BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига таниқли ёзувчи, Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг “Ҳидоят” журнали бош муҳаррири Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон жавоб беради.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулло Отахонов) 1955 йил 14 февралида Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманидаги Ойимча қақир қишлоғида хизматчи оиласида туғилган.
Тошкент Давлат (ҳозирги Миллий ) Университетининг Ўзбек филологияси бўлимида таҳсил олган.
Меҳнат фаолиятини Сурхондарё вилоят Ленин йўли (ҳозирги Қизириқ) туманидаги саккиз йиллик мактабда ўқитувчиликдан бошлаган.
1981-1991-йилларда “Ёшлик” журнали таҳририятида хатларни ҳисобга олувчи, муҳаррир ва бўлим мудири, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририятида мухбир, “Муштум” журнали таҳририятида масъул котиб бўлиб ишлаган.
1991-йилдан Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг “Мовароуннаҳр” нашриётида бош муҳаррир, “Шарқ юлдузи” журнали таҳририятида бўлим мудири ва “Ҳидоят” журнали таҳририятида бош муҳаррир.
2010 йилдан ҳозиргача “Мовароуннаҳр” нашриётининг бош директори лавозимида ишлаб келади.
Айни пайтда “Ҳидоят” диний-маърифий журналининг ҳам бош муҳаррири.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон “Оқ бино оқшомлари” ҳикояси ва айни номдаги киносценарий муаллифидир.
Ёзувчининг “Дунё кенг” (ҳикоялар, 1986) ҳамда “Шу ерлик киши” (қисса ва ҳикоя, 1988) китоблари чоп этилган.
У шунингдек, Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони асосида икки қисмли киносценарий ёзган.
Турк, гуржи, хитой ва рус адибларининг бир қатор асарлари, Темур Пўлатовнинг “Завсегдатай” (“Шинаванда”) қиссаси ҳамда “Черепаха Тарази” (“Торозий тошбақаси”) романларини ўзбек тилига таржима қилган.
Ҳозирги замон турк адиби, олими Аҳмад Лутфий Қозончининг олти жилдлик “Саодат асри қиссалари” асари ҳам Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон таржимасида ўзбек тилида дунё юзини кўрган ва бир неча марта қайта нашр этилган.
Долзарб мавзуларда бир қатор публицистик, илмий, адабий мақолалар муаллифи.
BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига таниқли ёзувчи, Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг “Ҳидоят” журнали бош муҳаррири Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон жавоб беради.
“Оқ бино оқшомлари”ни ёзишингизга нима туртки берган? Нега ундан кейин шунга ўхшаган биронта асар ёзмадингиз? Олдиндан раҳмат жавобингиз учун!.
Ҳилола, Фарғона.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: Саволингиздан, бу ҳикоям сизга ёққан кўринади. Менга ҳам ёқади. Унгача ҳам етти-саккизта ҳикоям чиққан, бир ҳикоялар тўпламим чоп этилган, ҳар ҳолда адабий жамоатчиликдан яхши баҳо олган, лекин “Оқ бино оқшомлари” машҳур бўлиб кетди. Эълон қилинган йили “Йилнинг энг яхши ҳикояси” деб тан олиниб, “Шарқ юлдузи” журналининг “Сурхон” мукофотига лойиқ ҳам кўрилган. Сўнгра шу ҳикоям асосида бир бадиий филм ҳам суратга олинди. Тўғрисини айтсам, бу ҳикоянинг ёзилишига айнан нима туртки бўлгани ҳозир эсимда йўқ. Лекин бошланғичда менда бир-бирига ўхшамаган етти хил ҳаёт, етти хил тақдир, етти хил муҳаббат саргузашти ҳақида туркум ҳикоялар ёзиш ғояси туғилди. Умумий номини ҳам ўйлаб қўйган эдим: “Менинг етти саёҳатим”! Афсус, бор-йўғи учтаси ёзилди, ўшандан ҳам иккитасигина эълон бўлди, қолганлари ёзилмай қолиб кетди. Айниқса “Бу йўллар…” номидаги иккинчи ҳикоям бошига тушган савдолар таъсир қилдими, хафсалам ҳам пир бўлган бўлса керак. Бугун ўйласам, балки ёзилмагани яхши бўлгандир. “Бу йўллар…”нинг ғояси тўла пишмагани учунми ё ўша пайтдаги туйғуларимни қоғозга туширишда етишмовчилик бўлдими, ишқилиб, бугун ўзимга ҳам ёқмайди. “Оқ бино оқшомлари”дан кейин “Шу ерлик киши” деган бир қисса ёздим, Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонини киноқисса қилдим ва… шу билан то 2009 йилгача, яъни, яқин 18 йил бадиий ижод билан шуғулланмадим. Нимага ёзмай қўйганим сабабларини “Ёшлик” журналида 2011 йил чиққан бир суҳбатимда айтганман. Хуллас, 2009 йилдан бу ёғига янгича йўналишда бир-иккита нарса ёздим, назаримда, ўқувчилар яхши кутиб олди. Оллоҳдан сўраб турибман, бундан бу ёғига қўлимга қаламни қайтаргани чин бўлсин ва орада узилишни ҳам тўлдирадиган даражада салмоқли ва сифатли асарлар ёзишни насиб этсин.
