Qozoqboy Yo’ldoshev. Inson tuyg’ularining teran talqinlari.

0218
Одил Ёқубовнинг романчилиги замонавий ўзбек насрининг бадиий тасвир имкониятини, кўрку салобатини кўрсатиши билан характерлидир. Унинг асарлари инсонга буюк муҳаббатнинг самараси бўлганлиги учун ҳам уларда одам теран англанган, инсон ғоят чигал ҳаётий вазиятларда ҳам чин маънавий сифатларини сақлаб қола билишга қодир ижтимоий-руҳоний куч эканлиги жуда ишонарли ва таъсирли кўрсатиб берилган.

0133

Қозоқбой Йўлдошев
ИНСОН ТУЙҒУЛАРИНИНГ ТЕРАН ТАЛҚИНЛАРИ

Oдам даврни яратгани каби давр ҳам инсонни шакллантиради. Яратиқ яратганнинг меваси бўлгани учун ҳам унда яратувчининг нуқси қолади. Яъни одам ўз даврига бир қадар ўхшайди. Лекин одам ҳам, давр ҳам ўткинчидир. Уларга хос хусусиятларни тутиб олиш мушкул. Муайян даврда яшаб ўтган инсонларнинг қиёфаси, руҳий дунёси ўша вақтда дунёга келган асл бадиий асарларда намоён бўлади. Асарларида даврга хос белгиларни ташийдиган қаҳрамонларни тасвирлаш улкан ижодкорларнинг насибасидир. ХХ аср 20-йилларининг романтикаси, 30-йиллар талотумлари, уруш суронлари, тикланиш азоблари, турғунлик ҳавосизлигини бошидан кечирган, ошкораликнинг дарғаларидан бўлган, мустақилликка ёруғ юз билан етиб келган ва ҳамиша одамлар орасида бўлиб, эл-юрт ташвиши билан яшаётган Одил Ёқубов ана шундай адибдир.

О.Ёқубовнинг романчилиги замонавий ўзбек насрининг бадиий тасвир имкониятини, кўрку салобатини кўрсатиши билан характерлидир. «Улуғбек хазинаси»да ёзувчи асар қаҳрамонлари бошдан кечирган воқеаларни кўрсатишга эмас, балки уларнинг ички дунёсини очиш асносида Улуғбек даврининг бадиий манзарасини чизишга эътибор беради. Маълумки, ҳаётга фаол аралашган кишилар ҳамиша зиддиятлар қуршовида бўлади. Ҳукмдорлар ўз мавқеларига кўра жамият ишларига фаол муносабатда бўлишга мажбурлар. Ҳар бир инсон ўз ҳаётидаги бурилиш даврларида, кучли қаршиликларга дуч келганда турли-туман ўйларни бошидан кечиради. Романда бош қаҳрамон ана шундай ўйлар оғушида кўрсатилади. Асарда Улуғбек ҳам адолат ва инсоф жиловини маҳкам ушлашга уринган подшоҳ, ҳам тенгсиз олим сифатида кўрсатилади. Ёзувчи улуғ олим ва адолатли шоҳнинг ҳаётини бошдан-охир тасвирлашни мақсад қилмайди. Улуғбек ҳаётининг оғир ва фожиали дамларга тўла сўнгги палласини кўрсатиш мобайнида у мулоқот ва фаолиятда бўлган кўплаб кишиларнинг табиатини акс эттирган.

