Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон асарларининг бош ғояси инсон кўнглини поклаш, маънавиятини юксалтириш, гўзал хислат ва фазилатлар эгаси бўлиб, яхшилик йўлидан юришдир. Адибнинг “Чилла», “Этакдаги кулба” каби ҳикоялари бугунги адабий жараёнда ўзига хос, ноанъанавий, бир-бирига ўхшамаган ва бир-бирини такрорламаган гўзал асарларнинг майдонга келаётганини кўрсатади.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
ИККИ ҲИКОЯ
ЧИЛЛА
Болаларимнинг онасига ва барча ичкаридагиларга бағишладим.
Яссилик Қул Хожа Аҳмад олтмиш уч ёшида ертагига кириб кетган бўлса, шу ишни У қирқдан ошар-ошмас қилди. Сабабини тушунтириб беролмайди, лекин бирдан ерустидан чарчади: бир куни уйқудан уйғондию ўзини юмронқозиқ ҳис этди, олд оёқлари билан қаттиқ ерни таталаб, кавлашга тушиб кетди. Наридан-бери очилган чуқурга боши билан шўнғиб, тупроғини орқага ирғитиб, уч-тўрт кунда ҳовлини майин тупроққа тўлдириб ташлади.
Тупроқ уюмидан ўрани хийлагина чуқур ва кенг кавлагани билиниб турарди.
Бироқ У юмронқозиқ эмас, одам эди, ўрани қишга озуқа ғамлаш учун кавламади, қолган умрини энди ертагида ўтказиш учун, ҳаловатини йўқотган кўнглига хотиржамлик ахтариб кавлади.
Ўйлаб-ўйлаб, ўрасини “чиллахона” деб атади. Атама ўзига унча ёқмади, лекин анъанага эргашди: “чиллахона” ҳарҳолда илгаридан қулоққа чалиниб келган сўз, ўзи эскирган бўлса ҳам, тилдан буткул тушиб қолмаган, нималарнидир эслатади. Бошқача ном қўйса балки жуда ўрнига тушар, лекин одамлар уни туйқус англаб ололмай қийналади. Одам боласи билмаган нарсасининг душмани, билмаганидан кейин яхшини ҳам ёмон кўриб қолиши ҳеч гап эмас. Ана унда уради Худо: ҳа-а, ертагига кириб кетибдилар, тепа ёқмай қоптими?.. ўзларича бир яйрамоқчи бўптилар-да?.. кетмийди!.. нима, бошқалардан ортиб кетган жойингиз борми ёки бизнинг бир жетимиз камми?.. каби гап-сўзлар урчийди.
Ербетида юрсанг бир бало, ертагига кирсанг ҳам бир бало-я! Ҳой Тангри ярлақагурлар, бир жойим ортиб кетганидан ё сизларни камситганимдан кирмадим ертагига, бир жойим ортиб кетса, юрмасмидим тепаларда маза қили-иб… дегандай айланма йўллар билан нималарнидир сўқса бўлар, лекин асло ишонтириб бўлмайди у қайсарларни.
Айтгандай, яссилик Қул Хожа Аҳмад нимага кирган эди ертагига? У ҳам чарчаганмиди? Зерикканмиди? Безор бўлганмиди? Унинг бу қилиғига теварагидагилар нима дейишган экан?
“Олтмиш учда еростига кирдим мано”, дейди ўзи. Ҳикмат синчилари: “Олтмиш уч – пайғамбар ёши, пайғамбар ёшидан кейинини ербетида яшагиси келмаган”, дейишади.
Ҳарҳолда, унинг чекинишини тушунса бўлади – ғояси бор экан, мен қандай тушунтираман, менинг ғоям қанақа, деб ўйлайди У. На ошимни ошадим, на пайғамбар ёшини яшадим, айни қирчиллама паллам. Аслида менинг бу савдоимнинг ҳам қандайдир бир ранги, қанақадир бир туси бўлиши керак?..
Балки бордир ҳам, балки ўзим илғамаётгандирман, ахир шундай кенг ертепаси турганида тор ва зах ертагини ўзидан-ўзи қўмсаб қолмайди-ку киши!
Бир ёқда уйидагилар ғишава бошлаган. Хотини пиқиллайди:
– Ҳой дадаси, нима қилаётганингизни биляпсизми ўзи? Чиқинг-э тепага! Биров эшитса, нима деб ўйлайди? Мендан кўрмайдими? Шунча йил ёмон яшамадик, энди, эрини ертўлага тушириб қўйибди, деган маломатни эшитишим қолувди. Болаларингиз бирин-кетин етилиб турибди, ҳадемай қуда-андали бўламиз-у, қилган ишингизни қаранг…
Ўғиллар дод дейди:
– Дадажон, ўртоқларимиз олдида нима деган одам бўламиз?!
Қизлар зириллайди:
– Чиқинг, дадажон, чиқақолинг!..
У қарорида қаттиқ туриб олди — очиққа чиқмади. Индамади ҳам. Индаганидан фойда йўқ эди, барибир тушунтиролмайди. Гапирсам, ожизлигим билиниб қолади ва… енгиламан, яхшиси, индамаганим тузук, деб ўйлади. Индамасдан енгди. Бора-бора хотини ҳам, болалари ҳам, ҳатто бир-икки яқинларию ошналари ҳам Унинг бу қилғилиғига кўникишди…
Мана, орадан ўнйиллардан ортиқ замон ўтибди. Ҳали ҳам У… бир пайтлар юмронқозиқдай кавлаб кириб кетган тўласида… тўласининг шипига тикилганича… нималарнидир ўйла-аб ётибди. Онда-сонда емак кўтариб тушган хотинига бир-икки оғиз сўз қотиб қолади:
– Об-ҳаволар қандай тепада? – деб сўрайди.
– Ўзингиз иссиққина жойни топиб олгансиз, тепа ҳалиям совуқ, – деб яниб олади хотини. Кейин ҳасратга ўтади: – Нимагадир қиш чўзилиб кетди. Осмон ҳам очилақолай демаяпти, кунда-кунора ёғин-а, қуёшни кўрмаганимизгаям анча бўлди…
Буларни У ҳам билади, чиллахонасига қор ёғмаса-да, совуғи уфуриб турибди, ахир. “Иссиққина жой” деб киноя қилмаса бўларди хотини, бу “иссиқлик” Унинг шундоқ ҳам ўртанган ичига яна нималар пуркаётганини шўрлик қаердан билсин. Аммо ўзини оқламайди, гапни буради:
– Бошқа тинчми? – дейди.
