” енгидан тортиб бу томон бошлади.

Фарҳод қўлидаги сигарет қолдиғини харрак ёнига қўйилган дароз кулдонга ташлаб, ўрнидан турди.

– Умидли ёш кинодраматургларимиздан, – деб таништирди уни Камолова шеригига. – Ҳақиқий истеъдод! Олий курсни битирган. Равшан Акобиров режиссёрлик қилган дастлабки фильми роса шов-шув бўлган бизда. Ўзбек тилида суратга олинган тўнғич картинамиз эди-да. Номи “Эрта қайтган лайлаклар”миди, Фарҳоджон?

– “Қалдирғочлар, қачон қайтасиз?” эди, – дея тўғрилади Фарҳод оғриниброқ. Мана, ўзинг “истеъдод” деяпсан, тўнғич ўзбекча картина эканини, анови шов-шувларни тилга оляпсан – балони билгич киношунос бўлатуриб, фильмнинг номига келганда бундай беписанд тусмоллаб сўзлашинг нимаси! – Қисқароқ бўлсин деб кейин Равшан ака “Қалдирғочлар” қилиб юборган.

Камолова бу изоҳларга парво ҳам этмай, шоша-пиша шеригини таништира кетди:

– Бу киши машҳур кинорежиссёр Чалдратян! Артур Чалдратян. “Тоғлар бағридаги салтанат”, “Эски қалъанинг сири” – кўргансиз-а, Фарҳоджон?

Чалдратян деганлари қулоғига чалингандек эди-ю, аммо унинг бирорта фильмидан бехабар Фарҳод сиполик юзасидан “Ҳа, ҳа, албатта, яхши, жуда яхши”, деб қутулди.

– Артур Артёмович ҳув Бергманнинг мухлиси эканлар, сиз-чи? Мен эса…

– Элмиражон! Азизгинам! – деди режиссёр чеҳраси янада ёришиб. – Бергман бошқа, Чалдратян бошқа! Хафа бўлишим мумкин-а!

– Хафа бўлмоққа рухсат йўқ! – дея Камолова, хийла яқинликлари борми, унинг чаккасига шапатилагандек енгилгина бармоқ уриб қўйди-да, Фарҳодга юзланиб сўради: – Қачон келдингиз? – Лекин жавобини ҳам кутмай ўзиникини айтиб қолмоққа шошилди: – Бизникилар кўп бу ерда, кўргандирсиз?

– Устоз ҳам шу ердалар шекилли, а, Элмирахон опа? – деб сўради Фарҳод; Камолова ундан беш-олти ёш каттароқ эди.

– Устоз?! Нега? Как?! Аранг ўрнидан турадиган бўлиб қолган-ку, қанақасига келарди бу ёқларга!

Шу чоқ майдоннинг нариги бошида чуғурлашиб юрган болалардан саккиз-тўққиз ёшлардаги биттаси “Мамуль, мамуль!” дея чопиб келиб Камолованинг этагига ёпишди. Она энгашиб, бир лаҳза унинг юзига юзини босиб турди. Кўринишидан кўнгилчан Чалдратян ҳам бу дилдорликдан четда қолмади: жилмайиб боланинг сочларини силаб қўйди.

“Бабёр, Бабёр!” деган чувиллаш эшитилди майдоннинг нариги бошидан.

– Бор энди, ўйна. Ана, ўртоқларинг чақиряпти, – деди Камолова ўғилчасининг кифтига аста туртиб. Сўнг Фарҳодга: – Майли, ҳали гаплашармиз, – дея, “бўш” енгга қўл чўзди.

Мусоҳиблар Бергман киму Чалдратян кимлигини ростакам тагига етмоқ учунми, тағин дарахтзор оралаб кетишди.

Бу хонимгинанинг юриши доим шу. Қачон деманг, фестивалма-фестиваль кезиб, мана шундай истироҳатгоҳларда куни ўтади. Байрамона киноанжуманларга у “миллий кўринмоқ” учун ял-ял хонатлас либослару зардўзи нимчалар кийиб боради. (Рига фестивалида Фарҳод уни шу қиёфада кўрган.) Каттакон бир арбобнинг эрка ўсган арзанда қизи-да, кўнглининг кўчаси кўп. Аммо ўзи текисгина, силлиққина, ўрисчаси равон, тил қурғур бийрон, ана десангиз, мана деб туради – шу юрсин-да! У ёққа борганда ҳам – “ўзимизники”, бу ёққа келганда ҳам – “ўзимизники”. Уйда ўтириб нима қилади? Ичавериб адойи тамом бўлаёзган анови шаробхўр эрнинг қовоғини пойлайдими? Упаси Бог! Томоғини ҳўллаб турарга унча-мунча топиб бераётганига ҳам шукр қилсин у! “Оқ лайлак”лар қаёқда, “Чашма”-пашмаси ҳам кетаверади унга. Ўзига қолса-ку, шу бедавога ўлганда ҳам тегмасди. Амалдор оталар қуда бўлгилари келиб, қилган-да бу ишни. Лекин ҳар калтакнинг икки учи бўлганидек, ютган, ютганда ҳам ҳадди аълосигача етказган жиҳатларини эсдан чиқармаслик керак. Инсоф билан айтганда, бу қизгинани Устоз бош бўлиб ўқитган, Устоз шу соҳага йўллаган – кинокелин қилган, Устознинг орқасидан “энг зўр киношунос” аталиб, мана бундай давру даврон суриб юрибди. Зарур бўлганда – эр бор, бўлмаганда – йўқ ҳисоби. Бундан бошқа яна нима керак бир кинохонимга?

Бояги хуштабассум армани ёмон одамга ўхшамади. Лекин киноопахонимиз бунақа Чалдратянлардан неча-нечасини чалдиратиб кетади, кўнглимиз тўқ. (Воқеан, ўша куни кечки овқат маҳали Чалдратян узоқдан туриб – Камолова иккови бир столда экан – ўша-ўша табассум билан Фарҳодга дўстона қўл силкиб қўйди. Омонат поччаларимиздан бирига айланиб улгурган шекилли.)

Яна бирпас ўтириб, яна битта чекиб олгач, Фарҳод ўрнидан туриб бино сари йўл олди.

Зинадан чиқаётиб ҳалиги болакайга – Камолованинг ўғилчасига дуч келди.

– Ҳей бола, отинг нима? – деб сўради беихтиёр. Бола анқайганини кўриб саволини ўрисчасига такрорлади.

– Бабур, – деди бола бепарвогина.

Афтидан, бобоси – Устоз қўйган ном.

– Мирзо Бобур де! Биласанми, ким у?

Бола билганича, тўппа-тўғри жавоб қилди:

– Мен.

– Мирзо Бобуримиз сен бўлсанг, бу ёғи зўр экан-да! – деди кулиб ўзича Фарҳод.

Бола бу хўмрайган, гаплари ғалати-ғалати амакига бақрайиброқ бир қарадию яна боягидек “Бабёр”лаб қичқираётган ўртоқлари сари шаталоқ отиб чопди.

Бунисини-ку билдик – Бобур-Бабёр экан, анови “энг зўр, энг машҳуримиз” ким бўлди?

5. “Энг зўр, энг машҳуримиз”. Сирли қўнғироқ

– Ўтирсак бўладими? – деб сўради биров тепасига келиб ўзбек тилида.

“Кўм-кўк ўрмонга қарамоқ”қа хуши келмай тушлик маҳали ухлаб қолган Фарҳоднинг қорни роса оч, бошқа вақт бўлса бурилиб ҳам боқмайдиган бир таомни зўр иштаҳа билан туширмоқда эди. Оғзидаги оғзида, бошини кўтариб қаради; қаради-ю, дабдурустдан таниёлмади. Нимасидир ҳиндийларга тортиб кетадиган, сочлари оқ аралаш қаддирасо бир киши кўзойнагини йилтиллатиб тепасида жилмайиб турибди. Бу ерда учратишни хаёлига келтирмаган одами!

– Э, Равшан ака! Сиз экансиз-да! Ассаломалайкум, – дея, қўлида қошиқ, беихтиёр ўрнидан туриб кетди Фарҳод.

– Қошиқни қўйинг, қошиқни, – деди Равшан Акобиров андак истеҳзо билан.

Бегона юртда юрганда бир-бирини унча хушламайдиган ёки ўзаро аразли кимсалар ҳам гина-кудуратни эсдан чиқариб, қуюқ кўришади. Шундай бўлди.

– Қачон келдинг? – деб сўради Акобиров рўпарадан жой оларкан; гоҳ “сиз”, гоҳ “сен” – эски одати.

Деразага тақаб қўйилган емак столи асли уч кишилик бўлиб, “эгалари” кеча кетган, овқат улашувчи кексароқ аёл ҳали Фарҳодни шу ерга ўтқазган эди.

Акобировнинг ўзи бир ҳафтадирки истироҳатгоҳда экан. “Бепоён юрт” Киночилар уюшмасининг яқинда бўлажак пленумига келибди. Бошқа ишлари ҳам бор эмиш, айтишича.

Бояги аёл патнисда кўтариб келган таомлар Акобировга ёқмади, қўлидаги санчқи билан унисини-бунисини титкилаб кўриб, онаси тенги одамга эмас, худди уйдаги хотинига уқтиргандек:

– Нинахон, мен сенга неча марта айтдим: бунақа таомларга тоқатим йўқ, кўтар бунингни! – деди у зарда аралаш.

Бечора аёл айбдорона илжайиб, қўлини кўксига қўйди:

– Узр, Равшан Усмонович, худо ҳаққи, унутибман. Мен сизнинг бу столга ўтганингизни билмабман-да. Ҳозир бошқасини олиб келаман, ҳозир.

У югуриб-елиб бир зумда “Акобировнинг таоми”ни муҳайё қилди.

Фарҳод сиртдан биладиган хийла таниқли бир кино арбоби ёнларидан ўтаётиб:

– Равшан Усмоновичга олқишлар бўлсин! – дея қуюқ мулозамат кўрсатиб кетди.

– Салом, салом, – деб қўйди Акобиров тузук бурилиб ҳам қарамай, қуруққина.

Ҳалидан бери емакхонанинг ҳар жойидан йўлланган салому сўровларга жавобан у ана шундай бепарвогина қўл силкиш билан чекланар ва ҳар гал “Кўряпсанми?” деган каби Фарҳодга қараб олар эди.

Афтидан, бу ерда уни танимайдиган одам кам топилади. Кимсан – ўзбек киносида янги йўналиш очиб, “бепоён юрт” бўйлаб ҳам ажаб ном қозонган донгдор кинорежиссёр Равшан Акобиров! “Энг зўр, энг машҳуримиз” шу-да, Фарҳоднинг хаёлига келмаганини қаранг! Уни негадир бу ерда учратишни кутмаганидан бўлса керак. Дарвоқе, энди ҳув Устоз деганларининг даври ўтди, уни ўзининг сафдош етмишвойлари билмаса, ҳозиргилар номинигина эшитган чиқар, холос.

Киносайёҳ Элмира Камоловага ўхшаб Акобировнинг ҳам кўп умри мана шу ёқларда ўтади. Ўзбекистонда анови “киномеханик”ка муовин ҳисобланса-да, бу ерда – “бепоён юрт” кино оламида обрў-эътибори баланд – раёсат аъзоси, котибият аъзоси! Унча-мунчани назар-писанд қилмаётганию нинахонларга бемалол дўқ ураётгани бекорга эмас.

Аслида, Фарҳодни қўлидан ушлаб, йўқ, тортиб кино оламига олиб кирган одам мана шу бўлади. Курсни битириб боргач ёзган илк киройи асари “Қалдирғочлар, қачон қайтасиз?”га харидор топилмай юрганида “Мен оламан шуни!” деб майдонга чиққан эди у. Қўрқоқ раис дарровгина розилик берган, Устоз-пустозга йўлламоқдан оғиз ҳам очолмай қолган: марказга алоқадор одам! “Равшанбек Усмонович оладиган бўлсалар, нимаям дердик, муваффақиятлар тилаймиз фақат!” дея тилёғламачилик қилган.

Асар руҳида зукко одамгина фаҳмлай оладиган кескинроқ бир мазмун ҳам бор, аммо бугунги назар билан қараганда, у барибир бўштоб, ҳавойи бир нарса экан. Бироқ экранга чиққанида роса гап-сўз бўлган, Фарҳоднинг ўзидан бошқа барчага маъқул келган, ҳатто ўша йилги Ёшлар мукофотига ҳам муносиб кўрилган эди. Ҳеч кимга, ҳеч нарсага “тегиб кетмайдиган” беозоргина, қувноққина бир томоша. Кейин билса, ана шунақаси кўпроқ ёқар экан одамларга.

Лекин “Қалдирғоч”дан кейин Акобиров билан оралари бузилиб-узилиб, узоқлашиб кетган эди. Ўшандан бери мана энди бир дастурхонда ўтиришлари. Шу кунга қадар учрашган-нетганда қуруққина салом-алик қилиб ўтишарди, холос.

Фильм, Тошкентга яқинроқ деб, Паркентда суратга олинадиган бўлди. Сценарий муаллифи сифатида қоғоз-қаламини кўтариб Фарҳод ҳам чиқиб борди; йўл-йўлакай бирор нима ўзгарса, қўшиладиган ёки олинадиган бўлса, асарнинг умумий руҳига мослаб-ўхшатиб беради.

Иш биринчи куниёқ бузилди.

Бало-қазони даф этмоқ учун, удумига кўра, ликопчалар осмонга отиб чил-чил қилинди, шампань винолари очилди – тантана билан бошланди бари. Фарҳод қараса – сценарий бу ёқда қолиб, бутунлай ўзгача саҳнага тайёргарлик кетяпти. Ҳайрон бўлиб режиссёрнинг олдига келган эди, “Ҳув анови ерга бориб ўтир сен, халақит беряпсан, укам”, деди Акобиров елкасидан туртиб. Сценарийдан сўз очганида баттар жеркиб берди: “Қанақа сценарий – ҳаммаси манови каллада!” Бу гапга майдончада бор одам, сал нарида – адирликнинг кунгайида сомон қалпоғини юзига қоплаб, оппоқ баданларини қуёшга тоблаб ётган бекорчи кинохонимларгача – бари негадир кулиб юборди. Фарҳод мулзам бўлди. Лекин у ҳадеб қистайвергач, қўлида бир шиша маъданли сув, буклама брезент курсичага ясланиб анови оқбадан ойимчалари билан луқма отишаётган Акобиров, ахийри, энсаси қотиб, ёрдамчисига сценарийни олиб келишни буюрди. Маълум бўлдики, сценарий йўқ – меҳмонхонада қолган экан. Бу гапни эшитиб Фарҳод шартта бурилдию худди ёш боладек аразлаб кетворди. Йўловчи машинага илиниб шаҳарга қайтди. Аммо то кела-келгунча умидвор бўлди: изимдан одам юборса керак! Ҳеч ким келмади уни йўқлаб-қидириб. На эртаси, на кейин. Бир-икки киножўрасига арзини айтган эди, “Равшан Акобировнингки қўлига тушибдими, у ёғини қўявер – гулдек қилиб беради, мана кўрасан!” дейишди.

Умуман, фильм суратга олинаётган чоғда, иложи бўлса, майдончага йўламаганингиз маъқул экан – сизни кўрган заҳоти режиссёрнинг пешонаси тиришади. Ўзингиз ҳам ҳадеб амакисининг оёғи остида ўралашаверадиган бемаза жиянга ўхшаб қоласиз. Фарҳод кўп марталаб шу аҳволга тушган, билади. Иш равон юриб, эпизод кўнгилдагидек тасвирга олинганда ҳамма бир-бирини қуча кетади, битта-яримтаси сизниям қутлаб қўяди. Тескариси бўлса-чи, катта-кичик бари еб қўйгудек важоҳатда сизга – бу дахмазаларни бошлаган одамга қараб ўқрайгани ўқрайган. Шунда ҳеч кимга сездирмайгина даф бўлганингиз тузук. Ўз ёғига ўзи қоврилиб ётаверсин бу қитмир, оқибатсиз баччағарлар!

