Olim Oltinbek. Rauf Parfi nechanchi yil tug’ilgan?

Ashampoo_Snap_2016.11.20_11h06m56s_001_a.png     Бундай илмий муаммо бир неча аср аввал яшаган шахсларга нисбатан қўйиларди, аслида. Лекин, афсуски, куни кеча яшаб ўтган ва бугун ҳали тенгдошлари ҳаёт бўлган бир шоирнинг туғилган санаси билан боғлиқ муаммо адабиётшунослигимизда деярли кўрилмаган. Уни муаммо сифатида кўтариш кимларгадир эриш туюлар, балки. Аммо илм аниқликни хуш кўради. Ана шу илмнинг талабидан келиб чиқиб, биз ҳам ушбу масалани ҳал этишга жазм қилдик.

Олим ОЛТИНБЕК
РАУФ ПАРФИ НЕЧАНЧИ ЙИЛ ТУҒИЛГАН?
009

Бундай илмий муаммо бир неча аср аввал яшаган шахсларга нисбатан қўйиларди, аслида. Лекин, афсуски, куни кеча яшаб ўтган ва бугун ҳали тенгдошлари ҳаёт бўлган бир шоирнинг туғилган санаси билан боғлиқ муаммо адабиётшунослигимизда деярли кўрилмаган. Уни муаммо сифатида кўтариш кимларгадир эриш туюлар, балки. Аммо илм аниқликни хуш кўради. Ана шу илмнинг талабидан келиб чиқиб, биз ҳам ушбу масалани ҳал этишга жазм қилдик.

3-333.bmpРауф Парфи илк маротаба “Тасвир” китобига киритган ўзининг “Энг узоқ ёзилган таржимаи ҳолим” шеърида “Таваллудим: 40…”[1] деган эди. Орадан ўн саккиз йил ўтиб – 1991 йил “Ёшлик” журналининг 9-сонида қайта нашр этилган ушбу шеърнинг ўша биринчи сатрини: “Таваллудим: қирқ уч, мезоннинг йигирма еттиси…” шаклида ўзгартириб тақдим этади. Айнан шу журналнинг 1993 йил 1-сонида босилган “Жажжи дарслик” рукни остидаги “Таржими ҳолим”да эса яна шу сана – 1943 такрорланади. Хўш, бу “янгилик” қаердан пайдо бўлди? Бунинг асоси борми? Ҳа, бу масалада шоирнинг ўзи ёзувчи Набижон Боқий билан қилган суҳбатида шундай изоҳ беради: “Яқин ўтмишда, яъни – биз тенгилар туғилган замонлар “ит эгасини, мушук боласини танимаган” замонлар эди. Бировнинг туғилиши, бировнинг ўлиши билан ҳеч кимнинг иши бўлмаган, ҳаттоки, биз тарафларда метрика олиш ҳам ҳали расм бўлмаган экан. Катта бўлганимиздан кейин кўнглимизга келган йилни айтиб юраверганмиз. Кейинчалик Ҳамроқул Турсунқулнинг котиби Ҳамид Азимбоевда бир дафтар бор экан, бу дафтар хўжалик дафтари бўлиб, барча жамоанинг ҳар бир аъзоси, уларнинг фарзандлари тўғрисида маълумот бор экан. Ўша дафтарда Турсунали Парпибой ўғли Мадаминов 1943 йил 27 сентябрда туғилган, деб ёзилган. Ҳамид отанинг айтишича, шу сана тўғри эмиш”.[2] Кўринадики, Рауф Парфи айнан мана шу маълумотга асосан ўзининг туғилган санасини ўзгартиради. Лекин “шу сана тўғри эмиш” сўзларига қараганда шоир бу санага ҳам иштибоҳ билан қараганга ўхшайди. Ушбу манбанинг мавжудлигига шоир билан бир қишлоқда туғилиб, вояга етган Абдурауф Водилий (шоир Абдураҳмон Водилийнинг ўғли) ҳам ишонмайди. Суҳбатларимиздан бирида у: “Ҳамид Азимбоев 60-йилларда дунёдан ўтиб кетган. Ҳозир ҳатто 90-йиллар бошидаги колхозга оид ҳужжатларни тополмаяпмиз-ку. У дафтарнинг борлигига мен ишонмайман”, дейди. Савол туғилади: Хўш,Рауф Парфи нега таваллуд санасини 1940 дан 1943 га ўзгартирди? Бунинг бирор сабаби борми эди? Бизнингча, бунинг сабабларидан бири шоирнинг ўз истаклари билан боғлиқ.