– Ҳа, тинч…
Йўқ, хотиним мени авраяпти, тепада тинчмас, тинч бўлганида менинг кўнглим тинч бўларди, кўнглим ҳеч тинчий демаяпти-ку, демак, ҳалиям тепа тинчмас, деб хулоса чиқаради У.
Аслида-ку, бу каби сўроқ-саволларга хотини аллақачон кўниккан: хуши келса жавоб беради, хуши келмаса парво қилмайди, кўп ижикилайвермайди ҳам. Илгарилари: ёлғизликка тўйгандирсиз энди, чиқиб, мунда-ай одамларга қўшилинг, ҳаётдан завқ олинг сиз ҳам, деб турарди. Кейин-кейин ортиқча саволлар бермай қўйди, хархашаларини ҳам ташлади. Қайтага: “Ҳа, ётибсизми ҳалиям нималарнидир кути-иб?” деб эрмаклаб қўяди. “Мени биров сўраб келмадими?” деса, “Сизни одамлар эсидан ҳам чиқариб юборган, ким сўрарди!” дейди пинак бузмай.
Ёлғизлик яхши экан, мен бу ерда ўзимни анча мустақил ҳис этяпман, деди У бир куни ўзига ўзи.
Бу гапи ёлғон эди, албатта. Ўзини овутиш, ёнаётган юрагига бир ҳовуч сув сепиш учун ўйлаб топган ёқимли ёлғони эди. Мустақил бўлиш тугул, онгию юраги, бутун борлиғи бўғма илон шаклидаги қанақадир оғир юк, қандайдир маъносиз туйғулар ўрови-исканжасида қачонлардан бери бўғилиб келади. Ичида нималар кечаётганини, биқиқ ҳаётига нималар сабаб бўлганини аниқ билиб турса-да, буни на хотинига, на болаларига айта олади. Айтиб нима қиламан, улар ўзларининг ҳаётларини яшасин, менинг ташвишларим уларга халақит бермасин, дейди.
Чиндан ҳам дард Уники эди, бегона юрак бу дардни ҳис этмаслиги, ҳис этса-да, кўтармаслиги тайин. Дардингни биров кўтармаса, кўтариш малол келса, ичга ютган яхшироқ эмасми? Ербетидан ертагига тушганининг сабабларидан бири ҳам шу. Тепаларда дардни ичга ютиб юриш оғир бўлиб қолди. Ҳарҳолда, оғиз тешик, бирда бўлмаса бирда дард ташга чиқиб кетиб қолиши аниқ. Устига устак, эшитаман деб турган қулоқ кўп тепада: хотини, болалари, келинларию куёвлари, қавму қариндошлари ва битта-ярим ошнаси қачондан буён унинг оғзини пойлашади, бирон нима деб қолар, деб қулоқларини динг қилишган. Тешик қулоқ бор жойда тешик оғиз албатта очилади – туйғулари юзага чиқади! Майли, юзага чиқса чиқсин дейлик, лекин чиқса-ю, лойиқ даражада ҳис этилмаса, қадри тушиб кетиши турган гап, шуниси ёмон, У шундан чўчийди, яхшиси, бу йўқсил, бу армонли туйғуларини ичида яшатгани тузук, уларни задаламай сақлашга айни боп жой – ертаги. Чунки қулоқ йўқ жойда оғиз ҳадеб очилавермайди, очилса ҳам, қаттиқ ва малолсиз бир чучкуриш ёки мириқиб бир эснаш учун очилади, туйғулар ичда қолаверади – буни хотини қаёқдан тушунсин.
Яссилик Қул Хожа Аҳмад дунёдан узилиш, нафсини жиловлаш, маънавий тўкисликка эришиш учун ертагига кирган, дейишади синчилар. У бўлса, чиллахонасида яшаётганига, мана, ўн йиллардан ошиб кетди, лекин на дунёдан узилди, на нафсини жиловлай олди ва на маънавий тўкисликка эришди. Аксинча, қулоғи ҳамиша ербетида бўлди – ҳовлисидаги сал ўзгаришни ҳам илғашга, тепада нималар бўлаётганини билиб туришга ҳаракат қилди. Чой кўтариб тушган келинига: “Эрингиз хафа қилмаяптими, қизим?” деб чалғитувчи савол бериб қўяди. Ўғиллари ё қизлари кўргани тушишса, “Менга биров келмадими? Ҳеч гап йўқми? Қийналмаяпсизларми?” деб ҳол сўрайди. Дунёда бўлиб ўтаётган ишларни ўғиллари ва куёвларидан ўсмоқчилайди, улар бир нарсалар дейишса, фақат эшитади, ўзи индамайди, жуда гапиргиси келса, “Ҳа-а, ишқилиб охири яхши бўлсин”, деб қўяди.
Ҳеч нарса демасдан, ҳеч нарса қилмасдан ҳам бинойидай яшаса бўларкан-ку, деди ўзига ўзи бир куни чиллахона шипига боши тегиб керишаркан.
Гарчи У ҳеч нарса демаётган бўлса-да, ҳеч нарса қилмаяпти, деб бўлмасди. Бу йиллар ичида рўмон ё қисса бўладими, тарихий ё диний адабиёт бўладими – қўлига тушган китобни ўқиб чиқди, бир оз палапартишлик билан, лекин барибир ўқиди. Жуда унақа авлиёлардай бўлмаса-да, намозини тўкис адо этиб келяпти. Лекин булардан бошқа юмуши ҳам йўқ: ётади, туради, бошини қашлайди, баъзан йўталиб қолади – ертўла барибир ертўла, захлиги бор… қолган дамлари нуқул ўйлайди, кўзини шипнинг бир нуқтасига қадаб олади-да, ўйлагани ўйлаган. Нималарни ўйлаши бизга қоронғи, аммо сира охирига етолмайди. Охири йўқ ўйларни ўйлаяпман шекилли, деб баъзан хафсаласи пир бўлади, лекин, ҳарна мен фикрлаяпман-ку, бекор ётмаяпман-ку, деб яна ўзини совутади.