Айниқса, тайёргарлик палласи қалтис. Албатта нимадир халал беради, албатта нимадир йўқолиб ё етишмай қолади. Майдончада таранглик, бақироқ режиссёрнинг ғазаби ҳукм суради. Ҳамма хуноб, ҳамма йиғлагудек бир алфозда. Бунинг устига, тушлик ҳам кечикаётир. Бамисоли кимдир ўлгандек ёки мана-мана ўладиган – қазоси кутилаётгандек оғир вазият! Бир қарасангиз – “Кун бошқа ёқдан чиқди, плёнкам куяди”, деб оператор жаноблари соябон қалпоғини юзига қоплаб буклама курсида мудраб кетади; бир қарасангиз – арзанда актриса “Мен бу кўйлакда тушмайман”, дея хархаша қўзғаб ишнинг белига тепади. Бир гал булоқ бошида “ҳолатга кириб”, “Мотор!” дейилишига илҳақ ўтирган актрисанинг келиб-келиб нақд кўз милкидан (йирик план!) чивин чақса бўладими! Бир зумда қовоғи қизариб, шишиб чиқди. Жимжилоғининг учи билан қичишаётган жойини ишқалаяпти-ю, “соғ” кўзи сизда: “Сени деб бўлди! Шу лаънати булоқдан бошқасини ёзсанг ўлармидинг?!”

Камера олдида актёр тайёр матн қолиб, “ҳолат” деганлари баҳона, оғзига келганини валдирайверади. “Нега сўзимни бузасан?” дея даъво қилиб кўринг-чи, режиссёри вишиллаб юборади: “Да какая разница! Ҳей, бу ёққа ўтиб туринг сиз, ишга халал беряпсиз!” Фильмни овозлаштириш фурсати келганда эса, актёрнинг ўша алмойи-алжойи луқмаларидан жумла ясаб, тағин денг, лабининг қимирлаши – “а” билан “б”сига мослаб хун бўлганча қайтадан сўз ёзиб бермоққа мажбурсиз. Кунинг қурсин, Асрорқул!

Гоҳида машҳур халқ артисти майдончанинг четида галалашиб турган беҳисоб мухлисларига дастхат улашиб куйдиради денг. Шунда бетоқат оператор режиссёрга илтижоли кўз тикади, режиссёр туя ваъда этиб зўрға кўндирилган халқ артистига бир нима демоққа ҳадди сиғмай, заҳрини бошқаларга сочади. Заҳри соб бўлгач, тура-тура ноилож ёрдамчисига имо қилади: бор, чақир! Мухлислардан бирови билан бемалол қаймоқлашаётган халқ артисти ёрдамчини кўриб, “Айт, қолганини эртага олади, эртага ҳам кун бор”, дейди бамайлихотир.

Майдонча “осмони”ни тағин қора булут қоплайди.

Бир четда шумшайибгина турган муаллиф баттар хижолатда: “Шунча одамни оворагарчиликка қўйиб нима қилардим-а?!”

Қисқаси, сценарий тасдиқдан ўтиб, иш бошлангач, ҳали кўп бора айтилганидек, иложи бўлса, муаллиф кўздан йўқолса, шу орада у ўлиб-нетиб қолса-ку ундан ҳам яхши! Уч-тўртта китобидан кино ясалган кекса бир адиб Фарҳодга бундай маслаҳат берган эди: “Қоғозига қўл қўйиб, берган пулини олгин-у, қайтиб қорангни кўрсатма – шунда ютасан, укам!”

Ёки, аксинча – бояги хўрликларнинг барига без бўлиб чида!

Орадан уч ойлар ўтиб, бир кеча уйига Акобиров қўнғироқ қилди. Ҳеч нима бўлмагандек қуюққина ҳол-аҳвол сўрашиб, муддаога кўчди: “Картинани овозлаштиряпмиз, эртага соат ўнларда студияда кўришсак”. Шундай дея гўшакни қўйиб қўйди: гап тамом! Арази бирмунча ариган Фарҳод, азбаройи қизиқувчанлик, эртаси куни эран-қаран “Ўзбекфильм”га йўл олди. Алҳосил, бир ҳафтача қатнаб, диалогларни деярли бошқатдан ёзиб бериб қутулди. Нима қилсин, мўмайгина қалам ҳақининг бир қисмини олиб, аллақачон ютиб бўлган эди-да; еган оғизга тош тиқилсин денг!

Кейин, катта кўрик чоғи фильм заҳматкашлари саҳнага чиққанда Акобиров Фарҳодни микрофон сари судраб, кифтидан қучганча, “Сценарийни мана шу укамиз ёзиб берди. Таниб қўйинглар: ёш, истеъдодли кинодраматургимиз, алай-балай”, деб элга овоза қилган.

Аммо ҳануз унинг асли кимлиги Фарҳодга жумбоқ: дўстми, душманми? Бир қарасангиз унақа, бир қарасангиз бунақа – тамомила бошқа одам!

Такаббур, унча-мунчани назар-писанд қилмайдиган калондимоғлиги учун кўпчилик уни зимдан хушламайди, лекин ҳамма-ҳамма олган фильмларига тан беради, у билан ҳисоблашади.

Овқатдан сўнг узун ойнабанд коридор бўйлаб орқама-кетин боришаркан, неча-нечаси Акобировга илжайиб, баъзилари ҳатто ялтоқлангансимон эгилиб салом берди, бироқ у ҳеч ким билан дуруст сўрашмади, сўзлашмади – одатдагидек бош силкиб ё қўл силкиб ўтиб кетаверади, вассалом.

Эшикка яқинлашганларида орқадан шоша-пиша Чалдратян етиб келиб, эҳтиром билан унга қўл чўзди. Акобиров узатилган қўлни худди эрмаклаган каби силкий-силкий қўйиб юборди: бор, ишингни қил! Буларга чап бермоқчидек нарироқдан ўтаётган Камоловага кўзи тушгач эса:

– Ҳа, Элмира, одамни танимай қолибсанми? – деди негадир ўзбекчалаб.

Камолова индамай, совуққина бош қимтиб қўйиб, ўзини эшикка урди.

– Опангизни биласиз-а? – деди Акобиров Фарҳодга синовчан тикилиб. – Бу ерларниям суғориб юрибди, жалаб.

Фарҳод гарчи Камоловани унчалик яқин олмаса-да, бу гапдан ноқулай сезди ўзини.

– Юринг энди, бирпас ҳаво олайлик, ҳав-во! – деди Акобиров майдонга чиққанларида ерчироқлар шуъласидан хирагина ёришиб турган дарахтзорга ишора қилиб.

Икковлон нимқоронғи йўлкалар бўйлаб талай фурсат кезиб юришди.

Акобиров тамаки чекишни ташлабди, нуқул оғзини чапиллатиб “жевачка” чайнагани чайнаган. Ўзининг келганига атиги бир ҳафта бўлибди-ю, Тошкентда нима гаплигини, киночилар орасида нима мишмишлар юрганини ижикилаб суриштираверади.

– Шунчаки дам олишгами ё бирор нарса ёзиб кетмоқчимисан? – деб сўради бир вақт.

Фарҳод икки-уч йилдан буён бир дардга йўлиққани – кечаю кундуз қулоғи муттасил чийиллаб-шанғиллаб туриши, Тошкентда чорасини тополмагач бу ёққа жўнагани, каттароқ дўхтирларга кўриниш нияти борлигини айтди.

– Шанғилласа шанғиллайвермайдими, сенга нима? Оғримаса бўлди-да, – деди Акобиров ҳазил аралаш.

– Безор қилади, Равшан ака, жондан тўйдириб юборади! Бўлмаса, бу ёқларда сарсон бўлиб юрармидим? Чораси чатоқроқ экан. Газетада ўқидим: Хитой томонларда айнан шуни даволайдиган усуллар чиққанмиш. Бу ерда ҳам “Цигун” деган маркази очилибди. Уч-тўрт ой бўлди, йўлланма сўраб катта уюшмага ариза жўнатувдим. Икки ҳафта бурун “Визангизни кўриб келаверинг, йўлланма тайёр” деб хабар борди. Визам жойида, ўтган йили Венгрияга бориб келган эдим, фестивалга.

Акобиров оғзини чапиллатишдан тўхтаб, бир лаҳза ўйга толди.

– Тайёр эканми йўлланма? Да? Менга қара, шу Хитой-питой деб юрасанми, хом гап ҳали у, биратўла эшитадиган аппарат олгин-қўй-да қулоғингга!

Фарҳодга бу маслаҳат оғир ботди, “Ҳали ёшман, энди ўттиздан ўтдим, қандоқ бўларкан?” дегиси келди-ю, индамай қўяқолди: танаси бошқа – дард билмас.

Сўнгра одатдаги ёзув-чизув, сценарийлардан гап кетди. Фарҳод ана шу дарди бедаво унга роса халал бераётгани – ҳеч нима ёзолмаётганидан шикоят қилди. Акобиров дурустроқ сценарий қўлига тушмаётгани, ҳозир ўзи ҳам бекор юрганидан нолиди. Энди майда-чуйдани қўйиб, каттароқ миқёсда бирор иш қилмоқ нияти борлигини гапирди.

Акобиров қаршидаги янги бинода турар экан. Хайрлашаётганларида зўр коньяги борлигини айтиб, хонасига таклиф қилди, Фарҳод узр сўраб, эски бино сари юрди.

Улар тағин яқинлашиб, қадрдондек бўлиб қолган эдилар.

– Рамазонов, сизга қўнғироқ бўлди, – деб қичқирди Валя, вестибюлдан ўтаётганида.

– Ким экан? – деди Фарҳод таажжубланиб.

Аёл киши! Овози жуда ёқимли аммо, – – деди қитиқлаган каби, маънодор қилиб навбатчи. – Телефон номерини ёзиб олганман, мана.

Фарҳод ҳарчанд уринмасин, бу ерда унга қўнғироқ қилиши мумкин бўлган бирор аёлни кўз олдига келтиролмади. Олий курсдалигида танишган битта-яримтаси “омонат ўйинчи”лардан эди. Мавлоно Фузулийнинг ашаддий мухлиси Тамара – Тарона Самед қизи Қурбонова ёдига тушди. Э, у қариб кетгандир – ўшандаёқ сендан тўрт-беш ёш катта эди.

Қоғоз парчасига кўз югуртириб Фарҳоднинг баттар ҳайронлиги ортди: нотаниш номер, аллақандай Гуля Лагутина. Қайдадир эшитгандек, нимасидир таниш. Лекин ким у? Менинг бу ердалигимдан қандай хабар топибди? Икки кишигина билади, холос: Равшан акаю Элмира Камолова. Ҳа-я, Суръат-чи, дарвоқе! Хўп, ўша қизми-жувоннинг менда нима иши бор экан?

Фарҳод аввал қўлидагига, сўнгра девордаги соатга қараб олди: кеч бўлиб қолибди, ноқулай! Эрта-перта қўнғироқ қиларман.

– Хўш, Фидель Мирзаевич, кўнглингиз жойига тушдими энди? – дея тегиша бошлади ҳамиша хандон Валя. – Чиройли бўлса, чақираверинг, қандалага бир талатай! Айтгандай, янги хонада чақмаяптими?

– Ҳозирча йўқ, – деди Фарҳод. – Агар кечаси ҳужум қилмаса!

– Билмас экансиз, сизни талаган қандала қоронғидан қўрқади. Қўрқмайдигани керак бўлса, чақирарсиз, Фидель…

– Фарҳод!

– Фарҳод?! – Жувон таажжуб билан елкасини қисди. – Ким у?

Шўхлиги келиб Фарҳод ҳам елкасини қимтиб қўйди: билмасам.

“Овози жуда ёқимли экан”. Фарҳод ёқимли хаёллар оғушида талай вақт сархуш ётди. Уйқуси адашган – ўртадаги фарқ уч соат.

Тушида яна Акобиров билан ҳамкорликда кино олмоқ тараддудида юрганмиш. Бош ролда Гуля Лагутина ўйнармиш.

Лекин ким ўзи у?

Романнинг давомини саҳифа пастида мутолаа қилишингиз мумкин.

10 avgust — O‘zbekiston xalq yozuvchisi Erkin A’zam tavallud topgan kun

Adibning bu romani bir qarashda murakkab, ammo jiddiy siyosiy-ijtimoiy ramzlarga ishora beruvchi, kuchli adabiy parodiyaga to‘liq asar sanaladi. Roman qahramonlari kino olamining odamlari, ya’ni, kinoyulduzlar, kinodramaturglar, kinorejissyorlar, kinotanqidchilar, kinoijodkorlarning xulqi, fe’li, betartib, yengil-yelpi hayoti haqida yozilgandek taassurot qoldiradi. Asarda Farhod Ramazonning quloqdosh yozuvchi do‘stining sharhi asarning o‘zak mohiyatini topishimizda kalit bo‘lib xizmat etadi.

Marhabo QO‘CHQOROVA
“SHOVQIN”NING SHOV-SHUVLARI
07

Marhabo Qo‘chqorova 1976 yilda Xorazm viloyatida tug‘ilgan. O‘zbekiston Respublikasi Fanlar Akademiyasi Alisher Navoiy nomidagi Til va adabiyot instituti doktoranti. “Badiiy so‘z va ruhiyat manzaralari” ilmiy monografiyasining muallifi. Respublika nashrlarida va «Xurshid Davron kutubxonasi» sahifalarida ham ko‘plab ilmiy, ilmiy-ommabop maqolalari chop etilgan.

07

0-EкA.JPGErkin A’zam adabiyot maydoniga 70-yillarda kirib keldi. Usmon Azim, Muhammad Rahmon, Nodir Normatov singari tengdoshlari qatorida o‘z ovozi, o‘z uslubiga ega nosir bo‘lib yetishdi. Yozuvchining 44 yillik ijodiy tajribasi bor. Bu orada Erkin A’zam adabiy shaxsiyati shakllanib, prozaning qissa, hikoya, kinoqissa, drama, badiiy-publitsistika janrlarida barakali ijod etdi. Adib o‘nlab nasriy kitoblar muallifidir. Inson qalbini chuqur tadqiq etishni maqsad etgan Erkin A’zam katta ijodiy tajribalar to‘plab, yaqinda yangi roman yaratishga muvaffaq bo‘ldi:”Shovqin”,

Adibning bu romani bir qarashda murakkab, ammo jiddiy siyosiy-ijtimoiy ramzlarga ishora beruvchi, kuchli adabiy parodiyaga to‘liq asar sanaladi. Roman qahramonlari kino olamining odamlari, ya’ni, kinoyulduzlar, kinodramaturglar, kinorejissyorlar, kinotanqidchilar, kinoijodkorlarning xulqi, fe’li, betartib, yengil-yelpi hayoti haqida yozilgandek taassurot qoldiradi. Asarda Farhod Ramazonning quloqdosh yozuvchi do‘stining sharhi asarning o‘zak mohiyatini topishimizda kalit bo‘lib xizmat etadi. Unda shunday deyiladi: “Mavzuma-mavzu sakrab, hamkorlikda ssenariy yozadigan bo‘ldik. Dard bor-u, darmon yo‘q deganlaridek, hali mazmuni, mohiyati notayin asarga nom tanlab, sarxushlikda bir soatcha talashibmiz. “Shum v ushax i vovne” (“Botiniy va zohiriy shovqin” – zo‘r!) deydi Farhod o‘rischa jarangiga mahliyo bo‘lib. Men Folknerning “Shum i yarost” romanini ro‘kach qilib e’tiroz bildiraman. “Nu i chto, bo‘laversin!”

Nihoyat, o‘rischasi Farhod taklif etgandek, o‘zbekcha nomi esa dangaliga “Shovqin” deb atalishiga kelishib oldik.

Boshida shovqin-suronimiz ana shunday dunyoni buzgulik edi-yu, ammo hamkorligimiz ro‘yobga chiqmay qolib ketdi. Bunga kaminaning qulog‘ida va tevaragida kuchaygan (botiniy va zohiriy) shovqin sabab bo‘ldi-yov”.