Адиб ўз отасига қарши бош кўтарган Абдуллатифнинг руҳий оламини очишга, туйғулар тизимини кўрсатишга эътибор беради. Ёзувчи Абдуллатиф табиатидаги падаркушлик илдизини унинг мутаассиб кимсалар таъсирида тарбиялангани ва Улуғбекни ислом динига қарши, деб янглиш ўйлаганида кўради. Бу ҳолат Улуғбек Абдуллатифга: «Менга ҳеч нарса керак эмас. Бу тожу тахт, салтанат, шон-шуҳрат — бари ўзингга буюргай, фақирга ёлғиз расадхонани инъом этсанг бас! Азмим қолган умримни «Зижи Кўрагоний»ни тугатиб, мутолаа ила кун кечирмоқдир», деганида, ўғилнинг жазавага тушиб: «Тағин расадхона! Тағин «Зижи Кўрагоний»! Мударрис дасторини ўраган муртадларни қанотингиз остига олиб, дин пешволарини оёқ ости қилмишсиз! Бул учун Ҳақ таолонинг қаҳрига, пайғамбар алайҳиссаломнинг қарғишига учраб, тахту тождан, салтанатдан айрилмишсиз. Аммо истиғфор айтмоқни тиламай, тавба-тазарру қилмоқни истамай, тағин расадхонани ўйлайдирсиз!.. Эй парвардигори олам! Гуноҳи азимга ботган бу осий бандангни ўзинг авф этгайсан…» деганида акс этади.

Адиб Абдуллатифни тахт йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган қонхўр сифатида кўрсатмайди. Уни ўқимишли, синчков, истеъдодли, аммо ўзини отаси томонидан қадрланмаган ўғил деб биладиган сершубҳа шахс тарзида тасвирлайди. Бу ҳолат унинг Улуғбекка айтган: «Балли Сиздай падарга! Сизнинг яхшилигингизни билурмиз. Тарноб жангида жонбозлик кўрсатган ким? Мен! Аммо музаффар ёрлиғи кимнинг номига битилди? …Ихтиёриддин қалъасидаги бобом Амир Темурдан қолган тиллаларимни тортиб олган ким? Яна сиз, валинеъмат падарим! Не чора? Муте фарзанд индамай бош эгдик ва лекин бас! Соҳибқирон олтинларини қайга яширдингиз, соябони марҳамат?» сўзларида яққол кўзга ташланади. Муаллиф Абдуллатифнинг хатти-ҳаракатлари сабабини англашга, унинг саъжиясидаги кўздан яширин жиҳатларни очишга эътибор қаратган.

Ёзувчи Улуғбек шахсиятини тасвирлашда ҳам ёлғиз ёрқин ранглардан фойдаланавермай, уни иккиланаётган, оғир ўйлар гирдобида қолган одам сифатида кўрсатади. Унда гоҳ тож-тахтни топшириб, илмий иш билан шуғулланиш истаги, гоҳида душманларини яксон қилиб ташлаш туйғуси ғолиб чиқаётгани ҳаққоний акс эттирилади. Али Қушчи билан суҳбатдаги: «Мирзо Улуғбекдай коинот сирларини очмоқни тилаган, фозилликни даъво этган мавлоно, ҳайҳот, охир-оқибат… барча тахт соҳибларидай салтанатни деб ўз пушти камаридан бўлган фарзанди ила тахту тож талашибди-да, деган ном қолдиришдан қўрқамен», деган сўзларида узоқни ўйлайдиган мутафаккир сиймоси намоён бўлади. Абдуллатиф билан баҳсда эса: «…сўнгги насиҳатимни эшит, хоҳла ўз падарингни қатл эт, хоҳла Мовароуннаҳр сарҳадидан ҳайдаб, дарбадар қил… Лекин ёлғиз тилагим: илм йўлида отанг қилган ишларга, унинг шогирд ва устозларига тегмагайсен. Тегсанг, …ота қарғишига учраб тоабад бадном бўлурсен! Ота рози — Худо рози, ёдингда бўлсин: ал қасосил миналҳақ! Ҳеч бир ёмонлик интиқомсиз қолмайдур! Сенга айтадурғон бошқа сўзим йўқ! Чақир ясовулингни!» деган сўзларида ўқувчи кўз олдида бир умр ҳукмфармолик қилган қўрқмас ва ёвқур темурий гавдаланади. Ёзувчи бир-бирларига бегона ота ва ўғил, фозил шоҳ ва тахтпараст шаҳзода ўртасидаги шиддатли тўқнашувларни кўрсатиш асносида уларнинг асл табиатларини намоён қилади. Романда Улуғбек ва Абдуллатиф ҳам, бошқа тимсоллар ҳам таърифу тавсиф этилмайди, балки уларнинг жонли образлари тасвирланади. Улар ҳаётдаги тирик одамлардай бўлгани учун ҳам бири ачинтирса, бошқаси нафратлантиради.

