Dildora Turdiyeva. Iztirob ulg’aytirgan adib.

011
Жаҳон адабиётида шоҳ асарлар, дея тан олинган «Хўрланган ва ҳақоратланганлар» (1861 йил), «Қиморбоз» (1866 йил), «Жиноят ва жазо»(1865-1866 йиллар), «Телба» (1868 йил), «Ўлик уйдан мактублар», «Ака-ука-Карамазовлар» (1879-1880 йиллар) сингари нодир адабий обидаларнинг муаллифи сифатида шуҳрат қозонган адиб ҳаёти ниҳоятда қизиқарли, зиддиятли, айтиш мумкинки, фожеали бўлган…

013

Дилдора Турдиева
ИЗТИРОБ УЛҒАЙТИРГАН АДИБ

Рус адабиётининг улкан намояндаси Фёдор Достоевский ҳаётининг сўнгги дамларидагина машҳурликка эришган бўлса, оламшумул шуҳратга ўлимидан сўнг эришди. Тарихий манбаларга кўра, Фёдор Достоевский ота томондан дворянларга мансуб бўлиб, уларнинг мулки бўлмиш Достоево ерлари XVI-XVII асрларда ҳозирги Беларус республикаси ҳудудида жойлашган экан. Бу мулкий ерлар 1506 йилда буюк князь Фёдор Ярославич томонидан қилган хизматлари учун Данила Ртишевга тортиқ қилинган. Шундан кейин Ртишев ва унинг авлодлари ўзларини Достоевский деб атай бошлашди.
Ёзувчининг бобоси Андрей Достоевский руҳоний бўлган. Отаси Михаил Достоевский императорлик тиббий-жарроҳлик академиясида таҳсил олган. Онаси Мария Нечаева бадавлат савдогар оиласида туғилган эди. 1812 йилги урушдан сўнг оила мол-мулкининг катта қисмини йўқотди. Фёдор онасининг меҳрибон ва хокисор эканлигини бот-бот такрорлайди. Фидойи аёл турмуш ўртоғига саккиз фарзанд – тўрт ўғил ва тўрт қизни ҳадя этади. Буюк адиб ижодини тадқиқ қилган мутахассислар Достоевский волидаи муҳтарамаси тимсолида кўпгина образлар яратганлигини эътироф этишади.
Фёдор Михайлович Достоевский 1821 йилнинг октябрь ойида Москва шаҳрида таваллуд топди. У серфарзанд оиланинг иккинчи фарзанди эди. 1828 йилда Фёдор наслий дворян мақомини олди. Онаси тақводор аёл эди. У ҳар йили фарзандларини Троица Сергиев лаврига олиб борар, уларга «Кўҳна ва Янги ўгитларнинг бир юзу тўртта муқаддас воқеалари» китобини ўқишни ўргатарди. Кейинчалик ёзувчи «Ака-ука Карамазовлар» романида қария Зосимнинг болалиги ҳикоясида ушбу китоб ҳақида айтиб ўтган. Уларнинг уйларида Карамзин, Державин, Жуковский, Пушкин асарлари кўп мутолаа қилинарди. Достоевский улғайгач, Евангелие муқаддас китобини тили чиқиши билан ёд олганини эслайди. 1832 йилдан бошлаб, Достоевскийлар ёзни Тула губерниясидаги Даровое қишлоғида (отаси бу ерни сотиб олганди) ўтказишарди.
Дастлаб уй шароитида таълим олган Фёдор, 1833 йилда акаси Михаил билан Драшусов пансионида таҳсил олади. 1837 йилда онаси сил касаллигидан вафот этади. Бу кичик Фёдор учун улкан зарба бўлди. Бу бўшлиқни фақат адабиётга бўлган муҳаббатгина тўлдира олди. Ака-укалар ўқишни Петербургда давом эттиришди. Фёдор муҳандислар бош билим юртида ўқий бошлайди. 1839 йилда оила бошлиғи – Михаил Достоевский ҳам вафот этади.
1844 йилда Достоевский «Бечора одамлар» романи ғоясини ўйлаб қўйди. Унинг ҳамхонаси Григорович қўлёзмаларни Некрасовга етказди. Улар кечаси билан ухламай, «Бечора одамлар»ни ўқиб чиқишди. Тонг саҳарлаб Достоевский ҳузурига ошиқишди ва қалбларини чулғаб олган ҳиссиётларни улашишга ҳаракат қилишди.
«Янги Гоголь туғилди!» дея Некрасов қўлёзмаларни Белинскийга топширди. У ҳам ўз навбатида «Ушбу роман рус ҳаётининг шу пайтгача ҳеч кимнинг ҳатто тушига кирмаган сир-асрорлари, феъл-атвори ва табиатини очиб берди», дея асарни юқори баҳолади.