Матбаачилик соҳаси вакили сифатида, айтинг-чи, ҳозирда маънавий озуқа бўлмиш китобга талаб, асосан, диний адабиётгами ёки дунёвий адабиётга?
Одилжон Маҳдумий, Ўш.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: Биринчидан, мен матбаачи эмасман, ноширман. Булар бир-биридан бошқа соҳа: матбаачи, ҳозирги тил билан айтганда, босмахона ишчиси. Ношир эса, китобни нашрга тайёрлайди – таҳрир қилади, саҳифалайди ва ҳоказо. Энди, бевосита саволингизга келсак, бунда ҳам бир нозик нуқтани ойдинлаштириб олсак: мен ўзим илмни ҳам, адабиётни ҳам диний ё дунёвий деб бўлишга қаршиман. Бундай бўлишда катта хавф бор. Худди дин бошқаю дунё бошқадай туюлади. Диний, дунёвий деяверсак, одамларнинг онгига мана шунақа хато тасаввур ўтириб қолади. Аслида, иккаласи бир-бирини инкор қиладиган тушунчалар эмас. Улар тенг тушунчалар ҳам эмас. Дин кенг, дунё тор. Дунё ҳам дин ичига киради. Ислом динимиз дунё билан охиратни тенг ушлаган бир диндир. Яъни, нарса ва ҳодисаларни диний ва дунёвий деб эмас, балки ухровий ва дунёвий деб тушунтирса бўлади. Масалан, дунёвий илм ва ухровий илм. Иккаласи қўшилиб диний илмни ташкил этади. Чунки Оллоҳнинг илмидан ташқарида илм йўқ. Физика ҳам, фалакиётшунослик ҳам, математика ҳам, биология ҳам, жуғрофия ҳам… ва ҳоказо… тагини суриштириб келсангиз, яратилмишлар ҳақида баҳс этади. Шундай экан, уни дунёвий деймизми, диний деймизми?
Энди бевосита одамлар қанақа китобларга кўпроқ қизиқаётгани масаласига келсак, мен алоҳида ўрганиб чиқмаганман-у, аммо-лекин кузатишимча, икки хил адабиётга ҳам қизиқиш бор. Китоб дўконларда кўряпман: иккала хил китобларни ҳам одамлар оляпти. Илгариги замонлардан озроқдир, лекин оляпти. Динга қизиқиш каттароқ бўлиши мумкин. Назаримда, эҳтиёж ва талаб даражасида китоб етказиб бера олмаяпмиз чоғи. Айрим диний китобларни нархига қарамай излаб юриб олаётганидан ҳарҳолда одамларда дунё ва охиратга озуқа бўлмиш динга қизиқиши катта экани кўринади ва бу табиий ҳолдир.
Сиз мустақиллик давридан буён диний нашриёт “Мовароуннаҳр” да муҳаррир ва директор, “Ҳидоят” журналида бош муҳаррир лавозимида ишлаб келар экансиз. Аслида сиз исломий илмлардан қанчалар хабардорсиз?
