Qo’chqor Norqobil. “Ko’ngil daftari”dagi qaydlar

087
Европага довруқ солган хорватиялик хушсуврат ёш адиба Марицца Бодрожич: “Она заминимиз замбилғалтакда ётибди”, деб ёзади.
Ўзбек шоири Хуршид Даврон шундай дейди: “Замин майсанинг илдизига осилиб турибди…”. Мана сенга икки хил қиёс, икки хил қараш. Бири йўқлик, иккинчиси ҳаётга интилувчанлик сари ундайди.

028

Қўчқор Норқобил
“КЎНГИЛ ДАФТАРИ”ДАГИ ҚАЙДЛАР

   Аёл кўнглини овлаш ва гўзалликни тушунишга кетган вақт қаърига умримнинг куч-қудрати ва қанчалаб сара асарларимни кўмганимни билсанг эди, кўнглимда гоҳида чимиллаб оғриқ берадиган азобларни эҳтимол тушунардинг. Бу ҳолат бир куни сенда ҳам, ҳа менинг ҳаётим давомчиси бўлган ўғлимда ҳам такрорланади. Мен сенга бугун ҳеч нарса деёлмайман.

  Тўғри, кўнглингдан ўзга дўст топишинг қийин. Бироқ бунинг учун кўнглинг ҳам тоза бўлиши керак.

   Май анқиган давраларда сотқинлик ўрмалаганини англаб қолсанг, ҳаёт дарахтининг ўзинг турган шохига болта ураётганингни ҳис қиласан.

   “Эҳтимол, сендан ёзувчи чиқмас, — дедим ўғлимга. — Шундай бўлгани ҳам яхши. Ёшлик ҳаваси-да, майли, ҳикоя ёзибсан. Беғубор кўнглинг ниманидир англагандай — ёзмангда тўрт-беш чоғли бола бирикиб, одамови, бироқ аълочи синфдошига туҳмат қилишади. Ўғриликда айблашади. Ҳалиги аълочи бола эса, мактабга бормай қўяди. Уялади. Ана шу уят ҳисси унинг ичида исён ўтини ёқади. Ўзинг ўйлаб кўр-а, у нега мактабга бормади? Кўнглидан нималар кечди? Оғриқ, ўкинч, ноҳақлик зарбидан ўзини ўнглай олмай қолган боланинг юрагидаги азоб, умуман, инсон ботинидаги исён минг-минг йиллардан бери адабиётнинг сочини оқартириб келаяпти…
Хуллас, ўзини-ўзи енгган, эҳтиросини совуққонлик билан босиб, ҳаёт ўйинларидан кула биладиган одамгина ёзувчи бўлолади.
Эҳтимол, ўша одамови ўртоғингнинг оғриқ чўккан юрагида келажакнинг шоҳ асари муҳрлангандир. Яратилган буюк асарларнинг бари болаликдан озиқланади.”

    Истеъдодлар кўпинча танҳоликни хуш кўришади.

   Бир даврада бўлдим. Казо-казо машҳурлар давраси. Адабиётнинг бугуни (менимча эртаси эмас…) шулардир эҳтимол. Бири қўйиб бири гапиради, бир-бирини мақтайди.
Май қурғур дамба-дам давра айланаяпти. Бошлари қизиди чоғи, дилдаги тилга кўчди. Майда-чуйда ғийбатлар хазони уюлгач, муддао аён бўлди. Барча йўллар Римда туташгани каби, уларнинг гаплари ҳам бир нуқтада бирикди:
— Биз бир-биримизни асрашимиз керак, бир-биримизга суянишимиз керак, бир давра бўлиб жамлашиб, бир-биримизни қўллашимиз шарт.
Эй, тавбангдан!.. Ҳар қайсинг ўзингча “даҳо” бўлсанг, нега бир-бирингни суяшинг керак?
Адабиётга суянмайсанми?!

    Европага довруқ солган хорватиялик хушсуврат ёш адиба Марицца Бодрожич: “Она заминимиз замбилғалтакда ётибди”, деб ёзади.
Ўзбек шоири Хуршид Даврон шундай дейди: “Замин майсанинг илдизига осилиб турибди…”. Мана сенга икки хил қиёс, икки хил қараш. Бири йўқлик, иккинчиси ҳаётга интилувчанлик сари ундайди.