Инсон, ким бўлишидан қатъи назар, хизматлари эътироф этилишини истайди. Рауф Парфи, хар қанча дарвиштабиат бўлмасин, бундай эмас эди, дейиш хато. У ҳам инсон, бу ҳам етмагандек шоир, яъники, кўнгилнинг одами. Шундай экан, унинг ҳам ҳаққи бор ўзи ҳақида яхши гапларни эшитишга… Лекин бу гаплар, айниқса, ижодкорлар ҳақида бўлса, кўпроқ юбилейларда айтилади. 60-йиллар авлоди саналган Рауф Парфининг адабиётдаги тенгдошлари 80-йилларнинг иккинчи ярмидан ўзларининг эллик йиллик юбилейларини ўтказа бошлашди. 1986 йили Эркин Воҳидов, 1987 йили Неъмат Аминов… Ниҳоят, талатўпларга тўла 90-йил ҳам кириб келди. Лекин Рауф Парфининг элликка кирганини биров эсламади. 1991 йилнинг мартида давлатнинг махсус қарори билан Абдулла Ориповнинг эллик йиллиги нишонланди. Шу йилнинг сентябрида Рауф Парфи ўзи туғилган санани 1940 дан 1943 га ўзгартирди. Энди шу санада эллик йилликни нишонлаш мақсадида эллик шеърдан иборат “Она Туркистон” тўпламини нашрга тайёрлай бошлади. (Радио-суҳбатидаги маълумот). Афсуски, бу китоб ҳам босилмади. “Саодат” журналининг 1992 йил 12-сонида чоп этилган “Биз ўлмай қолган халқмиз” сарлавҳали шоир билан суҳбат: “Шоир келаси йил 50 ёшга тўлади”[3] жумласи билан бошланса-да, таассуфки, бу сўзлар ҳам сувга чўккан тошдай жим ғойиб бўлди… Лекин ушбу воқеалар сабаб шоирнинг туғилган санаси ўзгариб қолди. Энди, Н.Боқий билан суҳбат эълон қилинган 1995 йилга келиб, ғишт қолипдан кўчган, адабиёт-шуносликдаги Рауф Парфига оид барча манбалар унинг туғилган санасини 1943 га ўзгартириб бўлган эди. Шоирнинг ўзи томонидан “яратилган” бу янгилик бир кайфиятнинг натижаси бўлиб, сананинг хатолиги шоирнинг ўзига ҳам маълум эди. Лекин Рауф Парфи бу масалага қайтишни бошқа хоҳламади – оқаётган сувни ўз эркига қўйиб қўйди. Биздаги маълумотлар эса қаҳрамонимизнинг туваллуд санаси 1940 эканлигига гувоҳлик беради. Ушбу масалада бир қатор далиллар борки, уларнинг аксарияти шоирнинг ўз сўзларии билан боғлиқ. Мана, улар:

Биринчи далил:Рауф Парфининг бугунда ҳаёт қариндош ва дўстларининг маълумотлари. Ҳозирда шоирнинг Шўралисойдаги ҳовлисига эгалик қилиб, уй чироғини ёқиб турган амакиси Турдимат ота 2013 йил 9 майда биз (шоир Вафо Файзуллоҳ ва мен) билан бўлган суҳбатда: “Рауфжон мендан уч ёш кичик эди, мен 37-йилман”, деган бўлса, шоирнинг болалик ўртоғи Абдурауф Водилий эса: “Мен 1943 йилда туғилганман, Рауф акам менда уч ёш катта эди”, дея маълумот берган эдилар. Бундай оғзаки маълумотларни анча келтириш мумкин.

Иккинчи далил: Рауф Парфи “Мени таъқиб қилар шоир деган ном…” сонетининг ўнинчи сатрида “Ай сен, ай, олтмишини тепган ёш шоир”[4] деб ёзади. Шеър тагида “25. 09. 2000” санаси қўйилган. (Демак шоир бу шеърни туғилган кунидан икки кун олдин ёзган). Остида “2001” санаси қўйилган “Ҳазил” шеърини эса: “Биз-чи, биз не қилдик, биқсиб, олайиб? / Олтмишга ҳам кириб чиқдик лаллайиб”,[5] дейди. Кўриниб турибдики, шоир ўзини 2000 йилда олтмишга кириб, 2001 йилда бу ёшдан чиққан ҳисобламоқда. Демак, Рауф Парфи 1991 йил ўзининг туғилган санасини 1943 га ўзгартирган бўлса-да, 2000 йилда ўзининг 60 ёшга кирганини, ва бу билан ўзининг 1940 йил туғилганини тан олмақда.