Одилжон Маҳдумий, Ўш.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: Мен Худосиз совет даврида ҳам динни эҳтиётлаб ушлаган оилада туғилганман. Раҳматли дадам ҳам, раҳматли аям ҳам намоз ўқишарди. Эсимни таниганимдан бери биламан: бизнинг уйимизда намоз ҳам, рўза ҳам ҳеч қачон тўхтамаган. Бунинг устига, дадам ўзлари айтишларича, тўрт ёшларидан Қўқондаги жоме мачит қошидаги мактабда ўқий бошлаганлар. Ўша пайтдаги шароитда дадамни бемалол анча-мунча илмли деса ҳам бўларди. Чунки уйимизда диний ва дунёвий китоб жуда кўп эди ва ишдан бўш пайтлари доим қўлларида китоб бўларди. У замонлар бахтимизга телевизор йўқ, биз тарбияни бевосита ота-онамиздан олардик. Албатта, совет ҳам қараб ўтирмаган, болаларни ота-онанинг қўлигагина ташлаб қўймаган, ўзининг мафкурасидан келиб чиқиб, биз болаларни олдин октябрят, кейин пионер, ундан кейин комсомол қилиб тарбиялашга ҳаракат қилган. Ва, хоҳлаймизми-йўқми, у тескари тарбиянинг ҳам таъсири катта бўлган. Уйда мусулмонмиз, кўчада ва мактабда совет боласимиз. Ота-оналаримиз уйда эҳтиётлаб, советдан қўрқа-пуса, бизларни мусулмон қилиб тарбиялашга уринишган бўлса, совет уйдан ташқарида очиқчасига, зўрлик билан, мажбурлаб бизларни худосиз қилишга тиришарди. Ана шунақа, бизнинг авлод ва биздан катталар қаёққа кўпроқ қулоқ солишни билмай, билсак ҳам, иложсизликдан кўпроқ советга эргашиб катта бўлганмиз. Хайрият, Оллоҳнинг инояти билан худосиз совет ўтган асрнинг саксонинчи йиллари иккинчи ярмидан, ортиқ бундай яшаб бўлмаслигини ҳис қилди ва дунё саҳнасида сақланиб қолиш учун жамиятни қайта қуришни бошлаб юборди. Динга ҳам эркинлик берилди. Шу паллалардан бошлаб юракларимизда бир пайтлар уйда ота-оналаримиздан олган тарбияларимиз уйғониб, динга қайтиш ҳаракати юзага келди. Қаерда динни тушунадиган одам бўлса, унга ёпишиб, халқимиз ҳеч бўлмаса бошланғич диний илмни эгаллашга ҳаракат қилди. Мен ҳам илмли кишилардан озми-кўпми таълим олдим, арабчани тўла билиб кетмаган бўлсам ҳам, сал-пал тушунаман, Қуръонни тажвид билан ўқий оламан. Анча-мунча сураларни ёдлаганман ҳам. Фиқҳдан, дин тарихидан бир олимга эмас, ўзимга етадиган қадар, Оллоҳ насиб қилганича, хабардорман. Аммо ўзимни диннинг тўла билимлиси деб билмайман. Бу ёғи энди тўхтамай то қабргача ўрганаверамиз. Диний адабиётлар нашри учун бир журналист билиши лозим бўлганича биламан деб ўйлайман.
Ассалому алайкум Нуруллоҳ ака. Ўзбекистонда сизга ўхшаган мусулмон адибларнинг кўп эмаслиги (Тоҳир Малик ва яна бир-икки зиёлиларимиз) қандай изоҳлайсиз?. Эҳтимол, кўпроқ бўлса, ҳозирги аҳволга тушмасмидик. Раҳмат. Нодирбек.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: Оллоҳга шукр, биз мусулмон халқмиз. Битта-иккита ўзлари очиқ айтган динсизини демаганда, мен ҳамма адибларимизни, шоирларимизни мусулмон деб ҳисоблайман. Шариатимиз, мазҳабимиз бизга шундай таълим беради. Фақат, ўртада 130 йиллик ўрис ва совет истибдоди, бундан етмиш йили қаттиқ худосизлик мафкураси натижасида диний ақида ва йўл-йўриқларидан хабарсиз қолган жуда кўпчилик бор, билганларида улар ҳам динни ушлаган бўлардилар балки. Уларни Ислом доирасидан чиқариб ташламаймиз, тили билан куфрни айтмаган бўлса, мусулмон санайверамиз. Намоз ўқимаётган, рўза тутмаётган, аксинча, ҳеч нарсадан қўрқмай маст қилувчи ичкиликлар ичиб юрадиганлар ҳам мусулмон, лекин улар бузуқ мусулмонлардир – уларнинг ҳақига яхши дуолар қиламиз. Албатта, қанийди динимиз талабларига юрадиган адибларимиз кўпайса! Миллатнинг маънавияти бўлакча бўларди! Чунки жамият тарбиясида зиёлиларнинг ўрни юксак.