Али Қушчининг садоқати, Мавлоно Муҳиддиннинг сотқинлиги, шайх Низомиддин Хомушнинг инсофсизлиги, тузуккина шоир Абдуллатифнинг тахт илинжида шайх қўлида қўғирчоқ бўлгани ишонарли тасвир этилган. Ёзувчи ҳар бир қаҳрамон характер хусусиятлари, табиатидаги ўзгаришларни бадиий далиллашга эришади. Али Қушчи шоҳга шогирд бўлгани учунгина эмас, балки илм-фаннинг халқ ҳаётидаги аҳамиятини тушунгани, илм дурдоналари мутаассиблар қўлида қолса, миллат ривожи орқага сурилишини билгани сабабли ҳам Улуғбек йўлидан юриши асосли кўрсатилган.

«Улуғбек хазинаси»да садоқат ва сотқинлик, шогирдларнинг устоз олдидаги бурчи Али Қушчи ва Мавлоно Муҳиддин образлари мисолида меъёрига етказиб ифодаланган. Мавлоно Муҳиддин Улуғбекнинг меҳру мурувватидан кўп баҳраманд бўлган. Аммо шоҳ тахтдан кетгач, ундан юз буради. Адиб катта олим бўлса-да, йирик шахс бўлмаган Мавлоно Муҳиддин феълидаги бу сифатни мантиқий ва бадиий жиҳатдан далиллай олган. Заиф шахс ҳамиша ўзгалар таъсирига тушишга мойил бўлади. Қалтис вазиятда Мавлоно ҳам отаси Салоҳиддин Заргар таъсирига берилгани сабаб устозидан юз ўгиради. Али Қушчининг шахслиги олимлигига мувофиқ. У бу ўткинчи дунёда ўлимни ҳам енгадиган собит қадриятлар борлигини теран англайди. Али Қушчи ва Мавлоно Муҳиддиннинг қамоқхонадаги баҳсларида уларнинг бошқа-бошқа одамлар эканлиги кўринади. Али Қушчи тимсолида имонли киши ҳар қандай муҳитда ҳам садоқатини намоён эта олиши, жаҳолат ва зулмдан устун тура билиши кўрсатилган.

Адиб асар қаҳрамонлари қисмати мисолида сиртдан шафқатсиз ва адолатсиздай кўринган ҳаётнинг, аслида, ғоят адолатли ҳамда меҳрибон эканлигини яққол кўрсатади. Улуғбекнинг хазинаси фақат у ёзган ва йиққан илмий китобларгина эмас, у, аввало, одамлар орасидаги адолат, имон, эътиқод, олижаноблик, ҳалоллик сингари қадриятлардан иборатлиги, одамлар кўнглидаги бу бойлик ҳеч қачон йитмаслиги ишонарли акс эттирилади.

О.Ёқубовнинг олам ҳодисалари ва одамнинг моҳияти ҳақидаги залворли ўйлари, салмоқли мулоҳазалари «Кўҳна дунё» романида ўзгача бир йўсинда акс этган. Роман адиб ижодидаги тамомила ўзгача йўналишдаги асардир. Муаллиф бу асарида инсон, унинг ҳаётдаги ўрни, ўз тақдирини белгилашдаги иштироки, адолат, ҳақиқат ва уларнинг тантанаси тўғрисидаги қарашларини турлича табиатли шахслар қисмати мисолида ифода этади. Ёзувчи бу асарида инсон ҳаёти маънисини англамоқчи бўлган файласуф сифатида кўринади.

Ёзувчини бу кўҳна дунёнинг чигаллиги, тушунарсизлиги ҳайратга солади. Унда асл қолиб, кўпинча, сохта нарса эътибор топади. Яхши эмас, ёмон эзгу ва олижаноб деган ном чиқаради. Инсон зотики бор, қилган ишни эзгулик деб ўйлайди. Аслида кучли қудратлими ёки ожиз қудратлими эканини билиб бўлмайди.