Ҳамма гап фикрлашда, фикрлашни бошлаб олишда, бошланган фикр эса, ахийри бир куни эгасини қанақадир манзилга элтади.
Балки тепада ҳеч гап йўқдир, балки ҳаммаёқ тинчдир, менинг миямни кемираётган ўйлар бари қуруқ ваҳимадир, чунки кўплар одамга ўхшаб яшаб юрибди-ку ербетида, мен шунчалар бадбин бўлиб қолдимми?! Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ нимага ертагига кириб кетдим, нима мени мажбур қилди? Оиламга сиғмадим деёлмайман, болаларимдан ҳам розиман, туппа-тузук ҳовли-жойим бор – бир одамга ортиқ нима керак!
Фикрлари ҳам ўқиган китоблари янглиғ бир оз палапартиш эди – боши-кети йўқ, бири боғдан, бири тоғдан. Ҳаётини китоблардаги гапларга, китоблардаги гапларни ҳаётига солиштиради, ўхшашлик қидиради, унисини бунга, бунисини унга мосламоқчи бўлади, лекин мослаш тугул, сира бир-бирига боғлаёлмайди, калаванинг учини йўқотиб қўяди; яна хаёл дарёсига шўнғийди, босиб ўтган ҳаёт йўлидан мазмун, қилган ишларидан мантиқ ахтаради, тақдирига битилганидан ташқари ҳеч бир иш бўлмаслигини билади, бунга ишонади, лекин сочилиб кетган ўйларини бир жойга тўплаёлмагани учунми, ойдин хулосалар чиқара олмайди. Боши узра катталар қадамининг оғир гурс-гурсларини, невараларининг у ёқ-бу ёққа чопгандаги енгил дупур-дупурларини эшитиб ётаркан, бир замонлар Устози Унда кўришни хоҳлаган ҳаётий завқни қўмсайди. “Бу йигитга мен ҳаётий завқ тилайман, бошқа ҳамма нарса бор унда”, деган эди Устози.
Хотини шу гапга қаттиқ осилиб олган: ҳаётдан завқ олиб яшамайсизми, дадаси, нима қиласиз бутун дунёнинг ташвишини елкангизга ортволиб, дейди, сизга нима зарил, бошқалар ҳеч бошини қотирмай ҳам яшаб юрибди-ку… сиз ҳаммани ўйлайман дейсиз, ўша ҳамма бир куни сизни елкасига оладию обориб гўрга тиқади!..
Хотини чиндан ҳам Унга меҳрибонми ё ҳаётининг энди роҳат кўраман деган бўлаги издан чиққани, турмушидан маза қочгани учун аламдан гапирадими бу гапларни – билишга қизиқмайди, аксинча, яхшиликка йўйади: хотиним мени ҳурмат қилади, унгаям оғир, дейди.
Бир куни ҳовлига кимнидир бошлаб келди, товушидан У ҳурмат қиладиган киши эди. Эримни ербетига чиқариб беринг, деб опкелган бўлса керак-да. Лекин Ҳурматли Киши юрак ютиб чиллахона туйнугидан бош суқиб қарамади. У ҳам, келган одамни таниган бўлса-да, инидан чиқмади: ғўнғир-ғўнғирларини ғира-шира эшитиб, ёнбошлаб ётаверди.
– Қачон кириб кетган? – деб сўради Ҳурматли Киши.
– Ўн йиллардан ошди, – деб жавоб қилди хотини. Гапираётиб, чуқур хўрсиниб қўйгани сезилди.
Назарида, Ҳурматли Киши бирпас ўйга толди. Сўнгра, ҳазиллашгиси келдими:
– Сиз гувоҳ бўлинг, келин, бутун олам гувоҳ бўлсин: бир ой ичида чиқса, қўй ёғию девзирага битта ош мендан! – деб эълон қилди тантанали оҳангда.
Кейин пастга қулоқ қўйди. Ҳадеганда ўрадан сас чиқавермагач, тақдирга тан берди:
– Сабр қиласиз энди, келин, – деди. – Энди бир куни ўзи чиқиб келади, чиққанидаям, бошқача бўлиб – озми-кўпми янгиланиб чиқади. Илгарилари ҳам шунақа одамлар ўтган, фикрларини тўплаш ё ҳаётнинг кир-чирларидан тозаланиб олиш учун чиллахоналарга кириб кетишган. Масалан, яссилик Қул Хожа Аҳмад…
Тепага қулоқ осиб ётар экан, У бирдан севиниб кетди: Ҳурматли Киши Унинг маконини эскиларнинг чиллахонасига ўхшатди! Тўлага “чиллахона” деб от қўйиб тўғри қилган эканман, мана, одамлар биларкан-ку, ўзи эски сўз бўлсаям, ҳарҳолда қулоққа таниш-да, деб кўнглидан кечирди.
Лекин ўнйиллардан бери ўйлайвериб-фикрлайвериб, саёз масалаларга ҳам чуқурроқ қарашга ўрганган эмасми, “чиллахона” отидан ҳам ўзи хато топди: “чил” дегани ёнқўшни-жонқўшниларимизнинг тилида “қирқ” дегани, чилла “қирқкунлик” демак. Чиллахонада илгаригилар нари борса қирқ кун ўтиришган ва чиллада ўтирган чоқлари тинимсиз тоат-ибодат қилиб, Яратганни эсга олиб, нафсларига дарс беришган, юракларини тозалашган, кейин ербетига чиқиб, одамларга қўшилиб кетаверишган. У-чи, ертагида ўнйиллардан бери ётибди, чилласи ўнйилларга узайиб кетди, булари етмагандай, қачон очиқлиққа чиқишини ҳам билмайди, шундай экан, бу ерни “ўнйиллик” демай “қирқкунлик” деса, тўғри бўладими?!
Оббо, деди фикрлари тағин чалғиб кетаётганини сезиб, шу тобда мантиққа бало борми, ҳаётда ҳамма нарса мантиққа бўйин сунавермайди-ку, мантиқ иш берган жойида мантиқ, одамлар ўйлаб топган барча нарса каби, кишилик мантиғи ҳам камчиликлидир, ҳамма иш мантиқ тарозисига солаверилса, яшаш оғир бўлиб кетади, одам боши-кетини йўқотиб қўяди, шунинг учун бу ерни ҳам ҳеч бир иккиланмай “чиллахона” деса бўлаверади, қирқ кун эмас, кўп, жудаям кўп ўтирган бўлса нима қипти, фақат, ўқиган китоблари тили билан айтганда, “баъзи шарт-шароитларга кўра” Унинг чилласи ўнйилларга чўзилиб кетди, холос.