Demak, qahramon ochiq-oshkor e’tirof etganidek, bu asar nafaqat ikki quloqdosh do‘stning jismi, quloq a’zosidagi shovqin, balki jamiyatdagi olatasir, shovqin-suronli, qaltis bir davr, zamon haqida hikoya qiladi. Shovqin – ramziy obrazini, umuman tiriklik, jamiyatdagi siyosiy-ijtimoiy o‘zgarishlar, inson botinida kechayotgan yangilanishlar, dunyoqarashdagi silkinishlarga ishora deya izohlasak mohiyat anchayin oydinlashadi. Yanada aniqrog‘i, adib romanda ilgari surgan badiiy-falsafalardan biri inson yashar ekan, tiriklik ramzi sanalgan shovqinlar, tovushlar orasidan o‘ziga uyg‘un ohangni tanlay bilishi kerak. Bu ohang aslida insonning hayot mazmuni, e’tiqodi, a’molini tashkil etadi. Romanda tilga olingan asosiy voqealar zamon va makon jihatdan sobiq SSSRning parchalanib ketishi arafasidagi bir tizimdan ikkinchi yangi davrga o‘tish arafasini qamrab olgan. Asarda san’at, adabiyot, tarix, hatto folklor ijoddagi, ijtimoiy-siyosiy hayotdagi mashhur shaxslar nomi tez-tez tilga olinadi. Jumladan, V. I. Lenin, M. Gorbachev, Yelsin, Alla Pugachyova, Ivan Grozniy, Allen Delon, Diana, Platon, Suqrot, Fidel Kastro, Xo‘ja Nasriddin, Shayx San’on kabi. Adib atay yuqorida nomlari tilga olingan mashhur real va adabiy qahramonlarga taqlidan roman qahramonlari ismini adabiy parodiya sifatida yaratadi. Ularning ba’zilari tashqi jihatdan, ba’zilari esa zamondosh yoki tengdoshlari tomonidan, ba’zisi ota-onasining zamona zayli bilan atagan ismlari sanaladi. Xususan, asarning yetakchi qahramonlaridan biri kinodramaturg Farhodning asl ismi – Fidel. Bu ismni unga otasi qo‘ygan. Sabab – o‘z davrining mashhur qahramoni milliy ozodlik harakatining boshchisi Fidel Kastroning faoliyati, otashin inqilobiy nutqlari otani to‘lqinlantirgan. Shu bois u o‘g‘liga mashhur siyosiy arbobning ismini beradi. Ammo qahramon yillar davomida o‘z ismidan uyalib yuradi. Romanda adib ayovsiz ravishda zamonaparastlik, soxta qahramonlik, baynalminallik, millati noma’lum duragaylik, milliy genning buzilishi, ma’naviy buzuqlik, qarsakbozlik, balandparvozlik kabi ijtimoiy, ma’naviy-axloqiy illatlarni shafqatsiz realist bo‘lib tasvirlaydi va ularni tanqid ostiga oladi. Adib tasviridagi millati noma’lum, qonida polyak, rus, o‘zbek, gruzin, eroniy va yana allaqancha millatning qoni aralash bo‘lganligi sababli duragay odam o‘zining kimligini ham bilmaydi, deydi. Darhaqiqat, inson millati tayinsiz ekan, u qanday qilib milliy qadriyatlarni, milliy tuyg‘uni, milliy an’analarni his etsin yoki unga amal qilsin. Yozuvchi Lenin asos solgan kommunistik hayotda millat, din, til ham birlashib, yo‘q bo‘lib ketadigan zamonga talpingan duragay kishilarning ham genetik, ham ma’naviy-ruhiy jihatdan ulkan fojialarga giriftor bo‘lganligini romandagi ko‘plab qahramonlar taqdiri orqali ko‘rsatib beradi.

Romanda ramziylik, majoziylik, mistifikatsiya, ong oqimi tasviri, xotira-xayol elementlari, maktub, kinoyaviy modus, yengil yumor, badiiy psixologizmning turli xil vosita va usullari mujassamlashgan. Asar o‘zbek romanchiligida sinalmagan, aytilmagan yangi uslubda yaratilgan. Mafkuraviy kurashlar maydonida ikkiga ajralgan “Etiklilar” va “Ko‘zoynaklilar” romanda ramziy ijtimoiy-siyosiy guruhlarga ishora etib turibdi. Erkin A’zam bu guruhbozlar nomini oddiygina so‘zlar bilan atab qo‘ya qolgan. Uning mag‘zini chaqish, kosa tagidagi nimkosani topish esa kitobxon zimmasiga yuklatiladi. Etiklilar asarda shunday ta’riflanadi: “Etiklilar kolxoz turmushidan olingan, g‘ira-shira oqshom tasvirlariyu quvnoq “chastushka”larga boy, ichakdek cho‘zma-saqich kinoromanlari bilan shuhrat qozongan edi. Ko‘zoynaklilar esa – daf’atan tushunilishi qiyin, diqqinafas holatlaru mavhumotga to‘la jumboqnamo asarlar yaratib, olislarga talpingani talpingan”. Ramziy ma’nodagi etiklilar va ko‘zoynaklilar nafaqat siyosiy maydonda, umuman san’at va adabiyotdagi ikki guruhni anglatadi. Binobarin, etiklilar – sobiq sho‘ro davridagi ishchi-dehqonlar sinfining tarafdorlari, san’at va adabiyotda an’anaviychilar, ko‘zoynaklilar esa ma’lum ma’noda yangicha dunyoqarashga ega intellegensiya, san’at va adabiyotda xos adabiyot, xos san’at yaratishni bayroq qilgan, yangilik tarafdorlari, noan’anaviychilardir.

“Shovqin”da sobiq sho‘ro mafkurasi bilan qurollangan keksa avlod bilan bu tuzumning chiriganligini tushunib yetgan yosh avlod qarama-qarshi qo‘yiladi. Binobarin, bu baynalminalchibobo Sobirjon Mansurovich bilan Farhod Ramazon obrazi misolida kuzatiladi. Cholning fojiasi shundaki, u mustaqil fikrlashdan mahrum, yod olingan soxta nazariyalar, mafkuralar qurboniga aylangan, to‘tiqushga aylangan mute’ bir odam. Farhod keksa avlod vakillaridan farqli o‘laroq, ularning kamchilik va nuqsonlarini mustaqil fikrli inson o‘laroq tahlil eta biladi, ulardan ijirg‘anadi. Romanda duragay obrazlar Vika (kinoaktrisa), onasi Gulya Lagutina (kinoshunos), Elmira Kamolova (kinoshunos, kinokelin – Ustozning kelini), Salmonova Tarona Samed qizi (beva xotin), Gugushidze (gruzin, fors, eroniy qoni aralash) va shuningdek, keksa kommunist Sobirjon Mansurovich, Ravshan Akobirov, Farhod Ramazonlarning betartib, darveshona hayoti hikoya etilar ekan, yozuvchi maishiy, ma’naviy-axloqiy buzuqliklar va milliy gen, milliy mentalitetning aynishini ko‘zgu misoli aniq-tiniq va shaffof holda ko‘rsatib beradi. Asarda yana bir e’tiborli jihat ko‘plab qahramonlarning ismi mashhur san’atkorlar, tarixiy shaxslar, taniqli siyosiy arboblarning nomlari bilan atalishidir. Binobarin, “Gorbachyov” – Mosvada ilmiy faoliyat olib borayotgan asli o‘zbek xodim (uning tashqi ko‘rinishi Mixail Gorbachyovni eslatadi), Platon Sokratovich (demokrat, siyosatchi – faylasuf Platon nomiga adabiy parodiya), Adham Delon (mashhur aktyor Allen Delon nomiga adabiy parodiya) sifatida yaratilgan. Shuningdek, asarda Mirzo Ramazon, Sobirjon Mansurovich – zamonaparastlar obrazi. Tabiiy, har birimiz o‘z zamonamiz farzandimiz. Har bir davrning o‘z mafkurasi, o‘z qahramonlari, o‘z ideallari bor. Zamondan o‘zib ketish oson emas, bu juda mushkul. Ammo mavjud tuzum nog‘orasiga ko‘r-ko‘rona ergashish, fikrsizlik, milliy o‘zlikni unutish romanda eng katta fojia sifatida talqin etilgan.

Asar qahramonlari asli zaranglik Ravshan Akobirov va Farhod Ramazonlar kino sohasida dunyoga chiqishadi. Roman muqaddimasidagi maktubda e’tirof etilganidek, Farhod Ramazon ssenariysi “Hollivud” kinokompaniyasini qiziqtirib qoladi. Shu haqdagi xushxabar, undagi dunyo bilan bo‘ylashayotgan o‘zbek va o‘zbeklarning bugungi hayotini namoyish etib turibdi.

Yozuvchi “kino” so‘zi vositasida bir o‘zakdan yangi ma’noli qo‘shma so‘zlarni paydo qiladi. Bexos o‘zbek tilida “kino” o‘zakli shunchalik ko‘p so‘z yasalganligiga va bunda so‘z ustasi yozuvchi Erkin A’zamning xizmatlari tahsinga sazovor bo‘lajagini his etamiz. Jumladan, romanda “kino” o‘zakli 40 ga yaqin so‘z istifoda etilgan. Bular: kinobobo, kinoxonim, kinomomo, kinodarg‘a, kinoarbob, kinosafar, kinohujjatchi, kinojonon, kinousul, kinoqiliq, kinoqichiq, kinoafsona, kinokatta, kinoboy, kinoqul, kinoulfat, kinog‘urbat, kinosho‘rlik, kinokelin.

Romanda maqolada tilga olingan va tilga olinmagan 40 dan ziyod qahramonlar ishtirok etadi, asar badiiy kompozitsion jihatdan pishiq tuzilgan. E’tirozli jihati – asarda sharq kitobxonlarining ko‘zi ko‘nikkan ideal yetakchi qahramonni topa olmaysiz. Albatta, tanqidchining yozuvchiga “Sen asarni falon mavzuda yoz, falonday ideal obraz yaratishing shart” – deya buyruq berishga haqqi yo‘q. Qolaversa, badiiy adabiyotda xunuklik kategoriyasi orqasida go‘zallik kategoriyasi ham mavjudligini esdan chiqarmasligimiz kerak.

Shu ma’noda Erkin A’zamning “Shovqin” romani hozirgi o‘zbek romanchiligida yangicha tasvir uslubi bilan shov-shuvlarga sababchi bo‘ladi. Asar ommaviy ravishda qabul etilishi biroz mushkul. Intellektual jihatdan yuqori saviyali kitobxonlar uchun tushunarli, kuchli ijtimoiy-siyosiy ramzlarga burkangan yangicha asar sifatida e’tibor qozonishiga shubhamiz yo‘q. Albatta, Erkin A’zamda “Shovqin” romaniga asos bo‘lgan voqealar, tilsimli ramzlar yillar davomida shakllanib, dunyoga kelgan. 1972 yilda jurnalistika fakultetini tugallagan Erkin A’zamning respublika radiosida diktor, adabiy eshittirishlar tahririyatida muharrir, so‘ngra “Guliston”, “Yoshlik” jurnallari nasr bo‘limida, 1992 yildan O‘zbekiston axborot mahkamasida mas’ul xodim, 1994 yildan “Tafakkur” jurnalida bosh muharrir lavozimida faoliyat ko‘rsatib kelishi, kinoqissalar yaratishi mazkur romanning yaratilishiga zamin va asos bo‘lib xizmat etganligiga shubha yo‘q. Qolaversa, o‘zbek va jahon romanchiligida sinalgan tajribalar, xususan, g‘arb romannavislari U. Folkner, E. Xeminguey kabi XX asr amerika adabiyotining yetuk vakillari ijodi ham turtki berganligiga ishonamiz. Hayotda har bir inson o‘ziga tegishli, o‘ziga uyg‘un, o‘ziga mos ohang, tovush topa bilishi – bular ramziy ma’noda mazmun, maqsad bilan yashashi lozim, degan badiiy falsafa romanning qavat-qavatlarini nurlantirib turganligi bizni qoniqtirdi.

Manba: “Yoshlik”, 2013 yil, 1-son

ERKIN A’ZAM
SHOVQIN
Olis shahar, olis kechmishlar

001

3ca1d203bc75fd3e91ee061ab369ccf8.jpgErkin A’zam 1950 yil 10 avgustda tog‘li Boysunda tug‘ilgan. 1972 yil Toshkent Davlat universiteti (hozir O‘zbekiston Milliy Universiteti)ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. Respublika radiosida muharrir, «Guliston» va «Yoshlik» jurnallarida bo‘lim muharriri, G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va Sanat nashriyotida tahririyat mudiri bo‘ldi. 1992—1994 yillarda O‘zbekiston milliy axborot agentligida bosh direktori o‘rinbosari. 1995 yildan «Tafakkur» jurnali bosh muharriri I, II chaqiriq O‘zbekiston Oliy Majlisi deputati.
«Chiroqlar o‘chmagan kecha» (1977), «Otoyining tutilgan yili» (1981), «Olam yam-yashil» (1984), «Javob» (1986), «Bayramdan boshqa kunlar» (1988), «Mir v svetax» (1999), «Pakananing oshiq ko‘ngli» (2001), «Kechikayotgan odam» (2002) to‘plamlari muallifi. Yozuvchi asarlari asosida «Chantrimore», «Piyoda», «Dilxiroj», «Suv yoqalab», «Zabarjad», «Jannat qaydadir»“Parizod” va bir qator badiiy filmlar suratga olingan. Asarlarini ruhan birlashtirib turadigan jihat-insoniy erk, har qanday zo‘ravonlikka munsabat masalasidir.

09

1. Bir xushxabar va sirli otdosh

Olis bir shahardan ketma-ket kelgan bu qo‘shaloq xabar Farhod Ramazonni shoshirib qo‘ygan edi. Shoshirib emish, ko‘p yillar burun boshidan kechgan eski savdolarni qayta tig‘lab, nari-berisini aytmaganda, bir maromda borayotgan bugungi turmushini alg‘ov-dalg‘ov qilib yubordi desa bo‘ladi. To‘g‘ri-da, yaxshidir-yomondir, o‘tgani – o‘tdi, bundan bu yog‘i ham shunday bir navi jilaverishi hech gap emas. Lekin nogahon chaqmoq chaqnagan misol bari ostin-ustin bo‘lib ketdi.

Dastlabkisi – elektron pochta orqali kelgan maktub Ravshan Akobirovdan edi. Farhod dunyoda kimdan kutgan bo‘lsa kutgandirki, shu odamdan biron xat-xabar olishni, yana-tag‘in deng, bunday hayratomuz xushxabarni aslo xayoliga keltirmagan.

“Farhodjon, sizni chin dildan qutlayman! – deya samimiy takalluf ila boshlanardi bitik. – To‘ydan oldin nog‘ora qoqmayin degan andishada sizga ma’lum qilmagan edim. Xabaringiz bordir, men ko‘pdan buyon Hollivud kinokompaniyalari bilan muzokara yuritib kelaman; har qalay, kiroyigina munosabat bog‘lab oldim shekilli. Ammo kechagi kunga qadar aytarli bir natija yo‘q edi. Tasodifan, Toshkentda chiqadigan “Zvezda Vostoka” jurnalining eski bir soni qo‘limga tushib, “Ishq isyoni” degan asaringizni o‘qib qoldim. Ko‘ngil bir nimani sezdimi, tezgina inglizchaga tarjima qildirib (darvoqe, o‘zimizning Farhod o‘girib berdi, qo‘li ancha kelishib qolgan), okean ortiga jo‘natgan edim, kutilmaganda xushxabar keldi! Sizni yana bir bor tabriklayman, uka! Xullas, ishimiz yurishadiganga o‘xshab turibdi. Takliflari bo‘yicha, shu yil oxirlariga borib tayyorgarlikni boshlashim kerak. Ruxsat tegsa, balki O‘zbekistonda suratga olinar, nima dedingiz? Lekin ssenariy yuzasidan ba’zi jihatlarni siz bilan ertaroq bir kelishib olishimiz lozim. Men, bilasiz, ma’lum sabablarga ko‘ra, hozircha Toshkentga borolmayman. O‘zingizning yaqin orada bu tomonlarga kelish niyatingiz yo‘qmi? Kelolsangiz yaxshi bo‘lardi – sizga daxldor boshqa gaplar ham bor…”

“O‘zimizning Farhod” nechundir yonbosh harflarda edi. Nima, maqtanmoqchimi? Darvoqe, nega endi – Farhod? Kim o‘zi u?

Xatning oxiridagi “R.S” belgisi bilan ilova qilingan so‘zlar kishini ayniqsa hayratga solardi: “Akangizdan haliyam ranjib yurgandirsiz? Qo‘ying, unuting, bari o‘tdi endi…”

Bir oylardan so‘ng kelgan navbatdagi noma esa Farhod Ramazonni batamom dovdiratib qo‘ydi.