Ёзувчи талқинидаги дунё, одамлар бир қатламли, бир таркибли эмас. Улар ғоят мураккаб ва ўта чигал тўқималардан иборат. Шунинг учун ҳам қиличидан қон томган ёвуз султон тасвири ўқувчини ачинтиради. Умрида бирор кишига яхшилик қилмаган ёвуз Пири Букрийга кишининг раҳми келади. Муаллиф Маҳмуд Ғазнавийдай дунёни титратган ҳукмдорни гоҳ шафқатсиз жаллод, гоҳ ожиз банда, гоҳ кўнгли бўш одам сифатида тасвирлайди ва бу тасвирга ўқувчини ишонтиради. Бу дунё — кўҳна, сирли ва тушунарсиз. Уни оддий одамларгина эмас, балки Беруний ва Ибн Синодай даҳолар ҳам англай олмаган. Ҳаёт асли шундай ғалатилиги, тўла изоҳлаб бўлмаслиги билан қизиқарли.

Асардан олинган қуйидаги парча эътиборга лойиқ: «Султон, дилида ажиб бир нур, қоқсуяк вужудида фавқулодда бир куч, ҳамон тасир-тусир от суриб борар, у билан улоқча ўртаси тобора қисқармоқда эди. Ниҳоят улоқчани қувиб етди-да, лочиндай чанг солиб кўтариб олди. Шу заҳотиёқ йироқлашиб қолган она кийик шартта тўхтади, бир зум жойида дир-дир титраб турди-да, аста-секин орқага қайта бошлади…

…Султон ҳаяжон ичида эгилиб, дир-дир титраётган улоқчани ерга қўйиб юборди, қўйиб юбориши билан дилида ажиб бир чироғ «лоп» этиб ёнди-да, вужудида ўзгача бир ҳолат, қандайдир сирли, илоҳий бир ҳолат содир бўлди. Ҳатто ўнг биқинидаги оғриқ ҳам таппа тўхтаб, кўзига қоронғи кўринган олам бирдан ёришиб кетди. …Тоғлар билан ўралган бу кенг сайхонлик боягидан ҳам кенг, осмон боягидан ҳам тиниқ, арчалар ҳиди боягидан ҳам хушбўй, қорли чўққилар боягидан ҳам юксак, одамлар эса бир-биридан яхши, бир-биридан меҳрибон кўриниб кетди султоннинг кўзига». Бу тасвир қанча ўлкаларни босиб олган, минглаб одамларни ўлдиришдан қийналмаган Маҳмуд Ғазнавий ҳолатининг ифодаси. Айни вазиятда шоҳ ғоят нурли, кўнгли эзгуликларга тўла қилиб тасвирланган. Энди айни ҳолатнинг кейинги руҳият тасвирига диққат қаратинг: «Навкарлар ёрдамида аравага чиққан султон бирдан ҳолсизланиб бошини ёстиққа қўйди, қўяркан, кўзи яна осмонга тушди. Лекин бояги артилган шишадай тиниқ осмон ўрнига тубсиз чоҳдай зимистон бўшлиқни кўрди». Бу тасвирда инсоннинг тасаввури ҳам, кайфияти ҳам ўзи сингари омонат ва ўткинчи эканлиги акс этган. Султоннинг болалик жўраси Маликул шароб эса айни дақиқаларда: «…Олло таоло ўз бандасига шундай ақл-заковат ато қилибди. Бандаси эса… нечун ҳамиша ақлга зид ишлар қилади? Нечун фақат бошига мусибат тушган чоғларидагина яхшилик ва эзгуликни ўйлайди? Нечун ўзи чоҳ ёқасига бориб қолгандагина қилган гуноҳларини, бошқаларга ўтказган жабр-ситамларини эслайди? Нечун!» дея хаёл сурарди. Мана шу тасвирларда асар моҳияти акс этган, адибнинг инсон, унинг ҳаёти ҳақидаги ниҳоясиз ўйлари ифодаланган.