Хотини хавотир олмаса ҳам бўлади – унинг сира айби йўқ, қайтага хотини олдида У ўзини айбли ҳис қилади, чунки шўрлик бу йиллар ичида қишнинг қаттиқ-қора совуқларига ҳам, ёзнинг ўтли-чўғли иссиқларига ҳам чидади, эзиб ёққан қор-ёмғирларнинг шилталаринию дарахтларни қўпоргудай довулларнинг учирмаларини кўрди, ҳеч нолимади, камига яна Унинг инжиқликларини кўтарди – чилласига кўникди, кўнди, болаларини ҳам кўндирди; сувидан-емагидан хабар олиб турди… қизларини куёвларга берди, ўғилларига келинлар қилди, энди дам олиш ўрнига, невараларга қарай бошлади, хуллас, баъзи шарт-шароитларга кўра чўзилган бу чиллага У ертагида қандай чидаган бўлса, хотини ербетида шундай, балки ортиқ даражада чидади.
Эгам сендан рози бўлсин, хотин, яна бир оз чида, биламан, сениям роса эзиб юбордим, менинг бу ишим биргалик турмушимиздан кўзлаган орзуларингни қирқбўлак қилгандир, балки ичингда мендан инжиётгандирсан, касримга болаларим қийналаётганини ҳам биламан, лекин на чора, мен ҳаётимиз яхши бўлишини кўзлаган эдим, бунақа бўлиб чиқишини кутмаган эдим; ахир, мен ҳам одам боласиман, менинг ҳам кўнглим нималарнидир тусайди, зора руҳим эркин бўлса, юрагим зовтасини топса деб ўйлабман; ичкаридан чарчаса, кимдир ташқари чиқиб кетади, менинг улардан фарқим − ташқари чиқмадим, томирларимда яссилик Қул Хожа Аҳмаднинг қони гупиргандай бўлди – ичкарида қолдим ва ертагига кирдим… аммо ниятим тоза, сеники янглиғ менинг ҳам ёруғ орзуларим бор, шунинг учун яна озгина тишингни тишингга қўйиб тур, Ҳурматли Киши айтганидай, бир куни ўзим ербетига – ҳузурингга чиқаман, кутилганидай бўлмаса ҳам, сал янгиланиб-тозаланиб чиқаман, иккаламизнинг орзуларимиз яна бир-бири билан қовушади, турмушимиз яна изига тушиб кетади, қирқига чидадинг, қирқ бирига ҳам чида… ҳали ҳаволар ҳам ўзгаради, ҳар кечанинг наҳори бўлганидай, ҳар қишнинг ҳам баҳори бор, бугун бўлмаса эртага осмонлар яна очилади, ёғинлар тўхтайди, бизнинг ҳовлимизга ҳам қуёшлар чиқади, кунлар танага ёқадиган бўлиб илийди, дарахтлар чечак очади, бу чиллалар ортда қолади, ўрнига бир ажойиб чиллалар келади, сўлғин юзингда яна севинчлар балқийди, ҳали биз бахтли бўламиз, болаларимизнинг меҳрларига чўмилиб қарилик гаштларини сурамиз, ҳаётимиздан завқлар олиб яшаймиз, шундай яшаймизки, эҳ-ҳе!..
2009 йилнинг мартида эсга келди, апрелининг 10-сида бошланди, 16-сида битди.
“Тафаккур” журнали, 2009 йил 3-сон
ЭТАКДАГИ КУЛБА
Жимжит Қишлоққа жимжитлигини бузиб ўхшовсиз бир девона оралади. У бир маром ва бир оҳангда нималардир деб жар солар, ора-чира жинкўчанинг икки томонидаги пасқам уйларга ва ундан ҳам пасқам эшикларга кўз ташлаб, гўё жарига жавоб кутар эди.
Ер юзида пайдо бўлганидан бери Қишлоқ бунақа девоналарни, ҳар турли келган-кетганни кўп кўрган. Бирда: “Қайчи-пичоқ ўткирлайма-а-ан! Ўроқ-кетмон эговлайма-а-ан!” деб чархчи жар солиб ўтади. Қишлоқда нима кўп, ўтмас пичоғу тўмтоқ кетмон кўп – бир зумда ҳаммаси шақир-шуқур қилиб чархчининг олдида тўпланади. Бирда чегачи келиб қолади: “Синган чойнак-пиёла чегалайма-а-ан!” Қишлоқликлар болаларининг қўлларига чақа бериб, чегачининг олдинги келиши билан ҳозирги келиши оралиғида синган чойнак-пиёла ва коса-лаганларини тутқазиб, кўчага чиқазишади.
Яна: ”Жун олама-ан!” дегани қанча, “Увада титама-ан!” дегани қанча. Бошқа кунлари Қишлоқ қиш бўлса қорасовуқдан дилдираб, ёз бўлса саратондан жизғинаги чиқиб ётаверади. Баҳорда бир нафас олади, кузда бир нафас чиқаради. Зерикарли.
Бунақа келгиндиларни кўравериб Қишлоқ кўникиб кетган, ҳар кунги ҳол деб қарайди. Девонага ҳам парво қилмаслиги мумкин эди, лекин унинг сўзлари бу гал сал бўлакчароқ туюлди. Девона одамлардан қотган нон эмас, эски кийим-бош эмас, нимадир бошқа нарса сўраётган эди:
− Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..
Қишлоқ сергак тортди, шубҳаланди. Зерикарли ва туссиз ҳаётига сал бўлса-да бўлакча бир ҳаво киритиши мумкин бўлган бу ишдан негадир қувонмади, аксинча, бир оз қўрқинч босди уни.
Ғалати товуш ва ундан ҳам ғалати сўзлар эгасини кўришга қизиққан тажрибасиз бола-бақрага тажрибали ота-оналар ўшқириб беришди:
– Ҳа, қаёққа?! Қайт орқангга!
– Эшикни тамбала! Уйда тек ўтир!