Учинчи далил: Рауф Парфи 1965 йилда ёзган иккита шеърида ўша йили неча ёшда эканлигини айтиб ўтган. Биринчиси “Абдуллажон марсияси”. Шоир унда:

Йигирма беш ёшда кетдинг сен,
Жуда эрта кетдинг, дўстгинам.
Ҳай, ажал! Мақсадга етдинг сен,
Йигирма беш ёшдаман мен ҳам,[6]

деса, яна бир шеърини:

Чексиз-чексиз
дақиқалардан иборатдир
менинг чорак асрлик умрим,[7]

деб бошлайди. “Чорак” – юзнинг тўртдан бири – йигирма беш. Демак, маълум бўлаяптики, Рауф Парфи 1965 йилда йигирма беш ёшда экан.

Тўртинчи далил: Шоирдан 50–60-йиллар ижодини ўзида жамлаган йигирмата умумий дафтар сақланиб қолган. Улардаги шеърларнинг аксарияти бугунга қадар чоп этилмаган. Хронологияга кўра 14-рақамли дафтарда куйидаги шеър келади:

Ўн саккиз ёш – парча ҳаёт.
Варақланар ўн саккиз ёш
Бир китоб сингари бошдан.

Афсусларга ким берар дош,
Ўн саккиз минг хаёл бошда,
Кўзларимда ўн саккиз ёш.

Ўн саккиз ёш – парча ҳаёт…[8]

Шеър бор-йўғи мана шу етти мисрадан иборат. Шу етти мисрада “ўн саккиз” беш марта, “ўн саккиз ёш” жумласи эса тўрт марта такрорланган. Кўриниб турибдики, бу рақам шоирнинг ёши билан боғлиқ. Шеър тагида эса “1958” санаси қўйилган.

Бешинчи далил: Ҳалиги йигирматадан биринчиси ҳисобланган дафтарнинг 6-бетида устидан уриб ташланган шундай муҳим бир шеърга дуч келамиз: Келажагим ўйлайман, / Етти синф битирдим-ку. / Хаёлларга ботаман… / Дирижёрлик яхши-ку…[9]Уч банддан иборат ушбу шеърнинг ёзилиш санаси кўрсатилмаган. Ундан кейинги “Қўлга олиб рубобни…” тўртлиги остида “15.04.55” санаси қўйилган. Демак. “Келажагим ўйлайман…” деб бошланган шеър ҳам 1955 йилда ёзилган. Бундан маълум бўладики, қалби келажак орзуларига тўла Турсунали шу йили “етти синф битир”ган. Бу унинг 1948 йили – саккиз ёшида мактаб борганига гувоҳлик беради. Агар у 1943 йил туғилганда эди, саккиз эмас, беш ёшида мактаб борган бўлар эди. Бу эса мантиққа тўғри келмайди.

Юқоридаги далиллардан кўриниб турибдики, шоир Рауф Парфининг туғилган санаси 1940 йил экан. Ҳарҳолда, ушбу далиллар бизнинг мана шундай хулосага келишимизга асос бўлмоқда.

________________________________________
[1] Рауф Парфи. Тасвир. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1973. 3-бет.
[2] Шўралисойдан чиққан карвон. “Тошкент ҳақиқати” газетаси, 1995 йил 29 март сони.
[3] Биз ўлмай қолган халқмиз. (Р.Парфи билан Қ.Норқобил суҳбати). “Саодат”, 1992 йил 12-сон, 30-бет.
[4] Сакина. – Т.: “Muharrir”, 2013. 265-бет.
[5] Сакина. – Т.: “Muharrir”, 2013. 244-бет.
[6] Сабр дарахти. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986. 69-бет.
[7] Сабр дарахти. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986. 45-бет.
[8]Рауф Парфининг шахсий архиви, 14-дафтар (С.Жалиловада сақланади), 40-бет.
[9] Рауф Парфининг шахсий архиви, 1-дафтар (Ч.Рўзиевда сақланади), 6-бет.