1846 йилда Достоевский ака-ука Бекетовлар тўгарагига қатнай бошлайди. Бу ерда нафақат адабиётга доир, балки сиёсий масалалар ҳам муҳокама қилинарди. Бундай йиғинларга 1849 йил 23 апрель куни барҳам берилди. Ҳибсга олинганлар орасида Достоевский ҳам бор эди. Маҳбуслар Петропавловск қалъасига зиндонбанд қилинди. Дастлаб ўлимга маҳкум этилган Достоевскийнинг жазоси 4 йиллик сургун билан алмаштирилди. У дворянлик мақоми ва бор-будидан айрилди. Сургунда ашаддий каллакесар жиноятчилар қуршовида бўлган ёзувчи ўша пайтдаги руҳиятини қуйидагича тасвирлайди: «Сўз билан ифода этиб бўлмайдиган, чеки йўқ азобли кунлар…Ҳар бир дақиқа гўё асрга татирди…Руҳий изтироблар, ёлғизлик, соғинч, «ўз устимдан суд қилиш», «ўтган ҳаётимни таҳлил қилиш», тушкунлик ва ишончгача бўлган ҳиссиётларнинг мураккаб уйғунлашуви мени буюк тақдир соҳибига айлантирди…» Кейинчалик бундай «руҳий ҳолат» тажрибаси Достоевскийнинг «Ҳалокат уйидан ёзишмалар» (1860-1862) романининг биографик асоси бўлди.
1854 йилда Достоевский аскар, 1855 йилда унтер-офицер, 1856 йилда прапоршик унвонларини олади. 1857 йилда у дворянлик мақомини тиклайди ва асарларини нашр эттириш ҳуқуқини олади. Сургунда бўлган Достоевский Қуръони каримни ўқийди, буюк файласуфлар И.Кант, Гегель асарлари билан танишади, физика, физиология фанларини, немис тилини мукаммал ўрганади. Фёдор Михайлович учун маҳаллий аҳолининг эшиклари доим очиқ эди. У ҳатто, ҳарбий губернатор уйининг азиз меҳмони бўлади. Жуда кўп дўст-биродарлар орттиради. Улар орасида божхона мансабдори Александр Исаев ҳам бор эди. У виждонли, олийжаноб бўлишига қарамай, ичкиликка муккасидан кетганди. Унинг рафиқаси хушрўй ва ақлли Мария тез орада Достоевскийнинг дўстига айланади. Айтишларича, Мариянинг Достоевскийга бўлган дўстона муносабатини ёзувчи нотўғри тушунади ва унга ошиқу беқарор бўлади. Бу севги унга фақат азоб келтиради. Исаевлар Кузнецкка кўчиб ўтади. Ишқ азоби энди фақат мисраларга жо бўлади. 1855 йилда Исаев вафот этади. Энди севгимга эришдим деганда Мариянинг уезд ўқитувчиси Вергунов билан қизиқиб қолганлиги маълум бўлади. Севгиси учун курашган Достоевский жуда кўп қийинчилик ва оғир руҳий кечинмаларни бошидан кечиради.
1856 йилда Достоевский дўстлари ёрдамида (улар шахсан император Александр IIга мурожаат қилишади) прапоршик унвонини олади. Тўлиқ эркинликка эришган прапоршик Достоевский Кузнецк шаҳрига бориб, севгилисининг қўлини сўрайди. 1857 йилда уларнинг тўйлари бўлади. Худди шу йили у дворянлик мақомини тиклайди ва асарларини нашр эттириш ҳуқуқини олади. Уларнинг турмушини бахтли деб бўлмасди. Чунки Кузнецкдан Семипалатинскка қайтаётганда, Мария эрининг тутқаноқ тутишига гувоҳ бўлади (Достоевский ёшлигидан бу касалликка чалинганди, лекин вақт ўтиши билан бундай «хуружлар» даҳшатли эпилепсияга айлана борди). Бундай манзарадан даҳшатга тушган Мария шу-шу турмуш ўртоғига нисбатан ҳеч қанақа ҳисларни туймайди. Рафиқасининг ўлимидан кейин Достоевский Врангелга ёзади: «Оҳ, менинг дўстим, у мени бениҳоя севарди. Мен ҳам уни чексиз севардим, бироқ биз бахтли бўлолмадик…»