Диққинафас кўчада ҳали ҳам Девонанинг товуши кезар, жимжитлик шовқинидан том битган қулоқларга унинг товуши аллақандай ёқимли бир эпкин бўлиб кирар, ҳатто ширали эшитилар эди:
− Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..
Минг тийилмасин, барибир мароқ устун келди: қаттиқ тамбаланган, зулфинларган ва камига яна ичдан қулфланган эшиклар орқасига Қишлоқ аста-секин ва ихтиёрсиз равишда сурилиб келди, тирқишлардан кўчага мўралай бошлади.
Ким бўлди бу одам? Нега бирдан бунақа нарсаларни сўроқлаб қолди? Уста бўлиб устага ўхшамайди, куйган уйларни бутлаб берай деса? Бой бўлиб бойга ўхшамайди, моли куйганларга суянчиқ бўлса? Табиб бўлиб табибга ўхшамайди, куйган бағирларга дори қўйса? Ким ахир?..
Ғирт девона! Сўзи туришига, туриши сўзига уйғун келмайдиган тентак! Албатта, Қишлоқда уйи, моли ё бағри куйганлар қанча, лекин шу пайтгача биров буларни сўрамаган-да. Узоқдан келиб сўраш тугул, қишлоқликларнинг ўзи ҳам бир-биридан юрак ютиб, товуш чиқариб ҳол сўрамай қўйган. Бир ҳисобга, сўраб нима қилади, қачондан бери бир осмон остида, бир тупроқ устида бирга-бирга яшаб келади, бир-бирининг ҳолини ҳар ким ўзи кўриб-билиб турибди, кўриб-билиб турган нарсасини яна сўрайдими?!
Шундай бир паллада…
қандайдир бир Девона…
иссиқдан пишиллаб ётган Қишлоқда…
кўчама-кўча юриб…
қанақадир бир нарсалар деса!
Жинкўчалар узра момақалдироқдек туйқус янграган бу товуш, албатта, шубҳали ва қўрқинчли эди. Ахир, момақалдироқ ҳам баҳорга ярашади, куздаям майли дейлик, аммо ёзнинг қоқ ўртасида гулдираши…
– Нима деяпти? – деб сўрайди қизиқувчан хотинлар.
– Овозингни ўчир! Ишинг бўлмасин! – деб жеркийди эҳтиёткор эрлар.
Ичкариларда ҳол бу экан, ташқарида Девона ҳайрон эди. Ўликми бу қишлоқ, деб ўйлайди. Узун умри ичида не-не юртларни кезди, не-не одамларни кўрди, аммо бунақа гунг Қишлоққа энди йўлиқиши. Бирон-бир офатдан аҳолиси қирилиб, кимсасиз шўппайиб қолган шаҳару қишлоқлар ўтмишда кўп бўлган, албатта. Бу қишлоққаям яқин орада бирон офат келдимикан ё? Ундай деса, кўринишидан жуда унақа ташландиқ маконга ўхшамайди, яқин-яқинларгача одам яшаганининг излари билиниб турибди.
Лекин жимжитлик. Худди ўлик дейсиз.
Шунга қарамай, Девона қандайдир бир ички сезги билан, Қишлоқда биронта тирик жонзот қолган бўлиши керак-ку ахир, деган умидда жар солишдан тўхтамасди:
− Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..
Шу палла… этакдаги бир эшик ғийқиллади. Бунақа сўровга жавобан биронта эшикнинг очилишини сира кутмаган Қишлоқ сапчиб тушди. Шу дамгача жимжит кечаётган турмушини безовта қилган бу ғийқиллаш товуши гулдира-гулдира осмон тоқиларига зарб билан урилиб, ўша заҳоти қайтиб тушаркан, шундоқ тепасида осқидай осилиб қолди ва, назарида, яна жуда узоқ замон боши узра қўрқинч солиб янграб тургандай бўлди. Эшикларни қия очиб, ҳадик-хавотирда, товуш чиққан томонга мўралади.
Этакдаги кулбада эски замонлардан бери бу Қишлоққа бегона бир одам яшарди. Қаердан келиб қолган, ота-онаси ким, қариндошлари борми, нима иш қилади – Қишлоқ буни билмас, уни танимас эди. Кейинги пайтлар ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб кетиб, Бегона баттар кўзга чалинмай қолганидан, ҳатто ўлдига ҳам чиқариб қўйган.
Бу нима деган гап, бир киши ўлса, Қишлоқ билмасми, одамлар тўпланиб кўммасми?!.
Ҳа, одам тўпланмаса ҳам, ўлган кишини кўммаса ҳам, кимнингдир ўлганини Қишлоқ билмай қолса ҳам, бўлавераркан! Нега деганда, ҳозир кўплар ҳовлисидан ўзига гўр қазиб, уйини мозор қилиб олган – шу йўл ўнғай келиб қолди: ҳа, деса, ювинмаёқ, кафанга ўранмаёқ, гўрига кириб кетяпти. Ўлиш осон ва текин бўлиб қолди. Ҳеч кимга оғирингиз тушмайди, Қишлоқ ҳам билмай қолаверади.
Йўқ, ҳартугул, Бегона ҳали ўлмаган экан, ўлмаганини Қишлоққа ёғсираган эшиги билдирди. Жимжитлик салтанатини чок-чокидан сўкиб, бу пасқам эшик бу улкан оламга жар солди:
− Ғий-й-йиқ!..
Кейин остонада Бегонаннинг жуссаси ҳам кўринди. Бўйнини чўзиб, пича теваракни синчилади, ниҳоят, кўнгли тинчландими, аста кўчага оёқ қўйди.
Девона тўхтади. Ўлимсанги Қишлоқда туйқус пайдо бўлган бу тиримсанги одамга ажабсиниб қаради.
Чиндан ҳам, Бегона шу туришида худди гўрдан чиқиб келаётганга ўхшарди: тириш босган юзида қон асари йўқ, ўсиқ қошларидан қулоқларигача, қулоқларидан елкаларигача, елкаларидан бурнию патила соқол-мўйловигача ўргимчак ин тўқиб ташлаган; кийимлари ҳам илвироқ. Юрганида, ўргимчак тўрларини авайлагандай, оёғидан бошқа жойини қимирлатмасликка тиришиб юрарди.