Романдаги Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Ғазнавий, Ибн Шаҳвоний, Али Ғариб, Абул Ҳасанак, Амир Масъуд, Хатлибегим образларининг талқини ўзбек адабиётида янгилик бўлди. Асарда туркий халқлар тарихида ёрқин из қолдирган, қудратли империя қурган Маҳмуд Ғазнавий ҳаётининг таҳлика ва гумонларга тўла сўнгги даври акс эттирилган. Беруний ва Ибн Синонинг замондоши, бедаво дардга йўлиққан шоҳ Маҳмуд Ғазнавий ҳам оғир касал бўлган ҳар қандай киши сингари мўъжиза кутиб яшайди. Одатда, касал одам етишиш мушкул бўлган нарсадан илинж қидиради. Шоҳ учун Ибн Сино ўшандай илинж эди. Чунки Ибн Сино шоҳ ҳукми билан бир пайтлар унинг қаламравидан ҳайдалган. Мағрур ва ўжар табиб ҳам ўшандан буён Ғазнавийдан қочиб юради, унинг чорловларига келмайди.

Маҳоратли ёзувчи Ибн Синонинг қанчалик зўр табиб эканлигини кўрсатиш сингари одатий йўлдан бормайди. Чунки унинг мақсади табибнинг тенгсизлигини эмас, балки дунёнинг ўйинлари тушунарсизлигини тасвирлаш эди. Машҳур табибни топиш чўзилиб кетганидан қўрққан вазирлар: Али Ғариб ва Абу Ҳасанак олғир ва шуҳратпараст Шаҳвонийни шоҳга Ибн Сино деб рўпара қилишади ва у Ғазнавийни «даволай» бошлайди. Подшоҳнинг касали сабабини ҳам, даволаш йўлларини ҳам билмаган Шаҳвоний унга тинмай афюн беради. Афюн таъсирида шоҳ Маҳмуд маълум муддат оғриқларни сезмай қўяди. Адиб касал шоҳ, айёр аёнлар ва муттаҳам табиб муносабатларини кўрсатиш орқали дунёнинг азалий тартибини ўзгартириб юборадиган манфаатпарастлик, фойдахўрлик, ёлғончилик, сохтакорлик сингари иллатлар инсон табиатига бу қадар чуқур ўрнашиб қолганлиги сабабларини тадқиқ қилишга уринади.

Кўҳна дунёнинг ишлари, кўпинча, кутилмаган ўйинлардан иборат. Шунинг учун ҳам шоҳнинг синглиси Хатлибегим бошчилигида чин Ибн Сино топдириб келинганда, муттаҳам Шаҳвоний ҳам, ёлғончи вазирлар ҳам, энг даҳшатлиси, буюк табибдан нажот олиши мумкин бўлган султоннинг ўзи томонидан ҳам у тан олинмайди, товламачи сифатида саройдан чиқариб юборилади. Кўриниб турган ҳақиқатни тиклаш мумкин эмаслиги, ўзингнинг ўзинглигини исботлашнинг имконсизлиги, товламачи ва сохтакорлар ҳақ, ростни сўзлаётган одам эса ёлғончи бўлиб қолиши бу эски дунёнинг адолатими ёки адолатсизлиги? Бирор марта ҳақ жойида қарор топадими ёки йўқми? Одамзод бундай ноҳақлик ва адолатсизликдан қачондир қутула оладими ёки қутулолмайдими? Ёзувчи саволлар қўяр экан, уларга жавоб беришни даъво қилмайди. Роман ўқувчиларни ҳам шулар ҳақда жиддий ўйлаб кўришга ундайди.