Ashampoo_Snap_2016.11.20_12h21m54s_002_.jpgOlim OLTINBEK
RAUF PARFI NECHANCHI YIL TUG’ILGAN?
009

Bunday ilmiy muammo bir necha asr avval yashagan shaxslarga nisbatan qo’yilardi, aslida. Lekin, afsuski, kuni kecha yashab o’tgan va bugun hali tengdoshlari hayot bo’lgan bir shoirning tug’ilgan sanasi bilan bog’liq muammo adabiyotshunosligimizda deyarli ko’rilmagan. Uni muammo sifatida ko’tarish kimlargadir erish tuyular, balki. Ammo ilm aniqlikni xush ko’radi. Ana shu ilmning talabidan kelib chiqib, biz ham ushbu masalani hal etishga jazm qildik.

8-49.jpgRauf Parfi ilk marotaba “Tasvir” kitobiga kiritgan o’zining “Eng uzoq yozilgan tarjimai holim” she’rida “Tavalludim: 40…”[1] degan edi. Oradan o’n sakkiz yil o’tib – 1991 yil “Yoshlik” jurnalining 9-sonida qayta nashr etilgan ushbu she’rning o’sha birinchi satrini: “Tavalludim: qirq uch, mezonning yigirma yettisi…” shaklida o’zgartirib taqdim etadi. Aynan shu jurnalning 1993 yil 1-sonida bosilgan “Jajji darslik” rukni ostidagi “Tarjimi holim”da esa yana shu sana – 1943 takrorlanadi. Xo’sh, bu “yangilik” qaerdan paydo bo’ldi? Buning asosi bormi? Ha, bu masalada shoirning o’zi yozuvchi Nabijon Boqiy bilan qilgan suhbatida shunday izoh beradi: “Yaqin o’tmishda, ya’ni – biz tengilar tug’ilgan zamonlar “it egasini, mushuk bolasini tanimagan” zamonlar edi. Birovning tug’ilishi, birovning o’lishi bilan hech kimning ishi bo’lmagan, hattoki, biz taraflarda metrika olish ham hali rasm bo’lmagan ekan. Katta bo’lganimizdan keyin ko’nglimizga kelgan yilni aytib yuraverganmiz. Keyinchalik Hamroqul Tursunqulning kotibi Hamid Azimboevda bir daftar bor ekan, bu daftar xo’jalik daftari bo’lib, barcha jamoaning har bir a’zosi, ularning farzandlari to’g’risida ma’lumot bor ekan. O’sha daftarda Tursunali Parpiboy o’g’li Madaminov 1943 yil 27 sentyabrda tug’ilgan, deb yozilgan. Hamid otaning aytishicha, shu sana to’g’ri emish”.[2] Ko’rinadiki, Rauf Parfi aynan mana shu ma’lumotga asosan o’zining tug’ilgan sanasini o’zgartiradi. Lekin “shu sana to’g’ri emish” so’zlariga qaraganda shoir bu sanaga ham ishtiboh bilan qaraganga o’xshaydi. Ushbu manbaning mavjudligiga shoir bilan bir qishloqda tug’ilib, voyaga yetgan Abdurauf Vodiliy (shoir Abdurahmon Vodiliyning o’g’li) ham ishonmaydi. Suhbatlarimizdan birida u: “Hamid Azimboev 60-yillarda dunyodan o’tib ketgan. Hozir hatto 90-yillar boshidagi kolxozga oid hujjatlarni topolmayapmiz-ku. U daftarning borligiga men ishonmayman”, deydi. Savol tug’iladi: Xo’sh,Rauf Parfi nega tavallud sanasini 1940 dan 1943 ga o’zgartirdi? Buning biror sababi bormi edi? Bizningcha, buning sabablaridan biri shoirning o’z istaklari bilan bog’liq.