1859 йилда Фёдор Достоевский касаллиги туфайли истеъфога чиқади. Ўша йил охирида Петербургга кўчиб ўтади ва акаси Михаил билан бирга «Время», кейинчалик «Эпоха» журналларини нашр эттиради. Бу пайтда у муҳаррирлик ишини ижодий фаолияти билан уйғунликда олиб боради: публицистик, адабий-танқидий мақолалар, мунозарали қайдлар, бадиий асарлар ёзади. «Время» журналининг мавқеини кўтариш мақсадида Достоевский ўзининг «Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар» романини чоп этади. Асарнинг биргина номи XIX аср танқидчилари томонидан ёзувчи ижодининг ёрқин тимсоли ва ҳатто, рус адабиётининг ҳақиқий инсонийлик шавқи рамзига айланди.
1864 йил Достоевский учун бирин-кетин оғир зарбаларни ҳозирлаб қўйганди. Баҳорда суюкли аёли сил касаллигидан вафот этади, ёзда эса суянган тоғи – акаси Михаил ҳам дунёдан кўз юмади. «Мана, бу дунёда мен ҳам ёлғиз қолдим. Негадир, қўрқиб кетаяпман…Севган инсонларимнинг ўрнини ҳеч ким боса олмаслигини энди англаяпман. Бу дунёда фақатгина уларни яхши кўрган эканман…Чор атрофим совуқ ва қоронғу…» деб ёзганди у кундаликларида. Руҳиятини синдирган айрилиқ дамларида унинг ҳаётига Апполона Суслова кириб келади. Апполона билан Европага йўл олган ёзувчи Баден-Баден қиморхоналарининг доимий мижозига айланади. Бундай айш-ишратли ҳаёт «Қиморбоз» романининг яратилишига туртки бўлади. Бу орада унинг журналлари ҳам инқирозга учради. Акасининг оиласи хонавайрон бўлмаслиги учун у нашрларининг векселларини сотади. Ўшанда молиявий ишларни яхши тушунмайдиган Достоевский орқасидан айрим кимсалар бойлик орттиришди. Бор-будидан айрилиб, қарзларга ботган Достоевский қамоққа тушмаслик учун ношир Стелловскийга асарларини нашр этиш ҳуқуқини сотишга мажбур бўлади. 1866 йилнинг 1 ноябригача янги роман ёзиш мажбуриятини олади. Достоевский кредиторлар, полициядан узоқроқ бўлиш мақсадида чет элга кетади. У бу ерда тинч ва сокин муҳитда романини ёзишга киришади. Бироқ қиморга бўлган улкан иштиёқ уни яна ўша жойларга бошлайди. Висбаденда беш кун ичида у ҳамма нарсасини, ҳатто, қўл соатини ҳам ютқазади. Ана шундай шароитда Достоевскийнинг буюк асари — «Жиноят ва жазо» яратилади. Романнинг биринчи қисми 1866 йил «Русский вестник» журналида чоп этилади. Асарга юқори баҳо берилди. Ҳатто, Достоевскийнинг душманлари ҳам «Жиноят ва жазо» рус адабиётининг буюк асарларидан бири эканлигини эътироф этишди. Белгиланган муддатга бир ой қолганда ёзувчи «Жиноят ва жазо»ни тўхтатиб туришга ва «Қиморбоз» романини ёзишга мажбур бўлади. Китобни тезроқ ёзиш мақсадида Фёдор Михайлович стенография бўйича таниқли ўқитувчи Ольхендан унга стенографисткачи топиб беришни илтимос қилади. Ольхен энг яхши талабаларидан бири бўлган, 20 яшар Анна Сниткинани унга ёрдамчи қилиб юборади. Улар биргаликда асарни 26 кунда ёзиб тугатишга муваффақ бўлишади. Бу вақт оралиғида Аннушка (Фёдор Михайлович қизни шундай деб эркаларди) адиб учун энг қадрли инсонга айланиб улгурганди. Энди Достоевский Аннага жавоб бериши керак эди. Аммо…Достоевский қалбини нурларга тўлдирган қиздан айрилишни истамасди. Шунда у қалби гулдек беғубор Аннани севиб қолганлигини англайди, бироқ рад этилишидан қўрқиб, у билан бирга ўтказаётган вақтни иложи борича узайтиришга ҳаракат қилади. Ана шундай кунларнинг бирида