“Azizim Farhod! Eski do‘stlaringni unutib yuborganing uchun… tashakkur senga! Boshqa nima deyin, ayt? Ravshanning xatini olgandirsan? Chin qalbimdan tabriklayman, jonim! Sen bilan qandoq faxrlanganimni bilsang edi! Hollivud-a! Hazilakam gap emas bu, janob Romazanov! (Aynan shunday – “Romazanov” yozilgan edi.) Biz tomonga yurish niyating yo‘qmi? Eshitishimcha, yaqinda bo‘ladigan kinofestival tanlov dasturida senga tegishli film ham bor emish. Nomi g‘alati-ya – “Qizlarning qorovuli”midi? Kim u – qorovul? O‘zing bo‘lib chiqmasin tag‘in? Esingdami?.. Qorovul emish! Bo‘pti, bo‘pti, jahling qo‘zimasin, hazil. Aytganday, quloq qalay, quloq? Qo‘yaver, chiyillasa chiyillayversin, quloq solma unga – Hollivudgaki ma’qul tushadigan narsa yozmoq uchun quloq sog‘lom bo‘lishi shart emas ekan! Buyuk Betxovendan o‘rnak olsang, kam bo‘lmaysan, do‘stim. O‘sha “Qorovul”ing bahonasida bir kelsang-chi? “Qizlar” tayyor bu yoqda! Indallosiga ko‘chadigan bo‘lsam – bizda ayrim muammolar chiqib turibdi, biryo‘la gaplashib ham olardik. Otdoshing – Farhod maktabni bitiray deb qoldi, Londonga borib o‘qimoqchi, pasport olishi kerak. O‘zbek bo‘lmoqchilar bu kishi! Sening maslahating zarur. Qolganini kelganingda so‘zlasharmiz. Agar meni unutmagan bo‘lsang, huv kartoshkadek dongdor burningdan o‘pdi deb hisoblayver.

O‘sha-o‘sha Vikang.

P.S. Senga atalgan bir yangilik. Yaqinda “Mosfilm”ga yo‘lim tushib, eski do‘sting Sur’at Nabiyevni uchratib qoldim. Uylanganmish. Aytsam ishonmaysan – tag‘in o‘sha Lidasiga! Jazoirdan qaytib kelibdi-da u. Zo‘r-a? Qoyilmisan? Endi yana bir bor burningni tutmasang bo‘lmas. Qani-qani… Ana, bo‘-o‘ldi!”

Bugun o‘ylab qarasa, Farhod Ramazon u shaharni ko‘rmaganiga nari-beri o‘n yetti yil bo‘libdi, o‘n yetti yil! Yurakka dog‘ solgan Vikayu Ravshan Akobirov deganlar endi go‘yoki unutilayozgan bosinqi bir tushga o‘xshaydi.

Shuncha yilning badalida nega bir yo‘qlab bormadi? Imkon topsa bo‘lardi-ku. Yoki oyog‘i tortmadimi? Nega?

Gap ko‘p, bahona ham yetarli. Lekin ochig‘i – qo‘rqardi. Qo‘rqar ediki…

2. Osmonda

– Farxad Mirzayevich, ne jelayete chutochku?..

Olis safarlarga ketayotganida Farhod Ramazonning samolyotda mizg‘ish odati bor edi. Bu gal sira ko‘zi ilinmayapti. Dam-badam xayol olib qochadi, tizginsiz, parishon xayollar. Fikrni bir joyga jamlashga, ko‘p yillar burun kechgan o‘sha voqealarni birma-bir nazardan o‘tkazib, qay o‘rinda yoshlik qilgani – xatoga yo‘l qo‘yganini anglab yetishga kuch topolmayotir. Darvoqe, xatomidi u, yana qaytib yosh bo‘lganida, o‘shanday holatga tushganida boshqacha yo‘l tutarmidi? Bunisini endi xudo biladi, xudo!

Atay sheriklaridan qochib orqadagi bo‘sh o‘rindiqqa o‘tib olgan safar guruhining rahbari – san’at arbobi Farhod Ramazon daf’atan bezovtalandi. Chekkisi kelib ketdi. Samolyotda! Uch-to‘rt yil oldin ne azobda shu balodan qutulgan odam! Anovi aktyor bolaning yuzidan o‘tolmay chatoq qildi. Otasi – eski do‘sti, xalq artisti, o‘lgudek ulfatparast, pazanda, beliga peshband tutib, choyxonada jigarni shunday qovuradiki, undan-da oshib tushadigan osh-paloviga keyin birov qaramay qo‘yadi, o‘zi laganga bosib, har gal har xil jazmaninikiga olib boradi. Ulardan bittasi oshxo‘rroq chiqdimi, ko‘p yil burun o‘shani xotin qilib ketgan. Maktabda oddiy muallima bo‘lgan eski xotinining qo‘lida bir qizu mana shu o‘g‘li Baxtiyor qoldi. Qizini manglayiga qizil xol bostirib boshqa dinga o‘tgan deydilar, kim bilsin. Bepadarlik odamni dindan ham chiqarar ekan-da, tavba.

Uch-to‘rt yil bo‘ldi, o‘z-o‘zidan xalq artisti bilan uzoqlashib ketishdi; endi ilgarigidek choyxonapalovu ulfatchiliklar yo‘q, hammasidan qochadi, majlis-marosimlardan ortmaydi. Lekin Baxtiyor baribir o‘sha sobiq ulfatining farzandi-da, boya qo‘lini qaytarolmadi. Boz ustiga deng, bolaning o‘zi rosa yoqimtoy. Yuzi ham, ko‘zi ham kulib turadi. Xushqad, xushmuomala. Uni ko‘rganda odam beixtiyor zavqlanib, yoshligini eslaydi, yosh bo‘lgisi kelib ketadi. Samolyot osmonga chiqib olganidan buyon qurmag‘ur tingani yo‘q – avval birga ketayotgan safdosh-safardoshlari bilan hammani o‘zlariga qaratib bir dam chug‘ur-chug‘ur qilishdi, so‘ng alomat sviterini yechib kiftiga tashlagancha qatorlar o‘rtasidagi yo‘lak bo‘ylab u yoqdan bu yoqqa qatnay boshladi. Goh unda-bunda cho‘nqayib olib kimlar bilandir lutfbozlik qiladimi-yey, goh qo‘llarida patnis, havorang muhayyir sharfni bo‘yinlariga parvozdagi qaldirg‘och misoli yonboshlatib bog‘lagan xushtavoze styuardessa qizlarni to‘xtatib bemalol gapga soladimi-yey, allanimalarni aytib hiringlashadimi-yey. Ammo bu holga hech birov ajablanmaydi, hech kimning g‘ashi ham kelmaydi. Salondagi jami qiz-juvonning ko‘zi shunda. Ko‘pchilikka sevimli yosh aktyor Baxtiyor Azizov! Uni barcha taniydi. Butun O‘zbekiston! Har soat televizorda ko‘rinib turadi: bir qarasangiz – pivoni ko‘z-ko‘z qilyapti, bir qarasangiz – “hayotning yorqin tarafi”yu “musaffo hayot”ni, yana burasangiz – allaqanday tomosha-shouning markazida javlon urmoqda, tag‘in burasangiz – qaysi bir cho‘zma serialda bosh qahramon, yana birida giyohvand bangi yigitning achchiq qismatini o‘xshatib berayotir. Ertaga kinofestivalda namoyish etilajak filmdagi bosh qahramon – “qizlarning qorovuli” ham shu. Ssenariy muallifi bo‘lmish Farhod Ramazon “Shu “xontaxta”chi yaltiroq bolani qo‘yinglar”, deb boshida oyoq tiragan edi, dastlabki videosinovlarni nazardan o‘tkazgach, ko‘nmay iloji qolmadi: butunlay boshqa qiyofaga kirib, ko‘ngildagi qahramonning o‘zginasi bo‘lib ketibdi kasofat! Mana, endi boshqa g‘oliblar qatori xalqaro kinoko‘rikka otlangan. Nimayam deysiz, haloli bo‘lsin!

Bu yog‘idan ko‘ngli to‘qligi uchundir, yigit o‘zini har joy, har vaziyatda erkin tutar, yor-do‘stlarining uncha-muncha amaldor ham xat yozib, qo‘ng‘iroq qilib eplayolmagan yumushlarini birpasda do‘ndirib kelar edi. Shunisi bilan-da hammaga suyumli, hammaga darkor!

U hozir yosh, qoni qaynoq navqiron davri, dunyo o‘ziniki, biri biridan suluv qiz-juvonlar shuniki – qarab o‘tirarmidi! Otasiga tortadi-da.

Biz-chi, biz qanday edik?..

– Farxad Mirzayevich, ne jelayete chutochku?

Xayollariga g‘arq bo‘lib borayotgan Farhod Ramazon cho‘chib yoniga o‘girildi.

Yo‘lakka bemalol cho‘kkalab olgan Baxtiyor, qo‘lida allambalo bir yapasqi idish, kishini eritib yuboradigan darajada xush jilmayib turibdi.

– Ichmayman, – dedi rahbar norozi xo‘mrayib. Hammayoq o‘zbekcha, O‘ z b ye — k i s t o n bo‘lib ketganiga falon yil o‘tdi-yu, bular hamon o‘sha “ikkinchi ona til”larini qo‘ymaydi. Filmni ovozlashtirganda binoyidekkina o‘zbekcha sayrab berishadi-yu, o‘zaro gap-so‘zga kelganda mana shu ahvol!

– Nu, domla, proshu, – dedi yigit mo‘ltirab, so‘ng nimanidir anglab qolgandek o‘zbekchasigacha lutf qildi: – Bir qo‘lgina!

– Bir qo‘lgina bo‘lsa, mayli, quy, quy, – dedi bo‘shashib Farhod Ramazon.

Baxtiyor ikkinchi qo‘lidagi yelim bordoqni familichoy singari tovlanib turgan ichimlikka to‘ldirib, zavq bilan uzatdi. Murodi hosil bo‘lgach, yon cho‘ntagidan bir bo‘lak shokolad chiqarib berdi.

O‘shandanmi yoki boshqa narsagami, mana, endi kutilmaganda tamakining xumori tutib turibdi.

Farhod Ramazon muqom bilan yonidan o‘tayotgan styuardessani imlab, suv so‘radi. Suvdan qonib ichib birpas sabr qilinsa, xumor deganlari bosiladi-qoladi. Sinalgan usul.

Vikaning xati tag‘in yodiga tushib, xayoli “eski do‘sti” Sur’atga og‘di. Maktubning ilovasidagi gaplardan u sal-pal xabardor edi. Uzoq yili onasining ma’rakasini o‘tkazgani kelganida Sur’atning o‘zi aytib bergan.

Ilk bor o‘sha olis shaharga Sur’at bilan birga borganlarini xotirladi. Ular institutda ham birga o‘qigan, uch-to‘rt yil televideniyeda ham birga ishlagan, ssenariynavislar kursiga ham birga ketgan edilar. Ammo shu bolaning hech omadi chopmadi-chopmadi-da. Bo‘lmasa, o‘zi Toshkentning baobro‘, badastir bir xonadonida katta bo‘lgan; otasi o‘sha kezlar shaharda yagona limonad zavodining direktori edi, Farhod ko‘p marta borgan uylariga, ota-onasini, aka-singillarini bilardi. Sur’at hamma joyda yaxshi o‘qigan, iste’dodsiz ham deb bo‘lmasdi uni. Qiziq-qiziq syujetlar o‘ylab topishga usta edi. Masalan, yosh bir aktrisa odamlarni o‘rganish uchun har xil davraga boraverib, axiyri hayotda ham artistga aylanib ketadi yoki bir chol allaqanday dori ichirib, kampirini yashartirib qo‘yadi. U kinoning talab-tabiatini balodek o‘zlashtirgan, boyagi kabi topilmalarini aytib berib uncha-munchani hayratga ham solar, shularni qog‘ozga tushirishga kelganda esa ish teskari bo‘lib chiqar edi. Shuning uchun hozirga qadar uning birorta mustaqil asari yo‘q, hammasi ikki kishi-uch kishilashib yozilgan hashar nimarsalar edi.

O‘zing-chi? O‘zingning ham o‘sha bo‘shang, omadsiz oshnangdan farqing qolmagan, Farhod Ramazon! Mana, necha yil bo‘ldiki, mansab kursisiga mahkam yopishib olgansan, arzirli biror nima yozganing yo‘q. Sen endi faqat o‘zgalarga maslahat berasan, aql o‘rgatasan, yozuv-chizuv ham, boshqasi ham nazaringda pashshadek mayda, keraksiz bir mashg‘ulotga o‘xshab qolgan. Bari mana bu arboblik savlatiga, shu savlatni bergan mayda-chuydalarga almashtirildi, qurbon berildi. Birmuncha ikkilanishlar, o‘rtanishlar bilan, lekin ayribosh etilgani haqiqat. Negaki ishni o‘zingiz bajargandan ko‘ra, unga haybarakallachilik qilmoq, boshchilik qilmoq oson ham maroqli. Bu esa shunday shirin, shunday mazali bir nisholdaki, yalayturib har qanday qalamni sindirib otgingiz keladi.

Ha, ko‘p narsa yozilmay, ko‘ngilda qolib ketdi. Kechalari ba’zan shuni o‘ylab qattiq bezovta bo‘ladi, zirapcha misol qadalib yotgan allanima yurak-yuragini zirqiratib yuboradi, hoziroq turib nimadir qilgisi, bir nimalar yozib tashlagisi keladi, ammo kunduzgi horg‘inlikmi, allaqanday qo‘rquv – jur’atsizlikmi qo‘lini chandib, o‘rnidan qo‘zg‘atmay qo‘yadi. Ertasi esa, kundalik yumushlarga sho‘ng‘ib, kecha hayajonga solgan gaplar ko‘ziga arzimas, ahamiyatsiz bir narsadek ko‘rinadi. Har gal shu, ko‘p takrorlangan hol. Bora-bora shunisi ham unutilib, endi allaqanday asosu bahonalar topib, o‘zingizni oqlaydigan, hatto bundan mag‘rurlanadigan bo‘lib qolar ekansiz.

Necha-necha yillar xayolda ardoqlab kelingan “Otaning o‘limi” yozilmadi, “O‘rinbosar” degani yozilmadi. Bular endi ko‘ngilga toshdek cho‘kib, ko‘ngil o‘zi ham toshga aylanib qolgan – qo‘zg‘atib bo‘lmaydi. Ravshan Akobirovning xatidan keyin eski qog‘ozlarini titkilab, “Ishq isyoni”ni topdi, o‘qib chiqdi. O‘qidiyu, olislardan kelgan e’tirof ham sababdir, hayratlarga tushdi: rostdan ham shu narsa menikimi, mening qalamimdan chiqqanmi?! Qani o‘sha qalam? Hechqursa, sinig‘i qayda? Bu kinoqissani u azob-iztiroblar girdobida, ammo erkin, qushdek erkin yurgan chog‘larida yozgan edi. Kabinetining biqinidagi xilvatxonasiga qamalib olib qariyb bir shishani bir o‘zi bo‘shatdi, keyin divanga cho‘zilib, kap-katta odam, ko‘zga ko‘ringan san’at arbobi, xuddi arazlagan boladek uv tortib yig‘ladi.