Россияда масжидлар сони Ўзбекистондагидан кўп. Нега бизда мусулмонларнинг эҳтиёжларига қараб масжидлар барпо этилмайди?. Бу мавзуни ҳеч кўтарганмисизлар?. Раҳмат.
Мақсудбек, Корея.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: Ҳозир Ўрусияда мачит нечталигини мен билмайман. Аммо Ўзбекистонда 2035тамиди рўйхатдан ўтган мачитимиз ишлаб турибди. Бу рақам ўттиз милёнли халққа озми, кўпми? Менимча, оз, жуда оз. Кўп қишлоқларда мачит йўқ. Жумани туман марказига бориб ўқишади. Натижада кўплар бормай қўяқолади. Узоққа бормайлик, шу пойтахтимизнинг ўзида айрим депараларда мачит етишмайди. Беш вақт намозни қўйинг, жума ё ҳайит намозларини ўқишга одамлар узоқларга боришга мажбур бўляпти. Балки аста-секин кўпайиб қолар. Мен, тўғриси, мачит очиш-ёпиш қонун-қоидасини унча тушунмайман. Бу мавзуни расман кўтариб тепаларга чиқмаганман. Аммо биламанки, мачитдан қўрқмаслик керак. Мачит бор жойда тарбия бўлади. Жиноят кам бўлади. Қўйди-чиқди камаяди. Охир-оқибатда бу нарсалардан жамият катта фойда кўради.
Ассалому алайкум!. Сиз раҳбарлик қилаётган “Мовароуннаҳр” нашриётида сўнгги йилларда қандай диний адабиётлар чоп этилди?. Уларни ким тасдиқлайди?. Ўзбекистонда диний адабиётларга цензура борлигини тан оласизми?.
Нуруллоҳ, Тошкент.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: Мен 1999 йил ёзидан бошлаб “Ҳидоят” журнали бош муҳаррири эдим. 2010 йил 2 августидан “Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетаси таҳририятлари “Мовароуннаҳр” нашриёти таркибига қўшиб юборилди ва мени ўшандан бери нашриётнинг бош директори этиб тайинлашди. Энди елкамга журнал чиқаришдан ташқари, газетага ҳам қараш ва китоб ҳам тайёрлаш ишлари юкланди. Уч йилдан ошди. Ўшандан бери жуда кўп китоб чиқардик. Бундай савол тушишини билганимда, нашриётимиз кейинги йилларда нашрга тайёрлаган китобларнинг рўйхатини олдиндан тузиб қўярдим. Эсимда борларини санайман-да. Ўтмишдан: Имом Бухорийнинг “Адабул муфрад” китоблари ўзбек ва араб тилларида, Абу Ханифанинг “Муснад”лари ва “Фиқҳул акбар” китоблари, Абу Бакр Қаффол Шошийнинг “Жавомиул калим” китоблари… ва ҳоказо… Ҳозирдан: муфтий Усмонхон Алимовнинг “Расулуллоҳнинг васиятлари”, “Сўраган эдингиз”, “Исломда фарзанд тарбияси” каби силсила китоблари, қатор имом-хатибларимизнинг долзарб мавзулардаги рисолалари, Хадичаи Кубро мадрасаси ўқитувчиси Гулобод Қудратуллоҳ қизининг “Қуръон ўқитиш ва ёдлаш усуллари”, Раҳматулло қори Обидов билан Зулайҳо Обидованинг “Оллоҳнинг гўзал исмлари” китоби, “Аёлларга хос фиқҳий масалалар” Ислом институти ўқитувчиси Жаҳонгир Неъматов тайёрлаган “Тартил” китоби… ва ҳоказо… Қай бирини айтай. Чоп этган китобларимиз ҳаммаси халқнинг қўлига етиб борган, билади, дўконларда сотиляпти.
Энди цензура масаласига келсак, ҳозир Ўзбекистонда расман цензура йўқ. Албатта, нашрга тайёрланган китобларни уламоларимизга ўқитиб оламиз. Биз журналистлармиз, ёзувчилармиз, дин эса нозик масала – бир қатор кўздан кечириб беришмаса, хато ўтиб кетиши мумкин. Бундан ташқари, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертлик гуруҳи албатта текшириб беради. Биз уни яширмаймиз, очиқ. Ҳамма китобимизда бу нарса ёзиб қўйилган. Тўғри тушунилса, бизнинг шароитда улар кўриб бераётгани, бир ҳисобга, яхши ҳам.
Манба: BBC ozbek