Девонага яқинроқ келиб, тўхтади. Оғзини хиёл очди, орада Қишлоққа олазарак боқди, ҳайиқдими, гапира олмади, аммо нималардир дегиси келаётгани қуюқ тўр ичра хирагина йилтираб турган кўзларидан билгили эди.
Девона узоқ кутди, ҳадеганда Бегонадан сас чиқавермагач, ўзи бирнималар дегандай бўлди.
Қишлоқ унинг гапини эшитмади, лекин кўчага чиқишга, бу Девона билан бу Бегонага яқинлашишга, гапларига қулоқ солишга юраги бетламади ҳам.
Девона яна кута-кута, кутганига эришавермагач, охири Бегонанинг ис босган қулоғига оғзини қўйди ва…
…бир ўкирди!..
Бу ўкириқдан Бегона титраб кетди, бошию қўлларини ихтиёрсиз қимирлатиб юборди.
Ўргимчак тўрларидан айримлари чирт узилди.
Кейин Девона кетди. Жар ҳам солмай қўйди, орқасига ҳам қарамади, Қишлоқда қандай тўсатдан ва билинтирмай пайдо бўлган бўлса, шундай тўсатдан ва билинтирмай йўқолди.
Бегона яна эшигини ғийқиллатиб… гўрига кириб кетди.
Қишлоқ тағин жимжитлик чуқурига чўкди.
Бу сирли-жумбоқли манзара кўзлардан тез ўчгани сингари эслардан ҳам тез ўчди. Худди аслида бўлмагандай…
2006 – 2007
“Шарқ юлдузи” журнали, 2010 йил 1-сон
Доно Бекчанова
ИККИ ҲИКОЯГА БИР НАЗАР
____________________________________
Доно Бекчанова 1985 йилда туғилган. 2002-2006 йилларда Урганч Давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини тамомлаган. 2011 йилда Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факултетининг магистратура босқичига қабул қилинган. Ҳозирда “Замонавий саёҳатномаларнинг жанр хусусияти ” мавзусида илмий иш олиб бормоқда.
____________________________________
Ҳозирги ўзбек ҳикоячилигида бадиий тафаккурнинг кўрки ва безаги сифатида қадрланадиган рамз, тимсол, мажоз каби бадиий унсурлар асосида яратилган ҳикояларнинг турли шаклларини кўришимиз мумкин.
Бугунги кунда рамз асосига қурилган шундай ҳикоялар борки, улар баъзи бир ҳажман катта асарлар кўламидан-да кенгроқ бўлиб, бутун бошли инсон руҳиятидаги нозик товланишу чигал жараёнларни ўз ичига қамраб олади.
Шу жиҳатдан қараганда, кейинги йилларда Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ёзган ҳикоялар эътиборга лойиқ.
“Тафаккур” журналининг 2009 йил 3-сонида адибнинг “Чилла” номли ҳикояси эълон қилинди. Ҳикоя қаҳрамони қирқдан ошар-ошмас, гуноҳ, разолат ва нодонларга тўла дунёдан чарчаб, ўз-ўзини таҳлил қилиш, ўзлигини англаш, қалби ва руҳини тозалаш, руҳий эркинликка эришиш, ҳеч кимга айта олмайдиган дардларидан фориғ бўлиш, ҳаловатини йўқотган кўнглига таскин бериш мақсадида ер тагини ўзига ошён қилди. Томирларида Аҳмад Яссавий қони гупираётган қаҳрамон: “Бу дунёга нега келди-ю, қандай савоб ва гуноҳ ишлар қилди?”. Ушбу саволларга жавоб излади. Кўп китоблар ўқиди, таот-ибодатлар қилди. Ҳамма буюклар каби ҳаёт маъносини, яшашдан мақсад нелигини англашга интилди: “…Босиб ўтган ҳаёт йўлидан мазмун, қилган ишларидан мантиқ ахтаради, тақдирига битилгандан ташқари ҳеч бир иш бўлмаслигини билади, бунга ишонади, лекин сочилиб кетган ўйларини бир жойга тўплай олмагани учунми, ойдин хулосалар чиқара олмайди”.
Қаҳрамон ўзига макон қилган ўрасини “Чиллахона” деб номлайди. Чиппа рамзий поэтик образ бўлиб, маънан поклик тимсолилир. Шарқ мумтоз адабиётида унга кўп мурожаат қилинади.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон қаҳрамони: “Ҳақ йўлига кириб бўлмас, пок бўлмасанг” сўзларини ўзига шиор қилиб, чилла сақлади. Юмронқозиқдай ер юзидаги хавф-хатарни сезди, “ҳалокатдан’’ қочиб, ер тагини ўзига макон қилди.
Ҳикояда қаҳрамоннинг онги, юраги ва бутун борлиғини эгаллаб олган бўғма илон нафснинг оғир юкидир. Тасаввуфий адабиётда илон тимсоли нафсни англатади. Аллома Нажмиддин Кубронинг қайд этишича: “Нафс ҳеч ўлмайдиган илондир. Афъо аталмиш заҳарли илон бунга яхши мисол бўла олади. Бу илон чопиб ташланса ҳам, боши кесилса ҳам, тўқмоқланса ҳам ёки териси бутунлай шилиниб олинса, гўшти пиширилса ва ейилса-да, бир неча йил ўтгач, унинг терисига қуёш нури тегиши ҳамон ҳаракатлана бошлайди. Нафс ҳам худди шундай. Ўлган нафсга ҳаво, шаҳват ва шайтонлик оташи хуруж этса, дарров жонланиб, ҳаракат эта бошлайди”.