Gohida yuqori tashkilotlarning bo‘lar-bo‘lmas talablaridan bezori chiqib, baridan voz kechgisi, uyda o‘tirib ko‘ngildagi anovi dardlarini qog‘ozga tushirgisi keladi, shuni orzu qiladi. Lekin endi ulgurarmikan? Yo‘q, bu ishga o‘zi jur’at, shijoat topilarmikan? Xudo biladi, Bog znayet. Bu yoqda esa manovi tashvishlar…

Sur’at o‘sha oxirgi marta Toshkentga kelganida (sho‘rlik ozib-to‘zib ketibdi, sochlari to‘kilgan, adoi tamom bir ahvolda) noz-ne’mat muhayyo xilvat xosxonada viski ho‘plab o‘tirib g‘alatiroq gap qilgani yodida. “Qachon endi poytaxtga borasan?” deb qoldi u. “Itim adashibdimi poytaxtingda?!” dedi mustaqil yurtning sodiq fuqarosi, tegishli ruxsatsiz bir qadam ham chetga chiqolmaydigan mas’ul arbob. “Iya, o‘g‘lingni ko‘rib kelmaysanmi? Binoyidek yigitcha bo‘lib qolgandir o‘ziyam”. “O‘g‘lim?! Qanaqa o‘g‘il?” “Vikadan bolang bor edi shekilli? Lagutinaning qizidan?” Xosxona egasining o‘shanda nimadir zarur yumushlari bormidi, garchi sezdirmasa-da, ichida to‘kin go‘shasini omadsizlik, dardu hasrat ruhiga to‘ldirib yuborgan eski oshnasining tezroq daf bo‘lishini istab o‘tirardi – bu gapga unchalik ahamiyat bergani yo‘q, odatdagi bir do‘stona hazil, shunchaki tegajog‘liq deb fahmladi. Ammo, o‘ziyam xiyla sarxush bo‘lsa-da, mehmonining lafziga aralashgan bir ismdan tuyqus sergak tortdi. So‘nggi yillarda qurum bosib qolgan ko‘ngliga daf’atan kuz oftobi yanglig‘ hazin bir yog‘du sochilgandek bo‘ldi. “O‘zi qanday, nima ishlar qilib yuribdi?” deb so‘radi sir boy bermaslikka tirishib. “Kim? Vikami? Ochig‘i, talay yildan buyon uchratganim yo‘q. Kattakon bir chechen biznesmeniga xotin bo‘lgan, deb gap tarqagan edi. Keyin eshitsam, yo‘q, anovi ustozing bo‘lardi-ku, Ravshan Akobirov, o‘sha bilan birga emish. Ilgariroq bir-ikki teleserialda ham ko‘rinuvdi, bilarsan. Gulya, onasi esa, xabaring bordir, gullab-yashnab yuribdi. Huv sening so‘zlaring bilan aytsak, duppa-durust kinomomo bo‘lib qolgan. Birorta kino jurnali uning maqolasisiz chiqmaydi, ishonsang. Moskvaning kinoiqlimi shu kishimning qo‘lida hozir. Ammo-lekin yaxshi xotin shu, yaxshi inson. Etta-betda uchrashib qolsak, girdikapalak bo‘lib o‘lay deydi-ya! Har holda, o‘zimizniki-da”.

Eshitgan bir yangiligidan mezbon tamom karaxt bo‘lib, qulog‘i tom bitib qolgan, yaxshilab so‘rab-surishtirmoqqa yuzi chidamas, do‘stining boshqa gaplari durust qulog‘iga ham kirmagan edi. Chamasi, Sur’at o‘zidan, o‘zining turish-turmushidan so‘zlardi. Lidasi qaytib kelganmish. (Arab kinorejissyorining qo‘ynidan chiqib-da?!) Yana o‘sha Farhod ko‘rgan eski uylarida birga yashayotgan ekanlar. Mezbon anqayibroq qaradi shekilli, “O‘rtada bola bor, nimayam qilarding? – dedi Sur’at battar xomushlanib. – Birga turganimiz bilan – har kim o‘z yo‘liga”.

Tushunarli. Demak, tavanxona bu yoqda-yu, halimxona u yoqda.

Shu gapdan so‘ng Farhodning undan battar ko‘ngli qolib ketdi. “Toshkentga kelmoqchi bo‘lib yurarding? Biron karmi, ko‘rmi topilardi-da, axir. Shunday ibora bor, bilsang. Qishloqda ham qiz ko‘p, o‘zing o‘shanaqasini orzu qilarding-ku?”

Ikkovlon kursni bitirganlaridan keyin Sur’at birga o‘qiganlari – Lida ismli qizga uylanib Moskvada qolgan, Kinochilar uyushmasida milliy ssenariylar bo‘yicha muharrirlik qilar, biroq ishi yurishmay, turmushi ham darz ketganida Toshkentga bir kelib, do‘stiga shulardan hasrat so‘qqan, endi musulmon qizga uylanib, uzoq bir qishloqqa borib yashamoqchi ekanini aytgan edi.

“Endi kechmi deyman-da, o‘rtoq, – dedi xiyla pishib qolgan Sur’at ko‘zlari yoshlangandek bo‘lib. – Bolani tashlab kelolmasam kerak, bog‘lanib qolganman. Boshqa kimim ham bor axir? Endi kech, kech”.

“O‘zingga-chi? O‘zingga ham kech, kech…” Farhod Ramazon salonga alangladi, oldinroqdagi bir o‘rindiqqa engashib allaqanday qizaloq bilan gap sotayotgan Baxtiyorni qo‘l silkib yoniga chorladi.

– Slushayus, Farxad Mirzayevich?

– Anoviningdan qolganmidi?

– Shest sekund! – deya artistona qiliq ko‘rsatib “qo‘shxona”si sari shoshdi Baxtiyor.

Farhod Ramazon bu daf’a yelim bordoqni oxiriga qadar simirdi. Bo‘lganicha bo‘lar, zora karaxt qilib uxlatib tashlasa!

Baxtiyor nari ketgach, u o‘rindiqqa raso yastanib, ko‘zoynagining quloq ortidagi sopiga o‘rnatilgan murvatni asta silab qo‘ydi. Hammayoq jimjit, hech narsa eshitilmay qolgandek bo‘ldi.

Aslida samolyotu uning salonidagi shovqinlar pasayib, dunyoning bor shovqini quloq-miya qa’riga ko‘chgan edi.

Farhod Ramazon ko‘zlarini asta yumib oldi. Endi atrofdagi manzaralar ham yo‘q – ularning o‘rnini boshqa-boshqalari egallagan.

Vika, Vika, Viktoriya… Dildoriya…

3. Qandalalar mehmoni: Farhod – Fidel – Fedya – Kastro – Komandante

“Bepoyon yurt” kinochilarining quyuq o‘rmon qo‘ynida joylashgan bu istirohat maskaniga yosh ssenariynavis Farhod Ramazonov ilk bor rostakamiga qadam qo‘yishi edi. To‘g‘ri, oliy kursda tahsil olayotganlarida Sur’at ikkalasi oshga deb bir to‘rxalta qizil sabzi, ikki kilocha yaxlagan tarasha go‘shtu ikki shisha anovi zormandani ko‘tarib, allaqanday katta kinoanjumandan keyin uch-to‘rt kun shu yerda dam olayotgan mashhur yurtdoshlari – o‘zbek kinosining otaxoni sanalmish Ustoz, undan sal beriroq turadigan Sobit Yahyoyev va Tal’at Raf’iullinni ziyorat qilgani bu yerga bir kelgan; maqsadlari – ustozlar bilan yaqinroq tanishish, yashirib nima, ilojini topib ularga yoqish va ertaga Toshkentga qaytib borganda “ko‘chada qolmaslik” g‘ami edi. Biroq hali kelajagi noayon yoshlar bilan ko‘rishar-ko‘rishmas, “Bel og‘riyapti, qovug‘imni yana shamollatib qo‘ydim shekilli”, deya Ustoz xonasiga chiqib ketdi; qolganlar – bir-ikki safdosh Ivan Ivanovichni sherik qilib sharobxo‘rligu bosh-quyruqsiz munozaraga berildi; shogirdlar azza-bazza ko‘tarib kelgan masaliqqa birov qayrilib ham qaragani yo‘q, faqat Raf’iullin “Nu potom, potom, rebyata”, deb qo‘ydi, xolos.

Alqissa, ne-ne ilinjlar bilan yo‘l tortgan ikki o‘rtoq o‘shanda och qoringa ustma-ust ichganu g‘iljayib bir chetda e’tiborsiz qolib ketgan, so‘ngra murod hosil bo‘lmay – na biror ma’nili gap eshitib, na bir narsaga erishib, chayqala-chayqala shaharga qaytgan.

Shu hisobda Farhod bu joylarni endi ko‘rib turishi desa bo‘ladi.

U aeroportdan kelasolib Kinouyushmaga uchradi, yo‘llanmani cho‘ntagiga joylagach, Sur’atning kabinetiga birrov bosh suqdi-da, “qol-qol” qistoviga qaramay, oshnasining huv bir tupkanning tagidagi yolg‘izxonasiga borishdan, cheksiz-adoqsiz hasratlarini tinglashdan bezillab bu yoqqa jo‘navordi; Sur’atning o‘zi tez-tez Toshkentga qo‘ng‘iroq qilib turar, gapining ohori ham qolmagan edi.

Istirohatgoh xiyla kengish va obod edi. Bir tomonda eski uslubda qurilgan uch qavatli g‘ishtin imorat, qarshisida – maydondan nariroqda baland zamonaviy bino qad rostlagan. Yonboshda – choqqina kinoxona, unga teskari yoqda daraxtlarga ko‘milib turgan oynaband oshxona; qarag‘ayzor oralab ham unda-bunda yog‘och uychalar ko‘rinadi – yakkamoxovlarga yoki boshqa raddi ma’rakalarga atalgan chiqar.

Farhod birinchi qavatiga ma’muriyat o‘rnashgan eski binoga qarab yurdi.

Mana, u halidan beri eski charm kresloda Valentina Grigoryevna Samoxinaning qovog‘ini poylab o‘tiribdi. Samoxina – navbatchi ma’mura, yon devordagi mixga ilig‘liq bir parcha kartonga bosma harf bilan shunday deb yozilgan. Uning o‘zi jigarrang yog‘och to‘siq ortidagi bahaybat stolida Farhodning pasportiyu yo‘llanmasini sinchiklay-sinchiklay ko‘zdan kechirib, oldidagi kattakon daftariga qayd etayotir. Yoshgina, sho‘xgina juvon.

– O-o, yana serquyosh O‘zbekiston! – deya xushhol qarshiladi u boya. – Siznikilardan ko‘p bu yerda.

Kimligini so‘rab o‘tirmadi Farhod: bo‘lsa bo‘lar, menga nima!

– Ramazonov Fidel Mirzayevich, – dedi juvon pasportdan ko‘z uzib. – “Kastro”si qani buning?

Farhodning “fojia”si – jon joyiga uradigan savol edi bu! Qayga bormasin, shunga duch kelib, chaynalib qoladi. Nima desin? Bir zamonlar menga bu nomni qo‘ygan otamdan borib so‘rang deydimi?

U o‘rnidan turib, peshtaxtaga yaqinlashdi. Stolning narigi boshida so‘qimdek bir olamushuk baqrayib turardi, Farhodni ko‘rib miyovlab yubordi. Qayoqdan paydo bo‘ldi bu maraz, boya yo‘q edi-ku? Shu maxluqqa sira tob-toqati yo‘q-da uning.

– Bilasizmi, Valentina Grigoryevna… – deya so‘z boshladi u devordagi yozuvga yana bir qur ko‘z tashlab olib.

– Bilmasak-chi, Fidel Mirzayevich? – dedi juvon tantiqlik bilan boshini bir yonga solib. – Buning nimasini bilish kerak ekan?

– Gap shundaki, Valentina Grig…

– Valya! – dedi do‘q qilgandek uning so‘zini shart bo‘lib juvon. – Valya! Siz shunday atayvering meni, komandante, sizga izn berdim. Hammasi tushunarli-ku: shonli oltmishinchi yillar, romantika davri, Ozodlik oroli, “Viva Kuba!”, “Kuba – lyubov moya!” To‘g‘ri aytyapmanmi?

To‘ppa-to‘g‘ri! Buncha baloni qayoqdan biladi-ya bu oddiy qorovul xotin?

To‘g‘ri aytyapsan, Valya! O‘shanda otashin inqilobchi bizning O‘zbekistonga ham tashrif buyurgan, tog‘dek bo‘lib dongdor “oq oltin ijodkorlari” bilan tushgan katta-kichik suratlari gazetalarni to‘ldirib yuborgan. Mirzo Ramazon, komsomoldan yetishib chiqqan jaydari bir romantik emasmi, ayni o‘sha kezlarda tug‘ilgan to‘ng‘ichiga, davr bilan hamqadam bo‘lmoq ilinjida, hovliqib ana o‘sha sersoqolning otini qo‘ygan. Kelajakda bir kun farzandi bundan norozi bo‘lishini xayoliga ham keltirmagandir. Fidellar, Anjelayu Robertinolar zamoni ekan-da, Valyaxon! Bugun endi birovi zo‘ravon diktator sifatida nom taratgan; “Anjela Devisga ozodlik berilsin!” deya himoyasiga butun sho‘rolar mamlakati oyoqqa turgan, yana biri esa aslida ayol kishi emas ekan, hozir u o‘ziga o‘xshash jingalaksoch zanji xonimga uylanib, kommunistik g‘oyalarga qarshi kurashib yotganmish; “Jama-ayka-a!” hayqirig‘i bilan chiqib butun dunyoni o‘ziga jo‘r qilgan “italyan bulbuli”ning haqiqiy jinsi borasida ham turli mishmishlar yuradi: emishki, u ham “tusi”ni “moviy”ga aylantirib, “erga tekkanmish”, eri o‘zidan shu qadar yosh ekanki, bir zamonlar “Jamayka” degan olamga mashhur qo‘shiq bo‘lganini ham eshitmagan…

Ana shunaqa gaplar, Valyaxon! Kamlik qilgandek, ota bu yog‘iniyam moslab qo‘ymoq xayolidami, olis tog‘lik manzilda ispan maktabi topilmaganidan Fidelni o‘rischa ta’limga beradi. “He, o‘sha Kastrongdi soqoliga uray! Ot qurib qoptimi o‘zimizda? Pidel-mideli nimasi, Farhod de, Fayzulla de! – deya boshdayoq norozi bo‘lgan bobosi – rahmatli Ramazonboy o‘ris maktabi xabarini eshitib battar tutaqqan ekan: – Musulmondi bolasi musulmonchada o‘qimaydimi! Kofir bo‘lsin deb non berganmidim men senga, Mirzo!”

Shu-shu – Farhod, Farhod! U hech qachon birovga o‘zini Fidel deb tanishtirmagan; aksincha, doim nomidan uyalib yurar, doim uni yashirmoqqa tirishar edi. To‘g‘ri, asl otini bilib unga havas qilganlar ham bor edi, ammo o‘zi hamisha xijolat chekkani chekkan. U vaqtda ism o‘zgartirish o‘limdan-da qiyin edi, hozir ham hazilakam ish emas – bir dunyo rasmiyatu chopa-chop!

Oliy kursda o‘qib yurganida ko‘plar uni “Fedya, Fedya” deb atardi, keyin kimdir hazillashib birato‘la “Kastro” deb yubordi, bora-bora – “Komandante”. U zamonda o‘zi hammaning oti shunday qo‘sha-qo‘sha bo‘lardi: Ravshan – Roma, Gulsum – Gulya, Sobir – Sashka, Zuhra – Zoya va hokazo.

Qo‘shni yotoqxonada turadigan kubalik bir yigitga tanishtirganlarida u “Fidel bo‘lsang, soqoling qani?” deb mutoyiba qilgani yodida.

– Bo‘pti, macho, yuring endi, sizni xonangiz bilan tanishtiray, – deya Valya devorga osig‘liq taxtadagi qoziqlardan kerakli kalitni olib, zinapoya sari boshladi.

Unga ergashib ikkinchi qavatga chiqarkan, oldinda dikirlab ketayotgan juvonning qaddi-qomatini Farhod endi baralla ko‘rib, xayoli bir yoqlarga borib keldi.

Safarda yurganingizda ko‘ringan qiz-juvon xushro‘yga o‘xshaydi-ya, nega bunday? Ayniqsa, bu tomonlarniki. Farhodga ma’lum-da: kursda o‘qiganida ko‘p martalab shunga iqror bo‘lgan. (Uch-to‘rt kun o‘tgach bildiki, hozir jiddiyat bilan qog‘oz-qalam qilib o‘tirgan mana shu juvon ham “bemalol ketadigan” xilidan ekan, ammo endi befoyda – u yog‘iga o‘zining boshi aylanib qolgan edi.)

Koridorning oxiridagi bir xonaga kirilgach, Valya karavot boshidagi qo‘shyostiqni mehribonlarcha turtib-tuzatgan bo‘ldi-da, qulochini keng yozib:

– Marhamat, endi maza qilib damingizni olaverasiz, Fidel Mirzayevich! – dedi xuddi o‘zi ham qo‘shilib maza qiladigandek zavq bilan. – Biror nima zarur bo‘lib qolsa, chaqirasiz. Yigirma to‘rt soat xizmatingizga hozirman! Xona chakkimas-a, nima dedingiz?

– Menga farqi yo‘q, rahmat.

Navbatchi chiqar-chiqmas, Farhod qo‘lidagi yuklarini shkafga nari-beri joylab, kiyim-piyimi bilan o‘zini karavotga otdi: o‘lgudek toliqqan edi.