Inson, kim bo’lishidan qat’i nazar, xizmatlari e’tirof etilishini istaydi. Rauf Parfi, xar qancha darvishtabiat bo’lmasin, bunday emas edi, deyish xato. U ham inson, bu ham yetmagandek shoir, ya’niki, ko’ngilning odami. Shunday ekan, uning ham haqqi bor o’zi haqida yaxshi gaplarni eshitishga… Lekin bu gaplar, ayniqsa, ijodkorlar haqida bo’lsa, ko’proq yubileylarda aytiladi. 60-yillar avlodi sanalgan Rauf Parfining adabiyotdagi tengdoshlari 80-yillarning ikkinchi yarmidan o’zlarining ellik yillik yubileylarini o’tkaza boshlashdi. 1986 yili Erkin Vohidov, 1987 yili Ne’mat Aminov… Nihoyat, talato’plarga to’la 90-yil ham kirib keldi. Lekin Rauf Parfining ellikka kirganini birov eslamadi. 1991 yilning martida davlatning maxsus qarori bilan Abdulla Oripovning ellik yilligi nishonlandi. Shu yilning sentyabrida Rauf Parfi o’zi tug’ilgan sanani 1940 dan 1943 ga o’zgartirdi. Endi shu sanada ellik yillikni nishonlash maqsadida ellik she’rdan iborat “Ona Turkiston” to’plamini nashrga tayyorlay boshladi. (Radio-suhbatidagi ma’lumot). Afsuski, bu kitob ham bosilmadi. “Saodat” jurnalining 1992 yil 12-sonida chop etilgan “Biz o’lmay qolgan xalqmiz” sarlavhali shoir bilan suhbat: “Shoir kelasi yil 50 yoshga to’ladi”[3] jumlasi bilan boshlansa-da, taassufki, bu so’zlar ham suvga cho’kkan toshday jim g’oyib bo’ldi… Lekin ushbu voqealar sabab shoirning tug’ilgan sanasi o’zgarib qoldi. Endi, N.Boqiy bilan suhbat e’lon qilingan 1995 yilga kelib, g’isht qolipdan ko’chgan, adabiyot-shunoslikdagi Rauf Parfiga oid barcha manbalar uning tug’ilgan sanasini 1943 ga o’zgartirib bo’lgan edi. Shoirning o’zi tomonidan “yaratilgan” bu yangilik bir kayfiyatning natijasi bo’lib, sananing xatoligi shoirning o’ziga ham ma’lum edi. Lekin Rauf Parfi bu masalaga qaytishni boshqa xohlamadi – oqayotgan suvni o’z erkiga qo’yib qo’ydi. Bizdagi ma’lumotlar esa qahramonimizning tuvallud sanasi 1940 ekanligiga guvohlik beradi. Ushbu masalada bir qator dalillar borki, ularning aksariyati shoirning o’z so’zlarii bilan bog’liq. Mana, ular:

Birinchi dalil:Rauf Parfining bugunda hayot qarindosh va do’stlarining ma’lumotlari. Hozirda shoirning Sho’ralisoydagi hovlisiga egalik qilib, uy chirog’ini yoqib turgan amakisi Turdimat ota 2013 yil 9 mayda biz (shoir Vafo Fayzulloh va men) bilan bo’lgan suhbatda: “Raufjon mendan uch yosh kichik edi, men 37-yilman”, degan bo’lsa, shoirning bolalik o’rtog’i Abdurauf Vodiliy esa: “Men 1943 yilda tug’ilganman, Rauf akam menda uch yosh katta edi”, deya ma’lumot bergan edilar. Bunday og’zaki ma’lumotlarni ancha keltirish mumkin.

Ikkinchi dalil: Rauf Parfi “Meni ta’qib qilar shoir degan nom…” sonetining o’ninchi satrida “Ay sen, ay, oltmishini tepgan yosh shoir”[4] deb yozadi. She’r tagida “25. 09. 2000” sanasi qo’yilgan. (Demak shoir bu she’rni tug’ilgan kunidan ikki kun oldin yozgan). Ostida “2001” sanasi qo’yilgan “Hazil” she’rini esa: “Biz-chi, biz ne qildik, biqsib, olayib? / Oltmishga ham kirib chiqdik lallayib”,[5] deydi. Ko’rinib turibdiki, shoir o’zini 2000 yilda oltmishga kirib, 2001 yilda bu yoshdan chiqqan hisoblamoqda. Demak, Rauf Parfi 1991 yil o’zining tug’ilgan sanasini 1943 ga o’zgartirgan bo’lsa-da, 2000 yilda o’zining 60 yoshga kirganini, va bu bilan o’zining 1940 yil tug’ilganini tan olmaqda.