Ёзувчи бирор образни тасвирлаганда, уни ҳар жиҳатдан кўрсатишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам Маҳмуд Ғазнавий гоҳ шафқатсиз ҳукмдор, гоҳ одамларга яхшилик қилишга интилган ожиз бемор сифатида тасвирланади. Асарда яхшилик билан ёмонликнинг ораси қилча ҳам келмаслиги Ғазнавий хатти-ҳаракатлари орқали кўрсатилади. Маликул шароб ҳузурига ўзи бориб кечирим сўраган Маҳмуд Ғазнавий уни аччиқ ва очиқ гаплари учун зиндонга ташлатади.

«Кўҳна дунё» романида бутун инсониятнинг улуғ фарзандлари ҳисобланган Беруний ва Ибн Сино образлари ҳам катта маҳорат билан тасвирланган. Ёзувчи Беруний сиймосини ёритишда бевосита тасвир йўлидан борса, Ибн Сино образини яратишда мистификация усулини қўллаб, Убайд Жузжоний хотираларидан фойдаланади. Энг муҳими, адиб бу икки даҳони ҳам ўйланадиган, изланадиган, хатолар қиладиган, қийналадиган жонли одамлар сифатида тасвирлай олган. Шунинг учун ҳам бу тимсоллар китобхонда донишмандлик, эзгулик рамзи эмас, балки биринчи навбатда, тирик шахслар сифатида таассурот қолдиради. Уларнинг ўйлари, изтиробу қувончлари ўқувчиларга ҳам юқади.

«Кўҳна дунё» адиб ижодидаги алоҳида босқич бўлди. Ғазнавийни бирда қонхўр ва шафқатсиз шоҳ, бирда меҳрибон инсон, тадбирли сиёсатчи сифатида кўрсатар экан, ёзувчи унинг руҳий оламини теран очишга эришади. Руҳий ҳолатлар ўта шиддат билан ўзгариб турадиган бу асарда сирлилик, жумбоқ, тушунарсизлик кўп. Аслида, инсон ҳаётининг ўзи бошдан-охир жумбоқдан иборат. Шунинг учун ҳам роман сўнгида Ибн Сино тилидан айтилган: «Ибн Шаҳвоний тақдири азалнинг ажаб жумбоғи. Бу жумбоқни донолар ҳам ечишга ожизлик қилур!» деган хулоса романнинг бош пафосини ифодалайди, дейиш мумкин.

Ёзувчи романида асар ғоясини ёрқин акс эттирувчи ривоят ва ҳикоятлардан усталик билан фойдаланган. Асардаги золим шоҳ ҳақидаги ривоят ёки етти кунлик ёмғир сувидан ичиб тентак бўлган қавмини бошқариш учун ўзи ҳам жиннилик сувидан ичиб, ақлдан озишга мажбур бўлган подшо тўғрисидаги ривоятлар асар моҳиятини очиш учун ҳам, ундаги воқеалар ривожини таъминлаш учун ҳам муҳим аҳамият касб этган. Бунда ёзувчи, биринчидан, ўз даврида очиқ айтиш мумкин бўлмаган, иккинчидан, очиқ айтилса, унчалик бадиий эффект бермайдиган ҳақиқатларни ифода этади. Яъни асардаги бу ривоятлар орқали ҳар бир халқ ўз ҳукмдорига лойиқ ёки ҳар бир ҳукмдор ўз халқига ярашадир, деган хулоса билдирилган. Учирилган қуш бошига қўнгани учунгина мутлақо бегона юртдан келиб, подшо бўлган йигитнинг одамларга зулм қилиши ва бундай қилмасликни ўтинган ўртоғига: «Бир аҳмоқ қушга ишониб ўзини подшо қилиб кўтарган халққа шундай муомала қилиш керак»лигини айтиши тасвирида улкан дард ва аччиқ ҳақиқат ётади.

Подшо таъқиқлашига қарамай қавмнинг ёмғир сувидан ичиб ақлдан озиши ва ҳукмдорнинг уларни бошқаролмай қийналиши, ниҳоят, ўзи ҳам ёмғир сувидан ичиб телба-тескари буйруқлар бера бошлагач, унинг фармонлари фуқарога маъқул келгани тўғрисидаги романда келтирилган ривоят муаллифнинг халқ ва унинг ҳукмдори муносабати борасида қарашларини акс эттиради. Шўроларнинг қудрати авж нуқтада бўлган бир замонларда халқни фаолликка ундаш, унинг ўзига яраша ҳукмдорга эга бўлажагини тасвирлаш илҳомий башоратдан ташқари, инсоний жасорат ҳам эди.