Xiyol o‘tmay pinakka ketibdi. Vujudi allaqanday bo‘shashib, iliqqina suvga cho‘mgandek rohat qilardi… Ie, haligi Valyami? Kelib o‘zi qo‘ynimga kirdi-ya! Quchoqlashini qarang! Badani muncha issiq! Vey, bu nimasi – qitiqlayaptimi? Obbo-o! Yo‘q, timdalayotgan ekan, uzun-uzun tirnoqlari bilan timdalagani timdalagan-a! E, mushuk-ku bu, boyagi olamushuk!

Farhod sapchib to‘shakdan turdi; bo‘yniyu bilaklarini siypalab ko‘rdi: barmoqdek-barmoqdek bir balo toshib chiqqan! Chaqibdi, hammayog‘ini chaqib tashlabdi! Qandalamikan? Qandala nima qiladi bunaqa joyda?

Xona o‘rtasida bir zum sargarang, qashinib turdi-da, so‘ng eshikni ham ochiq tashlab navbatchining oldiga yugurdi. Ahvolni aytib arz-dod qildi.

Valya birdan tusi o‘zgarib, nari-beriga bir alanglab oldi.

– Voy, kechirasiz, Fidel Mirzayevich, uzr, uzr, – deya mayin barmoqlari bilan uning bilaklarini silay boshladi sarosimada. – Iltimos, og‘zingizdan chiqmasin-a. Iltimos! Allaqayoqdan kelgan bir isqirtnamosi yotib yuruvdi, o‘sha ekib ketgan bo‘lmasin tag‘in? Kinorejissyor emishlar! He, o‘l-a, bitliqi! Xafa bo‘lmang, azizim, men sizga shunday bir xona berayki, lyuks! Derazasi huv ko‘m-ko‘k o‘rmonga qaragan, maza qilib o‘y surib yotaverasiz!

– Rahmat, rahmat, – dedi Farhod sezdirmaygina qashinib.

– Agar o‘sha xonada chumoli chaqsa ham chaqirasiz, o‘zim silab qo‘yaman! – deya juvon o‘lgur sho‘xchan ko‘z qisib, devordan boshqa kalitni oldi. – Ha-ya, aytganday, sizni bittasi surishtirib yuruvdi.

– Kim ekan? – dedi Farhod hayron bo‘lib.

– Oti nimaydi-ya? Eng zo‘r, eng mashhurlaring bor-ku, o‘sha-da.

Farhod battar taajjubga tushdi: “Eng zo‘r, eng mashhurimiz… kim edi? Ustozdir-da, ustoz. Lekin yetmishdan oshgan odam, endi bu yoqlarda yurmas. Unda kim bo‘ldi ekan?”

4. Ustoz. Mirzo Boburning ko‘kko‘z onasi – kinokelin

Badiiy kengashda har qanday ssenariyning muhokamasini boshlashdan oldin, asli kinochiroqchidan chiqqan o‘lgudek qo‘rqog‘u ehtiyotkor rais so‘raydi: “Ustozning nazarlaridan o‘tganmi bu?” Mabodo o‘tmagan bo‘lsa, boshingizni ming toshga uring – befoyda.

Ustoz deganlari – kinochilarimizning piri, mana shu dargohga ham ko‘p yillar rahnamolik qilgan, ikkitami-uchta “kartina”si bilan mashhuri jahon bo‘lgan yetmish yoshlardagi chol. Men uni o‘zimcha “kinobobomiz” deb atayman. Kinobobo!

Umuman, men sizga aytsam, har qanday kalimaga mana shu “kino”ni qo‘shsangiz, u yog‘i o‘z-o‘zidan to‘qilib ketaveradi: kinobobo, kinomomo, kinoafsona (oldingi ikkovi), kinokatta (rais), kinoboy (kartina direktori), kinoqul (yordamchilar, dekoratsiya yasovchilar); kinojonon, kinoulfat, kinog‘urbat singarilari tanish sizga. O‘zimni esa dangaliga “kinosho‘rlik” deb bilaman. Sho‘rlik bo‘lmasam – ssenariy yozarmidim, avvalambor shunga o‘qirmidim? Ssenariychini men birovga qiz bergan sho‘ring qurg‘ur ota-onaga o‘xshataman. Ne-ne orzu-umidlar bilan qizni tug‘ib voyaga yetkazasiz. Keyin bitta bo‘yni yo‘g‘oni keladiyu ot va’da qilib, tuya va’da qilib olib ketadi. Olib ketgach, eltib bilgan ko‘yiga soladi. Qani, endi aralashib ko‘ring-chi!

Ssenariy yozganda ham xuddi shunday! Boshimdan o‘tgan-da, kamtarin tajribamda bunga misol ko‘p – mavridi kelganda hali aytib berarman.

Ana, ko‘rdingizmi, so‘zni o‘zim olib, chalg‘ib ketdim chog‘i.

Muhtaram kinobobomizga qaytaylik.

Yaqin besh-o‘n yil mobaynida birov bu atrofda u kishining qorasini ko‘rmagan – shahar chetidagi chorbog‘ida istiqomat qiladi. Qishin-yozin. Yolg‘iz. Kampiri o‘lgan. Ie, darvoqe, nega yolg‘iz deyapmiz – anovi saf-saf “Sabo”lar-chi? Mayli, keyin, keyin.

Men ham ikki martami-uch marta u kishining qarorgohiga bosh urib borganman. Avvaliga bir oz taysalladim: nega endi shundan o‘sha yoqqa yo‘l tortishim kerak? Bir sassiq chol nimaniyam tushunardi? Uning davri o‘tgan, bugun endi yangidan-yangi kinousullar, kinoqilig‘u kinoqichiqlar chiqib ketdi – huv bir go‘rda mog‘or bosib yotgan “kinoafsona” buni qayoqdan bilsin?! Biroq, gadoy achchiq qilsa – to‘rvasiga ziyon. Mag‘rur bosh egildi.

Ustozning ziyoratiga quruq qo‘l bilan borib bo‘lmaydi, bilib oling. Bozor-o‘char qilsangiz-ku – himmatingiz, lekin bir shisha “Oq laylak” konyagi bo‘lmog‘i shart – faqat shunisidan no‘sh etadilar Ustoz. Koshki u zormandani topish oson bo‘lsa!

Mana, bordingiz deylik. Chol bog‘dagi biror daraxt soyasida albatta esnab o‘tirgan bo‘ladi. Bazo‘r ko‘zini ochadi, “O‘qing”, deb qo‘yadi. Ro‘parasiga o‘rnashib, qora ter ichida, ming bir istihola bilan keltirgan matohingizni o‘qimoqqa tutinasiz. Ustoz ko‘zlarini yumib olgan, o‘qtin-o‘qtin pishillab, xurrak ham otayotganga o‘xshaydi. Parvo qilmang, o‘qiyvering, aks holda dog‘da qolasiz. Mug‘ambir chol o‘zini atay merovlikka solayotir. Tuyqusdan ko‘zini ochib shunday bir savol beradiki hali! Bunday olganda – anchayin jo‘n savol, hatto ibtidoiy. Ammo xomtama bo‘lmang – unga javob topmoq oson ish emas. Ustoz qo‘ltiqlab kelgan qo‘lyozmangizning jon joyini nishonga olib nish urayotir. Masalan: “Shuginani yozib nima qilardingiz o‘zi?” Qani, so‘zlang, marhamat! Yoki: “Anovi personajingiz namuncha vaysaqi? Butunlay gapirmay qo‘ysa nima qiladi shu?” Yerga qarab qolsangiz, chol ham yerga qarab o‘tiraveradi. Ahvolingizga voy! Nimadir deb e’tiroz bildirsangiz, umuman, bir ming‘irlab qo‘ysangiz bas – u yog‘ini o‘zi olib ketadi. Oliy kurslarda olgan ta’limingiz chippakka chiqib, tamomila o‘zgach a dunyoga ro‘para kelasiz. Qirq-qirq besh sahifali xomashyodan ko‘z oldingizda g‘aroyib bir guldasta paydo bo‘ladi!

Qisqasi, tirraqi bir echki ko‘tarib borib, delanglagan qo‘y bilan qaytasiz. Kinobobomiz ana shundayin dono, donishmand!

Yana bir chizgimiz shuki, qachon bormang, Ustoz hamisha bir xil to‘r maykada o‘tirgan bo‘ladi. Hozir unaqasini qidirib ham topolmaysiz; eski-tuski rekvizitlar saqlanadigan kinoomborlarda bitta-yarimtasi qolgandir. Chol bir qopini bosib qo‘ygan ko‘rinadi. Huv bir zamonlar olgan davlat mukofotlarining puliga.

Ssenariyxonlikning avj pallasida Ustoz daf’atan qo‘shqavatli ixchamgina imorat sari yuzlanib, eshitilar-eshitilmas, “Sabhat!” deya sado chiqaradi.

Yo‘q, bu o‘tgan daf’a siz ko‘rgan Sabohat emas, boshqasi. Ularning bari- bir. Rahmatli xotinining ismi shunday bo‘lgan Ustozning.

Mana shu sabolarni keyin biror filmda ko‘rib qolsangiz ajablanmang. Qaytib ekranda uchratmasangiz ham hayron bo‘lmang. Bir martalik mitti “yulduz”lar bu. U yog‘ini eplab ketsa – “bravo”, eplayolmasa, o‘zidan ko‘rsin. Ustoz aybdor emas, u qiladigan xizmatini qilib qo‘ygan. Bor endi, toshingni ter!

O‘sha zahoti imorat tarafda siz keltirgan “Oq laylak”ka tarvuz-parvuz qo‘shib, kumush barkash ko‘targan bir nozanin paydo bo‘ladi. Bo‘lg‘usi kinojonon! U ajib navozish ila kelib, qo‘lidagilarni pastak mizga qo‘yadi-da, xos qadahni to‘ldirib Ustozga tutadi. Ustoz bir lahza shafaqrang jilvaga tikilib turadiyu bir hamlada yutib yuboradi. Tarvuz-parvuzdan gazak qilgach, ko‘rpacha to‘shalgan tebranma kreslosiga allaqanday behol yastanib, ko‘zlarini yumib oladi. Huzur qilayotir. Hey, Sabohat, nega qarab turibsan, huzurbaxshlikka hissa qo‘shsang-chi! O‘zi biladi vazifasini: kresloni xuddi belanchak misol tebrata boshlaydi u. Lekin o‘lgurning ko‘zi sizda, qo‘lyozma o‘qishdan bosh ko‘tarsangiz shiringina jilmayib ham qo‘yadi. Ana shunda hushyor bo‘lasiz! Asti shoshilmang, o‘zingizcha bir balolarni xayol qilib tamshana ko‘rmang – armonda qolmog‘ingiz muqarrar! Hozir, mana hozir Ustoz ko‘zini ochadi, vazmin burilib tepasiga qaraydi. Asta engashgan Sabohat uning bo‘ynidan quchib, ikki chakkasidan cho‘lp-cho‘lp o‘padi. So‘ngra gardaniyu yelkalari aralash serjun ko‘kraklarini uqalamoqqa, oppoq quyuq sochlarini nozik barmoqlari bilan beozor qashimoqqa tushadi.

Bu behishtiy barmoqlar – bizniki, bu nozu karashma – bizga, bari-barchasi o‘zimizga atalgan! Sen, bola, hadeb ko‘zingni lo‘q qilavermay, qo‘lingdagi anovi dardisarga “oq yo‘l” undirmoq payidan bo‘lsang-chi, nodon!

Darhaqiqat, ana shu sinovlarda sabr-bardoshli bo‘lsangiz, Ustozning boyagidek savol-javoblariga mardona turib bersangiz – marra sizniki! “Ruchku! Ruchkang bormi?” deydi u shunda. Qo‘lingizdan ruchka bilan qo‘lyozmani oladi-da, ochiq joy – hoshiyalari qolib, to‘ppa-to‘g‘ri matnning ustiga bostirib aji-buji harflarda xulosasini bitadi: “Prochyol. Goditsya” – “O‘qidim. Ma’qul”. So‘ng o‘girilib, ruchkani Sabohatiga uzatadi: “Qo‘l qo‘y”. Qiz qiyshanglay-qiyshanglay, sahifaning hoshiyasiga “imzo” chekadi: “Sabohat”.

Mana, endi sizni tabriklasak bo‘lar, o‘rtoq muallif! Endi buningizni anovi qo‘rqoq raisingiz tugul, undan kattarog‘iga ham dadil eltib beravering – qani, birortasi g‘iring deya olarmikan?!

“Birgina nigoh” degan narsam bilan Ustoz huzuriga borganim hech esdan chiqmaydi.

Qarasam, chol hamishagi joyida ko‘rinmaydi. Qo‘limdagi “laylak-paylak”ni yo‘lak chetiga qo‘yib, asta boqqa o‘tdim. O‘rik tagida o‘tirib kuta boshladim. Bir zamon imorat biqinidagi marmar basseyn tarafdan suvning shalop-shulupi eshitildi. Ustoz! U yon-bu yon gupsar urib yuribdi. Obbo, choli tushmagur-ey! Quloch otib suzishlarini ko‘rsangiz!

Damimni ichimga yutib o‘tiraverdim. Talay fursat kechdi, ammo g‘avvosimiz hali-beri suvdan chiqadigan emas. Allanechuk xijolatdaman. Sas chiqarmoqqa qo‘rqaman – ko‘rib qolsa, “Davay, men cho‘milaveray, sen shu yerga opkelib o‘qib berasan!” degudek bo‘lsa!..

Xayriyat!

– Sabohat! – Chol zinaga tirmashib, qaltiray-qaltiray suvdan chiqa boshladi.

Shu zahoti uydan kattakon paxmoq sochiq ko‘tarib Sabohat (bu boshqasi) chiqdi.

Ajabo, Ustoz qip-yalang‘och edi! Lekin – parvoyi falak.

Sabohat yugura borib uni sochiqqa o‘rab oldi-da, belidan quchgancha uyga olib kirib ketdi.

Mana, nihoyat, ustozu shogird o‘sha o‘rik tagida o‘tiribmiz. Bari-bari o‘sha-o‘sha tartibda kechadi: “O‘qing”, xurrak (suv elitgan-da), ora-orada qaltis savollar, jindak munozara, “Sabohat!”, “Oq laylak”, tebranma kresloda huzurlanish, o‘pilish, uqalash va hokazo.

“Ruchku!” xitobidan oldin Ustoz asosiy e’tirozini bayon qiladi:

– Yo‘q, qiz… o‘sha kelin-da, o‘lmaydi! O‘ldirmaysan uni. Qolsin. Gde gumanisticheskiy podxod?! Nu, anovi shopir birgina qarabdi, nu, havasi kelgan, aylantirmoqchi bo‘lgan – eri yo‘q. Nu, qiz… kelinni aytyapman, uning ham sal ko‘ngli sust ketgan, yestestvenno – eri yo‘q, er uzoqda. Lekin o‘rtada hech narsa bo‘lmadi-ku! Podumayesh! Malo chto! – deya u tag‘in kinotilga o‘tadi – inobatli til, go‘yo aslo e’tiroz qilib bo‘lmaydigan til; boyagi kabi “o‘tkir” xitoblarga uch-to‘rtta xos atamani qorishtirsangiz – kinotil tayyor-da! – Eto jizn, paren!

Bu tanbeh-tazyiqlar menga o‘shanda juda dag‘al, asarning “asos imorati”ni buzib, mazmun-mohiyatini teskari qilib yuboradigandek tuyulgan edi. Lekin, qarang, Ustoz haq bo‘lib chiqdi. Keyinroq o‘zimcha mulohaza etib ko‘rsam, darhaqiqat, shunda asar yutar ekan; tabiiyligi, hayotiyligi oshadi, mazmun ham chuqurlashadi. Axir, erkak kishiga bir qiyo boqqan, erkak ham bir nazar tashlagan har qiz-juvon o‘zini osaversa, suvga tashlab cho‘kaversa, qoyadan otib o‘laversa – ayol zoti qoladimi dunyoda! Gde gumanisticheskiy podxod?! Qarasa – bir qarabdi-da, nu i chto? Podumayesh!..

Bo‘rini yo‘qlasang boshi ko‘rinarmish, tulkini eslasang tuyog‘i ko‘rinibdi, quyonni quvlasang – qulog‘i…

Ko‘rindi: qulog‘i ham, tuyog‘i ham.

“Derazasi ko‘m-ko‘k o‘rmonga qaragan” xonada birpas o‘tirib Farhodning yuragi siqildi. Valya aytgandek, “maza qilib o‘y surib yotaverish”ga esa qo‘rqdi – bezillab qolgan: bunisidan endi sichqonmi, kalamushmi chiqib qolmasin deng!