Uchinchi dalil: Rauf Parfi 1965 yilda yozgan ikkita she’rida o’sha yili necha yoshda ekanligini aytib o’tgan. Birinchisi “Abdullajon marsiyasi”. Shoir unda:

Yigirma besh yoshda ketding sen,
Juda erta ketding, do’stginam.
Hay, ajal! Maqsadga yetding sen,
Yigirma besh yoshdaman men ham,[6]

desa, yana bir she’rini:

Cheksiz-cheksiz
daqiqalardan iboratdir
mening chorak asrlik umrim,[7]

deb boshlaydi. “Chorak” – yuzning to’rtdan biri – yigirma besh. Demak, ma’lum bo’layaptiki, Rauf Parfi 1965 yilda yigirma besh yoshda ekan.

To’rtinchi dalil: Shoirdan 50–60-yillar ijodini o’zida jamlagan yigirmata umumiy daftar saqlanib qolgan. Ulardagi she’rlarning aksariyati bugunga qadar chop etilmagan. Xronologiyaga ko’ra 14-raqamli daftarda kuyidagi she’r keladi:

O’n sakkiz yosh – parcha hayot.
Varaqlanar o’n sakkiz yosh
Bir kitob singari boshdan.

Afsuslarga kim berar dosh,
O’n sakkiz ming xayol boshda,
Ko’zlarimda o’n sakkiz yosh.

O’n sakkiz yosh – parcha hayot…[8]

She’r bor-yo’g’i mana shu yetti misradan iborat. Shu yetti misrada “o’n sakkiz” besh marta, “o’n sakkiz yosh” jumlasi esa to’rt marta takrorlangan. Ko’rinib turibdiki, bu raqam shoirning yoshi bilan bog’liq. She’r tagida esa “1958” sanasi qo’yilgan.

Beshinchi dalil: Haligi yigirmatadan birinchisi hisoblangan daftarning 6-betida ustidan urib tashlangan shunday muhim bir she’rga duch kelamiz: Kelajagim o’ylayman, / Yetti sinf bitirdim-ku. / Xayollarga botaman… / Dirijyorlik yaxshi-ku…[9]Uch banddan iborat ushbu she’rning yozilish sanasi ko’rsatilmagan. Undan keyingi “Qo’lga olib rubobni…” to’rtligi ostida “15.04.55” sanasi qo’yilgan. Demak. “Kelajagim o’ylayman…” deb boshlangan she’r ham 1955 yilda yozilgan. Bundan ma’lum bo’ladiki, qalbi kelajak orzulariga to’la Tursunali shu yili “etti sinf bitir”gan. Bu uning 1948 yili – sakkiz yoshida maktab borganiga guvohlik beradi. Agar u 1943 yil tug’ilganda edi, sakkiz emas, besh yoshida maktab borgan bo’lar edi. Bu esa mantiqqa to’g’ri kelmaydi.

Yuqoridagi dalillardan ko’rinib turibdiki, shoir Rauf Parfining tug’ilgan sanasi 1940 yil ekan. Harholda, ushbu dalillar bizning mana shunday xulosaga kelishimizga asos bo’lmoqda.

________________________________________
[1] Rauf Parfi. Tasvir. – T.: Adabiyot va san’at nashriyoti, 1973. 3-bet.
[2] Sho’ralisoydan chiqqan karvon. “Toshkent haqiqati” gazetasi, 1995 yil 29 mart soni.
[3] Biz o’lmay qolgan xalqmiz. (R.Parfi bilan Q.Norqobil suhbati). “Saodat”, 1992 yil 12-son, 30-bet.
[4] Sakina. – T.: “Muharrir”, 2013. 265-bet.
[5] Sakina. – T.: “Muharrir”, 2013. 244-bet.
[6] Sabr daraxti. – T.: Adabiyot va san’at nashriyoti, 1986. 69-bet.
[7] Sabr daraxti. – T.: Adabiyot va san’at nashriyoti, 1986. 45-bet.
[8]Rauf Parfining shaxsiy arxivi, 14-daftar (S.Jalilovada saqlanadi), 40-bet.
[9] Rauf Parfining shaxsiy arxivi, 1-daftar (CH.Ro’zievda saqlanadi), 6-bet.

Rauf Parfi. Ko’zlar by Khurshid Davron on Scribd

003

(Tashriflar: umumiy 560, bugungi 1)

1 izoh

  1. Qiziq faktlar. Ishonchli. Birop savol tug’iladi. Rauf akadek o’z prinsipida qat’iy turgan shaxs, yolg’on va soxtalikni yomon ko’radigan odam shunday yo’l tutganmi?!. Olim aka!

Izoh qoldiring