   Одамзод тотув-иноқ яшаган кезлар бўлганми-йўқми, билмадим. Бироқ орасидан қил ўтмайдиган аҳил кишилар ўртасидан нафс ўтган чоғданоқ бу дунё бузилиб бўлгандир, эҳтимол…
Кейинчалик одамлар орасидан цивилизация ўтди. Энди эса танклар, самолётлар, уммонларни зириллатиб сузгувчи улкан-улкан кемалар, авиа ва атом бомбалари бемалол ўтиб бормоқда. Одамзот бир-биридан шунчалар олислашиб кетди.

   Соатнинг чирқиллаб айланаётган лаҳзамилига қўлини теккизиб уни тўхтатган болакай вақтни мағлуб этдим, деб ўйлади. Қанийди лаҳзамилга айланаётган Ер шарини боғлаб қўёлсак. Ерни тўхтатиб туриш эвазига ҳам биз вақтнинг устидан тантана қилолмаймиз. Самовот ҳаракатини тўхтатиб қололадиган куч бормикин?
Менимча бор. Бу — инсон идроки. Ҳамма нарса инсон идрокида ҳаракатга келади, ибтидо ҳам, интиҳо ҳам идрок инъикосидир. Идроксизлик вақт устидан ғалаба қозониши мумкин — идроксизлик ҳеч қачон вақт билан ҳисоблашмайди.

   Асримиз суронли. Агар ҳавода учаётган ўқлар бир дақиқа, бир соат, бир кунгина мўъжиза рўй бериб тўхтаб қолса эди, самода инсониятнинг ўз бошидан ўзи ёғдираётган қарғиши намоён бўлар, башарият умр дафтарининг сон-саноқсиз қора доғлари кўриниб қолар эди.

   Файласуфлардан бири: “Ер — сувда сузаётган кемадир…”, дейди. Бу қараш, ҳақиқат деворини рамзийлик нақши билан безашга ўхшаб туюлади. Сувда сузаётган Ер кемасининг дарғаси агар инсон фарзанди бўлса, кема тақдирини ўйлаб қайғуга чўкмай иложинг йўқ…

  “Пойабзалим оёғимни қисиб тургач, осмоннинг кенглигидан не наф”, деб ёзғиради файласуф. Бироқ осмон ҳам дўппидай тор келиб қолиши мумкин. Фақат кўнгилнинг кенглиги, қалб поёнсизлиги инсонга руҳий осойишталик бахш эта олади…

   Челаклаб олинганда денгиз суви қуриб қолмагани каби, ҳовучлаб олган билан саҳро қумининг адоғига етиб бўлмагани сингари, қалби уйғоқ инсон идрокининг тафаккур зарралари ҳам ҳеч қачон тугамайди. Инсонни мудроқлик енгади… ейди.

  Бадиий асарда ёзувчи ўйлаб топган, кашф қилган қаҳрамон эмас, балки ўзини-ўзи кашф қилган, ўз ортидан ёзувчини ҳам эргаштириб кетган қаҳрамонлар ҳеч қачон ўлмайдилар ва шулар туфайли бадиий асарлар абадийлик шоҳсупасига чиқади. Ўйланган сюжет, чегараланган композиция, энг ёмони, ёзувчининг чизиғидан чиқолмаган қўғирчоқ образлар асарнинг умрини ёзувчи умридан ҳам қисқа қилиб қўяди. Яхши асарлар адабиёт ҳам, адиб ҳам ҳеч қачон ўлмаслигини исботлайди.

   Мен бу одамда икки хил дунёни — истеъдодни ва пасткашликни кўрдим. Унинг китобларини варақлаётганда бир қучоқ атиргул ичида кескир ханжарлар яширинганини ҳис қиламан.

   «Мен буюкман», деган катта одамнинг кичкиналигини кўрмоқчи бўлсанг унинг нафсини синаб кўр. Тилида халқ, ботинида эса “мен” деган одамнинг ожизлигини кўриш нақадар оғриқли эканлигини ҳис этасан.

   Адабиётнинг йўли тўхтаб қолмайди, чунки у абадият манзилига туташади. Бироқ мен ёзувчиман деганларнинг ҳаммаси ҳам бу манзилгача етиб боролмайди. Истеъдод мақоми эса ана шу манзил мезони билан ўлчанади.