Zerikkanidan hovliga tushib, maydonning daraxtzorga tutash bir chetidagi xarrakka borib o‘tirdi. Cho‘ntagidan sigaretini olarkan, huv daroz do‘xtirning vahimasini esladi: “Biz doriyu ukollar bilan tomirlaringizda kislorodni ko‘paytirmoqqa urinamiz-u, siz uni tamaki chekib barbod qilasiz!” Beixtiyor sigaretni labiga qistirib, gugurt chaqdi: “Mana, hammayoq kislorod!”

Bir zamon orqadagi daraxtzordan bir erkak bilan ayol chiqdi. Qizg‘in bahslashib kelayotganlari sezilib turibdi.

– Yo‘q, siz gapga quloq soling, – derdi ayol chiyillagudek ohangda. – Menga nimasi yoqmadi, aytaymi? Na tayinli bir gap bor uningizda, na tuzuk bir yechim – boshdan-adoq qup-quruq manzaralar! To‘g‘ri, tasvirlarga gap yo‘q – mahorat bilan suratga olingan. Ammo…

– Men-chi, men shunisini aytyapman-da, azizim, – deydi erkak murosa yo‘lini tutib. – O‘sha manzaralar ham tomoshabinga ma’lum kayfiyat bag‘ishlaydi-ku. Ramzlarni qarang! Qiz o‘rmonda adashib, daraxt shoxida otasining xonaki qalpog‘ini ko‘rib qolgan joyi esingizdami? Dahshatli detal-ku bu!

– E, qo‘ying, bari ming marta chaynalgan arzon-garov usullar, Bergmanning to‘rvasidan tushib qolgan sarqit!

– Mayli, mayli, dildorim, har kim o‘z fikrida qolaversin. Xo‘sh, shunday sulhga imzo cheka olasizmi, axir? – dedi erkak nihoyat taslim bo‘lib, hamrohini qo‘shni xarrak sari boshlarkan.

Farhod serbahs ayolni ko‘rgan zahoti tanidi: Elmira Kamolova, kinoshunos. Moviyko‘z sohibjamol. Duragaylardan. Ajab Ustozimizning ajabtovur kelinlari. Kinokelin. Shu yerda ekan-da buyam. “Siznikilardan ko‘p bu yerda”.

Uning yonidagi – qirq-qirq besh yoshlar chamali, istarasi issiq bir kishi edi. Old tomoni siyrakroq to‘q malla jingalak sochi o‘sib yelkasiga tushgan. Ma’no to‘la shahlo ko‘zlari odamga allanechuk mehribon, muloyim boqadi. Sarg‘ish charm kamzulini kiftiga tashlab olgan.

Toshkentda yurganida uncha-munchani nazariga ilmaydigan, so‘zlashmoq u yoqda tursin, salomingizga zo‘rg‘a bosh qimtibgina o‘tadigan tannoz xonim, Farhodga ko‘zi tushgach, do‘stona qo‘l silkidi-da, hamrohining “bo‘sh” yengidan tortib bu tomon boshladi.

Farhod qo‘lidagi sigaret qoldig‘ini xarrak yoniga qo‘yilgan daroz kuldonga tashlab, o‘rnidan turdi.

– Umidli yosh kinodramaturglarimizdan, – deb tanishtirdi uni Kamolova sherigiga. – Haqiqiy iste’dod! Oliy kursni bitirgan. Ravshan Akobirov rejissyorlik qilgan dastlabki filmi rosa shov-shuv bo‘lgan bizda. O‘zbek tilida suratga olingan to‘ng‘ich kartinamiz edi-da. Nomi “Erta qaytgan laylaklar”midi, Farhodjon?

– “Qaldirg‘ochlar, qachon qaytasiz?” edi, – deya to‘g‘riladi Farhod og‘rinibroq. Mana, o‘zing “iste’dod” deyapsan, to‘ng‘ich o‘zbekcha kartina ekanini, anovi shov-shuvlarni tilga olyapsan – baloni bilgich kinoshunos bo‘laturib, filmning nomiga kelganda bunday bepisand tusmollab so‘zlashing nimasi! – Qisqaroq bo‘lsin deb keyin Ravshan aka “Qaldirg‘ochlar” qilib yuborgan.

Kamolova bu izohlarga parvo ham etmay, shosha-pisha sherigini tanishtira ketdi:

– Bu kishi mashhur kinorejissyor Chaldratyan! Artur Chaldratyan. “Tog‘lar bag‘ridagi saltanat”, “Eski qal’aning siri” – ko‘rgansiz-a, Farhodjon?

Chaldratyan deganlari qulog‘iga chalingandek edi-yu, ammo uning birorta filmidan bexabar Farhod sipolik yuzasidan “Ha, ha, albatta, yaxshi, juda yaxshi”, deb qutuldi.

– Artur Artyomovich huv Bergmanning muxlisi ekanlar, siz-chi? Men esa…

– Elmirajon! Azizginam! – dedi rejissyor chehrasi yanada yorishib. – Bergman boshqa, Chaldratyan boshqa! Xafa bo‘lishim mumkin-a!

– Xafa bo‘lmoqqa ruxsat yo‘q! – deya Kamolova, xiyla yaqinliklari bormi, uning chakkasiga shapatilagandek yengilgina barmoq urib qo‘ydi-da, Farhodga yuzlanib so‘radi: – Qachon keldingiz? – Lekin javobini ham kutmay o‘zinikini aytib qolmoqqa shoshildi: – Biznikilar ko‘p bu yerda, ko‘rgandirsiz?

– Ustoz ham shu yerdalar shekilli, a, Elmiraxon opa? – deb so‘radi Farhod; Kamolova undan besh-olti yosh kattaroq edi.

– Ustoz?! Nega? Kak?! Arang o‘rnidan turadigan bo‘lib qolgan-ku, qanaqasiga kelardi bu yoqlarga!

Shu choq maydonning narigi boshida chug‘urlashib yurgan bolalardan sakkiz-to‘qqiz yoshlardagi bittasi “Mamul, mamul!” deya chopib kelib Kamolovaning etagiga yopishdi. Ona engashib, bir lahza uning yuziga yuzini bosib turdi. Ko‘rinishidan ko‘ngilchan Chaldratyan ham bu dildorlikdan chetda qolmadi: jilmayib bolaning sochlarini silab qo‘ydi.

“Babyor, Babyor!” degan chuvillash eshitildi maydonning narigi boshidan.

– Bor endi, o‘yna. Ana, o‘rtoqlaring chaqiryapti, – dedi Kamolova o‘g‘ilchasining kiftiga asta turtib. So‘ng Farhodga: – Mayli, hali gaplasharmiz, – deya, “bo‘sh” yengga qo‘l cho‘zdi.

Musohiblar Bergman kimu Chaldratyan kimligini rostakam tagiga yetmoq uchunmi, tag‘in daraxtzor oralab ketishdi.

Bu xonimginaning yurishi doim shu. Qachon demang, festivalma-festival kezib, mana shunday istirohatgohlarda kuni o‘tadi. Bayramona kinoanjumanlarga u “milliy ko‘rinmoq” uchun yal-yal xonatlas liboslaru zardo‘zi nimchalar kiyib boradi. (Riga festivalida Farhod uni shu qiyofada ko‘rgan.) Kattakon bir arbobning erka o‘sgan arzanda qizi-da, ko‘nglining ko‘chasi ko‘p. Ammo o‘zi tekisgina, silliqqina, o‘rischasi ravon, til qurg‘ur biyron, ana desangiz, mana deb turadi – shu yursin-da! U yoqqa borganda ham – “o‘zimizniki”, bu yoqqa kelganda ham – “o‘zimizniki”. Uyda o‘tirib nima qiladi? Ichaverib adoyi tamom bo‘layozgan anovi sharobxo‘r erning qovog‘ini poylaydimi? Upasi Bog! Tomog‘ini ho‘llab turarga uncha-muncha topib berayotganiga ham shukr qilsin u! “Oq laylak”lar qayoqda, “Chashma”-pashmasi ham ketaveradi unga. O‘ziga qolsa-ku, shu bedavoga o‘lganda ham tegmasdi. Amaldor otalar quda bo‘lgilari kelib, qilgan-da bu ishni. Lekin har kaltakning ikki uchi bo‘lganidek, yutgan, yutganda ham haddi a’losigacha yetkazgan jihatlarini esdan chiqarmaslik kerak. Insof bilan aytganda, bu qizginani Ustoz bosh bo‘lib o‘qitgan, Ustoz shu sohaga yo‘llagan – kinokelin qilgan, Ustozning orqasidan “eng zo‘r kinoshunos” atalib, mana bunday davru davron surib yuribdi. Zarur bo‘lganda – er bor, bo‘lmaganda – yo‘q hisobi. Bundan boshqa yana nima kerak bir kinoxonimga?

Boyagi xushtabassum armani yomon odamga o‘xshamadi. Lekin kinoopaxonimiz bunaqa Chaldratyanlardan necha-nechasini chaldiratib ketadi, ko‘nglimiz to‘q. (Voqean, o‘sha kuni kechki ovqat mahali Chaldratyan uzoqdan turib – Kamolova ikkovi bir stolda ekan – o‘sha-o‘sha tabassum bilan Farhodga do‘stona qo‘l silkib qo‘ydi. Omonat pochchalarimizdan biriga aylanib ulgurgan shekilli.)

Yana birpas o‘tirib, yana bitta chekib olgach, Farhod o‘rnidan turib bino sari yo‘l oldi.

Zinadan chiqayotib haligi bolakayga – Kamolovaning o‘g‘ilchasiga duch keldi.

– Hey bola, oting nima? – deb so‘radi beixtiyor. Bola anqayganini ko‘rib savolini o‘rischasiga takrorladi.

– Babur, – dedi bola beparvogina.

Aftidan, bobosi – Ustoz qo‘ygan nom.

– Mirzo Bobur de! Bilasanmi, kim u?

Bola bilganicha, to‘ppa-to‘g‘ri javob qildi:

– Men.

– Mirzo Boburimiz sen bo‘lsang, bu yog‘i zo‘r ekan-da! – dedi kulib o‘zicha Farhod.

Bola bu xo‘mraygan, gaplari g‘alati-g‘alati amakiga baqrayibroq bir qaradiyu yana boyagidek “Babyor”lab qichqirayotgan o‘rtoqlari sari shataloq otib chopdi.

Bunisini-ku bildik – Bobur-Babyor ekan, anovi “eng zo‘r, eng mashhurimiz” kim bo‘ldi?

5. “Eng zo‘r, eng mashhurimiz”. Sirli qo‘ng‘iroq

– O‘tirsak bo‘ladimi? – deb so‘radi birov tepasiga kelib o‘zbek tilida.

“Ko‘m-ko‘k o‘rmonga qaramoq”qa xushi kelmay tushlik mahali uxlab qolgan Farhodning qorni rosa och, boshqa vaqt bo‘lsa burilib ham boqmaydigan bir taomni zo‘r ishtaha bilan tushirmoqda edi. Og‘zidagi og‘zida, boshini ko‘tarib qaradi; qaradi-yu, dabdurustdan taniyolmadi. Nimasidir hindiylarga tortib ketadigan, sochlari oq aralash qaddiraso bir kishi ko‘zoynagini yiltillatib tepasida jilmayib turibdi. Bu yerda uchratishni xayoliga keltirmagan odami!

– E, Ravshan aka! Siz ekansiz-da! Assalomalaykum, – deya, qo‘lida qoshiq, beixtiyor o‘rnidan turib ketdi Farhod.

– Qoshiqni qo‘ying, qoshiqni, – dedi Ravshan Akobirov andak istehzo bilan.

Begona yurtda yurganda bir-birini uncha xushlamaydigan yoki o‘zaro arazli kimsalar ham gina-kuduratni esdan chiqarib, quyuq ko‘rishadi. Shunday bo‘ldi.

– Qachon kelding? – deb so‘radi Akobirov ro‘paradan joy olarkan; goh “siz”, goh “sen” – eski odati.

Derazaga taqab qo‘yilgan yemak stoli asli uch kishilik bo‘lib, “egalari” kecha ketgan, ovqat ulashuvchi keksaroq ayol hali Farhodni shu yerga o‘tqazgan edi.

Akobirovning o‘zi bir haftadirki istirohatgohda ekan. “Bepoyon yurt” Kinochilar uyushmasining yaqinda bo‘lajak plenumiga kelibdi. Boshqa ishlari ham bor emish, aytishicha.

Boyagi ayol patnisda ko‘tarib kelgan taomlar Akobirovga yoqmadi, qo‘lidagi sanchqi bilan unisini-bunisini titkilab ko‘rib, onasi tengi odamga emas, xuddi uydagi xotiniga uqtirgandek:

– Ninaxon, men senga necha marta aytdim: bunaqa taomlarga toqatim yo‘q, ko‘tar buningni! – dedi u zarda aralash.

Bechora ayol aybdorona iljayib, qo‘lini ko‘ksiga qo‘ydi:

– Uzr, Ravshan Usmonovich, xudo haqqi, unutibman. Men sizning bu stolga o‘tganingizni bilmabman-da. Hozir boshqasini olib kelaman, hozir.

U yugurib-yelib bir zumda “Akobirovning taomi”ni muhayyo qildi.

Farhod sirtdan biladigan xiyla taniqli bir kino arbobi yonlaridan o‘tayotib:

– Ravshan Usmonovichga olqishlar bo‘lsin! – deya quyuq mulozamat ko‘rsatib ketdi.

– Salom, salom, – deb qo‘ydi Akobirov tuzuk burilib ham qaramay, quruqqina.

Halidan beri yemakxonaning har joyidan yo‘llangan salomu so‘rovlarga javoban u ana shunday beparvogina qo‘l silkish bilan cheklanar va har gal “Ko‘ryapsanmi?” degan kabi Farhodga qarab olar edi.

Aftidan, bu yerda uni tanimaydigan odam kam topiladi. Kimsan – o‘zbek kinosida yangi yo‘nalish ochib, “bepoyon yurt” bo‘ylab ham ajab nom qozongan dongdor kinorejissyor Ravshan Akobirov! “Eng zo‘r, eng mashhurimiz” shu-da, Farhodning xayoliga kelmaganini qarang! Uni negadir bu yerda uchratishni kutmaganidan bo‘lsa kerak. Darvoqe, endi huv Ustoz deganlarining davri o‘tdi, uni o‘zining safdosh yetmishvoylari bilmasa, hozirgilar nominigina eshitgan chiqar, xolos.

Kinosayyoh Elmira Kamolovaga o‘xshab Akobirovning ham ko‘p umri mana shu yoqlarda o‘tadi. O‘zbekistonda anovi “kinomexanik”ka muovin hisoblansa-da, bu yerda – “bepoyon yurt” kino olamida obro‘-e’tibori baland – rayosat a’zosi, kotibiyat a’zosi! Uncha-munchani nazar-pisand qilmayotganiyu ninaxonlarga bemalol do‘q urayotgani bekorga emas.

Aslida, Farhodni qo‘lidan ushlab, yo‘q, tortib kino olamiga olib kirgan odam mana shu bo‘ladi. Kursni bitirib borgach yozgan ilk kiroyi asari “Qaldirg‘ochlar, qachon qaytasiz?”ga xaridor topilmay yurganida “Men olaman shuni!” deb maydonga chiqqan edi u. Qo‘rqoq rais darrovgina rozilik bergan, Ustoz-pustozga yo‘llamoqdan og‘iz ham ocholmay qolgan: markazga aloqador odam! “Ravshanbek Usmonovich oladigan bo‘lsalar, nimayam derdik, muvaffaqiyatlar tilaymiz faqat!” deya tilyog‘lamachilik qilgan.

Asar ruhida zukko odamgina fahmlay oladigan keskinroq bir mazmun ham bor, ammo bugungi nazar bilan qaraganda, u baribir bo‘shtob, havoyi bir narsa ekan. Biroq ekranga chiqqanida rosa gap-so‘z bo‘lgan, Farhodning o‘zidan boshqa barchaga ma’qul kelgan, hatto o‘sha yilgi Yoshlar mukofotiga ham munosib ko‘rilgan edi. Hech kimga, hech narsaga “tegib ketmaydigan” beozorgina, quvnoqqina bir tomosha. Keyin bilsa, ana shunaqasi ko‘proq yoqar ekan odamlarga.