Қаҳрамон тавба қилиб, ризога юз тутди. Нафс розилигидан чиқиб, Ҳақ розилигига кирди. Тоат-ибодат ва тавба-тазарруси ила ҳам қалбан, ҳам руҳан покланди. Аммо, шундай бўлса-да, узоқ вақт чилла сақлаб аёли ва болаларини ёлғиз қолдиргани учун ўзини кечира олмади. Аёлининг машаққатларга тўла бўлган ҳаёти ва чеккан дардларида ўзини айблади: “…Шўрлик аёл бу йиллар ичида қишнинг оппоқ совуқларига ҳам, ёзнинг сап-сариқ иссиқларига ҳам дош берди, эзиб ёққан қор-ёмғирларни, дархтларни қўпоргудай қаттиқ келган довулларни, тандир каби қиздирган саратонларни бошидан ўтказди…”
Фарзандларидан узр сўради, аёлига таскин берди: “Яна озгина сабр қил, Ҳурматли киши айтганидай, бир куни ўзим ер бетига ҳузурингга чиқиб бораман, кутилганидай бўлмаса ҳам, сал янгиланиб-тозаланиб чиқаман, иккаламизнинг орзуларимиз яна бир-бири билан қовушади, ҳаётимиз яна изига тушиб кетади… ҳар кечанинг наҳори бўлганидай, ҳар қишнинг ҳам баҳори бор… биз ҳали бахтли бўламиз…”
Ҳикоя жумбоқли якунланади. Қаҳрамон ер устига чиқишга аҳд қилганида чиллахонасига тепадан шувиллаб майин тупроқ тўкила бошлайди… Жумбоқли якун ўқувчини ўйлашга, фикрлашга ундайди. Шунга кўра, фикр ва хулосалар ҳам турлича бўлади.
Муаллифнинг фикрича, инсон қалби ва руҳининг поклиги учун курашиши лозим, нафсни енгиш ва инсоний хислатлар ила иймонга содиқ қолиб яшаш энг олий инсоний бурчдир. Эътиборга лойиқ жиҳати, ҳикоя Шарқ фалсафасига хос комилликни тарғиб этади. “Чилла” қаҳрамони моддий идеалга эмас, руҳоний идеалга интилади.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Шарқ юлдузи” журналининг 2010 йил 1-сонида эълон қилинган “Этакдаги кулба” ҳикояси эса “Чилла” дан анча фарқ қилади. Ҳикояда бевосита муаллиф тилидан баёнлар, тавсифлар, изоҳлар берилади, тасвирлар теранлиги билан ажралиб туради.
Бадиий асарда қўлланилишига кўра рамзларнинг рамз-образ, рамз-детал, рамз-сюжет каби турлари фарқланади. “Этакдаги кулба” ҳикоясининг сюжети рамзлар асосига қурилгани билан эътиборли. Бир ўқишда яширин сирларини илғаш мушкул кечадиган бу ҳикоя китобхонни чуқур мушоҳадага чорлайди.
Ҳикоя “жимжит” сўзи билан бошланади. Ва айнан ўша “жимжитлик”ка Девона ўзининг “ғалати”, “шубҳали” ва “қўрқинчли” хитоби билан рахна солди: “Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..”
“Қишлоқ сергак тортди, шубҳаланди. Зерикарли ва туссиз ҳаётига сал бўлса-да, бўлакча бир ҳаво киритиши мумкин бўлган бу сўздан қувонмади, аксинча, бироз қўрқинч босди, момақалдироқдек туйқус янграган бу товуш, албатта, уларга қўрқинчли ва шубҳали туюлди. “Ўлик”, “гунг” ва “диққинафас” Қишлоқда Девонанинг товуши кезар, жимжитлик шовқинидан том битган қулоқларга унинг товуши аллақандай ёқимли бир эпкин бўлиб кирар, ҳатто ширали эшитилар эди”.
Ҳикоянинг ана шу жойида муаллиф фикрини уққандай бўласиз. Биринчи муҳаббатдаги ҳайрат, ундан қолиши муқаррар бўлган қалб оғриғи, ўзликни англаш, ижод қилиш иштиёқи… Қуйилиб келаётган фикрлар ичидан энг тўғрисини айнан муаллиф назарда тутаётган жумбоқни топмоқ мақсадида уларни саралай бошлайсиз.
Қишлоқ қиш бўлса қора совуқдан дийдираб, ёз бўлса саратондан жизғанаги чиқиб, баҳор келса бир нафас олиб, кузда эса бир нафас чиқариб, келгиндиларни кўриб кўникиб кетган, бепарволик билан зерикарли ҳаёт кечираётган рамзий макон.
Девона ғалати, далли бир образ. Ҳикояда бу образга қуйидагича таъриф берилади: “Ким бўлди бу одам? Уста бўлиб устага ўхшамайди, куйган уйларни бутлаб берай деса? Бой бўлиб бойга ўхшамайди, моли куйганларга суянчиқ бўлса? Табиб бўлиб табибга ўхшамайди, куйган бағирларга дори қўйса? Ким ахир?.. Ғирт девона! Сўзи туришига, туриши сўзига уйғун келмайдиган дали!”
Адиб асарларида девона образига кўп мурожаат қилди. “Чилла” ҳикоясида ўзини девона деб атайди. Дунё адабиётидаги каби Шарқ мумтоз ва тасавввуф адабиётида ҳам қадимдан «телба”, “девона”, “дарвеш” сингари адабий образлар мавжуд бўлиб, бу образлар бошқаларга маънавий-маърифий илм улашувчи, ўзини Ҳақ йўлига бағишлаб, дунёдан юз ўгирган; бойликка беписанд қараб, инсоний шону шараф, ҳикмат ва маънавий тўкисликни ҳар қандай бойликдан афзал деб биладиган қаноатли, диёнатли шахслардир.
Ғалати товуш ва ундан ҳам ғалати сўзларга, эски замонлардан бери шу Қишлоқда яшайдиган, нотаниш бегонанинг кутилмаган жавоби одамларни сергак торттирди.
Бегонанинг асарга кириб келиши ва жимжитлик пардасини чок-чокидан сўкиб юборган кутилмаган “ғийқиллаш” фикрларингизни тумандай тарқатиб, боши берк кўчага олиб киради, кутилмаганда худди чорасизлик домига тушгандай ҳис қиласиз ўзингизни. Гўё жавобсиз саволлар ичида йўлини йўқотган ва бу йўлни қайта топмоқ энди душвордай. Нега бу “ғийқиллаш” Қишлоқ бошига қўрқинч солди, хавотирга қўйди? Бепарволикни ўзига сифат қилиб олган Қишлоқни нега бу “ғийқиллаш” сергак торттирди? Ҳикояни ўқиш давомида руҳингиз ва онгингизни курашга чорлаб қўйганингизни сезмай қоласиз.