   Дўст сотса, хиёнат қилса, чидаш мумкин. Ўғлинг номард бўлса тишни-тишга қўясан. Бироқ сени ўз юрагинг, қалбинг сотса нима қиласан? Ичингдаги хиёнатни енга олмасанг — нима қиласан? Инсон ўзини англаши учун, энг аввало, ўз ичидаги душманни енгиши, ўзи тозариши, ўзини яхши кўра билиши керак. Шундагина бошқаларни, борлиқни севади. Атрофга шубҳа ва гуноҳ назари билан боқмайди.

   Ўзига бино қўйган одамга шундай дедим:
— Эҳтимол, сен дунёни кафтингга олгандирсан. Лекин ўзингни қаерга қўйишни билмай турибсан-ку.

    Гуржи адиби шундай ёзади: “Агар ер юзида болалар бўлмаганда эди, биз катталарнинг қилган гуноҳларимиз эвазига осмон узилиб ерни босиб қоларди… Осмонни болалар ушлаб турибди…”.
Эҳтимол шундайдир… Бироқ ер юзида ҳасад уруғи сочилиб кетмаганида эди, биз фариштага айланиб осмону фалакда учиб юрардик. Ҳасад ҳамиша оёғимиздан ерга тортиб туради.

    Бу хато ё сенга, ё менга тааллуқли. Ҳар ҳолда Яратганнинг хатоси эмас.

    — Шеърларимни тушунмадингизми? — деди “шоир”.
— Йўқ, — дедим, — мураккаб, чигал услубни танлабсиз…
— Нима бало, адашиб қолдингизми? — пичинг қилди у…
— Ҳа, мен тугул шеърларингиз ҳам бу боши берк кўчада нима қиларини билмай турибди. Энди ўзингиз келиб, бизни етаклаб олиб чиқмасангиз бўлмайди. Шеъри ўқувчини етаклай олмагач, бу ишни шоирнинг ўзи бажаргани яхши-да…

   Бу одамнинг оғзи билан юришини ҳис қилганимдан кейин, боши йўқлигига ишондим.

   Қўлимда ризқим бор эди, кафтимни сиқдим. “Хасис!”, дедилар.
Қўлимда ризқим бор эди, кафтимни очдим. “Аҳмоқ!”, дедилар.

   Уфқни танладим. Лекин манзилга қадар қумурсқалар бижғиган кўчадан ўтиш хавфи юрагимга ваҳм солади.

   Ғийбат айнимайди, аксинча, муҳитни бузади, айнитади.

   Адабиёт — эшигида қўриқчиси йўқ шаффоф уй. Унинг эшигини ҳазрат Навоийдек буюк даҳолар очган.
Бу эшикни худбин истеъдодсиз кимсаларгина ёпишга беҳуда уринадилар.

    Энг яхши асар — Аллоҳнинг мукофоти!

   Менинг бир лаққисифат ўртамиёна ижодкор оғайним бор: “Адабиёт — қисматим, асарлар — фарзандларим…”, деб оғиз кўпиртиради-ю, адабиётдан “хизматлари” эвазига мукофот таъма қилади, эътибору эътироф илинжида яшайди. Юрагида таъма ҳисси чўкиб ётган шоирнинг ёзганлари намиққан ўтиннинг тутаб димиқишига ўхшайди.
Олов эса… олов бошқа нарса! У ҳеч қачон мақтовга, ўзгача сифатга муҳтож эмас!

Муаллиф ҳақида

033

Қўчқор Норқобил 1968 йил 5 мартда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (2001). ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1992). «Дарё ортидаги йиғи» (1994), «Ўн саккизга кирмаган мен бор» (2002), «Кулиб тур, азизим» (2005), «Қуёшни ким уйғотади?» сингари насрий ҳамда «Хосиятли дунё» (1992), «Кафтимдаги қизғалдоқ» (1993) шеърий тўпламлари нашр этилган.

Манба: «Китоб дунёси» газетаси,ноябрь,2013 йил.

(Tashriflar: umumiy 401, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ассалому алайкум Хуршид ака! Адабиёт ва шеъриятдан йироқ одамман, лекин уларни чексиз ҳурмат қиламан. Ушбу саҳифангиз учун Сизга ва Қўчқор акага раҳмат. Мени адабиёт билан яқинроқ танишишга яна бир бор ундади.

    Эҳтиром ила,
    Азизжон

Izoh qoldiring