Lekin “Qaldirg‘och”dan keyin Akobirov bilan oralari buzilib-uzilib, uzoqlashib ketgan edi. O‘shandan beri mana endi bir dasturxonda o‘tirishlari. Shu kunga qadar uchrashgan-netganda quruqqina salom-alik qilib o‘tishardi, xolos.

Film, Toshkentga yaqinroq deb, Parkentda suratga olinadigan bo‘ldi. Ssenariy muallifi sifatida qog‘oz-qalamini ko‘tarib Farhod ham chiqib bordi; yo‘l-yo‘lakay biror nima o‘zgarsa, qo‘shiladigan yoki olinadigan bo‘lsa, asarning umumiy ruhiga moslab-o‘xshatib beradi.

Ish birinchi kuniyoq buzildi.

Balo-qazoni daf etmoq uchun, udumiga ko‘ra, likopchalar osmonga otib chil-chil qilindi, shampan vinolari ochildi – tantana bilan boshlandi bari. Farhod qarasa – ssenariy bu yoqda qolib, butunlay o‘zgacha sahnaga tayyorgarlik ketyapti. Hayron bo‘lib rejissyorning oldiga kelgan edi, “Huv anovi yerga borib o‘tir sen, xalaqit beryapsan, ukam”, dedi Akobirov yelkasidan turtib. Ssenariydan so‘z ochganida battar jerkib berdi: “Qanaqa ssenariy – hammasi manovi kallada!” Bu gapga maydonchada bor odam, sal narida – adirlikning kungayida somon qalpog‘ini yuziga qoplab, oppoq badanlarini quyoshga toblab yotgan bekorchi kinoxonimlargacha – bari negadir kulib yubordi. Farhod mulzam bo‘ldi. Lekin u hadeb qistayvergach, qo‘lida bir shisha ma’danli suv, buklama brezent kursichaga yaslanib anovi oqbadan oyimchalari bilan luqma otishayotgan Akobirov, axiyri, ensasi qotib, yordamchisiga ssenariyni olib kelishni buyurdi. Ma’lum bo‘ldiki, ssenariy yo‘q – mehmonxonada qolgan ekan. Bu gapni eshitib Farhod shartta burildiyu xuddi yosh boladek arazlab ketvordi. Yo‘lovchi mashinaga ilinib shaharga qaytdi. Ammo to kela-kelguncha umidvor bo‘ldi: izimdan odam yuborsa kerak! Hech kim kelmadi uni yo‘qlab-qidirib. Na ertasi, na keyin. Bir-ikki kinojo‘rasiga arzini aytgan edi, “Ravshan Akobirovningki qo‘liga tushibdimi, u yog‘ini qo‘yaver – guldek qilib beradi, mana ko‘rasan!” deyishdi.

Umuman, film suratga olinayotgan chog‘da, iloji bo‘lsa, maydonchaga yo‘lamaganingiz ma’qul ekan – sizni ko‘rgan zahoti rejissyorning peshonasi tirishadi. O‘zingiz ham hadeb amakisining oyog‘i ostida o‘ralashaveradigan bemaza jiyanga o‘xshab qolasiz. Farhod ko‘p martalab shu ahvolga tushgan, biladi. Ish ravon yurib, epizod ko‘ngildagidek tasvirga olinganda hamma bir-birini qucha ketadi, bitta-yarimtasi sizniyam qutlab qo‘yadi. Teskarisi bo‘lsa-chi, katta-kichik bari yeb qo‘ygudek vajohatda sizga – bu daxmazalarni boshlagan odamga qarab o‘qraygani o‘qraygan. Shunda hech kimga sezdirmaygina daf bo‘lganingiz tuzuk. O‘z yog‘iga o‘zi qovrilib yotaversin bu qitmir, oqibatsiz bachchag‘arlar!

Ayniqsa, tayyorgarlik pallasi qaltis. Albatta nimadir xalal beradi, albatta nimadir yo‘qolib yo yetishmay qoladi. Maydonchada taranglik, baqiroq rejissyorning g‘azabi hukm suradi. Hamma xunob, hamma yig‘lagudek bir alfozda. Buning ustiga, tushlik ham kechikayotir. Bamisoli kimdir o‘lgandek yoki mana-mana o‘ladigan – qazosi kutilayotgandek og‘ir vaziyat! Bir qarasangiz – “Kun boshqa yoqdan chiqdi, plyonkam kuyadi”, deb operator janoblari soyabon qalpog‘ini yuziga qoplab buklama kursida mudrab ketadi; bir qarasangiz – arzanda aktrisa “Men bu ko‘ylakda tushmayman”, deya xarxasha qo‘zg‘ab ishning beliga tepadi. Bir gal buloq boshida “holatga kirib”, “Motor!” deyilishiga ilhaq o‘tirgan aktrisaning kelib-kelib naqd ko‘z milkidan (yirik plan!) chivin chaqsa bo‘ladimi! Bir zumda qovog‘i qizarib, shishib chiqdi. Jimjilog‘ining uchi bilan qichishayotgan joyini ishqalayapti-yu, “sog‘” ko‘zi sizda: “Seni deb bo‘ldi! Shu la’nati buloqdan boshqasini yozsang o‘larmiding?!”

Kamera oldida aktyor tayyor matn qolib, “holat” deganlari bahona, og‘ziga kelganini valdirayveradi. “Nega so‘zimni buzasan?” deya da’vo qilib ko‘ring-chi, rejissyori vishillab yuboradi: “Da kakaya raznitsa! Hey, bu yoqqa o‘tib turing siz, ishga xalal beryapsiz!” Filmni ovozlashtirish fursati kelganda esa, aktyorning o‘sha almoyi-aljoyi luqmalaridan jumla yasab, tag‘in deng, labining qimirlashi – “a” bilan “b”siga moslab xun bo‘lgancha qaytadan so‘z yozib bermoqqa majbursiz. Kuning qursin, Asrorqul!

Gohida mashhur xalq artisti maydonchaning chetida galalashib turgan behisob muxlislariga dastxat ulashib kuydiradi deng. Shunda betoqat operator rejissyorga iltijoli ko‘z tikadi, rejissyor tuya va’da etib zo‘rg‘a ko‘ndirilgan xalq artistiga bir nima demoqqa haddi sig‘may, zahrini boshqalarga sochadi. Zahri sob bo‘lgach, tura-tura noiloj yordamchisiga imo qiladi: bor, chaqir! Muxlislardan birovi bilan bemalol qaymoqlashayotgan xalq artisti yordamchini ko‘rib, “Ayt, qolganini ertaga oladi, ertaga ham kun bor”, deydi bamaylixotir.

Maydoncha “osmoni”ni tag‘in qora bulut qoplaydi.

Bir chetda shumshayibgina turgan muallif battar xijolatda: “Shuncha odamni ovoragarchilikka qo‘yib nima qilardim-a?!”

Qisqasi, ssenariy tasdiqdan o‘tib, ish boshlangach, hali ko‘p bora aytilganidek, iloji bo‘lsa, muallif ko‘zdan yo‘qolsa, shu orada u o‘lib-netib qolsa-ku undan ham yaxshi! Uch-to‘rtta kitobidan kino yasalgan keksa bir adib Farhodga bunday maslahat bergan edi: “Qog‘oziga qo‘l qo‘yib, bergan pulini olgin-u, qaytib qorangni ko‘rsatma – shunda yutasan, ukam!”

Yoki, aksincha – boyagi xo‘rliklarning bariga bez bo‘lib chida!

Oradan uch oylar o‘tib, bir kecha uyiga Akobirov qo‘ng‘iroq qildi. Hech nima bo‘lmagandek quyuqqina hol-ahvol so‘rashib, muddaoga ko‘chdi: “Kartinani ovozlashtiryapmiz, ertaga soat o‘nlarda studiyada ko‘rishsak”. Shunday deya go‘shakni qo‘yib qo‘ydi: gap tamom! Arazi birmuncha arigan Farhod, azbaroyi qiziquvchanlik, ertasi kuni eran-qaran “O‘zbekfilm”ga yo‘l oldi. Alhosil, bir haftacha qatnab, dialoglarni deyarli boshqatdan yozib berib qutuldi. Nima qilsin, mo‘maygina qalam haqining bir qismini olib, allaqachon yutib bo‘lgan edi-da; yegan og‘izga tosh tiqilsin deng!

Keyin, katta ko‘rik chog‘i film zahmatkashlari sahnaga chiqqanda Akobirov Farhodni mikrofon sari sudrab, kiftidan quchgancha, “Ssenariyni mana shu ukamiz yozib berdi. Tanib qo‘yinglar: yosh, iste’dodli kinodramaturgimiz, alay-balay”, deb elga ovoza qilgan.

Ammo hanuz uning asli kimligi Farhodga jumboq: do‘stmi, dushmanmi? Bir qarasangiz unaqa, bir qarasangiz bunaqa – tamomila boshqa odam!

Takabbur, uncha-munchani nazar-pisand qilmaydigan kalondimog‘ligi uchun ko‘pchilik uni zimdan xushlamaydi, lekin hamma-hamma olgan filmlariga tan beradi, u bilan hisoblashadi.

Ovqatdan so‘ng uzun oynaband koridor bo‘ylab orqama-ketin borisharkan, necha-nechasi Akobirovga iljayib, ba’zilari hatto yaltoqlangansimon egilib salom berdi, biroq u hech kim bilan durust so‘rashmadi, so‘zlashmadi – odatdagidek bosh silkib yo qo‘l silkib o‘tib ketaveradi, vassalom.

Eshikka yaqinlashganlarida orqadan shosha-pisha Chaldratyan yetib kelib, ehtirom bilan unga qo‘l cho‘zdi. Akobirov uzatilgan qo‘lni xuddi ermaklagan kabi silkiy-silkiy qo‘yib yubordi: bor, ishingni qil! Bularga chap bermoqchidek nariroqdan o‘tayotgan Kamolovaga ko‘zi tushgach esa:

– Ha, Elmira, odamni tanimay qolibsanmi? – dedi negadir o‘zbekchalab.

Kamolova indamay, sovuqqina bosh qimtib qo‘yib, o‘zini eshikka urdi.

– Opangizni bilasiz-a? – dedi Akobirov Farhodga sinovchan tikilib. – Bu yerlarniyam sug‘orib yuribdi, jalab.

Farhod garchi Kamolovani unchalik yaqin olmasa-da, bu gapdan noqulay sezdi o‘zini.

– Yuring endi, birpas havo olaylik, hav-vo! – dedi Akobirov maydonga chiqqanlarida yerchiroqlar shu’lasidan xiragina yorishib turgan daraxtzorga ishora qilib.

Ikkovlon nimqorong‘i yo‘lkalar bo‘ylab talay fursat kezib yurishdi.

Akobirov tamaki chekishni tashlabdi, nuqul og‘zini chapillatib “jevachka” chaynagani chaynagan. O‘zining kelganiga atigi bir hafta bo‘libdi-yu, Toshkentda nima gapligini, kinochilar orasida nima mishmishlar yurganini ijikilab surishtiraveradi.

– Shunchaki dam olishgami yo biror narsa yozib ketmoqchimisan? – deb so‘radi bir vaqt.

Farhod ikki-uch yildan buyon bir dardga yo‘liqqani – kechayu kunduz qulog‘i muttasil chiyillab-shang‘illab turishi, Toshkentda chorasini topolmagach bu yoqqa jo‘nagani, kattaroq do‘xtirlarga ko‘rinish niyati borligini aytdi.

– Shang‘illasa shang‘illayvermaydimi, senga nima? Og‘rimasa bo‘ldi-da, – dedi Akobirov hazil aralash.

– Bezor qiladi, Ravshan aka, jondan to‘ydirib yuboradi! Bo‘lmasa, bu yoqlarda sarson bo‘lib yurarmidim? Chorasi chatoqroq ekan. Gazetada o‘qidim: Xitoy tomonlarda aynan shuni davolaydigan usullar chiqqanmish. Bu yerda ham “Sigun” degan markazi ochilibdi. Uch-to‘rt oy bo‘ldi, yo‘llanma so‘rab katta uyushmaga ariza jo‘natuvdim. Ikki hafta burun “Vizangizni ko‘rib kelavering, yo‘llanma tayyor” deb xabar bordi. Vizam joyida, o‘tgan yili Vengriyaga borib kelgan edim, festivalga.

Akobirov og‘zini chapillatishdan to‘xtab, bir lahza o‘yga toldi.

– Tayyor ekanmi yo‘llanma? Da? Menga qara, shu Xitoy-pitoy deb yurasanmi, xom gap hali u, birato‘la eshitadigan apparat olgin-qo‘y-da qulog‘ingga!

Farhodga bu maslahat og‘ir botdi, “Hali yoshman, endi o‘ttizdan o‘tdim, qandoq bo‘larkan?” degisi keldi-yu, indamay qo‘yaqoldi: tanasi boshqa – dard bilmas.

So‘ngra odatdagi yozuv-chizuv, ssenariylardan gap ketdi. Farhod ana shu dardi bedavo unga rosa xalal berayotgani – hech nima yozolmayotganidan shikoyat qildi. Akobirov durustroq ssenariy qo‘liga tushmayotgani, hozir o‘zi ham bekor yurganidan nolidi. Endi mayda-chuydani qo‘yib, kattaroq miqyosda biror ish qilmoq niyati borligini gapirdi.

Akobirov qarshidagi yangi binoda turar ekan. Xayrlashayotganlarida zo‘r konyagi borligini aytib, xonasiga taklif qildi, Farhod uzr so‘rab, eski bino sari yurdi.

Ular tag‘in yaqinlashib, qadrdondek bo‘lib qolgan edilar.

– Ramazonov, sizga qo‘ng‘iroq bo‘ldi, – deb qichqirdi Valya, vestibyuldan o‘tayotganida.

– Kim ekan? – dedi Farhod taajjublanib.

Ayol kishi! Ovozi juda yoqimli ammo, – – dedi qitiqlagan kabi, ma’nodor qilib navbatchi. – Telefon nomerini yozib olganman, mana.

Farhod harchand urinmasin, bu yerda unga qo‘ng‘iroq qilishi mumkin bo‘lgan biror ayolni ko‘z oldiga keltirolmadi. Oliy kursdaligida tanishgan bitta-yarimtasi “omonat o‘yinchi”lardan edi. Mavlono Fuzuliyning ashaddiy muxlisi Tamara – Tarona Samed qizi Qurbonova yodiga tushdi. E, u qarib ketgandir – o‘shandayoq sendan to‘rt-besh yosh katta edi.

Qog‘oz parchasiga ko‘z yugurtirib Farhodning battar hayronligi ortdi: notanish nomer, allaqanday Gulya Lagutina. Qaydadir eshitgandek, nimasidir tanish. Lekin kim u? Mening bu yerdaligimdan qanday xabar topibdi? Ikki kishigina biladi, xolos: Ravshan akayu Elmira Kamolova. Ha-ya, Sur’at-chi, darvoqe! Xo‘p, o‘sha qizmi-juvonning menda nima ishi bor ekan?

Farhod avval qo‘lidagiga, so‘ngra devordagi soatga qarab oldi: kech bo‘lib qolibdi, noqulay! Erta-perta qo‘ng‘iroq qilarman.

– Xo‘sh, Fidel Mirzayevich, ko‘nglingiz joyiga tushdimi endi? – deya tegisha boshladi hamisha xandon Valya. – Chiroyli bo‘lsa, chaqiravering, qandalaga bir talatay! Aytganday, yangi xonada chaqmayaptimi?

– Hozircha yo‘q, – dedi Farhod. – Agar kechasi hujum qilmasa!

– Bilmas ekansiz, sizni talagan qandala qorong‘idan qo‘rqadi. Qo‘rqmaydigani kerak bo‘lsa, chaqirarsiz, Fidel…

– Farhod!

– Farhod?! – Juvon taajjub bilan yelkasini qisdi. – Kim u?

Sho‘xligi kelib Farhod ham yelkasini qimtib qo‘ydi: bilmasam.

“Ovozi juda yoqimli ekan”. Farhod yoqimli xayollar og‘ushida talay vaqt sarxush yotdi. Uyqusi adashgan – o‘rtadagi farq uch soat.

Tushida yana Akobirov bilan hamkorlikda kino olmoq taraddudida yurganmish. Bosh rolda Gulya Lagutina o‘ynarmish.

Lekin kim o‘zi u?

Erkin Azam. Shovqin. Roman,qissa va hikoyalar ( 2011) by Khurshid Davron on Scribd

044

(Tashriflar: umumiy 3 613, bugungi 3)

Izoh qoldiring