Ўттиз йиллик танаффусдан сўнг, 90-йилларга келиб, О.Ёқубов Амир Темурнинг интим ҳаёти ҳақида «Фотиҳи музаффар ёки бир париваш асири» номли саҳна асарини яратди. Унда жаҳонгирни мутлақо кутилмаган ракурсда акс эттирди. Дунёнинг тақдирига хўжалик қила оладиган соҳибқирон, вақти келса, шахсий ҳаётига хўжайин бўлолмаганлиги, ўз бахтини таъминлай олмаганлиги етук бадиийлик билан акс эттирилди. 2000 йилда ёзилган «Бир кошона сирлари» асари йилнинг энг яхши драмаси сифатида «Офарин» мукофоти билан тақдирланди.

Бу драмада инсон тақдирининг ечиб бўлмас даражада чигал ва тушунарсиз эканлиги жонли тимсоллар асосида кўрсатилган. Драмадаги зиддият миллионерлар хонадонида, ташқаридан қараганда, тўкис ва муаммосиз ҳашаматли кошонада кечади. Махсус соқчилар қўриқлайдиган бу кошона эгалари беташвиш ва бахтиёр яшашаётганга ўхшайди. Асар воқеалари асносида аслида бундай эмаслиги маълум бўлади. Драмада яқиндагина оддий дўкондор бўлган кўркам ва шаддод Дилора билан кечагина юкчи бўлиб ишлаб юрган, бугунга келиб ҳадсиз бойликлар эгасига айланган эри Сарвар ўртасидаги чигал муносабатлар, уларнинг тушунарсиз дарду армонлари тасвирланган. Кошонада хотиржамлик билан бахтдан бошқа ҳамма нарса бор. Асардаги асосий конфликт моддий бойлик билан маънавият, ўткинчи майллар билан асл туйғулар, боқий қадриятлар орасидаги зиддиятлардир. Ушбу драмада қалб кошонасини дахлсиз сақлаш зарурлиги, инсон қалбининг мантиққа бўй беравермайдиган жунбушлари таъсирли кўрсатилган.

Драматург инсон бахти учун ҳисобсиз моддий бойлик етарли бўлмаганидай, истеъдоду ҳалолликнинг ўзи ҳам кифоя қилмаслигини кўрсатади. Асар воқеалари муҳташам кошона аъзолари ва уларга ён қўшни бўлмиш оддий зиёли оиласида параллел кечганлигидан дастлаб икки оила бир-бирига қарама-қарши қўйилаётгандай туюлади. Бироқ драматург тасвирнинг бундай жўн йўлидан бормайди. Зиёли эру хотиннинг кошонадагиларга муносабати икки хил: эр улар турмушидан ҳазар қилади, хотин эса қўшниларини ҳам эл қатори одамлар деб билади. Асарда зиёлилар оиласининг ички зиддиятлари ҳам аён кўрсатилади. Турмуш ўртоғи Гулнозани телбаларча севадиган жарроҳ Дарвешали унга тўкис бахт ҳадя этолмайди. Улар — тирноққа зор. Шифокор Гулноза ҳам Дарвешалини эр ва устоз сифатида ҳар қанча ҳурмат қилмасин, ўзида қандайдир руҳий бегоналик ҳис этади. Драмада булар ҳақида ошкора айтилмайди, аммо бу нозик руҳий ҳолат асар воқеалари ривожи давомида илғаб олинади.