Фёдор Михайлович Аннага, ёшгина қизни севиб қолган қари рассом ҳақидаги воқеани айтиб беради. Ҳикояси сўнггида, «Агарда ўша қизнинг ўрнида сиз бўлганингизда қандай йўл тутардингиз? Унинг севгисига жавоб берармидингиз?» деб унга мурожаат қилади. Зийрак Анна адибнинг юз ифодасидан гап нима ҳақида кетаётганлигини дарров тушунади. Бу воқеанинг ҳақиқий қаҳрамонлари ким эканлигини ҳам билади. У шундай деб жавоб беради: «Мен…мен ҳам унга севишимни айтардим…Бир умр унинг ёнида қолишга рози бўлардим…» 1867 йилнинг февралида улар никоҳдан ўтишади.
Аммо Достоевский рафиқасини ҳар қанча севмасин, Аннанинг ҳаёти нохушликлардан бошланади. Гап моддий етишмовчиликда эмасди. Эрининг қариндошлари Аннага ёмон муносабатда бўлишди. Айниқса, Фёдор Михайловичнинг ўгай ўғли (Мариянинг биринчи турмушидан фарзанди) Пётр Исаев Аннани ўзига рақиб деб билди. Ҳеч қаерда ишламайдиган, ўгай отасининг ҳисобига яшайдиган Пётр, гўёки туғилажак ука-сингиллари уни меросдан маҳрум қилаётгандек, Аннани қандай қилиб бўлмасин, бу уйдан сиқиб чиқаришга уринарди. Келинойиси ҳам турли баҳоналар билан Аннанинг ҳаётини дўзахга айлантирди. Бошқа бундай яшаб бўлмаслигини англаган Анна оиласини сақлаб қолиш мақсадида турмуш ўртоғини чет элга кўчиб кетишга кўндиради.
Шундан кейин улар бегона юртларда сарсон-саргардонликда умр кечиришади. Тўрт йил давом этган бундай ҳаёт қайтанга уларнинг никоҳини янада мустаҳкамлади. Германияда Достоевский яна қимор ўйинларига ўралашиб қолади. У яна ҳамма нарсасини қиморга тикади. Уйга ҳеч нарсасиз келган эрини Анна яна кечиради. У билади: суюклиси қимор гирдобидан чиқа олмаётганини тушунади. Достоевский бошқа ўйнамасликка сўз беради. Баден-Баденга кўчиб кетишади. Яна қимор. Ҳаммаси бошидан бошланади. Фақат бу сафар ютқазадиган пулнинг ўзи йўқ эди. Ҳали ёзилмаган асари учун ношир Катковдан 500 рубль миқдорида аванс олади. Бу пулни ҳам бир кунда ютқазади. Энди нима қилиш керак? Рафиқасига совға қилган зирак ва никоҳ узугини пуллайди.
Женевага кўчиб ўтишгач, Достоевский «Телба» асарини ёза бошлайди. Танқидчилар Достоевский асарларини тугалланмаганликда айблашади. Сюжетлар тизгини шунчалик тиқилинч эдики, улар асар ўртасига бориб деярли унутилиб кетарди. Гап шундаки, Достоевский бадавлат Тургенев ва Толстойдан фарқли ўлароқ, нашриётларга асарларининг хомаки нусхасини беришга мажбур эди. Чунки у ана шу қўлёзмаларга тўланадиган аванслар ҳисобига яшарди. Ноширлар қўйган муддатда тугатиш учун у яшин тезлигида ишлашга мажбур эди. Уч ойлик қизалоғи – Сонянинг ўлими ёзувчига қаттиқ таъсир қилди. Тушкун ҳолатдан уни фақат иш чалғита оларди. Мана шундай шароитда танбеҳ-асар деб ном олган «Шайтонлар» асари яратилади. «Телба» ва «Шайтонлар» ёзувчининг ватанида катта шов-шувларга сабаб бўлади. Унга навбатдаги машҳурликни олиб келади.
1871 йилда Петербургга қайтган Достоевскийнинг ҳаёти изига тушади. У «Ёзувчининг кундалиги» асари устида ишлайди, машҳур романи «Ака-ука Карамазовлар»ни ёзади. Бирин-кетин фарзандлари туғилади. Уни бир умр севган, тушунган аёли – Анна доимо ёнида эди. Ёзувчининг бахтли онлари шу эди аслида…

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 10-сонидан олинди.

(Tashriflar: umumiy 218, bugungi 1)

Izoh qoldiring