Ғийқиллаган эшикдан кўринган Бегонанинг жуссаси сизни янада ҳайратга солади, Бегонанинг қуюқ тўр ичра йилтираб турган кўзларидан нималардир дегиси келаётганини англаб, ҳикоя ичига яширинган маънони илғагандай бўласиз, “ўлиш осон ва текин бўлиб қолганидай”, аввалги фикрлардан осонгина воз кечасиз, ундан худди аввал сизга тегишли бўлмаган ғалати туйғу ва ғайришуурий фикрларни туясиз:
“Бегона худди гўрдан чиқиб келаётганга ўхшарди: тириш босган юзида қон асари йўқ, ўсиқ қошларидан қулоқларигача, қулоқларидан елкаларигача, елкаларидан бурнию патила соқол-мўйловигача ўргимчак ин тўқиб ташлаган, кийимлари ҳам илвироқ. Юрганида ўргимчак тўрларини авайлагандай, оёғидан бошқа жойини қимирлатмасликка тиришиб юрарди”.
Бегона. Ким бўлди бу? Нега ҳовлисидан ўзига гўр қазиб, уйини мозор қилиб олган? Қандай куч уни тилсиз-забонсиз қилиб, ювинмаёқ, кафанга ўранмаёқ, гўрга киришга мажбур қилди? Бегона. Асли шу қишлоқликми? Бегона шу ерлик киши, шу қишлоқнинг одамидир, балки? Эски замонлардан буён шу Қишлоқда яшаса-ю, ҳеч ким танимаса?! Бегона кимлиги ҳатто ўзининг ҳам эсидан чиққан, бир тирик мурда.
Ҳикоядаги образлар, деталлар, ҳатто девонанинг: “Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..” деган хитоби ҳам рамзий бўлиб, асар кўп маъноли бўлиши учун хизмат қилади.
Бегонанинг танаси ўргимчак томонидан “асир” қилинган, рамзларни талқин қилган мутахассисларнинг фикрига кўра, тана руҳ маркази, ҳаёт кучлари маскани ҳисобланса, бош ақл-идрок, ҳокимият рамзидир. Қўл ҳукмронлик, куч, садоқат рамзи. Бурун – номус, қулоқ – сергаклик, соч ва соқол – ҳаётий куч-қудрат, бойлик рамзлари ҳисобланади. Бутун бошли танани ўргимчак ўз уясига айлантириб, бировнинг уйига, мулкига, ҳокимиятига, эркию озодлигига рахна солмоқда, маънавий юксалишдан соқит қилиш – бош мақсади. Бегонанинг “оғзини хиёл очиши” унинг яшашга бўлган истагидан далолат беради, ўз эрк-ихтиёри билан яшаш…
Девона Бегонанинг гапиришини узоқ кутди, сас чиқавермагач, ўзи бир нималар дегандай бўлди. Қишлоқ унинг гапини эшитмади, яқинроқ келишга ва бу Девона билан бу Бегонанинг гапларига қулоқ солишга юраги бетламади. Хўш, Девона нима деди? Нега муаплиф Девона ва Бегона ўртасидаги суҳбат сир бўлиб қолишини хоҳлади? Бу қандай гап эди? У гапдаги дард Девонаникими ёки Бегонаники? Балки, Қишлоқ дарди, инсоният дардидир?! Ҳикоя мазмунини очадиган калитни шу жойда йўқотиб қўясиз Турли хил саволлар гирдобига ташлайдиган бу воқеа жумбоқ. Сир фақат Девона ва Бегонага маълум. Ўқувчи эса фикрлашдан, мушоҳада юритишдан, турли хил ўй-хаёлларга берилиб, ҳикоянинг асл моҳиятини англашга бўлган ҳаракатдан чарчамайди.
Девонанинг Бегонани ис босган қулоғига ўкириши ва ихтиёрсиз қимирлашидан чирт узилган ўргимчак тўрлари ечимсиз саволлар ва қарорсиз фикрларга калит вазифасини ўтайди. Аммо тағин, Бегонанинг ўз гўрига кириб кетиши, Қишлоқнинг яна жимжитлик чуқурига чўкиши ўқувчини тубсиз ўйлар қаърига ташлайлайди: “Девона кетди. Жар ҳам солмай қўйди, орқасига ҳам қарамади, Қишлоқда қандай тўсатдан ва билдирмай пайдо бўлган бўлса, шундай тўсатдан ва билинтирмай йўқолди. Бегона яна эшигини ғийқиллатиб… гўрига кириб кетди. Қишлоқ тағин жимжитлик чуқурига чўкди. Бу сирли-жумбоқли манзара кўзлардан тез ўчгани сингари эслардан ҳам тез ўчди. Худди аслида бўлмагандай…”
Рамз асосига қурилган ҳикояларнинг афзаллиги, ундан ҳар бир ўқувчи ўзича, ўзининг ҳаётидан, дунёқарашидан келиб чиқиб, хулосалар қилишидадир. Ўқувчи муаллиф назарда тутган фикрларни англай олиши ёки англамаслиги ҳам мумкин.
Рамзий ҳикоялардаги хулосалар бир эмас, бир нечта бўлиши табиий. Девонанинг бу келиш ва кетишида инсоннинг туғилиш ва ўлиш орасидаги машаққатларга тўла ҳаёт йўли, кураши, фикр ва ғоялари акс этгандир, балки?! Балки ҳикояда ўтмишда зулмдан озор чеккан халқларнинг аччиқ қисмати тасвирлангандир?!.
Бадиий адабиётнинг зиммасига юклатилган улкан вазифалардан бири инсонлар кўнглини поклаш, руҳини ғуборлардан тозалашдир. Чунки покиза кўнгил ва тоза руҳ бўлган кишидагина эзгуликка, яхшиликка, олижанобликка майл юзага келади. Тоза руҳ ва покиза кўнгилни қарор топтириш, шакллантириш учун ҳар бир одам покланиш йўлини ўташи лозим. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон асарларининг бош ғояси инсон кўнглини поклаш, маънавиятини юксалтириш, гўзал хислат ва фазилатлар эгаси бўлиб, яхшилик йўлидан юришдир. Адибнинг “Чилла», “Этакдаги кулба” каби ҳикоялари бугунги адабий жараёнда ўзига хос, ноанъанавий, бир-бирига ўхшамаган ва бир-бирини такрорламаган гўзал асарларнинг майдонга келаётганини кўрсатади.
“Шарқ юлдузи”, 2013 йил 2-сон
Манба:Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон веб-саҳифаси