Узоқ давом этган чигал руҳий зўриқиш портлашга олиб келади. Сарвар учун энг оғир дамларда ҳам қўшни, ҳам шифокор сифатида унинг ёнида турган Гулноза бу бойвачча йигитнинг самимий инсонлигини туяди, кўнглида унга хайрихоҳлик уйғонади. Сарвар ва у билан ҳаж сафарига кетмоқчи бўлган Гулнозани рашк оловида жизғанак бўлган Дарвешалининг ҳақоратлаши асар ечимини ўзгартириб юборади. Сарварнинг халоскор жарроҳ томонидан ўлим чангалидан олиб қолинган юраги айни Дарвешалининг ҳақоратига чидай олмайди. Одамларнинг бир-бирини тушунмаслиги, бунга уринмаслиги ўлимга сабаб бўлади. Бу ҳол Гулнозанинг қалб кошонасини ҳам вайрон этади.

О.Ёқубовнинг маҳорати шундаки, асарда бирор тимсол жўн тасвирланмайди. Жумладан, Сарвар ва Дилоранинг чигал муносабатлари оқ ёки қора тарзида талқин этилмайди. Сарварнинг ўз хотинини талоқ қилиб, Гулнозага майл кўрсатиши унинг бойваччалиги оқибати эмас. Балки, ўзини тушунишларини истаган тоза кўнгилнинг истагидир. Сарвар — бойликка хирс қўймаган, инсонийлигини йўқотмаган, ҳаромдан жирканадиган шахс. Йигит андишасизликни кўтаролмайди. Шу боис эркатой ва шаддод Дилоранинг ўринсиз шўхликлари, ярашиқсиз тантиқликларига чидамай, ундан ажралади. Лекин талоқ қўйилса-да, ундан кўнгил узолмаган хотини, бегуноҳ фарзандлари борлиги бу ўйчил йигитни қийнайди. Шу тариқа, ҳадсиз бойлиги бор, узатган жойига қўли етадиган Сарвар бахтсизлигича ўлиб кетади.

Асарда тантиқ Дилора тимсоли ҳам пухта ишланган. У эрига хиёнат қилишни хаёлига ҳам келтирмайди. Унинг Сарварга: «Эркалик қилсам қилгандирман, енгиллик қилган бўлсам қилгандирман. Лекин, тепамда Худо, бирор ит теккани йўқ жисмимга. Жисмим пок, виждоним ҳам», деган сўзлари кишини ишонтиради. У алам, аччиқ устида эрини, фаришта аёл Гулнозани ҳақорат қилган бўлса-да, уларнинг бегуноҳлигини билади. У Сарварсиз яшашни тасаввур ҳам қилолмайди; дунёга келиб кўрган энг тотли, энг гўзал, энг бахтиёр дамлари у билан ўтганини англайди, ҳам бойлик, ҳам чирой, ҳам ақл ва ҳам ғайрати бор бу аёлнинг биргина бахтга эга эмаслиги кишида хайрихоҳлик уйғотади.

Драмадаги барча етакчи персонажлар, аслида, маънавий гўзал, бахтга, эҳтиромга лойиқ одамлар. Лекин инсон тақдирининг чигал ва тушунарсизлиги сабаб уларнинг ҳаммаси ҳам бахтсиз. Асар қаҳрамонлари очиқлиги самимийлиги билан ўқувчи эҳтиромини уйғотади. Драма инсоннинг ўта мураккаб яратиқлигини, уни англаб етиш мушкул эканини акс эттириши билан қимматлидир.

О.Ёқубовнинг тилга олинган асарлари инсонга буюк муҳаббатнинг самараси бўлганлиги учун ҳам уларда одам теран англанган, инсон ғоят чигал ҳаётий вазиятларда ҳам чин маънавий сифатларини сақлаб қола билишга қодир ижтимоий-руҳоний куч эканлиги жуда ишонарли ва таъсирли кўрсатиб берилган.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 15-сонидан олинди.

077

ОДИЛ ЁҚУБОВНИНГ «МУҚАДДАС» ҚИССАСИНИ CALAMEO ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИШИНГИЗ,БОСМАДАН ЧИҚАРИШИНГИЗ ВА ЮКЛАБ ОЛИШИНГИЗ МУМКИН.

(Tashriflar: umumiy 516, bugungi 1)

Izoh qoldiring